Текст книги "ГИНГЕМАНИНГ ҚИЗИ Биринчи китоб"
Автор книги: С. Сухинов
Жанр: Книги для детей: прочее, Детские книги
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 9 (всего у книги 10 страниц)
Қўриқчи ҳам анча сезиларли ўзгарган. Биринчидан, Темир Ўтинчининг хаёлига келган фикр унда ҳам пайдо бўлиб, у сипороқ кўриниш учун соқол қўйишга қарор қиганди. Соқол ҳам похолдан бўлиб, у ҳокимга жуда ярашган эди. Иккинчидан, сарой тикувчиси ҳокимнинг оддий чакмони ва тепаси учли қалпоғи ўрнига ҳукмдорларга муносиб либос кийишга ниҳоят уни кўндиришга муваффақ бўлди. Қўриқчи узоқ вақт давомида унга рад жавобини бериб юрди-ю, лекин бир сафар тикувчи жаҳл устида хитоб қилиб қолди: “Ҳукмдорим, тушунсангиз-чи ахир, сизнинг кийимларингиз хуш-би-чим эмас!” Бу янги сўз Қўриқчини ҳайратга солди. У ақлли сўзларни жуда яхши кўрардики, шу сўзни эшитиши биланоқ увадаси чиқиб кетган эски кийимларидан воз кечиб юборишга розилик бериб қўйганини ўзи ҳам сезмай қолди. Ўша кундан бошлаб у кўкрак қисмига тўртта капалакнусха тасмагул тикилган камзул, ранги ҳам, шакли ҳам тарвузга ўхшаган чолвор ва қавариқ тўр ҳошияли ёқа қадалган оқ кўйлак кийиб юрадиган бўлди. Тепаси учли қалпоғини эса япасқи, пат безак ўрнига бир тутам олтинранг бошоқлар қадалган қалпоққа алмаштирди (пат ўрнига бошоқ қадаш фикри Қўриқчининг ўзидан чиқиб, бу нарса бечора тикувчини саросимага солиб қўйганди). Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, Зумрад шаҳар ҳокимининг барча либослари, қадама ёқа билан капалакнусха тасмагуллардан ташқари, ҳаммаси яшил рангда эди. Қўриқчи ўзини кўзгуда кўриб, янги қиёфасидан ниҳоятда мамнун бўлди.
Пирпирга ҳам дўстининг шоҳона либослари маъқул келди. Уста ўзининг эски дўстига қараб, ҳайратдан бошини сарак-сарак қилди.
– Азизим қўриқчи, сизга қойилман. Сўнгги учрашувимиздан бери анча салобат касб этибсиз. Айтишим лозимки, бизнинг азиз ҳукмдоримиз Темир Ўтинчи ҳам жуда сезиларли ўзгарган. Мен бу ёққа йўл олишим олдидан у ўзига янги қиёфа ишлади ва уни сайқалланган темир соқол билан безади. Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас…
Дром ниҳоят кейинги юришни амалга ошириб, В-3 рақамли катакка ўзининг доирасини чизди. Томошабинлар оҳ уриб юборишди – кимлардир қойил қолиб, кимлардир қайғуга тушишди. Темир дев муқаррар мағлубиятдан эпчилик билан қутулиб қолди.
У ортига ўгирилиб, мамнун қичқирди:
– Эй, Зумрадча, мен ҳар ҳолда сенга чап беришни уддаладим, ҳа-ҳа-ҳа!
Дев алақачон Қўриқчини Зумрадча деб аташни бошлаганди. Темир дев шундай ажойиб мавжудотни қандайдир бошқа ном билан эмас, балки Қўрқинчли Қўриқчи деб аташларини адолатсизлик деб ҳисобларди.
“Бу оқкўнгил похол одамча қанақасига Қўрқинчли Қўриқчи бўлсин? – ҳайрон бўларди Дром. – У кимни ҳам қўрқитиши мумкин ахир? Похолвой қандайдир йиртқич маҳлуқ эмас, шунчаки митти думалоқ коптокча, худди ўз шаҳрида тўлиб-тошиб ётган зумрад тошларига ўхшаган дум-думалоқ Зумрадча. Мен энди уни худди шундай деб атайман – ЗУМРАДЧА”
Ўшандан бери Яшил мамлакат ҳоркимининг бу лақаби унинг иккинчи исмига айланди-қўйди. Лекин уни орқасидан шундай дейишарди, расман эса худди аввалгидай – Донишманд Қўрқинчли Қўриқчи деб улуғлашар эди. Фақат Дром уни бемалол Зумрадча деб атайверади, Қўриқчи эса унинг бундай такаллуфсизлигига эътибор ҳам бермас эди.
Девнинг қандай айёрона юриш қилганини дурбинда кўрган Қўриқчи қаттиқ ранжиди. Ўйин чамаси дурангга қараб борарди – агар шундай бўлса, жадвалда икки юз эллик тўртинчи дуранг қайд этилади. Бир марта муваффақият Дром томонда бўлган, бир мартасида эса унинг рақиби ғалаба қозонган эди. Барча бошқа ўйинларда кучлар тенг келган.
– Э-эҳ, афсус! – хитоб қилди Қўриқчи. − Начора, бошқа йўл қолмади шекилли. Энди қўшув белгисини…
Унинг овозини қулоқни қоматга келтирувчи қувонч наъраси босиб кетди. Дром минорадаги кекса Пирпиркўзни кўриб, шодлигини яшира олмади:
– Яшасин! Пирпир амаки келибди! Қойил!
Шаҳарликлар қўрқувдан қулоқларини қўллари билан беркитиб олишди. Қарғалар тўдасини худди супургида супуриб ташлагандай, овознинг шамоли учириб кетди. Фақат Зумрадча билан Пирпир қудратли товуш эпкинини ҳис этишмади – Похол Қўриқчига бундай овозлар писанд эмас, уста мурватсоз эса кексайганида анча ёмон эшитадиган бўлиб қолган.
Дром қўлини чўзди ва Пирпир мамнуният билан жилмайганича очиқ турган улкан кафтга юриб чиқа бошлади. Темир дев Пирпирни кўзига яқин олиб келиб, хурсандлигидан рақсга тушиб юборай деди.
– Салом, амакижон, – деди у.
– Салом, болакай, – жавоб қилди кекса уста. – Назаримда, бўйинг озгина чўзилиб қолганга ўхшайди.
Шаҳарликлар бу гапдан таъсирланиб роса кулишди.
“Болакай эмиш, – ҳингиллашди улар. – Бўйи озгина ўсиб қолганмиш. Боши осмонга тегай деб турибди-ку!”
– Нега уйимга меҳмонга бормай қўйдинг? – таъна билан сўради Пирпир. – Мен сени жуда соғинганман. Бошқа Пирпиркўзлар ҳам сени кўп сўрашади.
Ёқимтой девнинг кайфияти тушиб кетди.
– Жуда унақа ҳаммалари соғинишмагандир? – оғир хўрсинди у. – Ҳаммалари эмас. Масалан сизнинг набирангиз Бак мени кўрса кўнгли озади.
Пирпирнинг қовоғи солинди.
– Сен охирги марта Бастага борганингда Бак ҳали жуда ёш эди, – тушунтирди қария. – Энди анча улғайиб, феъли ҳам жиддийлашиб қолган. У сени яхши кўради десам, ёлғон гапирган бўламан – Бакнинг худбинлиги бор. У сенинг шуҳратингга ва кучингга ҳасад қилади. Лекин набирам анча ўзгариб қолган, менга ишонавер, у яхши томонга ўзгарган.
– Темир Ўтинчи ҳақида нима дейсиз? – бундан ҳам қайғулироқ оҳангда сўради Дром. – Менга нисбатан унинг ҳам муносабати ўзгарганми? Менинг фикримча, у…
– Сафсата сотишни бас қил! – паҳлавонга дўқ урди қария. – Бунақа аҳмоқона фикрлар миянгга қаёқдан ўрнашиб қолди? Бизнинг Уста Гудди – ажойиб ҳукмдор. У ҳам сен каби мурватли темир одам. Агар билсанг, у сени худди ўз ўғлидай кўради!
Дром шубҳа билан бошини сарак-сарак қилди ва ўзининг Бастага сўнгги ташрифини эслади. Ўшанда Темир Ўтинчи ўзини бетобликка солиб, КАТТА меҳмонни кутиб олиш учун саройдан ташқарига чиққани ҳам йўқ. “Ахир темирдан ясалган одамлар ҳам касал бўлишар эканми? Бу ерда қандайдир бошқа гап бор”.., – дея ўйлаганди ўшанда дев. У кейин Бинафша мамлакатга бошқа бормади.
Қўриқчи Пирпирнинг сўзларини эшитиб, жуда қизиқиб қолди.
– Уста Гудди деганинг ким бўлди? – сўради у мурватсоздан.
– Темир Ўтинчини энди шундай атаяпмиз, – тушунтирди Пирпир. – У Мовий ўлкада яшаб, оддий Тамшанувчи бўлган пайтларида унинг исми Гудди бўлган экан. Ҳукмдоримиз ёши ўтганидан кейин анақа бўлиб қолибди… шу нарса нимаям деб аталар эди-я? Ҳа, эсимга тушди – кўн-гил-чан.
– Кўн-гил-чан… – ўзгача бир эҳтиром билан такрорлади Қўриқчи. – Узунгина сўз экан. Маъносиям ақллигина бўлса керак. Уни илгари эшитмаган эканман. Бу сўзнинг маъноси нима экан?
− У ўтмишини қўмсайдиган бўлиб қолди, – бажонидил изоҳ бера бошлади Пирпир. – Ўзининг ёшлик йилларини, оддий ўтинчи бўлиб, Қарағайчалар қишлоғида яшаган дамларини соғиняпти. Ўтинчининг Весса исмли қаллиғи бўлган экан. У оламдан ўтиб кетибди… Лекин яқинда Бастада унинг Корина исмли қизи пайдо бўлиб қолди. Қиёси йўқ даражада гўзал, бундай соҳибжамолни дунё кўрмаган бўлса керак. У ҳозир Бинапфша саройда яшаяпти. Очиғини айтганда мен ўша қиз туфайли бу ерга келдим. Аммо бу маҳфий суҳбат бўлади.
Қўриқчи жиддий тарзда бош ирғаб қўйди. Ҳар ҳолда у сир сақлашни билади!
– У ҳолда тахтиравонли хосхонага кирақолайлик, биродари азиз, – деди ҳоким. – Эшикларни ичкаридан қулфлаб, ҳамма гапларни гаплашиб оламиз…
– Мен-чи? – ҳафа бўлиб сўради Дром. – Мени таклиф қилмайсанми, Зумрадча?
Агар Қўриқчи ростакам одам бўлганида, бу сўзлардан қулоғигача қизариб кетган бўларди. Тўғри-да, ахир энг яқин дўстини қандай унутиб қўйди? Лекин тахт турган хонага дев сиғмайди-ку. У фақат шаҳарнинг бош майдонига бемалол жойлашиши мумкин… Аммо майдондаги суҳбат қандай қилиб МАҲФИЙ бўлсин?!
– Ҳм-м… тўғри… – минғирлади Қўриқчи. – У ҳолда бундай қиламиз. Дром, сен Пирпир икковимизни ўрмонга олиб бор. Бирорта ялангликда ҳаммасини муҳокама қиламиз. Лекин нимани гаплашишимизни ўзим ҳам билмайман. Нима бўлганида ҳам Ўтинчининг… яъни Уста Гуддининг ҳузурига собиқ қаллиғининг қизи келгани ҳар ҳолда қувончли ҳодиса. Икковлари анча бахтиёрроқ яшашади. Чунки ёлғизликда манфаат йўқ. Сен билан мен ҳам дўстлашганимиздан кейин ҳаётимиз бир қадар ўзгарди-ку. Тўғрими, Темирвой?
Дром хурсандлигидан кўзлари қисилиб, мамнун жилмайиб қўйди. Зумрадча кўпинча уни Темирвой деб чақирар ва дев бундай жайдари лақабдан ҳафа бўлмас эди, аксинча, хурсанд бўларди. Темир одам бўлиш шарафли дея ҳисоблар эди у. Масалан, Ўтинчи ҳам темирдан тайёрланган, уни ҳамма яхши кўради ва ҳурмат қилади. Дром Буюк Ўтинчи каби мавқега эга бўлишига ҳали анча бор. Лекин ҳечқиси йўқ, у ҳали жуда ёш, ҳали ҳаммаси олдинда…
Қўриқчининг сўзларини эшитгач, Пирпир шубҳа билан бош чайқади.
– Вазият сизлар ўйлаганчалик жўнгина эмас, – деди у. – Дўстларим, икковингиз ҳам Коринанинг қандай тавия эканини билмайсизлар. Бундайлар ҳақида халқда шундай дейишади: эркалаб туриб жонингни суғуриб олади. Унинг энг хавфли жиҳати шундаки, у оддий қиз эмас, балки жоду… Эй, анави нарса нима бало бўлди?
Пирпир қўли билан олисдаги ўрмон томонни кўрсатди. Ҳаммалари, барча шаҳарликлар билан биргаликда, бошларини бараварига ўша томон буришди. Улар кўрган нарса ҳаммаларини биргаликда “оҳ” деб юборишга мажбур қилди.
Зумрад шаҳар томонга… аждар учиб келмоқда эди! Бу афсонавий эмас, ростакам маҳлуқ эканига шубҳа йўқ. Унинг пардақанотлари худди кўршапалакнинг қанотига ўхшайди, танаси қоп-қора зирҳтангалар билан қопланган, даҳшатли жағидан олов уфуриб келмоқда.
Дром ўрнидан сакраб туриб, ҳатто Пирпирни ҳам ерга тушириб юборай деди. Ўнг қўлини ён томонга юбориб, ҳар доим ўз жойида турадиган қиличини олмоқчи бўлди. Лекин у одатдаги жойида йўқ эди. Қўшув-доира ўйини ўйналаётган жойда уни керак бўлмагани учун ечиб қўйгани ёдига тушди.
Шаҳарликлар қўрқувдан бақириб-додлаб-бўкирган кўйи ўзларига пана жой излаб, девор устида ҳар томон тирқираб қолишди. Кимлардир зинагача етиб олгач, югуриб тушишга ҳам сабрлари чидамасдан, ўмбалоқ ошганича пастга копток бўлиб думалай бошлади. Қўриқчи эса асабийлашганидан калласини тешиб чиққан тўғноғичларини икки қўллаб шоша-пиша қипиқ орасига қайтаришга ҳаракат қиларди. Айни пайтда унинг донғи кетган донишмандлиги ниҳоятда зарур эди. Лекин бошинг манави тўғноғичлардан худди типратиканнинг терисидай тиканзор бўлиб кетган бўлса, бундай ҳолатда ақлни ишлатиб бўларканми?
Лекин аждар шаҳарга ҳамла қилмоқчи эмасди. У шаҳар миноралари устида доира ясаб учди ва оғзидан қип-қизил олов пуркади. Кейин аждар пастга қандайдир оқ нарсани ташлади. Унга нимадир оғирроқ буюм боғлаб қўйилган эди. Сўнг аждар қанотини кенг ёзганича ортига қайтди.
Ўша оқ нарса ерга тушиб улгурмасидан Дром уни ушлаб қолишга улгурди ва Зумрад шаҳар ҳокимига узатди.
Қора аждар найча қилиб ўралган бир парча чарм бўлагини ташлаб кетган экан. Қўриқчи ўрамга боғланган чилвирни олиб ташлади ва унга осиб қўйилган тошга ҳам қарамасдан, чарм мактубни очди. У мактубда битилган даҳшатли сўзларни ўқиди:
“Эй, сен, манфур Похол Қўрқиткич! Қўрқувдан титраб-қақша! Мен, Буюк ва Даҳшатли подшоҳ Гудди, тез орада мамлакатингни истило қиламан, ўзингни эса майдалаб, похолларингни шамолга совураман. Сен, тўғноғич калла, Дром икковинг менга – Бинафша мамлакатнинг қонуний ҳукмдорига қарши қандай фитна тайёрлаётганларингдан хабарим бор. Билиб қўй: сенлар ҳеч нарсага эриша олмайсанлар! Сен каминанинг шавкатли Пирпикўзларини ўзингга бўйсундирмоқчи бўлганмишсан! Бинафша юртнинг қудратли ва енгилмас лашкари ғолибона юришини бошлади. Марронларнинг катта қўшини ҳам бизнинг сафларимиздан жой олган. Сен уларни ҳам қулга айлантирмоқчи эдинг ва уларга нисбатан доим “Марронлар-тиғипарронлар” каби ҳақоратли сўзларни ишлатгансан. Ўша исёнчи дўстинг Дромга ҳам айтиб қўй: мени темир суварак деб атагани ва икки бармоғи орасида эзиб ташлашини айтиб мақтангани учун ҳали қаттиқ пушаймон бўлади. Ким кимни эзиб қўйишини энди ўзларинг кўрасанлар – қарс, қарс, қарс!
Буюк ва Даҳшатли Подшоҳ Гуд, Бинафша мамлакатнинг ҳукмдори, Яшил ўлканинг бўлғуси подшоҳи”
Пирпир бошини чангаллаб қолди.
– У ақлдан озибди!.. Бу ҳаммаси Коринанинг кирдикорлари! У Гуддининг миясини шу даражада айнитиб қўйибдики, ҳатто энг қадрдон дўстларни ҳам унинг кўзига душман қилиб кўрсатяпти! Бу фақат ўша жодугар қизнинг қўлидан келади. Мен шундай бўлишидан қўрққаним учун ҳам Зумрад шаҳарга келган эдим. Лекин сизларни огоҳлантиришга улгура олмадим. Энди кеч… ҳаммаси тамом…
– Мен ўтинчини ҳеч қачон темир суварак деб атаган эмасман! – деди қаттиқ ҳафа бўлган темир дев. – Уни кимдир алдаган!
– Уни жодугар Корина алдаган, – оғир хўрсиниб Дроннинг сўзини тасдиқлади Пирпир.
Дев жаҳл билан темир қошларини чимирди. У мурватсозни эҳтиётлик билан минорага, Қўриқчининг ёнига қўйди ва улкан қадамлар билан аслаҳахона томонга йўл олди. Аслаҳахона шаҳар деворига тақаб қурилган узун пастак бино эди. Бу иморат Дромнинг улкан болғаси учун омбор вазифасини ўтаётганди.
Дев энгашиб, бинонинг кенг дарвозасини очди ва болғасини олди. У болғасини ҳавода шунақанги чирпирак қилиб айлантирдики, девор устида турган шаҳарликлар қўрққанларидан кўзларини юмиб олишди. Сўнг Дром қўрқинчли овозда ҳайқирди:
– Мен маккора жодугар Коринанинг адабини бериб қўяман! Темир Ўтинчига эса, уни ҳурмат қилишимни, ўз оғамдай яхши кўришимни ва ҳеч қачон тунука-пунука деб атамаганимни тушунтираман!
Қўриқчи билан Пирпир битта сўз айтишга ҳам улгурмасларидан, Дром болғасини елкасига олди ва шимоли-шарққа, Бинафша мамлакат томонга одимлаб кетди.
– Болакай бир балога гирифтор бўлмаса эди! – ташвиш билан хўрсинди кекса уста. – Уни ёлғиз жўнатиб бўлмайди.
– Тўхтатишга уриниб кўр-чи… – минғирлади Қўриқчи ғалати хатни қўлларида ўйчан айлантириб ўйнаганича. – Ҳечқиси йўқ, Темирча ўзини ҳимоялай олади. Коринани ўйинчоқ қилиб ўйнаб қўяди. Лекин Пирпиркўзлар билан Марронларнинг қўшинига қандай бас келишимизни ўйлаб, юрагим орқага тортиб кетяпти… Ахир бизнинг лашкаримиз йўқ-ку!
Зумрад шаҳарда Дин Гиор йўқлигидан похол Қўриқчи ҳар доимгидай яна бир бор қаттиқ афсусланди. Тажрибали аскар Зумрад шаҳарнинг муҳофазасини ташкилаштиришни уддалаган бўларди. Афсуски, ёши ўтиб кексайгач, у ҳам худди Фарамант ва Шер каби тўсатдан ғойиб бўлиб қолди. Қўриқчи неча марталаб уларга қидирув эълон қилди, лекин уринишлари бесамар бўлди.
– Юрақол, уста, ҳарбий кенгаш ўтказиб олишимиз керак, – деди ташвиш билан Дромнинг ортидан қараб қолган Қўриқчи. – Қачондир бир кун келиб Пирпиркўзлардан ҳимояланишимизга тўғри келади деб ҳеч ўйламаган эдим. Тағин уларга Ўтинчи бошчилик қилиб турса-я! Ақлга сиғмайдиган ҳодиса… Эй, анави яна нима бўлдийкин?
Похол одамча ҳалиги хатга боғланган тошчага энди эътибор бериб қаради. Унда қўллари орқасига боғланиб, бошини эгиб турган Қўриқчининг расми бор экан.
Қўриқчи Пирпирнинг ортидан зина бўйлаб тушиб борар экан, бошидан туртиб чиққан тўғноғичларни жойига киргазишга уринар, улар эса қайсарлик билан яна қайтадан ташқарига тешиб чиқар эди. Темир Ўтинчи жанг билан Зумрад шаҳарга бостириб келишини у тасаввурига ҳам сиғдира олмаётганди.
Ўн бешинчи боб
ЗУМРАД ШАҲАРГА ҲУЖУМ
Дром Яшил ва Бинафша ўлкалар чегараси бўйлаб чўзилиб кетган Кўк тоғларгача тез етиб борди. Тизмалар ортида қачонлардир Элли ва унинг дўстлари Бастинданинг ҳузурига йўл олган пайтларида кечиб ўтган жонсиз саҳро ястаниб ётибди. Дев қўлини пешанасига соябон қилиб, даштни диққат билан кузатди ва у ерда душман лашкарининг изини ҳам кўрмади. Кейин эса болғасини силкитганича тизма бўйлаб олдинга-орқага юриб, соқчилик қила бошлади.
– Ахир мен қачон бўлса ҳам Ўтинчи ҳақида бирорта ёмон сўз айтганманми? – дея минғирларди ўзига ўзи. – Ҳеч қачон! Тунука деганмишман… Бу ёлғонни ким ўйлаб топди экан? Пирпир амакининг сўзи тўғри – ҳаммасига ўша балогинага йўлиққур жодугар айбдор. Эҳ, қўлимга тушсин, бир жазосини бериб қўяман! Мен уни… уни ўзим…
Кечга бориб тоғда туман қуюқлаша бошлади. Бундан дев қаттиқ ҳавотирга тушиб қолди. У совуқдан қўрқмайди, албатта, лекин захлик ҳар қандай сифатли темирни ҳам занглатиб қўйишга қодир.
Дром энди ўрмон томонга қайтмоқчи бўлувди ҳамки, тўсатдан кимнингдир ингичка, аянчли овозини эштитиб қолди:
– Дром! Ёрдам беринг! Илтимос, мени қутқаринг!
У атрофга аланглаб, қоронғи зулматда ёшгина қиз турганини зўрға пайқади.
– Ёрдам беринг, – дея ҳиқилларди у.
Темир дев пастга энгашиб, улкан қўлини чўзди. Қиз унинг кафтига ўтириб олганидан кейин ҳам ҳиқиллаб йиғлашда давом этаверди.
– Сенга нима бўлди? – ташвишланиб сўради Дром.
– Пирпиркўзлар!.. – деди қиз оғир хўрсиниб. – Улар… қишлоғимизга ҳужум қилишди… Ҳамма одамларни кўчага ҳайдаб… уйларимизни ёндириб юборишди… Мен жуда қўрқяпман! Ўша ваҳшийларни қишлоғимиздан қувиб чиқаринг!
Дев жаҳл билан қошларини чимирди.
– Юр-чи, – деди у қатъият билан. – Сен йиғлама, ўша кўзини пирпиратадиганлар мени кўришлари билан худди курк товуқлардай ҳар томонга тирқираб қолишади. Қайси томонга борамиз? Мен бу тоғлар орасида одам яшайдиган манзиллар борлигини билмас эканман…
Қиз довон томонни кўрсатди. Темир дев елкасига илиб олган болғасини қулайроқ жойлаштириб қўйгач, олдинга дадил юриб кетди. Қоронғиликда қоқилиб йиқилмаслик учун у бошини пастроқ эгиб, оёғи остидаги нотекис йўлни кузатиб борарди.
– Тўхтанг! – ҳавотирли овозда унга мурожаат этди соҳибжамол қиз. – Мен уёғига боришга қўрқаман. Менинг қишлоғим шундоққина довоннинг ортида. Илтимос, мени ерга туширинг, сизни шу ерда кутиб тураман.
Ҳеч қандай шубҳа-гумонга бормаган дев ерга пастгина энгашди ва қизнинг ўтлоққа тушиб олишига ёрдам берди.
– Мен тез қайтаман, – қизнинг кўнглини тинчлантирди у. – Ўша ёвуз кўзи пирпирагичларни қувиб юбораману, сенинг ёнингга қайтаман. Тинч аҳолига ҳужум қилиш қанақа бўлишини қўрқоқ паканаларга кўрсатиб қўяман! Суробларини шунақанги тўғрилаб қўяйки…
– Буни ҳали кўрамиз, – деди унинг ортидан мазаҳомуз қараб қолган қиз пичирлаб.
Афсуски, дев ҳеч қанча йўл боса олмади. Ҳали довонгача етиб бормасидан Дром кутилмаганда худди бўшлиққа тушиб кетгандай бўлди! Бу шунчалик тез рўй бердики, Дром ҳатто қўрқиб кетишга ҳам улгуролмай қолди.
Темир дев туби торайиб кетган тошёриққа тушиб кетганди. У ўттиз қулоч пастликка қулагач, силлиқ тош деворлар орасига шунақанги тиқилиб қолдики, энди на қўлини қимирлата оларди, на оёғини.
– Бу нимаси? – ҳайрон бўлиб тўнғиллади дев. – Йўлда ҳеч қанақа ёриқ кўринмаганди-ку?.. Мени тузоққа туширишди шекилли?! Бу ердан тезроқ чиқиб кетиш керак…
Лекин Корина (сиз қашшоқ қишлоқ қизининг увада кийимларини кийиб олган ҳийлагарнинг ким эканлигини аллақачон фаҳмлаган бўлсангиз керак?) Дромнинг қутулиб қолиши учун ҳеч қандай имкон қолдирмаган эди. У қўлларини баланд кўтариб, ўзининг маккорона афсунини ўқиди:
– Залварла, гумбарла, харсангра…
Тоғларнинг қоялари силкиниб, худди кучли зилзила бўлаётгандай ҳаммаёқ титрай бошлади. Пастга тошлар думалади. Қудратли кўчки довон сари силжиб, темир девни кўмиб юборди.
Коринанинг юзида ёвуз ишшайиш кўринди.
– Аҳмоқ… – дея шивирлади у. – Бебахт темир тўнка! Сен Ўтинчидан ҳам баттар содда ва гўл экансан. Қўриқчини тинчитиш қийин бўлмайди – унинг ҳатто ҳарбий лашкари ҳам йўқ. Похолдан ясалган хашаки ҳоким! Эртага эса анави кибр соҳибалари Виллина билан Стеллани маҳв этиш чорасини излайман. Афсуски ҳозирча уларни енгишга кучсизлик қилиб турибман… Майли, буниси катта муаммо эмас. Ҳозирча уларнинг юртини кўринмас гумбаз билан ёпиб қўяман. Ҳатто учар Виллина ҳам ўзининг Сариқ мамлакатидан бир қадам ташқарига чиқа олмай қолади! Шундан сўнг Элли билан унинг жирканч оиласини йўқ қиламан!
Соҳибжамол Корина Ажалвор Кулба Парисини ҳалок этишни ўйлаганида ҳузурланганидан лабида мамнун табассум пайдо бўлди. Лекин шу заҳотиёқ ўйланиб қолди.
– Мен нима учун бундай ишларни қиляпман? – ўзига ўзи минғирлаб қўйди қиз. – Бунақада ЁВУЗ ялмоғизга айланиб қоламан-ку?! Ҳечқиси йўқ, ҳар бир ёмонликдан кейин бирорта яхши амални ҳам бажариб қўяқоламан. Кичкина бўлса ҳам яхшилик бўлади-ку!..
Корина кўйлагининг этак чўнтагидан Дромнинг битта бармоқдай келадиган митти темир нусхасини олди. Уни қизнинг топшириғига кўра мурватсоз Бак ясаб берган эди. Ҳайкалча бемалол юра олар, қўлларини қимирлатишни билар, лекин унда энг асосий нарса – ҚАЛБ йўқ эди! Унингсиз эса митти Дром барибир моҳирона ишланган оддий қўғирчоқлигича қолаверарди.
Тош тўкилган жойдаги чанг-ғубор босилгач, малика эҳтиётлик билан харсанглар уюмига яқинлашди ва қоятошлардан бирининг устига жимит Дромчани қўйди.
– Чақчай, рапақчай, ғирқилдоқ, ширқилдоқ, чинқирлоқ! Темир қўғирчоқ, тирилиб қол!
Кичкина мурватдор одамча қўлини салгина қимирлатди. Унинг мисдан ишланган қовоқлари ҳам юқорига кўтарилди.
– Бу сенинг кирдикорларинг, ёвуз ялмоғиз! – чийиллади темир одамча ва миттигина муштчаларини қизга ўқталди. – Энди ўзингдан кўр. Сени ҳозироқ келган жойингга улоқтираман! Сен девпари бўлиб катталашиб қолган бўлсанг ҳам зарбавор болғамга бас кела олмайсан!
Корина пастга эгилиб, темир одамчага жилмайиб қаради. У ўзининг жодуси билан Дромнинг жонини қўғирчоққа ўтказиб қўйган эди.
– Ўша айтган болғанг қани, жасур ДЕВ? – киноя билан сўради у.
Дром ўз қўлларига қаради ва ажабланган кўйи теваракка аланглади.
– Сен ўзинг ўсиб қолганингдан ташқари бутун атрофни ҳам катталаштириб қўйибсан-да?! Тоғларнинг катталашиб кетганини қара! Булутлар ҳам жуда юқорилаб кетишибди. Буни қандай уддаладинг?
– Буни билишга ҳали кичкиналик қиласан, миттивой, – уни мазаҳ қилиб тиржайди Корина. – Вараг, ҳузуримга кел!
Тоғлар ортида қора аждар пайдо бўлди ва бекасининг ёнига учиб келди. Унинг қанотларидан кўтарилган шамол Дромни ағдариб, қоятош устидан қулатиб юборишига бир бахя қолди.
Корина аждарнинг елкасига ўтириб, шимолга – подшоҳ Гуддининг ҳарбий лашкари кутиб турган ўрмонга йўл олди.
Икки кундан кейин Темир Ўтинчининг қўшини Зумрад шаҳар остонасига етиб келди. Олдинда Коринанинг жодусидан бунёд бўлган сопол аскарлар бўлинмаси одимламоқда. Лой жангчиларни, шунингдек, қилич ва тўқмоқлар билан қуролланган Пирпиркўзу Марронларни кўрган шаҳарликлар деворлардан туша ҳар ёққа тирқираб қочиб қолишди. Улар душманнинг бошига битта тош ташлашга ҳам, декчалардаги қайнаб турган мумдан бир томчисини тўкишга ҳам журъат эта олмадилар. Ёлғизликда қолган Қўриқчи ва Пирпир шаҳарнинг зич ёпилган дарвозалари тагига сопол аскарлар бўлинмаси ёпирилиб келаётганини алам ва ўкинч билан кузатиб туришарди. Аскарлар дарвозани улкан ходалар билан уриб, бирпасда бузиб ағдаришди ва ғолиблар қўшини бўм-бўш шаҳар кўчаларига қуюндай қуйилиб кира бошлади.
– Аҳ-ҳа-а! Уҳ-ҳу-у! – дея ўкирганларича Пирпиркўзлар ва Марронлар қуролларини таҳдидли силкитиб боришарди. – Қўрқларинг! Титраб-қақшаларинг! Қани, қаердасанлар, қуёнюрак яшил қўрқоқлар?! Подшоҳ Гуддини ҳақоратлаганларинг ва исён кўтармоқчи бўлганларинг учун қунларингни кўрсатиб қўйиш мақсадида келдик! Ҳаммангни чопиб, янчиб, бурдалаб ташлаймиз! Қарс, қарс, қурс!
Кечки пайт қора аждарга миниб олган Корина тантанавор тарзда бошкентга7 учиб кирди. Юзлаб аскарлар уни шодон ҳайқириқлар билан кутиб олишди. Шаҳарнинг бош майдонига келиб қўнган аждар қанотини тош тўшама устига ёйди ва қизил кўйлак кийган малика виқор билан пастга тушиб келди. Бу ерда уни подшоҳ кутиб турарди.
– Ҳазрати олиялари, шаҳар истило қилинди, ашаддий қаттол жиноятчилар – Қўриқчи билан Пирпир ҳибсга олиндилар! – дея хитоб қилди Ўтинчи ва эҳтиром ифодаси сифатида ўнг қўлини бошидаги тожига теккизиб қўйди.
– Йўқ, бугундан бошлаб мен ҳазрати олиялари эмасман, иршайиб туриб унинг сўзини тўғирлади Корина. – Ўзимни бугундан бошлаб Зумрад шаҳар Маликаси дея эълон қиламан!
– Малика Коринага шон-шарафлар бўлсин! – наъра тортишди аскарлар қувонч билан қиличлари, ханжарлари ва тўқмоқларини ҳавода силкитиб. – Яшил мамлакатнинг янги ҳукмдорига эҳтиромларимиз бўлсин!
Ўтинчи эса тентакларча ишшайганича жим турарди. У ҳозир ўзининг ажойиб ғалабаси ҳақида ўйлаётгани йўқ. Унинг хаёли ҳозир Зулмат Минораси остидаги зиндонда банди бўлиб ётган митти похол одамчада. Бир пайтлар икковлари шу ерда – темир қафас ичида биргаликда ҳибсда ўтиришгани унинг ёдига тушди. Ўша пайтда улар бир-бирларига душман эмас, қадрдон дўст эдилар…
Корина унинг юзидаги изтиробни пайқамади. Ўтинчига уч дона майда олмосчалар қадалган олтин гардишни узатди.
− Подшоҳ Гудди, Сизни “Уч Олмос” нишони билан тақдирлайман, – тантанавор эълон қилди у. – Бинафша мамлакатнинг шавкатли ҳукмдорига шон-шарафлар бўлсин!
– Яшасин! – унга жўр бўлишди аскарлар. – Подшоҳ Гуддига шон-шарафлар!
Ярим тунда Ўтинчи Зумрад саройнинг улкан хосхонасида безовта ҳолда у ёқдан буёққа юриб, ўзига ўзи нималарнидир минғирлар эди. Яқиндагина унинг юрагини тўлдириб турган ғазаб ҳозир бир оз тарқагандай эди. Темир одам Қўриқчи билан биргаликда бошидан кечирган кўплаб саргузаштларни, ғалаба ва мағлубиятларини эслади. Илгари улар доим бир-бирларига таянч эдилар. Энди муносабатлари нега бундай ўзгариб қолди?
Подшоҳ Гудди Дром ҳақида ҳам ўйлади. Малика уни тош кўчкиси ёрдамида қандай мажақлаб ташлаганини кула-кула сўзлаб берди (лекин темир девнинг жонини митти қўғирчоққа ўтказиб, ўлимдан сақлаб қолганини Корина атайин подшоҳга айтишдан тийилди).
– Улкан болакай… – деди хижолат ичида оғир қадамлар билан қоронғи хосхонада изғиётган Гудди. – Демак, у ҳам ҳалок бўлибди… Лекин нима учун? Мени тунука суварак деб атагани учунми?! Айтса айтибди-да! Энди тунука тўнкадан нима фарқим қолди? Кичкинтой Дромни ўлдиришга ижозат бердим-а!.. Нега бундай қилдим?
Тонгга яқин подшоҳнинг аҳволи буткул ёмонлашди. У ўзининг изтироблари билан Корина жодулаган юрагидаги сеҳрни эритиб юборганини ўзи ҳали билмас эди. Унинг виждони карахтликдан уйғонди. Ўтинчи тожини ечиб ташлаб, яна ўзининг эски олтин мой идишини кийиб олди-да, болтасини кўтарганича катта хонага йўналди.
Бу пайтда Малика Корина Похол Қўриқчини сўроқ қилмоқда эди. У баланд тахтга ястанаб олиб, похол одамчани хўрлаш билан банд. Шўрлик похол одамча қўллари орқасига боғланган ҳолда бошини тик кўтариб, мағрур турарди.
Бу аянчли ҳолатни кўрган Ўтинчи бошидаги мой идишни ҳам олиб ташлаб, маликанинг қаршисида тиз чўкди.
– Ҳазрати аъло… Малика ҳазрати олиялари! Менинг қадрдон дўстимни кечиринг! Унинг ҳеч қандай айби йўқ. Похол одамчани ҳибсдан озод этинг!
Корина такаббурлик билан Бинафша юрт ҳукмдорига нигоҳини бурди.
– Бу нима деганингиз, азизим? Сиз мана шу хоинни ҳимоя қиляпсизми? – дўқ урди подшоҳга. – Уни куйдириб, кулини шамолга совуриш ҳақида сизга буйруқ берганим ёдингиздан кўтарилиб қолдими?
– Эсимда… – минғирлади Ўтинчи бошини итоаткорона эгиб. – Билмадим, нима учун ўшанда бу ишга дарров кўна қолибман. Кейин калламга нимадир бўлиб, бу фикримдан қайтдим. У менинг дўстим, похол одамга раҳм қилақолинг.
– Сиз Бош мурватсоз Бакнинг кўригидан ўтишингиз керакка ўхшаб қолди, – деди совуққина оҳангда Корина. – Демак, миянгизда қандайдир носозлик бор.
– Йўқ! – қичқирди Ўтинчи ўрнидан сакраб туриб, болтасиниг сопига мақкам ёпишган кўйи. – Менинг ҳеч қандай носоз жойим йўқ! Қўриқчини қўйиб юборишингизни илтимос қиламан. У хавфли эмас, менга ишонинг!
– Кесакдан олов чиқди, – дея аламли пичинг қилди Қўриқчи ялмоғизга зимдан тикилиб.
Жодугар узоқ ўйга толди. Гуддининг сеҳрланган юраги Қўриқчининг зиндонбанд қилинишига ва Дромнинг қатл этилишига бефарқ эмаслигидан қиз ҳавотирга туша бошлади. Бу темир тўнка билан эҳтиёткорроқ муносабатда бўлиш керакка ўхшаб қолди. Ҳатто темир юраги ҳам юмшаб қолганидан шуни билса бўладики, у дўстларини жуда қаттиқ севар экан! Тўғри, Корина энди Яшил мамлакатнинг ягона маликаси, аммо ҳозирча Гудди билан ўчакишмай тургани маъқул шекилли. У Зумрад шаҳарни ёвузлик билан фитна ишлатган ҳолда мағлуб этди. Энди истаса-истамаса унинг ортидан бирорта яхшилик қилиб қўйиш ҳам керак.
– Бўпти, – ниҳоят бир қарорга келди ялмоғиз ва аразлаб олган Ўтинчига қараб ишшайиб қўйди. – Мен илтимосингизни лутфан адо этаман, подшоҳ Гудди. Эй, хизматкорлар, Қўриқчини ечиб юборинглар!
Пирпиркўзлардан иккитаси асирнинг ёнига югуриб келишди ва унинг қўллари боғланган чилвирни олиб ташлашди.
– Энди истаган томонингга кетавер, жирканч похол одамча, – деди Корина уни мазаҳ қилиб. – Бугундан бошлаб сен бу ерлар учун буткул бегонасан. Зумрад шаҳар аҳолиси менинг ўзларига малика бўлишимни ёлвориб сўради ва мен фуқароларнинг ялинишларига йўқ дея олмадим. Бир пайтлар улар Буюк ва Даҳшатли Гудвиннинг ҳукмронлиги остида тинч ва бахтиёр яшашган. Теварак атрофдаги ҳокимлар қудратли сеҳргардан қўрқиб, Яшил мамлакатга таҳдид қилишни ҳатто хаёлларига ҳам келтиришдан чўчиб туришган. Аммо сен тахтга ўтиришинг биланоқ бу халқ хотиржамлигидан жудо бўлди. Сен сеҳргар ҳам, жангчи ҳам эмассан. Ўзингни донишманд деб эълон қилганингга қарамасдан, миянгда бир сиқим қипиқдан бошқа ҳеч нарса йўқ. Ақл ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлаверади. Айни кундан бу мамлакат аҳолисининг муносиб маликаси бор. У ўзининг қўрқоқ ва итоаткор фуқароларини ҳеч кимга хўрлатиб қўймайди. Энди яхшилик билан жўнаб қол!
Қўриқчи бу сўзларни тунд қиёфада тинглади, кейин хомуш турган Ўтинчига бир қараб қўйди ва хонадан чиқиб кетди. Қўриқчилар унга дарвозани очиб беришди ва митти одамча қадамлари чалишиб-чалишиб сариқ ғиштин йўл бўйлаб олис ўрмон сари кетиб боришини анча вақтгача маъюс кузатиб туришди.
– Лекин у жуда яхши ва оқкўнгил ҳоким эди, – оғир хўрсинди ёшгина Пирпиркўз.
– Жим бўл! – жаҳл билан унга дўқ қилди ёши каттароқ Маррон. – Бизнинг маликамиз Корина ундан ҳам меҳрибон. Ўша жирканч Қўриқчидан кўра минг чандон оқкўнгилроқ! Тушундингми, овсар?
У Пирпиркўзга каттагина муштини дўлайтирган эди, қўрқоқ йигитча итоаткорлик билан унинг сўзларини такрорлади:
– Ҳа, бизнинг маликамиз Қўриқчидан юз баробар меҳрлироқ.
– Минг маротаба! – дарҳол унинг хатосини тузатиб қўйди хушомадгўй Маррон.
– Ўн минг марта, – ундан ҳам ошириб деди Пирпиркўз. – Яна ундан ҳам ортиқроқ. Бизнинг меҳрибон маликамизга шон-шарафлар бўлсин!
– Шон-шарафлар! – унга жўр бўла кетишди бошқа соқчилар ҳам Марроннинг дўлайиб турган оғир муштидан кўзларини узмаган кўйи. – Зумрад шаҳарнинг ва бутун Яшил ўлканинг янги маликасига шон-шарафлар бўлсин!
Эртаси куни Темир Ўтинчи Коринанинг қатъий талабига итоаткорона бўйсуниб, Бош мурватсоз Бакнинг ҳузурига борди. У ердан чиқиши биланоқ яна золим ва бақироқ ҳокимга айланди. Аскарлар ўз бош қўмондонларининг оғир қадамларини узоқдан эшитганлари замони сичқоннинг ини минг танга бўлиб, ҳаммалари дуч келган бутанинг ортига яшириниш учун тирқираб қолишарди.
…Ўша даврлардан бери анча йиллар ўтиб кетди. Бу вақт ичида Корина бир неча марта башарасини ажин босган Чангактумшуқ кампир қиёфасида Катта дунёга бориб келди. Иқлимга ҳукмронлик қила олиш қобилияти унга бир пайтлар обод бўлган Канзасни чўл-биёбонларга айлантириш имконини берди. Лекин Коринага бу ҳам камлик қиларди – у Гингеманинг ўлими учун Ажалвор Кулбача Парисидан интиқом олиш истаги билан яшамоқда эди.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.