Электронная библиотека » Саъдулла Сиёев » » онлайн чтение - страница 9

Текст книги "Бепарво бўлмоқчиман"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 21:40


Автор книги: Саъдулла Сиёев


Жанр: Юмор: прочее, Юмор


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 9 (всего у книги 12 страниц)

Шрифт:
- 100% +
ЖАННАТИ МАЪВО САМАРҚАНД

Ҳижрий 908, мелодий 1502 йил. Самарқанд. Сунбула оёқлаган. Табиат мезон қўшиғини куйлаётир. Қўҳна Кўҳак янги Зарафшон бўйларида тароватли бир ҳаёт ҳукм суради. Дарёнинг чап соҳилига бораборгунча ўнлаб ранго– ранг чодирлар тикилган. Ўртада осмон гумбазини эслатувчи улуғвор, мовий чодир. Бу – Шайбонийхоннинг хос оромгоҳи. Уч йилдирки, зебо Самарқанд Шайбонийхоннинг тасарруфида. Уч йилдирки, хон ёзнинг чилласини Зарафшон бўйида ўтказади. Бу йил ҳам у тарки одат қилмади. Бухоро саратон оғушига киргач, чоғроқ лашкари билан Самарқандга етиб келди ва хушҳаво, салқин Кўҳак соҳилини қароргоҳ қилиб танлади.

Хон дарё бўйида уч кун ором олиб, чарчоғини босди. Тўртинчи куни умарою уламони эргаштириб, Самарқанд сари йўналди. Ўнг тарафида ўғли, валиаҳд Темур Султон, укаси Маҳмуд Султоннинг фарзанди, навқирон Убайдулла Султон, содиқ амирлари. Хоннинг чап ёнбошида мақомларига яраша дуогўйи Шамсиддин Абдулло, Сиғноқ қозиси Абдулмутал ҳожи, насафлик қори Раҳматулло, Самарқанд аълами ҳожи Барлос Мажидий, шоири замонлар Муҳаммад Солиҳ ва Биноий Карвон ортида қирққа яқин қўриқчилар бормоқда.

Издиҳом қирни ўрлаб, Сиёбтепага кўтарилди. Хоннинг кўз ўнгида гавҳардек зебо Самарқанд ястаниб ётарди. Хон беихтиёр энтикди. Дилида шукроналик жўш урди. Ҳисор елкасидан қуёш жилмайиб юз кўрсатдию шаҳарни заррин нурларга кўмиб, яшнатиб юборди. Самарқанднинг чиройи янада очилиб, кўркамлашиб кетгандек бўлди. Бу ёрқинлик, бу тароватли жилва хоннинг кўксига кўчди. Кекса қалби ифтихорий бир туйғудан тошиб чайқалди. Тилига қадим аъробий шоирнинг Самарқандни таърифлаб айтган сўзлари келди: ан– нос фи ажр иҳм жинна ва жинна вад– дунё Самарқанд…33
  У дунёда одамлар учун жаннат бор, бу дунёнинг жаннати Самарқанддур.


[Закрыть]

“Ҳа, – деди у ичида, – жаннати маъво Самарқанддур, орий рост”.

Зиёратчилар пастга эндилар. Хон отининг бошини шаҳар кунботаридаги шоҳона қабристон томон бурди. У ерда онаизори Қўзибегим билан иниси Маҳмуд Султоннинг сағанаси бор эди. Хон сағанага бош эгиб кирди. Шамсиддин Абдулло билан Темур Султондан ўзгалари ташқарида қолдилар. Хон овозини пастлатиб Қуръон тиловат қилди. Шамсиддин Абдулло дуога қўл очди.

Қабристондан чекиниб, зиёратчилар Гўри Мир мақбарасига йўл олдилар. Хон Регистонда отдан тушди. Бузрук Амир Темур пойигача пиёда борди. Бу сафар барча сағананинг устки қисмида жам бўлдилар. Хон товушини баралла қўйиб, “Ёсин” сурасини қироат қилди. Сўнг Сиғноқ қозиси, Бухоро шайхур– раиси, Самарқанд аълами ҳам тиловат қилдилар. Дуои фотиҳадан сўнг Шайбонийхон ҳамроҳларига жавоб бериб, сағанада ёлғиз ўзи қолди. Қабр устидаги нодир яшма тошга телмуриб анча ўтирди. Кўнгли бўшашди, кўзлари намланди. Ниҳоят, ўзини тутиб олди.

Дилида ўтли изтироб, тилида ёниқ эҳтирос ила дардини пичирлаб баён қилди: “Эй, етти иқлим ияси, бузрукворим! Икки оғиз айтар сўзим бор. Соҳибқироним! Туроним, дединг, Туркистоним, дединг. Қўлда адолат қиличи бирла ўттиз мамлакатнинг бошини қовуштирдинг. Бул салтанат сенларники, уни кўз қорачиғидек асранглар, деб васият қилдинг. Вале, зурриётларинг васиятингга амал қилмадилар, тузукларингни кўзга илмадилар. Оға–ини тожу тахт деб бирининг қонини тўкди, набиранг падаркушлик қилди. Улар адолат ўрнига адоватни, рўшнолик ўрнига залолатни афзал билдилар. Шу таҳлит сен пойдеворини қурган улуғ иморатни вайронага айлантирдилар. Бу ожиз қулинг, аввало яратганнинг марҳаматига умид боғлаб, ундан сўнг тилда Қуръон, қўлда қилич бирла сендан ёдгор салтанатни тиклашга азму қарор қилдик. Ҳақ Таолога беадад шукурларким, ниятимиз мустажоб бўлиб турибди. Қадим Туроннинг муаззам бир бўлаги тасарруфимизга кирди. Оллоҳнинг лутфу карами ила Туркистон сарҳадларини бундан– да кенгайтириш таважжуси кўнглимизни равшан этиб турибди. Бузрукворим! Илоҳо, марқаблари мушки анбар ила муаттар бўлғай, илоҳо боқий дунёда сизни жаннатнинг тўрида кўргайман, бизни дуо бирла ёрлақанг, сиз буюрган мақомларни тангрим бизга насиб этсун, валлоҳи аълам биссавоб!”

Шайбонийхон юзига фотиҳа тортди, аста туриб, орқаси билан юриб сағанадан чиқиб кетди.

Тунда уйқуси ўчди. Кўнглидан Самарқанд ҳаёли кетмай қолди. Дили потирлади. Шуури ёришди. Қўли ўз– ўзидан хома бирла қоғозга чўзилди. Мизга эгилди. Кўксида тиниқ чашмадек қайнаб турган ҳислари, соғинчлари сатрларга айланиб, оқ қоғоз бетини безай бошлади:

 
Кетмади кўнгилдан ҳеч дийдори Самарқанднинг,
Кўзумдин учар ҳар дам гулзори Самарқанднинг.
Ҳар нечаки шаҳр ўлса, дунёда латиф, аммо,
Барчадин эрур яхши бемори Самарқанднинг .
Ҳақ ўз карами бирла ул элни омон тутсун,
Бўлсун бул жаҳондин йўқ ағёри Самарқанднинг.
Кўпдир Ҳирида, билгил, булбул билан тўти ҳам,
Андалибни уялитти дилдори Самарқанднинг.
Бу шаҳри Ҳири ичра, бир зарра сафо йўқдур,
Жаннат каби хушбўйдур бозори Самарқанднинг.
Қошёси бирла хўбдур, ғамза ўқини отса,
Жон жавшанидин ўтар, ўқлари Самарқанднинг.
Шаббоний тилар ҳардам Бухору Самарқандни,
Тангриси мадад бўлсун, ул ёри Самарқанднинг.
 

Хон дарё бўйида бир ойча турди. Бир ой ичида махсус фармон билан Зарафшон узра маҳобатли кўприк қурилди. Хон кўприкдан биринчи бўлиб ўтди ва отининг бошини она юрти Туркистон сари бурди. Уни Султон– ул орифин, пири комил Ҳожа Аҳмад Яссавий руҳи чорларди.

ҲИРОТ

1506 йилга бориб Мовароуннаҳр деб аталмиш бепоён ва маъмур ўлканинг барча вилоятлари Шайбонийхон тасарруфига ўтди. Бу ёғи Андижон, Фарғона, Тошкент, бу ёғи Туркистон диёри, эндиликда имоми замон, ҳалифат ул– раҳмон деган унвон соҳиби Муҳаммад ибн Будоғхон ибн Абулҳайрхон Шайбонийхоннинг амри маъруфида эди.

Илло, ҳали Шайбонийхоннинг кўнгли тўлмаган эди. У Хуросоннинг гавҳари саналмиш Ҳиротни забт этмагунча иззати нафси қонмаслигини биларди. Шунинг учун фозиллар, уламолар, шоирлар шаҳри бўлмиш Ҳиротни қўлга киритиш ҳақида режа туза бошлади.

1506 йил 5 майда Хуросоннинг якка ҳукмдори Ҳусайн Бойқаро оғир хасталикдан сўнг вафот этди. Тахт учун Бойқаронинг икки ўғли Бадиуззамон билан Музаффар Мирзо жон олиб, жон бериб курашдилар. Мамлакат пароканда бўлди. Бундай вазиятда ташқи рақибларга ем бўлиб кетиш ҳеч гап эмас эди. Уламолар кенгаши тахт вориси сифатида икки шаҳзодага хутба ўқитишни маъқул кўрди. Бу қарор иккала даъвогарни қаноатлантирмади. Тағин ҳаёт–мамот жанги бошланди.

Шайбонийхонқулайфурсатданфойдаланиб қолмоқчи бўлди. У икки шаҳзодага хат ёздириб, элчилар орқали жўнатди. Мактуб мухтасар эди: “Ота–боболаримиз қатли омдин муроса афзалдир, демишлар. Улар бир– бирларига марҳаматли эрдилар. Биз ҳам шул дастурга амал қилсак деган ниятдамиз. Хуросонни бой бердингиз. Минбаъд ақлу дониш ила иш кўринг. Бегуноҳларнинг қонин тўкмаклик ношаръийдир. Қуръони карим сўзини хотирланг. Оллоҳ Таоло, “Сулҳ яхшироқдир” деб иноят қиладур”.

Шайбонийхон “Улар бир–бирига марҳаматли эдилар” деганида олис ўтмишдаги ажиб бир мулоқотга ишора қилган эди. Ҳамон ёдида, ўн олти–ўн етти ёшларда эди. Раҳматли бобоси Абулҳайрхон ажнабий меҳмонларни қабул қилганида ўсмир Муҳаммадни ҳам даргоҳига чорларди. Бир куни Хуросон тахтининг даъвогари Ҳусайн Бойқаро Хоразм вориси Абу Саиднинг таъқибидан қочиб, Дашти қипчоққа, Абулҳайрхон олдига кўмак сўраб келади. Хон ёш шаҳзодани илиқ кутиб олади. Унинг шарафига зиёфат уюштирди. Базм асносида Абулҳайрхон Ҳусайн Мирзодан тобуғ русумини адо этишни сўради. Дашти қипчоқ хонлари урфига кўра, тобуғ – хон олдида тиз чўкиб, садоқат билдиришни англатарди. Бойқаро икки ўт орасида қолади. Хон оёғига йиқилса, ғурури шикаст топади, йиқилмаса, ҳарбий кўмакдан маҳрум бўлади. Базм оёқлай деганда, Бойқаронинг кайфи ошади ва мажбуран хон оёғига мук тушиб, этагини ўпади. Абулҳайрхон кўмаклашувга ваъда беради. Аммо 1469 йили у тўсатдан вафот этиб, Ҳусайн Бойқаро қуруқ қўл билан юртига қайтади.

Элчилар Бадиуззамондан рад жавобини олиб келдилар. “Биз Темурийзодамиз, – дебди ўз мактубида шаҳзода, – сенинг дағдағангдан ҳуркадиган номард йўқ. Қиличимизнинг зарбини соғинган бўлсанг, келабер!”

Шайбонийхон калта кузалган сийрак соқолини силаб, ғижинди: “Борамиз, шаҳзода! Отанг улуғ бобомга томуғ қилган эди, магар қочиб кетмасанг, сен ҳам томуғ айлагани мажбур бўлурсен, иншооллоҳ!”

1506 йилнинг кузида Шайбонийхон Хоразмни эгаллади. Сўнг мағлубият нашъасидан маст бўлиб, отининг бошини Ҳирот сари бурди. Шайбонийхон мулоҳазали, етти ўлчаб бир кесадиган тадбиркор ҳукмдор эди. Бу сафар у Ҳиротга босқин ясашни ният қилмади. Нияти – шунчаки азим шаҳарга элтадиган йўлларни, кўприкларни кўриш, қалъа ва истеҳкомларга разм солиш эди. У озроқ сонли лашкари билан Хуросон ерларига қадам қўйди. “Туркистонлик саҳройилар”нинг Қундуз, Балх каби шаҳарлар атро-фида пайдо бўлганини эшитиб, иккала тахт вориси, уламою умаро безовта бўла бошлади. Улар шошилинч равишда аскар тўплашга киришдилар. Унгача Шайбонийхон бир зарб ила Балх вилоятини қўлга киритди ва маҳаллий халқ кўнглига ваҳима солиб, Самарқандга қайтди. Лашкарга тарқол эълон қилди, эллик– олтмиш минглик ихчам қўшини билан Сарипул, Зарафшон бўйларида қишни ўтказди. Кўклам чирой кўрсатиб, бойчечак очилганда Ҳирот сафарига тайёргарлик кўра бошлади. Андижондан Жонибек Султонни, Ҳисори шодмондан Ҳамза Султонни чақиртирди. Катта қўшин билан Туркистондан Кўчкинчихон етиб келди. Убайдуллахон Бухорода эди, эллик минг кишилик аскари билан амакисини кутиб турарди. Ўғли Темур Султон ёнида, унда ҳам олтмиш минг навкар бор.

Сипоҳилар саф тортди. Шайбонийхон лашкарни кўздан кечириб, кўнгли тўлди. Қиш бўйи уй– уйларида ҳордиқ чиқарган жангчиларининг вақти хуш, отлари ер тепиниб, гижинглаб турибди. Шайбонийхоннинг муқим дуогўйи Шайхулислом Шамсиддин Абдуллоҳ ҳазрат қўл очиб, дуо қилди, хонга музаффарият, душманга забунлик тилади. Шайбонийхон ичида Оллоҳга муножот қилиб, ояти карималардан ўқиди. Икки юз минг кишилик азим лашкар Ҳирот қайдасан, деб йўлга тушди. Манглайда – Убайдуллахон йигитлари, баронғорда (ўнг тарафда) Кўчкунчихон, жавонғорда (сўл тарафда) Жонибек Султон, ғул, яъни қўшин марказида Шайбонийхон билан ўғли Темур Султон,лашкарортидаэсаҲамзаСултоннинг камончилари карвонни кузатиб борарди.

Шайбонийхоннинг отлари чопқир, чигил, қорлуқ, ўғуз, мўғул, қипчоқ каби уруғлардан сайлаб олинган йигитлари ёвқур, мерганликда ҳам, қиличбозликда ҳам камол касб этган жангчилар эди. Лашкар март адоғида йўлга чиққан бўлса, апрель оёғида Ҳирот атрофида пайдо бўлди. Шаҳарни тўрт тарафдан ўраб, қилич яланғочладилар. Шайбонийхон яна бир карра сулҳ таклиф этди. “Бегуноҳларнинг қони тўкилмасин, ихтиёран шаҳарни топшириб чиқинг”, деган мазмунда Бадиуззамонга мактуб йўллади. Бунга қарши шаҳзода жанг камарини белга боғлади. Амир Зуннун Арғунни бош қўмондон этиб тайинлади ва Музаффар Мирзо укаси билан майдонга чиқди. Аммо чор тарафдан мўрмалахдай ёпирилиб келаётган Шайбонийхонлар сиқувига дош беролмай, исканжада қолди. Зуннун Арғун биринчи олишувдаёқ ўлдирилди. Ҳирот ҳимоячилари саросима ичида қолди. Улар бепоён саҳродан бостириб келаётган даҳшатли қуюн қаршисида қолган нозик–ниҳол дарахтларга менгзарди. Бир ҳафтага бориб– бормай, Ҳирот тақдири ҳал бўлди. Бадиуззамоннинг минглаб йигитлари шаҳид кетди, минглагани асир тушди. Ва ниҳоят, Бадиуззамон аҳли аёлини ташлаб Қандаҳорга қочди, иниси, ярим тахт вориси Музаффар Ҳусайн ўз бошини қутқаргани Астробод сари жўнаворди. Шундай қилиб, Шайбонийхон олдида муаззам Ҳирот– Ҳирий дарвозалари ланг очилди.

Шайбонийхоннинг нуқраранг салласида тилла тож–жиға лов–лов ёнади. У оқ бедов отда Ҳиротнинг ҳашаматли, кунгарадор дарвозасига ҳаёлчан термулиб турибди. Ҳирот! Шарқнинг улуғвор зийнати! Хуросон тилла узук бўлса, Ҳирот унинг ёқут кўзи! Ҳирот! Шоирлар шоҳи Мир Алишер Навоий ҳазратлари таваллуд топган муборак маскан! Ҳирот! Фозиллар бешиги, авлиёлар, алломалар макони!

Ҳиротнинг бешта улуғ дарвозаси бор эди: Малик, Қипчоқ, Хуш, Ферузобод, Ироқ. Шайбонийхон ҳозир шимолий дарвоза бўлмиш Қипчоқ қопқаси олдида турар, деразалари ойнабанд қилинган қўшқабатли уйларга завқланиб боқар, дилида бадиҳа– шеър жавлон урарди: қозию қазию қимиз керак, эй аҳли Ҳирий, барчамиз керак…

Шаҳарнинг шимол тарафидан Инжил анҳори оқар, анҳор соҳили Навоий қурдирган иморатлар билан тўла эди. Шайбонийхон уларга шикаст етказмасликни буюрди. Шунингдек Инжил ёқасида Навоийнинг шахсий маблағи эвазига бунёд этилган Халосия деб аталмиш бир гуруҳ иншоотлар ҳам қад ростлаганди. Халосия таркибида шифохона, хонақоҳ, ҳаммом, ғарибғураболар учун бошпана, карвонсарой бор эди. Халосия мажмуаси аҳли мўминнинг маиший аҳволини яхшиласа, Ихлосия мадрасасида толиби илмларга бепул таълим бериларди. Халосияда вазири акбар Мир Алишер кўрсатмасига биноан наврўз кунлари, ҳайит арафасида фуқароларга икки минг пўстин, кўйлакчолвор, кафш, дўппи ва телпак инъом қилинарди.

Халосия ва Ихлосия масжид– мадрасаларидан сал нарида Навоий Шифоия дейиладиган яна бир иморат барпо эттирган эди. Бу ерда йил ўн икки ой бевабечоралар, муолажага муҳтож беморлар текин даволанади. Барча ҳаражатлар қўли қадоқ, усти ямоқ нотавон кимсалар дўсти, ҳомийси ва дуогўйи Мир Алишер ҳазратларининг зиммасида эди.

Бирдан карнай–сурнай, ноғора садолари янгради. Шаҳар аҳли мамлакатнинг янги хўжасини қутлаётган эди. Салдан кейин дарвозада уламою умаро кўринди. Олдинда шайхул ислом Сайфиддин Аҳмад. Унинг қўлида қалъа калитлари терилган улкан тилла баркаш. Шайхул ислом Шайбонийхоннинг рўпарасига келиб, таъзим қилди. Баркашни типирчилаб турган бедовнинг туёқлари остига қўйди. Сўнг уч карра хонга таъзим қилди:

– Юртимизга хуш келибсиз, имоми замонимиз, ҳалифат–ал раҳмонимиз! Улусқа маъмур ҳаёт, мамлакатга файзу барака олиб келганингиз муборак бўлғай!

У четланди. Мулозимлар хонга аталган қимматбаҳо совға–саломларини бирма–бир элтиб, махсус тахтиравонга дасталай бошладилар.

Ўртага Ҳирот қалъасининг доруғаси Шомирзо Кутвол чиқди. У Шайбонийхон отининг узангисини сийпаб, кўзига суртди. Сўнг ўз тилида бидирлади:

– Басари мо хуш омадед, олампаноҳ!

Кутвол “Аз қадами Ҳалифат–ул раҳмон…” деб сўзини давом эттирмоқчи эди, хон қамчи ўқталди.

– Бас қилинг! – деди қаҳрланиб, – сиз, нобакор инсон, Ҳиротнинг нонини ейсиз, сувини ичасиз! Илло туркийча сўзламакни ор билдингизми? Инсоф борму, иймон борму сизда!

Кутвол “Бийз Зуллисонайнмиз, Ҳазрати олийлари”, дея ўзини оқламоқчи бўлди.

– Сизга эртан оқшомгача мухлат, – деди хон ўзини босиб, – Мир Алишернинг бир жуфт туркий ғазалини ёд олиб, ҳузуримга боргайсиз. Кўрайлик– чи, забонингиз туркийда нечук сайрар эркан!

Доруға қўрққанидан икки букилиб қолди.

Қуллуқ маросими ниҳоясига етди. Шайбонийхон атрофига боқди. Ҳали замон Кутволга Мир Алишерни эслатганида ҳаёлига Ҳазратнинг бир байти ярқираб келди:

 
Нафс комига изтироб этма,
Ўзнию мулкни ҳароб этма.
 

Устоз бу каломи ила гўё соҳиби давлатларга васият қилгандек эди.

Шайбонийхон ёнбошига ўгирилиб, “Жонибек Султон, қайдасиз?” деб чорлади. Хоннинг жасур амирларидан саналмиш Жонибек мавқеига қараб, Убайдуллахон, Темур Султонлардан бир– икки қадам орқада турган эди. У отини қичаб хон олдига келди, ирғиб тушиб, қуллуқ бажо келтирди.

– Жонибек, сиз Темур Султон бирла қалъани тозалатинглар. Хазина олиб чиқиб, байтул молга қўшилсин. Уламолар мулкига даҳл қилинмасун. Мискинлар, бенаво қашшоқларга ҳам тегманг. Илло, умарою боёнлар давлатини мусодара этинг.

Шайбонийхон қамчисининг сони билан оппоқ одми салласини тўғрилаб қўйиб, ҳиротлик элчиларга қаради:

– Ҳарам не кўйда эркан, ким айтади?

Оломон ичидан чийиллаган товуш эшитилди:

– Хон ҳазратлари, иккала шаҳзода бош олиб кетганидан берисига ҳарам эгасиз қолди. Маликалару канизаклар қон қақшаб ўтирибди.

Шайбонийхон ёқасини чангаллади:

– Во ажаб! Темурийзодалар аҳли аёлларидан тониб, қочиб қолибдилар–да! Жонондан жон ширин эрканму? Бу не шармандалик!

Хон ўғли Муҳаммад Темурга юзланди:

– Темурбек, ҳарамни шаҳардан работга кўчиринг. Қўриқчилар қўйинг.44
  Музаффар Мирзонинг хотини Қоракўз бегимни Шайбонийхон ўз никоҳига олади. Ҳусайн Байқаронинг аёли, улуғ малика Хадича бегимни хос мулозимларидан бири Мансур бахшига инъом этади. Хадича бахши билан уч кун яшаб, ўлади.


[Закрыть]

Шайбонийхон қароргоҳига қараб кетди. Мўмай ўлжа умидида кўзлари ўйнаб турган навкарлар чигирткадек қадим ва бош шаҳар ичкарисига отил-дилар. Ҳирот етти кун давомида талон–тарож бўлди. Илгари у гуллаб–яшнаб турган безавол азамат дарахтни эслатарди. Энди эса, баргию гулу ғунчаси юлиниб, шоҳ–бутоқларидан айрилгач, саҳродаги қоқ ёғочга ўхшаб қолди.

1507 йилнинг 20 май куни Жоме масжидида Шайбонийхон номига хутба ўқилди. У Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг ягона ҳукмдори деб эълон қилинди.

ТОПАҒОН БЕҲЗОД

Ҳиротнинг олинганига бир ҳафта бўлди. Бир ҳафтадирки, Ҳирот кўчаларини оддий навкардан саводсиз отбоқаргача мўр – малахдай кезиб, қўлга илинган нарсани ташқарига ташийди. Бу қадим ва зебо шаҳарнинг бойлиги, хазинаси беҳисоб экан. Зарнигор хитойи кўзалар, зарбоф тўнлар, тилло қумғонлар, тўп – тўп шойи матолар, қоп– қоп ҳарир ипаклар, исфаҳоний ханжарлар, дамашқ қиличлари, шоший совутлару камонлар, минглаб тулки тумоқ, олтин суви ялатиб ишланган эгар, жабдуқлар – барчаси ўлжа учун махсус тикланган маҳобатли омборхонага олиб келиб таҳланди.

Шайбонийхоннинг хос чодирига ҳам асл ашёлардан намуналар териб қўйилган эди. Хон уларни ошиқмай, беҳафсала кўздан кечирди. Аммо сийму зар буюмлар ортига суяб қўйилган рангдор суратларга боқиб, диққатини жамлади. Бир суратда ов манзараси тасвирланган, яна бирида ошиқ – маъшуқлар васли дарж этилган эди. Ярим газча келадиган ажиб бир сурат анвойи қушлар мажлисига бағишланибди. Хон бир суратни қўлига олди. У эрталабки офтоб нурида ял– ял товланар, кўнгилда завқ уйғотиб, ҳаёлни олиб қочарди. Хон тўртала нақшни дастурхонга келтириб қўйди. Анчагача уларга ҳавасланиб, руҳланиб тикилиб ўтирди. Аслан, хоннинг ўзи ҳам гоҳо қўлига мўйқалам олиб, ҳаёлига келган манзараларни қоғозга тушириб қўяр, мусаввирлик унинг учун кўнгил эрмаги эди. Илло, бу янглиғ юксак маҳорат ва дид ила яратилмиш мўъжизани илк дафъа кўриб туриши. "Ҳа, бу санъат, – деди ичида, – ажаб, мусаввири ким бўлди бунинг? "

У кумуш қўнғироқни чалди. Эшик оғаси кирди.

– Мавлоно Солиҳни чорланг! – деди хон.

Кўп фурсат ўтмай эшикда Муҳаммад Солиҳ кўринди. У таъзим ила келиб, хон ёнида тўхтади.

– Лаббай, ҳазратим!

– Ўтиринг! – деди хон. Солиҳ тўнининг этакларини қайириб чўккалади.

– Бемалолроқ ўтирсинлар, – жилмайди хон, – оёқни тақимга босинг. Гапимиз узун бўлғай.

Солиҳ боғдош қурди. Лаблари ип қочирди, кулимсиради.

– Бўғзингизда сўз қотмиш, ютманг, айтинг, – деди хон хуш оҳангда.

– Ўтмиш ёдимга тушди. Бир куни фазл аҳлининг мажлиси эрди. Устоз Мир Алишернинг оёқлари увишар эрди. Ногоҳон бир оёғини бўшатдилар. Биноийнинг кетига тегди. Устоз лутф қилдилар: "Ажаб замонки, оёқ узатсанг, шоирнинг кетига теккусидур". Биноий дарҳол жавоб берди: "Орий рост, устоз, оёқ йиғилса ҳам шоирнинг кетига теккай".

– Югурик тил – бошга бало, – деди хон ўйчан, – Биноий чеккан азиятларга мана шу югурик тил сабабчи бўлган бўлса, ажабмас.

Хон Муҳаммад Солиҳнинг диққатини олдидаги латиф асарларга тортди.

– Бу нафосатга боқинг, мавлоно Солиҳ! Кўзни севинтириб, руҳингизни яшнатади. Бул сифат дурдонани илоҳий неъмат соҳибигина иншо этмакка қодир. Ажаб, бул нафосатнинг муаллифи ким бўлди экан?

Муҳаммад Солиҳ суратларни таниди. Улар Беҳзод қаламига мансуб бўлиб, Шарофиддин Али Яздийнинг "Зафарнома" асарига, Фариддиддун Атторнинг "Мантиқ ул – тайр" достонига, Навоийнинг "Ҳамса" си ва Саъдийнинг "Гулистон" и га ишланган лавҳалар эди.

– Бул тўртала асарнинг муаллифи Ҳирот сураткашларининг сардори мусаввир Камолиддин Беҳзоддир, ҳазратим, – деди Солиҳ.

Хон сийрак қошларини чимириб, ҳаёлланди.

– Беҳзод, Беҳзод… Бу исмни эшитгандекман. Адашмасам, ул Ҳусайн Бойқаронинг сиймосини ҳам чизган, шундоқми, мавлоно?

– Ҳовва, ҳаққи рост, давлатпаноҳ.

– Хўш, ўшал Беҳзод қайда ҳозир?

– Ҳозир… ул бир тўда уламолар бирла Ҳиротни тарк этиб, Табриз сари равона бўлган, дейдилар.

Бирдан Шайбонийхоннинг авзойи ўзгарди. Оқ – сариқдан келган юзи қирмизи тусга кирди. Оппоқ тиканакдай диккайган мурти асабий учди.

– Қочибдими? – деди хон ва гуё бунга гўё Солиҳ айбдордек, шоирнинг бетига хўмрайиб қаради, – қочиб қайга боради ул гумроҳ? Қизилбошларгами? Топтирамиз. Бизнинг дасти панжимиздан ҳали биров қочиб қутилган эмас.

Шайбонийхон ёвқур саркардалардан бири Жалоллиддин Урусни чорлатди.

– Миржалол, бир тўп ҳиротлик уламо бошпана истаб, Табриз томон йўл олибди. Аларни изига қайтармоқ лозим. Қабатингизга чаққон йигитлардан олинг. Олиму фузало, шоиру ҳофиз, борлиғи Ҳиротга қайтиши даркор. Мусаввир Камолиддин Беҳзодни ҳузуримизда кутамиз. Англадингизму?

Жалолиддин "Амрингиз вожиб бўлғай, хон ҳазратлари, хавотир чекмасинлар!" деб илдам чиқиб кетди.

Қочқинлар Ҳиротдан унчалик олислаб кетмаган, экан, уларни икки кунда қайтариб келдилар. Уламоларнинг бир қисм мол – мулки ўзларига қайтариб берилди. Шайбонийхон Ҳиротдаги бугунги фаровон, осуда ҳаёт давом этишини истарди.

Беҳзод ҳам шогирдлари билан талон – тарож бўлган устахонасига келиб қўнди ва хон билан учрашувга тайёргарлик кўра бошлади. Ҳаммомга борди, соч – соқолини парваришлади, янги либосларини кийди. Пайшанба оқшом элчи келди: хон ҳазратлари даргоҳида кутаётган эмиш. Беҳзод ёнига суюкли шогирди Қосим Али Чеҳракушойни олди, янги чизмаларини ғилофга солди ва "Ё таваккал!" дея элчининг ортидан эргашди.

Инжил дарёсининг соҳилидаги машҳур Чаҳорбоғ. Кун заволга етиш арафасида. Баҳорнинг илиқ нурлари сув узра заррин лавҳалар чизиб, тўлқинлар ичида қувнаб ўйнайди. Шайбонийхон чодирининг ланг очиқ деразасидан боғдаги гулларга маҳлиё бўлиб ўтирибди. Эшик оғаси кириб, мавлоно Беҳзод ташрифидан хабар айтди.

– Кирсун, – деди хон ва бахмал кўрпачага жойлаштириброқ ўтирди. Эшикда Камолиддин Беҳзод кўринди. Ортида ёшгина, хушбичим йигит. Беҳзод остона ҳатладию бир лаҳза тўхтаб қолди. У Шайбонийхонни илк бора кўриб туриши эди. Хон хусусида турли – туман, яхши – ёмон гаплар эшитган. Бу гапларнинг қай бири муболаға, қай бири ҳақиқат – таҳқиқ этиш мушкул. Шу боис, "Аслида сиз кимсиз, Муҳаммад Шайбонийхон?" дегандек, хонга бир қур разм солди. Хоннинг эгнида калта енглари ва ёқаси тилла иплар билан зийнатланган мурсак, бошида оппоқ одми салла. Беҳзод хоннинг қимтинган юпқа лабларига боқиб, ўйланди: "Эрни юпқанинг қаҳри қаттиқ бўлармиш. Наҳотки".

Хон Беҳзоддан хафалигини ҳам, мамнунлигини ҳам сездирмади. Уни бефарқ бир ҳолатда қабул қилди.

– Марҳамат, ўтирсинлар, – деди қўли билан тўрга ишора қилиб. Устозу шогирд таъзим бажо келтириб, чодирнинг ўртароғига, адрас кўрпачага тиз чўкдилар.

– Биз сизни қувғин қилмоғон эрдик, – деди хон совуқ оҳангда, – билъакс, уламолар, шоирлар, ҳаттотлар, мударрислар хуллас, фазлу хислат эгалари Ҳиротда муқим турсинлар, деб фармони олий берган эдик. Бу не густоҳлик, мавлоно Беҳзод?! Саҳрои Ўзбакларнинг зулми қаттол эрмиш, деган гумонга бордиларму? Бизлар киму Ҳирий эли ким? Барчамиз туркийлар, деб аталмиш азим бир дарахтнинг бутоғларимиз. Мирзо Улуғбекнинг қизлари Робия султон бегим шавкатли бобомиз Абулҳайрхон ҳазратнинг шаръий завжаларидур, бизнинг катта момомиздур. Ҳусайн Бойқаронинг эналари ҳам Дашти қипчоқ қавмига туғишган эрмиш. Хўш, сизга не керак тағин?

Беҳзодэгилганбошиникўтаролмай,сукут сақлаганча анча ўтирди. Шайбонийхоннинг "Нега қочдингиз?" деган саволига унинг жавоби тайин эди. Аста бош кўтарди. Хоннинг ўт чақнаб турган қийиқ кўзларига ҳадик ила боқиб, оғиз очди:

– Устозлар йўриғидан чиқолмадик, ҳазратим. Афв этгайсиз… Тўс – тўполон босилгунча бир муддат олисроқ ерда туриб, боз Ҳиротга қайтиш ниятида эрдик. Осийлик қилибмиз, давлатпаноҳ…

Хон ҳамон қаҳридан тушмай сўради:

– Устоз ҳукми аъломи ёхуд шоҳ фармоними?

–Иншооллоҳ, шаҳаншоҳ фармони авлодур, ҳазратим. Илло, бизни тарбиялаб, руҳоният, ижод бўстонига етаклаган устози аввални рози қилмоқ ҳам ҳар бир шогирд учун фарздур. Маликуш – шуаро пиримиз Мир Алишер демишлар:

 
Агар шогирд Шайхулислом, агар қозидур,
Устоз ондин рози эрса, Тангри розидур.
 

Алишер Навоийнинг шоҳона байти Шайбонийхонни андак ҳовуридан туширгандек бўлди. Юзи ёришди.

– Устоз Мир Алишер ҳазратнинг муборак лафзига шак келтиришдин ожизмиз, – деди юмшоқ товушда хон, – устознинг қутлуғ нафаслари боис гуноҳингиздин кечдик.

Беҳзод енгил тортди. Юрак ўйноғи босилгандек бўлди. Аммо ҳануз калласини кўтаролмай, қўлларини қовуштирганча ўтирибди. Хон унга бошдан – оёқ разм солди. Хипча гавда, кулча юз, қошлари пиликдай, соқол – мурти ихчам кузалган хон Беҳзоднинг қоп – қора, йирик кўзларига бир қур нигоҳ ташлади. "Сурат сийратнинг кўзгуси. Бул мусаввир кибру ҳаводин йироқроқ, вале ўз қадрини, мақомини яхши биладиган йигитлар сирасидандур.”

Хон ярим киноя, ярим эътироф оҳангида сўз қотди:

– Мағрур бошларини кўтарсинлар, мавлоно. Сизга кичкина ўтинчимиз бор…

Беҳзод қулоқларига ишонмади. "Ўтинчимиз", дедими? Ҳукмдорлар одатда ўтинч айтмайдилар, улар амр қиладилар. Демак, гуноҳимдан ўтганлиги ростга ўхшайди.” У қаддини ростлади. Қўлларини кўкрагидан бўшатмай, хоннинг кўпчиб турган юзига термулди.

Ниҳоят, хон тилга кирди:

– Адашмасам, сиз Ҳусайн Бойқаро сиймосини дарж этиб, қоғозга туширибсиз. Биз ҳам талабгормиз. Муҳаммад Шайбонийхоннинг сийратини қалам равгига олмоққа хушингиз нечук?

Беҳзод бош эгиб таъзим қилди.

– Ҳалифат ул – раҳмон, имом уз – замон шаҳоншоҳимизнинг муборак сиймоларини зарафшон айлаб, авлодларга етказмоқ бул ҳақир қулингизга шарафи аълодир, ҳазратим…

– Бул ишга нечоғлиқ муддат лозим, ҳафтами, ойми?

Беҳзод бир лаҳза каловланди.

– Ҳазратим, сиз мисоли қуюн янғлиғ от устида элма – эл, юртма – юрт учиб юрасиз. Шаҳаншоҳимнинг зафарнишон сиймоларини тасвирлаб, абадиятга муҳрламоқ учун ҳафталар, эҳтимол ойлар керакдир. Кунига, кун ора ҳазрат хонимнинг турғун, осойишта ҳолатлари даркор бўладир.

– Маъқул – деди хон бош силкиб, – биз сиз учун отдан тушамиз, сизга кўзгу бўламиз. Илло, бундан сўғин биз қай маконга йўл олсак, сиз қабатимизда бўлғайсиз. Ором олиш соатлари ихтиёримиз сизнинг қўлингизда. Хўш бул юмушни эртан бомдоддин сўнг бошласак, не дейсиз?

Беҳзоднинг юраги бир сапчиб тушди. Гап шундаки, у кейинги маҳалда шаробга кўнгил қўйган, кобулий тоза мусалласдан бир кўза, ярим кўза нўш этиб турарди. Оқшомги хумор бости билан тонг чоғи хон олдига келишга чўчиди. Лекин бир баҳона топиш керак эди. Беҳзоднинг зукко ақли бунинг ҳам иложини қилди.

– Шоҳим, сизнинг амрингиз бул фақир учун вожиб, – деди Беҳзод, – илло Шайхурраисимиз Ибн Сино жаноблари айтмишки, саҳар палласи инсоннинг вужуди уйғонади, аммо руҳ ҳали уйқуда бўлади. Чошгоҳга етганда одамзоднинг руҳий қуввати ҳам бор бўйича жамол кўрсатар эмиш. Фақир шаҳаншоҳимизнинг вужудан ва руҳан баркамоллик соатларида тасвирга олсак, деган ниятдамиз.

Беҳзод ўзининг ширакайфлик онларини яшириш учун ўйлаб топган хийласига хон чиппа – чин ишонди.

Беҳзод майхўрликни ташламади. Лекин сири очилишидан қўрқиб, кўзалар сонини камайтирди. Эртасидан бошлаб, Шайбонийхоннинг улкан рангли суратини чизишга киришди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации