Текст книги "ШАҲЗОДА ВА ГАДО"
Автор книги: Марк Твен
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 4 (всего у книги 15 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]
Саройда бурғи овозлари янгради, ва дарбозада шаҳзоданинг тоғаси, «зар билан тикилган қора нимча устидан кумуш ип билан тўрланиб, зардан гуллар чекилган тўқ пушти ранг атлас ёпинчиқ ташлаган» бўлғуси Сомерсет герцоги кўринди. У ортига ўгирилиб, патлар қадалган қалпоқчасини салгина кўтариб қўйди-да, тик қоматини эҳтиром аломати сифатида таъзим учун чуқур эгиб, ҳар бир зинапояда қайта-қайта таъзим бажо этган кўйи орқаси оломонга қараган ҳолатда пастга тушиб кела бошлади.
Унинг ортидан сурнайларнинг давомли садоларию, хитоблар янграй бошлади:
«Зоти олийлари қудратли лорд Эдуардга – Уэлс шаҳзодаси13га йўл берингизлар!»
Сарой деворларидан ҳам баландда оловнинг қип-қизил тиллари узун қатор бўлиб юқори ўрлади; худди момоқалдироқ гулдураги каби гумбурлаш эшитилди; дарёдаги улкан оломон оммаси шаҳзодани шарафлаб ҳайқириб юборди. Мана шу оммавий тантананинг сабабчиси ва қаҳрамони бўлмиш Том Кенти айвонда кўриниш бериб, бошини енгилгина шоҳона ирғаб қўйди.
Унинг эгнида «олмос кукуни сочилган қизил парчадан кўкрак камари тутилган ва оқ сувсар мўйнаси илинган ғаройиб оқ атлас нимча бор эди. Нимчасининг устидан эса мовий рангдаги атлас сирилган, ҳамма ерига инжу ҳамда бошқа қимматбаҳо тошлар қадаб безалган ҳамда олмос тўқа тақилган зарҳал йўлли оқ парчадан ёпинчиқ ташланган. Унинг бўйнида Боғич нишони ва кўплаб ажнабий нишонлар осилган» − ҳар сафар унга ёруғлик шуълалари тушганида қимматбаҳо тошлар кўзни қамаштирар даражада ярқираб кетади. О! Исқирт кулбада дунё юзини кўрган, Лондоннинг бадбўй ариқларидаги балчиқлар ичида ўсиб-улғайган, жулдурлик, қашшоқлик ва иркитлик намунаси бўлган Том Кенти ҳозир қандоқ бир тантанаворликни ифодалаб турибди-я!
Х БОБ
ШАҲЗОДАНИНГ КЎРГИЛИКЛАРИ
Жон Кенти қонуний шаҳзодани Сарқитлар Ҳовлисига судраб кетаётган, бадфеъл қорахалқ эса янги эрмак топилганидан қувониб, уларни таъқиб этиб бораётган пайтда бу воқеотни тарк этган эдик. Энди унинг давомини баён қиламиз. Бандини ҳимоя қилишга уринган фақат биргина одам топилди-ю, лекин бу кишининг гап-сўзларига биров парво қилгани ҳам йўқ. Қулоқни қоматга келтирадиган бунақанги тўс-тўполоннинг шовқинида уни ким ҳам эшитарди дейсиз. Шаҳзода ўз зулмкорининг шафқатсизлигидан қаҳрланиб, унинг чангалидан қутулишга беҳуда уриниш билан овора. Жон Кентининг ниҳоят сўнгги томчи сабри ҳам тугаб битди ва ғазаб билан шаҳзодага сўйил ўқталди. Боланинг ягона ҳимоячиси зарбанинг олдини олиш учун югуриб келди ва сўйилнинг зарби унинг қўлига тушди.
− Сен нега аралашяпсан? – бўкирди Жон Кенти. – Мана буниси энди сенга!
Зарба чақирилмаган ҳимоячининг калласига тушди – у оғир ингранди ва жонсиз тана ерга, томоша учун югуриб келган оломоннинг оёғи остига қулади. Орадан ҳеч қанча ҳам вақт ўтмай, мақтулнинг жасади қоронғида чўзилган кўйи ёлғиз қолаверди, оломон эса олдинга қараб югургилаб кетди – ҳозиргина содир бўлган машъум воқеа унинг хурсандчилилига халал бергани йўқ.
Шаҳзода тез орада Жон Кентининг кулбасида ўзига келди. Ташқи эшик барча бегоналардан паналаниш учун қулфлаб қўйилибди. Шиша идишга ўрнатилган ёғли шаъмнинг хира ёруғида шаҳзода жирканч вайронани ва унинг истиқоматчиларини қийинчилик билан илғай олди. Бир кунжакда худди шафқатсиз муомалага кўникиб қолган ҳайвонлар каби девор тагида букчайган кўйи икки нафар иркит қизлар ва ўрта ёшлардаги аёл ерда чўк тушиб ўтиришибди; улар қўрқув талвасасида аёвсиз калтакланишларини кутишмоқда. Бошқа бурчакдан сочию, қош-киприклари оқарган, жулдур, қоқсуяк қари алвасти кўзларини ваҳшиёна чақчайтирганича ўрмалаб чиқди.
− Нари тур, халал берма! – дея унга юзланди Жон Кенти. – Бу ерда жуда мароқли ҳангома бўляпти. Сен маза қилиб завқланиб бўлгунингча бир чеккада кутиб тур. Навбатинг келганида болани истаганингча дўппослайверасан. Қани, бу ёққа кел, азизим. Агар ҳали ёдингдан чиқмаган бўлса, бояги нутқингни бир такрорлаб бергин-чи. Исминг нимайди? Ўзингни ким деб айтувдинг?
Аламдан шаҳзоданинг қони юзига уриб кетди, ва у Жоннинг башарасига ғазабли нигоҳ ила қаҳрли тикилди.
− Сен сурбетсан! – деди у. – Менинг гапиришимни талаб қилишга ҳаққинг йўқ. Сенга яна бир бора такрор айтаман: камина Уэлс шаҳзодаси Эдуард эрур, бошқа ҳеч бир кимса эмасман.
Қари ялмоғиз бу жавобдан шу даражада ҳайратга тушдики, оёқлари гўё ерга михлаб қўйилган каби жойидан ҳам қимирлай олмай қолди; кампирнинг ҳатто нафаси томоғига тиқилди. У аҳмоқона бир ажабланиш билан шаҳзодага бақрайиб қолди, бу ҳолат кампирнинг ўғлига шу қадар кулгили туюлиб кетдики, ўзини тутолмай қаҳқаҳа отиб юборди.
Аммо Том Кентининг онасига ва опаларига шаҳзоданинг сўзлари буткул ўзгача таъсир қилди: бундан бир дақиқагина муқаддам улар шўрликни отаси майиб-мажруҳ қилиб қўйишидан қўрқиб туришганди, энди бу хавотир бошқа бир ташвиш билан алмашинди. Улар юзларида қайғу ва ташвиш ифодаси ила шаҳзоданинг ёнига югуриб келдилар ва нолишни бошладилар:
− Вой шўрлик Том, бечорагина бола!
Она шаҳзоданинг қаршисида чўккалаб қолди, ва унинг елкасига қўлини қўйиб, аччиқ ёшларини оқизган кўйи ташвиш билан унинг кўзларига ваҳима билан қараб қолди:
− Шўрликкина болажоним! – деди у. – Аҳмоқона китобларингнинг касофати ахийри миянгга урибди ва ақлу шуурингдан айирибди. Қаёқданам ўша асарларга кўнгил қўйиб қолган экансан-а?! Ҳолбуки, сени кўп марталаб огоҳлантирган эдим! Ниҳоят онангнинг юрагини тилка-пора қилдинг!
Шаҳзода унинг юзига боқди ва ҳурмат билан деди:
− Сенинг ўғлинг соғ-саломат, эс-ҳушидан ҳам айрилгани йўқ, эй муштипар аёл! Тинчлан! Мени ҳозирда ўғлинг шаҳзода бўлиб турган саройга қўйиб юбор ва менинг подшоҳ отам уни зудлик ила ўзингга қайтаргай.
− Тавба! Қирол − сенинг отанг эмиш! Э, болагинам! Сендан ўтинаман, сенга ўлим ва яқинларингга ҳалокат хавфини соладиган бундай сўзларни бошқа асло айта кўрма! Бу ёқимсиз тушни миянгдан сидириб чиқариб ташла. Хотиранг тўғри йўлдан адашибди, уни роҳи ростга тўғирлаб қўй. Кўзларимга қарагин, бўталоғим – мен ахир сени дунёга келтирган ва суйиб эркалагувчи онанг эмасманми?!
Шаҳзода бош силтаб, истамайгина жавоб қилди:
− Худо шоҳид, дилингга озор бермоқлик мен учун жудайла оғир, аммо рости шулким, сенинг чеҳрангни илгари ҳеч қачон кўрган эмасман.
Аёл яна ерга чўккалади ва юракни эзиб юборувчи чинқириш ва ариллашларга киришиб кетди.
− Наилож! Масхарабозликни давом эттираверинг! – қичқирди Кенти. – Эй, сизлар – Нэн ва Бэт! Адабсиз чувриндилар! Шаҳзода қаршисида бу қандай туриш бўлди? Тиз чўкларинг, қашшоқваччалар, соҳибларингга тузукроқ таъзим қилларинг! – Шу сўзларни айтгач, яна қўпол кулгиси бошланди.
Қизлар қўрқа-писа акаларини ҳимоя қилмоқчи бўлишди.
− Уни ухлашга жўнатақолинг, ота! – деди Нэн. – Тиниқиб ухлаб, дамини олсин. Тонггача эси жойига келиб қолар. Тезроқ ётиб ухлашни буюринг.
− Ҳа, тўғри, тезроқ жойига чўзилсин, − гапга қўшилди Бэт. – Бугун қанчалик силласи қуриганини кўрмаяпсизми? Шу тун ҳордиқ чиқариб олишига имкон берсангиз, у эртага ҳафсала билан садақа сўрашга тутинади ва ҳар ҳолда уйга қуруқ қўл билан қайтмасликка ҳаракат қилади.
Бу сўзлар отани хушёр торттирди ва шу ондаёқ унинг мастона қувноқлигидан асар ҳам қолмади. Унинг ўй-фикри тирикчилик ўзанига тушиб олди. Кенти жаҳл билан шаҳзодага ўгирилди ва тўнғиллади:
− Эртага биз мана шу вайронанинг эгасига икки пенс ижара ҳақи тўлашимиз лозим. Ярим йилга икки пенс… ҳазилакам тўлов эмас… Акс ҳолда ҳаммамизни кўчага улоқтиради. Бугун тўплаган пулингни кўрсат! Сен танбалга ўзи садақа сўраш ҳам доим малол келади.
Шаҳзода аччиқланди:
− Қўланса айбловларинг билан каминани ҳақорат этма! Сенга такрор айтаман: камина – подшоҳзода эрур.
Гурсиллаган товуш эшитилди – Жон Кентининг залворли қўли баланд кўтарилиб шаҳзоданинг елкасига тушди. Агар Томнинг онаси уни тутиб қолмаганида болакай ерга гумбирлаб йиқилган бўларди; мазлума аёл уни ўз бағрига маҳкам босиб муҳофаза қилганича, бетиним тушаётган мушт ва тепкиларга ўз танасини тутиб берди. Қўрқиб кетган қизлар ўзларини кунжакка уришди, ғазабдан бутун вужуди ёниб турган кампир эса ўғлига кўмакка шошилди. Шаҳзода шу пайтда Кенти хонимнинг қучоғидан отилиб чиқиб, қичқириб қолди:
− Сиз мен туфайли жабр кўрмаслигингиз даркор, хонимойим! Манави чўчқалар ёлғиз ўзимни хўрлайқолишсин.
Бу сўзларни эшитган “чўчқа”лар қайтадан шу қадар қутуриб кетишдики, қўққисдан шаҳзодага ташланиб, ўласи қилиб калтаклашди. Болага ачинган қизларни ва онани ҳам ҳар эҳтимолга қарши ўбдан савалаб қўйишди.
− Энди эса, − амирона буйруқ берди Кенти, − ҳаммангиз ухланг! Бу томошадан ўзим ҳам зерикиб кетдим.
Мойчироқлар ўчирилиб, бутун оила уйқига кетди. Жон билан кампир хурракларини бошлагач, қизлар шаҳзода ётган жойга эмаклаб келишди ва уни совуқдан асраб, меҳрибонлик билан устига похол ва увадаларни ёпиб қўйишди. Кейин она ҳам шу тарафга ўрмалади ва боланинг сочларини силаган кўйи тушунарсиз алланималарни унинг қулоғига шивирлаганича, ачиниб йиғлаб, овутиб ўтирди. У “ўғли”га олиб қўйган озгина егуликни унинг оғзига тутди, аммо жони оғриб турган боланинг ҳозир иштаҳаси йўқ эди. Ҳар ҳолда қаттиқ, қоп-қора куйинди нон бўлаги уни ўзига жалб эта олмади.
Шаҳзода муштипар аёлнинг ҳамдардлиги ва мардона ҳимоясидан таъсирланди ва нафис ибораларда миннатдорлик изҳор этгач, унга энди ухлашни ва ўз қайғусини унутишни маслаҳат берди. Ва яна “қирол отаси унинг садоқати ва меҳрибонлигини мукофотсиз қолдирмаслиги”ни ҳам қўшиб қўйди. Ўғлининг бу янги телбавор “тутқаноғи” бечора онанинг юрагини қайтадан бурдалади; аёл уни қайта-қайта бағрига боса-боса ниҳоят кўз ёшларини оқизган кўйи ўз ўрнига томон кетди.
У барча бўлиб ўтган воқеаларни ўйлаб йиғлаб ётар экан, хаёлини бир фикр эгаллаб ола бошлади: бу болада қандайдир сезилмас, пинхоний бир нимадир борки, Том Кентида – у ақли расо бўладими ёхуд телбами, ушбу хислат мутлақо йўқ эди. Аёл айнан нима ўзида бундоқ шубҳа-гумон уйғотганини айтиб бера олмасди, аммо оналик туйғуси бу болакай унга бегона эканини ботинан билдириб турарди. Ростдан ҳам у ўзининг ўғли бўлмаса-чи? О, йўқ, бу бемаънилик! Она ўзидаги гумону қайғуларга қарамасдан, шу фикри учун хижолат бўлиб, бир жилмайиб қўйди. Лекин ўша фикр шуурини тарк этмаётганини тез орада фаҳмлаб етди. Бу хаёл уни таъқиб этиб юрар, уят ва номус ўтида ёндирар, азоблаб қийнар эди. Аёл бу фикрни ўз онгидан қувиб чиқаришга қодир эмасди. Ниҳоят у болани жиддий синовдан ўтказиб, унинг ўз ўғли ёки бегона эканини аниқламагунича узлуксиз ва азобли шубҳа-гумонлардан холи бўлолмаслигини тушунди. Ҳақиқатан ҳам барча ташвишлардан қутулишнинг ягона йўли айнан шу чора эди. Аёл энди қандай синовга қўл ургани маъқул эканини ўйлай бошлади; у ақлан қай бир йўсинни танламасин, ўзи ўйлаб топган синовларнинг бирортаси ҳам мутлақо тўғри ва мутлақо ишончли бўлиб туюлмасди. Қўлланадиган тадбир ишончли эмасми, демак яроқли ҳам эмас. Чамаси, у бекорчи нарсаларга бошини оғритяпти, яхшиси бу бу ғалвадан бош тортиб қўяқолади. Лекин айнан шу ачинарли хулосага келган лаҳзада боланинг енгил ва бир текис нафас олаётгани қулоғига кирди: унинг уйқуга кетганига шубҳа йўқ. Аёл боланинг сокин нафас олишига қулоқ тутиб ётди. Уйқудаги бола бир пайт паст овозда қичқириб юборди – одам фақат қўрқинчли туш кўрсагина додлаб қолиши мумкин. Мана шу тасодиф онанинг миясига барча режаларидан жўялироқ бир синов тадбирини жойлаб қўйди. У телбавор шошқалоқлик билан, аммо шовқин кўтармасдан шаъмни ёқар экан, тинмай минғирларди: “Агар у бақириб қолган пайтида кўриб улгурсам эди, ҳақиқатни дарровгина билиб олган бўлардим. У гўдак чоғидан бери – яъни кўз олдида оловкукун портлаган кундан бошлаб, кўзларини кафтининг ички томони билан эмас, балки ташқи томони билан ёпиб олиши одатга айланиб қолган. Ундан бошқа ҳеч ким юз-кўзини кафтининг ташқи томони билан ҳимояламайди. Том ухлаган пайтда ёки чуқур хаёлга толган маҳали қўққисдан чўчитиб юборилса, айнан мана шу ҳаракатини такрорлайди. Мен бунга юзлаб марта гувоҳ бўлганман; у доим шу тарзда, бир хил ҳаракатни амалга оширади. Энди мен уни таниб оламан, ҳақиқатни мана шу усулда аниқлайман!”
Аёл қўлида шаъм тутиб, унинг алангасини кафти билан тўсиб, ухлаётган болага асталик билан яқинлашди ва секингина унинг бошида энгашди. Ҳаяжонининг зўридан аранг нафас олиб, тезликда шаъмни боланинг кўзларига яқинлаштирди ва шу заҳотиёқ алангани тўсиб турган қўлини тортиб олиб, бармоқларини унинг қулоқлари ёнида қарс-қарс қилиб қаттиқ шақиллатди. Уйқудаги болакай чўчиб, кўзларини кенг очди, атрофга гарангсиб алаҳсираган кўйи тикилиб қаради, лекин бошқа ҳеч қанақа ўзига хос ҳаракатлар қилгани йўқ.
Шўрлик она ҳайрат ва қайғудан эс-ҳушини йўқотай деди, лекин ўз ташвишини яширишга уринган кўйи болани эркалаб тинчлантирди, ва у яна уйқига кетди. Кейин аёл ўз синов тадбирининг қўрқинчли оқибати ҳақида қайғули ўй-хаёлларга ботганича, боладан узоқлашди. У Том ўзининг телбалиги таъсирида одатий хатти-ҳаракатларини унутиб қўйганига ўзини ишонтирмоқчи бўларди-ю, аммо ҳеч бунинг уддасидан чиқа олмасди.
“Йўқ, − ўйлади у. – Боланинг ақли ноқис бўлиб қолгани билан қўллари ақлдан озиб қолмайди-ку?! Қўл деган нарса қисқа вақт ичида ўз кўникмаларидан айрилиши мумкин эмас. Оҳ, шу кун мен учун қанчалар ҳам оғир келди-я!”
Энди унинг юрагидаги саркаш шубҳалари худди шундоқ қайсар умид билан ўрин алмашди. Аёл аниқ-тиниқ билиб олган ҳақиқатига бўйин эгмоқликка ҳеч ўзини мажбурлай олмади. “Яна бир марта уриниб кўриш керак. Бу сафарги муваффақиятсизлик – шунчаки тасодиф”. Она шу туннинг ўзидаёқ орадан муайян бир муддатни ўрказиб, иккинчи марта ва кейин учинчи маротаба болани уйқисида қўққисдан чўчитиб кўрди. Лекин шаҳзода барибир талмовсираган ҳолатида ҳам қўли билан ҳеч қандай ҳаракатни амалга оширгани йўқ. Аёл қайғу-аламга ботиб, ўрнигача зўрға етиб олди ва силласи қуриган ҳолида аранг ухлай олди.
“Лекин барибир мен боламдан воз кеча олмиайман! Йўқ, хоҳламайман. Бунга иложим ҳам, истагим ҳам йўқ. Бу бола менинг ўғлим эмаслиги ҳақидаги фикрга йўл қўя олмайман”
Она шўрлик шаҳзодани ортиқ безовта қилмай қўйгач, боланинг қайғу-аламлари озгина бўлса ҳам тарқаб, чарчоқнинг зўри барча аҳволу руҳиятлардан устунлик қилди ва киприклари қаттиқ ва сокин уйқу учун маҳкам ёпилди. Соатлар ўтиб борар, у эса худди жонсиздай қимир этмай ухлаб ётарди. Тўрт ёки беш соат вақт шундай осудаликда ўтди. Кейин шаҳзоданинг карахтлиги тарқаб, уёқ-буёққа типирчилади ва уйқи орасида минғирлаб қўйди:
− Уилям афанди!
Бирор дақиқа вақт ўтгач яна:
− Уилям афанди!
Сўнг яна:
− Уилям Герберт афанди, ҳузуримга кел, қандай ғалати туш кўрганимни бир тинглагин-а… Бунақа тушни умримда ҳали кўрган эмасдим! Уилям афанди, эшитяпсанми? Гўёки мени бир гадовачча билан алмаштириб қўйишганмиш, мен чувриндига айланиб қолибман ва… Эй, бу ёққа! Соқчилар! Уилям афанди! Бу қандай тартибсизлик? Ётоқхонам остонасида навбатчи мулозим ҳам йўқми? Ҳали мендан кўрасизлар! Адабларингни бериб қўяман!…
− Сенга нима бўлди? – шивирлади шу пайт қандайдир нотаниш овоз. – Кимни ҳузурингга чорлаяпсан?
− Уилям Герберт афандини. Сен ўзинг кимсан?
− Менми? Опанг Нэн бўлмасдан яна ким ҳам бўлишим мумкин? Вой ўлай! Том, қара, бутунлай ёдимдан чиқиб кетибди! Сен ахир телба бўлиб қолгансан-ку! Бечора укагинам! Сенинг ақлдан озганингни кўрганимдан кўра уйғонмай қўяқолганим минг марта афзал эди. Лекин илтимос, тилингни тийиб юргин, акс ҳолда ҳаммамизни ўласи қилиб савалашади!
Шаҳзода ҳайрат ичида ердан даст кўтарилмоқчи бўлди-ю, лекин кечаги дўппослашларнинг қаттиқ оғриғи ўзини кўрсатгач, инграганича яна ифлос похолга ўзини ташлади.
− Афсус! Демак, булар ҳаммаси тушим эмас экан-да! – хитоб қилди у.
Қаттиқ уйқига кетган пайтида унут бўлган барча азобу кўргиликлари яна унинг шуурига қайтди: у энди ҳукмдорнинг суюкли ўғли эмаслигини, халойиқ ўзига ҳавас билан боқмаслигини; фақат ёввойи ҳайвонларгагина муносиб бўлган ифлос кулбада яшаётган, ўғри ва гадоларнинг жамоатида кун кўриб юргувчи қашшоқ, жулдур, келгинди банди эканини эслади.
Шу қайғули хаёлларга чўмган кўйи у яқин атрофда, қўшни уйлардан бирида кўтарилган шовқин-суронни тез англаб ололмади. Бир оздан сўнг уй эшиги қаттиқ тақиллади. Жон Кентининг хурраги тўхтаб, уйқисираган овози эшитилди:
− Эшигимни тарақлатаётган аблаҳ ким? Сенга нима керак?
У тарафдаги овоз жавоб қилди:
− Сен сўйил билан кимнинг суробини тўғри қилиб қўйганингни биласанми?
− Билмайманам, билишниям истамайман.
− Ҳозир кимлигини айтганимдан кейин бошқача сайраб қоласан. Агар бўйнинг сиртмоққа тиқилишини хоҳламасанг, бу ердан туёғингни шиқиллатиб қол! Агар улгуролсанг албатта. Ўша одам жон таслим қиляпти. У бизнинг роҳибимиз – ҳазрат Эндрю экан.
− Тангрим, ўзинг асра! – қўрққанидан бўкириб юборди Кенти. У бутун оиласини уйғотди ва овози хириллаб буйруқ берди: − Ҳамманг тез ўрнингдан туриб, тирақайлаб қочларинг! Ким шу ерда қолса, жонидан айрилади!
Орадан беш дақиқа ҳам ўтмасдан Кенти оиласи ўз ҳаётини асраб қолиш учун тор кўчада шаталоқ отиб борарди. Жон Кенти шаҳзодани қўлидан ушлаб олганича, қоронғи тор йўлкадан судраб бораркан, тинмай бир гапни шивирлаб, боланинг қулоғига қуйиб кетмоқда:
− Ёдингда бўлсин, эси паст тентак, исм-шарифимизни ҳеч қаерда оғзингга ола кўрма. Миршаб кўппакларни чалғитиш учун мен ўзимга янги насл-насаб тўқиб оламан. Айтиб қўяй – тилгиначангни тийиб юр!
Кейин бошқаларга ириллади:
− Агар бир-биримизни йўқотиб қўйсак, ҳар биттанг Лондон кўпригига югурларинг. Энг чеккадаги мовутфурушнинг дўконига етиб боргач, ўша ерда бир-бирингни кутинглар. Кейин ҳаммамиз Саутворкка жўнаймиз.
Айни шу пайтда Кенти оиласи кутилмаганда қоронғиликдан чароғон ёруғликка чиқиб қолди ва Темзага уланиб кетган майдонга, оломон энг зич тўпланган жойга кириб келди. Омма куйлаган, рақс тушган, қийқирган; дарёнинг пастига ва юқорисига қараб чўзилган соҳилбўйи худди гулханлардан тортилган ҳошияга ўхшайди. Лондон кўприги кўзни қамаштирар даражада нурли ёритилган, Саутворк кўприги ҳам худди шундай кўринишда. Бутун Темза машъалаю шаъмларнинг ёлқинидан ярқирайди. Ҳар дақиқада кўкка интилган мушаклар қарсиллаб ёрилиб турибди, ва осмондан чақноқ учқунлар тўкилиб, туннинг зулматини кундузги ёруғликка айлантириб юбормоқда. Қаерга қараманг, кишилар сайр қилмоқдалар, кайф-сафо авжида, гўё бутун Лондон кўчаларга ёпирилиб чиққандай.
Жон Кенти мириқиб сўкиниб, кўнглини бўшатиб олди ва ўз йўлдошларига қоронғилик қаърига қайтишни буюрди. Лекин бу буйруғи андаккина кечикканди. Унинг ўзи ҳам, оиласи ҳам ари уясидай қайнаб турган одамлар ҳалқасининг қамровида қолиб кетган ва ҳаммалари бир-бирларидан буткул ажралиб бўлган эдилар. Аммо шаҳзода бу оилага жуда керак бўлгани боис, Жон Кенти бир лаҳзага ҳам унинг қўлини ўз чангалидан бўшатгани йўқ. Боланинг юраги бандиликдан қутулиб кетиш умидида хушҳол питирлаб уриб турибди. Кенти оломон орасидан суқулиб ўтиб кетиш мақсадида барзанги бир қайиқчини қаттиқ туртиб юборди. Шароб кайфидан қизишиб турган паҳлавон темир қисқич каби бақувват улкан панжаси билан унинг елкасидан маҳкам тутди:
− Қаёққа шошяпсан, ошна? Барча виждонли одамлар ва аъло ҳазратларининг фуқаролари байрамни нишонлаётган бир пайтда юрагингга қўланса турмушнинг ифлос ташвишлари қандоқ сиғяпти?
− Бировнинг ишига тумшуғингни тиқма, − қўполлик билан жавоб қилди Кенти. – Панжангни елкамдан олгин-у, дарҳол ўтказиб юбор.
− Йўқ, акаси, агар жўнаб қолмоқчи бўлсанг, у ҳолда Уэлс шаҳзодасининг саломатлиги учун битта бардоқни даст кўтарасан. Буни сенга аканг қарағай айтяпти: акс ҳолда ҳеч қаёққа ўтмайсан! – деди қайиқчи жаҳл билан унинг йўлини тўсиб.
− Бўпти, шаробингни қуяқол, фақат тезроқ бўл, мен жуда шошяпман!
Шу орада бошқа бекорчилар ҳам бу манзарага қизиқиб қолишди.
− Муҳаббат товоғи! Муҳаббат жоми! – қичқира бошлашди атрофдагилар. – Манави қўрстабиатга муҳаббат жоми14ни тутинглар, акс ҳолда уни дарёга улоқтириб, балиқларга ем қиламиз!
Улкан муҳаббат жомини келтиришди. Қайиқчи товоқнинг битта бандидан тутди ва иккинчи қўли билан зиёфат сочиғини ушлади ҳамда товоқни Жон Кентига яқинлаштирди. У ҳам товоқнинг бошқа бандидан тутиб, иккинчи қўлини товоқнинг қопқоғини очиш учун чўзди. Шу боис шаҳзоданинг қўлини биргина лаҳзага қўйиб юборишга мажбур бўлди. Шаҳзода эса вақтни бой бермасдан, шу заҳотиёқ ўзини қуршаб турган одамлар тўдасининг оёғи орасига шўнғиди ва Жон Кенти билан хайр-маъзурни қиёматга насия қилиб жўнаворди… Энди уни денгиздай чайқалиб турган оломон орасидан топиб олишдан кўра, Атлантика уммонининг қаърига ташланган олти пенслик тангани олиб чиқиш осонроқ эди.
Шаҳзода буни англаб етган заҳотиёқ Жон Кенти ҳақидаги ўй-фикрларни хаёлидан чиқариб, ўз шахсий ишлари билан шуғулланмоққа киришди. Унга энди ҳақиқат ҳам аниқ-равшан эди: шаҳар аҳолиси унинг ўрнига сохта Уэлс шаҳзодасини шарафламоқда.
Бундан валиаҳд шундай хулосага келдики: митти қашшоқ Том Кенти ўзининг ғайриоддий ҳолатининг устуворлигидан фойдаланиб, номуссизлик ила унинг ҳокимиятини эгаллаб олибди.
Демак, шаҳзоданинг биргина чораси бор – шаҳар ҳокимлигига йўл топиб, ўша ерга кириш ва сохтагарни фош этиш. Шаҳзода шу заҳотиёқ ҳукм чиқариб, Том Кентига марҳамат кўрсатишга, яъни унинг тангри олдида тавба-тазарру қилиб олиши учун бир неча кун муҳлат беришга қарор қилди. Кейин эса аввал дорга торттиради, сўнг оёғидан остириб қўяди, ундан кейин давлатга хиёнат қилганликда айбланувчиларни жазолаш тўғрисидаги қонунга кўра уни тўрт нимта қилиб бурдалаттиради.
ХI БОБ
ШАҲАР ҲОКИМЛИГИДА
Шоҳона япасқи кема ярқираб турган ҳарбий кемаларнинг жамланмаси кузатувида, Темза бўйлаб ранг-баранг чироқлар билан ёритилган кўплаб бошқа кемалар орасидан дарёнинг қуйи тарафига сузиб бормоқда. Ҳаво мусиқа оҳангларига тўйинган, дарё қирғоқларида байрам машъалаларининг алангаси ўрмондай чайқалади; олисда ястаниб ётган шаҳар кўзга кўринмас сон-саноқсиз гулханларнинг ёлқинидан ҳосил бўлган сержилва нафис шафаққа бурканган; гулханлар ёғдуси узра олов учқунлари билан безанган ингичка минора учлари юксалиб турибди. Олисдан бу учликлар қимматбаҳо тошлар билан безатилган найзаларга ўхшаб кўринади. Кемалар жамланмасини бутун йўл бўйлаб қирғоқлардаги чарчоқни тан олмаётган оломоннинг хирқироқ қийқириқлари ва тиним билмас замбаракларнинг тантанавор гумбурлари шарафламоқда.
Ипак ёстиқларга ястаниб олган Том Кенти учун бу шодон шовқин-сурон ва ушбу манзара беқиёс даражада ғаройиб, ҳайратомуз бир мўъжиза эди. Аммо унинг ёнгинасида ўтирган ёш ойимқизларда, малика Элизабетда ва Жэн Грей хонимойимда бу томошалар мутлақо таассурот уйғотмади.
Даугейт яқинида кемалар жамланмаси Уолбрукнинг шаффоф сувлари бўйлаб (нақ икки асрдан бери унинг ўзани бир неча чақиримга чўзилиб кетган биноларнинг пойдеворлари остида кўмилиб кетган) Баклсберига бурилди. Байрамона ёритилган ва хушчақчақ бекорчи оломон билан тўла уйлар ва кўприклар ёнидан сузиб ўтгач, ниҳоят қадимий Лондон шаҳрининг қоқ марказига, ҳозирда Барж Ярд жойлашган ҳавзага келиб тўхтади. Том башанг кийинган аъёнлари даврасида қирғоққа тушди, Чипсайдни кесиб ўтди, Эски Журини ҳамда Безингхолл кўчасини тезгина оралаб ўтгач, шаҳар ҳокимлигига етиб келди.
Том ва унинг ҳамроҳлари лорд ҳоким ҳамда байрамона қип-қизил чакмонлар кийган ва бўйинларига олтин занжирлар осган шаҳар казо-казолари томонидан муносиб тантана ила кутиб олиндилар. Уларни катта хосхона орқали тепасига хашамдор чойшаб тутилган шоҳона миз атрофига кузатиб келишди. Олдинда удайчилар уларнинг ташриф буюрганларини эълон қилиб бормоқдалар, шунингдек, шаҳар мансабдорларининг рутбаларини билдирувчи асо ҳамда қилич тутган лавозим эгалари ҳам йўл бошлаб келишмоқда. Томга ҳамда икковлон маликаларга хизмат қилиш учун таъйин этилган киборлар ва хонимлар уларнинг ўриндиқлари ортига ўтиб турдилар.
Бундан пастроқ бошқа бир мизнинг атрофига акобирлар ва бошқа номдор меҳмонлар шаҳарнинг казо-казолари билан биргаликда жойлашдилар; жамоат йиғини аъзолари хосхонанинг ўрта қисмига алоҳида қилиб терилган кўплаб майда мизчалар ёнига ўрнашишди. Шаҳарнинг қадим қўриқчилари бўлмиш Гог ва Магог15нинг ҳайбатли ҳайкаллари ўзлари учун одатий ҳолга айланиб қолган бу манзарага баланд тагликларидан бепарво қараб туришибди: уларнинг кўз олдида қанча авлодлар алмашиниб, аллақачонлар унут бўлиб ҳам кетганлар.
Карнайлар наъра тортди, удайчилар тушлик бошланганини эълон қилдилар, чап девор олдидаги тахтасупада хўппасемиз бош қарол кўринди. Унинг ортида бир нечта хизматкорлар қовурилган буқанинг нақ ярмини тантанавор тарзда кўтариб келишмоқда. Қайноқ, жизиллаб буғланиб турган, баковулнинг ўткир пичоғига мунтазир бу нимтани ҳақиқий шоҳона қовурма дейиш асло муболаға бўлмагай.
Ибодатдан сўнг Том (унга олдиндан ўргатиб қўйишган эди) ўрнидан турди (ундан кейин бошқалар ҳам) ва улкан олтин “муҳаббат жоми”дан ичкилик хўплади, сўнг уни малика Элизабетга узатди, у эса ўз навбатида − Жэн хонимойимга тутди. Сўнг товоқ бутун хосхонани айланиб чиқди. Шу аснода зиёфат ҳам бошланиб кетди.
Қоқ ярим тунда, базми жамшид авжига чиққан бир паллада оломонни бизнинг аждодларимиз ниҳоятда завқланган томошалардан бири билан сийлашди. Унинг баёни шу ҳодисага гувоҳ бўлган тарихчининг ғаройиб ҳикоясида ханузгача сақланиб қолган:
«Махсус жой тайёрланиб, у ерга туркона удумга кўра кийиниб олган граф бирла барон кириб келдилар. Эгниларида олтин мунчоқлар сочма қилиб қадалган ипак парча ила нақшланган хилъат; бошлариндаги тўқ қизил ранглик бахмал салла олтин чилвир ила ўрма қилинган; ҳар бирининг ёнбошида − кенг олтин қайишга ятаган деб аталгувчи иккитадан шамшир илинган. Аларнинг ортидан эрса энламасига тарам-тарам оқ чизиқли ва ҳар бир оқ чизиғи қизил йўл билан ҳошияланган сарик атлас тўн кийган бошқа бир барон ила граф кетиб боришмоқда; бу икковлон ўрис удумига кўра кулранг мўйна қалпоқ ҳамда бачкана, яъниким тумшуғи узун қилиб юқорига қайрилган этик кийиб олишган (қайирмаси росмана бир қаричдан ошади); тағин ҳар бири қўлида табар тутган. Улардан кейинда қандайдир жўмардтўра бормоқда, унинг ортидан эса лорд-амиралбаҳр ҳамда тўқ қизил бахмал камзил кийган беш нафар аслзодалар: камзилларининг орқаси пастроқдан ўйилган, олд томони эса ўмровигача қирқиб қўйилган, кўксиларида кумуш занжирлари ўралишиб кетган; камзилларининг устидан тўқ қизил атлас ёпинчиқ ташлаб олишган, бошларида қирғовул патлари қадалган қалпоқ – шунга ўхшаган қалпоқларни асосан раққослар кийиб юришади – хуллас, булар прусс одатича безаниб олишган. Сўнг машъалбардорлар кўриниш бердилар, улар юз кишига яқин эдилар. Худди занжилар каби қизил ва яшил атласдан либослар кийиб олишган; ҳаммаларининг афтлари қоп-қора. Кейин безанганлар пайдо бўлишди – ҳар турлик қиёфадаги ниқобларда. Сўнгра машшоқлар чиқиб келишди ва шу заҳотиёт рақс бошлаб юборишди, уларнинг ортидан эса лордлар ва хонимлар шунақанги жазава билан ўйинга тушиб кетдиларки, уларни томоша қилиш ниҳоятда завқли эрди!»
Том ўз шоҳсупасида бу “жазава”га маҳлиё бўлиб, ҳов пастда рангдор либосларга бурканган гавдаларнинг телбавор чирпирашидан ҳосил бўлаётган турфа бўёқлар қурамасидан сархуш турган пайтда чиркин увадаларни устига илиб олган ҳақиқий Уэлс шаҳзодаси ҳокимлик биноси олдида ўз ҳуқуқи ҳақида бақириб-додлаб эълон қилар, аламли қисматидан шикоятланиб, ичкарига киритишларини талаб этар, хуллас, сохта шаҳзодани фош этишга беҳуда уринмоқда эди. Бу эса оломонга фавқулодда бир кўнгилхушлик бағишларди; текин томоша ишқибозлари кичик исёнчига бир назар ташлаб қўймоқлик мақсадида олдинга интилишади, ғозланиб бўйниларини чўзишади. Кейин эса эрмак учун болани гижгижлаб, мазаҳ қилишни бошлаб юборишди ва уни янада қаттиқроқ қаҳрлантиришга урина бошлашди. Шаҳзода эса аламидан йиғлар ҳолатга келди-ю, лекин шоҳона бир мағрурлик билан ўз сўзида бардавом ва собит турган кўйи, оммага кибр билан тикилди. Масхаралашлар кучайганидан кучайиб бораверди, янги-янги ҳақоратлар боланинг ғазабини орттириб юборди ва у ниҳоят жаҳл билан дўқ уриб қолди:
− Эй, адабсиз кўппаклар тўдаси! Сизларга айтяпман-ку – камина Уэлс шаҳзодаси эрур! Мен ўзим якка-ёлғизланган, дўстларимдан ажралиб қолган бўлсам-да, менга бир яхши сўз айтгувчи ёинким кулфатда қолганимда кўмак бергувчи кишим йўқ эса-да, мен барибир ўз ҳақ-ҳуқуқларимдан воз кечмагайман ва аларни қонунан талаб этгайман!
− Сен ростдан шаҳзодамисан ёхуд ҳеч қанақа шаҳзода эмасмисан – камина учун фарқсиз. Аммо кўриб турибманки, жасур ва матонатли бола экансан: бундан сўнг дўстинг йўқ эканини айтмоққа асло ботина кўрма! Мен ёнингда туриб, сенга елкадош бўламан ва ўша фикринг хато эканини исботлайман. Қасам ичиб айтаманки, Майлс Гендон сен ўзингни уринтириб, излай-излай дўст сифатида топишинг мумкин бўлган кимсалар ичида унчалик ҳам ёмони эмас. Тилингга бир оз ҳордиқ бер болакай, мен эса манави исқирт каламушларга ўзлари тушунадиган тилда сабоқ бериб қўймоқчиман.
Шаҳзодага мурожаат этаётган одам баланд бўйли, жуссадор, мушаклари бўртган бир киши эди. Кийиниши, ўзининг хатти-ҳаракатлари ва ҳатто ташқи кўринишидан ҳам у Сесар де Базан16га ўхшашиб кетарди.
Унинг камзили ва чолвори қиммат матодан тикилган, аммо кейинчалик ранги кетиб, кийилаверганидан иплари тўзиган, зар уқалари хиралашиб кетган; ёқасининг қатлари ғижимланиб, тешилиб қолган, шляпасининг кенг айвони пастга қайрилиб турибди; шляпасига қадалган пат эса синган, ифлосланиб кетган, хуллас бу бош кийим кўрган кишининг энсасини қотирадиган даражада аллақачонлар расвоси чиқиб бўлган эди. Нотаниш одамнинг ёнбошида занглаб кетган темир қинга солинган қилич осилиб турибди. Бу жанобнинг қадам ташлашиёқ унинг таптортмас жанжалкаш эканидан дарак бериб турарди. Бу ёввойисифат жангарининг сўзлари омматан мазаҳли сўзлар ва масхараомуз қаҳқаҳалар билан кутиб олинди, унинг шаънига ҳар томондан бақириқ-чақириқлар ёғила бошлади: «Мана яна битта шоҳона кийинган шаҳзода!» − «Тилингни тий, ялангоёқ, тағин бошингга бало орттириб юрма!» − «Кўзлари ёвуз боқишини қара бунинг!» − «Болани дайдининг ёнидан буёққа судраб келинглар, итваччани ҳовузга улоқтирамиз!»
Оломонга мойдай ёқиб тушган бу бемаъни фикрни шу ондаёқ амалга ошириш учун бекорчилардан бири шаҳзодани ёқасидан тутди, аммо нотаниш ҳимоячи дарров қиличини яланғочлаб, сурбетни битта жарангдор зарба билан чалқанчасига ағдарди. Шу заҳотиёқ ўнлаб овозлар бараварига бўкиришга тушди: «Ўлдир бу кўппакни! Ур уни! Ўлдирамиз!»… Омма ёқимсиз чинқириқ билан жангчига ташланди; у деворга суяниб олди ва узун қиличини ҳар томонга телбавор селпиганича, ҳамла қилаётганларни ҳар томонга ирғита бошлади. Қурбонлар ўнгга ҳам, сўлга ҳам бетиним ағдарилмоқда, аммо дарғазаб оломоннинг тобора қаҳри кучайиб, қаҳрамонга томон янада кучлироқ ваҳшат билан босиб кела бошлади. Энди жангчининг куни битгани аниқ, ажали эса таъйин бўлиб қолди ва айни шу пайт хабар карнайи наъра тортиб, жарчининг қудратли овози гумбурлади:
− Подшоҳ чопарига йўл беринг!
Ҳарбий отлиқлар бўлинмаси оломонннинг устига йўртиб келмоқда. Халойиқ ҳар томонга тарқалиб, жон аччиғида тирақайлаб қолди. Жасур нотаниш ҳимоячи эса шаҳзоданинг қўлидан тутди-ю, шаҳдам қадамлар билан бир зумда оломондан нарига, бехатар масофага узоқлашиб олди.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?