Текст книги "Бепарво бўлмоқчиман"
Автор книги: Саъдулла Сиёев
Жанр: Юмор: прочее, Юмор
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 12 (всего у книги 12 страниц)
ХОН ЭҲРОМ КИЙДИ
Саккиз йилдирки, Рўзбехон Шайбонийхоннинг дил маҳрами, маслаҳатчиси, шаҳзода Хуррамбекнинг мураббийси. Туркистон диёри унинг кўнглига хуш келди. Туққан юрти Исфаҳонда одам қалин эди, кундуз кунлари бақириқ–чақириқдан, шовқин–сурондан қулоғинг батанг бўларди. Бу ерлар мутлақо ўзгача. Аввало ер кўп. Учи–қири кўринмайдиган, уфққача туташиб кетган дашт, биёбон, чўл… Кейин чор–атроф житжит. Фақат бетўхтов эсгувчи шамол товушини демаса, на–да ҳайқириқ, на–да сайха эшитилади. Рўзбехон бу фараҳбахш осойишта даштга ўзича Сукунат салтанати, дея ном қўйиб олди. Маҳаллий халқнинг ҳаёт тарзи, туриш–турмуши, емиш, либослари, шеваси, расм–русумлари Рўзбехонни ҳайратга соларди. Бу ерда ўғил болалар беш ёшидан камон ушлаб ёй отишни билар, қизлар муштдайлигидан оналари ёнида ўтириб, туя, эчки, қўй жунини титиб, урчуқда ип йигирар экан.
Рўзбехоннингҳайратинитошириб,завқини келтирган нарсалардан бири кўчманчи улуснинг уйлари эди. Чорвадор аҳли кўклам келди дегунча оппоқ ўтовларини катта шотили араваларга ортиб, серўтлоқ яйловлар томон йўл оладилар. Шаҳардан ташқарига чиқиб, қараб турсангиз, бепоён дашт узра гўё кумушранг гумбазлардек бўлиб сирғалиб кетаётган сон– саноқсиз оқ ўтов уйларга кўзингиз тушади. Ёлғиз дашти қипчоққа хос бу ғаройиб манзара Рўзбехоннинг илҳомини келтиради, беихтиёр бир– икки байт битмоқчи бўлиб қўлига хома олади.
Ўзларини ўзбек деб атагувчи бу халқнинг тағин бир хислати – уларнинг шеваси эди. Бу ерликларнинг тилида арабча, форсча иборалар деярли учрамайди. Улар Маҳмуд Қошғарийдан қолган ўша қадим туркий лаҳжада сўзлашадилар. Рўзбехон дашти қипчоқ элининг лафзидаги атамаларни эринмай дафтарига ёзиб борди. Масалан, бу ерда лабни эрин, пойдеворни ул, кафтни олақон, зинани ошқолдоқ, тешани чўт, михни чага, чироқни уш, пайтавани чулғов, ангишвонани ўймоқ, ҳандалакни домча дер эканлар.
Туркистонликларнинг оиладаги муомала санъатини кўриб, Рўзбехоннинг ҳаваси келди. Бу ерликлар уят билан андишани рўзғорнинг зийнати деб санар эканлар. Шунинг учун ёш келинлар тўрт– беш болалик бўлгунларига қадар қайин инилари билан қайин сингилларининг отини айтиб чақирмас, уларнинг юзкўзи, касб– корига қараб лақаб қўйиб олар эканлар. Масалан, бодомқиз, эркақиз, қоракўз, кенжатой, тўра йигит, сулувбека, олтиной ва ҳоказо.
Алқисса, Рўзбехон ўзи учун Туркистон деган азим ва беназир бир мамлакатни кашф этди. Уни иккинчи ватанидек суйиб қолди. Рўзбехон бу элга келиб қадр топди, мол– дунё орттирди. Хон ҳазратларининг дил маҳрами деган шарафли мартабага ноил бўлди. Бунисига шукр қилиб, у Оллоҳ Таолога ҳамду сано айтади. Аммо… ҳануз кўнглининг бир чеккаси ғаш. Юраги недандир безовта. Сабабини билолмайди. Не бу? Туққан юрт соғинчими? Тажарруд1919
Тажарруд – ёлғизлик, оила қурмай дунёдан тоқ ўтиши.
[Закрыть] айлаб дунёдан тоқ ўтиб кетмоқда. Шунинг асоратими? Ва ё кексалик нишонасими? Ҳар қалай, бешинчи мучални оёқлаш арафасида турибди…
Хоннинг хос табиби Абдулаҳад Сиғноқий Рўзбехонга турли дамламалардан ичирди. Фойдаси бўлмади. Юрагининг хуружи босилмади.
– Сизнинг баданингизда иллат йўқ, – деди бир куни табиб, – иллат руҳингизда, жисми жонингизда. Дард берган эгам, шифосини ҳам бергай, иншооллоҳ, мавлоно.
Рўзбехон ўйлаб–ўйлаб, Шайбонийхоннинг ҳузурига кирмоқчи бўлди. Тепасида тилла туғ ҳилпираб турган маҳобатли чодирга бир– икки бориб келди. Хон давлат ишлари билан банд экан, киролмади. Ниҳоят, уни хоннинг ўзи чорлатди. Шайбонийхон унинг заҳил юзига бир қур назар солиб, сўради:
– Мавлоно бугун беҳудроқ кўринурсиз. Не бўлди?
Рўзбехон хаста ҳолидан арз қилди:
– Сиғноқий табиб карам айладилар. Ҳовуч– ҳовуч дармон дори ичдим. Табиб жанобларининг ташҳисларига кўра иллат фақирнинг баданида эмас, жисми жонимизда эмиш. Руҳият…
– Магарким иллат руҳиятда эркан, шифо топилгусидир. Сиз дарҳол отланинг. Яссига бориб, пиримиз, авлиёлар султони Яссавий ҳазратларининг марқабини зиёрат қилинг. Зора пири муршидимиз ёрлақаб шифо топсангиз.
Муҳтарам ўқувчи! Ҳикоямизнинг давомини Рўзбехоннинг ўз сўзлари билан давом эттиришни маъқул кўрдик. “Наврўзи Султонийнинг учинчи куни (1509 йил 19 март) Сиғноқдан Собронга қараб равона бўлдик. Зулҳижжанинг сўнгги куни (мартнинг охири) Собронга етиб келдик. У ораста, ойжамол шаҳар экан. Саҳронинг қўйнида, кафтдек текис ерда барпо этилибдир. Шаҳарга қадам босишингиз билан димоғингиз чоғ бўлади. Ҳавоси тоза, танга роҳат элтади”.
Шундан сўнг муарриҳ яна ўз хасталиги ҳақида гапиради: “Руҳим ва баданимдаги дарддан ҳаргиз фориғ бўлолмадим. Муборак Яссига бориб, қутбул замон Хожа Аҳмад Яссавий пиримнинг пурзиё марқабини тавоф этмагунча бу дард мени чангалидан халос қилмаслигига кўзим етди”.
Қадим Соброн билан Ясси ораси уч – тўрт фарсах (тахминан йигирма чақирим) эди. Рўзбехон Собронда бироз дам олгач, яна йўлга отланади. У ёзади: “Зулҳижжанинг тўртинчисида (1509 йил 26 март) Соброндан азм айлиб чиқдик ва ўшал куни оқшомда Шайхул–машойихнинг турбатини кўзга суртмоқ шарафига ноил бўлдик. Зоҳидларнинг каъбаси, обидларнинг қибласи бўлмиш бу нурли марқаб зиёратидан сўнг кўнгилда хотиржамлик ошён қурди, руҳимдаги эзгинлик ва беҳудликдан асар ҳам қолмади”.
Рўзбехон ўн икки кун пири муршид турбатини кўзига суртиб, мужовир бўлиб ётади. Бирор ҳафтадан сўнг хос маҳрамларини қабатига олиб, Шайбонийхон ҳам етиб келади. Хон гўё Маккаи мукаррама зиёратига келгандай, эҳром кияди, мулозимлари билан “Лаббайка!” деб маҳобатли мақбарани етти марта айланади. Сўнг қибла тарафидаги баланд супага чиқиб ўтиради. Аввал қорилар Қуръони каримни тиловат қиладилар. Кейин шайхул– машойихнинг муридлари жўровоз бўлиб, Яссавий ҳикматларини ўқийдилар. Султон ул–орифиннинг зиёрати зокирларнинг зикри ила якунланади.
Тариқат аҳкомига кўра, Шайбонийхон аркони давлат бирла бир неча кун зиёратгоҳда муқим туради. “Тунги суҳбат чоғида, – деб ёзади Фазлуллоҳ Рўзбехон, –хон жаноблари шайхул–машойихнинг кароматларидан сўзладилар. Чунончи, Ҳазрат Яссавий пирим демишларки, ҳузуримизга тулки бўлиб келганларни (яъни мискин, ғариб кишиларни) шер этажакмиз, ўзини шер чоғлаб келган кимсалар тулкига айлангусидир. Мутакаббурлар ботиний дарддан фориғ бўлиб (яъни кибрдан қутулиб), ҳаққа бир қарич яқин бўлгай”.
Хусусан хон тилидан эшитган ажиб бир каромат Рўзбехонга илоҳий мўъжиза бўлиб туюлади. Бул ривоятнинг мухтасар баёни бундай:
Ҳазрати Султон ҳар жумъа намозидан сўнг жамоатга амри маъруф айтар, бундай мажлисларда муслима аёлларнинг ҳам иштирок этишига ижозат берар эди. Негаки, Шайх “илм олмоқ ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир” деб ҳисобларди. Пири комилнинг бу амали туҳматчиларга қўл келди. Шайхул – машойихнинг юксак мартабасини кўролмайдиган аламзада кимсалар миш – миш тарқатдилар: “Шайх Яссавийнинг мажлисларида заифалар ҳам номаҳрамлар қабатинда ўлтириб ваъз тинглашармиш. Аларнинг ёпинчиқлари йўқ эрмиш, бошлари очиқ – сочиқ эрмиш. Бул амал шариатимизга хилофдир”.
Туркистонлик ғанимларнинг ғийбати Хуросондаги айрим дин пешволарига ҳам ёқиб тушди. Улар Шайхни маломат қилишга ўтдилар.
Ҳазрати Султон туҳматчиларга сабоқ бериб қўймоқчи бўлдилар ва бир куни Жомеъ масжиди олдига халойиқни тўплаб мурожаат қилдилар:
– Балоғат ёшидин то шу кунга қадар ўнг қўли авратига тегмаган киши бўлса, бу ерга чиқcун!
Ҳеч ким қимир этмади. Шайх хитобини яна қайтардилар. Ниҳоят, Шайхнинг содиқ муридларидан Хожа Ато ўртага чиқди. Шайхулмашойихнинг қўлларида мўъжаз бир қутича бор эди. Пири комил қутичани Хожа Атога топшириб тайинладилар:
– Бул омонатни Хуросон ўлкасига элтинг. Аҳли сунна вал– жамоани йиғинг. Аларнинг кўз олдида қутичани очинг. Не каромат кўрсангиз, бизга келиб айтурсиз.
Хожа Ато чўлу биёбонлардан ўтиб, ниҳоят Хуросонга етиб келди. Ҳар тарафга чопарлар юборилди. Туркистон авлиёсидан келган сирли қутини кўргани улкан майдонга гурас–гурас одам тўпланди. Уларнинг орасида Яссавийни маломат қилган дин пешволари ҳам бор эди.
Хожа Ато қутини очди. Қутининг ичида бир тутам пахта, пахтанинг устида эса ёнғоқдек чўғ қип– қизариб турарди. Маломатчилар кўзларига ишонмай қутига қайта–қайта боқдилар. Чўғ бозиллаб иссиқ тарқатиб турар, лекин пахтанинг ҳатто чети ҳам куймаган эди. Одамлар ҳайратдан ёқа ушладилар. Яссавий тарафдорлари шукрона айтиб, пири комил кароматига яна бир карра иймон келтирдилар. Авлиёни бадном қилмоқчи бўлган фитначилар хатоларини англаб, тавба– тазарру қилдилар.
Ривоят айтиб бўлинди, аммо сомелар ҳамон сукут сақлаб ўтирар, гўё Шайхнинг сирли қутиси уларни ҳам сеҳрлаб қўйгандек эди. Ва ниҳоят “Ё раббим! Мошоллоҳ!” деган хитоблар янгради. Хон қўр аҳлига зимдан разм солиб, аста деди:
– Ҳақ Таоло ва таборак, биз сизларнинг амалларингизга эмас, ниятларингизга боқамиз, дея марҳамат қилди. Қутидаги чўғнинг нияти тоза эди, ёвузликдин йироқ эди. Шул боис момиққа тажовуз этишдан тийилди. Чўғни эр киши, момиқни ожиза деб тасаввур қилингу ривоятнинг мағзини чақинг. Валлоҳу аълам биссавоб!
Неча кундирки, Шайбонийхон пири муршиднинг муборак қабри ёнида ўтириб, Қуръон тиловат қилади. Бир куни субҳи содиқ маҳали у “Ёсин” сурасини ўқиб бўлиб, юзига фотиҳа тортди. Сўнг бошини эгиб, сукут сақлади. Дафъатан хоннинг вужудини илоҳий бир нур чулғаб олгандек бўлди. Мажҳул ҳаёллари тарқаб, шуури тиниқлашгандек эди. Кўнглида гўё офтоб чарақлади. Қалбида илҳом жўшди. Тилига ўз–ўзидан қайноқ сатрлар қуйилиб кела бошлади. “Авлиёлар сарвари ул шоҳи Туркистон эмиш”, деб шивирлади хон. Хос хонасига ўтдию хома, қоғоз олиб ёзишга тушди:
Авлиёлар сарвари ул шоҳи Туркистон эмиш,
Ер юзини нури тутқон моҳи Туркистон эмиш.
Йўл ёнғилғонларга дерман боролинг Соброн сари,
Қилма умринг энди зое, роҳи Туркистон эмиш.
Айтайин онинг суйининг васфидин бир шаммаий,
Оби замзамким, деюрлар чоҳи Туркистон эмиш.
Кўнглима келгил, деюрман ул Самарқанд орзулаб,
Билмамишмен, кўнгил дилхоҳи Туркистон эмиш.
Айтайин мен, эй йигитлар, ушбу сирни англангиз,
Сарвар ўлурға лойиқ ер – жоҳи Туркистон эмиш.
Дедилар, қайға борурсен, кўп Самарқандда валий,
Бу Шайбонийхон орзуси – даргоҳи Туркистон эмиш.
Бирор ҳафтадан сўнг Шайбонийхон Сиғноққа қайтди. Уй–уйларига тарқаб, ором олаётган аскарларини тўплаб, Хуросон томонга юриш қилди. Шу кетганича у Туркистонга қайтиб келмади.
КИБРДАН КЕЛГАН ЖАЗО
Шайбонийхон ўрдасига бош бўлиб, Хуросон тарафларга йўл олди. Кўнглида кўпдан бери бир армон яшайди. Салтанатимнинг сарҳадларини кенгайтирсам, мағрибгача бориб, соҳибқирон Амир Темур забт этган ерларни тасарруфимга киритсам, дея орзу қилади.
Бу пайтлар Хуросоннинг ярми, Ироқ, Озарбайжон Шоҳ Исмоил Сафовий қўл остида эди. Исмоил шиалар сардори, такаббур, айёр, ўтакетган мутаассиб бир шахс эди. Суннийларни ўзича ғайридин деб санар, шиа мазҳабига тил теккизганларни аёвсиз қатли ом қилишдан қайтмасди. Филжумла, Шоҳ Исмоил Ҳиротни олганида шаҳар шайхулислом Сайфиддин Аҳмадни ҳузурига чорлади. Жамоат олдида суннийларни лаънатлаб, шиаларни олқишла, деб буюрди. Шайх иймонини ютмади, ўлимдан қўрқмади. Шиаларни, уларнинг сардори Шоҳ Исмоилни лаънатга буркади. Шоҳ ғазабланиб, ўз қўли билан Шайхни кўкрагидан отди, сўнг уламони дарахтга боғлаб, ўт қўйдилар.
Шоҳ Исмоил хуфялари орқали Шайбонийхоннинг қўшин тортиб келаётганини эшитди. Сафовийлар билан Шайбонийхонлар неча йилдирки, ўзаро қаттол рақиб. Шоҳ Исмоил шиалик тариқатини тарқатиш мақсадида Мовароуннаҳр ҳудудига ҳужум қилади, Шайбонийхон эса, “қизилбош”ларнинг расули акрамни маломат қилганини кечиролмайди, имоми замон, ҳалифат–ул раҳмон сифатида суннийлар шарафини ёқлашни фарз деб санайди. Хуллас, ҳар икки тараф ҳам иймон ва эътиқод жангига тайёр эди. Шоҳ Исмоил пухта ҳарбий ҳозирлик кўриб олиш учун имкон қадар тўқнашувни ортга суришни ўйлади. Шу ниятда у Шайбонийхонга сулҳ таклиф қилди. Бир дунё қимматли совға–салом билан хон ҳузурига ўз элчиларини жўнатди. Элчилар Шоҳ Исмоилнинг мактубини Шайбонийхонга топширдилар. Хатда жумладан шундай сўзлар битилган эди: “Кўп замонлардан бери ўртадаги аҳдномага амал қилиб, яхши қўшничилик расмини адо этиб келдик. Кўнгилдаги келишмовчилик чанг–ғубори кўтарилди. Иккала тарафда гина– кудурат қолмади. Магар сиз тарафдан оталик қоидаси мувофиқ кўрилса, биз томондан ҳам фарзандлик йўриғи бажо келтирилгай, иншоолло”.
Шайбонийхон Шоҳ Исмоилнинг маккорлигини хўб биларди. Хон мактубини ўқиб чиқиб, ғижинди: “Ҳийлакор илон! Бизни омий деб ўйлаётир у қизилбош. Илон барибир чақади, фақат заҳрини йиғнаб олмоқчи холос”.
Шайбонийхон жавоб хати ёздириб, элчиларнинг қўлига тутқазди. Хат кибру ҳаво билан битилган эди: “Сен ўзингни кимга тенглаштирмоқчи бўласан? Сен кимуменким,ўйлабкўр!МенЧингизийлар авлодиданман, Султон Абулҳайрхоннинг набирасиман. Ҳар бир киши отасининг ҳунарини қилиши керак. Отанг ким эди, биларсан. Дарвешлар дарвеши, қаландар! Эсингдан чиққан эрса, ота касбингни давом эттир, деб сенга уч нарса юбордим. Кашкул, асо, жанда. Ҳали ҳам кеч эмас, бадъатдан юз ўгир, Ҳақ Мустафо йўлига кир, шунда тангрим гуноҳларингни кечиргай. Оллоҳу акбар!”
Бу мактаб Шайбонийхоннинг биринчи хатоси эди. Негаки, одамизот, мазҳабидан қатъи назар, худонинг бандаси. Оллоҳ Таоло бандаларига қарата, биз сизларни мукаррам қилиб яратдик, дея марҳамат қилган. Бас, насли башар борки, парвардигори олдида бирдек тенг ва масъулдир. У гадоми, шоҳми, фақирми, ғаними бари–бир. Ўз қавмидаги кимсаларни, сен фалончининг фарзандисан, тагинг паст, деб камситиш, буни такаббурона иншо билан тасдиқлаш мусулмончиликшевасигатўғрикелмайди.Кибраслида шайтоннинг юмуши. Қуръони карим “Ер юзида гердайиб юрма” деб огоҳлантиради (“Исро” сураси).
Халқда, аччиқ данак экиб, ширин мева кутма, деган нақл бор. Ҳадемай “салом”га яраша “алик” келди. “Ҳар бир ўғил отасининг ҳунарини қилиши керак, деб даъво суқибсан, – дейилганди Шоҳ Исмоилнинг жавоб хатида, – ундай бўлса, одам алайҳиссаломнинг ҳамма авлодлари пайғамбар бўлишлари керак эди. Валекин, Оллоҳ Таоло суйган бандаларини набий қилиб танлади. Сен Чингизийман, деб керилма. Хон наслидан бўлсанг– да, қиличимизнинг кучини уруш майдонида синашамиз. Оёғим узангида. Сенга дук билан чарх юбордим. Ҳаддинг сиғса, қаршимга чиқ, чиқолмасанг, чархни йигириб ўтиравер”.
Хатни ўқиб Шайбонийхоннинг вужуди ўт ўлиб ёнди, кўзлари қонга тўлди. Шоҳ Исмоил чарх, дук юбориб, уни заифалар қаторига қўшаётган эди. Шайбонийхон қўл остидаги аскарларини жамлаб, зудлик билан жангга тайёргарлик кўра бошлади. Бу маҳал Шоҳ Исмоил салкам ўттиз минглик қўшин билан Марвга етиб келди. Шайбонийхоннинг аскари анча оз эди. Убайдуллахон билан Темур Султон Бухородан йўлга чиққан эди. Хоннинг яқин кишиси Амир Қамбар, уларни кутайлик, ҳар бирида йигирма мингдан сарбоз бор, деб маслаҳат солди. Шайбонийхон кўнмади. Яна кибрга эрк берди. “Бу уруш мол–мулк учун эмас, иймон учун, суннийлар мақоми учун бўлажак”, деб жанг майдонига отланди. Бу – Шайбонийхоннинг иккинчи хатоси эди. Марвдан четроқдаги сайхонликда қаттол олишув бўлди. Ҳар икки тарафдан минглаб одам шаҳид бўлди. Оқибат Шоҳ Исмоил ҳийлага ўтди. У гўё мағлуб бўлгандек, жанг майдонини тарк этди. Аскарларини олиб, изига қайтиб кета бошлади. Шайбонийхон бундан руҳланиб, сафовийларни қувишга тушди. Аммо пистирмага йўлқиди. Шоҳ Исмоилнинг неча минглаб аскари Шайбонийхоннинг ортидан ҳужум қилди. Хон исканжада қолди. Олдинда ҳам, ортда ҳам қизилбошлар бостириб келарди. Алал–оқибат Шайбонийхоннинг ҳамма амирлари ҳалок бўлди. Ўзи жанг қилақила шахид бўлди. Бу фожеа 1510 йилнинг 10 декабрида рўй берди.
Шоҳ Исмоил бир–икки йилгина Мовароуннаҳрга эгалик қилди. 1512 йилда Убайдуллахон уни мамлакатдан ҳайдаб чиқарди ва ҳокимият яна Шайбонийхонлар қўлига ўтди.

ШАЙБОНИЙХОН СОЛНОМАСИ
Машҳур ёзувчи Саъдулла Сиёев ўзининг тарихий мавзуларда ёзган кўплаб асарлари орқали нафақат Ўзбекистон, балки қардош туркий халқлар китобхонларига ҳам жуда яхши таниш бўлган адибларимиздан бири ҳисобланади. Хусусан, ёзувчининг икки китобдан иборат "Аҳмад Яссавий" тарихий романи машҳур бўлиб, асар халқимиз ўртасида қўлма– қўл бўлиб кетган.
Ёзувчининг янги " Дашти Қипчоқ лочини ( Муҳаммад Шайбонийхон қиссаси)" асари ўзбек халқи давлатчилиги тарихида муҳим рол ўйнаган Муҳаммад Шайбонийхон (1451 – 1510) ҳақида бўлиб, у туркий шайбонийлар сулоласи ва давлатининг асосчиси ҳисобланади. Муҳаммад Шайбонийхон ҳақида ҳозиргача ўзбек адабиётида айрим тарихий мавзудаги ҳикояларни мустасно этганда бирорта ҳам қисса ёки роман яратилмаган эди. Адиб С. Сиёев ўзбек адабиётидаги мазкур бўшлиқни тўлдириш учун масъулиятли вазифани ўз зиммасига олиб, жуда катта машаққат ва заҳматлар эвазига мазкур қиссани яратди.
Қисса сюжети Муҳаммад Шайбонийхоннинг ҳаётида содир бўлган жуда муҳим 9 воқеани ўз ичига қамраб олган 9 фаслдан иборат бўлиб, ҳар фаслга муаллиф томонидан ўзига хос сарлавҳа қўйилган. Туркий халқларда 9 рақами муқаддас саналганлиги бежиз эмас. Бизнингча, адиб шу жиҳатларни ҳам назарда тутиб ўз асарини 9 фаслга ажратган.
Тарихий қисса шайбонийлар сулоласи фаолият кўрсатган ХV– ХV1 асрларда ўзбек тарихчилари томонидан яратилган кўплаб тарихий асарлар ("Бобурнома", "Муҳаммад Шайбонийхон", "Меҳмонномайи Бухоро", "Абдулланома" ва б.)ни синчиклаб ўқиш ва ўрганиш, турли китоблардаги маълумотларни ўзаро қиёслаш ва улардан танқидий фойдаланиш натижасида яратилган. Асарни ўқир экансиз, беихтиёр ХУ– ХУ1 асрлардаги тарихий воқеалар ичига ўзингиз тушгандек, ўша воқеаларнинг бевосита иштирокчисига айланиб кетгандек бўласиз. Ёш ва жўмард, бироқ мулоҳазакор ва тажрибали саркарда ҳамда давлат арбоби Муҳаммад Шайбонийхоннинг мураккаб ва зиддиятли фаолияти, фожеий қисмати китобхонни бефарқ қолдирмайди.
Ёзувчи Саъдулла Сиёев таниқли давлат арбоби Шайбонийхон фаолиятини ўзбек адабиётида проза жанрида илк марта ёритиб, ўзига хос жасорат кўрсатди. Турон лочини Шайбонийхон ҳақидаги мазкур қисса ҳам тарихий, ҳам адабий асар сифатида шунинг учун ҳам катта аҳамият касб этади. У бугунги ўзбек халқининг баркамол авлодини Ватанга муҳаббат ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда муҳим рол ўйнайди.
Мазкур қисса Ўзбекистонда тезроқ чоп этилиши ва ўқувчилар қўлига етиб бориши зарур. Шайбонийлар сулоласи, хусусан, Муҳаммад Шайбонийхон ҳақидаги асл ҳақиқатнинг бадиий тасвири бўлган мазкур асар бугунги кунда жуда муҳим бўлиб, мен тарихчи олим сифатида ушбу қиссани нашр этишга тавсия қиламан.
Қ. К. Ражабов, тарих фанлари доктори, профессор.