Текст книги "ШАҲЗОДА ВА ГАДО"
Автор книги: Марк Твен
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 5 (всего у книги 15 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]
Энди биз ҳам ҳокимлик биносига қайтақолайлик. Бир маҳал шохкарнайнинг тиниқ ва жарангдор наъраси хосхонага ёриб кириб, зиёфат қатнашчиларининг шодон, сархуш шовқинларини босиб кетди. Шу ондаёқ бинога сокинлик чўкди ва унсиз жимлик бағрида биргина овоз – саройдан юборилган жарчининг кучли товуши янгради. Жамоат баравар ўрнидан турди ва бутун вужудлари қулоққа айланди.
Чопарнинг нутқи тантанавор хитоб билан якун топди:
− Қирол ўлди!
Худди буйруқ берилгандай, ҳаммалари бошларини қуйи эгдилар ва бир неча лаҳза сукутда қолдилар. Сўнг барчалари Томнинг қаршисида тиз букиб, қўлларини у томон чўзганларича, бор овозлари билан хитоб қилдиларки, бу садодан бутун бино титраб кетгандай бўлди:
− Яшасин қирол!
Томнинг кўзлари ушбу ажабтовур манзарадан қамашиб, ҳар томонга безовта назар ташлашга тутинди ва ўз қаршисида тиз чўкиб турган маликаларнинг юзларида тўхтади, сўнг лорд Гертфордга боқди. Боланинг юзида қатъият ифодаси зоҳир бўлди. У лорд Гертфордга қараб эгилди ва унинг қулоғига шивирлади:
− Менга ростини айт, виждонган ва чин дилдан гапир! Агар мен ҳозир подшоҳдан бошқа ҳеч ким журъат эта олмайдиган бир буйруқ берсам, ўша буйруқ ижро этиладими? Ҳеч ким ўрнидан туриб, «йўқ» дея хитоб қилмайдими?
− Йўқ, ҳазрати олийлари, бунга ушбу қиролликда ҳеч бир одамнинг ҳадди сиғмайди. Сенинг тимсолингда Англия ҳукмдори амр этади. Сен − подшоҳсан, сенинг амринг – қонун.
Шундан сўнг Том қатъий овозда, қизғин, зўр бир кўтаринкилик билан фармон берди:
− Бу кундан бошлаб подшоҳнинг амри шафқат қонуни бўлгай, асло қон тўкиш қонуни бўлмагай. Қаддингни кўтар ва Тауэр17га шошил! Подшоҳ амрини эълон қил: Норфолк герцоги тирик қолдирилсин!
Бу сўзлар шу ондаёқ атрофга тарқалиб, оғиздан оғизга ўтиб, хосхонага ёйилди. Гертфорд ҳали остонадан ўтиб улгурмасидан бино деворлари қулоқни қоматга келтирувчи ҳайқириқлардан ларзага келди:
− Қон салтанати таназзул топди! Яшасин Эдуард – Англия қироли!
XII БОБ
Шаҳзода ва унинг халоскори
Оломон орасидан чиқиб олгач, Майлс Гендон ва кичик шаҳзода пастқам ховлилар ва хилват кўчаларни оралаб дарё томонга кетдилар. Улар осонгина, тўсиқларга дуч кемасдан Лондон кўпригига етиб олишди, лекин бу ерда яна гавжум оломон орасига тушиб қолдилар. Гендон шаҳзодани – йўқ, қиролни – қўлидан маҳкам ушлаб олган. Оламшумул янгилик бутун шаҳар бўйлаб тарқалиб бўлган, ва бола минглаб овозлар бараварига такрорлаётган сўзларни эшитиб борарди: «Қирол ўлди!» Бу хабардан бахтсиз, бошпанасиз етимнинг юрагига муздай алам игналари санчилди ва бечоранинг бутун вужуди қалтираб кетди. Бола бу йўқотишнинг мусибатини англаб етди ва бундан қаттиқ қайғу чекди. Чунки ҳамманинг юрагига даҳшат солиб келган ўша шафқатсиз мустабид кимса болакайга доим меҳрибон ва мулойим эди. Боланинг шўр ёшлари кўзларини тўлдирди ва атрофдаги ҳамма нарса унга худди туманга буркангандай хира кўрина бошлади. Шу лаҳзаларда у ўзини дунёдаги энг ташландиқ, энг қувғинди ва энг кераксиз мавжудот каби ҳис эта бошлади. Аммо шу ондаёқ бошқа хитоблар тунни худди гулдурак гумбури каби кесиб, унинг шууригача етиб келди:
− Яшасин қирол Эдуард Олтинчи!
Шу сўзлар айтилиши билан шаҳзоданинг кўзлари чақнаб кетди, у сочининг учидан товонигача қиздириб ўтган ғурурдан типирчилаб қолди.
«Эҳ, − энди ёқимли хаёлга берилди у, − бу қандоқ ҳам ажойиб ва қанчалар ғалати туйғу: Камина − Қирол!»
Икковлон дўстларимиз кўприкни тўлдириб турган тиқилинч оломон орасидан қийинчилик билан ўзларига йўл очиб боришмоқда. Бу кўприк ғаройиб хилқат эди: у камида олти юз йилдан бери мавжуд бўлиб, шу давр орасида йўлнинг энг одам гавжум ва шовқинли қисмига айланиб қолган. Унинг икки томонида нариги қирғоқдан бериги қирғоққача қатор омборлар ва расталар чўзилиб кетган, уларнинг юқори қаватлари одамлар яшайдиган тураржойларга айлантирилган. Кўприк ўз ҳолича гўёки алоҳида бир шаҳар эди: унинг ўз тамаддихонаси, шаробхоналари, нонвойхона, атторлик дўконлари, озиқлик бозорлари, косибчилик устахоналари ва ҳатто ўз ибодатхонаси ҳам бор. Бу кўприк ўзи яхлит қилиб бирлаштириб турган қўшнилари – Лондон ва Соутворкка гўё шаҳар атрофидаги кераксиз жойлар каби қарар ва уларнинг вазифаси хизматкорликдан иборат деб ҳисобларди. Лондон кўпригининг истиқоматчилари ўзига хос бирлашмани ҳосил қилганлар: бу одамларнинг биттагина кўчалари бўлиб, у ҳам ниҳоятда калта – нари борса чақиримнинг бешдан бир қисмича келади холос. Бу ерда худди қишлоқдаги каби ҳар бир киши ўз қўшнисининг барча аждодларини ва уларнинг оилавий сир-асрорларини билади. Кўприкнинг, табиийки, ўз киборлари ҳам бор – қассоблар, нонвойлар ва бошқаларнинг нуфузли қадимий насллари. Улар беш юз, олти юз йиллардан бери шу ердаги муайян дўконларда савдо қилишади, кўприкнинг шонли тарихини ҳар бир алоҳида тахтасигача, ажабтовур афсоналаригача билишади; бу зотлар доимо махсус «кўприкона» тилда сўзлашадилар, «кўприкона» фикрлар билан мушоҳада этадилар, ёлғон сўзлаганда ҳам кенг кўламли, ифодали, фақат кўприкдагилар истифода эта оладиган ёлғонларни қўллайдилар. Кўприкнинг аҳолиси жоҳил, калтафаҳм, кеккайган кишилар эди. Очиғи, бундан ўзгача бўлиши ҳам мумкин эмасди: фарзандлари кўприк устида туғилади, кўприкда ўсиб-улғаяди, ўша ерда қариб-қартайиб, дунёнинг Лондон кўпригидан бошқа бирор пучмоғига бормасдан-кўрмасдан, шу ерда жон таслим қилишади. Туну кун кўприк орқали ўтгувчи ниҳоясиз намойишлар; қичқириқ ва хитобларнинг суронли қоришмаси; отларнинг кишнаши, сигирларнинг мўъраши, қўй-қўзиларнинг маъраши; олисда гумбурлаган гулдурак товушини эслатгувчи бетиним оёқ дупурлари, депсинишлар − табиийки, бу одамларнинг назарида, бутун дунёдаги ягона қадрият эди. Уларнинг наздида буларнинг ҳаммасининг эгалари ҳам асли кўприк истиқоматчилари, яъни ўзлари эдилар. Қайсидир маънода шундай эди ҳам – ҳар ҳолда қиролми ёки қандайдир бирор қаҳрамонми, ўзининг мамлакатга муваффақият билан қайтиши шарафига тантанали намойиш ўтказган кунларда кўприк истиқоматчилари муайян тўлов эвазига бекорчи оломонга ўз деразаларидан турли эрмакбоп томошалар кўрсатишар эди. Чунки Лондонда намойишлар шунчалик узун, тўғри, узлуксиз қатор бўлиб ўтиши мумкин бўлган бошқа бундай жой йўқ эди.
Кўприкда туғилиб ўсган одамлар бошқа ҳар қандай жойдаги турмушни чидаб бўлмас даражада зерикарли ва бемаъни деб билишади. Айтишларича, етмиш бир яшарлик қайсидир қария кўприкни тарк этиб, сокин турмуш кечириш учун қишлоққа жўнаб кетибди. Лекин у ерда туни билан ўрнида у ёнбошидан бу ёнбошига ағанаб чиқибди ва ақалли бир дақиқагина ҳам ухлай олмабди – чидаб бўлмас даражадаги сокин жимлик уни эзиб, янчиб, ваҳимага солибди. Саваланган итдай азоб тортиб, озиб, тўзиб, афту башараси арвоҳдай қўрқинчли тус олиб, у яна ўзи ўрганган жойга қайтиб келибди. Бу ерда жўшқин дарёнинг шовуллаши унга худди алла қўшиғидай хотиржамлик бағишлабди, Лондон кўпригининг тақиллашлари, қарсиллашлари, гумбурлашларидан ширин уйқига кетибди.
Биз ҳозир қаламга олиб турган даврларда кўприк ўз зурриётларига Англия тарихи бўйича амалий «кўргазмали сабоқ»лар ҳам берган; у машҳур кишиларнинг кўприк дарвозалари тепасида тиккайиб турган темир таёқларга илинган кўкариб кетган, ирий бошлаган каллаларини намойиш этган… Оббо, мавзудан сал четлашиб кетай дебмиз шекилли.
Гендон кўприкдаги кичикроқ тамаддихонанинг битта хужрасида ижарага яшаб турган экан. Аммо у ўзининг навқирон дўсти билан ҳали эшигининг олдига ҳам етмаган эдики, кимдир ёқимсиз қўпол овозда шанғиллаб қолди:
− А, ниҳоят келибсан-да?! Лекин энди мендан қочиб қутулолмайсан, хотиржам бўл! Ҳали қараб тургин, суякларингни мажақлаб, шунақанги майда толқон қиламанки, кеч қолишнинг киясини ана ўшанда тушуниб оласан… Бизни шунча вақт куттирдинг-а, падари қусур!..
Жон Кенти болани чангаллаш учун қўлини у томон чўзди.
Майлс Гендон Кентининг йўлини тўсди:
− Сал ҳоврингдан туш, ошна! Менимча, шу топда бекорга сўкиняпсан. Бола билан сенинг нима ишинг бор?
− Агар бировларнинг ишига тумшуқ тиқиб юришга ишқибоз бўлсанг, билиб қўйгинки, у менинг ўғлим.
− Ёлғон! – жонҳолатда қичқирди навқирон қирол.
− Шу биргина сўзинг кифоя, сенга ишонаман бўтагинам, − миянг соғломми ёки дарз кетганми, бунисининг заррача аҳамияти йўқ. Бу жирканч газанда отанг бўладими ё йўқми, модомики сен камина билан қолмоқликни ихтиёр этган экансан, унинг сени калтаклашига ёинким қандайдир бошқача азоб беришига йўл қўймайман.
− Сўзим рост, у менга ҳеч ким эмас. Бу кимсадан ҳазар қиламан. У билан кетишдан кўра ўлимни афзал кўраман.
− У ҳолда тамом, мараз билан бошқа гаплашадиган гапимиз қолмади.
− Бу айтганларинг бангининг хомхаёли! – бўкирди Жон Кенти ва Гендонни четга суриб, бола томон қадам ташлади. – Мен буни куч билан…
− Унга ифлос қўлингни текказиб кўр-чи, қўшоёқ ўлакса, ғозни бутунича сихга тортган каби қиличимнинг тиғига илиб қўяман! – деди Гендон унинг йўлини тўсиб, ва қуролининг дастасини маҳкам чангаллади. Кенти ортига тисарилди. – Миянгнинг силлиқ жойига ёзиб қўй, − давом этди Гендон, − сенга ўхшаган аблаҳларнинг каттагина галаси бу болага ташланиб, ўлдиришига бир бахя қолганида мен уни ўз ҳимоямга олдим. Энди бечорага ундан ҳам баттар қисмат таҳдид солиб турганида, мен ўз ҳолига ташлаб кетарканманми? Зеро, сен унинг отасимисан ё йўқми, − аммо ҳар ҳолда ёлғон гапираётганингга ишончим комил, − болакай сен каби ҳайвон билан яшагандан кўра ўлимни маъқул кўряпти. Шу сабабдан ҳам энди йўқол, имконинг бўлса тезроқ даф бўл, чунки мен қуруқ валақлашишни ёмон кўраман ва табиатан салгина сабрсизроқман. Тағин сени шу топда бир нарса қилиб қўймайин.
Жон Кенти минғирлай-минғирлай дағдаға қилиб, лаънатлар ўқиган кўйи чекинишга мажбур бўлди ва тез орада оломон орасида кўздан йўқолди. Гендон эса тезда кечки таом келтиришни тамаддихона хизматчиларига буюрди-да, ўзи шериги билан учинчи қаватга кўтарилди. Иккита ингичка шаъм хира ёритиб турган ғарибона хужра ниҳоятда хароб бўлиб, у ерда абжағи чиқиб кетган кат, эски, синиқ, тахталари ажралиб ётган бир-икки жиҳоздан бошқа бирорта ашё йўқ. Очликдан ва чарчоқдан қаттиқ ҳолсизланган митти подшоҳ катнинг ёнигача аранг етиб олди-ю, таппа қулади. У бутун кунни ва туннинг ҳам ярмини – ҳозир вақт соат иккидан ошганди – тик оёқда ўтказиб, боз устига ҳеч нарса емаган ҳам эди. Уйқисираган овозда зўрға минғирлаб қўйди:
− Дастурхон тузаб бўлишганидан сўнг марҳамат қилиб мени уйғот! – ва шу ондаёқ чуқур уйқига кетди.
Гендоннинг кўзларида кулгининг учқунлари чақнаб, ўзига ўзи деди:
«Тангри номи билан онт ичиб айтаманки, бу митти чувринди бировнинг хонасига ва бегона катга шунақанги қойилмақом лутф билан жойлашиб олдики, лоақал “менга рухсат этинг” ёкигим “каминага марҳамат кўрсатинг, ижозат этгайсиз” ё шуларга ўхшаш бошқа бирор нарса деб қўйса ҳам майли эди. Хаста шуурининг алаҳсираши оқибатида ўзини Уэлс шаҳзодаси деб аташини-чи! Аммо гапнинг рости, буни ўзиям аммо ажабтовур уддалаяпти. Бечора, миттигина, кимсасиз сичқонча! Унинг ақли лат еганининг сабаби, унга ҳайвонларча шафқатсиз муносабатда бўлганларидан экани шубҳасиз. Нима ҳам қилардик, унинг дўсти энди каиминаи камтарин бўладилар. Шўрликни қутқарганим учун менга қаттиқ боғланиб қолди; ўзим ҳам бу тили аччиқ шумтакани ёқтириб қолдим. У сурбетларча ҳаддидан ошган қорахалқ билан қўрқмасдан гап талашди – худди ҳақиқий жангчи дейсиз! Уйқисида ўз қайғу-мусибатлари ва аламларини унутган пайтида юзи ёқимли, самимий ва мулойим тус олди. Мен бу болакайга устозлик қиламан, ақли заифлигини ҳам даволайман; унга акалик қиламан, ғамхўрлик кўрсатиб, авайлаб асрайман. Агар кимдир уни хўрлаш ёки масхаралашга журъат этса, ўзи учун кафанлик матога буюртма бериб қўяверсин. Мен бу митти учун ўт ичига киришга ҳам тайёрман!»
Жўмардтўра шаҳзоданинг тепасига энгашди ва меҳрли, ачиниш билан, раҳми келиб унга тикилди, боланинг чаккаларини оталарча сийпалаб, ўзининг улкан, тобланган кафти билан унинг пешанасидаги чигал сочларини текислаб қўйди. Боланинг бутун танасини енгил титроқ қалтиратиб ўтди.
«Ана холос, − тўнғиллади Гендон. – Ўзимча унга меҳрибонлик қилган бўлдим-да, а? Бечоранинг устини катта холанг ёпиб қўядими?! Бунақада шамоллаб ўлади-ку! Энди нима қилсам экан? Агар уни кўтариб, тагидаги чойшабни устига ёпадиган бўлсам, уйғониб кетиши тайин. Ҳаддан ташқари толиққан ва ҳордиққа муҳтож болакайнинг уйқисини бузиш одамгарчиликдан эмас».
Гендон уйқидаги шаҳзодани иситадиган бирор нарса топиш умидида атрофга аланглади, аммо мутлақо ҳеч нарса топа олмади.
Кейин эгнидаги камзилини ечиб, шаҳзодани елкалари билан ўраб қўйди.
«Мен совуққа ҳам, юпун кийимга ҳам кўникиб кетганман, − деди ўзига ўзи. – Изғирин ҳам, захлик ҳам каминага писанд эмас».
У ўз-ўзи билан сўзлашишда давом этганича, озгина бўлса-да исиниб олиш учун хона бўйлаб у ёқдан бу ёққа юра бошлади:
«Унинг лат еган миясида ўзининг Уэлс шаҳзодаси экани ҳақидаги фикр ўрнашиб қолган. Ҳақиқий валиаҳд энди шаҳзода эмас, балки қиролга айланган бир пайтда Уэлс шаҳзодаси аъло ҳазратлари каминанинг хужрасида яшаб туриши роса ғалати ҳолат бўлди-да… Лекигин болакайнинг бесавод мияси фақат шу хаёлда қотиб қолган ва энди шаҳзодаликни унутиб, ўзини қирол деб улуғлаши лозим ва лобуд эканига фаҳми етмаяпти… Мен етти йил давомида мусофирликда, бандиликда бўлдим ва уйим ҳақида ҳеч қандай хат-хабар ҳам олмадим. Лекин агар отам ҳаёт бўлса, у албатта бечора болани жон-дили билан қабул қилади ва менинг фарзандлик ҳурматим юзасидан унга ўз кулбасидан саховат ила бошпана беради; меҳрибон катта акам Артур ҳам мамнуният ила шундай қилади. Менинг укам, Гйу… Агар у менинг ишимга ҳаром тумшуғини тиққундай бўлса, мен бу тулки юракли ваҳший сиртлоннинг калласини мажақлаб ташлайман! Ҳа, биз уйга жўнаймиз, ва бунинг учун вақтни чўзиб ўтирмагаймиз».
Буғи чиқиб турган шўрвани кўтариб хизматкор кириб келди ва товоқни қорақарағай ёғочидан тайёрланган миз устига қўйди. Сўнг булар каби қашшоқ мижозлар ўзларига ўзлари хизмат кўрсатсалар ҳам бўлаверади, деган қарорга келиб, фақирона хужрадан тезгина чиқиб кета қолди. Ёпилган эшикнинг тарақлаши болани уйғотиб юборди; у ирғиб ўрнидан турди ва атрофга қувонч билан боққанича катга жойлашиб ўтириб олди; аммо шу ондаёқ унинг юзида маъюслик ифодаси зоҳир бўлди ва оғир хўрсиниб, ўз-ўзига минғирлай бошлади:
− Афсус, бу шунчаки алдамчи туш экан! Шўрим қурсин-а, пешонагинам қурсин-а!
Шундагина елкасидаги Майлс Гендоннинг камзилига кўзи тушди, сўнг нигоҳини Гендоннинг ўзига қаратди, бу одам ўзига қанчалик илтифот кўрсатганини фаҳмлади ва самимият билан деди:
− Сен каминага катта меҳрибонлик кўрсатдинг! Ҳа, менга нисбатан ғоят мурувватлисан! Камзилингни кийиб олавер, у энди менга керак бўлмайди.
Сўнг бола ўрнидан турди-да, бурчакда турган сувтоғоранинг ёнига келиб, жимгина кута бошлади. Гендон шодон бир кайфиятда унга юзланди:
− Кечки таомимиз ҳам жуда ажойиб бўлди! Ҳозир мириқиб тамадди қиламиз, чунки шўрва қайноққина ва жуда мазали. Қайғурма: тўйиб овқатланиб, сўнг тиниқиб ухлаб олсанг, яна одам бўласан-қўясан!
Болакай жавоб бермади, дароз жўмардтўрага жиддий нигоҳини қадади, бу қарашда жаҳл аралаш ҳайрат ҳам, қандайдир саросима ҳам бор эди.
Гендон ажабланиб сўради:
− Ниманидир кутяпсанми?
− Марҳаматли жаноб, камина ювинмоғи даркор…
− Шу холосми? Бу хонада сен митти миянгга уриб қолган ҳар қандай ишни қилаверишинг мумкин, бунинг учун Майкл Гендондан ижозат сўраб ўтиришинг ҳам асло шарт эмас. Марҳамат, уялма, ўзингни уйингдагидай ҳис этавер.
Аммо бола ўрнидан қўзғалиб қўйгани ҳам йўқ. Ҳатто оёқларини бесабрлик билан бир-икки марта тапирлатиб қўйди. Гендон энди буткул ташвишга тушиб қолди.
− Марҳамат қилиб айт-чи, муддаоинг нима ўзи?
− Сен ҳам марҳамат қилиб, тинимсиз ортиқча бидирлайвермагин-да, менга сув қуйиб тур!
Гендон қаҳ-қаҳлаб кулиб юборишдан зўрға тийилиб, ўзига ўзи деди: «Жами азиз-авлиёлар ҳаққи-ҳурмати онт ичиб айтаманки, мана бу воқеалар − ҳақиқий ғаройибот!» ва шу заҳотиёқ жасур меҳмонининг амрини адо этмоқликка шошилди. У болакайнинг олдида таёқдай қотган кўйи жим тураверди, кейинги буйруқ эса жўмардтўрани бу карахтлик ҳолатидан чиқариб олди:
− Сочиқ!
Майлс боланинг шундоққина тумшуғи тагида илиниб турган сочиқни олди ва бирор сўз демасдан итоаткорона узатди. Кейин ўзи ювинишга тутинди. Бу вақтда эса унинг тутинган ўғилчаси миз олдига ўтирди ва таомланишга тараддуд кўра бошлади. Гендон шоша-пиша ювинишни охирига етказақолди, бошқа бир курсини ўзи тарафга сурди ва унга энди ўтирмоқчи бўлган ҳам эдики, тўсатдан болакай ғазаб билан дўқ уриб қолди:
− Тўхта, эй адабсиз! Подшоҳ ҳузурида ялпайиб ўтирмоқликка журъат этяпсанми?
Бу зарба Гендоннинг нақ юрагига бориб тегди. «Шўрликкина бола! – минғирлади у. – Миттивойнинг ақли ноқислиги соат сайин зўрайиб бормоқда; бу тушунарли албатта: давлатда юз берган муҳим ҳодисадан сўнг у энди ўзини подшоҳ деб тасаввур қилишни бошлади! Начора, бунга кўнишга тўғри келади, зеро бошқа чора ҳам йўқ – агар итоат этмасам, каминани Тауэрга зиндонбанд этишга фармон бериб қолиши ҳам ҳеч гап эмас».
Сўнг бу ҳазилидан ўзи завқланиб, курсини нари сурди-да, подшоҳнинг ортига ўтиб, ўзи тушунганича сарой удумларига тақлидан ҳукмдорга хизмат кўрсата бошлади.
Тамадди пайтида боланинг шоҳона қаҳри бир оз юмшади ва нафси андаккина ором олиб, юрагида бир оз валақлашиш истаги туғилди.
− Сен ўзингни Майлс Гендон деб таништирувдинг чамамда, нотўғри эшитганим йўқмиди?
− Худди шундоқ, ҳукмдор, − жавоб қилди Майлс ва ичида қўшиб қўйди:
«Модомики болагинанинг телбалигига мослашиб ўйин қилмоқликни ихтиёр этган эканман, демак уни бундан буён ҳукмдор ёхуд ҳазрати олийлари дея улуғламоғим даркор: бир ишга киришдингми, уни чала адо этма; мен бу вазифани ўта нозиклик билан бажармоғим лозим ва лобуд, агар бу ишда озгина нуқсонга йўл қўйсам, шундоқ саховат амалини чаппасига айлантираману, меҳр ила мурувват корихайрини йўққа чиқариб қўяман»…
Икки бардоқ мусалласдан сўнг қиролнинг танасига ёқимли илиқлик югуриб қолди ва деди:
− Ҳукмдоринг сени яқинроқдан билмоқчи. Ҳозироқ каминага ўз ҳаётинг ҳақида сўзлаб бер. Сен матонатлисан, кўринишинг ҳам олийжаноб – аслзодаларданмисан?
− Наслимиз унчалик ҳам таниқли эмас, ҳазрати олийлари. Отам майда баронлардан − кўрсатган хизматлари туфайли киборликдан шу даражага кўтарилган. Ричард Гендон соҳиб, Монксголм яқинида, Кентдаги Гендон қасридан.
− Бундай насабли наслни билмас эканман. Шундоқ бўлса-да, майли, сўзлайвер, қисматингдан ҳукмдорингни хабардор эт.
− Айтиладиган тайинли бир гапнинг ўзи ҳам йўқ, ҳазрати олийлари. Ҳикоям жудайла қисқа бўлади. Майли, йўқдан кўра ҳеч бўлмаса ярим соатгина ўтмишим баёни сизнинг кўнглингизни чоғлаб турар. Менинг отам, Ричард соҳиб, жуда очиқкўнгил ва давлатманд одам. Волидам эса менинг болалик чоғларимдаёқ Яратганга омонатини топшириб кетган. Оилада бир акам ва бир укам бор: акам Артур қалбан ва маънан худди отамнинг ўзи; Гйу мендан кичик: пасткаш, ҳасадгўй, ғаразгўй, хиёнаткор, фаҳшпараст, мунофиқ, ўтакетган қабиҳ. У болалигидан шундай эди, ўн йил муқаддам, уни охирги кўрганимда ҳам худди ўшандоқлигича қолганди – ўн тўққиз ёшли мараз бўлиб етишган аблаҳ. Ўша пайтда мен йигирма яшар, Артур эса йигирма икки ёшда эдик. Уйда биздан ташқари ойимқиз Эдит ҳам истиқомат қиларди, − у пайтда ўн олти ёшда бўлган, − ажойиб, оқкўнгил, камтарин; графнинг қизи, наслининг сўнгги вакиласи, каттагина мол-мулкнинг ва ўлимидан сўнг ўз мақомини йўқотгувчи графлик унвонининг вориси. Менинг отам унга васий эди. Мен уни севардим, у ҳам менга кўнгил берганди. Аммо уни болалигидаёқ акам Артурга унаштириб қўйишган. Ричард соҳиб бу аҳднинг бузилишига асло йўл қўймас эди. Артур эса ўзга бир қизни севар ва бизни тушкунликка тушмасликка, умидимизни сўндирмасликка ундайверар эди. У вақти келиб бахтли тақдир ҳар биримизни ўз истагимизга етказишини уқдирарди. Гйу эса Эдитнинг бойлигига кўз тиккан эди ва ойимқизнинг давлатини эмас, балки айнан ўзини севишини тинмай таъкидлайверарди. Ўша пайтда айнан шу услубни қўллаш унинг учун манфаатли эди: бир нарсани айтиб, бошқа нарсани ўйлайдиган бетавфиқ. Аммо унинг ҳийлалари ҳеч қандай наф бермади: Эдитнинг қалбини эгаллашга барибир муваффақ бўла олмади; у фақат дадамни алдашга эриша оларди. Дадам Гйуни ҳаммамиздан кўра кўпроқ яхши кўрар ва ҳар нарсада фақат унга ишонар эди. Гйу кенжа ўғил эди, бошқалар ундан нафратланишарди – бу эса ҳар доим ҳам ота-онанинг меҳрини қозониш учун етарли бўлиб келган; бундан ташқари укамиз тилёғламачи, ялтоқ ва ёлғон тўқишга ақл бовар қилмайдиган даражада қобилиятли. Бунақа хислатлар билан сенга кўр-кўрона меҳр қўйгувчи одамларни авраш ниҳоятда осон иш. Мен эсам ғирт тентак йигит эдим, нафсиламрини айтганда ўтакетган беақл бўлганман. Аммо менинг бу хислатим безарар хусусиятга эга эди, негаки ундан бировга зиён етмасди − унинг захматини фақат ўзим тортар эдим. Ҳеч кимни шармисор қилган эмасман, бирор кимсани хонавайрон қилмаганман, номимга ё бир жиноят билан, ё бир аблаҳлик билан доғ туширмаганман. Хуллас, нуфузли наслимизга ярашиқли номимга муносиб бўлмаган бирор бир номақбул ишни содир этганим йўқ эди.
Аммо лекигин укам Гйу менинг ҳар бир хатти-ҳаракатимдан ўз манфаати учун фойдаланиб қолишга уста эди. Артурнинг саломатлиги ниҳоятда заиф. Буни кўриб турган Гйу эса акамизнинг ўлимидан ҳам манфаат олишни кўзлаб, бунинг учун аввал мени йўлдан олиб ташлаш кераклиги ҳақида ўйлаб қолди… Хуллас, бу анча ёқимсиз ҳикоя, марҳаматли ҳукмдор, менимча буни эсламаганим ҳам маъқул. Гапнинг қисқаси, укам менинг камчиликларимни усталик билан бўрттириб кўрсатишга киришди, уларни жиноят сифатида талқин қилди, ва ўзининг ифлос қилмишлари сўнгида менинг хонамга ипак нарвон ташлаб қўйиб, кейин эса гўёки уни топган бўлди. Ва ана шу маккорлиги воситасида, шунингдек, сотқин хизматкорларнинг ва бошқаларнинг ёлғон гувоҳликлари билан мен Эдитни ўғирлаб кетишни мақсад қилганимга ва отамнинг иродасига қарши ўлароқ ўша қизга зўравонлик билан эришмоқчи эканимга дадамни ишонтирди. Шу боис отам мени уч йилга бадарға қилишни ихтиёр этди. «Шу уч йил давомида Англиядан ва қадрдон уйингдан йироқларда яшаб кўр, − деди у, − балки сен ҳам одам бўлиб, жангчига айланиб, озгина бўлса ҳам ҳалол турмуш кечирмоқлик сабоғини олиб қайтарсан». Кўп йиллик сургун машаққатининг шафқатсиз синовлари мени қитъавий урушларга улоқтириб ташлади, оғир муҳтожликларга дучор этди, тақдирнинг оғир зарбаларига рўбарў қилди; бу қувғинлик йўлларида кўп саргардонликларни бошдан ўтказдим, охирги жангда асирликка тушиб қолдим ва роппа роса етти йил ажнабий юрт зиндонида банди бўлдим. Топқирлигим ва жасурлигим туфайли ниҳоят озодликка чиқишга эришдим ва тўғри шу ёққа интилдим. Англияга эндигина етиб келдим. На бир тузукроқ либосим бор, на қора ақчам. Ўша етти йил давомида Гендон қасрида нима воқеотлар содир бўлгани ҳақида эса тасаввурга ҳам эга эмасман. Унинг истиқоматчиларининг ҳоллари нима кечди экан? Мана, ҳукмдорим, ижозатингиз билан камина ўзининг аянчли қисматидан сизни тўлиқ хабардор этди.
− Сен шарм-ҳаёсиз каззобликнинг қурбони бўлибсан, − деди митти қирол, кўзлари нафратдан чақнаб. – Лекигин камина сенинг ҳақ-ҳуқуқингни тиклаб бергай, муқаддас салб номи ила қасам ичгумдир! Сенга бу ваъдани подшоҳинг бермоқда!
Майлс сўзлаб берган ҳикоянинг таъсири остида қиролнинг ҳам тили ечилиб кетди ва яқиндагина бошига тушган шўришларни баён этиб, тингловчисини чексиз ҳайратга солиб қўйди. У ўз кечмишларини айтиб тугатганида Майлс ўз ўзига деди:
«Болакайнинг шанчалик бой тасаввурга эга эканини қаранг! Ҳақиқатан ҳам тенгсиз бир истеъдод соҳиби! Акс ҳолда соғми, телбами, бунақанги ҳақиқатга яқин ва тафсилотларга бой чўпчакни йўқ жойдан, ҳаводан олиб сўзлаб бера олмаган бўларди. Ақлдан озган бечора бола, то мен тирик эканман, унинг дўсти ҳам, бошпанаси ҳам бўлади. Мен уни олдимдан бир қадам ҳам қўйиб юбормайман; у менинг эркатойим, навқирон ўртоғим бўлади. Биз уни даволаймиз, унга тафаккурини қайтарамиз, болакай ҳали машҳур бўлиб кетади, унинг номи бутун мамлаатга ёйилади. Мен эса ҳамма ерда мақтаниб юраман: “Ҳа, у менинг тарбиямни олган; болакай уйсиз, жулдур бир аҳволда қолганида уни шахсан мен боқиб олганман. Аммо лекигин унинг вужудида қандоқ бир қудрат пинҳон эканини ўшандаёқ кўнглим сезганди, қачондир келиб одамлар унинг номини шарафлашларини биринчи бўлиб ўзим айтганман. Мана энди бу инсонга бир қаранглар-а: ўшанда мен айтганларими тўғри чиқдими ахир?!”
Шу пайт подшоҳ ўйчан ҳолда, сокин овозда гап очиб қолди:
− Сен мени уятдан, шармандаликдан, ғам-аламлардан халос этдинг. Эҳтимол ҳаётимни ҳам сақлаб қолгандирсан – демакким, тож-тахтимни ҳам ҳимоя қилдинг. Бундай хизмат сахиёна мукофотга лойиқ. Нима исташингни менга айт, менинг шоҳона қудратим имкон берганича сенинг тилагинг бажо келтирилади.
Бу афсонавор таклиф Гендоннинг хаёлини бўлиб юборди. У подшоҳга миннатдорлик билдириб, шунчаки ўз фуқаролик бурчини бажарганини, бунинг учун ҳеч қандай мукофотнинг кераги йўқлигини айтиб, гапни бошқа мавзуга буриб юбормоқчи бўлди-ю, шу пайт миясига бундан кўра ақллироқ фикр келиб қолди. У ёш подшоҳдан бу илтифотли таклифни ўйлаб олиш учун бир неча дақиқа сукут сақламоқликка ижозат этишини сўради. Қирол бунчалик муҳим аҳамиятга эга бўлган ишларда шошмоқлик жоиз эмаслигини англаб, виқор ила бош ирғаб қўйди.
Майлс бир муддат сукут сақлаб, хаёлига эрк берди:
«Ҳа, айнан мана шу марҳаматни сўрашим лозим. Акс ҳолда бунга асло эриша олмайман, шу ўтган бир соат муддатнинг тажрибаси шуни кўрсатдики, уни бу тарзда давом эттирмоқлик ниҳоятда ноқулай ва чидаб бўлмас даражада машаққатли бўлар экан. Ҳа, болакайдан айнан шуни сўрайман; кутилмаган вазиятда шошиб қолиб, қулай имкониятдан воз кечиб юбормаганим қандай ҳам яхши бўлди-я!».
Сўнг боқимандасининг қаршисида тиз чўкиб, арзини баён қилди:
− Каминанинг камтарингина қилган хизмати ҳар қандоқ садоқатли фуқаронинг оддий бурчи доирасидан ташқари чиққани йўқ. Шу боис бу амалим ҳеч қандоқ ажойиб жиҳатга эга ҳам эмас. Модомики, ҳазрати олийлари ушбу ҳаракатни эҳсонга лойиқ кўрар экан, мен қуйидаги тилагимни билдирмоқликка журъат этаман: Бундан тўрт юз йиллар муқаддам, Сиз ҳазрати олийларига маълумки, Англиянинг подшоҳи Жон ҳамда Фарангистон қироли ўртасидаги зиддиятлар пайтида ҳар бир тарафдан бир нафар полвонни майдонга чиқариб, низони “тангрининг буюргани” деб аталгувчи яккама-якка олишув билан ҳал этишга қарор қилишади. Ҳар икки ҳукмдор, шунингдек Испания подшоси низонинг натижасини белгилаш учун олишув майдонига ташриф буюрадилар. Фарангиларнинг ўртага чиққан паҳлавони шу қадар ҳайбатли ва даҳшатли эдики, инглиз ҳарбий тўраларидан ҳеч бири у билан қуролбозлик қилмоқликка журъат эта олмайди. Шу боис ниҳоятда муҳим низо инглиз ҳукмдорининг фойдасига ҳал бўлмаслигига ҳеч кимда шубҳа қолмайди. Бу пайтда Англиянинг энг кучли полвони лорд де Курси ўзининг барча мол-мулкларидан ва унвонларидан мосуво этилиб, маҳкум сифатида аллақачонлардан бери Тауэрда банди бўлиб ўтирган эди. Унга ғанимнинг паҳлавони билан олишмоқ таклифи ила мурожаат этдилар; де Курси рози бўлди ва яккама-якка жанг қилмоқлик учун майдонга тўлиқ аслаҳаланган ҳолда етиб келди. Фаранги эса унинг девкор гавдасини кўриши ва шонли номини эшитиши биланоқ жуфтакни ростлаб қолди ва Фарангистон қироли бу зиддиятда мағлуб бўлди. Подшоҳ дарҳол Жон де Курсининг барча унвонларини ҳамда мол-мулкини қайтариб берди ва шундай сўзлар билан унга мурожаат этди:
«Биздан истаган нарсангни сўра; агар тилагинг менинг ярим подшоҳлигим қийматига тенг бўлса ҳам албатта адо этилгусидир!». Де Курси ҳам худди мен каби тиз чўккан кўйи жавоб қилади: «У ҳолда, ҳукмдорим, токи подшоҳлик тож-тахти мавжуд бўлар экан, менга ва менинг барча келгуси авлодларимга Англия ҳукмдорларининг ҳузурида бош кийимда қолмоқлик ҳуқуқини муҳрлаб берсангиз». Унинг илтимоси инобатга олинди ва Сиз ҳазрати олийларига маълумки, шу пайтгача ўтган тўрт юз йил давомида де Курси насли тўхтаб қолгани йўқ, бинобарин, то шу бугунга қадар бу қадимий насаб бошлиғи подшоҳ ҳузурида ҳеч қандоқ эътирозсиз шляпа ёинким қалпоқ кийган ҳолда ҳозир бўлади ва бунинг учун ҳеч кимдан ҳеч қандоқ ижозат сўрамайди, зеро бошқа ҳеч бир кимса бундай қилмоққа журъат эта олмайди18. Мен ҳам ушбу воқеликка асосланган ҳолда подшоҳ ҳазратларидан ўзим учун етарли даражадаги мукофот ўрнини босувчи биргина марҳамат ва имтиёзни сўрамоқчиман, айнан: менга ҳамда келгуси барча авлодларимга барча даврларда Англия қироли ҳузурида ўтирмоққа ижозат берсангиз.
− Ўрнингдан тур, жаноб Майлс Гендон, сени жўмардтўраликка қабул қиламан, − виқор билан деди қирол, ва удумга кўра жангчининг елкасига унинг ўз қиличини теккизиб қўйди. – Ўрнингдан тур ва ўтир. Сенинг илтимосинг ижобат бўлди. Токи Англия мавжуд экан, токи подшоҳ ҳокимияти амалда бўларкан, сен бу фахрли ҳуқуқнинг соҳиби бўлиб қолаверасан.
Ҳазрати олийлари хаёлга ботиб, нари кетди, Гендон эса миз ёнида турган курсига жойлашиб ўтириб олгач, ўз ақлига тасанно ўқиб юборди:
«Аммо лекигин жуда ажойиб фикр бўлди-да; мулоҳазакорлигим мени катта кулфатдан қутқариб қолди, чунки оёқларим қаттиқ толиқиб қолган эди. Агар миямга шу хаёл келиб қолмаса, бечора бола телбаликдан шифо топгунига қадар кўп ҳафталар давомида тик оёқда туришга мажбур бўлар эдим. – Орада бир оз сукут сақлаб, яна ўз-ўзига гапиришда давом этди: − Демак, энди мен Тушлар ва Алаҳсирашлар салтанатининг жўмардтўрасига айландим! Мен каби хомхаёлларга берилмайдиган, ҳар нарсага теран қарайдиган бир одам учун бу ғалати, ғайритабиий унвон худди тулпорни омочга қўшгандай жуда ярашиб тушди-да ўзиям. Лекин бу болани асло масхаралаб кулмайман – бундай номаъқулчиликдан худонинг ўзи асрасин! – зеро мен учун мавжуд бўлмаган нарса шўрликкина бола учун ҳақиқий воқелик бўлиб туюляпти. Аслида мен учун ҳам бу ҳолат биттагина жиҳатдан маъқул: болакайнинг қалби меҳрли ва олийжаноб эканини эътироф этмасдан иложим йўқ… – Яна бир оз жим қолган Майлс ўй-фикрларида давом этди: − Агар бошқаларнинг олдида ҳам у мени ҳозиргина ўзи ноил этган юксак мақом билан атай бошласа-чи? Ўшанда жўмардтўралик унвоним билан увада либосим ўртасидаги номувофиқлик роса кулгига сабаб бўлади-да! Майли, бўлганича бўлар; боланинг ўзига қандоқ аташ ёқса, шундоқ чақираверсин. Камина асло ҳафа бўлмайди…»
XIII
Шаҳзоданинг ғойиб бўлиши
Тамаддидан сўнг шерикларнинг икковини ҳам оғир уйқи босди.
Подшоҳ буюрди:
− Манави латталарни йўқот! (яъни ўзининг жулдур кийимини назарда тутди.)
Гендон ҳеч қандай эътирозсиз уни ечинтириб қўйди ва ўрнига ётқизди, кейин хонани синчиклаб назардан ўтказгач, алам билан ўзига деди: «Менга тегишли катга яна эга бўлиб олди. Жинлар чалиб кетгур сурбет! Энди мен нима қиламан?»
Митти қирол Гендоннинг саросимага тушиб қолганини фаҳмлади ва уйқисираган овозда минғирлаб, унинг ўй-хаёлларини тарқатиб юборди:
− Сен эшик олдида ётиб, мени қўриқлайсан.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?