Текст книги "Қасоскор қашқирлар 2-китоб"
Автор книги: Исокжон Нишонов
Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 10 (всего у книги 10 страниц)
14
Кутилмаганда алоқа узилди. Шеригининг дили ғаш бўлиб, бетоқатланди. У бир неча бор сигнал жўнатди. Бирортасига жавоб қайтмади. Шундан кейин юрагига ваҳима тушди. Асабийлашиб, кимларнидир сўкди. Сўфи нима қилишини билмай, бурчакда писиб ўтирганича шеригига қарамасликка ҳаракат қиларди. Олдиндан келишилганидек, эртага қабр остидаги қасрни тарк этишлари лозим. Модомики, ташқаридаги тўс-тўполонлар босилмаган бўлса, яна бир-икки кун шу ерда қолишларига тўғри келади. Кўнглидаги ғашлик илон заҳридек вужудига ёйилди. Хаёл уни турли кўчаларга олиб кирди. «Қўлга тушиб қолган бўлса-я», деган хавотир тинч қўймасди. Ҳасаннинг сотиб қўймаслигига ишониб бўлмасди.
Сўфи борган сайин безовталанар, гўё милиция тутиб кетадигандек, тиззаси устига ташланган қўллари титрар, юзи докадек оқариб борарди. У қўлини қонга ботиришни ўйламаганди. Ҳасаннинг олдига иш сўраб боргани, унинг сўзларига ишониб, кутилмаганда жиноятга илашиб қолганидан изтироб чекарди. Мана, энди пешонасига «қотил», деган тамға босилди. Жиноятчиларга шерик бўлди. Улар «хўжайинни қўрқитиб, бойлигини олиб чиқамиз», дейишганди. Ким билсин, балки булар илгари ҳам кимларнингдир қонини тўкиб, бойлигини ўмариб, қабиҳ ишларини яшириш мақсадида ер остидаги мана бу «қаср»да жон сақлашгандир.
Сўфининг кўзига дунё тор кўриниб, юраги қонга тўлиб, кўзларига ёш келди. У ёш боладек овозсиз, энтикиб йиғлади. Атрофида сочилиб ётган даста-даста пуллар, кўзни қамаштирган тиллалар энди кўзига илондек совуқ кўринарди. Даҳшатли қўрқув уни шу қадар қаттиқ исканжасига олган эдики, ёнида бағрини ерга босиб ётган шеригига бирор гап айтишга ҳам ботинолмасди. Ниҳоят юрак ютиб:
– Худо хоҳласа, ишлар босилиб кетса, менга рухсат берасиз, – деди овози титраб.
Полвон бошини кўтарганида тунд, салқиб кетган башараси шу қадар совуқ кўринди-ки, Сўфи айтган сўзидан афсусланди.
– Бўри боласига қанчалик яхшилик қилмагин, барибир ўзини ўрмонга уради, деган нақл ҳақ экан. Сен хунаса, шукр қилиш ўрнига биздан ажралишни истайсан, энди ҳеч қаёққа қочиб кетолмайсан. Тўрга илиндинг!
– Ундай деманг, хўжайин. Ҳали бола-чақаларим ёш, қўлидан иш келмайди, – бу ҳеч кимнинг сўзини қайтармайдиган, қўрқувдан юраги титраётган Сўфининг сўзи эди. – Менсиз улар қийналиб қолишади.
– Нима, бола-чақа фақат сенда борми? Биттамиз қўлга тушсак, биласанми нима бўлади? Отишади. Бизнинг ишимиз «группавой» жиноятга киради.
Сўфи қовоғини уюб, полвонга кўз ташлаб:
– Мен нима гуноҳ қилдим? – деди худди отилиб кетадиган одамдек ваҳимага тушиб.
– Ҳали ўзингни гуноҳсиз ҳисоблаяпсанми? Ахир кимсан, вилоятда номи чиққан Раҳимхоновнинг қотилисан-ку! – тантанавор оҳангда деди хўжайин.
– Мен уни ўлдирганим йўқ! – кескин жавоб кайтарди Сўфи.
– Нима, нима, мен ўлдирмадим дейсанми? Хов, хомкалла, унинг қорнига пичоқни ўзинг урдингку!
– Ёлғон, туҳмат! – қўлларини мушт қилиб қичқириб юборди Сўфи.
– Пичоқни сен ушладингми? Раҳимхоновнинг қони кимнинг кўйлагига сачраган, қонга ботган пичоқни ким рўмолчасига ўраб, каналга ташлади? Ҳарқалай, мен бўлмасам керак? Билиб қўй, чўғни ким ушласа, ўшанинг қўли куяди. Пичоқда сенинг бармоқ изларинг қолган.
Сўфи бошини чангаллаб йиғлаб юборди.
Полвон қўрқоқ, латта одамларни ёқтирмасди. Сўфини бу йўлга эргаштириб, хато қилганини англади. Жиноятчиларнинг қонуни бундай одамларни кечирмайди. Уларни тезда ўртадан олиб ташлашади. Хўжайин қўлини қўйнига солди. Тўппончанинг дастасидан тутди-ю бироқ бу ерда уни ишлатиб бўлмаслиги ёдига тушди. Қўлини гилам устида сочилиб ёгган олтин тангаларга чўзди…
Ҳасан қўлга олиниб, зудлик билан ички ишлар бўлимига етказиб келинди. У аввалига «тобим йўқ, жавоб беришга ярамайман», деб туриб олди. «Тез ёрдам» бўлимидан чақирилган навбатчи ҳаким унда касаллик аломатларини тополмади. Унинг мақсади вақтдан ютиш эди. Белгиланган соатда алоқага чиқмаса, шериклари шубҳаланиб, жойини тарк этиши лозим эди. «Сиз Раҳимхоновнинг ўлимида айбланмоқдасиз», дея айблов варақаси ўқилганида, Ҳасан буни яна инкор этиб, «Раҳимхоновни танимайман», деб туриб олди. Суд-тиббий экспертизасининг хулосаси, далилий ашё сифатида сақланаётган колбаса олдига қўйилганида тили айланмай қолди.
– Бу рўмолча сизникими? – терговчи целлофан халтадаги қонга беланган рўмолчани ҳам Ҳасаннинг олдига қўйди. У рўмолчани шу заҳотиёк таниди. Сўфи пичоқни ўраётганида назари тушганди. «Дарров топишибди-да», нафрат билан хаёлидан ўтказди. «У қаерда тушиб қолдийкин?» Бўйнига олай деса, рўмолчани топиб олинганидан бехабар, олмаса шерикларини сотиб қўйиши мумкин. Таваккал қилишга мажбур бўлди.
– Меники, – деди терговчининг ўқцек қадалиб турган кўзларига қараб.
– Буни қаерга ташлагандингиз? – Ҳасаннинг бўзрайган чеҳраси терговчининг бу саволини эшитганидан кейин яна ҳам оқариб кетгандай туюлди.
– Эсимда йўқ, – бепарволик билан жавоб қайтарди айбланувчи.
– Яхшилаб ўйлаб кўринг, балки асфальт йўл четидаги ўт-ўланлар ичига улоқтиргандирсиз?
Ҳасан терговчининг ўсмоқчилаб сўроқлаётганини тушунди. Шу боис жавоб қайтаришга ошиқмади.
– Бўлса бордир, ахир мен ўша куни маст эдим.
– Биз буни Шимолий Фарғона каналининг бешинчи километридан топиб олдик. Уни эса шерикларингиз улоқтириб кетишибди, – ростини айтди терговчи. Ҳасаннинг оқарган чеҳрасида ҳаяжон аломатлари пайдо бўлди.
– Айтдим-ку сизга, менинг шерикларим йўқ, ёлғиз ўзим эдим.
– Балки бу рўмолча Сўфиникидир?
– Нима, уларни тутдиларингми? – безовта бўла бошлади Ҳасан.
– Ҳозирча уларни қўлга олганимиз йўқ, аммо Сўфи сизнинг шеригингиз эканлиги тўғрисида бизда маълумотлар бор, – босиқлик билан деди терговчи. Ҳасан катта хатога йўл қўйганини, қаршисидаги терговчининг тузоғига осонгина илинганини тушунди. Энди айбни яширишнинг фойдаси йўқ. Ҳасан бошини чангаллаганича бўлиб ўтган воқеани сўзлаб бериш учун терговчига юзланди…
15
Полвон уйғониб, соатига қараганида вақт тунги 04:30 бўлганди. Ҳадемай тонг ёришади. Ҳасандан дарак бўлмади. Телефон жирингламади. Унга нимадир бўлган? Тили узун эди, бирор ерда гуллаб, қўлга тушгани аниқ. Бу ерни тезроқ тарк этиш, қўшни Қирғизистонга қочиш лозим. Ўтаётган дақиқалар ғанимат. Хўжайин ғужанак бўлиб ётган Сўфининг оёғига тепиб, уйғотди.
– Наҳс босиб ётаверасанми, иблис? Тур ўрнингдан, тезроқ кийин, кетамиз!
Сўфи уйқуга тўймаган кўзларини ишқалаб, ўрнидан турди. Шериги атрофда сочилиб ётган тиллаларни йиғиштирди. Темир қутини қўйнига тиқди.
Тугунни Сўфига тутқазди.
– Тайёрмисан, қани кетдик!
Чироқ ўчирилди. Сўфи қоронғида ҳеч нарсани кўрмай қолди. Хўжайин қўллари билан темир шотини пайнаслаб топди ва тепага тирмашди. Ортидан Сўфи эргашди. Ташқарига чиқишганда, аста-секин тонг ёришаётган, осмоннинг бир чети бўзариб қолганди. Барвақт уйғонган қушлар кўкда чарх уриб кезарди. Жимжитлик қўйнида мудраётган қабристон уларни совуқ қарши олди. Сўфи осмонга тикилди. Тонгнинг енгил ҳавосидан симириб-симириб нафас олди.
– Энди қаёққа? – сўради Сўфи.
Шериги жилмайди. Жилмайли-ю бу табассум унинг юзидаги совуқ ифодани, кўзларидаги ғазабни яшира олмади.
– Энди шу ерда ажрашамиз. Мен бошим оққан томонга кетаман. Сени эса… Афсуски, ортимдан эргаштириб кетолмайман!
– Менинг улушим нима бўлади?
– Қанақа улуш?
– Олтинларнинг учдан бири менга тегиши керак эди-ку?
– Сенга олтин керакми?
– Бола-чақаларимга…
Шериги икки бош бармоғининг орасидан бошмолдоғини чиқарди.
– Мана!
Сўфи нима дейишини билмай қолди. Шериги қўйнидан тўппончасини чиқарди.
– Сен билан шу ерда хайрлашишимизга тўғри келади.
Тўппончани кўриб, Сўфи йиғлаб юборди.
– Ундай қилманг, бола-чақаларим бор, Худо хайрингизни берсин, ўла-ўлгунимча қулингиз бўлай!.. Тиллаларни бермасангиз ҳам майлига…
Қабристонда отилган ўқ овози атрофдаги сукунатни бузиб юборди. Қуриб-қовжираб қолган ўтўланлар остида яшириниб ётган ўткинчи қушлар ҳуркиб, кўкка кўтарилди. Осмонда доира ясаб учишди. Бироқ борар манзилларини билмай, яна қўноқларига қайтишди. Кўзларини юмиб олган Сўфи ўқ нишонга тегмаганини билди. Кўзларини очиб, бошини кўтариб, шеригига қаради. Унинг қўлидаги қурол кўринмасди. Сўфи атрофга аланглади. Кўзи тепалик сари тирмашиб чиқаётган тўрт нафар милиция ходимига тушди. Шериги қочмоқчи бўлиб, пастга бурилди.
– Мақсуд! – қичқирди Камолов. – Ортиқча ҳаракат қилма. Атроф қуршаб олинган!
Сўфи шундагина қонга беланган одамнинг исми Мақсуд эканлигини билди…