Электронная библиотека » Абдуқаҳҳор Иброҳимов » » онлайн чтение - страница 11

Текст книги "Бизким ўзбеклар"


  • Текст добавлен: 31 мая 2023, 14:15


Автор книги: Абдуқаҳҳор Иброҳимов


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 11 (всего у книги 37 страниц) [доступный отрывок для чтения: 11 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Иккинчи тарихий чекиниш. Тарихимизда ўзига хос из қолдирган сулолалардан бири сомонийлардир. Сомонийлар давлатига келиб чиқиши бўйича Балх шаҳри яқинидаги Сомон қишлоғидан бўлган Исмоил Сомоний асос солган, бу давлат ҳам мақоми бўйича вассал-ноиблик эди. Сомонийлар 873 йилгача Хуросон ноиблари бўлмиш тоҳирийларга итоат этганлар. 873 йили тоҳирийлар ҳокимиятдан кетадилар. Бағдод халифаси Мўътамид (870–892) 875 йили Наср I Сомонийни Мовароуннаҳр ноиби қилиб тайинлайди. Шу тариқа сомонийларнинг халифаликка тобе, унинг таркибидаги расман вассал давлати вужудга келади ва у 999 йилгача давом этади. Сомонийларнинг суянчиғи жанговар туркий қўшинлар эди. Шу қўшиннинг жуда салоҳиятли лашкарбошилари бўлиб, улардан бири Алптегин ҳақида давлат арбоби ва тарихчи Низомулмулк ўзининг «Сиёсатнома» асарида ёзадики, у сомонийларни олтмиш йил ҳимоя қилиб келган, сомонийлар мулки бир тана бўлса, Алптегин бу тананинг бошидир. Ўша вақтда Алптегин итоатида ўттиз минг отлиқ лашкар бор эди, истаса юз минг суворийни ҳам ўз қўлига оларди. Хуросон, Хоразм, Нимрўз ҳам унга тобе эди. Бухоро тахтини Алптегинга тақдим этишмоқчи бўлишганда у бу таклифни қабул қилмайди, лашкарбошиликни аъло кўради. Ғаламисларнинг ғулувлари туфайли сомонийлар билан Алптегин ўртасида келишмовчилик, ўзаро ишончсизлик юз беради. Оқибатда Сомонийлар давлати инқирозга учрайди ва Қорахонийлар давлатига қўшиб олинади.

Алптегин вафотидан кейин унинг ишини яна бир машҳур лашкарбоши Сабуктегин давом эттиради. Сабуктегин вафотидан кейин унинг ўрнига ўғли Султон Маҳмуд ўтиради ва Маҳмуд Ғазнавий номи билан тарихда чуқур из қолдиради.

Юқорида келтирилган тарихий чекинишдан шундай хулоса чиқариш мумкинки, сиёсий ва ҳарбий ҳокимият намояндалари якдил бўлганларида, мамлакат кучли, илм-фан равнақи учун шароит етарли бўлади. Ана шундай дориламон даврда Бухорода Абу Али ибн Сино каби улуғ олимларимиз таҳсил олиш имкониятига эга бўлган эдилар. Улар кейинчалик хоразмшоҳ Маъмун академиясида, Султон Маҳмуд Ғазнавий саройида ва бошқа маърифат даргоҳларида самарали фаолият кўрсатганлар. Хуллас, илм-фан равнақи учун ҳам тинчлик керак экан.

Энди ҳикоямизни Бағдод томонга кўчирамиз. «Байтул ҳикма»да кўплаб олимлар, таржимонлар, хаттотлар хизмат қиладилар. Олимлар илмий иш – тадқиқот билан шуғуллансалар, таржимонлар сурёний, қибтий, санскрит, юнон, лотин ва бошқа қадимий тилларда ёзилган ноёб асарларни арабчага таржима қилардилар, хаттотлар эса асарларнинг қўлёзма нусхаларини кўпайтирадилар. Шуниси диққатга сазоворки, бу таржима асарларнинг, биринчи навбатда, юнонча ва лотинча асарларнинг асл нусхалари Оврупода юз берган инквизация оқибатида ёндириб, йўқотилиб юборилган. Таржималар сақлаб қолинган. Овруполиклар кейинчалик ана шу Маъмун академияси аъзолари томонидан қилинган таржима асарларни арабчадан қайта ўз тилларига таржима қилиб, ўз меросларини тикладилар. Маъмун академияси ўз даври учун ҳам, кейинги кўп асрлар учун ҳам, умуман олганда, бутун жаҳон цивилизациясида буюк бир ҳодиса эди. Академия олимларининг аксарияти туркистонлик эдилар. Математик ва астрономларнинг эса ҳаммаси туркистонлик, шу жумладан, хоразмлик эдилар. Туркистоннинг кўпгина минтақалари, жумладан, Хоразмнинг деҳқончилиги, маданияти ва тараққиёти азалдан суғоришга асослангандир. Бу эса математика ва астрономияга мустаҳкам боғлиқ. Йилнинг қандай келиши, об-ҳаво, ёғингарчиликнинг миқдорини олдиндан аниқлашда илм нужум – фалакиёт – астрономия равнақини тақозо этса, суғориш иншоотлари қуриш ва улардан фойдаланиш математика ривожини талаб қиларди. Шу сабабли суғорма деҳқончилик мамлакатларида, жумладан, Хоразмда астрономия ва математика устувор мавқеда бўлган, бошқа фанлар қаторида бу фанлар ривожига зўр аҳамият берилган. Бу ҳаёт талаби эди. Хоразм-дан буюк астрономлар, математиклар чиқишининг боиси ана шундадир.

Бағдоддаги тарихий Маъмун академиясида Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий Мажусий, Аҳмад Фарғоний, Аҳмад ибн Абдуллоҳ Марвазий – буюк аждодларимиз то инсоният тургунича ўз аҳамиятини йўқотмайдиган ўлмас кашфиётлар яратганлар. Даҳо олим, буюк математик ва астроном Хоразмий милодий 780 йили (баъзи манбалар бўйича 783 йили) Хивада таваллуд топиб, милодий 850 йили Бағдодда вафот этади. Бағдодга таклиф этилгач, аввал халифа алМаъмун ибн Ҳорун ар-Рашид (813–833) сўнгра ал-Муътасим (833–842) ва ал-Восиқ (843–847) саройларида, яъни Маъмун академиясида ишлайди, тадқиқот ишларига раҳбарлик қилади. Буюк ватандошимиз ўз мавқеига кўра олимларга етакчилик қилган бўлса-да, ҳозирги иборага кўра Маъмун академиясига раислик (президентлик) қилгани ҳақида расмий маълумот учрамайди, бироқ ушбу академиянинг кутубхонасига мудирлик қилгани аниқ. Халифа ал-Маъмун ва ал-Восиқлар даврида китоб йиғиш учун Хоразмий бошчилигида учта сафар уюштирилади. Буларнинг биринчиси 830 йили атрофида Ғарбий Ҳиндистонга уюштирилади. Хоразмий бу сафаридан ҳинд рақами ва ҳисоблаш қоидасига доир маълумотларни олиб келади, уларни ўзининг арифметик асарида акс эттиради, ҳисоб-китоб бобида қулайлик яратади, ҳозир бутун дунёда қўлланилаётган ҳисоб рақамлари «1»дан «9»гача ҳамда «0» ана ўша даврдан бошлаб кенг муомалага киради. Бу буюк аждодимизнинг улуғ хизматларидан биридир.

Хоразмий бошчилигидаги иккинчи экспедиция Рум (Византия) мамлакатига юборилган. Бу экспедиция Эфас шаҳри яқинидаги ғор билан боғлиқ бўлган «Асҳоб ул-Каҳф» ҳақидаги ривоятни аниқлаш учун халифа томонидан юборилган эди. Маълумки, Қуръони каримнинг 18-сураси «Каҳф» деб аталади. Бу сура бир юз ўн оятдан иборатдир. Сурада кишиларнинг Тангри таолога бўлган иймон-эътиқодларини мустаҳкамлаш учун энг гўзал, ибратли қиссалардан учтаси сўйлаб берилади. Улардан биринчиси «Асҳоб ул-Каҳф» қиссаси бўлиб, унда золим ҳоким истибдодидан дину иймонларини сақлаб қолиш учун ўз жонларини фидо қилган йигитларнинг бир каҳфга – ғорга паноҳ тортиб киришиб, у жойда уч юз йил қолиб кетишгани ҳақида ҳикоя қилинади. Қуръони каримда тилга олинган ана шу ғорни аниқлаш ва ўрганиш ишига буюк аждодимиз раҳбарлик қиладилар, олимлик ва мусулмонлик бурчларини бажарадилар. Буни таъкидлашимиздан мақсад шуки, совет даврида ал-Хоразмий ҳақида нашр қилинган деярли барча катта-кичик китобларда «Унинг асарлари дунёвий фанларнинг ислом фанидан мустақил ривожланишига йўл очди. Хоразмийнинг фан соҳасидаги ютуқлари ўрта асрларда ҳукмронлик қилган дин ва схоластик фалсафага қаттиқ зарба беради, ислом динининг табиат тўғрисидаги уйдирма ёлғон даъволарини фош этди», каби нотўғри фикр билдирилган. Ваҳоланки, Хоразмий ўз даврининг фарзанди, бунинг устига ўша даврда бутун ислом дунёсининг маркази бўлган Бағдодда амиралмўъминин халифа саройида фаолият кўрсатган. Умуман олганда, олим фалончини ёки фалон нарсани фош қиламан, деган фикрда бўлмайди, у илм билан шуғулланади, кашфиёт яратади.

Хоразмий бошчилигидаги учинчи экспедиция Хазарияга – Итил (Волга) дарёсининг қуйи оқими, Касбий денгизининг шимолий ва шимоли-ғарбий қирғоқлари ҳудудларини эгаллаган мамлакатга уюштирилади. Мазкур экспедициядан мақсад Хазарияни илмий ўрганиш билан бирга бу ўлка халқлари ўртасида ислом динини ёйиш эди.

Хоразмий Бағдоднинг Қутраббул маҳалласида яшайди. Шаммосия маҳалласида жойлашган расадхонада Яҳё ибн Абу Мансур билан бирга астрономик кузатишлар олиб боради. Бу расадхонада Птолемейдан сўнг Қуёшнинг энг катта оғиши ўлчанади.

Шарқ ва Ғарб олимларининг ёзишларича, Хоразмийнинг «Алгоритмий (Хоразмий) ҳинд ҳисоби ҳақида», «Астрономия санъатига кириш», «Ал-китоб ал-мухтасар фи ҳисоб ал-жабр вал-муқобала» (қисқача номи «Ал-жабр» – «Алгебра»), «Зийжи ал-Хоразмий», «Устурлоб ёрдамида азимутни аниқлаш», «Китоб ар-руҳома», «Тарих китоби», «Яҳудийларнинг эралари ва байрамлари ҳақида рисола», «Китоб сурат ал-ард» («Ернинг сурати»), «Устурлобларни амалда қўллаш ҳақида китоб»лари бизгача етиб келган ҳамда инглиз, лотин, олмон, рус, фаранг ва бошқа тилларга таржима қилинган, уларга щарҳлар ва изоҳлар ёзилган.

Хоразмий алгебранинг отасидир. Ҳозирги замон ҳисоблаш математикасининг асосий атамаси – «алгоритм» («алгорифм») ал-Хоразмий номининг лотинча ёзилиши ва талаффуз қилинишидан келиб чиққан. Буюк аждодимиз Ғарб олимларидан 800 йилча аввал кўп илдизли тенгламаларни ечиш усулларини, синус, косинус, тангенс қоидаларини кашф этиб, муомалага киритган. Бу кашфиётнинг вужудга келишининг қизиқарли тарихи бор. Бу ҳақда бир шингил айтиб ўтамиз. Маълумки, VIII асрнинг охири ва IX асрнинг бошларида фиқҳ илми – ислом ҳуқуқшунослиги ниҳоятда равнақ топди (бунда ҳам буюк аждодларимизнинг ҳиссалари каттадир), ҳуқуқшунослик соҳалари, жумладан, миллий ҳуқуқ ва мерос ҳуқуқи ишлаб чиқилади. Лекин назарий билимни турмушга жорий қилишда, яъни меросни ворислар ўртасида қандай қилиб тақсимлашда қийинчиликка дуч келинади. Халифа Маъмун ибн Ҳорун арРашид бу муаммони ҳал этишни Хоразмийга топширади, яъни давлат буюртмасини беради. Буюк аждодимиз шу муаммо устида ишлайди – «Ал-жабр» – «Алгебра»ни яратиб, мушкулотни бартараф этади. Дастлаб меросни тақсимлаш зарурати туфайли вужудга келган бу фан кейинчалик оламшумул аҳамият касб этади. Нажот илму урфонда дейилишининг боиси ҳам ана шундадир.

Хоразмий «Ал-жабр вал-муқобила» асарида олимларни уларнинг ишлари характери бўйича уч гуруҳга бўлади: 1. Улардан бирлари ўзларигача қилинмаган ишларни қилиб, уни келажак авлодга қолдириб, ўзгалардан ўзиб кетадилар. 2. Ўзгалар ўтмишдошлари меҳнатларини шарҳлаб берадилар ва бу билан қийинчиликларни енгиллаштирадилар, қулфларини очадилар, йўлларини ёритадилар, бу эса тушунишни осонлаштиради. 3. …Ёки бу одам баъзи китоблардаги нуқсонларни топади ва узилганларни улайди.

Шу тоифалаш бўйича Хоразмийнинг ўзини «Алгебра» асосчиси сифатида биринчи гуруҳга, арифметика соҳасидаги илмий фаолияти билан иккинчи гуруҳга киритиш мумкин. Хоразмийнинг иккинчи математик асари – «Алгоритмий» (ал-Хоразммий) ҳинд ҳисоби ҳақида» («Ҳисоб ал-ҳинд») китоби ҳам фан тарихида жуда муҳим аҳамият касб этган ва ҳамон шундай… то Ер юзида ҳисоб-китоб бўлар экан, унинг аҳамияти заррача пасаймайди. Асар ўнлик тизим рақамлари (0, 1, 2, 3, 4, 5, 6, 7, 8, 9)га бағишланган. Хоразмий Ҳиндистонда муомалада бўлган бу рақамларни соддалаштирди ва биринчи бор араб тилида баён этди. Бу тизим ёйил-гунга қадар анча қўпол ва ноқулай бўлган хилма-хил саноқ усулларидан фойдаланиларди. Ўнлик тизимнинг кашф этилиши саноқ бобида чинакам инқилоб бўлди. Мазкур тизимнинг қулайликлари шундаки, 1 дан 9 гача бўлган рақамлардан фойдаланиб ва «0» (нол) ёрдамида энг катта сонларни аниқ ёзиш мумкин. Бу саноқ усули Х асрдан бошлаб, араб рақамлари номи билан аввал Оврупога, кейин бутун жаҳонга ёйилган.

Хоразмийнинг «Китоб сурат ал-арт» номли жуғрофияга оид асарида 637 та муҳим жойлар, 209 та тоғнинг жуғрофий тафсилоти берилган, дарёлар, денгизлар ва океанлар ҳавзасининг шакли, уларда жойлашган оролларнинг муҳим координатлари билан баён қилинган.

Милодий 827 йили Хоразмий раҳбарлигида Ер куррасининг катталигини аниқлаш мақсадида Ер меридианининг бир градуси ўлчаб чиқилди. Меридиан градуси узунлиги ўрта ҳисобда 112 километрга тенг қилиб олинган. Бу натижа аниқдир.

Хоразмий ҳатто мусиқага оид рисола ёзгани ҳақида ҳам маълумот етиб келган. Ҳа, у қомусий билимлар эгаси бўлган. Буюк аждодимиз ҳақида бирмунча тўхтаб ўтишдан мақсадимиз, Бағдоддаги Маъмун академиясининг оламшумул шуҳрат қозонишида ал-Хоразмий ва унинг сафдошлари бўлмиш туронлик – туркистонлик, жумладан, хоразмлик олимларнинг бемисл хизматларини бир эслатиб ўтишдир.

Маълумки, тарихда араб маданияти ёки ислом маданияти деб аталган цивилизацияда туркий халқларга мансуб олимларнинг ҳам улкан ҳиссалари бўлганлиги каби Араб халифаликларида туркий қавмларга мансуб давлат ва ҳарбий арбоблар муҳим ўрин эгаллаганлар. Кўпинча лашкарбошилар, сарой гвардиячилари туркий халққа мансуб кишилар бўлишган. Улар вақти келиб аввал ҳарбий ҳокимиятни, кейин эса сиёсий ҳокимиятни ҳам қўлга киритишган. Шу тариқа салжуқийлар, ғазнавийлар, хоразмшоҳларнинг буюк давлатлари салтанатлари вужудга келган. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, илму урфоннинг равнақ топиши учун қудратли давлат ҳокимияти, ривожланган иқтисод ва албатта, илм ва ижод аҳлига ҳомийлик қилувчи давлат бошлиғи керак. Салжуқий, ғазнавий ва хоразмшоҳ сулолаларига мансуб султонларнинг аксарияти илму фан, адабиёт ва санъат, маданият равнақига давлат миқёсида ҳомийлик қилишгани ҳақида ибратли тарихий маълумотларга эгамиз. Бу бобда асосий сўз Хоразм давлати ҳақида бораётгани сабабли тилга олинган сулолалардан бири хоразмшоҳлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтиш билан чекланамиз.

Айниқса, Хоразмшоҳ Маъмун ва Хоразмшоҳ Маъмун II ибн Маъмун замонида Хоразм давлатининг қудрати ошади. Мамлакат пойтахти Урганч йирик ва маданият марказига айланади. Маъмун академияси очилади, унда Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Абу Саид Масиҳий, Абу Носр ибн Ироқ, Абулхайр, Ибн Мискавайх, Абу Бакр Муҳаммад Хоразмий, Абу Саид Шабибий, Абулҳасан Маъмун ва бошқа йирик олимлар, шоирлар, адиблар, таржимонлар фаолият кўрсатадилар. Булар орасида ҳозирги замондошларимизга маълуму машҳур бўлганлари Абу Райҳон Беруний ва Абу Али ибн Синодир десак янглишмаймиз. Берунийнинг қомусий олим бўлганини, Ер куррасининг шарқий палласи мавжуд экан, ғарбий палласи ҳам бўлиши шарт эканини назарда тутиб, илк бор Америка қитъасини назарий кашф этганини яхши биламиз. Ибн Синонинг мумтоз «Тиб қонунлари» кўп жилдлик асарлари билан танишмиз, унга «Шайх ул-раис» унвони берилганидан ҳам хабардормиз. Бироқ, юқорида тилга олинган ва бу рўйхатда номлари ёзилмаган бошқа олимларнинг фаолияти кам ўрганилган, илмий мерослари ҳали оммалаштирилмаган.

Демак, қайтадан ташкил этилган Хоразм Маъмун академиясининг асосий илмий ва ташкилий вазифаларидан бири қадимги миллий илм-фан соҳасидаги бой меросни ҳар томонлама ўрганиш ва таҳлил қилишдир. Шу ўринда бир ривоятнома ҳақиқатни, бундан минг йил аввал амалга оширилган илмий ва жисмоний жасоратни тилга олиб ўтамиз. Ҳозирги кунда «Биринчи космонавт ким бўлган?» деб кимдан сўраманг, дарҳол «Юрий Гагарин» деб жавоб беради. Атоқли олим, шоир ва драматург Мақсуд Шайхзода олтмишинчи йилларнинг ўрталарида Беруний ҳақида янги асар ёзиш учун манбалар кўраётиб, Форобий, Берунийларга замондош Исмоил Жавҳарий деган аждодимизнинг ўзи ясаган қанотлар билан парвоз қилгани ҳақидаги маълумотни учратиб қолади ва шеърий асарида халқимиз тилидан сўзлаб, бу ҳақда «Жавҳарий фарзандим самога учганди» деган мисрани қўшиб ўтади фахр билан. Маълум сабабларга кўра, балки халқимизнинг мил-лий ғурури кучайишига таъсир этишидан чўчиб, балки Юрий Гагариннинг шуҳратига «соя» солиши мумкин, деган ўйга бориб, бу асарнинг босилишига рухсат берилмайди. Шу тариқа Исмоил Жавҳарийнинг илми ва жасорати кенг жамоатчиликка маълум бўлмай қолаверади.

Туркиялик олим, профессор Усмон Туроннинг «Туркий халқлар мафкураси» китобида Исмоил Жавҳарий фаолиятига доир маълумотларни, жумладан, «Физика билан шуғулланган Жавҳарий ўзи ясаган қанотлар билан учишни машқ қилаётиб, йиқилади ва шу жароҳати таъсирида оғриб вафот этади» деган сатрларни учратдик. Суҳбатда бу далилни ўзбек олими профессор Омонулла Файзуллаев ҳам тасдиқлади. Демак, эндиги вазифаларимиздан бири Жавҳарийдек буюк аждодларимизнинг бой меросини ҳар томонлама ўрганиш ва кенг оммага маълум қилишдир.

Хоразм Маъмун академиясида тарих, археология, фалсафа, тил ва адабиёт, биология ва биотехнология соҳаларида фундаментал изланишларни олиб борилмоқда. Бу – бугунги қамров. Келгусида соҳалар кўпайиб, улар ёнига математика, астрономия фанлари ҳам қўшилса, ажаб эмас. Зеро, Хоразм жаҳонга буюк математик ва астрономларни етиштириб берган ўлкадир.

Хоразм Маъмун академияси Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг минтақавий бўлими – Хива шаҳрида тузилган бу замонавий Байтул ҳикма – донолар уйи олдига катта ва муҳим вазифалар, жумладан, илм-фан соҳасидаги қадимги улуғ мерос асосларида юқори интеллектуал муҳитни яратишдаги бой анъаналарни тиклаш ва ривожлантириш, ёш истеъдодли олимларни излаб топиш, уларни академия фаолиятига жалб этиш ва илмий ижодларининг самарадорлигини юксалтириш, замонавий илмий мактаблар яратиш ва фан ютуқларини амалиётга татбиқ этиш, минтақада илм-фан билан боғлиқ барча ишларни замон талаблари даражасида мувофиқлаштириб, олий малакали ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш… кадрдар тайёрлаш бўйича миллий дастурни амалга оширишда фаол иштирок этиш, узлуксиз таълим тизими ва фан ўртасидаги узвий, ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатиш, академик лицейларда илмий-педагогик фаолиятни юқори савияда олиб бориш каби юмушлар қўйилган. Шунингдек, унда халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида урғу берилган. Шу ўринда Берунийнинг фан тарихига умумбашарий бирлик нуқтаи назаридан ёндашиш, илм-фан ютуқлари билан бошқа халқ олимларини ҳам таништириш лозимлиги ҳақидаги фикрларини эслаб ўтишни жоиз деб биламиз.

Хоразм Маъмун академиясининг айни Хива шаҳрида қайта ташкил этилиши жуда ўринли, тарихан асослидир. Хива шаҳрининг халқимиз, ватанимиз, давлатчилигимиз тарихида тутган ўрни ва аҳамиятига юксак баҳо бериб, деймиз: ўтмиши шарафли, бугуни саодатли, келажаги абадий шаҳар – миллатимизнинг ифтихори бўлмиш гўзал Хивамиз дунё тургунча турсин!

Ўн бешинчи боб
ТАМАДДУНИМИЗ НЕГИЗЛАРИ

Шундай қилиб, энди сўз навбати «Жаҳон қомусий луғати»да бизким, ўзбекларга берилган таърифдаги тўртта нуқта бўйича юқорида айтиб ўтган шарҳларимизни бир хулосалаб қўйишга келиб етди. Чиндан ҳам халқимиз жаҳон халқлари ўртасида биринчилардан бўлиб, туркий тилли халқлар орасида биринчи бўлиб ўтроқлашиб, хўжалик юритишнинг барча соҳаларида бўлганидек, суғорма деҳқончиликда ҳам миришкор бўлиб, бирбиридан гўзал ва обод юзлаб шаҳарлар қуриб, шаҳар ва қишлоқларда маданий турмуш кечириб келаётган, жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган ва қўшаётган миллат эканимиз аниқ. Жаҳон цивилизациясига ҳисса қўшганимиз оқибати ўлароқ «Жаҳон қомусий луғати»нинг инсофли тузувчилари ва ноширлари ўз китобларида бизга холис таъриф беришган. Биз шу ўринда мазкур тўртинчи нуқта бўйича юқорида айтилганларни лўнда тарзда яна бир бор эслатиб, уларга кичик қўшимчалар қўшишни лозим топамиз, токи жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси бўйича ҳам халқимизнинг бўй-басти янада ёрқинроқ гавдалансин.

Юқорида ўрта асрларда бутун мусулмон оламида иккита Академия – бири Бағдодда, иккинчиси Хоразмда фаолият кўрсатгани, иккаласи ҳам Маъмун номи билан аталгани, бири халифа Маъмун, иккинчиси хоразмшоҳ Маъмун бўлганлиги, халифа Маъмун академияси Бағдодда, хоразмшоҳ Маъмун академияси Урганчда тузилган бўлса-да, иккала академиянинг ташкил этилиши ва фаолиятида асосан туркистонлик қомусий билимлар эгаси – буюк аждодларимиз ўрин эгаллаганини ҳикоя қилиб ўтган эдик. Бағдодда илмий ижод қилган ватандошларимиз яратган оламшумул ихтиро ва кашфиётлар башарий цивилизациянинг таркибий қисми бўлмиш Ислом Уйғонишига, шу тамаддун орқали Оврўпо уйғонишига сезиларли таъсир этган.

Энди буюк аждодларимизнинг жаҳон цивилизациясига қўшган улкан ва бебаҳо, инсоният тарихида қайтарилмас ҳиссаларининг негизлари ва биз – миннатдор авлодлар ўша улуғ зотларнинг бевосита ворислари эканимиз ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз. Маълумки, бирор нарсанинг, бу ўринда ихтиро ва кашфиётнинг илдизларига етмай туриб, уларнинг моҳиятини тўла-тўкис аниқлаб бўлмайди. Халқнинг удумлари, урф-одатлари унинг турмуш тарзидан келиб чиқади. Бизким, ўзбекларда тўққиз сони азалдан муқаддас саноқлардан ҳисобланади. Тўйларда, зиёфатларда ҳурматли қудаларга, азиз меҳмонларга «тўққиз-тўққиз»лар тортилган. Шу удумдан келиб чиқадиган ҳолда давлат бошлиқларимиз – хоқон, хон, султон, амирлар томонидан ўрдугоҳ, қароргоҳ ва саройларда ўтказилган қабул маросимларида чет эл мамлакатларининг элчиларига тўққиз-тўққиз тортилар, масалан, тўққиз уст-бош кийим ҳадя этилган, улар, яъни элчилар орқали ўша мамлакатларнинг ҳукмдорларига «тўққиз-тўққиз» совғалар, масалан, тўққизта арғумоқ бериб юборилган. Шунингдек, давлат олдидаги буюк хизматлари учун сарой аъёнлари ҳам ҳукмдорнинг олий инояти – «тўққиз-тўққиз» мукофотига сазовор бўлишган. Айни пайтда у ёки бу ҳукмдорнинг ҳокимият тепасига келишида жонини фидо қилиб курашган, энг нозик ва қалтис пайтларда унинг ёнида камарбаста бўлиб, муқим турган энг яқин сафдоши, арбоби ва аҳбоби кейинчалик қилган айблари учун давлат бошлиғи томонидан 9 мартагача кечирилган, узрлари қабул этилган. Бу ҳақда кўпгина тарихий асарларда, жумладан, «Бобурнома»да маълумотлар бор. Масалан, Бобурнинг сафдошларидан Боқи тархон хатоси учун тўққиз мартагача кечирилган. Бунинг замирида ҳам давлат олдидаги буюк хизматлари асосий мезон ҳисоблангани ётадир.

Буюк ватандошимиз Хоразмий халифа Маъмун топшириғи билан 830 йили атрофида Ғарбий Ҳиндистон (ҳозирги Покистон ва шарқи-жанубий Эрон ҳудудларига тўғри келади) га қилган сафаридан ўша пайтларда ҳинд рақами деб аталган рақамларни ва ҳисоблаш қоидасига доир маълумотларни Бағдодга олиб келгани, уларни ўзининг арифметик асарида акс эттиргани, ҳисоб-китоб бобида қулайлик яратгани, ҳозир бутун дунёда қўлланилаётган ҳисоб рақамлари «1»дан «9»гача ҳамда «0» ана ўша даврдан бошлаб кенг муомалага киргани бу улуғ аждодимизнинг катта хизматларидан бири эканини юқорида айтиб ўтган эдик. Энди ўзбек давлатчилиги тарихи ва давлатчилигининг ҳудудларига доир янги маълумотларга асосланиб, шунга қўшимча қиламиз. Араблар VII асрнинг иккинчи ярмида ва VIII асрнинг бошларида ислом динини ёйиш учун Ғарбий Ҳиндистонга келганларида бу ҳудудларда туркий қабилалар яшаганига, шаҳар ва қўрғонларда туркий ҳокимлар бошлиқ эканига ва уларнинг қаршилигига дуч келадилар. Арабларнинг бу келиши билан Хоразмий ташрифи ўртасида бир-бир ярим асрча вақт ўтган, холос. Бу билан айтмоқчимизки, мантиқ илми ҳам шуни тақозо этиб турибди, Хоразмий кенг муомалага киритган, ўша пайтларда ҳинд рақамлари тизими деб аталган, кейинчалик (ва ҳозирги кунда ҳам) араб рақамлари дейиладиган рақамлар аслида, келиб чиқиши бўйича ўша ўзимизнинг « тўққиз-тўққиз»имиздан бошланган туркий рақамлардир. Хоразмий ихтиросига келсак, бу саноқ тизими Туркистоннинг буюк ўғлони ўлароқ ул даҳо зотга табиатан яқин эди, тупроғи шу заминдан олинган, киндик қони шу заминга тўкилган, шу заминда униб-ўсиб, камолотга етган истеъдодли кишига ўз халқининг турмуш тарзи, демакким, урф-одатлари, жумладан, ҳисоб-китоби ҳам аниқ маълум бўлиши турган гап. Хоразмий «1» дан «9» гача саноқ тизимини ўз халқининг илмий бисотидан олиб, жаҳон фани хазинасини бойитди. Бу рақамларнинг ҳинд рақамлари деб аталишига келсак, Хоразмий замони – IX асрга келиб, у сафар қилган ўша ҳудуд Бағдод халифалигида умумий ном билан Ҳинд деб юритиларди, шу боис бу рақамларга ҳам шу ҳолга нисбат берилиб, ҳинд рақамлари дейилгандир.

Аҳмад Фарғоний! Ўзига сайлаб олган бу тахаллуси билан ул улуғ зотнинг буюк аждодимиз даҳо юртдошимиз эканини ёрқин кўрсатиб турибди. Мавриди келиб қолди, шу ўринда бир муҳим ва жиддий масала хусусида йўл усти тўхтаб ўтишга қарор қилдик. Бирор тарихий шахс ёки оддий кишининг қайси халққа мансуб эканлигини фақат бир омилга – унинг туғилган жойига қараб белгилаш, масалага бир томонлоама ёндашув бўлади. Аввало ўша тарихий шахс ёки оддий кишининг ота-оналари қайси халққа мансуб эканлиги ҳал қилувчи омилдир. Иккинчидан, ўша тарихий шахс ва оддий киши туғилган жой ўша даврда қайси давлатга қарагани, қайси сулола ҳокимият тепасида бўлганига ҳам албатта диққатни қаратиш лозим. Учинчидан, инсон бошидан не савдолар кечмайди, дейсиз. Одам бир мамлакатда туғилиб, тақдир тақозоси билан гўдаклигида ёки камолотга етганидан кейин ўзга мамлакатларга бориб қолиши, ўзга халқлар даврасида яшаб ўтиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Айниқса, бундай ҳоллар тарихий кечишимизда – талатўп замонларда, қатағон йилларида кўп марталаб юз берган. Мисолларга ўтамиз.

Муҳаммад Тарағай – Мирзо Улуғбек Озарбайжоннинг Султония шаҳрида туғилган. Чунки соҳибқирон Амир Темур ўша кезлари сафарда эди, кўч-кўрони, ҳарам аҳли, яқин оила аъзолари, жумладан, келинлари ҳам қўшиннинг туғриқ қисмида эдилар.

Алишер Навоий Хуросонда, яъни Жанубий Туркистоннинг пойтахти Ҳирот шаҳрида темурий хоқон Шоҳрух мирзо замонида темурийлар хонадонига яқин сарой аъёнларидан бўлмиш Сабзавор шаҳрининг ҳокими Ғиёсиддин Баҳодир оиласида таваллуд топган. Эндиликда, аниқроқ қилиб айтсак, аштархонийлар ҳукмронлигининг сўнгги йилларида ички низоларнинг авж олиб кетиши туфайли 1760 йилдан бошлаб Бухоро хонлиги қаламравидан афғон амири Аҳмадшоҳ Дурроний тасарруфига ўтган Ҳирот шаҳрида 1441 йили туғилган Навоий бобомизнинг улуғ ўзбек шоири ва мутафаккир эканлигига заррача шубҳа туғдириши мумкин эмас, албатта.

Тарихий шахс ёки оддий кишининг қайси халққа мансублигини белгилашда унинг туғилган жойига ҳам тарихийлик нуқтаи назаридан ёндашмоқ зарур. Бизким, ўзбеклар азалдан яшаб келган ҳудудлар билан ёки бўлмаса халқимиз томонидан ўтмишда тузилган давлатларнинг ҳудудлари билан бугунги давлатимиз ҳудуди ўртасида фарқ борки, бу ҳам тарих тақозосидир. Халқимизга мансуб тарихий шахслар ва оддий кишиларни белгилаш ва аниқлашда ана шу ҳудудий фарқни ҳам эътибордан соқит қилмаслик лозим. Айниқса, бу нарса-ни ёдда тутиш бизким, ўзбекларга шунинг учун ҳам зарурки, халқимизнинг олтмиш фоизи мамлакатимизда, қолган қирқ фоизи асосан қўшни, айни пайтда ёш давлатларнинг бизга туташ ва чегарадош вилоятларида азалдан яшаб келмоқдалар, улар бу вилоятларни ўзларининг ҳам тарихий, ҳам асл ватанлари деб биладилар.

Энди яна Аҳмад Фарғонийга қайтамиз. Бу буюк аждодимиз яратган Нил дарёси суви сатҳининг кўтарилиш ва пасайиш даражасини ўлчайдиган асбоб «Миқёс ул-жадид» ва бу асбоб билан бошқариладиган сув иншооти мана орадан 11 ярим асрча вақт ўтибдики, ҳамон ҳаммани қойил қолдириб келмоқда, бугунги кунда Миср Араб Республикасига қадам ранжида қилган узоқ-яқиндан борган сайёҳларни ҳам таажжубга солмоқда. Ваҳоланки, бундай қурилма ва иншоотлар азалдан суғорма деҳқончилик маданияти равнақ топган Туркистон мамлакатида, жумладан, Фарғона водийсида одатдаги оддий нарсалар эди. Масалан, физика фанидаги туташ идишлардаги сув сатҳлари то тенг даражаларга етгунча кўтарилади ё пасаяди, деган қоидага биноан қурилган суғориш иншоотлари – «қайнаса» ва «кўтарма»лар қадим Шош мулкида ҳам қарийб 3 минг йилдан бери мавжуд, ҳозир ҳам айрим «қайнама»лар Тошкентнинг эски шаҳар қисмида сақланиб келмоқда. Аҳмад Фарғоний, қуш уясида кўрганини қилади, деганларидек, ўз юртида кўрган-билганларини хорижда янада бойитиб, катта кўламда ҳаётга татбиқ этган.

«Қуш уясида кўрганини қилади», «Тарки одат амримаҳол» деган халқ мақоллари чиндан-да ҳикматлидир. Киши тақдир тақозосига кўра қаерда яшамасин, ўзга бирор тилда сўзласин ёки ёзмасин, барибир ўзи мансуб бўлган халқнинг тутумини тутаверади, томирларида оқаётган аждодлари қони шунга табиий равишда олиб боради. Абу Наср Форобий буюк фалсафий асарлар яратиши билан баробар қадимий ўтроқ халқнинг бир вакили сифатида, боғ-роғларга бурканган, оқар сувга маъмур шаҳарда униб-ўсган бир инсон сифатида «Қуш уясида кўрганини қилади», «Тарки одат амримаҳол» деганимиздек, ўз юртидан жуда олий ерда – Дамашқ шаҳрида сўлим бир боғ яратади. Шу далилнинг ўзиёқ бу буюк аждодимизнинг кимлигини айтиб турибди.

Ёки бўлмаса, Абу Райҳон Беруний бобомизни олиб кўрайлик. Бу буюк аждодимизнинг илмий тафаккури шу дара-жада кенг кўламли ва теранки, унинг асарларини илм океанидаги бир денгизга қиёс этиш мумкин. У шунчалик билимдон ва ватанпарварки, ҳатто Самарқанд шаҳрининг ёшига тегишли маълумотни ҳам ёзиб кетган. Беруний 27 ёшида ёзиб тугатган улкан тарихий асар – «Осор ул-боқия» («Ўтмиш халқлардан қолган ёдгорликлар») китобида келтирилишича, Самарқанд Искандар Мақдуний (Александр Македонский) Турон мамлакатига келишидан 1500 йилча аввал ҳам шаҳар сифатида мавжуд бўлган. Искандарнинг милодий санадан аввалги III асрда юртимизга келганини ҳисобга олсак, Самарқанднинг шаҳар сифатидаги асл ёши камида 3800 йил бўлиб чиқади. Бу фикрни она тупроғимизнинг ўзи – Самарқанддаги маданий қатлам исботлаб бораётир. Қадимшуносларимизнинг аниқлашича, бу ерда маданий қатлам 35 метргача етиб қолади. Маълумки, Ер юзидаги турли ўлкаларда инсон онгли фаолияти ва меҳнатининг аввалги ҳосиласи, самараси, кейинги натижаси бўлмиш маданий қатламнинг қалинлиги турлича бўлиб, баъзи жойларда бу атиги бир неча сантиметрдан ошмайди ҳам ҳатто. Самарқанддаги маданий қатлам қалинлиги эса 35 метр!

Энди Беруний ҳақида юқорида айтилганларнинг талқини ва таҳлилига ўтамиз. Беруний «Осор ал-боқия» асарини 27 ёшида ёзиб тугатган, дея эътиборингизни ушбу асар ёзилганида муаллифнинг навқирон йигит ёшида эканига қаратган эдик. Муаллиф мабодо бундан бошқа асар яратмаганида ҳам шу китоби учуноқ қомусий олим сифатида номи тарих зарварақларида олтин ҳарфлар билан ёзилиб қолаверарди. «Осор ал-боқия» чиндан-да тарихий ўтмишимизга, аждодларимиз тарихига, умуман, давлатчилик, хусусан миллий давлатчилигимиз тарихига доир кенг қамровли, теран ва мантиқан асосланган фикр-мушоҳадаларга жуда бой муҳим ва нодир манбалардан биридир. Беруний бу асарини ёзиб тугатган даврда асосан она юрти Хоразмда яшаб, шу ерда таълим олиб, билимини мадрасаларда ва хоразмшоҳлар саройидаги кутубхоналарда сақланаётган китобларни мустақил мутолаа қилиш орқали, ишончли кекса юртдошлари билан ўтказган суҳбатлари орқали ўз билимини бойитган эди. Ана шулар асосида «Осор ал-боқия»ни ёзади. Бу билан айтмоқчимизки, ўша кутубхоналарда Турон – Туркистон тарихига оид, жумладан, миллий давлатчилигимиз тарихига доир китоблар ҳам мавжуд эди. Хоразм юрти обод ўлка эди, Хоразм эли маърифатли халқ эди. Маърифатли элда маънавият ҳам бўлиши табиийдир. Беруний бобомиз маърифатли, маънавиятли элнинг бир зиёли фарзанди бўлиб, маърифат масканининг бир даҳо сиймоси бўлиб камолотга эришган эди.

Тарихдан маълумки, ХI асрнинг бошларида Туркистонда асосий сиёсий марказ Ғазна шаҳрига кўчади. Бу воқеа шундай юз беради. Сирдарёнинг сувини ичиб, Шош мулкида унибўсган, оддий аскарликдан лашкарбошиликкача бўлган шонли ҳарбий йўлни босиб ўтган Алптегин 962 йили янги давлатга асос солади ва ҳозирги Афғонистоннинг шимоли-шарқий қисмида, Ғазна дарёси бўйидаги Ғазна шаҳрини ўзига пойтахт қилиб олади. Пойтахт номи сулола номига, давлат номига асос бўлади. Пойтахт номи билан давлатнинг аталиши, умуман, туркий тилли халқлар учун, хусусан, ўзбек давлатчилиги учун удумлардан биридир. Масалан, бу ўринда татар қардошларимизнинг Булғор хонлиги, Қозон хонлигини, уйғур қардошларимизнинг Ёркент хонлигини, бизким, ўзбекларнинг Хива хонлиги, Қўқон хонлиги, Балх хонлиги, Бухоро амирлиги каби давлатларини эслаб ўтиш мумкин.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации