Электронная библиотека » С. Сухинов » » онлайн чтение - страница 5


  • Текст добавлен: 26 июня 2023, 09:00


Автор книги: С. Сухинов


Жанр: Книги для детей: прочее, Детские книги


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 5 (всего у книги 10 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Корина ўткир чархланган пичоқларни ўйнаб ўтирган кўйи хаёлга толди. У ҳозирча Мовий ўлкага малика бўлмоқчи эмас. Когидада ҳатто сарой ҳам йўқ! Лекин Одамгинанинг сўзлари унга жўяли туюлди. Бунақа айёр ва қўрқинчли иттифоқчи келгусида керак бўлиб қолиши мумкин.

– Бўпти, мен ўйлаб кўраман, – деди у. – Энди кечки таомни еб олсак ҳам бўларди, очлигимдан сўлакларим оқиб кетяпти!

Қаср эгасининг танасини сиқиб турган куч тўсатдан йўқолди. Одамгина енгил нафас олди.

– Мен тезда қайтаман! – хитоб қилди у кутилмаган чаққонлик билан курсидан сакраб туриб. – Сен хотирингни жам қилавер, менинг ертўлаларимда ўсимликхўрларнинг таомлари ҳам тўлиб-тошиб ётибди! Асал ҳам, мураболар ҳам, тузламалар ҳам бисёр. Истаган нарсангни муҳайё қиламан. Дадагинам ҳар ҳафтада бир кун умуман гўшт емасдилар. Каминага ҳам шуни васият қилиб кетганлар. Мен бир зумда келаман!

Одамгина шоша-пиша ертўлага югурди. Корина уни нигоҳи билан кузатиб қоларкан, кулгиси қистаб кетди.

“Ҳар ҳолда жодугар бўлиш яхши, – дея ўйлади у. – Ҳатто маккор одамхўр ҳам мен учун қўрқинчли эмас. Бу ҳолат эса менинг вояга етиб қолганимни, ақллироқ бўлганимни ва Бинафша ўлкага яхши малика бўлишга муносиб эканимни англатади. Наҳотки калласи бўш Темир Ўтинчини чув тушириш мана бу маккор Одамгина-жаллодгинани енгишдан кўра қийинроқ бўлса?”

Қаср эгаси ҳам тезда қайтди, унинг қўлида каттагина товоқ бор эди. Лекин у энди бўш эмас – мевали егуликларга, пишириқларга, варақиларга ва ҳатто шакаркулчаларга тўла.

– Ош бўлсин, Коринагинам! – хушнуд хитоб қилди у, идишдаги ноз-неъматларни миз устига қўйиб. – Бу ширин егуликларни менга Ўпқонча қишлоғида яшайдиган Тамшанувчилар пишириб келишган. Бунинг эвазига мен уларни ҳеч қачон еб қўймайман ва ҳатто баъзида шафқатсиз қароқчилардан ҳам ҳимоя қилиб тураман. Биласанми нима учун? Чунки менинг қалбимда меҳр-мурувват туйғулари яширинган. Яқинда мен эллик ёшга тўламан, руҳан эса худди гўдаккина-одамхўрчага ўхшайман. Дадагинам бутунлай бошқа гап – у ҳақиқий одамхўр дев эди. Мен ҳам худди дадамдай бўлишим мумкин эди-ю, лекин Темир Ўтинчи халақит бериб қолди-да. Дадагинамни ўша темир тўнка чопиб ташлаганини эшитганмисан? Ойигинам эса ундан бир йилгина аввал ботқоққа чўкиб кетган. Шу сабаб мен ғирт етимгина бўлиб қолганман. Ҳамма нарсага ўз ақлим билан эришишимга тўғри келди… Вой, сен қараб ўтирма, ноз-неъматларни еявер, ҳаммаси янги, ҳаммаси мазали!

Ёш жодугар карамли варақини тотиб кўрди – жуда ҳам мазали пиширишибди. Асалли қатлама эса ҳаммасидан ширин экан. Нок ва узумларнинг таърифига сўз йўқ! Коринанинг завқи ошиб, ҳар бир мева, ҳар бир ширинликни еб кўра бошлади. Одамгина эса унга меҳри товланиб тикилиб ўтирар ва меҳмонига ўзининг бахтсиз болалиги ҳақида ҳикоя қилиб ўтирарди.

Ниҳоят Корина мириқиб тўйиб олди ва мамнун қиёфада курси суянчиғига суяниб олди.

– Ууффф-ф, ҳаммаси мазали экан! – деди у. – Раҳм…

Қиз кутилмаганда битта ҳам сўзни талаффуз этолмай қолганини сезди. Тили ва лаблари карахт бўлиб, унга бўйсуна олмай қўйганди.

– Нима учун менга яхшилаб миннатдорлик билдирмаяпсан? – ҳингирлади одамхўр хурсанд ҳолда кафтларини бир-бирига ишқалаб. – Бу ахир жуда катта одобсизлик-ку, Коринагинам-қоқиндиққинам! Лекин сендан унчалик ҳафа эмасман. Чунки сен энди ўзингнинг сеҳрли афсунларингни талаффуз қила олмайсан, тўғрими?

Корина киприкларини пириллатганича унга умидсизлик билан қараб турарди.

– Шакаркулчани бекор единг-да, ҳа-ҳа! – қизни мазаҳ қилишда давом этди одамхўр. – Дадагинмнинг тинмай такрорлайдиган бир насиҳати бор эди: “Ўғилгинам, азиз меҳмонингни ҳар доим заҳар билан, ухлатувчи дамламалар билан, фалаж қилувчи ширинликлар билан сийлашга тайёр тур!”. Шу боис ҳам мен карахт қилувчи ҳар хил гиёҳлар шарбати шимдирилган ширинликларни ғамлаб қўйиш одатимни канда қилмайман. Улардан бирининг номини айтайми? Марҳамат: “Овозгинанг чиқмай қолсин!” дейилади. Жудаям фойдали гиёҳ! Вайсақиларга ҳамда жодугарларга қарши энг зўр восита. Умуман олганда сендан қанақаям жодугар чиқарди? Онагинанг Гингема сенга яхши сабоқ беролмабди. Битта яхши ҳикматли гапни эшитмаган экансан-да: “Одамларга ишониб бўлмагай, одамхўрларга эса – инчунун”

Қиз бош чайқади.

– Афсусдаман, жуда афсусдаман. Сен таомланиб олдинг, энди эса мириқиб тамадди қилиш навбати меники… Вой-эй!

Хонага Нарк кириб келди ва ва остонага ўтириб олиб, тилини осилтирганича Одамхўрга мазаҳомуз тикилди.

– Аммо-лекигин жуд-да аҳмоқ экансан, оғайни, – ириллади Нарк. – Акс ҳолда бошқа бир мақолни ҳам билган бўлардинг: “Ҳар бир одамхўрга қарши темиртиш топилади”.

– Мен… мен ҳазиллашувдим! – қалтираб қолди Одамгина. – Нима, энди ҳазиллашиб ҳам бўлмайдими?

Нарк жавоб ўрнига шундай таҳдидли ириллаб қўйдики, Коринанинг вужудини эгаллаб олган карахтлик шу заҳотиёқ тарқаб кетди. Натижа бундай бўлишини кутмаган одамхўр қўрқув ичида додлаганича ўзини деразага урди ва ром-помини синдирганича ташқарига чиқиб кетди.

Корина енгил нафас олиб, ўзининг бўз дўстини эркалаб, бошидан қучди.

– Раҳмат, Нарк, – деди у афсус билан. – Мен катта аҳмоқликка йўл қўйдим! Бу талончининг гапи ростга ўхшайди: мен айёрлик қилишни билмайман, лекин маккор бўлмасанг, жодуларинг ҳам иш бермай қўяркан.

– Ҳечқиси йўқ, бекам! – унинг кўнглини кўтарган бўлди қашқир. – Бу ҳали ҳолваси. Кейинги сафар анқов бўлма – мен ёрдамга улгурмай қолишим ҳам мумкин.

Корина дераза ёнига бориб, ташқарига қаради. Ойнинг ёруғида у хандақдаги балчиққа тиззасигача ботиб турган одамхўрни кўрди. Одамгинанинг бошидан сув ўтлари осилиб тушган. Оёғи атрофида қурбақалар уни масхаралаб қуриллашмоқда. Ёш одамхўрнинг аҳволи шу қадар аянчли эдики, уни кўрган жодугар ўзини тутолмасдан, қаҳ-қаҳ отиб кулди.

– Тағин шамоллаб қолмагин, каззоб, – юқоридан қичқирди у. – Қурбақаларни ютиб юборишни хаёлингга ҳам келтирма – улар одамхўрларнинг ошқозони учун жуда ҳам зарарли. Сени кечиришга тайёрман, лекин битта шартим бор.

– Вой, шартларингдан айланай, Коринагинам-гиргиттонгинам, розиман-а, нима қилишим керак экан?

– Менга бир пайтлар Ўтинчи яшаган Қарағайчалар қишлоғи қаерда жойлашганини айтасан. Ҳар ҳолда унинг қариндошларидан қасос олишни хоҳлаб, ўша қишлоқни излаб топган бўлсанг керак?

Одамгинанинг кўзларида ёвуз учқун чақнади.

– Хоҳлаганда қандоқ! – хириллаб жавоб берди у. – Лекин у ергача етиб боролмадим, Қарағайчалар қишлоғи жудаям узоқ экан… Майли, айтаман. Сариқ ғиштин йўлдан катта жаргача борасан, кейин худди ўша ердан чапга буриласан. Ўрмондан чиқиб, тепачаларни оралаб тўғрига юриб боравер. Бир кундан кейин боши-охири йўқ баланд тош деворга дуч келасан. Қарағайчалар қишлоғи ўша деворнинг орқасида. Қишлоқ қандай қилиб у ерга ўтиб қолганини билмайман. Ишқилиб аввалги жойидан ғойиб бўлиб қолган. Битта қари қарғанинг айтишича, бир куни эрта тонгда қишлоқ ердан узилиб юқорига кўтарилибди-ю, дала-даштлар бўйлаб Шарпалар ўрмонига учиб кетибди.

– Бизни алдамаяпсанми? – гумонланиб сўради Нарк ва дераза токчасига сакраб чиқиб олди.

– Вой, бу нима деганингиз, оковси! – ҳафа бўлди одамхўр. – Чиппа-чин сўзим-а! Ишонсайиз-ишонмасайиз ўлибгина қўяқолай-а!

Корина кулиб юборди-да, бепарво қўл силтаб қўяқолди.

– Сенинг ҳамма сўзларинг чиппа-чин, муттаҳамгинам, – деди у. – Бўпти, эрталабгача ўша жойда, хандақнинг ичида қимир этмай турасан ва буёғига қандай яшашингни ўйлаб кўрасан. Нарк икковимиз эса қасрда ухлаймиз. Лекин қочиб кетишни хаёлингга ҳам келтирма – менинг қашқиргинам сени ернинг остидан бўлса ҳам топиб келади.

Одамгина маъюсланиб қолди. Хандақдаги қурбақалар худди Коринанинг сўзларини тушунгандай бирданига баравар вақиллаб юборишди.

Саккизинчи боб

НИҲОЯСИЗ ДЕВОР

Эрта тонгда Коринани Нарк уйғотиб юборди. Қашқир тун бўйи кўз юммасдан қизнинг ёнида ўтирди. Қорни очликдан қулдирай бошлади, лекин Нарк бирорта қуённи ёки какликни тутиб келиш учун ярим соатга ўрмонга югуриб боришга журъат эта олмади.

– Уйғонақол, бекам, – деди у Коринани кўйлагининг енгидан тортиб. – Бу чириб, моғор босган қасрдан тезроқ жўнаб қолиш керак. Кутмаган пайтингда томи босиб тушадими, оёқ тагидаги ёғоч тўшама ўпирилиб тушадими…

– Ҳеч нарса ўпирилиб тушмайди, – эснаб туриб жавоб берди Корина ва ва юмшоқ катдан истамайгина тушиб келди. – Бу ерда ҳамма нарса вайрон бўлай деб тургани шунчаки алдамчи манзара. Вой, бу Одамгина шунақанги туллак эканки! Дарвоқе, у хандақда ўзини қандай ҳис қиляпти?

Корина дераза олдига келиб, пастга қаради. Бугунги тонг туманли, совуқ эди. Қуёш ҳали қасрни қуршаб турган дарахтлар қўрғонидан кўтарилиб улгурмаган, шу боис атроф ҳали нимқоронғи.

Одамгина тушкун кайфиятда, кеча оқшомда қандай турган бўлса, ҳозир ҳам шундай – тиззасигача балчиқ ичида турибди. У эрмак учун нилуфар гулларини узиб, гулбаргларини битта-битталаб суғурганича, фол очарди:

– Еб қўяди, еб қўймайди, сеҳрлайди, сеҳрламайди, қурбақага айлантиради, айлантирмайди…

– Агар яна алдасанг, сариқ илонга айлантириб қўяман, – хароб аҳволдаги одамхўрга қараб, кулиб юборди Корина. – Балки Қарағайчалар қишлоғи тошдевор ортида эмас, ўрмон ичидаги бирор ялангликда жойлашгандир, а?

– Чиппа-чин сўзим-а! – ранжигандай хитоб қилди Одамгина. – Ишонмасанг, Гайдан сўра. У беш чақиримча наридаги эман ковагида яшайди. Менга қарғанинг ўзи Қарағайчалар қишлоғи ҳақида сўзлаб берган. Шунчалик ғалати гапларни айтгандики, ҳатто аввалига мен ҳам ҳеч ишона олмаганман. Йўқ, сен аввал Гай билан сўзлашгин-да, ана ундан кейин мени ёлғончи ёки бошқа ҳақоратли лақаблар билан хўрлайвер. Нима сабабданми? Сени кеча еб қўймоқчи бўлганим учун. Бу ахир кулгили-ку, ўлиб қолай агар!

– Бўпти, майли, кўрармиз, – заҳарханда қилди Корина. – Сенинг ўша таниш қарғангни қаердан топишим керак?

Одамгина ялангликдаги азим эман ёнига қандай боришни жуда ижикилаб тушунтирди. Шу орада у ўзини талаб турган чивинлар тўдасини қўли билан ҳайдашга уриниб, оҳ-воҳлаб, тинмай қашинарди.

– Бўпти, хандақдан чиқақол, – унга марҳамат кўрсатди Корина. – Лекин кейинги сафар бирор Тамшанувчига ёки Пирпиркўзга пичоқ ўқталишдан олдин хомкаллангга яхшилаб ўйлаб кўр. У ҳам сеҳргар бўлиб чиқса-чи?

Одамгина ночор қиёфада кўлларини кўксига қўйди.

– Чиппа-чин сўзим, мен бугундан бошлаб фақат варақи билан мева еб кун кўраман! – хурсанд қичқирди у. – Мен ҳатто бу ҳақда шеър ҳам тўқиб ташладим:

Ёнимга кел қўрқмасдан,

Мен сени еб қўймасман.

Емишим энди мева,

Бўтқаю, нўхат шўрва.

– Алдасанг ўзингдан кўр! – Корина бармоғи билан пўписа қилди.

У шоша-пиша мева-чева еб олди-ю, Нарк билан бирга қасрдан чиқиб, сариқ ғиштин йўл томон жўнаб кетди. Қашқир одамхўрнинг маконидан чиққач, бирпасда тетиклашиб қолди. У чангалзор орасига югуриб кетди ва лабини ялаганича, мамнун ҳолда қайтди. Дўстлар айри сўқмоққа етиб келгунларича сариқ ғиштин йўл бўйлаб бир неча чақирим юришди. Қишлоқ йўли сийрак ансолзор6 орасидан чап томонга қараб кетган экан. Бу йўл ташландиқ бўлиб, аллақачон ўт босганини кўришди.

Қашқир ҳушёр тортди. у ҳавони искаб туриб, қизга юзланди:

– Мен Тамшанувчиларнинг исини сезмаяпман. Анави жирканч одамхўр бизни бирорта ботқоққа ёки ундан ҳам расвороқ жойга йўллаган бўлса-чи?

Корина атрофга аланглади ва ўтлар орасидаги чала чириган ёғоч лавҳага кўзи тушди. Қиз тахтачани қўлига олди ва бўёғи анча ўчиб кетган ёзувни ўқиди:

“Қарағайчалар”. Дўстлар энди иккиланмасдан қишлоқ йўли бўйлаб шаҳдам юриб кетишди.

Уч чақиримча юргач, улар ўрмон этагига чиқишди. Олдинда улкан текислик ястаниб ётарди. Уни бир нечта ғалати жўяклар кесиб ўтганди – гўёки бир неча ўнлаб омочлар то уфққа қадар ерни шудгорлаб кетганга ўхшайди.

– Қишлоқ қани? – ҳар томонга ҳайрон ҳолда узоқ тикилиб туриб сўради Корина.

Қишлоқ йўқ, лекин унинг излари қолганди: йўлкалар, четан деворлар, қудуқлар…

– Бу ерда ёнғин бўлганми, нима бало? – ҳайрон бўлиб минғирлади Нарк, ҳавони ҳидлай туриб. – Чириган нарсанинг иси келяпти… фу, қандайдир ўлаксами-ей…

Қиз теварак атрофга аланглаб, ўрмон чеккасидаги улкан эманга кўзи тушди. Катта ковак ёнидаги қийшиқ шохда ўтирган бир қарға кутилмаган меҳмонларни хавотир билан кузатарди.

Корина билан қашқир эман ёнига келишди ва ва қиз қушни қўли билан имлаб чақирди.

– Салом. Сенинг исминг Гай, тўғрими?

– Балки шундайдир. Балки ундаймасдир, – узоқ ўйлаб туриб, жавоб берди қарға.

Нарк ғазабидан ҳатто бир сакраб тушди.

– Эй, пат босган қузғун, бекақиз билан мулойимроқ гаплаш! – ириллади у тишларини қўрқинчли ирғайтириб. – Биз Қарағайчаларни излаяпмиз. Шу атрофда бир пайтлар шундай қишлоқ бўлган экан.

– Менга нима, бемалол излайверинглар, – хотиржам жавоб берди қарға ва уёқ-буёққа тебраниб, ковак томонга юра бошлади.

Корина қовоғини солиб, ер тепинди.

– Тўхта, сурбет қуш! – бақирди у. – Бўлмаса сени эман билан қўшиб ёндириб юбораман.

Қарға ортига ўгирилди ва қизга диққат билан тикилди.

– Демак, жодугар Корина сен экансан-да? – норози бўлиб қағиллади қуш. – Эшитганман. Сен ҳақингда зағизғонлардан ҳар хил гапларни эшитганман: яхшисини ҳам, ёмонини ҳам. Агар ўша вайсақилар алдашмаётган бўлса, у ҳолда азим эманни ҳам, у билан мени ҳам қўшиб туриб ёндириб юбориш қўлингдан келади. Лекин ўзинг бу ерга нима учун келдинг?

Корина зўрға жаҳлдан тушиб, ўзини мажбурлаб жилмайди.

– Ҳар ҳолда сени куйдириш учун келганим йўқ. Айтишларича, шу яланглик атрофларида Темир Ўтинчининг қадрдон қишлоғи бўлган экан. Қишлоқда эса унинг қаллиғи қолган эмиш.

Қарға ўйга толиб, анча вақт ўзининг қоп-қора ялтироқ патларини тумшуғи билан тозалаб, тараб ўтирди ва ниҳоят истамайгина жавоб берди:

– Ҳаммаси ёдимда, танийман ўша шумтакани… Ёшлигида уни Гудди Карли деб чақиришар эди. Қишлоқ болаларининг ўйинбошиси бўлган. Вояга етиб, музофотдаги энг яхши ўтинчига айланди. Қаллиғи ҳам бор эди – исми Весса – қиз эмас, қўғирчоқнинг ўзи! Лекин бу воқеаларга жуда кўп йиллар бўлган. Гингема уни сенга сўзлаб бермаган экан-да, а?

– Йўқ, у ўзининг ёвузликлари ҳақида гапиришни ёқтирмасди, – жавоб берди қиз. – Шу туфайли ҳам мен ёвуз жодугар эмасман шекилли. Аксинча, мен доим яхшилик қилгим, кўп-кўп эзгуликларни амалга оширгим келади! Шу боис ҳам ўйлаб қолдим: нима учун мен Гингема Вессага етказган мусибатларнинг ярасига малҳам бўлмаслигим керак? Яқинда мен Бинафша юртга, Темир Ўтинчининг ҳузурига бормоқчиман. Унинг собиқ қаллиғидан хушхабар олиб борсам ҳар ҳолда хурсанд бўлади.

Қарға Коринадан зийрак нигоҳларини узмади. Қиз кекса қарғанинг кўзига жуда самимий бўлиб кўринди ва кўпни кўрган қуш унинг сўзларига ишонди.

– Юрагингда эзгуликка жой бор экани жуда яхши. – деди қизнинг сўзларига жавобан. – Ёвуз жодугарлар биз қушларга ҳам, Тамшанувчиларга ҳам жуда кўп жабр-ситам етказишган. Ҳеч биридан заррача яхшилик кўрганимиз йўқ. Демак, сен Вессани излаётган экансан-да? Жуда узоқ йиллардан бери ўша бахтиқаро аёлни кўрганим йўқ… Тирик-ўлигини ҳам билмайман. Ҳатто Қарағайчалар қишлоғини ҳам унутиб юборган эдим. Улар ҳаммаси бу ерлардан кетиб, сувга тушгандай ғойиб бўлиб кетишган.

– Қанақасига кетишади? – Ҳайрон бўлди Корина.

– Қанақасига бўларди? Шунақасига! Оддийгина – оёқчалари билан жўнаворишган, – хотиржам тушунтирди қарға.

Қашқир яна тишларини ғижирлатди.

– Сен биз билан масхарабозчилик қилма! – қаҳр билан ириллади у. – Қандай бўлганини аниқ қилиб тушунтир, бўлмаса патларингни битталаб юламан!

Қарға унга менсимайгина қараб қўйди.

– Учар бўриларни кўрмаган эканман, – пичинг қилди қуш. – Лекин умрим бино бўлиб, ўзиюрар кулбаларни ҳам кўрган эмасдим… Воқеа бундай бўлган. Ўттиз йиллар муқаддам Қарағайчалар қишлоғи атрофларида қора ёпинчиққа бурканиб олган ғалати мавжудотлар пайдо бўлиб қолишди. Одамми улар, маҳлуқми, билиб бўлмайдиям… Кечки пайтлар қишлоққа кириб, Тамшанувчилардан ҳар хил нарсалар ҳақида сўрашар эди. Уларни айниқса Гудди Карли ҳақидаги маълумотлар қизиқтирарди – унинг қариндош-уруғлари борми, қаллиғи ҳали ҳаётми – ишқилиб шунақа нарсалар. Қарағайча қишлоғининг одамлари эса ҳар ҳолда ландовур одамлар эмасди: эрларнинг ҳар иккинчиси ё моҳир темирчи, ё чапдаст ўтинчи. Чақирилмаган меҳмонлар уларга ёқмади, бир кун оқшомда ҳамқишлоқлар қора ёпинчиқлиларни болталар-у болғалар билан кутиб олишди. Келгиндилар сувараклардай тирқирашиб, ҳар томонга қочиб қолишди. Эртаси кун тонгида эса қишлоқ уйларнинг эшик-деразалари ўз-ўзидан маҳкам ёпилиб қолди. Ҳеч ким уйидан чиқа олмади. Кейин кулбалар ердан узилиб, ер остидан ғалати-ғалати панжалар чиқиб келди ва кулбаларнинг пойдеворига бирикиб қолди. Ана шундан кейин Қарағайчалар қишлоғи “ўз оёғи” билан юриб кетди! Даштни кесиб ўтган шудгорларни кўрдингларми? Қарағайчалар айни мана шу йўлдан бутун аҳолиси билан жўнаб кетди. Агар ўз кўзим билан шу нарсаларни кўрмаганимда, биров айтса ўлсам ҳам ишонмаган бўлардим!

– Жоду… – шивирлади Корина бошини эгиб. – Ғоятда ғаройиб афсунгарлик… Торннинг китобида бунақаси йўқ. Бўлмаса бу кимнинг иши бўлди экан?

Бу сирли ҳодиса қизни ниҳоятда қизиқтириб қўйди. Наркнинг эса қўрқувдан юраги ўйнаб кетди. у Гингеманинг ғорида яшаган пайтида мўъжизаларнинг ҳар турлисини кўрган, аммо бунақасини ҳатто эшитган ҳам эмасди. Уйларнинг жойдан жойга кўчиб юриши тасаввурга ҳам сиғмайдиган нарса-да ахир.

– Бу ердан кетайлик, бекам, – ингиллади у думини қисиб. – Ўша Вессани бошингга урасанми? Ўшасиз ҳам кунимиз ўтяпти-ку. Темир Ўтинчи шусиз ҳам сени маликалардай кутиб олади.

Корина унга жаҳл билан қаради.

– Тентакларнинг гапини гапирма, Нарк. Гап Ўтинчида ҳам эмас, унинг собиқ қаллиғи Вессада ҳам эмас. Гап менинг ўзимда, тушундингми? Бундан ташқари Мовий ўлкада ҳеч ким билмаган ғалати ишлар бўлган. Мен Шарпалар ўрмони қаердан пайдо бўлиб қолганини ва унда кимлар яшашини билмоқчиман. Гай, бизни ўша ерга кузатиб қўя олмайсанми?

Қарға бажонидил рози бўлди. Гай ўша қишлоқ аҳолисини жуда соғинган эди, чунки уларнинг орасида жуда кўп танишлари бор экан. Корина эса ҳар ҳолда афсунгар – ким билсин, у балки Қарағайчалар қишлоғини ўз жойига қайтаришнинг ҳам уддасидан чиқар?

Гай қанотларини қоқиб, яланглик тепасидан учиб кетди. У ердаги чуқур шудгорлардан четроқда парвоз қилишни маъқул кўрди. Корина ва Нарк ярим кун унинг ортидан бордилар. Бу ақлли қуш дўстларни энг қулай йўллардан бошлаб кетди, шунда ҳам йўлнинг охирига боргунча жодугарнинг тинкаси қуриб, оёғини зўрға кўтариб боса бошлади.

Йўловчилар узоқдан улкан кулранг тошлардан тикланган баланд деворни кўргач, тўхтадилар. Шудгорлар тўғри бориб деворга тақалган, гўёки қишлоқ қандайдир мўъжиза билан девор оралаб ўтиб кетгандай тасаввур туғилади. Девор тепасида улкан қорақарағайларнинг учлари кўриниб турибди. Шарпалар ўрмони ўша бўлса керак.

Корина думалоқ харсангтошнинг устига ўтириб олди ва тугунидан бир нечта варақи чиқарди. У Одамгинадан озгина егулик сўраб олган эди. Иккита гўшт варақини Наркка берди. Нарк бу бир тишлам емишнинг таъмини ҳам сезишга улгурмасдан, ютиб қўя қолди.

Сопол кўзачадан сув ичиб нафси қонган Корина роҳатланиб чуқур нафас олди.

– Демак, Одамгина бизни алдамабди – Шарпалар ўрмони ростдан ҳам бор экан. Гай, Қарағайчалар қишлоғига учгин-да, у ердаги аҳволни билиб кел. Мен ҳам бир-икки соат дам оламан-да, кейин деворнинг нариги томонига ўтаман.

Қарға ҳайратдан ҳатто қанотларини тапиллатиб қоқиб юборди.

– Мен қандай қилиб бу деворни ошиб ўтаман, жодугаргинам? Ахир бу девор НИҲОЯСИЗ-ку!

Энди Корина ҳайратдан елка қисди.

– Бунинг нима қийин жойи бор? – деди қарғага. – Деворга ўхшаган девор-да. Шунга нима бўпти? Қушлар энди ғишт девордан ҳам ошиб ўтолмайдиган бўлиб қолишганми нима бало?

Гай жавоб бериш ўрнига қанотларини қоқиб ҳавога кўтарилди ва девор бўйлаб юқорилай бошлади. У деворнинг энг юқори чеккасига етай деб қолганида девор тепага қараб ўсишни бошлади. Қари қарға бор кучини сарфлаб булутларгача учиб борди, лекин девор ундан бир қарич баландда кўтарилиб кетаверди.

Корина билан Нарк кўзлари ола-кула бўлганича бу тинимсиз беллашувни томоша қилишарди. Ярим соатдан сўнг Гай нафаси бўғзига тиқилиб, ялангликка келиб қўнди. Девор ҳам шу заҳотиёқ пасайиб, асл ҳолига қайтди.

– Сен эса: қушлар-пушлар, девордан ошиб ўт дейсан, – оғир нафас олганича деди қарға. – Девор афсунланган! Балки сенинг жодуларинг унга таъсир қилар?

Нарк бекасига саволомуз қаради. Қиз ҳар эҳтимолга қарши ҳашарот афсунини ўқиди ва пашшага айланиб, деворнинг бир чеккасидан сездирмайгина ўтиб кетмоқчи бўлди. Афсуски, пашша қанчалик юқорилашга уринмасин, бўзранг девор тўсиқ ундан тепароқда ўсиб борарди.

Корина Ниҳоясиз девордан ошиб ўтишга уринишни бас қилганида қоронғи туша бошлаганди. Тошдан терилган бу ғовни ким афсунлаган бўлса ҳам, у буюк афсунгар эканлиги энди аниқ эди.

Гай қизнинг уринишларини ачиниш ҳисси билан кузатиб турди, Нарк эса ерга чўзилиб олганича, норозилик билан бир нималар деб минғирларди. Бу жой унга ёқмаяпти, шунинг учун қора ўрмондан алллақачон бажонидил чортакни ростлаб қолган бўларди. Лекин Коринани ёлғиз ташлаб кета олмайди-да!

Руҳи тушган Корина ҳам бўрининг ёнига тиззалади. У қаттиқ чарчаганди. Мақсадига етишиш учун ҳамма нарсага айланиб кўрди: ҳар хил қушларга, турли ҳашаротларга, ҳатто кўрсичқон қиёфасига ҳам кирди-я! Лекин барибир Шарпалар ўрмонига киришнинг уддасидан чиқа олмади. Торннинг ҳамма жодуларини қўллаб кўрди. Китобдаги афсунлар ҳатто Айлана Дунё тоғларини ҳам емириб, қўпориб ташлашга қодир эди. Лекин Ниҳоясиз девор ҳатто кўнгил учун тиқ этиб қўйгани йўқ. Чамаси уни қурган сеҳргар қудрат бобида буюк Торн билан бемалол беллаша оладиган соҳиби афсун бўлган экан. Лекин у ким? Ўзи қаердан келган? Нима учун Сеҳрли мамлакатда ҳеч ким у ҳақда эшитган эмас?

– Сариқ ғиштин йўлга қайтиш керак, – ниҳоят истамайгина ўз фикрини билдирди жодугар қиз. – Эҳ, ҳозир шу ерда Гингема бўлганидами! У албатта бу бошқотирманинг чорасини топган бўларди…

Қарға қанотидаги патларини узун тумшуғи билан тозалаб бўлгач, унга жавоб қилди:

– Гингемага ҳеч қандай чора излашнинг ҳам кераги йўқ эди. Ниҳоясиз девор уни Шарпалар ўрмонига киришга ўзи таклиф этганди. Лекин сенинг ойижонинг у ерга ўтишга қўрқиб, шаталоқ отиб қочиб қолган.

Корина ҳайрат билан қора қушга тикилиб қолди.

– Ҳеч нарсани тушунолмай қолдим… Демак, Гингема бу ерларда бўлган экан-да?

– Кўп марталаб, – бош ирғади Гай. – Бу воқеа жуда кўп йиллар муқаддам, Гудди Карли ҳали дунёга келмаган пайтларда бошланган. У вақтлар мен ҳали жуда ёш эдим, атрофдаги қишлоқлар тепасида учиб юришни ёқтирардим. Ҳеч қанақа Ниҳоясиз девордан асар ҳам йўқ эди. Бепоён кенгликлар ўртасида чўққиси катта ўйиқли юксак тоғ кўкка бўй чўзганди. Тоғ чўққисидаги ўша ўйиқдан баъзан тутун ўрлаб қоларди. Шунақанги аччиқ тутунки, заҳридан кўз ўйилиб кетиши ҳеч гап эмасди. Тамшанувчилар тоғга яқинлашишга ҳам қўрқиб туришарди. Бир куни тоғ ўрнида ўрмон билан девор пайдо бўлиб қолди. Бунинг сабаби сеҳр-жодудан бошқа нарса эмасди албатта.

Қарға бошини бир томонга эгиб, ўтган кунларни хотирлай бошлади. Корина сабр билан унинг ҳикоясини кутмоқда. Нарк эса, аксинча, қаттиқ асабийлашарди.

– Ана, яна овози ўчиб қолди, – ириллади у, қари қушга ғазабли боқиб. – Сенинг касофатингга энди биз шу ерда тунаб қоламизми?

Гай қанотларини қоқди.

– Нима ҳақда гапираётгандим? Ҳа-я, Гингема ҳақида эди. Мен ўша жодугарни биринчи марта мана шу ерда кўрганман. Бу ер мени худди оҳанрабо каби ўзига тортиб олган. Мен девор бўйлаб ёлғиз парвоз қилиб, унинг нега, қаердан пайдо бўлгани тўғрисида, умуман ҳаёт ҳақида хаёл суришни ёқтирардим. Бир куни қарасам, супурги минган қандайдир кампир осмонда учиб келяпти. Девор ёнида ерга қўниб, ўзича алланимабалоларни минғирлай бошлади. Аввалига ҳеч қандай ҳодиса юз бермади. Кейин девор тошлари орасида улкан оғиз пайдо бўлди. Оғиз очилиб, девор тилга кирди:

“Пақир сени кўпдан бери кутяпти, жодугар. Ичкарига кир, ҳеч нарсадан қўрқма”.

– Пақир деганинг ким? – ҳайрон бўлди Нарк. – Бундай сеҳргар ҳақида умуман эшитмаган эканман.

– Сен бирпас овозингни ўчириб тур! – жаҳл билан қашқирга дўқ урди Корина. – Гапиравер, Гай. Бу ҳикоянг мен учун ниҳоятда муҳим.

– Давом эттирадиган нарсанинг ўзи йўқ, – жавоб қилди кўпни кўрган қуш. – Девор ораси очилиб, катта йўлак пайдо бўлди. Буни ўзим кўрганман. Гингема қўрқувдан қалтираб, додлаб юборди: “Йўқ, керакмас! Мен яхшиси ўзимнинг ғоримга бораман!”. Девор эса унга жавоб қилди: “Сенинг жойинг Шарпалар ўрмонида. Ер ости мамлакати ҳукмдори ўзига янги хизматкорларни ёллаяпти, сен ва Бастинда унинг ихтиёрида бўласизлар”. Гингема жавоб бериш ўрнига супургисига ўтирди ва қочиб қолди. Лекин орадан бир ой ўтиб, яна пайдо бўлди. Деворда оғиз пайдо бўлиб, жодугарни ичкарига таклиф қила бошлагач, яна қўрқуви кучлилик қилди. Шунда ўша даҳшатли овоз унга таҳдид қилди: “Пақир сендан ва Бастиндадан қаттиқ ғазабда. Бундай қўрқоқ хизматкорлар унга керак эмас. Бу жой ҳақида энди бутунлай унут! Қўрқоқликларинг учун сени ва опангни тез орада ажал олиб кетади. Бу ердан йўқол ва бошқа ҳеч қачон қайтиб келма!”

− Бу макон ҳақида менинг билганларим шу холос.

Корина узоқ ўйланиб қолди.

– Гингема менга ер ости мамлакати ҳақида ҳам, Шарпалар ўрмони ҳақида ҳам ҳеч қачон гапирмаган эди, – ниҳоят тилга кирди қиз. – Эҳтимол ростдан ҳам бу жойлар ҳақида унутиб юборгандир. Бу ерда қандайдир муҳим сир бор… Нарк, менимча, биз бу ерларга келганимиз ҳар ҳолда ёмон бўлмади!

Қашқирга бу сўзлар ёқмасдан, норози ириллаб қўйди. Яқин-атрофда хавф-хатардан дарак берувчи ҳеч қандай бир тайинли аломат бўлмаса-да, унинг бўйнидаги туклари тез-тез қўрқувдан тиккая бошлади.

– Ўша сирни билмасак ҳам ризқ-насибамиз камайиб қолмайди, қизбека, – тўнғиллади у қулоқларини диккайтириб. – Шусиз ҳам анча яшаб юрдик, яна шунча йил бемалол яшайверамиз. Модомики Гингема бу ердан икки марта супургисига сакраган экан, демак, девор тагида туришнинг ўзи ҳам ниҳоятда хатарли. Юрақол, Коринагинам, тез орада қоронғи тушиб қолади!

Қиз эса қашқирнинг ялиниб-ёлворишларига парво ҳам қилгани йўқ.

– Мени шу ерда кутинглар, – буюрди у ва шошмасдан девор томон йўл олди.

Корина деворгача етиб бормасдан тўхтади, ўнг қўлини кўтарди ва нималарнидир пичирлади. Бир лаҳзага уни мовий булут қамраб олди, у тарқалганида эса ҳайратда қолган қашқир ва қарға… Гингемани кўришди!

Кампир оёқларини зўрға судраганича деворга яқинлашди ва деди:

– Мен Пақирга хизмат қилиш учун келдим. Мендай нодон жодугарни буюк сеҳргар кечирсин. Мени Шарпалар ўрмонига ўтказиб юбор.

Шу пайт тошлар орасида улкан лаблар пайдо бўлди. Улар қимирлаб, девор ҳайрон бўлиб сўради:

– Гингема ўлган. Сен кимсан?

– Мен унинг қизиман, – жавоб қилди кампир ва ёқимсиз ҳингирлади. – Биз онагинам билан икки томчи сувдай ўхшашмиз…

Девор худди ким биландир маслаҳатлашаётгандай анчагача жимиб қолди. Кейин тўсатдан ораси очилди-да, торгина йўлак ҳосил бўлди.

– Ўтақол, ялмоғиз, – ижозат берди девор. – Бир неча кундан кейин Ҳукмдор сени ўз лутфу марҳаматига ноил этади.

Кампир иккиланиб ҳам ўтирмасдан ўрмонга кирди ва унинг ортидан тирқиш дарҳол ёпилди.

Нарк билан қарға бир-бирларига ташвишли қараб қолишди. Улар энди Коринанинг қайтишини кута бошлашди.

Тўққизинчи боб

ШАРПАЛАР ЎРМОНИ

Корина ялангликда туриб, атрофга аланглай бошлади. Ҳамма тарафда зич ўсган, йўсин билан қопланган улкан қорақарағайлар рутубатли осмонга бўй чўзган. Ҳаво зах ва совуқ.

Қиз девор бўйлаб кетар экан, ўрмонга олиб борадиган сўқмоқни эътибор билан кўздан кечирарди. У бир неча қадам қўйиб улгурмай, қаршисидан… ханжартиш йўлбарс чиқиб келди!

Корина қўрқувдан кўзлари ола-кула бўлганича, жойида қотиб қолди. У илгари ҳеч қачон бу ҳайвонларни кўрмаган, лекин уларнинг ёвуз хулқлари ҳақида жуда кўп эшитган эди. Қиз ваҳимага тушиб қолганидан ўзининг турли хил сеҳр-жодулар соҳибаси эканини ҳам унутиб қўйганди. Уларнинг ёрдамида ҳар қандай ваҳший маҳлуқни енга олишга қодир бўлгани ҳолда, сеҳр ишлатиш унинг хаёлига ҳам келмаётганди.

Йўлбарс қаҳрли ўкириб, ўзини қизга отди. Корина даҳшатдан қичқириб юборди ва кўзларини юмганича, ўзининг ногаҳоний ўлимини кута бошлади. Лекин ҳеч қандай ҳодиса юз бермади! Корина кўзини очиб, ҳайвоннинг ҳайратда турганини кўрди. У орқа оёқларида ерга ўтириб, худди оддий мушукка ўхшаб, панжаси билан энсасини қашимоқда эди.

Қиз енгил нафас олди.

“Нега қўрқиб кетдинг, тентак қиз? – деди ўзига ўзи. – Ахир бу Шарпалар ўрмони-ку. Демак, бу йўлбарс ҳам оддий шарпа. Сеҳрли мамлакатда тирик ханжартиш йўлбарс нима қилсин? Уларни аллақайси замонларда Донишманд Қўриқчининг фармонига кўра қириб ташлашган-ку. Бўпти, текшириб кўрамиз”.

У озроқ дадиллашиб, баҳайбат йиртқичга яқинлашди ва унинг боши томонга қўлини чўзди. Худди ўзи ўйлагани каби қўллари бўшлиқда қолди. Йўлбарс шарпаси эса беихтиёр ириллаб, орқага тисланди ва қизга қўрқув билан тикилди.

Корина кулиб юборди.

– Қалай, бопладимми? – сўради у мамнун тиржайиб. – Кейинги сафар қизларга ҳамла қилишдан аввал яхшилаб ўйлаб ол. Энди эса Қарағайчалар қишлоғи қаерда эканини айт.

Йўлбарс унга жавобан нималарнидир ғўлдираб қўйди.

– Тавба, сен ҳали гапиришни ҳам билмайсанми? – ҳайрон бўлди ёш жодугар. – Бизнинг мамлакатимизда ҳатто ҳайвон ва қушлар ҳам гапиришни билишади… Йўқ, ҳаммаси эмас экан!

Корина кутилмаганда хаёлига келиб қолган фикрдан эсанкираб, жим бўлиб қолди. У Тамшанувчиларнинг ханжартиш йўлбарслар ҳақидаги ҳикояларини эслади. Уларнинг бирортасида ҳам бу қудратли ҳайвонларнинг гапира олиш қобилияти ҳақида эслатилмаган экан.

– Таажжуб… – минғирлаб қўйди у шарпани ўйчан ҳолда кузатар экан. – Балки сен ва сенинг жинсдошларинг – ерости мамлакатида истиқомат қиларсизлар? Ҳмм-мм… Бу жуда қизиқ… жуда ҳам ғалати…

Корина ўгирилиб, ўрмон чеккаси бўйлаб ўз йўлида давом этди.

Тез орада у ўрмон ичкарисига олиб борувчи яхшилаб топталган сўқмоқни кўрди. Қиз шу йўл бўйлаб боришга чоғланди-ю, лекин бир оз кутиб туришга қарор қилди. Хатто қақраб-қуриб кетган тупроқда ҳам аниқ-тиниқ кўриниб турган улкан панжа излари уни саросимага солиб қўйди. “Вужудсиз маҳлуқ шарпалари шундай изларни қолдириши мумкинми ахир?” – ўйлаб қолди у.

Коринанинг кутиб туриши бежиз эмас экан. Бир неча дақиқалардан кейин йўлнинг муюлишидан яна битта маҳлуқ чиқиб келди. Корина вой-войлаб юборди ва лип этиб энг яқинда ўсиб турган қорақарағайнинг ортига яширинди. Маҳлуқнинг бўйи Одамгинанинг қасри баландлигича келар ва у икки оёқлаб юрарди. Оёқлари худди улкан устуннинг ўзи. Ҳайвоннинг думи шу қадар узун ва йўғон эдики, думининг устида ўттиз уч нафар Тамшанувчилар бемалол ёнбошлаб кета оларди. Унинг тишларга тўла жағи жойлашган калласига қарашнинг ўзи даҳшат.

Корина ҳам, Торн ўлкасининг бошқа аҳолиси ҳам шу пайтгача динозаврларни умуман кўрмаган эдилар. Корина маҳлуқнинг йўлдан ўтиб кетишини кутиб турди-да, қорақарағайнинг ортидан отилиб чиқди ва унинг кулранг, ғадир-будур думига қўлини теккизди. Унинг бармоқлари яна худди аввалгидай ҳаво орасидан ўтган каби ўтиб кетди.

Қиз бир оз тинчланиб олди-ю, лекин ўша йўл бўйлаб бориш фикридан қайтди.

“Қарағайчалар қишлоғининг аҳолиси бундай даҳшатли шарпаларга кўникиб кетишлари мумкин эмас, – дея ўйлади у. – Тамшанувчиларнинг ҳаммаси ваҳимачи, улар ҳатто бўрилардан ҳам қаттиқ қўрқишади. Демак, уларни истаган жойингдан излаш мумкин, лекин бу йўлнинг бўйларидан эмас”.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации