Текст книги "Бепарво бўлмоқчиман"
Автор книги: Саъдулла Сиёев
Жанр: Юмор: прочее, Юмор
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 8 (всего у книги 12 страниц)
МУҲАББАТ ҚАЛЪАСИ
Ва ниҳоят, 1501 йилнинг авжи баҳорида Шайбонийхон иккинчи марта Самарқандга юриш қилди. Сарипул яқинидаги жангда Бобур аскарлари мағлубиятга учраб, қалъага чекинди. Шайбонийхон шаҳарни қамалга олди. У Темур Султон, Урусбек, Жонвафо сингари лашкарбошиларини ҳузурига чорлаб, улуфа11
Улуфа – жангчиларга бериладиган мукофот.
[Закрыть] тарқатди.
– Улуфанинг улуғини Самарқанд фатҳ қилинғондин сўнг олғайсизлар, – деди хон.
Саркардалар халта–халта тилло пулларни чангаллаб, чиқиб кетдилар.
Шайбонийхон беш–олти кун қўшинга дам бермоқчи бўлди. Зарафшон бўйларига, Сиёб, Кўҳак қирларига юзлаб чодирлар, ўтовлар тикилди. Сон–саноқсиз дошқозонлар осилди. Қассобларнинг қўлиқўлига тегмайди. Ғолиб аскарлар шарафига ўнлаб туя, от, ҳўкиз, юзлаб қўйлар сўйилди. Дабллар, ноғоралар, карнай–сурнайлар овози кўкни ларзага келтиради. Алқисса, Шайбонийхонларнинг музаффарият базми бошланди.
Шайбонийхоннинг ўн икки қанотли хос ипак чодири Зарафшон соҳилидаги кўм–кўк ўтлоқли қирга тикилган. Чодир тепасида хоннинг улуғвор яшил туғи ҳилпирайди. Туғнинг қоқ белида қанотларини кенг ёзиб, парвозга шайланган баҳайбат бургут сурати. Бургут – Шайбонийхон салтанатининг рамзи. Бир қарашда, чаппор уриб тебранаётган ялов гўё бургутни Самарқанд сари ҳужумга ундаётгандек туюлади.
Тонг отмоқда. Тоғлар ортидан гўё уялиб бош кўтараётган қуёшнинг нафис, қизғиш нурлари чодир сиртида рақсга тушади. Келинпатнисдек мўъжазгина дарчадан дашт чечакларининг ифори анқийди. Шайбонийхон туя жунидан қилинган юмшоқ, бахмал болишда ёнбошлаб ётибди. Олдидаги тилла баркашда бир кўза қимиз, кийик, қирғовул эти. Хон ярим пиёла қимиз қуйиб ичадию, кўзларини юмиб боз ҳаёл уммонида сузади. Уни рўпарасида гавҳардек кўз қамаштириб турган Самарқанд ўйлантиради, кекса кўнглида умид билан иштибоҳ, сабр ила беқарорлик жой талашади.
Самарқанд… Бу зебо шаҳарни Муҳаммад шоҳ Будоғ ўғли ибн Абулҳайрхон ёш вақтидан яхши кўрарди. Шавкатли Султон Мирзо Улуғбекнинг суюкли қизи Робия Султон бегим раҳматли бобосининг шаръий завжаси эди. Ҳар сафар бегим ойиси отасини зиёрат қилгани Самарқанд сари отланар экан, Муҳаммад ҳам бобосининг шоҳона карвонига қўшилиб, Самарқандга келар, Амир Темур Кўрагон бунёд этган обидаларни томоша қилиб, донг қоларди. Завқдан унинг кўнгли тўлиб–тошар, қани энди, Худо ёр бўлиб, мана шундай шаҳарга подшо бўлиш насиб этса, дея орзу қиларди. Шукруллоҳким, ёшликдаги орзу қуши қўлга кирай деб турибди. Лекин бу кунларга етиш осон кечмади…
… Шайбонийхон Мавороуннаҳрнинг катта–кичик шаҳарларини забт этдию, Самарқандга кўз тикди. Самарқанд бу ўлканинг бош шаҳри эди. Уни қўлга киритмай туриб, Шайбонийхон ўзини якка ҳоким деб эълон қилолмас эди. У савдогар ёхуд дарвеш қиёфасидаги хуфялари орқали Самарқанддаги ҳақиқий аҳволдан хабардор бўлиб турарди. Бу вақтда шаҳар Бухородан келган ёш ҳоким Султон Али Мирзонинг тасарруфида эди. Шайбонийхон Али Мирзонинг журъатсиз, жангу жадалда ноқобил бир кимса эканлигини ҳам билади. Устига устак Султон Али фитначилар қуршовида қолган. Шайхулислом Абулмакорим, Хожа Аҳрор Валийнинг ўғли Муҳаммад Яҳё хўжа бошлиқ руҳонийлар Султон Алини тахтдан мосуво қилиб, ўрнига Бобур Мирзони ўтқазиш пайида. Ёш ҳоким икки ўт орасида қовриларди. Шаҳар аҳли дин пешволари тарафида, Шайхулисломнинг гапини икки қилмайди. Иккинчи томондан, Султон Али тахтни Бобур Мирзога бўшатиб беришдан кўра, Шайбонийхонга тобе бўлишни истайди. Негаки, хонга мойиллик келгусида ўз мевасини бериши мумкин. “Шаҳарни ўз ихтиёрим бирла топширсам, зора бирон вилоятнинг беклигини инъом этса”, дея хоннинг марҳаматига умид боғлайди. Ана шу мажҳул ҳаёл оғушида у бир куни етти хуфтонда қабатига хос маҳрамларини олдию Шайбонийхоннинг қароргоҳи томон йўналди.
Шайбонийхон, Самарқанддан не сас келар экан, деб Қарши чўлидаги бир манзилда кутиб ётган эди. Султон Али Мирзони чеҳраси очилиб қаршилади. Унинг нега келганини хон сезиб ўтирарди. Шундоқ бўлса–да, “Қулоғимиз сизда, сўзласинлар”, дегандек ишора қилди. Султон Али қўл қовуштириб, арзини айтди.
– Ҳазратим, даргоҳингизга бош уриб келдик. Аҳли Самарқанд жанобларини интизор бўлиб кутаётир. Шавкатли қўшинингиз учун шаҳар дарвозалари субҳи содиқдан очиқдир. Марҳаматингизга мунтазирмиз…
Султон Али қандай пинҳона келган бўлса, тағин хуфёна жўнаб кетди. Уч кундан кейин Шайбонийхон бир ўқ отмасдан, гўё ораста боққа қадам босгандек Самарқанд дарвозасидан ичкарига кириб борди. Самарқандликлар саросимада қолишди. Улар кўчманчи ўзбекларни бераҳм, ваҳший, қамчисидан қон тома-диган қавм деб эшитган эди. Гўёки бу саҳройилар ёшу қарини ҳам, аёлу болаларни ҳам аямас эмиш. Қочганлар қочди, қочолмаган нотавонларга сичқоннинг ини минг танга бўлди. Аммо Шайбонийхон шаҳар аҳлига тегмади. Хазинани, бою баёнларнинг мол–мулкини олди, шаҳарга ўз одамини доруға этиб тайинладию, қалъада оз сонли аскар қолдириб, изига қайтди. Бу – унинг хатоси эди.
Шайбонийхон Туркистонга жўнаб кетдию Самарқанд уламоларига жон кириб қолди. Шаҳарда Шайбонийхоннинг бор–йўғи олти юзга яқин навкари қўриқчилик қилиб қолган эди. Бобурийлар билан бўлган жангда улар мағлубиятга учради. Бобур иккинчи бор Самарқанд тахтини эгаллади. Абулмакорим бошлиқ руҳонийлар уни подшо деб эълон қилдилар.
Кўпни кўрган саркардалар тилида бир ҳикмат юради: тахтни эгаллашдан кўра уни қўлда тутиб қолиш мушкулроқ эмиш. Бу эътироф ёш ҳукмдор Бобур Мирзога ҳам тааллуқли бўлиб чиқди. У Самарқандни куз ойларининг оёғида ишғол қилган эди. Қишга бориб, аҳвол оғирлашди. Самарқанд ниҳоятда ғариблашиб қолган эди. Шайбонийхонлар шаҳарнинг бутун бойлигини олиб кетган, хазина бўм–бўш. Ҳатто навкарларга маош бергани сармоя етмасди. Бобур ночорлик важидан лашкарининг бир қисмини тарқатиб юборди. Унинг устига шаҳар аҳли орасида ҳам норозилик кучайди. Шайбонийхонлардан меҳру шавқат кўрмаган оддий меҳнаткаш халқ бобурийларнинг ваъдаларига ҳам ишонмай қўйди.
Ана шу сўник кайфият ва нотавон маишиймоддий турмуш ила қиш ўтди, баҳор келди. Султон Али Мирзо тарафдорлари шаҳардаги бор ҳақиқатни баён этиб, энди Шайбонийхонга мактуб йўлладилар. Шайбонийхон Бухоро чўлларида қўшинини бўлажак махорабага пухта тайёрлаб, қулай вазиятни кутиб ётарди. Султон Алининг хуфёна таклифи уни тағин Самарқанд сари йўлга отлантирди. Асосан суворийлардан иборат қудратли қўшин билан Самарқанд остонасига етиб келди. Бобурнинг атиги минг кишилик сарбозларини бир ҳамлада енгиб, Самарқандни қамалга олди…
Хон пиёлани тўлдириб, қимиз симирди. Қуёшнинг илиқ нурлари билан баробар Шайбонийхоннинг кўксида ғолиблик нашъу намоси янада жўш ургандек бўлди. Чеҳраси ёришди. Шитоб билан болишдан бўксасини узиб, ўнг тарафидаги кумуш қўнғироқни чалди. Дарҳол эшик оғаси Мамат Ёвқур кириб, қўл қовуштирди.
– Отимни келтирсинлар, – деди хон, – қалъани айланиб кўрмак истайман.
Эшикоғасичиқди.Қайтибкириб,хонни кийинтирди. Шайбонийхон бу сафар уламолардек жайдари кийинди: бошида тилла жиғалик симобий салла, эгнида нилий яктак, қизил қўнжли, ўкчаси баланд этик. Яктак ичидан олтин сопли ханжарини тақиб олди.
Қалъа айланиш – хоннинг одати. У қабатига бешўнта тан соқчисини оладию, ҳафтада бир–икки маротаба қалъани гир айланиб, тафтиш қилиб чиқади. Шаҳар ичкарисида Бобурнинг бор–йўғи мингга яқин аскари қолган. Улар очиқ майдонга чиқиб жанг қилишга ботинмайди. Самарқанд атрофида Шайбонийхоннинг ўн минглаб сипоҳилари қиличқалқонларини шай қилиб турибдилар. Шунинг учун бу ёғидан хоннинг кўнгли тўқ. Аммо… барибир у қалъа теварагини айланиб, ниманидир кутади, безовта кўнглига таскин бермоқчи бўлади. Гап шундаки, хоношиқ! Бобур Мирзонинг эрка эгачиси Хонзодабегим икки йилдирки, унинг ҳаёлини ўғирлаган. Хонзодани у нозик адо, малаксиймо, зебо ва зукко деб эшитган. Ана шу парирухсор қизнинг таърифи Шайбонийхоннинг кекса қалбини куйдиради, ёндиради. Кечалари уйқусини қочиради. Ғойибона маъшуқасига бағишлаб қанча ғазаллар битди.
Шайбонийхон қўриқчилар қуршовида кетар экан, лаблари пичирлаб, Хонзодабегимга аталган бир ғазалнинг матлаъсини ўқиди:
Юзингни кўрдим ул чортоқ ичинда,
Очилмиш тоза гул япроқ ичинда.
Неча кизландинг, эй раъно ғазолим,
Мени ёндирмағил овлоқ ичинда…
Рост, Шайбонийхоннинг қўш хотини бор. Бироқ улар тан маҳрамлари эди. Хонга эса, назму навонинг қадрига етадиган, илму ирфонда камол касб этган дил маҳрами даркор эди. Агар тангри ёр бўлиб, Хонзодабегимга уйланса, назарида руҳига қувват бўладиган маслакдош, ҳамдард, ҳамдил бир малика билан тақдирини боғларди. Хоннинг яна бир мулоҳазаси ҳам йўқ эмас. Мабодо у Хонзодабегимни никоҳига киритса, шуҳратли бобоси Абулҳайрхон сингари темурийзодаларга куёв бўлғуси. У ҳолда Бобур Мирзо ҳам андишага бориб, қайноғаси билан урушни бас қилар, сулҳга рози бўлар…
Сулҳ сўзи Шайбонийхонни сергаклантирди. Тўрт ойдирки, у қалъадан мужда кутади. Аммо Бобур Мирзо на таслим яловини кўтариб, элчи юборади, на сулҳ таклиф этади. Агарда Бобур сулҳ таклиф қилса, хон кўнармиди? Худо билади. У чоғда хон ҳам Бобурнинг олдига битта шарт қўяди. Хонзодабегимни хотинликка сўрайди. Бу шартга Бобур рози бўлармикан? Эҳтимол, суюкли эгачисини ашаддий рақибига раво кўрмас. Унда Шайбонийхон қалъани қамалда ушлаб тураберади. Токи шаҳар аҳли муҳтожлик ва очликдан тинкаси қуриб, қирилиб кетмагунча ортига чекинмайди.
Шайбонийхон Шайҳзода дарвозасига ёвуқлашди. Шу пайт қалъа деворидаги тўртбурчак шинакнинг туйнугидан визиллаб ўқ учиб чиқди. Ўқ бош қўриқчи Жонвафонинг пўлат қалқонига жаранглаб урилди. Жонвафо бир газлик оғир ёйини ўқлаб, шинакка кетма–кет ўқ узди. Девор ортидан додлаган овоз эшитилди. Хон ёнидаги сипоҳилар ҳам шинакларни нишонга олиб, ўқ ёғдирдилар. Жонвафо хоннинг олдига ўтиб, уни кенг гавдаси билан тўсиб кета бошлади.
Чорраҳа дарвозаси ёнида қалъа тешигидан эмаклаб чиқаётган бир эркак кўринди. Эгнида минг қуроқ увада тўн, ялангбош, яланг оёқ. Эти бориб суягига қапишган, кўзлари бежо, ўзи тирик мурдани ёдга солади.
Эркак ўзини қўриқчи отининг оёғига ташлади. Йиғламсираб, дудуқланиб, аранг оғиз очди:
– Оч… очликдан ўлар ҳол… ҳолатга етдик, ҳазрат… Икки боламни кўмдим. Шишиб ўлди… Бизларда не гуноҳ… Раҳм қилинг…
Шайбонийхон индамади. Қалъада қаҳатчилик бошланганини у билади. Кузнинг боши. Самарқанд атрофидаги боғларда мевалар ғарқ пишган, полизларда анвои сабзавот мўл–кўл, ариқларда шарқираб сув оқади. Қалъада эса одамлар кун оша бир тишлам нонга зор бўлиб бораяпти. Шинаклардан кўз узмай, от устида чайқалиб кетар экан, Шайбонийхонни ҳаёл чулғади: “Бу мавҳумот токайгача давом этаркин? Мард бўлсанг, майдонга чиқиб сўғиш, ўмаса, тақдирга тан бериб, қалъани бўшат, шаҳзода! Бойлар борини ер, йўқсил несини ейди? Мискинларга раҳминг келмайдими? Сенинг шоирлигинг қайда қолди, Мирзо Бобур?”
Орадан салкам икки ой ўтди. Куз оёқлади. Ҳисор тоғларидан совуқ ел эса бошлади. Бу қишнинг даракчиси эди. Изғирин гўё очарчиликни ҳам бошлаб келгандек бўлди. Одамлар жон ҳолатда молларини сўйиб ейишга ўтди. Қўйлар, соғин сигирлар, ҳатто туялар бирин–кетин пичоққа тортилди. Сўнг навбат аскарларнинг отларига келди. Ётиб еганга тоғ ҳам чидамас экан. Бир–икки юз от гўшти юз минг кишилик оч–наҳор фуқарою сипоҳиларнинг қурсоғига урвоқ ҳам бўлолмади.
Қалъада ит, мушук каби жониворларнинг қораси ўчди. Улар қозонларга тушиб кетган эди. Халойиқ ўлган молларнинг терисини қиртишлаб, қуруқ сувда пишириб ер, бобурий жангчилари дарахтларнинг пўстлоғини шилиб отларига берар, шу алпозда бир неча юз арғумоқни захирада сақлаб туришарди. Шаҳарда тобут елкалаган мўминлар тез–тез кўзга чалинар, мотамсаро хонадонлар ҳар қадамда учрарди. Қалъанинг қайси дарвозасига яқин борсангиз, аёлларнинг нолаю фиғони, норасида гўдакларнинг “Нон!” деб чирқираб йиғлагани, кексаларнинг қарғишию Оллоҳга муножоти эшитиларди.
Бундоқ доду фарёдларни ўз кўзи билан кўриб, эшитиб ўтирган Бобурнинг жигар–бағри эзилади, бошини қайси деворга уришни билмайди, “Не чора қилмоқ керак, эй тангрим!” дея ўйланади, ўйланади…
Ана шундай адоғи йўқ машъум кунларнинг бирида “сулҳ” сўзи ўртага тушди. Шайбонийхон навбатдаги тафтиш чоғида қалъани ярмигача айландию, кафти билан бурнини бекитди. Бир замонлар мушки анбар уфуриб турадиган Самарқанддан бу сафар ўлакса ҳиди анқирди. Неча ҳафтадан бери кўнглини кемираётган иштибоҳ ва иккиланиш ўрнини қатъий қарор эгаллади. “Шу бугуноқ шартимни айтаман. Бобур кўнса – кўнди, билъакс қалъани тўпға тутғаймен. Оллоҳ гуноҳимни кечирсин”.
Хон чодирига келиб, шеърий мактуб ёзишга тутинди. Хонзодабегимга аталган бу изҳори дилда маъшуқанинг васфи ҳам, хоннинг шаҳар аҳлига қўйган шарти ҳам мужассам эди:
“Эй манго орзуйи жон васлинг,
Бедаво дардима дармон васлинг.
Сифотингни эшитиб зор ўлдум,
Ишқинг илкига гирифтор ўлдум.
Сени кўрмай манго аҳвол будур,
Ишқинг илкида ҳол будур.
Боқибон қолди ҳаёлингга кўзум,
Оҳ, агар тушса жамолингга кўзум.
Сабр кўйига гузорим йўқтур,
Етмойин сенга қарорим йўқтур.
Қилсанг ойдек фалак устида ватан,
Ё гуҳардек садаф ичра маскан,
Тўкойин ашк Сурайё янглиғ,
Чиқойин кўкка Масиҳо янглиғ.
Кўз ёши ичра бўлойин ғаввос,
Ул садафдин сени қилойин халос.
Айлайин шарт сенинг бошинг учун,
Бўлма ғамнок қариндошинг учун.
Ҳеч ёмонлиқ анго ёвутмоғоли,
Сени термултириб ани тутмоғоли.
Ҳар қаён хотири истар борсун,
Борсун, ончаки юрурдин ҳорсун.”
Шайбонийхон мактубни хос элчиси орқали қалъага юборди. Мактубни элчи Бобурнинг волидаси Қутлуғ Нигор хонимнинг қўлига топширди. Пошшо ойим хатга кўз югуртирдию, бошини чангаллаб қолди. Назарида ҳозирнинг ўзида ардоқли қизи Хонзодабегимдан айрилиб қолаётгандек эди. Кўзларига ғилтиллаб ёш келди. “Эй худойим – ей! – деди жисму жони ёниб, – шу кўргуликлар ҳам бор эдими? Не чора қилдик энди, Оллоҳим?” Қутлуғ Нигор хоним мактубдаги икки байтни қайта ўқиди:
Айлайин шарт сенинг бошинг учун,
Бўлма ғамнок қариндошинг учун.
Ҳеч ёмонлиқ анго ёвутмоғоли,
Сени термултириб ани тутмоғоли.
Бу байтлар Қутлуғ Нигор хонимнинг тилка–пора юрагида умид чироғини ёққандек бўлди. Вале… қизи не дер экан? Хон шартига рози бўлармикан? Бобур–чи? У рад этса керак. Ўғлининг феъли онасига аён. Бобур ориятни ўлимдан устун қўядир.
Пошшо ойим Хонзодабегимни чорлатди.
– Бу мактуб сенга атаб битилмиш, ўқи! – деди ва хатни қизининг олдига ташлади. Хонзода мактубни шошмай ўқиди. Рангида бирон ўзгариш сезилмади: на севинч, на ғусса. Мактубни онасига қайтарди.
– Шундоқ бўлишини кўнглим сезиб юриб эди, – деди уҳ тортиб, – Ҳазратим ўқидими буни?
– Йўқ. Ининг ризо бўлмас, деб қўрқадирмен.
Мактуб дарагини эшитиб, Бобур етиб келди. Хатни ўқидию, ғижимлаб отиб юборди.
– Мен ёлғиз эгачимни саҳройи душманимга бериб қўймайман. Қўлда қилич билан шаҳид бўлғаймен! Бу хатга иккалангиз ишониб ўтирғон кўринасиз. Хоннинг мунофиқлиги, лафзидан қайтиши сизларга равшан эмасми?
Хонзода Бобурнинг елкасидан қучди:
– Ҳазратим! Кўз қиймас укажоним менинг! Ғариб опангиз сизни ўйлайдир. Сиз омон бўлинг илойим. Иншооллоҳ, ҳали саодатли кунларингиз олдинда. Очликдан, ташналикдан жон бераётган гўдакларни, қарияларни кўриб, юрагим садпора бўладир. Уларга раҳмингиз келмайдиму? Тонгла маҳшарда ул нотавонларнинг уволига қолмасмизми, ҳазратим? Начора, опангизнинг шум қисмати шундоқ экан. Бир қариқиз Хонзодани деб минглаб бегуноҳ кишиларнинг кафанга ўралишини ўйласам, иймоним куядир, яратган эгамдан уяладирмен…
Хонзода рўмолининг учи билан кўз ёшларини артди. Бобур опасига кинояли боқиб, сўради:
– Хонда ўзингизнинг кўнглингиз ҳам борга ўхшайдими?
– Кўнглим йўқ. Илло, сиздек улуғ иним учун, бизга нон–туз берган шаҳар аҳли учун ўзимни қурбон қилишга тайёрмен.
Қутлуғ Нигор хонимнинг таклифи билан Шайхулислом Абдулмакарим бошлиқ қози– калон, фақиҳ, муфти дегандек бир тўп уламо етиб келишди. Хон шартини эшитиб, Шайхулисломга жон кирди. У неча кундан бери қалъадан қочишга ҳозирлик кўриб юрар эди.
Қутлуғ Нигорхоним “Сизне фикрдасиз?” дегандек, Шайхулисломнинг қип– қизил афтига боқди.
– Хон шартига ризо бўлмоқ вожибдур, маликам, – деди Абдулмакарим, – бул ҳароб шаҳарни нечоғлиқ тез тарк этсак, шунчалик авло. Юз минг халойиқнинг тенг ярми Оллоҳнинг раҳматига борди. Марҳумларни ерлагани ер қолмади. Мозорлар тўлган. – Шайхулислом Бобурга ўгирилди, – Ҳазратим, ризолик беринг, тириклар дуои жонингизни қилғай. Ахир Қуръони каримда ҳам сулҳ яхшироқдир, дейилган.
Бобур ижирғанди. “Ахир Шайхулислом кечагина “Бир томчи қонимиз қолгунга қадар, гавҳарга тенг шаҳримизни ҳимоя қиламиз”, деб лоф урмаганмиди? Бугун бу қўрқоқнинг ҳам жони ширин бўлиб қолибди”.
Онасининг хон шартига мойиллиги, опасининг розилиги, Шайхулисломнинг сулҳни қувватлагани жам бўлиб, Бобурнинг азми– қарорини синдиргандек бўлди.
– Эрса, унга вакил юбормоқ лозим. Хон қўлига Қуръон олиб, сўзини тасдиқласин. Андин сўнг сўллашармиз.
Бобур шитоб билан ўрнидан туриб, чиқиб кетди. Уламолар кенгашга ўтди.
– Орамизда Муҳаммад Яҳё хўжа ўтирибдилар, – деди Шайхулислом, – ул тақсир пиримиз Ҳожа Аҳрор Валийнинг зурриёдлари бўладилар. Элчиликка бул кишидан муносиб кимса йўқдир.
Яҳё хўжа чаён чаққандек ирғиб тушди.
– Мен боролмасмен, қўрқадурмен.
– Нечук қўрқасиз? Элчига ўлим йўқ, демишлар.
– Менда хоннинг адовати бор. Ўзларига аён, ҳазратим, бултур Бобур Мирзони Фарғонадан чорлатиб келганлар сирасида камина ҳам бор эдим. Хон буни билар экан. Бир куни Муҳаммад Яҳё илкимга тушса, терисини шилиб, ўлигини итларга ташлайман, дебди. Афв этсинлар…
– Унда ким боради? Сизми? Ўзларими? – деб Абулмакорим уламо аҳлига боқди.
Қозикалон, муфти, фақиҳ учаласи бир нарсани важ қилиб, ўзларини четга олдилар. Шайхулислом тағин Яҳё хўжага қаради.
– Боролмасангиз, ўрнингизга одам топинг. Биз шу ерда кутиб ўтирғаймиз.
Қутлуғ Нигор хоним билан Хонзодабегим хобхоналарига кетдилар. Самарқанднинг уч руҳонийси Яҳё хўжани кутиб, гурунглашиб ўтирдилар.
Алламаҳал бўлганда Яҳё хўжа бир дарвешни бошлаб келди. Дарвешнинг бошида кулоҳ, бўйнида кашкул, қўлида қўнғироқ– сафойил, жанда тўни етти еридан ямоқ эди. У патак соқолини силаб қўйиб, пойгакка чўкди. Шайхулислом дарҳол уламолар қарорини билдирди:
– Биз, мана учовлон келишиб, сени Шайбонийхон ҳузурига элчи қилиб юборадиган бўлдик. Хон бизларга оғир шарт қўйибди. Сен ўшал шартнинг ростёлғонлигин билиб келурсен. Уқдингму?
Дарвеш ўтирганларни танимаса–да, ошқовоқдек саллаларига кўз югуртириб, Самарқанднинг уламою киромлари бўлса керак, деган ҳаёлга борди.
Дарвеш эшикка етганда Шайхулислом тайинлади:
– Хон қўлига Қуръони каримни олиб, қасам ичсун, билъакс Бобуршоҳ ишонмайди, деб айт. Уқдингму?
Дарвеш калла чайқаб, ғойиб бўлди.
Шайбонийхон элчини хушҳол қабул қилди. Дарвеш бўсағада мук тушиб, калла осилтириб ўтирган эди. Уни имлаб олдига чақирди. Дарвеш қаддини ғоз тутиб, хонга яқинлашди. Юкинди.
– Бошингизни кўтаринг, Худонинг бандаси, – деди Шайбонийхон. Дарвеш хоннинг кўзига тикка боқди. Шайбонийхон кулимсираб сўради:
– Сиздан бўлак тузукроқ кимса йўқмиди элчиликка?
– Бор эди, хон ҳазратлари, илло уларнинг жони ширинлик қилди. Қаҳрингиздан қўрқар эмишлар. Фақирга бирибир, мен жонимни жононимга топшириб қўйибман.
– Тариқатдин хабардорсиз, маъқул, – деди хон, – биз одамхўр эмасмиз. Олти ой сабр ила кутиб турдик. Биз Бобур Мирзони ёвқур, мард, эслик йигит деб билурмиз. Илло шаҳзода нодон Шайхулисломнинг тилига кириб, хато қилди. Шунча раиятнинг бошига етди. Иншооллоҳ, осийлар бул қилмишларига қиёматда жавоб бергайлар. Ол энди, шартингизга келсак, сўзимиз – сўз, ваъдамиз – ваъда. Шайбонийхоннинг сўзи – имом уз – замоннинг, ҳалифат ур–раҳмоннинг сўзидур. Қалъадагиларга шундоқ деб айтинг. Биз Хонзодабегимни никоҳимизга киритиб, шаръий завжаликка олмоқчимиз. Бобур Мирзо ёмон ҳаёлга бормасун. Раҳматли бобомиз темурийларга қариндош эрди, биз ҳам куёвлик либосини киймакни ҳавас қилдук. Алқисса, Хонзодабегим бизнинг даргоҳимизга қараб йўлга чиққанларидан сўнг шаҳарнинг тўрт қопқаси очиқ. Сипоҳиларнинг бошидан бир тук тўкилмагай, бир ўқ отилмагай. Шаҳзоданинг тўрт тарафи қибла, қаён кетса ихтиёри ўзида. Мухтасар сўзимиз шул, эй жонини жононига топширган Худонинг зокир бандаси!
Шайбонийхон кумуш қўнғироқни чалди. Йўрғалаб эшик оғаси кирди.
– Мусҳаб келтиринг!
Мамат Ёвқур сиртига қизил бахмал сирилган Қуръони каримни икки панжасида авайлаб ушлаб, хонга узатди. Шайбонийхон Қуръонни манглайига босди, ўпди. Кейин олдидаги хонтахтага қўйди.
– Юрагингизда тариқдек гумонингиз бўлса, истиғфор айтинг. Қалъада сизга интизор васийларингизга–да каломулоллони ўртага қўйиб, онт ичганимизни етказинг! Боринг энди.
Дарвеш орқаси билан юриб чиқиб кетди.
Дарҳақиқат, уни қалъада бесабрлик ила кутиб ўтиришар эди. Дарвеш бор гапни оқизмай–томизмай айтди. “Бобур Мирзонинг хатоси” билан “нодон шайх” борасида оғиз очмади.
– Қўлига Қуръон олдими– йўқми, шундан кел! – қисталанг қилди Шайхулислом.
– Хон ҳазратлари каломуллога қараб туриб сўйладилар…
– Оллоҳга беҳад шукр, – дея қозикалон дуога қўл очди, – золимнинг зулмидан халос бўладиган кунларга етибмиз.
Хушхабар номози асргача бутун қалъа халқига овоза бўлди. Фақирлар шодликдан йиғлади, аскарлар қурол–аслаҳаларини йиғиштиришга тушдилар. Бекалар, оқсочлар, машшоталар Хонзодабегимни ясатиб, келинликка тайёрлаш тараддудини кўрдилар.
Бобур икки ўт орасида ўртанарди. Бир тарафдан Самарқанд қўлдан кетаётир, энг ғуссалик, изтироблиси дил қувончи – опажонисидан маҳрум бўлаётир.
Эртаси ярим кечаси Бобур сийраклашиб қолган бир тўда лашкарларини Шайхдарвоза олдига тўплади. Сўнг опаси билан видолашгани саройга борди. Хонзодабегим бўзлаб укасининг бўйнига осилди:
– Қайтиб кўришмасак, мендан рози бўл, Бобуржон! Ғариба опангни унутма! Тақдирда бор бўлса, дийдорлашармиз.22
Хонзодабегим 1501 йилда Шайбонийхондан Хуррамшоҳ исмли ўғил кўради. Шайбонийхон 1510 йили ҳалок бўлгач, Хонзодабегим Бобурнинг ҳузурига қайтиб боради. Хуррамшоҳ 1511 йилда, ўн ёшида хасталаниб вафот этади.
[Закрыть] Сени ёлғиз Оллоҳимга топширдим, укажоним, меҳрибоним!
Бобур кўз ёшларини аранг тийиб, опажонисининг қучоғидан чиқди.
Ўша куни тунда шаҳар қопқалари ланг очилди. Бобур бошлиқ карвон Шайҳзода дарвозасидан чиқиб, Тошкент сари йўл олди. Эрта тонгда Хонзодабегим тушган тахти равонлик махсус арава бир тўп қўриқчилар ҳамроҳлигида Шайбонийхоннинг даргоҳига кириб борди.
Самарқандда Хонзодабегимнинг шарафига бир ҳафта давом этган тантанали тўй маросими бошланди.