Текст книги "Энг яхши даво"
Автор книги: Абдукарим Усмонхужаев
Жанр: О бизнесе популярно, Бизнес-Книги
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 7 (всего у книги 10 страниц)
ЎЗИМИЗ ВА ЎЗГАЛАРНИНГ КЎРСАТМАЛАРИНИ ИШГА СОЛАМИЗ
Салбий дастурлар ва хато маслакларнинг ҳам касалликларга олиб келишини бир кўриб чиқайлик.
Маълумки, бизнинг саломатликка бўлган салбий кўрсатмаларимиз, албатта вужудимиз томонидан қабул қилинади. Биз касалликларга қарши қайси усул билан курашмайлик, қандай дори-дармонлар қабул қилмайлик, вужудимиз бари бир бизнинг ўзимиз юборган дастурдаги маълумотларни амалга ошираверади.
Масалан, сизнинг яқинларингиз соғлиғингиз ҳақида қайғурадилар ва сизнинг қиёфангиз ва хатти-ҳаракатларингизда доимий равишда яқинлашиб келиш хавфи бўлган касаллик аломатларини излайдилар. Излаган албатта топади деганларидек, улар доимий равишда сизда аломатлари пайдо бўлаётган хатарли касалликлар ҳақида маълумот бериб турадилар. Улар сизга дарҳол ҳаким кўригидан ўтишни маслаҳат берадилар, табибларга судрайдилар. Агар сиз уларга оз бўлса-да ишонсангиз, унда тамом, ментал хурофот (кинна) сизнинг миянгизга жойлашиб олади. Бу тушунча борган сари қаттиқ ўрнашиб қолади, ён-атрофга томон томир ёза бошлайди ва эртами-кечми ўша айтилган, гумон қилинган касаллик ўзидан хабар бера бошлайди. Дунёни сув босса тўпиғига чиқмайдиган, унча-мунчани писанд қилмайдиган одамларгина бу даҳшатни енгиб ўтишлари мумкин.
Бундан ташқари, энг таъсир қиладигани атрофдагиларнинг бировларнинг саломатлигига бўлган муносабатларидир. Атрофдаги одамлар ҳам ҳар доим яхши фикрларни билдиравермайдилар. Уларнинг гаплари ғашимизга тегади ва биз ўзимиз англамаган ҳолда, шу салбий дастурни ўзлаштириб оламиз. «Ановини қаранглар, ёши бир жойга етиб қолибди-ю, ҳали ҳам худди ёш йигитдек ёки қиздек диркиллаб юради», «Уни қаранглар, бир оёғи ерда, бир оёғи гўрда бўлса ҳам, тиниб-тинчимайди, унинг ёшига етганлар кам қолди» қабилидаги сўзлар қулоққа чалиниб қолади. Аввало, ана шу гапни айтиб юрадиганлар ўз-ўзларини саломатликдан бенасиб этаётган ёки соғлом одамга ҳасад қилаётган бўладилар. Бундай одамлар ўзлари ғийбат қилаётган одамнинг ёшига борганда (агар етиб борсалар), ногирон, оёғини зўрға судраб босадиган ва бутунлай ишдан чиққан одам бўлиб қоладилар. Чунки улар ўз-ўзларига олдиндан дастур тайёрлаб қўйганлар ва бу дастур бехато ишлайди. Уларнинг гапларини эшитган одам ҳам хафа бўлиб, бирор касалликка учраши мумкин.
Кўпинча бефаросат ҳакимлар ҳам беморлар орасида қўрқув ва салбий фикрлар уйғотиб қўядилар. Касалликнинг ҳақиқий сабабларини чуқур таҳлил қилмасдан, улар касалликлар ёки ўлимлар статистикасига қараб иш кўрадилар, яъни «агар шу дорини ўз вақтида ичмасангиз, касалингиз баттар ёмонлашади ёки фалон касаллик ўз вақтида даволанмаса, саратонга айланиб кетади» қабилидаги «ёқимсиз», совуқ маълумотларни бериб борадилар. Оммавий ахбор воситалари фақат ақли пастроқ одамларни четлаб ўтиши мумкин. Эс-ҳуши жойида бўлган одамлар буни жиддий қабул қилиб, ўзлари учун дастур яратадилар ва касал бўлишга тайёрланадилар.
Ундан ташқари, ҳозирги рекламалар ҳам одамни жонидан тўйғазиб юборади. Қизиқарли бирор воқеани ҳаяжонланиб кўраётганингизда, бирданига мавзу ўзгариб кетиши, сиз қабул қилаётган маълумот вақтинча тўхтатиб қўйилиши, оч қолиб овқатланаётганда иштаҳани бўғиб қўйгандек, асабга тегади. Бу ҳам нохуш ҳолатлардан биридир. Ҳатто реклама тугагунча нимани кўраётганингиз эсингиздан ҳам чиқиб кетади ва ундан кейинги ҳодисалар энди унчалик қизиқарли бўлмай қолади. Яна бир гап. Жаҳон ҳакимлари уюшмаси номидан гапираётганликларини пеш қилган тиббий ходимлар ёки бизга яхшигина таниш бўлган артистлар оқ халатларни кийиб олиб, бирор бир касаллик аломати, унинг кечиши ва шу касалликни тузатиш қувватига эга бирор дорини тиқиштириб, у ҳақда батафсил маълумотлар берадилар. Улар таърифлаб берган аломатларга келсак, бу аломатлар кимда йўқ дейсиз.
Ҳолбуки, тирик инсонларда ҳар қандай хасталик аломатлари бордек туюлади.
Касалликка чалинишнинг яна бир хавфли томони танишлардан бирида биронта оғир хасталикнинг кечишини кўриб боришдир. Сиз унга ачинасиз, ёрдам берасиз ва онгсиз равишда шу касалликлар аломатларини худди ўз танангизда ҳис қилаётгандек туйғу пайдо бўлади. Доимо, шу касаллик менда ҳам пайдо бўлиб қолса-я, деган фикр ҳукмронлик қилади. Шу аснода одам ўз ичидан ўзига дастур юборади. Доимо ўзида шу касалликлар аломатини ахтаради. Касаллик аломатларини топгани сари, бунга ишончи янада орта боради. Шу дардга чалиниб қолишдан қўрқиш ҳисси борган сайин кучаяверади ва Сизнинг ички «буюртмангиз»ни бажариш ҳам тезлашаверади. Бу қўрқув ва ҳаяжонларни тўхтатиб қолмасангиз, Сизнинг ички туйғуларингиз шу касалликни юзага чиқариши аниқ.
Касалликлар «буюртма» қилинади. Ички салбий дастурни амалга ошириш касалликнинг ягона манбаи эмас. Унинг манбаи бизнинг ботиний онгимизга бориб тақалади. Касалликнинг навбатдаги манбаи бошимиздаги «қуйқа»нинг тўпланиб қолганлиги сабабли юз беради ва натижада биз ўзимизга касалликни «буюртма» қилиб чақирамиз.
Касалликни ким ҳам чақирарди, дейсизми? Ҳамма. Баъзида касалликлар бизга фақат оғриқ ва бошқа нохушликлар келтириб қолмай, балки айримлар учун фойда манбаи бўлиб ҳам хизмат қилади.
Масалан, баъзан нафақада яшовчилар кўп касал бўладилар. Ҳакимларга бориш улар учун бирдан-бир ҳаракат ва машғулот манбаидир: аввало ҳакимга борадилар, дори-дармон сотиб оладилар, уларнинг қабул тартиби ва қоидасига риоя қиладилар. Ўзларига ўхшаш бошқа беморлар билан мулоқотда бўладилар, ўзлари билмаган кўп янгиликларни эшитадилар, танишлар орттирадилар. Ҳаётлари сал бўлса-да, қизиқарли кечади, уларга қандайдир машғулот топилади.
Ёки яна бир мисол. Аввалида яхши ишлаган ва машҳур бўлган одам ишсиз қолди, дейлик. Спортчилар, артистлар, жамоат арбоби ёки сиёсатчилар шон-шуҳрат осмонида ярқираб, ҳали ёшлари ўтмасидан иш ва машғулотларидан четлашишларига тўғри келади. Доимо омманинг диққат марказида бўлган машҳур кишилар билан учрашиб юрган бундай инсон энди нима қилади? Ҳамма қатори оддий ишга кирсинми? Бунга ғурур йўл қўймайди. Ўз қадр-қимматини йўқотгандек бўлади. Уйда эса сиқилади, ўзини қўярга жой тополмайди. Ва бу инсон касал бўлади, яна шундай касалга учрайдики, уни унча-мунча ҳаким даволай олмайди. Уни аввалига оддий шифохоналарга юборадилар, фойда бўлмагач, махсус шифохоналарда даволайдилар, ундан сўнг имтиёзли жойларга йўллайдилар. Энди бу жойларда уни тиббиёт даҳолари даволайдилар, у яна ҳамманинг диққат марказида, унга алоҳида муомала қиладилар, машҳур ҳакимлар унга эътибор қаратишади. Бу касалликни даволашдаги оғирликлар энди унга малол келмайди, у энди хотиржам. Чунки ўзи шу шароитни истаган эди ва у орзусига эришди. Ўзининг қадрқиммати ҳали ҳам баланд эканлигидан у шод бўлади.
Яна бир сабаб борки, бунинг боиси ҳаммага маълум – биз дам олишимиз керак бўлганида касалланиб қоламиз. Иш тартиби шунчалик тиғизки, дам олишнинг ҳеч иложи йўқ. Ишдан қочиб, бир оз дам олиш мумкиндир. Аммо бошқалар ғайрат билан ишлаётганида мазза қилиб ётишга Сизнинг виждонингиз йўл қўймайди. Сиз ишлайверасиз, ишлайверасиз ва ҳаётий зарур бу югур-югурларни ҳеч тўхтатолмайсиз. Эркин Воҳидов айтганидек:
Фурсатинг етмайди доим,
Ҳеч қачон етган эмас.
Меҳнатинг битмайди доим,
Ҳеч қачон битган эмас.
Дам олишингиз керак, аммо қандай дам олиш мумкин? Ана шунда ички захиралари тамом бўлаёзган, ҳолдан тойган вужуднинг ўзи ғалаён кўтаради ва ички «буюртма» амалга ошади.
Ҳатто шундай вақт ҳам бўладики, касалликни одам ўзи ич-ичидан ялиниб сўраб олгандек туюлади. Бир аёл ўзининг семизлигидан жуда сиқилар эди ва доимо: «О, Худойим, мени ҳам бошқалардек оздирсанг-чи, қайси гуноҳларим учун бунчалик ортиқча этни берасан», деб нола қилар эди. Тез орада, унинг ҳали унча қари бўлмаган онаси вафот этди. Бунга куйган аёл чўп-устихон бўлиб қолди. «Худойим, мен сендан шунақа оздиришни сўраганмидим», деб ҳар куни дод-фарёд солади.
Яна бир киши: «О, Худойим, мен неча йиллардан бери чекишни ташлай олмаяпман, нима қилсанг ҳам мени шу одатдан қутқар, ҳар куни тинмай чекишлар жонимга тегиб кетди-ку»,дерди. Икки-уч кундан кейин унинг ошқозонида яра очилиб қолди ва у ўша заҳоти чекишдан воз кечди. Бу ярани эса у умр бўйи даволатиб юрди. Чекишни ташлаш учун ҳамма нарсага рози бўлганлигидан энди қаттиқ пушаймон чекарди.
Ҳақиқат ойдинлашсин. Одамларнинг хасталикдан қутулишларининг энг дастлабки чораси – бу уларнинг онгитафаккуридир. Яъни, ҳар ким ўз саломатлигига нисбатан қанақа фикрда?
Миямизга сунъий ижобий дастур киритишимиз лозим. Буни амалга ошириш қийин, аммо бу ҳақда ҳар ким ўз фикрига эга бўлиши жуда зарур ҳисобланади.
Аввало, сизнинг соғлиғингиз ҳақида одамлар нима дейишларини бир эслаб кўринг. Бу ҳақда ўзингиз қандай фикрдасиз?
Қуйидаги саволлар сизнинг фикрингизга бир оз мадад бўлади, деган умиддамиз:
– Сиз ўзингиз неча йил яшамоқчисиз?
– Қарилик даври қачон келади?
– Саломатлигингизга ишингиз қанчалик таъсир қилади?
– Ҳаётингизга ўзингизнинг турмуш тарзингиз қандай таъсир қилади?
– Қариндош-уруғларингиз билан муносабатлар соғлиғингизга таъсир қиладими?
– Яшаётган жойингиз соғлиғингизга таъсир қиладими?
– Бутунлай соғлом одам бўлишингиз учун Сизга нима етишмайди?
Ўзингиз учун шу саволларни ёзиб олинг ва уларга тўғри жавоб беринг. Агар соғлом турмуш кечиришингизга бирор нарса халақит бераётган бўлса, дарҳол уни ёзиб қўйинг.
Агар сиз аллақачон руҳан тушкун аҳволда бўлсангиз ва шифони фақат ҳакимлардан кутаётган экансиз, унда ўзингизга: «Ҳеч нарса менга боғлиқ эмас», «Мен мўъжизани кутаяпман, у эса йўқ нарса», «Менинг соғлиғим ҳакимларнинг қўлида», «Яхши ҳакимлик хизмати қиммат туради, менда даволанишга пул етарли эмас», деб ёзиб қўйинг.
Ана шунақа салбий фикрларни ёзиб олиб, ундан қутулишга уриниб кўринг, аниқроғи бу фикрларни ижобийсига алмаштириш яхши натижа беради.
Салбий дастурлардан қутулишнинг энг оддий йўли – тасдиқлаш ёрдамида ўзини ўзи дастурлаш усулидир. Тасдиқлаш, бу ижобий таъкид бўлиб, сизнинг салбий дастурингизнинг маъно томонидан тескариси ҳисобланади.
Тасдиқлаш усулини тузишда икки хил ёндошувга амал қилинади. Биринчи ёндошувда сиз тасдиқлаш ёрдамида бирор-бир масалага нисбатан ўз муносабатингизни ўзгартирасиз, бу билан муайян ҳаётингизда ҳам ўзгаришлар бошланади. Масалан, «Бизнинг оиламиз аъзолари узоқ яшамайди», деган фикрга қарама-қарши бориб, сиз уни «Бизнинг оиламиз аъзолари энди мендан бошлаб, узоқ умр кўрувчилар қаторига кирадилар», деб таъкидлайсиз. Натижада сизнинг вужуд ва руҳингиз янгича дастур қабул қилади ва уни қайта ишлай бошлайди.
Иккинчи ёндошув: сиз ўзингизнинг аввалдан одатланиб қолган бирламчи турмуш тарзингизни ўзгартириш ва авваллари қилмаган ишларни амалга оширишга ундайдиган тасдиқлаш дастурини тузиб чиқасиз. Масалан, «Мен ишлаётган шароитда соғлом бўлишнинг иложи йўқ», деб тасдиқлаш ўрнига: «Менинг ишим жуда қизиқарли, у менинг саломатлигимни мустаҳкамлашга ёрдам беради», деб таъкидлайсиз. Ана шундан кейин сиз ростдан ҳам иш тартибини ўзгартиришни ёки бошқа иш қидиришни бошлайсиз. Балки, сиз бу масалани аввал ўйлаб қўйгандирсиз, аммо амалга оширишни пайсалга солиб келгандирсиз. Энди эса бу тасдиқлаш сиз учун ўзига хос туртки вазифасини ўтаб, янги иш жойи қидиришни бошлашингизни тезлаштиради. Янги иш қидириш орқали балки саломатлигингизни ҳам топиб оларсиз.
Тасдиқлаш дастури тузиб олгандан кейин, уни кўтаринки руҳда минглаб марталаб такрорлаш лозим бўлади. Ана шунда сизнинг вужудингиз бу амрни қабул қилиб олади ва энди сизнинг янги ички дастурингизни амалга оширишга киришади.
Мен соппа-соғман! Кўп одамлар соғлом бўлиш учун жуда кўп вақт ва куч сарфлайдилар. Мабодо саломатлик қўлга киритиладиган бўлиб қолса, нима бўлишини ким ўйлаб кўрдийкин?
Тасаввур қилингки, сиз бирданига тўрт мучаси соппасоғ одамга айланиб қолдингиз. Шунда ҳаётингизда нима ўзгаради? Кейин нима иш қиласиз? Сизга бутунлай соппасоғ бўлиш шунчалик керакми ёки сиз шунчаки бу тўғрисида хаёл сураяпсизми? («Агар соппа-соғ бўлсам, саёҳатларга чиқаман, қишда Чимён тоғида чана учаман, бадантарбия қиламан».) Бу ишларни ҳозир қилиш учун сизга нима халақит бераяпти? Ҳеч нима. Соппа-соғ бўлсангиз ўз ҳаёт тарзингизни ўзгартирасиз, ўрганиб қолган одатларни ташлайсиз, ўз устингизга янги-янги мажбуриятлар оласиз ва ҳоказо. Бу ташвишлар кимга ёқади?
Ҳатто саломат бўлиш учун қанчалик кўп куч сарфласалар ҳам айрим вазиятларда ҳамма одамлар ҳам бутунлай соппа-соғ юришни унча истамайдилар.
Агар сиз бугун касал бўлсангиз, сизни эҳтиёт қиладилар, бўйнингизга ҳамма ишни юкламайдилар. Агар бирданига соғайиб кетсангиз, унда нима бўлади? Бошлиғингиз сизга яна қўшимча иш топширади, янгидан-янги вазифалар юклайди, бетиним хизмат сафарларига йўллайди. Ҳамкасбларингиз бўйнингизга ўз юкларини ортишга ҳаракат қиладилар. Бошлиғингиз тинмай тинчгина ҳаётингизни заҳарлашга тушади. Ўрганиб қолган ҳаёт тарзингиз ишдан чиқади. Шу сизга керакми? Сиздаги касалликлар сизга яхшигина қалқон бўлиб, ўзингизга ёқмаган вазифалардан сизни ҳимоя қилиб келган. Энди шундай ўзгаришларга қараб, сиз ўзингиздаги хасталикнинг бутунлай тузалмаслигини ёки узоқроқ давом этишини истаб қоласиз.
Уйингиздагилар ҳам сизнинг саломатлигингиздан хурсанд бўлиб кетадилар ва бўйнингизга уй вазифаларини юклай бошлайдилар. Бозордан картошка-пиёз олиб келишга, уйни тозалашга ёрдам беришга, дала ҳовлига бориб, хўжалик ишлари билан шуғулланишга югуртириб қоладилар. Сиз буларни рад этиш учун асос тополмайсиз. Бу ташвишларсиз касал бўлиб яшагандан кўра, шу ташвишлар билан елибюгуриб, соғ-саломат яшаган яхши эмасми? Шуни ўйлаб кўринг.
Касал бўлган чоғингизда ўзингизга ёқмайдиган ишларни бажаришдан бўйин товлашга баҳона топасиз, кўнглингизга ёқмайдиган одам билан учрашишдан қочасиз, аммо соғ пайтингизда ана ўша баҳона қурғур ҳеч топилмай қолади.
Одатда кўпчилик ўз касаллигидан унумли фойдаланади. Касаллик улар учун ҳимоя қуролига айланади. Қон босимлари кўтарилса, атрофдагилар «айбдор» бўлади. Уйдагилар бирор ишни бажаришдан бўйин товлашса, уларга ҳам касаллик рўкач қилинади. Улар сизнинг касаллигингизни янада оғирлаштирмаслик учун мулойимгина бўлиб юрадилар. Ёки касаллик туфайли дардини ўз ичига ютаётгандек ифода берилса, унда атрофдагилар ўзларини жуда ўнғайсиз сезадилар. Ҳатто ўзларининг соғлом эканликларидан уялгандек бўладилар. Бундай одамлар азоб чекаётган қиёфа билан атрофдагиларни қўлга ололадилар.
Ҳар қандай одам ҳам бирор мақсадсиз ёки маслаксиз яшай олмайди. Агар инсонда ҳамма нарса (уй, етарлича нафақа, фарзандларнинг кўмаги) бўлса, моддий томондан таъминлангани туфайли, унда меҳнат билан фаол яшаш учун рағбат йўқолади. Албатта ҳаммада ҳам бирор иш топилади: невараларни тарбиялаш, дала ҳовлида ишлаш ва шу кабилар. Агар шаҳарда яшаб, томорқаси бўлмаса, қарайдиган бола-чақалар ҳам бўлмаса, унда бу одам ўзини умуман кераксиз санайди. Ҳаёт ўз мазмунини йўқотади, одам бирор машғулот топишга уринади. Шунда вужуд ўзи ёрдамга келади—ўзи шу одамга иш топиб беради. Энди бу одам ўз соғлиғи учун кураш бошлайди. Бу одамнинг бирор жойи оғриб қолади ва у жон-жаҳди билан ўзини даволашга киришиб кетади. Ҳакимларга бориш, касалликларни таҳлил қилиш, уларни бошқаларники билан солиштириш, дориларнинг хусусиятларини ўрганиш, ромчи ва табибларни йўқлашлар тинмай давом этади. Ҳамма даволаш усуллари синаб кўрилади. Шундай «қизиқарли» жараёнлардан кейин соғайишнинг қизиғи қоладими? Саломатлигингиз ҳам ўзингиз истаганингиздай бўлади. Демак, кўп одамлар учун бутунлай соғайиб кетишнинг фойдаси ҳам йўқ экан. Ҳаммаси ўз ўрнида қолгани дуруст. Касаллик вақтида нима қилишни билган бўлсангиз, касаллик кучайганида ҳам нима қилиш кераклигини билиб оласиз. Сиз ўз касаллигингиз билан муросаю мадора қилиб кетдингиз. У ҳаётингизнинг бир бўлагига айланиб қолди. Бутунлай соғлом бўлишга ва бу касалликдан қутулишга уриниш ким билади, нималарга олиб келади?
Айтайлик, бари бир сиз соғлом бўлишни жудаям хоҳлаяпсиз. Хўш, бунга қандай эришасиз ва эришиш учун нималар қилмоқчисиз? Бешинчи нуқтангизни жойидан кўтариб, бадантарбия, пиёда сайр қилишми ёки унга ўхшаш бирор «қаҳрамонлик»ми, кўрсатишга тайёрмисиз? Ёки осонроғи, тўғри дорихонага бориб, бирорта дори-пори олиб, у билан соғлиғингизни «тиклаб» қўяқоласизми? Кўпчилик иккинчисини танлаб қўяқолади. Жонни койитиб югургандан кўра шуниси маъқул.
Бу одатлар бизнинг ўз саломатлигимизни қанчалик қадрлашимизнинг инъикосидир. Саломатлик—бизга Оллоҳ томонидан туҳфа этилган буюк неъматдир. Текин берилгани учун ҳам унинг қадрига етмаймиз. Балки саломатликнинг қадрига ҳақиқатан ҳам етмаганлигимиз учун ҳозирги вақтда кўплаб касал болалар дунёга келаётгандир?
Ҳамма дарднинг давоси қайда? Саломатликни сақлаш ва уни тиклашнинг икки хил йўналиши бор.
Биринчи йўналишда одам ўзига саломатликни ташқаридан кимдир биров бериши керак, деб ўйлайди. Бу «кимдир»га ҳаким, табиблар, мўъжизакор ҳисобланган дори-дармонлар ёки тиббий асбоблар киради. Тана соҳибининг ўзи бу жараёнда деярли иштирок этмайди. У фақат буюрилган дориларни қабул қилади ёки вужудини ҳар турли муолажавий жараёнларга рўпара қилиб қўяқолади. У кўп нарсаларни ўзига боғлиқ эмас, балки саломатликни қайтаришга фақат мутахассислар масъул, деб ҳисоблайди.
Кўп одамлар тиббиётга нисбатан нотўғри муносабатда бўладилар: «Мен касал бўлсам, ҳакимга бораман, улар Ҳиппократ қасамини ичган, шунинг учун мени даволашга мажбур, бўлмаса мен ҳам қараб турмайман, шикоят қиламан ёки бошқа яхшироқ биладиган ҳакимга бораман», деган ўй-фикрда юрадилар.
Касални даволашга кам вақт ва маблағ кетса, унда омадингиз келибди. Бордию, ҳаким сизнинг айнан қайси аъзойингиз касаллигини тўғри аниқласа ва ўз вақтида даволашни бошласа, унда тез шифо топиб кетасиз.
Агар касаллик сабаби жисмоний ёки қувватий танада жойлашган бўлса, бунақа ёндошув яхши натижа беради. Чунки жисмоний ва қувватий танадаги хасталикларни доридармонлар ва муолажавий жараёнлар билан даволаса бўлади. Аммо касаллик сабаблари руҳда, ҳис-туйғулар ва ментал соҳасида жойлашган бўлса, унда бунақа муолажалар йиллар бўйи давом этаверади.
Иккинчи йўналишда бемор ўз дардига даво фақат унинг ўзига боғлиқ, деб ишонади. Унинг ўзи мустақил равишда машқлар қилади, муолажаларни бажаради ва ўз саломатлигини тиклаб олади.
Шарқ табобати усуллари худди ана шу усул (йогалик, цигун, «Мадади Сино» соғломлаштириш академиясида олиб борилаётган усуллар ва бошқа)ларга асосланади. Ҳакимлар ёки табибларнинг ҳеч қандай аралашувисиз ҳам, дори-дармонларсиз ҳам саломатликка эришиб, кўп касалликлардан фориғ бўлиш мумкин. Ҳар кимнинг саломатлиги фақат унинг ўз қўлида бўлади!
Агар бу йўналиш – ёндошувга эътибор билан қаралса, тўлиқ саломатликка эришмоқ мумкин бўлади. Агар. . . Чунки бу муолажалар кўп вақтни олади. Бунинг устига, одамлар мустақил мавжудот бўлиб, улар бошқалар тузиб берган қонун-қоидалар асосида яшашни ёқтирмайдилар, кўпчилигимизнинг қонимизда танбаллик деган хусусият ҳам борки, у бизнинг ҳар қадамимизни тушовлаб қўйган. Бирор истагимизга бирданига, ҳеч қандай ортиқча уринишларсиз эришгимиз келади.
Қадим замонлардаёқ кимёгарлар ҳамма дардга даво бўладиган дорини излашни бошлаган эдилар. Бу дорини «ҳамма дарднинг давоси», деб атаганлар. Минглаб йиллар давомида бу дори топилмаган экан, демак, кимёгарларнинг омади келмаяпти. Бунақа дори йўқ, қачон топилиши номаълум.
Касалликнинг томири—ўзаги қаерда бўлмасин, уни дарҳол аниқлаш, даволашнинг иложини қандай топиш, нажотни қайлардан излаш мумкин? Вужудидаги жисмоний, қувватий, ҳиссиётли, ментал ва кармаик латиф таналарининг ҳаммаси уйғун бўлган одам, юқорида айтганимиздек, ҳар тарафлама соғлом одам ҳисобланади. Агар касаллик юз берса, демак таналардан бирида унинг манбаи ётган бўлади. Аммо қайси танада эканлигини билмаймиз. Балки манбаи бирданига бир нечта танада яширингандир? Чунки фақат бир аъзосининг ўзи дардга чалинган одамни топиш мушкул иш. Ҳолбуки, бизнинг ҳамма таналаримиз соғлом бўлиши керак! Демак, саломатликка эришиш учун уларнинг ҳаммаси соғлом бўлиши керак-да. Уларнинг ҳар бирини алоҳида-алоҳида ёки ҳаммасини бараварига даволаш лозимми. Бунинг фарқи йўқ, муҳими—ҳаммасининг соғлом бўлишига эришмоқ шарт. Касалликларни даволашнинг энг муҳим қоидасиайнан ана шу жараёндир. Бирор-бир аъзо, жигарми, бел оғриғими ёки юқори қон босиминими алоҳида бир дори билан эмас, балки бутун вужудимизнинг ҳамма таркибини ёппасига даволаш талаб қилинар.
Ҳаммаси айтишга осон. Аввало онгли равишда жисмоний танамиз билан шуғулланишни бошлаймиз. Бир вақтнинг ўзида қувватий танамизни ҳам сал-пал озиқлантириб оламиз. Қўлимиз остида бўлган ҳар қандай техник воситалар ёрдамида салбий ҳис-туйғулардан халос бўламиз ва бир вақтнинг ўзида қайси хатоларимиз бизда ғам-ташвиш уйғотиши ва саломатлик муаммоларини келтириб чиқаришини кўриб чиқамиз. Вужудимизга бунақа бирваракайига ёндошишда ҳатто бирор соҳада (жисмоний, ҳиссиётли ёки бошқа) янглишиш ёки эсдан чиқиш ҳоллари бўлса ҳам, бари бир, бу жараён бошқа соҳаларга ижобий таъсир кўрсатаверади. Организмимиз соғаяди ва ёшаради.
Бундай тадбирда қадимги табобатнинг ҳам, замонавий тиббиёт, илм-фаннинг ва саломатлик тизимларининг ҳам энг сўнгги ютуқларидан-да фойдаланиш мумкин бўлади.
Касаллик ўзидан-ўзи келиб чиқмайди. Инсон соғлом туғилиши ва соппа-соғ яшаши керак. Фақат соппа-соғ одамгина ҳаётдан тўлиқ завқ ололади ва унга тўла-тўкис бахт-саодат ато этган Яратганига шукроналар келтиради. Аммо бундай бахтга ҳамма ҳам тўла эриша олмайди.
Ёш болалар ҳеч қандай сабабсиз ҳам ҳаётдан хурсанд бўладилар ва бу билан ўз бурчларини бажарадилар. Аммо балоғатга етгач, одамлар яратган қонун-қоидаларни англаб етгач, у ҳаётдан завқланишни эсдан чиқаради. Ҳаётдан тўлалигича завқ олиш учун унга бирор нарса (пул, севган ёри, иш, шон-шуҳрат) етишмайди, кўп нарсадан унинг кўнгли тўлмайди ва болалик завқ-шавқидан асар ҳам қолмайди. Ҳаётдан беғараз табиий завқ олиш фақат эси пастларга ва ҳаддан зиёд бахтли одамларга хос ҳолат ҳисобланади. Шоир айтганидек:
Бу дунё ғамхонадир,
Ғамсиз одам девонадир.
«Ахир бутун олам ғам-ташвишда куйиб-пишиб юрса-ю, бу жинни ўз-ўзича хурсанд, ҳаёт гаштини суриб юрса, тўғри бўладими? Демак, бу девона ҳам ҳамма қатори бирор-бир муаммодан боши чиқмай юриши учун, уни даволаш керак». Нажиб Маҳфуз «Бахтли одам» ҳикоясида шундай «жинни»-ни тасвирлайди.
Бизнинг ҳар бир ташвишимизнинг сабаби ва асл манбаи шундаки, ўзимиз яшаётган дунёни қандай бўлса шундайлигича қабул қилишни билмаймиз. Биз ўз ҳаётимизда албатта қандайдир фойда кўрсак, бировни севиб қолсак ва унга эришсак, янги евро усулидаги кўп қаватли уй қуриб олсак, тўйимизни данғиллама қилиб ўтказсак, кўп пул топсак, болаларимизни яхшироқ ўқиш ёки ишга жойлаштириб қўйсаккина хурсандчиликка, бахт-саодат гаштини суришга ҳаққимиз бор, деб ўйлаймиз. Фойдали бир ўзгариш юз бермаса, хурсандчиликка ҳеч қандай сабаб йўқ, деб ишонамиз ва шунинг учун доимо нимадандир норози бўлиб яшаймиз. Ҳолбуки, Олий Ҳакамнинг берган неъматлари—умр, саломатлик, фарзандлар, ризқ-насибага нисбатан бизнинг қилган бу ношукрликларимиз гуноҳдан бошқа нарса эмас. Норозилик ва ношукрлик ҳаддидан ошгандан кейин Олий Ҳакам бизнинг кўзимизни очиб, унинг неъматларига бошқача назар билан қарашимиз учун махсус «тарбия» чорасини қўллайди, ана шунда бизнинг кўзимиз очилиб қолади. У ҳаётга бўлган нотўғри муносабатимизни ва фикримизни ўзгартириш учун бизни руҳий тарбия қилади. Баъзида ана шу мақсадда касалликларни юборади. Биз эса бу дарднинг асл ибтидоси қаердан эканлигини англамай туриб, қандай бўлмасин бу хасталикдан қутулишга ва уни даволашга жон-жаҳдимиз билан киришиб кетамиз.
Демак, касалликлар ҳам бизнинг руҳий ва маънавий такомиллашувимиз учун олиб бориладиган навбатдаги дарс ҳисобланар экан. Яратганнинг юборган дардлари бизнинг руҳий ва маънавий ривожланишимизга ёрдам берар экан. Биз эса бу «дарс»ни хапдорилар ва ҳар хил тиббий асбобускуналар ёрдамида рад этишга уринамиз ва бу билан ўзимизга юборилган руҳий-диний тарбияни йўққа чиқарамиз. Аммо бутунлай дарддан халос бўлмаймиз. Чунки бизнинг хато ўй-фикрларимиз ўзимиз билан бирга қолади. Ва Олий Ҳакам бизга бу имтиҳонини янада яхшироқ тушунтириб қўйиш учун бошқа бир усулни қўллайди. Бу билан бизнинг онгимиз ривожланишини, ҳақиқатни тушуниб етишимизни истаган ҳолда, бизга вақт беради.
Дарддан тез қутулишга ҳаракат қилманг. Умуман даволаниш мумкин, аммо руҳ ҳақида унутиш керак эмас. Бизга юборилган ҳар бир касалликни бизнинг дунёга бошқача назар ташлаётганлигимиз, нотўғри қараётганлигимиздан огоҳлантирилаётган бир аломат, деб тушунмоқ лозим. Бу огоҳлантиришдан дарров қутулишга шошилманг. Аввало Ҳаёт деб аталувчи олий Муаллим бу касаллик орқали бизга таълим-тарбия беришга ҳаракат қилаётир. Бу дарсни яхшилаб ўзлаштириб олайлик. Агар бизга юборилган касалликни хоҳлаган ишларимизни амалга оширишимизга халақит берадиган бир кўнгилсизлик деб ҳисобласак, унда аҳволимиз янада мураккаблашади.
Биз Ҳаётнинг ўзимизга юбораётган хабарларини эшитмаймиз ва тушунишга ҳаракат ҳам қилмаймиз. Энди У бизнинг кўзимизни очиш учун кучлироқ таъсир қилади. Касаллик келганда даволаниш ва соғлом бўлишга ҳаракат қилиш албатта зарур. Биз соғ-саломат яшаш учун яратилганмиз. Аммо бирор хасталик юз бергудай бўлиб қолса, унда биз ўз ҳаётимизда уни қаердан ва қайси қилган ишларимиз учун орттирганлигимиз устида ўйлаб кўришимизга тўғри келади. Ҳаёт бизни нимага ўргатмоқчи, бизнинг қайси ички талабларимизни қондирмоқчи ёки бизга нимадан таълим бермоқчи, қандай сабоқ бермоқчи? Шу ўй-фикрлар билан бир вақтнинг ўзида саломатликни ҳам тиклашга уриниб кўриш аъло натижа беради.