Электронная библиотека » С. Сухинов » » онлайн чтение - страница 6


  • Текст добавлен: 26 июня 2023, 09:00


Автор книги: С. Сухинов


Жанр: Книги для детей: прочее, Детские книги


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 6 (всего у книги 10 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Корина яна ўрмон чеккасига чиқди ва дарахтлар қатори бўйлаб кета бошлади. У торгина сўқмоқни кўргунига қадар бир неча чақирим йўл босиб қўйди. Жодугар қиз қувона-қувона қарағайлар орасига кириб кетди.

Ўрмон совуқ ва рутубатли. Ҳавони чиринди ҳиди тутиб кетган. Корина бу ерда қушларни ҳам, қарағайларни ҳам кўрмади. Лекин қудратли, йўсин босган дарахт таналари орасида зарғалдоқ ва бинафшаранг қўзиқоринлар тез-тез кўзга ташлана бошлади. Улар шу қадар бадбўй эдики, Корина бурнини бармоқлари билан беркитиб олишга мажбур бўлди. Унинг нафаси қисилиб, катта сайхонликка югуриб чиқди ва ўша ерда чуқур нафас олди.

– О-о, мен кимни кўряпман! – унга орқа томондан кимнингдир ёқимсиз ва хириллаган овозини эшитилди. – Қоқиндиқ, сени қачонлардан бери излаб юрибман-а! Жуда кўпдан бери излаяпман, ўргилай сендан. Шошмай тур, айланиб кетай, ҳозир мен сени эски қадрдонлардай меҳмон қилиб қўяман, ҳа-ҳа-ҳа!

Корина киприк қоқиб улгурмасидан, оппоқ сочлари патак бўлиб кетган аллақандай кампир дарахтлар орасидан унга ҳамла қилиб қолди. У қалпоғи очилмаган қора ёмғирпўшга миниб олганича, худди супургида учгандай учиб келди. Иккинчи ёмғирпўшини эса кампир худди тўқмоқни селпигандай ҳавода тинмай силкитарди. Корина ортига – сўқмоқ томон тисарилди, лекин кампир қўлидаги матоҳи билан унинг бошига яхшилаб тушириб қолишга улгурди. Хайриятки, ёмғирпўш ҳам шарпа экан, қиз ҳеч қандай оғриқни сезмади.

Кампир норози оҳангда ўкириб, Коринанинг атрофида бир айланиб олди ва унинг пешонасини нишонга олиб, қайтадан ҳамла қилди. Бастинда яна ҳеч нарсага эриша олмади.

Корина тиржайиб қўйди ва ёвуз кампирга тилини чиқариб кўрсатди.

– Ҳа, жодугар, зарбанг ўхшамай қолдими? – дўқ урди у. – Суюкли Бастинда опамни дарров танимаганимни қара-я. Сен шарпага айлангач, янада кексайиб, янада тентаклашибсан!

Бастинда аламли бўкириб Коринанинг боши тепасида айланиб уча бошлади.

– Менга яна панд бердинг, ярамас! – додлади у. – Сен болалигингдан мени жирканч қилиқларинг ва ҳийлаларинг билан жонимдан тўйдириб юборардинг. Ўлимимиздан кейин сени мириқиб хўрлаб юраман деб ўйлагандим. Йўқ! Сен шу аҳволингда ҳам ҳеч тутқич бермаяпсан! Сени ургандан ҳам фойда йўқ. Шундан кейин ҳам сени шарпа деб атаб бўларканми?!

Корина яна ишшайди.

– Бунга сенинг моғорлаган ақлинг ожизлик қилади, опагинам, − деди у. – Яхшиси мени қарағайчалар қишлоғига бошлаб бор.

– Қарағайчалар қишлоғи сенга нимага керак бўлиб қолди? – шубҳаланиб сўради Бастинда. – Сен ҳам мен каби шарпа бўлсанг, Тамшанувчиларда қандай ишинг бўлиши мумкин? Тфу-тфу, ҳаммаси балога йўлиқсин! Улар билан Пақирнинг хизматкорлари ош-қатиқ бўлаверишсин. Ҳукмдорга ўша хароб, қўрқоқ мавжудотларнинг нима кераги бор экан, ҳеч тушунмайман-да. Назаримда, агар уруш бўлиб қолса, ўшалардан кўра биз шарпалардан кўпроқ наф бўлса кераг-ов… А-а-а-а!!!

Кутилмаганда Бастинда шунақанги чинқириш қилиб бердики, Коринанинг ҳатто қулоғи ҳам битиб қолай деди.

– Сен Гингема эмассан! Сен – тирик одамсан. Тамшанувчими, Пирпиркўзми, билмадим, ишқилиб ўшалардансан! Эй, ўрмон шарпалари! Бу менинг синглим эмас, у ростакам тирик жодугар!

Шу пайт дарахтлар тўсатдан силкина бошлашди. Бир нечта қорақарағайлар йиртқич ҳайвонларнинг ҳамласига дош бера олмасдан, гумбирлаб ерга қулади. Қўрқиб кетган Корина қудратли қўнғир айиқни, узун шохли қора каркидонни, ёллари тиккайган шерни кўрди… Тўғри, улар бор-йўғи шарпалар эди, лекин қандайдир мўъжиза туфайли бу ваҳшийлар дарахтларни синдириб, илдизи билан қўпориб ташлашга қодир экан. Қизнинг асаби чидамасдан, йўлни ҳам танлаб ўтирмай ўрмон ичкарисига югурди.

Корина бир чақирим йўлни чангалзор орасидан югуриб ўтишига келди. Унга орқа томондан ағдарилаётган дарахтларнинг қарсиллаб-гурсиллаши ва таъқибчиларнинг ваҳшиёна ўкиришлари эшитилиб турарди. Хайриятки, қалин ўрмон қувғинни қийинлаштиряпти. Ҳатто Бастинда ҳам тарвақайлаб ўсган қорақарағайнинг шохларига ўралашиб қолди. Корина нафаси қисилган кўйи катта ялангликка чиқиб қолди ва қаршисида қандайдир қишлоқни кўрди.

Чамаси, бу ўзи сарсон бўлиб излаган Қарағайчалар қишлоғи эди. Лекин одатда Тамшанувчиларнинг қўрғонлари обод ва саришта бўлгувчи эди. Уйлар ва ҳатто четан тўсиқлар ҳам энг ёрқин рангли бўёқларда, айниқса кўк ва мовий рангга бўяб қўйиларди. Бу қишлоқ эса файзсиз, кўримсиз, дераза қопқалари ёпилган ва эшиклари тамбаланиб, михлаб ташланган эди. Уйлар орасидаги сўқмоқларни ўт-ўлан ва қичитқи босган, бу ерларда ҳеч ким юрмай қўйгани кўриниб турарди. Зулмат бу ерда бошқа жойлардан кўра қуюқроқ, ҳаво эса рутубатли.

Корина қўрқувдан ва совуқдан қалтираб, энг яқин уйнинг остонаси томон отилди ва жонҳолатда эшикларни тақиллатиб ура бошлади.

– Эшикни очинг! – қичқирарди у. – Ортимдан шарпалар қувиб келишяпти! Ёрдам беринг! Мени қутқаринглар!

Дераза пардаси салгина қимирлаб қўйди ва Корина кимнингдир қўрқувдан бўзирган юзини кўргандай бўлди. Лекин қиз қанча ялиниб-ёлвормасин, унга барибир эшикни очишмади.

Ўрмон томондан шовқин тобора яқинлашиб келарди. Тез орада Пақирнинг малайлари ялангликка етиб келишади.

Корина остонадан тушиб, иккинчи уйга югурди. Бу ерда ҳам уни ичкарига қўйишмади. Учинчи кулбада ҳам, тўртинчисида ҳам ҳеч ким қизга эшик очишни истамади…

Таъқибчиларнинг шовқин-сурони яқинлашиб қолди. Корина оғир хўрсинди ва манглайидаги терни кафти билан артатуриб, ҳанузгача Гингеманинг қиёфасида юргани эсига тушди. У ўйлаб ҳам ўтирмасдан, қўлининг биргина ҳаракати билан ўзининг ҳақиқий суратига қайтди ва охирги уй томон йўналди. Кулба ялангликнинг энг чеккасида турар ва ташқаридан худди кимсасиздай туюларди. Қиз ҳар эҳтимолга қарши остона зиналаридан кўтарилди ва умидсиз қиёфада эшикни тақиллатди.

– Ёрдам беринглар! – ялинчоқлик билан деди у. – Ортимдан Пақирнинг хизматкорлари қувиб келишяпти!

Дераза пардаси бир лаҳзага кўтарилди ва Корина эшик зулфинининг ғичирлаб очилаётган товушини эшитиб, қувониб кетди. Эшик очилди ва қиз шиддат билан ичкарига отилиб кирди. Айни ўша пайтда ялангликка йигирмага яқин маҳлулар ёпирилиб кириб келишди. Ўлжанинг уйга кириб яширинганини кўрган шарпалар ғазаб билан чинқириб-ўкира бошлашди. Кейин ҳаммалари ортларига ўгирилиб, алам билан чангалзор ичига қайтиб кетишди.

Корина уларни эшик тирқишидан кузатиб турди. Кейин енгил нафас олиб, ён томонига ўгирилди ва кекса кампирни кўрди. Унинг ёшлигида ниҳоятда гўзал бўлгани сезилиб турарди. Ҳозирда эса елкалари энкайган, қорайиб кетган юзини чуқур ажинлар қоплаб олган, сочлари оппоқ оқариб кетган. Кампирнинг кўзларигина худди ёшлик пайтидаги каби чақнаб турибди. У кутилмаган меҳмонига шу қадар илиқ меҳр ва ачиниш билан қараб турардики, Корина бундан ғалати бўлиб кетди.

У Вессанинг уйига келиб қолганини тушунди.

− Сен бу лаънатланган ўрмонга қандай келиб қолдинг, ёқимтойгинам? – сокин овозда сўради Весса. – Негадир сени таниёлмадим… Темирчи Вачарнинг қизи эмасмисан, мабодо? Унинг кўзлари бўзранг эди… Сен нега туриб қолдинг? Ичкарига ўтавер. Ўтир, ҳозир сенга ўрмон тармеваларининг шарбатидан қуйиб бераман. Қўрқма, у маҳлуқлар қишлоқ уйларига киришмайди.

Корина сопол бардоқдаги шарбатни ютоқиб ичиб бўлгунича, кекса аёл дераза ёнига борди ва пардаларни очиб қўйди. Кулба озгина ёришгандай бўлди. Шундагина Корина кампирнинг кўзи унча яхши кўрмаслигини билди. У атрофга аланглаб, бурчакда турган сандиққа кўзи тушди. Унинг устига болаларнинг кийимлари саранжом қилиб тахлаб қўйилган эди. Уларни кўпдан бери ҳеч ким киймагани сезилиб турарди.

“Вессанинг қизи бўлган шекилли, ўйлади Корина. – Лекин у ҳозир қаердайкин? Ё вафот этганмикан? Балки Пақирнинг малайлари ўғирлаб кетишгандир?”

Корина анчадан бери амалга оширишни мўлжаллаб юрган жодуларидан бирини шивирлаб талаффуз қилди. Ялмоғиз қиз жодуга мослаб кўзини ғалати қисди, кампирнинг хира кўзларига тикилди ва унинг йўқолган қизига ўхшаб қолиш тилагини билдирди.

Весса ўз меҳмонига яқинлашди ва ўз кўзларига ишонмасдан, қалтироқ қўллари билан қизнинг юзларини силади.

− Ланга?.. Ланга, қизалоғим!..

− Ойижон! Ойижонгинам! – хитоб қилди Корина ва Вессанинг қучоғига отилди.

Ёш жодугар нима қилаётганини яхши биларди. Вессанинг қизини ҳам бошқа болалар билан бирга саккиз йил муқаддам Пақирнинг хизматкорлари ўғирлаб кетишган эди. Ўша кундан бери шўрлик аёл ҳаловатини йўқотган. Қишлоқ аҳолиси йўқолган болаларни кўп марталаб ўрмондан топишга ҳаракат қилишди. Лекин уларни энди топиб бўларканми?! Шарпа маҳлуқлар Тамшанувчиларнинг йўлларидаги дарахтларни қулатиб, уларни яна уйларига қайтишга мажбур этишар эди.

Весса сохта Лангани катга, ўз ёнига ўтқазиб, бағрига қаттиқ босди ва пиқиллаб йиғлаганича, дардини айта бошлади:

− Биз, шўрлик оналар ҳолдан тойдик. Ўз болаларимиздан айрилишдай қора қисмат бошимизга қаёқдан келдийкин? Кун кўрмасдан куйиб кул бўлгур Пақирга сизлар нега керак бўлиб қолибсизлар?! Жодугар Бастинда Пақирнинг бутун Сеҳрли мамлакатни босиб олмоқчи эканини айтганди. У ўзининг ер ости салтанатида катта лашкар тўплаётган эмиш. Ахир бизнинг Тамшанувчи эркакларимиздан аскар чиқар эканми? Йўқ, балога йўлиққур Пақирга бошқа кимлардир кераккка ўхшаяпти… Негадир Бастинда буни бизга айтгиси келмаяпти, балки ўзи ҳам билмас?.. Вой, мен нималарни вайсаяпман ўзи? Бугун мен учун энг қувончли кун – соҳибжамол Ланга қизим уйга қайтди! Ўша жирканч Пақирнинг малайлари сени қаерларга яшириб қўйишган эди?

Корина ўзи ўйлаб қўйган жавобни берди:

− Мени бошқа қизлар билан катта тош минорада сақлашди. Бизни Пақирга чўрилик қилишимиз учун олиб кетишган экан. Бир ойдан кейин аскар шарпалар бизни ер ости салтанатига жўнатишлари керак эди. Ёлғиз мен тасодиф туфайли қочиб кетдим, ойижон! Энди нима бўлади? Мени тезда барибир топиб олишади, кейин ҳеч қанақасига қутулиб кета олмайман. Мен Мовий мамлакатимизга қайтгим, яна қуёшни кўргим, одамларнинг кулгисини, қувноқ қўшиқларини эшитгим келяпти! Менга ёрдам беринг, ойижон. Пақирнинг хизматкорлари менинг изимдан келишяпти!

Весса қўрқувдан қалтираб, қизини яна ҳам қаттиқроқ бағрига босди.

− Бу алвастилар ўрмонидан қутулиб бўларканми? – афсус-надомат билан деди у. – Ҳамма ёқда афсунгарнинг малайлари ва ҳар хил ўлаксалар изғиб юришибди… Ўрмон ортида эса – Ниҳоясиз девор. У ҳар қандай шарпадан хатарлироқ. Қарағайча қишлоғининг қанча-қанча довюрак одамлари эркинликка чиқишга уриниб кўришган. Лекин бирортаси ҳам Мовий ўлкага чиқиб кета олмади – ҳаммаларини тутиб олишаверди. Бу зулмат иблисининг мавжудотларига бас кела оладиган жонзотнинг ўзи йўқ. Лекин…

Кекса Весса ўтган йили ўрмонда қандайдир қора аждар пайдо бўлганини шоша-пиша сўзлай кетди. Уни Пақир қандай қилиб асир олган – кампир буни билмас экан. Лекин афсунгар ўша аждарни ўзига бўйсундира олмабди. Учар маҳлуқнинг исми Вараг экан. У ер ости ҳукмдорининг хизматкорларини қўрқувда тутиб турганмиш. Лекин ниҳоясиз девордан ошиб ўтишга ҳатто аждарнинг ҳам қурби етмабди.

− Вараг қишлоғимизни ўз ҳимоясига олган, − сўзини якунлади Весса. – Ўзинг кўрдинг, Пақирнинг малайлари ўрмондан бизнинг ялангликка чиқишга қўрқишади. Балки Вараг икковларинг биргалашиб, бу тутқунликдан қутулиш йўлини топарсизлар? Агар озодликка чиқа олсанг, Темир Ўтинчини топ. Сен кичкиналик пайтингда у ҳақда сўзлаб берганларим эсингдами?

− Эсимда, − жилмайиб қўйди Корина. – Сиз айтгандай қиламан, ойи. Бинафша мамлакат ҳокими собиқ қаллиғининг қизидан ёрдамини аямаса керак? Лекин мени сохта Ланга деб айбламасликлари учун, Темир Ўтинчига мактуб ёзиб берсангиз.

Весса бош ирғаб қўйди.

− Ҳозир ёзиб бераман, қизим. Аввал сени тўйдирай, чой дамлаб берай. Йўлда очиқиб қолгандирсан?

Корина ростдан ҳам очиқиб қолганди, лекин кампирнинг таклифини қатъиян рад этди.

− Ойи, Пақирнинг гумашталари менинг изимдан келишяпти! Лекин уларга бошқа банди бўлмоқчи эмасман. Тезроқ мактубни ёзинг.

Весса афсус билан хўрсинди, лекин қиз билан гап талашмади. У қайсидир бир тирқишдан тасодифан сақланиб қолган бир варақ қоғоз олди ва миз ёнига ўтириб, кўзларини қисиб, хира кўзларини қоғозга қаттиқ тикканича ғоз патида тиришқоқлик билан сўзларни бирма-бир ёза бошлади. Корина мойчироқни ёқди ва сиёҳдоннинг ёнига қўйди. Кеса аёлнинг елкасидан қараб, унга нималарнидир пичирлаб айтиб турди. Весса қизнинг айтаётган сўзларини ёзаётганини ўзи ҳатто сезмади ҳам. Ҳатто “Ланга” исми ўрнига “Корина” деб ёзди.

Весса хатни тугатгач, қиз унинг қўлидан қоғозни юлиб олди ва сиёҳи тезроқ қуриши учун уни ҳавода силкита бошлади.

– Балки мен билан кетарсиз, ойижон? – сўради анча дадиллашиб қолган ёш жодугар. – Мана шу афсунланган ўрмонда яшагандан кўра йўлда ўлиб кетган маъқул.

Весса оғир хўрсинди.

– Энди жуда кеч, қизгинам. Мовий ўлкада мени ким ҳам кутиб ўтирибди, дейсан? Отанг вафот этиб кетди, бошқа қариндош-уруғларим йўқ. Гудди Карли эса… Мен ҳали ёш пайтимда у мени кўриш учун Қарағайчалар қишлоғига бирор марта келгани йўғ-у, энди қариганимда унга керагим бормиди? Сен эса, Ланга, қочиб кет, болагинам! Мен Варагни қандай чақиришни биламан…

Весса кутилмаганда нимадандир ҳавотирланиб, жим бўлиб қолди. Кейин дераза ёнига яқинлашди ва шу заҳотиёқ ортига тисланиб, бўғиқ товушда қичқирди:

– Сени хароб қилиш учун келишди, қизгинам! Лаънати қора қузғунлар етиб келишди!

Корина дераза ёнига югуриб келди. У қора ёпинчиқларга ўраниб олган бир қанча ғалати мавжудотларнинг дарахтлар ортидан чиқиб келганини кўрди. Улар одамларми ёки қандайдир маҳлуқларми, қоронғида аниқлашнинг иложи бўлмади. Пақирнинг хизматкорлари қўлларида ушлаб олган эгма қиличлар совуқ ялтирайди. Улар майда қадамлар билан уй ёнига яқинлашишди ва уни ҳар томондан қуршаб олишди.

Весса қўрқувдан қалтироқ қўллари билан юзини беркитди.

– Сени ҳалок қилишади, қизгинам… – алам билан ингради кампир. – Бу қаттоллардан яшириниб ҳам, қочиб ҳам қутулолмайсан…

Айни шу пайтда осмонда шовқин эшитилди. Афсунгарнинг малайлари тўхтаб қолишди. Қандайдир тушунарсиз кескин чинқириқ товуши атрофга ёйилди. Кимдир қора ёпинчиқли мавжудотларни олға юришга ундади. Бунга жавобан қулоқларни битирувчи қаттиқ момақалдироқ гумбурлади. Ҳавода даҳшатли олов денгизи тўлқинланди ва даҳшатли маҳлуқлар ҳар томонга тирақайлаб қоча бошлашди.

Весса “қизи Ланга”ни меҳр ва қайғу билан бағрига босди.

– Алвидо! – деди у қиздан кўз ёшларини яшириб ўтирмасдан. – Ҳеч бўлмаса ҳаётда сенинг омадинг келсин! Торнга раҳмат, ҳар ҳолда ўлимим олдидан сени кўриб қолдим-ку. Гуддига менинг саломимни етказиб қўй. Уни ҳеч қачон ёдимдан чиқармаганимни ҳам айт. Энди тезроқ томга чиқ – Вараг учиб келди.

Узоқ йиллар давомида Коринанинг юраги биринчи марта бир титраб тушди. Гингема билан кечган ҳаёти уни шафқатсиз қилиб қўйганди. Сеҳрли мамлакат бўйлаб узоқ давом этган саргардонликлар қизнинг қалбини юмшата олмади. У ҳеч қандай иккиланишсиз ночор, ёлғиз Вессани сурбетларча алдади. Энди эса виждони оз бўлса ҳам қийналгандай туюлди.

Весса қизнинг елкасидан туртгач, у зинапоядан чордоққа кўтарилди ва томга очилган кичик деразадан ташқарига чиқди. Корина юқорига қаради ва дарахтлар тепасида доира ясаб учаётган қора аждарни кўрди. Аждар вақт-вақти билан атрофга ўт сочиб, баланд овозда ўкиряпти: Пақирнинг малайлари унинг ғазабини қўзғатиб юборган эди.

– Вараг! – қичқирди Корина. – Мени қутқар!

Лекин аждар қизнинг овозини эшитмади ва яланглик устида айланиб учишда давом этаверди.

Шунда Корина қўлини юқори кўтариб афсун ўқиди – ва ҳавога мовий чақмоқ отилди. У аждарнинг бошидан сал нарироқда чақнаб ўтди. Чақмоқнинг қайноқ тафти уни енгилгина куйдирди. Вараг ажабланиб пастга қаради ва томнинг тепасида турган қизни кўрди.

Сўнг улкан қанотларини йиғиб, ерга енгилгина қўнди.

Ўнинчи боб.

ҚОРА АЖДАР

Аждар ғазабдан чақнаб турган кўзларини ўрмон чеккасига тикди. У ерда Пақирнинг хизматкорлари қорақарағайлар ортига яшириниб турар эдилар. Маҳлуқ даҳшатли ўкириб, ўша томонга олов пуркади. Қора шарпалар шу заҳотиёқ дарахтлар орасида ғойиб бўлишди. Кейин аждар улкан калласини кулба томонга бурди ва Коринага диққат билан тикилди.

– Вараг, ёрдам бер! – қичқирди қиз. – Мени таъқиб қилишяпти!

Аждар ўнг қанотини бир оз бургач, Корина унинг танга зирҳди бўйнига минди.

– Маҳкам ушлаб ол, – хирқиради аждар ва қанотларини ёйиб, яна осмонга кўтарилди.

Ёш жодугар қанотли баҳайбат калтакесакнинг бўйни бўйлаб ўтган суяк тожини ушлаб қолишга базўр улгурди.

Вараг қишлоқ устидан улкан айлана ясаб ўтди ва кулранг булутларни оралаб учиб кетди. Корина сеҳрланган ўрмонга тушиб қолганидан бери биринчи марта қуёшни кўрди. Тўғрироғи, кулранг осмонда зўрға пайқаш мумкин бўлган оқиш думалоқ доғни илғаб қолди. Аждар янада юқорироқ кўтарилишга уриниб ҳам кўргани йўқ − гўёки осмон ҳам кўринмас ғов билан тўсиб қўйилгандай.

Жодугар қиз тез орада сариқ тутун уфуриб турган тоғнинг ясси чўққисини кўрди. Бу эски вулқон экан. Унинг тик ёнбағирларини қотиб қолган лава оқавалари қоплаб олган.

Қоядан сал пастроқдаги ёнбағирда кенг тошсупа кўзга ташаланади. Аждар унга эҳтиётлик билан қўниб, қанотларини ерга ёзди ва қизнинг тушишини қулайлаштирди.

Корина олтингугуртга тўйинган аччиқ ҳаводан нафас олиб қаттиқ йўталди. У пастга қарамасликка уринарди: баландликдан унинг боши айланадиган одати бор.

Аждар иккита бурама шохли калласини қиз томон эгди ва гумбурлаган овозда сўради:

− Сен кимсан? Илгари сени бу қишлоқда кўрмаганман.

Корина ўзини Вессанинг қизи Ланга деб таништириш учун оғиз очди-ю, шу заҳотиёқ фикридан қайтди. Аждарнинг катта қизил кўзларида донишмандлик аксланиб турарди. Қизнинг кўнгли ниманидир сезгандай ғаш бўлди – Варагга ёлғон гапириш хатарли. Бу аждар сенга содда, мусибатдаги Весса эмас. Аждар билан ниҳоятда эҳтиёт бўлиб гаплашиш керак.

Жодугар қиз бироз ўйланиб тургач, иродасини тўплади-да, ростини айтиб қўяқолди:

− Мен Гингеманинг қизиман!

– Нима-а-а? – аждар ғазаб билан ўкирди ва зирҳтанга қопланган думини тошсупага шунақанги урдики, унинг зарбидан ҳавога чанг булутлари кўтарилди.

Корина қўрқувдан қалтираб қолди, лекин чекинишга энди кеч эди.

– Мен ўрмонда адашиб қолганимда қари жодугар мени қиз қилиб асраб олган эди, – ваҳимадан хириллаб қолган товуш билан аждарга тушунтиришга ҳаракат қилди у. – Ўз ота-онам вафот этишган. Мен нима қилишим керак эди? Гингеманинг уйида яшаб қолишга мажбур бўлганман, акс ҳолда саргардонликда ўлиб кетган бўлардим.

Аждар бир оз тинчланди.

– Сен Гингеманинг АСРАНДИ қизимисан? – энди хотиржам овозда сўради аждар. – Мана бу бошқа гап. Лекин барибир сен ҳам жодугар бўлсанг керак. Мен ялмоғиз-палмоғизларни ёқтирмайман. Ростини айтсам, мана шу қарғиш теккан ўрмонда яшайдиган Бастиндани маза қилиб бурдалаб ташлаган бўлардим. У эса аксига олгандай, шарпа бўлиб чиқди. Лекин сен жонли экансан! Бу ерга қандай келиб қолдинг? Зулмат Ҳукмдорига хизмат қилиш учун ўз ихтиёринг билан келган бўлсанг керак?

– Йўқ, ҳеч ҳам-да! – шошиб жавоб берди Корина. – Мен Вессани – Темир Ўтинчининг собиқ қаллиғини излаб келгандим. Мен сизга айтсам, саховатли Вараг, кўпдан бери Бастага – Бинафша мамлакат бошкентига кўчиб ўтгим ва унинг ҳокими билан дўстлашгим келарди. Лекин унинг ҳузурига қуруқ қўл билан боришни истамасдим. Шу боис Вессани топиб, ундан Ўтинчига мактуб олиб бормоқчи эдим.

– Ўтинчи… – минғирлади Вараг. – У ҳақда эшитганим бор. Лекин сенга темир одам нима учун керак бўлиб қолди? Соддадил темир-терсакни ўз сеҳр-жодуларинг билан аврамоқчисан шекилли?

Коринанинг юраги яна типирчилаб қолди. Аждар у кутганидан кўра зийракроқ чиқиб қолди. Унга айёрлик ўтмайдиганга ўхшайди. Шу боис Корина бу сафар ҳам ростига кўчиб қўя қолди.

– Ҳа, – бош ирғади қиз. – Мен Бинафша юрт маликаси бўлмоқчиман. Балки кейинчалик Мовий ва Яшил ўлкаларни ҳам эгалларман. Бунинг нимаси ёмон? Мен жодугар бўлганим учунгина мурватдор этиб ишланган одамдан ёки похол қўриқчидан кам жойим борми?

Аждар қизга ажабланиб қараб қолди.

– Ҳм-м-м… Менимча кам жойинг йўқ, – тан олди у. – Ҳар ҳолда бир нарсани сезиб турибман: юрагингда ёвузлик эзгуликдан кўра камроққа ўхшаяпти. Лекин қудратли афсунгар эканингни исботлай олармикансан?

Корина жавоб бериш ўрнига тугунидан жигарранг чарм муқовали китобни олди ва учар ҳайвоннинг кўзига яқинлаштирди.

Варагнинг улкан гавдаси титраб кетди ва панжаларини йиғиб, ерга ясланди.

− Торннинг китоби… – дея чуқур хўрсинди у. – Буни қаердан олдинг?

− Уни Гингема ўлимидан сал олдинроқ топганди, − хотиржам жавоб берди қўрқувини анча босиб олган қиз. Кейин китобни яна тугунига жойлаб қўйди. – Энди эса у мерос сифатида менинг ихтиёримга ўтди. Лекин мен Торннинг афсусларидан фойдаланиб, Сеҳрли мамлакат аҳолисига зиён-заҳмат етказмоқчи эмасман. Аксинча, улар мен билан фахрланишларини истайман.

Аждар синовчан нигоҳини қиздан узмаган кўйи бошини сарак-сарак қилди.

− Сен анча худбин экансан, − гумбурлади у. – Бу балки яхшидир. Биз, қора аждарлар анчадан бери Пақирнинг ер ости лашкарига қарши курашиш учун иттифоқчиларни излаяпмиз. Виллина билан Стелла қудратли соҳиралар, аммо буюк Ёвузликка қарши туриш учун жуда кўнгли бўшлик қилишади. Торн ўлкасининг бошқа барча истиқоматчилари эса заиф ва қўрқоқ. Аммо сен бошқача экансан. Сенинг ҳокимиятни қўлга киритиб, малика бўлишингга ўзим ёрдам бераман… Эй, шошма!

Аждар ястаниб ётган жойидан турдию, тошсупанинг чеккаси бўйлаб пастга отилди. Корина ундан нигоҳини узмасдан кузата бошлади ва олисда, ўрмон тепасида қандайдир ғалати учар маҳлуқни кўрди. У думалоқ панжақанотли ва учта япалоқ бошлари тепасида ранг-баранг товланиб турган пат тожли улкан илонга ўхшаб кетарди. Душманни кўрган учар илон қалин бўз булутлар орасидан паноҳ топмоқчи бўлди-ю, лекин Вараг бир зумда унга етиб олди. Бир оз вақт ўтиб Вараг яна тошсупага қайтиб келди.

− Тфу, яна арвоҳига учрадим! – норози оҳангда тўнғиллади у. – Икки кундан бери қувлаганим фақат шарпа бўлиб чиқяпти, бўйнинг узилгурлар! Пақирга бу қуруқ расмларнинг нима кераги борийкин? Очликдан қорним қулдираб кетяпти.

Коринанинг синчковлиги тутиб, аждардан сўради:

− Сен ўзинг кимсан, Вараг? Торннинг юртида қора аждарлар яшашини ҳеч эшитмаган эканман.

− Сен кўп нарсани эшитмагансан, қизгина, − деди сирли оҳангда Вараг. – Балки Тамшанувчилар, Пирпиркўзлар ва бошқа одамчалар тепаларида қандай хавф-хатар муаллақ турганини билмаганлари маъқулдир. Буюк Торн бу ўлкани одамлар бахтиёр ва фаровон яшашлари учун барпо қилган, – демак, шундай бўлиши шарт! Бизга – қора аждарларга эса Торн Сеҳрли мамлакатнинг осойишталигини қўриқлашни буюрган. Шу боис ҳам биз кўп асрлардан бери маҳфий равишда тинч, сездирмасдан ўз хизматимизни адо этиб келяпмиз.

– Вессанинг айтишича, афсунгар Пақир ўлкамизни истило этмоқчи эмиш, – деди Корина.

Вараг бош ирғади.

– Ҳа. Қадимда, минг йиллар муқаддам, у Торннинг рақиби бўлган, аммо ундан мағлуб бўлиб, ер остига қувғин қилинган. Ўтган асрлар давомида Пақир катта қўшин тўплашга муваффақ бўлибди. Ҳозирча унинг хизматкорлари фақат мана шу ердан – вулқоннинг оғзидан ташқарига чиқишни уддалашди. Пақир ҳар эҳтимолга қарши Шарпалар Ўрмонини ўтиб бўлмас девор билан тўсиб қўйди.

– Сиз бу ерга қандай ўта олдингиз? – ҳайрон бўлиб сўради Корина.

– Аҳмоқона тасодиф туфайли, қизгина, – қайғули жавоб берди аждар ва оғзидан қуюқ тутун оқимини уфурди. – Бизнинг тўдамиз Айлана Дунё тоғлари тизимининг жануби-ғарбидаги дарани қадимдан қўриқлаб келмоқда. Ўша ҳудудлар Сеҳрли мамлакатдаги энг қалтис жой. Ердаги улкан ёриқ Пақирнинг ер ости ўлкасигача чўзилиб борган ва табиийки, у ҳар сафар айнан ўша жойдан ер юзасига ёриб чиқишга уринмоқда. Бизнинг тўдамиз одатда дарадан учиб чиқадиган маҳлуқларни йўқ қилади. Лекин бир йил муқаддам тун қоронғисида ер остидан бир нечта ҳайбатли маҳлуқлар учиб чиқишди. Биз уларнинг деярли ҳаммасини ушлашга муваффақ бўлдик, аммо энг кучли учар ҳайвон қуршовимиздан чиқиб кетишга улгурди. У Мовий мамлакат томон парвоз қиларди. Мен унинг ортидан қувдим, лекин лаънати маҳлуқ жуда чаққон чиқиб қолди. Ярамас ҳайвон ниҳоясиз деворнинг ёнигача учиб келди ва девор уни ўтказиб юбориш учун кенг очилди. Мен четланиб қолишга улгурмадим ва унинг ортидан тўсиқнинг бу томонига ўтиб қолдим. Ўшандан бери ташқарига чиқиб кетишнинг иложини қилолмаяпман. Балки буни сен уддаларсан, Корина?

– Уриниб кўраман, – ишончсизгина жавоб берди қиз.

У юқорига, кулранг осмон қуббасига кўз тикди. Корина бир оз ўйланиб тургач, қўлини юқори кўтарди ва тўсиқларни очувчи афсунни ўқиди… кейин иккинчисини, учинчисини… Лекин зулмат тарқамади, қуёш ҳам қалин булутлар орасида қандай оқиш доғ бўлиб кўриниб турган бўлса, шундайлигича қолаверди.

– Торннинг афсунлари бу ерда амал қилмайди шекилли, – ниҳоят тушкунлик билан эътироф этди Корина.

Аждар чуқур хўрсинди.

– Албатта-да, ахир бу ерлар ҳам Пақирнинг мамлакатига қарашли-ку, – қайғули оҳангда қизнинг сўзларини тасдиқлади у. – Энди нима қиламиз? Мен бу қоронғи ўрада бошқа бир кун ҳам яшай олмайман! Менинг тўдам ҳам ташқарида йўлбошчисиз қолиб кетди…

Тўсатдан Коринанинг миясига ажойиб фикр келиб қолди. У мамнун ҳолда хитоб қилди:

– Назаримда, бу ердан чиқиб кетиш йўлини топганга ўхшайман! Вараг, Ниҳоясиз девор томонга учиш керак – айнан қаерга қўнишни ўзим айтаман.

Шу суҳбатдан ўн дақиқалар ўтиб, қора аждар Шарпалар ўрмони чеккасидаги ялангликка, тош девор ёнига қўнди. Корина аввал бу ерда бўлганди. Қиз шоша-пиша аждарнинг қанотидан тушди, кейин унга нималарнидир тушунтирди. Кейин ўтган сафар деворнинг улкан оғзини кўрган жойига яқинлашди.

– Эй, девор! – қичқирди Корина. – Мен учун ва дўстим учун дарҳол тошларинг орасидан туйнук оч! Тезроқ бўл, бунча имилладинг?!

Тошлар орасида деворнинг лаблари кўринди. Лаблар нафратли буришиб кетди.

– Сурбет қиз! – гумбурлаб жавоб берди девор. – Сен бир марта мени чув тушириб кетувдинг. Энди бу ҳийлаларинг менга ўтмайди. Сен ёлғончи ва сохтакорсан. Бир оз кутиб тур, тез орада Ҳукмдорнинг хизматкорлари шу ерда бўлишади.

Коринанинг жарангдор кулгиси янгради.

– Менга қора ёпинчиқдаги қумурсқаларинг эмас, ҳатто Пақирнинг ўзи ҳам бас келолмайди.

– Сен кимсан ўзинг, Зулмат Ҳукмдорига таҳдид қиладиган?

– Мен – Торнман! – хитоб қилди Корина ва Гингеманинг қиёфа ўзгартирувчи афсунини ўқиди.

Шу ондаёқ ўрмон яланглигида узун оқ сочлари елкасига тушган, кенг пешана, нигоҳида оқиллик ва оқкўнгиллик акс этиб турган новча қария кўринди.

– Нима-а-а? – Ҳайратдан деворнинг оғзи ланг очилди. Торннинг қиёфасидаги Корина бир қўл силташда ўзини ва Варагни чумчуққа айлантириб қўйди! Улар гўё чақмоқ сингари шиддат билан деворнинг очиқ турган оғзидан ташқарига чиқиб кетишди ва кўздан ғойиб бўлишди.

– Ёлғончи! – девор аламидан бўкириб юборди. – Қаллоблар! Ушланг муттаҳамларни!

Лекин унинг додлашидан энди наф йўқ – Шарпалар ўрмонида икковлон қочқинларнинг изи ҳам қолмаганди.

Нарк билан Гай қизни қанчалар қувонч билан кутиб олганларини оддий сўзлар билан таърифлаб бўлмайди! Аммо иккинчи чумчуқ улкан аждарга айланганида, қашқир билан қарғанинг ўтакалари ҳазилакамига ёрилгани йўқ.

Вараг уларга эътибор ҳам қилмасдан, мовий осмонда чақнаб турган қуёшга нигоҳини тикди ва қувончли наъра тортди. У офтобнинг ўйноқи нурларини ва озодликни шунақанги соғинган эдики! Кейин эса аждар қизнинг қаршисида бош эгди.

– Сенга ишониб янглишмаган эканман, Корина, – деди ёш жодугарга итоаткорона оҳангда. – Энди менга ўзинг истаганингдай ҳукмронлик қил. Хоҳлайсанми, сени ва дўстларингни Айлана Дунё тоғларига олиб бораман ва ўз тўдам билан таништираман?

− Майли-ю, лекин ҳозир эмас, кейинроқ, – ғурур билан жавоб берди Корина. – Мен аввал Темир Ўтинчини кўрмоқчиман. Унга қандай совға тайёрлаганим ўзингга маълум. Ҳукмдорни бир суюнтирай!

Аждар қанотини ўтлоқ устига ёйди ва қизни яна ўз елкасига чиқишга таклиф қилди.

Корина дарров кўнақолди. Нарк ҳам истамайгина унга эргашди: қашқир бечора ҳайбатли аждардан ҳали ҳам ҳайиқиб турганди.

– Гай, сен ҳам биз билан кетасанми? – сўради қиз қари қарғага юзланиб.

Қора қуш ҳавога кўтарилди, қарағай шохига қўниб олди ва шундан кейингина жодугарга жавоб берди:

– Йўқ, менга шу кўрганларимнинг ўзи ҳам етади. Яхшиси ўзимнинг қулайгина ковагимга қайтаман – ўша ерда тинч ва хотиржам яшайман. Сен эса хатарли саргузаштларни излаб юрадиган одам экансан, Корина – ишқилиб бир кун бўйнингни синдириб олмасанг бўлди – қарр, қарр, ва яна қарр!

– Қора ният қилма, – кулиб қўйди Корина. – Алвидо, Гай. Агар керак бўлиб қолсанг, сени ўзим топиб оламан… Олға Вараг. Бинафша мамлакат сари олға!

УЧИНЧИ ҚИСМ

Қўриқчининг қувилиши

Ўн биринчи боб

УСТА ГУДДИ

Темир Ўтинчининг ҳаёти зерикарли ва бир хилда ўтиб борарди. Аввалига, Бинафша ўлкага ҳоким бўлгач, мурват одам шиддат билан ишга киришди. Унинг чарчоқ билмас қўллари ишга чанқоқ эди ва Ўтинчи улкан болтасини қўйиб, чўкич ва белкуракни ишлата бошлади. У далаларни тозалаш ва тупроқни тобига келтириш, йўлларни таъмирлаш ва янгиларини қуриш ва умуман Бастинда қаровсиз ташлаб қўйган мамлакатни ободонлаштириш ишларида кучсиз Пирпиркўзларга беназир ёрдамчи бўлди. Ниҳоят Баста атрофларида буғдой далалари денгиз каби чайқала бошлади. Ғаллани Яшил ўлкадан таклиф этилган деҳқонлар етиштиришди. Улар ёш Пирпиркўзларга ўзларининг машаққатли касбларини ўргатишди ва ўшандан бери бошкент ва атрофдаги қишлоқлар ғаройиб оппоқ нонга ҳеч қачон муҳтож бўлмадилар. Лекин Бинафша мамлакатдаги барча далаларни тозалаш ҳатто Темир Ўтинчи учун ҳам оғирлик қилди ва охир-оқибат у зироатчилик ишларига қизиқмай қўйди.

Пирпиркўзлар ўзларининг янги ҳокимларини ниҳоятда қаттиқ ҳурмат қилишар эди. У меҳрли, жасур, меҳнаткаш эди ва ўз фуқароларидан фақатгина темир мойидан бошқа ҳеч нарса сўрамас ҳам эди. Тўғри, у баъзан таъмирталаб бўлиб қоларди-ю, лекин уни қайта созлаш-тузатиш Пирпиркўзларга ҳеч қандай қийинчилик туғдирмас эди – чунки уларнинг ҳаммалари моҳир мурватсоз усталар эдилар.

Элли Сеҳрли мамлакатни тарк этганидан сўнг Темир Ўтинчининг жиддий изтироблари бошланди. Яшил ва Бинафша ўлкаларнинг ҳукмдорлари баъзан Зумрад шаҳарда, баъзида эса Бастада учрашиб, ёш парини эслашар эди.

“Айнан Элли туфайли биз ўзлигимизга эга бўлдик”, – деди бир куни донишмандлик билан Қўриқчи. Ўтинчи ҳам унинг бу фикрига қўшилди. Икки дўст узоқ Канзасдан келган митти қизчани жуда кўп қўмсашар эди.

Лекин Ўтинчининг бошқа кўнгилсизликлари ҳам бор эди. Улар Яшил ўлкага темир дев – Дром келиши билан бошланди. Бир куни эрталаб Зумрад шаҳар деворлари тагида бўйи баланд дарахтдай келадиган, елкасига улкан болға қўйиб олган ҳайбатли дев пайдо бўлди. Шаҳарликлар бу девни кўрганларида қўрқувдан ҳар томонга тирақайлаб қочиб қолишарди. Лекин уларнинг ваҳималари асоссиз бўлиб чиқдм – Темир дев ёш боладай беозор экан. “Бу ерда қандайдир сир бор, – донолик билан деди Қўриқчи дарвоза ёнидаги минора деразасидан Дромни кузата туриб. – Унинг иршайишини қаранг-а! У назаримда сўзлашишниям билмайди-ёв! Менимча бу барзанги қандайдир сабаб билан хотирасини йўқотган-у, ҳатто гапиришни ҳам ёдидан чиқариб қўйган”


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации