Электронная библиотека » Сирожиддин Саййид » » онлайн чтение - страница 6

Текст книги "АСАРЛАР (II жилд)"


  • Текст добавлен: 31 мая 2023, 14:14


Автор книги: Сирожиддин Саййид


Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 6 (всего у книги 18 страниц) [доступный отрывок для чтения: 6 страниц]

Шрифт:
- 100% +
КАРВОН БЎЛСАМ…

Карвон бўлсам маконингга қўнмасман.

Махтумқули

 
Номард, бўстонингни чаман қилмасман,
Унган гулларингни тикан қилмасман.
 
 
Кўрк очиб, кундан-кун сочсанг чиройлар,
Мулкингни Бағдоду Яман қилмасман.
 
 
Дунё бир қўрғондир куйлиғ, оҳанглиғ,
Хас бўлиб, ғиштингни ватан қилмасман.
 
 
Оҳу афғонларим оламни тутса,
Қорсиз тоғларингга туман қилмасман.
 
 
Қолсам забунлиғда хору саргардон,
Сен томон талпиниб сухан қилмасман.
 
 
Мен сенга асло кўз тикмадим, ишон,
Ўлсам, матойингдан кафан қилмасман.
 
1993
УСТОДИ АВВАЛ
 
Болаликдан бир ғаройиб тахтда бўлдим,
Ой, юлдузлар бирлан мудом аҳдда бўлдим.
Сўқмоқлардан, оқ, заъфарон далалардан
Мен заъфарон сўзлар териб катта бўлдим.
 
 
Сабоқ олдим янчилмаган сомонлардан,
Умр иси келиб турган чопонлардан.
Ғариб пахса деворлардан олдим савод,
Билдим надир надомату надир савоб.
 
 
Қирларимдан, зирқиратиб бағирларим,
Паға-паға юзиб кетди сигирларим.
Не ҳикматни ҳам қарзу ҳам фарз бердилар,
Менга ул кун хору хаслар дарс бердилар.
 
 
Хатим чиқди онам кафтин хатларидан,
Камол топдим кафтларининг тафтларидан.
Меҳрлари кўнглимга кўзлар бўлдилар,
Ватан янглиғ улуғвор сўзлар бўлдилар.
 
 
Таълим олдим бошоқлардан, донлардан ҳам,
Кулча юзлар ҳамда кулча, нонлардан ҳам.
Мен Ватанни ўргандим ҳар гиёҳидан,
Шомларию райҳонларин сиёҳидан.
 
 
Қалдирғочлар тўйларимда хизмат қилди,
Камбағални суйдим, бойлар иззат қилди.
Дилга кўчди умрий ранжу азиятлар,
Ўйчан, кекса токлар қилган насиҳатлар.
 
 
Мен шундайин сўзга тўлдим ичларимдан,
Ҳарф ўргандим уйларинг ҳам синчларингдан,
Ҳар қаричи, ҳар ғубори имло, юртим,
Ҳар бир тоши, ҳар чинори мулло, юртим.
 
1994
ХУРЖУНИМ
 
Соф булоқлар биқирлайди ер тагидан,
Йўлга чиқдим момоларим эртагидан,
Боботоғнинг ўрларидан, этагидан,
Менга йўлдош бўлиб келган хуржуним.
 
 
Бошларимда ўйнаб Ҳисор чақмоғи,
Йўлларимда тошлар тошнинг қайроғи,
Ёйилди хўб эшагимнинг туёғи,
Йўл азобин билиб келган хуржуним.
 
 
Жангал аро лопиллайди қўш қулоқ,
Қашқирлар оч, шум тулкилар кўз-қулоқ.
Булбул сайраб, наво айлаб қарқуноқ,
Сўқмоқлари хониш қилган хуржуним.
 
 
Биз сен билан берилмадик айшларга,
Дўст тутиндик майсалар ҳам хасларга,
Осмонларга тегиб ётган даштларда
Менга кўрпа-ёстиқ бўлган хуржуним.
 
 
Билдик надир дунёнинг кеч-кундузи,
Таниш бизга миннат юки, ғам тузи,
Битта кўзи тўла шамол, бир кўзи
Кўзёшларим бирлан тўлган хуржуним.
 
 
Олдда балки ҳали Чўли Ироқ бор,
Қанча роҳу манзил, қанча сўқмоқ бор,
Аллақачон сенда қанча ямоқ бор,
Дуч келган ҳар тикон тилган хуржуним.
 
 
Гоҳ билмасман тушимми ё ўнгимсан?
Бор зийнатим, давлатим ҳам кўркимсан,
Сен аслида менинг яро кўнглимсан,
Менга ёлғиз содиқ қолган хуржуним.
 
1994
ЭЙ, ДЎСТ

М. Ю.


* * *
 
Баланд, азим деворни ҳам бир кун нам ейди,
Рост умрни гоҳо нобоп бир қадам ейди.
Қаро тунни адо қилар битта шам, эй дўст,
Сени шароб ейди охир, мени ғам ейди.
 
* * *
 
Бу олам ҳамиша шундоқ чатишган:
Кимдир етишмаган, кимдир етишган.
Булбуллар ҳамиша қон ютган, эй дўст,
Қарғалар ҳамиша тезак титишган.
 
* * *
 
Эй дўст, дарёларда тўлқининг бордир,
Озод осмонларда чақининг бордир.
Менинг-чи, айни гул, айни ишқ фасли
Бемаҳал сарғайган экиним бордир…
 
* * *
 
Яшайлик энг гўзал палла бўлгунча,
Мунглуғ тароналар алла бўлгунча.
Эй дўст, бизнинг бошлар чириб кетгайлар
Бу қовоқкаллалар калла бўлгунча.
 
* * *
 
Ҳар тепа, ҳар дўнглик турбат эмасдир,
Ҳар қандай айрилиқ ғурбат эмасдир.
Ҳижрат саналмагай ҳар ҳажр, эй дўст,
Юртдан кетган ҳар зот Фурқат эмасдир.
 
* * *
 
Умр десанг, обу гил куяр, эй дўст,
Бир онда не ою йил куяр, эй дўст.
Кўкдан юлдуз учса елканг куйгайдир,
Ерга бағир берсанг, дил куяр, эй дўст.
 
* * *
 
Биз ўтган йиллардан қиссалар унгай,
Охир ғам юкига жуссалар кўнгай.
Ой хилват боғларда кечалар, эй дўст,
Балки мену сенга ҳассалар йўнгай.
 
1994
ДУНЁ МАСАЛИ

Шодмон Жўраевга


 
Ранжу ғам азалдан баробар келур,
Алар бир-бирига биродар келур.
Нечун севинчларинг бир хил, ай дунё,
Нечун армонларинг бунчалар рангин?
 
 
Хору забунлиғда қолса инсонлар
Сут эмизган ахир келиб жайронлар.
Нечун ҳайвонларинг софдил, ай дунё,
Нечун инсонларинг бунчалар бадбин?
 
 
Бир акам бор эди бегоналардан,
Уни ҳам ўткардинг ўтхоналардан.
Нечун гирёнларинг кулар, ай дунё,
Нечун шодмонларинг бунчалар ғамгин?
 
1994
НА КЕРАК?
 
Бир гулга бир дилдан дунё керакдир,
Бир дилга битта гул танҳо керакдир.
Бир элга меҳрдан дарё керакдир,
Меҳр гар бўлмаса, итоб на керак?
 
 
Тириклик бир азиз неъматдир азал,
Ўткармоқ жоиздир покиза, гўзал,
Насимлар наводир, япроқлар – ғазал,
Балоғат базмида шароб на керак?
 
 
Сийму зар ҳавоси рангларингдадир,
Не ҳасрат томоғинг, танглайингдадир?
Эй инсон, ҳисобинг манглайингдадир,
Бунчалар ҳисобу китоб на керак?
 
 
Садоқат дарсидан хабар бўлмаса,
Фаросат аҳлидан назар бўлмаса,
Кўнгилда ҳаёдан асар бўлмаса,
Ул ҳусну жамолга ҳижоб на керак?
 
 
Сув уза ярқ этган шуъладир умринг,
Осилган омонат тугмадир умринг,
Магар Ҳақ йўлида ўтмади умринг,
Сени бу чулғаган сароб на керак?
 
 
Илғагил дунёдан мунглуғ куйингни,
Энг аввал супургил кўнгил уйингни,
Саволу жавоб эт ҳар бир кунингни,
Саволинг бўлмаса жавоб на керак?
 
1994
«Жайрон ҳам жозибдир боласи билан…»
 
Жайрон ҳам жозибдир боласи билан,
Зумрад қир ажибдир лоласи билан.
Қиз бола кўрклидир назокатию
Янгаси, аммаси, холаси билан.
Жаҳон – ошиқлари, воласи билан.
Найсон – ёмғирлари, жоласи билан.
Йигитга зийнатдир ор билан номус,
Шоир гўзал эрур ноласи билан.
 
1994
ОСМОН
 
Жилдираб турган ариқ.
       Буғдойзор. Бир тўп сомон.
Бир дарахт. Бир гала қуш.
       Қолган барчаси – осмон.
 
 
Дунёда кўрган кунинг –
       Ярми ғам, ярми армон.
Кўзларингда томчи ёш,
       Қолган барчаси – осмон.
 
 
Кенг ҳовли-жойни ташлаб
       Сиз кетдингиз, моможон.
Бу дунё бир супурги,
       Қолган барчаси – осмон.
 
 
Тушларимда йиғлайди,
       Бир ҳовуч кашнич, райҳон.
Кўз очсам – ғариб долон,
       Қолган барчаси – осмон.
 
 
Одамзод, бор ҳаётинг –
       Бир хона ҳам бир айвон.
Бир уюм тупроқдирсан,
       Қолган барчаси – осмон.
 
1994
ЖУНЖИКИШ
 
Дарахтларга тушар кузак титроқлари,
(Зор кўнгилга ўхшар дарё қирғоқлари)
Узилганда унсизгина япроқлари,
Юрагимга видо келар осмонлардан.
 
 
Юлдузларнинг қароғида қандай расм?
Юзим силаб йиғлайверар бир ёт насим.
Тошлар аро шитирлаган менинг хасим,
Дунёларга хабар берар ҳижронлардан.
 
 
Сўқмоқларни бир кечада қоплар хазон,
Қаёнларга борар борлиқ, йўқлик қаён?
Эй сўқмоғим, биз сен билан ўтдик қачон?
Сўраб бергил мўлтираган жайронлардан.
 
 
Зоғлар учар кўкда мисли куйган варақ,
Ер осмонга, осмон қолар ерга қараб.
Айрилиқлар кўйиданми бериб дарак
Еллар келар Қўқонлардан, Сурхонлардан.
 
 
Новдаларнинг панжалари борар совуб,
Кимларгадир асо улар, кимга тобут.
Эй одамзот, ўйларингда не тафовут?
Зерикдингми бағринг эзган армонлардан?
 
 
Дарахтларга тушар кузак титроқлари,
Қайда қолди ўтлоқлари, чақмоқлари?
Одамзот ҳам бу дунёнинг япроқлари –
Юрагимга садо келар осмонлардан.
 
1994
БИР ЮРТНИНГ БОЛАСИМИЗ
(Қалам аҳли таърифида)
 
Эркин Аъзам Бойсундан,
Усмон Азим ҳам шундан.
Пошхуртдан Нодир Нормат,
Кўринмай кетди, номард.
 
 
Тоғай Мурод – беаёв,
Деновдан чиққан олов.
Қумқўрғондан Эшқобил,
Юрар олгандай Нобел.
 
 
Ўзимизнинг оғамиз,
Ким жиян, ким тоғамиз.
Азим Суюн – тўпори,
Нуротанинг тулпори.
 
 
Нолимас ҳеч омаддан,
Муҳаммад Марҳаматдан.
Садриддин Салимни бил,
Бухорога таъзим қил.
 
 
Шавкат Раҳмон доим жим,
Ҳаргиз топмади тиним.
Жилдирайди, сол қулоқ,
Ўшдан бўлур бул булоқ.
 
 
Қаршилардан сўз айтар,
Сўрсангиз гар, кўрсатар
Ҳар гиёҳ, ҳар қамишни,
Исмоил Тўхтамишни.
 
 
Икром Отамуродга
Етсанг, етдинг муродга.
Тонмас ҳеч вақт лабзидан,
Каспий эмас, Касбидан.
 
 
Бедилнинг дилин топди,
Ўз дилин тилин топди.
Матназар Абдулҳаким
Урганчдан бўлур қадим.
 
 
Мурод Муҳаммад Дўстни,
Қадим қиёмат дўстни,
Изламагил, Самарқанд,
У ҳозир жуда ҳам банд.
 
 
Айтсин олам сайридин,
Паркентдандир Хайриддин.
Айтсин дил қушларидан,
Бобурнинг тушларидан.
 
 
Маҳмуд Тоирга дам йўқ,
“Дам ол” дегич одам йўқ.
Шеър айтса лек сенатор –
Бўғиз ҳам тор, сийна – тор.
 
 
Сўзнинг қош, кўз, юзидир,
Фарғонанинг ўзидир,
Шеърда маҳкам, собит жон
Доим Анвар Обиджон.
 
 
Боқар Саъдулло Ҳаким,
Эшонмидир ё ҳаким –
Жиззахдан бир дам урмиш,
Касал ўрнидан турмиш.
 
 
Хуршид Дўстмуҳаммадни
Билсанг, билибсан мардни.
Шошдандир, Тошкандандир,
Гул, чирой очгандандир.
 
 
Озод домла шогирди –
Нур сочгандай ой гирди –
Минбарда Шуҳрат Ризо
Сўз айтиб сочар зиё.
 
 
Айтур дил ҳам, тили бой –
Аҳмад оға Мелибой:
Замонадан зарб олинг,
Мавзуни долзарб олинг.
 
 
Мирзо Сариосиёдан,
Лекин нари Осиёдан.
Афросиёб, Регистон
Ўғлидир Хуршид Даврон.
 
 
Кезгай Мирпўлат Мирзо
Қисматдан доим ризо.
Томири жаҳонийдир,
Яъни, Туркистонийдир.
 
 
Ўз сибизға, сози бор,
Қўнғиротча рози бор,
Холмуҳаммад Ҳасаннинг
Китоби – тил махзанинг.
 
 
Турсун Али – Қувадан,
Кечмиш ғазал – бувадан.
Ҳар кузак тўка бошлар
Модернча кўзёшлар.
 
 
Нуруллохон – Яйпанлик,
Сўзи ҳикматлик, пандлик.
Айтиб берар номларин
Руҳ ва дил оқшомларин.
 
 
На оқу на сариқдан,
Беш ё Олтиариқдан.
Бир кулса Наби Боқий,
Қочгай ҳар қандай ёғий.
 
 
Иқбол ҳам Бағдодийдир,
Кенг макони водийдир.
Қувлагандай қизларни
Қувлаб юрар сўзларни.
 
 
Абдували Қутбиддин
Чиқмиш кўнгил қутбидин.
Ёд айтур ҳадислардан,
Ургутий азизлардан.
 
 
Фаридаю Раънолар,
Бу шеърий таманнолар,
Бири келмиш Қўқондан,
Бири Каттақўрғондан.
 
 
Қадим туркий тилимдир,
Қорақалпоқ элимдир.
Ўрозбой то сўз айтгай,
Оролга Аму қайтгай.
 
 
Бахтиёр Генжамурод
Шеър айтса – қанча мурод
Бир пасда ҳосил бўлур,
Дил деган соҳил бўлур.
 
 
Элли, дилли қалъадан,
Яъни Элликқалъадан
Янгибой гар авжланар,
Ақчакўл ҳам мавжланар.
 
 
Узр, Айтматов оға,
Жонлар сизга садоға.
Аслида у биздандир –
Жамила Термиздандир.
 
 
Яна бир: Собир Ўнар,
Гоҳ қир, гоҳ даштга дўнар.
Сўз айтмиш жайронлардан
Қўшработ томонлардан.
 
 
Улуғбек Ҳамдам қайда –
Назму наср – қўшнайда.
Тортар танқид торин ҳам,
Чертар гоҳ дуторин ҳам.
 
 
Бир ён Луқмон Бўрихон,
Бир ён Исажон Султон –
Сўз айтур ҳар соҳадан,
Гоҳ водий, гоҳ воҳадан.
 
 
Абдураззоқ Обрўйни
Топсанг, бердинг обрўйни.
Булунғурдан бўлар у,
Гоҳ савар, гоҳ силар у.
 
 
Келса яшил хиргойи,
Бир ажиб, бир бинойи –
Билинг: Икром Искандар
Ғаллаоролдан қайтар.
 
 
Яна бир: Ғайрат Мажид,
Камгап, камсуқум жадид.
Хўжа Илм Кондандир,
Бир қутлуғ макондандир.
 
 
Меҳру соғинч сувидан,
Ойқортоғнинг тубидан,
Энашамоллар елмиш,
Баҳодир Қобул келмиш.
 
 
Яна Тўлқин Ҳайит бор,
Юввошу ҳам беозор.
Унинг кўнгил зорлари –
Дашнобод анорлари.
 
 
Яна бир: Хосиятдир,
Ҳар шеъри хос ниятдир.
Олмалар ранг олмасдан,
Ранглар олмиш Олмосдан.
 
 
Сўзга дастёру қобил
Қанча Нору Норқобил.
Сўрасангиз қаёқдан –
Чорбоғ ё Яккабоғдан.
 
 
Кеча-кундуз “Постда”дир,
Қиличдек оростадир.
Зикрулло Неъматдан бас
Бир Бухорий мухаммас.
 
 
Рустам Мусурмонни кўр,
Термалардан тўқир тўр.
Асли Кифти обдандир,
Яъниким Китобдандир.
 
 
Мўйлаби йўқ Чўлпондай,
Сўзга тирик ўлпондай,
Жилмайса Салим Ашур –
Ёш диллар солимлашур.
 
 
Қайда Ўктам Мирзаёр –
Бир мирзо унда тайёр.
“Бобурнома”дан хабар
Берар Ҳумоюн Акбар.
 
 
Ахтамқулу Шодмонқул,
Гоҳ тупроқ, гоҳ осмон қул –
Офтоб товасидандир,
Сурхон воҳасидандир.
 
 
Дўрмон тўла қалдирғоч,
Қаламёшу қаламқош –
Навоийзод, Бобурзод,
Эгасиз қолмас ҳаёт.
 
 
Адабиёт боғига,
Абадий ёд боғига –
Булбуллар айлаб калом,
Тоабад чўкмагай шом.
 
 
Мен бир Қашқадарёдан
Ва ё бошқа дарёдан
Сўз айтмадим, ёронлар,
Биз – бир тану бир жонлар.
 
 
Устозларга қайтсам гар,
Қайта-қайта айтсам гар:
Бир буюк минор бўлгай,
Юрт тўла чинор бўлгай.
 
 
Нарпаймидир ё Нахшаб,
Мискинмизми ё Машраб –
Бир ишнинг фидосимиз,
Барча – Сўз гадосимиз.
 
 
Менинг ўзим Узундан,
Ул интизор узумдан.
Алқисса, яралганмиз
Ҳаммамиз лою сувдан.
 
 
Бундоқ сўраб келса гар,
Майсаю лоласимиз,
Бир дашту бир адирнинг,
Бир юртнинг боласимиз.
 
1994, 2013
КИМ НИМА БЎЛАДИ?
(Болаларга)
 
Бу майсалар униб-ўсиб,
Похол, хашак бўлади.
Бу хўтикча, билсанг, бир кун
Каттак эшак бўлади.
 
 
Бу қамишлар бир кун бориб
Най бўлурлар, том, бўйро.
Бу жилғалар оқавериб
Бўлғайлар катта дарё.
 
 
Бу тухумлар чийиллашиб,
Жўжа бўлар, полапон.
Қарға бўлар улар, балки
Бургут бўлар, болажон.
 
 
Бу жонворлар сал-палгина
Ўсаётир нотўкис.
Катта бўлса булар бир кун
Ҳўкиз бўлар ё тўнғиз.
 
 
Уқтирсалар, хафа бўлма,
Ранжимагин, болажон.
Бу сапчалар қовоқ бўлар,
Калла бўлмас ҳеч қачон.
 
 
Бу дунёда ғалат ишлар
Рўй бермоғи ҳеч гапмас.
Бу читтаклар бир кун келиб
Булбул бўлса ажабмас.
 
 
Бу пахталар, билсанг, бир кун
Бўлар оппоқ дастурхон.
Ўша кунлар соғ бўлсак бас,
Нон бўлса бас, болажон.
 
1994
«Шеърият, сен абадий…»
 
Шеърият, сен абадий
Ранжу озор йўлимсан.
Дарду ҳижрон даштида
Узатилган қўлимсан.
 
 
Тиниқ осмон чоғимдан
Сўкилдим чок-чокимдан.
Ҳам севинч, ҳам оҳимдан
Яралган оқ гулимсан.
 
 
Вомиқ Узро фиғони,
Лайли Мажнун армони.
Не кўнгиллар хазони,
Сен барибир сўлимсан.
 
 
Яссавийдек қадимий,
Насимийнинг насими,
Гоҳ Машраб, гоҳ Ҳазиний,
Гоҳи Махтумқулимсан.
 
 
Ўтди шоҳлар, вазирлар,
Номсиз кетди нозирлар.
Қолди Усмон Носирлар,
Сен – барҳаёт ўлимсан!
 
 
Мен бор-йўғи бир товуш,
Турибман абгор, хомуш.
Сен менга балки бир туш,
Балки олов, кулимсан.
 
1994
БУ ДУНЁДА
 
Завол нима билмайди,
Қуюн, селлар юлмайди.
Эгаси бор бодомлар
Бу дунёда сўлмайди.
 
 
Гоҳ қора, гоҳ оқ инсон,
Эзгулик қил, оҳ, инсон!
Риёси бор рақамлар
Бу дунёда унмайди.
 
 
Имконинг осмон қадар,
Имондан бергил хабар.
Сафоси бор қаламлар
Бу дунёда синмайди.
 
 
Ўкинмагил, бўз бола,
Ўзга хаёл туз, бола.
Вафоси бор санамлар
Бу дунёда бўлмайди.
 
 
Ҳар на бўлсанг бор бўлгин,
Тугал номус, ор бўлгин.
Зиёси бор қадамлар
Бу дунёда сўнмайди.
 
 
Дилда кўпдир фироғинг,
Ёниқ қолар чироғинг:
“Фарзанди бор одамлар
Бу дунёда ўлмайди”44
  Қаҳҳор бахши айтган.


[Закрыть]
.
 
1994
ДАҲРИ ДУН

Бизим чархимиз бузғон дунёсан.

Юнус Эмро

 
Дунё, қўлларимдан тутган дунёсан,
Йўлингдан бошлабон кетган дунёсан.
Қонимдан ранг олиб, умримдан қоғоз,
Жонимдан қиссалар битган дунёсан.
 
 
Гоҳи жулдур кийиб, гоҳи ясаниб,
Гоҳи кўлмак бўлиб, гоҳи ястаниб,
Эй, одам боласин фоний маскани.
Гоҳ очиқ, гоҳ ачиб ётган дунёсан.
 
 
Ярми кўк, ярмиси турган сарғайиб,
Гадога тўн бериб, султонга чориқ,
Билмаслар, аларнинг барчаси ғариб,
Барчани алдабон ўтган дунёсан.
 
 
Бир мулкни бир зумда бозор айлабон,
Бир элни бир элга ағёр айлабон,
Ўз ерин ўзига мозор айлабон,
Оғани оғага сотган дунёсан.
 
 
Итларга ҳидлатиб тоза гулларни,
Туфроққа тенг қилиб асл дилларни,
Ломакон эткизиб бутун элларни,
Палахмон тошидай отган дунёсан.
 
 
Не ҳикмат сўйлагай тўлин ойларга
Нақшлар ярқираб шамшир, ёйлардай?
Боқиб нураб ётган Оқсаройларга
Дейман: поёнига етган дунёсан.
 
 
Дашту қирларингда, дунёйи азим,
Менинг ҳам соврилгай хор ила хасим.
Мен бир нафасдирман, бир зумлик насим,
Танимни ғуборлар этган дунёсан.
 
1994
СЕНИ СЕВДИМ
 
Дилдан кетсин ўн тўрт йиллик қийноққинам,
Қаймоғингдан кулча қилгил, қаймоққинам.
Юзларингда гоҳ хижолат, гоҳи тамкин,
Гоҳи шаддод шамол янглиғ ўйноққинам.
 
 
Тўзонларда менинг ёзу қишим учди,
Кўлдан ғозим, боғларимдан қушим учди.
Изларидан бошларимдан ҳушим учди,
Қай сойларда қолиб кетди қармоққинам.
 
 
От кишнаса, осмонларда ой тўлади,
Кокилларинг сойга солсанг, сой тўлади,
Сенинг бирлан фақир кўнглим бой бўлади,
Қиқирлайди ҳар жилғам, ҳар ирмоққинам.
 
 
Тоғларимда йўлингга зор лолаларим,
Улар менинг ўн тўрт йиллик нолаларим.
Сени кўриб бир суюнсин холаларим,
Тўйлар қилсин ғамгин уруғ-аймоққинам.
 
 
Худо охир кечгай айбу гуноҳимдан,
Бойчиборлар кишнаб чиқар ҳар оҳимдан.
Сени севдим армонли, дардли чоғимдан,
Кўксимдаги ўтлардан ҳам қайноққинам.
 
1994
СУРХОН СОҒИНЧИ

Эркин Аъзамга


 
Ҳаводаги живир-живир тўрғайлар
Яна минг йил шу алфозда тургайлар.
Кўнглим бўлиб алар сени қўргайлар,
Юлдуз учса бунда куйган курагим,
Сурхон десам, жимирлайди юрагим.
 
 
Дараларда синиб ётган чақинлар
Охир мени айлагайлар оқинлар.
Чўққилари кипригимдай яқинлар
Шовуллаган маъюс толим, терагим,
Сурхон десам, жимирлайди юрагим.
 
 
Қолмиш бунда Искандардан бир кўприк,
Ёлғиз кўприк, тарих аро сир кўприк.
Бу дунёда жаҳонгир ҳам бир киприк,
Сенсан менинг бу оламда дарагим,
Сурхон десам, жимирлайди юрагим.
 
 
Осмонингдан дилга либос ёпганман,
Сўқмоғингда қуёшинг-ла чопганман,
Кийикларнинг кўзларидан ўпганман,
Ўзинг синглим, ўзинг нозли малагим,
Сурхон десам, жимирлайди юрагим.
 
 
Саҳро тоғлар шамолида ухлайди,
Бешикларинг хаёлида ухлайди.
Ўғлонларинг от ёлида ухлайди,
Чинорларинг полвонларим, тирагим,
Сурхон десам, жимирлайди юрагим.
 
 
Ўчоқлардан ўрлаб чиққан тутунлар
Онам бўлиб доим мени кутганлар,
Бағринг бўлсин сенинг доим бутунлар,
Йўқса менинг надир шеърим, керагим?
Сурхон десам, жимирлайди юрагим.
 
1994
ВАТАН
 
Дил пораси, кўз қораси
       сен ўзингдирсан,
Менинг кўнглим сен аслида,
       сен кўзимдирсан.
Томиримда томир ёйган
       илк сўзимдирсан,
Илк оғриғим, илк ёмғирим,
       найсоним, Ватан.
 
 
Қир устида ёнбошлаган
       бобом чайласи
Бу дунёда кимларнингдир
       орзу-ҳаваси.
Димоғимда – юлдуз иси,
       шабнамлар иси,
Момом экиб кетган кашнич,
       райҳоним, Ватан.
 
 
Қулоқ солсам шивирлагай
       ҳатто тошларинг,
Ою қуёш, камалаклар
       кўзу қошларинг.
Бешигимни тебратгандир
       қалдирғочларинг,
Ою қуёш кўрпа солган
       айвоним, Ватан.
 
 
Бўронлари тулпорларга
       тунлар ёл бўлган,
Бир ўғлони чинор, бири
       мажнунтол бўлган.
Темурлари от минганда
       жаҳон лол бўлган,
Дунёларга тимсол
       шоҳу султоним, Ватан.
 
 
Валилардан ибрат сўйлар
       жулдур саҳролар,
Сўнди қанча салтанатлар,
       қанча туғролар.
Мақбаралар айтсин лекин,
       айтсин Зуҳролар:
Ер остидан суҳбат айлар
       ҳануз Кубролар,
Термизийлар бедор ётган
       қўрғоним, Ватан.
 
 
Не тонг эди – изғиринлар
       заҳрини тотдинг,
Дастурхонда музтар қолди
       қанду наботинг.
Шаҳидларинг номларидир
       ҳар бир работинг,
Абадий ёд эрур асли
       адабиётинг,
Чўлпон, Фитрат, Қодирий ҳам
       Усмоним, Ватан.
 
 
Гард қўнмасин токи сенинг
       киприкларингга,
Киприкларим киприк қилай
       кўприкларингга.
Ўхшаб турган улуғларинг
       ҳам пирларингга
Булутларинг юзиб юрар
       кўк, қирларингга,
Уйғоқ руҳлар осмонида
       посбоним, Ватан.
 
 
Нақшларинг қутулдилар
       кишан-бандлардан,
Хатлар олдим юрагимга
       Нақшбандлардан,
Афросиёб билан тенгдош
       куй, оҳанглардан.
Шеърларимга ранглар олдим
       Самарқандлардан,
Гоҳи мовий, гоҳи зангор
       достоним, Ватан.
 
 
Боболарим хокини мен
       юзларга суртай,
Дилимдаги энг муқаддас
       сўзларга суртай,
Онамдайин азиз нону
       тузларга суртай.
Озод бўлган оятларин
       кўзларга суртай,
Ўз юртига қайтиб келган
       Қуръоним, Ватан.
 
 
Мен дунёни не деб айтай?
       Бу бир кўҳна боғ,
Ўз билганин сайрар бунда
       ҳар қумри, ҳар зоғ.
Асло сенинг бағирларинг
       кўрмайин мен доғ,
Юлдузларга осмон бўлган
       эй нурли тупроқ,
Осмонлари еру ери
       осмоним, Ватан.
 
 
Сўқмоғингда мен бир эпкин
       ё бир насимман,
Япроқ сенинг, хас бўлсам гар
       сенинг хасингман.
Жайронларинг кўзларида
       қолар сўзингман,
Менинг борим сен биландир,
       йўғим сен билан,
Катта йўлга чиққан улуғ
       карвоним, Ватан.
 
1994, 2007
ҚАДРДОНЛАР
 
Қадрдонлар, элга биз бир
       супурги ҳам бўлолмадик,
Киприклари сафида бир
       киприги ҳам бўлолмадик.
Ўт бўлмадик ўтинига,
       кўк бўлмадик тутунига,
Меҳру шафқат сойининг бир
       кўприги ҳам бўлолмадик.
 
 
Хизрдайин биз учун у
       ҳар нарсага ҳозир эди,
Даласида бир кўриниб
       кетган булут Хизр эди.
Аслида-ку ковушига
       патак бўлсак арзир эди,
Кир ювганда совунининг
       кўпиги ҳам бўлолмадик.
 
 
Ўзимиз ҳам ҳайрондирмиз
       рўй берган бу синоатдан,
Кетмонларин товушлари
       келаётир қиёматдан.
Уйлар қурдик хиёнатдан,
       лофлар урдик диёнатдан,
Асли Машраб бобонинг бир
       тупуги ҳам бўлолмадик.
 
1994
ИСТАСАНГ
 
Истасанг зўр бўлгин.
Менга нима ғам,
Мен – кеча қўйнида қолган бир чироқ.
Йўлимга кўз тикиб сарғайди онам,
Райҳондай синглимни куйдирди фироқ.
 
 
Сендан бир ишора, бир имо басдир,
Ариқдаги сув ҳам айланар зарга.
Дунёнг бошдин оёқ ғайру ғараздир,
Мен шеърлар ўқибман бу энағарга!
 
 
Умримни жизғанак этган қайғуни
Ўйласам, зирқирар манов ерларим.
Ўз кулимга кўмдим яшил орзуни,
Барги хазонимга ўхшар шеърларим.
 
 
Надир бу кўнгилнинг майлу матлаби?
Кўринмас кўнгил ҳам, гул ҳам кўзимга.
Рости гап, бир дўстим айтгани каби
Менинг шоирлигим бир пул ўзимга!
 
 
Сен қасрлар қургин. Бойвуччаларинг
Яшасин тегрангда хушҳол, мастона.
Хипча белларига камарлар таққин,
Бергил ҳар бирига битта кошона.
 
 
Шоирлик шуҳрату шонидан кечдим,
Нечун энди менга бу байту ғазал?
Мен шайтон қўлидан шароблар ичдим,
Мен ҳурлар тилидан сипқордим асал.
 
 
Сира ўзгармади бу кўҳна олам,
Эсиз, увол бўлди покиза меҳрим.
Мен шоир эмасман, ростини айтсам,
Сариқ чақага ҳам арзимас шеърим!
 
1994
РОСТГЎЙ ТУЛКИ
 
Тоғу тошга чиқиб, хилватда бир дам
Тўйиб йиғлай девдим тўкиб дил мулким.
Сездим ногоҳ, боқсам, харсанг ортидан
Кулиб қараб турар менга бир тулки.
 
 
Отай десам тош йўқ, уришга таёқ,
У эса хиринглаб куларди бадбахт.
Унга назар солдим, термулдим узоқ,
Нима қиларимни билмай лол, карахт.
 
 
Мени мулзам қилди тулки муттаҳам,
Сўнг деди тўзғитиб хору майсани:
Куппа-кундуз куни кап-катта одам
Кўзёши тўкишга уялмайсанми?
 
 
Раъю хоҳишингга сен ўзинг эга,
Бу ‒ ўз хирмонингдир, бу ‒ ўз экининг.
Шунча йил битта дўст тополмай нега
Энди йиғлайдурсан бунда бекиниб?
 
 
Эҳ, сен содда инсон, эҳ, нодон зурёд,
Мунчоқ кимсага ҳеч кўз бўлган эмас.
Меҳр нима қилсин? Бу найранг дунё
Бировга ҳеч қачон дўст бўлган эмас.
 
 
Қўл силтаб йўлингдан кетавер яёв,
Тақдир ҳам муғомбир бўлсанг сийлайдир.
Билсанг ‒ бу дунёнинг момоси алдов,
Энагаси эса макру ҳийладир.
 
 
Лабларини ялаб, бир ҳиром этиб
Ва яна тупроққа ишқалаб кетин,
Тулки шу гапларни айтдию кетди,
Қайга кетганини билмадим лекин.
 
1994
МАСЛАҲАТ
 
Менинг шеърим кўнгилнинг қони,
Лайли зори, Мажнун фиғони.
Ёзганимни боғлар хазони,
Даштлардаги лола ўқисин.
 
 
Билмам ошиқ бўлдим қай куни,
Унутдим сўз, гуфтор, кулгуни.
Менинг шеърим бир бола, уни
Бешикдаги бола ўқисин.
 
 
Ўйсам фақат ўз бағрим ўйдим,
Бир кечада кўкардим, куйдим.
Мушкул ишга мен кўнгил қўйдим,
Ҳар бир кўнгли вола ўқисин.
 
 
Майса унса, вужудим оғрир,
Гўёки у хокдир, тупроғдир.
Менинг шеърим баҳорги ёмғир,
Найсондаги жола ўқисин.
 
 
Изҳор истаб пайваста қошлар,
Ойлар куйиб, ботиб қуёшлар,
Ой чеҳралар узра ул сочлар
Бўлиб тола-тола, ўқисин.
 
 
Юлдузларга тутиб юзимни,
Қалам билан сўйдим ўзимни.
Менинг шеърим, менинг сўзимни
Диллардаги нола ўқисин.
 
1995

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации