Электронная библиотека » Абдуқаҳҳор Иброҳимов » » онлайн чтение - страница 9

Текст книги "Бизким ўзбеклар"


  • Текст добавлен: 31 мая 2023, 14:15


Автор книги: Абдуқаҳҳор Иброҳимов


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 9 (всего у книги 37 страниц) [доступный отрывок для чтения: 11 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Бизнинг бугунги асосий вазифамиз шундан иборатки, асрлар давомида дунёнинг турли мамлакатларида Амир Темур меросига бағишлаб йирик илмий марказларда ҳақиқатгўй олимлар томонидан яратилган тадқиқотларни чуқур ўрганишимиз, таржима қилишимиз, халқимизга, келгуси авлодимизга тарихни холис ва ҳаққоний ўргатувчи дарсликлар сифати-да, миллатимизнинг фахру ифтихори сифатида тақдим эта билишимиз керак. Бундай тадбирлар Соҳибқирон юлдузи янада порлаб, зиё таратишига ва бизларни у томон янада юксалтиражак.

Озод ва обод Ўзбекистон учун Амир Темур шахсияти ва мероси нима учун зарур. Биринчидан, Амир Темур аввало қудратли давлат қурган. Давлат қудратли бўлмаса, бетакрор маънавий мерос ҳам, обидалар ҳам, тарихий ёдгорликлар ҳам бўлмасди. Ўзбекистоннинг бугунги озодлигини мустаҳкамлаш даврида Амир Темур биз учун буюк давлат асосчиси сифатида қадрлидир. У давлат пойдеворини қурган, давлатнинг ҳуқуқий асосларини барпо этган. Унинг давлатчилик борасидаги фикрлари нафақат ўз даври, балки келгуси авлодлар учун ҳам катта аҳамият касб этади. Амир Темур ўз давлатини ақл-заковат ва ҳуқуқий асос билан идора этган. Унинг «Давлат ишларининг тўққиз улушини кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улушини қилич билан амалга оширдим» деган сўзлари бунинг ёрқин далилидир.

Амир Темур ҳар қандай давлатнинг қўшнилари билан ўзаро алоқа ўрнатмасдан, яъни бугунги ибора билан айтганда, ҳамкорликсиз истиқболли бўлмаслигини теран ва яхши англаган. Шу сабабли у Оврўпо ва Осиёни боғлашга хизмат қилган улкан ишларни амалга оширган. Бир томондан – Хитой, бир томондан – Фарангистон ва Инглизистон, яна бир томондан Рум, Испания, Италия, Миср ва бошқа давлатлар билан алоқалар ўрнатган ва шу муносабатларни мустаҳкамлашга ҳаракат қилган. У савдо-иқтисод муносабатлари орқали халқаро, мамлакатлар ўртасида ягона макон барпо этиш соҳасида шундай ютуқларга эришганки, бунга қойил қолмасдан иложимиз йўқ.

Амир Темур дипломатик алоқаларга, элчилик миссияларига катта эътибор берган. Масалан, у Фарангистон қироли Карл VI га ёзган хатида, жумладан, бундай дейди: «Дунё савдо аҳли ила обод бўлажак». Демак, Амир Темур ташқи сиёсатида халқаро иқтисодий-савдо алоқаларини кенг миқёсда йўлга қўйиш, ундан барчани, авваламбор, ўзининг халқини баҳраманд этиш бош ғоя бўлиб хизмат қилган. Кўринадики, ХХI асрда жаҳондаги тараққийпарвар кучлар халқаро миқёсда яратмоқчи бўлаётган интеграция макони ҳақида Амир Темур бундан 600 йил бурун бош қотирган ва шу йўлда сиёсат яратган, муайян даражада мақсадига эришган.

Соҳибқироннинг бунёдкорлик соҳасидаги хизматлари ҳам беқиёсдир. Илмпарвар, маърифатпарвар буюк бобомиз жамият тараққиётини илм-фан ва маънавият равнақида кўра билди ва бу соҳалар ривожига ҳамиша катта эътибор берди. Масалан, у Муҳаммад Тарағай – Улуғбекдаги ноёб истеъдодни болалигидаёқ пайқаб, сафарларда ҳам ёнида олиб юриб, дунёнинг машҳур олимлари тарбиясидан баҳраманд этди. Шу тариқа фалакиёт оламида ва фанида Улуғбек юлдузи порлади. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Амир Темур ўз миллати ва эл-юртининг тақдири ҳақида кўп ўйлаган. У қўйган ҳар бир қадам нафақат ўша давр учун, балки келажак сари хизмат қилган, унинг донишмандлиги бугунги кунимизда ҳам ибратлидир. Ҳазрат бобомиз миллат ғамида ёнган, унинг истиқболи ва истиқлоли йўлида фидокорлик кўрсатиб яшаган. Унинг охирги сафари ҳам шарқ томондан туғилаётган, салтанати истиқлолига рахна солиши мумкин бўлган хавфнинг олдини олишга қаратилганини бир эсланг. Бу отланиш 1404 йилнинг охири 1405 йилнинг бошларида бўлган эди. Амир Темур жамият эътиқодсиз яшай олмаслигини яхши англаган. Одамларга дин керак, имон керак, ишонч керак. У ўз «Тузуклар»ида шундай дейди: «Ҳар ерда ва ҳар вақт ислом динини қувватладим».

Амир Темурнинг Қуръони каримни ёд билгани, диний баҳсларда пешво уламолар билан баробар сўз юритгани унинг маънавияти, иймону диёнати қанчалар пок ва мукаммал эканини билдиради. Соҳибқирон замонида Ислом дини равнақ топди, юксалди. Мусулмончилик ақидалари жамият осойишталиги, равнақи, ижтимоий адолат, иймон бутунлиги, маънавий поклик учун хизмат қилди. Ҳозир ҳам худди шундай бўлмоқда, давлатимиз ҳам дин равнақига етарли шароит яратиб бермоқда.

Амир Темур даврида инсониятнинг ярмидан кўпини ташкил этувчи аёлларга ҳурмат-иззат билан қаралди. Бу борада буюк бобомиз: «Аёлларни улуғ кишилар улуғлайди, пасткаш кишилар эса хўрлайди» деган Ҳадиси шарифга амал қилиб иш тутди. Унинг саройида аёллар ҳам юксак мавқеда бўлишганини ғарблик элчилар ҳам эътироф этишган. Амир Темур ва темурийлар ҳаётидан иккита мисол келтирсак, айтмоқчи бўлаётган фикримиз янада ойдинлашади. Маълумки, Мироншоҳ мирзо кейинчалик айш-ишратга берилиб, номақбул ишларга ружу қўйганидан норизо бўлган Хонзодабегим қайнотаси Амир Темурга бу ҳақда шикоят қилади. Адолатпарвар Амир Темур севимли келинининг шикоятини ўринли деб топиб, ўғлини ҳокимиятдан азл этади. Яна бошқа бир мисол. Амир Темур завжи муҳтарамаси бўлмиш Сароймулкхоним номига Самарқандда Бибихоним жоме масжидини бунёд эттиради.

Тарихимизда Амир Темурдай даҳо – порлоқ юлдуз бор, у қолдирган моддий, маданий ва маънавий мерос бугунги ҳаётимизга ҳамоҳанг, булар олдимизда турган муаммоларни ечишда бизга қўл келмоқда. Демак, биз бу меросни ўрганишимиз, тарғиб қилишимиз керак. Чунки биз ўз миллатимиз хусусиятларига, ўз миллий қадриятларимизга асосланиб, тараққий топган давлатларнинг тажрибаларига ва умумбашарий ақидаларга таяниб келажаги буюк давлатимизни қурмоқдамиз ва шу асосда жаҳон ҳамжамиятидан ўз муносиб ўрнимизни эгаллаб бормоқдамиз. Зотан, бундай шарафли ўрин бизга Амир Темур ҳазратларидан меросдир.

Машҳур турк тарихчиси Мустафо Али Абдулла Ғолиб ўғли (1541–1600) Амир Темур ҳақида ўта холислик билан шундай деган: «Ҳукмдорлар икки хил бўлади. Биринчиси: маълум ҳудудни идора қилиш сулоласидан мерос бўлиб қолган ҳукмдорлар. Иккинчиси: давлатни қўшин кучи билан эгаллаб, Аллоҳнинг марҳамати билан ўзларининг катта ютуқлари эвазига бошқариш ҳуқуқини қўлга киритган ҳукмдорлар. Бундай ҳукмдорлар «соҳибзуҳур» деб аталади… Темур бир йўла соҳибқирон ва соҳибзуҳур бўлган…»

Бугунги кунда маънавият масаласи ижтимоий ҳаётимизнинг асосий масалаларидан бирига айланиб қолди. Халқимиз ва мамлакатимиз босиб ўтган йўлни, аждодларимиз фаолиятини – тарихимизни чуқур билмай ва теран идрок қилмай туриб, киши маърифатли ҳам, маънавиятли ҳам бўлолмайди. Зеро, ўтмиш билан бугуннинг, аждодлар билан авлодларнинг мустаҳкам боғланиши бу – миллат мангулигига кафолатдир. Тарих бундай боғланишда олтин кўприк бўлиб хизмат қилажак. Хуллас, миллий давлатчилигимиз тарихини яратиш давлат юмушларидан бири ҳисобланади. Бундан мақсад миллатимиз мангулигини кафолатлашдир.

Ўн биринчи боб
ТАРИХ – ХАЛҚНИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ

Яхлит олиб қаралганда, тарихни халқ яратади. Уни яратишда фаол қатнашган, халқ руҳида, онгида ва қалбида ўзларидан чуқур ва ўчмас из қолдирган тарихий шахслар ҳам халқ фарзандлари бўлганликларига асосланиб шундай демоқдамиз. Шу сабабли рамзий маънода тарихни уни яратган ва яратаётган (тарих, худди вақт сингари бир зум бўлса-да, тўхтаб турмайди) халқнинг таржимаи ҳоли дейиш мумкин. Шу боисдан қадим тарих, ўрта асрлар тарихи, замона тарихи каби ибораларни ишлатамиз. Буларни жамласак, яхлит тарих келиб чиқади. Ҳар бир ота-она ўз фарзандларидан биронтасини «Бу менинг ўғлим эмас» ёки «Бу менинг қизим эмас» деёлмайди, деса-да бу ёлғон бўлади. Чунки ота-она ҳеч қачон ўз фарзандларини инкор этолмайди, чунки ўзлари уларни дунёга келтириб қўйганлар. Шунга ўхшаш халқ ҳам гарчи яхшидир, гарчи яхши эмасдир, уқувлидир, уқувсиздир бу фарзандларини инкор этолмайди, инкор этиши мумкин ҳам эмас. Яхшисини олқишлайди, ёмонини қоралайди, уқувлисидан мамнун бўлади, уқувсизига ачинади. Яхшисини «бахтим» дейди, ёмонини «пешонамнинг шўри» дейди. Бошқа чораси ҳам йўқ. Нима ҳам деб бўларди. Қисмат!

Бундай ҳолатни ўзбек давлатчилигини бошқариб ўтган сулолалар ва улар ҳар бирининг вакилларига нисбатан ҳам қиёс этиш мумкин. Маълумки, шўролар замонида чиқарилган китобларда ва матбуотда ўзбек давлатчилигини бошқарган сулолаларнинг бари тилга олинмас, бири тилга олинса, иккинчиси ҳақида индамай ўтилар, бирини иккинчисига қарамақарши қилиб қўйилар, сулолаларимиз вакиллари фаолиятидан фақат нуқсон қидирилар, кичик нуқсонлар ҳам катта қилиб, бўрттириб кўрсатилар эди. Нима қилиб бўлмасин, қандай йўллар билан бўлмасин, ишқилиб ўзбек давлатчилиги камситилар эди. Бухоро шаҳрининг 2500 йиллиги юбилейида бундай нохолисликка илк бор чек қўйилиб айтилдики, ўтган икки ярим минг йил давомида ўзбек давлатчилигини бошқарган қадимий хоразмшоҳлар, кушонлар, эфталитлар, ашиналиклар, сомонийлар, қорахонийлар, ануштегинлар, темурийлар, шайбонийлар, аштархонийлар, манғитлар сулолалари тарихимизда, хусусан, Бухорои азимда ўзига яраша ном ва из қолдирдилар. Бу тарихан тўғри баҳодир. Давлатчилигимиз тарихини яратишда ўтмишда ҳокимиятни бошқарган барча сулолаларга уларнинг ўз даврида келажак авлод учун қолдирган салмоқли мероси, ижобий ишлари, керак бўлса, умумжаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаларига қараб тарихан холис баҳо бериш лозим. Зотан, инсон бир пайтнинг ўзида ҳам бунёдкор, ҳам ёвуз бўлиши мумкин эмас. Не-не мадрасаю масжидлар, олий кошоналарни қурган, не-не олиму фузалоларнинг бошини силаган, Қуръони каримни ёд билган инсон ёвуз бўлмайди. Амир Темурни назарда тутиб айтилган бу хулоса айни пайтда темурийларга, улардан олдин ва кейин ўтган деярли барча ўзбек сулолаларига ҳам тегишлидир, десак бўлади.

Алишер Навоий ўзининг саккиз мажлисдан иборат «Мажолис ун-нафоис» («Нафис мажлислар») асарининг еттинчи мажлисини соҳибқирондан бошлаб темурийлардан чиққан шоир, шоирсифат, шеършунос, олим ва фозил кишиларга, саккизинчи мажлисини буткул Султон Ҳусайн Бойқарога – шоир Ҳусайний ижодининг таҳлилига бағишлайди. (Асарда жами 459 шоир ва адабиёт аҳли ҳақида маълумот берилган). Навоий Улуғбек Мирзо ҳақида сўз юритиб, жумладан, бундай дейди: «Донишманд подшоҳ эрди. Камолоти бағоят кўп эрди. Етти қироат била Қуръони мажид ёдида эрди…»

Буни қарангки, Бобур «Бобурнома»сида ўзининг сиёсий мухолифи бўлмиш Муҳаммад Шайбонийхон худди шундай фазилат соҳиби эканини эътироф этади. Ёки бўлмаса, шайбонийлардан кейин ҳокимият тепасига келган аштархонийлар сулоласининг вакили бўлган Субхонқулихонни олиб кўрайлик. Шўролар даврида чиқарилган мактаб дарсликларида фақат қора бўёқ чапланган бу аждодимиз ўз замонасининг етук олимларидан бўлиб, илми нужум – астрономия билан ҳам шуғулланиб, Бухорода Улуғбек ишини давом эттирган экан.

Ўтмишда давлатларимизни бошқарган сулоларга тарихан холис ва адолатли баҳо бериш ҳам назарий, ҳам амалий аҳамиятга эгадир. Қолаверса, барча хонзодалару амирзодалар ҳам тожу тахт даъвосини қилавермаганлар, шижоатли ва довюракларигина майдонга чиққанлар. Чунки давлатни бошқариш осон иш эмас.

Халқ ўз тарихини асосан ўз давлатини қуришдан бошлаб яратишга киришади. Маълумки, туркий халқ ўз тарихида 18 та буюк ва шавкатли салтанат қурган халқдир. Инсоният тарихида бошқа ҳеч бир халққа бундай давлатчилик бахти ёр бўлмаган. Салтанатлар тарихи айни пайтда бу сулолалар тарихи ҳамдир. Шунинг учун ҳам ўтмишда давлатларнинг номлари уларга асос солган сулолабошининг номи ёки унинг унвони билан аталган. Масалан, Хоразмшоҳлар давлати, Ғазнавийлар давлати, Темурийлар давлати, Шайбонийлар давлати, Бобурийлар давлати ва ҳоказо.

Келтирилган бу далиллар ҳам тарих – халқнинг таржимаи ҳоли, деган таърифимизни тасдиқлаб турибди.

Ўн иккинчи боб
ТАРИХ, ДАВЛАТЧИЛИК ВА МАЪНАВИЯТ

Истиқлол шарофати билан халқимизда маънавиятнинг туб моҳиятини – негизини билишга, тагига етишга иштиёқ кучайиб бормоқда. Турмушда кўчакўйларда, оддий ва жиддий суҳбатларда, илмий анжуманларда, мухбирлар билан бўлган мулоқотларда, китобхон, томошабин ва тингловчилар томонидан йўлланган мактубларда «Хўш, маънавиятнинг ўзи нима?» деган саволга тез-тез дуч келасиз. Кейин баҳоли қудрат тушунтиришга киришасиз: «Маънавият дегани бу…» Бироқ жавоб кутаётган тараф жавобингиздан қониқиш ҳосил қилмаётганини илғаб қоласиз. Назарингизда «Соддагина қилиб, бир оғиз сўз билан ифодаланг, ахир, тушуниб етайлик-да» деган эътироз бўлаётгандек туюлади. Шундай ғойибона эътирозларга жавоб ўлароқ бизда бундай фикр туғилди: «Маънавият – бу маънавиятсизликнинг, яъни бемаъниликнинг аксидир. Маънавиятни ифодалаш учун маънавиятсизликни кўрсатиб бериш шарт экан. Бунинг учун эса қиёс керак».

Юртимиз сиёсий тутқунликка тушгач, чоризм маъмурияти VIII аср бошларидан амалда бўлган вақф тизимини иложи борича чеклаган бўлса, шўро ҳукумати уни умуман барбод этди. Натижада осори атиқалар доимий моддий таъми-нотсиз қолди, умумий ва жорий таъмирлаб туришлар, қайта тиклашлар тўхтатилди. Минг йиллик моддий-маданий ёдгорликлар қаровсиз қолиб, нурай бошлади. 1917 йилдан то ўттизинчи йилларнинг бошларигача давом этган миллийозодлик учун бўлган жангларда халқимиз қанчалик талафот кўрган бўлса, моддий-маданий ёдгорликларимиз бошига тушган йўқотишлар ҳам бундан кам эмас. Лекин сиёсий жилови Москванинг қўлида бўлган республикамизнинг ўша пайтдаги ҳукумати кураш жараёнларига томошабин бўлиб туришдан нарига ўтолмади. Чунончи, моддий-маданий ёдгорликлар кун сайин нураб бораётганлиги масаласи Ўзбекистон ССР Халқ Комиссарлар Советининг 1931 йилнинг 19 январида бўлиб ўтган йиғилишида кўрилганида вилоятлар ижроия комитетларига тарихий ёдгорликларни таъмир этиш эмас, балки суратга тушириб қўйиш тавсия этилади. Бу тавсия амалда обидалардан воз кечишни буюрарди. Бундай муносабат маънавиятсизликдан бошқа нарса эмас эди.

Ёки бўлмаса, Ўзбекистон ССР Марказий Ижроия комитетининг 1939 йилнинг 19 мартида қабул қилган 340-қарорида жумладан, бундай дейилган эди:

1. Бухоронинг Қарши, Имом, Самарқанд, Салоҳхона, Шергирон, Мозор дарвозалари ва уларга туташ бўлган девори давлат муҳофазасидан чиқарилиб, шаҳар шўроси ихтиёрига топширилсин.

2. …Тоқи Саррафон (1-гумбаз) давлат муҳофазасидан чиқарилсин.

3. …Кўкалдош мадрасаси давлат муҳофазасидан олиниб, шаҳар шўролари ихтиёрига топширилсин.

4. …Гавқушон мадрасаси… Калобод мадрасаси давлат муҳофазасидан олиниб, шаҳар шўролари ихтиёрига топширилсин.

Бу машъум қарорга 20 йил мобайнида Ўзбекистон оқсоқоли бўлиб турган, Парламент раиси ҳисобланган Йўлдош Охунбобоев имзо чеккан! Марказнинг қўлида қўғирчоқ бўлган бу «раҳбар»нинг битта имзоси бебаҳо ва қайтарилмас осори атиқалар тақдирини ҳал қилган-қўйган, ёдгорликларимиз қисматини манқурт ва келгинди кимсалар раҳбарлик қилаётган шўролар ихтиёрига топширган. Улар эса «тарихий ёдгорлик сифатида аҳамиятини йўқотганлиги учун» деган важ билан, «таъмирлашга маблағ етишмайди» деган сохта сабабни рўкач қилиб, қанчадан-қанча осори атиқаларни буздириб ташлаган. Лекин қонхўр босқинчи М.Фрунзега ҳайкал ўрнатиш учун маблағни аямаганлар, Қилт этмай, мағрур турган ёдгорликлардан эса бошқа мақсадларда фойдаланганлар. Масалан, Иккинчи Абдуллахон қурдирган Қўш мадраса келгинди сўққабошлар учун ётоқхонага, «Ситораи Моҳи Хоса» руҳий касалликлар шифохонаси (жиннихона)га айлантирилган, бу муҳташам саройдаги бутун мол-мулк, зеб-зийнат буюмлар рус императорларининг қишки саройи – Эрмитажга олиб кетилган. Ўтмиш моддий-маданий ёдгорликларига бундай муносабат маънавиятсизликдан бошқа нарса эмас эди.

Юқорида тилга олинган икки қарор ва уларнинг оқибатида келиб чиққан манзара билан истиқлолга эришган республикамиз ҳукуматининг 1996 йили қабул қилган Бухоро ва Хива шаҳарларининг 2500 йиллик юбилейларини ўтказиш ҳақидаги қарорларини қиёслаб кўрсак, уларни амалга ошириш бўйича қилинган ишларни назарга олсак ва, ниҳоят, ушбу шаҳарларнинг 1997 йил ўтказилган юбилейларини кўз олдимизга келтирсак, маънавиятсизлик нимаю, маънавиятга дахлдорлик нима эканини чуқурроқ идрок эта оламиз.

Бинобарин, тарихимизни чалғитиб кўрсатишга, ёлғон гапларни кўтаришга ҳаракат қилаётганлар тўғри баҳосини олишлари керак, бу борада тарихий ҳақиқатни билиш, уни муҳрлаш, ёш авлодга холисона етказиш чуқур маънога эга.

Ўзбек халқининг тарихи ёзма манбалар билан бир қаторда осори атиқаларимизда ҳам муҳрланиб қолган. Китоблар ўқиладиган далиллар бўлса, ёдгорликлар кўриладиган далиллардир. Осори атиқалар тарихини билиш ҳам ўтмишимиз ҳақидаги таассуротларимизни бойитади ва аниқлаштиради. Халқни тарихий моддий-маданий меросни ўрганиш билан тарбиялаш муҳим аҳамиятга эга. Чунки ҳар бир каттакичик ёдгорлик ўзбек халқи ва ўзбек давлатлари тарихидаги муҳим бир воқеа ёки сана билан боғлиқ, ёки бўлмаса давлат аҳамиятига молик бирор зарурат туфайли бунёд этилган. Бу фикримизнинг исботи учун Бухорои шарифда уч даврда ХII, ХVI ва ХХ асрларда қурилган ёдгорликни мисол қилиб келтирамиз. Булар яхлит бир меъморий мажмуани ташкил этувчи ҳозирги кунда Улуғ минор (Минораи Калон) деб юритилиб турган Арслонхон минораси, Жоме масжид, Мир Араб ва Саидолимхон мадрасаларидир. Бу муқаддас ер асли-да тарихий жой ҳисобланиб, Бухоро Аркидан сал жанубий шарқдадир. Илк бор бу ерда милодий 713 йили амир Қутайба ибн Муслим даврида жоме масжид қурилган. Бироқ йиллар ўтиши билан бу бино вайрона ҳолига келган. 1102–1130 йилларда қорахонийлар давлатини бошқарган амир Арслонхон 1121 йили худди шу вайрона масжид ўрнида янги ва улуғвор жоме масжидини қурдиради. Бухоро атрофидаги сувсиз саҳроларда карвонлар йўлдан адашиб ҳалок бўлиши ҳоллари учраб турарди. Шунинг олдини олиш мақсадида Арслонхон шаҳарда баланд бир иншоот қурдиришни ният қилади. Иншоот лойиҳалари бўйича танлов эълон қилишади. 1124 йили машҳур меъморлар томонидан тақдим этилган лойиҳалар билан Арслонхон шахсан ўзи танишади ва уста Бақонинг лойиҳасини маъқуллайди. Шу тариқа 1124 йилнинг 22 март куни – Йилбоши байрами айёмида минора қурилишига оқ фотиҳа берилади ва биринчи ғиштни – тамал тошини хоқон Арслонхоннинг ўзи қўяди. Қурилиш уч ярим йилча давом этади. 1127 йили баландлиги 47 ярим метр бўлган минора қуриб битказилади. Унинг энг юқори қисмида 16 та даричалар (яъни мезана қисмида) қўйилиб, тунда ҳамма даричалар ёнида шамчироқлар ёниб турган. Натижада тунлари 50–60 чақирим масофадан чироқлар ёруғини мўлжал қилиб, савдо карвонлари Бухорога адашмай келганлар. Бухоронинг Буюк Ипак йўлидаги йирик савдо марказларидан бири бўлиб қолишида бу миноранинг аҳамияти каттадир. Албатта, миноранинг асосий вазифаси азон айтиш – диний аҳамиятидир. Минора билан ёнма-ён жойлашган бош жоме масжиднинг муаззини ҳар куни беш маротаба шу минорага чиқиб азон айтган. Шундан кейин шаҳардаги бошқа масжидларда азон айтила бошлаган, намозхонлар ибодатга ошиққанлар. Миноранинг яна бир вазифаси шуки, ташқи ҳужумдан ўз пайтида огоҳ бўлиш учун дурбин орқали теварак-атроф кузатиб турилган, бу унинг ҳарбий аҳамиятга ҳам эга эканлигидир. Миноранинг тўртинчи вазифаси салобати, гўзаллиги, ажойиб нақшларга бойлиги билан кишиларга завқ-шавқ бағишлашидир. У айниқса чет элликлар – элчилар, савдогарлар, сайёҳларни ҳам мафтун этган. Бу ҳол ўз навбатида давлатнинг куч-қудрати, шукуҳи ва шавкатини, пойтахт Бухоронинг донғини олис-олисларга етказарди.

Шарқдаги биринчи Уйғониш даврида, яъни IX–XII асрларда Бухорода ҳам кўпгина буюк обидалар қурилган эди. Уста Бақо шу обидалардаги энг гўзал нақшлардан кўчирма олиб, минорада 24 та катта-кичик ҳалқалар яратган. Асосан Чингизхон босқини даврида, қисман кейинги асрларда бузилиб кетиб, бизгача етиб келмаган биноларнинг нақшлари шу минорадагина сақланиб қолган. Шу боис бу минорани Бухоро меъморчилигининг қомуси дейиш мумкин. Шуниси алоҳида тарихий аҳамиятга эгаки, миноранинг энг юқори ҳалқаларидан бирида нақшли ғиштлар билан бўртма қилиб «Уста Бақо амали», «Арслонхон минораси» деган сўзлар ёзилган. Бинобарин, Улуғ минорнинг асл номи Арслонхон минорасидир. То шўролар замонигача барча ёзма манбаларда ҳам шундай деб тилга олинган. Тарихий ҳақиқатлар тикланиб, унутилаёзган ёки атайин унуттирилган номлар яна муомалага киритилаётган замонамизда бу кўҳна ёдгорликни ўз оти билан атаб, Арслонхон минораси дейишни русумга киритсак, адолатли иш қилган бўлур эдик. Бундан буюк аждодимиз Арслонхон бобонинг руҳи ҳам шод бўлса ажаб эмас. Бу миннатдор авлоднинг ўз аждоди хотираси олдидаги бурчи ҳамдир.

Арслонхон минораси не-не тарихий воқеаларнинг, қанчадан-қанча синоатларнинг, табиий офатларнинг, жангу жадалларнинг гувоҳи бўлмади, дейсиз. У ҳатто 1220 йилги Чингизхон босқинидан ҳам омон чиққан эди. Бироқ орадан роса етти юз йил ўтгач, 1920 йилнинг 1 сентябрида босқинчи Фрунзе буйруғига кўра қилинган бомбардимон натижасида Арслонхон минораси қаттиқ зарар кўрди: ёдгорликнинг 5, 16, 33, 40, 46-метрларига снарядлар келиб урилган эди. Кейинчалик у уста Абдуқодир Боқиев томонидан моҳирона таъмирланган бўлса-да, синчков кўз, ўткир нигоҳ билан қаралса, ўша жароҳатларнинг изларини илғаш мумкин.

Арслонхон минораси Бухорои шарифнинг рамзи бўлиб, халқимиз, давлатчилигимиз ва маданиятимизнинг шукуҳи бўлиб ҳали яна минг асрлар қад кўтариб туражак.

Шўролар даврида Улуғ минор маънавий жароҳат ҳам кўрди. Уни ёлғон-яшиқ китобларда, олди-қочди фильмларда «Ўлим минораси» деб талқин қилишга уринишлар ҳам бўлди. Шундай нотўғри таассуротлар ҳосил қилган айрим китобхонлар, томошабинларга ҳақиқатни билдириш учун Улуғ минорни қуришдан мақсад бўлган унинг тўртта вазифасини айтиб, улуғлаб ўтдик.

Улуғ минорнинг қаршисида ХVI асрда шайбоний ҳукмдор-лардан Убайдуллахон томонидан қурдирилган, ўша даврнинг энг машҳур уламоси Абдулла Саброний (тахаллуси Мир Араб) номи билан боғлиқ Мир Араб мадрасаси 472 йилдан бери салобат билан қад ростлаб келмоқда. Бу ҳақда юқорида ҳикоя қилиб ўтганимиз учун яна тўхталиб ўтирмаймиз.

Шўролар замонида ўзбек давлатларидан бири – Бухоро амирлигига асос солган ва уни 260 йил бошқариб келган сулола – манғит сулоласи фаолиятидан фақат нуқсон қидириб, бўрттириб кўрсатиш русум бўлган ди. Ваҳоланки, Бухоронинг 2500 йиллигида айтиб ўтилганидек, бу сулола вакиллари ҳам тарихимизда, хусусан, Бухорои азимда ўзига яраша ном ва из қолдиришган. Шундай ўзига яраша ном ва из қолдирган тарихий шахслардан бири амир Саидолимхондир. У замонаси ўта нотинч бўлишига қарамай Бухорода мадраса, петербурглик мусулмонларнинг илтимосига кўра бу ерда улкан жоме масжид, Ялтада истироҳат сарой қурдиришга улгурган. Шунингдек, отаси амир Абдулаҳадхон даврида қурилиши бошланган «Ситораи Моҳи Хоса» саройини охирига етказган.

Ўқувчида «Хўш, амир шундай мадраса, масжид ва саройларни қайси маблағ ҳисобидан қурдирган? Фуқаролардан олинган солиқлар ҳисобига қурдирган-да!» деган фикрлар пайдо бўлиши мумкин. Йўқ, ундай бўлмаган. Солиқлардан келган тушум давлат хазинасига тушган. Амирнинг эса ўз ерсуви, мол-мулки бўлган, улардан келган даромад ўз хазинасига тушган. Амирлик хазинасининг кирим-чиқим дафтарлари бўлган. Шулардан бири билан 1972 йилнинг июль ойида Бухоро арки музейининг сақловхонасида камина танишган эдим.

Ўша кирим-чиқим дафтарида амир хонадонининг кундалик сарфиёти кичик амалдор бўлмиш меҳтар томонидан ёзилиб борган. Унда нондан тортиб ҳўл меваларгача, қандолатлик маҳсулотлари – ҳолваю новвоту пашмаккача, кийим-кечакдан тортиб упа-эликкача қайд этиб қўйилган. Ҳаммаси ҳисобкитобли бўлган. Аркка ўрта ҳисобда 3 минг атрофида киши яшаб, хизмат қилган. (Ҳозир Аркнинг 20 фоизи сақланиб қолган, 80 фоизи 1920 йилнинг сентябрь ойида М.Фрунзе буйруғига кўра бомбардимон қилиниб, ёндириб юборилган). Лекин амир хонадонининг сарфиёти давлат хазинасидан эмас, балки амирнинг ўз хусусий маблағидан ишлатилган. Бу тарихий маълумотларни келтиришдан мақсадимиз шуки, шўролар даврида тўқиб чиқарилган гўё «амирликда амир хазинаси билан давлат хазинаси умумий бўлган» деган сохта гапларга бир оз бўлса-да аниқлик киритиш, ўз давлатчилик тарихимиз ҳақида тўғри таассурот беришдир. Зеро, тарихини билмаганнинг келажаги йўқ. Бухоронинг бугунги қутлуғ айёми, энг аввало, ўтмишга эҳтиром ва буюк аждодларимиз хотирасига ҳурматимиз намойишидир. Буни амалга ошириш эса ҳаммамизнинг бурчимиздир. Шуни унутмайликки, шўро тузумининг Бухоро амирлигининг турли йўллар, ёлғон-яшиқ билан бадном қилишдан ғаразли мақсади қандай бўлмасин ўзбек давлатчилигини камситииш орқали ўз ҳокимиятини улуғлаш, халқимизда миллий давлатчилик туйғусини сўндириш эди.

Адиб Садриддин Айний амирнинг 1912 йилги кирим ва чиқими ўша давр курси бўйича 30 миллион сўм бўлганини ёзади. Амирликнинг, қисман бўлса-да, давлат мустақиллигини ифодаловчи далиллардан бири унинг ўз мустақил пул бирлигига эгалиги, амир сиймоси туширилган танга ва бошқа пулларнинг зарб қилиниши эди. Саидолимхон амирликнинг мустақиллигини сақлаб қолиш учун ўз даромадлари ҳисобига оқпошшога ҳар йили турли «совға-салом» қилишдан ташқари завод-фабрикалар қуришга, ташқи савдони кенгайтиришга, олтин конларини ишга солишга, қоракўл савдосига ва бошқа шу каби тадбирларга алоҳида эътибор берган. Амир ҳиссадорлик жамиятларига аъзо ҳам бўлган, ҳиссадорлик жамиятларига ўтказган маблағи 100 миллион сўмдан ошган. У ўз сармоясидан 27 миллион сўмини Россия давлат банкида, 3 миллион сўмини хусусий банкларда сақлаган.

Шариатга кўра ҳар бир мулкдор киши тасарруфидаги маблағини ушлаб турмай, ҳаракатга солиши раводир. Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида марҳамат қиладиларки, мулкдор одам ўз бойлигини ишга солиб туриши, ўзи буни эплай олмаса, омонатга хиёнат қилмайдиган тужжор орқали ҳаракатлантириб туриши, бундан ўзи ҳам, ўзгалар ҳам манфаат кўришлари лозим, акс ҳолда бойлик йиллар оша закотга бера бориш туфайли охирида йўқ бўлиб кетиши ҳам мумкиндир. Шариат кўрсатган тарзда тижорат билан шуғулланиш ҳалол қилинган. Бу шаръий тадбирдан мулкдор сифатида амир Саидолимхон ҳам фойдаланиши табиий эди. Умуман, унинг – Саидолимхоннинг шахсий бойлиги 35 миллион фунт стерлингни ташкил қилган экан.

Бухоро «қуббатул ислом», яъни «ислом динининг гумбази» ва буюк уламолар сўзи билан айтганда, «қуввати дини ислом» деб тан олиниши ҳам Бухоронинг жаҳонда, бутун Шарқ минтақасида мусулмон дунёсининг мўътабар марказларидан бири бўлишидан эътирофдир. Бас шундай экан, давлат бошлиғи бўлмиш амир ҳам ислом арконлари, жумладан закот амалини бажариши табиий эди. Маълумки, ҳар бир мусулмон киши бойлиги нисобга етгач, ҳар йили бойлигининг қирқдан бири ҳисобига закот бериши фарздир. Агар ҳисоблаб чиқсак, амир ўша 35 миллион фунт стерлинглик бойлигидан ҳар йили 875 минг фунт стерлингни закотга ажратиши шарт эди. Закот эса муҳтожларга ёрдам, толиби илмларга кўмак тариқасида садақаи хайрия мақсадларида ишлатилган. Масжиду мадрасалар, хонақою работлар, кўпригу сардобалар ва шу кабиларни қуришга, сув чиқариш, ер ўзлаштиришга, боғ-роғлар яратишга сарфланган садақаю хайриялар шундай яхши амаллардан ҳисобланганки, уни амалга оширган киши вафотидан кейин ҳам шу муассасалардан унинг руҳига савоб ёзила боради. Шунинг учун ҳам охиратини ўйлаган мулкдор ёки ўзига тўқ ҳар бир мусулмони комил садақаи хайрияга сидқидилдан ёндашган. Кўҳна Туркистонимизда, жумладан, Бухорои шариф тупроғида иморатсозликнинг равнақ топишининг, буюк осори атиқаларининг қад кўтаришининг шаръий асоси ана шу закотлардадир ҳам. Масжиду мадрасалар, кўпригу тўғон кабиларнинг уларни қурдирган шахсларнинг номлари (Улуғбек мадрасаси, Абдуллахон банди сингари) билан аталиши бежиз эмас, албатта. Умуман, бутун Туркистондаги, хусусан, Бухоро тупроғидаги осори атиқаларнинг ҳар бири халқимиз фарзандларининг ҳимматли бунёдкорлик фаолиятидан ёрқин далолатдир. Ҳиммат ҳам маънавият белгиларидан биридир.

Бинобарин, ёдгорликларни билиш, улар ким томонидан, қачон, нима муносабат билан ёки қайси воқеа шарафига, ёки бўлмаса ким томонидан қайси сиймо хотирасини абадийлаштириш мақсадида қурилган, асли номи қандай аталган – мана шуларни аниқлаш зарурдир. Шу асосда ҳар бир бинонинг «таржимаи ҳоли» аниқланади, мазкур «таржимаи ҳол»лардан ўзбек меъморчилиги тарихи таркиб топади. Ўзбек меъморчилиги тарихи ўзбек халқи умумтарихининг олтин саҳифаларидан ҳисобланади. Бухоро осори атиқалари эса бунда алоҳида ўрин эгаллайди. Моддий-маданий ёдгорлик-ларимизда халқимизнинг заковати, салоҳияти, бунёдкорлиги билан бирга яратганини асрлар давомида сақлаб, ҳимоя қила олиш қобилияти ҳам ўз ифодасини топгандир. Ана шу қобилият бўлмаганда эдими, умуман бутун Туркистон миқёсидаги, хусусан, Бухородаги буюк обидалар бизнинг давримизгача етиб келмасди, албатта. Бундай қобилиятнинг ҳам асоси давлатчиликдир. Давлат халқни ва у яратган ёдгорликларни ҳам бош ҳимоячисидир.

Бу ўринда шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш зарурки, ҳозир республикамизда ўша анъана давом эттирилиб, бунёдкорлик ишлари икки йўналишда олиб борилмоқда, яъни кўҳна осори атиқалар жиддий таъмирланиб, асл ҳолига келтирилмоқда ва янги ёдгорликлар қурилмоқда. Фикримизнинг исботи учун Амир Темурнинг Самарқанддаги мақбараси жиддий таъмирланганини ҳамда Тошкентда темурийлар тарихи давлат музейи қурилганини ва шунга ўхшаш кўплаб мисолларни келтиришимиз мумкин. Демак, давлатимиз халқимиз ва у яратган ёдгорликларнинг бош ҳимоячисидир: халқимиз яратганни давлатимиз ҳимоя қилиб келаётир.

Бухоро воҳасида яшаган эрксевар аждодларимиз ҳар қандай истибдод ва зулмга қарамай, эл-юрт озодлиги йўлида муттасил қаҳрамонона курашиб келганлар. Кармана, Вобкент, Шофиркон, Ромитан, Ғиждувон кентларини яратганлар. Бу кўҳна кентлар ҳар бирининг ўз бой тарихи бор, ёш жиҳатдан бири Бухорога оға бўлса, иккинчиси инидир. Бу кентлар тарихини билмай туриб, Бухоронинг умумий тарихини тўлиқ тасаввур қилиб бўлмайди.

Масалан, Кармана тарихини олиб кўрайлик. Агарда аштархонийлар замонида Балх шаҳри валиаҳд шаҳзоданинг қароргоҳи деб тайинланган, бир неча вилоятлардан иборат Балх ўлкаси унинг тасарруфида бўлса, манғитлар даврида Кармана шундай мақомга эга бўлган. Тахт вориси – валиҳад то тахт соҳиби бўлгунга қадар Карманада ҳокимлик қилган. Ҳатто амир Абдулаҳадхон ҳукмронлик қилган 1885–1910 йилларда Кармана норасмий тарзда амирлик марказига айланган. Амир Абдулаҳадхон 13 йил давомида муттасил Карманада яшаб, бирор марта ҳам Бухорога қадам ранжида қилмаган, давлатни шу ердан туриб бошқарган. Пойтахт билан узлуксиз равишда – ҳар куни учқур отлиқ чопарлар орқали боғланиб турган. Шуниси қизиқарлики, бу давр мобайнида бош вазир мақомидаги лавозим эгаси қушбеги мудом Аркда бўлган, ижроия ҳокимиятини бошқарган. Манғит амирлигида жорий қилинган давлат қонун-қоидалари, тартиб-интизомга кўра амир пойтахтда бўлмаган кезларда қушбеги Аркда бўлиши шарт эди, ҳатто Арк дарвозасидан ташқарига чиқиши ҳам мумкин эмасди. Амир Абдулаҳадхон 13 йил Карманада яшаганида қушбеги шунча вақт Аркда бўлган. Бухоро ва унинг кентлари тарихига оид ҳозирги китобхонларимизга деярли таниш бўлмаган асарлар кўп. Бу ўринда марҳум тарихчи олим Маҳкам Абдураимовнинг Бухоро хонлигидаги аграр муносабатларга доир икки жилдли китобини, қушбеги архивига мансуб 7 мингдан ортиқ ҳужжат тадқиқ этилган монографиясини, шўролар даврида қатағонга учраган тарихчи олим Мусожон Саиджоновнинг илмий пухта мақолаларини эслатиб ўтишни истардик. Шунингдек, ҳуқуқшунос олим, Ўзбекистон Фанлар академиясининг мухбир аъзоси Отабой Эшоновнинг Бухоро тарихига оид асарлари қимматли манбалардандир.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации