Электронная библиотека » Саъдулла Сиёев » » онлайн чтение - страница 11

Текст книги "Бепарво бўлмоқчиман"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 21:40


Автор книги: Саъдулла Сиёев


Жанр: Юмор: прочее, Юмор


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 11 (всего у книги 12 страниц)

Шрифт:
- 100% +
БУХОРО. ҚАСРИ ОРИФОН

Сайҳун бўйларига баҳор келди. Дарё жўшиб оқади. Қатрон ерни тешиб бир қарич бойчечаклар чиқди. Дала– дашт жуволдиздек ингичка майсалар билан қопланди. Эрка шамол уларнинг бошини силайди. Минглаб арғумоқларнинг кишнаши, минглаб қўй– қўзиларнинг маъраши қулоққа хуш ёқади. Осмон тўла гала– гала қушлар. Чўпон– чўлиқ яна таёғини судраб яйловга чиқди. Алқисса, дашти Қипчоқ кўклам нафасидан ором олиб, тебранади, завқланади…

Хон қароргоҳи ўғруқларни шайлаб, кўчиш тараддудигатушган.ШайбонийхонНаврўзни Самарқандда, Рамазон ҳайитини Бухорода ўтказишни ният қилган эди. У бир– икки кун қўшинни кўрикдан ўтказди. Навкарларнинг кайфияти яхши, отлар семирган, қурол– аслаҳа янгиланган эди. Хон ёвқур бекларидан Жалолиддин Урусни эллик минг аскар билан Сиғноқда қолдирди. У дашти Қипчоқнинг ичкарисидан қўққис келиб қоладиган саҳройи босқинчиларга кўз– қулоқ бўлиши керак эди. Убайдуллахон Бухоро ҳимоясида турарди. Шайбонийхон Темур Султон бошлиқ асосий қўшинни чўли малик орқали Самарқандга йўллади. Ўзи бир туман суворий билан Тошкент сари йўлга тушди. У Фарғона музофотидаги мулкларини тафтиш қилиб, Хўжанд, Ўратепа орқали Самарқандга ўтмоқчи эди.

Ҳамал (март)нинг бошларида хон Яссига келиб қўнди. Уч кун пири Туркистоний Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратларининг сағаналарини тавоф қилиб, мадад сўраб ётди. Сўнг – Сайҳун бўйлаб йўлга отланди. Хон Хўжандда, Қўқонда бир– икки кун турди. Исфаранинг ўриклари, Конибодомнинг бодомлари қийғос гуллаган, ҳавода митти юлдузлардек гулбарглар учар, чор тарафдан гул атри келар, гўё бутун водий мушки анбарга чўмилгандек эди. Бу латиф иқлимдан Шайбонийхоннинг кўнгил узиб кетгиси келмасди. Лекин уни орзуманд шаҳри – пойтахт Самарқанд чорларди. Хон ноилож отининг бошини Жиззах сари бурди. Самарқандга энди икки кунлик йўл қолган эди.

Шайбонийхон шавкатли қўшини билан шаҳарга кириб келганида Наврўз авжида эди. Мадрасаларнинг томида карнай– сурнайлар садоси осмони фалакни ларзага келтиради. Кўчаларга одам сиғмайди. Барча томоша ишқида сайлгоҳлар сари ошиқади. Регистон майдонида ўнлаб дошқозонлар ўрнатилган. Уларда Самарқанднинг тансиқ таомларидан тортиб, сумалаккача қайнайди. Сиёб бозори ҳам кўчаларга кўчиб чиққан. Расталарда минг бир хил ширинликлар кўзни севинтириб, иштаҳани қитиқлайди: пашмак, лавзина, писта, бодом, сояки майиз, тутқоқи, анжир шинниси, қантак ўригу машҳур Самарқанд ширмой нонлари…

Шайбонийхон шоҳона чодирини Зарафшон бўйига тиктирди. Кейин ёнига шаҳар ҳокимини олиб, кун бўйи кўчаларни айланди. Унинг кўз олдидан саккиз йил аввалги мудҳиш манзара сира кетмасди. Оч– наҳор гўдакларнинг чинқириғи, боласидан айрилган аёлнинг ноласи, ит– мушук этини еб, шишиб ўлган одамлар, кўча– кўй тўла лопиллаган тобутлар…

Унинг бадани сесканди. Бироз юргач, ясан– тусан одамларга кўзи тушиб, қувноқ кулгуларни эшитдию, кўнглидаги хижиллик бироз чекинди. Ўша фожеалар учун аввало ўзини, сўнг Бобур Мирзони койиди. “Шукрлиллоҳ, у кунлар ортда қолди. Илоҳо, қайтиб келмасун”.

Шайбонийхон қароргоҳига қайтди. Девон котибларини чақириб, фармони олий ёздирди. Ушбу фармойишга кўра, Наврўзи олам шарофати билан тубандаги савоб ишларни амалга ошириш вожиб, деб буюрилган эди. Жумладан, бева– бечораларга мўл– кўл ҳайр эҳсон қилиш, мадраса талабаларига бош– оёқ сарпо тарқатиш, мударрисларнинг маошини икки баробар ошириш, масжид, мадрасаларга қўшимча вақф ажратиш, бозорларни обод қилиш, янги карвонсаройлар қуриш, азиз авлиёлар мозорини таъмирлаш ва ниҳоят, ўн кун мобайнида шаҳар аҳлига ош– сув бериб, худойи қилиш.

Бу тадбирга сарф бўладиган ҳаражатлар байтулмол, яъни давлат хазинасидан ажратилсин, дея алоҳида таъкидланган эди.

Хон Самарқандда бир ой туриб, отининг бошини яна Туркистон сари бурди. Бу сафар у Бухоро, Хоразм орқали Хазар денгизига қараб юрди. Денгиз ёқалаб бориб, Ўзганнинг тепасидан, Қоратовнинг кунботаридан чиқди. Шайбонийхон Туркистоннинг таянч қалъаларидан саналмиш Янгикент, Ўзганга бетўхтов ҳужум қиладиган Бурундуқхонни узил– кесил янчиб ташламагунча эл– юрт тинчимаслигини биларди. У юз минг кишилик сара аскарлари билан саҳройилар изидан тушди.

* * *

Орадан етти ой ўтди. Бурундуқхон минглаган отлиқ аскарлари билан бирга жаҳаннам қаърига кетди. Жониш полвон бир қанотидан айрилган бургутдек чўлтоқланиб, бенаво– беҳуд бўлиб қолди. У минбаъд Туркистон улусидан насибаси узилганини сездими, қолган– қутган суворийлари билан Эдил дарёсидан нарига, Урусия сарҳадларига қараб равона бўлди. Шайбонийхон то аждаҳонинг боши янчилмагунча элюртнинг тунда уйқуси, кундуз кулгуси бузилаверишини биларди. Шунинг учун Қоратов сиртидаги Сузоқ, Қумкент қалъаларининг ҳимоясини кучайтирди. Олмачук баҳодир деган лашкарбошисини қирқ минглик навкар билан Қоратов ўнгидаги қирларда қўриқчи қилиб қолдирди. Хоннинг қаландар қиёфасидаги хуфялари Жониш полвоннинг шимол томон кетаётганидан дарак бергач, Шайбонийхон Рамазон ҳайитини Бухорода нишонлаш учун йўл тадоригини кўришга амри фармон берди. Ҳадемай икки юз минг навкардан иборат муаззам қўшин Хазар денгизини ёқалаб йўлга тушди.

Шайбонийхон Бухорои шарифга арафа куни етиб келди. Кузнинг адоғи, қишнинг аввали. Ҳаво совий бошлаган. Қорақумдан изғирин эсади. Аммо Бухоро жанубидаги кентлар, овуллар, работлар байрам сафоси ила нафас олади. Гузарлар, кўчалар чиннидек саранжом– саришта, одамлар янги либосларда, болалар қийқириғидан маҳалла– кўй маъмуру обод.

Шайбонийхон Баҳовуддин Нақшбанд Марқади (мозори) макон тутган Қасри Орифонга келиб тушди. Уни Бухоронинг умарои икромлари, туман волийлари, беклар, бою боёнлар қўша– қўша совға– салом билан қаршиладилар. Хон пири комил қабри тепасида товушини баралла қўйиб Қуръон тиловат қилди. Сўнг қорилар сура кетидан сура ўқидилар. Зиёрат маросими тугаб, барча жоме масжидига жам бўлди. Хон аҳли мўминни Ийди Рамазон билан муборакбод этди. Бухоро шайхулисломи Шавқиддин ҳожи дуога қўл очди:

– Аллоҳумма, аббидил ислома ва раввижил аҳкома. Эй Худованди карим, исломни абадий қилғил, анинг ҳукмига равнақ бергил, Аллоҳу акбар!

Жамоатнинг “Аллоҳу акбар”идан масжид шифти ҳам акс– садо берди.

Эртасига тонг саҳардан Қасри Орифонда ҳайит нашъу намоси авж олди. Вилоятнинг олис– яқин гўшаларидан зиёратчилар дарёдек оқиб кела бошлади. Ҳамма ҳазрат Баҳовуддин дахмаси сари интилар, Санги Муродни1414
  Санги Мурод – муқаддас тош.


[Закрыть]
тавоф айлаб, Балогардон бободан таскин ва мадад сўрарди.

Шайбонийхон раиятга малол келмасин, деб кўшкини Қасри Орифондан бир чақирим нарига кўчирган, мўъжаз масжид вазифасини ўтайдиган хос чодирида ҳайит маросимини томоша қиларди. Хон амрига кўра зиёратчилар бир сидра кийим– кечак ва уч кунгача текин таом билан сийланди. Хонақоҳга ҳайрэҳсон улашилди.

Шайбонийхоннинг азалий бир одати бор эди. У қайси шаҳарни забт этса, ўша ерлик аҳли донишни ҳузурига чорлаб, суҳбат қуришни фарз деб биларди. Бу сафар ҳам чодирига муфтий, мударрис, муҳаддис, шайхулислом, қозию қузотни таклиф этди. Дин пешволари ичида Шамсиддин Абдулло Яманий, Сиғноқ қозикалони Абдулмутал Ёртош ҳожи, Ҳиротдан Сайфиддин Аҳмад, Насафдан Юсуф қори, Бухоро шайхулисломи Шавқиддин ҳожи бор эди.

Мусоҳаба чоғида Қуръони карим тафсири, қиёс ва ижмо, ҳажжи видо, шариат ва тариқат, илми қол ва илми ҳол фарқлари ва ниҳоят, тасаввуф билан ислом муносабатлари сингари масалалар устида баҳс юритиларди.

Абдулло Яманий Қуръоннинг қалби саналмиш “Ёсин” сурасидан беш–олти оят ўқиб, юзига фотиҳа тортди ва хонга таъзим қилди. Шайбонийхон аста томоқ қириб, жамоатга мурожаат қилди:

– Азизлар! Ҳамонки Ҳақ таолонинг каломидан сўз очқон эканмиз, муҳтарам Сайфиддин Аҳмад жанобларидин ўтинчимиз бор. Муборак оятларнинг нозил бўлмоқ сабабларини, боз аларнинг аввалохирини айтиб берсалар.

Сайфиддин Аҳмад неча йилдирки Ҳирот шайхулисломи эди. Шайбонийхон Ҳиротни олганида шайхни чорлаб, суҳбат қурдию бу зотнинг зукко фаросатига, илмининг кенг қамровлигига тан берди. Самарқанд ёхуд Марвда бўладиган мажлисларига албатта таклиф этарди уни. Мана, бугун ҳам шайх хоннинг азиз меҳмони. Сайфиддин ҳам хоннинг унга айрича бир иззатидан тўлғониб оғиз очди:

– Муҳтарам аҳли сунна! Расули акрамга нозил бўлмиш оятларнинг аввали – бу “Алақ” сурасининг биринчидан то бешинчигача бўлган оятларидир. Сўнгги оятлар ҳақ Мустафога ҳажжи видо маҳали Маккаи Мукаррамада келди. Бу “Моида” сурасининг учинчи ояти охирида эрди. Қуръони мажид жами олти мингу олти юзу олтмиш олти оятдан иборатдир. Аларнинг мингтаси амр, мингтаси наҳий1515
  Наҳий – таъқиқлаш, ман қилиш


[Закрыть]
, мингтаси ваъда, мингтаси жазо, мингтаси қисса, мингтаси масал, яъни ибрат, беш юзтаси ҳалол ва ҳаром хусусинда, юзтаси дуо, олтмиш олтитаси носих ва мансух ҳақинда бўлиб, булар ҳукми ўзгартирилган оятлардур.

Шайбонийхон, маъқул, дегандек бошини қимирлатиб қўйди. Шундан сўнг қорий мураттаблар ҳар бир сурадан беш– олтитадан оят ўқишга ўтдилар. Шайбонийхон ўзича қориларнинг қироатини тафтиш қилиб, саҳв– хатолари бўлса, тузатмоқчи эди. Зеро у ўттиз пора Қуръони каримни болалигидан ёд билар, уни бир неча бора ўз қўли билан кўчириб чиққан эди. Қорилар қироат ила банд экан, хон “Юнус” сураси, “Тоҳо” сураси, “Рум”, “Ғофир” дея таъкидлаб турди ва ниҳоят, сураи “Ан– нос” ила хатми Қуръон интиҳосига етгач, дуога қўл очди. Имоми замон, ҳалифатулраҳмон унвонига мушарраф Шайбонийхонга тақлидан барча юзларига фотиҳа тортди. Шу билан мажлиснинг биринчи куни тугади.

ТЎЛҒОН ОЙНИНГ ШУЪЛАСИ

Уч кунлик ҳайит ўтиб, зиёратчиларнинг сафлари сийраклашди. Шайбонийхон мажлис доирасини кенгайтирмоқчи бўлди ва навбатдаги анжуманни Нақшбанд мақбарасининг жомеъ масжидига кўчирмакка қарор қилди. Бу сафарги мажлисга уламолардан ташқари хонақоҳ аҳлини, мадраса мударрисларини, жамики толиби илмларни ҳам таклиф этдилар.

Шайбонийхон тасаввуфга мойил эди. У ўсмирлик чоғларида Бухорода бир неча йил таълим олган, Мавлоно Хитоийдан қол илми бирла ҳол илмини ҳам астойдил ўрганган эди. Султон ул– орифин Хожа Аҳмад Яссавийни ўзининг пири муршиди деб билар, Шайхул–машойихнинг девони ҳикматини ўз қўли ила бир неча карра кўчириб чиққан эди. Ана шу мулоҳазалар боис, Хон бугун анжуманни шариат ва тариқат, обидлар ва сўфийлар аҳли орасидаги муносабатга бағишламоқчи бўлди. У сомеларга қарата икки оғиз ваъз айтди:

– Муҳтарам жамоат! Сир эмаски, Расули акрам замонидин то ҳануз шариат пешволари тариқат аҳлига бегонароқ кўз бирла боқадилар. Чунончи, ботиний илм зоҳирий илмни инкор этадими? Ва ё қол устунми, илми ҳолми? Сўфийлар салби вужуд айлаб, дин аҳкомларидан йироқлашмаётирми? Филжумла, шариат ила тариқат орасинда ихтилоф йўқми? Ҳамонки, бугун, бул шарофатли айёмда Нақшбандия сулукининг қутбулақтоби Ҳазрат Баҳовуддин турбатинда сокин эканмиз, аҳли фузалонинг сўзларини эшитмак истагидамиз.

Шайбонийхон чап ёнига қаради. У насафлик Раҳматулло қорини бир– икки йилдан бери танир эди.

– Қории мураттаб мавлоно Раҳматулло, тиловат қилсинлар, – деди хон кулимсираб. Раҳматулло қори ўзига билдирилган эҳтиромдин шодланди, ўрнида бир қўзғалиб қўйди ва ўта ширали, жарангдор товуш ила “Бақара” сурасидан ийди Рамазон ҳақидаги оятларни тиловат қилди.

– Қасри орифондаги сўфийлар ҳалқасининг мутасаддиси шайх Мансурхўжа Оллоёр ўз мавқеига яраша қуйироқда ўтирган эди. Хон уни кўзи билан ахтариб топди. Шайбонийхон ҳар сафар Бухорои шарифга ташриф буюрганида шайхни ҳузурига чорлар, тариқат, маърифат мақомлари устида суҳбат қурарди. Шайхнинг қол1616
  Қол илми – Зоҳирий илмлар, аниқ фанлар.


[Закрыть]
илми билан ҳол1717
  Ҳол илми – руҳоний илм, қалбий зикр орқали эришиладиган тасаввуф илми.


[Закрыть]
илмини бекаму– кўст эгаллагани хонга манзур бўлган эди. Шуни эслаб, шайхга мурожаат қилди:

– Мавлоно Мансурхўжа Оллоёр, сиз Хонақоҳ раҳнамосисиз. Ўзларидан бир ўтинчимиз бор…

Мансурхўжа исмини эшитган заҳоти илкис ўрнидан туриб, таъзим бажо келтирди.

– Ўтинчимиз шулки, – деди хон, – шариат бирла тариқат орасиндаги тафовут борасида сўзласангиз. Алар ихтилофдаму, вобастаму?

– Вобастадур, ҳазратим, вобастадур, – деди тик турганча шайх, – шариат бирла тариқат аро ихтилоф йўқдур. Ислом динимиз бамисли бир азим дарахтдурки, анинг илдизи – шариат, барги, гуллари, меваси – тариқат. Токи Ҳақ таоло субҳонаҳунинг муборак каломини, расули акрам васиятларини буткул хатм қилмай туриб, сулукка кириб бўлмас. Фарз ила суннат хонақоҳ аҳлининг дил туморидур. Хожа Абдулло Ансорий Шайхур– раис демиш: шариатни тана деб бил, тариқатни дил дегин, ҳақиқатни жон дегил. Филжумла, раззоқ эгам васлига ноил бўлмоқни истаган бандаи мўмин лайлу наҳор зикру сано ила машғул бўлмоқни авло билгай. Невчунки шариат зоҳир таҳорати, тариқат ботин таҳоратидур. Шариат нафс йўли эрса, тариқат ва ҳақиқат кўнгил йўли, руҳ йўлидир. Ҳадиси шарифда келмишки, шариат пайғамбаримиз Ҳақ Мустафонинг айтганлари, тариқат – расули акрамнинг сийратлари, қилган ишлари, ҳақиқат эрса расулуллоҳнинг кўрганларини кўришдур. Бас, шариат ила тариқатни ўзаро вобаста, бир– бирини тақозо этувчи ислом йўлининг мартабалари деб қараш лозим ва мақбул деб ҳисоблаймиз.

Шайх сўзини тугатиб, бош эгди.

Шайбонийхонга сўфийлар сардорининг мантиқли сўзи маъқул бўлди. У ўтиринг, дегандек шайхга ишора қилди ва деди:

– Шариат бирла тариқатнинг чамбарчас пайвандлигини бир ҳикматларида пири– муршидимиз Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратлари марҳамат қиладилар.

Хон камоли завқ билан Яссавий шеърини қироат қилди:

 
Ҳар ким қилса тариқатнинг даъвосини,
Аввал қадам шариатга қўймоқ керак.
Шариатнинг ишларини адо қилиб,
Андин сўнгра бу даъвони қилмоқ керак.
 

Пойгакка яқинроқ ўтирган қора чопонлик, бошига одми кўк салла ўраган (афтидан қишлоқи бўлса керак) ўрта ёшлардаги бир киши изн сўраб ўрнидан турди.

– Биз мадраса кўрмаган омий бир деҳқонмиз, – деди узрли оҳангда, – Зовия1818
  Зовия – хонақоҳ, сўфийлар маскани.


[Закрыть]
улуғининг гапларини жон қулоғимиз билан тингладик. Валекин, бир нимарсага ақлимиз етмайроқ турибдир. Биз томонларга ҳам дарвешлар бориб туради. Улар Олло зикрида бўлган бандалар рўзғор тузмай, тажарруд қилиб, дунёдан тоқ ўтишни талаб қиладилар. Шу тўғрими, тақсирлар? Ахир мен кетмонга суянган бир деҳқон бўлсам, аҳли аёлсиз, бола– бақрасиз яккабош нечук тирикчилик қилғайман?

Хон, бу чигал сўровга ким жавоб берар экан, дегандек жамоатга кўз югуртирди. Ҳайъатнинг тўрида чордона қурган ёши олтмишни қоралаган, хушрўй, адлқомат Самарқанд фақиҳи қўл кўтарди. Хон бош силкиб ижозат берди:

– Талабгоримизнинг кўнглидаги тугунни ечишни Самарқанд фақиҳи мавлоно Хожи Барлос Мажидийдан сўранамиз.

Хожи Барлос ўрнидан турди. Сомеларга синовчан разм солди. Сўнг барча эшитадиган ўктам товушда деди:

– Тарки дунёчилик, яъниким, бу фоний жаҳоннинг лаззатларидин воз кечиб, бошни буркаб гўшанишинлик қилиш ислом йўли эмас. Расулуллоҳ зоҳидтабиат асҳобларига қарата, мен ораларингизда афзалроғиман, аммо масжидга ҳам бораман, тотли овқатлар ҳам ейман, аёллар билан суҳбат ҳам қураман, деган эканлар. Ҳақ Мустафо бир ҳадисларида “Ло раҳбонията фил ислом” дея марҳамат қиладилар. Воқеан, исломда роҳиблик, сўққабошлик йўқдур. Хўш, сўфийлар, дарвешлар аҳволотига келсак, алар Оллоҳнинг хос бандаларидир. Ўзларини батамом Раҳмон эгам ихтиёрига топширган зокирлардур, шокирлардур. Улар томирларида қон билан баробар оқиб турган шайтони лаъинни ҳайдаб, ҳайвоний нафсни жиловлаб, зикру сано, қалбий салот, сабру сукун ила ҳақ ишқида ёнадилар, Ҳақ васлига етмоқ умидида риёзат чекадилар. Оллоҳ Таоло мағфиратига мушарраф бўлмоқ йўли турли– тумандир. Сўфийлар наздида инсон кўнглига икки ишқ сиғмайди. Бу дунёнинг ўткинчи роҳатларига ишқ, мол– дунёга, аҳли аёлга муҳаббат, шаҳвониятга ружу ва ҳоказо. Сулукка кирган солик учун парвардигори оламдан келадиган нури Тажаллидин ўзга барчаси абас. Шу боис алар бу дунё жилваларига этак силтаб, ишқи илоҳийни афзал билганлар.ИброҳимАдҳамподшоликтахтини сўфийлик маснадига алиштирди. Мир Алишер Навоий Ҳазрат рўзғор маишатини ўзларига раво кўрмадилар. Бир кўнгилга бир ишқ кифоя, дея мутасаввифлар қавмини муносиб кўрди. Пири комилимиз Ҳазрат Баҳоуддин (ул Зоти шарифнинг қабри нурга тўлсин) ўн етти ёшларида уйландилар. Бир оқшом Хизр алайҳиссалом тушларига кириб, сен ё у йўлни, ё бу йўлни танла, дедилар. Иккала юзинг Оллоҳ тарафга қараган бўлсин, рўзғор сенга ҳожат эрмас, дея ғойиб бўлдилар. Ҳазрат аҳли аёлдин ажрашдилар ва хонақоҳни танладилар. Тажарруд борасида сўрасалар, Ҳазрат ҳикмат ила “Мо ин кор намекунем, вале инкор намекунем”, яъни биз бу ишни қилмаймиз, лекин инкор ҳам этмаймиз, деб жавоб қилдилар.

Энди, деҳқон иним, сизнинг касбингизга келсак, кетмондан қолманг. Яссавий пиримиз, Деҳқон эмас, кетмон чопиб, нон емаса, дея васият қилганлар. Нақшбанд Ҳазрат “Дил ба ёру даст ба кор”, деб панду насиҳат айладилар. Бу ҳикмат замирига қулоқ солинг. Кўнглинг Ҳақ ёдида бўлсин, қўлинг юмушдан бўшамасин, меҳнат сенинг ҳаётинг, демоқда авлиёи кабир. Сизга айтар сўзимиз шул: ҳалол меҳнат ила аҳли рўзғорни ризо қилсангиз, беш вақт салоту саловот бирла фарзу суннатни адо этсангиз, бас, сиздан худо ҳам, халқ ҳам рози бўлғай. Валлоҳу аълам биссавоб!

Иккала уламонинг аниқ– тиниқ ва лўнда гапларидан Шайбонийхон қаноат ҳосил қилди. Ҳаёлига ёқутдек порлаб ҳазрат Навоийнинг бир байти келди. Хуш овозда ўқиди:

– Қилиб ҳақ вужудида маҳв ўз вужудин, Навоий муни бил тариқи тасаввуф.

Пири комилдин ўткариб тасаввуф таърифин айтиб бўлмас. Мазкур шоҳбайт кўнглимиздаги тугунларга барҳам бергай, иншооллоҳ!

Эшикка яқинроқ ерда ўтирган новча, қотма, чўққисоқолли киши ўрнидан турди.

–Ассаломуалайкумвараҳматуллоҳива баракоту! – дея таъзим қилди. Атрофга кўз югуртириб тилга кирди, – Фақир мадрасада толиби илмларга сабоқ берадурмиз. Муллабаччалар бизни гоҳо сўроққа тутадилар. Мансур Ҳаллож ким ўзи? Авлиёи кабирми, шариатга шак келтирмиш кофирми? Валиюллоҳ бўлса, невчун “Анал– ҳақ” деб худолиқ даъво қилур? Не сабабдин дорга осдилар уни? Муҳтарам зотлар, мушкулимизни осон қилсангиз…

Шайбонийхон чап тарафига ўгирилди. Ҳайъатда хоннинг доимий дил маҳрами ва йўлдоши Фазлуллоҳ Рўзбехон чўк тушганди.

– Мавлоно Рўзбехон, – деди хон, – биз Сизни наинки насру назмда, жумладан тасаввуф илмида ҳам закий деб билурмиз. Мударрис жанобларига муносиб сўз айтингиз, токи анинг кўнгли жойига тушсин, толиби илмлар сўроқларига жавоб олсинлар.

Рўзбехон аллақачон оёққа қалқиб, лабини жуфтлаб турган эди.

– Муҳтарам мударрис, – деб гап бошлади Рўзбехон, – Сиз қол одамисиз, зоҳирий ирфон бирла машғулсиз. “Анал– ҳақ”нинг маъносига етмак учун сурат ила сийрат фарқига бормоқ лозимдур. Бунинг учун шариат, тариқат, маърифат, ҳақиқат мақомларини эгаллаб, фано мартабасига эришмоқ даркор. Хожа Аҳмад Яссавий пиримиз “Пўсти иймон, мағзи – тариқ”, деб лутф этганлар. Бу ҳикмат маъниси недур? Ўйланг, қўлингизда бир дона анор турибди, дейлик. Сиз бул меванинг сиртига қараб, ани анор деб танийсиз, вале пўст ичидаги дондан, мағиздан бехабарсиз. Анорнинг аслини билмоқ учун мағзини ҳам тотиб кўриш шартдур. Мансур Ҳаллождек валиуллоҳлар мағизнинг мазасига мушарраф бўлган зоти шарифлардур. Аларнинг шарҳи ҳолини, илоҳий ишқ йўлида жон фидо қилганликларини англамай, уларни кофирга йўймоқ гуноҳи азимдур.

Сизга аёнки, жаноб мударрис, Ҳақ Таоло инсонни яратганда унга ўзининг сифатларидан ҳам бир чимдим қўшиб берган. Шул сабаб раззоқ эгамиз, бандаларига қарата, сиз менинг ердаги ҳалифамсиз, деб иноят қилган. Биз биламизки, инсон дунёга келганидан унинг қонида раҳмоний ва ҳайвоний хулқ баробар яшайди. Бир кимса ўсиб– улғайган сайин хулқидаги ҳайвоний сифатлар кучая боради, ўзга кимсаларда раҳмоний, илоҳий фазилатлар тараққий этади. Оллоҳ деган бандалар тоат– ибодат, риёзат, сабр, шукр, таваккал ила ҳақ васлини тилайди. Илми қолни бажо айлаб, илми ҳол мақомини адо этиб, салби вужудни афзал кўради. Энди бундоқ зокирнинг жони– жаҳони ёлғиз Оллоҳ ёди, Оллоҳ жамолига етмак иштиёқи ила банд бўлади. Ўзини илоҳий руҳ бирла вобаста, ҳақнинг ёнида кўради. Ҳазрат Мир Алишер зикр этганларидек, Ҳақ вужудида ўз вужудини маҳв этади ва илоҳий руҳга эш бўлади. Шундоқ жозиб кезларда Мансур Халлождек фанога етган авлиёлар, беихтиёр “Анал– ҳақ”, мен ҳақман, зоти пок бирла биргамен, деб хитоб қиладилар. Бу хитобда куфр йўқдур, бу жазба ҳолатдур, илоҳий кароматдур.

Энди дор масаласига келсак. Бир тўп нодоннинг фатвоси боис, Мансурнинг қўл– оёғини чопдилар, бошини танасидан жудо қилиб, дорга осдилар. Сўнг куйдириб, кулини дарёга сочдилар. Оқибат не бўлди? Дажла исёнга келди, тошиб, қирғоқдан ошди, шаҳар тўфон ичида қолиб, маҳв бўлишга юз тутди. Мансур бир муридига васият қилғон эди. “Қачонки менинг кулимни сувга оқизсалар, дарё тошиб, Ироқни сув босар. Ўшал чоғ сен менинг хирқамни олиб, қирғоққа ташла!” Мурид шундоқ қилди. Тўфон изига қайтди. Шаҳар ҳароб бўлмади. Бул суйган бандасига ўз илоҳий сифатини ато этган Ҳақ таоло инояти, муҳаббати эмасму? Буни хоҳ Хувайдои ишқ денг, хоҳи Раҳмон эгамнинг қудратидан келадиган нури тажалли денг, ўзингизга ҳавола.

Рўзбехон ваъзини тугатиб, хон томонга таъзим қилди. Мударрис ҳам юзига фотиҳа тортиб ўтирди. Шу билан анжуман оёқлади.

Шайбонийхон чап қўлини кўтариб, бармоқларини қарсиллатди. Эшикда донг қотиб турган хос мулозим елиб келиб, хон олдида қўшқўллаб таъзим қилди.

– Айтинг, хазиначини чорласинлар, – деди хон. Зум ўтмай ҳовлиқиб хазинабон кириб келди. Маҳтал бўлиб хоннинг оғзига тикилди.

– Тўртта чопон, бир халта кумуш ақча келтиринг.

Ҳадемай хазиначи етовида икки йигит тўрт зарбоф тўн олиб киришди. Хон ишорасига кўра Шамсиддин Абдулло, Раҳматулло Мажидий, – Шайх Мансурхўжа, Фазлуллоҳ Рўзбехонларнинг елкаларига зарнигор тўн ёпилди.

Масжидда жам бўлган сомеларнинг ҳаммасига ўн донадан кумуш танга тарқатилди. Абдулло Яманий тик турганча дуо қилди:

– Омин! Халладаллоҳу мулкаҳу ва салтаната! Раҳмон эгам олий шон шоҳимизнинг мулкини ва салтанатини боқий қилсун, умрларини узун, мартабаларини фузун айласун, Аллоҳу акбар!

Эл оёққа қалққанда Шайбонийхон бир сўз айтди:

– Шомдин сўғин уламои киром очиқ майдонға келсун, биз аларга Олло таоло ва таборакнинг ғаройиб бир мўъжизасини кўрсатгаймиз.

Халойиқ, ул не мўъжиза бўлди эркан, деб хушхандон тарқалди.

Шом намозидан сўнг мақбара ўнгидаги кенг майдонга элликка яқин халойиқ тўпланди. Хон қирқта мис тос келтиришни буюрди. Тосларни сув билан тўлдирдилар. Ҳаво очиқ эди. Бир замон уфқдан катта лочирадек тўлган ой жамол кўрсатди.

– Осмондаги тўлғон ойга қарасинлар! – деди Шайбонийхон. Барча нигоҳини кўкда ярқираб сузаётган қамарга тикди.

– Ой нечта? – сўради хон.

Чор тарафдан “Битта, хон ҳазратлари!” деган жўровоз эшитилди.

– Энди мана бу жомларга бир боқиб, мушоҳада айланг! – деди хон тосларни кўрсатиб. Халойиқ тосларга назар солдию, бирдан “Мошоллоҳ! Раббим!” деб хитоб қилди. Сув бетида тилла баркашдек бўлиб тўлин ой қалқиб турарди.

– Ой нечта эркан, жаноблар? – Хон кулимсираб сўради.

– Қирқ… қирқта эркан… Во ажаб!

– Боракалло! Ой якка– ю, шуъласи қирқта! Агар чандики, бул ерда тағин қирқ минг жом бўлса, шуъласи қирқ минг бўлғай, юз минг бўлса – юз минг ой жилва қилғай эрди. Бул мўъжизада фақир Халлоқи оламнинг мўъжизасини кўрдим.

Ўшал қамар янглиғ Раҳмон эгам ҳам ёлғиздур. Вале такбир айтиб, шаҳодат келтирган ҳар бир бандасининг кўксига Қозии ҳожот ислом нурини ёғдирғайким, бу зиёни нури тажаллий дерлар. Илоҳий нур эмган юраклар охират яроғини зора дил тумори деб билсалар. Биз бу сўзни “Анал– ҳақ”дан гумонсираб турган ғофилларга ибрат бўлсун, деб айтдик. Вассалом, валлоҳу аълам биссавоб.

Уламолар имом уз–замон Шайбонийхон муқтадолигида хуфтон намозини адо этгали ҳовлига йўл олдилар. Шу билан Қасри орифондаги зиёрат ва анжуман ҳам итмомига етди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации