Текст книги "Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ)"
Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 17 (всего у книги 67 страниц) [доступный отрывок для чтения: 22 страниц]
“Унинг сўзлари… қисқа-қисқа, шиддатли… сўзларида ҳам товушида ҳам қандайдир ғоят яхши бир оҳанг бор. У инсон разиллиги, ҳақиқатни бўғувчи жабр-зулм, яна вақти келиб ер юзида бўладиган гўзал ҳаёт ва ҳар дақиқа золимларнинг аҳмоқлиги ва бераҳмлигини унинг ёдига солиб турган деразалардаги темир панжаралар ҳақида сўзлайди…
…Унда одамга аралашиш майли зўр бўлса-да, ўзининг тезлиги ва бадгумонлиги туфайли ҳеч ким билан ошна бўлолмас, дўсти ҳам йўқ эди. Шаҳар халқи ҳақида таҳқир билан сўзлаб, уларнинг қўпол, нодонлиги ва ғафлат босиб, ҳайвонларча яшаши менга қабиҳ ва жирканч туюлади, деярди. У билан нима ҳақда сўзлашманг, гапни шу томонга айлантирарди: шаҳар дим, киши зерикади, жамиятда юксак мақсад йўқ, ҳаётни жабр-зулм, фаҳш, олчоқлик билан турли шаклга киргизиб бемаъни кун кечиради, муттаҳамларнинг эгни бутун, қорни тўқ, виждонли одамлар очин-тўқин яшайди; жамиятга мактаб, тўғри йўлга бошловчи маҳаллий газета, театр, оммавий китобхонлик, илмий кучларнинг бир ўринга тўпланишлари зарур; жамиятнинг онги шунчалик оширилмоғи керакки, ўз нуқсини кўриб, кайфи учиб кетсин, деярди. У одамлар ҳақида фикр юритганда қуюқ бўёқларни беради, бошқа рангларни инкор қилиб, фақат оқ билан қорадан фойдаланади; унинг фикрича, инсоният муттаҳамларга ва тўғри одамларга бўлинади; ўрта хили бўлмайди. Хотин-қизлар ва муҳаббат ҳақида доим эҳтирос ва завқ билан сўзлайди-ку, аммо ўзи бирон марта ошиқ бўлмаган…”
Бу сатрларни эслаб мен Асқар Қосим билан Иван Громовнинг тақдирини, дунёқарашларини таққослаш ниятида эмас эдим. Зинҳор! Мени замонлар ўзгаргани билан муаммолар сал ўзгача кўринишда яшаётгани ўйлантирарди, холос.
Опалар ичкаридан яхши кайфиятда чиқишди.
– Кўриниши ҳам, гаплари ҳам бип-бинойи, қайси виждонсиз бу ерга ётқизиб қўйибди? – дедилар Ҳикоят опа.
– Ташхис қўйишибдими? – деб сўрадим.
– Шезофриния эмиш, нима балолигини тушунмадим.
– Шезофриния – руҳнинг парчаланиши дегани. Ташхислари нотўғри, Асқарнинг руҳи соғлом, парчаланмаган…
“Шу ерда парчаланмаса эди”, деган фикр хаёлимни ёритиб, яна “6-палата”ни эсладим-у, этим жимирлашиб кетди.
Асқар Қосимни йўқлаб кириб кетган ҳамкасб опаларни кутиб ўтирган чоғимда мен “Шайтанат”ни ёзарман, унда шоирнинг дардларини Анвар исмли тарихчи олим зиммасига юкларман, деб ўйламаган ҳам эдим. Бу ишга орадан уч-тўрт йил ўтгач киришдим. Анварнинг ҳолатини тасвирлаш чоғида кўз олдимда Асқар Қосим турди. Фақат унинг ўзигагина хос гапларни, ҳазилларни бир-бир эслаб, қоғозга туширдим. Ҳатто бошига бало ёғдирган ўша икки сатрни ҳам сал ўзгартирган ҳолда Анвар тилидан баён қилдим:
“– Мени Худо ургани рост. Лекин сен айтганча эмас. Олим, балки бир оз шоир бўлганим учун урган. Мен бу дунёдан ҳақиқат топарман деб юрган эдим.
Шоир бўлиб туғилмасайдим,
Кўрмас эдим бунчалар хўрлик…”
Асқар руҳий касаллар шифохонасидан қайтгач, нашриётдаги ишини давом эттирди. Унинг хатти-ҳаракатида, гапларида ҳеч қандай ўзгариш йўқ эди. “Ҳар турли дорилар билан руҳини парчалашмаса эди”, деган хавотирим ўринсиз эканидан кўнглим хотиржам бўлди. Одатда, кимдир шифохонада даволаниб чиқса, кўнгил сўралади. Нашриётдагиларнинг кўпчилиги сўрамади, мен ҳам шуларнинг бири эдим. Шифохона ҳақида гап очиб, унинг кўнглини бузишни истамадим. Бир куни хонада ёлғиз қолганимизда “у ёқда бекор ётмадим, дунёнинг формуласини ишлаб чиқдим”, деб маъюс кулимсираб, менга бир варақ қоғоз тутди. Авваллари бундай қоғозларга шеърий сатрлар битилган бўларди. Буниси бошқачароқ эди. Таъбир жоиз бўлса, чиндан ҳам фоний дунё ҳаётининг фалсафий формуласи эди. Асқар бу гапларни авваллари ҳам айтиб юрарди, энди формула тарзида баён қилибди. Асқар ўша куни қоғозни қайтариб олган эди, бу формулани қисман ёдимда сақлаб қолгандим, ўзимдан қўшиб тўлдирган тарзда “Шайтанат”га кўчирдим:
* * *
– Мен ҳали сенга дунёнинг формуласини топдим, дедим. Бу сен ўйлагандек жиннича ҳазил эмас. Чиндан ҳам топганман. Эшит: ҳақиқат деган нарса бу нўл! Дунёни кўзга чиройли кўрсатиб берувчи ниқоб, чойшаб. Ўликнинг устига гулли чойшаб ёпиб қўйганинг билан мурда чиройли бўлиб қолмайди-ку, тўғрими? Ҳаётда ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Фақат чойшабнинг номи ўзгариб туради. Чойшабнинг ҳозирги номи нима, биласанми? Қайта қуриш!
– Анвар, қўй, бу гапни кейин гаплашамиз.
– Йўқ, эшит, менинг нимадан жинни бўлганимни билишинг керак. Демак, дунёнинг формуласи: ҳақиқатни икс деб турайлик, – Анвар стол устидаги қоғозни, чиройли қаламни олиб тез-тез ёзди-да, Элчинга узатди. – Мана, қара:
Ҳ(ҳақиқат)=хиёнат+риё+(ҳасад+очкўзлик)+адоват+ғийбат+ни-фоқ+шуҳратпарастлик+мансабпарастлик – виждон+иймон+ҳаё=0
Элчин қоғоздаги сатрларга узоқ тикилиб қолди. Сўнг уни икки буклаб стол устига ташлади.
– Ўрисларда бир мақол бор: Американи иккинчи марта кашф этмайдилар. Оддий ҳақиқатни кимга исбот этмоқчисан? Дунёда ҳамма нарса нисбий. Мен фалончига нисбатан инсофлиман, сен эса менга нисбатан, яна бир одам сенга нисбатан инсофлироқ. Ҳар биримиз ҳақиқатни ўзимизча тушунамиз.
Бизнинг нодонлигимиз ҳам шу тушунчалардан сув ичиб кўкаради.
* * *
Ҳамкасблар, гарчи Асқарнинг руҳий касаллар шифохонасидабўлишига доир бирон гапни айтишдан эҳтиёт бўлишса-да, кулгилиҳолатлар ҳам юз берган эди. Гап шундаки, аёллар у ёки бу масалага доир муносабатларини, айниқса ҳиссиётларини яшира олмайдилар, ҳеч бўлмаса, кўз қарашлари билан ошкор қилиб қўядилар. Бир куни Ноилахон опамиз хонада Асқар билан ёлғиз қолибдилар. Худди ашаддий жинни билан қолгандай икки-уч хавотирланиб қараб қўйган бўлсалар, Асқарнинг зийрак нигоҳи, буни сезган ва қитмир ҳазилдан ўзини тўхтата олмаган.
– Ноилахон опа, – деган-да қаттиқ тикилиб қолган.
– Ҳа, Асқаржон, нима дейсиз?
Асқар тикила-тикила опанининг жонини олгани етмагандай бу гапни айтган:
– Ҳозир сизни сўйсам, неча кило гўшт қиларкинсиз?
Бу гапни эшитган опанинг эси оғиб қолаёзган, дод солгану хонадан қочиб чиққан. Шу бўйи то пенсияга чиққунларига қадар бу хонага йўламаган эканлар. Опанинг бу қадар қўрқишларига Асқарнинг гапидан ташқари бошқа сабаблар ҳам бор эди. Аввало, Асқарнинг ота касби қассоб бўлган. Ўша кунлар Тошкентда “Қассоблар семиз хотинларни сўйиб, мол гўштига қўшиб сотишаётган эмиш”, деган миш-миш тарқалган эди…
Асқарнинг бу ҳазилини ҳам сал ўзгартирган ҳолда китобга кўчириб эдим:
* * *
Элчин унга соғинч тўла кўзи билан тикилар, Анвар эса бу қарашга ўзгача маъно бериб, “соғманми ё ростдан жинниманми, шуни аниқламоқчими?” деб ўйлар эди. Шу хаёли ўзи учун ҳақиқат туюлиб, ўзини жинниликка солди:
– Мана, ошна, – деди у кулиб, – шу оромгоҳда давлатнинг текиновқатини еб ётибман. Беш кун ишламаймиз, икки кун дам оламиз. Келажаги порлоқ ҳаваскор жиннилар юксак онглилик намуналарини кўрсатмоқдалар. Ҳалигача бирорта дўхтирни еб қўйишгани йўқ, – у шундай деб табиббошига қараб қўйди. – Мен бу ерда дунёнинг тузилиш формуласини ишлаб чиқдим. Биргина масала қолди: шу опамни сўйсам, неча кило гўшт бераркин? Чамамда етмиш кило. Нима дейсан? Калла-почалари бунга кирмайди.
* * *
Анварнинг жиннихонадаги аҳволини беришда ҳам Асқарнинг маҳзун чеҳраси кўз олдимда турди. Мен Асқарнинг жиннихонадаги ҳолатини кўрмаган эдим, лекин хаёлан тасаввур этишга уриндим:
* * *
Қишлоқда тонгни хўрозларнинг қичқириғи, қушларнинг чуғури, ниҳоят эшакнинг ҳанграши уйғотади. Руҳий касаллар шифохонасида эса деразаларига темир панжаралар маҳкамланган хоналардаги жинниларнинг ҳайқирган овозлари тонгни бир титратиб, сўнг уйғотади. Янада аниқроқ айтсак, бу овозлар шомдан тонгга қадар тинмайди. Бу бақириқлардан бе-зор бўлган тун бу ерлардан тезроқ қочмоқ истайди. Учинчи қаватдагилар туннинг ожизлиги-ю, ўзларининг қудратларидан масрур – гўё улар тонгни уйғотиш учун бетиним хизмат қилиб чиқадигандай. Анвар буни биринчи келган куниёқ фаҳмлаган. Гаплари алмойи-алжойи одамлар билан ҳамхона бўлгач, “чиндан ҳам мени эсим оғганми?” деб ўйлади. Бу тун ҳам шу зайлда кечди. Тонгга яқин ўрнидан турди. Даҳлизга чиқди. Ҳамшира стол устига қўлларини қовуштириб, билагини болиш қилиб уйқуга кетибди. У беморларнинг телба-тескари гапларига, учинчи қаватдан келаётган бақириқларга кўникиб қолган. Эшикнинг ташқари ойнаванд табақасини маҳкам ёпган, ичкариги табақа – темир панжарага қулф урган – бу ёғи хотиржамлик.
Анвар темир панжарага яқинлашиб, ташқарига тикилди. Учинчи қават ҳам жимиб қолиб, ҳаммаёқни ўлик сукунат қопласа, бу ер янада ваҳимали бўлса керак. Ҳарҳолда “жиннихона” деган номи бор. Ҳар ким ҳам юрак бетлаб яқинлаша олмайди. “Мен эсам улар билан бирга яшайман. Биз уларни “жинни” деймиз. Улар-чи? Улар бизни нима дейишар экан?.. Уларнинг кўзига биз жинни бўлиб кўринсак керак. Бу дунёга қип-яланғоч ҳолда келамиз. У дунёга кетишимизда ҳам ҳеч нарса олмаймиз. Бир одамга икки қулоч сурп кифоя. Ана шу келиш-кетиш орасидаги бир чимдим, умримизда нималарни талашамиз? Бир-биримизга хоинлик қиламиз, ҳасаддан куйиб-ёнамиз. Ҳатто… ўлдирамиз! Обрў топмоқчи, пул йиғмоқчи, шуҳрат орттирмоқчи бўламиз. Барчасига эга ҳам чиқамиз. Шоҳсупада талтайиб ўтирганимизда ҳазрат Азроил келади-ю, паттамизни қўлимизга тутқазади. Биз эса соғ одамлар буни тушуниб етмаймиз. Улар – жиннилар балки шу ҳақиқатга етиб борганлари учун бизнинг кўзимизга руҳий хаста бўлиб кўринишар? Ахир улар орасида мансаб талашишлар, маишат, ҳасад, хоинлик… йўқ-ку?…”
* * *
Навбатдаги тун бедор эди. Умрнинг яна бир қоронғи кечаси тўлғоқлар билан ўтаётганди. Руҳлари хасталанган беморлар орасида соғлом бир йигит дунёнинг кирлигига имон келтириб ўтирарди.
Ҳамшира билан бўлган суҳбатдан эзилди, шоир эсига тушиб ўртанди, деб, сиз азизларни чалғитмай. Нафсиламрини айтганда, суҳбатни кес-кин узишга нима сабаб бўлганини Анварнинг ўзи ҳам аниқ билмайди. Юраги сиқилади-ю, томоғига бир нима тиқилиб гапиролмай қолади. Қулоғи шанғиллайди. Хотини кўргани келганида ҳам туппа-тузук гаплашиб ўтириб, бирдан шу аҳволга тушади. Хотини “касаллари тутди шекилли”, деб ўйлайди. Ўзи ҳам баъзан шу фикрга келади. “Чинданам жинни бўляпманми”, деб хаёл қилади. Бу фикрга банди бўлмаслик учун “Дорилар таъсир қиляпти”, деб ўзини ўзи ишонтирмоқчи бўлади. Руҳни созловчи, тинчитувчи кучли дорилар соғлом одамни гангитиши турган гап.
Ҳозир ҳам шундай бўлди. Хонага кириб ўтириб ютинди. Ўша “бир нима” томоғига қадалиб тураверди. “Жоним ҳалқумимга келиб қолдими? Қадалиб нима қилади, чиқиб кета қолмайдими? Жон чиқиши шунчалик қийинми? Уни қувиб чиқариш учун бўйнига сиртмоқ солиш шартми? Асқар ака ҳам шундай қийналганми? Қандай умидлар билан тонг оттирганлар? “Бандасини яратган Худо инсофни ҳам берар”, дебми? Шоҳ Машрабдай одамни осган бандага инсоф берилишини умид қилиш мумкинми?”
Юраги сиқилиб, ҳаво етишмаётгандай бўлди. У чуқур-чуқур нафасолди. Томоғидаги “бир нима” йўқолди. “Жон анойи эмас. Мендай мўминни ташлаб қаёққа кетсин? Лекин юрак безовта. Нимага потирлайди. Озодликни қўмсаяптими? Қаерда бор озодлик? Мана шу деворлар ортидами? Ё учинчи қаватдами? Озодлик девор ортида эмас, шу ерда-ку? Озодликни асраш учун девор билан ўраганлар. Энг улуғ озодлик эса учинчи қаватда. Шунинг учун ҳам деразаларга темир панжара тўсилган. Девор орти – жиннихона. Амал талашадилар, обрў, шон-шуҳрат илинжида Худодан қўшимча бармоқлар тилаб олиб ишга киришадилар… Бу ерда эса ундай жиннилик йўқ. Ҳамма теппа-тенг…”
* * *
– Ким билан келсангиз ҳам сизга жой йўқ. Сиз соппа-соғ одамсиз. Ўзингизни ҳам, бизни ҳам қийнаманг.
– Кўнгул пора-пора, дил жароҳатга тўла… Мирзо Анвар, сени жиннилар ҳам сафларига қабул қилмаслар. Аросатда чирийсан, энди вужудинг ваҳшат ичра тор-мор ўлажак! – Анвар саҳнада сўйлаётган каби баландпарвоз оҳангда гапириб, ўрнидан турди.
Жиннихонадан чиқиб, трамвай йўлига бориш учун қабристонни кесиб ўтган тор кўчадан юриш керак. Қабристон устидан юриб бораётганларини билган айрим ҳайдовчилар машиналарини секинлатадилар, айримлар танга ташлаб ўтадилар, айримлар эса тезликни камайтирмай, ёмғирдан мерос қолган кўлмакларни сачратиб ўтиб кетадилар.
Қабристоннинг пастак деворига қадалган энсиз йўлакчадан бораётган Анвар беихтиёр индамаслар дунёсига кўз ташлади. Ёруғ дунёда биров бой, биров камбағал яшагани билан, ўлим топганидан сўнг тенглашади, дейишади. Дарҳақиқат, бойга ҳам, камбағалга ҳам ўша ер, ўша кафан тегади. Униси ҳам, буниси ҳам тупроққа қорилади. Аммо алдамчи бу дунё худбинлигига банди одамлар қабрларнинг тепаларига мармар тошлар бостириб, қабрда ётган одамнинг ёруғ дунёда пулдор бўлганидан огоҳ этиб турадилар. Анвар шу хаёлда тўхтаб, бир-бирига мингашиб кетган қабрларга разм солди: қора мармар, оқ мармар… ғишт сағаналар… Ҳеч қандай тош ўрнатилмасдан суваб қўйилган қабрлар усти эса лолақизғалдоқларга бурканган. Баҳор ўзининг неъматларини фақат шу қабрлар устига сочган. Қаққайиб турган қимматбаҳо тошлар бу гўзаллик орасида шумшайиб, кўзга хунук кўринади. Анварнинг назарида қабрдаги руҳлар лолақизғалдоқларга айланиб, бу дунё кўркамлигидан шодланар, тош остидагилар эса эзилиб, зулматга банди эдилар…
“Тириклик билан ўлим ўртасида шу паст, юпқа девор бор, – деб ўйлади Анвар. – Деворнинг у томони осойишталик. Бу томони нотинчлик. Ҳасад ўтида қовурилиб, бир-биримизга хоинлик қилиб, охири у томонга ўтамиз. Риё, хиёнат, ҳасад, мунофиқлик… хасталикларига тупроқ остида даво бормикин? Умри шу хасталик билан ўтган, бу хасталигидан ўзи лаззат олиб яшаганлар у дунёда нимадан роҳатланар эканлар?.. Мен ҳам бир кунмас-бир кун келаман. Жисмим тупроқ остида, руҳим бошқа томонларда бўлади. Кимдир деворнинг нариги томонидан туриб, қабримга қарайди. “Бу ерда ётган ким экан, тириклигида нима каромат кўрсатган экан?” деб ўйлайди. Қабрим, унинг устида очилган лолақизғалдоқлар соқов – унга жавоб беролмайди. Чайқалиб турган лолақизғалдоқлар ҳозир мени кўриб туришибди. Менга нимадир дейишяпти. “Биз ҳам холидийлардан куйганмиз, қўй у дунёни, кел биз томон”, деяптими? Одамлар олтмиш-етмиш ёшга тўлдим, деб зиёфатлар берадилар. Бунга қувониш эмас, балки қайғуриш керакдир? Узоқ яшамай, деворнинг у томонига тезроқ кетиш балки айни бахтдир?..”
* * *
Анвар образи тўқима эмаслигига ўқувчини ишонтириш учун асарда Асқар Қосимнинг ўзини ҳам кўрсатишни истадим. Бунинг учун фантас-тика унсурларига мурожаат этиб, ўзга сайёраликлар ва нур пойандоз каби хаёл маҳсулидан фойдаландим.
* * *
Анвар нур пойандоз устига қадам қўйиши билан ўзини енгил ҳис этди. Кўзлари нурдан қамашди. Қанча вақт ўтганини билмайди. Бир вақт нур кучдан қолиб, кўз олди равшанлашди.
– Гаплашиш мумкин эмас, фақат кўришинг мумкин.
Шаршара ёнидаги мажнунтол соясида ўтирган одамни таниди: Асқар Қосим. Ўй суриб ўтирибди. Ерда ҳам шундай эди – кўп ўй сурар эди. Атрофдаги одамлар ҳам таниш. Шийпондагилар… Наҳот? Қодирий, Чўлпон… “Тушимми, ўнгимми?”
– Ўнгингда кўряпсан.
– Уларни ҳам сизлар…
– Ҳа, биз олиб кетганмиз. Ердаги заураликлар зулмидан халос этганмиз. Покиза одамларнинг барчаси шу жойда ором топади – билиб қўй! Энди изингга қайт. Мен сен билан яна учрашаман…
Кўз олдидаги нур яна кучайди. Ўзини яна енгил ҳис қилди. Сўнг… нур йўқолди. Ғира-шира хона… Хуррак овози…
– Уйқингиз келмаяптими?
Кўрганлари тушми ё рўё эканини билолмай гаранг ўтирган Анварга эшик томондан келган овоз худди ер қаъридан чиққандай туюлди. Шу сабабли саволга жавоб қайтармади. Овоз келган томонга қарамади ҳам.
– Бу ерда менам ухлолмайман.
Анвар овоз ер қаъридан эмас, эшик томонидан келганини фаҳмлаб, бошини кўтариб қаради. Янги йилдан уч кун олдин келган ўрта ёш киши тирсагига тиралиб унга қараб гапирар эди.
– Гапларингизни эшитиб ётувдим. Асқар деган болани эсладингиз. Мен ҳам танирдим у болани. Темир йўлнинг нарёғидаги жиннихонада бирга ётганмиз. Юраги тоза бола эди. Аммо соғлом эди. Бекор увол кетибди. Эшитмаган эканман. Худо раҳмат қилсин.
Анвар гап пойлаб ётган бу кишига нима деб жавоб беришни билмади. Овқат устида бир-икки оғиз суҳбатлашгани ҳисобга олинмаса бу одамни билмайди. Ким у, дарди нима – хабарсиз.
Анвардан садо чиқавермагач, гап ташлаган одам ўрнидан туриб келиб ёнига ўтирди. Каравот симлари унинг оғирлигига дош беролмай зорланиб, ғижирлаб қўйди.
– Бу ерларда ётавериб кўзим пишиб қолган. Ким соғ, ким носоғ – дарров ажратаман. Керак бўлса дўхтирларингизни ўқитиб қўяман. Сиз соғлом йигитсиз. Бу ерга тушиб қолганингиздан эзиляпсиз. Эзилманг, ука. Бу ернинг номи хунук. Ўзи яхши жой. Мен шу ерда жон сақлайман. Агар жиннихона бўлмаганида аллақачон… асфаласофилинга жўнатворишарди. Бир куни денг, оқшом кўчага чиқсам, қўшним турибди. Яп-янги “Газ–21” олган эди. “Юринг, қўшни, хизматингизда бўлай”, деди. Ўзи муттаҳамроқ бола эди. Мен унинг устидан органга ёзиб юборган эдим. Ҳай, Худо инсоф берибди, дедим. Ўтирдим. У қизиғар мошинасини Қорақамишга қараб учирди. Гадой топмас ерга етганда “қимирламай ўтир!” деб дўқ урди. “Вой, қизиғар, ўлдиради, шекилли”, деб мошинадан тушдим. Қочай, деб ўзимни қамишзорга урдим. Бундай қарасам, чуқурда одам ўликлари ётибди…
Анвар бу ҳикояни кечки овқатдан кейин эшитган эди. Шу сабабли эшик ёнидаги каравотда ётувчи бу одамнинг гаплари қулоғига кирмади. Бошқа пайт бўлганида балки зерикмай тингларди. Аммо ҳозир, кўзига кўринган нур, дераза ортидаги гўзал узор, шаршара, мажнунтол, хаёлга чўмиб ўтирган шоир… уни ёлғизликка ундарди. Бу ёруғ олам аро ҳеч бўлмаганда бир неча дақиқа якка қолишни истарди. Банданинг кўнгли нималарга сус кетмайди. Воҳидлик фақат яратган парвардигорга ярашади. Фақир бўлиб яралганидан кейин ёнингда ит ўтирса ҳам, бит ўтирса ҳам чидайсан.
Анвар бу одамни эси оғиб қолганлардан деб билгани учун ёнидан ҳайдамади. Гапини қандай бўлиб, жойига қандай жўнатиш йўлини излади. Ножўя сўз айтиб юборса бу тоифа одам айюҳаннос солиб жиннихонани бошига кўтариши ҳеч гап эмас.
– Мен боятдан бери сизга қараб ётибман. Ҳайкалга ўхшаб қотиб ўтирибсиз. Мен сизга айтсам, – у Анварнинг қулоғига шивирлади, – мен ҳам соппа-соғман. Лекин ҳамма мени жиннига чиқаргани учун баъзан ўзим ҳам ишониб кетаман. Давлат ҳам ишонади. Ишонмаса йигирма уч сўм пенса берармиди. Энди ука, менинг отим Шоқаюм, туз-насиб экан, шу ерда жон сақлаймиз. Мен ҳангоматалаб одамман. Кўп гапириб бездирворсам, шартта уришиб ташлайверинг, хафа бўлган – номард. Лекин ҳадеб бунақанги сиқилиб ўтираверманг. Ўзингизни еб қўясиз. Мен ҳам олдининга шунақа бўлганман. Кейин билсам, қайтага шу яхши экан. Одамлар мени жиннига чиқаргандан бери мазза қилиб яшайдиган бўлдим. Олдин тўғри гапни айтолмай эзилиб кетардим. Энди шартта-шартта айтаман. Бировнинг қулоғига кирадими, йўқми, айтавераман. Шунақа қилиб юрагимни бўшатиб оламан. Сиз ҳам шартта-шартта гапириб юбораверинг. Бунақа ўтирманг.
“Бунақа ўтирманг… Ростдан ҳам қимирламай ўтирдимми? Нур-чи? Шаршара-чи?”
– Шоқаюм ака, кирганимдан бери ҳайкалдай қотиб ўтирдимми?
– Ҳа, де! Асқар раҳматли ҳам шунақа эди. Деразага тикилиб ўтираверарди. Қоронғида нимани кўряпти, деб ҳайрон бўлардим. Аммо уни гапга солиш қийин эди. Бир куни “нима қилиб ўтирибсиз, ука?” десам, “қудуқ қидиряпман”, деди. “Ҳазиллашяпсизми, қанақа қудуқ?” деб сўрасам, “Искандарнинг шохи бор”, дегани бир қудуқ керак манга” дейди. Шунақа ғалати гап-лари бор эди. Кўп гапларига тушунмасдим.
Анвар “бу оддий гап, ҳар бир шоир ҳақиқатни айтишни истайди. Ривоятдаги сартарош каби айтолмай қийналади. Бир қудуқ топса-ю, айтса, юрагини бўшатиб олса…” демоқчи бўлди-ю, Шоқаюмнинг гап халтасини баттар кавламай, деб индамай қўя қолди. Шоқаюмнинг гап халтаси биров тегмаса ҳам қайнайверар эди. Анвар индамагани билан гапи тошиб чиқаверар эди. Анвар унинг сўзларини узуқ-юлуқ эшитарди. “Демак, кўзимга кўринган. Ўтирган еримда ухламай туриб, туш кўрганман. “Учар ликопчани кўрдим”, деганлар ҳам менга ўхшаб хаёлан учрашганлар. Бу – жинниликнинг бошланиши эмасмикин?”
* * *
Хонадаги яна икки бемор индамаслар тоифасидан экан. Кузатувчи чиқиб кетгач, хитобчи яна Анварга қаради:
– Мен билан коммунизмга бормайсанми?
“Битта арбоб, иккита индамас жинни ҳамкорлигида яна қаёққа бориш мумкин?” деб ўйлади Анвар. Саволга жавоб бергудай бўлса бу “арбоб”дан қутула олмаслигини билиб, ўзини индамаслар сафига қўшишни маъқул кўрди. “Арбоб” бир-икки саволига жавоб ололмагач, ўзи билан ўзи овора бўлиб қолди.
Кечки овқатдан сўнг дори-дармонларни қабул қилишгач, ҳамхоналари одобли болалар каби ётиб, уйқуга кетишди. Анвар ҳам ётди, аммо остига тиканли тўшак солингандай ором топмади. Аввал қаддини кўтариб ўтирди. Сўнг туриб, даҳлизга чиқди. Наватчи ҳамшира ўрнида барваста, ёноғида тукли холи бор аёл катта дафтарга нимадир ёзиб ўтирарди.
– Нимага чиқдинг, кириб ёт, – деди у қўполлик билан.
– Уйқум келмаяпти, бугун олиб келишди мени. Келажаги порлоқ жиннилардан бўлсам керак. Қўрқманг, қочиб кетмайман.
– Қочиб гўрга борармидинг, бор кириб ёт, бошимни оғритма.
Аввалги жиннихонада ҳам навбатчи ҳамшира уни кириб ётишга ундаган эди. Аммо бу тарзда эмас, ялиниш оҳангида илтимос қилиб эди. Шунда Анвар унга бир шеър айтган, у “яхши шеър экан”, деб бир оз суҳбатлашган эди. Анвар гарчи бу хотиндан яхши гап чиқишига гумонда бўлса-да, ўша шеърни ўқигиси келди:
Баҳорда гуркираб авж олган чечак,
Сўлар хоҳ истама, хоҳи сен иста.
Унга ёр на ўтмиш, на-да келажак,
Тупроққа жо бўлиб кетар оҳиста.
Шунинг-чун сўнгги бор куйлайди қумри
Билмам не марсия, билмам не вола.
Ҳей, менинг умримдир чақмоқнинг умри
Бир чақнаб маҳв бўлсам чекмагин нола!
Навбатчи ёзишдан тўхтаб, унга ғалати қаради:
– Нима бало, шоирмисан? – деб сўради, шеър ўқиб бўлингач.
– Йўқ, жинниман, – деди Анвар истеҳзо билан.
– Жиннилигинг билиниб турибди, кириб ёт дедим сенга.
Анвар “хўп бўлади” деди-да, орқаси билан юра туриб яна бир тўртлик ўқиди:
Ёмғирдан сўнг очилди боғлар,
Энди еллар гирдикапалак.
Астагина титрар япроқлар,
Хайр дема, беозор малак…
Навбатчи аёл сўнгги сатрни нотўғри англаб, қўлидаги қаламни тақ этиб стол устига қўйди-да, ўрнидан турди:
– Қани, кир ичкарига, деяпман! Ҳали мен сенга малай бўлдимми, ҳув турқинг қурсин!
Анвар бу ер шеър ўқийдиган, ҳазиллашадиган жой эмаслигини англаб, шошиб ичкарига кирди. Навбатчи ҳамшира эшикни очиб, то у жойига ётгунича қараб турди.
Анварга алам қилди. Аслида у юракни сиқаётган исканжа азобидан қутилиш учун даҳлизга чиққан эди. Аввалги жиннихонада шундай бўларди. “Бу ер нима ўзи – жиннихонами ё қамоқхонами?” деб ўйлади у.
Аламдан холи бўлмоқ учун хаёлини чалғитишга уринди. Қўлини болиш қилиб, чалқанча ётганича ўй ўйлади: “Уйимга хабар бергани ким борган экан? Ҳарҳолда “энг кичик илмий ходим”ни югуртиришади. У бечорагина бўйнини қисиб туриб минғирлайди. Нима дейди? “Ишда бирдан касаллари тутиб қолди”, дермикин ё… ҳа, “устозларининг ўлимидан қаттиқ қайғурдилар” дер. Шундай дегани дуруст, шуниси сал обрўлироқ. “Бир оз дам олсин, даволансин, деб касалхонага (“жиннихонага” демайди) жойлаштиришди” дейди. Дейди-ю, зипиллаб изига қайтади…”
– Ҳа, айнан шундай бўлади.
Анвар таниш овозни эшитиб, сергакланди.
– Ким бу? – деди пичирлаб.
– Танимадингми? Асқар акангман.
– Сиз?..
– Мен сени кўргани келдим. Мени ҳам шу ерда сен каби “даволашган”.
– Навбатчи хотинни танийсизми?
– Танимай-чи? Агар уни мол десанг, дунёдаги барча моллар ҳақоратга чидай олмай “мени келиб-келиб шунга ўхшатдингми”, деб ўзини осади.
– Сизнинг шеърингиздан ўқиган эдим, тушунмади.
– Шеърни хор қилма, ука.
– Одамлар нима учун бундай туйғусиз бўлиб кетишяпти?
– Буни англашинг учун ёнимга келишинг керак. Мен билан сенинг оламинг бошқа.
Ҳақсизликни кўрсам қалбим бозиллар,
Во дариғ, мум тишлаб турар фозиллар.
Эсингдами бу сатрлар? Фозиллар нечун мум тишлайдилар, англаб етмадингми? Сен ақлли йигитсан. Дўстлар учун минг бир фазилатинг ҳам кам, душман учун бир фазилатинг ҳам кўп эканини биласан. Одам бу дунёга яланғоч келади. Кетишида ўзи билан ҳеч нима олмайди. Ололмайди. Унга икки қулоч сурп, икки қулоч ер кифоя. Ҳеч нарсасиз келиб, ҳеч нарсасиз кетишини билса ҳам бир чимдимгина умрида бойлик талашади, амал талашади, обрў талашади. Сен Худога шукур қил. Биз бундай бачкана нарсалардан устун турдик.
– Мен бир кўҳна китобда ўқиганман: кимки ўз нафсини хор тутса, Худо унинг қадрини ошираркан. Кимки ўз нафсини иззат қилса, Худо бандалари олдида уни хор қиларкан.
– Айни ҳақиқат бу. Эшит:
Кўкдаги қуш пастдан луқма излайди,
Пастда сайёд ов қилмоқни истайди.
Ғалати бу манзара.
Самодаги тузоқ нима ҳам билмагай,
У ҳеч кимга итоат ҳам қилмагай
Бир қара-я, бир қара.
Англадингми? Энди йўлга отлан. Сен билан менинг жойим самоларда.
– Самоларда? Ерда-чи? Бунда ким курашади? Ким адолат учун бошини тикади? Сиз айтган эдингизки “Нафси ёмон катта балиқ оғзини очиб, ютди кичик балиқларни дарёда ҳей…” Шундай бўлиб қолаверадими? Айтинг?
Нечундир жавоб бўлмади. Анвар ажабланганича қаддини кўтариб атрофга аланглади. Асқар Қосимнинг овози ўрнига ҳамхоналарининг хурраги эшитилиб, энтикди. “Мен чиндан шоир билан суҳбатлашдимми ё алаҳсираб ўзим билан ўзим гаплашдимми? Асқар ака нимага даъват этди? Ё нурдан элчи бўлиб келдими?”
* * *
Анварнинг тақдирига тегишли баёнларда Асқар Қосимнинг шеърларидан фойдаланганман. Аслида бу шеърларнинг остига “Асқар Қосимдан” деб изоҳ беришим одобдан эди. Аммо асарда ўзининг иштироки бўлгани сабабли бунга эҳтиёж сезмадим. Агар бу айб саналса, тавба қиламан. Асқар Қосимнинг шеърларини шунчаки эсламаганман, унинг бу дунёдаги аламли туйғуларини Анвар мисолида қоғозга кўчиб қолишини ният қилганман. Мухлисларимизнинг кўпчилиги “Шайтанат”ни бадиий фильм орқали билишади. Афсуски, фильмда Анвар образи китобдагидай берилмаган. Мен бехабар эканман, режиссёрлар шошилиб, Анварни осиб, сўнг ўлимдан олиб қолишган экан. Кейинги қисмларда Анвар тақдирини ҳал қила олмай қийналишди. Томирини кесиб ўлдирайлик, дейишди, Зайнаб жонига шундай қасд қилгани учун қайтариқдан қочишди. Охири Анварни жиннихона томидан “ташлаш”ди. Киночилар Анвар образининг моҳиятини теран ҳис қила олишмагани учун шундай бўлди. Асқарнинг шеърлари кинода берилмагани сабабли айримларини бу баён жараёнида эслагим келди:
* * *
Дилобар “Гапингиз ростми?” дегандай унга бир қараб олди. Анвар бошини эгиб, кўзларини бир нуқтага қадаб ўтирар эди. Ҳамширанинг қараб қўйганини сезмади.
– Сиз мендан нафратланманг. Агар сиз мендан ранжисангиз… мен дунёдан нафратланаман.
Олисларни кўриш учун умр карвони,
Сабоқ экан, кипригимни ёш қилиб қўйди.
Кейинчалик ҳар бир кузнинг барги, хазони
Юмшоққина юрагимни тош қилиб қўйди.
Дилобар орадаги синиқликни кўтариш учун гапни бошқа ёққа бурмоқчи бўлди:
– Янги шеърингизми?
– Йўқ, – Анвар бошини кўтармай жавоб берди, – Асқар Қосим деган шоир-ники. Тақдирим ўхшайди, аммо шеъриятига етишим мушкул. Балки умрим ҳам ўхшар.
– Умрим?.. У одам тирикми?
– Йўқ… ўзини осган.
Дилобар титраб кетди.
– Осган?
– Ҳа.
– Нимага?
– Буни тушунишингиз қийин. Охирги шеърини айтайми?
– Айтинг.
“Бошгинамга ағанаган, катта тоғлар, алвидо!
Мен кетарман ҳасратланиб, руҳи соғлар, алвидо!
Бу дунёнинг шўришига навниҳоллар тебранинг,
Эслироқ боғбони йўқ, қолди боғлар, алвидо!”
– Вой, бечора…
– Бечора эмас. Чорасини топди, мард экан.
– Қўйинг, бунақа гапларни. Ўзини ўлдириш… мардлик эмас.. Анвар ўрнидан турди. У аёл билан баҳслашишни истамади.
* * *
– Нима қилишим керак эди? – деди Анвар ғолиб одам товуши билан, –ҳеч кимга кераги йўқ, деб сотворибман-да.
Биргина мен қайрағоч
Этагида бенурман!
Кун унридан маҳрумман,
На ғуломман, на ҳурман!…
– Ёшлик қилибсиз. Ҳали пушаймон емасангиз эди…
– Фазилатим, кам ила кўстим
Сизга аён, олмоқ керак тан…
Ўзим мерган бўлмагач, дўстим,
Кимларнингдир отган ўқиман…
Ҳар нечук Холидий темирдан эмас, барча бандалар каби “лойдан ясалган” экан. Кўкрагида уйғонган ғазаб уммони тўлқинларининг мавжини вужуди сиғдиролмай портлади.
-Йўқол! – деди тишларини ғижирлатиб.
* * *
– Майнавозчилик қилаётганим йўқ. Диссертация йўқолган.
– Йўқолганми ё… чет элга сотилганми?
– Чет элга? Бе, жиннининг ҳимоя қилинмаган диссертацияси кимга керак?
– Шунга қизиқадиганлар ҳам бор. Демак, диссертация йўқми?
– Ким сизга йўқ деди? Диссертация бор. Аммо чала. Ўзингиз замон ўзгарди, дедингиз. Демак, энди уни янги замон кўзи билан қараб чиқиш керак. Тарих фани фоҳишага ўхшаб ўзгариб туради, биласиз-ку? Яқинда жиннихонадан тузалиб чиқдим. Энди ўтириб ишлайман. Чет элга сотворган деб, сизга нотўғри маълумот беришибди. Бу хабарлари учун уларга ҳақ тўламанг. Чет элга бунақа гаплар беш-ўн йил олдин керак эди. Ҳозир уларни бошқа нарсалар қизиқтиради. Жинни бўлсам ҳам бунга ақлим етади.
– Диссертациянгизни эртага олиб кела олмайсизми?
– Тилхат ёзиб бера қолсам-чи? Диссертация ўзимда турибди, чет элга сотмайман, маъқулми?
Аввалги суҳбатда Анвар “бу мавзу билан шуғулланмайман”, деб ёзиб берган эди. Ҳозир шуни эслатиб пичинг қилди. Йигит буни тўғри тушуниб, унга бир варақ қоғоз узатди. Анвар ўйлаб ўтирмай тез-тез ёзиб берди: “Берурман ушбу тилхатни шул ҳақдаким, сариқ чақага арзимас “диссертация” деб аталмиш матоҳ ҳамон ўзимдадир ва уни ўзим билан гўрга олиб кетгумдир.
Б а й т:
Дунёнинг ишига бермоқ керак тан:
Ўсган соч қирқилади, ошгач ҳаддидан!”
Миқти йигит тилхатни ўқиб, кулимсираб қўйди-да, Анварга рухсат берди.
* * *
Асқарни иккинчи марта руҳий касаллар шифохонасига ётқизишганидан бехабар эдим. Бу пайтда мен “Шарқ юлдузи” журналида ишлардим. “Асқар Қосим ўзини осиб қўйибди” деган шумхабарни эшитиб жоним чиқиб кетай деди. Маъюс ўтиришларнинг охири сиртмоққа олиб келишини кутмаган эдим. Шоирнинг жонига суиқасд қилишидан сиёсий маъно излашди. “Ёзувчилар уюшмаси номидан таъзия бериш керакми ё йўқми?” деган баҳс ҳам бўлди. Фоний дунёда нодонлар кўплиги шунақа кезлари аниқ бўлиб қолар экан.
Мен ўша кеч ухлай олмадим. Сиртмоққа бошини тутаётган дўстим кўз олдимга келаверди. Асқар ўзини ота уйида осган экан. Мен бу машъум ҳолатни китобда жиннихонага кўчирдим. Жонга суиқасд қилиш осонмас. Заҳар ичадими ё томир кесадими… жон бир неча дақиқада чиқади, аммо неча соат ёки кун руҳий тайёргарлик бўлади. Асқар сиртмоқ ясай туриб, сўнг бўйнига солатуриб нималарни фикрлади экан? Бу ҳақда кўп ўйладим. Суҳбатларимиздаги сўзларидан, шеърларидаги фикрларидан жавоб топишга уриндим. Анварнинг сўнгги кунларини баён этишда айнан шу фикрларни асос қилиб олдим:
* * *
Нур нима учун мени огоҳлантирди? Дўстимнинг дўсти ҳалок бўлишини истамади. Аммо мени шоширяпти. Мен унга “ҳаётдан тўймадим”, дедим. Шу гапдан аччиқланиб, дарров ғойиб бўлдими? Мен… ҳаётдан тўймадимми?..”
“Ҳаётдан тўйиш” деган гап тилдан осонгина учади. Шу иккитагина сўздан иборат тушунчанинг ўқ илдизини топиш эса жуда мушкул. Ҳар ким ҳаётдан ҳар хил лаззат олади. Кимдир маишатдан, фоҳишалар даврасида яйраб тун ўтказишдан, бошқа биров эса ана шу ҳаром йўлга юрмаганидан лаззатланади. Кимдир тўплаган мол-дунёсига қарагани сайин кўзи қувнайди, бошқаси тешик тоғорага қараб, қорин ва нафс бандаси бўлмагани учун Яратганга шукур қилади.
Худди шунга ўхшаш, ҳаётдан тўйиш ҳам турлича. Биров мол-дунёсидан айрилса, ҳаётдан тўяди. Биров ҳақсиз дунёдаги найранглардан тўяди… Анвар нимадан тўйсин? Ҳолидийнинг ҳийлаларига чидай олмаганини ошкор этиб, бу дунёдан кетворсинми? Дунёни Холидийларга ташлаб қочсинми? Асқар Қосим кетди. Нима ўзгарди? Ким инсофга кирди? Кимнинг кўзи очилди? Унинг исёнини ким англаб етди?
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?