Электронная библиотека » Саъдулла Сиёев » » онлайн чтение - страница 4

Текст книги "Бепарво бўлмоқчиман"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 21:40


Автор книги: Саъдулла Сиёев


Жанр: Юмор: прочее, Юмор


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 4 (всего у книги 12 страниц)

Шрифт:
- 100% +
ЁВВОЙИ ГУЛИСТОН

Ўтган йили кузда доривор гиёҳлар билан шуғулланадиган олим дўстим билан Зомин тоғларини айлангани бордик. Қир – адирларни беармон кездик. Дўстим ҳар бир гиёҳ олдида тиз чўкар, уларнинг бошини силаб, ҳудди жонли мавжудотдек сўзлашарди.

– Ахир бу сон – саноқсиз ўт – ўланларнинг бағрида қанча сирлар яширин. Фақат уларнинг «юраги»га қўл солиш, яъни «тили»ни топиш керак. Кўкариб яшнаб турган ҳар бир кўкат, албатта, одамнинг бирорта аъзосига фойда келтиради. Афсуски, олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, биз кимёвий дориларга бе-рилиб кетиб, юртимиз далаларидаги шифобахш гиёҳларни унутиб қўйдик.

Дунё тасодифларга тўла экан. Ҳамроҳимнинг куюниб айтган гапи сал вақт ўтмай, исботини топди. Тошкентга қайтишда Самарқанднинг учқур поездига чиқдик. Поездни мақтаганларича бор экан. Вагон чиннидек тоза, оромкурсилар юмшоқ, деразадаги шойи пардалар куз шамолида ҳилпираб ўйнайди.

Вагоннинг икки ерига телевизор ўрнатилган. Дуторчи қизлар халқ лапарларидан айтиб туришибди.

Қўшниларимиз ёш келин – куёв экан. Уларнинг тўрт ёшлар чамасидаги қизлари вагон бўйлаб чопиб юрибди.

– Сарвиноз югурма, йиқиласан, бу ёққа кел! – деб чақирди отаси.

– Қизингизга чиройли исм қўйибсиз, – дедим. – Илоё, бахти бутун бўлсин.

– Раҳмат, – деди куёв. – Бу исмни ўзимиз қўйганмиз. Табиб момосининг оти. Ирим қилганмиз.

– Нима қизингиз кўп касал бўлганми?

– Йўқ, Худо асрасин, ҳалигача яхши юрибди. Бу қизни тилаб олганмиз. Унинг тарихи қизиқ. Айтсам, балки ишонмассиз.

Йигит ҳикоясини бошлади.

– Асли Самарқандликмиз. Ҳозир Тошкентда турамиз. Мен архитекторман, келинингиз ўқитувчи. Биз бир – биримизни обдон синаб, синашиб турмуш қурган эдик. Тақдир ҳам бизнинг сабримизни синаб кўрди. Худо фарзанд бермади. Кўрсатмаган дўхтиримиз, бормаган табибимиз қолмади. Дорилар кор қилмади. Келинингиз елкамга бошини қўйиб йиғлайди. «Мен сизни бахтсиз қилдим, кечиринг» дейди. Уни овутган бўламан. «Сабр қилинг, хоним, биз хурсанд бўладиган кунлар ҳам келиб қолар», дейман.

Бир куни Қўйлиқ бозорига бордик. Келинингиз, «шу бозор арзонроқ, у – бу нарса олиб, айланиб келамиз», деди. Расталарни обдон кездик. Ҳақиқатан, бошқа бозорларга қараганда Қўйлиқ ўт – олов экан. Фарғона водийсидан, Тошкентнинг тоғлик туманларидан сотувчилар кўп келар экан – да бу ерга. Зиравор олмоқчи бўлдик. Бобом раҳматлининг бир гапи ёдимда: «Болам бозорга тушсанг, ранг – рўйи келишган, ёқимтой одамдан нарса ол, ўзи хушрўй кишининг моли ҳам тоза бўлади», дегувчи эди. Мундоқ қарасам, айвон четидаги пештахтада бир хола ўтирибди. Бир қарашда юрагим «жиз» этди, «Ўткан кунлар»даги Кумушнинг онасига ўхшайди. Рўмоли билан устки кийимидан қишлоқдан келганлиги кўриниб турибди. Холанинг олдида беш– олти халта доривор. Зира, зарчава, седана, қора зирк дегандек. Келинингиз бир чимдим зира олиб, ҳидлаб кўра бошлади. Хола эса иккаламизнинг бетимизга синовчан тикилиб турди – ю, дабдурустдан сўраб қолди.

– Турмуш қурганингизга беш – олти йил бўлибди. Нега фарзандларингиз йўқ? Ўзларинг ҳохламаяпсизларми?

Тўғриси, мен шошиб қолдим. Келинингиз Дилдора ялт этиб менга қаради – ю, қизариб кетди. Хола яна бизга бошдан оёқ разм солди, жим қолди.

– Ўқимишли, яхши одамларга ўхшайсизлар, – деди кейин. – Сизларга ёрдам бераман. Зора Худойим, ол қулим, деб ёрлақаса. Менинг тураржойимни ёзиб олинг, қуёв.

Индинга пайшанба куни кутаман.

Кампиршо билан хўшлашиб кетаяпмиз – у, бирбиримизга қараб куламиз.

– Нима бало, башоратчими? – дейман елка қисиб.

– Бўлса бордир, – дейди Дилдора, – ахир тўйимизгача айтиб берди– ку. Биздан нима кетди, бир бориб келайлик. Зора.

– Бу хола ҳам ўша борган табибларингизнинг бири бўлса – чи? Тўрт ҳовуч талқонланган ўт – чўпини бериб, йўлга солса – чи?

– Нима қипти? Баҳонада арчазор тоғларни кўриб, айланиб келамиз. Қишлоғи чиройли ерда бўлса керак.

Унинг кўнгли ярим, деб айтганини қилдим.

Шу пайт Дилдора қизини етаклаб ўрнидан турди.

– Юр, Сарвиноз, биз мультфильм кўрамиз. Амакинглар гаплашиб ўтирсин.

Йигит ҳангомасини давом эттирди:

– Хуллас, кун ўтказиб йўлга тушдик. Холанинг ҳовличаси Чотқол тоғ этагида экан, адашмай топиб бордик. Қишлоқда Сарвиноз табибни танимаган киши йўқ экан.

Хола ҳар хил хушбўй гиёҳлар солиб дамланган чой олиб келди. Бирор соат гурунглашиб ўтирдик. У киши мендан кўра кўпроқ келинингиз билан гаплашди. Авлод – аждодини суриштирди, туғма касалликларидан сўради, томир кўрди, кейин менинг насл – насабимни сўради. Ичида нималарнидир пичирлаб ўқиди, келиннинг кўзига боқди:

– Ўғил хоҳлайсизларми, қизми, келинпошшо? – деди кулиб.

– Қиз – деди Дилдора дарҳол.

– Бизга ўғил ҳам бўлаверади, – деб ҳазиллашдим. Бироқ ҳамон бу ерларда адашиб юрибмиз шекилли, деган гумон кўнглимни ғаш қилиб турарди.

– Бу илми ғайб, – деди кампир. – Нима бўлишини бир Эгамнинг ўзи билади. Сизларга бир фарзанд ато қил деб Яратгандан сўраб кўрайин.

Хола ҳовлисининг тўридан бизга бир хона ажратиб берди. Деразадан қорли тоғлар, арчазор қирлар кўриниб турарди. Биз бу ерда 20 кунча яшашимиз керак экан. Августнинг боши эди, Дилдора таътилда, мен нима қилдим, шунча кун ишхонага нима дейман?

– Отпуска сўранг, – деди Дилдора. – Икки йил бўлди, дам олишга чиқмадингиз. Хотинимни даволатаяпман деб икки оғиз ёлғонлансангиз ҳам розиман.

Аслида Дилдора икковимизнинг даволанаётганимиз рост бўлиб чиқди. Табиб хола ҳар куни турли хил гиёҳлардан дамлама, қайнатма тайёрлаб ичиради. Баъзан аччиқ ё тахир бўлса ҳам, чидайман, кўзимни чирт юмиб ичаман. Келинингиз табибга ихлос қўйган. Нима берса, қайтармайди. Хола икковлашиб, уйга ҳар хил ўт – ўланлардан осиб қўйишган. Саллали, тикнакли, бутоқли, сариқ пистоқи, қирмизи, қора – қўнғир. «Бу тизмагул, мана булар маврак, қариқиз, бангидевона, арслонқуйруқ» деб хола ўнлаб алафларни санай кетди. Кечаю кундуз хонамиздан димоғни чоғ қиладиган муаттар ҳидлар аримайди. Мен хотинга ҳазиллашаман:

– Еганимиз ўт – чўп, ичганимиз нўхат дамламаси. Бунақада ҳадемай маъраб юборсам керак, хоним.

– Сабр қиласиз, хўжайин, – дейди Дилдора. – Аравасига тушдингизми, энди қўшиғини ҳам айтасиз– да?

Хотиннинг кулиб турган кўзларига қараб, киприк қоқаман. Аммо барибир ичимда бу ўт – чўпларнинг кучига ишонгим келмайди. Шаҳарда ҳам гиёҳлардан қилинган дамламаю ичимликлар тўлиб ётибди, ҳар қадамда фитобар. Уйда ҳам деворга сувўтларни ёпиштириб ухласа бўлади. Бу шум кампирнинг муддаоси не экан, билмадим. Бизнинг хотинга ўхшаган соддадил аёлларни лақиллатиб, пулини шилиб олса керак– да.

Ана шундай ҳаёллар билан ўн кун ўтди. Бу орада табиб хола дамламалар турини кўпайтирди, кунига уч маҳал ўрнига беш – олти маҳалга ўтказди. Хонамиздаги чирмовиқ гуллар, шох – бутоқли кўкатлар ҳам тез – тез алмашиб турадиган бўлди.

Икки ҳафта ўтди. Зерика бошладим. Сой бўйига тушаман, қишлоқни кезаман, ўқийман, ухлайман. Унда – мунда расм чизиб турардим. Шу иш берди. Тоғ манзаралари, юз йиллик бобоёнғоқлар, минг йиллик арчазорларни чизиб, кун ўтказдим. Дилдора бўлса, қишлоқ қизи эмасми, холага қарашди, мева– чеваларни офтобга ёйиб қоқи қилишади, эчкиларни боқишади, хола билан дала – даштга бориб, ўзимиз ичадиган дамламаларнинг илдизини териб келади.

Хуллас, йигирма биринчи куни табиб хола бизга оқ фотиҳа берди.

– Шу кун Оллоҳдан сизларга бир қобил фарзанд тиладим. Пирлардан мадад сўрадим. Худонинг қудрати билан яралган мана бу кўкатлар сизларга шифо бўлсин, деб дуо қилдим. Илоё, сизлар муродларингга етинглар, менинг юзим ҳам ёруғ бўлсин!

Холага пул бердим, олмади.

– Менга савоб керак, болам. Савоб пулга чақилмайди. Пулингизни яхши кунларга асраб қўйинг. Худо хоҳласа бир йилдан кейин яна кўришамиз.

Табиб холанинг айтгани келди. Бир йил ўтиб, мана, қизлик бўлдик. ўйлаб ўтирмай исмини Сарвиноз қўйдик. Шу – шу табиб хола билан она – бола тутинганмиз. Сарвиноз қизим, бувижон, деб бўйнига осилганда кўзларимга ёш келади. Оллоҳнинг иноятига, табиатнинг марҳаматига етти ёт бир аёлнинг ҳамиятига донг қоламан. Шукр қиламан…

Келин – куёв ҳайрлашиб жўнашди. Биз бекатга қараб юрдик. Дўстим, мен нима деган эдим, табиатнинг биз кашф қилмаган сир – асрори кўп, дегандек менга мағрур боқиб қўйди. Мен ўша табиатнинг бир мўъжизаси бўлиб дунёга келган кичкина Сарвинозга ҳавас билан тикилиб қолдим.

ЗЕБУНИСОНИНГ БАДИҲАСИ

Бобурийлар сулоласидан етишиб чиққан буюк шоиралардан бири Зебунисобегимдир. Уни шартли равишда Шарқ шеъриятининг маликаси деб атайдилар. Зебунисо Бобур Мирзонинг чевараси бўлмиш Аврангзебнинг эрка қизи эди. Мана, уч юз йилдирки, шоиранинг дилбар ғазаллари кўнгил мулкига ғалаён солса, у битган рисолаю ҳикматлар дониш аҳлини лол қолдириб келади.

Унинг назмий жавохирларини ўзбек тилида ўқишни неча замонлардан бери орзу қилар эдик. Шукурким, қутлуғ армонимиз ушаладиган кунлар яқинлашиб қолган бўлса, ажаб эмас.

Шоиранинг кечмиш умри узун ва қайғули достонни эслатади. Олло Таоло суюкли бандасига нени раво кўрмоқчи бўлса, барчасини Зебунисобегим тимсолида мужассам этганди. У хуснда танҳо, илму ҳикматда якто, назм бўстонида мисоли булбул эди. Замонасининг манаман деган шоирлари ҳам у билан беллаша олмаган. Шоира битган байтлар қаърига яширинган маънолар сирини англаш учун алломаи даврон бўлмоқ лозим. Чархи кажрафторнинг адолатсизлигини қарангки, ана шундай олий фазилатлар соҳибаси бўлмиш Зебунисобегимнинг шахсий ҳаёти кемтик эди. «Менинг эрим ҳам, бахтим ҳам, ҳатто жаннатим ҳам китоб», дея хитоб этган шоира бир умр ўзига муносиб ёр тополмай, дунёдан тоқ ўтди. Зеро, «илон оғзидан шакар, шер кўксидан сут» талаб этадиган Зебунисобегимга ошиқлик даъвосини қилиш учун отнинг калласидек юрак керак эди.

Ривоятга кўра, у ёшлик чоғида Оқилхон Ғозий деган шоиртабиат йигитга кўнгил қўйган экан. Улар гоҳо хуфёна учрашиб, шеърхонлик қилиб турар эканлар, Бир куни учрашувнинг устига шох Аврангзеб келиб қолади. Ошиқ йигит қўрққанидан боғ четидаги дошқозонга тушиб қопқоғини ёпиб олади. Аврангзеб мулозимларини чақириб қозон тагига ўт ёқишни буюради. Хизматкорлар ўчоққа ўт қўядилар. Оқилхон куйиб кул бўлгунча товушини чиқармайди. Ишқ йўлида чин маънода кабобга айланиб ҳалок бўлади. Бу манзарани кузатиб турган Зебунисо минбаъд бировга кўнгил бермасликка онт ичган эмиш.

Яна бир ҳикоят шеърият маликасининг топқирлиги тўғрисида.

Бир куни Зебунисо боғда сайр этиб юрарди. Ям–яшил дарахтлар, алвон гуллар, қумрию булбуллар нағмасидан тилига қуйилиб шеър келди:

 
Чахор чиз ки дил мебарад кадом чахор…
 

Шеърнинг иккинчи сатри «Мадому сабзау оби равону рўйи нигор» бўлиши керак эди. Яъни, тўрт нарса дилимни овлаб, мамнунлик бағишлайди май, сабзалар, оқар сув ва ёр жамоли. Зебунисо энди оғиз жуфтлаганда боғда отаси пайдо бўлди. Аврангзебнинг ўта мутаассиблигини билган қиз қўрққанидан байтини «тузатиб» қайта ўқиди:

 
Чахор чиз ки дил мебарад кадом чахор,
Намозу рўзаю тасбех, дигар истиғфор.
 

Бу – тўрт нарса дилимни овлаб хушнуд этади: намоз, рўза, тасбеҳ ва тавба – тазарру, дегани эди.

Аврангзеб зукко қизининг «шаръий» шеърини маъқуллагандек, бош ирғаб ўтиб кетди.

ҚИРҚ ОШИҚНИНГ КАРОМАТИ

Камина мухбир сифатида руспубликамиздаги деярли барча яйловларни кезиб чиққанман. Нуротанинг серўтлоқ ерлари, Форишнинг ясси қирлари, Қашқадарёнинг шувоққа бой чўллари, чексиз– чегарасиз Томдининг қумга сероб биёбонларини беармон айланганман. Оқ ўтовларда қимиз симириб, товада пишган зоғора нондан тотиб, эчки сутига ивитилган болдай қатиқ ичиб чорвадорларнинг ғаройиб суҳбатларига ошно бўлдим. Азалдан меҳнатни тақдир деб билган бу тўпори, камсуқум, қўли очиқ, сабрбардошли қавмнинг кўнглига йўл тополсангиз, улардан бобомерос расм – русумлар, ирим – чиримлар хусусида кўп ибратли ҳангомалар эшитасиз. Эски дафтарларимда ана шундай ҳангомалар сақланиб қолган экан, уларни сизлар билан баҳам кўргим келди.

Чорвадор аҳлининг эътиқодига кўра, ҳар бир уй ҳайвонини ҳамиша асраб – авайлаб юргувчи қўриқчи, яъни пири комил бўлармиш. Одатда бундай қўриқчилар азиз авлиёлардан деб ҳисобланган. Масалан, йилқининг пири Қамбар ота, қўйники Чўпон ота, қорамолнинг қўриқчиси Занги ота, эчкига эса, Саксак ота посбонлик қилар эмиш. Занги ота ҳақида халқ оғзида кўп ривоятлар юради. У хорзмлик машҳур шайх, шоир Сулаймон Боқирғонийнинг муриди эди. Ҳаким Сулаймон эса, пири Туркистоний, шайхулмашойих Хожа Аҳмад Яссавийнинг ҳалифаси бўлган. Қамбар отани эса, Муҳаммад пайғамбарнинг куёви Ҳазрат Алининг отбоқари бўлган деб нақл қиладилар. Чўпон ота тўғрисида тағин бир гўзал ривоят мавжуд. Чўпон ота Аҳмад Яссавийнинг содиқ муриди экан. Бир куни пири муршид толиби илмлардан бир нечтасини ўтовига тўплабди. Авлиё бобонинг Ҳазрати Мусоникидек сеҳрли хассаси бор экан. У хассани ўтов чанғароғи, яъни туйнугидан ташқарига отибди. «Кимки ўшал асони топиб келса, унга эгалик қилсун», дебди авлиё. Шогирдлар асони излагани ирғиб туришибди. Ёлғиз Чўпон отагина қимирламай ўтирганмиш. Негаки асонинг қаерга бориб тушганини у кўнгил кўзи билан кўриб ўтирган эмиш. Бир неча кундан кейин Чўпон ота юз чақирим ердан ўша хассани топиб келибди ва Яссавийнинг суюкли шогирдига айланибди.

Ана энди чорвадор аҳли кундалик ҳаётида амал қиладиган чора тадбирлар тафсирига ўтсак ҳам бўлади.

Бурунги замонларда чўпон–чўлиқлар уй ҳайвонларини ўз оила аъзоларидек сийлашган. Уларни уриб–сўкмаган, тепмаган. От, туя, сигир каби қорамолни, айниқса етти хазинанинг бири деб тан олинган қўй–эчкини уриб–тепсак, бу жониворларнинг пирлари биздан норози бўлади деб ўйлашган. Чорвадорлар ҳатто сўйилган молнинг бош суягини ҳам оёқости қилишдан қўрққанлар. Уни ё ерга кўмишган ёки этини шилиб дарвоза тепасигами, уйга кираверишгами осиб қўйишган. Чунки бош суякни хор қилган кишининг рўзғоридан барака кетади, деб қаттиқ ишонишган.

Молбоқарларнинг яна бир яхши удуми сут билан боғлиқ. Фаросатли уй бекаси сутни ерга тўкмаган.Чунки биров уни босиб олса ё ит яласа гуноҳ бўлар экан. Шунинг учун бехосдан тўкилган сутни холироқ жойга кўмганлар, сўнг бармоқларини ялаб, ҳар куни ризқ бериб турган яратгандан шафоат тилаганлар. Уй ичидаги катталар болаларни ҳам ёшликдан сутқатиқни увол қилмасликка ўргатишган. Кимда– ким бу неъматларнинг қадрига етмаса, ёмон бўлади, бошқача айтганда оқ уради, деб насиҳат қилишган.

Кеч кузда ёки қиш арафасида туғилган қўзичоқлар кўпинча аёзда қолиб нобуд бўлади. Бундай нохушликнинг олдини олиш учун қўйбоқарлар қўзилатиш мавсумини баҳоргача чўзиш йўлини ўйлаб топганлар. Улар насл берадиган қўчқорлар чотига кигиз халта боғлаб қўйишган. Чорвадорлар тилида бу куяк дейилган. Одатда ирим қилиб, куякни серфарзанд хотин боғлаган. Ёзнинг ўрталаридан то кузнинг охиригача куяк ечилмаган. Куз оёғида қўчқорнинг белидаги куяк ечиб олинган ва қочириш мавсуми бошланган. Куяк ечиш маросими тантанали, кекса чўпонлар иштирокида ўтган. Уй эгаси қўчқорни шохидан ушлаб турган, уй бекаси бисмилло деб кигиз халтани ечган. “Илоё, туёғимиз кўпайсин, совлиқларимизни ўзинг асра, Чўпон ота, эгизимиз мўл бўлсин”, дея ичида дуо ўқиган. Қариялар хонадон эгасига, овулдаги жамики элатнинг чорвасига қутбарака тилаган, оқ фотиҳа берган. Сўнг чўпон қўрадан битта совлиқни тутиб келиб, унинг оғзига бир ховуч тариқ солган. Бу билан, қўзиларинг мана шу тариқдай урчисин, илоё эгизак болаларинг кўпайсин, деб тилак билдирмоқчи бўлган.

Қишин – ёзин кимсасиз саҳрода таёғини судраб юрувчи чорвадор – халқ табобатини яхши билган. Отими, сигири ё қўйими бирон дардга чалинса минг йиллардан бери синовдан ўтган халқона усулда даволаган. Масалан, қўйи қора туйнак (қорин оғриғи) деган касалга йўлиқса, чўпон уни ерга уч марта думалатган ва ичида дуо ўқиб туриб бир ҳовуч қумалоқ билан аста – аста урган. Кейин устидан аччиқ айрон қуйиб учуқлаб ташлаган. Айроннинг қолганини итга берган. Оти ё туяси дард тегиб ётиб қолса уларнинг устидан қуён қонини сепишган. Молимиз оёққа туриб қуёндай югуриб кетсин дея ирим қилишган бўлса керак – да. Баъзи чорвадорларнинг эътиқодига кўра, қорни шишиб ётиб қолган отнинг бош – кўзига янги сўйилган улоқнинг ўпкаси билан урилса даво бўлар эмиш.

Чорвачи халқи қўйнинг ошиғида қорамолни ҳар хил бало – қазодан асрайдиган сирли куч бор деб ишонган. Шунинг учун ўтов эшигига ошиқни шода қилиб илиб қўйганлар. Туя сигир каби уй ҳайвонларининг бўйнида ҳам беш – олти дона маржон – ошиқ осилиб турган.

Ҳикоямизни гўзал бир ривоят билан тугатайлик.

Бир чўпоннинг оқила келини бор экан. Бир куни чўпон бозор – ўчар қилиб келмоқчи бўлиб шаҳарга бормоқчи бўлибди. Келин бир халтачага қўйнинг қирқ ошиғини солибди ва оғзини тугиб қайнотасига берибди.

– Шаҳарга бориб келгунча халтани очманг ота – деб тайинлабди у. Қайнота хўп деб йўлга тушибди. Анча юргач халтани ушлаб кўриб кўнглида қизиқиш уйғонибди. “Келин тушкур бунга нима солди экан бир очиб кўрмайманми?” дебди ичиди. Сўнг аста халтани очибди. Қараса бир ҳовуч ошиқ экан. Чўпон ҳайрон бўлибди. Шу пайт қаёқдандир бир тўда қароқчи от чоптириб келибди. Чўпонни шир яланғоч қилиб ечинтиришибди. Бор – будини тортиб олишибди. Қароқчилар сардори чўпондан сўрабди:

– Хей меъров, ёнингда қирқ қўриқчинг бор эдику, улар қай гўрга гумдон бўлди?

Чўпон нима дейишини билмай анграйиб қолибди. Аслида келин қайнотамга йўлда соқчилик қилсин. деб қирқ ошиқни тугиб берган экан.

Чўпон бир амаллаб уйига етиб келибди. Келин нима воқеа рўй берганини дарров тушунибди. Чўпон эса, қилмишига пушаймон бўлибди ва доно келинига тасанно айтибди.

КУЛЧАНИНГ КАРОМАТИ

Бу ривоятни кўп йиллар бурун Бухоронинг Вобкент туманида бир оқсоқолдан эшитган эдим.

Сомонийлар давридами, қорахонийлар давридами,Бухоронингчеккароғидагибирқишлоқда Фазлиддин исмли йигит яшар экан. Ёшлигида отаси ўтиб кетган, онаси билан торгина ҳовлида туришар экан. Онаси қўни – қўшниларнинг кўрпа – тўшагини қавиб берар ёки урчуқ йигириб, жундан калава қилар, шу йўл билан кун кечиришар экан. Фазлиддиннинг эса гулдек ҳунари бўлиб, у ёғоч устаси экан, у ясаган буюмлар қўлма– қўл бўлиб кетаркан. Бу орада Фазлиддиннинг шуҳрати бутпарастларнинг қулоғига етиб борди. Ўша даврларда Бухорода тарсолар, мажусийлар, бутпарастлар, яхудийлар кўп бўлар экан. Бир куни бутпарастлардан Фазлиддинга элчи келди.

– Бизга турли ҳайвонларнинг ҳайкалчаларини ясаб берсангиз, уста, – деди элчи, – сизни рози қиламиз, ҳақингизни икки карра ошириб тўлаймиз.

Фазлиддин аввалига чўчиди. «Ғайридинларнинг санамини ясаганимни эшитса, подшо соқ қўймаса керак».

Элчи устанинг иккиланганини кўриб ялинди:

– Қўрқманг, иним, бировга билдирмаймиз. Ясалган буюмларни кечаси шабистонда сездирмай олиб кетамиз. Йўқ деманг, жон устажон…

Фазлиддин таваккал қилди. Ахир у болаларга ҳар хил ўйинчоқлар ясаб юрибди– ку, биров кўрса, ана шу ўйинчоқларнинг бири, дейди қўяди. Бир қарич келадиган бузоқча нусхасига фалон танга беришмоқчи. Ҳарна рўзғорга кўмак. Йигит ғайрат билан ишга киришди. Ўн – ўн беш кунда ёғочдан анча – мунча ҳайкалчаю санам тарашлаб ташлади.

Гадонинг душмани гадо, деганлари рост экан. Фазлиддинни кўздай ҳамсояси сотди. У ҳам уста, аммо ноинсофроқ, ношудроқ уста эди. Фазлиддиннинг омади юришиб қолгани унинг уйқусини учирди. Пайт пойлаб юриб, битта бутпарастни қўлга туширди. Бошига одам тўплади. Масжид имомини олиб келди. Кўплашиб подшои аъзамга арзнома битдилар.

Тонг саҳар шох сарбозлари Фазлиддиннинг уйига бостириб киришди ва унинг қўлларини боғлаб, саройга ҳайдаб кетдилар.

– Мушрикларни шерик тутган сенмисан? – деди подшо унга бошдан– оёқ разм солиб.

– Йўқ, аъло ҳазрат! – деди Фазлиддин шохнинг кўзига тик боқиб, – алҳамдулиллоҳ, мусулмонман, ҳақ Мустафонинг умматиман.

– Эса, сен нечун бутпарастларга санам ясаб берасан? Бу – муслим одамга ярашгайму?!

– Мен санам эканлигини билмадим, – ёлғонлади Фазлиддин, – болаларга эрмак, деб ўйлабмен. Бир томони – тирикчилик, аъло ҳазратим.

– Сен ишқи илоҳийни унутиб, ғайридинларнинг бутига кўнгил қўйибсан, бунинг учун калланг кетади, бола!

Фазлиддиннинг жони товонига тушиб кетди. Уни дорга оссалар, онасининг аҳволи не кечади?

– Аъло ҳазрат, менинг кўксимда то абад илоҳий нур порлаб турган, тарсолар, мажусийлар менинг ҳамроҳим эмас. Мен бутларга эмас, ота касбимга кўнгил берганман. Ҳазрат пайқамбаримиз ҳам, косиблар менинг биродаримдир, деб лутф этмишлар. Осий қулингизни афв айланг, давлатпаноҳ…

Фазлиддин беихтиёр тиз чўкди. Подшо бу уста боланинг ёниқ сўзларидан таъсирланди. Косиблар хусусидаги ҳадисни ўйлаб, чимирилди.

– Зиндонга элтинг, бу нобакорни! – амр қилди подшо.

Дор ёғочини кўз олдига келтириб, беҳузур бўлиб турган Фазлиддиннинг танасига яна жон киргандек бўлди.

Зиндоннинг патнисдек кичкина туйнугидан мовий осмонга термулиб ётар экан, Фазлиддиннинг, юраги қон бўлди. Кўзларида халқа– халқа ёш билан мурожаат қилди. Марҳаматингни дариғ тутма, парвардигор, суянганим, ишонганим ўзингсан…»

Йиғлаб – йиғлаб ухлаб қолди. Туш кўрибди. Тепасида бошдан – оёқ оқ либос кийган бир мўйсафид турганмиш. У Фазлиддиннинг бошини силади:

– Ғам ема, эй йигит! – деди у, – Яратган эгам мушкулингни осон қилди. Онанг келганда айт, кўкрак сутини қўшиб, кулча ёпсин, ярмини сен е, ярмини подшога едир. Мўъжизани кейин кўрасан…

Мўйсафид ғойиб бўлди. Фазлиддин, илтижоларим Яратганга етибди, деб шукрона келтирди. Онаси кўргани келганда мўйсафиднинг башоратини айтди.

– Хизр алайҳиссаломни кўрибсан, болам, – деди она. – Шунча йилдан кейин кўкрагимдан сут келармикан, ҳайронман.

– Олло бокарам, эна. Ёлғиз ўғлингизни ўртага қўйиб, бир сўраб кўринг– чи, зора шафоат қилса…

Мўъжиза рўй берди. қуриб қолган кўкракка сут келди. Кулча ҳам ёпилди. Уни қўйнига солиб, Фазлиддин қисматини кутиб ўтирди.

Ниҳоят, подшонинг ҳукми эълон қилинди: шаккок уста дорга осиладиган бўлди. Фазлиддин охирги ўтинчини айтди:

– Мени аъло ҳазрат бирла юзма– юз қилинглар. Унга айтар сўзим бор.

Ўлимга маҳкум этилган кимсанинг ўткинчи вожиб. Фазлиддин тағин шох ҳузурида тикка бўлди.

– Эшитаман, қулоғим сенда, – деди подшо қовоқ уюб.

Фазлиддин қўйнидан онаси ёпган кулчани чиқарди. Уни иккига бўлди.

– Давлатпаноҳ, мана шу нонни татиб кўрсинлар, сўнгра мен дор тагига кетавераман.

Шохнинг кўзларидан ўт чақнади.

– Ўзинг жаҳаннамга кетганинг етмагандай, мени ҳам оёғимдан тортмоқчимисан, аблаҳ! Нонингга заҳар қўшилган бўлса– чи?

– Заҳар қўшилмаган, уни онам ёпган, ҳалол нон. Мана, аввал ўзим еб кўрсатайин.

Фазлиддин кулчани бурдалаб ея бошлади. Яримта нонни еб битирди, лекин унга зиён етмади.

– Тишланг, ҳазратим, – деди уста, – биздек маҳкумнинг сўнгги илтимосини адо этиш сиз учун ҳам фарз, ҳам қарз.

Подшонинг иложи қолмади. У қўрқа– писа кулчани тишлади. Аста кавшашга киришди. Бир бурда егач, подшонинг кўнгли юмшади, сийнасида ловуллаб турган ғазаб ўти сўниб, ўрнини мурувват эгаллади. Подшонинг қўлидаги нонни егиси келар, ҳар луқмадан кейин дили ёришиб, кўнгли шодликка тўлиб бораётгандек эди.

Ниҳоят, иккинчи мўъжиза содир бўлди. Охирги бурдани еб битиргач, подшонинг жисми– жонида Фазлиддинга нисбатан меҳр– шафқат уйғонди. У беихтиёр тахтдан тушиб, Фазлиддиннинг олдига келди. Уни қучоқлаб, йиғлаб юборди:

– Укажоним, мен гумроҳ акангни кечир. Ахир биз оға– инимиз– ку, жоним! Шу пайтгача танимай сенга зулм қилиб келибман. Кечир…

Подшо Фазлиддинни туғишган инисидек эъзозлаб, бир умр ёнида олиб қолди.

Она сутига қорилган кулча ноннинг каромати ана шундай намоён бўлган экан.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации