Электронная библиотека » Тоҳир Тоҳир Малик » » онлайн чтение - страница 20


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:42


Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 20 (всего у книги 67 страниц) [доступный отрывок для чтения: 22 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Хабар: Бундан бир неча кун олдин “Гулистон” журналининг ходими Мурод Хидиров бир йиллик фидокорона меҳнатидан сўнг, ниҳоят озодликка чиқди ва озодлик даврини Китоб райони колхозларидан бирида ўтказиш учун зудлик билан “Ил–14” самолётига чиқиб, жўнаб кетди. Ўртоқ Мурод Хидировнинг озодлик даври ҳали тугаган эмас (музика).

Аввалги эшиттиришимизда Ўзрадио редактори С.Раҳмоновнинг иш ташлагани ҳақида хабар қилган эдик. Ўртоқ С.Раҳмонов ҳамон машҳур иншоотга раҳбарлик қилмоқда, ишсизлик фаолиятини давом эттирмоқда. Яшасин, С. Раҳмонов! (мусиқа)

Энди ҳурматли Т.Ҳобилов! Сизга бағишланган концертимизни бошлаймиз. (180 та ашула)

Адабий саҳифа: Интермедия. (Ёш шоир Чўлпон Эргашев Республика “Билим уйи” хоналаридан бирида ҳозиргина олган маошини санаш билан машғул. Шу пайт эшик тақиллайди. Чўлпон шошилиб пулни чўнтагига яширади).

ЧЎЛПОН: – Киринг… (Эшик очилиб, қорагина қиз икки боласини кўтариб кириб келади) Насиба?.. (У шундай деб ҳушидан кетади. Қиз шошиб, қўрққанидан қочиб қолади…)

ЧЎЛПОН: – (алаҳсираб) – Алимент… Насиба… алимент… (ичкарига бир хотин кириб унинг юзига сув сепади. Чўлпон ҳушига келиб қаршисидаги бегона хотинни кўради) Ҳайрият… Тушим экан!.. (у хотиндан воқеани эшитгач) – Қойил, театр институтида ўқиганим бу сафар ҳам иш берди… (мусиқа. Интермедия тугайди)

Энди навбат фельетонга! Афсуски, боши ёзилмаган, давоми келгуси сонда.

Бир томчи шеър:

 
Ҳазилларни кўнгилга олманг,
Олсангиз ҳам майлига, “пускай”.
Ҳазил қилдим, кулинг деб яланг,
Ҳазил қилдим фақат бир дўстдай. (мусиқа)
 

– Шу билан Совет Армияси сафида жавлон ураётган рабочий солдат Тоҳир Ҳобиловга бағишланган навбатдаги эшиттиришимиз тугади, – дедим мен.

– Майли, – деди у.

– Яна қоғозда учрашгунимизча хайр, – дедим мен.

– Хайр, – деди у…

– Саломат бўлинг, – дедим мен.

– Саломат бўламан, – деди у “камтарлик билан”.

– Тезроқ тугатинг, армиянгизни, – дедим мен.

– Тугатаман, – деди у ҳарбийча честь бериб.

– Вольно! – дедим мен.

С. Раҳмон. 28.09.70. (Кечирасиз, бу сафар хат атиги 8–9 кунгина чўнтакда юрди).

Ижодга, адабиётга доир мактубларни бошқа дўстлардан ҳам олиб турардим. Шулардан бири, Муҳаммаджон Бақоевнинг хатида кутилмаган танқидга учрадим:

“Яқинда “Тошкент оқшоми”да “Бурч” сарлавҳали материалингизни ўқидим. Шуни “ҳикоя” деб юборганингизга қойилман. Ғирт тўқима-ку?! Тўқима бўлмаганда ҳам, хўш, нима бўпти? Тракторчи маст экан, назоратчи хавф олдини олиб, тракторни тўхтатибди. Ахир назоратчи бунинг учун маош олади-ку? Бу унинг мажбурий вазифаси. Ёзишга арзимайди. Биринчи маротаба кечираман. “Ҳаваскор” ёзувчилигингизни назарга олдик. Танқиддан тўғри хулоса чиқарасиз, деб ўйлайман. Ахир ёш эмассиз. Чорак асрлик юбилейингиз яқинлашяпти. Каттароқ мавзуларга қўл уриш пайти келди”.

Бу танқид мени ғоят ажаблантирди. Чунки мен бунақа ҳикоя ёзмаганман. Ҳарбийдан қайтгач, масалани ойдинлаштирдим, таҳририят ходими адашиб, бир мақолага менинг номимни ёзиб юборибди. Мақолани ўқидим, Муҳаммаджоннинг танқиди тўғри эди.

“Ленин учқуни”да адабиёт тўгарагини бошқарганимни баён қилиб эдим. Бу болалар улғайишиб, мен ҳарбийдалик пайтимда мактабни тугатишган эди. Айримлари билан хат ёзишиб турардик. Гўё адабиёт тўгарагидаги суҳбатимиз давом этаётгандек бўларди:

“…Ҳикоялар ёзиб тургандирсиз? Имтиҳонлардан ўтганим билан табрик-лаганингиз учун раҳмат. Шундай қилиб, биринчи курсни тугатдим.

Ҳа, ёз ойлари шеър дафтари тўладиган пайт. Фақат “шоир”нинг дафтарига барака кирмаяпти… Командировкангиз хизмат юзасидан бўлса керак, яхши таассуротлар билан қайтгандирсиз? Асқар Қосимовни танийман. Сизга ёзганим ўша мушоирада шеър ўқиган эдилар.

Устоз одамнинг зерикиши, ҳафсаласизлик ҳақида гапириши яхши эмас! 150 кун ҳам бирпасда ўтиб кетади. Кейин шу даврингизни соғиниб, қўмсаб юрасиз. Пушкин айтганидек: “Ўтган эса ҳамиша тотли”… Шеърга келсак, мақтовларингиз учун раҳмат. Танқидларингизнинг ҳаммасига қўшилмайман. Сатрлар ҳақидаги фикрингизга қўшиламан-у, лекин “Доносан ва лекин юрагинг қора”, дейиш билан табиат, сен доносан, инсонга ҳамма нарсани берасан, лекин юрагинг қоралик қилиб, мақсадга етдим деганда, ҳалок этасан, демоқчи эдим. Балки фикрим чиқмагандир? Одам ўз камчилигини тушуниши қийин бўлади-ку? “Ҳайҳот” сўзи негадир сизга ёқмайди. Эсингиздами, Алишер Навоий ҳақида ёзган бир шеъримда ҳам шу сўзни танқид қилган эдингиз? Бу шеър марсия шеър бўлганлиги учун, алам қилганидан кескин ёзиб юборибман…

Мен сизга ёлғончи бўлдим, қайта ишлаб юбормоқчи бўлган шеърим “Хотирот” сингари ҳеч кўнгилдагидек чиқмаяпти. Ҳозирча “қарз”ман. Шу кунлардаги шеърларни яна қайта кўриб чиқиш керак, бу сафарча олдинги шеърлардан юбораман, хафа бўлмайсиз… “Меҳр” номли шеъримни “Маданият”да чиқаришибди. Бир оз ўзгартиришибди, нима ҳам дердим…”

Ҳарбийдаги кунларимда ҳамкурсим Одил Тўхтаназаров билан ёзишмаларимни ҳозир алоҳида қизиқиш билан ўқийман. Одилжон аканинг тўғрисўзликлари, тиниқ фикрлари хатнинг ҳар бир сатрида сезилиб турарди. Бу фазилатлар ёшларга ибрат бўлар деган умидда, айримларини мисол тариқасида баён этай. Одилжон аканинг ҳар бир хатларида саломдан сўнг “Бирга хизмат қилаётган биродарларингиз ҳам саломатмилар?” деган лутф бўларди. Бу ҳам у кишининг қалблари нақадар бой эканидан далолатдир. Чунки саломлашилганда камдан-кам одам биродарлар аҳволи билан қизиқади.

“Тоҳиржон, хатингизни олдим, бениҳоя хурсандман, раҳмат, ука. Нарса ёзмасангиз ҳам майли, бу ишлар ўз вақтида бўлар. Энг муҳими – саломатлик бўлсин! Дарҳақиқат, у ерда бирон иш қилиш қийин, ҳарбийчилик-да… Баъзи жиҳатлари дидингизга мос келмаслиги табиий. Лекин бундай ҳаёт вақтинчалик, шундай эмасми, ука? Хатингизнинг мазмунидан бегона юртларда киши руҳида содир бўладиган кайфиятлар сезилиб турибди. “Киши ўзи униб-ўсган жойини мусофирчилик тузини тотганда кўпроқ қадрлайди”, деганлари ҳақ гап. Буни сиз ҳаётий тажрибангизда кузатиб турибсиз. Бу ҳаётингиз ҳам, таъбир жоиз бўлса, “лекцияларсиз мактаб”, ука. Келажакда азиз Ўзбекистонимизни янада қайноқ ҳис-туйғулар билан мадҳ этишга пухтароқ тайёрланяпсиз.

Тоҳиржон, адабий олам билан мунтазам таниш эмасман. Яхшими, ёмонми, ҳар бир нашр этилган китобларни ўқийвериш иштиёқи менда йўқ. Чунки айрим шоир ва адиблардан ихлосим қайтган. Абдулла Ориповнинг китобини юборяпман. Янги китоблар орасида менга ёққани шу бўлди. Соҳиб Жамолни ўқиганим йўқ, ўқиб чиққач, мазмунидан мени ҳам огоҳ қиларсиз.

Сиз-ку, хизматдасиз, мен-чи? Мен ҳам негадир арзигулик нарса ёзолмаяпман. Негалигини ўзим ҳам билмайман. Анчадан бери бирон нима ўқиганим ҳам йўқ. Тузукроқ нарса бўлса ўқийман, десам, ўчакишгандек, китоблар кам чиқяпти. Эркин Воҳидовнинг “Чароғбон”ини ўқидим, лекин эсимда биронта шеъри қолмабди, хотирамнинг кучсизлигиданми, билмайман. Ҳалима Худойбердиева иккисининг тўпламини сизга ҳавола қиламан. Шунингдек, бир неча журналларни ҳам… Бекорчилик, зериксангиз ўқирсиз.

“Чиннигул” билан “Умид” айтарли эмас, денг-а? Менга ҳам шундай туюлди. Нега энди шундай нарсаларни кўпиртириб мақтайверишади-а? Токайга қадар бу аҳвол давом этаркин? Бизнинг “устозлар” ҳам сал юракка жиз этиб таъсир қиладиган нарсалар ҳақида бош қотиришармикин ёки аравани қуруқ опқочиб юришаверармикин? Тоҳиржон, ҳозир энг кўп нусҳаларда босилаётган айрим “бадиий” нарсалар (“асарлар”)нинг умри унча узоқ бўлмаса керак, дегим келади. Ҳозирги “зўрлар” вақт билан ҳисоблашармикин, тарих қалбакиликни охири чиппакка чиқаришини, келажак авлодни алдаб бўлмаслигини ўйлармикинлар? Хайр, нима бўлса бўлар, бу ҳақда адабиётимизни “суяб” турган “тоғларимиз” ўйлашар…

“Айтган ишларингиз нима бўлди, таржимани бошладингизми? Тузук чиқяптими? Омадингиз келсин. Хатингиздаги яхши истакларингиз учун раҳмат, сиз ҳам мақсадингизга етинг. “Ёзган нарсам ўзимга ёқмади”, дебсиз. Ёқмаса ҳам ҳаракат қилаверинг. Бири бўлмаса бошқаси яхши чиқиб қолар. Умуман, сиз бўш нарсани кам ёзасиз, камтарлик қилаётган бўлсангиз керак? Тоҳиржон, шеърни ўзбекчага ағдаришга нўноқроқман. Чунки рус тилини билмайман. Лекин иложи борича уриниб кўраман. Қани, хизматдан қутилиб келинг-чи…”

“Тоҳиржон, адабиёт ҳақидаги фикрларингизга қўшиламан, сиз ҳақсиз. Лекин сиз билан бизнинг уларга “омад” тилашдан бошқа иложимиз йўқ. Бор бўлсин “адабиётчиларимиз”! Ижодларига “барака”!

Адабиётчини танқидчи “саваласа” чидаса бўлади, чунки у қаламкашни гоҳ осмонга олиб чиқса, гоҳ ерга ташлайди. Унинг вазифаси шунақа. Лекин ижодкор оддий китобхон назаридан қолмасин. Китобхоннинг ихлоси бир қайтдими, тамом! Ижодкор унга осмондаги Ойни олиб беришга ваъда қилса ҳам, кўнмайди. Энг ёмони – у фақат бир ижодкорга эмас, адабиётимизга лоқайд қарайдиган бўлиб қолади. Ҳа, майли, камчиликсиз киши бўлмас, дейдилар. Чиқмаган жондан умид… Китобхон сифатида самимий сатрлар кутиб қоламиз…”

“Уйнинг таърифини эшитсангиз – бир хоналик, иккинчи қаватда. Файзли, деса ҳам бўлади. Онам бу ерга бутунлай келмасалар керак. Чунки қишлоққа кўникиб қолганлар. Қолаверса, набираларини кўзлари қиймас, деб ўйлайман. Лекин меҳмонга келиб турадилар. Тўй масаласи ҳозирча аниқ бўлгани йўқ. Балки ёзда ҳал бўлар. Ёзиш-чизишдан сўрасангиз, оз машқ қиляпман. Руҳимда неларнингдир таъсири борга ўхшайди. Ниманингдир излари қолган шекилли… Юборган машқимга билдирган истакларингиз учун раҳмат, яхши нарсалар ёзишга қарздорман. Мени ёзишга қистаб турсангиз бас, оқилона танқидларингизни аямасангиз бўлгани…”

Баёнимнинг биринчи китобида Одил ака ҳақида сўз юрита туриб,газета чиқармаган шеърларини тилга олиб эдим. Сатрлар оққа кўчири-лаётган дамда “Ушбу шеърни Тоҳиржон Ҳобиловга эсдалик учун тақдим этаман, Одил Тўхтаназаров, 9.02.65” деб дастхат ёзилган шеърни топа олмаган эдим. Бу сафар эски қоғозлар тўплами орасидан топилди. Шеър ўша вақтда менга жуда ёққан эди, қарилик чоғимда ҳам ёқяпти, ўқиб кўринг-а:

 
Севармидинг ғунча бўлиб боғларингда очилсам,
Ё бир қиё боқармидинг, ёқут бўлиб сочилсам.
Ёки нурим ёқармиди қуёш бўлсам – кун бўлсам,
Қўйнимга бош қўярмидинг, оқшом бўлсам – тун бўлсам.
Ичармидинг чашма бўлсам юзинг бўлиб лоладай,
Кечармидинг дарё бўлсам, шўх, ўйноқи боладай.
Анҳор бўлсам солармидинг кокилларинг қалбимга,
Ё гул бўлсам қучармидинг лабинг қўйиб лабимга.
Ахир, айт-чи, не қилсамки гўзал сенга ёқаман,
Кўзларингга қачонларки шод ва дадил боқаман?
 

Ҳарбийдаги бир йиллик ҳаёт таассуротларининг ўзи алоҳида бир оламдир, айтиб адо этмоқ мушкул. “Бир йил қачон ўтаркин”, деб кун, соат санардим. Қаранг, ҳарбий либосни ечганимга 44 йил бўлибди. Уйга қайтганимдан сўнг ҳарбий комиссариат яна чақирди. Иситмалаб ётган эдим, талаб қилинган муддатдан бир ҳафта ўтказиб бордим. Мени офицерлар бўлими чақиртирган экан, ажабландим. Хонага кирсам, икки йигит хафаҳол турибди. Чақирув қоғозини узатган эдим, офицер “Нега вақтида келмадинг?” деб сўкиниб қолди. Врачнинг қоғозини кўрсатган эдим, тинчиди. Ҳалиги икки йигитга қараб, “Мана, учта бўлдиларинг, тўрт кундан кейин сафар халталаринг билан шу ерда шай бўлларинг”, деб уларга ижозат берди-да, қандайдир бланка чиқариб, ёза бошлади. Гапни худди терговчидай бошлади. Исми-насабим, туғилган йилим, маълумотим…

– Нечанчи йилдан бери аъзосан? – деди қоғоздан бош кўтармай.

– Нимага? – дедим саволига тушунмай.

– Нимага эмас, – деб тўнғиллади у. – КПССга нечанчи йилдан бери аъзосан?

– Аъзо эмасман.

– Нима? – у ручкасини жаҳл билан қоғоз устига ташлади-да, ҳарбийга оид қонунлар тўпламини олиб варақлади. Керакли жойини ўқиб, аста сўкиниб қўйди. – Партияга ўтишинг билан бизга маълум қиласан, – деди буйруқ оҳангида.

– Нега?

– Сен ярим йил хизмат қилиб, кейин офицерликка ўқишинг керак эди. Ўқишни битириб, икки йил замполит бўлиб хизмат қилишинг шарт.

Партияга аъзо бўлмаганимга шукур қилиб, уйимга қайтдим. Партияга ўтмадим, ҳарбийлар ҳам бошқа чақиришмади.

1970 йилнинг кузи бошланганда мен Гайдаржидан Волгоградга бориб келишга ижозат сўрадим.

– Олдинги борганингда бирон жононни севиб қолганмидинг, соғин-япсанми? – деб ҳазиллашди. Шунда ниятимни айтдим. Кутубхонани кўнгилдагидай жиҳозладим. Кутубхоналар кўригида биринчи бўлдик. Уйга қайтишдан олдин рота учун фотолабораторияни мукаммал тарзда жиҳозлаб, ташлаб кетмоқчи эдим. Йигитларнинг фотосуратларини ишлаб топган пулларимни йиғиб қўйганман. Бу шаҳардаги дўконда фотоаппарат ҳам, увеличитель ҳам йўқ экан. Гайдаржи ўша заҳоти ижозатнома ёзиб берди. Фотоаппаратни Волгограддан топа олмадим. Бошқа жиҳозларни топиб қайтдим. Ўша кунлари Гайдаржи картошка кавлашга борадиган махсус йиғма ротага командир қилиб тайинланди. Воронеж томонга боришар экан, фотоаппаратга аталган пулни унга бердим. Воронежда ҳам тополмай, атай Москвага тушиб олиб келибди. Менинг бу ишимда ҳарбий қисм раҳбарияти мамнун бўлди, яна икки йиллик хизматга қолишга так-лиф қилишди. Икки дақиқа қолишга ҳам хоҳишим йўқ эди. Хизматнинг дастлабки кунларига нисбатан охирги кунларидаги руҳий азоб кучлироқ бўлар экан. Бу биргина менда эмас, бошқаларнинг асабий муомаласида ҳам сезилиб турарди.

“Дембель” – уйга кетишга ижозат бериш ҳақидаги буйруқда Миртўла билан каминанинг номи чиққанда ғаламис сержантларнинг яна қит-мирлиги тутди. “Булар бир йил хизмат қилишди, нега биринчилар қаторида “дембел” бўлишади”, деб даъво қилишган эди, Комлев гапни қисқа қилди:

– Хабилов хизматга 5 декабрда келган, у муддатидан ўн кун кўп хизмат қилиб қўйди. Сенлар 31 декабрда келган эдиларинг, эсингдами? Демак, тўла икки йил бўлиши учун яна 15 кун хизмат қилиб беришларинг керак. Шу ғалвани бошлаганларинг учун сенларга энди 31 декабрда рухсат берилади.

Улар минғирлай-минғирлай тинчишди. Ҳаммамиз ярим кечада поездга ўтириб Волгоградга келишимиз лозим эди. “Сержантлар хайрлашув маишатларини бошлаб юборишибди, биз билан Волгоградда ҳисоб-китоб қилишармиш”, деб қолди Миртўла.

– Яхши, – дедим мен, – бизни ўша ерда қидираверишсин, биз икки соат олдин поездда бўламиз.

– Қанақасига?

– Келган йўлимиз билан қайтамиз. Мен ҳисоблаб чиқдим. Москва орқали боргандан кўра бу йўлда тезроқ уйимизга етамиз.

Фикр Миртўлага маъқул бўлди. Йўлни ўзгартиришимизга сабаб сержантлардан қўрққанимиз эмас. Бир-иккитаси кайфда дўқ ургани билан ҳеч нима қилишолмас эди. Зўравонликка қасд қилган тақдирда ҳам, ғарбликлар биз томон бўлишарди.

Ниҳоят, суюкли ва ардоқли ота-оналаримизнинг, жигарларимизнинг, меҳрибон дўстларимизнинг дуолари ижобат бўлди: ҳарбий хизматни соғлик-омонлик билан адо этиб, она тупроғимизга бешикаст етиб келдикким, ҳозирга қадар шукурлар айтаман, менга яхши тилаклар билдирганлар ҳақига ҳар тонг дуолар қиламан.

Декабрнинг охирги ўн кунлигини кўпчилик Янги йил кутиш тадориги билан ўтказади. Каминада аввалдан бундай ҳаракат йўқ. “Йил кўнгилдагидек самарали бўлмади”, деган фикрда йилнинг охирги кунларини ёзув столида ўтказишни одат қилганман. Янги йил кечаси барча телевизор томошаларига михланган пайтда ҳам мен ё китоб ё қоғоз-қаламга “ошно” бўлиб ўтирган бўламан. Бу одатимни билганлардан кўп танбеҳлар эшитганман. Чиндан ҳам бу фазилат эмас, камчиликдир. На қилайки, бундан то ҳануз қутула олмасам…

Учинчи қисм
“ИСЁН”ДАН ВОЗ КЕЧИЛДИ

“Дилпора” вафо қилмагач…

Ҳарбийдан қайтгач, ўйнаб-кулиш, маишат қилиш деган тантана-лар ҳам бўлмади. Баҳодир акам ҳарбийга кетаётганларида ҳам, қайт-ганларида ҳам зиёфат берилганди. Мен унисига ҳам кўнмаган эдим, бунисига ҳам йўл қўймадим. Хизмат туфайли чала қолган икки ишимни давом эттириш, тезроқ якунлаш ҳаракатига тушдим. “Исён” деб номланган қиссанинг ярми ёзилган эди. Ўзим тўқиётган воқеаларга ўзим ҳам ишонмай, қўлим ишга бормай қўйди. Охири, бу асарни ёзишдан воз кеча қолдим. “Дилпора”га қаттиқ киришдим. Назаримда, бу асар менинг бошимга шуҳрат тожини кийдирадигандай эди. Лекин унинг тақдири нима бўлганидан сиз – азизлар хабардорсиз. Асар ғоят бўш ёзилгани туфайли шуҳрат тожи эмас, афсус кўлмаги насиб этди. Ўқиган китобларимга нисбатан танқидий фикрларим кўп бўларди. “Дилпора” туфайли, боксчилар тили билан айтилганда, “ногдаун” ҳолатига тушганимдан сўнг бировнинг асарини танқид қилишдан олдин кўпроқ ўйланадиган бўлдим. Палов ширин бўлмабди, дейиш осон, аммо ширин палов пишириш қийинлигини унутмаслигим керак экан.

Ҳарбийга кетишимдан аввал радиога ишга киришим расмийлаштирилмаган эди. Шу сабабли янги жой бўшашини кутдим. Ишга кирдим ҳам… Оқибати нима бўлганини, комсомоллар билан олишувим нима билан якун топганини, шошқалоқлигим туфайли олдинги китобда баён қилиб қўйиб эдим, энди бу йиллардан “сакраб” ўтиб, бўйдоқликнинг осуда оламини тарк этишга тадорик кўриш воқеаларига кўчаман.

Дорилфунунни битирдим, ҳарбий бурчни ҳам бажардим. Акаларим уйланишган, опаларим турмушга чиқишган, йўлларим очиқ. Энди уйланиш йўлини тўсадиган тўғон ҳам, баҳона ҳам йўқ. Аслида баҳонага не ҳожат? Ота-онам “уйланасан!” деб қисташмаган, мен эсам баҳона изламаганман. Ёзда Баҳодир акамнинг ташаббуслари билан уйни жиддий таъмирдан чиқардик. Эллигинчи йилларда қурилган пастак уйимизнинг “пешонасини” сал кўтариб, қаддини тиклагандай бўлдик. Дурадгорлик ҳунаримни тўла ишга солдим. Кейинроқ маҳаллага газ келгач, уйни газлаштирдик, хонадонга келинсалом билан кириб келажак хоним қишда кўмир қалаб печ ёқиш, кул тозалаш каби заҳматлардан озод бўлдилар. Лекин қанилар ўша хоним-афандимиз? Озғин, узун, қора йигитга тегаман, деб кимнинг кўзи учиб турибди?

Ботир акамнинг тақдирлари осон ҳал этилган: жигарчилик узилиб кетмасин учун қариндошга уйлантиришган. Баҳодир акамга ҳам қиз қидириб кўп сарсон бўлишмаган. Аксинча, кўнгил қўйган қизларини рад этавериб чарчашган. Алихон тоғам Қаюмхўжа ака деган биродарлариникига борганларида қизларининг одоби ёқиб қолган экан. Шу тавсия билан тўй бўлиб кетди. Акамнинг бахти кулгани ўз-ўзидан аниқ, аммо аяжонимнинг бахт чечаклари чарақлаб очилди. Катта келин билан унча-мунча чўқишиб турардилар. Буниси қизларидан афзал бўлди. Одобда, хизматда аяжонимнинг дуоларини олди. Аяжоним кенжа келинларининг ҳам шундай бўлишини истар эдилар, лекин қани ўша келин? Икки акамнинг йигитчиликда кўнгил қўйган қизлари бўлганини эшитганман. Баҳодир акамникини кўрганман ҳам. Бу борадаги қитмирлигимни кейинроқ “Бир кўча, бир кеча” асарида ўзгаришсиз баён этганман. Ундаги Раҳим – ўзимнинг, Зарифа – Дамира опамнинг, Латиф эса акаларимнинг кўзгудаги акслари десам ҳам бўлаверади. Унда баён қилинган “жосуслик” ҳам тўқилган эмас, воқеа аслида бундай бўлган:

Бу воқеа ҳарбийга кетишимдан анча олдин, 1968 йилда содир бўлган: янги қурилаётган ҳаммомнинг томини ёпаётган эдик. Камина – ёш ёзувчи, дурадгор уста; олий маълумотли қурувчи муҳандис – Баҳодир акам эса ёрдамчи эдилар. Пешиндан сал ўтганда ёрдамчим ишни бас қилиб, томдан пастга туша бошладилар. Ука сифатида бир нима деб танбеҳ беришга ҳаққим бўлмаса-да, уста сифатида “Ишни чала ташлаб қаёққа кетяпсиз, тахталарни биров ушлаб турмаса, мен вазифамни бажара олмайман”, дейишим мумкин эди. Акамнинг айнан шу дамда ишни тўхтатишлари ва ундан кейинги ҳаракатлари каминага маълум бўлгани сабабли индамай кузатдим. Бўйдоқлик оламида юраклари зориқиб кетаётган акагинам ювиниб, кийиниб чиққанларида аяжонимнинг “Ҳа, қаёққа?” деган саволларига “Партия мажлисига” деган қисқа жавоб билан қутулдилар. Акам остона ҳатлаб кўчага чиқишлари билан мен шошилганимча томдан тушдим-да, ювина бошладим.

– Ҳа, сен қаёққа? – дедилар аяжоним.

– Комсомол мажлисига.

– Шу пайтда комсомол мажлисига бало бор эканми?

– Партия мажлисидан ортган бало комсомол мажлисига келаркан, шуни кутиб олишимиз керак, – дедим.

– Икковинг икки ёққа дайдиб юровурларинг, қолган ишга қор ёғаркан, томни январда ёпиб бўласанларми?

– Бу ҳозир бошланадиган партия мажлисининг қандай ўтишига боғлиқ.

Бу ҳазилимга аяжоним тушунмадилар. Ҳозиргача ажабланаман: акагинам “партия мажлисига” деган қисқа жавоб билан кетавердилар. Аяжоним менинг “комсомол мажлисига” деган жавобимга ишонмадилар. Комсомолга ишончлари йўқ шекилли-да, а?

Ўша йиллари ҳиндларнинг янги томошаси қўйиладиган бўлса, кино саройига одам сиғмай кетарди. Ҳафталаб қўйилса-да, чипта топиш қийин эди. Ҳамма аввалроқ кириб кўришни истарди. Акагинам янги танишган қизларини шундай фильм томошасига олиб кирмоқ истагида қўшнимиз Асқарга чипта топиб беришни илтимос қилибдилар. Асқар ҳам ўша кезлари севги ўтида куйиб юрган эди. Гарчи бу борада менинг тажрибам йўқ бўлса-да, унга ҳамроз, тўғрироғи сирдош эдим. Ярим кечаси кўча томон деразасини очиб қўйиб ёзиб ўтирганимда Асқар чиқиб келди. Тушига севган ёри кириб, уйқуси ўчиб кетганми, хуллас, мени ишдан қўйиб, юрак сирларини оча бошлади. Бирон соатдан кейин юрагини бўшатиб олгач:

– Баҳодир акамнинг қизларини кўрдингизми? Кинога олиб тушмоқчилар. Эрталаб иккита чипта топиб беришим керак, – деди.

– Чиптани учта қилиб ола қол, – деб кўз қисдим. Асқар шумлигимни фаҳмлаб, кулди-да, “бу ёғи зўр томоша бўлади”, деб қўйди.

Акагинам айтган “партия мажлиси” лобар қизнинг ёнида ўтириб ҳинд киносини томоша қилишдан иборат эди. Менинг “комсомол мажлисим” ҳам айнан ўша соат, ўша дақиқага уларнинг ёнларидаги ўриндиққа белгиланган эди. Очиғини айтсам, шумликни бошлашга бошладим-у, кинохонага яқинлашганим сайин юрагим пўкиллай бошлади. Ҳарҳолда ўзимни ноқулай сездим. Жойимни топиб ўтирдим. Ёнимдаги икки ўриндиқ бўш. “Мени кўриб қочворишдимикин?” деб ўйлаб, атрофга алангладим. Чироқ ўчишга озгина қолганда бир қизни етаклаб келаётган акагинамни кўриб, юрагим уришдан тўхтаб қолгандай бўлди. Ким билади, эҳтимол рангим ҳам бўзариб кетгандир. Қўрқувдан эмас, ҳижолатдан шу ҳолга тушиб, бошимни эгиб ўтиравердим. Акам ёнимга ўтириб, тирсаклари билан биқинимга енгил туртиб, “Сен нима қиляпсан, бу ерда?” деб пичирладилар. “Комсомол мажлисига келувдим”, дедим. Шу бўйи улар томон қарай олмадим. Қандай фильм томоша қилганим ҳам ёдимда йўқ. Томоша тугагач, қарашга журъат этдим: ажабки, севишганларнинг ўринлари бўш. Қачон туриб чиқиб кетишганини сезмабман ҳам. Шумлик кўзланган натижани бермади, аксинча ўзимнинг кўнглим хижил бўлди. Кинодан чиқиб, стадион томон юрдим, “Пахтакор”нинг ўйини бор эди, мухлислар оқимига қўшилдим. Футбол ўйини чоғида ҳам кўнгил хижиллиги ёзилмади. Ўйиндан сўнг уйга пиёда кетдим. Ёшлар бир-икки безорилик қилишгач, футбол ўйини куни трамвай-троллейбуслар қатнови вақтинча тўхтатиб қўйиларди. Уйга келганимда кечлик таомни еб бўлишган экан.

– Қаерларда санқиб юрибсан, мажлис ўлгур ҳам шунақа чўзилар-канми? Акангнинг келганига ики соатдан ошди!

– Ҳозирги партия мажлисларида охиригача ўтиришмаяпти, биринчи сериядан кейин чиқиб кетишяпти, – дедим. Аяжоним бу ҳазилимни ҳам тушунмай, мени тергай-тергай овқатни иситиб бердилар. Акам билан кўз уриштириб олдик, хафаликлари сезилмади, аксинча аяжонимнинг буровларига тушганим учун “баттар бўл”, дегандай истеҳзо билан жилмайдилар.

Акаларига шумлик қилишга ақли етган йигитнинг ўзи бирон қизга кўнгил қўймагани қизиқми? Бу гапга ҳозирги ёшлар ишонишмайди. Тўғри, ўсмирлик оламига киргач, чиройли қизларга ўғринча термилишлар, хўрсинишлар бўлган, лекин уларнинг орқасидан юриш, киноларга таклиф қилиш ёки хатлар ёзиб, кўнгил изҳорини билдириш деган гап-лар бўлмаган. Нега бўлмаган, буни кўп ўйлайман-у, аниқ жавоб топа олмайман. Муҳаббат ҳисси йўқ эмас, бор эди. Лекин қаттиқ жиловланганди. Тенгдошларим суйганлари билан қўлтиқлашиб юришганда мен қурилишда бетон қорардим. Оқшомда ўқишга шошардим. Шанба-якшанба, уйдаги юмушлар, дарс тайёрлашдан бўшамасдим.

 
Муҳаббат
бир гўзал қушчадир,
у келар,
дили-дилдан оғриниб,
ҳаётни соғиниб,
бир ўзинг
ўйланиб, қийналган чоғингда.
У келар,
қўлингни узатсанг
етгудай бир жойда товланар.
Билмайман,
Чиройли бу қушча
қай усул, қай ҳолда овланар.
Умримда кўп бора кўрганман,
ҳар сафар ўйлаб мен тутишни,
ортиқча ҳаракат, шарпа-ла
учириб қўйганман бу қушни.
Бу қушча сира ҳам тутилмас,
кузатмоқ керакдир йироқдан,
нафасинг чиқармай бир умр
бу умр,
бир умр
титроқда…
 
(Шавкат Раҳмондан)

Китобларда тасвирланган муҳаббат савдолари бошимга тушмагани учунми, ёзган асарларимда бу мавзу хира тортиб қоларди. Ўзим ишқ ўтида ёнмаганим учун ишқий қисса ёзолмасам керак, деб ўйлардим. Мазкур мавзуга яқин бўлган “Дилпора”нинг қисматини сизга баён қилдим. Бадиий асар ҳаётнинг кўзгудаги акси экан, бу манзарани ишқий лавҳаларсиз қандай тасаввур этмоқ мумкин? Шу боис, ишқнинг оловини бера олмасам ҳам, учқунларини тасвир этмоққа уриниб кўрганман. Эҳтимол, “Девона”да бу сатрларни ўқигандирсиз?

* * *

Назира… Назира… Нимага кулмаяпти. Нимага жимиб қолди? Табиб афандига – Рҳаққа айтадиган гапи йўқми? Хайрлашмай кетган “беоқибат” Табиб афандидан хафами? Шунинг учун ҳам, ёлғизлик тўрларида бўғилаётган Рҳақ ҳузурига келдими? Назира… Нимага жимиб қолди?

Рҳақ чидай олмади. Орқасига ўгирилди: нигоҳи қора қутиларга урилди – Назира йўқ! Фид адоқсиз баҳслари билан унинг юрак-бағрини қон қилиб юборди. Хотирасида қизнинг тикланиши балки шу яраларга малҳам қўярмиди? Рҳақни руҳий ҳалокатдан асраб қолармиди?

Экрандаги тасвир сўнди. Рҳақ уни қайтадан қўйди. Сўнг қора қутилардан бирини очиб, қўлига илинган китобни олди: Ҳофиз Шерозий. Назиранинг акаси Тўхтамурод хўб таърифини келтирган, шоирнинг бир байти Рҳаққа ажабтовур туюлиб, ёдлаб олган эди:

 
Агар он турки Шерозий ба даст орад дили мо ро,
Ба холи ҳиндуяш бахшам Самарқанду Бухоро ро.
 

Китобни қўлига олиб варақлади-ю, шу байтни эслаб кулимсираб қўйди. “Ерликларнинг муҳаббатидан ақл лол қолади, деб ўйлади у. Битта хол учун икки шаҳар бермоқчи. Суриштирса, ошиқнинг икки тангаси йўқдир. Лекин ихтиёрида икки шаҳар эмас, икки дунё бўлса ҳам, гўзалнинг бир холига алмаштириб ташлаши тайин. Ерликларнинг муҳаббати шунақа ошиқ одам эсини йўқотиб қўяди…” Рҳақга бу нарса аввал эриш туюлган, ерликларга хос кераксиз ҳис деган хулосага келган эди. Кейин, чуқурроқ ўйлаб кўриб, одамларни бир-бирига худди шундай муҳаббат боғлаб турганига ишонди.

Кимдир қўшни бўлмада туриб, пичирлаб шеър ўқигандай бўлди. Рҳақ сергакланди. Кимдир хўрсинди. Яна шеър ўқиди Назира! Ҳа, Рҳақ унинг овозини илк марта шу зайлда эшитган эди.

… Девор ортида бир қиз овозини кўтармай ғазал ўқирди. Рҳақ қувурга тиқилиб, сув йўлини тўсиб қўйган хашакларни олиб ташлаш учун девор томон яқинлашганда, қиз боланинг овозини эшитиб, тўхтади. Ишқий ғазални тинглаб, қизнинг ёшини чамалади: ўн олти-ўн еттида бўлса керак. Рҳақ девор яқинида кўп турмади. Сув йўлини очиб, ҳужрасига қайтди.

Ҳозир ҳам Назира қўшни бўлмада туриб ғазал ўқиётганга ўхшади. Рҳақ қулоқ тутди: ғазалнинг сўзларини англамади.

Овоз тинди. Рҳақнинг хотирасидаги қиз қаёққадир йўқолди.

Рҳақ уни қайтариш истагида шоша-пиша қутини титди қиз суйган ўша китобни ахтарди. Топди. Ўша заҳоти қизнинг овози келди, ҳатто экранда ўзи ҳам кўринди.

“Сиз Зебуннисо бегимнинг ғазалларини яхши кўрасизми? Акамга Ҳофиз Шерозий билан Фузулий бўлса, бас. Шоираларга ҳушлари йўқ. Эшитинг-а:

 
Киприги – ханжар, карашма – тиғ, кўз ташлаш – яшин,
Гар шаҳид бўлмоқчи эрсанг, Карбало бу ердадир…
 

Бу байтларга ҳазрат Навоий ҳам офарин айтган бўлар эдилар. Акам: “Яхши байт айтиш фақат эркакларга хос”, дейдилар. Нодирабегимни ҳам назарга илмайдилар. Сиз доно одамсиз, акамга айтинг: бу қадар бемеҳр бўлмасинлар…”

Бошқарув хонасида чақирув сигналлари янграб, экрандаги тасвирни ҳам, Рҳақнинг хаёлларини ҳам тўзғитиб юборди. Рҳақ шошиб ўрнидан турди.

* * *

Рҳақ соҳилда узоқ туриб қолди. Қарашлари вазмин. Толиққан кўзларини бир оз юмиб, Ердаги денгизлар, дарёларни эсламоқчи бўлди. Осойишта, салобат билан оқувчи дарёлар, қўш кокил бўлиб ажрашган, сўнг яна бирлашган ирмоқлар орасида дарахтларга кўмилиб турган оролчалар, қоялар бағридан шиддат билан отилаётган шаршаралар унинг кўз олдига келди. Қуёш нурида товланаётган зумрад томчилар худди юзига урилгандай сесканди. Кўзларини очди: мадорсиз денгиз қалтираб турибди. Шу тобда Рҳақнинг оёқлари қувватдан қолгандай бўлди. Назарида бир қадам босишга ҳам қурби етмайди. Томоғи қақраган. Юрак сиқади. Кўнгли ана шу жонсиз денгизнинг қаттиқ тўлғанишини, осмонга сапчишини, сўнг руҳсиз шаҳарлар устига ёпирилишини истади. Нимадир бўлиши керак, нимадир… Бир меъёрда давом этувчи силлиқ ҳаётга кўниколмаяпти. Кўниколмаяпти? Ер табиати, ерликлар унинг руҳини буткул ўзгартириб юборганми? Наҳотки, Ердан олган таассуротлари онгини заҳарлаб, ўз юртига нисбатан бу қадар норозилик уйғотса? Йўқ, йўқ, у Тангдан буткул норози эмас. Фақат ерликларнинг айрим туйғуларини юртдошларига “юқиши”ни хоҳлайди. Денгиздан “сўриб олинган” темир, туз, тилла… келгусида қайта эритилиб, қайта миллиграммларга айлантирилиб, сув таркибига қайта сингдирилгани каби, тангликлар унутиб юборган туйғулар юз очса…

Ҳеч бўлмаса, муҳаббат уйғонса эди. Йигит қизни суйиб-суйиб эркаласа, қиз йигитга суйиб-суйиб бўса берса… Мана шу соҳилда ширин-ширин орзуларга эрк бериб, тонгларни қаршиласа.... Суйиб-суйиб турмуш қуришса, суюмли-суюмли фарзандлар кўришса…

Рҳақ хўрсинди. Ажин боса бошлаган кенг пешонасини силади. “Бу қийин масала, – деб ўйлади у. – Муҳаббат уйғонса, нафрат ҳам пайдо бўлади. Кейин рашк бош кўтаради. Яхшиликка қўшилиб ёмонлик, меҳрга қўшилиб ғазаб, садоқатга қўшилиб хоинлик… кириб келади. Ердаги зиддиятларнинг ҳаммаси Тангда ҳам ҳукмрон бўлиб олса-чи? Барча шу зиддиятлар орасида ўралашиб қолса-чи? Чин муҳаббати қайси, сохтаси қайсилигини билмай гарангсиб юришса-чи? Тараққиёт нима бўлади? Йўқ, бизга нафратдан холи муҳаббат, хоинликдан йироқ садоқат, ғазабсиз меҳр, рашк ўрнига ишонч… керак. Фақат ёруғ туйғулар зарур! Бора-бора Ерда ҳам шундай бўлади…”

Рҳақ соҳил бўйлаб бир-икки қадам босди. Оёқлари оғирлашиб қолгандай, боши айлангандай бўлиб тўхтади. Ерга тушиб биринчи қадам қўйганда ҳам худди шу ҳол юз берган эди. Ерга тараққиёти беҳад юқори бўлган сайёранинг вакили сифатида, ғолиб сифатида қадам қўйган эди. Изига ҳиссиз сайёранинг руҳи шикастланган вакили ҳолида, маънавий мағлуб ҳолида қайтди.

Тангда муҳаббат уйғонса эди… Ерда юрганида кўнглида туғилган бу илинжи унинг тинчини олгани учун “Муҳаббат ҳиссини қандай уйғотиш мумкин?”, “Тангликлар севишга, севилишга қодирми?” деган жумбоққа ўзича жавоб излар эди. Кейинги кунлар ичи: “Хўш, ўзинг сева оласанми?”, “Муҳаббат нималигини биласанми?”, “Ерликлар каби муҳаббат йўлида ўзингни қурбон қила оласанми?”… деган саволлар гирдобида қолган эди. У хотини билан ўтган дамларни, ўғлининг гўдак чоғларини қайта-қайта эслар, ораларидаги муносабатларда меҳр бўлган-бўлмаганини аниқлашга тиришарди. Муҳаббат уйғонган тақдирда муносабатларнинг қандай ўзгаришини чамаларди. Ҳар қанча ўйламасин, жумбоқларга ҳар қанча жавоб изламасин, пуч хаёллардан нарига ўта олмас эди.

“Ерликларнинг туйғулари бўлакча эди!..”

Рҳақ ўз ақидасига тобора муте бўлиб борарди. У она сайёрасида эмас, балки Ер билан Танг орасидаги чети-чегараси йўқ, қоронғи бўшлиқда муаллақ яшарди. У дам ўзи туғилган сайёрасига талпинарди, дам покиза туйғулари туғилган Ерга интиларди. Аросатда юриш унинг қалбини тобора емирарди.

У ёлғиз эди. Шундай улкан сайёрада якка-ёлғиз… Ёлғизлик ҳалокат билан тугайди. Унинг қисмати ҳам шуми? Тақдирга нима ёзиғлиқ? Ақлдан озишми? Тангга учиб келар чоғидаги хаёлий баҳсларида Фид: “Ўзингни ўзинг ўлдир”, деб ундаган эди…


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации