Электронная библиотека » Абдуқаҳҳор Иброҳимов » » онлайн чтение - страница 10

Текст книги "Бизким ўзбеклар"


  • Текст добавлен: 31 мая 2023, 14:15


Автор книги: Абдуқаҳҳор Иброҳимов


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 10 (всего у книги 37 страниц) [доступный отрывок для чтения: 11 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Ўзбек давлатчилигида Бухоронинг аҳамияти ва мавқеи юқори бўлиб келган. Бухорога туркий қабилалар асос солган, энг қадимги миллий қаҳрамонларимиздан бўлмиш Алп Эр Тўнга (Афросиёб) ҳам айнан Бухорога дафн этилган. Алп Эр Тўнга ҳалок бўлиши санаси тарихий китобларда аниқ баён этилгани, бу машъум воқеа милоддан аввалги 626 йилнинг кузида юз бергани, шу йилнинг кузида унинг вафотига 2635 йил тўлишини юқорида айтиб ўтган эдик. Демак, чиндан ҳам Бухоронинг тарихи буюк ва бойдир. Замонлар ўтар, йиллар, асрлар ўтади. Ҳеч шубҳа йўқки, фарзандларимиз, невараларимиз, келажак насллар, Бухорога, унинг қадим тарихига қайта-қайта мурожаат этадилар. Ватанимизни озод ва обод қилиш учун курашда қурбон бўлганларни, мустақиллик иморати пойдеворига биринчи ғишт қўйган ота-боболарини сира унутмайдилар.

Давлат тузумининг қандайлиги унинг умуман тарихга, хусусан, моддий-маданий ёдгорликларга бўлган муносабатида ҳам яққол кўринади. Сўнгги мустамлака замонида Бухорога бўлган муносабат маънавиятсизликдан иборат эди. Инқилоб баҳонасида шаҳар обидалари яна бир бор вайрон этилди, унинг асл фарзандлари бир неча марта, чунончи, 1920 йилда амирга яқин кишилар сифатида, 1929–1933 йилларда колхозлаштиришга қарши ёт унсурлар сифатида, 1937–1938 йиллар-да – халқ душманлари, чет эл айғоқчилари, миллатчилар сифатида қатағон қилинди. Ваҳшийлик шу даражага бориб етдики, 1920 йил сентябрь ойида М.Фрунзе қўлига тутқунликка тушиб қолган амир хонадони аъзолари унинг буйруғига кўра икки қисмга тақсимланиб, гўдак шаҳзодалар оналарининг иссиқ бағридан тортиб олиниб, Россияга олиб кетилди, оналари, опа-сингиллари ва бошқа қари-қартанг кишилар молмулки тортиб олинган ҳолда мамлакатдан четга чиқариб юборилди. Бу ҳам шўролар тузумининг қанчалик ғайриинсоний ва адолатсиз эканини кўрсатади.

Шу ўринда бизким, ўзбеклар иморатсозлигининг руҳонийилоҳий асоси ҳақида бир шингил айтиб ўтамиз. Муқаддас китобларда ёзилишича, Одам Ато ва Момо Ҳаво муайян муддат жаннатда яшагач, Ерга туширилганлар. Жаннатда кўрганлари: сўлим боғ-роғлар, зилол сувли ариқлар, гўзал иморатлар – кўшклар, қасрлар, саройлар озми-кўпми эсларида қолган, уларни қўмсаб Ерда ҳам ўшандай фирдавсмонанд боғ-роғлар, ҳаётбахш ариқлар, кўркам иморатлар қуришни орзу қилиб, кўнгилларига тугиб қўйганлар. Уларнинг бу ниятлари ирсият орқали зурриётларига ўтган, баъзи фарзандларига кўпроқ, баъзиларига эса камроқ, албатта. Тақдири азалда ўзбек халқига иморатсозлик салоҳияти, уқуви ва муҳаббати кўпроқ ато этилгани билан, Бухоро жаннатнинг бир бўлаги эканлиги билан фахрлансак арзийди.

Ўн учинчи боб
ҒАЙРИИЛМИЙЛИККА АСОСЛИ ЖАВОБ

Янгидан шаклланаётган ўзбек давлатчилиги ҳолатини кузатаётган инсон сифатида давлатчилигимизнинг барча босқичларини чуқур илмий тарзда ўрганиш зарурлигини ҳис этмоқдамиз.

Хоразм давлати тарихини биз 2700 йиллик тарих деб биламиз. Лекин Россиянинг хоҳ ўтмишдаги, хоҳ бугунги кўзга кўринган бирор-бир тарихчисидан сўраб кўринг-чи, шуни тан олармикин? Тан олмайди, билмайди, билишни хоҳламайди ҳам. Ўжарликнинг сабаби эса битта: башарти тан олгудек бўлишса, тарихий хулосалари чиппакка чиқади, илмда сохта йўл билан борганлари фош бўлади. Энг мўътабар, қадимги қўлёзмамиз «Ўзбекистон Миллий энциклопедияси»да ёзилишича (1-жилд, 65–66-бетлар), энг мўътабар, қадимги қўлёзмамиз «Авесто» эрамиздан аввалги 1 минг йилликнинг 1-ярмида Хоразмда вужудга келган. Бу нодир китоб бундан ХХХ аср муқаддам икки дарё оралиғида, мана шу заминда умргузаронлик қилган аждодларимизнинг биз авлодларга қолдирган маънавий, тарихий меросидир. «Авесто» айни замонда бу қадим ўлкада буюк давлат, буюк маънавият, буюк маданият бўлганидан гувоҳлик берувчи ҳужжатдирки, уни ҳеч ким инкор этолмайди. Лекин юқорида айтилганидек, бирон-бир хорижий журналистнинг, умуман Ғарб адибларининг «Авесто»ни эслашганини билмаймиз. Хулоса шуки, олис-олис жойларда халқимиз ўтмиши ҳақида айтилаётган мулоҳазаларнинг аксарият қисми сохта, ғайриилмийдир. Бу ҳол эса эътиборни ўзбек давлатчилигининг олтин бешикларидан бири – қадим Хоразм давлати тарихини ўрганишга яна бир бор қаратади. Республикамизда ўтказилган икки тадбир Хива шаҳрининг 2500 йиллиги ва Хоразм Маъмун академиясининг 1000 йиллиги муҳим аҳамият касб этди. Булар олис-олис жойларда халқимиз, мамлакатимиз ўтмиши ҳақида айтилётган аксарият қисми сохта, ғайриилмий ана ўша мулоҳазаларга нисбатан асосли илк жавоб бўлди.

Хоразм Маъмун академияси олти йўналишда илмий ва ташкилий вазифаларни олиб бормоқда. Булар қуйидагилардан иборатдир:

Б и р и н ч и: илм-фан соҳасидаги қадимги улуғ миллий мерос асосларида юқори интеллектуал муҳитни яратишдаги бой анъаналарни тиклаш ва ривожлантириш, ёш истеъдодли олимларни излаб топиш, уларни Академия фаолиятига жалб этиш ва илмий ижодларининг самарадорлигини юксалтиришдир.

И к к и н ч и с и: қадимги миллий илм-фан соҳасидаги бой меросни ҳар томонлама ўрганиш ва таҳлил қилиш, тарих, археология, фалсафа, тил ва адабиёт, биология ва биотехнология соҳаларида фундаментал изланишларни олиб бориш, замонавий илмий мактаблар яратиш ва фан ютуқларини амалиётга татбиқ этишдир.

У ч и н ч и с и: минтақада илм-фан билан боғлиқ барча ишларни замон талаблари даражасида мувофиқлаштиришдир.

Т ў р т и н ч и и: олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлашдир.

Б е ш и н ч и с и: кадрлар тайёрлаш бўйича миллий дастурни амалга оширишда фаол иштирок этиш, узлуксиз таълим тизими ва фан ўртасидаги узвий ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатиш, академик лицейларда илмий-педагогик фаолиятни юқори савияда олиб боришдир.

О л т и н ч и с и: халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантиришдир.

Кўринадики, қамров анча кенг, вазифалар улуғвор, фундаментал изланишлар тарих, археология, фалсафа, тил ва адабиёт, биология ва биотехнология соҳаларида олиб борилмоқда. Дарҳақиқат, қадимги миллий илм-фан соҳасидаги бой меросимизни ҳар томонлама ўрганиш ва таҳлил қилишимиз лозим. Бу ўринда яна бир фундаментал тадқиқот йўналиши меросшунослик соҳасини ўртага қўймоқдамиз. Ғоятда бой меросга эга бўлган, бир юз ўттиз йил сиёсий тутқунликда яшашга мажбур бўлган, миллий истиқлолга эришгач, ўз меросини ўрганишга ва тиклашга киришган халқимизда меросшунослик соҳаси ҳам бўлиши табиийдир. Негаки, мустамлакачилик йилларида халқимизнинг сиёсий тарихи ҳар томонлама ерга уриб келинди, таъқиб остига олинди. Бутун жаҳонга номи кетган алломаларни ва мутафаккирларни саводсиз, жоҳил, илму маърифат душмани деб, таҳқир этишга уриндилар.

Меросшунослик ҳам миллий истиқлол билан эгизак таваллуд топди, десак янглишмаймиз: мустақиллик эълон қилингач, кўпгина буюк аждодларимизнинг юбилейлари ўтказилди. Хиванинг 2500 йиллик юбилейи ана шу меросшунослик бўйича муҳим тадбирлардан бири бўлди. Шу нуқтаи назардан ёндашсак, Хоразм Маъмун академиясининг қайта ташкил этилиши меросшуносликдаги янги бир қадамдир, дея оламиз. Меросшунослик – барча соҳаларга бирдек тегишли – муштаракдир.

Хоразм Маъмун академияси таркибида тарих, археология, фалсафа, тил ва адабиёт, биология йўналишлари бўйича илмий бўлинмалар ташкил этилган. Энди ана шу йўналишлар бўйича алоҳида-алоҳида, лекин мухтасар тўхталиб ўтамиз.

Т а р и х й ў н а л и ш и б ў й и ч а. Ўзбек давлатчилигининг тамал тошлари бундан 2700 йил муқаддам айни Хоразм воҳасида қўйилган. Шу маънода, миллий давлатчилигимиз тарихи Миср, Хитой, Ҳиндистон, Юнонистон, Эрон каби энг қадимий давлатлар тарихи билан бир қаторда туради. Хоразм тарихи ўзбек давлатчилигининг унинг қудрати ва қадимийлигининг тасдиғидир.

Келажаги буюк давлат қураётган эканмиз, давлатчилигимиз тарихини билишимиз ҳам қарз, ҳам фарздир. Тарих ибрат мактаби, ўтмишда йўл қўйилган нуқсонларни англамоқ ва уларни яна такрорлаб қўймасликка чорловчи, эҳтиёткорликка, сезгир ва ҳушёрликка, ташқи ва ички фитналарга учмасликка, миллий бирлик ва ҳамжиҳатликка ундовчи кўзгу мактабдир.

Биз қаламга олаётган даврда, яъни Маъмун академияси тузилган кезларда Шарқда учта буюк салтанат олдинма-кейин тарих саҳнасига кела бошлаган ва жаҳон миқёсида етакчилик қилишга киришган палла эди. Булар Салжуқийлар, Ғазнавийлар ва Хоразмшоҳларнинг салтанатлари эдики, буларнинг учаласининг асосчиси Хоразм мамлакатининг Янгикент шаҳрида туғилган Салжуқбек ибн Дукак бобомиздир.

Бу ўринда сулолаларни тилга олишдан мақсадимиз шуки, Хоразм Маъмун академиясида хизмат этажак тарихчи олимларимиз тарих ёзишни сулолаларимиз тарихини ёзишдан бошласалар, бугунги китобхонларимиз учун айни муддао бўларди. Зотан, сулолалар тарихисиз давлатимиз тарихини, демакким халқимиз тарихини ҳам ёзиб бўлмайди, деб ҳисоблаймиз. Ватанимиз тарихида сиёсий жиҳатдан қудратли, иқтисодий фаровон салтанатлар бўлганига ва уларда илм, маданиятмаърифат кенг ривож топганига бугун ҳеч ким шак келтиролмайди.

Шу маънода хоразмшоҳлардан Отсиз, Текиш, Эл Арслон, Султон Муҳаммад, Хива хонларидан Абулғозий Баҳодирхон, Иккинчи Муҳаммад Раҳимхон (Феруз) ва бошқаларнинг фозил инсонлар, маърифатли ва етук сиймолар бўлганларини эслаб ўтишимиз жоиздир.

Юқорида номлари зикр этилган ва улар каби аждодларимизни фозил инсонлар, маърифатли ва етук сиймолар дейилиши ўринли юксак баҳо ва қадрлашдир. Шундай қадрлаш йўлидан бориб, Хоразм Маъмун академиясининг тарихчи олимлари сулолалар тарихини, биринчи навбатда хоразмшоҳлар ва Хива хонлари тарихини яратишдан бошласалар мақсадга мувофиқ бўларди, деб ҳисоблаймиз. Маълумки, Хоразмшоҳ – Хоразмда ва унга қўшилган мамлакатлар-да ҳукмдорлик қилган кишиларнинг унвонидир. 4 та сулола вакилларига шундай унвон берилган. Булар Африғийлар (305–395), Маъмунийлар (995–1017), Олтинтош (1017–1034) ва Анушттагин (1097–1231) сулолаларидир. Уларнинг сўнгги вакили Жалолиддин Мангуберди. Хива хонлигига 1512 йилда асос солинган. Бу ўзбек давлати икки марта кичик танаффуслар билан 1920 йилгача яшаб келди. 1873 йилнинг 12 августидан бошлаб Россия империясининг вассали бўлиб қолган эди.

Хоразмшоҳлар ва Хива хонлари сулолалари ҳақида ёзма манбалар кўпу, бироқ ҳозирги ўзбек ўқувчиси учун махсус китоблар жуда кам. Бу ўринда атоқли озарбайжон олими – академик Зиё Буниётовнинг Озарбайжон Фанлар академияси Шарқшунослик институти томонидан нашрга тавсия қилинган ва 1986 йилда Москвадаги «Наука» нашриётида чоп этилган «Государство Хорезмшахов Ануштегинидов» (1097–1231) деган китобини эслаб ўтиш жоиздир. Илмий теран ва холис ёзилган бу китобда Туркистон ва унга қўшни мамлакатларнинг деярли 140 йиллик тарихидан ҳикоя қилинади.

Хоразмшоҳлар давлати ҳам, Хива хонлиги ҳам ўзбек давлатлари эди. Хоразмшоҳлар давлати энг кучайган пайтларда бутун Туркистонни қамраган бўлса, Хива хонлиги эса Туркистоннинг муайян бир қисмидан иборат эди. Шунинг учун ҳам Хоразм тарихини яратишда масалага умумтуркистон нуқтаи назаридан қараб, Хоразм юртига Туркистоннинг узвий қисми сифатида, Хоразм элига ўзбек халқининг таркибий бўлаги сифатида ёндашмоқ зарур. Демак, яратилажак Хоразм тарихи бутун Туркистон – Ўзбекистон тарихининг бир қисми бўлажак.

Қув ва айёр мустамлакачилар Туркистонни учга бўлиб, идора қилишларидан мақсадлари ҳам ягона Туркистон ғоясини уйғотмаслик, балки сўндириш эди. Шундай бир шароитда ўтган асрнинг бошларида зукко маърифатчиларимиз Минавварқори, Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Фитрат ва бошқалар Туркистон атамасига қараганда Турон атамасини кўпроқ ишлатадилар, мақсадлари бўлакларга бўлиб юборилган ватанимиз ва халқимизнинг бирлигини ифодалаш, ёдга солиш эди. Бир мисол: «Турон» газетаси, «Турон» театри, «Турон» кутубхонасига шундай ном берилиши бежиз эмас эди.

А р х е о л о г и я й ў н а л и ш и б ў й и ч а. Археология – қадимги моддий-маданий ёдгорликларга асосланган кишилик жамияти ўтмишини ўрганувчи фан, уни қадимшунослик деб аталмоқда. Меҳнат қуроллари, қурол-яроғлар, турли хил безаклар, уй-рўзғор буюмлари ҳамда уй-жойлар, устахоналар, мудофаа ва суғориш иншоотлари ва ўтмишга оид турли қазилмалар, эски конлар археологиянинг асосий материаллари бўлиб, уларни чуқур илмий ўрганиш натижасида ўтмишдаги кишилик жамиятлари ижтимоий-иқтисодий ривожланиш тарихининг умумий манзараси тикланади. Шу сабабли археология тарих фанининг бир тармоғи ҳисобланади. Инсониятнинг узоқ ўтмиши асосан архология маълумотлари асосида ўрганилади.

Ўзбекистонда археология фани нисбатан ёш соҳадир. Тўғри, юртимизда азалдан халқимизнинг моддий ва маданий ёдгорликлари билан қизиқувчи, қадимги буюмларни тўпловчи кишилар бўлган. Бу ўринда Акрам полвон Асқаров, Мирза Абдулла Бухорий, Муҳаммад Вафо, Турди Мирғиёсовнинг исмларини тилга олиш мумкин. Лекин одатда қадимий буюмлар, зеб-зийнатлар саройларда – хазиналарда сақланган. Саройлар эса чоризм босқинида таланган, улардаги қадимги кўп яхши, нодир ва камёб нарсалар Москва ва Петербургга ташиб кетилган, айрим кишилар қўлидаги нарсалар ҳам турли йўллар билан тортиб олинган. Демак, Хоразм Маъмун академиясининг олимлари ўз илмий ишларида ўлкамиздан ташқаридаги далилий ашёлардан ҳам фойдаланишларига тўғри келади.

Кейинги деярли бир аср давомида юртимизда ўтказилган археологик ва этногрфик сафарларга, текшириш ишларига ғарблик ва рус олимлари раҳбарлик қилишган. Фақат 1966 йилга келиб, академик Яҳё Ғуломов археологик экспедицияларга раҳбарлик қила бошлади. Шундан кейин бу соҳа бирмунча кенгайди.

Археологик жиҳатдан текширилмаган жойларда хўжалик ташкилотлари ариқ чиқариш, бино қуриш, сув ҳавзалари – сунъий денгизлар қуриш, ер текислаш ва шу сингари пайтларда ер тагидаги баъзи моддий маданият ёдгорликлари йўқ бўлиб кетмаслиги учун археологларнинг ўша жойларда назорат қилиб туришларига археологик кузатиш дейилади. Шўролар замонида бу борада кўп пала-партишликларга йўл қўйилди. Масалан, зилзиладан кейинги янги Тошкентни қуришда, чунончи Чилонзор массивини бунёд этишда археологик кузатишга етарли эътибор берилмади, турар жой даҳаларининг лойиҳалари ўзбошимчалик билан тузилди. Чилонзор массивидаги бир неча қабристоннинг кўча ўртасида қолиши, ёки бўлмаса, Фурқат кўчасидаги ер остида сақланиб келган ХV асрга оид ҳаммом ковлаб ташланиб, ўрнига Беньков номидаги билим юрти биносининг қурилиши сабаби ана шундадир. Ўйлаймизки, Хоразм Маъмун академиясининг археолог олимлари ўтмишда йўл қўйилган нуқсонлардан сабоқ чиқариб, археологик кузатишга жиддий эътибор берадилар ва қаттиқ назорат ўрнатадилар. Бунда археология картографияси, яъни тарихий картографиянинг махсус тармоғи археология маълумотлари асосида турли хилдаги тарихий воқеа ва ҳодисалардан графика асосида картага тушириш қўл келади.

Хоразм ўлкаси археология ёдгорликларига, яъни ернинг усти ва остида сақланиб келган қадимги иншоотлар буюмларга жуда бойдир. Бироқ Хоразм давлати энг гуллаган ва қудратли бўлган замонларда хоразмлик меъморлар ва қурувчилар ҳозирги Туркманистон, Қозоғистон, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон, Покистон, Озарбайжон, Арманистон, Гуржистон, Итил (Волга)бўйи ва Шимолий Кавказ ҳудудларида, Қримда ҳам жамоат бинолари – саройлар, масжидлар, мадрасалар бунёд этганликларидан хабардормиз. Демак, Маъмун академиясининг археолог олимлари мавриди билан бу ўлкаларга ҳам археология экспедициялари уюштиришларига тўғри келади. Чунки бусиз хоразмшоҳлар давлатининг тарихини тўлиқ ёритиб бўлмайди.

Ф а л с а ф а й ў н а л и ш и б ў й и ч а. Маълумки, Зардуштийликнинг биринчи китоби «Авесто» ҳам айнан Хоразмда яратилган. Хоразм Маъмун академиясининг файласуф олимлари шу асарни янада чуқур ўрганишлари лозим, деб ўйлаймиз. «Авесто» олим аждодларимизнинг қадимги даврдаги иқтисодий-ижтимоий турмушлари, олам тўғрисидаги тасаввурлари, урф-одатлари, маънавий маданиятлари ҳақидаги диний-фалсафий манбадир. Шу манбани илмий чуқур ва атрофлича ўрганиш фалсафий тафаккуримизни бойитади, албатта.

Қомусий билим эгалари бўлмиш Хоразмий, Фарғоний, Форобий, Беруний, Ибн Синолар айни пайтда буюк файласуф олимлардир. Улар ўрта аср илғор ижтимоий, фалсафий тафаккурини равнақ эттиришга катта ҳисса қўшдилар. Нажмиддин Кубро, Маҳмуд Замахшарий, Паҳлавон Маҳмуд, Баҳоуддин Валад, Жалолиддин Румийларнинг фалсафий қарашлари илғор ва ибратлидир. Буюк адиблар айни пайтда етук файласуф олимлар ҳам бўлишганини назардан четда қолдирмаслик лозим.

Т и л в а а д а б и ё т й ў н а л и ш и б ў й и ч а. Кўҳна Урганч шаҳри хоразмшоҳлар пойтахти бўлиб турган пайтда бу ерда Абубакр Муҳаммад Хоразмий, Абусаид Набибий, Абул Ҳасан Маъмун, Абу Абдуллоҳ Тожир ал-Вазир, Абу Муҳаммад Раккоший, Абу Абдуллоҳ Хоразмий, Абулқосим Зиргаи каби таниқли шоирлар яшаб, ижод этишган. Қутб Хоразмий ўзбек дунёвий адабиёти ривожига муносиб ҳисса қўшганидан хабардормиз. Асли хоразмлик бўлган Сайфи Саройи, Паҳлавон Маҳмуд, Носириддин Рабғузий, Сулаймон Боқирғоний, Жалолиддин Румий ижодларидан озми-кўпми танишмиз. Мунис, Огаҳий, Аваз Ўтарнинг ижодларини халқимиз анча яхши билади. Ферузнинг ижоди энди-энди кенг ёйилмоқда. Хоразмлик мумтоз шоирлар ижодини ўрганиш ва оммалаштиришда академик Воҳид Абдуллаев, аллома Субутой Долимовларнинг хизматлари таҳсинга лойиқ. Бироқ бу борада қилинадиган ишлар ҳали кўп. Хоразмнинг ўзига хос кўп асрлик адабий мактаби бор. «Хоразм адабий муҳити» деган китобга эҳтиёж сезилади. Хоразм Маъмун академиясининг адабиётшунос олимлари ишни шундай китобни ёзишдан бошласалар ҳамда хоразмлик ёзувчи ва шоирлар ижодидан намуналардан иборат бир тазкира тузсалар хайрли иш бўлур эди. Ҳа, айтгандай, Мунис ва Огаҳийларнинг исми билан боғлиқ Хоразмнинг ўз таржимачилик мактаби бўлганини ҳам унутмаслик лозим. Бу ҳам адабий бисотимизни ва тилимизни бойитган бўларди. Энг эътиборлиси муҳтарам Президентимиз бундай масалаларга жуда катта эътибор бермоқдаларки, бу ўта таҳсинга лойиқ азму қарордир. Хусусан, 2019 йилнинг ноябрида Огаҳий таваллудининг 210 йиллигини нишонлаш, унинг кенг қамровли ижод намуналарини 12 томлик «Танланган асарлар» тарзида чоп этиш, Огаҳий адабий мактабини ташкил қилиш тўғрисидаги Ҳукумат қарори мислсиз. Хоразмнинг кўп асрлик насрий мактаби ҳам бор. Ўзбек насри ва ўзбек адабий тилининг шаклланиши ва равнақида хоразмлик адибларнинг катта ҳиссалари бор. Хоразм шевасини ва жой номларини ўрганиш олис ва яқин тарихимиздаги ноаниқроқ нуқталарни ойдинлаштиришда асқатиши турган гап.

Б и о л о г и я й ў н а л и ш и б ў й и ч а. Биология ҳаёт, тирик табиат ҳақидаги фандир. Абу Райҳон Беруний ва Абу Али ибн Синолар айни пайтда шу фанга ҳам асос солувчилардан ҳисобланадилар. Масалан, Ибн Синонинг «Тиб қонунлари» китоби босилган ва тиббиётнинг юксалишига катта таъсир кўрсатган. Олим киши вужудини ташқи муҳит билан боғлаб ўрганган. Одамнинг соғлом ва узоқ умр кечириши кўп жиҳатдан атрофини ўраган ташқи муҳит, сув ва ҳавога, остидаги тупроққа, устидаги осмоннинг мусаффо бўлишига, ҳайвонот ва наботот оламига боғлиқдир. Сир эмас, совет даврида ер ва сувдан хўжасизларча фойдаланиш оқибатида республикамизда, айниқса, Хоразм ва Оролбўйи минтақасида биологик жараёнларга катта путур етказилди. Замин шўрланди, Орол денгизи қурий бошлади, Амударё суви озайди ва илгаригидек мусаффо бўлмай қолди. Бу ҳолат аҳолининг, биринчи навбатда болалар ва оналар саломатлигига салбий таъсир этди. Бу ҳолатнинг олдини олиш, тузатиш ва бартараф этишда Хоразм Маъмун академияси таркибидаги биология бўйича бўлинма ўз ҳиссасини қўшиши лозим.

Ўн тўртинчи боб
НАЖОТ ИЛМУ УРФОН ВА ИСТИҚЛОЛДА

Жаҳон цивилизацияси босқичларига назар ташлар эканмиз, нажот илму урфон ва миллий истиқлолда эканига ишонч ҳосил қиламиз. Бу деган сўз шуки, мустақил бўлмаган халқнинг илм-фани равнақ топмайди ва шунингдек, илм-фанини ривожлантириб бормаган миллат ҳам сиёсат саҳнасида ўзини кўрсатолмай ва тарих зарварқларида қололмайди. Бу билан айтмоқчимизки, агарким миллий истиқлолга эришмаганимизда, Хоразм Маъмун академияси қайта тикланмасди. Масала моҳиятига мана шундай жиддий ва теран қарамоқ жоиз. Бинобарин, миллий истиқлолга эришмаганимизда инсоният тарихидаги илк академиклардан бири бўлмиш Маъмун академиясини қайта тузишни юқорида – давлат миқёсида ким ҳам эсларди, қуйидан эслагувчилар пайдо бўлса, ошкора ёки пинҳона тазйиқ, таъқиб ва ҳаттоки қатағонга учраши эҳтимолдан узоқ эмасди. Чунки мезон «оға»нинг бўйи ва эни, ўлчови эди. «Оға»лар ҳар борада, жумладан, илму урфон тарихида ҳам ёши улуғроқ бўлиб кўзга ташланиши керак эди.

Мазкур академиянинг низомида ёзилганки, Ўзбекистоннинг илмий салоҳиятини юксалтириш, унинг жаҳон илмий ҳамжамиятидаги ўрнини мустаҳкамлаш, минтақаларда фанни янада ривожлантириш ҳамда истеъдодли ва фидойи олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, юқори интеллектуал муҳит яратишдаги миллий анъаналарни ривожлантириш лозим.

Республикамизнинг илмий салоҳиятини юксалтириш, унинг жаҳон илмий ҳамжамиятидаги ўрнини мустаҳкамлаш зарур. Бу маълум ҳақиқат. Чунки ягона сайёрада, бир бутун жаҳон ҳамжамиятида бир аъзо бўлиб яшар эканмиз, жаҳон илмий ҳамжамиятида ҳам ўз ўрнимиз бўлишини тақозо этади. Зотан, жаҳон илмий ҳамжамиятида ўз ўрни бўлган халқнинггина жаҳон миқёсидаги мавқеи иззат-икромли бўлажак. «Бекнинг ўрни бежоғлиқ бўлади» деган ақида энди ортда қолиб кетди, эскирди, таомилдан тушди. Бундан бу ёғига илму урфонда илғор бўлган халқнинг ўрни бежоғлиқ бўлажак.

Минтақаларда ҳам фанни янада ривожлантириш лозим. Ягона Ватан туйғуси, умуммиллат тушунчаси ва манфаати устувор бўлган сиймоларгина пойтахт ва минтақалар равнақи учун бирдек қайғурадилар, бирдек ташвиш қиладилар. Минтақаларда ҳам фанни янада ривожлантириш одати бизга анъанадир, буюк аждодларимиздан меросдир. Бунга иккита мисол келтирамиз. Мирзо Улуғбек дорулсалтанати Самарқандда ва ўша вақтда вилоят шаҳарлари бўлмиш Бухоро ва Ғиждувонда мадрасалар қурдиради. Алишер Навоий ўзи қурдирган 157 иншоотнинг бирини тарихий Хуросон мамлакатининг олис вилоятларидан бирининг маркази Марв шаҳрида бино қилган. Бу ҳозирги кунгача сақланиб келаётган Низомия мадрасасидир.

Минтақаларда фанни янада ривожлантириш тадбирлари истиқлолга эришилган дастлабки йилларданоқ бошлаб юборилди. Республиканинг деярли барча вилоят марказларида университетлар очилди. Илгари эса фақат Тошкент ва Самарқанддагина университетлар мавжуд бўлиб, булардан бири Самарқанд республика пойтахти бўлиб турган йигирманчи йилларда очилган Педагогика олий ўқув юрти асосида ташкил этилганди. Олий ўқув юртлари асосан пойтахт Тошкентда жамланганди, илм-фан аҳли ҳам асосан Тошкентда фаолият кўрсатарди. Фундаментал илм-фан билан шуғулланувчи илмий текшириш институтларининг деярли ҳаммаси Тошкентда эди. Ваҳоланки, тараққий этган мамлакатларда барча минтақаларда фан ривожланишига бирдек эътибор берилади. Масалан, АҚШ, Германия, Франция, Италия, Буюк Британия, Япония каби давлатларда худди шундайдир. Республикамизда шундай оқилона йўлдан борилмоқда. Демак, Ўзбекистоннинг илмий салоҳиятини юксалтириш, унинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрнини мустаҳкамлаш иши олдиндан ўйланган ва англаб етилган, дунё андозаларига хос ва миллий анъаналаримизга мос, изчил ва узлуксиз фанний сиёсатдир, десак янглишмаймиз. Истеъдодли ва фидойи олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, юқори интеллектуал муҳит яратишдаги миллий анъаналарни ривожлантириш муҳим вазифалардан биридир.

Халқимизда минг йиллар давомида синалган, тарих тажрибасидан ўтган бир удум бор. Шу удумнинг моҳиятини кўрсатиш учун бир-иккита оддий мисол келтирамиз. Масалан, қаровсизлик, эгасизлик, эскириши туфайли ёки шу каби бошқа бир сабаб билан иморатнинг путури кетса ёки нураса, янги иморатни бошқа бир жойга эмас, эскисининг айни ўрнида қурилган. Саройлар, масжиду мадрасалар ва шу каби жамоат бинолари билан ҳам шундай бўлган. Ўн марталаб қайта тикланган масжидларни биламиз. Бухоро Арки кейинги етти ярим аср ичида худди шу ўринда уч марта қайта бино қилинганидан хабардормиз. Чоризм маъмурлари Туркистон ўлкасида суриштириб-нетиб ўтирмай дуч келган жойга қурдирган қанчалаб қишлоқ ва шаҳарчаларни сув суриб, сел олиб кетганидан, кўчки остида қолганидан ҳам хабардормиз.

Қайта тиклаш авлоднинг аждод олдидаги бурчи, арвоҳ хотира, замонавий ибора билан айтганда, инсонлик шарафидир.

Маъмун академияси бутун Ислом дунёсида шу типдаги иккинчи академия эди, бирини академия Бағдодда тузилган бўлса-да, лекин унинг асосий илмий кучлари – асли туркис-тонлик олимлар эдилар. Буни қарангки, иккала академияни ҳам ташкил этувчилар адаш (отдош) – исмлари Маъмун эди.

Машҳур Бағдод халифаси, яъни Араб халифалигининг бош ҳукмдори Ҳорун ар-Рашид мамлакатнинг Хуросон ноиблигига ўз ўғли Маъмун ар-Рашидни тайинлайди. Илм-фан ҳомийси сифатида донг қозонган Маъмун ноибликнинг маркази бўлмиш Марв шаҳрига атроф ўлкалардан, жумладан, Хоразм, Фарғона, Шош, Фороб (Шошнинг шимолида) ва бошқа вилоятлардан олимларни тўплаб, ўз саройида уларнинг илмий ишларига шароит яратиб беради. У ёшлигидан турли илмлардан хабардор бўлган. Унинг саройида Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий Мажусий, Исмоил Жавҳарий, Хабаш ал-Хосиб, Аҳмад Фарғоний каби туронлик машҳур олимлар фаолият кўрсатишган.

Милодий 813 йили халифалик тахтига Маъмун ар-Рашид ўтиради ва ўзи билан Бағдодга Марвдаги сарой олимларини ҳам олиб келади. Муттасил 20 йил, яъни 813 йилдан 833 йилгача давлатни бошқаради, илм-фан равнақига зўр аҳамият беради. Барча етук олимларни «Байтул-ҳикма» («Донолар уйи»)га – «Маъмун академияси»га уюштиради – илгари эълон қилган китоб ва мақолаларимизда шундай деб ёзган эдик. Умуман олганда, бу фикр тўғри. Лекин кейинги ўрганиб чиқилган маълумотларга қараганда бу фикрга аниқликлар киритилиши, қўшимчалар қўшилиши керак экан. Гап – асосий мавзуимиз ўзбек давлатчилиги ва бунёдкорлиги тарихи ҳақида бораётган экан, ўзимизга аён бўлиб қолган қизиқарли далил ва маълумотларни китобхонлар билан баҳам кўриш ниятида кичик тарихий чекинишлар қилишни лозим топдик, зеро, киши билган нарсасини ошкор қилмаслик инсофдан бўлмас, деб ўйлаймиз.

Биринчи тарихий чекиниш. Аслида гап бундай экан. Маълумки, Араб халифалиги (пойтахти Бағдод шаҳри бўлган йилларда Бағдод халифалиги деб аталган) Арабистондан ташқаридаги халифаликка тегишли ҳудудларни, жумладан, Жанубий Туркистон – Хуросонни ўз ноиблари вассаллари орқали идора қилган. Шулардан бири тоҳирийларнинг сиёсий-маъмурий бирлиги расман халифаликка тобе, амалда эса анча мустақил давлат эди, унга Тоҳир ибн Ҳусайн асос солган. У милодий 775–776 йили Ҳиротда туғилган.

Хўш, ўша замонларда Ҳирот шаҳрида, умуман эса ҳозирги Эроннинг шимоли-шарқий ўлкаларида, ҳозирги Покистоннинг Эрон билан чегарадош вилоятларида, ҳозирги Афғонистонда, ҳозирги Ҳиндистоннинг шимолий ҳудудлари ва Тибетда қайси халқлар ёки халқ яшаган эди, кимлар бу ўлкаларни бошқарган эди, буларни аниқласак, ўтмиш давлатчилигимиз тарихига доир кўп нуқталар янада аниқлашади.

«Авесто»да Франграсиён деган шахс туркларнинг (китобда бу сўз «тур» шаклида ишлатилган, Турон атамаси шундан келиб чиққан) подшоҳи деб тилга олинади. Абулқосим Фирдавсийнинг «Шоҳнома» достонида «Авесто»даги Франграсиён исми Афросиёб шаклини олган. Бу ном эса туркларнинг энг қадимги хоқонларидан бири Алп Эр Тўнганинг форсчалаштирилган отидир. Бу ҳақда Абу Райҳон Беруний «Осор ал-боқия», «Қонуни Масъудий» ва бошқа асарларида сўзлаб ўтади. Демак, Алп Эр Тўнга турк хоқони эканлиги ва у «Авесто»да қадимги форсча исм ёки лақаб билан Франграсиён деб аталган.

Беруний «Осор ал-боқия» асарида энг қадимги Хоразмнинг аҳолиси турк бўлганлиги ҳақида бундай ёзади: «Улар (хоразмликлар) Хоразмга одамлар жойлаша бошлагани (яъни аҳолининг ўтроқлашуви – А.И.)дан тарих олар эдидар, бу Искандардан тўққиз юз саксон йил илгари бўлган эди».

Мана шу далиллар Турон, Туркистоннинг қадимдаги тарихий ҳудудлари, халқимиз давлатчилиги тарихи кўламини аниқлашда айниқса аҳамиятлидир: Беруний «Қонуни Масъудий» асарида ёзишича, исломдан олдин, яъни VII аср бошларида Кобул шоҳлари турклардан бўлган. Араблар мусулмончиликни ёйиш учун келганларида VII аср ўрталарида Сеистон (ҳозирги Эроннинг ҳозирги Покистонга чегарадош вилояти) да туркларга дуч келадилар. Демак, ҳозирги Эроннинг шимолий ва шарқий ҳудудларида камида милодий эранинг бошларидан бошлаб турклар яшаган, шунинг учун ҳам бу ерларни форслар Турон (турклар юрти) деб аташган.

Тоҳир ибн Ҳусайн туғилган Ҳирот шу юртнинг марказий шаҳарларидан бири эди (бу шаҳарда улуғ ўзбек шоири Алишер Навоий таваллуд топгани ёки бўлмаса Навоийгача бўлган бу мумтоз адабиётимизнинг атоқли сиймоларидан мавлоно Лутфий, мавлоно Отойиларнинг шу заминда дунёга келганликлари ҳам бежиз эмас, албатта).

Халифа Ҳорун ар-Рашид (786–809) ҳукмдорлиги даврида араб тарихчиларининг ибораси билан айтганда, Хуросон ва Мовароуннаҳр – Бағдод халифалиги таркибидаги бир сиёсий-маъмурий бирлик ҳисобланарди. Маъмурий маркази асосан Марв шаҳри ҳисобланган бу ноибликни унинг ўғли ал-Маъмун бошқарарди. Халифа Ҳорун ар-Рашид 809 йили касалликка чалиниб вафот этади, унинг тахтини катта ўғли ал-Амин эгаллайди ва укаси ал-Маъмунни ҳокимиятдан бутунлай четлаштириш учун унинг устига катта қўшин юборади. Ал-Маъмун ҳам бунга жавобан катта қўшин тузади ва унга Тоҳир ибн Ҳусайнни бошлиқ этиб тайинлайди. Рай шаҳри яқинида бўлган жангда Тоҳир ибн Ҳусайн ғолиб чиқади ва Бағдод томон юришда давом этади. Навбатдаги жангларда ҳам ғолиб чиқади, ал-Амин ҳам ўлдирилади ва Бағдод ҳам қўлга киритилади. Бу воқеа 813 йили юз беради. Шу тариқа ҳиротлик Тоҳир ибн Ҳусайн бошчилигидаги қўшин қозонган ғалаба туфайли ал-Маъмун халифаликдаги ҳокимият тепасига келади. Лекин у дарҳол Бағдодга етиб бормайди, Бағдод тахтига ҳам ўтирмай туради. У Тоҳир ибн Ҳусайнни Ироқ (у пайтларда бу ҳудуд Жазира деб аталарди) ҳокими ва Бағдод ҳарбий гарнизонининг бошлиғи этиб тайинлайди, бутун халифаликни эса 819 йилгача, яъни 6 йил давомида Марв шаҳридан туриб бошқаради. Ал-Маъмун ҳаммаси бўлиб Марв шаҳрида ўн йил яшаган. Шу даврда унинг саройига Туркистоннинг турли вилоятларидан тўпланган олимлар гуруҳи кейинчалик Бағдодда тузилган «Байтул ул-ҳикма»нинг негизини ташкил этади. Бу билан айтмоқчимизки, ўша машҳур Бағдод академиясига ҳам юртимизда Туркистон заминида асос солингандир.

Халифаликнинг марказий қисми бўлмиш Ироқда Тоҳир ибн Ҳусайн томонидан барқарорлик ўрнатилгач, ал-Маъмун 819 йили Бағдод тахтига бориб ўтиради. Халифалик олдидаги буюк хизматлари эвазига Тоҳир ибн Ҳусайнни 821 йили ўзининг Хуросондаги ноиби этиб тайинлайди. Шу тариқа Тоҳирийлар давлати вужудга келади. Бу давлат халифаликка тобе бўлган, жума намозларида халифа исми хутбага қўшиб ўқилган, пул ҳам халифа номидан зарб этилган, йиғилган солиқнинг бир қисми халифалик хазинасига юборилган. Тоҳирийлар вассал давлати то 873 йилгача давом этган. Мар-кази аввал Марв шаҳри бўлган, Абдуллоҳ ибн Тоҳир даврида марказ Нишопурга кўчирилган.

Юқорида айтилганлардан кўринадики, халифа Маъмун академиясининг тузилиши ва унинг фаолиятида олимларимиз асосий ўрин тутишлари билан бирга ал-Маъмун ибн Ҳорун ар-Рашиднинг ҳокимият тепасига келишида, халифалик марказида барқарорликни ўрнатишда, илм-фан равнақи учун тинч шароитни ўрнатишда ҳиротлик буюк аждодимиз лашкарбоши Тоҳир ибн Ҳусайннинг ҳам маълум улуши бордир. Ушбу тарихий чекинишни қилишдан мақсадимиз ҳам давлатчилигимиз тарихига доир шу гапни айтиш эди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации