Электронная библиотека » Нурмуҳаммад Исроилов » » онлайн чтение - страница 9

Текст книги "ТАНЛАНГАН АСАРЛАР"


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:43


Автор книги: Нурмуҳаммад Исроилов


Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 9 (всего у книги 31 страниц) [доступный отрывок для чтения: 10 страниц]

Шрифт:
- 100% +
ГЎЗАЛЛИК
 
Гўзалдир боғларга шошган ёмғирлар,
Кўргил шабнамларда ёнган гул тусин.
Гўзалдир – бетакрор шуъла ёғдирар
Кўзлар зилолида чўмилган ҳусн.
 
 
Бир куй етилади бағрида сознинг —
Орзиқишда гўзал бу руҳий олам.
Шогирд камолини кўрган устознинг
Гўзалдир кўзида милтираган нам.
 
 
Дилларни висолга яқинлаштирган
Соатнинг шу титрак мили гўзалдир.
Осмон бизники, деб учган қушларнинг
Бизлар англамаган тили гўзалдир.
 
 
Энтиктирар тунлар жозибаси ҳам:
Нақ теппангда ёнса бир осмон юлдуз!
Туғилар ҳайрат ва ҳикматга ҳамдам
Шоирни бахтларга ишонтирган Сўз.
 
 
Маҳбуб пойи узра тиз чўкар ўғлон:
“Ғуссаларни бериб, шодлигинимни ол”.
Кўрганлар таҳайюр қилур бегумон,
Бу гўзал манзара олдида ҳам лол.
 
 
Қамти келди икков: мунис, қадрдон,
Учрашув кўркидир салом ва алик.
Шу тахлит рўбарў терипти бу он
Менинг ошиқлигим билан гўзаллик.
 
* * *
 
Ўзни тутиб найсон ёмғирларига,
Жасур қалдирғочлар учарлар хушҳол.
Ненидир шивирлаб бир-бирларига
Баҳорни қутларлар қушлар безавол.
Дарвоқе, қайтмишдир мавсуми кўклам,
Йил аро айланиб гардун яна бир.
Бу кез қўшиқларнинг мазмуни – кўклам,
Ўғлим кўзларида гуллар ёнадир.
Куни кечамасми мунис оналар
Ўтган баҳор гулин кўзга суртгани?
Бизни кутмайдиган елдирим онлар
Лол этиб турибдир бу лаҳза мани…
Шоирлар гоҳ шеърда ожиздир, инон,
Гарчи руҳларида шавқ нури порлар.
Таърифин топмаган гўзалларсимон
Ўтиб бормоқдалар бир-бир баҳорлар…
Ўзни тутиб найсон ёмғирларига,
Жасур қалдирғочлар учарлар хушҳол…
 
НАВРЎЗ
 
Ҳаёт, муждалар айт ва бўлгил шафиқ,
Эшик қоқиб келсин энг мунис рафиқ.
Ишқ булбули, сен ҳам куйла ярашиқ,
Тонгларни уйғотиб сен ҳам бу маҳал,
Сивизғам, наврўзий нағмаларни чал.
 
 
Ранг шаробин ҳўплаб кўзлар қароғи,
Руҳларни порлатар вафо чароғи.
Биз сергак турайлик: бало ўроғи
Ўриб кетмасин жон гиёҳларини,
Кўкларга ўрлатиб дил оҳларини.
 
 
Қирларда нурлар мўл, соялар йўқдир,
Яхшиларда қабиҳ ғоялар йўқдир,
Қалблар аро ғовлар – қоялар йўқдир,
Андуҳлар тоғини йиққанлар – бунда,
Соғиниб Наврўзга чиққанлар – бунда.
 
 
Тун бўйи кўзларга илинмади хоб,
Тилак осмонидан тушмади офтоб,
Лолалар жомида шабнам – майиноб,
Қопқалардан нари қувилди ғамлар,
Дилни сўзон этди не-не санамлар.
 
 
Олисга боқаркан, уфқлар – кафтда,
Ёруғлик ва кенглик ҳамма тарафда,
Барқ уриб безавол нурда, шарафда,
Инсон юрагида қутқув арисин,
Аён кўра олсин юз йил нарисин.
 
 
Наврўз шундай келсин юз йил кейин ҳам,
Бало кўрсатмасин қаро рўйин ҳам,
Қўшиққа солсалар ул бахт тўйин ҳам,
Биз жам бўлмасак-да, ўшал олис пайт,
Не тонг, етиб борса биздан бирор байт.
 
 
Букун давом этар ўз наврўзимиз,
Азиз чеҳраларни излар кўзимиз,
Алёр билан оро топиб сўзимиз,
Тилда шукроналар айтиладир бот,
Ўзинг қадаҳ сунгил, косагул Ҳаёт!
 
МАРҒИЛОН

Назирага


 
Бошланишинг қайдан, о, шаҳри момо,
Атласда товланиб кўзни олган ҳур!
Сўйлаш ниятим йўқ мен эртакнамо,
Тубида дур ётган уммони шуур.
 
 
Шунчаки қўшиққа берди ихтиёр,
Ўша дур сен эдинг, сен эдинг, инон.
Бу ёруғ дунёда не-не қўшиқ бор,
Бирига номингни бергил, Марғилон.
 
 
Бу дам сенинг порлоқ осмонинг аро
Оппоқ булутларнинг иноқ гуруҳи.
Улар – оқ булутлар – қисмати қаро
Кумушни излаган Отабек руҳи.
 
 
Ишқибоз кўзларнинг қорачиғига
Гулшан-гулшан бўлиб кўчмоқдадир гул.
Ким ул кўксин бериб ҳасрат тиғига,
Ўкинч болишига ёпишган буткул?!
 
 
Ҳар қалай, Нурхонга бешик бу Ватан
Бевақт хазон бўлган гулига ҳазор —
Ғам чеккунча энди ғунча боғлаган
Гулларига дилдан тилайди баҳор.
 
 
Ахир, бу сафоли юзлардаги ним —
Жилмайиш яхшилик муҳридир, бешак.
Ҳақ гап шу: нуроний Юсуф қизиқнинг
Бизга ўтган боқий меҳридир, бешак.
 
 
Сиз яхши биласиз закий шоирни,
Бир гал бошлаб келса аския боли,
Бошлаб келар эди шеърдаги пирни
Бошқа бир гал эса луччак шафтоли…
 
 
Муаттар гулларни ўпиб беозор,
Еллар томошага чиққан ёш ўғлон.
О, ёруғ оламда не қўшиқлар бор,
Бирига номингни бергил, Марғилон.
 
* * *
 
Оқ-оппоқ қоғозим,
Шоирнинг руҳида бўлсин десанг тўй,
Тўлмоғинг керакдир, тўлмоғинг керак
Гўзал интиҳоли достонларга сен —
       чунки оқликда,
  дил ўйнатмоқликда
Сен эртага тўй бўладиган
 бўй етган қизнинг
Оппоқ келинлик
  кўйлагига ўхшайсан.
 
* * *
 
О, қодир табиат, бахш этгил имдод,
Ўзингдан, ўзингдан мадад олайин.
Мўъжиза рўй бериб мен – сеҳргар зот
Соғинганлар аро йўллар солайин.
 
 
Чорлаб-чақирсинлар сеҳримга шайдо:
“Дард чеккан одамлар ҳузурига бор.
Қишнинг аёзида гул бўлсин пайдо,
Дарча оша қўлин узатса бемор”.
 
 
Мағрур гўзалининг қошидан кимдир
Қайғудан бош эгиб, ноумид қайтса,
“Шул экан ҳаёт деб, шул қисматимдир” —
Армон қўшиғини титратиб айтса,
 
 
Сеҳр зўри билан ёнига бориб,
Бахтга инонтирай мен муборак дам,
Мағрур маҳбубаси келсин ёлбориб,
Пойига бош уриб кўзларида нам....
 
 
Гўзалим, вақт етиб ўзимни бир кун,
Остонангга бошлаб келса меҳр гар,
Дўстлар мени кўриб ночор ва забун
Десин: наҳотки бу – ўша сеҳргар!
 
БЎЛИБ ТУРАДИГАН СУҲБАТ
 
– Остонада ким уринади?
Эшик қоққан гадо, хойнаҳой?
– Уйинг, феълинг кенг кўринади,
Ижарага сўраб келдим жой.
– Кимсан, ахир танитгил ўзни.
– Ажабланма, исмимдир Ёлғон.
– Ҳожам айтур охирги сўзни,
Измидадир унинг бу макон.
– Ўзингнинг-ку номинг Қалб шекил,
Иккиланиб қолдинг не важдан?
– Мен чиққунча эшикдан чекил.
– Хожанг кимдир?
– Ҳазрати Виждон....
 
СИРЛАР
 
Ўғирлаб кўмилган мулкка ўхшайди
Кимгадир қилганинг пинҳона риё.
То ҳаёт экансан, бу сир яшайди
Қалбинг чеккасида жодугар гўё.
 
 
Ёвуз қиёфада қолган хотирот
Муқаррар ўлмоғи керакдир сенча.
Огоҳ бўл, огоҳ бўл: ул ёвуз, ҳайҳот,
Сени ўлдирмоғи мумкин, аксинча.
 
* * *
 
Кун-бакун кўпайиб соч-соқол оқи,
Ўтиб бормоқдадир Вақт беомон.
Кўксимда уринар бир қуш сайроқи,
Сенми, қадрдоним – беҳаловат жон.
 
 
Дарвоқе, азизим, то ҳали-ҳануз
Ошиқлик юртига қайта олмабмиз.
Ўша илк муҳаббат шарафига биз
Битта лойиқ қўшиқ айта олмабмиз.
 
 
Қўшиқнинг-ку эрта-кечи бўлмайди,
Ахир, қўшиққа ҳам ўзингсан ватан.
Бу кез ўтлиғ қўшиқ – армонлар сайди
Жонлар қопқасини қоқар дафъатан.
 
 
Ҳалвоат топдингми, жони қадрдон,
Мўъжизага олтин дарбозанг очиқ.
Бағрингда учрашиб турипти бу он
Эрта келган Севги, кечиккан Қўшиқ.
 
* * *
 
Қанот каби ёйиб шохларин,
Қулаб тушди азим бир дарахт,
Чирқиллашиб ногоҳ ҳар томон
Тўзиб кетди қушчалар карахт.
 
 
Изғидилар сўнг қушлар узоқ,
Уй топишга – бутун ҳаракат,
Бу – бир дарахт бизга шунчаки,
Кимларгадир – яшил мамлакат.
 
* * *
 
Тун ярмидан оғган сукунатли он,
Жон зоти оромга чулғанган нафас,
Ногоҳ жиринглади уйда телефон,
Ўрнимдан даст турдим, уйқу бўлди бас.
 
 
Қўлга трубкани олгунча тинди,
Телефон устида ўйлаб қолдим лол:
Ким экан? Ўйландим ақлим уринди,
Рўй берган бўлса ё бирор кори ҳол.
 
 
Хабар етказмоқни ўйлаган кимдир,
Ўйлаб яна бевақт озордан қайтган?!
Ким билсин, балки бу бирор дўстимдир,
Сафар қилиб олис диёрдан қайтган?
 
 
Бу шарпадир балки бирор ғанимдан,
Риёлар домида тўлғониб буткул,
Шунчаки гапимдан – сўзлаганимдан
Руҳимни англамак тилагандир ул.
 
 
Ё иримчи кимса: беуйқу, бетин,
Хаёлига келган рақамни териб,
Қисмат тизгинига ихтиёр бериб,
Ёруғ кароматлар истагандир чин…
 
 
Бу кеча энг яхши шеърини битиб,
Мени йўқлагандир шоир ошнам ё?
Мен ҳам шан шеъримни яшайман кутиб,
Порлоқ умидларим унга этиб жо …
 
 
Кўзларимдан уйқу ғуборин қувиб,
Қоғоз-қалам сари узатаман қўл.
Ёзмоғим керакдир яшашни севиб,
Ахир, шеър бобида армонларим мўл.
 
 
Тунлар фарахлидир, тонглар жилвагар,
Юлдузларга назар ташлайман албат.
Ажиб бир тун ухлаб қолмасам агар,
Энг гўзал шеъримни бошлайман албат.
 
 
О, ўша кечадир балки ушбу тун,
Мени излаб келган балки ўша шеър.
Севгим, сендан мадад тилайман бу кун,
Эзгу қўшиқларни ўзинг куйлаб бер…
 
 
Тонг билан йўл олиб узоқ-яқинга,
Одамлардан хабар топмоғим даркор.
Тунги хавотирлар чиқмасин чинга,
Тунги яхши ўйлар бўлсин барқарор.
 
 
Эрта ўтар, индин… кун ўтар талай,
Балки у тун сири очилмас,
      бироқ,
Ҳар не бўлса ҳамки, ҳа, ҳа, ҳар қалай,
Раҳмат сенга, тунда бўлган қўнғироқ.
 
* * *
 
Осмонга заминдан зерикиб эмас,
Балки жон ҳовучлаб ташлайман назар.
Оғриқ бўронида чирпанган бир хас —
Нигоҳларим кўкда муаллақ кезар.
 
 
Сен бу чоқ сўрама, сўрама мендан,
Ўқ сасидан қочган ҳушин излайман.
Шу тиниқ осмондан, гўзал осмондан
Лаҳза аввал тирик қушни излайман.
 
* * *
 
Гап бўлса яхшилар ҳақида ёмон,
Етар бўлса дўстнинг шаънига завол.
Сўз билан рақибни енгсам батамом,
Ва этсам сўз билан ёмонларни лол.
 
 
Келган чоғ дўст билан бир кун рўбарў,
Кўксимни тўлдирса шодлик бир олам,
Бунинг боисини сўрамаса у,
Бунинг боисини айтмасам мен ҳам.
 
* * *
 
Соҳилдаман. Йўқдир ёнимда ҳеч ким,
Қуёш ботаётир хўшлашиб ҳолсиз.
Шу қайтмас манзара қаршисида жим,
Пок бир маъюсликда турибман ёлғиз.
 
 
Танҳолик керакдир гоҳо чиндан ҳам,
Хилқат билан қолсанг яккама-якка.
Шу осмон, шу офтоб, шу сўнгсиз олам
Жойлашмоғи учун муштдай юракка.
 
 
Буку тайин истак, аммо негадир
Қуёшсиз ёп-ёлғиз қолганда чаман,
Шу топда, шу топда ёнимда ахир
Ҳеч ким йўқлигига мен ачинаман.
 
* * *
 
Бахтли бўл, азизим, яшагил севиб
Заминни, осмонни, китоб ва созни.
Қор остида қолиб, ёмғирда ивиб,
Дўст сари йўллар бос англаб эъзозни.
Айрилмагил севган сўқмоқларингдан,
Улардан бошланар ахир катта йўл.
Кечмагил вафоли ўртоқларингдан,
Қалбга улар меҳрин шуълалари мўл.
Болаларча ҳайрат тарк этмасин ҳеч,
Бу ҳам бахтнинг ёниқ қирраси тайин.
Сен учун, азизим, эрта, кундуз, кеч
Тинмасин садоси саодат найин.
Эзгулик уруғи урчиган қонда
Қурисин риёлар тухми батамом.
Бизнинг имкондадир, бизнинг имконда
Курашга баробар толе деган ном.
Бахтларни туймаган руҳлардир карахт,
Ва бахтсиз умрлар қанотдан айри.
Тилагим келмоқда сенга шундай бахт —
Куйсин ҳасадларда ғаниму ғайри.
Бахт деб узатаман гулларни сенга,
Севинчлар гулшани пойингда кулсин.
Очилайлик деган орзуга эга —
Гуллар сенинг юрган жойингда кулсин.
Толе жавлон урсин қонингда сенинг,
Умринг ҳамдамига айлантир уни,
То бахти қаролар ёнингда сенинг
Унутсин, унутсин бахтсизлигини.
 
ЎЗИМГА ДЕГАНЛАРИМДАН
 
Ёстиқдан кўтариб бошинг, энг олдин,
Лолагун қуёшга деразангни оч.
Сен бугун фолбин бўл, сеҳргар фолбин,
Англаб бил: ким сенга муҳтождир, муҳтож.
 
 
Иши ёлғиз сенга боғлиқ кимсалар
Остонанг тагидан қайтмасин, алҳол.
Армонли ва дили доғлиқ кимсалар
Ҳаргиз сенга лаънат айтмасин, алҳол.
 
 
Англаб, топ: сен бу он кераксан кимга,
Эзгулик йўлини айлагил матлаб.
Сеза ол: сен бу он юраксан кимга
Бу сезги мактабдир, энг олий мактаб.
 
 
Оддий одамийлик, айни чоғ сирли,
Фолбинлик бўларми ортиқ бундин ҳам…
Демакки, бугунинг ўтди хайрли,
Шундай кечсин ҳаёт – эрта, индин ҳам…
 
* * *
Тошхўжа Акрамовга
 
Ҳар гал қалам билан бир варақ қоғоз
Қалбим изҳорига бўлганда даркор,
Режиссёр дўстимнинг нолиган алфоз
Айтган сўзларини эслайман такрор.
 
 
“Сизларга қаламу қоғоз кифоя,
У ёғи тасаввур, зангори хаёл…
Ахир, биттагина киноҳикоя
Бизга келтиргувси бир жаҳон малол.
 
 
Сиз шоирлар, сўзда шунчаки айтиб —
Ўтадиган гаплар кўринар бизда.
Бизлар қаҳрамонни маънан улғайтиб,
Тасвирлаймиз сирли экранимизда.
 
 
Кўҳна қасрларни қура билгувчи
Усталарни излаб топмаса бўлмас.
Бизда актёр мисли елдай елгувчи
Ғиркўкларни миниб чопмаса бўлмас.
 
 
Кинонинг заҳмати, иши кўп, хуллас,
Керакдир нечоғлиқ чидамли юрак.
Гримчисиз яна омадинг кулмас,
Бастакор, хонанда, мусаввир керак…”
 
 
Нима десам экан, айтайин не деб,
Ташвишли ишлар кўп, тўғри, кинода.
Ким айтди туғёнли шеърни камситиб,
Энг яхши киномас, дея дунёда.
 
 
Пушкинни варақланг, Навоийни ҳам,
Пойдевори олтин шеърий бинолар,
“Мис чавандоз”, “Хамса” – нечоғлиқ кўркам,
Тенглашур, айтингиз, қайси кинолар?!
 
 
Бу – кино ва шеърнинг баҳси эмасдир,
Юрак қиссасининг шамойиллари.
Буни яна шундай англамоқ басдир:
Севги булбулининг рангин тиллари.
 
 
Дунёда жанг борар беомон, бетин,
Бизлар икки аскар жанговар сафда.
Мен безаб яшайман оқ қоғоз бетин,
Сенинг улушинг бор киношарафда…
 
 
Санъат ҳам оламдир олсагина тан
Ҳадсиз олам аро асил бирликни.
Заҳмат деб сен кечма ўз ҳунарингдан,
Тарк этмам, дўстгинам, мен шоирликни.
 
* * *
 
Қўшиқ – қай бир кимса наздида эрмак,
Кимнингдир шунчаки кўнгил хушлиги.
Балки у – кимгадир таскинлар бермак,
Қай саркаш кўнгилнинг бебош шўхлиги.
 
 
Қўшиқни тенглаган чучмал навога —
Ғойиб мухолифим, мени маъзур тут,
У – шоир дунёси катта дунёга
Тегиб кетганида чақнайдиган ўт.
 
* * *
 
Дўст қошига бориб узрлар сўра,
Эски гапни эсга солишинг мумкин.
Қулай фурсат йўқдир бугундан кўра,
Эрта улгурмасдан қолишинг мумкин.
 
 
Изҳор этмаганинг бир вақт севгини,
Букун ул малакка айтмоқ пайтидир.
Руҳни сўзон қилган ўтлиғ сезгини
Шеърингда фақат рост сўз улғайтадир.
 
 
Билиб бўлмас ахир қисматда не бор —
Қазойи муаллақ – бир балойи ўқ.
Лаҳза тўхтамаган бу чархи даввор,
Ҳозир борсан, балки соат ўтмай йўқ.
 
 
Балким, сенга ато… юз йиллик умр,
Ўша армон шеърни букун битгил, чун —
Ўтган гуноҳларга сўрагил узр
Бундан ҳам боқийроқ яшамоқ учун.
 
ЎТГАНЛАР РУҲИ
 
Чирқиллаб кетмасин ўтганлар руҳи, —
Юлдузсиз қолмасин баланд самолар, —
Ҳа, шундай дейдилар порлаб шукуҳи,
Кўҳна боболару кекса момолар.
 
 
Ҳали очилмаган қанча сирлар бор,
Ўзингга инонгил, ўзинга инон:
Сенинг ҳудуд билмас ақлинг устивор,
Сарвари коинот, эй қодир инсон!
 
 
Не қудратлар қойим – хилқатга оро —
Ўн саккиз минг олам бузилиб кетмас.
Тирик жонлар билан ўтганлар аро
Ажаб ришталар бор – узилиб кетмас.
 
 
Балки бир руҳ булбул қиёфасида
Сирли ниманидир англатмоқ бўлар.
Ўзни ҳарён уриб зар қафасида
Безовта тунини тонглатмоқ бўлар.
 
 
Қай бир руҳ исёнлар қилиб сукутга,
Олов теграсида учар бетоқат:
“Розиман ўзимни ургали ўтга,
Чироғим ўчмасин, ўчмасин фақат”.
 
 
Сокин сузаётган булутга боқиб,
Недан иборатдир, дейсан таркиби?
Ғойибдан сас кирар кўксингга оқиб:
“Бу – руҳлар таъқиби, руҳлар таъқиби”.
 
 
Сен томон талпиниб ҳар субҳи баҳор,
Елларда титраган ҳар бир яшил барг, —
Кимнинг пок руҳидир – ёш ва буғубор,
Кимнинг азиз жони – бўлган жувонмарг?
 
 
Сўрмагил қайда деб бамисли офтоб
Арши аълосига етганлар руҳи:
Бизда яшаб туриб сўрар сарҳисоб
Рози ё норози кетганлар руҳи:
 
 
“Сен рост сўйладингми энг керак лаҳза,
Руҳни эзиб ётган юкларни отиб?
Бегона аёллар этганда ғамза,
Кетмадингми зино лойига ботиб?
 
 
Шеърда одамларни алдамадингми,
Ҳушёрликдан нари – ғафлатда қотиб?
Ризқинг, шарафингни ва омадингни
Топмадингми номус-орингни сотиб?”
 
 
Қайта ёқиб кўкда ўз юлдузини,
Заминга, термулар жонлар гуруҳи.
Бобо, момоларнинг дейман сўзини,
– Чирқиллаб кетмасин ўтганлар руҳи!
 
ИЛТИЖО

Ҳасан Ражабийга

Сайдинг қўябер сайёд сайёра экан мендек.

Фурқат

 
Жон қулоғин тутиб тингланг, одамлар,
О, шоир сайёдга қилар илтижо.
Шоирга ғам усти ғамдир бу дамлар,
Бошин силамаган унинг ҳам дунё.
 
 
Овчининг сайди не – қай хилқат, ёҳу,
Оқмоқдадир кимнинг ҳасрат жоласи.
Ғафлатда қолдими ё она оҳу —
Сайёд домидаги унинг боласи?
 
 
Кўзга бу шунчаки томоша эмас,
Бунинг замирида бир фожийлик бор.
Шоир ноласини эшитиб бесас,
Сўнг биз ўзимиздан сўрайлик ҳушёр:
 
 
“Қай маъюс кўнгилни овута олдинг,
Қай бир тутқун қушга бўлдинг халоскор?
Кимдир ҳаётингда одам билиб чин,
Шафқат тилаб, сенга ялинганми зор?
 
 
Талпинган остонанг борми дунёда,
Борми қайлардадир сен топинган зот?
Сен сари йўл босиб пойи-пиёда,
Борми йўқлар кишинг – руҳингга нажот?..”
 
 
Гар риёлар топиб ўз жазосини,
Меҳр туғён урса шу мушфиқ жонда,
Шоирнинг сайёдга илтижосини
Тушунмоқ мумкиндир балким ўшанда.
 
* * *
Волидайи муҳтарамам
Мунаввара Нурмуҳаммад қизига
 
Гоҳ зўр оғриқ қадар, кўз ёши қадар
Ҳукмига олади буюк хўрсиниш,
Бу – оқаётган умр бўтанасидан
Бор лойқалар кетиб чашмадай тиниш.
 
 
Кеча хотирини ношод этганинг —
Кимсанинг ортидан чопгинг келади.
Очилиб муҳаббат маҳзанинг санинг
Жавоҳир сўзларни топгинг келади.
 
 
Куни кечамасми, баҳор гуллари
Сен учун ёнгани там-там, напармон.
Шеър тилаб қаламни тутган қўлларинг
Қай қўлни самимий қисди беармон?
 
 
Саҳарда шошилинч нонушта усти
Дилингда нонвойга раҳмат айтдингми?
Юрак заминида софликнинг дўсти —
Мурувват атоғлиқ дон улғайтдингми?
 
 
Рафиқанг жилмайган чоғи ёнингда
Ростгўй кўзлар билан боқа олдингми?
Фарзандларга тўла хонадонингда
Отанг чироғини ёқа олдингми?
 
 
Онагинанг … қачон йўқладинг сўнг бор,
Соғинганин ўйлаб кўрдингми, рости?
Ғафлат дўзахида ёнарсан бекор.
Билиб: жаннат – она оёғин ости.
 
 
Ҳушёрлик тиғини санчиб кўксингга,
Сени уйқулардан уйғотар Имон.
Билдингми, дунёдан кўз юмди, сенга
Ранж ила илк ҳарфни ўргатган Инсон?..
 
 
Баъзида маъносиз югуришлардан
Дейдилар: сокин ўй сурмоқ яхшироқ.
Гоҳи ғалат йўллар қидиришлардан —
Шуҳратга яқинсан, шафқатдан йироқ.
 
 
Кўрган тушларингни сен бахтга йўйиб,
Энг ёруғ таъбирлар тилаганинг пайт,
Покиза сийнага бошингни қўйиб,
Дуолар олгани ошиқдингми, айт?
 
 
Афсусларнинг залвар зарбидан букун
Тоза ниятларим эди чалажон:
Ғафлат иморатини қилиб ост-устин,
Сиз йўқлаб келдингиз, азиз онажон!
 
ОДАМЛАР
 
Кўҳна бир таниши эсига тушди
Ва унинг қошига югурди ночор.
Ғамли юрагида умиди жўшди:
“Каттами-кичикми – ҳарна мансабдор”.
 
 
Биларди мушкули бўлишин осон,
Бунга қодир эди ошноси бешак.
Қучоқ очиб кутди киргани замон,
Гина қилган бўлди: – Кетдинг бедарак!
 
 
Зорини эшитди, сўзлади кулиб,
Қўлни елкасига қўйиб бемалол.
Бироқ гап сўнгида ажаб букилиб,
Илож йўқлигини билдирди алҳол…
 
 
У дили ёришиб чиқди хонадан,
Иши битмаса ҳам руҳ эди енгил:
“Қандай хуштавозе ва яхши одам,
Нечоғлиқ хушсухан ва очиқ кўнгил!”
 
 
Ошноси ўйларди уни кузатиб,
Қабиҳ қилмишини олиб бўйнига:
“У кетди сўзимнинг асалин татиб,
Бопладим пуч ёнғоқ солиб қўйинга”.
 
 
Шеъримдан ўзга гап изламанг зинҳор,
Унинг замирида дардли ҳайратлар:
Ўзи билмай туриб алданганлар бор,
Бордир била туриб алдаган зотлар.
 
АФСУС ВА ҚАСАМЁД
 
Марҳумни сўнг йўлга узатмоқдалар,
Елкадан елкага ўтмоқда тобут.
Одамларни туғён забтига олар,
Қай дилда афсус бор, қай дилда – сукут.
 
 
Ғафлат шайтонини енгган фаришта,
Ҳушёрлик чароғин ёқар шуурда.
Одамлар ҳар бири ушбу юришда
Худди шу лаҳзада, худди шу ерда,
 
 
Сарҳисоб сўрарлар, сўрарлар ўздан,
Гарчи бу эски гап, қадим фалсафа:
“Марҳум ранжиганди қай иш, қай сўздан,
Қай бир қилмишимдан бўлганди хафа”.
 
 
“Отажон, отажон, падари бузрук,
(Бу ўғилнинг афсус тўла армони).
Сизни ранжитганим – руҳимдаги юк,
Оқибат шу экан валад ёмони…”
 
 
“Алвидо, алвидо, дўсти қадрдон
(Марҳумнинг ошнаси бу зиёли чол).
Кечиргил, ўшанда эдим беимкон,
Ҳожат чиқармаган бўлсам, эҳтимол…”
 
 
“Рози кетгил мендан, азиз қўшнижон,
(Видо айтган бу – бир тобуткаш)
Ҳув жанжал чоғида кетганда имон,
Хафа қилган эдим, шундан дилим ғаш…”
 
 
Афсуслар, афсуслар, қай бир одамнинг
Фазилат сандиғи қачон бўлган бут?
Шунчалар оғирми қадами ғамнинг:
Титроқ елкаларда лопиллар тобут.
 
 
Ҳаёт шодлик элтар қайғу эвази —
Қайдадир дунёга келар мурғак жон.
Бағрини эркалаб гўдак овози,
Бошқа кўзи билан жилмаяр жаҳон.
 
 
Одамлар, танишми ёхуд нотаниш,
Бизлар бешик узра жам бўлайлик жим.
Тилаклар тилайлик бамисли хониш,
Фақат қувлик измин тутмасин ҳеч ким:
 
 
“О гўдак бешикдан то тобут қадар
Ёруғ йўллар ўтгил ўкинчдан холи.
Ўзганинг қалбида қолдирма кадар,
Ўзинг ҳам юрмагил ўзгадан нолиб.
 
 
Бу муқаддас лаҳза қасам сўзи шул:
Билмаймиз яшашдан қанча бор ҳали,
Аъмол ва умримиз бахшида буткул
Фақат одам зотин севинтиргали…”
 
 
Одамлар, тобутни елкада тутиб,
Бизлар аччиқ афсус чеккунча ҳайҳот,
Риё нелигини тамом унутиб,
Этайлик бешиклар узра қасамёд!
 
* * *
 
Вақт умумийдир одамлар учун
Демакки, умумий кундуз ва кеча.
Вақт қаршисида одамлар фақат
Жавоб берадилар айри-айрича.
Сархушдир, сархушдир ҳар ошиқ инсон
Муҳаббат жомидан май ича-ича,
Ишқ умум туйғудир дунёда, фақат
Одамлар севарлар айри-айрича.
Барчага баробар осмонда кун ҳам,
Чарчоқ не – билмайди нур соча-соча.
Қуёш – барчаники, остида одам
Камол топур ундан айри-айрича.
Шоирлар заршунос, жаҳонгашта халқ,
Ҳикмат борми ахир олам сайрича.
Олам ҳам умумий, ҳар сайёҳ фақат
Ўз ҳайратин айтар айри-айрича,
Йўллар – ҳамманики, буку тайин гап,
Одамлар-ла гавжум ҳар битта кўча.
Яшаш маъноси шу: одамлар мудом
Янги йўл изларлар айри-айрича.
Бу баҳор эртаси махмурдир, кўринг
Ҳавойи шаббода гул қуч-қуча.
Кўз олувчи гўзал гуллар юртида
Ҳар ғунча очилар айри-айрича.
Гоҳо риёларнинг этагин тутиб,
Гоҳо эзгуликка бағрини оча,
Бирга яшайдилар одамлар, фақат
Дунёдан кетарлар айри-айрича.
 
* * *
Муҳаммад Алига
 
Қўшиқ – сукунатнинг мангулик жони,
Куйлашда, малагим, сирли бахтлар бор.
Керакдир бу дамда ҳислар жавлони,
Ишқий бир қўшиқнинг жаранги даркор.
 
 
Тиниқ саслар билан, пок нафас билан
Тўлсин сукунатнинг тубсиз ўпқони.
Сен юрак, бу лаҳза Музага тилан:
Порласин санъатнинг юлдузли они.
 
 
Севги китбини ўқиб айтайлик:
Севги инқилобдир риёга қарши.
Биз севгини яна осмон атайлик:
Яъни руҳ тоғининг аълойи арши.
 
 
Биз тоза қўшиққа қўяйлик ихлос,
Қўшиқдан мўъжиза кутиб бир дунё.
Сўнг бағритошликдан бўлайлик халос,
Ишқсизлик балоси йироқ кетсин то.
 
 
Ва умидда ёнган шу кўнгилимизнинг
Илтижоларини маҳтал қилмасдан,
Уйқудаги бахтлар уйғониб бизнинг
Ошиқ бағримизни этсинлар маскан.
 
АБДУЛЛА ҚОДИРИЙ

Абдулла Ориповга


 
Бу дамлар муқаддас ва унут бўлмас,
Сен китоб устида ёш тўкканинг он,
Юпатмоқ учунмас, хокисор, бесас
Ҳорғин кириб келар хушсуврат Инсон.
 
 
Сен таъбир излаган ҳикматли тушнинг
Таъбирчиси улдир, қаҳрамони – ул.
Балки Отабекнинг, балки Кумушнинг
Дардларин елкага ортгандир буткул.
 
 
Дардларнинг юкидан қадди дол одам
Тақдирга шукрона айтиб турипти.
Букун руҳи билан ҳамроҳ, ҳамқадам
Она остонага қайтиб турипти.
 
 
Тупроғи муборак, о она гулшан,
Ўғлонинг келадур манглайи очиқ.
Анваринг келадур, Раъно бўлиб сан
Раъно бўлиб унинг йўлларига чиқ.
 
 
Қўшиқ айтиб турса бошқа ўғлонинг,
Номингни йўғириб ўчмас бир зарга,
Бахтлисан, бахтлисан, Ўзбекистоним
Ғанийсан, ғанийсан абдуллоларга.
 
 
Ҳотам зотлар шундай бўларлар асли
Ташлаб кетадирлар бахт тилсимини.
Хаёл дурларини, гуллаган фасли,
Севиб улгурмаган ишқи … исмини.
 

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации