Электронная библиотека » Тоҳир Тоҳир Малик » » онлайн чтение - страница 19


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:42


Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 19 (всего у книги 67 страниц) [доступный отрывок для чтения: 22 страниц]

Шрифт:
- 100% +
Мактуб ёзганмисиз?

Ҳарбийга борган катталар яхши эслашса керак, киши уйдан ҳар куни мактуб кутади. Лекин ҳар куни хат ёзишга барча ҳам қунт қилавермайди. Баъзилар нима ёзишни билмай қийналади. “Эсон-омон хизматларни қилиб юрибмиз” билан чекланади. Уйдан келган хатлар ҳам шу гаплардан иборат бўлади. Авваллари-ку, қисқами ё узун хатлар ёзиб турилган. Ҳозир-чи? Ёшларимиз хат ёзишни билишмаса керак, деб афсусланаман. Тўғри, мухлислар матбуотга ёки ёзувчининг ўзига ёзиб туришади. Мен бу ўринда ўзаро ёзишмаларни назарда тутяпман. Масалан, бугун ҳарбий хизматдаги ёки хорижда илм олаётган йигит-қиз ота-онасига хат ёзмайди, ота-она ҳам шундай, телефонда гаплашиб қўя қолишади. “СМС” дейилгувчи ёзишмаларни мен мактуб деб ҳисобламайман. Мактуб санъатининг ҳаётимизни тарк этаётгани маънавиятимиз бойлигига салбий таъсир этиб қўймасмикин, деб қўрқаман. Шу сабабли мазкур масалага диққатингизни тортмоқни лозим топдим.

“Мактуб санъати” деганим бежиз эмас. Шарқда мактуб чиндан ҳам санъат даражасида эди. Қадимдан мактублар инсонлар орасидаги масофани қисқартирган, қалбларни бир-бирига боғлаган. Ёзишмалар давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланиши ва мустаҳкамланишида муҳим восита вазифасини ўтаб келган. Шунинг баробарида ёзишмаларнинг таъсирида айрим кўнгилсизликлар, ҳатто урушлар келиб чиққан. Ҳозир ҳам давлатлар аро муносабатда мактуб ўз вазифасини сақлаб қолган. Ўрта асрда ёзишмалар такомил топиб бориб “иншо санъати” деб аталувчи санъатга айланган. Бу ёзишмалар турлича номланган: арабчасига “мактуб”, “руқъа”, “хат”, арабча-форсчасига “арзадошт”, форсчасига “нишон”, “нома” туркийчасига “битик”дир. Ижод аҳли ўртасидаги ёзишмалар ўзига хос бадиият намунаси сифатида юзага келган. Иншо санъатининг гўзал намуналари сифатида қадрланган бундай мактублар тўплам-китоб ҳолига ҳам келтирилган. Шулардан бири – Алишер Навоийнинг “Муншаот” деб номланган китобларига (навоийшунос олим Юсуф Турсунов нашрга тайёрлаган) кўзингиз тушса, дилингиз роҳатланади. Ўзингизда ҳам дилга ёқимли мактублар ёзиш истаги туғилса ажаб эмас. Зиё аҳлининг мактублари фақат хабар етказиш вазифасини ўтамайди, балки унда олим ёки ёзувчининг қалби, дунёқараши, фикрлар бойлиги акс этган бўлади. “Муншаот”даги мактубларни Алишер Навоий ҳазратларининг ҳаётлари, ижодлари ва ижтимоий-сиёсий фаолиятларини ёритувчи лавҳалар сифатида қадрлаймиз. Мактубларнинг айримларида юрт осойишталиги йўлида жон куйдираётган давлат арбобининг сиймоси намоён бўлса, бошқаларида шоирнинг ижод жараёни акс этади, бир туркум хатлар давлатни идора этишга доир муҳим ҳужжат саналади. Шу билан бирга табрик ёки таъзия билдирувчи мактублари ҳам борки, булар ҳам ғоят ибратлидир. “Туркий халқлар ёзишмаларида ва бу халқнинг идрокли кишилари ўзларининг мақсад, тилак ёки хабарларини баён қилмоқчи бўлиб бировдан бировга хат ёзилса ёки бир киши ўзига келган мактубга жавоб ёзиб, хат келтирган кишидан қайтарса, ёзган мактубининг сўзлари (бадиий) нозикликлардан йироқ, сатр ва мисралари (бадиий) гўзалликлардан узоқ эди ва ифодасида чиройли шеърий парчалар кўринмас, мазмуни эса ранго-ранг байтлар билан безалмас эди, – деб ёзганлар ҳазрат. – Ва бу жиҳатдан қиёслаганда форс тилидаги ёзишмалар дилга ёқимли, мактублари ва имлолари беҳисоб ва юксак даражада эди. Хаёлимга шундай фикр келдики, туркий тилдаги мактубларни ҳам шу тарзда битгайман ва бу тилдаги номаларни ҳам ўша тартибда ёзгайман. Оз вақт ичида шу тариқа ёзилган хатлар тўпланиб ва номалар йиғилиб қолган эди, ушбу саҳифаларда қайд этилди…

 
Ҳар кимки уни ўқишни одат этгай,
Ва ёзганни агар дуо билан ёд этгай.
Тенгри уни ҳар балодан озод этгай,
Хотирини ғамдан халосу шод этгай.”
 

Буюк шоиримизнинг мактубларидаги бу табиат тасвирига диққат қилинг-а: “Осмон заргарининг омбири учидан бир бўлак олтин учиб сувга тушди, яъни чарх корхонасида (яъни осмонда) жавзонинг (21 май – 22 июнь) икки пайкари орасидан қуёш кулчаси саратон ойи (22 июнь – 22 июль) ҳовузига бош қўйди; осмон гумбази заргар кўрасидек қуёш тафтидан шундай қизидики, фалак қозонидан турғун юлдузлар (савобит доналари) қозондаги қалай томчилари каби эриб тома бошлагудек ва айланувчи фалак идишларидан кўкда кезувчи кумушранг юлдузлар сув бўлиб ер ости конига симоб каби оқиб тушгудек эди. Дарёлар сувидан жаҳон жисми терга ботган ва буғнинг ҳароратидан хаёл пайкари куядиган даражада эди.

 
Иссиқ ҳаво солган ҳарорат туфайли
Дарё ўз-ўзидан гирдоб бўлиб тўлғанади.
Тоққа кўз ташлаган киши
Уни бир туп қизил гул деб фаҳмлайди…”
 

Шоирнинг нафис ўхшатишлари дилга завқ бағишлайди: “жавзо буржининг икки пайкари” дейилганда ёнма-ён турган қиз бола шакли тасаввур этилган. Бу ўринда ана шу икки қиз тасвири назарда тутилган. Форсийлар уни “ду пайкар” деб аташган. “Буғнинг ҳароратидан хаёл пайкари”да эса буғнинг ҳарорати хаёлий тасаввуротни ҳам куйдиргудек эди, дейилмоқчи. Ҳазрат Навоий бу нуқтада муболаға санъатининг “ғулувв” шакли намунасини яратганлар. Ғулувв – ақлга сиғмайдиган даражада муболаға қилмакдир.

Алишер Навоий асарларига юз йиллардан бери буюк олимлар юқори баҳолар, турли сифатлар берганлар. Камина улуғларни сифатлаш бобида уларга тенглаша олмасам-да, “Муншаот”ни лутф санъатининг мактаби деб атайман. Одам боласига хос энг чиройли одобни, муомалани шу мактабдан ўрганиш мумкинлигига бир мисол келтирсам, сиз азиз мухлислар учун ҳам айни муддао бўлар:

“Қуллуқона шуни маълум қиламизки, бу қулингиз хизматкорлик эҳромини боғлаб йўлга тушганида (“Давлат ишлари юзасидан йўлга тушган эдик”, дейилмоқчи) толеънинг пастлигидан бир ҳодиса юз бериб, бу мақсадимиз амалга ошмади. Аммо, Шайхимнинг мен билан ораси ниҳоятда яқинлигидан уни ўрнимга юбордим, бу ердаги аҳвол у орқали маълум бўлғусидир. Мухлис қулингизнинг берган давлат ишларига доир маслаҳатларини ҳам юборилган дўстларга (яъни Шайхим Сухайлига) айтилгандир – баён қилсалар, у айтилган сўзга илтифот бўлар, деган умид билан қуллик арзномаси битилди”.

“Қуллик дуосидан сўнгра шуни маълум қиламизким, Мир Сайид Абу Исҳоқ келиб сиз юборган иноятнома билан яна бошқа инъомларни бизга топширди. Биз қулингизни йўқлаб ёзган номангиз билан бошимни фалакдан оширдингиз ва юксаклик тимсоли бўлмиш зотдор от билан танимни тупроқдан кўтардингиз ва иноят либослари билан эгнимдаги ошкор айбларим ёпилди ва бу иноятлар қўшини билан бузилган кўнглим уйи обод бўлди. Бу илтифотларга жавобан дуо қилишдан бошқа қўлимдан яна нима келар эди ва мақтовдан бўлак не сўзлар тилимдан чиқар эди. То жаҳон барқарор турар экан, ҳиммат отингиз чархни кезувчи ва то осмон айланиб турар экан, жаҳон аҳлига қиладиган инъомларингиз номингиз зийнатини орттирсин”.

Мактубот санъати ҳақида сўз кетганда яна кўплаб мисоллар қаторидаги Кумушбиби ва Отабекларнинг битикларини эсламасликнинг ҳечам иложи йўқ. Мактублардаги ҳаё, назокат, дарду алам ҳеч бир кишини эътиборсиз қолдирмаса керак, деб ўйлаб, кўчирмани мазкур баёндан ўрин олишини жуда-жуда истадим:

“Вафосизға. Мен ўзимнинг бу мактубимни кўз ёшларим билан ёзаман. Негаки ҳозирда маним ёлғиз кўз ёшларимгина эмас, бутун борлиғим сиёҳдир. Мен энди оғизлардағи “вафо” сўзиға ишонмайман. Чунки мен ўзимнинг вафосига ишонғаним бир йигитдан улуғ вафосизлик кўрдим. Уятимдан кўзларимни очолмайман. Негаки еру кўклар, тоғу тошларва дунёдағи барча нарсалар манинг алданғаним учун кулиб масхарақилғандек қарайдилар… Бу кунимдан, бу ҳасратимдан қутилиш учун ўзимга ажал чақираман. Лекин ажал ҳам мен шўрликдан нафратлангандек, гўё ул ҳам менга вафосизлик қиладир.

Бегим, гарчи аччиғлансангиз ҳам айтишка мажбурман: сизда виждон, инсоф, раҳм, ваъда, вафо, яхшилиқни билиш, боринг-чи, одмгарчиликдан ҳеч гап йўқ эмиш. Билъакс сиз: ҳийлакор бир тулки, оғзи қон бир бўри, раҳмсиз бир жаллод, уятсиз бир йигит!

Сизни ҳийлакор дедим: эсингизда борми, содда отамни, гўл онамни қандоғлар қилиб алдадингиз? Ёдингизда борми шамъ ёнида мени алдаб айткан сўзларингиз, берган ваъдаларингиз, “маним орзум” деб қилған хитобларингиз, тўккан кўз ёшларингиз?.. Бас, бу ҳийлалар, бу макрлар сиздан бошқа кимда топилсин?

Сизни оғзи қон бир бўри дедим: чунки сизда раҳм йўқ. Сиз ўзингизнинг заҳарлик тишларингиз билан мазлумлар кўксини, баёвлар бағрини чок этасиз; янги очилған гулларни, энди бош тортқан лолаларни вақтсиз сўлдирасиз, очилиб битмай ўлдирасиз!

Сизни уятсиз дедим: илгариги ваҳшатингиз билан ўзингизнинг ҳаққингиз битканлигини билатуриб ҳам уялмай-қизармай виждонсизлар амрини берасиз ва уятсизлиғингизни яна бир қат ортдирасиз!

Мен сизнинг баъзи бир даъволарингизга ҳайрон қоламан: отам Тошкандда экан чоғда бу гапни айтишка уялған эмишсиз… Гўё бунинг ила номуслик бўлиб кўринмакчисиз шекиллик?!

Онам баъзи вақтларда:

 
Янги ёр топқанда дўстлар, эскидан кечмоқ керак,
Эскини ўлган санаб, латта кафан бичмоқ керак, –
 

байтини ўқуб, қўяр, мен бўлсам ул вақтларда бунинг маъносига тушунмас эдим. Аммо… энди бу байтни кимга айтилганига ва унинг маъноларига хўб тушунмакдаман. Ташландиқликнинг сўнг ўтинчи қилиб сиздан шуни сўрайман: учунчи ёр топқанда иккинчи бечорага ҳам шундай уятсизлиқ қилинмаса эди. Бу тилагим учун ажабланмангиз, чунки, “пичоқни ўзингга ур, оғримаса ўзгага сол”, дейдирлар.

Сизга янги ёр, менга уятсизликнинг қурбони бўлиш муборак. Кумуш эмас, Тупроқбиби ёздим. 17 жавзо, 1265-нчи йил, Марғилон”.

Устоз Абдулла Қодирий ҳазратлари Кумушнинг бу дарду аламларини кўз ёшлари билангина эмас, юрак нолалари билан қоғозга туширган бўлсалар не ажаб?! Отабекнинг бул жавобини-чи?

“Умидим юлдузи, орзум чечаги, ҳаётим тираги Кумушимга!

Киноя ва аччиғлар билан тўлиғ бўлған мактубингизни олдим. Хатни ёзған чоғингизда тамом бир ўт ичида, ғазаб денгизида сузғанлиғингиз гавдаланиб кўз ўнгимдан ўтдилар. Ўтдиларгина эмас, ҳатто менга шунчалиқ таъсир этдиларким, гўё маликасининг ғазабиға учраган қул қай даражада эс-ҳушидан айрилса, қилар ишидан, ўйлар ўйидан янглишса, манингда ҳозирги ҳолим бунинг юз даража юқорисиға етди. Тўғриси, заҳар олуд мактубингизга одамларча тушуна олмадим ва тушунишка ҳам лузум кўрмадим, чунки ғазаб устида айтилган сўзлар ақлли кишиларча лойиқи муҳокама ва мутолаа бўлолмас, гулхандан сўнг аланга ҳисобини ҳеч бир вақтда олинмас. Лекин мактубингизнинг бир ўрнига нима маъно бериш учун тамоман ожиз қолдим: “Илгариги сўзингиз билан ўзингизнинг ҳаққингиз битканлигини билатуриб ҳам яна уялмай-қизармай виждонсизлар амрини бериб қўясиз-да, уятсизлиғингизни яна бир қат оширасиз!” ва “Отам Тошканда экан кезда бу гапни айтишка уялған эмишсиз… Гўё бунинг билан номуслик, уятчан бир йигит бўлиб кўринмакчисиз шекиллик?!”

– Бу сўзларингиз билан нима демакчи бўласиз, танингиз соғми? Дуруст, ман отангизга бирга кетолмаслигимни, чарларни уч-тўрт кун кутиб қолишимни бир неча вақт айталмай юрдим ва ниҳоят отангиз кетишка рухсат сўрай бошлағач, отам орқалиқ узримни айтирдим, бас, бунда қандай уятсизлик бўлсин, гумонимча, иситмангиз қаттиғ ушлаган кўринадир ва бу телбаларча мактубингизни иситма орасида ёзған ўхшайсиз.

Мактубни иситма орасида ёзғанингизға тамоман қаноат қилдим. Шунинг учун сизни айблашка ҳаққим йўқ, ҳам сиз маъзурсиз. Бу киноя ва заҳарлик мактубни ёзишға сизни мажбур эткан, мени ҳийлакор тулки, оғзи қон бўри, уятсиз йигит… ва тағин алла қанча мартабаларга миндиришларимнинг бош омили албатта отангиздан ҳам эшиткан бўлсангиз керак, шу кунгача чарлар балоси билан тутқун бўлишим орзу-ҳавас қайин отасининг оғриб ётиш шумлигидир. Ниҳоят сизнинг аччиғ хатингиз баракасида бу кун чарлар хабари ҳам келиб қолди. Сиз манинг бу хатимни ўқуб, гуноҳларимни ярлақаб турған кезларингизда, албатта ман Марғилон йўлида бўлсам керак. Онангизнинг ўқуйтурған байти манинг шаънимга тамоман тескари, чунки ота-она орзуси ҳеч бир вақт янги ёрлик вазифасини ўтай олмас ва ҳамиша бошқаларнинг орзу-ҳаваси бўлиб қола берар. Сиз ўзингизни тупроқ билан тенглаштирмакчи бўлғансиз, лекин ман ҳозир Кумушка ҳам қаноатланмай, “Олтинбиби” деб атамоқ фикрига тушдим…

Борлиғим муҳаббатингиз алангаси билан туташқани ҳолда завжингиз Отабек. 26 жавзо, 1265-нчи йил. Тошканд”.

Асарда яна бир қанча мактублар зикр этилганки, ҳар бири ўқувчига олам-олам маъно беради. Абдулла Қодирийнинг ёзувчилик маҳоратини ўрганиб уч-тўрт мақола ёзишга уриндим ва бу ишни яна давом эттириш ниятидаман. Уринишларнинг бирини мактубот санъатига бағишлашни мақсад қилиб қўйганим сабабли бу мавзуни алҳол давом эттирмайман.

Дунё адабиётида айрим романлар мактублар тарзида ёзилган. Улуғ адибларнинг ўзаро ёзишмалари ҳам дунё адабиёти хазинасини бойитиб турибди. Эллигинчи йилларда ҳиндларнинг улуғ фарзанди Жавоҳарлаъл Нерунинг “Қизимга мактублар” китоби анча машҳур бўлиб эди. Қамоқдан туриб ёзилган бу битикларда ижтимоий-сиёсий масалалар хусусида баҳс юритилган эди. Аввалроқ эҳтиром билан тилга олганим Ўлмас Умарбеков тилдан қолган кунлари, касалхонада “Қизимга мактублар”ни ёздилар…

Мактубот санъатига диққатингизни тортишимнинг сабаби – ҳарбийдаги йил давомида ижоддан узоқлашишнинг олдини олиш учун хат ёзишга кўпроқ аҳамият бериш керак, деган қарорга келган эдим. Албатта, мен улуғ устозлар, хусусан тоғам – Мирзакалон Исмоилийнинг бу соҳадаги маҳоратларига яқин ҳам кела олмасдим. “Кўп нарсалар маҳфий бўлган ҳарбийдан нималарни бадиий маҳорат билан ёзиш мумкин?” деган муаммо ҳам бор эди. “Энг муҳими – оддий нарсаларни ҳам ёзавериш керак. Ҳеч бўлмаганда гапда эга-кесим, боғловчилар борлигини унутиб қўймайман-ку”, деган тўхтамга келдим. Уйдагилар билан жуда оддий бир услубда, ижодкор дўстларим билан бошқача, ўзга қисмлардаги аскар танишларим билан эса яна соддароқ услубда ёзар эдим.

Уйга ёзадиган мактубларимда ҳазил оҳанги устун турарди. Шу билан бирга ёлғонни ҳам кўп ишлатардим. Ҳарбийдаги қийинчиликларни тилга олмаслик учун “мазза қилиб ўйнаб-кулиб юрганимни” эринмай тасвирлардим. Масалан, “атроф бийдек чўл, совуқ шамол оч бўридек увлайди, дераза тирқишидан кираётган совуқ баданни қақшатади”, демай, “қисмимиз Каспий денгизи бўйида жойлашган, атроф боғу бўстон. Бу ерда деярли қиш бўлмас экан, Озарбайжон томондан ҳамиша илиқ шабада эсиб туради”, деб ёзганим эсимда. Дадажонимга-ку, ҳарбийдаги қийинчиликлар бегона эмас, аммо аяжонимга бу ҳақда ёзгудай бўлсам, кўнгилларини хавотир тўрига ўраб юборишим тайин эди. Бир куни қўшнимиз чақиртирди, кирсам, йиғлаб ўтирибди, гап айтишга ҳам чоғи келмай, ҳарбийдаги ўғлидан келган хатни узатди. Қисқагина хатда нодон йигит қорни овқатга тўймаётганини ёзибди. Йигит Сибирь томонларда хизматда эди. Қўшнимни ҳар қанча овутишга уринмайин, ўша томон отланиб қолди…

“Ротада энг кўп хат оладиган мен эдим”, десам, ишонаверинг. Чунки энг кўп хат ёзадиган ҳам камина эди-да. Уйга ёзган ҳар бир мактубимга дадажоним албатта жавоб қайтарар эдилар. Аяжоним ёзмасдилар. Баҳодир акам ҳарбийдалик пайтларида менинг “аяжоним-дадажоним соғ-саломатлар” деганимга қаноат қилмай, “аям ўз қўллари билан ҳеч бўлмаса икки-уч сатр хат ёзсинлар”, деб тайинлаганларидан сўнг, бу ишни аранг амалга оширгандим. Шу қийинчилик ёдимда тургани сабабли аяжонимдан хат олмасам-да ранжимасдим, соғина-соғина, ҳақларига дуо қилиб юраверардим. Замира опам билан Ботир акамдан ҳам хат олмаганман. Ишонч билан шундай дейишимга сабаб: мен Капустин-ярга ёзилган барча хатларни сақлаб қўйганман. Улар орасида икки жигаримдан мактуб учрамайди. Бу укага нисбатан бемеҳрлик белгиси эмас, асло йўқ! Шунчаки эътиборсизлик ёки дангасаликдир. Қайсидир мактубимда Ботир акамдан ранжиган эканман, дадажоним мени овутиб бу сатрларни ёзган эдилар:

“Сен аканг Ботирдан, хатингнинг мазмунига қараганда хафа бўлганга ўхшайсан, ўзингнинг бошингдан ўтган-ку… Диплом ёзаётган вақтингда қандай эдинг? Акангнинг шу кеча-кундузда бош қашишга вақти йўқ. Эрталаб барвақт ишга кетади. Кечки пайт бир-икки шогирди билан келиб, алламаҳалгача илмий ишини қилади. Сен сўраган нарсани топа олмаётганини бизга айтди, пул юбора қолай, девди, аянг кўнмади, “бунақа нарса у ёқда йўқ”, деди. Энди размери каттароқми ё кичикроқми бир амаллаб топиб юбормоқчи, акангдан хафа бўлишинг ўринсиз, хатни вақти бўлганида ёзар. Сенга сиҳат-саломатлик тилаб, даданг. 30.04.70.”.

Дадажоним хатни чўзмай, қисқа ва аниқ ёзардилар, худди булар каби:

“Севикли кенжатойим Тоҳирим! Мен ўзимнинг соғлиғимни билдириб ва сен азиз фарзандимга ҳам сиҳат-саломатлик тилаб, самимий салом йўллайман. Мен сенга хат юбора олмадим, шунинг учун узр, чунки бекорчиликдан қўл бўшамади. Ҳаммамиз учун Баҳодирга ёздириб турган эдик, бундан буён ёзиб тураман. Қалай, бориб тушган қисминг яхшими, ҳарбий интизом қийнамаяптими? Бошлиқларингни ҳурмат қил, буйруқларини сўзсиз ва шараф билан бажар! Чунки бошлиқнинг буйруғи – қонун (закон). Юборган хатингни олгунча анча ташвишландим. Қаерга бориб ўрнашдинг ва қандай қисмга бординг, билолмадик. Хатингни ўқиб, тинчландик. Илоҳи, тани-жонингни саломат қилсин, тез кунларда дийдор кўришайлик. Қалай, пул-мулдан сиқилмаяпсанми? Бир оз пул юборайми, тортинмай ёзиб юбор. Сенга сиҳат-саломатлик ва узоқ умр тилаб, даданг: А.Малик. 17.01.70. Бу хатни юбораман деб турганимда сендан бирданига икки хат келди. Олиб ўқиб, хурсанд бўлганимдан йиғлаб юбордим. Тани-жонинг соғ бўлиб, омадингни бериб, мартабанг баланд бўлсин. Менинг тилагим шул”.

“Севикли кенжатойим Тоҳирим!.. 21 январда Фарғонага бориб, опангни, жиянларингни кўриб, 26 январда қайтдим. Ҳаммалари саломат, хатларингни олишибди. Адашинг Тойир сенга салом айтди. Юборган мактубларингни ўқиб қувоняпмиз. Қалай, хизмат оғирлик қилмаяптими? Сен бошқаларга ҳар жиҳатдан ўрнак бўлишинг керак. Ҳар қандай вазифаларни ғайрат билан бажаришингга ишонаман. Бажарган ишларинг учун мағрурланма, камтар бўл! Бошлиқларингни ҳурмат қил. Хизмат қилаётган қисмингнинг қандайлигини ҳали ҳам билмай, ҳайронман. Сенга сиҳат-саломатлик тилаб, даданг ва аянг. 30.01.70.”.

“Соғинчлик салом! Меҳрибон кенжатойим, ўғлим Тоҳирим. Мен ўзимнинг ва бутун оила аъзоларимнинг соғ-саломатликларини билдириб, самимий саломларимни йўллайман. Яқинда юборган расминг билан хатингни олиб, ўзингни кўриб гаплашгандек бўлдик. Илоҳи, тани-жонингни саломат қилиб, омадингни берсин. Ишларинг ва машғулотларинг қалай бўляпти, қийналмаяпсанми? Бошлиқларинг билан алоқанг яхшими? Ҳарҳолда алоқани яхши тутсанг дуруст бўлади. Жамоат ишларида ҳам фаол бўл. Ёзув машинкангни аканг почта орқали юборди, олдингми? Катта бувинг ҳали ҳам Андижонда. Сенга узоқ умр тилаб, даданг. 11.03.70.”.

“Пахтакор” командасининг мағлубиятини эшитяпсанми? Сени “Ленин учқуни” газетангнинг 40 йиллиги билан табриклайман. 7.04.70. куни катта тантана бўлиб ўтди. Мен ўша ишимдаман яна мактабдан ҳам иш олсам, деб юрибман. Чунки… аканг энди ишга кирди. Кўчамиз асфальт бўлди”.

“Сизлар томонда вабо тарқалганмиш, ростми? Рост бўлса, карантин эълон қилингандир. Қайнатилмаган совуқ сув ичма, ҳар ҳил мева-сабзавотларни ема. Шаҳарга ҳам чиқма, кинога кирма. Карантинда нима талаб қилса, сўзсиз бажар. 21.08.70.”.

“Умидим юлдузи, азиз ўғлим Тоҳирим! Командирларингдан миннатдорлик хати олдик. Бурчингни шараф билан бажараётганинг учун бизга ташаккур билдирганлари сабабли фахрландик. Сенга чуқур миннатдорчилигимни билдираман, раҳмат, ўғлим! Умр-давлатларинг зиёда бўлиб, мартабанг ошаверсин. Доим омадингни берсин, илоҳим! Мен, аянг, Мелихон келин аянг Марғилонга, тўйга бориб келдик. Москвада чиқадиган “Иностранная литература” деган журналинг келди. Бу журналга кейинги йил учун обуна қилиш ҳақидаги илтимосингни ҳам бажардик. Шу хатни ёзаётганимда 16.09.да ёзган хатинг келди. Сен сўраган фотоплёнкаларни аянг топиб келди. Сезгирлиги “250” рақамлиси топилмабди. Эртага юборамиз. Менга этик олмоқчи экансан. Офицерларнинг чарм этиги бўлса ол, бошқачаси керакмас… 28.09.70.”.

“Ҳозир Ўзбекистонда пахта терими қизғин. Давлатга топширилаётган пахта 8 октябрда 3 миллион тоннага етди. Яна 1 миллион 400 минг тоннаси қолди. Хатингда офицерларнинг соатини олганингни ёзибсан, эскисини йўқотма”.

Мен бу хатларни тез-тез қўлимга олиб, ўқиб тураман. Сатрлардан дадажонимнинг нафаслари уфуриб тургандай бўлади. Баъзан соғинч ёшларини тўкаман. Ҳарбийда эканимда дадажонимнинг айрим хатларини ўқиганимда ҳеч кимга билинтирмай йиғлаб олардим. Ҳозир ҳам уйдагиларга билдирмай йиғлаб тураман. Лекин 48 йил авалги йиғи билан бунисида фарқ бор. Соғинч ҳам ўзгача. Буни баёнимни ўқиётган ёши улуғлар яхши ҳис қилишса керак, менга сабр тиланг, азизларим…

Азиз ёшлар, ана энди, ўзингиз айтинг: отангиз ёки онангизнинг ўз қўли билан ёзган мактуби ўрнини кундалик телефонда гаплашиш ёки “СМС” сатрлари боса оладими. Йўқ! Минг мартадан йўқ!

Баҳодир акам билан ёзишмаларимиз “ҳисобли дунё” тариқасида эди. Яъни ҳарбий хизматни Польшада ўтаган акамга уч йил давомида қанча хат ёзган бўлсам, бу “қарз”ни узишлари лозим эди. Мен оиланинг “эркатойи” бўлганим учун бу борада инсофсизлик билан талаб қўйгандим. Чунки, акамнинг уч йиллик мусофирлик ҳаётлари билан менинг бир йилимни таққослаш ҳеч қандай инсоф доирасига сиғмасди. Акам хорижда хизмат қилганлари учун ҳарбий интизом ғоят қаттиқ, хатдан бўлак ҳеч нарса юбориш мумкинмасди. Уч йил мобайнида уйдан хат кутиб яшаш қанчалар оғир бўлганини мен Капустин-ярда ҳис қилсам-да, сир бой бермадим. Ботир акам бошқа уйга кўчиб чиққанлари учун ҳовлидаги барча ишлар Баҳодир акамнинг зиммаларида қолганди. Менга почта орқали юбориладиган нарсалар учун ҳам шу акам югурардилар. Мен ҳозир акамнинг ўша хатларини ўқий туриб, етмишинчи йилга хаёлан қайтаман:

“…Дадамнинг, аямнинг, Тожихоннинг, жажжи жиянчангнинг соғлиқлари яхши. Ўйнаб-кулиб юришибди. Хуллас, шунақа гаплар, кўпроқ ёзай десам, ёзишга қўйишмаяпти. Аям 20 та фотоплёнка олиб келган эканлар, ишдан келишим билан олдимга чой-пой қўйиш ўрнига шу плёнкаларни шошилинч равишда қутига солдириб ўратяптилар. Оч қоринга ҳеч нарса ёқмагани учун хат ёзолмадим. Қутига 18 та фотоплёнка сиғди. Қолгани кейинги сафар. Хўп, майли соғ бўл”.

Мактубни жўнатиш янгамга топширилган экан шекилли, қоғознинг орқа томонига ҳазил тариқасидаги бу гаплар ёзилибди:

“…акангизнинг анчадан бери хат ёзмаётганларига хафа бўлманг. Қўлчаларига яра чиққан эди. “Ёзишга қўйишмаяпти”, деганлари ёлғон. Мен қўлларига қоғоз-ручка бериб, мажбурлаб ёздирдим. “Ишдан келишим билан чой-пой бермай, ишлатишди”, деганлари ҳам ёлғон. Чақириб келган ўртоқлари билан кўчада уч соат гаплашиб туришди…”

“Салом, Тоҳир! Хатингни ўқиб жуда хурсанд бўлдик… Ҳамма кутган доҳийнинг 100 йиллиги ҳам ўтиб, қулоқлар анча тинчиди. Катта дабдабалар кутилган эди, совуққина ўтди. Олдинги хатимда фотоаппаратни қаердан бўлса ҳам топиб юбораман, деб ваъда қилувдим, топилмаяпти. Танишлардан ҳам суриштирдим, “йўқ” дейишяпти. Ҳасан акада бор экан, Фаррух акамнинг ўғилларига берганларида бузиб ташлабди. Магазинчилар “ҳозир бунақа фотоаппарат чиқмай қўйган”, дейишяпти, балки бошқасини топиб юборайинми? “Пахтакор”ингни эшитаётгандирсан, ЦСКАга 5:0, Москва “Динамо”сига 4:0, “Зенит”га 2:0! Эртага “Спартак”ни қанақасига хурсанд қиларкин? Хатни навбатдан ташқари ёзганимни ҳисобга олиб қўй!”

“Салом, Тоҳир. Соғлиқларинг яхшими, қандай янгиликлар бор? Хизматингга қачон (.) нуқта қўйилар экан. Яқинлашиб қолдими? “Хўжайинлар билан алоқам яхши”, деб ёзган эдинг, олдинроқ жавоб беришларининг иложи йўқми?.. Мен ҳам ўз ишим билан бандман. Ҳозир ишлар кўп, шанба-якшанба кунлари ҳам ишлаяпмиз. ТошДУнинг асосий биносини топширишга тайёрлаяпмиз. 20 октябрда университетнинг юбилейи бўлар экан, бинони шу кунгача топширишимиз керак. Лекин жуда ажойиб бино! 13 қават, Ўзбекистонда биринчи марта шундай бинонинг қурилиши ва топширилиши маросими бўлади. Кўп мамлакатлардан меҳмонлар келар экан. Бинонинг 13-қаватига чиқиб қарасанг, Тошкентимизнинг жамолини кўриб яйрайсан. Айниқса, неон лампалар билан ёришган тунга Тошкентни кўз олдингга келтиргин… Майли, ҳадеб мақтайвериб, сени қийнамай, яқинда келганингда ўзинг кўрасан. Бир ашула бор-ку, “жамолига ярашган ҳинду холи бор”, деган. Бу бино шаҳарнинг чиройли холи бўлди. Асосий масалага ўтсам, юборган китобларингни почтадан бориб олдим, жой-жойига қўйиб қўйдим. Энди “қасос” масаласига келганда, сен сал янглишганга ўхшайсан. Бу масалани яна ўзинг чуқурроқ ўйлаб кўргин, чунки кўп нарса ёдингдан чиққанга ўхшайди. Хўп, майли, саломат бўл, тез кунларда кўришайлик. Фотоплёнкаларни олдингми?”

Уйдан келган ҳар бир хат юракка далда бўларди. Дамира опамнинг хатларини ўқиганимда куюнчакликларини ҳис қилиб турардим. Жиянларимни қучиб, эркалагандай бўлардим. Лекин афсуски, бу қувонч онлари узоқ давом этмасди. Ҳарбийнинг аёвсиз ҳаёти ўз бағрига тортиб оларди.

Атрофингда юзлаб йигитлар бўлгани ҳолда ўзни ёлғиз қилиш оғир муаммо экан. Мусофирликдаги дўстларим кўп эди. Лекин уларнинг ҳеч бири Тошкентда қолганларнинг ўрнини боса олмасди. “Ёлғизлик” деганда мен адабий муҳит йўқлигини назарда тутяпман. Йигитлар билан аҳил-иноқ эдик, ҳазил-ҳузул билан кўнгилларимизни шод этардик, соғинч тўрларида эзилганда, бир-биримизга далда бўлардик. Лекин мен соғинган мавзуда суҳбатлашадиган дўст йўқ эди. Бу камчиликни ҳам мактублар оқими билан тўлдиришга уринардим.

Шоир дўстим Сулаймон Раҳмон билан кўп ёзишардик. “Ленин учқуни”да бирга ишлаганимизда ҳам ҳазилкаш эдик. Мактубларимиз ҳам шу зайлда давом этди. Ҳатто жиддий гапларни ҳам ҳазил либосига ўраб жўнатардик. Сулаймон мактубида аввал ҳазил гапларни ёзиб, кейин жиддийлашарди:

“Янгилик: Янги йилни кутиб олдик. Ўзбекистон плани тўлмади (пахта). Тинчлик. Уруш Вьетнамда… бери келмасин. Мурод Хидирга, Абдужалил Зокировга, Муҳаммад Бақоевга ёзган хатларингизни ўқидик. Менга ёзганинизни ҳам ўқидим. Хўш, энди жиддийлашайлик: Тошкентдагилар ҳаммаси соғ. Абдулла Орифнинг “Онажон” деган китобчаси чиқди. Абдулла Қодирийнинг “Кичик асарлар” деган катта китоби ҳам. Китоблар оламида шу гап. Ўзим: кеча қаттиқ ичиб, ақлимдан озиб, одам танимай қолибман. Бугун туғилган куним – сизга хат ёзяпман. Эсимдан чиқиб кетган экан, ишхонадагилар табриклаб, эсимга солишди… Ана – бепарволик! Ҳазилларга чиданг. Бирон нима ёзиш истаги туғилмадими, ётлар тупроғида? Бўйингиз ўсяптими? Маматқул сиздан анча ўтиб кетди-ку! Уят, уят, ўсинг, окоси, ўсинг!”

Сулаймон хат ёзишдан эринмасди. Ёз кунларининг бирида мен ундан шеърий мужда олдим:

“Ўз эли ва юртидан айрилиб, ҳарбийлар маконида аҳволи душвор, “бир томчи ароққа хору зор” ошнои фақиримиз Тоҳирбек Малик ўғлиға дуои саломнома.

Бу кичик сарлавҳадан сўнг етиб маълум бўлсинким, сизға дуои саломимиз назм силкида ушбу дурур:

 
Битибсиз хат мени дўсту ошно айлаб,
Соғинган бу кўнгилга сиз даво айлаб.
Олиб хатни, бўлиб хурсанд кўнгил очдим,
Гўё учдим самоларда ҳаво айлаб.
Сўрабсиз ҳолу аҳвол, нечаким ҳазм ичра,
Юрибман, минг шукурким, қаддим расо айлаб.
Хуш эрур вақтим маним, саломатдир ушбу тан,
Юрибдурман, ичиб кайфу сафо айлаб.
Маълум бўлсин сизғаким, гоҳида паривашлар,
Қийнарлар қиё боқмай, беомон жафо айлаб.
Лекин маним кўнглимда умидлар ётур қат-қат,
Ўзлари келиб бир кун шод этгай наво айлаб.
Майли, у паривашлар “вопроси другой” кун,
Хат ёзай ҳозир сизға, мақсудни адоб айлаб.
Ўқиб билдим, саломат экансиз бу дунёда,
Раҳматки хат ёзибсиз бизга ҳам раво айлаб.
Ўқидик такрор-такрор, дўсту ёрлар бир бўлиб,
Хурсанд ўлди барчаси сиз сари дуо айлаб.
Қисқа бўлса сўз агар, ҳар кўнгулга хуш келур,
Бас қилдим шу ҳикматни мен ҳам муддао айлаб.
 

Назм бирла деюлғон дуои саломдан сўнг наср ила айтилғон дуои салом ва муждаи нав бу дурур:

Баъдаз дуои лоюадру валоюҳсо адосидин сўнгра макшуфи замири мунири хуршид танвирингиз бўлсинким, алҳамдулиллоҳ, бу фақиру ҳақир ошнангиз шукргузорлиғда ўтирибдур. 14 майда ёзилғон хатингиз 27 июлда тегди. Сабабки, фақир камина 1 майдан буён сиз айтғон “Радио” отлиғ ишхонани тарк этиб, бекорчилиқ ва жузъий ишлар ва ўз турмушимизға оид юмушлар билан машғул эрдик. Хулласи, ишчанликдан ишсизликка юз тутган эрдик. Ва яна боиси улким, фақиру ҳақир камина шаҳру Тошканд четидан 13 пайса ер топиб (хабарингиз бордир), иморат қурмоқ ила оворадур. Шул боисдин, бир мунча фурсат ишсизлик кўчасида дайдимоқ лозим ўлмиш. Чунки, бир томони ўзингизга маълум ва машҳур Чўлпон отлиқ бир шоирваччамиз кўп фурсат ва замонлардан бери муборак ишсизлиқ корхонасининг раҳбарлик лавозимида банд эрди, шул май ойидин бери ул бетавфиқ бул “ёғлиқ” ишни тарк этиб, жумҳурият “Билимлар уйи”да афишабозлиқ ила машғулдир. Маоши (хотиннафақа) алиментдан ташқари 57 сўлкавой эрмиш, шунга ҳам ризо!

Энди сизнинг илтимосингизга келсак, бажо бўлди: хатингизни 750 миллиард нусхада кўчирдук ва дунё матбуотида чоп қилдурдик. Алалхусус, Амриқонинг “Нью-Йорк таймс” газетасинда, “Голос Амриқо” радиосинда, шунингдек, “Би-би-си”, “Озодлик” каби радиостанцияларинда ҳамда “Правда”, “Известия” қоғозларинда эълон қилдурдик. Ўзимизнинг хонаки “Домдавнашр”да китоб ҳолида босдук. Ризо бўлурсиз. Балли!

Сўнгги ҳазилингиз мени кўп йиғлатди. Чатоқ бўлди! Чунки, “ҳазилни кўтара оладурғон қорин”дан ҳеч вақо қолмади. Сабаби:

1) Жисмоний меҳнат билан машғулмиз.

2) Ароқ қимматлашди…

Яъни, б а й т:

 
Ҳар томондин қисган эрди шафқат этмай ул Худо,
Шул боисдин қорнимиз тўқ, ўзимиз бўлдик “худой”…
 

Сўнгсўз:

Ва Чўлпонулло ва Муродхўжа аъзам ва Маматқулий ҳазратлари чўнг ва ўзимдан сизға кўпдан-кўп салом.

Эслатма: 22 август Маматқулий ҳазратичўнг ва Дилдорахон пошшойим-ларнинг тўйлари бўлғай, вақт топиб келинг!.. Вассалом… 7.08.70.

Извини пожалуска, хат чўнтагимда атиги ўн кунгина юрибди, холос. Кўпроқ олиб юришнинг имкони бўлмади. Яна ўйлаб кўрармиз…”

Сулаймон Раҳмон радиода ишлагани учун мактубларни радиоэшиттириш сценарийси шаклида ёзишдан эринмасди. Шу йўл била кўнглимга ёқувчи гапларни топиб баён қиларди:

“Диққат! Диққат!

Тошкентдан гапирамиз! (мусиқа)

Салом, ҳурматли Тоҳир Ҳобилов! Тингланг, сизга бағишланган навбатдаги эшиттиришимизни бошлаймиз… (мусиқа).

Бугунги саҳифамизда: 1) Ҳол-аҳвол сўраш; 2) Сўнгги ахборот; 3) Концерт; 4) Адабий саҳифа: интермедия, фельетон, ижод томчилари… (дедим мен камтарона) (мусиқа).

Ҳурматли ўртоқ Т. Ҳобилов! Редакциямиз сиздан хат олганига анча бўлди. Ўз вақтида жавоб бера олмаганимиз учун узр…

Саволлар: Димоғингиз дўнгми? Нега дўнг? Соғлиғингиз соғми? Нега соғ? Картошка тозалашда нечанчи ўриндасиз? Пол ювишда-чи? Нарядлар сони нечтага етди? Жавоб кутамиз: Адресимиз маълум: Тошкент, 47. (мусиқа).

Сўнгги ахборот: Бундан бир ой муқаддам “Ўзбекистон маданияти” газетасининг ходими Маматқул Ҳазратқулов бўйдоқлар сафини тарк этди. Дилдорахон Мавлонбек қизи билан маҳфий ва ошкора севги алоқалари бўлгани аниқлангач, ўз вақтида чора кўриб, Себзор кўчасидаги Мавлонбековлар уйига бадарға қилинди. “Маҳбус”ни 22 август куни кечқурун бир гуруҳ ўртоқлари билан ЧОЧ (Чорсудаги Отарчилар Чойхонаси) хизматкорлари, тўғрироғи, “санъаткорлари” “Тўйлар муборак” билан кутиб олди. Бечора йигитнинг бўйдоқлар оламидан сургун қилиниши шарафига бир неча марта қадаҳлар бўшатдик. “Маҳбус”ни кутиб олиш маросими ғоят қизиқарли ва дўстона вазиятда ўтди (мусиқа).


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации