Электронная библиотека » Йона Бергер » » онлайн чтение - страница 6


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:00


Автор книги: Йона Бергер


Жанр: Классическая проза, Классика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 6 (всего у книги 14 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Шундай экан, биз муҳитни ҳисобга олишимиз зарур. “Budweiser”нинг “Ишлар қалай” акцияси ёки Ребекка Блэкнинг “Friday” қўшиғи каби, бизнинг маҳсулотларимиз мавжуд турткилардан оқилона фойдаланиши керак. Шунингдек, уларнинг яшаш муҳитини ҳам кенгайтириш зарур. Коллин Чоракнинг “Kit Kat” ва қаҳваси сингари турткиларни кўпайтириш учун янги ассоциациялар ҳосил қилишимиз мумкин.

Туртки ва ишоралар одамларнинг гапириши, танлаши ва фойдаланишига сабаб бўлади. Ижтимоий қиймат натижасида одамлар гапиради, аммо турткилар туфайли улар гапиришда давом этади. Хаёлда тургани тилга чиқади.

3
Ҳиссиётлар

2008 йил 27 октябрь кунигача Дениз Грейди “New York Times” учун ўн йилдан кўпроқ вақт мобайнида илмфан тўғрисида мақолалар ёзиб келаётган эди. Ўзининг мавзу топишга усталиги ва равон ёзиш услуби билан Грейди оддий инсонларга тушунарсиз бўлган мавзуларни ёритиб бергани учун бир неча бор журналистика бўйича тақдирланган.

Ўша куни Грейдининг мақоласи электрон почта орқали энг кўп марта юборилган хабарлар қаторига кирди. Чоп этилганига бир неча соат ўтар-ўтмас, минглаб одамлар уни дўстларига, қариндошлари ва ҳамкасбларига юборишга улгурганди. Грейди чўққига чиқди.

Мавзу нима, денг? Тиббиёт бўйича тадқиқот ишларида суюқлик ва газ динамикаси назарияларининг қўлланиши.

Мақолада Грейди қандайдир шлирен техникаси деб аталадиган суратга олиш қурилмаси ҳақида тафсилот беради: “Кичкинагина ёруғлик манбаси, керакли жойга ўрнатилган линзалар, букилган ойна, ёруғликнинг бир қисмини тўсувчи устара тиғи ва ҳаводаги тартибсизликни кўриб, суратга олишга имкон яратувчи бошқа асбобускуналар”.

Қизиқарли туюлмаяпти, тўғрими? Бу борада ёлғиз эмассиз. Саволларга турли томондан ёндашиб, одамлардан бу мақола ҳақида ўз фикрларини сўраб чиққанимизда, баҳолар анчагина паст эди. Ижтимоий қиймат бормиди, деб сўраганимизда, улар “Йўқ” деб жавоб қайтаришди. Амалиётда қўлланилиши мумкин бўлган фойдали маълумотлар бормиди (бу ҳақда, “Амалий қиймат” бобида тўхталамиз)? У ҳам йўқ.

Дарҳақиқат, агар мавзунинг бунчалик оммалашувига сабаб бўладиган баъзи муҳим шартларни санаб ўтсангиз, унинг сарлавҳаси ҳам – “Суратга тушиб қолган ғалати йўтал” – бу шартларга жавоб бермайди. Албатта, Грейдининг мақоласида бир нима бор эди, акс ҳолда шунча одам “юбориш” тугмачасини босмаган бўларди. Хўш, бу нима бўлиши мумкин?

*

Грейдининг фанга қизиқиши катта синфларда туғилган эди. У Роберт Милликаннинг электрон зарядини ўлчаш учун ўтказган машҳур эксперименти ҳақида ўқиганда кимё дарсида ўтирганди. Бу жуда мураккаб ғоя эди ва тажрибанинг ўзи ҳам осон бўлмаган. Тадқиқот икки металл электроднинг орасига ёғни томчилатиб қуйиш ва бу томчилар томишини тўхтатиш учун электр майдон қай даражада кучли бўлиши кераклигини ҳисоблашни ўз ичига оларди.

Грейди тўлалигича тушунмагунча мақолани қайта ва қайта ўқиди. Тушунганида эса худди чақмоқ чаққандай бўлди. Ва ниҳоят, у тушунди. Бундай тажриба йўли жуда моҳирона ўйланган эди ва у мафтун бўлиб қолди. У энди илм-фанга бутунлай боғланиб қолди.

Мактабдан кейин Грейди “Physics Today” журналида ишлай бошлади. Охир-оқибат, у “Discover” ва “Time” журналларида ҳам ўз фаолиятини давом эттириб, “New York Times”нинг тиббиёт бўйича бўлим муҳаррири бўлди. Унинг мақсади ўзи бир пайтлар кимё дарсида ҳис қилган ўша қувончни одамлар ҳам бироз бўлса-да бошидан кечириши, илм-фан кашфиётлари сеҳридан баҳра олишига эришиш эди.

Октябрь ойидаги мақоласида Грейди муҳандислик профессори кўз билан кўриб бўлмайдиган жараён – одамнинг йўталишини суратга муҳрлаганини тасвирлаб берган эди. Шлирен усулидан анча йиллардан бери аэронавтика ва ҳарбий мутахассислар томонидан катта тезликда учаётган учоқлар атрофида пайдо бўладиган тўлқинларни тадқиқ қилишда фойдаланиларди. Аммо профессор бу усулдан бошқа мақсадда – сил, SARS ва грипп каби ҳаво-томчи инфекцияларининг юқишини ўрганиш учун фойдаланиб кўрди.

Ўз-ўзидан тушунарлики, кўпчилик мақола унчалик фойдали бўлмаса керак, деб ўйлади. Ахир, улар суюқликлар ҳаракатини ўрганаётган олимлар эмас эди-да! Улар мураккаб ҳодисаларни кўринарли ҳолатга ҳам келтирмаётган эди.

Бундан ташқари, гарчи Грейди мавжуд илмий мавзуда ёзувчилар орасида энг яхшиларидан бўлса-да, оддий одамлар спорт ёки модага оид мақолаларни ўқишни маъқул кўради. Ниҳоят, йўтал одамлар эътиборини мақолага қаратди. Мақола чиққанда шамоллаш ва грипп мавсуми – февралгача ҳали тўрт ой бор эди.

Ҳатто Грейди ҳам таажжубланиб қолди. Журналист сифатида ўзи ёзган мавзунинг кенг тарқалганидан боши осмонга етди. Кўпчилик журналистлар ва айрим блогерлар каби у ҳам нима сабабдан айрим мақолалари кенг тарқалиши, қолганлари эса машҳур бўлмаслигини тушунишни хоҳларди.

Аммо у ва бошқалар турли тахминларни илгари сурса ҳам, уларнинг ҳеч бири нега айрим нарсалар бошқаларига нисбатан кенгроқ оммалашишини билмасди. Айнан шу мақоланинг кенг тарқалиш сабаби нима эди?

*

Йиллаб давом этган таҳлиллардан кейин ҳамкасбларим билан айрим жавобларни топдик, деб фахрла айта оламан. Грейдининг 2008 йилдаги мақоласи кўп йиллик тадқиқотларнинг бир қисми бўлиб, бунда биз нега айрим нарсалар интернетда оммалашишини тушуниш учун “New York Times”нинг минглаб мақолаларини ўрганаётган эдик.

Муаммони ечишда Грейдининг мақоласидаги расм ёрдам берди. Ўша йили октябрнинг бошларида у “The New England Journal of Medicine” журналини варақлаётганда, “Йўтал ва аэрозоллар” мақоласига дуч келиб қолди. Мақолани кўрган заҳоти ушбу тадқиқот “Times”га юбориладиган мақола учун яхши пойдевор бўлишини тушунди. Мақоланинг юқумли аэрозоллар ва тезлик хариталари каби айрим қисмлари техник атамалар билан тўла эди. Аммо илмий жаргонлар орасида бир расм бор эдики, айнан у Грейдини мақола ёзишга ундади.



Оддий қилиб айтганда, бу ҳайратланарли эди. Одамлар Грейдининг мақоласини бир‐бири билан ўртоқлашганига сабаб ҳиссиёт эди. Бефарқ бўлмасак, кўрганимизни улашамиз‐да!

Элeктрон почта орқали энг кўп улашилганлар

Одам ижтимоий жонзотдир. Ижтимоий қиймат бобида таъкидлаганимиздек, инсонлар фикрлари ва билганларини улашишни ёқтиради. Бизнинг яхши ва ёмон мақсадларда бирдек ғийбат қилишга мойиллигимиз эса дўстларимиз ва ҳамкасбларимиз билан муносабатларимизни шакллантиради.

Интернет ана шу майлимизни қондириш борасида мукаммаллашиб бормоқда. Агар одамлар янги велосипед алмашиш дастури ҳақидаги блогпостга дуч келса ёки болаларга мураккаб математик мисолларни ечишда ёрдам берадиган видеоларни учратса, бажонидил “баҳам кўриш” тугмасини босади ёки электрон почта орқали унинг манзилини танишларига юборади.

Аксарият янгилик ва кўнгилочар веб-сайтлар ўзларининг энг кўп кўрилган материаллари ҳақида маълумот йиғади, яъни қайси мақолалар, видео ва мавзулар энг кўп кўрилгани, ўқилгани ва бошқаларга юборилгани тўғрисида кунлик, ҳафталик ва ойлик рўйхатларни тузиб боради.

Одамлар эса бундай рўйхатларга қисқача тавсиядек қарайди. Биламизки, ўқиш учун маълумотлар – юз миллиондан ортиқ блог ва сайтлар, миллиардлаб видеолар қалашиб ётибди. Ҳатто янгиликларнинг ўзи ҳам бир нечта ишончли манбалар томонидан тўхтовсиз эълон қилиб борилади.

Бундай маълумотлар оқимидан энг яхшиларини танлаб олиш учун кам сонли кишилардагина вақт бор. Қолганлар эса бошқалар нима улашаётганига қарайди.

Бунинг натижаси ўлароқ, энг кўп тарқатилган маълумотлар омма фикрини шакллантиради. Агар, мисол учун, молиявий ислоҳотлар ҳақидаги мақола ўша рўйхатга аранг кирса-ю, атроф-муҳит ҳақидагиси эса илинмай қолган бўлса, омма эътиборида ҳар иккиси ўртасидаги фарқ тезликда каттариб кетади. Одамлар молиявий ислоҳотлар тўғрисидаги мақолани кўпроқ улашгани сари фуқаролар буни давлат миқёсида долзарб экан, деб ҳисоблай бошлайди. Ҳатто бу муаммо кичик ва енгил, атроф-муҳит муаммоси анчагина долзарб бўлса ҳам, бунинг аҳамияти қолмайди.

Хўш, қандай қилиб баъзи мавзулар энг кўп тарқатиладиган хабарлар ичига киради-ю, баъзилари эса йўқ?

Бирор-бир нарсанинг оммалашиши учун, аввало, одамлар бу хабарни деярли бир пайтда кўпчиликка тарқатиши керак. Сиз Дениз Грейдининг мақоласини ёқтирган ва уни бир неча дўстингизга юборган бўлишингиз мумкин. Лекин хабар энг кўп жўнатилганлар рўйхатига кириши учун сиз қилган ишни бошқалар ҳам бирдай бажариши лозим.

Ҳаммаси тасодифан содир бўладими? Ёки бу оммалашув муваффақиятига эришиши учун бирор-бир изчил қонуният борми?

Элeктрон почтада кўп улашилганлар рўйхати таҳлили

Станфорд университети битирувчисининг ҳаёти тўкинсочинликдан анча йироқ. Менинг офисим, агар уни шундай аташ мумкин бўлса, атрофи баланд тўсиқли кабинка эди. У ўтган асрнинг 60-йилларидаги “бруталист” деб номланган архитектура услубида қурилган бинонинг деразасиз чордоғида жойлашган. Пастак бинонинг бетон деворлари шунчалар қалин эдики, ҳатто кичикроқ граната тушса ҳам бардош берадиганга ўхшарди. Мана шу кичкинагина жойда олтмиш чоғли киши зўрға сиғиб ўтирардик. Мен учга-уч метрли кичкинагина қутича келадиган офисимни яна бир талаба билан баҳам кўрардим.

Кўнглимизни ёритадиган биргина нарса, бу лифт эди. Битирувчи талабалар эртаю кеч ишлашлари лозим бўлар, шунинг учун махсус лифтга рухсатномамиз бор ва ундан йигирма тўрт соат фойдаланишимиз мумкин эди. Бу нафақат деразасиз иш жойимизга етишга кўмаклашарди, балки кутубхонага у ёпилган пайтида ҳам кириш имконини берарди. Жуда катта имтиёз эмас‐ку, ҳарқалай, фойдали эди.

У пайтларда онлайн хабар тарқатиш ҳозиргичалик мукаммал эмасди. Маълумот берувчи веб-сайтлар ҳозирда энг кўп тарқатилган хабарларнинг рўйхатини онлайн тарзда жойлаштиради, бироқ баъзи газеталар ҳам бу рўйхатни ўзининг босма нашрларида келтирган. “The Wall Street Journal” ҳар куни бир кун аввалги мақолаларидан энг кўп ўқилган ва электрон почта орқали энг кўп тарқатилган бештасининг рўйхатини эълон қиларди. Ана шу рўйхатларни кўздан кечирар эканман, беихтиёр хурсанд бўлиб кетдим, чунки улар нега баъзи нарсалар бошқаларидан кўпроқ улашилишини кўрсатувчи маълумотлар эди.

Шундай қилиб, маркалар йиғувчи ўз маркаларини йиққанидек, мен ҳам журналнинг энг кўп улашилган мақолаларини тўплай бошладим.

Худди овга чиққан бўридек, кунора махсус лифтда “ўлжа”ларимга йўл олардим. Кечалари қўлимда қайчи билан кутубхонага кириб, журналнинг энг сўнгги сонлари чоп этилган нусхалардан ўша рўйхатлар ёзилган парчасини қийиб олардим.

Вақт ўтган сайин тўпламларим ҳам кўпайиб кетди. Бир уюм мақолалар рўйхатини тўплаб, ишни бошлашга тайёр бўлдим. Рўйхатга кўз югуртирар эканман, улардаги муштарак жиҳатларни топишга ҳаракат қилардим. Бирида, қарасам, “Ўлик ҳудуд билан ишлаш: эр-хотин гаплашишга ўта чарчаган” ва “Дисней кийимлари катта қизлар учун” деган мақолалар рўйхатда турибди. Бошқа куни эса “Аутизмдек жумбоқни ечишда иқтисодчининг малакаси етармикан?” ва “Нега энди қуш кузатувчилари “iPod” ва лазер кўрсаткичлар кўтариб юрибди?” деган сарлавҳаларни ўқидим.

*

Хўш, бундай қараганда, мақолаларни бирлаштириб турувчи бир неча жиҳатлар бор. Дисней кийимларининг эр-хотинни чарчатадиган шароитга нима алоқаси бор? Ва аутизмни ўрганаётган иқтисодчиларнинг Диснейга нима дахли бор? Албатта, боғланишлар дарҳол кўзга ташланмайди.

Қолаверса, бир неча мақолани бирданига ўқишдан ҳам иш чиқмади. Буни эплашим учун кўпроқ ва яхшироқ меҳнат қилишга тўғри келади.

Хайриятки, ҳамкасбим Кэтрин Милкман янада самарали услубни таклиф қилиб қолди. Ана шу маълумотларни чоп этилган нусхадан қирқиб олишдан кўра шу жараённи автоматлаштиришнинг иложи йўқми?

Компьютер дастурчиси ёрдамида веб-сканер яратдик. Ҳеч ҳам чарчамайдиган китобхон каби у “The New York Times”нинг бош интернет саҳифасини ҳар ўн беш дақиқада текшириб, кўрганларини қайд этиб боради. Нафақат ҳар бир мақоланинг номи ва матнини, балки уни ким ёзгани, сайтнинг қайси қисмида келтирилгани (асосий саҳифадами ёки иловалар ичида яширилган ҳолатдами) ҳам эътиборсиз қолмайди. Сканер, шунингдек, мақола қоғоз нусханинг қайси бўлимида (мисол учун саломатлик ёки бизнес) ва қайси бетида (биринчи саҳифадами ёки қайсидир бўлимнинг охирги бетидами) эканлигини ҳам қайд этди.

Олти ой ичида шу муддат давомида чиққан барча мақолалардан иборат каттагина маълумотлар базаси қўлимизда эди. Деярли етти мингта мақола. Улар жаҳон янгиликларидан тортиб спорт, саломатлик ва технологиягача бўлган турли-туман мақолалар ва шуларнинг қайси бири электрон почта орқали энг кўп улашилгани ҳақидаги маълумотлардан иборат эди.

Бир кишининг улашиши эмас, балки ёши, моддий ҳолати ёки бошқа кўрсаткичларидан қатъи назар, барча мухлисларнинг бир‐бири билан бу маълумотларни улашиш даражасини ўргандик.

Мана энди, таҳлилларимизни ҳам бошлашимиз мумкин.

*

Дастлаб мақолаларнинг саломатлик, спорт, таълим ёки сиёсат сингари умумий мавзусига эътиборимизни қаратдик.

Таҳлилларга қараганда, таълим тўғрисидаги мақолалар спорт ҳақидагилардан кўпроқ улашилган, саломатлик ҳақидагилари эса сиёсат тўғрисидагиларга нисбатан юқумлироқ бўлиб чиққан.

Жуда соз. Аммо биз шунчаки қайси мавзулар кўпроқ муҳокама қилингани тўғрисидаги статистик маълумотлардан кўра, одамларни улашишга нима ундаганига кўпроқ қизиқардик. Хўп, спорт ҳақидаги мақолалар тамадди қилиш тўғрисидагилардан кўра камроқ улашилган бўлса, бунга сабаб нима? Бу худди одамлар мушукларнинг расмларини улашишни ёқтиради ёки стол теннисидан кўра пейнтбол ҳақида кўпроқ гаплашади, дегандай гап. Булар нима учун шундай бўлаётганини билдирмайди ёки мушуклар ва маълум турдаги спорт ўйинларидан ташқари нималар бўлишини олдиндан айтиш имконини бермайди.

Одамларнинг бирор нарсани улашиши сабаблари қизиқиш ва фойдалиликдан бўлиши мумкин. Ижтимоий қиймат мавзусида муҳокама қилганимиздек, қизиқарли мавзулар мароқли ва у ҳақда айтаётган одамда ҳам бу нарса акс этиб туради. Ёки энди кўриб чиқариладиган амалий қиймат мавзусида келтирилганидек, фойдали маълумотларни бошқалар билан улашган одам бошқаларга яхши кўрина бошлайди.

Ушбу назарияларни текшириш жараёнида биз тадқиқот учун ёрдамчи гуруҳ ёлладик ва уларга “New York Times”нинг ҳар бир мақоласини қизиқарлилик ва фойдалилик жиҳатдан баҳолаб чиқишни топширдик. “Google” ўзининг қидирув маълумотларидан фойдаланиб, грипп касаллигининг тарқалишини аниқлай олиш ҳақидаги мақолани жуда қизиқарли, “Broadway”

театрида актёрлар таркибининг ўзгариши ҳақидагисини эса зерикарли, деб топди. Ўз кредит рейтингингизни бошқариш ҳақидаги мақолалар фойдали, унчалик таниқли бўлмаган опера қўшиқчисининг ўлими тўғрисидаги мақола эса унчалик фойдали эмас, деб айтилди. Олинган маълумотларни статистик таҳлил дастурига бердик ва уларни энг кўп улашилганлар рўйхати билан қиёсладик.

Кутилганидек, иккала хусусият ҳам мақоланинг улашилишига таъсир қилган. Қизиқарлироқ мақолаларнинг кўп улашилганлар рўйхатига кириш эҳтимоли бошқаларига қараганда 25 фоизга, фойдалилариники эса 30 фоизга баландроқ бўлиб чиқди.

Бу натижалар нима сабабдан таълим ва саломатлик ҳақидаги мақолалар кўпроқ улашилганини тушунтириб беради. Қандай қилиб узоқроқ умр кўриш ва фарзандларимиз учун энг яхши таълим бериш ҳам қизиқарли, ҳам фойдалидир.

Аммо улар орасида илмий янгиликлар ҳақидаги мақолалар барча назарияларимизни бузиб турар эди. Бир томондан, бу мақолалар умумий мақолаларчалик ижтимоий қийматга ёки амалий аҳамиятга эга бўлмаган. Шунга қарамай, Дениз Грейдининг йўтал ҳақидаги мақоласи сингарилар энг кўп улашилганлар рўйхатига кирган. Аммо қандай қилиб?

Маълум бўлишича, илмий мақолалар кўпинча инновациялар ва кашфиётлар ҳақида маълумот беради ва китобхонларда маълум бир турдаги ҳиссиётларни уйғотади. Қандай ҳиссиёт дейсизми? Ҳайрат.

Ҳайрат қудрати

Тасаввур қилинг, Буюк Каньон четида турибсиз. Кўз ўнгингизда алвон рангли дара ястаниб ётибди. Каньон туби эса оёғингиз остидан бошланган тик жарлик тагида. Буларнинг барчасидан бошингиз айланиб, беихтиёр ортга тисариласиз. Қирғийлар эса қоялар устида айла ниб учяпти. Бу қоялар шунчалик қуруқ ва ўт‐ўлансизки, улар ойдаги қоялардан фарқ қилмайди. Сиз лолсиз. Бир вақтда ҳам ожизлик, ҳам юксалиш ҳиссини туясиз. Мана шу – ҳайрат.

Психологлар Дачер Келтнер ва Жонатан Ҳайдтларнинг фикрига кўра, бу туйғу одам улкан билим, гўзаллик, юксаклик ёки қудратдан илҳомланганда пайдо бўлади. Бу ўзингиздан улканроқ нарсаларга дуч келиш ҳолати, тажрибасидир. Унинг натижасида одам ўзи кўниккан меъёрлардан четлашади ва уларни юқоридан кўра бошлайди. Завқланиш ва руҳланишни ўз ичига олган ҳайрат буюк санъат ва мусиқа асарлари, диний маросимлар, ҳаяжонли табиий ландшафтлару башариятнинг жасорати ҳамда кашфиётлари туфайли юзага келиши мумкин.

Ҳайрат мураккаб туйғу бўлиб, кўпинча ажабланиш, кутилмаганлик ёки сирлилик каби ҳисларни қамраб олади. Дарҳақиқат, Альберт Эйнштейн айтганидек: “Биз ҳис қилишимиз мумкин бўлган энг ажойиб туйғу, бу сирсиноатдир. Бу барча чин санъат ва фан қудратининг асоси. Кимга бу туйғу бегона бўлса, кимки бироз тўхтаб атрофга ҳайрат билан боқа олмаса, ўзини яшашдан тўхтаган, деб ҳисоблайверсин.”

Ҳайрат, бошқа барча туйғуларга қараганда, одамлар “New York Times”даги мақолаларни ўқиганда пайдо бўлган ҳиссиётга мос келади. “Суратда акс этган сирли йўтал”ни олайлик. Йўталнинг расми ҳам сурат сифатида, ҳам ғоя сифатида ҳайратли эди: зерикарли деб ҳисобланиши мумкин бўлган йўтал ажойиб суратлар ҳосил қилиши ва асрлар бўйи давом этган тиббиёт муаммоларини ҳал қила олиши ажабланарлидир.

Одамлар мақолани ҳайрат туфайли бир-бирларига тарқатганини текшириб кўрдик. Ёрдамчи тадқиқотчилар мақолаларни қайтадан кўриб чиқиб, уларнинг ҳайратланарлилик даражасини баҳолади. ОИТСни даволаш ёки мия ўсмаси бўлишига қарамай ҳоккей ўйнашда давом этаётган ҳужумчи ҳақидаги мақолалар кўп ҳайратни оширган. Байрам мавсумидаги дўкон чегирмалари деярли ҳеч қандай ҳайрат чақирмади. Сўнг биз бу маълумотларни мақолалар неча марта улашилганлиги билан таққослаб таҳлил ўтказдик.

Ички сезгимиз панд бермади: ҳайрат улашишни кучайтирар экан.

Ҳайратланарли ҳодиса баён қилинган мақолаларнинг энг кўп улашилган рўйхатга кириш эҳтимоли 30 фоиздан кўпроқ эди. Аввал ҳеч қандай ижтимоий пул бирлиги ёки амалий аҳамиятга эга эмас, деб топилган мақолалар – Грейдининг йўталга бағишланган мақоласи ёки гориллаларнинг одамлар каби яқинларини йўқотганда тушкунликка тушиши кабилар ҳайратга сабаб бўлгани учун энг кўп улашилганлар рўйхатига қўшилган.

*

Интернетда энг кўп оммалашган айрим видеолар ҳам ҳайратни оширади.

Кулги тўлачадан келган оддий аёлнинг саҳнага чиқиши биланоқ бошланди. У қўшиқчидан кўра кўпроқ ошпазга ўхшарди. Биринчидан, у Британия истеъдодлари мусобақасида қатнашиш учун бироз ёши ўтган кўринарди. Қирқ етти ёшли бу аёл мусобақанинг бошқа иштирокчиларидан икки баробар каттароқ эди.

Аммо ундан-да муҳими, унинг кийимлари урфдан қолган, бошқа барча иштирокчилар мусобақа учун махсус кийинган, танага ёпишиб турувчи кўйлаклар, махсус тиктирилган камзуллар ва ёзги шарфлардан иборат башанг ва сўнгги урфдаги кийимларда эди. Аёлнинг устбоши эса нима киймаслик кераклигига кўпроқ мисол бўла оларди. Улар эски-туски кийимлар ва қайта сотилган “Easter” кўйлакларининг аралашмаси эди.

Камига, у асабийлашаётганди. Ҳайъат аъзолари савол бераётганда, аёл дудуқланиб қолди. Улар “Орзуингиз нима?” деб сўрашди. Аёл машҳур қўшиқчи бўлишни исташини айтганида, ҳакамларнинг хаёлидан ўтаётган фикрларни бемалол билиш мумкин эди: “Сиз-а! Профессионал қўшиқчи бўлмоқчимисиз?” Камералар томошабинларга қаратилганда уларнинг масхара қилаётгани, энсаси қотаётгани кўринарди. Ҳатто ҳакамлар ҳам истеҳзоли кулиб қўйишди. Улар аёлни саҳнадан иложи борича тезроқ йўқотишни исташарди. Барча белгилар унинг чиқиши омадсиз бўлиши ва шоудан тезгина четлашишини кўрсатаётган эди.

Ишлар бундан ҳам ёмон бўлиши мумкин бўлмаган мана шу шароитда у қўшиқ айтишни бошлади.

Худди шу пайт гўё вақт тўхтаб қолди!

Қўшиқ лол қолдирадиган даражада эди.

“Хўрланганлар” (Les Misérables) фильмидаги “Мен туш кўрдим” қўшиғининг илк оҳанглари томошабинларни чулғаб олар экан, Сюзан Бойлнинг нафис овози худди маёқ нури сингари таралди. Овоз шунчалик кучли ва гўзал эдики, одамларнинг эти жимирлаб кетди. Ҳакамлар ҳайратда эди, томошабинлар қичқирарди, қўшиқ сўнгида эса зал гулдирос қарсакларга тўлди. Айримлар йиғлай бошлади ҳам. Бу чиқиш одамларнинг оғзини ланг очиб қўйди.

Сюзан Бойлнинг Британия истеъдодлари танловидаги биринчи чиқиши энг кўп тарқалган видеолардан биридир. Тўққиз кун ичидаёқ видео 100 миллион томошабин йиғишга эришди.

Бу видеони кўриб, унинг кучи ва қалбига қойил қолмасликнинг имкони йўқ. У нафақат ҳаяжонли, балки ҳайратли ҳамдир. Ва бу ҳиссиёт одамларни уни улашишга ундаган.

Ҳар қандай ҳиссиёт ҳам улашишга ундайдими?

“New York Times” мақолаларини таҳлил қилиш бизда бошқа саволларни пайдо қилди. Фақат ҳайрат одамларни улашишга ундайдими ёки бошқа ҳиссиётлар ҳам шундай таъсирга эгами?

Ҳар қандай ҳиссиёт одамларни улашишга ундайди, деб айтишга асос бор. Бошқалар билан гаплашиш ҳиссиётларни янада кучайтиради. Агар лавозимимиз ошган бўлса, буни бошқаларга айтиб хурсанд бўламиз. Агар ишдан ҳайдалсак, бошқалар билан гаплашиб, бироз ҳовуримиздан тушамиз.

Туйғуларни баҳам кўриш одамларни яқинлаштиради. Айтайлик, мен Сюзан Бойлнинг чиқиши сингари ҳайратланарли видеони томоша қилдим. Агар уни дўстим билан ўртоқлашсам, унда ҳам шундай туйғулар пайдо бўлади. Бир нарсани ҳис қилишимиз иккимизнинг ўртамизда алоҳида алоқадорликни ҳосил қилади. У орамиздаги умумийликни кўрсатади, уларни ёдимизга солиб туради. Ҳиссиётларни улашиш мисоли елимга ўхшайди: муносабатларни мустаҳкамлаб, уларни кучайтириб туради. Гарчи бир жойда бўлмасак ҳам, бир нарсани ҳис қилиш иккимизни яқинлаштиради.

Аммо ҳиссиётни улашишнинг бундай фойдали жиҳатлари фақат ҳайрат билангина боғлиқ эмас. Улар барча ҳиссиётлар билан шундай.

Агар ҳамкасбингизга латифа айтсангиз ва иккалангиз ҳам мириқиб кулсангиз, бу ўзаро алоқадорликка урғу беради. Агар биз қариндошимизга иккимизнинг ҳам жаҳлимизни чиқарувчи мақолани юборсак, бу бир хил қарашларга эга эканлигимизни таъкидлайди.

Шундай экан, ҳар қандай ҳиссиёт қўзғовчи мавзу улашиладими?

Бу саволга жавоб топиш учун биз бошқа бир ҳиссиёт – қайғуни танлаб, маълумотлар базасига яна шўнғидик. Ёрдамчи тадқиқотчиларга ҳар бир мақоланинг қайғулилик даражасини баҳолаш топширилди. Кимнингдир вафот этган бувисини ёдга олгани ҳақидаги мақолалар қайғули, гольф мусобақасида ютиш ҳақидагилари эса қайғули эмас, деб топилди. Агар ҳар қандай ҳиссиёт мақолаларни улашишни кучайтирса, унда қайғу ҳам ҳайрат сингари таъсир қилиши керак.

Аммо амалда ундай бўлмади. Қайғу ҳатто акс таъсир кўрсатди. Қайғули мақолаларнинг энг кўп улашилган рўйхатга тушиш эҳтимоли 16 фоизга пасайган. Қайғунинг қайсидир жиҳати одамларни камроқ улашишга ундамоқда эди. Бунинг сабаби нима?

*

Турли ҳиссиётлар орасидаги энг яққол фарқ уларнинг ёқимлилиги ёки ижобийлик даражасида кўринади. Ҳайрат нисбатан ёқимли, қайғу эса ёқимсиз. Ижобий ҳиссиётлар улашишни кучайтириши, салбийлари эса камайтириши мумкинми?

Ёқимли ва ёқимсиз ҳиссиётларнинг одамлар нима ҳақида гаплашиши ва нимани улашишига таъсир қилиши бўйича кўпчиликда турлича тахминлар бор. Кенг тарқалган қарашларга кўра, салбий туйғулар бошқаларига қараганда юқумлироқ бўлади. Янгиликлар ҳақидаги “Қонли нарса эргаштиради” деган эски тушунчага назар солайлик. Унинг маъноси шундаки, ёмон хабарлар яхшиларига қараганда кўпроқ эътибор ва қизиқишга сабаб бўлади. Шу сабабли кечқурунги янгиликлар “Ертўлангизда яшириниб ётган саломатлик кушандаси ҳақида соат олтидаги янгиликларда кўпроқ билиб олинг” каби жумлалар билан бошланади. Муҳаррир ва продюсерлар салбий воқеалар томошабин эътиборини жалб қилиб, ўзига тортишига ишонади.

Шунга қарамасдан, сиз қарши ғояни илгари суришингиз мумкин: одамлар ижобий кайфиятдаги хабарларни улашишни афзал кўради. Ахир ҳаммамиз ҳам бошқаларни асабий ёки хафа қилишдан кўра хурсанд қилишга ҳаракат қилмаймизми? Шу сингари ижтимоий қиймат бобида муҳокама қилганимиздек, одамларнинг нимани улашиши ёки улашмаслиги кўпинча бошқалар қандай ўйлашига боғлиқ. Ёқимли нарсалар уларни айтаётган одамда ҳам акс этгани туфайли кўпроқ улашилади. Ахир ҳеч ким фақат ёмон ва қайғули хабарларни гапириб, тушкун одамга айланишни хоҳламайди.

Хўш, ижобий ҳиссиётлар салбийларидан кўра кўпроқ улашиладими, ё аксинчами?

Биз маълумотлар базасига яна қайтиб, ҳар бир мақоланинг кўтаринкилик даражасини баҳоладик. Бу сафар биз психолог Жейми Пеннебейкер томонидан ишлаб чиқилган матнни таҳлил қилувчи дастурдан фойдаландик. Дастур ҳиссиётларни англатувчи юзлаб сўзларнинг матнда неча марта учрашига асосланиб мақоланинг ижобий ёки салбийлик даражасини аниқлайди. “Менга откритка жуда ёқди, у бу ишни жуда яхши қилибди” жумласи нисбатан кўтаринки, чунки унда “ёқди” ва “яхши” сўзлари ишлатилган. “У жуда ёмон иш қилди, менинг кўнглимни оғритди” жумласи эса нисбатан тушкун, чунки унда “ёмон” ва “оғритди” каби сўзлардан фойдаланилган. Мақолаларнинг ижобий ёки салбийлик даражасини баҳолаб бўлгач, энг кўп улашилганлар рўйхатига кирган-кирмаганини таҳлил қилдик.

Натижа ҳеч қандай шубҳага ўрин қолдирмади: ижобий мақолалар салбийларидан кўра кўпроқ улашилган. Янги кўчиб келганларнинг Нью-Йорк шаҳрига боғланиб қолгани ҳақидаги ҳикояларга ўхшаш ижобий мақолаларнинг рўйхатга кириш эҳтимоли машҳур ҳайвонот боғи ходими ўлимининг тафсилотлари ҳақидагиларга нисбатан 13 фоиз баландроқ бўлган.

*

Ниҳоят, биз ишонч билан ҳиссиётлар узатилишга қандай таъсир қилишини тушундик, деб айта оладиган бўлдик. Одамлар ижобий нарсаларни салбийларга нисбатан кўпроқ улашади.

Аммо салбий ҳиссиётлар улашишни камайтиришига ишонч ҳосил қилиш учун ёрдамчиларимизга сўнгги топшириқ тайинладик. Ҳар бир мақолани қолган икки асосий салбий ҳиссиёт – ғазаб ва хавотир бўйича баҳолаб чиқишни сўрадик.

Уолл Стрит банкларидаги раҳбарларнинг иқтисодий таназзул вақтида катта мукофотлар олаётгани ҳақидаги мақолалар кучли ғазабга сабаб бўлди, ёзги мавсум учун футболкалар ҳақидаги мақолалар ҳеч қандай ғазаб қўзғатмади. Қимматли қоғозлар бозоридаги пасайиш одамларда хавотир уйғотса, “Эмми” мукофотига номзодлар ҳақидаги мақолалар бундай таъсир қилмади. Агар одамлар яхши нарсаларни кўпроқ, ёқимсизларни камроқ ўртоқлашганда эди, ғазаб ва хавотир худди қайғу каби улашишни камайтирган бўларди.

Аммо акси бўлди. Ғазаб ёки хавотир уйғотувчи мақолаларнинг энг кўп улашилганлар рўйхатига кириш эҳтимоли баландроқ эди.

Биз жуда таажжубланиб қолдик. Мақоланинг ижобийлиги ёки салбийлигидан кўра мураккаброқ омиллар уларнинг тарқатилиш даражасига таъсир қилаётган эди. Бироқ қайси омил?

Ўт олдириш: руҳий қўзғалиш илми

Ҳиссиётларни ижобий ва ёқимли, салбий ва ёқимсиз турларга таснифлаш ғояси юзлаб, минглаб йиллардан бери мавжуд. Ҳатто ёш бола ҳам шодлик ва ҳаяжон яхши, хавотир ва қайғу ёмон туйғу эканини билади.

Аммо кейинги йилларда психологлар ҳиссиётларни бошқа бир белгисига кўра таснифлаш мумкинлигини муҳокама қила бошлади. Яъни уларнинг фаоллашуви ёки физиологик қўзғалиш асос қилиб олинди.

Физиологик қўзғалиш нима ўзи? Кўп сонли тингловчилар олдида нутқ сўзлаганингизни эсланг. Ёки жамоангиз катта ғалабага эришиш остонасида турганини. Томир уришингиз тезлашган, кафтингиз терлаган, кўксингизда юрагингиз дукиллаётганини сезасиз. Шун дай ҳолатни қўрқинчли фильм кўрганингизда ёки табиат қўйнида ҳордиқ чиқараётганингизда, чайлангиз ташқарисидан келган нотаниш товушни эшитганингизда сезган бўлишингиз мумкин. Ақлингиз ҳеч қандай хавф йўқлигини айтаётган бўлса‐да, бутун вужудингиз бунинг аксини ҳис қилади. Барча сезгилар кучайган. Мушакларингиз таранг ва ҳар қандай овоз, ҳид ёки ҳаракатга огоҳ турасиз. Бу қўзғалишдир.

Қўзғалиш – фаоллашиш ва ҳаракатга тайёрланиш ҳолати. Юрак тез уриб, қон босими кўтарилади. Бу эволюция орқали аждодларимизнинг ибтидоий миясидан бизгача етиб келаётган хусусият. Физиологик қўзғалиш организмнинг овқат топиш ёки йиртқичлардан қочишга ёрдам берадиган “курашиш ёки қочиш” механизмидир.

Биз узоқ вақтлардан бери таомимиз ортидан қувмаймиз ва бизни еб қўйишларидан қўрқмаймиз. Аммо бундай фаоллашиш ҳалигача кўплаб кундалик ишларимизга таъсир қилади. Қўзғалган пайтимизда биз ҳаракат қиламиз. Қўлларимизни ишқалаб у ёқдан-бу ёққа юра бошлаймиз. Муштимизни кўрсатиб хона бўйлаб югурамиз. Қўзғалиш олов учун учқун беради.

Ғазаб ва хавотир каби ҳиссиётлар эса кучли қўзғалишни чақиради. Жаҳлимиз чиққанда мижозларга хизмат кўрсатувчи ходимларга бақирамиз. Хавотирланганимизда нарсаларни қайта ва қайта текширамиз. Ёқимли ҳиссиётлар ҳам қўзғалишга сабаб бўлади. Ҳаяжонни олайлик. Ҳаяжонланганимизда, жим ўтиришдан кўра бирор нарса қилишни афзал кўрамиз. Ҳайратланганда ҳам шундай бўлади. Бирор нарсадан руҳланганимизда, буни иложи борича тезроқ улашишга уринамиз.

Бошқа ҳиссиётлар эса акс таъсирга эга – улар ҳаракатларга тўсқинлик қилади.

Қайғуни олайлик. Муносабатлар тўхташи ёки яқин кишисининг ўлимидан кейин бирор нарса қилиш ўрнига кўпчилик жимгина қайғуга берилади. Улар қулай кийим кийиб, диванда ғужанак бўлиб оладилар-да, бир коса музқаймоқ ейишга тушадилар. Мамнуният ҳам ҳаракатсизликка сабаб бўлади. Бундай ҳолатда одамлар хотиржам бўлиб қолади, юрак уриши секинлашиб, қон босими пасаяди. Улар умуман олганда хурсанд, аммо бирор нарса қилиш керак, деб ҳисобламайди. Узоқ ва ёқимли душ ёки ажойиб уқалашдан кейин ўзингизни қандай ҳис қилганингизни эсланг. Сиз дарҳол ишга киришиб кетгандан кўра жим ўтиришни афзал кўришингиз эҳтимоли катта.



Руҳий қўзғалиш қанчалик муҳим роль ўйнаши мумкинлигини тушунганимиздан сўнг биз яна маълумотлар базасига қайтдик. Ёдга солиш учун қайтараман, шу пайтгача биз ҳайрат улашишни кучайтириши, қайғу эса камайтиришини аниқлаган эдик. Аммо барча ёқимли ҳиссиётлар ҳайрат сингари, ёқимсизлари эса қайғу каби таъсир қилишини аниқлаш ўрнига, ғазаб ёки хавотир каби салбий туйғулар ҳам улашишни кучайтиришига дуч келдик. Руҳий қўзғалиш – бу топишмоққа жавоб бўлармикан?

Ҳа.

Қўзғалишни тушуниш шу пайтгача олинган натижаларни умумлаштиришга имкон берди. Ғазаб ва хавотир одамларнинг улашишини кучайтирди, чунки улар ҳайрат каби юқори қўзғалишли ҳиссиётлардир. Улар оловни алангалатади, одамларни фаоллаштиради ва ҳаракатга ундайди.

Қўзғалиш – кулгили нарсаларнинг ҳам оммалашиш сабабларидан биридир. Стоматолог оғриқсизлантиргандан кейин боланинг ҳолати ҳақидаги (“Стоматолог билан учрашган Дэвид”), чақалоқ акасининг қўлини тишлагани тўғрисидаги (“Чарли яна қўлимни тишлаб олди!”) ёки “Ширинликлар тоғи”га бориб, буйрагини ўғирлатиб қўйган яккашох (“Яккашох Чарли”) “Youtube”даги энг оммалашган видеолардан. Улар ҳаммаси бўлиб 600 миллион марта томоша қилинган.

Бу видеолар шунчаки кулгили бўлгани учун оммалашган, дейиш осон бўлса‐да, бу ерда ундан ҳам муҳим омиллар роль ўйнамоқда. Қачон охирги марта жуда ҳам кулгили латифани эшитиб ёки қизиқарли клипни кўрганингиздан кейин уни бошқалар билан бўлишиш ҳисси уйғонганини эсланг. Руҳлантирувчи ёки ғазабимизни қўзғатувчи нарсалар сингари кўнгил ёзиш ҳам юқори қўзғалиш чақиргани учун ушбу кулгили нарсалар улашилган.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации