Текст книги "ГИНГЕМАНИНГ ҚИЗИ Биринчи китоб"
Автор книги: С. Сухинов
Жанр: Книги для детей: прочее, Детские книги
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 8 (всего у книги 10 страниц)
Коринанинг бу уриниши иш бермади. Эшик ичидан қулфланган экан. Корина ўзи билган, тўсиқларни бартараф этувчи барча афсунларини ишга солиб кўрди, лекин бирортасидан наф бўлмади. Эшик ҳатто қимирлаб қўйгани ҳам йўқ.
Дурадгорларни чақириб, гўёки таъмирлаш баҳонасида эшикни бузишни буюриши ҳам мумкин эди албатта. Лекин Корина бундай қилмади. У ёвуз жодугарнинг хонасига қизиқиш билдираётганини ҳеч ким билмаслиги керак. Лақма Пирпиркўзлар Коринани МЕҲРЛИ СОҲИРА деб ўйлашяпти. Майли, ҳозирча шу фикрларида турақолишсин. У Торннинг яна битта афсунлар китобини қўлга киритиши керак. Тимсоҳнинг тулуми ичидан топилган китоб фақат шу ерда – Айлана Дунё тоғларининг бу томонида сеҳргарлик қилишга ярайди холос. Катта дунёда эса Корина кучсиз эди.
У Канзасда яшайдиган Смитлар оиласидан қасос олишни, айниқса ўзи ёмон кўрадиган Эллини – Ажалвор Кулбача парисини йўқ қилиб юборишни жуда ҳам хоҳлар эди. Бу жирканч қизча Гингемани ўлдирганидан ташқари, Темир Ўтинчига ҳам роса қадрдон бўлиб олган экан. Чўян соқолли тунука чол ҳар сонияда ўшанинг исмини эслаб туради. Шу нарса Коринанинг қаҳрини келтирар, Канзаслик олтинсоч қизни баттар ёмон кўриб борарди.
Охир-оқибат Корина бир нарсани тушунди: Бастинданинг хонасининг эшигини фақат бузиб кириш мумкин. Лекин мустаҳкам эман эшикни қандай қилиб ҳеч кимга сездирмасдан маҳфий равишда синдириб бўларкин?
Бир пайт Коринанинг миясига саройда дабдабали зиёфат уюштириб, бутун шаҳарда ҳам байрам ташкиллаштириш фикри келиб қолди…
…Сарой рақс тушаётган юзлаб одамларнинг оёқ тапиллатишлари ва машшоқлар чалаётган турли созларнинг қулоқни қоматга келтирувчи овозларидан титраб турибди. Кўчалардаги шовқин-сурон эса бундан ҳам баттарроқ. Ана энди ишга киришиш вақти келди.
Корина оғир болтани худди пар ёстиқдай енгилгина юқори кўтарди ва бор кучи билан эшик тавақасига урди. Эшик бир титради-ю, лекин оғир ва кучли зарбага дош берди.
Корина жаҳлидан қутуриб, зарба кетидан зарба бераверди. У ўлган жодугарнинг афсун кучи ўзининг ҳамласига қаршилик кўрсатиши мумкинлиги ҳақида ўйлашни ҳам хоҳламасди. Нима бўлганда ҳам мана бу лаънати тамбаларни синдиради, барибир шу эшикни бузади!
Маликанинг зарбалари кучига ва унинг қатъиятига ҳатто Ўтинчи ҳам ҳавас қилган бўларди. Ниҳоят эшик ортида нимадир даранглаб кетди ва тавақалардан бири ичкарига очилди. Корина ҳансираб оғир нафас ола-ола болтани ерга қўйди ва ёниб турган шаъмни қўлида тутганича хонага кирди.
Ялмоғиз қиз ниҳоят Бастинданинг хосхонасида эди.
Ўн учинчи боб
БАСТИНДАНИНГ ХОСХОНАСИ
Корина бир нечта хоналардан иборат бўлмани кўздан кечириб улгурмасидан бир пайт шаъм ўз-ўзидан ўчиб қолди. Малика ўт олдирувчи афсунни ўқиди, лекин шаъм ёнмади. Бу томонда ё ҳаво димиқиб, зах тортиб қолган, ёки Бастинда ўз хоналарини яхшилаб жодулаб кетган – ишқилиб, нима бўлганида ҳам шаъм пилиги ҳеч ёнақолай демасди.
Қизнинг юраги ваҳимадан қаттиқ ура бошлади. У энг яқин деразага яқинлашди ва асталик билан оғир пардасини очди. Унинг бахтига, тун ойдин эди ва йирик юлдузлар орасида саройда ва шаҳарда осмонга отилаётган ранг-баранг мушакларнинг ёғдуси чарақлаб кўринарди. Корина бошқа хоналарга ҳам ўтишга жазм қилди.
Қиз уч қадам ҳам юрмасидан тўхтади. Олдинроқда, ердаги ёғоч тўшама устида нимадир қорайиб кўринарди. Корина дераза олдида қандайдир узун таёқни кўрганини эслади. У ортига қайтиб, таёқни қўлига олди ва худди найза каби олдинда тутганича олға юрди. Таёқнинг учи ердаги қора доғга тегиши биланоқ қиз қаттиқ қарсиллашни эшитди ва нимадир таёққа қаттиқ урилди. Корина асабдан қуриб қолган лабларини ялаган кўйи патроқ энгашди ва қопқонга кўзи тушди. Ёвуз Бастинда бўриларга қўйиладиган қопқонларнинг ўндан ортиғини хонасининг остонасига териб қўйган экан.
Шуниси ажабланарлики, худди шу нарса Коринанинг кайфиятини кўтариб юборди. У Гингеманинг сўзларини эслади: Гингема опасининг ўтакетган қўрқоқ эканини айтганди. У доим қандайдир фитналардан ваҳимада юрар, тунлари нотинч ухлар, ҳар дақиқада шўрпешана фуқароларининг исён кўтариб қолишларини кутиб, қалтирарди. У ҳатто қуёнюрак Пирпиркўзлардан ҳам қўрқар эди. Модомики, Бастинда оддий қопқонлар билан ҳимояланишга уринган экан, демак ўзининг жоду кучига ишонмаган!
Бироқ шу нарсада Корина нотўғри ўйлаётган эди. У ёпилиб қолган қопқоннинг устидан ҳатлаб ўтиб, унинг ўткир тишлари эзиб, мажақлаб ташлаган таёқнинг тепа қисмини синдириб олди ва кейинги хонага йўналди. Бир пайт эшик тирқишини олтинранг шуъла қоплаб олди. Бу совуқ олов девори эди!
Қиз эҳтиётлик билан унга таёғининг учини теккизди ва беихтиёр қичқириб юборди. Таёқ ловуллаб ёниб кетди ва Корина уни зўрға улоқтиришга улгуриб қолди. Шундагина у Гингеманинг огоҳлантирувчи сўзларини эслади: “Менинг яккакўз опагинам сувдан ўлгудай қўрқади, лекин олов унинг тани-жони”… Энди қиз нима қилса экан?
Корина ўйланиб қолди. Назарида бу тўсиқни ҳеч қачон енгиб ўтолмайдигандай эди.
− Вой! Шунақаям лапашанг бўламанми?! – ўзига ўзи хитоб қилди у. – Бунинг йўли жуда осон-ку ахир!
У озроқ ортига тисланди ва ёмғир ёғдирадиган афсунни ўқиди:
− Жалажони, чалажони, шалабботан-таптақир-пақпақир…
Шу заҳотиёқ унинг боши тепасида, қорайиб турган баланд шифт остида шундоққина ҳаводан митти қора булутча пайдо бўлди. У жажжи чақмоқчаларини чақнатиб, момақалдироғини шитирлатганича олов девори томонга учди. Уни Корина қўл ҳаракатлари билан бошқариб турди.
Булутчадан ёмғир ёғди. Олов пишиллаб, липиллаган кўйи ўча бошлади. Оловнинг энг сўнгги қизғиш тиллари ҳам сув оқими остида эриб битгач, Корина булутчага ғойиб бўлишни буюрди. У сувлар халқобланиб қолган, иссиқнинг тафтидан буғланиб турган остонадан ўтиб, яна учта хонага дуч келди ва жодугарнинг ётоқхонасига рўпара бўлди.
Хонанинг ичкарисидаги бурчакда Коринанинг нигоҳи оғир чойшаб ташланган улкан катга қадалди. Чап тарафдаги деворда кийим жавонига ўхшаш қандайдир улкан жиҳоз қорайиб кўринади. Дераза томонга эса чайқалиб турадиган ором курси ва кичкина хонтахтача қўйилган. Хонада бошқа ҳеч нарса йўқ эди.
“Бастинда Торннинг китобини қаерга яширганийкин? – ўйлади қиз. – Балки жавоннинг ичидадир?”
У яна шаъмни ёқмоқчи бўлди, лекин эплолмади. Бастинда оловни ўзига яхшигина бўйсундириб қўйган шекилли. Фақат унинг ўзигина хосхонасида шаъм ёққан-у, бошқаларга бу нарса тақиқлангани кўриниб турибди. Энди нима қилса экан?
Бу сафар Корина оғир вазиятдан чиқиш йўлини осонгина топди. Тўғри, Бастинда олов ҳукмдори бўлган. Лекин у ердаги алангаларга ўз жодусини ўтказа олган. Осмон оловига унинг сўзи ўтмаган! Сув билан боғлиқ ҳамма нарса Бастинданинг юрагига даҳшат солган, шу жумладан чақмоқлар ҳам. Чунки чақмоқ найзаси ёмғирни ёғишга мажбур этади.
Қиз яна қора булутни пайдо қилди. У ётоқхона шифтининг шудоққина тагида туриб олганича, ҳар томонга чақмоқ учқунларини соча бошлади. Энди жала ҳам ёғиб юбормоқчи эди, Корина сеҳр кучи билан уни дарҳол тўхтатди.
Ярқироқ чақмоқларнинг ўйноқи ёруғида Корина жавоннинг ёнига яқинлашди. У қулф-калитсиз осонгина очилақолди. Унинг ичидаги кийим илгичларда ўнтача кўйлак илиб қўйилган – ҳаммаси мутлақо бир хил, қора, узун, бир дона ҳам безаги ёки каштаси йўқ.
Корина жавонни роса титди ва алам билан чуқур хўрсиниб эшикни ёпди. Ҳеч нарса йўқ.
У жодугарнинг тўшагини ковлаштиргиси келмасди-ю, лекин бекорчиликда кўрпа-ёстиқларнинг орасини ҳам тинтиб кўрмоқчи бўлди. Ёш жодугар кат устига тикилган чодирнинг пардаларини икки томонга сурди ва кат устига уч қават қилиб тўшалган партўшак ва бир уюм юмшоқ ёстиқларни кўрди. Чойшаб жуда қалин ва оғир эди. “Корина ёзнинг жазирамасида бу чойшабни ёпиниб қандай ухлаганийкин?” – ҳайрон бўлди Корина.
У ирганиб пешанасини тириштирган кўйи ҳамма кўрпа-тўшакларни, ёстиқларни ва ҳатто чойшабни ҳам пайпаслаб кўрди.
Корина оғир хўрсинганича, кат остига чақмоқли булутни киритиб юборди ва унинг ортидан ўзи ҳам эмаклади. Лекин у ерда ҳам чангдан ва қуриб-чириган турли овқат қолдиқларидан бошқа ҳеч нарса топилмади.
Ҳафсаласи пир бўлган Корина кат остидан чиқди ва кийимларининг чангини қоқишга тутинди. Оппоқ кўйлаги кир бўлди, зар ипакли ковушчалари сувда ивиб кетди, аммо қизни бошқа нарса ташвишлантирар эди. “Лаънатгинага учрагур кампиршо китобни қай гўрга яширди экан?” – жаҳл билан ўйларди у ярим қоронғи хонани кўздан кечиратуриб.
Катнинг ортида, бир бурчакда у қопқоғи темирдан ишланган катта сандиқни кўриб қолди. Корина шоша-пиша қулф бузадиган афсунларни жонҳолатда эслашга ҳаракат қила бошлади… Лекин сандиқнинг қулфланмаганини кўриб, ўзи ҳам қаттиқ ҳайратга тушди. Сандиқ соябонларга − оддий қора соябонларга лиқ тўла эди! Бастинда сувдан шу қадар қўрқар эканки, бирортаси эскириб қолса ёки куя тушиб ёхуд сичқон кемириб ташласа алмаштириш учун ўнлаб ёмғирпўшларни захирага асраб қўйган экан. Чақмоқларнинг ёруғида Корина сандиқни бўшатди, унинг деворларни синчиклаб текширди вқа ҳатто соябоннинг учи билан унинг тагини ҳам тақиллатиб уриб кўрди. Лекин сандиқнинг тубида яширин қават йўқ экан.
Торннинг китоби қани ахир? Гингема опасининг буюк сеҳргарга тегишли афсунлар китобини қаердандир топганига ишонар эди. Уни қидириш, тинмай қидириш керак…
Гингема?! “Тўхта-чи, − ўзича ўйлади Корина, − ахир ялмоғизлар опа-сингил бўлишган-ку! Демак, уларнинг қайсидир одатлари ҳам муштарак бўлиши табиий!”
Корина чодирнинг пардасини қайтадан очди ва ковушини ҳам ечмасдан катнинг устига чиқди. Худди ўзи ўйлаганидай, чодирнинг мато гумбази тагида тулум осилиб турарди. Битта фарқи – у тимсоҳнинг эмас, учар аждарнинг тулуми эди. Пардақанотлари кенг ёйилган икки қулочли маҳлуқ кескир тишларини ирғайтириб, қизга ёвуз тикилиб турарди. Коринага ҳатто аждар тирикдай ва ҳозир пастга сапчиб, ўзининг чангаксимон панжалари билан шартта чангал соладигандай туюлиб кетди.
Йўқ, тулум қимирлаб ҳам қўйгани йўқ.
Корина учар калтакесак боғлаб қўйилган чилвир томонга қўли билан ишора қилди. Чақмоқ шу заҳотиёқ чилвирни ёндириб юборди. Аждар чойшаб устига гумбурлаб тушди. Қиз ирганиб, кўнгли озганича зирҳ тангали қориннинг ичини титкилай бошлади ва тез орада қувончдан қичқириб юборди. У ҳайвоннинг биқин томонида торгина тирқишни топди. Малика тирқишга қўлини тиқиб, унинг ичида семизгина китоб борлигини ҳис қилди. Юраги қаттиқ урган кўйи китобни суғуриб олди, муқованинг чангини қоқиб ташлади ва унинг чарм қопламасига тамғаланган соқолдор чол суратини кўрди. Ҳа, бу Торннинг сеҳрлар китоби эди!..
Сарой деворлари атрофида сайр қилиб юрган Пирпиркўзлар осмонда камалакнинг барча рангларида товланиб турган ёлқинни кўрдилар. У қизил атиргуллар шодаси шаклига кирди ва кейин эса юлдузли осмон бўйлаб сон-саноқсиз қип-қизил гулбаргаларга айланиб, ҳар тарафга сочилиб кетди.
– Қандай гўзал мушакбозлик! – ҳайратланишди Пирпиркўзлар ва шодон қарсакбозликни бошлаб юборишди. – Бизнинг МЕҲРЛИ малика Коринамиз нақадар оқкўнгил соҳира-я!
Мана шу байрам тунидан бошлаб Корина Торн мамлакатининг энг қудратли соҳираси деган номга эга бўлди.
Кейинги икки кун давомида малика Корина ўзини бетобликка солиб, хонасидан умуман чиқмади. Баста аҳолиси, айниқса подшоҳ бу ҳолдан ниҳоятда қайғуга тушдилар. Шаҳар тўралари беморнинг кўнглини кўтариш учун гулдасталар кўтариб саройга келишди. Қандолатчилар ўзларининг суюкли маликаларига атаб учта улкан торт пиширишди. Улардан бири қаср кўринишида ишланган, иккинчиси олтин шохли буғу суратида шоколаддан қуйилган, учинчиси эса ёнғоқлардан тайёрланган қўзиқоринлар ва мевақандлардан ишланган дарахтлар ўсиб турган ўрмон яланглигини ўзида акс эттирган.
Учинчи кун Корина боғга чиқди ва Гудди ўзининг янги қўмондонларига мароқланиб сабоқ ўргатаётганини кўрди. Темир Ўтинчи Дин Гиордан ўрганганларини эслаб, ўз лашкариннинг бўлғуси бошлиқларини сафда текис ва шаҳдам юришга мажбур қилди. Темир совутда, бошларига мис дубулға кийиб, қўлларига найза тутган ёш Пирпиркўзлар шўх бир қўшиқни баланд овозда куйлаганларича, олма дарахтлари орасидаги йўлакда сафланиб қадам ташлашади.
Подшоҳнинг ўзи эса сал четроқда, улкан болтасига таянган кўйи буйруқ бериб турибди:
– Бир, икки, уч… Оёқларни баланд кўтаринглар! Найзаларни елкадан ол! Санч! Яхши. Энди ўнгга юр. Бир, икки, уч!
Гудди оддийгина кўйлак кийиб олган маликани кўриб, мамнун жилмайди:
– Ўзингизни қандай ҳис этяпсиз, ҳазрати аълолари? Тўхта, бир, икки!
– Ҳазрати аълолари эмас, ҳазрати олиялари, – юзида ғазаб билан заҳарханда иршайди Корина. – Аъло ҳазрат сиз бўласиз, азизим подшоҳ.
Гудди хижолатда ўзининг темир соқолини тутамлашга уриниб қолди.
– Шундаймиди? Мен бу мақом-рутбаларни доим унутиб қўявераман. Шуларсиз ҳеч иложи йўқмикан, Коринагинам?
– Мумкин эмас, – совуқ оҳангда деди Корина, қўлларида найза тутганларича тошдай қотиб турган Пирпиркўзларга нафратли нигоҳини ташлаб. – Мени иккинчи марта одамларнинг олдида Корина деб атаманг. Мен Бинафша мамлакатнинг маликасиман!
– Хўп бўлади, – итоаткорона бош ирғади Гудди. – Сиз ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз ҳазрати аъло… олиялари?
– Ёмон эмас, – сохта ишшайиб қўйди Корина. – Лекин жуда ёмон туш кўрдим.
– Тушингизга нималар кирди? – қизиқиб сўради кўп йиллардан бери туш кўришдан маҳрум бўлган Гудди. – Тарқалинг, бир, икки, уч! Сизларга қисқа танаффус.
Пирпиркўзлар боғ бўйлаб тарқалишиб, узоқдан маликани кузата бошлашди. Бугун унинг кўзлари қизариб кетган, ўзи ниҳоятда ҳорғин кўринарди. Шаҳарликлар ўз маликалари икки кун давомида кўзларини ҳам юммасдан Торннинг китобини ўрганиб чиққанини хаёлларига ҳам келтира олмасдилар албатта.
– Арзимаган нарса билан сизни қайғуга қўйишни истамайман, азиз подшоҳим, – сохта хўрсиниб жавоб қилди Корина.
У шохлари тарвақайлаган нок дарахти остидаги харракка ўтирди. Подшоҳ Гудди унинг ёнига чўкди. Темир одам бу қорасоч танноздан меҳрга тўла кўзларини уза олмас эди.
– Илтимос, тушингизни сўзлаб беринг, – деди ялинчоқ овозда Гудди.
Корина айёрона ишшайиб, темир дўстининг қўлини сийпалаб қўйган бўлди.
– Энди биз ёлғизмиз, ҳозир мени Коринагинам деб аташингиз мумкин. Шу оддий нарсани эслаб қолиш наҳотки қийин бўлса? – Ўтинчига таъна қилди у.
– Тушингда нималарни кўрдинг, Коринагинам? – итоаткорона оҳангда сўради Гудди.
– Мен иккита туш кўрдим, азизим. Иккови ҳам сизни ранжитадиган тушлар. Агар жуда ҳам билгингиз келаётган бўлса… Хуллас, биринчи тушимга Катта Дунёда, Айлана Дунё ортида ёвуз, ниҳоятда ваҳший жодугар пайдо бўлгани кирибди.
– Нима бўпти? – соддадиллик билан жилмайиб қўйди Гудди. – Ахир у биздан жуда олисда-ку!
– Унчалик ҳам узоқ эмас, азизим. Мен ўша жодугар ўзининг сеҳрли китобидан Торннинг мамлакати мавжуд экани ҳақида билиб олиб, энди уни топмоқчи ва истило қилмоқчи эканини тушимда аниқ кўрдим.
– Шундай дегин? – энди Гуддининг юрагига ваҳима тушди. – Бу шунчаки оддий туш-ку, шундай эмасми, Коринагинам?
Малика қовоғини уйди ва Гуддининг қўлига шапати урди.
– Азизим, сиз менинг ҳам жоду соҳибаси эканимни унутибсиз чоғи. Ўша ялмоғиз ростдан ҳам мавжуд, Гудди. У РОСТДАН ҳам бизнинг ўлкамизни забт этиши мумкин! Сиз тезроқ лашкар тузишингиз керак, подшоҳ ҳазратлари. Ўша жодугар Катта Дунёда узоқ вақт яшаган. У санчқи ва қошиқлар билан қуролланган Пирпиркўзлардан қўрқмайди.
– Хўп, Коринагинам, – бош ирғади Гудди. – Мен ҳаракат қиламан. Қўмондонларга ҳарбий ишни озроқ ўргатдим – ҳаммаси анча қобилиятли йигитлар экан. Аскарликка ёзиламан деганларнинг эса охири кўринмайди!
– Шошилинг, азизим, тезроқ ҳаракат қилмасангиз бўлмайди. Яқинда жанг қилишингизга тўғри келиб қолиши мумкин. Ялмоғиз урушда ёлғиз ўзи бўлмайди.
– Ундан бошқа яна ким бор? – ҳайрон бўлди Гудди, − Торннинг юртида бирорта ҳам ёвуз жодугар йўқ-ку?
Корина Темир Ўтинчига эркаланиб тикилиб турди ва маъюс жилмайиб бош чайқади.
– Вой-эй, ўзингиз ҳам роса лақма ва соддасиз-да, азизим Гудди! – хитоб қилди у. – Сиз ёвузлик ва маккорлик фақат жодугар ялмоғизларнинг юрагида урчийди, деб ўйлайсиз. Ҳаёт сиз ўйлаганингиздан кўра мураккаброқ. Ҳар ким сизга душман бўлиб чиқиши мумкин. Ҳатто энг қадрдон дўстингиз ҳам.
– Дўстим? – Гуддининг ҳайрати яна ҳам ортди. – Сўзларингни унчалик тушунмаяпман, Коринагинам.
Малика оғир хўрсиниб, Ўтинчига ўзини яна ҳам ғамгинроқ кўрсатди.
– Менинг иккинчи тушим шу нарса билан боғлиқ… Йўқ, уни сизга айтмайман. Сиз бу ҳолдан янаям баттарроқ изтиробга тушасиз.
Подшоҳ қошини чимирди ва жаҳл билан қаттиқ депсинди:
– Мен уни билишим керак!
− Иложиам қанча?.. майли, айтаман. Тушимда аён бўлишича, қадрдон дўстларингиздан бири сизга қарши фитна тайёрлаётган экан.
– Фитна? – жаҳли чиққан Гудди асабийлашиб, ўрнидан туриб кетди. – Бўлиши мумкин эмас! Мен ҳеч кимга душманлик қилган эмасман-ку. Нега энди кимдир менга ёмонликни раво кўриши керак?
– О-о, – истеҳзоли ишшайди малика, – бунинг учун сабаблар бисёр. Мисол учун, эски дўстингизга ёқмайдиган жиҳатларингиздан бири, сизнинг сифатли темирдан ва аъло навли мисдан ишланганингиз. У эса оддий хашак холос. Унинг ғазабини қўзғайдиган сабаблардан яна биттаси – ҳамма сизнинг меҳрли юрагингизни мақтайди. У эса фақат доно ақли билан фахрланиши мумкин, ҳолбуки ўша мия ҳам қипиқ билан бир нечта тўғноғичдан иборат холос. Бундан ташқари, ошнангиз сизнинг беназир ҳарбий салоҳиятингизга ҳасад қилади: унинг ўзи ҳатто ёғоч болтани кўтаришга ҳам ожиз.
– Сен… Қўриқчини назарда тутяпсанми? – минғирлади юрагига оғир ғашлик тушган Гудди. – Менинг энг қадрдон ва энг яхши дўстимни айблаяпсанми?
Корина елка қисиб қўйди.
– Албатта! Бошқа яна ким ҳам бўлиши мумкин! – совуққвина жавоб қилди у. – Ўша Похол Қўриқчи ҳақидаги туш менга ўтган тунда намоён бўлди. Лекин у ёлғиз эмас эди. У билан бирга яна бир дўстингиз исёнга тайёрланяпти. Униси янги дўстларингиздан…
– Дромми? – тушуниб қолди Гудди.
– Топдингиз − Дром! У сиз ўйлаганчалик кўнгилчан эмас, менинг ишонувчвн азиз подшоҳгинам. Уни ҳеч ким ҳукмдор этиб сайлагани йўқ, ҳеч кимга керак ҳам эмас. Ҳамма мамлакатларнинг ўз ҳукмдорлари бор: Яшил ўлкани Қўриқчи бошқаряпти, Бинафша юртда сиз подшоҳсиз, Сариқ мамлакат Виллинаники, Пушти мамлакат соҳибаси – Стелла. Марронлар фақат ўз қабиладошларидан раҳбар сайлашади. Тунд ва бефаҳм ер ости кончилари ҳақида эса гапиришимнинг ҳам ҳожати йўқ. Дромга ҳеч қаернинг ҳокимлиги насиб этмади. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг-чи, у охирги пайтда нима учун Қўриқчи билан топишиб олди? Ўша похол қўрқиткич тентак темир полвонни авраб, сизни ағдаришга кўндирган.
– Бўлиши мумкин эмас… – минғирлади тушкунликка тушиб қолган Гудди. Корина унга ачинганнамо қиёфада тикилди.
– Тушимда қўриқчи “дўст”ингиз Дромни кўндиришга ҳаракат қилди: “Менга қара, болакай, ахир Темир Ўтинчи сенга бас кела оларканми? Йўқ, сенинг олдингда у ҳеч ким эмас. Икковингиз ҳам мурватли одамларсиз, икковингиз ҳам темирдан ишлангансизлар. Лекин сен ўша тунука тўнкадан ўн баравар каттасан, юз марта кучлироқсан. У мамлакат учун нима иш қилиб қўйибди ўзи? Ҳеч нарса! Ўтинчи бўлганидан кейин ўтинчилигини қилсин-да. Ана, ўрмонга бориб дарахт кессин. Давлатни бошқариш унга муносиб эмас. Сен эса бутунлай бошқасан, сен ҳақиқий жангчисан! Ҳамма Пирпиркўзлар сени ҳурмат қилишларидан хабаринг борми? Ҳам яхши кўришади, ҳам ҳурмат қилишади. Улар ўзларига занглаган тунука чойгум эмас, ҳақиқий темир паҳлавон подшоҳ бўлишини исташади. Аммо буни очиқ айтишга Пирпиркўзлар Ўтинчидан ва унинг баҳайбат болтасидан қўрқишади. Сен ҳукмронликни ўз қўлингга олиб, Пирпиркўзларни ёвуз мустабиднинг зулмидан озод қилишинг керак!”
– Лекин бу шунчаки туш-ку, оддийгина туш! – ингранди подшоҳ бошини кафтлари орасига олиб. – Қўриқчи доим менинг ишончли ва садоқатли дўстим бўлган!
– Худди шундай, тўғри айтдингиз – дўстингиз БЎЛГАН, – айёрона иршайди жодугар малика. – Илгари бу ярамас Қўриқчи сизнинг ҳимоянгизга муҳтож эди, менинг ишонувчан Гуддигинам. Чунки унинг ўзи ҳаммадан заиф. Енгилгина шабада ҳам осмонга осонгина учириб кета олади. Уни неча марталаб турли хавф-хатарлардан қутқариб қолганингнизни эсласангиз керак? Энди эса Яшил ўлка ҳокимининг сиздан кўра кучлироқ ва тентакроқ шериги бор. У бор жойда бир қоп похолга ҳеч қандай жодугар қўрқинчли эмас. Сиз энди Қўриқчига керак эмассиз, бечорагина дўстим, у энди сизни йўқ қилмоқчи.
– Ишонмайман… – минғирлади Гудди. – Ишонмайман! Зумрад шаҳарга бориб у билан очиқчасига гаплашаман!
Корина ўтирган жойидан қўрқув ичида ирғиб туриб кетди.
– Буни хаёлингизга ҳам келтирманг, соддадил ҳукмдоргинам! У ерга боришингиз биланоқ темир маҳлуқ Дромнинг чангалига тушасиз! Йўқ, бораман десангиз бораверинг, лекин катта лашкарнинг бошида, оғир замбараклар ва аслаҳалар билан боринг. Ўшанда сиз ўз ДУШМАНЛАРИНГИЗ билан яхшилаб гаплашиб қўя оласиз.
Гудди бошини эгиб, узоқ жим қолди.
– Йўқ, – деди у ниҳоят сокин овозда. – Бундай қила олмайман. Ё худди илгариги пайтларимдай ёлғиз бораман ёки умуман бормай қўяқоламан.
Корина унга ғазаб билан тикилди-ю, лекин гап талашишдан ўзини тийди.
– Майли, – деди у зўраки иршайиш билан. – Билганингизни қилинг, азиз подшоҳим. Бу балки ростдан ҳам оддий тушдир.
Кейин маккора шошилганича сарой томон жўнаворди. Подшоҳ Гудди унинг ортидан ўйчанлик билан маъюс қараб қолди.
Ярим тунда Корина яна ўша нок дарахтининг тагидаги харрак олдига келди. Бу ерда уни Нарк кутиб турган эди.
– Уста Бакни бошлаб келдингми? – жаҳл билан сўради ундан Корина.
– Албатта, бекагинам. Мен кўчада унинг олдини тўсиб чиққанимда қўрқувдан бечоранинг юраги оғзидан чиқиб кетай деди. Ҳозир у шу ерда, ҳазрати аълолари.
– Ҳазрати олиялари, – унинг хатосини ғазаб билан тўғрилади Корина. – Гудди икковларинг шунақанги калтафаҳмсизларки, шу энг оддий нарсаларни ҳам эслаб қололмайсизлар! Бўпти, Бакни олиб кир.
Қашқир дарахтнинг ортига ўтиб кетди ва қўрқувдан дир-дир қалтираётган ёш Пирпиркўзни бошлаб чиқди. У юлдузлар шуъласида маликани кўриб, тиз чўкди ва ялина бошлади:
– Менга раҳмингиз келсин, жодугар Корина! Мен ҳеч қандай ёмон иш қилганим йўқ.
– Ўрнингдан тур, − буюрди малика совуқ иршайиб. – Сени ҳозирча жазоламоқчи эмасман. Сен машҳур уста Пирпирнинг набирасисан, шундай эмасми?
– Шундай… – ғўнғиллади Бак тиз чўкиб турган ҳолида.
– Сен оқкўнгил ҳукмдоримиз буюк подшоҳ Гудни таъмирлаш пайтида кўп марталаб иштирок этган бўлсанг керак?
– Йўқ, лекин умуман ҳа. Майда таъмир ишларида қатнашганман…
– Бунинг аҳамияти йўқ. Майда таъмирлаш ишларини сен мустақил бажара оласанми?
– Ҳа… Бунинг қийин жойи йўқ…
– Яхши. Лекин бирор ёмон хаёлга бориб юрма, тентаквой. Мен ўз ҳукмдоримга ҳеч қандай ёмонликни раво кўраётганим йўқ. Аксинча! Мен унга бир совға тақдим этмоқчиман. Шу холос. Сен Темир тўн… подшоҳ Гуддининг машҳур шоҳи юраги қандай очилишини биларсан?
– Биламан. Лекин унинг кўксидаги темир қопқани ҳеч қачон очган эмасмиз.
– Энди очишингга тўғри келади. Биласанми. Кеча мен ўз хонамда қипиқ сочилиб ётганини кўрдим. Аввалига мен бунинг сабабини тушунмадим, кейин муҳим нарса эсимга тушиб қолди: ахир буюк Гудвин Гуддининг юрагини қипиқ билан тўлдирган-ку! Назаримда, кўп йиллар давомида шоҳи мато ситилиб кетган ва қипиқ тўкилишни бошлаган. Шундай бўлиши ҳам мумкин-ку, тўғрими?
Бак қашқирга сўррайиб қаради. Нарк унга шундай ваҳшиёна нигоҳ билан тикилиб турардики, ёш Пирпиркўз итоаткорлик билан Коринага бош ирғади. У подшоҳнинг кўксидаги қопқа ниҳоятда зич жойлашганини ва ундан ҳеч қандай қипиқ тўкилиши мумкин эмаслигини жуда яхши билар эди. Лекин Наркнинг кенг очилган жағи Бакни бир зумда бу фикридан қайтишга мажбур қилди.
– Ҳа, – минғирлади пирпиркўз бошини елкалари орасига яширишга уриниб. – Бундай бўлиши табиий ҳол.
Малика илтифот билан унинг елкасига қоқиб қўйди.
– Жуда соз, Бак. Анча фаросатли уста эканлигинг кўриниб турибди. Сени саройимга ишга олиб, мамлакат Бош Мурватсози лавозимини тақдим этишимни хоҳлайсанми? Бобонг ниҳоятда кексайиб қолган, сен бемалол унинг ўрнини боса оласан. Мен сенинг келажагингни ўйлаяпмпн.
– Ташаккур, ҳазрати олиялари, – энди анча дадил жавоб берди Бак. Унинг кўзлари қувончдан чақнаб кетди. Чунки йигитча бадавлат ва нуфузли Пирпиркўз бўлишни доим орзу қилар эди-да!
Корина қопчиғидан думалоқ шаклли ниманидир олди ва мурватсозга узатди.
– Мен азиз подшоҳимиз учун ажойиб янги юракка буюртма бердим, – писмиқлик билан деди ялмоғиз. − У Гудвиннинг шоҳи юрагидан ёмон эмас. Аксинча, ундан кўра ишончлироқ ва чидамлироқ. Ўзинг ўйлаб кўр: темир ҳукмдорнинг юраги юмшоқ ва йиртиқ бўлиши ақлга сиғадими?
Бак журъатсизлик билан қўлини чўзди. Унинг кафтига оғир ва муздай нимадир тушди. Ёш Пирпиркўзни қўрқувдан совуқ тер босди. У қўлида оддий тошни тутиб турарди. Шунчаки оддий тош!
Қашқир унга яқин келди ва шундоққина қулоғининг олдида чуқур нафас олган кўйи ириллади:
– Жуда ажойиб юрак. Сенинг фикринг қандай, йигитча?
Бак бошини кўтариб, жодугарга қаради. Корина зулматда оқ шарпага ўхшаб кўринарди.
– Бундан яхшироқ юракни кўрмаганман, – овозини ичига ютган Бак зўрға пичирлади. – Энг зўр юрак…
– Энг асосийси – ишончли ва пишиқ, – ишшайди Корина. – Мен уни афсунлаб қўйганман. У ҳеч қачон ишдан чиқмайди. Подшоҳда худди шундай юрак бўлиши керак. Сен мана шу юракни СИТИЛИБ КЕТГАН юрак билан алмаштириб қўя оласанми?
– Албатта, – яна ҳам пастроқ овозда жавоб берди Пирпиркўз.
– Лекин айтиб қўяй, мен подшоҳ Гуддига яширин совға тақдим этмоқчиман, – ишшайишдан тўхтамай сўзида давом этди малика. – Сен яширин совға нима эканини биласанми, Бак?
Пирпиркўз хоинларча ўшшайиб қўйди.
– Ташвишланманг, ҳазрати олиялари, подшоҳ ҳеч нарсани сезмайди. Унга, уста Пирпир бўйнингиздаги зўлдирларни мойлаш учун набирасини юборибди, десангиз бас. Бундай ҳолларда биз Гуддининг бошини муайян муддатга бураб оламиз… Мен подшоҳнинг бошини бураб қўйган пайтимда СИТИЛИБ КЕТГАН юракни янгисига бемалол алмаштира оламан.
Малика яна қўлини қопчиғига тиқди. Бу сафар ундан олтин тангалар солинган халтача олди.
– Бу сенинг фаросатинг учун, уста Бак, – деди у. – Эсингда бўлсин: ҳамма иш мен ўйлаганимдай якун топса, сен Бош мурватсоз бўласан, Бак. Нарк, энди устани уйига кузатиб қўй.
Икки кундан кейин боғ қўриқчилари боғ томондан худди момақалдироқнинг гумбурига ўхшаган ҳайқириқни эшитиб, саросимага тушиб қолишди. Шоша-пиша найзаларини ва ханжарларини қўлларига олган аскарлар кутилмаган душманга қарши уришиш учун пўртахол дарахтларини оралаб югуриб кетишди.
Улар чарчоқдан қора терга ботган йигирма нафар Пирпиркўзларга қўмондонлик қилаётган подшоҳ Гуддини кўриб ҳайратга тушдилар. Подшоҳлик лашкарининг бўлғуси юзбошилари ва ўнбошиларининг аянчли аҳволига қарашнинг ўзи оғир эди – Гудди уларни машғулотлар билан қаттиқ қийнаб ташлаганди.
– Тур! Ёт! Турларинг, чириган ғўлалар, кимга айтяпман?! Дангасалар, лапашанглар, хамирлар! Қилични яланғочла, қовоқкаллалар! Санч! Кес! Бундай эмас, молфаҳмлар, кескинроқ!
Подшоҳ Пирпиркўзлардан бирининг ёнига югуриб келди, унинг қўлидан қиличини тортиб олди ва уқувсиз бечоранинг юзига шапалоқ тортиб юборди. Аскар чинқирганича буталар орасига отилиб тушди. Лекин қизишиб кетган Гудди буни сезгани ҳам йўқ. У қаҳр-ғазабдан қутуриб, қилични шунақанги селпий бошладики, Пирпиркўзлар ҳар томонга тирқираб қолишди.
– Мана шундай санчиш керак! – бўкирди подшоҳ, хаёлий душманга тинимсиз ҳамла қилган кўйи. – Ёвни қилич билан мана бундай чопиб ташлаш керак – қарс, қарс, қарс! Сен ҳали мени тунука челак дедингми, полиздаги похол қўриқчи! Қарс, қарс, қарс! Мана сенга, сени бурдалаб ташлайман! Сен мени битта қўлингда эзиб, думалоқлаб ташламоқчимидинг, эси паст темир болакай? Мен сени қиличда чопиб, замбарак билан парчалаб, болта билан бурдалаб ташлайман!!! Қарс, қарс, қарс! Бу ерда ким хўжайин эканини билиб оласизлар, аблаҳлар! Чопиб ташлайман! Янчаман! Бурдалайман! Санчаман!
Ўша кундан бошлаб Гудди Зумрад шаҳарни истило қилишга тайёрлана бошлади. Энди уни ҳеч ким ОҚКЎНГИЛ деб атамай қўйди. Уни одамлар ўзаро шивирлашиб, пичирлашиб бутунлай бошқа ном билан атай бошлашди: Буюк ва ДАҲШАТЛИ Подшоҳ Гудди.
Ўн тўртинчи боб
“ФИТНАЧИ ҚЎРИҚЧИ”
Бу пайтда бизнинг эски танишимиз – Зумрад шаҳар ҳокими ва бутун Яшил мамлакат ҳукмдори нималар билан банд эди? У ҳозир ўзининг олий мақомига муносиб ниҳоятда муҳим давлат иши билан машғул – у Дром билан ким биринчи бўлиб катакларни тўлдириш ўйинини ўйнаб ўтирибди.
Темир паҳлавон Зумрад шаҳар дарвозаси ёнидаги яшил ўтлоқда ўтирибди. У оёқларини кенг қўйиб олганича, тепа томони ўткир қилиб йўнилган қарағай дарахти танаси билан қумлоқ ерга тўртбурчак шаклини чизиб, уни тўққизта катакка бўлди (бу катакларнинг ҳар бирида бемалол биттадан фил жойлашиб кетган бўлар эди) ва бошини шаҳар томонга бурди. Соқчилик минорасида бир қўлида дурбин ва бир қўлида овозкарнай ушлаб олган Похол Қўриқчи шу томонга тикилиб турибди. Унинг ёнида, деворларда ўз ҳукмдорлари билан Дромнинг мусобақасини кузатиш учун тўпланган ўнлаб шаҳарлик мухлислар жойлашиб олишган. Улар бугун ким ғолиб чиқишини тахмин қилиб ўзаро гаров боғлашган. Кўпчилик эса жанговар дуранг бўлишини кутишмоқда.
– Менинг юришим: А-1 катакка қўшув белгиси! – Қўриқчи овозкарнайди оғзига тутиб, баланд овозда эълон қилди.
Дром тушунганини билдириб бош ирғади ва қўлидаги қарағайни қалам қилиб, юқориги чап катакка улкан қўшув белгисини чизди. Кейин чуқур хўрсиниб қўйди ва улкан қўли билан энсасини қашиб қўйди. Қўриқчининг бу анъанавий юриши уни ҳар доимгидай гангитиб қўйганди.
Темир дев ўйин майдонига эгилган кўйи ўйга толди. У ҳатто ўзининг яхшилаб чилвирлаб сайқалланган бошига қарғалар тўдаси жойлашиб олиб, бор овози билан жанжал бошлаб юборганларини ҳам сезгани йўқ.
Ниҳоят Дром ўзи жуда айёрона деб ўйлаган ва рақибини саросимага солиб қўйиши керак бўлган юришни амалга оширди. У қўшув белгисининг ўнг томонидан доира шаклини чизди ва наъра тортди:
– А-2, муҳтарам Қўриқчи!
Қарғалар чўчиб ҳавога кўтарилишди-да, норози оҳангда қағиллаб, шаҳар минораларидан бирига учиб ўтишди ва жанжал-тўполонларини ўша ерда давом эттиришди.
Қўриқчи ўз дўстининг маккорона юришидан ташвишга тушиб қолди. Одатда темир дев А-1 юришга қарши Б-2 ни беркитиб, кўндаланг юришнинг йўлини тўсар эди. Лекин бугун Дром аллақандай айёрликни ўйлаб қўйганга ўхшайди. Зумрад шаҳар ҳокими жиддий хаёлга толди. Зўриқиб ўйлайверганидан миясидаги тўғноғичлари ҳам ташқарига тешиб чиқди.
– Б-2 га қўшув белгиси! – овозкарнай орқали қичқирди Қўриқчи.
Томошабинлар гуррос қарсак чалиб юборишди. Йўқ, уларнинг ҳокимлари Донишманд деган номига доим муносиб бўлиб келган! Юришнинг ғаройиблигини кўрдингизми?
Қўриқчининг қарши ҳужуми девни росмана ташвишга солиб қўйди. Бунақада ютқазиб қўйиш ҳам ҳеч гап эмас… Унга жиддийроқ жавоб қайтариш керак…
Дром роса бир соат ўйланиб қолди. Лекин томошабинлар бекорчиликдан зерикиб қолишгани йўқ. Улар ён дафтарчаларидаги 256-рақам билан белгиланган ўйин жадвалини очиб, юзага келиб қолган жиддий вазиятни ниҳоятда қизғин муҳокама қила бошладилар.
Бу вақтда Қўриқчининг минорасига бир меҳмон кўтарилиб келди. У похол одамнинг эски таниши уста Пирпир эди. У Бастадан ҳозиргина келганди. Дўстлар кўзларида ёш билан қучоқлашиб кўришишди. Улар бир-бирлари билан ўн йил кўришмаганлари сабабли жуда соғинишиб қолган эдилар. Пирпир ниҳоятда кексайиб қолган, сочлари оппоқ, юзини ажин қоплаган.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.