Электронная библиотека » С. Сухинов » » онлайн чтение - страница 7


  • Текст добавлен: 26 июня 2023, 09:00


Автор книги: С. Сухинов


Жанр: Книги для детей: прочее, Детские книги


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 7 (всего у книги 10 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Ўша кундан бошлаб Қўриқчи боладевни ҳар бир гўдакка маълум бўлган оддий нарсаларга ўргатиш мақсадида кун бўйи анча вақтини девор устида ўтказишни одат қилди. Қайтадан гапиришни ўрганган темир дев ўзини Дром деб таништирди. У ўз ўтмиши ҳақида бошқа ҳеч нарсани эслай олмас, ҳатто Сеҳрли мамлакатга қандай келиб қолганини ҳам билмасди. Тез орада Дром билан Похол Қўриқчи қадрдон дўст бўлиб қолишди. Орадан бир ой ўтиб, Зумрад шаҳар ҳокими Яшил ва Бинафша юртлар бўйлаб катта саёҳатга чиқди, оқкўнгил Дром эса тез орада бутун аҳолининг эркасига айланди. Ўтинчи ҳақида нима учун ҳеч қандай гап-сўз йўқ? У худди йўқликка кетгандай эди. Ҳа, у катта харсангни осонгина кўтара оларди. Аммо Дром улкан қояни ҳам енгил копток каби бемалол отиб ўйнайди. Бинафша мамлакатга келганининг учинчи кунида темир дев шунча майдонларни тошлардан тозалаб чиқдики, Ўтинчи шунчалик кўп йиллар мобайнида тозалаган далалар бунинг олдида худди йўқдай эди.

Табиийки, бу ҳолдан Ўтинчи жуда хомушланиб қолди. “Дром каби ҳайбатли, қудратли паҳлавон бор жойда мендай кичкина ва кучсиз темир одамчанинг кимга ҳам кераги бор?” – дея ўйларди у. Ўтинчи энди хаёлга толиб, қачонлардир оддий Тамшанувчи бўлгани ва Қарағайчалар қишлоғида яшаганини хотирларди. Ўша пайтлар унинг исми Гудди Карли бўлиб, энг моҳир ўтинчи сифатида жуда машҳур эди. Гўзал Весса билан турмуш қуриш орзусида юрарди. Лекин ёвуз Гингема унинг болтасини жодулаб қўйди ва афсунланган болта ўз эгасининг оёқ-қўларини чопиб ташлади… Қишлоқ темирчиси унинг чопиб ташланган оёқ-қўлларини ясама темир аъзолар билан алмаштириб берди.

Вақти келиб Гудди ўзининг буткул темир одамга айланиб қолганини тушунди. Ахир фақат мурватлардан таркиб топган одам, ҳатто юраги ҳам йўқ бўлса, ростакам қиз билан турмуш қуриши мумкинми? Шуларни ўйлаган Гудди Қарағайчалар қишлоғини тарк этди ва ўрмонда дарахт кесиб, ўтинчилик қилиб кун кўра бошлади. Ўша вақтдан бери Весса ҳақида ҳеч нарса эшитмади, лекин қизнинг қалин сочлари, кўзни қамаштиргувчи майин табассуми ва жарангдор кулгси ҳеч қачон Ўтинчининг хаёлидан кетмади.

“Эҳ-ҳ, – дея ўйларди у – Вессани яна бир марта кўриш учун жонимни ҳам бериб юборардим! Лекин орадан шунча йиллар ўтиб кетди, у аллақачон оилали бўлиб кетгандир, жуда қариб, кексайиб ҳам қолган бўлса керак… Мен эса ҳанузгача қачонлардир Элли билан учрашган пайтларимдаги қиёфадаман. Одамлар – ҲАҚИҚИЙ ОДАМЛАР! – тирик вужуддан иборат бўлишади, қариб-қартайиб, вақт-соатлари етганида ёруғ дунёни тарк этиб кетишади…”

Охир-оқибат Ўтинчи Бинафша сарой ёнида ўзи барпо қилган устахонасига кириб ичидан қулфланиб олди. Саройнинг сон-саноқсиз хоналарини тозалаб, супуриб-сидиришга келган аёллар эшиклари ичкаридан маҳкам қулфланган устахонадан келаётган шовқин ва жарангларга қизиқиб қулоқ солишар эди.

Бир неча кунлардан кейин Темир Ўтинчи митти Пирпиркўзларнинг қаршисида пайдо бўлганида улар ҳайратдан “Воҳ!” деб юборишди. Уларнинг ҳокимлари ўзига янги қиёфа ясаб олганди. У илгариги юзига ўхшашиб кетарди-ю, лекин ҳозиргиси бир оз кексароқ кўринар, шу билан бирга тўлқинсмон темир соқол билан безалган эди. Бошидан эса Ўтинчига қандайдир енгилтаклик бахш этиб турувчи мой идиш кўринишидаги қалпоғини олиб ташлаган эди.

Бир соатлардан кейин Бастанинг бош майдонида бошкентнинг барча аҳолиси тўпланди. Темир Ўтинчи шошилинч равишда ясалган вақтинчалик минбарга чиқди ва ўз фуқароларига расмий нутқ билан мурожаат этди:

– Азиз Пирпиркўзлар! Мени Бинафша мамлакат ҳокими этиб сайлаганингизга ҳам кўп йиллар бўлди. Буни ўзим ҳеч хоҳламаган бўлсам ҳам мени шунчалик сидқидилдан кўндиришга ҳаракат қилдингларки, бу эътиборингиздан шоҳи юрагим ҳилпиллаб кетди. Сизларга юмшоқфеъл, довюрак ва меҳнаткаш ҳукмдор керак эди. Чин сўзим, мен кучим етганича ҳаракат қилдим! Лекин барибир мен оддий ўтинчиман, давлатни бошқариш санъати менга бегона.

Қачонлардир қадимда мени Темир Ўтинчи деб атай бошлашган. Лекин бир пайтлар ростакам одам бўлганимни ҳам унутганим йўқ. Ўзим темирдан ва мисдан ишланган бўлсам-да, Буюк Гудвин менга юмшоқ ва майин юрак ато этган. Мен бир пайтлар Мовий ўлкада ўтган ҳаётимни қўмсаб, қайғуга ботаман. Сеҳрли мамлакатимизни умрбодга тарк этган азиз Эллимизни ҳам жуда-жуда соғинганман.

Кечинмаларим менинг қалбимни ўзгартирди, мен донороқ ва сабр-тоқатлироқ бўлиб қолдим. Лекин мен Темир Ўтинчи бўлишдан ва бошига мойдон кийиб олган ўспирин қиёфасида яшашдан чарчадим. Бугундан бошлаб ўз ёшимга мос қиёфага эга бўлишдан ташқари, ўзимга янги исм ҳам олдим. Тўғрироғи эски исмимни қайтариб олдим. Мени шу бугундан Гудди Карли ёки Уста Гудди деб чақиринглар. Оддийгина ном. Шоҳона исм эмас. Лекин начора – менинг ўзим ҳам оддий темир мурватлардан таркиб топганман холос. Буни мендан кўра ўзларингиз яхши биласизлар, чунки мени оддий машина каби кўп марталаб бўлаклагансиз ва қайтадан йиғгансизлар. Аммо мен буткул машина эмасман, вужудимда одамликдан ҳам нималардир қолган!

Менинг сизларга бир таклифим бор. Сеҳрли мамлакатда яқиндагина яна бир темир одам пайдо бўлди. У мендан кўра каттароқ ва кучлироқ. Дром – оқкўнгил йигит. У бинафша мамлакатга муносиб ҳоким…

– Йўқ, йўқ!

– Бизга сендан бошқа ҳоким керак эмас!

– Яшасин Бинафша ўлканинг оқкўнгил ва доно ҳукмдори Темир Ўтинчи!

– Уста Гуддига шон-шарафлар! Яшасин Гудди Карли!

Юзлаб овозлар майдонни ларзага солди. Пирпиркўзлар оёқларини тапиллатишар, ҳуштакбозлик қилишар, турган жойларида сакрашар, бақиришарди. Қулоқни битирар даражадаги бу шовқиндан бир нарса аён эди: Пирпиркўзлар ўзларига Темир Ўтинчидан, яъни Уста Гуддидан бошқаси ҳоким бўлишини исташмайди. Яшасин, яшасин, яшасин!!!

Ўтинчининг кўзидан ёш чиқиб кетди. Шу заҳотиёқ минбарга иккита мурватсоз уста кўтарилди ва кўз ёшлари Темир Ўтинчини занглатиб қўймаслиги учун эҳтиётлик билан унинг киприкларини, ёноқларини мойлай бошлашди. Устахонаси шу яқин ўртада бўлган ёшгина бир темирчи йигит устахонасига югурди ва шоша-пиша ҳокимга темир тож тайёрлаб келди. Оломоннинг қувончли ҳайқириқлари остида у ҳали тўла совуб ҳам улгурмаган тишдор чамбаракни ҳокимнинг бошига кийдирди ва унга чуқур таъзим қилди. Бошқа Пирпиркўзлар ҳам шундай қилишди.

– Сизни шарафлашдан мамнунмиз, жаноб Гудди, Бинфша юрт ҳокими! – деди тантанали оҳангда темирчи. – Минг йиллар давомида соғ-саломат бўлинг!

Оломон ҳам унинг самимий сўзларини акс садо мисоли такрорлади:

– Минг йиллар давомида соғ-саломат бўлинг, жаноб Гудди!

Бутун мамлакат бўйлаб бир неча кунгача устахоналар очилмади. Пирпиркўзлар гўё янги ҳокимни сайлаган каби хурсандчилик билан базми жамшид қилишди. Қайсидир маънода шундай ҳам бўлганди.

“Уста Гудди – аслида ҳам Темир Ўтинчидан кўра жарангдорроқ исм, – дейишарди Пирпиркўзлар бир-бирларига. – Ахир ўрмонда дарахт кесиб юриш подшоҳларга муносиб ишми? Унинг юраги ҳам темир эмас, юмшоқ ва нафис шоҳидан”.

Ажойиб кунларнинг бирида, шовқин-суронли байрам тантаналаридан сўнг бутун шаҳар ухлаб ётган пайтда елкасига тугун қўйиб олган нотаниш қиз шаҳарга кириб келди. Очиқ турган дарвоза остида чўзилиб ётган соқчилар бири олиб-бири қўйиб хуррак отишарди. Ёнларида найзалари, қилич-қалқонлари сочилган.

Қиз энгашиб, соқчилардан бирини аста туртди. У янада қаттиқроқ хуррак отди ва бошқа ёнбошига ўгирилиб олди. Шунда Корина – йўлдан келган қиз айнан у эди – соқчини елкасидан силкита бошлади. Аскар ўзини мажбурлаб кўзини очишга ҳаракат қилди ва ҳеч нарсани тушунмаган кўйи хира, уйқисирашдан карахт бўлган кўзларини кутилмаган меҳмонга тикди.

– М-м-м-м… – ғўлдиради у. – Нима бўлди? Дарвозада соқчилик қиладиган вақтим келдими?

– Соқчилик қилиб бўлдинг. Уйга қайтадиган вақтинг келди, – жилмайиб жавоб берди қиз. – Аллақачон тонг отиб бўлди.

– Йўғ-э? – ҳайрон бўлди соқчи бошини кўтариб ва атрофга ажабланиб қаради. – Ғалати-ю… Ҳозиргина қуёш ботаётгандай бўлувди… Вой-бў… роса кайф-сафо қилибмиз шекилли.

У шундан кейингина шаҳар дарвозалари ланг очиқлигини, боши тепасида эса ниҳоятда соҳибжамол нотаниш қиз турганини кўрди.

– Ҳм-м-м… Ўзингиз ким бўласиз?

– Мен Мовий юртдан, Қарағайчалар қишлоғидан келдим.

– Нима-а? Қаердан, қаердан?

– Мовий юртдан.

– Ҳа… Яқин жой эмас… Сизга бу ерда нима керак, гўзалларнинг гўзали?

– Мен уста Карлини кўришим керак.

– Ҳеч қанақа Карли-Парлини танимайман. Менинг уйимнинг қаршисида Карло дегани яшайди. Ўзи темирчи. Сизга балки ўша керакдир?

– Йўқ, менга уста Карли керак, – қатъий жавоб қилди қиз. – У қачонлардир бизнинг қишлоғимизда яшаган ва менинг ойимни – Весса Ландини яхши таниган. Улар яқин дўст бўлишган, лекин у даврлардан бери анча вақт ўтиб кетди. Ойим менга шундай деди: Корина, сен Бинафша юртга бор, унинг бошкенти Бастага кир ва у ерда уста Гудди Карлини топ, у бир пайтлар ўтинчи бўлган…

– Нима, нима? – хитоб қилди соқчи ўрнидан сакраб турар экан. Унинг калласидаги карахтликдан асар ҳам қолмади. – Нима дедингиз? Жаноб Гудди? У ахир бизнинг ҳукмдоримиз – Темир Ўтинчи-ку!

Қиз бош ирғаб қўйди.

– Мен ҳам шуни айтяпман-да. Балки мени саройга олиб бориб, Уста Гуддига келганимни айтарсиз? Лекин аввал шўрликкина онажоним ёзган мактубни унга етказсангиз…

– Албатта, албатта, – минғирлади соқчи ўз қиличини қидириб атрофга аланглаган кўйи. – Кечирасиз-у, лекин нега онагинангизни шўрликкина деяпсиз?

– У ҳалок бўлди, – қизнинг ранги гезарди. – Уни… анақа… қаттиқ бўрон кўтарилган пайтда дарахт босиб қолди.

– Кечирасиз, буни билмабман. Сизга жуда ачиняпман. Лекин балога йўлиққур қаёққа йўқолдийкин? Бўлди, топдим.

Соқчи қиличини камарига тақиб олди, эгнидаги қийшайиб турган совутини тўғирлади, найзасини қўлига олди ва катта қадамлар билан шаҳарнинг кимсасиз кўчалари бўйлаб Бинафша сарой томон йўл олди. Корина эса сабрсизлик билан лабларини тинмай тишлаганича унинг ортидан жим борарди.

“Бошланиши ёмонмас, – ўйларди у. – Лекин Гудди Карли менга ишонармикан?”

Темир Ўтинчи бинафша саройнинг иккинчи қаватидаги кичикроқ хонасида кўзгуга қараб ўтирганича соқолига сайқал берарди. Унинг кайфияти яхши, қандайдир ашулани хиргойи қиляпти. Пирпиркўзлар уни ёмон кўришмас экан. Уни ҳатто Дромга – қудратли аскарга алмаштиришни ҳам хоҳлашмади. Умуман олганда тўғри қилишди. Темир дев аслида ҳали ёш бола. Ҳали унинг ўзини тарбиялаб, йўлга солиб бориш керак. Ҳоким бўлиш учун у ҳали ёшлик қилади. Мана, мисол учун, яқиндагина қилган ишини қаранг: Кончилар Ғоридан олтипанжани чиқариб олибди-да, шаҳарликларни кулдириш учун Зумрад шаҳарга олиб келибди. Табиийки, бошкентда ҳеч қандай кўнгилхушлик бўлгани йўқ – одамлар қўрққанларидан ҳар томонга тирақайлаб кетишди. Кўзи кўр олтипанжа эса ҳеч нарсани кўролмай ўзини у ёқдан бу ёққа уриб, бир нечта уйни вайрон қилди. Похол Қўриқчи ҳар доимгидай ўз эркатойини ҳимоя қилмоқчи бўлди-ю, лекин уни танбеҳдан асраб қололмади…

Эшик аста тақиллади.

– Кираверинг, кираверинг, – деди ўзининг соқолига шайдо бўлиб ўтирган Ўтинчи. Эҳ, уни тарашнинг иложи йўқлиги чатоқ-да. Дин Гиорр кўпинча шундай қиларди…

Ҳокимнинг хонасига Тализа эҳтиётлик билан мўралади. Бу аёл ўзини ўзи сарой хизматкорларининг бошлиғи қилиб тайинлаб олган ва улкан саройдаги тартиб ва тозаликни назорат қилиб юрарди.

– Ҳазрати олийлари, соқчи Понт саройга келибди. Унинг ёнида қандайдир нотаниш қиз ҳам бор. Понт сизга мактуб бериб қўйишимни сўради.

– Мактуб? – қувониб кетди Ўтинчи. – Уни тезроқ берақол, Тализа.

Ўтинчи бошқалардан хат олишни яхши кўрарди. Қўриқчи билан Шер унга кўпинча хабарномалар жўнатиб туришарди. Улар ёзишмалар воситасида салтанат масалаларини муҳокама қилишар, ўтмиш кунларни эслашар эди. Улар кўпинча бир нарсани бир-бирларига жуда кўп ёзишарди: Элли билан яна бир марта кўришишса айни муддао бўларди-да! Аммо бунинг иложи бормикан? У энди улғайиб, анча ёшга бориб қолган, эски дўстларини унутиб ҳам юборган бўлса керак… Лекин Похол Қўриқчи уни албатта кўришларига қаттиқ ишонарди. У Катта Дунёга бориш ва Эллини топишнинг тасаввурга ҳам сиғмайдиган режаларини тузиб юрарди. Аммо афсуски, Виллина бу ҳақда ўйлашни ҳам тақиқлаб қўйган: сеҳрли мавжудотлар Торннинг мамлакатидан ташқари чиқишлари мумкин эмас.

Хатжилдга назар ташлаган Ўтинчи ҳайрон бўлиб, қошларини чимирди. Хат жўнатилган манзил унга жуда яхши таниш эди: “Мовий ўлка, Қарағайчалар қишлоғи” Бу ахир ўзининг ватани-ку! Неча марталаб у ерга бориб келишни мақсад қилганди… Тўхта-чи, имзо кимники? “Весса Ланди”!!!

Унинг темир кўксидаги шоҳи юраги ҳаяжондан ҳилпираб титрай бошлади. Ўтинчи Гуддининг суюклиси ўз ёрини унутмаган экан-да?

Пирпиркўзлар ҳокими қўллари қалтираб, хатжилдни зўрға очди ва унинг ичидаги мактубни олди. Хатда шундай ёзилганди:

“Азизим Гудди! Вессангизни, қорасоч шўх-шодон қаллиғингизни ҳали унутиб юбормаганмидингиз? Ҳозир менинг сочларим оппоқ оқариб кетган, ҳусн-жамолимдан асар ҳам қолмаган. Сиз ўрмонда дом-дараксиз кетганингиздан кейин йиғлай-йиғлай кўзларимдан нур ариди. Жодугар Гингема билан тил бириктириб, сизни мажруҳ қилган ёвуз холам мени бадавлат дурадгорга турмушга чиқишга мажбурлади. Биз ўн беш йил бирга яшадик, лекин мен барибир эримга кўнгил қўя олмадим. Бир куни у ўрмонга кетиб, ботқоққа ғарқ бўлди. Ўша йили менинг қизим туғилди. Мен унга Корина деб исм қўйдим. У худди ўзимга ўхшайди – бутун музофотда ҳусн бобида унга тенг келадигани йўқ!

Сиз ҳақингизда кўп нарсаларни эшитдим, Зумрад шаҳарга ҳоким бўлганингизни ҳам. Неча марталаб Бастага, сизнинг ҳузурингизга боргим келди! Лекин журъат эта олмадим. Чунки сиз ҳокимсиз, мен эса оддий тикувчиман. Бунинг устига, агар сизга керагим бўлганида аллақачон ўзингиз ёнимга келган бўлардингиз.

Энди нима ҳам қила олардим – бўлар иш бўлиб ўтди. Сизга мактуб ёзаётганимнинг муҳим сабаби бор. Менинг Коринагинам, жигарбандим улғайиб, вояга етди. У ўрмоннинг ўртасидаги файзсиз қишлоқда яшашдан ниҳоятда зериккан. Бир тасодиф бизни ҳаракатга ундади – Когидалик савдогарлар Бинафша мамлакатга жўнайдиган бўлиб қолишди. Мен улардан қизимни ўзлари билан олиб кетишларини ва Бастага етказишларини илтимос қилдим. Улар йўқ дейишмади. Олис сафарга чиқиш олдидан Қарағайчалар қишлоғида бир неча кун дам олиб, кейин йўлга тушишар экан. Менинг эса аҳволим жуда ёмон. Сиз билан энди бошқа кўришмасак керак, азизим Гудди. Коринани ўз қизингиздай қабул қилинг ва имконинггиз етганича унга ёрдам беринг. Алвидо, менинг севгилим!

Весса”

Ўтинчи мактубни ўқир экан, кўз ёшларини тўхтата олмасди. У қандай ҳам аҳмоқ экан! Ҳамма нарсага вақт ҳам, куч ҳам топибди-ю, собиқ қаллиғининг ёнига бирор марта бориб келишни ўйламабди-я! Весса эса шу йилар давомида кўп машққатлар чекибди ва уни ҳеч қачон унутмабди. Эҳ, тентак, темир тўнка!

У хаёлини тўплаб, хонадан югуриб чиқди ва бечора Вессанинг қизига пешвоз чиқиш учун югурди. Дахлизга чиққач, зинапоядан шошмайгина чиқиб келаётган қорасоч соҳибжамолга урилиб кетай деди.

– Салом, жаноб Гудди, – жилмайди ёш жодугар. – Мен Коринаман.

Ўтинчининг юраги қаттиқ ура бошлади.

Ўн иккинчи боб

БИНАФША МАМЛАКАТ МАЛИКАСИ

Шу кундан бошлаб ҳозирда Уста Гуд номини олган Темир Ўтинчининг ҳаёти ғаройиб тарзда буткул ўзгариб кетди. Корина саройга жойлашди ва ҳафсала билан ишга киришди. Бастинданинг давридан бери бу ерда деярли ҳеч нарса ўзгармаган, фақат ҳовлидаги темир қафаслар олиб ташланибди. Ёвуз жодугар ўша қафасларда ваҳший ҳайвонларни боқишни ёқтирарди (агар ёдингизда бўлса, улардан бирида қачонлардир Довюрак Шер ҳам қамалган эди). Тализа бошчилигидаги фаррошлар даҳлиздаги чангларни супуриб, ора-орада ҳокимнинг хосхонасини ҳам тозалаш билан кифояланишар экан. Улкан саройдаги юздан ортиқ хоналар бўш ётар, деворларда бирорта ҳам гилам йўқ эди. Ўтинчи шунчаки ҳарбий аскар ва ишчи холос, унга ҳашаматнинг нима кераги бор?

Корина ишнинг бошланишига энг аввал ажойиб боғ барпо этди. Бу борада унинг анча тажрибаси бор, лекин ҳозир жодугар қиз бу борада ўз-ўзидан ҳам ўзиб кетганди.

Саройга кириш жойида у бир кунда афсонавий гулзор яратди, бир кундан кейин эса Баста аҳолиси сарой панжаралари ёнида тўпланиб, эртакмонанд мевали боғни томоша қила бошлашди. Юзлаб дарахтларнинг шохлари ҳали ҳеч ким кўрмаган, бир кечада ғарқ пишган тархил мевалардан ергача эгилган. Олмаларнинг шарбати асалдан ҳам тотли, ноклар олтиндай товланади. Бу ерда яна манго, кокос ёнғоқлари, анжир, узум ва ўнлаб турдаги бошқа мевалар бор эди.

Пирпиркўзлар тўсиққа маҳкам ёпишиб олганларича, меваларнинг бундай турли-туманлигидан ҳайратда турар эдилар. Кун ярмида бутун шаҳар бу мўъжизани томоша қилиш учун саройга оқиб келди.

Ҳеч кутилмаганда Мовий ўлкадан келиб қолган қандайдир Корина исмли қиз ҳақида шаҳарликларнинг ҳаммалари аллақачон эшитиб бўлишганди. Бу ҳақда Тализа йўлда учраган ҳар бир одамга сўзлаб бераётганди. У ўша қизнинг жаноб Гуддига худди ўз қизидай азиз эканини айтди – Темир Ўтинчи қачонлардир ростакам одам бўлган ва ҳатто Мовий мамлакатда собиқ қаллиғи ҳам бор эмиш. Тализанинг сўзларига қараганда, Корина тенги йўқ соҳибжамол экан-у, аммо феълини худо уриб қўйганмиш. У фаррошларни ҳеч қандай изоҳларсиз саройдан ҳайдаб, уларнинг хизматига мухтож эмаслигини айтибди.

“Мен унинг оддий қизлардан эмаслигини дарҳол сезгандим, – деяр эди Тализа. – Лекин унинг жодугар эканини ким ҳам билибди дейсиз? Бир кечада барпо қилган боғини қаранг!”

Пирпиркўзлар Бинафша саройнинг янги истиқоматчиси афсунгарликдан хабардор эканини шусиз ҳам сезиб бўлишган эди. Лекин бир нарса ноаниқ – у меҳрли соҳирамикан ёки ёвуз жодугарми? Кўпчилик, айниқса кекса Пирпиркўзлар Бастинданинг ҳукмронлик йилларини яхши эслашар ва янги афсунгардан ҳеч қандай яхшилик кутишмаётган эди. “У бизнинг Уста Гуддини хароб қилади, хароб қилади”, дея оғир хўрсинишарди.

Куннинг қоқ ярмида сарой дарвозалари очилди ва Пирпиркўзлар соқчилар бўлинмасини кўришди. Бўлинманинг етакчиси барчага таниш бўлган хушчақчақ ва тўс-тўполончи Понт эди. Бугун у жуда жиддий қиёфада қадам ташлаб боряпти, қурол-аслаҳалари ялтиратиб тозаланган. Понт бир йўталиб олгач, оломонга синчков назар ташлади ва Пирпиркўзлар шу ондаёқ жим бўлиб қолишди.

Соқчи тўрвасидан қоғоз ўрамини олди ва баланд овозда ўқий бошлади:

“Бинафша мамлакат ҳокими Уста Гуддининг биринчи сонли фармони олийлари. Ушбу фармон ила ўз халқим эътиборига қуйидагиларни етказурман:

Бирламчи. Шу фурсатдан бошлаб каминанинг саройида собиқ қаллиғимнинг қизи Корина истиқомат қилгусидир. Унга ҳар бирингиз Бинафша мамлакат маликаси сифатида эҳтиром кўрсатмоғингизни буюраман. У мендан кейинги иккинчи ҳукмдорингиз ҳисобланади.

Иккиламчи. Шу кундан бошлаб Корина менинг саройимга аслзода аъёнларни сафарбар этади. Менинг саройим ўз мавқейига кўра Зумрад шаҳардаги Донишманд Қўриқчи саройидан юқорироқ турмоғи лозим. Шаҳарнинг ҳар бир бадавлат ва олийнасаб фуқароси маликанинг қабулида ҳозир бўлмоғи мумкин. Малика ушбу Пирпиркўзнинг сарой аъёнлигига муносиб экани ёхуд мос келмаслигини ҳал этади. Пирпиркўз хонимлардан эса малика сарой канизларини танлаб олади ва улар ўз ҳукмдорларининг хизматида бўладилар

Учламчи. Шу ондан бошлаб ҳар якшанба каминанинг саройида рақс ва зиёфат кечалари уюштирилгай. Бу тадбирларда саройнинг барча аъёнлари, шунингдек, махсус таклиф этилган олийнасаб Пирпиркўзлар иштирок этмоқликлари мажбурийдир.

Тўртламчи. Ушбу кундан бошлаб мен солиқ тизимини жорий этаман. Ҳар ойда ҳар бир бадавлат Пирпиркўз бир олтин танга миқдорида, ҳар бир бой эса бир кумуш танга миқдорида ўлпон тўлайди. Камбағаллар солиқ тўловидан озод этиладилар.

Бешламчи. Ёш йигитлар шу ондан бошлаб менинг ҳарбий қўшинимда мажбурий хизмат муддатини ўтайдилар. Биз ҳар лаҳзада ҳар қандай душман ҳужумига тайёр турмоғимиз шарт. Аскарлик илмини ўзим ўргатаман ва шахсан ўзим қўшинга қўмондонлик қиламан. Ўзимга Маршал унвонини тақдим этаман.

Олтиламчи. Сарой боғидан олмаларни ва бошқа меваларни узиш қатъиян тақиқланади. Сарой қўриқчилари бу ҳолатни назорат этиб турадилар ва айбдорларни беаёв жазолайдилар. Лекин ҳар куни роппа-роса кун ярмида соқчилар дарвоза ташқарисига мевалар солинган саватларни олиб чиқадилар. Мевалар барча истовчиларга малика Коринанинг номидан тарқатилади. Аммо саватлар бир кундан сўнг саройга қайтарилсин, чунки ҳамма аҳолига сават етказиб беришнинг имкони йўқ.

Ушбуни Бинафша мамлакат ҳокими, Уста Гудди, Маршал ўз қўли ила имзолади”.

Пирпиркўзлар бир-бирларига ташвиш билан қараб қолишди ва ҳайронликдан чаккаларини қаший бошлашди. Бастиндадан кейин улар солиқлар ҳақида унутиб ҳам юборишган эди, аммо ёвуз жодугар ўлпонни ҳаммадан оларди – бойлар ҳам, камбағалар ҳам ҳар ойда беш тилла солиқ тўлашар эди. Ўша пайтларда ҳамма камбағаллар Бастадан ҳар ёқларга кўчиб кетишган. Кўпчиликлари шу пайтгача ўлкага бошқа қайтиб келишмади. Қўшин ташкил этиш эса Пирпиркўзлар учун кутилмаган янгилик бўлди. Илгари қандай эди? Бинафша юртга бирор ғаним ҳамла қилиб қолса, ҳамма Пирпиркўз эркаклар қўлларига тушган нарса билан – пичоқ, санчқи, мих билан қуролланиб жангга киришар эди. Лекин бундай лашкардан наф бўлармиди? Тўғри, Торннинг мамлакатини кимдир истило қилгани ҳақида кўп замонлардан бери ҳеч ким эшитган эмас, лекин ҳаётда ҳар нарса бўлиши мумкин. Бинобарин, ҳарбий қўшин нима бўлганда ҳам керакли нарса…

Сарой дарвозасидан йигирма нафар қўриқчилар қўлларида мевалар тўла саватлар билан чиқишганида бу каби ҳамма гап-сўзлар барҳам топди. Кейин ичкарига қайтиб, яна мева-чева олиб чиқишди. Буёғи кеп қолинг, оп қолинг бўлиб кетди!

Ана шундан кейин қиёмат қойим бошланиб қолдию! Пирпиркўзлар саватларга мўр-малахдай ёпишиб, ким қўлига нима илинса тортқилайверди. Кимгадир ичи тўла сават насиб қилди, кимдир икки дона олмани зўрға чангаллашга улгурди, яна аллакимлар афсонавий меваларга – ананас ва бананаларга эга бўлиб қолди. Абжирроқ болалар ҳамма мевалардан тотиб кўришни уддалашди. Аёллар эса бир-бирларининг қўлларидаги меваларни тортиб олишга уриниб, ўзаро эркакчасига сўкишишни бошлаб юбордилар. Эркакларнинг чапанироқлари муштлашувга киришиб кетишди, лекин яхшиямки шу пайтда қўриқчилар мева тўлдирилган янги саватлар билан чиқиб қолишди.

Охир-оқибат мевалар ҳаммага етди – бировга кўпроқ, бировга камроқ – лекин ҳеч ким уйига қуруқ қайтмади. Пирпиркўзлар мамнун ҳолда тарқалдилар. Улар йўлда ҳам ўз баҳсларини давом этитиришди ва Корина ҳар ҳолда МЕҲРЛИ жодугар деган фикрга келишди. Бастинда ўлақолса ҳам уларга бирор ширинликнинг ҳатто увоғини раво кўрмас эди.

Корина билан Ўтинчи юқори айвонда туриб, оломоннинг тўс-тўполонини кузатишарди. Уста Гудди кайфиятсиз эди. Ўзининг ўттиз йиллик ҳукмронлиги давомида у бугун биринчи марта фармон имзолади. Ўшани ҳам Корина айтиб туриб ёздирди. Бу фармоннинг кўп бандлари Гуддига ёқмади, тўғрироғи фармоннинг ўзи умуман ёқмади. Лекин у соҳибжамол Коринага эътироз билдира олмади, қизнинг ҳуснини ҳар кўрганида унинг шоҳи юраги пирпираб кетаверарди. У ипак матодан ишланиб, ичига қипиқ тўлдирилган бўлса ҳам нозик туйғулардан холи эмасди. Юракни Буюк Гудвиннинг ўзи бичиб-тиккан – демак, бу қалб севишга ҳам қодир бўлиши табиий…

− Мана, яхши бўлди, − заҳарханда билан деди Корина тўс-тўполонда ҳаммаёқлари кўкариб, моматалоқ бўлган Пирпиркўларнинг уйларига тарқалаётганларини кузатиб ўтирган кўйи. – Уста Гудди, ўз фуқароларингизнинг қанчалар мамнун эканларини кўряпсизми?! Бугундан уларнинг янги ҳаётлари бошланяпти. Ҳали қандай тўкин зиёфатлар қилишимизни кўрасиз. Рақс базмлари-чи! Рақс тушиш жони дилим. Шаҳарда хушхулқ, илтифотли жаноблар кўпдир?

Бу сўзлардан Гуддининг юрагига рашк ханжари санчилиб, бир сапчиб тушди ва Коринага кескин ўгирилди.

− Корина, мени уста Гудди деб атама, тушундингми? – бирдан унинг гап оҳангида ялинчоқлик асари пайдо бўлди. – Шунчаки… Гудди деяқолгин…

− Хўп бўлади, − гўёки итоаткорона оҳангда жавоб қилган бўлди қиз, ўзи эса масхараомуз кулгисини зўрға тийиб турарди. У Темир Ўтинчини бошқариш шунчалик осон бўлади деб ўйламаганди. У саройда яшаётганига уч кун бўлди холос. Манави тунукадан ишланган тўнка эса ҳозирдан унинг товонини ялашга тайёр бўлиб қолибди. Бу Корина учун ниҳоятда ёқимли ҳолат эди. – Лекин хизматкорларнинг ёнида мен сизни “аъло ҳазратлари” деб чақираман, сиз эса менга “ҳазрати олиялари” деб мурожаат этасиз. Оддийгина қилиб “Гудди” ёки “Корина” деб айтгандан кўра шуниси маъқул.

− Хизматкорларнинг ёнида? – ҳайрон бўлди Ўтинчи. – Бунисини энди умуман тушунмадим. Бизнинг саройимизда хизматкорлар нима қилсин?

− Уларни мен эрталаб хизматга ёлладим, − бепарвогина изоҳ берди малика. – Ахир хизматкорларсиз шундай катта саройни эплаш, базм ва зиёфатлар бериш мумкин бўларканми? Ошхона фаррошлари, тикувчилар, бошқа юмушларни бажарадиган хизматчилар-чи? Ахир хизматкорларсиз ҳам шоҳона сарой бўларканми дунёда?

Ўтинчинингн қошлари нақ бошидаги тожига қадар кўтарилиб кетди.

− Шоҳона? – худди ваҳимага ташиб қолгандай хитоб қилди у. – Шоҳона саройни қаерда кўряпсан?

Корина қўлини кенг ёйиб, атрофга ишора қилди.

− Мана шу бино шоҳона сарой бўлади, − худди қўшиқ айтаётган каби сўзларни роҳатланиб чўзиб жавоб берди ёш жодугар. – Сизнинг саройингиз, аъло ҳазратлари… ва менинг ҳам саройим.

У ўз ҳукмдорига эҳтиром юзасидан аста таъзим қилиб қўйган бўлди. Ўтинчи эса хаёлга толиб, соқолини ўйнаб ўтирди ва кейин чуқур хўрсинди: бу ишлар унга ёқмаётган эди. Лекин Коринага эътироз билдириб бўларканми?

Бир ҳафтадан кейин Бинафша саройда дастлабки зиёфат бўлиб ўтди. Биринчи марта сарой аъёнларига айланган Пирпиркўзлар маликанинг ўзи ўйлаб топган башанг либосларни кийиб, соат еттида саройнинг бош дарвозаси ёнида тўпландилар. Уларни ясан-тусан қилиб олган эшик оғаси жиддий қиёфада кутиб олди. Хизматкорлар аъёнларни катта хосхонага кузатиб киришди. Мусиқа янгради ва Пирпиркўзлар рақс тушишни бошладилар (уларни бир ҳафта давомида Коринанинг ўзи рақс тушишга ўргатди). Хизматкорлар мева ҳамда хушбўй шарбатларни келтирдилар. Сарой аъёнлари бир-бирлари билан шивирлаб гаплашган кўйи рақс тушар эканлар, эшик томондан кўз узишмас эди. Улар подшоҳ Гудни (уларга ҳокимни шундай аташни Корина буюрганди) кутишарди. Лекин олий ҳукмдорлар кечикишмоқда.

Роса соат саккизда нақшинкор эшиклар очилди ва Ўтинчи билан Корина юзлаб шаъмлар билан чароғон этилган хосхонага кириб келдилар. Сарой аъёнлари ҳайратдан оғиз очиб қолишди ва уларга чуқур таъзим бажо келтиришди.

Корина қимматбаҳо тошлар билан безалган қордай оппоқ кўйлакда эди. Унинг жуда гўзал турмакланган ғаройиб қора сочларида сон-саноқсиз олмослар ярқирайди.

Ўтинчини таниб ҳам бўлмасди. Унинг бутун танаси олтин билан қопланган. Ҳукмдорнинг янги тожи ҳам олтиндан ишланиб, унга майда зумрад тошлар қадаб чиқилибди. Подшоҳ Гуднинг раият олдида қаттиқ хижолат бўлаётгани кўзларидан шундоқ сезилиб турарди. Лекин Коринанинг чеҳраси қувончдан ловуллайди. Чунки бу унинг илк зиёфати-да ахир!

– Биз ушбу ажойиб оқшомда саройимизнинг янги аъёнларини муборакбод этамиз, – деди қиз жарангдор овозда. – Бугун ҳаммангиз кўнгилхушлик қилинглар! Гуллар қани? Нима учун хонада гуллар йўқ?

У назокат билан қўл силтади ва шу ондаёқ ҳавода минглаб оқ атиргуллар пайдо бўлди. Улар ҳайратда қолган Пирпиркўзларнинг бошлари узра чир айланиб, гулдаста ва гулчамбарларга айланди ва худди оққушлардай сузиб келиб, аъёнларнинг қўлларига қўна бошлади. Пирпиркўзлар завқ билан маликани олқишлаб, қарсак чалиб юборишди.

Корина майин жилмайиб, подшоҳга қўлини узатди. Гудди хўрсиниб, Коринани рақсга таклиф этди.

Бутун ҳафта давомида малика подшоҳга ҳам худди сарой аъёнларига ўргатгани каби рақс тушишни ўргатди. Лекин Гудди бу борада лаёқатсиз шогирд чиқиб қолди. У қизнинг оёғини босиб олишдан қўрқар ва шу боис жуда қўпол ҳаракатланар эди.

– Мен нозик оёқчаларингни мажақлаб қўйишим мумкин, – минғирлаб қўйди у. – Чунки ниҳоятда оғирман.

– Бунисидан хавотир олманг, – мазахомуз ишшайиб деди Корина. – Сиз жодудан озроқ хабарим борлигини биласиз-ку. Сиз ҲЕЧ ҚАЧОН менинг оёғимни боса олмайсиз. Ҳатто буни жуда хоҳлаган тақдирингизда ҳам.

Лекин Гуддидан барибир раққос чиқмас эди. Биринчи рақсдан кейиноқ у қаттиқ чарчаганини айтди ва Коринанинг бошқа шерик билан рақс тушишига ижозат берди. Шу заҳотиёқ ўнлаб ёш Пирпиркўзлар маликанинг эътиборини қозониш учун қиз томон интилдилар.

Ўша оқшомдаги хурсандчиликларни тасаввур ҳам қилолмайсиз! Мусиқа тинимсиз янгради, саройни қарсилдоқларнинг шақиллаган овози босиб кетди, осмонда эса мушаклар ранг-баранг гул бўлиб очилади. Бу тунда бутун шаҳар ухламади. Шаҳарнинг ҳамма майдонларида машшоқлар соз чалиб, шаҳарликлар роса рақс тушишди. Кўчаларга териб чиқилган ёғочсупаларнинг усти мева солинган ва шарбатлар қуйилган идишларга тўла. Пирпиркўзлар ҳали шу пайтгача бунақа яйраб-қувнаган эмасдилар. Улар тинмасдан Гуддини ва Коринани олқишлашади:

− Яшасин подшоҳ ва малика! Офарин! Офарин!

Тун яримлаб қолганида базми жамшид Ўтинчининг жонига тегиб бўлди. У вақтини бекор ўтказишни истамас, шу боис рақслар унга бекорчиларнинг эрмаги бўлиб туюларди. У ҳозиргина ташкил этилган Ҳарбий Кенгашнинг биринчи йиғилишини чақириб, бу идоранинг аъзолигига сайланган зодагонларни мажлисга таклиф этди. Йиғилишда Бинафша мамлакатнинг ҳарбий лашкарини тузиш масалалари муҳокама этилди. Аъёнлар саройдаги зиёфатни тарк этишни хоҳлашмас эди-ю, лекин подшоҳнинг буйруғига бўйсунмай ҳам кўр-чи!

− Юқорига юринглар, − уларни саройнинг иккинчи қаватига бошлади Гудди. – Йўқ, бўлмайди… Сарой жуда шовқин-сурон. Боғда бир нечта очиқ айвончалар қуриб қўйганман. Ўша ёққа борақоламиз.

Подшоҳ ўз маслаҳатчилари билан саройдан чиқиб кетганидан сўнг, Корина ҳам ниҳоятда толиққанини ҳис қилди. У сарой аъёнларига зиёфатни давом эттираверишни буюриб, ўзи эса ҳордиқ чиқариш учун саройнинг иккинчи қаватидаги хобхонасига чиқиб кетди. Кетиши олдидан машшоқларга созларни янада қаттиқроқ чалишларини ишора қилди.

Корина ўз хонасига кўтарилгач, эшикни ичидан қулфлади. Кейин эса боғ томондаги дераза олдига борди. У кутганидай, Гудди ўз аъёнлари билан хиёбоннинг энг чеккасига, шовқин ва тўс-тўполондан нарироққа йўл олди.

Коринанинг лаблари ёвуз ишшайишдан хунук қийшайди. Унинг режаси иш берди! Қиз Гуддининг хонасига кирди – у ҳатто подшоҳ бўлиб ҳам кенгроқ хосхонага эга бўлишни хоҳламади. Кичкина хонасининг бир бурчида олтин сопли катта болтасини тираб қўйибди.

– Қайсар, пайсал, думбул, чоп! – баланд овозда қичқирди Корина. – Томда, ранда, пайдар, топ!

Шу заҳотиёқ унинг қўлларига метин куч оқиб кирди. Афсун ёрдамида малика ҳаттоки Ўтинчидан ҳам анча кучлироқ бўлиб қолди.

Корина оғир болтани худди асо каби осонгина қўлтиғига қистириб олди, шаъмни кўтариб саройнинг нариги чеккаси томон йўналди. Ўша ерда, эмандан ишланган эшик ортида жодугар Бастинданинг ётоқхонаси бор эди. Ҳеч ким – Пирпиркўзлар ҳам, Ўтинчи ҳам бу эшик ёнига ақалли бир марта яқинлашмаган эдилар. Пирпиркўзлар – қўрққанларидан; Темир Ўтинчига эса бунинг ҳожати йўқ эди.

Корина Бинафша юртга келганининг биринчи кечасидаёқ жодугарнинг хоналарига киришга уриниб кўрган эди. У шаъмни қўлига олиб, қоронғи дахлиз бўйлаб эман эшик томон юрди. Корина Бастинданинг кирдикорлари ҳақида Пирпиркўзлардан эшитган эди. Ҳалок бўлган жодугарнинг арвоҳи билан ўрмонда бўлган учрашув буни тасдиқлади: ёвуз кампиршодан ҳамма нарсани кутиш мумкин. Бастинда қандайдир йўллар билан Торннинг афсунлар китобини қўлга киритгач, ҳатто Гингеманинг ўзи ҳам бир кўзли опасидан қўрқа бошлаганди. Ким билсин, балки Бастинда ўзига тегишли хоналарда чақирилмаган меҳмонлар учун хавфли алланимабалоларни ташлаб кетгандир?


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации