Текст книги "Бепарво бўлмоқчиман"
Автор книги: Саъдулла Сиёев
Жанр: Юмор: прочее, Юмор
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 7 (всего у книги 12 страниц)
– Бу ерда… ҳеч вақо йўқ… Топсанг, ўзинг ичиб кетавер, йўловчи…
Бегона кишини кўриб, болакай хиқиллаб йиғлади.
– Бувижон, нон беринг… Қорним очди, – дея қўл чўзди.
– Нон бўлмаса, тошни бераманми?! – деб кампир уришиб берди, – одамни жимгина ўлганига ҳам қўймайсан, а, яшшамагур!
Елисей, у ёқ – бу ёққа аланглади. “Нима гап?” деб сўрамоқчи эди, шу пайт оғир йўталиб, ташқаридан бир чол кирди. У остона хатлайман, деб йиқилиб тушди. ўрнидан турмоқчи бўлиб, бир– икки уринди, туролмади, бўсағада ёнбошлаб қолди. Бегона кишини кўриб, дардини айтди:
– Очлик… Тинкамизни қуритди… Ана, болалар шишиб кетган… Бу лаънати қахатчилик ҳадемай… барчани адойи тамом қилади шекилли…
Қария яна нимадир демоқчи бўлди, аммо тили айланмади. У мажолсизланиб, тўхтаб қолди.
Елисей йўл халтасини очди. Бир бўханка нон олди, уни бир четидан кесди. Бир бўлагини чолга чўзди. Чол, керак эмас, дегандек бош чайқади ва кўзи билан болакайни кўрсатди. Елисей нонни болага берди. Бола Елисейнинг қўлидан бурдани тортиб олиб, бурнига ишқаб ея бошлади. Уни кўриб, стол ортидан бир қиз ҳам чиқиб келди. Елисей унга ҳам нон кесиб берди. Қиз севинганидан йиғлаб юборди. Кампир тамшаниб ўтирибди. Елисей буханканинг ярмини тўғраб, столга уйиб қўйди. Кампир бир бўлак олиб, эринибгина чайнади. Энтикди.
– Қани энди, бир қултумгина сув бўлганда эди, – деди, – нонга тиқилай дедим.
– Қудуқ борми? Қайда у?
– Ҳовлида, – деди кампир, – шундоқ чиқсанг, этакроқда. Ёнида пақири ҳам ётгандир. Кеча сув олиб кирай, деб чиқувдим, ярим йўлда челак ағдарилди, уни қайта кўтаришга холим қолмади. Шу ерда ётганича… ётгандир… Уф…
Елисей ҳовлига чиқиб, сув келтирди. “Нондан олинг”, дея чолга юзланди.
– Йў–қ, – деди қария, – кўнгил овқат тиламайди. Анавилар есин…
Кроватдаги аёл кўзларини очмади. Унга нон бергани биров ўрнидан ҳам қўзғолмади.
Елисей гузарга кирди. Ун, ёғ, туз, нўхат сотиб олди. Уйга чиқиб ўтин ёрди, печга ўт қўйди. Қозон осиб, ёрма бўтқа пиширди. Ҳаммани дастурхонга чақириб ўтқазди, уларни тўйгунча меҳмон қилди.
Қария озгина тамадди қилди, кампир ҳам туз тотган бўлди. Қизалоқ билан болакай бўтқани еб, товани ялаб, қўйишди. Сўнг бир–бирини ачомлаб уйқуга кетдилар. Чол билан кампир надомат ила не бўлганини сўзлаб бердилар.
– Илгари ҳам жа унақа тўқ яшамас эдик. Аммо бултур ҳосил бўлмади. Кейин йиғиб–терганимизни ейишга тушдик. Ётиб еганга тоғ ҳам чидамас экан. Уйдаги ошлиқни еб битирдик. Сўнг қўни–қўшнилардан қарз сўрай бошладик. Олдинига йўқ демай бериб туришди. Бора– бора улар ҳам томизмай қўйишди. Ўзлари егани бир бурда нон тополмаса, бизга нима берарди, дедик. Қарз сўрагани ўзимизнинг ҳам бетимиз қолмади. Ён–атрофдан томоғимизгача қарзга ботганмиз, яна нима деб оғиз очамиз. Мен иш ахтариб кўрдим. Иш йўқ. Кўча–куй тўла ишсиз. Бир кун мардикор бўлсанг, уч кун бекорчисан. Охири кампир билан набирам овлоқроқ ерларга бориб, тиланчилик қиладиган бўлишди. Қўлдан берганга қуш тўймас, гадойхонадаги емиш нима бўларди. Кейин десангиз, одамлар ҳайрэҳсон ҳам қилмай қўйишди, ўзлари оч–наҳор ўтирган бўлса, қандай қилиб бировга садақа берсин.
Хуллас, кунимиз ўтмай қолди. Бир кун қоринни алдасак, уч кун очмиз. Ўт–ўлан териб ейишга тушдик. Биронта заҳарли гиёҳни еб қўйганми, кампир инқиллаб ётиб қолди. Ўрнидан туролмайди. Не илож қилишни билмай, бошим қотди.
– Жонимни ховучлаб ётибман, – деди кампир, – қимирлагани мажолим йўқ. Неча кундирки, оғзим ушоқ кўрмади. Мен–ку, майли, мана бу қизга қийин бўлди. Эти бориб суягига ёпишди. Қақшайди, қалтирайди. Қўшниларга чиқ, бир тишлам нон берар, десам кўнмайди. Тунов куни ён қўшним кирди, қараса, бир уй тўла ночор, оч–юпун одам ётибди. Бетини буриб чиқиб кетди. Эри олисда, болаларига озгина егулик сўрагани кирган шекилли–да. Мана, сиз келгунча азроилнинг эшик қоқишини кутиб ётувдик. Парвардигорим сизни етказди.
Елисей йўлга тушмоқчи бўлиб турган эди, чолкампирнинг хасратини эшитдию фикридан қайтди Саҳар туриб, уй хўжасидек ишга киришиб кетди. Печкага ўт ёқди, ҳамир қоргани кампирга қарашди. Ёнига қизалоқни олдию, ҳовлима–ҳовли юриб, керакли анжомларни сотиб ола бошлади. Уйда на тузукроқ кийим– кечак, на озуқа қолган эди. Елисей барини ғамлади. Шу алфозда бир кун ўтди, икки кун, уч кун… болакайнинг ранги кириб, аста– аста юрадиган бўлди, Елисейни кўрса, этагига суйкалади. Қизалоқ–ку, “Бобожон!” деганча халоскорининг ортида соядек эргашиб юради.
Кампир оёққа турди. Чол ҳам деворга суяниб юрадиган бўлди. Фақат тўрда ётган аёлгина беҳол, бемажол эди. Тўртинчи кун деганда у ҳам, ҳартугул кўзи-ни очди ва заифона “егали… бир нима беринг…” деб тамшанди. “Худога шукур, – деди ўзига Елисей, – шунча вақт бу бечораларнинг жонига оро кирдим. Энди ўзларини эплаб олишар. Йўлимдан қолмай.”
Елисей энди йўлга чиқаман, деганда байрам бўлиб қолди. “Ке, шу кентдагилар билан бирга байрамни ҳам ўтказай, мана бу уйдаги бечораларга ҳайитлик олиб берай, кечга яқин жўнаб кетарман”, деди у. Елисей яна гузарга кирди, сут, оқ ун, дудланган мой сотиб олди. Кампир икковлон қозон қайнатишди, турли хил пишириқ пиширдилар. Елисей саҳар турди, черковга бориб, ибодат қилди, қайтиб келиб, уйдагилар билан байрамни нишонладилар. Чол ҳам оёққа турди, у оппоқ кўйлак кийиб, ясанди, тўрдаги хочга чўқинди, кейин қишлоқдаги заминдор мужикникига қараб кетди. У ўша бой мужикка бултур ўтлоғини ҳам, экин– тикин ерини ҳам гаровга бериб юборган эди. Кузда хирмон кўтарганча ерларимни қайтариб берсанг, деб зорланди. Бироқ бой мужик кўнмади. Аввал пулимни чўз, кейин ерингни оласан, деб тўнғиллади. Чол елкасини қисиб, кўзда ёш билан қайтди. Буни кўриб, Елисей эзилди. “Бу ғариблар энди қандай кун кўради? – деди ичида, – одамлар хадемай пичан ўришга тушади, булар қараб ўтираверади, ҳамма ғалла йиғиштирганда бу нотавонлар томоқларини тақиллатиб қолаверадими? Уларни тағин очлик домига тортиб кетади– ку?”
Елисейнинг боши қотиб қолди. У оқшом йўлга тушмоқчи эди. Эрталабга қолдирди. Тўшагини судраб ҳовлига чиқиб кетди. Калима келтирдию узун тушиб ётди. Ҳаёл олиб қочди. Нима қилса экан– а? Шеригидан айрилди, унинг устига анча– мунча пули ҳам кетди. Бир коса сув ичаман, деб кириб, шунча савдога йўлиқди. Қўлидан келганини қилди. Барибир, ҳамманинг кўнглини олиб бўлмас экан. Лекин… Елисей жўнаб кетса, булар очидан ўлиши аниқ. Гаровга қўйилган ўтлоқ билан томорқа ерни қайтариб олиб бериш керак. Унақа қилай, деса, пулининг баракаси учади. Шундоқ ҳам сармоясининг чўғи қолмади. Эҳ, нима қилсин энди, Елисей Кузьмич, не қилса тўғри бўлади?
Ўйлаб– ўйлаб ухлаб қолди. Туши бўлибди. Тушида у йўлга шай бўлиб турган эмиш: халтаси эгнида, қўлида узун хасса. Энди хўшлашиб йўлга чиқай деса, йўлида катта дарвоза пайдо бўлибди. Дарвоза қия очиқ эмиш. Елисей ёнбошлаб чиқмоқчи бўлибди, лекин халтасининг бир чети эшикка илиниб қолибди, уни тортса, халтанинг иккинчи учи илинибди. Қараса, халтанинг бир четидан уйдаги қизалоқ тортиб турган эмиш. Деразадан эса, чол– кампир мунғайиб қараб турибди экан. Қизалоқ халтани тортиб, “Бобожон, нон беринг, қорним очди”, деб чирқиллар эмиш.
Елисей чўчиб уйғонди. Тонг бўзарибди.
“Бу бир башорат, – деди ўзига– ўзи у, – бу бояқишларга мол– мулкини қайтариб олиб бермасам бўлмайдиганга ўхшайди. Савоб қилсанг – бутун қил, дейдилар. Мен пайғамбарнинг турбатини зиёрат қилиб, кўнглимни хушламоқчиману бу ёқдагиларнинг дили вайрон бўлиб қолаётгани билан ишим йўқ”.
Елисей тўғри ўша судхўр мужикнинг олдига борди. Пулини тўлаб, гаровдаги томорқа билан ўтлоқни сотиб олди. Чол чалғи ўроққача сотиб еган экан. Елисей ўроқни келтириб, уй эгасига топширди. “Сиз далага бориб, ўт ўриб туринг, мен тезда келаман”, деб изига қайтди. Савдогар бойдан от– арава ҳарид қилди, дўконга кириб, бир қоп ун олди. Аравани ҳайдаб тўғри чолнинг дарвозасига келди. Чол тушликка қайтган экан.
– Мана бу от– арава сизга, – деди Елисей, – бир мусофир йўловчидан эсдалик, деб юрарсиз. Арзонроқ учраб қолувди, сотиб олдим.
Чол йиғлаб юборди. Довдираб кўзда ёш билан Елисейни дуо қилди. Кеч кирди. Елисей халтаси билан таёғини бошига қўйиб ётиб ухлади. Саҳар мардонда уйғонди. Уй эгаларини безовта қилмади. Секин халтасини елкасига ташладию, “Қайдасан, Ефим ошнам?” деб йўлга тушди. Беш чақиримча юриб, тўхтади. Бир дарахт остига ўтирди ва халтасини ечиб, пулини санади. Ўн етти сўм йигирма тийин қолибди. “Бу ақча билан Қуддуси шарифга эмас, денгизнинг ўртасига ҳам етиб бўлмайди, – ўйланди у, – Ефим ошнам борса кифоя. У иккаламиз учун пайғамбар турбатини тавоф қилар. Бизни маъзур тутсинлар, қарз қиёматга қолди”.
Елисей ўрнидан турди ва уйига қараб равона бўлди. Бу сафар ўша ўзи тунаган овулга атайлаб кирмади, уни айланиб ўтди. Одамларнинг кўнглига келмасин, деди. Қадамини катта–катта ташлаб, хонадони сари жўнади. Бу ёққа келишда андак қийналган, ҳатто чарчоқ ҳам сезган эди. Уйига қайтишда кўнгли сайраб турибди. Хассасини ўйнатиб, лабида хиргойи билан кетиб бораяпти. Энг яқин йўл – бу уйингга олиб борадиган йўлдир, деб бурунгилар рост айтган эди. Елисей шитоб билан юриб, бир неча кундаёқ уйига кириб борди.
Уйдагилар унинг омон–эсон қайтганига аввал хурсанд бўлишди. Кейин ажабландилар. Бир йилга, деб хўшлашиб кетган одам нега ўн–ўн беш кунда келиб қолди экан? Бу сўроққа Елисейнинг жавоби тайёр эди. У, ўнг қўлинг қилган ишни чап қўлинг билмасин, деган ақидага риоя қиларди. Шунинг учун йўлда бир уйга кириб, уй тўла оч–касалманд бечораларнинг дардига дармон бўлганини айтишни истамади.
– Бизга зиёрат насиб этмади, – деди гўёки афсус билан, – йўлда шеригимдан айрилиб қолдим. Унинг устига пулимни ҳам тушириб қўйибман. Тақдир эканда…
Қишлоқ аҳли шундай эсли–ҳушли, саранжом кишининг пул йўқотиб, йўлдошидан айрилганига ишонмагандек, ҳайрон бўлди. Елисей эса, дарҳол рўзғорни яна қўлга олди. Ўзи йўғида ҳам уй ичи осуда, саришта экан. Энди тағин уни бутлай бошлади. Ўғли билан қишга ўтин ғамлади, ғаллани янчиб олди, кейин ўтириб, ёғоч кавуш ясашга киришди.
Ҳа, айтганча, “Бизнинг чолни қайга ташлаб келдингиз, тоға?” деб Ефим ошнасининг болалари йўқлаб киришди. Елисей кулмай–ёнмай, тўғрисини айтди:
– Отангиз елоёқ экан. Юрганда одамни етказмайди. Бир жойга кириб, сув ичиб чиққунимча олислаб кетиб қолибди. Қувиб етолмадим. Кейин, мана бунақа, қўлим калта бўлиб, изимга қайта қолдим. Ҳозир у денгизга тушиб, сузиб кетаётган бўлса, ажаб эмас.
Ефимнинг фарзандлари, ҳайрият, деб енгил нафас олишди.
Ефим куни бўйи қўшнисини кутиб ўтирди. Елисейдан дарак бўлмади. Бироз юрадию, ерга ўтиради, ён– атрофига аланглаб, биродарини ахтаради. Унинг қораси кўринмайди. Тўрт томон бийдай чўл. Қилт этган жон дарров кўзга ташланиши керак эди, бироқ Елисейдан ном–нишон йўқ. Ефим кутиб–кутиб, бир дарахтнинг остида ухлаб қолди. Уйғониб, ён–верига боқди – Елисей кўринмади. Ухлаб ётганимда ўтиб кетганмикан, деб шитоб билан олға юрди. Атрофда одам боласи кўзга чалинмайди. Кеч кирди. Энди бир қўналға топай, деб Ефим яқин ердаги қишлоқ сари бурилди. Қишлоқ оқсоқолига, бир йўловчи келса, айт, менга учрашсин, деб тайинладию, халтасини бошига ёстиқ қилиб, уйқуга кетди.
Тонг отди, кун чиқди, лекин Елисей келмади. Ефим таваккал қилиб, йўлга тушди. “Мендан ўзиб кетган бўлса, бир йўла Одессада, кемада топишармиз”, деб кетаверди. Аммо, шу бўйи Ефим ҳамроҳини тополмади. У Байтул муқаддасга етиб борди. Елисей у ерда ҳам йўқ эди.
Ефим Исо масих хок–пойини тавоф қилди. Сўнгра, эл қатори, ҳар куни ибодатхонага бориб, яратгандан мағфират тилади, бу дунёда қилган гуноҳларини кечиришини сўради. Ана шундай кунларнинг бирида ақл бовар қилмайдиган ҳодиса юз берди. Ефим ибодатхонада Елисей ошнасини кўриб қолди! Ефим ибодатхонанинг ўртароғида туриб, пичирлаб калима келтирарди. Бирдан Елисейга кўзи тушиб қолса бўладими? У меҳробга яқин ерда турар, аввал Исо Масих руҳига таъзим қилар, сўнг аввал ўнг тарафига, кейин чап тарафига эгилиб салом берарди! Ефим аввалига, бу Елисей эмасдир, ахир одам–одамга ўхшайди–да, деб қўя қолмоқчи бўлди. Қараса, меҳроб олдидаги киши худди Елисейнинг ўзи. Ярим тақир боши ҳам, жингалак соқолию, чаккаларидаги оқара бошлаган мўйлари ҳам ўзиники! Қирқ йиллик қадрдонини танимай ўлибдими? Бу ўша, ўзи билган Елисей!
Ефим чиқаверишда пойлаб турди. Бироқ Елисейни тутолмади.
Эртасига у ибодатхонага вақтлироқ борди– ю, меҳробга яқинлаб турди. Яратганга муножот янгради. Ефим одамларга жўровоз бўлди. Бир кўзи меҳроб томонда. Ё раззоқ! Шу пайт лоп этиб яна Елисей пайдо бўлди! У шундоққина Исо масих қабри ўнгида туриб, ибодат қилар эди. Ефим оломонни тирсаклаб олдинга интилди. Бироқ у меҳробга етгунча Елисей кўздан ғойиб бўлди.
Ефим уч кунгача дўстини муборак турбат олдида кўрди, лекин бирон марта унинг қўлини ололмади. Кўчада пойлади, йўлакда, черковда пойлади – Елисей тутқич бермади. “Бу яратганнинг иродаси экан, на илож”, деди Ефим ва тақдирга тан берди.
У Байтул муқаддасда қирқ кун бўлиб, изига қайтди.
Ефим йўл юрса ҳам мўл юриб, алал– оқибат бир овулга кириб келди. Бу ўтган йили Елисей қолиб кетган кент эди. Ефим энди кўчага бош суққан эди, бир дарвозадан ёшгина қиз югуриб чиқди.
– Келинг, бобожон! – деди у эски танишдек, – бизникига киринг, меҳмон бўлиб кетасиз.
Ефим тайсаллади. Қиз унинг этагига ёпишди:
– Юра қолинг, бобожон! Чой ичиб дам олиб кетасиз. Хўпми?
Ефим ноилож қолди: “Кирсам кира қолай. Елисейни ҳам сўраб оламан. Эҳтимол у ўтган йили шу уйдан сув ичиб кетгандир”.
Ҳовлига кириши билан Ефимни хуш– хандон қаршиладилар. Бултур тўшакда михланиб ётган жувон югургилаб келиб, Ефимнинг халтасини олди, ўзини стулга ўтқазиб, дарров чой қуйиб берди, олдига сомса қўйди.
– Бир мусофирга шунчалик иззат–ҳурмат, – деди Ефим суюниб, – сизларни худо ёрлақасин.
– Биз мусофирларни бошга кўтарсак арзийди, – деди аёл, – агарда ўша сувсаган амаки бўлмаганда шу пайтгача баримиз қирилиб кетардик. Худонинг суйган бандаси экан ўзиям. Бир чўмич сув беринг, деб уйга кирдию холимизни кўриб, кетолмай қолди. Ҳаммамиз тўшакда ётибмиз, денг. Бетобмиз. Унинг устига очмиз. Қимирлагани мажолимиз йўқ. Ўша мусофир егулик олиб берди, бизни неча кун боқиб, оёққа турқазди. Ночорликдан дадам ўтлоқ билан ҳайдов еримизни гаровга қўйган эди. Мусофир амаки ўша мулкимизнинг товонини тўлаб, ўзимизга олиб берди. Устига устак битта от– арава ҳам совға қилса, бўладими? Бундай яхшиликни хеч кимга ота– онаси ҳам қилмайди. Барака топсин!
– Ҳа, шуни айт! – деб, келинини қувватлади кампир, – худди осмондан тушган фариштадай бирдан пайдо бўлдию шунча яхшиликни қилиб, яна тасодифан ғойиб бўлди. Мана, энди кимнинг ҳаққига дуо қилишни ҳам билмай ўтирибмиз, меҳмонжон!
Елисейнинг шу хонадонда бўлиб, мана бу нотавонларга меҳр кўргазганига Ефимнинг гумони қолмади. Ўша куни уй эгалари қуюқ меҳмон қилишди ва ётиб кетасиз, деб олиб қолишди. Ефим қўлларини ёстиқ қилиб, осмонга қараб ётибди. Уни ҳаёл олиб қочди. “Мен шунча йўл босиб, шунча пул сарфлаб Байтул эхзанга бориб келдим. Исо Масих қабри ўнгида туриб, парвардигордан шафоат тиладим, ўзинг қўлла, деб илтижо қилдим. Менинг дуоларим мустажоб бўлдими, йўқми, билмайман. Аммо Елисейнинг тилаги қабул бўлибди. Буни кўзим билан кўрдим. Ахир уни уч карра Исо турбати ёнида, меҳроб олдида учратдим– ку! Ҳажга етолмаса–да, ҳажи қабул бўлибди унинг. Э, поки парвардигор, ўзингдан ўзга меҳрибоним йўқ…”
Ефим саҳар туриб жўнади ва неча кун тинмай йўл босиб, туққан уйига кириб келди.
Ефим омон–эсон уйига қайтдию рўзғорнинг аҳволини кўриб, кўнгли ғаш тортди. Ишлар ўлдажўлда, ҳовли бетартиб, ҳамма нарса ўз холига ташлаб қўйилган эди. Ёлғиз ўғли қўлини иссиқ сувга урмай, қовоқхонада маишат қилиб юрган эмиш. Ефим куйдиёнди, ўғлини чақириб тергади. У маҳмадоналик қилавергач, бир–икки тарсаки ҳам туширди.
Эртасига эрта билан Ефим қишлоқ бўлисининг олдига кетаётиб, Елисейнинг эшигида унинг кампирини кўриб қолди.
– Қўшнижон, зиёратлар қабул, – деди кампир, – яхши бориб келдингизми?
– Қуллуқ, – деди бош эгиб Ефим, – ўзларингиз қалайсизлар? Ошнам ярим йўлдан қайтибди, деб эшитдим. Шу ростми?
– Рост, ҳаққи рост! – деди яйраб кампиршо, – ўзимиз ҳам ўлгудай соғиниб ўтирган эдик, лоп этиб кириб келса бўладими? Бирам суюндик, бирам суюндик, асти қўяверасиз. Тўғри, у кишимдан уйга кўп ҳам фойда йўқ, шундоқ бўлса–да, бақироқ туянинг бори яхши, дейишади– ку? Яратганга шукур, бошсиз танадек эдик, бағримиз тўлиб қолди…
Ефим қараса, ҳали–бери кампирнинг жағи ёпилмайдиган. Унинг сўзини бўлди:
– Елисей уйдами?
– Уйда, қўшнижон, уйда. Қани, киринг, жўрангизни кўриб ўтасиз.
Ефим остона хатлади. Ҳовлида ўша ўзи билган бултурги Елисей турарди. Бошяланг, юзида ниқоби ҳам йўқ, асалари қутиларини ковлаб, ненидир ахтарарди.
– Салом, жўра!
Елисей ўгирилди. Ефимни кўриб қувониб кетди.
– Э, ошна, келсинлар! –деб қучоқ очди, қадамларингга хасанот! Қалай, оғринмай бориб келдингми, жўражон?
– Ким билади, – деди ҳаёли паришон Ефим, – оёғим бориб келди, кўнглимни билмадим…
– Худо ёрлақасин, оғайни, ишқилиб чеккан азобларинг зое кетмаган бўлсин. Қани, ичкари кир, асалхўрлик қиламиз.
Ефим Қуддусдан қайтишда Елисей яшаган хонадонда тунаганини, уларнинг омон– эсонлигини айтиб, энди оғиз очган эди, Елисей гапни бошқа ёққа бурди. У қилган савоб ишимдан кўпчилик хабар топмасин, акс ҳолда ҳиммат миннатга айланади, дея хавотирда эди.
– Э, йўлдаги гапларни қўй, ошна, ке, ундан кўра эртаги шудгордан гурунглашайлик.
Ефим ошнасининг ўз қилмишидан хижолат чекаётганини сезди. Хўрсинди. Унга ҳаваси келди. Бир нарсани англади. Савоб қилишнинг йўли кўп экан. Бунинг учун дунёнинг у четига бориш шарт эмас экан. Халлоқи олам ҳайрли юмуш қиламан, деган одамга барча эшикларни очиб қўяр эмиш…

ДАШТИ ҚИПЧОҚ ЛОЧИНИ
ЁХУД
МУҲАММАД ШАЙБОНИХОН
ҚИССАСИ


Шайбонийхоннинг Камолиддин Беҳзод томонидан ишланган сурати.
МЕНИНГ ИСМИМ ШОҲБАХТ!
Бухоро. Лаби ҳовуз яқинидаги чоғроққина хонадон. Ҳовлига кираверишдаги кичкина хужрада ўн беш – ўн олти ёшлардаги дуркун болакай олдидаги лавхга эгилганча қуръон тиловат қилиб ўтирибди. У қийиқ кўзларини юмиб, оятларни ичида қайта– қайта такрорлади. Сўнг мусхабни ёпиб, кўзларига суртдида, тўрдаги токчага олиб қўйди. Керишиб, хомуза тортди. Келинпатнисдек мўъжаз деразадан ҳовлига боқди. Азим балхтут роса пишибди. Навдаларда бош бармоқдай мевалар ялтирайди. Таги ҳам оппоқ, сарғиш доналарга тўлиб ётибди. Болакай бир – бирига ҳезланиб тут талашаётган жайдари чумчуқ билан маккаимусичагақарабкулибқўйди.“Байни одамларнинг ўзи,– деб ҳаёлланди, – шунча меванинг устида турсалар–да кўзлари тўймайди, бир – биридан қизғанишини кўринг! Ахир бу тутни бутун бир боғнинг қушлари ҳам еб адо қилолмайди– ку? Ё ажаб! ”
Ҳаёл билан бўлиб, устозининг кирганини сезмабди. “Иҳм!” деган калта йўталдан кейин ўзига келди. Остонада чинордек бўлиб, устоз турибди. Болакай таъзим қилди. Устоз тўрга ўтирди. Юзига фотиҳа тортди. Сўнгра муртидан кулиб, сўради:
– Хўш, нечуксиз, шаҳзодам?
Болакай чўккалаб, қуллуқ қилди.
– Азбарои жанобларининг марҳаматидан кўнгил чароғон, устоз. Алҳамдулиллоҳ!
Муҳтарам ўқувчи! Сизни “Нотаниш ўсмир киму устози аввал ким бўлибди?” деган сўроқлардан халос этиш фурсати етди, шекилли. Қуббатул ислом аталмуш Бухорои шарифга мажбурий – ихтиёрий суратда келиб ўрнашган бу йигитча кўчманчи ўзбеклар давлатининг асосчиси Абулҳайрхоннинг набираси Абулфатх Муҳаммад, яъни бўлажак Шайбонийхондир. Муҳаммад ўн тўрт ёшга тўлар тўлмас отасидан айрилди. Кейин онаси Оқкўзибегим дунёдан кўз юмди. Ҳали улуғ бобоси Абулҳайрхон ҳаёт эди. Шунинг учун Муҳаммад ҳам, иниси Султон Маҳмуд ҳам ғариблик даштида саргардон бўлмадилар. Уларни падари Шохбудоғнинг содиқ хизматкори Қорачабек бағрига олди. Уйининг тўрига ўтказди, фарзандларидан кам кўрмай тарбия қилди.
1468 йилда Абулҳайрхон ҳам фоний дунёдан боқий дунёга равона бўлди. Энди етимларга Мазид тархон ҳомийлик қила бошлади. У Темурийлардан эди. Абулҳайрхон қайнотаси бўлмиш Мирзо Улуғбекка ҳурмат юзасидан Мазид Тархонга Туркистон ва Ўтрор шаҳарларининг беклигини инъом қилган эди. Ака – укалар бир муддатгача тархоннинг Ўтрордаги қўрғонида яшадилар. Кунлардан бир кун унинг хос мулозими хожасининг қулоғига шивирлади:
– Бек оға, сиз кўнгли дарёдек улуғ бир зотсиз. Аммо, бул етим болаларни қанотингиз остига олиб ўзингизга савдо орттирмадингизми деган хавотирдамен…
Мазид мулозимга гумонсираб боқди.
– Қандайчин савдо? Наҳот бу етимлар тузлуғимга тупурса? Аларни нонкўр деб ўйлайдиларми?
– Бир кун келиб, шаксиз тупурадилар. Етим қўзи асрасанг, оғзи бурнинг мой этар, етим бола асрасанг … У ёғи ўзларига аён, бек оға. Хусусан, улкан ўғлоннинг дийдаси қаттиқ Анинг от чопишини кўрсангиз, ўқ отишини кўрсангиз, оға. Мерганликни ҳавасини олибди, баттол! Эгар устида тик туриб, осмондаги қушни отиб туширди. Ҳали – ҳозирча у бола темирқанот, улғайса, маъзур тутинг, сизнинг ўрнингизга ҳам кўз тикиши турган гап. Бургутга айланиб, жигарингизни чўқимасин, дейман– да, бек оға…
Мазид тархон энсасини қашлаб ўйланиб қолди. “Раҳматлик Султон биздан мурувватини дариғ тутмоғон эрди. Икки муқаддас шаҳарнинг беклигини қўшқўллаб ҳадя қилди. Энди мен Абдулҳайрхоннинг икки етим набирасини ҳайдаб солсам, хон ҳазратнинг арвоҳлари чирқирамайдиму? Ҳақ таолонинг олдида гуноҳкор бўлмайманму? Хўш, Сотимхўжанинг хавотири ўринлими? Наҳот оға ини улғайиб нонкўрлик қилса? Аларнинг бир кун қилич қайраб, менга таҳдид қилишларига ақлим бовар қилмайдир.
Раззоқ эгам, ўзингсабр бер, кўнглимдаги гумонларни ҳайда, ёлғиз сенга суяндим…”
Бир – биридан йироқдаги икки шаҳарни идора этаман деб, суяги сирқираб юрган Мазид Тархон гўё икки фариштанинг исканжасида қолди. Шайтон гуноҳ сари судрайди, рахмон инсофу диёнатга чорлайди. Тархон ўйланди. Аммо бу мушкулотни ақли расо иймонли бир зотнинг маслаҳатларисиз бир ўзи ечолмаслигига кўзи етди. Илло қани ул одил ҳакам, уни қандай топади? Мазид ўзи билган, танийдиган уламою умарони ҳаёлан тафтиш қилди. Бирдан кўз ўнгида Оқпўш ота намоён бўлди. У саксонларга борган, тарки дунё қилиб, Ўтрорнинг бир четидаги хонақоҳда зохидона кун, кечирадиган авлиё сифат қария эди. Асли зоти пири бузруквор Арслонбоб отага бориб уланарди. Мазид саҳарлаб, бир хуржун емиш олдию, саман отда хонақоҳга етиб борди. Оқпўш ота икки қалъа ҳокимини кўриб, ўрнидан ҳам турмади. Зеро ҳукмдорлар олдида тик туриб, уларга қуллуқ қилиш сўфийлар ақидасига хилоф эди.
– Бомдоддан берисига кутаман сени, – деди Оқпўш ота ерга қараб, – уч кундирки, ичингга чироқ ёқса ёримайди. Икки ўт орасида қоврилиб юрибсан. Гапир!
Ҳоким дардини айтди. Оқпўш ота гапни қисқа қилди:
– Сотимхўжа сенга дўст эмас. Қўйнингдаги илон асли ўша лаънати Сотим сўтак. У сени дўзахий қилмоқчи. Иймонингга чанг солиб турибди.
– Маслаҳат беринг, Оқпўш ота .
– Султон Шоҳбудоғнинг кенжасини тарбиянгга олиб қол, каттасини Бухорога юбор. Пиримиз Хожа Аҳмад Яссавий сулукининг пешвоси Муҳаммад Хитоийдан бир –икки йил таълим олсин. Яссавия тариқатини ўргансин. Оқпўш отанинг иродаси бу, деб Хитоийга ҳам ёз, уқдингми?
– Хўп, ота.
Мазид Тархон султон Маҳмудни ёнида олиб қолди, Абулфатҳ Шайбонни ўзига яқин кишилар ҳомийлигида Бухорога жўнатди. Шу тарзда ўсмир Муҳаммад Яссавий замонидан бери сақланиб қолган тариқат одобидан таҳсил ола бошлади.
Хитоийдан кейин алломам даврон Шайх Мансурдан фиқҳ, қиёс, ижмо масалаларини ўрганди. Таҳсилнинг икки йили ҳам ўтди. Шайбонийхон ўн саккизга тўлиб, қарчиғайдек ўктам, норғул йигит бўлди. Энди у Туркистондан келадиган ҳар бир муждани интизор бўлиб кутади. Туққан элига бориб, бобосидан кейин пароканда бўлган давлатни қайта тиклашни ўйлайди. Назарида бунинг учун қулай вазият ҳам пишиб етилган эди. Темурийлар салтанати бўлакларга бўлиниб, парча– парча бўлиб кетган, ҳар ким ўзига бек, ўзига хон эди. Бу салтанатни тиклаш учун нуфузли, қатъиятли бир ҳукмдор керак эди. Ёш шаҳзода зукко ақли, қувваи мушоҳадаси ила буни англади. Мовароуннаҳрга даъвогар шахс ҳали туғилмаган, тирик шаҳзодалар иродасиз, ўзаро ихтилофда, бир– бири билан тахт талашарди.
Оллоҳ Таоло икки дарё оралиғида жаннатмонанд қилиб яратган Мовароунаҳр деб аталмиш ораста, бой, гўзал, ададсиз, гулларга, боғларга кўмилган, шарқироқ сойлари жонга ором бергувчи, булоқлари болдек ширин, ҳавоси кексаларни ёшартириб, йигитларни кишнатадиган, зебо қизлар, гулюзлар, барною моҳичеҳралар, малойика янглиғ сулувлар ўлкаси бўлмиш бу улуғвор ўлкани қўлга киритмай яшай олмаслигига шаҳзоданинг кўзи етди. Таҳсилнинг учинчи йили унга Туркистондан элчи келди. Энди белга қилични боғлаб, дубулғаю совут қалқон кийиб подшолик тахти учун олишувга отланиш керак эди. Устоз Шайх Мансурнинг бир ўгити ёдида. Бир куни таомдан кейин устоз Муҳаммаднинг хатти–ҳаракатини кузатиб туриб, “Дастурхонни бир четидан йиғиштир, шунда панд емайсан”, деди. Бу ишорани шаҳзода ўзича тўғри англади: “Мамлакатни бир четидан мусодара қилмоқ керак, шунда у қўрадаги қўйдек бир ерга жамланади”. Шайбонийхон аввалига бир неча юз кишилик суворийлари билан Сиғноқ, Ўзган қалъаларини забт этди. Ўтрор ҳам ихтиёрига ўтди. 1475 йилларга келиб, Шайбонийхон аскарлари юз мингга етди. У энди иккиланмай Тошкент, Андижон сари юриш бошлади.
Шайбонийхон ўнг қўлининг ўрта бармоғига тақилган олмос кўзли узукка “Менинг исмим Шайбонийхон шох бахт ” деган сўзларни ўйиб ёздирган эди. Ҳар сафар жанг олдидан ана шу муҳрга қараб қўядию Оллоҳдан мадад сўраб, отга қамчи уради.