Электронная библиотека » Тоҳир Тоҳир Малик » » онлайн чтение - страница 21


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:42


Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 21 (всего у книги 67 страниц) [доступный отрывок для чтения: 22 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Йўқ! Шундай фикр ўрмалаши билан Рҳақ сапчиб тушарди. Бадбин ўйлардан қутулиш учун хаёлан Ерга қайтарди. Энг биринчи бўлиб… Назира билан учрашарди. Ҳар бир “учрашув”дан кейин: “Нима учун Назирани бу қадар кўп эслаяпман?” деб ҳайрон бўларди. У ҳали бу эслашлар бежиз эмаслигидан, юрагида Назирага нисбатан муҳаббат борлигидан бехабар эди. “Тангда муҳаббат уйғонсин” дегани, ерликлар севгисига ихлос қўйгани билан, ўзи муҳаббат туйғуси қандай бўлишини ҳали билмас эди. Бўлакча таъбир билан айтилса, муҳаббат нималигини ақлан биларди, аммо бу дардни ҳали танасида синаб кўрмаган эди. Мана, бугун ҳам ёлғизлик комидан қутулиш учун Ерга “қайтганда” Назирани кўрди…

– Бугун чеҳрангизда ғам борга ўхшайди?

– Дадам айтгандирлар?

– Айтдилар. Куёв қуллуқ бўлсин?

– …

– Хўрсиняпсизми?.. Пичирлаб ғазаллар ўқир эдингиз? Эсингиздами:

 
Паришон ҳолинг ўлдим, сўрмадинг ҳоли паришоним,
Ғамингдан дарда душдим, қилмадинг тадбири дармоним,
Не дерсан, рўзгорим бўйлами кечсун, гўзал жоним,
Кўзим, жоним, афандим, севгилим, давлатли султоним!
 

– Эсимда… ҳазрат Фузулийдан… Мен… ғазалларга ишонар эдим. Мен… йўқ, айтолмайман. Табиб афанди, айтолмайман, айбситманг.

– Чеҳрангизга паришонлик ярашмас экан. Ғам чексангиз ўзингизни дардга олдириб қўясиз.

– Дардга?.. Дардга бўйин бериб бўлганман.

– Дардга чалинган экансиз, энди шифо лозим.

– Муолажангиз дадамни бизга қайтариб берди. Умидимизни узиб қўйган эдик… Умрингиз узоқ бўлсин. Табиб афанди… Лекин… Лекин… Сиз дардимга шифо топа олмайсиз. Умидимнинг ришталарини кесиб қўйишди. Мен… тунлари юлдузларга тикилиб ётаман. Қанот чиқариб учгим келади. Ўша юлдузларнинг биронтаси Еримизга ўхшаса дейман. Севишганларнинг қанотлари қайрилмаса, дейман… Табиб афанди, сиз дунё кезгансиз, донишмандсиз, айтинг. Худо не учун бизга севиш бахтини раво кўриб, сўнг айиради?

– Саволингизга энг улуғ донишмандлар ҳам жавоб бера олишмаган.

– Ғазаллардаги фарёдларга энди фаҳмим етяпти.

 
“Бечораман, бедавоман, қанотларим қайрилган,
умидим ришталари кесиб қўйилган…”
 

Рҳақ – Табиб афанди Назиранинг отасидан хабар олгани кириб, янгиликни эшитган, шундан сўнг қизнинг нима сабабдан паришон бўлиб қолганини англаган эди. Ўша куни қиз унга рўйхуш бермади, гаплашмади. Умуман, Рҳақ Назира билан кам суҳбатлашган. Қиз ўзини ундан олиб қочарди. Рҳақ Назиранинг фикрларини ўқигани учун ҳам, қизнинг бир йигитга кўнгил қўйганини биларди. Билгани сабабли қизни ҳадеб кузатишдан ўзини тиярди.

Ҳозир денгиз соҳилида, ёлғизликдан қутулиш учун Ерни эслаган чоғида, Назира билан хаёлан суҳбатлашди. Назарида қиз ўшанда унга – Табиб афандига аразини айтганда худди шу зайлда сўзлаган бўларди. Балки бир байт ҳам ўқирди. Балки мана бу байтни:

 
Най киби ҳар дамки базми васлингни ёд айларам,
То нафас вордур қуруқ жисмимда фарёд айларам…
 

Кейин суйган йигитининг дунёда ягона эканини, ўша суюклиси қадар бамаъни, хушхулқ, хушахлоқ одам бу олам аро йўқлигини айтарди. “Кўнгил қўйганим борлигини дадамга маълум қилинг, мени ундан айирмасинлар”, дерди… Бироқ Назира унга арзи ҳол қилмади. Дардини ичига ютди. Ерлик донишмандлар: “Ёруғ оламда муҳаббатдан кучлироқ нарса йўқ”, дердилар. Рҳақ Назиранинг изтиробини кўриб, бу фикрнинг янглиш эканини англади… “Муҳаббатдан кўра қизлик иффати қудратлироқ экан”, деган тўхтамга келди.

“Менинг кўнгил қўйганим бор…” Биргина шу гапни айтиш Назиранинг тақдирини ҳал қиларди. У айтмади, айтолмади. Рҳақ буни жаҳолат деб билиб, қизни айблашни ҳам, бардошига тан бериб, унга ихлос қўйишни ҳам билмай гарангсиб юрди. Орадан анча вақт ўтгандан кейин ҳам тугал бир тўхтамга келолмади.

Назира қанот чиқариб, юлдузларга учмоқчи эди. Юлдузлардан бири шу Танг. Қиз бечора бу ерга келиб нимани кўрарди? Қанот чиқарганига минг пушаймон бўлмасмиди?..

Рҳақ чуқур уф тортди-да, қўлини орқасига чалиштирганича аста юра бошлади. Бир қулочли харсанг пойида сочилиб ётган балиқ суякларини кўриб энгашди. Кейин мавжланиб турган денгизга қаради. “Ҳали ҳам балиқ бор экан-да? Биз сунъий ҳавога кўникдик. Таркибида ҳеч вақо бўлмаган суюқликда балиқ қандай яшаркин?! Темир, туз, олтин… Жуда қимматга тушяпти бу ашёлар. Ўғлим ҳақ… Биз уларга яланғоч сайёрани қолдиряпмиз. Ҳатто сувнинг ҳам қонини сўриб олдик…”

Денгиз азоб билан тўлғанади. Ожиз тўлқинлар Рҳақни лаънатлагандай бўлди.

“Денгизнинг алами бор. Қанча лаънатласа, шунча оз…”

У денгиздан кўз узиб, соҳилдан узоқлашди.

* * *

Устоз Асқад Мухтор адабиётга доир масалалар ҳақида гапира туриб, “ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга киришиб кетиб, муҳаббат мавзуини унута бошладик”, деган эдилар. Устознинг гаплари ўринли эди, нафис адабиёт ҳамиша муҳаббат мавзуига чанқоқ бўлади. Менинг-ку, баҳонам бор: фантастика билан шуғулланаман. Бугунги ҳаёт билан яшаётган тенгдошларимнинг ижоди ҳам ишқдан нари бўлиб қолаётганди. Тўғри, улар адабиётга олиб кираётган муаммолар, халқ дардининг баёни ҳам зарур эди, лекин ҳаёт фақат муаммолардан иборат эмас-ку? Ҳатто даҳшатли йилларда ҳам муҳаббат ўз ўрнига эга бўлган-ку? Атроф ваҳшат чодири билан ўралган йилларда ҳам севганлар, севилганлар-ку?

Асқад аканинг танбеҳлари сабаб бўлиб фантастикага ҳам ишқ-муҳаббат руҳини олиб киришга урингандим. Лекин бу уринишларим, аввал айтганимдай, учқунлар эди. “Шайтанат”даги Зайнабнинг муҳаббати, Кумушдай севиш ва севилишга доир армонлари ҳам шу учқунлардандир. Орадан кўп йиллар ўтса-да, ёшларнинг чин севгисини баён этишга интилишдан чекинмадим. “Самум”да учқунни сал бўлса-да, аланга олдиришга эришгандай бўлдим. Асарни ўқиган ёшларимиздан айримлари “Севги ёшидан ўтсангиз ҳам қаҳрамонларингизнинг ишқий туйғуларини чиройли берганингизга ҳайрон қолдик”, деган баҳоларини эшитиб ёзганларимдан кўнглим тўлди.

* * *

Севги оташида куйиб яшаши керак бўлган, лекин йигирма бешдан ошганига қарамай, бирон гўзалнинг ҳажрида куймай юрган йигит кўчада бир паривашни кўриши билан “оҳ!” деб юборса-ю, “бошимга бахт қуши қўнди”, деб ишониб, кўнгил аҳволини сирдошларига баён қилса, улар нодонликда айблаб, кулмайдиларми? Тўғри, ўнлаб, балки ундан-да кўпроқ чиройли қизларга хуштор бўлган, аммо юраги “жиз” этмаган эди. Темир йўл бекатида учраган бу қизни кўриши билан юраги ғалати бўлиб кетди. Овозини эшитмай, мулойим жилмайишига сазовор бўлмай туриб ўзини йўқотди. Журъат топиб қизга яқинлашса-ю, саломлашиб, танишса, қиз ҳам нозланмай, исмини айтиб, қўлини узатса, момиқ кафтидан таралган иссиқлик юрагини куйдирса, кулгичи бор юзидан таралган жилмайиш нури бағрини илма-тешик қилиб юборса-чи… Киприклар ҳимоясида ўйнаб турган оҳу кўзларнинг биргина нигоҳи билан йигит қалбида жароҳат очиб, занжирбанд этган бўлса не ажаб?!

Ўсмирлик оламининг тотли булутларида сузиб юрган кезлари, кўкраклари бўғирсоқдай бўлиб қолган чарос кўзли қизларнинг чинни овози каби жарангловчи покиза кулгиларини эшитиб, юраклари потирлаб кетадиган дамларда ёшлар орасида бир ашула расм бўлиб, ундаги “тонгда эсган шаббода юзларидан ўпганда, ғашим келур, қизғаниб, менга ҳам бўлса дейман”, сатрлари хотирасига муҳрланган эди. Бу сатр дам-бадам уйғониб, баъзан хаёлан, баъзан эса овоз чиқариб хиргойи қилиб қўярди. Ҳатто Афғонда эканида, кимсасиз дарага эгалик қилаётган бўрон оғушида қолганида бу ашула эсига тушиб, ўзи ҳам ажабланган эди. Бу ҳолатини ке-йин кўп эслади, “тонгда эсган шаббода қайда-ю, ўлимдан дарак берувчи совуқ бўрон қайда”, деб ажабланди.

Темир йўл бекатидаги қизни кўрганда яна ўша хиргойи уйғонди.

Вақт тонг бўлмаса-да, майин шабада эсиб турган эди.

Шубҳасизки, майин шабада бу камон қошларни, ханжар киприкларни, сутга чайилган ёноқларни ўпаётган эди.

Шубҳасизки, йигит шабадага рашк қилаётган эди.

Шубҳасизки, рашкини баён қилишга журъати йўқ эди…

Шундай бўлгач, йигитнинг бечора ҳолига ким ачинсин?

Шубҳасизки… қизнинг сергак нигоҳи бу йигитга тушди. Юраги “жиз” этмаса ҳам, унга яна бир қараб олишга даъват этди. Жилмайиш ҳадя этмаса-да, сўнг яна бир қаради.

Ҳарҳолда бу йигит эр-йигитларга ҳусн улашилганда навбатнинг охирида қолиб кетмаган эди. Нотаниш қизнинг уч эмас, янада кўпроқ ўғринча қараб қўйишига арзирди.

Бу учрашув бахти чумчуқнинг қўниб-учиб кетиши каби омонатмиди ё умрининг охирига қадар порлаб турувчи саодат қуёши эдими, билмаса-да, тақдир ёзуғининг муҳаббат саҳифаси очилганига ишонди. Қизнинг бир поезддагина эмас, бир вагонда кетиши бу ишончга қувват берди. Агар қиз ёнма-ён эмас, бир купеда бўлганида ўзини дунёдаги энг бахтиёр йигитлар қаторига қўшиб қўярди.

Сафар йўлдошлари билан салом-алик қилгач, юқоридаги ўринга чўзилди. Уни қиздан юпқагина девор ажратиб турарди. Бир мушт уриб ҳеч бўлмаса дарча очиб олгиси келди. Мўралаш учун туйнукча бўлса ҳам майли эди…

Кўнгли ишқ чўғида куя бошлаган йигит шифтга қараб, тебраниб ёта оларканми, кўзларини юмгани билан ухлай олар эканми? Вагон ғилдиракларининг “тақа-туқ”и унга “бўла қол, чиқа қол”, дегандай эшитилаверди. Назарида қиз ташқарига чиққандай туюлиб, туриб кетганини ўзи ҳам сезмай қолди. Қўшни купе эшиги тўла ёпилмаган, бир қарич очиқ эди. Лекин қиз эшикка яқин ўтиргани учун юзи кўринмасди. Оппоқ, момиқ билагининг кўриниб туришиёқ йигит вужудини ўртаб юборишга кифоя қилди.

Тунни деярли шу аҳволда ўтказди. Қиз ҳеч бўлмаса бир марта чиқар, деб илҳақ кутди. Худо унга бу кеч кутиш азобини берган экан, шунга ҳам шукур қилди. У манзилига эрталаб етиб борди. Қиз охирги бекатга қадар кетармикин, деган хавотирда турганда купе эшиги очилди-ю, қора тун ғашлиги билан бўғилиб турган юрагига бирданига қуёш мўралаб, кўнглини чароғон қилиб юборди. У вагондан юриб эмас, бахт фариштасининг қанотларида учиб тушди гўё.

* * *

– Қаранг, деярли бир жойда ишларканмиз. Мени марказга участковой қилиб тайинлашди. Энди шу атрофни мен ҳимоя қиламан.

– Қизнинг бу кескин ва қўпол оҳанги унинг ҳуснига мос эмасди. Бундан Ғайратнинг кўнгли оғриди, лекин сир бой бермади. Жилмайган тусини ўзгартирмай, пештахтага қўниб турган пашшаларни ҳайдади:

– Масалан, хира пашшалардан.

– Ҳа, буни эплайсиз. Кеча санэпидстанция хира пашшаларинг кўпайиб кетибди, деятувди. Бугун яна биттага кўпайдимикин, деб ўйлаятувдим, – деб кесатди қиз. – Қани, бошлайверинг хизматингизни.

– Пашшаларни ҳайдашдан олдин битта қаҳва ичиб олсам яхши бўларди.

– Бизда қаҳва бўлмайди.

– Ие, нега? Номи “кафе”-ку? Унда чой беринг.

– Чой ана, чойхонада.

– Унда нима бор?

– Кўриб турганингиз…

Қиз шундай деб қатор териб қўйилган лимонад шишаларига ишора қилиб қўйгач, Ғайрат тисланди-да, пештахтага яқин қўйилган стулга ўтириб, унга тикилди. Моҳидил аввалига эътибор қилмасликка тиришди, сўнг бу хушрўй йигитнинг қарашига дош бера олмади. Тўғри, бекатда ундан ранжиган эди. Лекин қорақош йигитнинг мастона нигоҳи хотирасига муҳрланиб қолганди. У милиция идораси эшигидан чиқиб келганда юраги бир ҳаприқди. Зинада туриб, бу томон тикилганда “тикилавермай, кела қолса-чи” деган илинж пайдо бўлиши билан қизлик ғурури бу истакни бўға бошлади. Йигит қаҳвахона томон кўтарилаётганда бу ғурур ғолиб келиб, уни ҳиссиз жонга айлантириш қасдига тушди ва бунга қисман эришди ҳам. Йигитнинг бу қўполликдан кўнгли оғриб, кетиб қолишидан чўчиди. Лекин унинг тикилиб туриши ҳам ёқди, ҳам ноқулай аҳволга солди. Аввалги шаштидан тушмаган ҳолда чимирилди-да:

– Ҳа, жинни-пинни бўлиб қолганмисиз, бунча тикиласиз? – деди жеркиб.

Гарчи, овозида жеркиш оҳанги бўлса-да, олдинги қўполлик даражасининг анча тушганини ўзи ҳам, йигит ҳам сезди. Ғайрат ширин қилиғининг қизга таъсир этганидан қувониб:

– Қаҳва йўқ экан, чойдан ҳам бенасибмиз… бор нарсага қарашдан бошқа иложим йўқ, – деди.

– Ҳали мен сизга “нарса” бўлиб қолдимми?

Моҳидил шундай деб жаҳл билан бурилди-да, ичкарига кириб кетди. Унинг гапида ҳам, ҳаракатида ҳам ғазабга нисбатан ноз-карашма борлигини сезган Ғайрат тушкунликка тушмади. Оқшом чоғи яна келди. Бу сафар пештахтага яқинлашмади. Четроқдан жой олиб, шу томон қараб ўтираверди. Моҳидил эса уни кўрмагандай ишини қилаверди. Бу “араз”га учинчи ташрифдан кейин барҳам берилиб, ошиқ-маъшуқ каби бўлмаса-да, бир-бирига меҳр ипи билан боғланган ҳолда муомала қила бошлашди. Моҳидил орадаги масофанинг қисқаришини истамагандай, баъзан пичинг, баъзан жаҳл билан гап қайтариб турди. Айниқса, жаҳл камонини қўлига олганида йигит қалбига ўқнинг беҳос тегиб, жароҳатлашидан қўрқди.

Мушук-сичқон ўйинини эслатувчи бу муносабат бир неча кун давом этди. Бугун хизмат йиғилишида олган топшириғини бажариш учунқишлоққа йўл олиш ўрнига қаҳвахонага бориб ўтирган Ғайрат бошлиғининг назарига тушиб, балога учрай деб қолганидан хабарсиз эди. Моҳидилнинг пахта гулли пиёлада тўлдириб қора қаҳва келтириб қўйиши унга байрам қувончини бахш этиб, шу хурсандчилик булутида самода суза бошлаганди. Агар ҳозир биров “бошлиғинг думингни тугмоқчи”, деб огоҳлантирганида ҳам парвойига келтирмаган бўларди.

Табиат баҳори ҳар йили бир келади, дарахтлар ҳам йилда бир гуллайди. Баъзан киши зеҳни илғамайдиган ўзгаришлар билан, баъзан эса қуёшнинг бемаврид иссиқ нурларига алданган гул мавсумини совуқ нафаси билан ямлаб юборувчи аямажизлари билан келади. Баҳорнинг чақирилмаган меҳмони – совуқ шамол ҳайдаб келган булутлар қорларини элаб-элаб кетаверадилар. Табиату одамлар бир неча кун дилдирай-дилдирай яна қуёш нурига етишгач, бу қалтис ташрифни унута бошлайдилар.

Табиат баҳори шундай. Кўнгил баҳори, муҳаббат боғининг гуллаши эса ўзгача. У ҳаётда бир марта келади. Бу баҳорнинг қадрига етиб, ҳузурланган ҳузурланди, йўқса, умри армонда ўтаверади. Табиат баҳорида аямажиз ҳар йили келавермайди. Муҳаббат баҳорида эса ошиқнинг аямажизга учрашиш ёзуғи бор. Табиат баҳоридаги аямажиздан қутилишда деҳқону боғбонларнинг тадбири лозим бўлади. Муҳаббат баҳоридаги совуқ нафасли ялмоғизни севишган икки қалбнинг сабру вафоси енгади.

Моҳидилнинг қўлидан пахта гулли пиёлани олган Ғайрат муҳаббат баҳорининг ёқимли нафасидан маст эди. У олдинда аямажиз синовлари борлигини билиш у ёқда турсин, тасаввур ҳам қила олмайди. Қаҳва келтириб берилиши унга қиз қалбида ҳам муҳаббат баҳорини уйғотувчи меҳр қуёшининг нурлари порлай бошлаганидан дарак бергандай бўлди. Шундай экан, майдоннинг нариги бетидаги идора деразасидан боқиб турган бошлиғининг ғазаби уни заррача ҳам ташвишга солмас эди.

* * *

Ниҳоят, Ғайрат ўрнидан туриб, пештахтага яқинлашди-да, пул узатди.

– Нима бу? – қиз норозилигини яширмай чимирилди.

Ғайратга унинг бу қилиғи ёқди. “Демак, менга бепарво эмас”, деб қувониб, ҳазил оҳангида жавоб берди:

– Чўнтагимда ётганида пулга ўхшаган эди…

– Эгасидан фарқи йўқ экан-да?

– Эгасига нима бўлибди?

– Эгасигами? Олдин бир қараганимда туппа-тузук одамга ўхшаган эди.

– Кейин-чи?

– Кейин… билмадим… Пулингизни чўзманг, бу ерда бойваччалик қилмай қўя қолинг. Ароққа ҳам, шарбатга ҳам текканингиз йўқ.

– Қаҳва ичдим-ку?

– Ичган бўлсангиз, ҳаражатингизни қариндошингиз кўтарди, бемалол кетаверинг.

Қизнинг эндиги жаҳл аралаш қараши, овозидаги қаҳр Ғайратни сергак-лантирди, бироқ, унинг олдида паст кетишни истамади.

– Мен бировга боқиманда бўладиган одам эмасман, – у сал кескинроқ оҳангда шундай деб қўлидаги пулни пештахта устига ташлади.

Моҳидил янада ўжарлик билан пулни бармоғининг учида нари сурди. Ғайрат эса унинг ҳаракатига парво қилмай, яна карталарни айлантира кетди.

– Уста экансиз? – деди қиз пичинг билан. Гап оҳангида “бундан бошқа ҳунарингиз ҳам борми ё турган-битганингиз шуми?” деган зарда ҳам бор эди.

– Ҳа, буми? – Ғайрат шундай деб карталарни пештахта устига ташлади. – Уйимизда цирк артисти ижарада турганда ўргатган эди.

– Ҳали артистлик ҳам қилиб турасизми?

– Шуниси қўлимдан келмайди. Истеъдодим йўқ экан, ўша артист “сен ғирт тўнкасан” девди.

Ғайрат “қалай, бунақа гап сизга ёқса керак?” дегандай муғамбирлик билан тикилди. Моҳидил бу қарашга лабини буриш билан жавоб қилди:

– Билиб айтибди…

Энди зарда ҳам, пичинг оҳанги ҳам йўқ, балки эркатой қизнинг нози бор эди. Бундан мамнун бўлган йигит пештахтага бамайлихотир суяниб олди-да гап маромини буриб юборди:

– Ғалати эртак эшитдим: Паридара деган жойларинг бор экан, а? Чиройли-чиройли қирқта пари душмандан қочиб, дарага яширинганда бир ялмоғиз сеҳргар уларни кўл атрофидаги тошларга айлантириб қўйган экан, шунақами?

– Шунақа. Сиз ишонмадингизми?

– Мен ўз кўзим билан кўрмагунимча ишонмайман.

– Унда бориб кўринг. Ана, ҳув тоғнинг ортида. Пиёда юрсангиз икки соатли йўл. Эшакка минолсангиз, ярим соатда етасиз. Милисахонангизда эшак борми? Йўқ бўлса, ана, чойхонада ўтирганларникини миниб кетаверинг, сизга индашолмайди.

– Адашиб қолармикинман? Аям тоғда ёлғиз юрмагин, девдилар. Вақтингиз бўлса… бирга боролмайсизми?

– Аянгиз яна нима девдилар? Қизларга шилқимлик қилаверма, демаганмилар?

– Демаганлар. Чунки бу ерда яхши қизни учратиб қолишимни билмаганлар. Паридарани кўрсатасизми?

– Ёлғиз боришга қўрқяпсизми?

– Топдингиз. Ёвуз сеҳргар ошиқ йигитларни тошга айлантириб қўяр эмиш.

– Қўрқманг, сиз тошга айланмайсиз, бунга ҳали вақт бор.

Моҳидил аниқ ваъда бермаса ҳам, ширин кинояли гаплари билан йигит кўнглида умид чироғини ёқиб қўйди.

* * *

Назира “ёлғиз, эрка, тантиқ…” деб дугонасига сифат берганда шошилмасдан, дона-дона қилиб гапириб, “ошиқ йигитга бу қандай таъсир этаётибди экан?” дегандай синовчан тикилиб турди. Ғайрат унинг тилидан учган кинояли сифатларга бутунлай аҳамият бермади. Уни бошқа янгилик сергаклантирди:

– Туғилган куни дедингизми? Қачон экан?

– Вой… билмасмидингиз? Қанақа милисасиз ўзи? – Қиз шундай деб аразлагандай лабини бурди. – Қизиқ…

– Моҳидил туғилганларида мен Ясситепада эмасдим, шунинг учун билолмай, ғафлатда қолганман, – деди Ғайрат муғамбирлик билан жилмайиб. – Бу айбим учун мени лаънатлаб-лаънатлаб, муборак куннинг қачон бўлишини айта қолинг.

– Нега мен лаънатлар эканман…

Ҳар қандай яқин дугонанинг ҳам юрагида озми-кўпми ҳасад яширинган бўлади. Ўзидан гўзалроқ дугонасига хуштор йигитлар ошиқлиги бу ҳасадни дамодам таталаб туради. Ҳозир шундай бўлди. Назиранинг ичини нимадир тимдалаб ўтгандай бўлди. Унинг қалбини бошқа йигит ром этганига қарамай, ҳозирги гаплар рашкини уйғотди. Нигоҳини Ғайратдан узиб, юзини бурди-да, паст овозда:

– Эртадан кейин, – деди. Сўнг ҳолатини ошкор қилишдан чўчиб, ҳазил оҳангини йўқотмаслик мақсадида қўшиб қўйди: – Ясситепага келмасингиздан олдин туғилган…

– Бу янгилигингиз учун сизга суюнчи беришим керак. Тиланг тилагингизни! Осмондаги қайси юлдузни узиб берай?

– Юлдузни… – энди қиз астойдил чимирилди, – Моҳийга узиб берарсиз. Унга маҳлиё бўладиган йигитларнинг ҳар бири биттадан юлдуз узиб беради. Осмонда юлдуз ҳам қолмагандир?

Ғайрат бу кесатиққа ҳам парво қилмай, пештахтага тирсагини тираб, ўжарлик билан деди:

– Мен барибир сизга суюнчи беришим керак.

– Ашулани боплар экансиз, битта айтиб бера қолинг.

– Ашулани боплашимни кимдан эшитдингиз? Гитарани шаҳарда олифтагарчиликка кўтариб юриб ўрганиб қолганман. Қаерда ашула бошласам, атрофимдагилар қулоқларини беркитиб, қочиб қолишади. Чидайсизми, айтаверайми?

– Ўзингиз биласиз… Ҳозир гитарангиз йўқ-ку?

– Гитара шарт эмас, мен сизга муҳаббат ҳақида яп-янги ашулани айтиб бераман. Муҳаббат ҳақида қўшиқ куйлаганда соз шарт эмас, юракнинг дукури жўр бўлаверади. Ашуладан олдин яна битта илтимосим бор, савоб қилсангиз жуфт қилинг-да. Менга Моҳидилнинг битта сирини очасиз?

Бу кутилмаган гапдан қиз сесканиб олди:

– Вой, қанақа сир? Қайси йигит билан юради, демоқчимисиз? Хушторлари кўп-у, лекин биттаси билан ҳам юрмайди.

– Йўқ, менга буниси керак эмас. Ўша тантиқ, эрка қиз нимани яхши кўради? Нимага етишгиси келади-ю, етишолмайди?

– Вой, шуми?.. Қизлар нимага етишгиси келарди? Тилла тақинчоқларга-да. Бир марта шаҳардаги тилла дўконига томошага кирганимизда билагузукка ўхшатиб ишланган олтин соатга ишқи тушиб қолган эди. Шунақаям чиройлики, лекин нархи осмонда. Қўл узатиб етиб бўлмайди.

– Унда келишдик, эртага ҳеч кимга билдирмай, мен билан шаҳарга тушиб чиқасиз.

– Нима деяпсиз? Қанақасига келишарканмиз? Мен рози бўлганим йўқ.

– Ашулани айтиб бўлгунимча ўйласангиз, рози бўласиз. Мендан ашула айтишни сўраган қиз илтимосимни ерда қолдирмаслиги керак. Йигитнинг илтимоси ерда қолгандан кўра, бўйни сингани яхшироқ. Бўйним синса, уволимга қоласиз-а!

Ғайрат шундай дегач, қизнинг навбатдаги эътирозига ўрин қолдирмай, пештахта устидаги бўш ликопчани олди-да, ҳофизлар сингари чертиб, аста ҳиргойи бошлади:

 
Севги десам, фақат сен десам,
Сенинг билан яшаса қалбим.
Сен десаму бутун дунёнинг
Шўришига қулоқ солсам жим…
 

Бу қўшиқ Ғайрат айтгандай, чиндан ҳам “яп-янги” эди. Ясситепага келиб, ижара хонасига жойлашгач, дим ҳавода бўғилиб кетди. Уй эгаларининг ижозати билан боғдаги супага бир қават кўрпача ёзиб ётди. Осмондаги юлдузлар чаманини кўрди-ю, афсонавий дунёга тушиб қолгандай бўлди. Тун осмонининг бу қадар тоза, бу қадар чиройли бўлишини шаҳарда ҳатто тасаввур ҳам этмаган эди. “Қизларнинг юзига шу юлдузларнинг тоза нури кўчар экан-да”, деган фикр туғилиб қалбида бир қўшиқ уйғона бошлади. Осмон чаманидаги юлдузлар бирлашиб, Моҳидилнинг гўзал чеҳраси кўринди. Ҳозир шу қўшиқни бошлаши билан кўз олдидаги ҳамма нарса, ҳатто “ашула айтиб беринг” деган қиз ҳам кўринмай қолди. Буларнинг ўрнига Моҳидил пайдо бўлди-ю, жон олғувчи жилмайиши билан йигит кўнглини қитиқлай бошлади.

 
Кечир мени нозли малагим,
Сени мақтай олмасим тайин.
Сенга шунча чирой берган ким –
Айтиб бергин, уни мақтайин…
 

Хаёлига эга чиққан малак дилрозини ўқий бошлаган Мажнунига ишқ тўла, майл тўла нигоҳи билан чарақлаб қаради. Бу қарашга дош беролмаган йигит кўзларини юмиб олди. Гарчи кўзлари юмилган бўлса-да, рўпарасидаги гўзали йўқолмади. Янада ишва билан тикилди. Бундан жўшган йигитнинг қўшиғи авж палласига чиқди.

 
Қуёш каби айланар бошим,
Қарайману кўзим тинади.
Ва жилмайган кўнгил кўзгуси
Парча-парча бўлиб синади.
Кечир мени нозли малагим…
 

Қалби шу даражада жўшиб, ўзи айтаётган қўшиққа шу даражада берилдики, гузарда автобус тўхтаганини, ундан Моҳидил билан онаси тушганларини сўнг қаҳвахона томон юрганларини ҳам сезмади. Назиранинг “Вой, Моҳий” дейиши уни хаёлнинг момиқ булутидан суриб туширди. Кўзларини очди-ю, таҳайюр тўрига чирмашишига бир баҳя қолди: жиндек ўнғайсизланишни ҳисобга олмаганда ўзини дарров ўнглаб, кулимсираганича саломлашди. Ойниса истамайгина алик олди. Моҳидил эса дугонасига норози қараш билан чекланди.

– Яхши бориб келдингларми? – деди Ғайрат.

– Ҳа, бориб-келдик, – деди Моҳидил. Кейин пичинг билан қўшиб қўйди: – Назийни зериктирмай ўтирибсизми?

– Мен… сизни кутиб ўтирибман.

– Мени? Қизиқ… – Моҳидил чимирилганича юзини ўгирди. – Менда гапингиз бормиди?

Ғайрат нима деб жавоб беришни билмай ўнғайсизланганида Ойниса гапга аралашиб, унинг мушкулини осон қилди:

– Моҳий, юр, Назийнинг ўзи беркитиб боради. Савдонинг ҳам тайини бўлмаганга ўхшайди.

– Хўп, кетдик, – деди Моҳидил лабини буриб. Онасига эргашиб кета туриб дугонасига пичинг тошини отишга ҳам улгурди: – Назий, ашулага тўйиб олганингдан кейин, бизникига боргин…

– Моҳий, бу нима деганинг? Гапингни қара…

* * *

Паридарага бориш таклифининг қабул бўлишига Ғайратнинг ишончи йўқ эди. Айниқса, Назира учун қўшиқ айтаётганда “қўлга тушиб” қолгач, қизнинг муҳаббатига бўлган умид қуши қўлидан учиб, оддий кўз қарашидан ҳам маҳрум этилгандай рад этилган ишқ талвасасига тушди. Муҳаббат инсон ҳисларининг энг гўзали, энг ширини эканини татиётган йигит тотли туйғуларидан маҳрум этилса, қадим ишқ аҳли каби мажнунга айланиб, тоғу тошларга бош олиб чиқиб кетсинми? “Отмагай тонг боғ аро азминг хиромон бўлмаса, булбули шайдолари гул узра нолон бўлмаса”, деганларидек, у муҳаббат билан нафратнинг яқин қариндош эканини, ишқ тарозисининг бир палласида униси, иккинчисида буниси ўтирганини билади. Салгина қалтис ҳаракат билан нафрат ўтирган палла тош босиши мумкинлигини англамаган йигит севги кўчасига адашиб кирмаса ҳам бўлаверади. Нафрат палласи оға бошлаган дамда усталик билан тўхтатишни эплолмаган йигит эса оғзидаги луқмани олдириб қўйган ношуд каби севги даштида сарсон кезиб қолаверади. Не бахтки, Ғайрат ундайлардан эмас. Севгани унинг вужудида, жонида яшай бошлаган экан, жон эгаси ўзи эмас, ўша қиз экан, лаллайиб тураверсинми?

Уни қутқара олувчи нажот кемаси бор эди – Моҳидилнинг туғилган кунида айби кечирилишига умид қилиб, шаҳарга тушиб, Ғирром қарзга берган пулга соат шаклидаги тилла билагузукни сотиб олди. Қизни кўришни қанчалик истамасин, ўша куни ўзини тийди. Сувдан тоймаган ялангоёқ сингари таваккал қилди. Таваккалчининг ишини Худо ўнглайди, деганларидай, бир кунлик ҳижрон азоби эртасига висол роҳатини бахш этди.

Аразчи қиз Моҳидил эса…

Юракка ўғри кирса, нима бўлади – тинчини ўғирлайди-да!

Моҳидил йигитга киноя тошларини отгани билан ундан кўнглини узмаган эди. Дугонасининг юраги ким билан боғланганини аниқ билгани сабабли рашк ўтида қаттиқ куймади. Шамнинг ўтли тилчаси каби бир буралиб олган рашк юрагини салгина куйдирди-ю, сўна қолди. Гитара осиб олган бу олифта йигитни биринчи марта кўрганидаёқ юраги сал ғалатироқ бўлган эди. Эндиги рашк уни севги тўрига чинакамига ўрала бошлаганидан огоҳ қилди. Эртаси куни ишга чиққанида милиция идораси томон кўп қаради. Қўли ишда бўлса-да, кўзлари йўл пойлади. Йигитнинг бугун узр сўраб келишига ишонган эди.

Келмади…

Унда… ашула айтиб ўтириши бежиз эмас экан-да…

“Сурбет… Ҳа, ҳақиқий сурбет у!” – кечки пайт уйига қайтаётган Моҳидилнинг ҳукми шу эди…

Йигитнинг суқланиб қараши ҳисобга олинмаганда у ҳали севгиси хусусида ишора ҳам қилмаган. Йигитларнинг бундай қарашларига ишониб бўлмаслигини Моҳидил билади.

Келмади-я!!!

“Бети қурсин! Иккинчи яқинлаштирмайман!”

Шу аҳд билан уйига қайтди. Тун азобини қандай енгганини севги ўтида ёнган қизлар яхши билишади. Моҳидилни бу кеч чулғаб ташлаган ўйлари шу даражада кўп эдики, бирлари олмани кемираётган қурт каби миясига оғриқ берарди, бирлари қўйнига кириб олган қора илонга айланиб, меҳр ипларига заҳар соларди, яна бирлари бўйнига осилган сиртмоқ каби нафасини бўғарди. Ичида кўнгилни йиғлатадиган бир нарса ғивирлайверди. Қалбини туни билан ёндириб адо қилган ўт эса лабини қуриштирган эди.

Ариқ бўйида чўнқайиб ўтирганича хаёлга чўмган, сувга қўл узатишга ҳам хоҳиши бўлмаётган қизининг бу аҳволини кўриб, Ойниса қўрқиб кетди. Қизидаги бу ўзгариш кечаги араздан экани хаёлига ҳам келмади. Эри ҳукм қилиниб, ўзи бир неча ҳафталик қамоқдан қайтган кунлари қизини шундай афтодаҳол ўтиришини кўрган эди. Агар ҳозир бирон билағон келиб, “қизинг милиса йигитнинг кеча ашула айтиб ўтиргани учун ухламай, азобланиб чиқди”, деса сира-сира ишонмас эди. Чунки Моҳидилнинг кечаги шарттакилиги, киноялари унга ёққан, “боплади, энди суйкалмайди”, деб қувонган эди. На қилсинки, сув бўйида ўтирган қиз кечаги Моҳидил эмасди…

Ойниса унга яқинлашиб, елкасидан қучгиси, эркалаб, ҳол-аҳвол сўрагиси келди. Ўйчан ўтирган қиз бирдан ўзини ўнглаб, юзини ювди-да, ўрнидан турди.

Ушлаб қўл сезмаган, кўриб кўз танимаган нарсани кўнгил билади, деганлари бежиз эмас.

Бу йигитни қандай жазолашни ўйлаб ўтирганида…

Воажаб!..

Жилмайибгина кириб келди…

Эшикни тақиллатмади ҳам, худди уй хожасидай бемалол кириб келди-я!

Айвон зинасида ажабланиб турган қизга яқин келиб, саломлашди-да, “туғилган кунингиз муборак бўлсин”, деб чиройли қутичани узатди.

Милиция кийимидаги йигитнинг индамай бостириб киришини кўрган Ойниса хавотирланиб, қизига яқинлашди. Моҳидил тилдан қолган эди, қутичани очиб кўриш ҳам хаёлига келмаётганди. Ойниса қутичани унинг қўлидан олиб, очди. Она-бола тилла билагузукни кўришди-ю, лол қолишди. Уларнинг ажабланишлари фақат қимматбаҳо буюмдан таралаётган нур аксида эмас, балки бир неча кун аввал қизга ёқиб қолган, лекин олишга қурби етмаган тақинчоқнинг бугун ҳадя этилишида эди.

Ким бу йигит? Сеҳргарми? Қизнинг кўнгил сирини қандай билди?

– Мунча чиройли! – деди Моҳидил қувончини яширолмай. Лекин унинг қувонч ўтини онаси совуқ сув сепиб ўчира қолди:

– Биз бунақа қимматбаҳо нарсани ололмаймиз, – деди Ойниса қутичани эгасига узатиб. – Уйдан тилла чиқса, эртага милиса мени яна ўтқазиб қўяди.

– Ахир бу совға-ку? – Ғайрат узатилган қутичани олмаслик учун тисланди-да, гапни ҳазилга бурмоқчи бўлди. – Ойим “яхши қизнинг туғилган кунига совға қиларсан”, деб бериб юборган эдилар.

– Ёлғон гапирманг. Моҳийнинг туғилган кунини қаердан била қолдингиз?

Ғайрат сирни ошкор қилишни истамади. Тайинли жавоб ҳам тополмай, чайналди.

– Ахир… Мен участковойман-ку…

– Яна ёлғон гапиряпсиз. Милициянгизнинг рўйхатида мен тураман, Моҳий эмас.

– Хола, Моҳидилни туғилган кунлари билан табриклагани келувдим, сиз сўроқни бошлаб юбордингиз. Индамай қайтаверайинми?

– Хола?! Қанақасига мен сизга хола бўламан?

– Тошкентда шунақа дейишади-да…

– Бу ер Тошкент эмас…

Кўча эшиги оғзида пайдо бўлган Назирага кўзи тушган Моҳидилнинг чеҳраси очилиб:

– Вой, ана Назий келди! – деб хитоб қилди.

Назиранинг келишидан Ғайрат ҳам қувониб, бўлажак қайнонасининг терговидан қутилганига шукур қилди. Назира тез-тез юриб келиб, Ғайрат билан бош ирғаб саломлашди-да, дугонасини қучоқлаганича, ёноғидан чўлп-чўлп ўпиб туғилган куни билан қутлади. Кейин Ойнисанинг қўлидаги қутичага қараб “Вой, мунча чиройли!” деб қўйди.

Тилла билагузукка шунчаки қараб қўйишининг ўзи сирини фош қилди. Ойниса “ҳаммаси равшан”, дегандай енгил уф тортиб, совғани қизига узатди. Назира чаққонлик қилиб уни олди-да, дугонасининг билагига тақа бошлади.

Ғайрат Моҳидилга қаради – нигоҳлар тўқнашди. Қизнинг юрагида шу он ёқимли алланарса уйғонган, мулойим қараши эса уни ошкор қилаётган эди. Тунда азоб берган рашкнинг ожизгина оловли тили туфайли туман пардасида буркалган дудмал ҳис энди дил қуёшининг чароғон нурларида равшан шакл олиб, тинчига ўзгача тарзда қасд қила бошлаган эди.

Ойнисанинг заҳарли сўзларидан сўнг йигит юзидаги қуёшни булут босиши керак эди. Лекин қиз кўзларидаги миннатдорлик учқуни бунга йўл қўймади.

– Дастурхонга қараларинг, ана яна битта меҳмон келди, – деди Ойниса совуқ оҳангда. Уччовлари кўча эшиги томон қарашди-ю, Ғирромни кўриб, кайфиятлари тушди.

Ғирром яқин келиб, Моҳидилнинг билагидаги соат шаклида ишланган тилла безакни кўрди-ю, Ғайратга қарз берганидан афсусланди. Назарида милиса йигит шу тилла билагузук эвазига қизни сотиб олгандай туюлди.

Ойниса ошхона томон юрди, қизлар айвондаги хонтахта атрофига кўрпачалар солиб, жой ҳозирлай бошлашди. Икки мухолиф кемадан айри-айри жой олган икки йигит эса худди тилдан қолган соқов каби бир-бирларига қараб тураверишди. Уларнинг ҳар бири ўзи тушган кеманинг мустаҳкамлигига ишонарди. Қизнинг кўнгли учун рақобат уруши бошланган тақдирда мутлақ ғолиб келажагига ишонч ҳар бирининг нигоҳида зоҳир эди.

Биринчи кема елканларини ёшлик шижоати, ёшликнинг покиза нафаси бошқарарди.

Иккинчисининг елкани пишиқ матодан эмас, пулдан эди. Салгина шамолда пулнинг тўзиб кетишига бу кема эгаси ишонмас эди. Елкан нима экан, кема темир эмас, пул михларидан маҳкамланган бўлса, ожиз тўлқинга дуч келган дамда аҳволи не кечар экан? Пул ва зўрликка ишонган одам бу саволга жавоб топишга уринмайди ҳам.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации