Текст книги "ГИНГЕМАНИНГ ҚИЗИ Биринчи китоб"
Автор книги: С. Сухинов
Жанр: Книги для детей: прочее, Детские книги
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 4 (всего у книги 10 страниц)
У ортига ўгирилиб, шошганича ўрмон томонга юрди.
ИККИНЧИ ҚИСМ
АФСУНЛАНГАН ЎРМОН
Олтинчи боб
ТОРННИНГ БИРИНЧИ КИТОБИ.
Мовий ўлкага қайтиш йўли машаққатли бўлмади. Ўрмон чангалзорлари ва ботқоқликлар энди Коринани қўрқувга сололмасди. Қиз энди улғайиб, ўзидаги жодулаш қобилиятини кашф этгач, ўз кучига бўлган ишончи анча ортган. Лекин ҳақиқий сеҳргарликка эришишига ҳали анча вақт борлигини ҳам тушуниб турарди…
Гингеманинг ғори атрофлари кимсасиз: Тамшанувчилар ҳанузгача бу ерларга яқинлашишдан қўрқишарди. Қизча ғор ичига кириб, совуқдан эти жунжикди. Ичкарида ҳеч нарса ўзгармаганди – шифт тагидаги тимсоқ тулуми ҳам, қуритилган сичқон боғламлари ҳам, жодулаш қайнатмалари тайёрланадиган бўш қозон ҳам…
Нарк аста ириллаб қўйди.
– Нима бўлди? – сўради Корина.
– Нотаниш ҳид… – ириллаб қўйди қашқир. – Қандайдир қушнинг ҳиди келяпти… назаримда қарғага ўхшайди.
Корина ғорнинг энг ичкарисида турган сандиқларнинг ёнига борди ва шоша-пиша уларни тикилай бошлади.
– Қидир, Нарк, изла! – қичқирди қиз. – Қаердадир шу атрофда китоб яширилган бўлиши керак. Жудаям қадимий китоб…
– Китоб дегани нима ўзи? – суриштира бошлади қашқир. – Унинг ҳиди қандай бўлади?
Коринанинг ҳафсаласи пир бўлиб, қўл силтаб қўя қолди.
Худди ўзи кутганидай, сандиқларда арзирлироқ ҳеч нарса йўқ экан. Сандиқлардан бирининг энг тагида, қўй терисидан бичилган чойшаб остида у дур ва олмослар билан безатилган башанг кўйлакни кўриб ҳайратда қолди. Ўша ерда думалоқсимон ромча ичига олинган сурат ҳам бор экан. Суратда сочлари қора, қўнғир кўзли, табассуми совуқ жуда гўзал бир аёл ифодаланган эди.
– Бу яна ким бўлдийкин? – ҳайрон бўлди қизча. – Шундай ажойиб кўйлак ва сурат бу ерда қаёқдан пайдо бўлиб қолди?
Нарк сандиққа яқинроқ келди ва унинг ичига қаради.
– Бу кўйлакни биламан, – хотиржамлик билан деди у. – Мана бу турс… пунс… сунт… манави кичкина нарсанинг номини нима дединг?
– Сурат, – тушунтирди Корина. – шунақа нарсаки, уларни мусаввирлар чизишар экан, менга Рон шундай деб айтган эди. Лекин “чизиш” дегани нима, сўраб олмабман. Аммо бу соҳибжамол хоним ким бўлди экан?
– Ким деганинг нимаси? – таажжубланди қашқир. – Албатта Гингема-да.
– Лекин у ахир…
– Гингема ўз қиёфасини ўзгартира оларди, – кулиб қўйди қашқир. – Мен уни биринчи марта ўрмонда учратганимда у худди манави турс… сурс… суратдаги каби гўзал аёл қиёфасида эди.
Нарк қизга бир замонлар жодугарга қирққулоқлар орасида дуч келиб қолгани, баланд бўйли соҳибжамол бир зумда чангаксимон тумшуқли опала кампирга айланиб қолганини сўзлаб берди.
Корина бу воқеани ҳайрат ичида тинглади.
– Нима учун менга буни ҳеч қачон сўзлаб бермагансан? – хитоб қилди у.
Қашқир нима дейишини билмасдан, қулоғининг орқасини қашиб қолди.
– Нега бўларди? Собиқ соҳибамиз ҳақида ҳамма нарсани билсанг керак деб ўйлагандим. У Катта дунёда қанақадир анақаям бўлган экан… нимайди… ёдимдан ҳам чиқиб кетибди.
– Ким бўлган экан, ким? – ҳаяжонланиб кетди Корина. – Нарк, меҳрибонгинам, эслагин… Илтимос, эслайқол!
Қашқир гарангсиб ғорнинг пастак, захчил шифтига тикилиб қолди. Жуда кўп йиллар муқаддам бекаси унга Катта Дунё ҳақида сўзлаб берганди. Ўша пайтларда Гингема ўтмишини қўмсаб қаттиқ изтиробга тушиб қолар, дардини тинглайдиган бошқа суҳбатдоши бўлмагани сабабли Наркка – ўзининг ягона тингловчисига бошидан кечган ишларни жуда кўп марталаб сўзлаб берганди.
– Э-э… – минғирлади Нарк, ҳар дақиқа қулоғининг орқасини қашиган кўйи. – Қари соҳибамиз у ерда анақа… нимайди-я… рг… ггр… гр…
– Яна қанақа “гр”? – Коринанинг жаҳли чиқди. – Аниқроқ гапир, тешик калла!
Қизнинг кўзларида ғазаб учқунлади. Уларда шу қадар кучли таҳдид бор эдики, қашқирнинг юраги орқасига тортиб кетди. Тўғри, улар Корина билан дўстлашиб кетишган, бундан ташқари у ҳайбатли, кучли қашқир, бу қиз эса миттигина одамча… лекин… лекин у ЖОДУГАР, бунақалар билан ҳазиллашиб бўлмайди.
– Гг… рг… ггр… гр… топдим, Граф хоним! Шунақа! – Қашқир каттагина балодан қутулиб қолгани учун қувониб, ўзидан фахрланганича бидирлай кетди.
– Граф хоним? – ҳайрон бўлди Корина. – Бу нима дегани?
Бечора Нарк ерга чўзилиб, оёғини юқори кўтарганича, панжаларини ликиллата бошлади. Бу тўғрида собиқ соҳибаси нималардир деган эди-я…
– Гр… Гр… Граф хоним у ерларда, яъни Катта Дунёда бир нимаям экан-да…
– Маликами? – умид билан хитоб қилди қиз. – Гингема Катта Дунёда малика бўлган эканми?
– Йўқ, – гапнинг ростини айтди Нарк. – Маликадан пастроқ табақа, лекин унинг ўз қасри бўлган, … иннайкейин, у аллақайси бир подшоҳга жудаям ёқиб қолган экан.
– Подшоҳ Гингемани севиб қолган эканми? – ҳайратда қолди Корина, кўзлари косасидан чиққудай бўлиб. – Бу жудаям қизиқарли воқеа-ку! Қани, Нарк, ўзимнинг темиртишгинам, билганларингни бир бошдан гапириб бер-чи. Эвазига мен қорнингни қашиб қўяйми?
Ёш бекаси қорнини қашиб қўйишини қашқирвой жудаям яхши кўрарди. Айниқса, бу − қизбека ўз хизматчисига кўрсатадиган энг катта илтифот бўлиб, қизча доим ҳам бундай қилавермасди. Нарк оёқларини юқорига кўтариб, қулай ётиб олганича, Гингема Барр граф хоним деган ном билан Луининг қалбини ва салтанатини эгаллаб олмоқчи бўлгани ва бу уриниш қандай оқибат билан якун топгани ҳақидаги ҳикоясини бошлади.
Корина унинг сўзларини диққат билан тинглади.
– У подшоҳнинг қалбини эгалламоқчи бўлган… – шивирлади қизча. – Бунинг нима эканини тушунгандай бўляпман, шекилли… Майли, жуда кўп вайсашиб юбордик, энди ишга киришайлик. Китобни изла, Нарк! Қандайдир бирорта ғалати нарса топсанг, менга олиб келавер. Менимча, Гингема уни қаергадир кўмиб қўйган…
Улар жодугарнинг ғорини кечгача титиб чиқишди. Қашқир ғорнинг тупроқ тўшамасини бир қарич қолдирмай ковлаб кўрди, лекин нимжон чувалчанглар-у, чириган илдизлардан бошқа ҳеч нарса тополмади.
Ниҳоят каттакон чиғаноқни ковлаб топиб, мамнун ҳолда ёш бекасига келтириб берди.
– Китоб деганинг мана шу нарсами? – сўради у. – Бунақа ғалати ашёни ҳеч қачон кўрган эмасман.
Корина ҳам бундай катта чиғаноқни илгари кўрмаган эди, лекин қашқирнинг ҳафсаласини пир қилиб, бош чайқади.
– Бир пулга қиммат, – норозилик билан тўнғиллади у. – Бу оддий чиғаноқ. – сўнг жаҳл билан чиғаноқни юқорига отди.
Чиғаноқ бориб, тимсоҳ тулуми осиб қўйилган чилвирга тегди ва тулум ерга тушиб кетди. Яшил калтакесак очиқ турган сандиқнинг қиррасига урилди ва иккига бўлиниб кетди. Тулумнинг қорнидан чарм муқоваси едирилиб кетган китоб отилиб чиқди ва қўрқиб кетган қизнинг оёғи остига тушди.
– Китоб… – шивирлади у. – Китоб!
Китобнинг тўқ жигарранг муқовасида кенг пешана, узунсоқол чолнинг гавдаси акс эттирилган эди. У Пирпиркўзларга ҳам, Тамшанувчиларга ҳам умуман ўхшамасди. Албатта, бу қария − буюк Торн!
Корина сандиқнинг қопқоғига ўтириб олди ва пишиқ чарм саҳифаларни варақлай бошлади. Улар қандайдир қора белгичаларга ва тушунарсиз расмларга тўла эди.
– Афсус, Гингема менга ўқишни ўргатмаган экан-да, – алам билан хўрсинди қиз.
– Тўғрироғи, сен ўзинг ўрганишни истамагандинг, – ёш бекасига эслатиб қўйди Нарк. – Ўшанда сени мажбурлаб ўргатмоқчи бўлганида худди сўйилаётган жирканч тўнғиз боласи каби роса чинқирган эдинг…
– Овозингни ўчир! – жаҳл билан унинг сўзини бўлди Корина.
Қиз ўрнидан сакраб турди ва ғор деворига илинган сайқалланган кумуш лаганга яқинроқ келди. Гингема кўзгуга қарашни ёқтирмаса-да, бу лаган ғорда кўзгу вазифасини бажарар эди.
Ғира-шира қоронғида Корина ўз чеҳрасини яхшироқ кўра олмади. Унинг назарида юзи бир оз чўзилгандай ва лунжлари ҳам илгариги лўппилигини йўқотгандай туюлди.
– Мен улғайяпман, – деди ишонч билан Корина. – Бир кун келиб вояга етаман ва барча сеҳрли афсунларни билиб оламан. Албатта шундай бўлишига ишонаман, Нарк!
Қашқир бош ирғаб қўйди. Корина бир кун келиб ҳақиқий жодугарга айланишига у қаттиқ ишонар эди. Лекин Торннинг мамлакатида ундан кўра қудратлироқ бўлган Бастинда бор – лаънати Учар Маймунларнинг соҳибаси. Яна Стелла – мангу ёшлик сирининг асровчиси. Виллинани ҳам ҳисобдан чиқариб бўлмайди. Улардан ташқари, Зумрад шаҳарда Буюк ва Даҳшатли Гудвин ҳам бор. Яна яқиндагина аллақаёқдандир аллақанақа Ажалвор Кулбача Париси пайдо бўлиб қолибди… Миттигина қизча учун шунча рақиблар кўплик қилмасмикан?
Нарк соҳибасига бу борадаги ўз фикрларини билдирмай қўя қолди. Лекин бекасининг сал-пал ўсиброқ қолгани рост.
Корина сеҳргарлик китобини тугунига тугди-да, Гингеманинг ғорига қандайдир ўкинчли нигоҳ билан видолашув назарини ташлаб олгач, деди:
– Кетамиз, Нарк.
– Бу сафар қайси тарафларга йўл олмоқчимиз, бекақиз? – худди бир нарсани ҳал қиладигандай виқор билан сўраб қўйган бўлди қашқир.
– Бошимиз оққан томонга, – жиддий оҳангда жавоб қилди Корина Наркнинг устига миниб олгач. – Тамшанувчиларнинг дуч келган қишлоғига. Йўлдан адашиб қолдим дейман… хуллас, ҳар галги гап-да. Улғайиб олгунимча шунга мажбурмиз, бошқа илож йўқ. Ўша кунларни кутиб, унга қадар ақлни ҳам пешлаб бораверамиз…
Ўшандан бери анча йиллар ўтди. Корина жуда секин ўсарди – унинг учун ўн йил бор-йўғи бир йилга тенг эди-да. У худди аввалгидай, одамлар бирор гумонга бориб қолмасликлари учун қишлоқма қишлоқ кўчиб юраверди. Лекин энди қизнинг анча эси кириб қолганди – у қишлоқ одамларининг кўз ўнгида сеҳр-жодусини ишлатмай қўйди.
“Тамшанувчилар менинг афсунгар эканимни билишлари шарт эмас, – деган қарорга келди қиз. – Акс ҳолда уларнинг миш-мишлари бир кун келиб Виллинанинг ва Стелланинг қулоқларига етиши аниқ! Ўша Виллина деганлари мен Гингеманинг асранди қизи эканимни қўққисдан билиб қолса-чи? Унақада бировнинг уй-пуйиними, бирорта қоя-пояними кўтариб туриб менинг калламга ташлаб қолиши ҳеч гап эмас-да!”
Бундай хаёлларнинг ўзиданоқ Коринанинг эти жунжикиб кетарди.
Ўша кундан бошлаб у ўзини энг оддий қизлардай тута бошлади. Лекин бошқа болалардан фарқли равишда Корина полизда ишларди, қўзиқорин терарди, йиртилган-титилган кийим-кечакларни тикар, уйни йиғиштириб-тозалар ва овқат тайёрларди. Ҳар сафар уни боқиб олган ота-оналар бундай одобли қизлари борлигидан бениҳоя қувонишар, лекин у тўсатдан ғойиб бўлиб қолгач эса, қаттиқ қайғуришарди. Лекин бир ғалати нарса Тамшанувчиларни доим ҳайратга соларди: қизча ҳар куни бир-икки соатга ўрмонга бориб келар эди. Оқкўнгил Тамшанувчилар Корина ўзининг қашқир дўсти билан учрашишини ва жодулашни машқ қилаётганини хаёлларига ҳам келтирмас эдилар. Қизча ўқишни анча тез ўрганиб олди ва Торннинг китобини саҳифама саҳифа ўзлаштириб бораверди. Сабоқлар осонликча кечмасди албатта, лекин қандайдир тушунарсиз бир сабаб билан қизчанинг табиатида тиришқоқлик фазилати уйғониб қолган эди.
Лекин Коринанинг ўрмонга бориши сабаби фақат шугина эмас. У қушлар билан дўстлашиб олиб, Сеҳрли мамлакатда содир бўлаётган ҳамма воқеалардан хабардор бўлиб туриш имконига эга бўлди. У ерда эса жуда кўп ҳодисалар юз бермоқда…
Таниш зағизғондан у Бастинданинг ўлими ҳақида (бу хабар Наркни росаям қувонтириб юборди), Гудвиннинг Айлана Дунё тоғлари ортига учиб кетгани ва Ажалвор Кулбачанинг соҳибаси Эллининг Катта Дунёга қайтиб кетгани тўғрисида билиб олди. Корина ҳатто хурсандлигидан бир сакраб тушди – энди унинг иккитагина рақибаси қолди, холос! Лекин узундум зағизғон яна бир қанча бошқа янгиликларни ҳам олиб келган эди. У Эллининг дўстлари – Темир Ўтинчи, Похол Қўриқчи ва Довюрак Шер ҳақида сўзлаб берди. Биринчиси Бинафша юртга ҳоким бўлибди, иккинчиси – Зумрад шаҳарга, учинчисини эса ҳайвонлар ўзларига подшоҳ этиб сайлашибди. Бу учовлон дўстлар сеҳргар бўлишмаса-да, лекин Виллина ва Стелла билан жуда қадрдон эдилар. Бу эса Коринага ёқмасди.
Орадан яна кўп йиллар ўтди. Бир куни ёш жодугар ўрмонда Нарк билан кўришганидан сўнг навбатдаги уйига кўтаринки кайфиятда қайтди. Унга нима учундир шу бугун қандайдир муҳим бир ҳодиса юз берадигандай туюлаверарди. Лекин қандай ҳодиса?
Корина ўз хонасига кириб, деворда илиғлиқ турган кўзгуга тасодифий назар ташлаб қолди. Бир неча йилдан бери у ўзининг навқирон чеҳрасини кўрмаслик учун кўзгуга қарамасликка ҳаракат қиларди.
Корина титраб кетди. Кўзгудан унга ўн тўрт ёшлардаги соҳибжамол қиз қараб турарди. Вояга етган қиз!
– Хайрият… – шивирлади у кўзи тўла ёш билан. – Энди ҳаракатимни бошласам бўлади… Ниҳоят ўз кучимни синаб кўрадиган вақт етди. Ким билсин, балки энди малика бўлишга ҳам ҳаққим бордир?
Еттинчи боб
ОДАМГИНА-БЕҒАМГИНА
Корина эрта тонгда тугунчасига озгина егулик тугди-да, Кўлчалар қишлоғи этагидаги ўзи деярли уч йил яшаган хонадонни тарк этди. Ўрмон чеккасида эса Нарк панжаларини сабрсизлик билан ерга дам-бадам алмаштириб босиб турарди. У чуқур жарликдан ўзига қазиб олган зах уяда яшашдан қаттиқ безиб қолганди.
Нарк яна сафарга чиқишларини эшитгач, жуда қувониб кетди. Бекасини кўриши билан йиртқич доим унинг атрофида худди кичкина кучук боласи мисоли сакраб ўйнай бошларди.
– Фу, Нарк, бас қил! – кулиб туриб уни ёнидан қувган бўлди Корина. – Ғадир-будур тилинг билан ипакдай майин юзимни тилиб ташлайсан!
– Кечирасан, Коринагинам, – ириллади бўри қизга садоқатли нигоҳ билан боқиб. – У-у-ау-ув-вв, бу лаънати қишлоқ шунақанги жонимга текканки! Бошқа Тамшанувчилар худди тамшанувчилардай яшашади: қўлидан келса-келмаса, даласида, полизида ер чопади, экинига қарайди, биз қашқирларнинг тинчгина яшашига халақит беришмайди. Манавилари эса қўзиқорин деса ёки тармева деса қутурган итдай ўзини ҳар тарафга уради. Кун бўйи уларнинг ўрмонда изғишидан бошингни уядан ташқарига чиқаролмайсан киши… яъни бўри.
– Ириллашни бас қил, – қатъий буюрди қиз. – Сариқ ғиштин йўлга борамиз. Қарағайчалар қишлоғини топишимиз керак – у ер йўлдан унчалик узоқ эмас эмиш.
– Қарағайчалар қишлоғида нима қиламиз? – қизиқиш билдирди қашқир.
– Менинг бир режам бор, – тушунтирди Корина. – Бошланишига Бинафша мамлакатга малика бўлмоқчиман.
– Ў-ў-ў-ў-у-у-у-у-ув-в-в!
– Увиллама, Нарк. Ҳаммасини ўйлаб қўйганман. Вайсақи қушлар айтишларича, Қарағайчалар қишлоғида бир пайтлар Бинафша юрт ҳукмдори яшаган экан. Ўша пайтлар у оддий Тамшанувчи ўтинчи бўлиб, унинг қайлиғи ҳам бўлган эмиш.
– Нима қипти? – ҳайрон бўлди қашқир.
– Гап шундаки, аҳмоққинам, мен Темир Ўтинчининг ҳузурига бўш қўл билан бормоқчи эмасман. Мени аллақандай сохтакорга чиқариб юрмасин! Агар унинг собиқ қайлиғидан мактуб олиб борсам – бошқа гап. Ана ўшанда темир тўнканинг қандай қувонишини кўрасан! Энди тушундингми?
– Йўқ, – ростини айтиб қўяқолди Нарк. – “Мактуб” дегани нима ўзи?
Корина кулиб юборди ва қашқирнинг ғалчалигига қўл силтаб қўяқолди. Эски одатига кўра яна бўрини миниб олди, лекин энди унинг оёқлари анча узайган, ердан салгина узилиб турарди, холос.
– Эй, нега белингни букиб оляпсан, айёр?– жаҳл билан сўради у.
– Букилиб олаётганим йўқ, – ҳафа бўлиб деди Нарк.
Ёш жодугар нима бўлганини дарҳол англаб ололмади.
– А-а, менинг бўйим ўсиб қолибди-ку! – кулиб юборди у жундор маҳлуқнинг устидан тушиб. – Бўлди, сенинг қулайгина елкангда юриш ёшидан чиқиб бўлибман, қашқиргинам. Майли, буёғига пиёда кетақоламан. Афсуски, мен Виллинанинг афсунларини билмайман. Агар билганимда биз жойдан жойга бир лаҳзада кўчиб қолардик. Ҳмм-мм, Нарк, агар биз ўзимиз қушгами, пашшагами айланиб қолсак, нима дейсан?
Қашқирнинг бутун вужуди тираб кетди.
– У-у-у, кераги йўқ! – увиллаб юборди у. – Пашша бўлгим келмаяпти! Ахир икковимизнинг ҳам бақувват оёқларимиз бор-ку, қизбека?
Корина елка қисиб қўйди-ю, лекин эътироз билдириб ўтирмади.
Қиз ва қашқир яхшигина топталган сўқмоқ бўйлаб ўрмонга йўл олишди. Икки соатлардан кейин улар сариқ ғиштли йўлга чиқишди. Шу ерда дўстлар чапга бурилишди Мовий мамлакатнинг шимоли-ғарбий қисмига йўналишди.
Нарк эҳтиёткорлик билан ис олиб ва қулоғини динг қилиб ўз бекасидан салгина олдинроқда югуриб борарди. У жуда кўп ҳидларни сезарди-ю, лекин уларнинг кўпчилиги қашқирга нотаниш эди.
Кечга яқин икковлон йўлнинг айрисига етиб келишди. Шу жойда ўрмон ниҳоятда қалин эди. Баланд азим қорақарағайлар йўл устини шохлари билан тўсиб, осмонни ҳам беркитиб турибди. Кичикроқ ботқоқлик томондан бўзранг туман шошмасдан яқинлашиб келмоқда.
– Бр-р-р, жудаям совуқ! – музлаб қолган қўлларини ишқалай бошлади Корина қалтираган кўйи. – Наҳотки яқин атрофда бирорта ҳам кулба бўлмаса? Тўғрисини айтсам, дарахт остида ҳеч ҳам тунагим келмаяпти.
– Мана буни қара, қизбека! – жавоб бериш ўрнига югуриб кетди қашқир.
У чорраҳага етиб келди. Катта йўлдан ўнг томонга ўт босган ва оқ тошлар ётқизилган сўқмоқ ажралиб чиққан эди. Унинг бошланишида бир томонга оғиб қолган, чириб кетган устун турибди, унга эса битта мих билан кенггина тахта маҳкамлаб қўйилган. Унда қинғир-қийшиқ ёзув бор эди:
“ЭЙ, ЙУЛАВЧИ! САН ЯЛҒИЗ ВА КАСАЛ, РАСАЯМ КАСАЛ НИГОРОННИНГ ЎЙИГА МИХМОН БЎЛИП КР!”
– “Нигорон” дегани нимайкин? – ҳайрон бўлди Корина тахтага тикилиб. – Э, тушундим, у “ногирон” дегани. Бу тутуруқсиз ёзув қайси бесаводнинг иши экан?
Нарк тишини ирғайтирди.
– Нима фарқи бор, бекагинам? – дадил ириллади у. – Буни ким ёзган бўлса ҳам, шу атрофда яшашига шубҳам йўқ. Мен кўплаб Тамшанувчиларнинг ҳидини ва яна битта қандайдир алоҳида кучли нотаниш ҳидни сезяпман. Уф-фо-о-о! Лекин шунақаям ёқимсиз! Ҳайвон исига ўхшашлиги йўқ… Ҳар эҳтимолга қарши мен олдинда борақолай, бекагинам!
Корина энди розилик билдириб бош ирғамоқчи эди, тўсатдан бу фикридан қайтди.
– Йўқ, – эътироз билдирди у қатъият билан қош чимириб. – Сенинг ортингга яшириниб юришим етар энди, Нарк! Нима бўлганида ҳам, мен энди афсунгарман. Рақибларимдан ҳимояланишни ҳам билишим керак. Ўз кучимни жиддий синаб кўрадиган пайт ҳам келди. Ўзинг ўйлаб кўр: агар ҳар бир хавф-хатардан ўзимни олиб қочаверсам, малика бўла олишим мумкинми? Қарорим қатъий, ёлғиз бораман. Сен эса… сен ўрмонда тунаб қоласан – ҳар ҳолда дарахтлар ораси сенинг асл маконинг.
Қашқир эътироз билдирмоқчи бўлди-ю, лекин Корина бу сафар гапга кўнадиган эмасди. У ҳатто бир неча марта қаҳр билан ер депсиниб қўйди ва Наркнинг юраги чиқиб кетай деди. Уни сичқонга ёки қурбақага айлантириб қўйиш Корина учун иш эмас. Қашқир маъюс бошини эгди-ю, ўрмон томонга қўш жуфтакни ростлаб қолди.
“Қизалоқ ростдан ҳам қудратли жодугарга айланибди, – ўзини тинчлантиришга ҳаракат қилди у. – Тўғри, унинг Гингемадай бўлишига ҳали анча бор. Лекин барибир у билан ҳеч ким ўчакишмагани маъқул. Қизиқ, ҳалиги ёқимсиз бадбўй ҳид кимнинг иси бўлди экан? Бирорта қари тўнғизмикан? Йўқ, тўнғизга ўхшамайди…”
Бу пайтда Корина сўқмоқ бўйлаб ўрмон ичкарисига кириб бормоқда эди. Сўқмоқнинг ҳар икки томонида ниҳоятда баланд ва файзсиз қорақарағайлар ўсиб турибди, бу ваҳимали манзарадан ёш жодугарнинг юраги қаттиқ сиқилди. У энди Наркни кетказиб юборганидан астойдил афсуслана бошлади, лекин дўстини ёрдамга чақиришга ғурури йўл бермади.
Ярим чақиримча йўл юргач, Корина атрофи баланд тош деворлар билан ва чуқур хандақ билан ўралган кўҳна қасрни кўрди. Хандақ устидаги осма кўприк тушириб қўйилган, теварагида эса бирорта ҳам соқчи йўқ. Қасрга яқинроқ борган қиз унинг мутлақо қаровсиз қолганидан ҳайратга тушди. Хандақда сув кам эди, борини ҳам бақатўн қоплаб, нилуфарлар макон қилган бадбўй балчиққа айланган эди. Осма кўприкнинг занжирлари занглаб кетган, тахталари чириган, уларга қадам қўйишнинг ўзи ҳам ваҳимали эди. Қасрнинг мустаҳкам деворларига қулмоқ ва ёввойи узум чирмашиб ўсган, минораларнинг томидаги қизил сополчаноқларнинг ярми чириб-синиб тушган.
– А-а, бу жойни танигандай бўляпман… – минғирлади Корина. – Гингема у ҳақда сўзлаб берганди. – Майли, кўрайлик-чи…
Бир оз дадиллашиб олган қиз эҳтиётлик билан кўприкдан ўтди ва қаср ҳовлисига кирди. Учта мустаҳкам минораларнинг деразаларида ҳамма ойналар синиб битган, эман эшиклар қийшайиб оғиб қолган. Лекин барибир қасрда кимдир яшаяпти! Марказий миноранинг деразаларидан бирида ёруғлик шуълаланиб турибди, у ердан эса кимнингдир ҳайратланарли даражада йўғон овози Коринагача етиб келди:
Одамгина пашшани
Эзмоқчи бўлди, воҳ-ҳэй,
Ўлдиролмай пашшани
Қайғуда қолди, воҳ-ҳэй.
Одамгина ўргимчакнинг, воҳ-воҳ-эй
Инига қўлин чўзди, оҳ-оҳ-эй.
Калта қўли етмасдан, воҳ-воҳ-эй,
Ундан умидни узди, оҳ-оҳ-эй4
Корина қийшайиб ётган эшиикни очди ва учта ёрқин мойшаъмлар билан ёритилган улкан хосхонага кирди. Эҳ-ҳэ, бу ер шунақанги ифлос эдики! Эман миз5 устида ифлосланиб кетган сопол идишлар, қотиб кетган нон бўлаклари ва балиқ суякларининг қолдиқлари айқаш-уйқаш бўлиб ётибди. Бу ахлат ўртасида пашшалар ғужғон ўйнашади. Курсиларнинг оёқлари майишиб-чалишиб, биров ўтириши уёқда турсин, ҳатто ўзини кўтара олмайдиган ҳолга келган. Ўргимчак ини тўрланиб ётган деворўчоқ ёнида бўйи иккита Тамшанувчининг бўйича келадиган, икки лунжи қип-қизил одам чўзилиб ётибди. У ниҳоятда хўппоз, кийимлари иркит, ўзи ҳам худди кўп йил чўмилмагандай кирлаб кетган. Бу ёш бақалоқнинг башарасида зерикиш ва тушкунлик асари манаман деб намоён бўлиб турибди. У кўзларини шифтга тикканича, маъюслик билан минғирлаб ётарди:
У-уҳ, нега мени ёвузгина-жаллодгина деб аташаркин-а?
Э-эҳ, ўзим беғамгина-одамгинаман-ку?!..
– Хоҳлайсизми, сизни ўзим беғамгина-одамгина деб атайман? – жилмайиб деди Корина. – Шундай беозоргина одамхўргинани ёвузгина-жаллодгина деб аташ менимча ўтакетган инсофсизлик бўлади-ёв.
– Росмана рост гап! – аламли хўрсинди Одамгина ва қисқичбақанинг кўзига ўхшаш думалоқ кўзларини Коринага ола-кула қилди. – Мени ҳафа қилиш мумкин эмас, аммо қимирлаб-ғимирлаб турган жонзот борки, ҳаммаси мени хўрлайди: сичқонлар, Тамшанувчилар, ўргимчаклар, ҳатто эчкилар ҳам… Сендай ақлли ва меҳрибон қизни ўз уйимда кўрганимдан хурсандман! Ўтир, йўлда толиққандирсан, ором ол… лекин курсига ўтирма, қоқиндиққинам, унинг учтагина оёғи бор. Ҳар жиҳатдан ёқимли азиз меҳмонимизнинг исмлари нима экан?
– Корина, – жавоб берди қиз курсиларнинг мустаҳкамроғига эҳтиётлик билан ўтираётиб. – Қарағайчалар қишлоғига кетаётган эдим, ўрмонда йўлдан адашиб қолдим. Сиз ўша қишлоқда ҳеч бўлганмисиз, Одамгина?
– Мен ҳеч қаёқни кўрган эмасман, – янаям ғамгинлик билан хўрсинди Одамгина. – Мен шунчалик бақалоқ ва қўполманки, ҳатто қаср дарвозасидан ташқарига ҳам чиқа олмайман. Яхшиямки, марҳум дадажонгинам ҳамма ертўлаларни мазали, тансиқ егуликларга тўлдириб кетган эканлар, акс ҳолда аллақачон асфаласофилинга оёқ узатиб кетворган бўларканман. Ишонсанг-ишонмасанг ўлибгина қўяқолай агар!
– Ертўлада емишингиз кўпми ҳали? – сўради Корина ва беихтиёр сўлак ютиб қўйди. У қанчалик очиққанини эндигина эслади.
– Билмадим-ов, – елка қисиб қўйди Одамгина ва оҳ-воҳлаб, инқиллаб-синқиллаб, хўрсина-хўрсина юмшоқ тўшамали катдан бир амаллаб тушиб олди. – Ўтган ҳафтада ертўланинг қоронғи бурчак-мурчакларида, жавоннинг энг юқори рафларида охирги ул-бул егуликлар қолгандай эди. Лекин ўша пайтдан бери қанча одам-подам келиб-кетганини эслашнинг ўзи даҳшат! Тағин ҳаммаси қанор қопларини, саватларини кўтариб келишади дегин. Коринагинам-гиргиттоним, улар менинг беозорлигимни эшитиб-билиб олишган-да, ашинучун қасримга бемалол бостириб келаверишади. Қўлларига илинган нарсани олиб кетатуриб, тағин аҳволимдан кулиб, мазаҳ ҳам қилишади.
“Сен аҳмоқсан, Одамгина. Бундан ташқари, Беғамгинасан, – дейишади ўша одамчалар. – Сенинг дадагинангдан, агар билсанг, бутун Мовий мамлакат аҳолиси оловдан қўрққандай қўрқар эди. Сени эса ўрмонда ивирсиб юрган кўрсичқон ҳам гўл қилиб кета олади. Шундан кейин ҳам сендай тепса-тебранмас тўнкани талаб кетмаслик ёки тўнаб кетмаслик мумкинми ахир?” – Ана шунинг учун менинг қасримни ит ҳам, бит ҳам талаб, ўмариб кетяпти.
– Ўзингиз нега уларни ҳайдаб юбормайсиз? – шўрликкинага ачиниб сўради Корина. – Сиз жудаям баҳайбатсиз, кучли бўлсангиз ҳам керак…
– Гапинг тўғри, мен кучлиман, – бош ирғади Одамгина ва танасидаги ҳамма бўғимларини қарсиллатиб керишиб, оғзини лагандай қилиб очганича, мириқиб эснади. – Кучлидан ҳам бақувватман! Лекин жудаям танбалман. Есам-ичсам, ухласам бўлди, қолгани менга деса ёниб-куймайдими! Қасрим яқинда вайрон бўлиб, тўкилиб тугайди, мен эса арра-теша кўтаришга ҳам эринаман. Э-эҳ, ҳозирча яшаб тураверай-чи… Тамадди қилиб оласанми, Коринагинам-гиргиттонгинам?
Қиз бош ирғаб, хоҳишини билдирди.
– Бир тишламгина қоқ гўшт ёки тузланган балиқ бўлсаям майли эди…
– Қараб кўрай-чи, – мамнун ишшайди Одамгина. – Ҳозир бориб ертўлага тушаман, ҳамма кандик-хампаларни титиб кўраман, балки бирор нарса топилиб қолар.
– Жуда соз! – қувониб кетди Корина. – Унгача мен хонани тозалаб тураман.
Ёш одамхўр турмушидан нолиб, инқиллаб-синқиллаганича хона бурчагига қараб судралди ва зинадан ертўлага тушиб кетди. Корина эса енгини шимарганича ишга киришди. Тошўчоқнинг устида кимдир унутиб қолдирган қанорқоп ётган экан – у ёқ-бу ёқни ювиб-артиш учун латта ўрнида ишлатса бўлади. Қиз ҳовлидан пачоқ мис челак топди ва қудуқдан сув олиб келди. Миз устини бир неча йиллардан бери тозалашмагани кўриниб турибди. Лекин қиз ўзининг кўп йиллик саргардонликлари даврида энг оғир иш-юмушларни бажаришга ҳам кўникиб қолганди. Сеҳрли афсунлардан фойдаланиш ҳозир унинг хаёлига ҳам келгани йўқ – ахир латта билан сув турганда жодулашга бало борми?
Ўн дақиқача вақт ўтиб, Одамгина хонага қайтиб кирди, унинг қўлида устига сочиқ ёпилган сопол товоқ бор эди. Қаср эгаси кўк этак боғлаб олган, бўйнига ҳам эскириб кетган ифлос сочиқчани тутиб олган. У иршайганича паст овозда ашула хиргойи қилиб келарди:
Тамшанувчиларни жуда яхши кўраман,
Уларни гуруч қўшиб паққос ураман.
– О-о, сен ҳамма ёқни тозалаб қўйибсан-ку! – хурсанд бўлиб кетди Одамгина. – Менинг ҳатто иштаҳаларим очилиб кетди, ишонсанг-ишонмасанг ўлибгина қўяқолай агар! Ўтирақол, Коринагинам, ҳозир биз тамадди қиламиз. Тунда овқатланиб ухлаш саломатликка фойдали, ҳа-ҳа-ҳа-ҳа!
Қиз одамхўрнинг товоғидан кўз узмаган кўйи курсига ўтирди. Назарида, ундан янги пиширилган қайноққина варақиларнинг ҳиди келаётгандай туюлаверди.
Одамгина инқиллаб-синқиллаб унинг қаршисига ўтирди, бўйнидаги сочиқчасини тўғирлаб қўйиб, иштаҳа билан лабларини ялади.
– Э-эҳ, шунақанги қорним очиб кетяптики! Афсус, овқатдан олдин қўлимни ювишга улгурмадим-да. Мени кечирасан-а, Коринагинам-қоқиндиққинам?
– Кечираман, кечираман, – сабрсизлик билан жавоб қилди қиз. – Лекин кечки овқатга нима емоқчимиз?
Одамгина мамнун иршайиш билан товоқ устидаги сочиқни олди. Ҳафсаласи пир бўлган Корина сопол товоқнинг бўшлигини кўрди: унда ўткир қилиб чархланган иккита пичоқ ва каттакон кумуш санчқи бор эди.
– Сен нима ейишингни мен билмайман, тасаддуққинам, – эркаловчи оҳангда минғирлади Одамгина. – Лекин мен сени ейман. Биласанми, мен кечки овқатга лақмаларни ва ландовурларни истеъмол қилишни ёқтираман! Одамхўрларнинг ошқозони учун ўшанақалар жуда фойдали бўлади.
– Нима-а? – эътирозли оҳангда хитоб қилди Корина ва ўрнидан сакраб туриб кетди.
Тўғрироғи, жойидан турмоқчи бўлди. Лекин энди кеч бўлганди. Курсининг суянчиғидан иккита темир қисқич отилиб чиқди ва қизнинг танасини маҳкам сиқиб олди. Қиз ҳатто оғриқдан додлаб юборди.
– Қисяптими? – ачиниш билан сўради Одамгина. – Мени кечирасан, Коринагинам, озгина янглишибман. Сени нариги курсига ўтқазишим керак эди, унинг қисқичлари сал каттароқ. Майли, ҳечқиси йўқ, буёғига унчалик кўп қийналмайсан. Бугун мен ҳар кунгидан кўра кўпроқ оч ва қаҳрлиман. Ишонсанг-ишонмасанг ўлибгина қўяқолай, қоқиндиқ! Биласанми нима учун? Икки кундан бери ҳовлимга бирорта ҳам тентак қадам босгани йўқ. Илгарилари ҳозиргидан анча яхши эди! Мен ҳали тиниб-тинчимас бола пайтимда Тамшанувчиларни эрмак учун ошқозонимга жойлаб юбораверардим. Улар қасримга тўда-тўда бўлиб келаверишарди. Кимдир дадагинамдан қолган бойлигимга кўз тиккан, бошқалари ҳашаматли қасрни ва одамхўр мечкай-болакайни, яъни мени томоша қилиш учун келишарди. Мен уларнинг ҳаммаларини азиз меҳмондай кутиб олар, кейин эса мазали меҳмонимни жиғилдонимга меҳмон қилиб жўнатардим. Шу сабаб қандай ҳайбатли ва дўмбоққина бўлиб улғайганимни кўряпсанми?
Корина юрагига тушган қўрқувнинг титроғини зўрға босиб олди.
– Сиз атайлаб ўзингизни танбал ва бесўнақай қилиб кўрсатар экансиз-да?
– Бўлмасам-чи! – хитоб қилди Одамгина. – Дадагинам менга жуда кўп марта мана бундай насиҳат қилгандилар: “Ақлли сифатида ном чиқариш – ёқимли, аҳмоқ деб донг таратиш эса – фойдали”. Нима, сенингча мен мана шу ҳайбатли гавдам билан ўрмонма-ўрмон югуриб, Тамшанувчиларни қувиб юришим керакмиди? Йўқ, мен уларни овламайман. Яхшиси улар ҳузуримга ўз оёқлари билан келишсин, таомга айланиш олдидан дастурхонни яхшилаб ювиб-артиб тозалашсин, ҳа-ҳа-ҳа-а-аа!
Коринанинг қовоғи осилди.
– Ишқилиб, тиқилиб ўлмасангиз бўлди, – таҳдидли оҳангда деди у.
Одамгина ўз меҳмонига ҳавотирли боқди.
– Аммо-лекигин гапинг тўғри, – қизнинг гапига қўшилди у. – Сен жудаям қоқсуяк экансан, Коринагинам-жимитдеккинам! Ота-онанг қоқиндиқлар қаёққа қарашган экан ўзи? Балки сени тузлаб, зиралаб, мурчлаб қайнатсам, этингга сал маза-матра кириб қолар-а? Бу масалада менинг битта шеърим ҳам бор:
Ошқозоним бўш, қизгина,
Қозончамга туш, қизгина!
– Ойижоним ҳам бир ашулани жуда кўп хиргойи қилиб юрардилар: “Қайнатмага ҳеч тушмагин, қизалоғим. Одамхўрга гўшт бўлмагин, қизалоғим” – масхараомуз жавоб қилди Корина. – Ўзингиз ўйланг, шундай олтинга тенг сатрларга амал қилмасдан бўларканми?!
– Бу масалада сенга қандай ёрдам беришниям билмайман, гиргиттонгинам, – афсус ва надомат билан дўмбоқ қўлларини икки ёнига ёйди Одамгина. – Дарвоқе, онагинангнинг исмлари нимайди ўзи?
– Гингема, – бепарвогина жавоб қилди Корина.
Одамгинанинг кўзлари ҳайратдан ола-кула бўлиб кетди.
– Қанақа?
– Жодугар Гингема, – тушунтирди қиз ва алланималарни пичирлаб афсун ўқий бошлади.
Уни сиқиб турган темир чамбаракларнинг шу ондаёқ ораси очилиб, ерга жаранглаб тўкилди. Одамхўр бўкирган кўйи ўрнидан туриб кетишга уринди, лекин ҳатто қимирлай ҳам олмади. Қандайдир қудратли куч уни жойида тутиб турарди.
Корина сопол товоқни ўзига яқинроқ сурди ва иккита катта пичоққа ўйчан тикилиб қолди.
– Бугун тамадди қиламизми ўзи, ё йўқми? – хотиржамлик билан сўради у.
– Анақа… ҳа, йўғ-э, йўқ… – минғирлади ўлардай қўрқиб кетган Одамгина. – Биласанми, Коринагинам-тасаддуққинам, негадир менинг иштаҳам бўғилди-қўйди. Иннайкейин-чи, ўзи кечқурун овқатланиш соғлиққа зарар. Айниқса, одамхўрларнинг соғлиғи учун қаттиқ зарар.
– Менга зарари йўқ.
– Мен сенга айтсам, гиргиттонгинам, илгари бизнинг оилаларимиз дўст бўлишган! – тантанавор хитоб қилди Одамгина. – Ўртада борди-келдиям бўлганакан. Дадагинам сенинг жодугаргина онагинанг ҳақида кўп яхши гапларни айтганлар-да ўзиям. Вой, Гингемани шунақаям ҳурмат қилардилар-эй! Онагинанг ҳам дадагинамни ҳечам безовта қилмас экан. Ҳатто одамхўрлик касби билан шуғулланишларига ҳам эътирози йўғакан. Модомики, тақозои ҳол шундоқ экан, наҳотки биз сен билан муросаи мадора қила олмасак, айланайгинам? Агар мен ўрмонда ўз соҳам билан машғул бўлиб ўтирсам, Тамшанувчилар сендан янаям кўпроқ қўрқишади, ўргилайгинам. Дадажонгинам доим айтардилар: “Ҳар бир ҳукмдорнинг юртида албатта ўз шахсий одамхўри бўлиши шарт!”, дердилар.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.