Электронная библиотека » Тоҳир Тоҳир Малик » » онлайн чтение - страница 18


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:42


Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 18 (всего у книги 67 страниц) [доступный отрывок для чтения: 22 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Анварнинг хаёлига шу гаплар келиб, беихтиёр ўрнидан турди. Дераза олдига бориб, осмонга қаради. Осмон тунд. Юлдузлар кўринмайди. Булут ортига яширинган юлдузни хаёлан кўз олдига келтириб, унга мурожаат этди:

– Мени олиб кетсаларинг яхши бўларди. Зуннуний билан гаплашардим. Асқар Қосимдан сўрайдиган гапларим бор эди. Ўзимни ўлдиришим қочмайди. Орқамдан чирқираб қоладиган бир этак болаларим йўқ. Ҳаётдан умидим ҳам йўқ. Аммо ҳозир бир адолатни тиклаш имкони туғилганида, қочиб қолиш номардликда. Ўлимдан қўрқаётганим йўқ. Ўлимдан сўнг Холидийларнинг хурсанд бўлишларини истамаяпман. Менга фурсат беринг. Озгина фурсат…

* * *

Кўз очиб юмгунича Анвар ўзини сафолик боғчалари бор гўзал манзарали бир ерда кўрди. Ҳикмат Ўролов фаввора ёнида ўтирарди. У қўлидаги китобни қўйиб, ўрнидан турди:

– Ў, азизим, сизни кўрганимдан бағоят хурсандман. Қаранг, илоҳий осойишталикка ҳам етишдим.

– Сизни охир-оқибат еди, у мараз! – деди Анвар.

– Ундай деманг, азизим. Мен хурсандман. Худо жонимни дўстларим қўли билан эмас, ғанимларим қўли билан олганидан ҳам қувонаман. Душманинг қўлидан қазо топмоқ ҳам бир бахт, азизим.

– Бу гапингизда жон бор. Муҳими – сиз жаллодингиз умридан кўпроқ умр кўрасиз.

– Янглишманг. Ҳали улар кўп яшайдилар. Улар омадли одамлар. Эшитмаганмисиз, омадли одамларнинг хўрози ҳам тухум қиларкан. Биласизми, араблар қаҳва ичишаётганда нима дейдилар? Улар дер эканларки, биринчи қултум аччиқ – ҳаёт каби, иккинчиси – лаззатли – муҳаббат каби, учинчиси – сирли – ўлим каби. Биз уччала қултумни ичиб бўлдик. Сирнинг тагига ҳам етдик. Энди навбат сизники.

– Сиз ҳам мени чорлайсизми?

– Бошқа йўл йўқ-ку?

– Ҳар бир одам туғилганидаёқ ўлимга маҳкумдир. У умри бўйи ҳукмнинг ижросини кутиб яшайди. Ҳар куни бир ўлиб, бир тирилади. Ҳукм қай ҳолда, қачон ижро этилади – Худо билади.

– Ҳукм ижросини тезлатмоқ мумкин.

– Шошилманг. Мен ҳали бир масалани ҳал қилиб олишим керак.

– Қандай масала? Балки бирга ечармиз?

– Масала шуки, одам боласи ҳар бир нарсани олдиндан билишни истайди. Кўп нарсаларга олдиндан тайёргарлик кўради. Аммо ўлим онларини кам ўйлайди, кам тайёрланади. Хўш, сўнгги нафас қандай бўлади? Наҳот одам бу билан қизиқмаса? Биринчи нафас, кўз очиб дунёни кўриш ўз ихтиёрида эмас. Аммо сўнгги нафасига тайёрланиши мумкин-ку? Покиза ҳолда кетадими бу дунёдан ё ҳаром ҳолидами – ўзига боғлиқ-ку?

– Сиз, азизим, масаланинг бу томонидан хотиржам бўлинг. Сизнинг сафарингиз хайрли, бу оламга покиза ҳолда кириб келасиз. Қўйинг, у ғовак қамишларни, балчиққа беланиб яшайверишсин. Сиз бағримизга келинг.

Ҳикмат Ўролов шундай деб кўздан йўқолди. Анвар нур оқиб кираётган дераза рўпарасида ёлғиз қолди. Йўқ, у ёлғиз эмасди. У бу дунёни тарк этган яхшиларнинг руҳи билан бирга эди. Бундай ҳолат уч кун такрорланди. Учинчи куни овқат ҳам емади. Чанқаганини ҳам сезмади. Беҳаловат тунда яна таниш овозни эшитди. Яна деразадан нур оқиб кирди.

– Ўрнингдан тур, чойшабни ол. Узунасига йиртиб, арқон қилиб эш. Ҳожатхонага чиқ. Деразадаги темир панжарага арқоннинг бир учини боғла. Бир учини сиртмоқ қил. Уч-тўрт дақиқа кифоя. Биз сени бутунлай олиб кетамиз. Истасанг хат ёзиб қолдир. Холидийни айбла. У тинчини йўқотсин…

Овоз тинди. Аммо Анварнинг руҳига эгалик қилаётган шайтоний ҳис уни ўрнидан туришга, чойшабни олиб йиртишга ундайверди. Ниҳоят, у ўрнидан турди-да, чойшабни олиб йиртди. Арқон қилиб эшди. Сўнг эшик томон юрди. Остонага етганида изига қайтди. Қоғоз-қалам олиб ёзди. Ғира-ширада ёзаётган хатлари беўхшов чиқаётганлигига эътибор бермади.

Тасодифни қарангки, унинг ёзганини ўша – ёноғида тукли холи бор нав-батчи ҳамшира биринчи бўлиб ўқиди:

 
Бошгинамга ағанаган, катта тоғлар, алвидо!
Мен кетарман ҳасратланиб, руҳи соғлар алвидо!
Бу дунёнинг шўришига навниҳоллар тебранинг,
Эслироқ боғбони йўқ, қолди боғлар алвидо!
 
Асқар Қосим

Ҳамшира буни ўқиб, тушунмай елка қисди-да, “қизиқ, ғирт жинни экан-ку”, деб қўйди.

* * *

Асқар Қосим кўнгли тоза, феъли кенг одам эди. Уни яхши билмаганлар “одамови” дерди, аслида ундай эмас, Асқар одамохун эди. Устозларга, дўстларга садоқатда бошқаларга ўрнак, Ватанга, халққа садоқат бобида эса унга тенг келадиган ижодкор кам эди. У достон ёзадими ё тўрт қатор шеърми – халқ дардини сингдиришга интиларди. Юрагини беҳаловат қилаётган дардни, халқ тақдирига, миллат эркинлигига доир аламли фикрни ҳеч бўлмаса бир сатрда ифода этиб кетарди. Озарбайжон шоири Самад Вурғунга ўхшатма тарзида ёзган шеърида “Халқлар борки, деҳқон унда, буғдой экиб емайди нон, Ўзбекистон, Ўзбекистон” деб ёзган эди.

Ҳаётда тирноқ остидан кир қидирувчилар бўлади. Ижод оламида эса сатр остидан сиёсий хато қидирадиганлар кўп эди. Цензура назаридан ўтиб кетган “сиёсий хато”ни ижодкор “дўстлар” топиб беришарди. Шунинг учун ҳам шоир “халқлар борки”, деб фикрни мавҳумликка тортади. Аслида буғдой экиб, нон емайдиган мавҳум халқ эмас, ўзбекдир! Шоирнинг алами ҳам шунда. “Ўз ибтидо, интиҳоси “бек” юраверинг, “ўзим-ўзим” деб, мотамда ҳам Тўйчи ҳофиздай йиғлагайман “қаро кўзим” деб” дея нола қилиш ўша давр учун шоирнинг жасорати эди.

Абдулла Қодирий истило арафасини “қуёш ботқан, теваракдан шом азони эшитиладир”, деб зулмат қоронғулиги бостириб келаётганидан огоҳ этган эдилар. Асқар Қосим эса: “Борлиққа ҳукмрон қоронғи кеча, худди жин кўзидек йилтиллар чироқ. Табиат бардошин айлабон пеша, демишки, ер қаттиқ, кўк эса йироқ!” деб замоннинг машъум тасвирини берди.

 
Шамол ер бағирлаб учадир ғиз-ғиз
Эҳтимол, эмасдир бу жазм бежиз!
Қўзғалган шамолга қилгандай нола,
Хазонваш япроқлар пилдираб боқмиш,
Ногаҳон шиғалаб қўйилган жола,
Тарновдан шилдираб, жилдираб оқмиш!
Қолгандай беғавғо йиғинди ёлғиз,
Турибман сертомчи ёғинда ёлғиз!
Кўз очиб юмгунча эгним бўлди ҳўл!
Шундоқ ҳўл бўлди, бағрим бутунмас…
Ҳасад қил, сен менга эй, ташнаи чўл,
Мен сувга қоняпман, оҳим тугунмас.
Лекин тун ваҳмидан гар очсам оғиз
Шамол сеҳргару, булут – ялмоғиз!
 

Радиода ишлаётган пайтимда “Табаррук инсонлар ҳаёти” рукнидарадиопьесалар яратишга доир таклифимни раҳбарият маъқуллади. Так-лифни кўп ижодкорларга етказдим. Анвар Эшонов “Ғафур Ғулом”, Эмин Усмонов “Ойбек” ни ёзажакларини билдирдилар. Асқар эса “Турди Фароғий”ни ёзаман, деди. Таклифимни қабул қилганларнинг деярли барчалари ваъдаларига вафо қилмадилар. Фақат Асқаргина сўзида турди. Чунки бошқаларда у ёки бу мавзуни ёзишга истакнинг ўзи, Асқарда эса ижод дарди бор эди. Асқар миллат фожиасини Юсуфбек ҳожи сингари иттифоқсизликда кўрди ва ўзи Турди Фароғий бўлиб, замондошлари фикрини бу қайғули манзарага тортди. Ҳарҳолда, драматик достонини ўқиганимда кўз олдимда Асқарнинг ўзи турди.

Бойлоқ Қушбеги “Турди шоир башартиким найманлик бўлса, зотим дея дастлаб уни қўллар эдим мен!” деса, Муҳаммадиёр ҳам ўзича “Мен қипчоқлик… Бўлмаса-да Турди қипчоқлик мартабасин оширардим…” дейди. Шоир Турдининг “Уруғчилик, тарафкашлик авж олғон юртда илол-абад унум бўлмас” деган сўзлари уларга ёқмайди “куфр сўзлама”, деб гапни узадилар. “Балиқ бошидан сасийди” дейилганидек, ноаҳиллик пешволардан бошланиб, оддий мешкобчию айрончиларга ҳам етиб келган. Пешволарга гап таъсир этмагач, шоир мешкобчига дейдики:

 
Сен ҳам кўп-да эрк бермагин тилингга,
Ҳаммамиз ҳам бир аъзомиз. Бирор еримиз
Гар оғриса зириллайди бутун гавдамиз.
Шунинг учун кулфат тушса бирортамизга
Биз барчамиз шул кулфат-ла оғриб турайлик.
Бизга ибрат бу борада Гуржистон аҳли.
Алар ўзи миқдоран оз, бироқ бир-бирин
Ҳар қандайин вазиятда қўллай биладур.
 

Шоирнинг бу ўгитини авом маъқуллайди: “Баракалла. Минг офарин! Ҳақ гапни айтдинг”, “Тўғри, бизда гуржилардай уюшқоқлик йўқ, бу борада уятлимиз замон олдида” дегани ҳолда иттифоқсизлигини оқламоққа баҳоналар излайди: “Хонавайрон этаётир барот солиғи!”, “Қандай қилиб уюшсин эл, турмуш ташвиши шул қадар кўп, айтқон бирлан адо бўлмайдур”, Лекин ҳақиқат шулки, “уй-жой учун, қилинажак тўй учун ўзбек умр бўйи сарсон эрур ақча кетинда”… Шоир қалбини шулар тилади:

 
Юрт ҳақинда фикрлаш йўқ: бари ҳар кўйда…
Ёқа-энлик қилолмаймиз бир тўнға кириб.
Азалдан-да қаллобфуруш мағизчи каби
Уруғчилик бошимизда ёнғоқ чақадур!
Қирқу юз минг қипчоқ бирлан кенагас, найман –
Бошлиқлари мансаб дея бир-бирларини
Кириб келур. Эслик бўлса Субхонқулихон
Авваламбор шу ҳолға ул барҳам берурди…
 

Асқар Қосим миллат аҳиллиги йўлини устозлари Чўлпон, Усмон Носир каби, акалари Абдулла Орипов ва Рауф Парфи каби кўп излади. Бу йўлда аламли ёшлар тўкди, Субхонқулихон кабилардан нажот кутди ва охир-оқибат “Эслироқ боғбони йўқ” боғдан кетишдан ўзга чорани топмадики, бу унинг энг катта хатоси эди, Аллоҳ унинг гуноҳини кечирсин! Омийн!

Асқарнинг шеърларидан мисол келтириш учун саҳифаларни титмадим. Дуч келган саҳифани очдим-у, ундаги сатрларни сиз – азизларнинг ҳукмингизга ҳавола этдим. Бундай дейишимга сабаб, агар Асқар Қосимнинг китоби қўлингизга тушиб қолса, сиз ҳам дуч келган саҳифани очинг, халқ, Ватан дардини сингдирган сатрга кўзингиз тушади. Мен шоирнинг шеърларидан яна талай-талай мисолларни тўхтовсиз келтириб гапни давом эттираверишим мумкин, келинг, яна бир саҳифани очай-да, сўнг бошқа мавзуга ўтай:

 
Мушт қисиб турибман поёнсиз йўлда
Оҳ ила бузолмай нилигун шипни…
Бир учи бўстонда, бир учи чўлда,
Ким боғлай оларкин узилган ипни?
Шу савол қаршимда осиғлиқ турар,
Теварак гирдимдан жавоб топилмас.
Ҳаёт-ку, мудавом тепкисин урар,
Лек азиз онларни онгсизлар билмас!
Шоирман, танобчи эмасман, дўстлар,
Ишим ҳақ-ноҳақни борича битиш!
Бу, демак назмгўй узоқни кўзлар,
Бу, демак Ватанни, Одамни суйиш!
Ҳолбуки, узилган ипни кўрдим мен…
Бор экан мозийда риштанинг учи.
Бу ришта қиммати жаҳонларга тенг
Ҳам унда жамулжам халқимнинг кучи.
Ана шу риштада “Тоҳир – Зуҳра”,
“Алпомиш”, “Кунтуғмиш”, “Ўтган кунлар” бор.
Ҳайҳот, бу қандоғам риштаи муҳра,
Зимнида беадоғ нафис мунглар бор.
Мушт қисиб турибман поёнсиз йўлда,
Оҳ ила бузолмай нилигун шипни…
Бир учи бўстонда, бир учи йўлда
Ким боғлай оларкин узилган ипни?!
 
Таржимонликка кириш

Ҳарбий хизматдаги тасодифий учрашувни эслаш баҳонасида шоир Асқар Қосимнинг фожиали тақдирини ёдлашга тўғри келди. Ҳарбий денгиз флоти ёки десантчи қисмларига тушиб қолишдан қўрққанимни баён қилганим эсингиздадир. Ҳарбийга отланганимда яна бир хавотирим бор эди: бир йил давомида ёзишдан қўлим чиқиб кетмаса эди, деб ташвишланардим. “Ёзиш-ўқишга уйдагидек шароит бўлмаса, атрофимда адабий муҳитнинг нафаси сезилиб турмаса нима қила оламан?” – деган савол қийнарди. Сафда юришдан озод этилиб, кутубхона иши зиммамга юклангач, ўқиш масаласи менинг фойдамга ҳал бўлди. Шаҳарга чиққанимда албатта китоб дўконига кирардим. Ҳарбий аҳамиятга молик шаҳарнинг озиқ-овқат, кийим-кечак таъминоти аъло даражада бўлиши баробарида китоб дўкони ҳам бой эди. Тошкентда кечаси билан навбатда туриб олинадиган китобларни бу ерда бемалол харид қилиш мумкин эди. Энг яхши китобларни иккитадан оладиган бўлдим. Биттаси рота кутубхонасига, биттаси ўзимга. Йигирмата китоб тўплангач, почта орқали уйга жўнатдим. Катта ҳажмдаги посилка келганидан уйдагилар қувонишибди. Очиб қарашсаки, китоб… Шундан сўнг уйдагиларни бунақа “қувонтирмаслик” учун китобларни иккита-учтадан қилиб жўнатавердим. Бу одатимни кейинги йилларда ҳам давом эттирдим. Мос-квага борганимда биринчи галда ёзувчиларнинг махсус китоб дўконига кирардим. Бу ердан ҳам ноёб китобларни олиш мумкин эди. Иккинчи қаватдаги дўкондан китобларни сотиб олиб, биринчи қаватдаги почта орқали уйга, ўз номимга жўнатардим. Москвадан қайтгунимга қадар китоблар ҳам етиб келарди. Шу зайлда кутубхонамни доимий равишда бо-йитиб келдим. Тўқсонинчи йиллари моддий қийинчилик бошланганида бу китобларнинг баъзиларини сотиб, пулини рўзғорга ишлатишга мажбур бўлдим, шундан ҳозирга қадар афсусдаман. Яхшики, ўқиган китобларимнинг маъноси ёдимда қолган, шу кўнглимни сал овутиб туради.

Қофқазлик йигитлар орасида ҳам китобхонлар бор экан. Кечки пайт кутубхонада улар билан суҳбатлашиб ўтирардим. Улар уйларига хат ёзишиб, мен учун китоблар олдиришди. Шулардан бири “Кавказ қиссалари” менга таъсир қилди. Шу китобни ўзбекчага таржима қилишни истадим.

Ҳарбийга отланмай туриб “Исён” деган қисса ёзишни бошлаган эдим. Бу ерда бўш вақтга эга бўлгач, уни давом эттиришни ўйлаб юрган эдим. Ҳарчанд ўзимни мажбур қилсам ҳам, ҳарбий шароитда ёзишни эплолмадим. Баъзилар айтганидек, “илҳом париси” келавермади. “Кавказ қиссалари”ни ўқигач, “Исён”ни четга суриб қўйдим. Ёзишдан қўл чиқиб кетмаслик йўлини топдим. Китоб билан қалин дафтар менинг доимий ҳамроҳимга айланди. Бўш вақт топдим дегунча, қаерда бўлишимдан қатъи назар, дафтарни тиззамга қўйиб олиб, таржималаримни ёзавердим. Кечалари уйқу ўчгандаги руҳий азобларнинг давоси ҳам топилди.

Бир куни нонуштадан олдин ошхонага яқин ўриндиқда ёзиб ўтирган эдим, ҳовлида қисм командирининг машинаси кўринди. Бундай пайтда қисм навбатчисининг буйруғи билан юрганлар тўхтаб, ўтирганлар ғоз туришлари шарт эди. Мен панароқда ўтирганим учун ёзишдан тўхташни истамай ўрнимдан турмадим. Буни қисм командири ҳам, навбатчи ҳам кўрмади. Лекин ҳар қадамимни кузатишни ёқтирадиган синчков сержантлардан бири кўрган экан, “сен нега уставга бўйсунмайсан, нега командирни ҳурмат қилмайсан!” деб ғалвани бошлаб юборсами! Бақириб-бақириб тинчиб қолар десам, навбатчига бориб айтибди. Навбатчи, менинг бахтимга, ротамиз командири майор Комлев эди. Чақимчи сержантнинг гапини эшитиб, “ўзим боплаб адабини бераман”, дебди. Майорнинг мени ўз укасидай кўришини сержантлар яхши билишарди. Шунинг учун “адабимни бериб қўйиши”га ишонмай, қисм командирига кирибди. Нонуштадан кейин мени қисм командири полковник Чёрний чақирди. Қўлимда китоб-дафтар билан кириб бордим. Устав бўйича ҳисоб бердим. Полковник уруш кўрган, қаттиққўл, айни чоқда аскарларга меҳрибон одам эди. Ажабтовур тарбия усуллари бор эди. Қофқазлик йигитларга ошналари почта орқали “грелка” аталмиш резина халтачага “ча-ча” деб аталган ароқнинг бир турини солиб жўнатиб туришарди. Поч-тахонада хизмат қилувчи донбаслик йигитга худо бурундан берган эди. Фанер қутича ичида грелка борлигини бир ҳидлашда аниқлаб берарди. Қисмдаги тартибга кўра посилка – фанер қути шу почтахонада, старшина иштирокида очиларди. Ичида нима борлигини текшириш баҳонасида ўзларига керакли нарсаларни олиб қолишарди. Грелкани эса, зийраклик билан ишлаётганларини намойиш этиш учун, полковникка етказишарди. Эртасига тонгги сафда бечора курсант командир ҳузурига чақириларди, у мингдан ортиқ аскар дўстлари рўпарасида туриб грелкадаги “ча-ча”ни қултиллатиб тўкарди. Унинг заррача айби бўлмаса-да, уч кеча давомида картошка арчиш жазосига буюриларди. Грелка эса тиббий бўлимга топшириларди. Миртўланинг тиббий бўлими грелкага тўлиб кетган эди.

Полковник рўпарасида ғоз турган эдим:

– Қўлингдаги қанақа китоб? – деб сўради.

Китобнинг номини айтиб унга узатдим. Варақлагандай бўлди.

– Нега кўтариб юрибсан?

Таржима қилаётганимни айтдим. У менга бир оз тикилиб туриб, бош чайқади:

– Сен бу ерда солдатсан, журналист ҳам, таржимон ҳам эмассан. Уставни бажаришга мажбурсан. Мен эсам уставни бузганинг учун сенга жазо беришга мажбурман.

Бунақа ҳолат мактабда юз берса “кечиринг, иккинчи қилмайман”, дейиларди. Бу ерда эса “Айбдорман, ўртоқ полковник”, деб ҳукмни кутиш керак.

– Ҳа, албатта айбдорсан. Майор Комлевга чиқиб айт: навбатдан ташқари беш сутка наряд эълон қиламан.

Буйруқни тушунганимни билдириб, кетишга ижозат сўраган эдим, у қўшимча қилди:

– Аввал интизомни бузмаганингни ҳисобга олиб, жазони штабда ўташингга рухсат бераман. Лекин китоб-дафтарингни штабга кўтариб келма.

Ҳовлига чиқсам, чақимчи сержант яна икки дўсти билан кутиб турган экан:

– Неча сутка берди, қоровулхонага кузатиб қўяйликми? – деди пичинг билан.

– Камида ўн кеча-кундуз бурга теради, – деди иккинчиси.

“Қоровулхонага кузатиб қўяйликми?” дегани – вақтинчалик қамоқхона ўша ерда эди. Улар уставни бузганим учун гаупвахтага ташланишимни кутишган экан. Қандай жазога лойиқ кўрилганимни билишгач, ҳафсалалари пир бўлиб кетди. Уставни бузганим учун беш кун кетма-кет навбатчилик қилдим. Бу айтарли оғир жазо эмас эди. Бундан бу ёғига таржимонлик фаолиятимни очиқчасига давом эттиришим мумкин эмасди, шуниси чатоқ бўлди. Лекин сурат ишлаш баҳонасида фотолабораторияга қамалиб олиб, ижод билан шуғулланавердим. Оқибатда китобдаги икки қисса ва пьесани таржима қилиб тугатдим, учта қалин дафтар тўлди. Шеърларини, аввал баён этганимдек, Асқар Қосим таржима қилиб берди. Бу орада ҳинд ёзувчисининг романини ўқиб, уни ҳам таржима қила бошладим. Аммо уйга қайтиш вақти яқинлашиб, иш яримлаганда тўхтади.

Ҳарбийдан қайтгач, “Кавказ қиссалари”ни нашриётга тавсия этган эдим, қабул қилишмади. Уларга Қофқаз тарихи эмас, Совет Кавказ рес-публикалари таниқли ёзувчиларининг бугунги ҳаётидан ҳикоя қилувчи “ёрқин” асарлар керак экан. Бу талаб бир баҳона эди. Асосий сабаб – таржима китоблари асосан нашриёт ходимларининг мулки ҳисобланарди. Иккита жумлани эплаб ёзолмасанг ҳам нашриёт ходими бўлсанг, бас, қалин-қалин китобларни таржима қилавер! Бу “моҳир” таржимонлар китобларнинг маъносига эмас, қалинлигига аҳамият берардилар. Чунки уларнинг йиллик даромадлари шунга боғлиқ эди. Афсусли томони шундаки, жаҳон адабиётининг айрим дурдона асарлари ҳам шундай таржимонлар қўлига тушиб ногирон аҳволда нашр этилди. Вақти келиб, ёш авлод бу китобларни қайтадан моҳирона таржима қилишларига умидим бор.

Баъзилар муддаога етмагунларича нашриёт остонасига “ётиб” оладилар. Менда бундай одат йўқ, буни ҳам камчликларимдан бири деб ҳисоблайман. Сабр ибратли фазилат, лекин у ғайратсизликка ўтиб кетмаслиги керак. Мен “Кавказ қиссалари”нинг нашри учун қаттиқ уринмадим. Инкор этилган битта гап сабр эшикларини очишга кифоя қилди. Мақсадим таржимонлик эмасди, шу боис янги асарлар билан банд бўлдим. Тўғри, бир-икки асарларни таржима қилдим. Афсуски, ўзим истаган асарларни эмас, нашриёт тавсия қилган китобларни қўлга олишга тўғри келди. Шулардан Ф. Достоевскийнинг “Маъсума” асарини ўзим ҳам англамаган ажиб бир руҳ билан таржима қилдим. Асарнинг ҳамжи кичик бўлишига қарамай, 3–4 ой тинмай ишладим. Ҳолбуки, ундан аввалроқ ҳажми 5–6 марта катта бўлган замонавий асарни бир ойда таржима қилиб бериб эдим. Кейин булғор адибларининг ҳикояларини тавсия этишди. Кимдир булғор тилидан русчага сўзма-сўз таржима қилган экан. Мутлақо тушуниб бўлмади. Аслини сўраб олдим. “Булғорчани биласизми?” деб сўрашди. “Булғорчани билмайман. Лекин русча билан туркчани тушунаман. Булғорчанинг ярми славянча, ярми туркча-ку” – дедим. Ҳикояларнинг аслини сўзма-сўз таржимасига солиштириб, маъносини тушуниб олгач, матнга қарамай ёзиб чиқдим. Муҳаррир китобга “Булғорчадан Тоҳир Малик таржимаси” деб ёзиб қўйган экан. Бир қанча ижодкор дўстларимиз “Булғорчани биларканми, нега ёлғон ёзади?” деб маломат қилишибди. Дўстлар ҳам қизиқ-да, шунақа майда-чуйдага аҳамият бериш шартмикин? “Булғорчадан таржима” деб ёзди нима-ю, ёзмади нима?! Ахир мен “булғорчани биламан”, деб таъма қилмадим-ку? Мақтаниб ноғора ҳам чалганим йўқ.

Кейинчалик Одил Ёқубовнинг тавсиялари билан бошқирд ёзувчиси Ахиёр Ҳакимовнинг “Оқсоқ бўри” китобини таржима қилдим. Китобдаги уч романнинг бирини Одил ака таржима қилмоқчи эдилар, вақтлари бўлмади шекилли, қолгани ҳам каминанинг зиммасига тушди. Тоғам урушдан аввал Жюль Верннинг “Сирли орол” асарини таржима қила бошлаган эканлар. Давом эттиришни ўйладим-у, имконим бўлмади. Бола-лар театрининг режиссёри Олимжон Салимов Карло Гоццининг “Қирол –кийик” асарини саҳналаштирмоқчи эканлар, “Шайтанат” билан бандлигимга қарамай, илтимосларини бажардим. Каминанинг таржимонлик фаолияти қисқа бўлди.

Ҳарбийда таржима қилганим пьесани ҳеч қайси театрга тавсия этганим йўқ. Чунки доғистонликларнинг Рус истилосига қарши ҳаракатини акс эттирувчи асарни саҳнага олиб чиқадиган мард режиссёр йўқ эди, ҳозир ҳам топилмаса керак, деб ўйлайман. Ҳинд адибининг романи таржимасини давом эттириш ниятида юрганимда бир танишим тўй қилмоқчи эканини, нашриёт битта китоб таржимасига ўрин берганини, бу иш 2–3 ой ичида бажарилмаса қалам ҳақидан қуруқ қолажагини айтган эди, китоб билан қалин дафтарни қўлига тутқаздим. Эртакларда айтилганидек, танишим мурод мақсадига етишди, тўй ҳам бўлди, тўй ошини едик, “шаробини ҳам ичдиг-у, соқолимизга томмади”.

Орадан ўттиз беш йил ўтиб, “Кавказ қиссалари”ни яна қўлга олдим. Ёшлик чоғимда менга таъсир қилган асарлар бугунги ёшларга ёқармикин, деган савол билан ўқидим. Қай даражада ёқишини билмадим-у, лекин бу мавзу ёшлар тарбиясига зарур деган қарорда асарни қайтадан таржима қила бошладим. Ҳарбийда таржима сўзма-сўз бўлган экан. Бу сафар замон руҳини ҳисобга олиб, қиссаларни эркин тарзда таржима қилдим. Номларини ҳам ўзгартирдим: бири “Номус ва ажал”, иккинчиси “Номус ва қасос” бўлди. Яқинда кўчада кетаётсам, йигитлар яқинлашиб салом беришди. Бирининг қўлида шу китоб бор экан, дастхат ёзиб беришни сўради. Ёзаётганимда “Сизга раҳмат, қизларимиз номусини қандай авайлашимиз кераклигини ўргандик”, – деди. Ёшларнинг шу миннатдорчилиги менга катта мукофот бўлди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации