Электронная библиотека » Абдукарим Усмонхужаев » » онлайн чтение - страница 4

Текст книги "Энг яхши даво"


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 22:00


Автор книги: Абдукарим Усмонхужаев


Жанр: О бизнесе популярно, Бизнес-Книги


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 4 (всего у книги 10 страниц)

Шрифт:
- 100% +

ҲАР ФАСЛНИНГ ЎЗ ХИСЛАТИ БОР

Деярли ҳамма одамларда ҳаяжонли тушкунлик асосан куз фаслида рўй беради. Биологларнинг кузатишларича, бир йилда бир марта фақат одамлар эмас, балки мушуклар, итлар ва маймунлар ҳам мавсумий сиқилишга дучор бўлар эканлар. Хазон мавсумида маъюсликка тушиш ҳамма жонли мавжудотга хос экан. Алишер Навоий баҳорги уйғонишни, Пушкин куздаги маъюсликни яхши кўрган.

Йилнинг совуқ фаслида ҳар беш одамнинг 2 таси мавсумий руҳий азобланишнинг яширин турларидан изтироб чекар экан. Эркакларга нисбатан аёллар тўрт баравар кўпроқ сиқилишар эканлар.

Кузги сиқилишнинг сабаблари: кундузги ёруғлик қисқа бўлганлиги сабабли бош мия вужуднинг биологик маромларини тартибга солувчи ва ҳис-туйғусига таъсир этувчи мелатонин моддасини етарлича ишлаб чиқаришга улгурмайди. Ҳолбуки одамнинг меҳнат қобилияти, чидамлилиги, уйқу, кайфият ва саломатлик мелатонин таъсирига боғлиқ бўлади.

Мавсумий руҳий азобланишнинг аломатлари ҳеч бир сабабсиз пайдо бўладиган ғамгинлик, кайфият тушкунлиги, доимий чарчоқ ҳисси, иш қобилиятининг пасайиши, уйқу босиши, иштаҳа очилиши, вазннинг ошиши кабилардан иборатдир. Кўпчилик бош, бўйин, бел, қорин, кўкрак қафаси, оёқ-қўлларидаги оғриқдан шикоят қиладилар. Кайфиятни яхшилаш, саломатликни тиклаш учун баҳор келишини кутиш шарт эмас.

Олтин рангга кирган дарахтларга боқинг, майсалар, гуллар ва дарахтлар кўп жойларда сайр қилинг. Ўтлар ва гулларнинг рангларига кўз ташланг. Оёқ остида хазонларни шитирлатиб юришнинг ҳам ўзгача бир гашти бор.

Электр чироқларини ёқиб қўйинг. Уй қанчалик ёруғ бўлса, кайфият ҳам шунчалик чароғон бўлади.

Эрталаб туриб, бадантарбия қилинг. У ҳам кайфиятни, ҳам иш қобилиятини яхшилайди. Тана кучга тўлгач, асабий тарангликларни чақирувчи адреналин ва норадреналин гормонлари парчаланди.

Уйда ҳам, ишхонада ҳам ўзингизга ёқадиган бирор машғулот билан банд бўлинг. Мавсумий тушкунликка мойиллик—ташқи оламдан маълумот қабул қилувчи мия соҳаларининг ҳаддан зиёд фаоллашуви сабабли келиб чиқишини олимлар исботлаганлар. Шу маълумотларга жавоб бериш ва қарорлар қабул қилишга масъул бўлган минтақанинг фаолияти бу вақтда анча секинлашади. Ана шу англашилмовчилик туфайли «қабул қилиш – фаолият кўрсатиш»нинг мўътадил даври бузилади. Ташқарига чиқариб юборилмаган ҳистуйғулар эса руҳиятни эзади ва тушкунликка олиб келади. Булардан қутулиш учун қариндош-уруғларникига меҳмондорчиликка, театрга, боғларга боринг, уйларни тозалаб, таъмирланг. Кўнглингизга келган ҳамма ишни қилинг, фақат ўз ёғингизда қовурилиб ётманг!

Қад-қоматингизни расо қилишга ҳавасланиб, куз ва қиш фаслида ҳеч қачон парҳезга ўтирманг. Калорияси кам овқатлардан ҳам воз кечинг. Карбонсувлар етишмаслиги, лаззатли таомлардан ўзини тиявериш, шундоқ ҳам тушкунликка тушган кайфиятни баттар тушириб юборади. Хурсандчиликдан маҳрум қилади. Сабзавот ва мевалардан ҳар доимгидан кўра кўпроқ тановул қилинг.

Руҳий азобланишдан қутулишнинг энг яхши йўли дўстлар билан суҳбатлашиш бўлади. Ёқтирган одам билан бирпас дийдорлашиш ҳар қандай дори-дармондан ҳам кучлироқ таъсир қилади.

 
Жаҳоннинг шодлиги йиғилса бутун,
Дўстлар дийдоридан бўлолмас устун, —
 

деганда Рудакий минг маротаба ҳақ бўлган.

Ўзингиз ёқтирган атирларни сепиб сайр қилиш ҳам хуш ёқади. Ҳар хил гиёҳлар аралашмасидан чой дамлаб ичинг. Ванна қабул қилинг, ходими қилинг. Айниқса тунги уйқуни яхшилашга эътибор беринг. «Уйқу—бу ҳаётдан дам олишдир», деган эди француз драматурги Пьер Декурсел. Ҳаётнинг «ҳазили»ни қарангки, кишида оғир кайфият пайдо бўлса, унинг асаблари чарчаб, айни дам олишга, уйқуга эҳтиёж сезса, уйқу уни тарк этади. Уйқу йўқлиги сабабли хотира ёмонлашади, асаб бузилади, жиззакилик ва руҳий азобланиш янада кучаяди.

Айрим руҳшунослар саломатликни сақлаш, руҳий азобланишдан қутулиш учун уйда ит сақлашни маслаҳат берадилар. Биров мушукни ёқтиради, биров бошқа жониворни. Ўзи суйган жонивор билан машғул бўлиш, уни сайр қилдириб келиш ҳам асабни тинчитади, ғамгин хаёллардан чалғитади. Уйда жонивор борлиги сабабли кўп хасталиклардан халос бўлган одамларни эшитганмиз.

Кундузги уйқу соғлом одамларга бардамлик бахш этади. Уйқусизликдан қийналганларга қизиқарли китоблар ўқишни, яхши мусиқа тинглашни тавсия этамиз. Уйқу олдидан фақат яхши ва ёқимли нарсаларни эслашга ҳаракат қилинг.

Ухлашда ўрин-тўшакнинг ҳам аҳамияти катта. Чойшаблар фақат табиий матолардан бўлсин. Уйқу олдидан яхши ухлашга таъсир қиладиган аметистли узук тақиб ётинг. Тишларни тозалаб, таҳорат олиб ўринга киринг. Ёки бир пиёла қатиқ ёки илиқ сут ичинг. Ўрганиб қолган бўлсангиз, енгил овқатланиб олсангиз ҳам бўлади.

Ётоқхонага телевизор қўйманг. Гуллар ҳам кечаси ётоқхонада қолиб кетмасин. Узоқ вақт ухлай олмасангиз, ўзингизни мажбур қилиб ётаверманг. Ўрнингиздан туриб, бирор иш билан машғул бўлинг. Уйқуни келтирадиган, ҳаяжонга солмайдиган китоблар ўқинг. Бирор нарсага кўз узмай узоқ вақт қараб ўтиринг. Кўзларингиз юмилиб қолгунича қараб тураверинг. Шунда ҳам уйқу келмаса, кўрпани очиб ташланг, бир оз совуқда ётинг, кейин кўрпага ўралиб, иссиққина жойда уйқуга кетинг.

Касалликнинг маккорлиги. Кўпчиликни бирсавол қизиқтиради: касаллик бизни ўзи танлайдими ёки биз касалликни танлаймизми? Нима учун кимдир юрак касаллигига учрайди, кимдир меъда касаллигига?

Ҳамма касалликлар одамнинг ички ҳис-туйғуларига боғлиқ бўлади. Инсоннинг тафаккури, ҳиссиётлари ва қиладиган ишлари вегетатив асаб системаси орқали ўз ички аъзоларининг фаолияти ва тана саломатлигига таъсир кўрсатади. Одамзод хоҳлаган, кўнглига келган қилиқларни қилиши мумкин. Аммо унинг ўз-ўзини сақлаш ва ўз-ўзини бузишга йўналтирилган фаолиятининг физиологик асоратлари бир куни албатта унинг саломатлигига ўз таъсирини кўрсатади.

Ҳар бир касаллик ўзи билан бирга асабий таранглик олиб келади. Ва бу асабий тарангликнинг ўзи ҳар қандай касалликнинг кучайишида иштирок этади. Бундай келиб чиқадиган касалликлар психосоматик касалликлар, деб юритилади.

Олимлар жисмоний касалликка учраган 5 минг киши билан суҳбат ўтказганларида, уларнинг деярли ҳаммаси бошидан кечирган оғир фожеалардан сўнг (умр йўлдошининг вафоти, ажралиш, тураржойини алмаштириш, ишдан бўшаш ёки нафақага чиқишга ўхшаш сабаблар таъсирида) касалликка чалинган эканлар. Шундан кейин олимлар ҳаёт ташвишларини енгиб ўтишдаги омадсизликлар вужуднинг умумий қаршилик кучини пасайтиришига яна бир бор амин бўлдилар.

Баъзида одам феъл-атворининг ўзиёқ унинг саломатлиги қай даражада эканлигини кўрсатиб туради. Доимо ҳамма нарсадан норози бўлиб юрадиган одамларни «заҳари бор одам» дейдилар. Улар доимо жиззакилик қилиб, минғирлаб юрадилар. Уларда ўт пуфаги патологияси юзага келади. Ғазаб ва аччиқланиш одати ўт ажралиши жараёнини бузадиган адреналин ва бошқа биологик фаол моддаларни ишлаб чиқаришга вужудни мажбур қилади. Бу жараён яллиғли ўзгаришлар ва тош пайдо бўлишига олиб келади.

Бир пайтлар, Буқрот каби табиблар ўнг томон қовурғаости оғриғида дастлаб парҳез буюрган бўлсалар, кейинчалик—бутунлай ором олишни, тинч ётишни тайинлаганлар.

Психосоматик тиббиёт асосчиларидан бири Франц Александр касалликларнинг барча ривожланиш тузилмаларини меъданинг қабул қилган маҳсулотларини асаб таранглашиши туфайли ҳазм қилолмай қолганига қиёслаган.

Биз овқатни қабул қиламиз, ҳазм қиламиз, ундаги зарурий моддаларни ўзлаштирамиз ва олинган қувватларни сарфлаймиз. Агар шу аснода бирор нуқтада бузилиш юз берса, унда овқатни ҳазм қилувчи бутун соҳа ишдан чиқади. Бизнинг ҳис-туйғуларимизда ҳам худди шу ҳол юз беради: биз уни қабул қиламиз, ўзлаштирамиз (ҳазм қиламиз) ва узатамиз. «Ҳазм бўлмай қолган ҳис-туйғулар» психосоматик дардларга олиб келади.

Асабий таранглик айнан қанақа дардга «қуйилиши»ни кўриб чиқамиз: америкалик тадқиқотчиларнинг таъкидлашларича, атеросклероз нотўғри овқатланишдан эмас, балки ижтимоий асабий тарангликдан келиб чиқар экан. Бу хулоса тажрибалар орқали тасдиқланган.

Асаб туфайли касалликка чалинганларнинг ҳиссиётли таъсирланишларига қараб, мутахассислар уларни икки тургафаол ва суст турга бўладилар. Ҳар иккала руҳий гуруҳ вакилларининг кўп аломатлари ўхшаш бўлади: уларнинг феълатворлари унча эмас, ҳиссиётли ҳолатлари баланд, асабий таранглик ҳолларида ўзларини бошқаролмай қоладилар.

Фаол тургатаъсирланишлари ташқари томон йўналтирилган одамлар киради. Улар киришимли, ғайратли, ҳаракатчан бўладилар. Агар истаклари йўлида бирор ғов пайдо бўлса, бу одамлар оғзи беркилиб қолган вулқондек «қайнайдилар». Агар бу ҳис-туйғулар, ғанимлик ва рақобат туйғулари айрим сабабларга кўра тўхтатиб қўйилса ёки бостирилса, унда артерия қон томирлар босимининг зўрайиши, аритмия ёки шу каби бошқа юрак-қон томирлари касалликлари, бош оғриғи, бўғимларнинг яллиғланиши, тиреотоксикоз (қалқонсимон без фаолиятининг кучайиши) хасталиклари пайдо бўлади.

Суст турга мансуб одамларнинг таъсирланишлари ички томонга йўналган. Улар ўйчан, одамови, муаммолардан қочишга, ҳамма оғирликларни бошқаларга ортиб қўйишга уринадиган бўладилар. Бунақа одам кескин воқеликка тик қараёлмайди, қийин ҳолларда кимдандир ёрдам кутади, вазиятдан қутулишнинг иложини тополмай, ўзини ўзи еб юраверади. Мағлуб бўлиш ҳолларида у ўзини айбдордек ҳис қилади. Ўзини: «Ҳеч нарсага қодир эмасман, бўшашганман», деб ишонтиради. Ана шунақа ўзини ерга урувчи фикрлари орқали меъданинг шиллиқ қаватини бузувчи хлорид кислотаси секрециясининг кўпайиши орқали ҳақиқий маънода ўзини ўзи «ейди». Оқибати маълум: меъда яраси, меъда яллиғланиши, ичак ва йўғон ичак яллиғланиши синдроми, сурункали ич қотишларга мойиллик ёки ич кетишлари, диққинафаслик ёки гипотоник тур бўйича нейроциркулятор дистония хасталиги юз беради. Бу жараёнда шу одамнинг мижози, куч-қувватлилиги, ирсияти, олган тарбияси, биологик мароми ва бошқа кўпгина омиллар ҳам муҳим ўринда туради.

Асаб бузилиши туфайли келиб чиқадиган касалликларга қарши курашнинг энг асосий қоидаси,аввало, ҳаётни, одамларни қандай бўлса, шундайлигича қабул қилиш, ҳаётни эса ташқаридан кузатиш зарур эмас, балки унинг ичида яшаш, ҳаётнинг ҳар бир дақиқаси, ҳар бир неъматидан фойдалана билиш, ундан роҳатланиш керак, энг оғир вазиятларда ҳам таслим бўлмаслик, ўз кучига қаттиқ ишониш, вазиятдан ўз кучи ва ақли билан чиқиб олишга ишонч билан қараш даркор.

Меҳнатсевар, ҳазилни тушунадиган одамлар асабий тарангликдан кам зарар кўрадилар ва кам касал бўладилар, бошқалардан кўра кўпроқ умр кечирадилар. Табиатан қувноқ одамлар ҳаётда учрайдиган, ҳақиқатан ҳам оғир бўлган дамлардан ҳам эсон-омон чиқиб кетадилар. Оғир-вазмин, кам кулувчи, кам гапирувчи ва кам ҳаракат қилувчилар бундай дамларни оғир кечирадилар.

Ҳар бир инсонга беҳисоб куч-қувват ва ақл-заковат берган табиат ана шу захиранинг юзага чиқишини талаб қилади. Фойдаланилмай қолган куч-қувват ва ақлий имкониятлар учун қасос олади. Бир вақтлар: «Сатанг совуққа қотмайди, фақат қалтирайди», деган бир мақолнамо гап оралаб юрар эди. Бу гап янги чиққан, охирги кўримда кийинадиган ёшларга аталган киноя эди. Ҳар бир фикр ҳазил тариқасида айтилса-да, унинг тагида оз бўлса-да, ҳақиқат ётади.

«Чиройли кийимда шамолламайдилар», деган ибора ҳам бор. Ҳақиқатан ҳам, сал шамоллаш аломатларини сезган заҳоти ўз кўнглини кўтариш йўлларини яхши билган одамлар янги кийимлариними ёки ўзларига ёққан чиройли кийимлариними кийиб театрга ёки меҳмондорчиликка борадилар ёки шунчаки кўчани кезадилар. Касаллик синдроми эсдан ҳам чиқиб кетади.

Тажрибалардан маълум бўлишича, ҳиссиётли кўтаринкилик грипп ва шамоллашдан ҳимоя қилади. Қиш вақтлари ҳамма жойда грипп эпидемияси кенг тарқалганида ҳам почта ташувчилар, спектаклда ва киноларда рол ижро этиши керак бўлган артистлар, учиш олдида турган фазогирлар, диссертация ёқлаш арафасидаги олимлар, умуман, қайноқ меҳнат қучоғида бўлган шахслар шу юқумли касалликка чалинмас эканлар.

Кучли ҳис-туйғуларни бошидан кечираётган одамда, ички буйруққа бўйсунган ҳолда, ички секреция аъзолари биологик фаол моддалар ишлаб чиқара бошлайди. Уларнинг ишлаб чиқарилаётган миқдори юқумлилик жараёни ривожланишининг олдини оладиган даражада бўлади. Бизнинг ички мувозанатни тикловчи қувватимизнинг имкониятлари шу қадар буюкки, биз фақат уларни яхши ўрганиб олиб, оғир вазиятларда ана шу ички захираларимиздан фойдалана олсак бўлгани.

Бажарадиган вазифалари, қатнашадиган тўгараклари бошқаларникидан кўпроқ бўлган ўқувчилар ва талабалар ҳам шамоллаш балосига йўлиқмайдилар. Доимий ҳаракатда, изланишда ва фаолиятда бўлган одамларнинг кам касалланишлари, бунақа ҳаёт ҳар қандай ёшдаги одам учун энг яхши дори-дармон эканлигини минг йил муқаддам аллома Абу Али ибн Сино айтиб ўтган эди.

Доим бир хил иш қиладиган, ҳаракати ҳам чегараланган, жамоатчиликдан ўзини четга тортадиганлар касалликларга кўпроқ дучор бўлар ва бошқалардан кўра секин тузалар эканлар. Уйда кўп ёлғиз қоладиган ва мактабдан бошқа ҳеч қаерга бормайдиган болалар ҳам кўп касал бўлар эканлар. Ҳолбуки яқин кунларгача, кўпчилик ичида юрадиган, тўгарак ва машғулотларга борадиган болалар касалликни кўпроқ юқтирадилар, деган тушунча мавжуд эди. Энди эса аксинча, кўпчилик ичида кўп юрадиган болаларда ижобий ҳис-туйғу ҳимояси ҳам кучли бўлиб, улар вирусли инфекцияга қарши кураша олар эканлар.

Руҳшуносларнинг фикрича, ҳар бир шахс ўзининг севган машғулоти билан шуғулланиш даврида оладиган қувончи ва завқи иммунитет тизимини энг кучли рағбатлантирувчи бўлиб хизмат қилар экан.

Ота-она назоратидан четда ва ўз ихтиёри ўзига бериб қўйилган болалар қандай қилиб бўлмасин, уларнинг диққатини бирор нарса билан ўзига қаратишни истайди. Уларнинг диққатини жалб қилишнинг ҳеч бир иложини топмаса, «касал бўлади». Аммо унинг «касаллиги» ёлғондакам деб ўйламанг. Вужуднинг ҳимоя кучлари шу одамнинг руҳий кайфиятига жуда сезгир бўлади. Яъни, одам кўнгли нимани истаса, вужуднинг ҳимоя кучлари шуни «бажаради». Вужуд қанақа аломатларни истаса (юқори ҳарорат, иштаҳа йўқлиги, заифлик ва бошқалар)шу рўёбга чиқади.

Шамоллаб қолган боласига диққатини энди жалб қилган ота-она уни дарҳол ҳамма машғулотлардан озод қилади, кўчага чиқармайди, ўртоқлари билан ўйнашга рухсат бермайди, овқатни кўпроқ ейишга мажбур қилаверади. Аммо вазият бу билан ҳал бўлмайди. Бола бари бир узоқ вақт касалдан чиқмайди. Дори-дармонлар, уни кўрпага ўраб ётқизишлар унча ёрдам бермайди. Аксинча, шундай вақтда болага вазифани кўпроқ бериш, мураккаброқ ишларни қилишни топшириш керак. Унинг энг қизиққан мавзуси бўйича китобларни ўқитиб, шу асарларни биргаликда муҳокама қилиш ҳам бирмунча фойда беради.

Машҳур серб ёзувчиси Бронислав Нушичнинг «Менинг таржимаи ҳолим» деб номланган китобида шундай бир вазият ҳақида гап кетади. «Қиш кунларидан бирида мен жуда қаттиқ шамоллаб қолдим. Ота-онам қилмаган амаллари қолмади. Аммо менинг аҳволим кундан-кунга ёмонлаша борди. Мактабдан мени ўқитишга келган муаллим шу куни ўзим жуда ёмон кўрган вазифани: серб тили грамматикасидаги еттита турланишни эртагача ёдлаб қўйишимни топширди. Бутун дунё тилида фақат олтита турланиш бор. Шундай буюк олмон халқи эса фақат тўрттагина турланиш билан ҳам бир-бирини яхши тушунар экан, бизнинг ўзи жуда ҳам кичик бўлган мамлакатимиз аҳолиси еттита турланишсиз бир-бирини тушунмайдими? Мен кўрпа остига бурканиб олиб, турланишни ёдлашга киришдим. Шундай чалкашиб кетдимки, шундай қийналиб кетдимки, бутун танам жиққа терлаб кетди. Худди сувга тушиб кетган мушукнинг ўзи бўлдим-қўйдим. Турланишни-ку бари бир ёдлай олмадим, аммо шунча кундан буён қанчадан-қанча дорилар ичганда ҳам тузалмаган касаллигимдан ном-нишон қолмади», деб ёзган эди. Бу ҳазилнамо тарзда ёзилган китобдаги фикрларнинг тагида аниқ бир ҳақиқат бор эканлиги энди маълум бўлди. Ҳолбуки, бу китобнинг ёзилганига 100 йилча ўтган.

Эътибор берган бўлсангиз, айрим хорижий фильмларда руҳий таҳлил вақтида мутахассислар ўз мижозларидан ёшлик вақтларидаги ҳар бир дақиқаларнинг майда-чуйда ҳолатларигача сўраб-суриштирадилар. Бу текширувнинг аҳамияти борми?

Ҳа, бор. Психоаналитик шу мижоз умрининг ҳар хил вақтида бўлиб ўтган асабий таранглик вазиятлари ва ҳодисаларни таҳлил қилиш ёрдамида, шу одам касалланишининг туб моҳияти ва муаммоларининг асл сабабини аниқлаб беради.

Бўғимлар ва таянч-ҳаракат тузилмаси касалликлари болани чақалоқлигида қаттиқ йўргаклаб қўйиш, уни ҳаракат қилишга кеч ўргатиш ва тиниб-тинчимас болаларга ортиқча типирчилашни тақиқлашдан келиб чиқадиган «мукофот»дир. Бунақа одамлар ҳамма нарсани қилишни истайдилар, аммо уларнинг ҳаракатлари чекланган. Улар ҳамма аламларини ичга ютадилар ва диққат маркази томон камроқ интиладилар.

Диққинафаслик кўз ёши тўкиш, йиғи импульсини босиш асоратидан келиб чиқади. Бола ўз истагини ҳаммага билдиришни истайди, бақириб йиғлагиси келади, аммо уни йиғлагани қўймайдилар. Бунақа болалар улғайганда, одамлар билан муносабатда бўлганларида низолар келиб чиқади, яқин одамлари билан келишолмайдилар.

Тери касалликлари асаб бузилишлари туфайли пайдо бўлиб, унинг пойдевори асосан болаликда қўйилади. Бола туғилганидан то вояга етгунича она билан бўлгиси, унинг бағрида эркаланиб ётгиси келади. Аммо онанинг вақти йўқ, ишлаши керак, рўзғор ташвишлари туфайли боласи билан ўралашиб ўтиришга имкон тополмайди. Бола эсини танибтанимай боғчага берилади, энагаларга топширилади. Бу бола бутун умри давомида ўзини хўрланган ҳис қилади.

Вазомотор ринит ва сурункали аллергик-тумов (бурун битиши)га учраганлар ўзига ёқмайдиган одамлар ва вазиятдан қутулишни истайди. Асабий таранглик ёки ҳиссиётли можаролар вақтида бу тумов янада кучаяди.

Шу асабий тарангликлар саратон касаллигига олиб келадими?

Шунақа хавф ҳақиқатан ҳам мавжуд. Асаб тарангликлари эркин радикаллар—ҳужайра мембраналарига шикаст етказувчи ва онкологик ўзгаришларни келтириб чиқарувчи ўсмаларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Шунингдек, саратон шишлари (ўсмалари)нинг ўсиши ва тез ривожланишига сабаб бўлади.

Бу балодан халос бўлиш ва уни тўхтатиш учун, аввало, шу асабий таранглик омилини аниқлаш, уни бартараф қилиш, кейин овқат таркибига антиоксидантлар – С, Е, А дармондорилари ва бета-каротин, селен қўшиш керак. Селен, кимёвий унсур сифатида буйрак, жигар, шиллиққуртлар, қисқичбақалар ва бошқа денгиз жониворлари танасида кўп. Бундан ташқари, яна алоҳида бир фермент – коэнзим Q 10 ҳам керак. Унинг манбаи балиқ, ёнғоқлар, ёғсиз гўшт ва ўсимлик мойи саналади.

Ичак таъсирланиши (бузилиши) синдроми Рим шаҳрида доимий равишда йиғилишлар ўтказиб турувчи Халқаро экспертларнинг таъкидлашларича, Ер юзидаги ҳар бир инсонда мавжуд. У баъзан ошкор ва баъзан мавҳум бўлади, аммо ҳаммада ҳам бор. Бировлар ҳатто бу масалада ҳаким билан ҳам маслаҳатлашишга уялишади.

1982 йилда инглиз ҳакими Уилям Ослер асаби бузуқ ва жуда таъсирчан бўлган одамларда учрайдиган ичак шамоллаши—шиллиқли колитнинг аломатларини тасвирлаб берди. Унинг ривожланишида ичакларнинг иш маромини тартибга солиб турувчи энтерин асаб системасининг бузилишлари асосий ўрин тутар экан. Асабий таранглик, руҳий азобланиш, ичак ва респираторли-вирусли инфекциялар, қорин бўшлиғи аъзолари касалликлари—меъда, ўт халтасининг яллиғланиши ва кичик тос аъзолари хасталиклари (простатит, цистит) нотўғри, тартибсиз овқатланиш ва бошқа шу каби кўплаб омиллар оқибатида келиб чиқади.

ДАРДНИ УРУҒЛАР ТОРТАДИ

Қадимги одамлар дунё яратилганидан бери жониворлар, қушлар ва балиқ гўштларини истеъмол қилганлар. Кейинчалик ўт-ўланларни пишириб ейишга одатланганлар. Бу тамаддилар жараёнида шу ўт-ўланларнинг уруғларидаги шифобахш хусусиятларни билиб олганлар.

Маълумки, ҳар бир уруғдан янги куртак, янги ҳаёт униб чиқади. Ана шу янги ҳаёт манбаида жуда улкан қувват захираси йиғилгандир.

Ўтган аждодларимиз ўсимлик уруғларидан фақат ўз вужудларини зарурий озиқ моддалари, ҳаётий қувват билан таъминлаш мақсадида фойдаланиб қолмаганлар. Уларга уруғларнинг шифобахш хусусиятлари ҳам маълум бўлган. Улар касалликларни даволашда ўсимлик ва дарахтларнинг уруғларини ҳам ишлатганлар.

Беҳи уруғлари нафас йўлларининг яллиғланиши ва диққинафасликда қайнатиб ичилади.

Арпабодиён уруғлари қайнатмаси ҳиқилдоқнинг яллиғланиши ва овоз йўқолганида ичилади. Бу қайнатма терини ҳам тозалайди. Арпабодиён уруғлари пешоб ҳайдовчи гиёҳларга қўшилади, метеоризм ва ичак атонияси (бўшашуви)-да яхши фойда қилади.

Кўк бўтакўзнинг туйилган уруғлари сўгални қуритади. Кўкнори уруғини еган одам яхши ухлайди.

Зиғир уруғини қайнатиб, ичакларни бўшаштирувчи ва ички шишларни йўқотувчи дори сифатида ичилади. Сабзининг уруғини туйиб, овқатдан олдин истеъмол қилганда, у жигар, буйрак ва ўт пуфагидаги тош, қумларни ҳайдайди.

Сули донлари худди арпа уруғи каби, йўталда, ўпка яллиғланишида, қариликда кучдан қолишда қувват берувчи восита ҳисобланади. Сули ва арпа донлари қайнатмаси оғир жарроҳиларни бошидан кечирган ва оғир касаллик оқибатида кучсизланиб қолган беморларни қувватга киргизади. Улар буйрак касалликлари, меъда-ичак хасталикларида ҳам фойда беради. Сули ва арпа донлари қайнатмалари урологик касалликлар (қовуқнинг яллиғланиши, уретрит, пешоб йўлларида тош йиғилиши, жигар касалликлари), шишда ҳам қўлланилади. Урологик касалликларда яна кашнич уруғлари ҳам қайнатиб ичилади. Улар бу касалликларга спазмолитик таъсир кўрсатиб, пешоб ҳайдайди.

Зубтурум (баргизуб) уруғи қайнатилиб, овқат ҳазм қилиш жараёнининг бузилиши, меъда оғриқлари, қуланж (колит), ич қотишида ичилади. Зубтурумнинг бутун ёки туйилган уруғлари сурункали ич кетишида ҳам ичилади.

Зира уруғи қайнатма сифатида диққинафаслик, ўпка яллиғланиши, сурункали ўткир яллиғланишда ичилади. Бу қайнатма иштаҳа очади, метеоризмни бартараф қилади.

Қовоқ уруғлари тасмасимон гижжаларни ҳайдайди.

Шивит (укроп) уруғи кўп дардларга даво бўлади. Овқат ҳазм қилиш жараёнининг бузилиши, меъда ва ичак оғриқларида, ҳиқичоқ тутишида унинг уруғи қайнатиб ичилади. У овқат ҳазмини яхшилайди, йўтални камайтиради, ҳар қандай ёшдаги одамларда пешоб тутолмасликни қолдиради, ўт-тош касаллигига даво бўлади, бола эмизадиган аёлларнинг сутини кўпайтиради. Сабзи шарбати билан шивит уруғи аралаштириб ичилса, шабкўрликка даво бўлади.

Ловия атеросклероз, юрак уриши мароми бузилишида фойда қилади. У яна қонда қанд миқдорини ҳам пасайтиради.

Наъматак (итбурун) дамламаси (уруғи дамламаси)дан шифобахш ёғ олинади. Бу ёғ ташқи томондан ишлатилганда самара беради. Ундан трофик яралар, ётоқ яралар, тўғри ичак шилинишлари, бола эмизадиган аёлларда кўкрак учи ёрилишларини тузатишда фойдаланадилар.

Арпа дамламаси нафас йўллари яллиғланиши, узоқ давом этадиган йўталларни қолдириш учун ичилади.

Уруғларнинг шифобахш хусусиятлари битмас-туганмасдир. Кейинги вақтларда қадимги хитой услубига асосланган илм—уруғлардан айрим аъзоларга қувват бериш мақсадида фойдаланиш кенг қулоч ёймоқда.

Бизнинг асримиздан анча олдин олами суғро ва олами кубродаги қувват масалаларига катта аҳамият берганлар.

Қадимги Хитойда асосий қувватни таркиб топтирувчи бешта илк (асосий) унсур: дарахт, олов, ер, маъдан ва сув қонуниятлари кашф этилди. Бу дастлабки (асос) бўлган беш унсурга табиат ҳодисалари, озиқ-овқат турлари, ҳистуйғулар, одам танаси аъзолари, ранглар ва шу кабилар мос келарди. Кейинчалик олтита қувват тизими ишлаб чиқилди, буларга шамол, иссиқлик, ўта иссиқлик, намлик, қуруқлик ва совуқлик кирган. Ҳамма ҳолатлар, шу жумладан, касалликлар ҳам олти қувватга бўлинганди. Уларга маълум бир ички аъзолар, касалликларнинг умумлаштирилган шакллари, яъни аломатлари тўғри келарди.

Шамол қувватига жигар ва ўт пуфаги мос тушган. Шамол касалликлари аломатларига йўтал, тумов, қичишиш, дудуқлик кирган.

Иссиқлик қувватига юрак ва ингичка ичак (аломатлари—ўпка касалликлари, ўткир бўлмаган ҳар қандай яллиғланишлар) мос тушган.

Ўта иссиқлик (қайноқлик) қувватига асаб тизими, бош ва орқа мия (аломатлари—ўткир яллиғланиш касалликлари, юқори ҳарорат) мос.

Намлик (ҳўллик) қувватига меъда ва талоқ (аломатлари—шишлар, хавфсиз ўсмалар, зардобли шишлар, сариқ сувли ўсмалар, мушаклар шиши, простата безининг яллиғланиши) мос келади.

Қуруқлик қувватигаўпка ва йўғон ичак (аломатлариқуришиб, шалвираб қолиш, томирлар тортишиши) мос тушган.

Совуқлик (ҳўллик) қувватига буйраклар ва сийдик пуфаги (аломатлари—камқонлик, атония (мушак ва тўқималарнинг бўшашиб қолиши), тошлар пайдо бўлиши ва тишларнинг бузилиши) мос.

Қувват услуби. Инсон танасининг қисмларига турли ички аъзоларнинг тасвирлари мувофиқ нуқталари тизимлари билан бевосита бирлашиб кетади. Бу тизимлардан бири Жанубий Қуриялик профессор Пак Чжэ Ву томонидан ишлаб чиқилган. У бизнинг оёқ-қўлларимизда маълум бир ички аъзоларга мос келадиган алоҳида ҳудудлар ва нуқталарни аниқлади. Тананинг энг ҳаракатчан, фаол ва етиш осон бўлган қўл-оёқ панжалари муолажавий таъсирларга энг қулай аъзо, деб ҳисобланади. Бу аъзолар доимий равишда меҳнат фаолияти ва ҳаракат жараёнида жадал тарзда табиий рағбатлантириб турилади.

1-расмда ички аъзоларнинг қўл панжаларидаги мувофиқ нуқталарининг тасвирий ҳудуди кўрсатилган. Ўнг қўл кафтида юрак, чап ва ўнг ўпка ҳудуди тасвирини кўриб турибмиз. Чап қўл кафтида эса жигар, йўғон ичак, меъда ости бези, ўт пуфаги ҳудуди тасвирлари жойлашган.

Инсон танасининг ички тузилишини акс эттирувчи кўзгу қўл панжалари ҳисобланади. Юқоридаги тирноқли бўғин бошга мос келади, пастдаги, кафтга яқинроғи қорин бўшлиғини акс эттиради. Шунга қараб хулоса чиқарадиган бўлсак, кафтнинг ички томонидаги ҳар қандай бармоқнинг юқори бўғинида «юзимиз», яъни афтимиз акс этади, деб ишонамиз. Ўрта бармоқларда—юрак, ўнг ва чап ўпка, пастроғида меъда ва сийдик пуфаги ўрин олган (1—2-расмлар).


1-расм. Қўл кафтлари


Кафтимизнинг ташқи томонидан қайси бир бармоғимизни кузатмайлик, биз ўз аксимизни ойнада орқа томонимиздан кузатаётгандай бўламиз. Бунақа ҳолатда тирноқ ости соҳаси умуртқа поғонасининг бўйин қисмига тўғри келади, бармоқнинг ўрта бўғини кўкрак қисмига, пастки соҳаси эса умуртқа поғонасининг бел қисми ва буйракларга мос келади (3-расм).


2-расм. Ўрта бармоқнинг ички томони


Чакка соҳаси ва қулоқ супрасига тўғри келувчи мувофиқ нуқталар бармоқлар юқори бўғинининг ёнбош сиртида жойлашган.

Энди бу тизимларни билиб олдик. Аммо уларни амалиётда қандай қўллаш мумкин бўлади?

Агар танамизда бирор хил хасталик аломати пайдо бўлиб қолса, уларни маълум бир аъзо билан боғлаймиз ва қўл кафти ёки бўғинларида ҳудуд тасвирини ёки хасталанган аъзонинг мувофиқ нуқтасини топиб оламиз, уни ташқи томондан таъсир қилиш орқали рағбатлантирамиз. Яъни, шу нуқталарни босиш, ниналар ёрдамида, ходими қилувчи воситалар ёки бошқа рағбатлантирувчилар ёрдамида таъсир кўрсатамиз.


3-расм. Ўрта бармоқнинг ташқи томони


Одатда, бу мувофиқ нуқталарга табиий рағбатлантирувчилар, қисман уруғларни қўйиб қўйиш яхшироқ самара беради. Уруғлардан, асосан узоқ муддатга ёпиштириб қўйиш усули орқали фойдаланилади. Бунда энг муҳими, бизга зарур бўлган мувофиқ нуқтага мос тушишдир. Шу мақсадда ўша касал аъзога мос тушадиган мувофиқ нуқтаси махсус ташхис таёқча, агар у бўлмаса, бирор-бир ўткир асбоб (нина, тикан, тўр тўқийдиган темир таёқчалар, тиш тозалагичлар ёрдамида текширилади. Агар мувофиқ нуқталар тўғри топилган бўлса, ўша нуқта қаттиқроқ босиб кўрилади. Мувофиқ нуқтанинг тўғрилигини шу беморнинг беихтиёр қичқириб юбориши ёки сакраб туриб кетишидан биламиз. Демак уруғларни айнан ана шу мувофиқ нуқта устига ёпиштириб қўйиш талаб қилинади.

Уруғлар олдинига бир бўлак лейкопластирга ёпиштириб чиқилади, сўнг қўл кафти ёки бармоқ бўғимларининг топилган нуқтаси устига ёпиштирилади. Муолажа янада ишончлироқ бўлиши учун биратўла бир нечта лейкопластир тасмасини ёпиштириб қўйиш ҳам мумкин. Бундан ташқари, касал аъзонинг мос келувчи нуқталарига бир неча дона уруғ ёпиштириб қўйишдан ташқари, касал жойнинг ўзига ёпиштириб чиқилса, унда зарурий нуқтани ахтаришнинг ҳожати қолмайди.

Агар уруғларни анча кенгроқ ҳудудга (масалан, юрак тасвирига мос келадиган, жигар, меъда-ичакларнинг қўл кафтида жойлашган жойига) жойлаштирадиган бўлсангиз, унда лейкопластир тасмасига уруғ доналарини занжир тартиби билан эмас, сочма тарзда ёпиштирасиз. Фақат лейкопластир ҳажми ҳамма соҳани ёпиб туришига эътибор берилса, бўлгани.

Умуртқа поғонасига мувофиқ ҳудудга уруғларни қўйишда лейкопластир тасмасидан ўша ҳудудга мос равишда бўлак кесиб олинади, бу йўл бўйлаб уруғлар (яхшиси қорабуғдой дони) жойлаштирилади, улар занжир шаклида бўлиши керак. Кейин зарур жойга ёпиштириб қўйилади. Мабодо шу мақсадда бармоқни танлаган бўлсангиз, унда бу тасмани фақат ўрта ва пастки бўғимга ёки тирноққа тегиздирмай, кафтнинг ташқи сиртидан бошлаб, бармоқнинг бутун узунлиги бўйлаб (бармоқнинг ўрта чизиғига) ёпиштириб чиқилади.

Уруғлар ёрдамида таъсир қилиш бир неча соатдан то бир кеча-кундузгача чўзилиши мумкин.

Умуртқа поғонасини рағбатлаштиришда қорабуғдой жуда фойда қилади. Бунинг учун лейкопластирнинг энсиз узун йўлига бир нечта қорабуғдой дони занжир шаклида ёпиштириб чиқилади. Уни кафтнинг ташқи томонидан, истаган бармоқнинг (яхшиси, шаҳодат ва холис бармоқлар) ўрта ва пастки бўғимига ёпиштириб қўйилади. Кун давомида, ҳар замонда бу донлар устини (лейкопластир устидан) босиб-босиб қўясиз. Бир кеча-кундуздан кейин донларни алмаштириш керак бўлади. Уруғлар устидан қанча тез-тез босилиб турилса, самараси ҳам шунча кучли бўлади.

Уруғларни алмаштириш вақтида эскисига бир назар ташланг. Улар ўз ранги, шакли, тузилишини ўзгартирган, юмшоқ, уваланган, ёрилган, қорайган бўлади, ҳажми ё катталашади ёки кичиклашади. Буларнинг ҳаммаси шу уруғларнинг хаста аъзога қанчалик таъсир кўрсатганлигини билдиради. Дардларни уруғлар ўзига тортиб олган бўлади. Касалликлар Сизга яна қайтиб келмаслиги учун уруғларни ташлаб юборманг, уларни ерга кўмиб қўйинг. Шу хасталик Сиздан кетганми ёки йўқлигини билиш учун, ўзингиз уруғларни ёпиштириб қўйган ҳудудни босиб кўринг. Бу нуқта аввал босиб кўрганингизда оғриган эди. Энди босганингизда шу соҳада оғриқ сезилмаса, демак дардларингиз уруғларга ўтиб кетипти, Сиз улардан қутулибсиз.

Бу муолажада фақат мувофиқ нуқталарни тўғри топиш билан чегараланиб қолмай, балки айнан қанақа уруғлардан муолажа мақсадида фойдаланса бўлади, деган саволга жавоб топиш ҳам керак. Бунда уруғларнинг ранглари асосий ўрин тутади.

Шамол қувватига мос келувчи аломатларда, касал аъзолар тасвири тўғри келган жойга оқ ва жигарранг уруғлар қўйилади (бунга: гуруч, қорабуғдой донлари, олма, нок ва шивит уруғлари киради).

Иссиқлик ва қайноқлик қувватига тўғри келадиган аломатларда қора рангли уруғлар: қора мурч доналари, кўкнори уруғларидан фойдаланилади.

Ҳўллик (намлик) қуввати аломатларида яшил рангли уруғлар керак, буларга: узум уруғи, кашнич ва сабзи уруғи киради.

Совуқлик қуввати аломатларида сариқ ва тўқ сариқ рангли донлар: қовоқ уруғлари, тариқ, сўк (оқланган тариқ) донлари ишлатилади.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации