Текст книги "Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ)"
Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 22 (всего у книги 67 страниц) [доступный отрывок для чтения: 22 страниц]
Илоннинг пўсти ниҳоятда чиройли бўлгани билан ҳеч бир кимса уни ҳавас билан қўлга олмайди, силамайди. Ғирромни Худо ҳусндан қисмаган, ўз оламининг гўзалларини ром этиши қийин эмасди. Ўлатнинг қизига ишқи тушганда бу гўзалга эга бўлиши ҳам ўшандай осон кечишига ишонган эди. Лекин Моҳидилнинг олами, кўнгли ўзгача эканини ҳисобга олмаганди. Ҳа, Ғирром хушсурат эди, келишган йигитлар кўриги ўтказилса-ю, у қатнашар бўлса, ҳатто шу ёшида ҳам ғолибликка даъво қилиши мумкин эди. Лекин ҳакамлар ҳайъати унинг нурсиз юзига, совуқ қарашига эътибор қилса, биринчи босқичдаёқ рўйхатдан ўчиб кетиши ҳам аниқ эди. Ана шундай талабчан ҳакам тоифасидан бўлмиш Моҳидил бу одамни биринчи кўришидаёқ рад этган эди. Шундай экан, Ғирром кўрикда қатнашишни эмас, рўйхатга илинишни ҳам орзу қилмаса бўларди. Лекин ақлини хиралаштириб ташлаган кўнгил кибри ҳақиқатни тан олишига йўл қўймасди.
Моҳидилнинг атрофида ўралашиб юрувчи йигитлар Ғирромнинг ғашини келтирарди, Бўроннинг “жиянимга суйкала кўрма”, деб огоҳлантириши ғазабини қўзитарди-ю, қизга эга чиқа олишига бўлган қатъий ишончи уни бу йўлдан тойдирмай турган эди. Йўлида Ғайратнинг пайдо бўлиши уни сергаклантирди. Ғайратнинг қишлоқ йигитлари сингари бўшашган хушторларидан эмаслигини била туриб унга қарз бериши ўзининг нодонлигидан эди. Қўлида бақувват карта бўлгани билан қиморни бой берган кимсани нима деб аташ керак? Ғирром ўшанинг ҳолига тушай деб қолганини англаб, энди ўзидан ғазабланди.
Ғирром бугун шаҳарга тушиб чиқишни режалаштириб, барвақт турган эди. Цехдаги идорасига кириб, зарур қоғозларини олаётганда милицияхонадан чиқиб, Моҳидилнинг кўчасига қараб йўл олган Ғайратни кўргач, ўйлаб ҳам ўтирмай, унинг изидан тушди. Бурилишда Назирани кўрганда бир оз тўхтади. Қайтгиси келди-ю, бироқ, орқасига бурилмади, бу уйда бир гап бўлаётганини кўнгли сезди. Кўнгли алдамаган экан…
Индамай туравериш жонига тегиб, Ғирром киноя оҳангида гап бошлади:
– Онангизни соғинган эдингиз, мен Тошкентга жўнаворгансиз, деб ўйлабман.
– Ойимни тушимда кўриб, соғинчим сал босилди. Эрталаб хўжайин иш буюрувди, участковойлигимни қилиб юрибман, – деди Ғайрат кинояга қувлик билан жавоб қайтариб.
– Участковойнинг иши текширишми? Текшириб бўлдингизми? Эчки-бузоқлари-ю, бурга-битлари жой-жойида эканми? – деди Ғирром ғашлигини ошкор қилиб. – Милисанинг иши бошидан ошиб ётганини биламиз, бора қолинг.
– Милисанинг иши кўп-у, лекин бу ерликлар жуда меҳмондўст экан, бир пиёла чойсиз уйдан чиқаргиси келмайди. Қутлуғ уйдан қуруқ кетманг, дейишяпти, – Ғайрат шундай деб, қизларга қаради, – Назира, акам туриб қолдилар, тўрга чиқаверсинларми?
Моҳидил бир чимирилди-ю, индамади. Назира эса меҳмонларни айвонга таклиф қилди. Туғилган кунни нишонлашга аталган тўкин дастурхон бир-пасда тузалди: икки пиёлада қаймоқ, иккитасида мураббо, бир ликопчада қанд, нон… Анқонинг уруғигача топиб келтирилиб тузаладиган шоҳона дас-турхон шаҳарда бўлади. Туғилган кундаги ёлғон мадҳиялар ҳам ўша ерда. Бу ерда айрим хонадонда эрнинг туғилган куни нишонланади, қариндош-уруғ, қўни-қўшни, ёр-биродар учун бўкиб ичишга баҳона топилади. Учинчи-тўртинчи пиёладаги ароқ охиригача олингач, меҳмонлар нима сабабдан келганларини унутиб, “учиб” қолгунларига қадар олаверадилар. Шаҳардаги зиёфатда кайфи ошганларни яқинлари машиналарда олиб кетишади. Бу ердагилар йиқилган ерида тонг оттирадилар, эрталаб муздек қатиқ ичиб, уйқули кўзларини аранг очгач, деворларни пайпаслаб бўлса ҳам ўзлари бир амаллаб уйларига етиб оладилар. “Фалончининг туғилган куни”га кетган эрни хотин бечора тунда сарсон бўлиб қидириб келмайди, елкасига ортмоқлаб олиб кетмайди. Бу ернинг таомили шунақа. Баъзилар шаҳардаги маишат дастурхонларини кўришса ёки эшитишса, “шунақа бемаънилик биз томонларга келмасин-да”, деб қўйишади. Нега шунақа дейишларини ўзлари билишади, бегоналарга изоҳ бериб ўтиришмайди.
Бу қишлоқнинг шаҳардан яна бир фарқи – аёлларнинг туғилган кунлари мутлақо нишонланмайди, хотинининг туғилган кунини билувчи эрлар ҳам саноқли. Ана шу саноқли эрлар инсоф қилишса, шу куни ўзлари ош дамлаб, эҳтиромларини намойиш этадилар. Шаҳарлик эр хотинини туғилган куни билан табрикламаса, балога қолмаса-да, завжасининг тунд чеҳраси билан тақдирланади. Қишлоқда ундай эмас. Бу ердагиларга шуниси яхши…
Моҳидилнинг туғилган кунини нишонлаш, қимматбаҳо совға эътиборга олинмаса, маҳаллий одатлар чегарасида бўлди. Икки ошиқ ўзаро қаймоқхўрлик баҳсини бошлаб, пиёлалар ялаб қўйилгач, зиёфат якунига етганини англаб, баравар туришди. Ғайрат айвондан тушаётиб, сўз айтмади, аммо кўз қараши билан қизни яна бир табриклади. Моҳидил ёниқ қараши билан табрикни қабул этди. Ғирром эса, рашкчи ошиқ эмас, балки хўжайин овозида буюрди:
– Моҳий, ишга тезроқ бор, бугун пиво келади. Кеннайи, сиз ҳам чиқиб, қараб туринг, шишаларни гум қилиб кетишмасин, – бир-икки қадам босгач, тўхтаб, буйруғига илова қилди: – озодаликка ҳам қараб қўйинг, итпашшалар яқинлашмасин, дўхтирлардан балога қоламиз.
Ойнисага берилган буйруқ замирида йўқоладиган шишалар қайғуси эмас, балки қўлдан учиб кетаётган бахтидан ташвишланиш бор эди. Шу боис кейинги изоҳни Ғайратга қараб туриб айтди. Йигитлик ҳамияти бир хуруж қилса-да, Ғайрат бу тагдор гапни тушунмагандай жилмайиб қўя қолди. У гузарга қадар бирга кетишни истамай, хизматини баҳона қилиб ён кўчага бурилди. Ғирром эса идорасига қайтди-ю, шаҳарга оёғи тортмади. Лекин боришга мажбур эди, юмуш ўзига тааллуқли эмас, нозик одамлар билан учрашиб, бўлажак ишларини пишитиб олиши зарур эди. Шу боис ноилож йўлга чиқди. У ўзини қўлидаги ютуқли карталарини рақибига бериб қўйган лақмадай ҳис қилиб ғашланди.
Ғайрат унинг шаҳарга тушиб кетганини билмас эди. “Пиво келган бўлса ўтиргандир Моҳидилга тикилиб”, деган ўйда юраги сиқилиб, пешинга қадар худди вазифасини бажараётгандай кўчада юрди. Кун оға бошлаганда “пивоси тугагандир”, деган мўлжалда гузарга қайтди. Қаҳвахона сийраклашиб қолган эди. Ғайрат ўтирадиган стол ҳам бўш эди. Бундан мамнун бўлган Ғайратга жон кириб, тўғри пештахта томон юрди. “Чарчамадингизми?” деб ҳол сўрагач, у ёқ-бу ёқдан гапирган бўлиб, Паридарани яна эслатди. Қиздан “эшакка минсангиз тезроқ етиб оласиз”, деган маслаҳатни кутиб, юраги увишаётганда, ундан “бўпти, эртага борамиз”, деган ризолик аҳдини эшитди-ю, қулоқларига ишонмади.
Келишувга биноан, субҳ чоғи гузарда учрашдилар. Моҳидил кўкрагига атиргул тасвири туширилган пушти рангли кўйлак кийиб олган эди. Атиргул тасвири қанчалик чиройли бўлмасин, қизнинг гўзал узори остида рангини йўқотгандай маъюс кўринди Ғайратнинг кўзларига. Тонг шарқ осмонининг тепасида энди тиғ ура бошлаган пайтда қишлоқ кўчалари ортда қолиб, тоғ сўқмоқлари бошланди. Сурурли қалблар тоғдаги тонг сурури билан мос келса, юракнинг уриши ҳам бошқача бўлади. Ёлғизоёқ йўлга чиқишганда Моҳидил олдинга ўтди. Бу учрашувни юрак-юракдан кутган йигит ўзи ҳам кутмаган ҳолда, қизга айтиладиган гапларини унутди. Индамай кетиши ҳам мумкин эмасди. Қўшиқ айтишни истамади. Ўзига ёққан шеър сатрлари тилига кўча қолди:
Қачонгача армонлар кулбасига қўноқман,
Мен дунёнинг ортидан чопаётган чўлоқман.
Йиллар аро сўзларим манзилига етмайди.
Юрагимни тилимга кўчиргани нўноқман,
…энди кўнглимга қара.
Моҳидил бирдан тўхтаб, орқасига ўгирилди. У йигитнинг нималардир деб гап бошлашини истаётган, аммо бунақа шеър айтишини кутмаганди. Қиз ўзини тезда қўлига олиб, ажабланганини яшириш учун ширин жилмайди:
– Бирданига шеър тўқиб юбордингизми? Сизни ашулачи деб ўйловдим, шоирмисиз?
– Ҳа, – деди Ғайрат кулиб, – баъзан шунақа “тутиб” туради. Бу шеърни газетада ўқиб, куйга солмоқчи эдим, тўғриси… туғилган кунингизга совға қилмоқчи эдим, эплолмадим, нўноқлик қилдим шекилли.
– Туғилган кунимни кимдан эшитган эдингиз? – деди Моҳидил айёрона чимирилиб.
– Мен милисаман, сотқин эмасман, – деди йигит муғомбирлик билан кулимсираб.
– Ҳозир нўноқлигингизни тан олиб, тўғри қилдингиз. Сиз айёрсиз, битта ашула эвазига кўпгина сирларни билиб олувчи, маккорсиз. Гапимга қаршилик қилманг, агар шеърнинг давоми бўлса, ўқиб беринг, яхшига ўхшайди.
– Мен ёмон шеърларни ёдламайман, – Ғайрат шундай деб, қизнинг чиройли кўзларига боққанича яна ўқий бошлади:
– Севиб қолсам, жонимни қайси ўтларга тутай,
Нурларингнинг бағрида кирларимни йўқотай.
Бўшаб қолган кўзларим, ўзим бедор бўлмасам,
Кўксимдаги қушчани қандай қилиб уйғотай?!
…энди ҳолимни сўра…
Моҳидил йигитнинг ўтли нигоҳига дош беролмай, бурилиб, юриб кетди. Ғайрат унга эргашиб, худди ундан жавоб кутгандай охирги сатрни такрорлади:
-“…энди ҳолимни сўра…”
Йигитнинг ўртаниши қайси қизга ёқмайди? Моҳидил бу онда ниҳоятда яйраб кетди. Шу ёшга етгунига қадар кўрган уқубатларини, атрофида кунда кўрувчи маст-аласт башараларни… ҳамма-ҳаммасини унутди. Бугун қуёш фақат у учун кўтарилиб, оламни фақат у учун чароғон қилаётган эди. Бу йигитни Худо у учун яратганига ишончи орта борар, “Эй Қуёш, сен фақат ва фақат муҳаббат кўчасини ёритгин!” деб ҳайқиргиси келарди. Агар бу саёҳат бир йил давом этган танишув ва синовлардан кейин юз бергандайди, йигитнинг севгиси чин эканига ишончи тўла бўлгандайди… ўртаниш билан айтилган бунақа шеър ва ўтинч мукофоти эвазига эҳтимол… ёноғидан ўпиб қўйган бўлармиди…
Ҳозир эса… Ҳали ундай ишонч йўқ, ҳаё бор, синовлар эса олдинда. Битта шеър қиз томонидан бериладиган мукофот учун етарли эмас, бундай мукофотга етишмоқ учун кўп ўртанмоқ керак, кўп тунларни уйқусиз ўтказмоқ лозим…
Яна бир оз кўтарилишгач, Моҳидил чарчаб, тош устига ўтирди. Ғайрат унинг яқинидаги тошдан жой олди. Моҳидилга бу ёқинқирамай, йигитга ҳуркак қуш ҳадиги билан қараб олди-ю, сал наридаги тошга ўтиб ўтирди. Ғайрат бу ишончсизликдан ўнғайсизланса-да, “нега бундай қилдингиз, менинг қора ниятим йўқ”, деб изоҳ беришни лозим топмади, “менга ишонмаганингизни ҳақорат ўрнида қабул қилдим” деган маънодаги аламли жилмайиш билан чекланди.
– Шаҳарда “дискотека” деган жой бор экан-а?
Қизнинг бу саволи йигитни ажаблантирди, савол беришдан мақсадини англамай, қувлик билан кўз қисиб, ҳазил оҳангида жавоб берди:
– Ҳа, бор… – Қизнинг бу қисқа жавобдан қаноатланмаганини сезиб, қўшимча қилди: – Зўр жой.
Бу мақтов Моҳидилга ёқмай, афтини бужмайтирди.
– Нимаси “зўр”? Бир бало-ку?
– Нимаси бало? Ёшлар дам оладиган жой.
– Ўша ерда дам олишадими?
– Дам олиш ҳар ерда ҳар хил бўлади-да, мана бу қишлоқда тўйиб пиво ичиб, қурт шимиб, бурнини қизартириб ўтириш ҳам дам олиш ҳисобланади, тўғрими?
– Қишлоқиларимизни масхара қиляпсизми? Бизникилар эрта-ю кеч ишлашади. Сизникилар-чи? Дам олади, дейсиз-а? Ўша ёшларингиз нима ишни қотириб қўйишибдики, дам олишса? Ҳаммалари бекорчи, такасалтанглар-ку? Пиво ичишни айтасиз, уларингиз-чи?
– Уларимми?.. Уларим бренди ичишади, виски ичишади. Гиёҳвандлари ҳам бор…
Ғайрат ҳазил оҳангида гапираётган бўлса-да, “гиёҳвандлари бор”, деган луқмани атай қўшиб, қиздаги ўзгаришни кўрди. Моҳидил қаерда, кимнинг оғзидан “гиёҳванд” деган сўзни эшитса, отасига ишора қилинаётгандай туюлиб, ғашланарди, ҳозир ҳам шундай бўлди. Лекин сир бой бермаслик мақсадида баҳсини давом эттирди:
– Шаҳарлик йигитлар-ку, майли, бир балогинанинг ўзгинаси ҳаммаси. Лекин қизлари-чи? Уялишмайдими?
Моҳидил “ҳамманинг кўз олдида қучоқлашиб туришга уялишмайдими?” демоқчи эди-ю, тили бормади, истиҳола қилди. Ғайрат унинг нимани назарда тутаётганини англаб, гапни майдаламай:
– Ҳар одамнинг уяти ўзи билан-да, – деб қўя қўйди.
– Сиз ҳам бориб турасизми? – Моҳидилнинг овозида энди зарда оҳанги сезилди.
– Ҳеч бормаганман… – Гапи ишонарли чиқиш учун Ғайрат қизнинг қарашидан нигоҳини олиб қочмади.
– Унда “зўр”лигини қаердан биласиз?
– Киноларда кўрганман. Сиз олдин кўрмаганмидингиз? Четдагиларнинг тунги клублари ҳам бор.
– Кино бошқа… у ер…
Моҳидил шундай деб афсуслангансимон бир хўрсиниб қўйди-да, ўрнидан турди.
– Шу тоғни ошиб ўтсак, манзилга етамиз, – деб йўлга тушди.
Ғайрат бир оз индамай юргач, ўртага тушган совуқчиликни кўтариш мақсадида гап бошлади:
– Мен кеча бир айб иш қилганман, сиз сезмадингиз, – деди узрли оҳангда.
– Сизнинг айбингиз кўп, ҳаммасини сезишга улгуролмаяпман.
Қизнинг мулойим оҳангга кўчиши йигитга далда бериб, давом этди:
– Аниқроғини айтсам… ўғирлик қилганман.
– Ўғриларни ушлашга кучингиз етмай, ўзингиз киришдингизми бу иш-га, – Моҳидил шундай деб ўгирилиб, айёрона жилмайиш билан қараб қўйди.
– Менинг ўғирлигимни жазолаш мумкин эмас. Кодексда бунақа модда йўқ.
– Жазолаш мумкин бўлмаса, мукофотлаш керакми?
– Мукофотини кеча олганман.
– Қанақасига?
– Қанақа ўғирлик қилганимни сўрамадингиз-ку?
– Гап бошлаганингиздан кейин ўзингиз айтинг.
– Сиз ариқ бўйида ўтирганингизда мен ўғринча қараб турган эдим.
– Бу оддий ўғирлик эмас, уятсизлик. Яна уялмай юзимга гапирасиз-а!
– Уятсизлик эмас, мен сизга қараб Кумушни эсладим.
– Қайси Кумушни?
– “Ўтган кунлар”ни ўқиганмисиз?
– Киносини кўрганман.
– Кўрган бўлсангиз, эсингиздадир: Отабек ариқда ювинаётганда Кумушни кўриб ошиқ бўлиб қоладиган жойи бор.
– Сиз ўзингизни Отабекка ўхшатдингизми? Унда Зайнабингиз ким? Зайнабга атаб ашула тўқиганингиз йўқми?
– Пичинг қилмай туринг, гапимни охиригача эшитинг. Кинода кўр-сатилмаган бир манзара бор. Кумуш ҳудди сизга ўхшаб ариқ лабидаўтиради. Кейин юзини ювади. Ўшанда… бу ёғини ёдлаб олганман, эшитинг-а: Кумушнинг “кўзлари мулойимгина сув устига оғдилар. Ариқнинг мусаффо тиниқ суви ёвошгина оқиб келар, Кумушбибининг қаршисига етиб келганда гўёки, унинг таъзими учун секингина бир чарх уриб қўяр, ўз устида ўлтурган соҳиранинг сиҳрига таслим бўлган каби тағи бир каттароқ доирада айлангач, оҳистагина кўприк остига оқиб кетар эди. Ариқ сувининг ниҳоятсиз бу ҳаракатини узоқ кўздан кечириб ўлтурғач, қўл узатиб сувдан олди ва юзини ювди. Унинг юзини ўпиб тушкан сув томчилари билан ариқ ҳаракатга келиб чайқалди, гўёки сув ичида бир фитна юз берган эди… Иккинчи, учинчи қайталаб юз ювишда бу фитна тағи ҳам кучайди…” Зўр тасвир-а?
– Асли артист бўлишингиз керак экан.
– Ариқ лабида ўтирган сеҳрчи қизга қараб ўтириб, сувга айлангим келди.
Моҳидил гап тагида гап борлигини фаҳмлаб, тўхтади-да, энди чимирилиб қаради:
– Бўлди, суюлманг.
– Мен ёзувчининг маҳоратини айтмоқчи эдим.
– Ёзувчи ўз йўлига. Мабодо сувга айланиб қолсангиз ҳам ҳовлимизга киролмайсиз, Назираникига оқиб борувчи ариққа буриб юбораман.
– У ариқнинг ўз эгаси бор…
– Шуни ҳам биласизми? Буям милисанинг ишига кирадими?
– Бу икки дўстнинг сирдошлигига киради.
– Йигит деган бунақа майда гапларни сирлашмаслиги керак.
– Адашяпсиз, муҳаббатга доир майда гаплар бўлмайди. Ҳаммаси му-ҳим…
Моҳидил қадамини тезлатди. Тоғ тепасига худди қалпоқ каби қўндириб қўйилган катта харсангтошни айланиб ўтиб кафтдек ялангликка чиқди-да, чуқур-чуқур нафас олиб:
– Ана, қаранг, парилар шу ерга яширинишган, – деди.
Пастда мовий кўл жилваланади. Арчазорлар кўлни асровчи соқчилардек тизилишган. Ғайрат Сўфиқишлоқнинг манзарасига маҳлиё бўлиб, у ер жаннатнинг бир бўлаги эканига ишонган эди. Энди бу гўзалликка қараб туриб ўзича “жаннатнинг асосий қисми бу ёқда экан-ку!” деб қўйди. Сўфиқишлоқда одамлар яшашади. Бу ер тикроқ бўлгани учун кимсасиз. “Бу ҳам табиатнинг бахти”, деб ўйлади Ғайрат.
– Парилар шу ерга яширинишган бўлса, демак… уларнинг ҳусну малоҳати табиатга кўчган бўлса керак.
– Балки шунақадир, – деди Моҳидил кўлдан кўз узмай. – Лекин… табиат одамлардан кўра гўзалроқ. Нимагалигини биласизми?
– Очиғи… бу ҳақда ўйлаб кўрмаганман.
– Мен кўп ўйлайман… Табиатда хусумат йўқ, адолат бор.
– Адолат? – Моҳидилнинг гапи ғалати туюлиб, Ғайрат ажабланганини яширмай, эътироз билдирди: – Оҳунинг бўрига ем бўлиши адолатданми?
– Бу табиат қонуни, – деди Моҳидил хотиржам равишда. – Бўри қорнини тўйғазиш ғамида ташланади. Одамлар-чи? Бир-бирларига нега ташланадилар? Нега ўлдирадилар? Ўлдирган одамларининг гўштларини емайдилар-ку?
– Аслида шундай. Лекин ўша зулмнинг асосида барибир қорин ғами, тўғрироғи, нафс васвасаси ётади. Ўша одам кимнидир ўлдириш натижасида нимагадир эришади.
– Нимагадир эришади? – Моҳидилнинг юзига маъюслик булути соя ташлади. Бир оз жим қолди. Кейин худди ўзига-ўзи гапиргандай паст овозда сўзлади: – Отамни ўлдирганлар нимага эришган бўлишлари мумкин?
– Мен буни билмаган эдим, узр, ярангизни янгилаб қўйдим, – деди Ғайрат. – Отангиз… ким эдилар?
– Отамми?.. – Моҳидил “билмасмидингиз?” деган маънода бир қараб олиб, синиқ овозда жавоб қайтарди: – Отамни қамоқда ўлдиришганмиш. Ким, нима учун ўлдирган билмайман…
– Жасур ака ростданам амакингизмилар?
– Бўлмаган гап! Валдирайверади. Отам билан қамоқда ака-ука тутинишганмиш. Оиламизга қараб туришни ўша ерда зиммасига олганмиш. Яна битта катта амаким ҳам бор, отамнинг ўлганини ўша айтибди онамга. Онамнинг яраларини янгиламай деб, бу ҳақда кўпам гаплашмайман. Онам мумкин бўлган гапларни айтадилар, мумкин бўлмаса, гап олиш қийин. Қамоқдан оғизларини маҳкамлаб чиққанлар. Агар ранжимасангиз, бир нарсани сўрайман. Ажабланманг, тоғ қизлари шунақа дангалчи бўлишади.
– Сўранг.
– Тасаввур қилинг, сиз бир қизни… яхши кўриб қолдингиз…
– Тасаввур қилмайман, аслида шундай бўлса-чи?
– Гап қўшмай туринг. Ўша қизнинг отаси қамоқда, онаси милисанинг доимий кузатувида бўлса ҳам… уйланаверасизми?
– Ахир мен унинг отасига уйланмайман-ку? Агар “отам қамоқдан чиқишини кутинг”, деса, биргалашиб кутаман.
– Гап кутишда эмас… – Қиз шундай деб хўрсинди. У сувга тикилиб гапираётгани сабабли йигит унинг кўзларидаги мунгни кўра олмаётган эди. – Агар ўша қизга уйлансангиз ишдан ҳайдаласиз, тўғрими?
– Ким айтди буни сизга?
– Жавобдан бўйин товламанг. Бизнинг милиса халқи билан нохушгина салом-алигимиз бор, сирларини озгина бўлса ҳам биламиз.
– Агар билсангиз… ишдан ҳайдашса жон-жон дейман, ўзи жонимга тегиб юрибди. Балки шу Паридарани севишганлар оромгоҳига айлантирарман. Балки Жасур ака билан шерикчиликка шарбат заводи қурармиз.
– Шерикликка одамнинг зўрини танлабсиз.
Моҳидил бу сафар очиқ зарда қилди-да, пастга қараб туша бошлади. У худди ғаззола мисоли енгил ҳаракат қилиб, тошдан-тошга сакрарди. Ғайрат ўйлаб ҳам ўтирмай, унга эргашди. Агар бу онда унинг ўрнида Ғирром бўлганида ялангликда шумшайиб қолаверарди. Бармоқлари карта чийлашга чаққон бўлгани билан оёқларида бу чаққонлик йўқ, тошдан тошга сакрашга дадиллик ҳам йўқ эди.
Ғайратнинг назарида Моҳидил тошдан тошга сакрамасди, йўқ, йўқ, худди фаришта мисоли учарди. Уча-уча кўл соҳилига қўнди. Ғайратни унутгандай орқасига қарамади ҳам. Чўнқайганича юзларини тип-тиниқ сувда ювди. “Паридарадаги кўл сувида юзини ювган қизнинг бетларидан Ой нури тараладиган бўлади”, деган гапни эшитган кўп қизлар қатори Моҳидил бу ерга бир неча марта келган. Афсонадаги гап ҳақиқатдир, бетлари тоза нурни шу ердан олгандир. Моҳидил йигитга бу сирни айтмади. Ғайрат икки қадам нарида чўнқайганича қўлларини ювди. Қўллари сувда-ю, кўзлари эса қалби ҳукмдори гўзалда.
“…Ул париким, сув яқосинда ўлтурур, Ғояти нафислигидин сув ила ютса бўлур…”
Хаёлига шу байт келиб, юраги бир ўртанса-да, қизга малол келишидан чўчиб, тилга кўчирмади.
Моҳидил кўлга хаёлчан равишда тикилиб қолгани учун уни сирли сурур оламидан тортиб олгиси келмади – гапирмай жим ўтирди. Кейин аста хиргойи бошлади:
Оқиб кетма, қалқиб кетма, кўм-кўк денгиз ичра Ой,
Оқиб кетма қоғоз кема оққан каби ариқдан.
Сени кўрсам тирилади, болалик очар чирой,
Сени кўрсам “Болам!” деган сас келади борлиқдан.
Сув сеҳрига банди бўлган қизнинг назарида қўшиқ парилар яширинган қоялар орасидан сизиб чиққандай туюлди. Кўл юзасини силаб келган шабада унинг юзларини ҳам силаб роҳат бахш этди. Ғайрат томон қарамади. Сув сеҳрига қўшиқ сеҳри қўшилди. Ғайрат қўшиқ айта бошлаганда қизнинг жилмаймаса ҳам майли, бир қараб қўйишини умид қилган эди. Қиздаги эътиборсизлик унинг руҳини эзди, энди овозида хасталик сезилди:
Фарзанд бўлмоқ – ўлчовли бахт, капалак умрича вақт,
Ёниб-ўчган чақмоқ каби ўтар завқли ва тез.
Шу дамлардан қуриб берсанг онаизорга олтин тахт,
Пойларига қўйсанг бошни, термулсанг тўйиб шу кез…
Моҳидил сув сеҳридан узилиб, йигитга қаради. Кўзлари ёшланди. Юрагида бир андуҳ уйғониб, ўкраб-ўкраб йиғлагиси келди. Ғайрат қиздаги ўзгаришни сезди. Ёшланган кўзлардан нигоҳини олиб, сувга тикилди. Бир оз жим қолди. Бу онда Моҳидилнинг назарида дунё жони узилгандай, ҳаммаёқда ҳаёт нафаси сўнгандай туюлди. Ўзининг ҳам нафаси қайтиб, ўртанди. Ҳайрият, дунё тирик экан… Ғайрат яна ўша хаста овозда хиргойи қила бошлади:
Оқиб кетма, қалқиб кетма, кўм-кўк денгиз ичра Ой,
Оқиб кетма қоғоз кема оққан каби ариқдан…
Қўшиқ охирига етди… Паридаранинг қайғуси уларга кўчгандай бўлди. Бу бежиз эмас. Зулмдан қочиб беркинган мазлумалар ҳузурида бахтиёрлик қаҳ-қаҳаси янграйдими ҳеч замонда? Ғайрат қизнинг кўнглини кўтарадиган бир гап айтишга оғиз жуфтлаган эди, Моҳидил гапиртирмади. Ўрнидан туриб, изига қайтишга чоғланди:
– Кетақолайлик, – деди ялингансимон.
Ғайрат “хўп” дегани билан жойидан қўзғалмади. Ҳовучлаб сув ича бошлади. Тўйиб-тўйиб ичди. Кейин юзини ювгач, енгил тортиб, ўрнидан турди.
– Кетишдан олдин бир нарса айтиб берайми? – деди қизга маънодор тикилиб.
– Латифами? Керакмас, – деди Моҳидил бош чайқаб.
– Йўқ, буниси ҳикмат, эшитинг-а: бир замонларда туйғулар макон тутган орол бор эди. Унда кўпгина туйғулар қаторида Бахт, Қайғу, Билим ва Севги ҳам яшарди. Бир пайт орол сувга чўка бошлади. Ҳамма қочиш пайига тушди, қайиқларини ҳозирлади. Фақатгина Севги шошилмади, гўзал оролини ташлаб кетгиси келмади, ёлғизликда бўлса ҳам шунда яшаб қолишни истади. Аммо ғарқ бўлишини билгач, ёрдам сўрашга мажбур бўлди. Унинг ёнидан Бойлик ҳашаматли кемасида сузиб ўтаётганида “Мени ёнингга ола қол”, деб илтимос қилди.
– Йўқ, ололмайман, – деди Бойлик. – Кемам олтин-кумушлар билан тўлган, сенга жой йўқ.
Севги гўзал елканли кемада сузаётган Кибрдан ёрдам сўради.
– Сенга ёрдам бера олмайман, чунки жиққа ҳўлсан, елканимни расво қиласан.
Шундай деди-ю, керилганича ўтиб кетди. Севги энди Қайғу қайиғидан умид қилди, ундан кўмак сўради. Бироқ, Қайғу: “Уф-ф, мен жуда хафаман, ёлғиз қолишни истайман”, деб қайиғидан жой бермай сузиб кетаверди. Унинг изидан Бахт ҳам кемачасида сузиб ўтди. У шунақанги хурсанд эди-ки, Севгининг нолишини ҳатто эшитмади ҳам. Севги тушкунликка тушиб ўтирганида ёқимли бир овозни эшитди:
– Кел, Севги! Сени ёнимга оламан!
Севги ўзини шу қадар омадли ва бахтли ҳис этдики, ҳатто ёнига ким чорлаётганини билолмай ҳам қолди. Қуруқликка етиб борганларида Севгига ёрдам кўрсатган халоскор ўз йўлида давом этаверди. Унинг олдида нақадар қарздор эканини билган Севги Билимдан “Менга ким нажот берди?” деб сўради.
– У Вақт эди, – деб жавоб берди Билим.
– Вақтми? У нега менга ёрдам берди?
Билим бу саволдан кулимсираб, шундай деган экан:
– Чунки Вақт Севгининг нақадар буюк туйғу эканини тушуна олади!
Ғайрат “бор гап шу, сиз нима дейсиз?” дегандай жимгина қараб қолди. Қиз нима дерди, йигитнинг мақсадини тушунди. Тушунса-да, ҳикматдаги маъно ёнғоғини чақиб бергиси келмади. У ҳам йигитга бир оз тикилиб тургач, кескин бурилди-ю, яна ғаззола мисоли чаққон ҳаракатлар билан тепага кўтарила бошлади.
Қишлоққа боргунларига қадар кўп гаплашмадилар. Гапларида эрталабки ҳазил, киноя, гина оҳанглари йўқ эди. Суҳбатлари мухтасар саволларга қисқа жавоблар тарзида бўлди. Сўқмоқ тугагач, Моҳидил тўхтади:
– Сиз чарчадингиз, шу ерда бир оз дам олинг, кейинроқ борарсиз.
Ғайрат қизнинг муддаосини тушунди. Гарчи дадил, чўрткесар қиз бўлса-да, одамларнинг гап-сўзидан қўрқиши унга ғалати туюлмади. Моҳидилнинг амрига итоат этиб, тизза бўйи келадиган харсангга омонат ўтирди. Қиз бурилиб кетишдан олдин бир савол сўради:
– Паридарага нима учун чиққанимни айтайми?
Қизнинг бу саволи йигитни гангитиб қўйди. Моҳидил ундан жавоб кутмай, изоҳ берди:
– Тилла соат учун чиқди, десангиз адашасиз. Мен совғага учадиган қизэмасман. Тўғри, дўконда кўрганимда ҳавасим келган. Назиранинг ҳам кўзлари ёниб кетган эди, ўшанда. Бунақа тақинчоқни кўрган ҳар қанақа қизнинг ҳаваси келади, тўғрими? Мен шу тақинчоқсиз ҳам яшашим мумкин. Билагимга тақиб кўз-кўз қилиб мақтанганим билан мен бошқа Моҳидил бўлиб қолмайман. Билагузукни онам қариндошимизникига яшириб қўйди-лар. Милисанинг яна тинтув қилгиси келиб қолса, шўримизга шўрва тўкилади. Сизнинг гувоҳлигингиз ҳам ўтмайди. Вақт ўтиб, қилган ишингиздан афсуслансангиз, тортинмай айтаверинг, совғангизни ўша нафасда қайтарамиз.
– Моҳидил, сиз мени шунақа пасткаш деб ўйлаяпсизми?
– Пасткашлигингизни билмайман-у… лекин… кеча онам тўғри айтдилар, сиз кўп ёлғон гапирасиз.
– Исбот қилинг.
– Исбот қилмайман. Сиз нуқул гапни ҳазилга бурасиз, бу бекорга эмасдир?
– Одатим шунақа, ишда ҳам шунақаман…
– Одатингиз шунақадир… лекин кўзларингиз бир нарсани яшираётганингизни айтиб турибди. Онам жуда кам куладилар. Яқинларимиз “Ҳадеб тўмсайиб юрмай, кула-кула юрагингиздаги ғуборларни чиқариб ташласангиз-чи!” дейишади. Қўшнимиз Саримсоқ ота эса “Ойниса, ҳуда-беҳуда ҳазил қилаверган, кўп кулган одамнинг қалби хиралашди. Сенинг дилинг тоза”, деб мақтайдилар. Бўлди, хайрлашамиз… бу гапларни шунчаки айтдим-қўйдим… – Моҳидил шундай деб жилмайди. Ғайрат бу жилмайиш-да энди ҳаёт қувончи учқунларини кўрмади. Қизнинг юзига тушунарсиз андуҳ булути соя ташлаган эди. Моҳидил икки қадам ташлаб, яна ўгирилди:
– Эртага бўш вақт топсангиз ўтинг, Жасур акангизнинг ҳисобидан аччиқ қаҳва қилиб бераман. Қаҳва қизларга ашула айтиб, кўнглини оладиган йигитларнинг овозини очиб, булбулигўё қилиб юборармиш!
Шўх истеҳзо оҳангига кўчиб, ўзини ҳам кўнгил хиралигидан қутқармоқчи эди. Лекин ҳазили ўзига ҳам ёқмай, юзини тезгина буриб, йигитдан узоқлашди. Ғайрат унга жавоб қайтаришга ҳам улгурмади.
Моҳидил кутилмаган гаплари билан йигитни аламли гулханга итқитди-ю, хотиржам кетди-қолди.
Ҳа, қизнинг кўриниши хотиржам эди, ичида эса олов ёнарди…
Эшик очиб ҳовлисига қадам қўйганда ҳам бу олов тафти босилмаган эди. Онаси айвонда қўшни хотин билан гаплашиб ўтирган эди, салом берди-ю, уйига кириб кетди. Кийимини ечмай, каравотига чўзилди. Ичини куйдираётган олов авжига олди. Кўл ёқасида Ғайрат паст, синиқ овозда хиргойи қилган эди. Бу дамда унинг ширали овози баралла янгради:
Оқиб кетма, қалқиб кетма, кўм-кўк денгиз ичра Ой,
Оқиб кетма қоғоз кема оққан каби ариқдан…
Кўл бўйида Моҳидилнинг йиғлагиси келиб, киприклари кўз ёшлари йўлини тўса олган эди. Бу онда йиғига ҳеч нима тўсиқ бўла олмади…”
* * *
(“Оқиб кетма…” шеъри билан дўстим Сабриддин ҳақида сўз кетганда таништирган эдим. Такрорлаганим учун айбламассиз, деб умид қиламан.)
Менинг қалбимни куйдирган севги олови асарларга кўчган, дея олмайман. Уйланиш ҳаракатида юрганимда менда шундай ҳислар бормиди – аниқ ёдимда йўқ. Кўнглимни оғритган воқеалар бўлгани эса рост. Аяжонимнинг совчилик заҳматини елкага ортмоқлаб юришлари узоқ давом этган. Айрим танишлардан “ўғлимга ҳали у қиз ёқмайди, ҳали буниси” деган нолишларни эшитиб қоламиз. Каминада бундай бўлмаган. “Топадиган қизларингиз ё мактаб ўқитувчиси ё боғча тарбиячиси бўлсин”, деб шарт қўйсам-да, аяжоним топган қизлар билан учрашувга чиқишга мажбур эдим. Тожихон келин аям менга “фахрий қоровул” бўлиб чиқардилар. Тикувчи қиз билан ҳам, доришунос билан ҳам учрашдим – уларга ёқмабман. Яна бирига ёққандай бўлибман-у, аммо акаси ҳам кўриши шарт экан. Навоий номидаги театр майдонида учрашув та-йин қилишди. Учрашув ғалат эди: мен майдонда тураман, қизнинг акаси ва яна аллақанча яқинлари мени кўргани чиқишади. Мен уларни танимайман. Демак, овсардай туравераман, нотаниш одамлар эса атрофимда сирли равишда айланиб, обдан томоша қилишади. Бу аҳмақона шартдан жаҳлим чиқса-да, авраб-авраб кўндиришди. Кўйлагим оддийроқ бўлгани учун акамнинг чет элда ишланган оқ кўйлагини кийдиришди. Болаликдан акаларимнинг кийимларини кийиб катта бўлганим учун мен кийим-бош танламасдим. Бу ишни Баҳодир акам қойиллатардилар, танлаб-танлаб, чет элникини олардилар. “Кийим-бош танламасдим” деганим дуч келган рўдапони эгнимга илиб кетаверардим, деган гап эмас. Афсуски, эр-йигитлар орасида кийиниш бобида ўзига эътибор қилмайдиганлар ҳам бор. Айниқса, бир тоифа мени ранжитади. Йигит шаҳарда ўқиётган пайтида ораста кийиниб юради. Қишлоққа қайтгач, ўзига қарамай қўяди. Кўйлагининг ёқаси буралиб кетгани майли, ҳафтада бир ювилади. Соқол ҳам уч-тўрт кунда бир олинади… Шаҳар кўрган йигит қишлоқдаги тенгдошларига ўрнак бўлиш ўрнига ўзи пастлайди. Мен 60–70 йилларни назарда тутяпман, кузатишимча, ҳозир ундай эмас. Агар ўзига бепарво эр-йигитлар бўлса, бу ривоятни эслатаман:
“Онангни отангга бепардоз кўрсатма”, деган гап бор. Орасталик, ўзига меъёр қадар зеб бериш яхши. Биз нима учундир ўзига қараб юришни фақат аёлларга хос, деб биламиз. Айрим биродарларимиз хотини, қизларини чиройли кийинтириб қўядилар-у, ўзлари офтобда куйиб кетган дўппида, ёқаси кирланиб кетган кўйлакда юрадилар. Бу йўқчиликдан эмас, кўпроқ бефаросатликдан бўлади. Бефаросат деганда биз эрни ҳам, хотинни ҳам назарда тутамиз. Эр кийим-бошга эътиборсиз экан, хотин зийрак бўлиши керак, эрига қараши керак.
Бир куни ҳазрат Умарнинг (р.а.) ҳузурларига бир хотин эри билан бошлашиб келди-да эрини кўрсатиб:
– Ё Амирал мўъминин! Бу киши менинг эрим бўладилар. У билан қурган турмушимизни ўйлаб кўрдим. Уч ойдирки, тотув яшаш учун кўп ҳаракатлар қилдим. Аммо эримдан рағбат кўрмадим. Уч ой давомидаги турмушимиздан бир нарсага ақлим етди: биз бир-биримизни тушуна олмас эканмиз, шунинг учун ажрашамиз.
Ҳазрат Умар (р.а.) қаршисида индамай турган одамдан сўрадилар:
– Сен нима дейсан?
– Ё Амирал мўъминин! Менинг ҳеч қандай шикоятим йўқ. Мен ажралишни истамайман, – деди эр.
Ҳазрат Умар эрнинг ранг-рўйи, кийим-бошига қараб аҳволни яхши тушундилар.
– Сен ҳозир уйингга кетгин-да, бир оздан кейин келгин. Унгача биз эринг билан суҳбатлашиб оламиз.
Хотин кетгач, ҳазрат Умар у одамни ҳаммомга олиб боришни, ювинтириб, тоза кийимлар кийинтиришни буюрдилар. Эркак покиза бир ҳолга келтирилди. Пича вақт ўтгач, хотин келиб башанг кийимдаги озода эрини кўриб, қувониб кетди. У ажрашиш ҳақидаги аҳдини ҳам унутиб, эрини бошлаб уйига кетди. Мўъминларнинг халифаси ҳазрат Умар (р.а.) шу ерда ҳозир бўлганларга қараб дедилар:
– Сизлар оилаларингизнинг (аёлларингизнинг) яхши ва покиза кийиниб, сизни кутиб олишларини севганингиз каби, улар ҳам сизни яхши ва покиза кийинганингиздан завқ оладилар, сизларни ясанган бир ҳолда кўришни истайдилар.
Хуллас, фаввора майдонига “куёвкўрди” маросими кўнгилни хира қилгувчи хулоса билан якунланди. Мен қизнинг акасига ёқмабман. Акамнинг кўйлаклари ҳам иш бермабди. “Икки куёвимизни Худо ҳусндан қисган, кенжаси чиройлироқ бўлсин”, дебдилар. Ҳуснга урғу бермай, “бу йигитнинг юлдузи синглимнинг юлдузига тўғри келмабди”, деса ҳам бўларди. Бир сўз билан киши қалбини яралаш осон эканига ўшанда яна бир бор гувоҳ бўлган эдим. Бу киши гарчи мени куёв қилишдан орланган бўлсалар-да, орадан йигирма йил ўтиб, ҳаж ибодати пайтида қайтадан танишгач, яқин биродарга айландилар. Дамира опам кенжа ўғилларига “қиз қидириб” юрганларида бир оиладаги аёл “аянгиз совчи бўлиб келганларида кўнмаган эдим, қаранг, шунақа машҳур бўлиб кетарканлар, тегсам бўлар экан”, деб кулибди.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?