Текст книги "Энг яхши даво"
Автор книги: Абдукарим Усмонхужаев
Жанр: О бизнесе популярно, Бизнес-Книги
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 8 (всего у книги 10 страниц)
ЎЗИМИЗ ҲАМ СЕЗМАГАН ДАРДЛАР
Ҳозирги даврда илм-фан ва техника тараққиёти, ҳаёт мароми қанчалик шитоб билан олға силжигани сари, одамзод руҳига ҳам шунчалик шитоб билан бузувчи таъсир кўрсатмоқда. Ер юзида тамаддун қанча кучли тараққий қилган бўлса, у жойда асабий таранглик, руҳий азобланишлар ва асаб тизими хасталиклари шунчалик кўп учрайди.
Невроз. Миллионлаб одамлар невроз дардидан азоб чекмоқда. Ёш болалар, эркак ва аёллар ҳам бу касалликка мубтало бўлмоқдалар. Невроз хасталиги ёш танламайди. Ҳатто бир вақтлари, болаликдами, ёшликдами, бошдан кечирилган бахтсиз ҳодисаларнинг акс-садоси йиллар ўтиб ҳам қайтиб келади. Шунинг учун бошига оғир кунлар тушган одамлар вақтни ўтказмай, дарҳол руҳшуносга учраб даволанса, кейин пушаймон бўлмайди.
Асаб хасталигини ўз вақтида даволамаган кишининг меҳнат қобилияти пасаяди, уйқуси йўқолади, одамлар билан муносабати бузилади, ўқувчиларда дарсни ўзлаштириш пасаяди.
Руҳий бузилишлар, кўпинча ўз-ўзидан ваҳимага тушиб, руҳан безовталаниб юрадиган, қўрқоқ одамларда кўпроқ учрайди. Бу одам тезда даволанмаса, кейин кеч бўлади.
Энг хавфли томони шундаки, бу касалликнинг дастлабки аломатлари тез юзага чиқмайди. Ҳатто аломатлари сезилган тақдирда ҳам, одамлар бу ҳолни чарчаганликка, туғма тортинчоқликка йўйиб қўяқоладилар.
Кўпчилик жамоат транспорти, поездлар, метро ва туннеллар, баланд жойлардан ўтишдан, юришдан қўрқадилар. Ташқаридан қараганда, бу ҳол кулгилидек туюлади. Аммо невроз аломатлари ўзини ботир, қўрқмас деб ишонадиган одамларни ҳам бир кун келиб маҳв этиши мумкин. Олимларнинг таъкидлашича, бутун ер юзи аҳолисига невроз хавф солиб турибди. Унга қарши руҳий иммунитет кам одамлардагина бор.
Ижтимоий қўрқувлар (социалофобия). Бу касалликнинг ўзига хос хусусияти шундаки, унга дучор бўлганлар кўпчиликдан ўзларини тортадилар. Жамоатчилик фаолиятидан юраклари сиқилади, одамларга кўринишдан, кўпчилик олдида нутқ сўзлаш, ўзини намойиш қилиш, кўз-кўз қилишдан қочадилар. Ишга, ўқишга бориш уларга жуда оғир. Агар бирор киши билан учрашиш, гавжум жойга боришларига тўғри келиб қолса, жуда безовта бўладилар.
Бу касаллик кўпинча болалик ва ёшликдан бошланади. Болалик пайтларида атрофдагилар бефаросатлик билан унинг бирор-бир камчилиги, қилиқларини мазах қилиб тасвирлаган бўлса, бу шу боланинг руҳиятига абадий салбий таъсир қилиб юриши мумкин. Агар болаларда бу одат сезилса, уларни аста-секинлик билан бўлса-да, жамоатчилик томонга аралаштириб бориш керак. Ота-оналар уларни тўйларга, театрларга, тўгаракларга, сайл-томошаларга олиб чиқсинлар, кўпчилик олдида ашула айттирсинлар, рақсга туширсинлар.
Агар оилавий тадбирлар яхши йўлга қўйилса, боладаги тортинчоқлик ўтиб кетади.
Руҳий зарбадан кейинги ҳолат. Ёши катта одамларда асаб таранглиги уларнинг ҳаётида юз берган бирор фавқулодда ҳолат, бахтсизлик, ғам-кулфатлар оқибатида пайдо бўлади. Иродаси кучли бўлмаган инсон бу даҳшатларни ҳеч унутолмайди. Барча ҳодисалар икир-чикиригача уларнинг хаёлидан кетмай, такрорланаверади, бу воқеаларни қайта-қайта бошдан ўтказгандек, ундан қутулолмайдилар. Ҳатто ҳодисалар уларни тушларида ҳам безовта қилаверади. Яқинда ойнаи жаҳонда намойиш қилинган «Асрга тенг хотиралар» фильмида худди ана шу ҳолат тасвирланади. Болалик пайтида уруш даҳшатларини бошидан кечирган гўдак ҳатто қариган, уйланиб, бола-чақали бўлган вақтларида ҳам уруш дамларини эсидан чиқаролмайди. Ўзининг қонли фожиаларни эслайвериши орқали, асаблари бузилганлиги важидан, ҳатто оиласини ҳам жонидан тўйдириб юборади. Фарзандининг ўлимига сабабчи бўлади. Унинг бу жазаваси хотинининг ҳам ҳаётини дўзахга айлантириб юборади. Ёши юзга етиб қолган бўлса-да, бу бахтсиз аёли ҳам эрининг хотираларини ҳеч унутолмайди, уруш хотиралари унга ҳам «мерос» бўлиб ўтади.
Аслида ортиқча бўлган асабий ўзгаришлар одамнинг феълатворини ўзгартиради, уларни жиззаки, асабий қилиб қўяди. Атрофдагилар уларнинг кўзига ёмон кўринади. Шунингдек, улар ҳам атрофдагиларнинг жонини ҳалқумига келтиришади. Оддий, арзимас нарсани ҳам узоқ вақт унутолмай, ҳаммадан домангир бўлиб юрадилар. Дард, аламларни доим эслаш ақлсизликдир.
Ўша фильмдаги полковникдек, агар атрофларида одамлар ҳалок бўлиб, ўзлари тирик қолсалар, бунда ҳам ўзлари сабабчидек туюлади, айбдорлик ҳисси уларни бир умрга таъқиб қилади.
Баъзида нохуш, қўрқинчли хотиралар одамни тинч қўйгандек, унутилгандек бўлади. Аммо бир кун келиб, бу дард панадан зарба беради.
Неврозлар фақат асабни бузиб, ўзи билан бирга юракқон томири касалликлари, токсикомания, руҳий азобланиш, ошқозон-ичак йўли хасталиклари, қалқонсимон без фаолиятининг бузилишини ҳам қўшиб ола келади.
Асаб тизими хасталиклари. Неврозга учраган одамлар, ҳатто ҳеч бир сабабсиз ҳам доимо ҳаяжонланиб, ваҳимага тушиб юрадилар, юрак уришлари нотинч, ўзлари толиққан, безовта бўлган ҳолда юрадилар. Бош оғриғи, уйқусизликдан, дармонлари қуриб қолаётганлигидан нолийдилар.
Одамнинг ўз саъй-ҳаракатлари билан бу аломатлар ўтиб кетмаса, унда албатта мутахассисга учраб, муолажа олиш лозим бўлади. Бундан ташқари, одамнинг ўзига ҳам кўп нарса боғлиқ бўлади. Аввало ҳар кимда ирода кучли бўлсин. Беҳуда ўй-хаёлларни унута билсин. Унутишни ўрганиш ҳам неврозга қарши кураш омилларидан бири бўлади.
Ҳаётнинг фақат қувончли томонларини эсда тутиш керак. Энг ёқимли, кулгили бўлган ҳодисаларни эсдан чиқармай, доимо эслаб турган ҳам фойдалидир. Оммавий ахборот воситаларидан берилаётган хабарларни ҳам юракка яқин олиш керак эмас. Чунки оғир аҳволда қолган одамларга узоқдан туриб ҳеч қанақа ёрдам бериб ҳам, уларнинг турмушини ўзгартириб ҳам бўлмайди. Шунингдек, ўтмишдаги қоронғи кунларга ҳам таъсир қилиб бўлмайди, ўтган нарса ўтиб кетди. Одам тафтини одам кўтаради деганларидек, кўпроқ одамлар орасида бўлиш яхши фойда беради. Аммо бошдан ўтган аччиқ хотиралар ва хасталикларни атрофдаги бегоналарга батафсил сўзлаб беришнинг ҳеч кераги йўқ. Эшитган ҳолда ҳам юрагингизга яқин олиб, қалбингизни қийнаманг, тезроқ унутишга ҳаракат қилинг.
Афсуски, бу касалликларнинг ҳаммасидан ҳам мустақил равишда, осон йўл билан қутулиб қолишнинг иложи йўқ. Чунки бу касалликлар одамда руҳиятнинг бузилишидан келиб чиқади.
Неврозлар, асаб бузилишлари кўпинча, одамда ирода бўшлигидан келиб чиқади, деб ҳисобланади. Қандай бўлмасин, бари бир касаллик аломатлари сезила бошлаши билан дарҳол руҳшуносга учрашиш ва ундан маслаҳатлар олиш лозим. Руҳшуносга учрашиш кераклигини эшитган кўп беморларнинг дарров авзойи бузилади. Улар бу маслаҳатни жуда оғриниб қабул қиладилар. Аввало таниш-билишларнинг гап-сўз тарқатишлари, унга соғлом одамга қарагандек қарамасликларидан қўрқадилар, уяладилар. Бу қўрқув ва уятлар эса қимматга тушиши мумкин. Чунки деярли ҳамма касалликларнинг асосий сабаби асаб бузилишлари саналади-ку.
САЛОМАТЛИК УЧУН ҲАР КУНИ КУРАШИНГ
Ҳар бир одам одатда, уйқудан турган заҳоти ювинишга тушади. Аввало, болаларга уқтирилгандек, тишлар тозаланади. Тишларни тозалаб бўлиб, тилни ҳам унутманг. Тилни тозалаб, оғиздан келадиган бадбўй ҳидлардан қутуласиз ва тишлар бузилишининг олдини оласиз. Тилни тозалашга оддий чой қошиғи ёки пластмассадан қилинган пичоқчалар керак бўлади. Қошиқча ёки куракча билан тилнинг бошланиш жойидан то учигача бўлган жойни қириб тозалаш керак. Тозалашда тил устидаги карашга эътибор қилинг. Оқ карашнинг кўпайиши вужудда бирор патологиянинг пайдо бўлганлигини ёки нотўғри овқатланишни билдиради.
Тишлар ва тил тозалаб бўлингач, танани ҳўл сочиқ билан артишга ўтинг. Бунинг учун 0, 5 л. илиқ сувга 1 ош қошиқда туз, 20 томчи йод ва 250 г ароқ солинг. Бу аралашма билан сочиқни ҳўллаб артинг. Эрталабки душдан кейин, бу эритма воситасида ҳўлланган қаттиқ қўлқоп билан артинса ҳам бўлади. Юрак атрофи бўйлаб соат мили йўналишида аста-секинлик билан 40 марта айланма ҳаракат орқали артинг. Намлик устидан кийининг. Бу муолажа вужудингизга иссиқлик ва куч-қувват беради, терини ёшартиради, қон айланишини яхшилайди, терини қайишқоқ ва таранг қилади.
Биринчи кун танани артсангиз, кейинги кун сувда юришни машқ қилинг. Ваннага тушинг, жўмракни очиб қўйинг, сувда юриб бораётгандек ҳаракат қилинг. Ўзингизни ариқ бўйида сув кечиб юргандек ҳис қилинг. Бу ҳаракатни 108 марта бажаринг. Кейин оёқни артиб, пайпоқни кийинг. Ўзингизни кун бўйи куч-қувватга тўлгандек, енгил ҳис қиласиз, кайфиятингиз ҳам жойида бўлади.
Тишларни мустаҳкамлаш учун ҳар куни эрталаб бирикки қултум ёғни оғзингизга солиб уни 15 дақиқа давомида оғиз бўшлиғи бўйлаб айлантиринг. Албатта писта ёғи бўлиши керак. Уни туфлаганда оппоқ тусга кирган бўлса, демак Сиз мақсадга эришибсиз.
Кечқурун яна тузли сув билан оғиз чайишни одат қилинг. Шунингдек, ҳар куни денгиз тузини ўсимлик ёғи билан қуюлиб, бўтқа ҳолига келгунича аралаштиринг ва доимий равишда бу бўтқани бармоқ учларига олиб, оғизни, милкларни ишқалаб туринг. Милкларни ҳам ҳар куни соат мили бўйлаб бир неча марта ходими қилишга одатланинг.
Бошдан оёққача. Ҳар куни эрталаб бутун танангизни ходими қилиб чиқишга вақт топинг. Бу муолажа қон айланишини яхшилайди, асаб системасини мустаҳкамлайди.
Ходимини аста-секин бир маромдаги ҳаракатлар билан аввало лимфатик йўллар бўйлаб қилинади. Оёқларни пастдан баландга қараб, тизза ва чов орасигача қилинади. Аёллар ўнг оёқдан, эркаклар чап оёқдан бошлайдилар. Тиззани айланма ҳаракатлар билан уқаланг.
Қўлларни бармоқлардан бошлаб, тирсак томондан то қўлтиқ остигача олиб борилади. Ҳар бир елкани бир неча марталаб айланма ҳаракатлар билан уқаланг. Бўйиннинг ходимиси ўмровости тугунлари бўйлаб, энсадан то елкагача чўзилади. Кўкракниўртадан бошлаб ён томонларга, қўлтиқ остигача уқаланг (сут безлари ходими қилинмайди).
Ҳар иккала қўлни думғаза устига қўйинг. Қўлларни тезтез ҳаракатга келтириб, думбаларни ён томонга ва пастга қаратиб уқаланг. Кафтингиз билан елка ва белларингизни ҳам уқаланг. Кейин қўлларингизни мушт қилиб тугинг ва унинг суякларини бўрттириб, умуртқа поғонасини пастдан юқорига ходими қилинг. Қоринни йўғон ичак йўли бўйлаб, соат миллари бўйлаб сийпаланг.
Ходими давомида ҳар бир ҳаракатни 3—4 марта қайтаринг. Бу муолажаларни ҳар куни иложи борича узоқроқ давом эттиришга, борган сари кўпроқ бўғимларни тортишга ҳаракат қилинг. Яллиғланиш жараёнлари кечаётганида, тери касалликларида, қон талашганда ва вена томирларнинг варикоз кенгайишида ходими тавсия этилмайди.
Товонларга эътибор беринг. Оёқ товонларини иложи борича бир кунда икки марта ходими қилишга эришинг. Бу ходимилар фақат оёқ учун фойдали бўлиб қолмай, балки ана шу жараёнлар натижасида кўпгина касалликларнинг олди олинган бўлади. Чунки оёқ товони ҳамма ички аъзолар билан боғлиқдир. Узоқ муддат амалга оширилган ходими сабабли вужуд иммунитети ошади, вужуд инфекциялар ва шамоллашларга қарши бардош бера оладиган бўлади.
Эрталабки душдан сўнг дарҳол оёқ товонларини ходими қилишга ўтинг. Чунки бу пайтда товон иссиқ ва юмшоқ бўлади. Оёқни илиқ сувли идишда 10—15 дақиқа тутиб туринг. Вақти-вақти билан идишга қайноқ сув солиб туринг. Ходимини бошлаш олдидан оёқ тагини жилвиртош (пемза) билан ишқаланг. Унга биз тавсия қиладиган қуйидаги ёғупани суртинг. Бу ёғупа нафақат оёқнинг биологик фаол нуқталарининг қувватини оширади, балки уни ёшартиради ҳам. Товон юмшоқ, оч қизғиш рангга киради. Биз тавсия этадиган ёғупа радикулит оғриқларини ҳам енгишга ёрдам қилади. Ёғупани тайёрлаш учун 1 та тухум сариғи, 1 ош қошиқ ўсимлик ёғи, 1 ош қошиқ сирка эссенцияси ва 1 чой қошиқ скипидар олинади. Тухум сариғи ўсимлик ёғи билан яхшилаб аралаштирилади, аралаштиришни тўхтатмай туриб, устига эссенция ва скипидар қуйилади. Аралаштирилиб, товонга суртилади. Бир оз туриб, ёғупа сал ейилгандан кейин, ходими бошланади.
·Ерга чордана қуриб, ўтириб олинг. Товонларни юқорига қаратинг. Оёқ бармоқларини кафтларингиз орасида уқаланг. Уларни ён атрофга қаратиб чўзинг ва тортинг.
·Товонларни катта бармоқлар ёрдамида нуқтали ходими қилинг. Катта бармоқларингизни товонга худди бураб тиқаётгандек қаттиқ босинг. Товонингиздаги энг оғриқли жойларни топинг ва ҳар бир нуқтани 20—30 сония давомида айланма ҳаракатлар билан эзинг.
·Товонни қўл кафтларингиз билан артинг ва силанг.
·Бармоқларингиз билан уриб чиқинг.
·Товон четларини қўлларингиз билан шундай қаттиқ босингки, ўша жойларда чуқурча ҳосил бўлсин, шу алфозда 20—30 сония ушлаб туринг.
·Бир қўлингиз билан оёқни ушлаб туринг, иккинчиси билан катта бармоқни ушланг ва уни олдин бир томонга, кейин иккинчи томонга қараб буранг.
·Товонни ерга босинг ва унинг таги (сиртқи) томонини, ён томонларини ходими қилинг.
·Оёқнинг катта бармоқларидан бошлаб юқорига томон уқалаб чиқинг.
·Бармоқ бўғинлари билан оёқнинг ички ва ташқи нуқталарини уқаланг, ҳаракатни товондан оёқ бармоқлари учигача олиб боринг.
Ходимилар билан бир қаторда оёқлар учун махсус машқлар ҳам тавсия этамиз.
·Товонни ердан узмай, оёқ панжаларини иложи борича юқорига кўтаринг.
·Ерга товонлар билан маҳкам тиралиб, оёқ учларини аввал бир-бирига, кейин тескари томонга айлантиришга ҳаракат қилинг.
·Оёқ бармоқлари билан 1 дақиқа давомида тошчалар, қалам ва ипларни тутиб туринг (ҳар бир оёққа алоҳида нарса қўйилади).
·Ҳар бир оёқ панжалари билан аввал ўнгга, кейин чапга бурилинг.
·Ўтирган жойда товондан панжаларга қаратиб, ўқловни юмалатиб ўйнанг.
·Ўтириб олиб, икки оёқ орасига ўқловни олиб, оёқ товонларини бир-бирига қаттиқ босиб туринг.
Бармоқлар ходимиси. Ходими қўл бармоқларига ҳам катта фойда келтиради. Қўл ходимилари давомида ички аъзоларнинг ишлари фаоллашади. Ҳар бир бармоқ муҳим бир ички аъзо билан боғланган.
Жимжилоқ юрак билан боғлиқ, холис бармоқ ходимиси жигар ишини мўътадиллаштиради, шаҳодат ва ўрта бармоқ ошқозон-ичак фаолиятига тааллуқли, бош бармоқ миянинг ишини тартибга солади.

а

б

в
5-расм. Бармоқлар ходимиси
Қўл кафтини пастга қаратинг, ҳар бир бармоқни 5-расмдагидек (а) уқаланг. Бир қўл иккинчи қўл бармоқлари билан ходими қилинади. У жимжилоқдан бошланади. Бармоқдаги ҳар бир нуқталар иккинчи қўлнинг бош ва шаҳодат бармоқлари билан ходими қилинади. Бунда бош бармоқ устки томонидан, шаҳодат бармоқ пастки томондан ҳаракат қилади.
Ходими бармоқлар бошланган жойидан учига томон олиб борилади. Ҳар бир бармоқ 3 мартадан қайта уқаланади. Нуқталар орасидаги масофа 1 мм дан бўлади. Бўғимларга тегилмайди.
Бармоқлар юзаси уқаланиб бўлиниб, унинг ён томонларига ўтилади(5-расм, б). Жимжилоқ алоҳида ходими ҳаракатларини талаб қилади. Уни уқалаш давомида қўшимча 3 марта силанг, кейин бошқа бармоқлар томонга қараб, қаттиқроқ буранг(5-расм, в). Яна жимжилоқнинг тирноқ усти 60 марта қаттиқ босилади.
Бу машқларни эрталаблари вақт топганингизда қилаверишингиз ҳам мумкин. Тушлик вақтидами, транспортдами, бунинг фарқи йўқ. Фақат ҳар куни қилинса бўлди.
УМУРТҚА—ҲАЁТ УСТУНИ
Бизнинг гавдамизни тик тутиб турган устун, бу умуртқа поғонаси. Бош оғриғи, меъда оғриқлари, бўғимлар оғриғида ҳакимлар доимо ҳар хил дори-дармонлар, малҳамларни тавсия қиладилар. Ҳолбуки, бу аломатларнинг келиб чиқиш сабаблари бутунлай бошқа аъзоларда бўлади. Қабул қилинган муолажалар фақат вақтинча енгиллик беради. Аммо дардни бутунлай йўқ қилолмайди. Юқорида келтириб ўтилган хасталикларнинг асл сабаби, кўпинча умуртқа поғонасида бўлади. Демак муолажани ҳам айнан ана шу устунни даволашдан бошлаш керак.
Бўйин соҳасида (умуртқа поғонасининг) кўз, кўз ёши безлари, буруннинг шиллиқ қавати, иякости бези, қулоқнинг ноғора пардаси ва бошқа аъзоларга қараб асаб толалари чўзилиб кетган.
Умуртқа поғонасининг кўкрак соҳасига қўллар, юрак, томоқ, ўпка, меъда, жигар, меъдаости бези, буйракусти безлари, ингичка ва йўғон ичаклар чамбарчас боғлиқ бўлади.
Жигар, буйрак, сийдик пуфаги, жинсий аъзолар, оёқлар иши бел соҳаси фаолиятига боғлиқдир.
Шарқ ҳакимлари умуртқа поғонасининг бўйин соҳасига алоҳида эътибор билан қарайдилар. Уларнинг фикрича, бўйин соҳаси фақат саломатликка эмас, балки инсон тақдирига ҳам дахлдор экан. Бўйиннинг орқа томонидаги қаттиқ жойни «тақдир муҳри» деб атайдилар.
Умуртқа поғонаси шунчалик муҳим экан, демак унинг саломатлигига айниқса жиддий эътибор бериш талаб этилади.
Умуртқа поғонаси фаолиятидаги бузилишларни махсус машқлар ёрдамида ҳар қандай ёшдагиларда ҳам тузатса бўлади. Сизга Шарқ табиблари томонидан тавсия қилинган усулсаломатликни умуртқа поғонасининг бўйин соҳасидан бошлашни маслаҳат берамиз.
1-машқ. Қулай ўтириб олинг. Бошни ўнг томонга қараб иложи борича буринг ва шу ҳолатда 3—4 сония туринг. Бир оз танаффусдан сўнг, бошқа томонга қараб буринг.
2-машқ. Бошни ўнг томонга эгинг, шу ҳолатда ўнг қулоқни ўнг елкага тегишига ҳаракат қилинг. Елкаларни қимирлатманг. Шу ҳолатда 3—4 сония туринг. Кейин чап томонда такрорланг.
3-машқ. Иякни пастга томон шундай осилтирингки, чап қулоғингиз елкага тегсин, кейин энсани орқага буринг, бошқа қулоқ бошқа елкага тегсин. Бу ҳаракатлар сўнгра тескари томонга такрорланади. Машқлар давомида мушаклар ва умуртқа иложи борича кўпроқ чўзилсин.
4-машқ. Бошни олдинга эгинг. Орқа томондан елкалар бир-бирига иложи борича яқинроқ сурилсин, 3—4 сония.
5-машқ. Бошни орқага ташланг. Елкаларни ҳам орқага қараб букинг, 3—4 сония.
6-машқ. Ўнг елкани ўнг қулоққа қараб кўтаринг. Чап елка қимирламайди, кейин тескари томон билан ҳам шундай қилинади, 3—4 сония.
7-машқ. Елкаларни аста-секинлик билан айланма ҳаракат қилдиринг.
8-машқ. Қўл бармоқларини занжирдек қилиб тугинг. Олдинга томон 45 даража эгилинг. Ўнг тирсакни пастга осилтиринг. Чап тирсакни юқори томон, иложи борича баландроқ кўтаришга ҳаракат қилинг. Кейин орқага қараб эгилинг ва чап товонингизга қаранг. Кейин бошқа томонга эгилиб, машқни такрорланг.
9-машқ. Иякни пастга чўзинг, бўйнингиз ҳам пастга қараб, киндик томонга чўзилсин, 3—4 сония шу ҳолда туринг.
10-машқ. Бошни орқага ташланг ва энса билан думғаза томонга қараб чўзилинг, 3—4 сония.
Машқларни бошда 2—3 мартадан, кейинчалик 10—15 мартадан қилинг. Ҳар гал мушакларни иложи борича узоқроққа чўзишга уриниб кўринг. Агар дастлабки кунларда аъзоларда қаттиқ оғриқ сезилса, машқларни вақтинча тўхтатиб туринг. Аммо бутунлай воз кечманг. Маълум вақт ўтиб, оғриқларингиз йўқолади. Аҳволингиз ва саломатлигингиз бора-бора яхшиланиб кетади.
Суякларимизни тузатамиз. Қуйида шарқ табибларининг усулларидан намуналар келтирамиз.
·Тўғри, тикка туриб нафас олинг, қўллар бўш, осилган. Нафас чиқаришда бир оёқни олдинга чўзинг ва иккала қўлни ҳам кескин ён томонга чўзинг ( 6-расм). Машқ такрорланади.
·Қўллар мушт қилиниб, умуртқа тамом бўлган жойга қўйилади. Олдинга эгилинг, иложи борича кўпроқ эгилинг, қўллар мушт ҳолича белга босилади.
·Қўлларни мушт қилинг, бош устига кўтариб, ўнг ва чап томонга айлантирилади.
·Тиззалаб туринг, қўлларни олдинга чўзинг, думбатос соҳаси олдинга томон, юқорига томон кўтарилади, бош пастга эгилади. Ерда аввало бақбақа кейин кўкрак билан судралинг. «Мушукча девор ёриғидан эмаклаб ўтаётганидек» ҳаракат қилинг. Кейин «Мушукча орқа томони билан девор тагидан чиқиб кетаётганидек» ҳаракат қилинг.
·«Хитойи ғўлача» —бошни ўнгга-чапга буринг, айлантиринг. Бу машқни уч турда бажаринг: бош тўғри туради, бош олдинга эгилган, бош орқага ташланган.

6-расм. Суякларни тузатиш машқи
(Шарқ табибларининг усули)
Ўзбек табибларининг усули
·Қўллар ён томонга, елка кенглигида узатилган. Нафас олишда қўлларни мушт қилинг, нафас чиқаришда муштларни кескин равишда бир неча марта орқага қайтаринг.
·Олдинга энгашинг, қўлларни кескин равишда орқага ва олдинга чўзинг.
·Тўғри туринг. Қўллар тирсакдан бел тўғрисида букилган. Тирсакларни орқага узатинг, бир вақтнинг ўзида бош орқага қараб силтанади.
Сибир табибларининг усули
·Қўл билан стол четига суянинг. Қўл ва беллар тўғри тутилади. Белни иложи борича орқага чўзиб, энгашинг(7– расм, а).
·Кейин тўғри туринг ва энди орқага қараб эгилинг (7– расм, б).
Булғорларнинг усули
Гиламга қараб, юзни пастга қилиб ётинг. Бир вақтнинг ўзида чап қўл ва ўнг оёқни юқорига кўтаринг. Бу машқни бажариш қийин. Шунинг учун бирорта ёрдамчи олинг. Юқоридаги ҳолатда 5 сония қолинг. Кейин оёқ-қўлларнинг ҳолатини алмаштиринг.

а

б
7-расм. Суякларни тузатиш машқи
(Сибир табибларининг усули а, б)

8-расм. Суякларни тузатиш машқи (арманлар усули)
Арманлар усули
·Тўғри, тик туринг. Ўнг оёқ билан олдинга қадам босинг, ўнг қўл билан чап елкани ушлаб, куч билан ўзингизга томон тортинг (8-расм). Кейин бу машқни чап қўл билан такрорланг.
Доғистонликлар усули
·Паст курсичага ўтириб олинг. Бир кафтингизни орқа томондан бўйнингизга қўйинг, унинг устидан бошқа кафтингизни қўйинг. Орқангизда турган ёрдамчи қўлларингизни орқага тортиб, тиззаси билан елкангиз, куракларингиз орасидан секин итаради (9-расм, а).
·Ёнбошлаб ётинг. Ёрдамчи тиззаси билан рўпарангизда туради. Бир қўли билан елкангиздан, иккинчи қўли билан сонингиздан ушлаб, бир вақтнинг ўзида икки йўналишда ҳаракат қилади: елкангизни босиб ўзига, сонингизни босиб ўзидан нарига итаради (9-расм, б). Кейин ҳаракатлар тескари томонга қилинади.

а

б
9-расм. Суякларни тузатиш машқи
(доғистонликлар усули а, б)
·Турникда иложи борича узоқроқ осилиб туриш ҳам умуртқа поғонасига яхши таъсир қилади. Осилиб туриш натижасида қўллар мустаҳкамланиб, умуртқа тўғриланади. Осилиб турган қуйи танангизни ўз ўқи атрофида айлантиринг. Агар белингиз қирсиллаб кетса, қўрқманг—бу муолажангиз самарасидан дарак беради.
Яна умуртқа поғонаси ҳақида. Энди умуртқани чўзиш ҳақида маслаҳат берамиз. Бу ҳаракатлар шошилмай қилинади. Ҳар бир машқдан кейин дам олинади. Машқлар олдинига 3—4 мартадан бажарилиб, улар сони борган сари ошириб борилади.
·Деворга думбангиз, елка ва бошингиз билан тиралиб туринг. Қўлларни юқорига кўтариб, бир вақтнинг ўзида оёқ товонларини ерга қаттиқ тираб, баландроққа чўзилинг. Кейин қўлларни тушириб, пастга энгашинг, бошлар юқорига чўзилади.
·Деворга елка тираб туринг. Ундан бир қадам орқага сурилинг.
·Ҳар иккала қўл кафти билан деворга тиралинг ва эмаклаётгандек бўлиб, олдинга, юқорига чўзилинг. Оёқлар ерда қимирламай турсин.
·Ерга ётинг. Қўл-оёқларни тўғриланг. Қўллар бош тагига қўйилади. Қўл ва оёқлар билан ҳар томонга чўзилинг. Оғирлик умуртқа поғонасига тушсин.
·Умуртқа поғонаси учун белгиланган машқларни кунора ёки ҳар ҳафтада камида 2 мартадан бажаринг.
Қувват манбаларини ишга солиш. Кўпгина касалликлар ички ва ташқи қувват оқимининг бузилишидан келиб чиқади. Бу бузилишни қувват йўлларини ишга солиш орқали тузатиш мумкин бўлади. Бу муолажани ҳар қандай одам ҳам машқлар орқали ўзлаштириб олиши мумкин. Машқлар ҳар куни 2—3 минутдан 5—6 минутгача етказилади.
Энг аввало, қайси қўл берувчи, қайсиниси олувчи эканлигини аниқлаймиз. Бунинг учун бир қўл кафти иккинчисига қаттиқ ишқаланади. Кафтлар юзга босиб кўрилади. Иссиқроғи берувчи қўл, совуқроғи олувчи. Берувчи қўл аёлларда кўпинча чапи, эркакларда ўнги бўлади.
Қўлларни кўкрак рўпарасида, кафтларни юқорига қаратиб бирлаштиринг (10-расм). Кафтлар орқасида нўхатча бор деб фараз қилинг. Нўхатчани берувчи қўл кафтидан тирсакка ва елкагача суриб боринг, кейин уни ўмров бўйлаб юргизинг ва бошқа елка орқали, орқага, берувчи қўл кафтига қайтаринг. Кейин нўхатчани тескари томонга айлантиринг. Жараён 10—12 сонияга чўзилади. Берувчи қўлда совуқлик туйғуси, олувчисида иссиқлик сезилади. Бу ҳаракат қалқонсимон без ва айрисимон без фаолиятини оширади, иммунитетни кучайтиради. Нафас йўллари яллиғланишини даволайди. Бу машқларни оҳанрабо тўлқинлари ва ҳайз кўриш даврида бажариш мумкин эмас.

10-расм. Қувват манбаларини ишга солиш