Электронная библиотека » Саъдулла Сиёев » » онлайн чтение - страница 6

Текст книги "Бепарво бўлмоқчиман"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 21:40


Автор книги: Саъдулла Сиёев


Жанр: Юмор: прочее, Юмор


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 6 (всего у книги 12 страниц)

Шрифт:
- 100% +
ЎЙИНДАН ЎТ ЧИҚАДИ

Иван Шчербаков деган деҳқон бўларди. Тирикчилиги ёмон эмас, бардам– бадавлат, қишлоқдаги манман деган мардумлардан эди. Иваннинг ўғиллари ҳам аллақачон ёнига кирган. Тўнғичи уйли– жойли, ўртанчаси унаштирилган, кенжатойи ҳали ўсмиру, лекин у ҳам бўйга етиб, омоч ҳайдашга яраб қолган эди. Иваннинг онаси эсли– жўяли, рўзғорнинг жонини киргизадиган хотинлардан эди. Хотини эса, мўмин– қобилгина, оёқ– қўли чаққон аёллар тоифасидан. Хуллас, Иван Шчербаков рўзғоридан ғам емай айшини суриб юрса бўларди. Аммо Гаврило чўлоқ деган қўшниси билан оралари бузилдию тирикчиликнинг мазаси қочди.

Ҳамма бало арзимаган нарсадан бошланди. Иванларнинг товуғи ҳали ёш бўлса–да, тухум туғишга киришди. Иваннинг келини хурсанд бўлиб, ҳайитга тухум тўплай бошлади. Худонинг берган куни қазноққа бориб араванинг қутисидан тухум олиб келарди. Бирданига тухум йўқоладиган бўлиб қолди. Афтидан болалар товуқни ҳуркитиб юборганми, у четан девордан қўшнисиникига учиб ўтиб, шу ёқда тухумлаб келадиган қилиқ чиқарибди. Бундан келин шўрликни хабари ҳам йўқ. Товуғи қақағласа тухум туғяпти деб хурсанд бўлади. Бир куни кечлатиб қазноққа борди. Қараса, тухум йўқ. Келини ҳайрон бўлди. Сизлар олмадингларми, деб уйдагилардан сўради. Йўқ, дейишди. Шу пайт кенжатой қайни Тараска, товуғинг доим анави ҳамсоямизникига чиқиб туғиб келади, ҳозир ҳам шу ёқдан учиб кирди, ўзим кўрдим, деб қолди. Келин қўноқда, хўрознинг биқинида қунишиб ўтирган товуғига қараб қўйди. Товуқнинг кўзи илинай– илинай деб турибди. Нима дейди? Ҳой, ноинсоф, тухумингни қайси гўрга ташлаб келдинг, деб сўрайдими?

Келин ҳамсояникига чиқди. Гаврилонинг онаси рўпара бўлди.

– Ҳм, нима керак эди, келин? – деди кампир хушламай.

– Ҳа, шу товуғимнинг важидан кирувдим, бувижон, – деди келинчак, – ҳали замон зорманда қақағлаб сиз томонга учиб ўтиб кетувди. Тухум– пухум қўймадимикан, деб…

– Кўрганим йўқ, – деди кампир тўрсайиб, – худога шукур, товуқ ўзимизда ҳам бор, анчадан бери тухумлаб турибди. Биз бировнинг ҳовлисига кириб тухум териб юришга ўрганмаганмиз.

Бу гаплар келинни ўмганидан ўтиб кетди. Кампирга гап қайтарди. Кампир иккини қўндирди. Шундай қилиб иккаласи чарс– чурс урушди қолди. Иваннинг хотини ариқдан сув олиб келаётган эди, у овсинининг ёнини олди. У ёқдан бақириб– чақириб Гаврилонинг хотини чиқди. Қўшнисига ёпишиб кетди. У рост– ёлғон гапларни аралаштириб қўшнисининг бетига ёзғира бошлади. Тўрт хотин тўрт томондан шанғиллайди, кимнинг нима деяётганини билиб бўлмайди. Қий– чув, ҳақорат, қарғиш…

Жанжалнинг устига Гаврило келиб қолди. Хотинининг тарафини олди. Қий– чувни эшитиб уйдан Иван отилиб чиқди. Хотинлар бу ёқда қолиб энди эркаклар олиша кетди. Ур– йиқит бўлди. Иван бақувват эди, олдига келганни чирпирак қилиб ташлайверди. У Гаврилонинг бир тутам соқолини юлиб олди. Ҳай– ҳайлаб ён ёқдан халойиқ етиб келди, урушқоқларни базўр ажрим қилиб қўйдилар.

Ана шундай қилиб, икки қўшни орасида адоват бошланди. Гаврило юлиқ соқолини хатдафтарга ўрадию Иванни судга бергани бўлиснинг ҳузурига йўл олди.

– Мен соқолимни Ванька пахмоқсоч юлсин, деб ўстирганим йўқ. Соқол юлармиш– а. Шошмай тур ҳали…

Гаврилонинг хотини “Иванни судга бердик, ҳадемай у қамоққа тушади, Сибирга кетади”, деб қўшнисига мақтанди.

Иваннинг отаси бетоб бўлиб тахмон–печкада ётарди. У болаларига насиҳат қилди, жанжал чиққан куниёқ уларни яраштирмоқчи бўлди. Бироқ ўғил гапга кўнмади.

– Ҳой, тентаклар, бир балони бошлай деб турибсанлар, – деди чол, – ўйиндан ўт чиқади, деган гап бор. Қўйинглар энди! Қилаётган ишларинг куракда турмайди. Бир дона тухум деб шунчаликка бординглар– а? Болапақир битта тухумингни олган бўлса – олибди. Нима бўпти, бир еринг камайиб қолдими? Худонинг даргоҳи кенг, насибангни етказади. Ҳа, хўп, келиннинг оғзидан ёмон гап чиқиб кетибдими, унга ётиғи билан тушунтир, катталарга унақа қаттиқ гапирмагин, деб урушиб қўй. Сан– манга бориб ёқалашиб ҳам олибсанлар. Майли, турмушда ҳар нарса ўтади. Аммо уят иш бўлди. Энди, узр, қўшни, биздан ўтган бўлса, кечиринг, деб ярашиб олиш керак. Тамом, олам гулистон. Мен сендан қолмайман деб қасдлашсанг, оқибати ёмон бўлади. Болалар отанинг гапини қулоққа илмади. “Қоқбош чол– да, насиҳатни яхши кўради, ўзи болачаям тушунмайди”, деб билганларидан қолмади.

Иван қўшнисига бўйин эгмади.

Иван судга кетди. Гаврило иккови ҳакам олдида ҳам, бўлис ҳузурида ҳам даъволашиб кўрдилар. Улар судма– суд қатнаб юрганларида Гаврилонинг аравасидан темир халқача йўқолиб қолди. Буни Иваннинг ўғлига тўнкадилар.

Яна дов– дастак бошланди. Иккала четда тинчлик қолмади. Худонинг берган куни ё асаббозлик, ё уртўполон. Катталарнинг қилиғини кўриб, болалар ҳам сўконғич бўлиб кетди.

Мужиклар аввало бир–бирини ўғрига чиқариб, ўзаро туҳмат тоши отиб юришувди. Бора–бора кўздан нари ётган нарсаларни ташмалашга тушди. Аёллар ҳам, болалар ҳам бировнинг буюмидан ҳазар қилмайдиган бўлиб қолди. Уларнинг турмуши эса, тобора чигаллашиб борарди. Иван билан Гаврило чўлоқ қишлоқда, жамоат олдида ҳам, бўлису ҳакам олдида ҳам роса довлашди. Охири улар ҳамманинг жонига тегди. Гоҳо Гаврилонинг қўли баланд келиб, Иванга жарима тўлаттиради ёки бир– икки кунга қаматтириб қўяди. Гоҳо Иван ютиб чиқади, Гаврилонинг жазосини бердиради. Бири–биридан ўч олган сари иккови ҳам тобора ёвузлашиб, одамгарчиликдан чиқиб борарди. Ана шундай ур– сур билан олти йил ўтди. Қўшниларга инсоф кирмади. Чол эса, тахмон–печкада ётганича ҳамон бир хилда ўгит айтади:

– Ҳўв, токайгача итдай талашаверасанлар, а? Бўлди–да энди. Ўтган ишга саловат денглар– қўйинглар. Бир– бирингга тиш қайраган билан баттар бўлади, яхшиликка олиб бормайди. Отанинг гапи кор қилмади. Уруш– жанжалнинг еттинчи йили ўтиб борарди. Қайсиям бир тўйда Иваннинг хотини Гаврилони ўғрига чиқарди. Эл–юрт олдида, “Эшитдингларми, анави чўлоқ от ўғирлаб қўлга тушибди,одамларкўрибди”,дебжарсолди. Гаврилонинг кайфи бор эди, ўзини тутолмади, аламидан ғийбатчи хотинни урди. Иваннинг хотини этликкина, хўппа семиз эди, муштдан ўзига келолмай бир ҳафтача ётиб қолди. “Энди қўлга тушдинг, аблаҳ”, – деб қувонди ичида Иван ва арз кўтариб терговчининг олдига борди. “Энди энангни кўрасан, зўравон”, – деди ўзича Иван, – “ё турмага тушасан, ё тўппа– тўғри Сибирга жўнайсан!”

Бироқ Иваннинг иши ўнгидан келмади, терговчи жабрдийда аёлни чақиртириб текшириб кўрди. У оёққа туриб кетган, бирон ерига шикаст етмаган эди. Иван тинчимай тағин жаноб ҳакамга арз қилди. Ҳакам ишни бўлисга юборди. Иван бўлиснинг кўнглини овлаш учун мирзаси икковига ярим пақир мусаллас берди. Хуллас, елди– югурди, Гаврилога жазо берадиган қарор чиқарди. Суд бўлди. Мирза ҳукмни ўқиди: “Суд қарор қилади. Мужик Гаврило Гордеевга бўлис маҳкамасида йигирма таёқ урилсин…” Иван ҳукмни эшитдию, “Хўш энди у нима қилар экан”, дегандек қўшнисига қараб қўйди. Гаврилонинг бети докадек оқариб кетди. Сўнг индамай даҳлизга чиқди. Иван ҳам кўчага чиқди, от аравасига ўтириб уйига жўнамоқчи эди, Гаврилонинг гапини эшитиб қолди.

– Ҳай, майли, ниятига етди у. Таёқ есак– ермиз. Бироқ мен ҳам қараб турмайман. Уйининг кулини кўкка совураман. Ҳали пушаймон бўлади Иван.

Бўлис маҳкамадан қишлоққача ўн чақиримча келарди. Иван уйига кеч қайтди. Пода қайтадиган вақт бўлибди. Иван отини аравадан чиқарди, аравани жойига қўйиб, отини боғлаб ичкари кирди. Уйда ҳеч ким йўқ. Хотинлар подага кетган шекилли, деб ўйлади Иван. Болалар ҳам даладан қайтмабди. Иван ичгани ўтиб, хўрак ейдиган стол олдида чўкди. Ҳаёлга толди, Гаврилони эслади. Ҳукм ўқилганда унинг оқариб кетгани, тескари ўгирилиб олгани кўз олдига келаверди. Юраги увишди. Агар калтакка уни эмас, мени буюрганларида қай аҳволга тушардим, деб ўй сурди. Бирдан Гаврилога раҳми келди. Шу пайт отасининг йўталгани эшитилди. У тўшакдан туриб оёғини осилтириб ва инқиллаб печкадан туша бошлади. Қайта– қайта йўта-либ судралгудек бўлиб аранг столга етиб келди. Беҳол суяниб сўради:

– Нима бўлди? Гаврилога жазо беришдими?

– Ҳм. Йигирма таёқ буюрдилар, – деди Иван. Қария бош чайқади.

– Бекор қиляпсан Ванья, оҳ, бекор қиляпсан! Ўз оёғингга ўзинг болта уряпсан, бола! Хўп, ана, Гаврило таёқ ҳам еди, дейлик. Бундан сенга бирон фойда борми? Бир бечорани калтаклатиб роҳат қиласанми?

– Иккинчи марта номаъқул иш қилмайдиган бўлади.

– Бу гапинг менга ёқмади. Ахир, сенинг қилмишинг уникидан ошиб тушди– ку, Ванья.

– Қанақасига ошиб тушаркан? Индамасам хотинимни уриб ўлдиради. Мана, бугун ҳам уйига ўт қўяман, деди. Мен нима қилишим керак, кечирсинлар, оёғига бош уришим керакми?

Қария уҳ тортиб тилга кирди:

– Иван, менга қара, болам, мана сенинг тўрт мучанг бутун. Бу ёруғ жаҳонда дориломон кезиб юрибсан. Пиёда юрибсан, отда юрибсан. Мен бўлсам неча йилдирки, печкага ёпишиб ўладиган бўлиб ётибман. Сен ерда юриб ҳамма нарсани биламан, деб ўйлайсан, отам тўшакда ётибди, у ҳеч балони сезмайди, деб хомҳаёл қиласан. Йў–ўқ, йигитча, аксинча сен балониям билмайсан. Сенинг кўзларинг басир бўлиб қолган. Кўз олдингни жаҳолат тўсиб турибди. Ичингдаги тоғдай айбингни пайқамайсан, аммо бировнинг пашшадек гуноҳини дарров илғайсан. Гапингни қараю. “У ўзи ёмонлик қиляпти”, эмиш. Агарда айб ёлғиз Гаврилонинг ўзида бўлганида ёмонликнинг тухуми урчимасди. Ким айтди сенга ёмонликни бир одам қилади, деб? Ёвузликнинг сабабчиси ҳеч қачон бир киши бўлолмайди. Уни икки одам биргалашиб қилади. Сен душма-нингнинг айбини кўриб турибсану ўзингникини кўрмаяпсан, кўришни истамаяпсан. Мабодо у аҳмоқ экан, сен донолик қилмайсанми? Шунда ўртада мунақа машмашалар чиқмасди. Гаврилонинг соқолини юлган ким? Хирмонни кун– паякун қилган ким? Ким уни судма– суд судраб сарсон қиляпти? Яна ҳамма айбни у бечорага тўнкаяпсан. Одамнинг феъли ёмон бўлса, бошқалар ҳам кўзингга хунук кўринади. Бизлар бунақа яшамагандик, болакай сенларга ҳам бўлакча тарбия берган эдик. Гаврилонинг отаси икковимиз қанақа эдик? Ён қўшни – жон қўшни эдик! Ўртада сеники, меники деган гап йўқ эди! Уларнинг уни тугаб қолса хотини кирарди. “Фрол тоға, пича ун бериб туринг”. “Ана, келин, омборга киргину керагича олавер”, дердик. Унинг отини суғоришгами, ўтлоққа олиб бориб боғлаб қўйишгами одам топилмаса, чоп, Ванья тоғангга қарашвор, дердим, эсингдами? А, менга бирор нарса асқотиб қолса, тортинмай чиқардим. Ана шунақа қўшничилик қилардик бизлар. Сенлар ҳам яйраб юрардинглар. Энди–чи, энди? Сенларнинг машмашаларингни бутун қишлоқ эшитди. Шуям тирикчилик бўлдими? Худодан қўрқмайсанми? Эркаксан, бир уйнинг эгасисан. Шу нима бўлса сен жавоб берасан. Мундоқ танангга ўйлаб кўрчи, хотин–халаж билан болаларни нимага ўргатяпсан? Итфеълликка, уруш– жанжалга. Тунов куни Тарасканг Арина холани онасидан тушиб бўралаб сўкиб турибди. Бўлмаса, ўзи ҳали муштдай бола, оғзидан она сути кетмаган. Қайси рисолада бор бу? Охиратингни ўйлаб кўр. Одам боласи ҳам шунақа бўладими? Сен дард десанг, мен бало десам, сен бир тарсаки урсанг, мен икки марта туширсам… Шунақами? Йўқ, болакай, бу номаъқул юмуш. Бу худога ҳам хуш ёқмайди.Исопайғамбаримиздунёкезиббиз нодонларни нимага ўргатди? “Биров сенга қаттиқ гапирса, индамай қўя қол, ахмоқ билан тенг бўламанми, де. Охири ўша дилозорнинг ўзи ўсал бўлади” деган. Ҳм, нега миқ этмайсан? Гапим ёқмадими?

Иван индамай ерга қараб ўтираверди. Қарияни йўтал тутди. Узоқ йўталди. Бир четга тупуриб гапини давом эттирди:

– Мундоқ турмушингга саросат солиб кўр–чи, шунча йил жанжаллашиб нима топдинг? Судларнинг оғзини мойлайман, деб қанча дунёинг кетди. Уруш бўлган уйдан файз– барака қочади, дейдилар. Ҳаққи рост экан. Сен бор– будингдан айрила бошладинг. Нега? Чунки манмансан, ўжарсан. Болаларингни ёнингга олиб ўзинг қўшга чиқишинг керак эди. Ўзинг ер ҳайдаб, ўзинг ғалла экканингда дуруст бўларди. Йўқ, Гаврило билан судма–суд жиқиллашиб юрдинг. Оқибатда ризқ–рўзингдан қуруқ қолдинг. Она ерга эгилсанг, у ҳам сендан саховатини дариғ тутмайди. Мана, бу йил сули экдинг, битмади. Нега? Негаки, шаҳарда анави чўлоқ билан олишиб юриб кеч эккан эдинг. Демак, сен бировга жазо бераман, деб аслида ўзингни жазоладинг, тушунасанми? Ҳов бола, мендек ёмон чолнинг гапига ҳам қулоқ сол: минбаъд биров билан уришувчи бўлма, ёнингга болаларингни олиб ишингни билиб қилавер. Биров озор берса, парво қилма, сенинг гапингни елга бердим, деб қўя қол. Шунда ишинг олға босаверади, кўнглинг ҳам равшан бўлиб туради.

Иван ҳамон тек ўтирибди.

– Менга қара, Ванья, – деди ота. – Ҳозир туриб тўғри оқсоқолнинг олдига боргину ишни бости– бости қилиб кел. Азонлаб Гаврилонинг олдига чиқ, кечирим сўра, меҳмонга чақир. Ахир, эртага ҳайит– а. Самовар қайнатинглар, яримтани қўйинглар ўртага. Ўтган ишга саловат деб араз– гинани унутинглар. Аёлларга ҳам, болаларингга ҳам тайинлаб қўй. Улар душманчиликни унутиб, бояги– боягидек бўлиб юришсин.

Иван хўрсинди. “Отам тўғри айтаяпти, шунча йил жиққа мушт бўлиб нима топдим, ке, ярашсам яраша қолай”, деди ичида. Бироқ қайси бети билан Гаврилонинг олдига боришни ўйлаб ҳаёлга толди. Чол эса, гўё унинг фикрини ўқигандек тағин гап бошлади:

– Ҳм, бўла қол, Иван, ўйланма, тур ўрнингдан. Эсинг борида этагингни ёп, сўнгги пушмон ўзингга душман, дейдилар.

Қария яна нимадир демоқчи эди, хотинлар кириб қолишди. Улар зағизғондай сайраб, ғийбат халтасини очдилар. Нима дейсан, қишлоқ ўқитувчиси Гаврилонинг номидан пошшо ҳазратларига арз ёзаётган эмиш, хатда Иванларнинг жамики ўғирлигини бирма– бир кўрсатган эмиш, энди Иванга тегишли томорқанинг ярми Гаврилога ўтармиш… Хотин–халажнинг ғийбатини эшитди– ю Иваннинг эриб турган кўнгли яна музлади қолди. “Ўлсам ҳам ярашмайман!” деди у ичида ва шартта ўрнидан туриб ҳовлига чиқиб кетди. Иш дегани тиқилиб ётарди. Иван сарой томонга ўтди. Пичан ғарамини тартибга келтириб кунни кеч қилди. Кун ботди. Уйига қайтди. Болалари даладан келишибди. Иван улардан ҳол сўради, отни аравадан чиқаришга кўмаклашди. Бўйинтуруқ сўкилган экан, кейин тикарман, деб бир четга қўйди. У энди даҳлизга кирувди, четан девор ортидан Гаврилонинг бақириб сўкингани эшитилди: “У иблис билан нима ишим бор? – деб кимгадир ўдағайлади Гаврило, – уни уриб ўлдирган одам савобга қолади”. Бирдан Иваннинг кўксида сўна бошлаган олов қайта ловиллаб ёнди. У қўшнисининг гапига қулоқ солиб тағин бир пас даҳлизда турди– ю бир– бир босиб ичкари кирди. Уйда чироқ ёниб турарди. Келин бурчакда ип йигириб ўтирибди, кампир қозондан овқат сузмоқчи бўляпти, катта ўғли чориғини ямаяпти, ўртанчаси китоб ўқиб ўтирибди. Хуллас, уйда енгил бир сарафрозлик ҳукм сурарди. Ҳалигина Иваннинг ҳам димоғи чоғ эди, анави бадфеъл қўшниси кайфиятини ҳаром қилди.

Тавба, ўзини ўйламаганига ўласанми, – деди ичида Иван, – хас– хашак қуриб, чирсиллаб турибди. Унинг устига бар ёқда шамол. Секин уйнинг сиртига ўтиб ўт қўйиб юборса, ким билиб ўтирибди. Гуриллаб ёнади– кетади. Кейин бўйнига қўёлмайсан.

Иван саройини яна бир айланиб чиқди ва уйга кирмоқчи бўлди. Қараса сарой ортида бир нима ялт этиб ёндию яна ўчди. Иваннинг юраги шиғ этди. Таққа тўхтади, киприк қоқмай рўпарасига тикилди. Шапка кийган бир киши чўнқайиб ўтирар, бир боғ похолни ёқишга уриниб ҳадеб гугурт чақарди. Иваннинг юраги потирлаб қинидан чиқиб кетай деди. “Энди қочиб қутулолмайсан, аблаҳ!” дедию ташланди. Лекин улгуролмади. Айвон тараф бирданига ярқ этди. Олов сомон уюмининг ичидан чиқиб томга ўрлади. Ҳаммаёқ чароғон, сал нарида эса Гаврило ғўддайиб турарди. Иван бўзтўрғайга ташланган бургутдай Гаврилога отилди. У жон ҳолатда оқсоқланиб қочди. Иван тўрт ҳатлаб Гаврилога етиб олди, ёқасига ёпишди. Гаврило юлқиниб қўлдан чиқди. Иван қўшнисининг этагидан тутди. Этак шир этиб йиртилдию Иван юзтубан йиқилди. Сакраб туриб тағин қува кетди. У йўл–йўлакай, “Ҳой ким бор, ёрдам беринглар– ар!” деб бақириб борарди. Иван то ўрнидан тургунча Гаврило чўлоқланиб ҳовлисига етиб олди. Иван уни қувиб кирди. Унгача Гаврило катта сўйил кўтариб Иванни пойлаб турди. Иван қоронғида туртиниб бориб қўшнисининг ёқасидан олмоқчи эди, Гаврило сўйил билан Иваннинг бошига солди. Иван эсидан оғиб қолай деди. Ҳушига келганида Гаврило ғойиб бўлган эди. Ҳаммаёқ чарағон, унинг ҳовлисидан чирсиллаган, гувиллаган товуш келарди. Иван ортига ўгирилди. Молхонасининг орқаси ёниб бўлиб, ёнбошига ўтибди. Осмонга қора тутун ўрлади, олов вишиллаб, учқун сачратиб уй томонга босиб келарди.

– Бу қандай бедодлик, биродарлар, қанақа бедодлик?! – деб бақирди Иван, қўлларини кўкка кўтариб. Сўнг икки сонини шапалоқлаб ура бошлади, – уни қўлга туширувдим, оёқ остига олишим қолувди, холос. Қанақа бедодлик бу, биродарлар!

У яна нимадир деб гапирмоқчи эди, нафаси тиқилиб товуши чиқмай қолди. Уйига қараб югурай деса оёғи чалиниб юролмайди. Тўхтаб–тўхтаб, судралиб кета бошлади. У саройига етгунча молхонаси тамом ўт олиб бўлган, олов уйнинг бир бурчагини, дарвозахонани қоплаган эди. Уйга кирай деса, киролмайди, ичкаридан вишиллаб олов чиқяпти.

Ҳар тарафдан ҳай–ҳайлаб одамлар чопиб кела бошлади. Бироқ энди кеч бўлган, уйда қутқарадиган ҳеч вақо қолмаган эди. Қўшнилар қўлга илинган буюм борки, ҳовлига таший бошладилар. Иваннинг уйидан кейин Гаврилонинг ҳовли жойи ёна бошлади. Шамол кучайди, қўни–қўшниларникига ҳам ўт кетди.

Иванникидагилар бемор чолни–ю ўзларини қутқа риб қолишди, холос. Уйдаги мол–дунё шундайлигича оловга ем бўлди. Тараска далага ҳайдаб кетган отлардан бўлак жами ҳайвон зоти ўтда қолиб куйиб кетди: қўноқдаги товуқлар ҳам, аравалар, омочбўйинтуруқлару хотинларнинг сандиғи, омбордаги ғалла – бари кул бўлиб кўкка совурилди.

Гаврилонинг молларини ҳайдаб чиқариб улгуришди. Лекин уйдаги ашёларнинг аксарияти олов домида куйиб адо бўлди. Ёнғин тонг отгунча ўчмади. Азонда Иванни чақириб оқсоқолнинг ўғли келди.

– Иван тоға, отангиз ўлаяпти экан, шунга Иванни чақиринглар, видолашиб қолай, – деди.

Фалокат ичида Иван отасининг ўлик– тиригини ҳам унутиб қўйган эди. Талмовсираб сўради:

– Кимнинг отасини айтаяпсан. Кимни чақиряпти?

– Отангиз сизни чақиряптилар. У киши бизникида ётибди. Сиз билан видолашиб қолмоқчи эканлар. Юринг, тоға, – болакай Иваннинг енгидан тортди. Иван болага эргашиб йўлга тушди.

Қарияни уйдан кўтариб чиқаётганларида устига ёниб турган ёғоч тушиб бироз ерини куйдирган экан. Уни оқсоқолнинг уйига олиб бориб жойлаштирибдилар. Оқсоқол қишлоқдан чеккароқда турар, уникига ёнғин ўтмаган эди.

Иван оқсоқолникига кириб борди. Уйда оқсоқолнинг хотини бор экан. Қолган каттаю кичик ўт ўчиришга кетишибди. Иван отасига яқинлашди. Чол шам ушлаганча ёғоч курсида чалқанча ётар, эшикдан кўз узмасди. Ўғлини кўриб безовталанди. Иван отасига яқин борди. Ота аста сўз очди:

– Хўш, Ванья, қишлоққа ким ўт қўйди?

– Ана шу Гаврило, – деди Иван, – кўз олдимда похолни тутатиб томга отди. Ушлаб олгани улгуролмай қолдим. Қўлидаги тутантириқни юлиб олиб тепкилаб ташлаганимда ҳеч бало бўлмасди.

– Иван, – деди ота, – менинг қазоим яқин. Бир кун сен ҳам ўласан. Тўғрисини айт, айб кимдан ўтди?

Иван отасига тикилди, лекин лом деб оғиз очмади.

– Худони ўртага қўйиб айт, Иван, айб кимда, сендами, ундами? Бирдан Иваннинг кўзи ярқ этиб очилгандек бўлди.

– Мендан ўтибди, отажон! – У тиз чўкиб йиғлаб юборди, – Мени кечиринг? Сизнинг олдингизда ҳам, худонинг олдида ҳам гуноҳкорман…

Чол қўлларини аранг қимирлатди. Шамни чап қўлига олди, ўнг қўли билан чўқинмоқчи бўлдию мажоли етмади.

– Ўзинг ёрлақагин, ё парвардигор! Ўзинг ёрлақагин, ё парвардигор! – деди қайта – қайта ва ўғлига кўз қирини солди, – Ванька, ҳа Ванька!

– Лаббай, отажон!

– Энди нима қиласан– а?

– Билмадим, ота, – деди Иван йиғлаб туриб, – энди бу ёғига қандай кун кўрамиз, ҳайронман.

Чол кўзларини юмди, тамшанди, сўнгги кучини тўплаб олгандек, аста кўзини очиб деди:

– Кунларингни кўрасан. Худони ёдга олиб турсанглар кун ўтаверади, –чол жимиб қолди, оғзини қийшайтирди ва базўр ғудранди, –тилингга эҳтиёт бўл, Ваня, уйимга фалончи ўт қўйди, деб зинҳор айта кўрма. Сен бировнинг бир айбини кечирсанг, худо сенинг икки айбингни кечиради.

Чол шундай дедию икки қўллаб шамни ушлади, уни кўкрагига қўйди, оғир хўрсинди ва оёғини чўзиб жон таслим қилди.


ЧОЛЛАР

Кунлардан бир куни икки қўшни, икки қария муборак Қуддуси Шарифни зиёрат қилгани отландилар. Уларнинг бирини Ефим Шевелёв деб аташарди. У ўзига тўқ, бой – бадавлат мужик эди. Иккинчиси – Елисей Бодров эди. Елисей камбағал ҳам эмас, бой ҳам эмас, ўртахол деҳқонлардан эди.

Ефим ўзининг қадрини биладиган одамлардан саналарди. Ичкилик ичмас, тамаки чекиш нари турсин, уни искаб ҳам кўрмас, бир умр оғзига ёмон сўз олмаган бандаи мўмин эди. У айтганини қиладиган қаттиққўл киши эди. Уни икки тур Қишлоқ оқсоқоллигига сайлашди, Ефим иккала сафар халқнинг бир тийинига хиёнат қилмай, идорани ҳалол бошқариб топширди. Рўзғори ҳам жўжабирдай жон: икки ўғли, кампири, янги уйланган набираси – бари бир қозондан таом ейишарди. Ефим тоға етмишни қоралаб қолган бўлса – да, ҳали бақувват, соқолига энди бир– икки оқ оралай бошлаган эди.

Елисей чол бўлса, боя айтганимиздек, бой ҳам, камбағал ҳам эмас, ҳарқалай ўзига тўқ бир захматкаш киши эди. Илгари дурадгор эди, кейин чарчаб қолдими, устачиликни ташлаб ари боқишга ўтди. Уйида асалари асрайди. Шундан балодай даромад қилади. Ўғилдан иккита. Бири пул ишлагани узоқ юртларга кетган. Иккинчиси уйда, ёнида. Елисей тоға аломат одам. Кўнгли ҳаммага бирдай очиқ, ўзи қувноқ, хазилкаш. ўрни келса, оз– моз анави захри қотилдан ҳам отиб туради, тамаки хидлаб, наяки ҳам қилади, ўйин– кулги бўлиб қолса– ку, ўртага чиқиб, лапар ҳам айтиб кетаверади. Бироқ биров билан жанжаллашмайди, уй ичидагилару қўни– қўшниларга чурқ этиб ёмон сўз айтмайди. Бир беозор, художўй киши бўлса, шунчалик бўлади– да! Шу боис, ўрта бўйли, норғул, қорамағиздан келган, салгина тепакал Елисей тоғани қишлоқ аҳли яхши кўрарди.

Чоллар, Қуддусга бирга бориб келамиз, деб аллақачон келишиб қўйишган эди. Аммо, мана бу Ефим Шевелёвнинг қўли бўшамайди– да. Бир юмушни битирса, бу ёнда биз бормиз, деб иккинчиси чиқиб туради. Бир томондан набиранинг бошини икки қилиш керак, бир ёқда аскарликдаги кенжатой ўғилни кутиб олиш лозим. Унинг устига набирага атаб бир каталак солишни ҳам мўлжаллаб қўйган. Хуллас, бош қашигани вақт йўқ.

Бир куни ҳайит арафаси эди. Икки ошна кўчада учрашиб қолишди. Йўл четида ётган узун ғўлага бориб ўтирдилар.

– Бу ёғи нима бўлди, оғайни, – деди Елисей, – қиёмат қарзни узгани қачон йўлга чиқамиз?

Ефимнинг пешонаси тиришди.

– Сен ҳам даомни куйдирмай тур, – деди хушламай, – бу йил ўзи менинг омадим келмади. Хабаринг бор, кичкина бир уйча сола бошлагандим, юз сўмнинг нари– берисида битиб кетар, десам, йўқ, наққина уч юз сўмнинг бошига сув қуяман, дейди. Сен шошмай тур, ёзгача мен уйчани созлаб олай, сўғин бемалол йўлга тушамиз.

– Менга қолса, – деди Елисей, – савоб ишни орқага ташлаб бўлмайди, айни ҳозир йўлга чиқадиган пайт. Қара, кўклам ҳам гуркираб, йўлга чорлаб турибди.

– Гапинг тўғри– я, аммо бошлаган ишимни қандай ташлаб кетаман, ошна?

– Ўғлинг бор– ку, сенинг ўрнингга ишлаб туради.

– Қўлидан балоям келмайди. Ҳали хом, ишни бузиб қўяди.

– Бир бузади, икки бузади, шундай қилиб ўрганади. Биз ўлгандан кейин нима қилади улар? У ёқдан келиб, иш ўргатиб кетмайсан– ку, тўғрими?

– Тўғрику– я, локин… Кўзим очиғида ўзим яхшилаб битириб берсам, дегандим– да…

– Э, биродари азиз! Бу дунёнинг ишлари ҳеч қачон битмайди. Ўлаётганингда ҳам битта юмушинг чала қолган бўлади. Ундан кўра, хўп де, яратганнинг йўриғини адо этайлик.

Ефим ўйланиброқ қолди.

– Лаънати уйга кўп пул кетиб қолди– да, – ҳасрат қилди у, –зиёратга икки қўлингни бурнингга тиқиб бормайсан– ку, тўғрими? ўлганда юз сўм керак бўлади.

Елисей кулиб юборди:

– Худодан қўрқмайсанми, божа! – деди у, – менга қараганда ўн баробар бойроқсан. Тағин пулим озроқ, деб тўнғиллайсан. Қўй, бошимни қотирма, қачон йўлга чиқамиз, менга шуни айт, шунга қараб, қопчиғимни тўлдирай.

– Ўҳу! Нима бало хазина – пазина топганмисан, жа–а катта кетаяпсан?

– Уйдагилардан сидириб – қиртишлайман, етмаганига асалари уясини сотаман. Қўшним ҳол– жонимга қўймай юрибди. Ўзи.

– Кейин пушаймон бўлмайсанми?

– Бўлмайман! Бу дунёда қилган гуноҳ ишларимдан бўлак ҳеч нарсага пушаймон эмасман. Жон омон бўлса, мол топилади. Ишқилиб, одамнинг имони саломат бўлсин экан. Хўш, божа, нима қилдик, кетдикми?

Ефим Шевелёв индамади.

Азонлаб Ефим Елисейникига кириб келди.

– Сен тўғри айтибсан, божа, – деди у, – Худонинг ҳукмидан қочиб бўлмас экан. Танда жон, оёқда қувват бор экан, қарзи қиёматни адо этмак учун равона бўлайлик.

Чоллар бир ҳафтадан сўнг йўлга тушдилар.

Шевелёвнинг чўнтаги тўқ эди, юз сўм борди– келдига олди, бир– икки юз сўмча уйга қолдирди. Елисей асалари уясини сотди, кампирининг ўлимликка деб йиғиб ўтирган ақчасини қўшди, ҳатто келини ҳам савоб учун бир сиқим пул берди.

Ефим уйдаги майда– чуйда юмушларнинг барини катта ўғилнинг елкасига юклади. Елисей эса, кампирига бир оғиз гап тайинлади: асалари уясини сотганда қўшнисини алдаманглар, бўлмаса олган пулинг буюрмайди, деди холос. Рўзғордаги бўлак ишларни ақллашиб қилаверинглар, дедию йўл тадоригини кўра бошлади. Чоллар олис йўлга нон ёптириб олишди, янги халта– хуржун тикдилар, қайрағочдан хасса йўнишди, эгниларини ҳам бутлашди, оёқларига қўша– қўша мўкки ковуш тикиб олишди. Уй ичи бир бўлиб, уларни кўчанинг оғзигача кузатиб қўйдилар.

Елисей уйидан қушдай енгил бўлиб чиқди. Қишлоғидан узоқлашгани сари уйдаги ташвишларни буткул унутди. Энди унинг калласида бир хил ўй чарх уради: не қилиб бўлса – да, шеригини ранжитиб қўймаслик керак, бировга қаттиқ – қуруқ гапирмай, ўша муборак зиёратгоҳга ўйнаб – кулиб бориб келиш даркор. Елисей шу ҳаёлга чўмиб, йўл танобини тортар экан, ичида қандайдир дуоларни пичирлайди ёки ҳаётида кечган ёқимли воқеаларни эслайди, ўзича мамнун кулиб қўяди. Йўл– йўлакай бирон бегона киши учраса, унга етти букилиб салом қилади, Худо йўлингизни берсин, дея алқайди. Хуллас, ҳар босган қадами Елисейга севинч одими бўлиб туюлади. У фақат бир нарсага пушаймон: тамаки искашни ташламоқчи бўлди, ҳатто наяки халтани ҳам уйда қолдирди. Аммо…

баъзан бу лаънатининг бирам хумори тутадики, номусдан ерга кириб кетай, дейди Елисей ва сал четроқа чиқиб, хуфёна наяки қилиб олади.

Ефим Шевелёв ҳам вазмин қадам ташлаб, индамай илгарилаб боряпти. Ортиқча бир гап айтмайди. Бироқ қовоғини ҳам очмайди. Унинг кўнглида тегирмон тоши чўкиб ётгандек. Кўнгли бесаранжом. Уйдагиларни ўйлайди. Ўғлига бирор нарсани тайинлаш эсидан чиқмадимикан? Бола тушмагур айтганларини ўринлатиб қилармикан ёки ишни чала– чулпа қолдириб кетармикан? Мабодо йўл устида мужикларнинг картошка экаётганини ёки далага гўнг ташиётганини кўриб қолса, дарров кўнглига келади: унинг ўғли ҳам мана буларга ўхшаб ишни саранжом қилаётганмикан ёки… Эҳ, ўзи уйда бўлганда– ку, қандай ишлаш кераклигини кўрсатиб қўяди– я! Ҳай, майли, омон– эсон қайтиб келайликчи, кейин бир гап бўлар…

Мана, беш ҳафтадирки, икки оғайни тинмай йўл босади. Уйда кийиб чиққан мўкки калишлари ҳам тўзди, йўл– йўлакай янги ковуш сотиб олишди. Шундай қилиб, хохўлларнинг юртига ҳам етиб келишди. Улар ўта меҳмондўст чиқиб қолишди. Кетма – кет меҳмонга чақиришади, бор нарсаларини ўртага тўкиб сийлашади, ҳатто ётоқ пули ҳам олишмайди. Кетишда эса мусофирларнинг халталарига бўхонка нондан ширинликкача солиб беришади, денг.

Зиёратчи қариялар яна бир губерния босиб ўтдилар. Ва ниҳоят, қуриб– қақшаб ётган ғариб бир ерга етдилар. Чолларнинг йўловчи мусофир эканлигини билиб, уй эгалари кечаси ётоқ жой учун пул олишмадию, аммо меҳмон ҳам қилишмади. Айтишларича, бултур экин–тикин яхши битмабди. Шунинг учун ўзлари базўр кун кўриб ўтиришган эмиш. Бойлар бор– будини сотиб, хонавайрон бўлибди, ўртаҳол деҳқонлар– ку, бир пуфга ярамай адои тамом бўлибди, йўқ–юқа кишиларни айтмаса ҳам бўлади. Улар бир бурда нон илинжида бегона элларга бош олиб кетибди ёки овул кезиб тиланчилик қилиб юрганмиш. Одамлар очликдан дарахт пўстлоғини ейишга тушибди.

Оч итнинг думини тўқ ит ҳидлабди, деганларидек, чоллар тезроқ бу бехосият ердан жўнадилар. Беш–ўн сўмга нон–пон сотиб олишди–ю, кун қизимай йўлга тушдилар. Бирор ўн чақирим йўл босиб, дарё бўйида тўхташди. Қотган нонни сувга ботириб еб олишди ва яна қайдасан Қуддуси шариф, деб қўзғолдилар.

Яна бирор чақирим йўл юриб, улкан бир қишлоққа кириб келишди. Бу ерда тўхташмади. Қишлоқнинг бу бошидан кириб, у бошидан чиқдилар. Ефим миқти эди, тўхтамай бир маромда собит қадам ташлар, Елисей гоҳо унга етолмай хансираб қоларди. Ахири Елисей чидамади:

– Чўлладим, оғайни, – деди, – ҳув анави уйга кириб сув ичиб чиқаман.

– Майли, – деди Ефим, – кириб чиқақол. Мен чанқаганим йўқ.

– Сен кетавер, – деди Елисей, – мен ғир этиб сув ичаману ортингдан етиб оламан.

– Бўпти, – деди Ефим. Елисей йўл четидаги кўримсизгина уйга бурилди. Уй ҳаробдан ҳароб эди. Томи – лойсувоқ, деворлари кўчиб ётибди, чамаси неча йилдирки иморатга устанинг қўли тегмаган. Томи ҳам қийшайиб, бир тарафдан жағи очилиб кетибди. Елисей ҳовлига кирди. Қараса, бўсағада бир одам чўзилиб ётибди. Ўзи ёшгина, ориқ, ёқавайрон. Афтидан у эрталабки салқинда бир мизғиб олмоқчи бўлгану, ухлаб қолган. Бошига офтоб келган бўлса ҳам, ўрнидан турай демайди. Елисей, “Хой ким бор?” деб товуш берди. Лекин бояги йигит миқ этмади. “Бир қултум сув ичсак бўладими?” деб Елисей тағин сўради. Уй эгаси пинак бузмади. “Бу бола ё ўсал ё одам исини ёқтирмайдиганга ўхшайди”, деб ҳаёл қилди Елисей. У эшикка яқинроқ келди. Қулоғига ёш боланинг йиғлагани чалинди. Елисей эшик халқасини тақиллатди.

– Бу ерда тирик жон борми? – деб хитоб қилди. Жимжитлик. Елисей хасаси билан кўча эшикни ура бошлади.

– Ким бор, хўв! Худонинг бандалари, сиздан сўраяпман, жавоб беринглар!

Тиқ этган садо бўлмади. Елисей энди изига қайтмоқчи бўлиб юрувди, ичкаридан кимнингдир ох тортганини эшитиб қолди. “Йўқ, бу ерда бир бало бўлганга ўхшайди, – деб ҳаёлланди Елисей, – қарай– чи, тинчликмикан?”

Елисей дадил ичкарига қараб юрди.

У равонга чиқди. Ичкари уйнинг эшиги ланг очиқ эди. Елисей ҳайрон бўлиб, эшикдан мўралади. Кейин бир– бир босиб уйга кирди. Чап тарафда тахтиравонпеч, тўғрида Исо масихнинг сурати. Ўнг томонда томоқ ейиладиган баланд, узунчоқ хонтахта. Енгил кўйлак кийган, сочлари тўзиб кетган бир кампир хонтахтага бошини қўйиб, инграб ўтирибди. Тўрда, эски кравотда бир аёл ётибди. У тишларини ғижирлатиб, гоҳо оҳ тортадию, жим бўлади. Кампирнинг оёқ остида бир болакай узала тушган. Унинг калласи муштдай, томоғи қилдай, лекин қорни катта, худди шишиб кетганга ўхшайди.

Уй ичидан кўнгилни айнитадиган сассиқ ҳид келади. Чамаси, уй ичидаги кишилар бир неча ойдан бери ювинмаган ёки ҳожат учун ташқари чиқмайдилар…

Елисей кампирнинг ёнига борди:

– Мен бир мусофир йўловчиман, – деди ийманиб, – чанқаб, сув ичгани кирувдим, мом…

Кампир аранг бошини кўтарди. Сўлук кўзларини Елисейга тикди:


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации