Электронная библиотека » Саъдулла Сиёев » » онлайн чтение - страница 5

Текст книги "Бепарво бўлмоқчиман"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 21:40


Автор книги: Саъдулла Сиёев


Жанр: Юмор: прочее, Юмор


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 5 (всего у книги 12 страниц)

Шрифт:
- 100% +
УЛЛИБИБИНИНГ ЧИСТОНИ

Хоразмда Уллибиби деган бир қиз бор эди. У оддий телпакчи косибнинг қизи бўлса–да, фозил устозлар қўлида тарбия кўрган, шу боис диний ва дунёвий илмларда комилликка эришган эди.

Табиийки, бундай гўзал ва оқила қизнинг ҳаридори бисёр бўлади. Совчилар келавериб, бечора косибнинг эшигини тўздириб юборди. Ота инон– ихтиёрни қизининг ўзига топширди:

– Мен бир чаласавод косибман, – деди у, – қизимиз ёш бўлса ҳам, оқ– қоранинг фарқига боради. Ўзларинг Уллибиби билан гаплашинглар, кўнглини топсанглар, мен қаршилик қилмайман.

Уллибиби эса, совчиларнинг олдига шарт қўйди:

– Бўлажак куёвнинг ўзи келсин. Мен у киши бирла икки оғиз суҳбат қурмоқчиман. Агар ўғлингиз бизнинг синовимиздан ўтолса, майли, тўйимизга розилик берай.

Бу ғайритабиий шартни эшитиб, қанча – қанча совчилар эшикдан қайтиб кетди. Куёв билан юзма– юз мулоқотни истайдиган қизни келин қилиш уларнинг ақлига сиғмасди. Уллибибининг ғойибона ошиқлари эса битта – битта унинг ҳузурига келиб, синовдан ўтишга уриниб кўрдилар. Аммо бу доно қизнинг сўроқларига биронта йигит маънилик жавоб бера олмади. Ниҳоят, навбат Фазлиддинга келди. У мадрасада тахсил олган, Беруний муаллимнинг мажлисларида иштирок этиб турадиган аҳли диллардан эди. Уллибиби ҳарир парда ортидан Фазлиддинга енгил разм солди. Йигитнинг юзида фариштаси бордек туюлди. Негадир Уллибибининг юраги жиз этди. Барибир у ҳиссиётини жиловлаб, йигитга эл қатори савол берди:

– Мавлоно, айтинг – чи, ул не маҳлуқдирки, обод ерни хуш кўрмас, ҳаробани ватан тутар, одамизодга душман эрур. Танаси етти жониворнинг суратин эсга солур. Жанобларидин бул чистоннинг жавобини кутгаймиз.

Уллибиби «Хўш, ошуфта йигит?» дегандек сирли кулимсиради. Фазлиддиннинг юраги потирлади. У лабини тишлаб, ўйга толди. Лекин ҳаёлига бирон айтгулик фикр келавермади. У бу шинам хонада уззукун тургани билан обод ерни хуш кўрмайдиган, танаси етти хил жонзотни эслатадиган маҳлуқни тополмаслигига иқрор бўлди.

– Қизойим, – деди у Уллибибига қандай мурожаат қилишни билмай, – агар сиздан ижозат бўлса, чистонингизни уйга олиб кетсам. Бафуржа ўлтириб ечимин топсам. Не дейсиз?

– Ихтиёрингиз, – деб Уллибиби тағин жилмайиб қўйди.

Фазлиддин уч кун ётиб – туриб, обдон ўйланди. Тиббиёт китобларини варақлади. Мадрасада бирга сабоқ олган хужрадошларидан кўмак излади. Аммо сурати етти хил жонзотни эслатувчи маҳлуқнинг исмини тополмади. Унинг жисми жони ёнди. «Бу муаммони ёлғиз устоз ечади», деди Фазлиддин изтироб ичида ва бош эгиб Абу Райҳон Беруний хузурига борди.

Муаллим бир қарашдаёқ шогирдини қандайдир мушкулот қийнаётганини пайқади. «Сўзланг, ўғлим!» дегандек Фазлиддиннинг юзига мулойим боқди. Йигит минг бир истиҳола билан Уллибибининг чистонини айтди. Сўнг узр сўради:

– Мени маъзур тутинг, устоз, сиздан ўзга нажоткорим йўқлигина кўзим етиб… муборак остонанангизни хатладим.

Беруний муртидан кулди:

– Чистоннинг жавоби тайёр. Вале, марҳамат қилиб, сизни синоатга қўйғон ўшал зотнинг кимлигин айтсангиз?

Фазлиддин терлаб кетди. Бир фурсат дастурхон попугини ўйнаб ўтирди. Сўнг оҳиста деди:

– Ул бир қизойим эркан, устоз,,, Беруний чимирилди. У набобот ва ҳайвонот олами хусусида рисола битар экан, бу чистонни ўзи тўқиган, аммо у ҳали эл аро машҳур эмас эди. «Бир қизойим» – Ким бўлди? Анинг асли– насли қаердан?»

Шогирдини зиёда мулзам қилмаслик учун Беруний чистон жавобини айтиб қўя қолди. Фазлиддин устоз сўзларини жон қулоғи билан тинглаб, дилига муҳрлаб олди.

Бирон ҳафтадан кейин Фазлиддин тағин Уллибибининг олдида тикка бўлди. Устоз гапини айнан такрорлади:

– Қизойим, сиз сўроғон маҳлуқни чўкиртка (чигиртка) дерлар. Ул обод ерни хушламас, вайроналарни ватан тутар ва одамизот душмани эрур. Анинг шакли– шамойили бул турур. Боши отга менгзар, гардани ҳўкизга менгзар, қанотлари калхатнинг қанотин эслатур, оёғи теванинг оёғи кабидур ва қуйруғи илонга ўхшар, қорни эса чиён қурсоғини ёдга солур.

Фазлиддин нафас ростлади ва умидвор бўлиб, юпқа парда ортида кинояли жилмайиб ўтирган Уллибибига қаради.

– Бале, офарин! – деди қиз, – жувобингиз бизга маъқул. Хўш, эса, иймонни ўртага қўйиб айтинг– чи, ўғлон, чистонни ўз ақлингиз бирла ечдингизми ва ё бирон зукко зотнинг марҳаматига мухтож бўлдингизми?

Фазлиддин индамади, ер чизиб ўтираверди. Уллибиби шарт қўйди:

– Бизнинг розилиғимиз сизнинг рост ёки ёлғон сўзлашингизга боғлиқ.

– Устознинг ҳузурларига борғон эрдим, – деди Фазлиддин ердан бош кўтармай.

– Андоқ эрса, бировнинг ақли бирла муродина етмоқ истаган кимсани нечун ўзимга жуфти ҳалол қилғаймен? Инсон умри синовлардан, чистонлардан иборатдир. Бас, бошингизга тушмиш савдони кўтариб тобакай устоз ҳузурига боргайсиз? Оллох Таоло сизга ҳам фаросат, заковат ато этмаганми? Маъзур тутгайсиз, ўғлон.

Фазлиддиннинг ортидан эшик аста ёпилди.


ЛЕВ ТОЛСТОЙДАН ТАРЖИМАЛАР


ШАМЧИРОҚ

Бир бой отанинг боғ ҳовлисида бойвачча гумашта пайдо бўлди. деҳқонлар далада чорикорлик қилишарди. Нима кўп – ер кўп. Тағин қанақа ер денг: оёқ боссанг сўлқиллайди. Тўрт тараф сув, ўтлоқ, дарахтзор, кўзинг қувонади. Хуллас, деҳқон меҳнат қилиб нон топганига хурсанд, бой ота эса даромадга. Ана шундай кунларнинг бирида бой нариги мулкида юрган гумаштасини келтириб, боғ ҳовлисига катта қилиб қўйди.

Гумашта амалга миндию мужикларни эза бошлади. Унинг бола– чақаси кўп эмас эди, икки қизи эрга тегиб кетган, ўзи уйда хотини билан турарди. Бироқ ўзига етарли мол– дунё тўплаб олган эди. Бу ёғига худо, деб айшини суриб юраверса бўларди–ю шукур қилмади. Аввало, мужикларни бир кун ҳам тиндирмай ишлата бошлади. Кейин ғишт заводи очди, хотин–халажни ҳам, эркакларни ҳам эзиб сувини олди, куни–туни ишлатди ғиштни мўмай сотиб, фойдасини чўнтакка урди. Мужиклар арз–дод қилиб нақ тепагача боришди, бироқ бой уларнинг дардига қулоқ солмади, гумаштасига, хей, сен нима қилаяпсан, демади. Бу орада гумашта тўра мужикларнинг арзга борганини эшитиб қолиб, баттар ўч ола бошлади. Мужикларнинг илгари кўрган кунлари ҳолва бўлиб қолди. Унинг устига деҳқонлар орасидан диёнатсизлари чиқди, улар чақимчилик қилиб, бир– бирини сотиб, гумаштанинг кўнглини овлашга тушди. Хуллас, халойиқдан меҳроқибат кетди, у ҳақ йўлидан озди, гумашта бўлса, жаҳолат ботқоғига ботиб борарди.

Оқибат шу даражага етдики, гумаштанинг қораси кўринса, одамлар худди вахший ҳайвонга йўлиққандай зир титрайдиган бўлиб қолди. У қишлоқдан ўтиб қолгудек бўлса, ёш–у қари, эркагу хотин худди қашқирдан қўрққандай тирқираб қочади, жон ҳовучлаб, тешик–тешикка кириб кетади, ишқилиб, ўша бадбахтнинг кўзига кўринмасак бас, деб ўйлашади. Буни кўриб, гумаштанинг баттар фиғони чиқади, халқни баттар эзади – калтаклатади, итдай ишлатади, турли йўллар билан қийнайди. Э, хулласи, қора халқнинг бу бойваччадан кўрмаган азоби, эшитмаган ҳақорати қолмади.

– Бурунги замонларда ҳам бунақа золимларнинг жазосини бериб қўйишган. Нега энди ҳозир мумкин эмас экан? – Мужиклар чет – четда тўпланишиб, ана шундай гурунг қилишарди. Юрагида ёли бор бир деҳқон дангал таклиф қилди: «қачонгача чидаймиз бу ёвуз маҳлуққа? Келинглар, уни ўлдирайлигу қутулайлик. Ёмонни ўлдирмак савоб дейишади. Уни бир ёқли қилайлик, кейин бўлганича бўлар».

Мужиклар гапни бир ерга қуйдилар. Оқшомлатиб гумашта келди. У отдан тушмай атрофга кўз югуртирди. қитмирлиги тутдими, ёғочни нега нотўғри кесдинглар, деб бақирди. қирқилган бутоқлар ичида битта жука шохини кўриб қолиб, ўдағайлади:

– Мен сенларга жукани қирқинглар демовдим, ким қирқди? Яхшиликча айтинглар, бўлмаса, ҳамманг баравар таёқ ейсан!

У жука қирққан кишини обдон суриштирди. Семён кесган экан. Гумашта уни уриб, афти– башарасини қора қонга бўяди. Кейин, бор–йўқ қилган ишинг шуми, деб тиканли бутоқ билан Василийни ҳам савалади. Сўнг, отининг бошини буриб уйига жўнади.

Кечқурун мужиклар бир ерга тўпландилар. Василий таъна қилди:

– Эҳ, одамлар, одамлар! Сенларни инсон эмас, чумчуқ деса бўлар экан! «Биз бормиз, қўрқма, ёнингни оламиз…», деб кекирдак чўзган эдинглар. Қамчини кўрибоқ ин– инларингга кириб кетдинглар, а? Сенларга қараб туриб, бир чўпчак эсимга тушиб кетди. Бир куни чумчуқлар бургутга қарши бош кўтаришибди. «Ҳаммамиз бир бўламиз, биродаримиз учун жонимизни берамиз, гaп битта», дейишибди. Шу пайт пориллаб бургут учиб келибди. Уни кўриб чумчуқлар бута– бутанинг остига кириб кетишибди. Бургут шартта битта чумчуқни чангаллабдию учиб кетибди.

Бечора қушлар бутанинг остидан аста мўралаб чиқишибди. Мундоқ қарашса, битта оғайнилари йўқ эмиш. «Ким ем бўлибди?», «Ха Ванька». «Э, уми? Ўзидан кўрсин. Феъли ёмон эди унинг», дейишибди. Сенлар ҳам худди ана шу чумчуқнинг ўзгинаси, тушликда нима деган эдинглар? «Кечқурун келсин, унга кўрсатиб қўямиз! Гумаштани ундоқ қиламиз, бундоқ қиламиз!» деган ким эди? У Сидорга қўл кўтарганда ёпирилиб отдан ағдармайсанларми, бир уриб жаҳаннамга жўнатмайсанларми? Сенлар – оғзи ботир, аслида қўрқоқ кимсалар экансиз, энди билдим. Ҳеч ким йўғида оғиз кўпиртириб мақтанасиз, бургутни кўрганда сичқоннинг инини минг тангага сотиб оласизлар! Э, ҳайф– е!

Мужиклар орасида бунақа гап–сўзлар кўпайгандан кўпайди. Охири улар гумаштани ўлдиришга қасд қилдилар. Бир куни катта ҳайит олдидан гумашта деҳқонларга янги вазифа топширди: эмишки, улар ҳайит куни сули экиладиган ерни ҳайдашлари керак эмиш. Бу деҳқонларга алам қилди. Улар чин арафа куни Василийнинг қўрғонида тўпланиб маслаҳат қилишди.

Ростдан у худони унутиб қўйибди, – дейишди му-жиклар, агарда у ҳайитимизни харом қилиб, бизни зўрлаб ишлатмоқчи экан, уни сўзсиз ўлдириш керак. Бўлганимизча бўлармиз. Бир бошга бир ўлим.

Маслаҳат устига Пётр Михеев келиб қолди. У мумин–қобилгина деҳқон эди. Биров билан иши бўлмас, ўз аравасини ўзи тортиб юраверарди. Пётр бир четда мужикларнииг мунозарасини тинглаб ўтирди–да, ниҳоят гапга аралашди:

– Биродарлар, сизлар ўта ёмон ишга қўл урмоқчи бўлаяпсизлар. қасди жон – бу икки жаҳонда кечирилмас гуноҳи азим. Хўш, ана, сиз бировнинг умрини хазон қилдингиз, дейлик. Шу билан кўнглингиз таскин топадими? Кимки бировга ёмонлик қилса, ёмонлиги ўзига қайтади. Сабр қилиш керак, биродарлар, сабр.

Василийнинг жаҳли чиқди:

– Эй сен ҳам вайсайверма! Одам ўлдириш гуноҳ эмиш. Топган гапини қараю! Тўғри, гуноҳ. Лекин бу, ўша одаминг қанақалигига ҳам боғлиқми, йўқми? Хўп, мен тан бераман, яхши одамни ўлдириш номардлик, лекин айтчи, бизнинг гумаштага ўхшаган итбаччани ўлдириш ҳам гуноҳми. Бу савоб! Бунақалардан худо ҳам безор. Қутурган итни жазоси ўлим! Қутурган итга тегмасанг, одамларнинг уволига қоласан, уни ўлдирса, савобга ботасан. Ўлдириш керак бу итни! Майли, биз зиён–заҳмат тортармиз, гуноҳкор бўлармиз, аммо оқибат одамлар раҳмат дейди. А, тилини осилтириб юрган итни қўриб, ҳай демасанг, тескари қараб кетсанг, жамоатга касри тегади, билдингми, Михеич? Сен унақа, куракда турмайдиган гапингни қўй! Тавба! Исо пайғамбар туғилган куни ибодат қилмай, далада ишлаш савобу ҳайитни ҳаром қилган бир ифлосни ўлдириш гуноҳ зканми? Сен ўзинг борасанми ер ҳайдагани? Бормайсан!

Петр Михеев аста деди:

– Нега бормас эканман, бораман. Ер ҳайдаш керак. Биз яратганни унутмасак бўлди. Барибир у билади, ким бизни гуноҳга итараяпти, ким савобга. Бу менинг гапим эмас, тангри таолонинг гапи. Агарда ёмонликка қарши ёмонлик қилиш лозим бўлганида ҳақ таолодан ваҳий келган бўлур эди. Бунақа ваҳий йўқ. Аксинча, халлоқи олам буюрмишки, агарда сен ёмонлик илдизига болта урмас экансан, бу ишинг ўзингга бало бўлиб ёпишади. Кўксингга, жонингга ўрнашиб олади. Бировнинг қонини тўксанг, у қон сенинг ўзингга, йўқ, жонингга кўчиб ўтади. Одам ўлдириш бу, руҳониятингни қонга булғаш билан тенг. Мана, сен, бир ёмонни ўлдирдим, халойиқ бир зўравондан қутилди, деб ўйлайсан, а? Йў– ўқ, биродар, сен ўша золимни ўлдириб ундан қутулганинг йўқ, сен қотиллигинг билан ҳалиги золимдан бешбаттар ёвуз кимсага айландинг. У ёмон кишидаги бадният энди сенинг руҳингга кўчиб ўтди, уя қўйди. Бало келса, сабр қил, шунда бало– қазо сенга таслим бўлади.

Мужиклар талашиб– тортишиб бир қарорга келолмадилар. Ўртада нифоқ чиқди. Бировлар Василийнинг ёнини олишди, бошқалар Пётрнинг ўгитини ўйлаб, бошимизни балога қўйгунча сабр қилиб турайлик– чи, дея тарқалишди.

Эртасига ҳайит бошланди. Мужиклар Исо пайғамбар туғилган кунни байрам қилиб, дам олдилар. Кечқурун оқсоқол пайдо бўлди. У тўғри бой отаникидан келаётган эмиш. Яна қишлоқда миш–миш тарқалди: нима дейсан, гумашта жаноблари, яъни Михаил Семенович фармойиш берган эмиш.

Эртага эрталаб жами мужиклар сули экиладиган ерни ҳайдагани чиқишлари керак эмиш. Оқсоқол билан унинг шерик-лари қишлоқни гир айланиб одамларга гумаштанинг гапини етказдилар: «Шундоқ, шундоқ, азонлаб ҳамма далага отлансин». Ҳатто кимнинг қаерда шудгор қилишигача белгилаб бердилар. Бировга дарёнинг нариги бети тушди, бировга канал йўлини ёқаси. Мужиклар оҳ–воҳ қилди, ғижинди, сўкинди. Бироқ хўжайиннинг гапини икки қилиб бўлмасди. Саҳарлаб омочу ҳўкиз билан дала бошига бордилар ва жимгина шудгорга киришдилар. Ҳайит авжида, черков қўнғироқлари жаранглаб тушки ибодатга чорлайди, одамлар тўп– тўп бўлиб ҳайитлаб юрибди, мужиклар эса, қора ерни ағдариш билан овора, даладан бери келолмайди.

Михаил Семёнович чошгоҳда уйқудан бош кўтарди. Ҳовли кезинди. Ҳайитмисан ҳайитга ўхшарди. Ҳовли – жой саранжом – саришта. Хотини билан бева қизи ҳайитлаб келган эди. Кизи ясан – тусан. Хизматкор дарров от аравани олдига кўндаланг қилди. Михаил Семёнович ибодатга бориб келди. Оқсоч хотин самовар қўйди. У мириқиб чой ичди рохатланиб чилим чекди. Кейин оқсоқолни чақирди.

– Ҳм, нима бўлди, мужикларни далага чиқардингми?

– Чиқардим, хўжайин.

– Ҳаммаси чиқдими, биронтаси қочиб кетмадими?

– Битта қолмай текис чиқишди. Ўзим дала бошига олиб бориб қўйдим.

– Далага – ку, олиб бориб қўйибсан. Лекин улар ер ҳайдаётганмикан? Ҳозироқ кўшга бор. Қара–чи, ким нима қилаётибди экан. Кейин айтгинки, хўжайин тушдан кейин келар экан, де. Ҳар икки омоч эгаси ўн сотихдан ер ҳайдасин. Яхшилаб ҳайдасин, уқдингми? Мабодо тирноқдай ишкал топадиган бўлсам, ҳайитпайитига қараб ўтирмайман. Аямайман.

Оқсоқол чўрт бурилиб чиқиб кетаётувди, гумашта чақириб қолди. Хўжайин нимадир демоқчи бўладию айтолмайди, қандай сўз очишни билмай иккиланди. У каловланиб турдию охири деди:

– Менга қара, сенга тағин бир гапим бор эди. Секин қулоқ солиб кўр–чи, ярамаслар мени нима деб ғийбат қилишар экан. Ёмонлайдими, хасрат қиладими ё бўлмаса… Хуллас, нима гап эшитсанг, оқизмайтомизмай айтиб берасан. Мен у текин томоқларни биламан. Иш десанг, бели оғрийди. Уларга ош бўлсаю иш бўлмаса. Қўйиб берсанг, ҳайит экан, деб саланглаб юраверади. Билишмайди–ки, ҳозир ерни оби–тобида ҳайдаб олмасанг кеч бўлади. Бўпти, бор энди. Қулоғингни динг қил, ким нима деган бўлса, миянгга қуйиб ол. Ҳей, билиб қўй, у муттаҳамларнинг бирорта гапини яшириб юрма, мени биласан – а, ёмон қиламан…

Оқсоқол андак дадилланиб гaп бошлади:

– Улар сиздан хафа, Михаил Семёнович, ҳаммаси ғийбатингизни қилаяпти.. .

– Нима деб ғийбат қилаяпти, тезроқ айтгин– да, гўрсўхта!

Ҳамманинг оғзида бир гап: хўжайин худога ишонмайди, имонсиз, дейди.

Гумашта ўлганининг кунидан тиржайди:

– Ким шунақа деди?

– Мужикларнинг ҳаммаси. Қайси бирининг олдига борсанг, хўжайин шайтони лаъин билан тил бириктирган, у худобезор, дейди.

Гумашта тағин кулимсиради.

– Бу гапинг дуруст, деди бетоқат бўлиб, аммо сен очиқроқ қилиб айт, кимдан қандай гап эшитдинг? Масалан, Васька нима деди? Хўш?

Оқсоқол бир қишлоқда яшаб туриб, ўзининг одамларини сотгиси келмади, бироқ Василий билан бироз вақтдан бери оралари соз эмасди.

Ш у ни ўйлаб деди:

– Василийми? У сизни ҳаммадан кўра кўпроқ лаънатлаяпти.

– Яхши, яхши. Хўш, у нима деди?

– Э, гапиргани одамнинг юраги бетламайди. Илоё, ўзингга тавба қилдим… Василий айтдики, у имонсизнинг ажали етиб турибди, яқинда тўнғиз қавмига кетади, деди.

– Баракалла! – деди гўё хурсанд бўлиб гумашта, – хўш, ажалим етган бўлса, у шоввоз нега мени ўлдирмай қараб турибди экан, а? Қўли калталик қилаяптимикан? Ҳай, майли Васька, ҳали сен билан орани очиқ қилиб оламиз. Хўш, ҳалиги бору, Тишка кўппак, уям бир бало дегандир?

– Э бир у эмаc, ҳамма ёмонлаяпти сизни.

– Нима дейди, бекитмай айтавер.

– Э, қўйинг– е, одамнинг тили бормайди айггани.

– Тилинг бормаса ҳам айтавер. Кўрқма, сенга тегмайман.

– Мужиклар, илоё унинг қорни ёрилиб ичак– чавоғи оқиб тушсин, деди.

Михаил Семёнович хурсанд бўлган кимсадек ҳахолаб кулди.

– Кўрамиз ҳали, кимнинг ичак–чавоғи оқиб тушаркан, кўрамиз! Хўш, бу анави Тишкадан чиққан гaп бўлса керак, а?

– Битта Тишка эмас. Кимни кўрсанг – қарғайди, кимнинг олдига борсанг сизга ўлим тилайди.

– А, Петруша Михеев– чи? У нима деди? Менимча, у нажасга тикилгур ҳаммасини тобутдан олиб тобутга солгандир, а?

– Йўқ, Петр сизни бир оғиз сўкмади.

– Йўғ– е? Ростданми?

– Худо урсин рост. Ҳамма мужик бир тараф, унинг ўзи бир тараф. Бир оғиз гапирмади. Калласи ишлайдида. Аммо унинг бир ишини кўриб ёқамни ушладим, Михаил Семёнович!

– Нима қилибди?

– Э, сўраманг! Даладаги қимирлаган жон борки, ҳамма ҳайрон.

– Хўв гапирсанг– чи, одамни қон қилмай! Нима каромат кўрсатди у Петрушанг?

– Ростдан ҳам каромат. Секин унинг олдига бордим. Петруша эл қатори ўз чекига тушган ерни ҳайдаётган экан. Қарасам, у минғиллаб қўшиқ айтаяпти. Овози ингичқароғу лекин бирам ёқимли, бирам ёқимли… Энг қизиғи шуки, омоч устида, дасталар бирлашган ерда нимадир милтираб ёнаяпти.

– Ростданми?

– Худо урсин, рост. Хуллас, аста– секин яқинлаб бордим. Қарасам, шам экан! Ҳа, шу ўзимизнинг беш тийинлик арзон шам. Боя айтанимдай Петруша уни омоч дастасига қистириб қўйибди. Шамолдаям ўчмайди, пориллаб ёниб турибди. Петрнинг ўзи янги кўйлак кийиб олибди, омочини суриб, пайғамбаримиз шаънига айтиладиган санони хиргойи қилииб кетаяпти. Омоч силкинади, у ёқ– бу ёққа чайқалади, уват бошида бурилади, бироқ шам қилт этмайди. Петруша менинг олдимда омочини кўтариб тозалади, тишини алмаштирди, яна омочни шудгорга солди, қани шамга бир нима бўлсачи! Йўқ, у қандай турган бўлса, шундайлигича, милтиллаб ёниб турибди. Тавба, дедим.

– Ўзи нима дейди?

– Ҳеч нима. Мени кўриб чўқиниб қўйдида яна қўшиғини хиргойи қилиб ерини ҳайдайверди.

– Сен– чи, икки оғиз гаплашмадингми?

– Гаплашгани улгурмадим. Мужиклар келиб қолишди. «Улуғ айёмда ишлагани учун энди Михеевич у дунё бу дунё гуноҳини юволмайдиган бўлди», деб уни калака қилиб кулишди.

– У нима деди?

– Бир оғизгина жавоб берди. «Ер юзига зийнат – фароғат, одам боласига зийнат – яхши хулқ», деди. Кейин омочга энгашди, отини ҳайдаб, қўшиғини хиргойи қилиб кетаверди. Шам эса, бояги–боягидай қилт қилмай ёниб борарди.

Гумаштанинг авзойи ўзгарди. Гитарини бир четга қўйди. Калласини осилтириб ўйланиб қолди.

Шу бўйи анча ўтирди. Хизматкор хотинни ҳам, оқсоқолни ҳам ҳайдаб юборди. Парда ортидаги кундалик ётоқ жойига кирдию чўзилиб ётиб олди. Хадеб ух тортади, ингранади, тўлғанади. Етган ери худди юк ортилган аравадай ғичирлайди.

Хотини кирди. Эрини гапга солмоқчи бўлди. Гумашта бир оғизгина сўз айтди холос:

– Мени мот қилди. Ха– а, куним битибди энди…

Хотини ёлворишга ўтди:

– Ҳозироқ отланиб далага бор. Мужикларга жавоб бер. Шунда ўзингга яхши бўлади… Тавба, қанақа қалтис ишларга қўл урмаган эдинг, қўрқмаган эдинг. Энди бўлса, сувга тушган мушукка ўхшаб қалтираб ўтиришингни қараю! Тур ўрнингдан! Тура қол, жон Мишутка…

– Ўлдим, хотин… У мени мот қилди, мот қилди ўша Петруша…

Хотин бобиллаб берди:

– Худоё, тавба қилдим! Бир сўздан бошқасига тилинг келмай қолдими? «Мот қилди! Мот қилди!» Ҳозир далага боргинда, бечораларнинг жавобини бер, шунда дардинг енгиллашади. Тур ўрнингдан, деяпман! Мен ҳозир айтаман, отингни эгарлашади.

Михаил Семёнович от миниб далага жўнади. Қишлоқдан ўтиб борар экан, гумаштани кўриб одамлар жумтарақайлаб қочишга тушди. Биров ўзини ҳовлига урган, биров бурчак– бурчакка бекинган, яна кимдир полизга яшириниб олган.

У қишлоқ кезиб работга олиб чиқадиган дарвоза олдига келди. Дарвоза ёпиқ эди, отда туриб очолмади. Бир– икки товушлади, ҳеч ким чиқмади. Гумашта отдан тушиб дарвозани очди– да, тағин отга минмоқчи бўлди. Бир оёғини ўзангига солиб, энди эгарга ўтираман деганди, қаёқдандир лоп этиб бир чўчқа чиқиб қолди. Уни кўриб, от хуркиб кетди. Гумаштанинг иккинчи оёғи осмонда муаллақ қолди. Остидан от чиқиб кетди. Гумашта жон ҳолатда эгарга интилган эди, юзтубан йиқилди ва тўппа–тўғри йўғон, учлик ёғоч қозиққа бориб урилди. Қорни ёрилиб, қозиққа чиппа ёпишиб қолди.

Кечқурун мужиклар даладан қайтишди. Работ дарвозаси очиқ эди, Бироқ отларини ҳайдашса, ичкари кирмайди, ҳадеб ҳуркиб қочаверади. Нима бало бўлди экан, деб мужиклар ичкарига мўралашди. Қарашса, Михаил Семенович чалқанча тушиб ётибди. Қулочи керилган, кўзлари очиқ, ичак– чавоғи чиққан, атроф лахта– лахта қон ҳали ерга сингиб ҳам улгурмабди.

Мужиклар қўрқиб кетишди. Отларини тислантириб изларига қайтдилар. Ёлғиз Пётр Михеичгина ўзини йўқотмади. У отдан тушди, гумаштанинг ёнига борди, жон таслим қилганини кўриб, марҳумнинг кўзларини силаб, юмдириб қўйди. Кейин арава қўшди, ўғли икковлашиб гумаштанинг жасадини ортди–да, бойникига қараб ҳайдади.

Бу ишлардан хабар топган бой, азбаройи савоб юзасидан мужикларни даромад солиғидан озод қилиб юборди. Мужиклар ҳам бир нарсага имон келтирдилар: яратганнинг қудрати ёмонлик қилишда эмас, яхшиликда зухур бўлар экан.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации