Электронная библиотека » Исокжон Нишонов » » онлайн чтение - страница 5


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 04:00


Автор книги: Исокжон Нишонов


Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 5 (всего у книги 10 страниц)

Шрифт:
- 100% +

«Барибир топдим, энди мендан қочиб қутулолмайсан, Мирхолдор. Жонинг қўлимда. Сен ҳам қочиб кетолмайсан, сассиқ кампир».

Саид ичкарилади. Димоғига урилган ёқимсиз исдан акса урди.

– Ким?! – Мирхолдорнинг овози эди бу. Ичкари қоронғу бўлганлиги учун у пойгакдаги одамни танимади.

– Ҳайдар, сенмисан?!– такрор овоз қилди чўл эгаси.

– Кунинг битди, тўнғиз!

Саид яқинроқ борди, милтиқ учини Мирхолдорнинг яланғоч баданига тиради.

– Саид, бу сенми?!

У ўрнидан турмоқчи бўлди. Қасоскорнинг қайтиб келишини кутмаганди.

– Менман, нима, келишимни кутмаганмидинг?

– Келган бўлсанг, ишингни давом эттиравер. Гуноҳингдан кечдим?

– Сен кечадиган қандай гуноҳ қилдим?

– Биласанми, жаҳл келганида ақл кетаркан, сени ноҳақ жазолаганим учун ўзим ҳам қийналдим.

– Мен сенинг гуноҳингдан кечмадим, қасос олгани келдим.

– Саид…

– Саид ўлган, унинг арвоҳи келди!

– Саид, ақлингни йиғ…

Қасоскор гаплашиб ўтиришни истамади. Тепкини босди. Варанглаб чиққан ўқдан таралган қизғиш шуъла хонани оний лаҳзага ёритди-ю, сўнди. Иккинчи тепкини ҳам босди, аммо ўқ отилмади. Саид шахд билан ортига ўгирилиб, чодирдан йироқ кетаркан, ортидан Султонхоннинг чинқириги қувди.

– Оғзингдан қонинг келсин!!

Бунга аҳамият бермади. У ўз ишини адо этиб бўлганди.

Чодирдан анча олислаб кетган Саид бирдан тўхтади. Умрининг маълум онлари ўтган кулбага маъюс кўзларини тикди. Дириллаган лабларидан шундай сўз учиб чиқди.

«Ўқ тегдимикин?»

Бу пайтда оёқ изларини топган Ҳайдар кулбаси томон келарди. Мадори қуриганди. Ваҳимали ўйлардан боши айланарди. Хўжайин «Саид қани?» деб сўраса, қандай жавоб қайтараман», деб ўйларди. «Отиб ўлдирдим, жасадини кўмиб ташладим», деса ишонармикин? «Кўмган жойингни кўрсат?», деб сўрамас. Аммо милтиқни сўрайди.

Ўйлаган ўйи оёқларига кишан бўлиб уриларди.

Ҳайдар юришни ҳам, туришни ҳам билмай ҳайкалдек қотиб қолди. Ишқилиб қўшотарни сўрамасин-да? У юраги эзилиб, яна йўлда давом этди. Навбатдаги бархандан ўтганида, чодир кўринди. Мирхолдор «Ичкарида бўлса керак», деб ўйлади. Чодир ютиб юборадигандек кўзига совуқ кўринди.

Ҳайдар Мирхолдорнинг турқи-тароватини кўз ўнгига келтирди, ғазабидан чўчиди. Очлик ичини каламушдек кемирарди. Ташналик ичига ўт ёқарди. «Ўлдирса ўлдирсин, ростини айтаман», дерди ўзигаўзи.

Бўронда қолган одамдек чайқалиб пастга тушди. Чодирга яқин қолганида яна тўхтади. Сув ичгиси келди. Бироқ пақир бўш эди. Томчи ҳам қолмаганди. Ҳайдар ўзини ерга ташлаб, йиғлаб юборди. Бир қадам босса, ичкарига киради. Хўжайиннинг кулбасидаги идишларда доимо сув туради. Тўйгунча ичиши мумкин. Бироқ ичкарига киришга ҳаққи йўқ. Мирхолдор тақиқлаган.

– Хўжайин, – зўрға шивирлади Ҳайдар.– Ҳо, хўжайин…

Жавоб қайтмади. У баландроқ овозда яна чақирди.

– Хўжа..йин..н…

Садо бўлмагач, илондек судралиб ичкарилади. Остонадан ўтиб, чўзилиб ётган жасадга кўзи тушди.

– Ё, Оллоҳ!

Қўрқиб кетган Ҳайдар калимасини ўгириб орқага қайтди. Юраги кўксини ёриб чиққудек гурсиллаб тепарди.

* * *

Султонхоннинг кўзлари милтиқнинг учи ўзига қаратилганлигини кўриб, дами ичига тушиб кетди. Аммо ундан қизил рангли ажал алангаси отилиб чиқмади, тирс этган товушгина эшитилди. Саид ортига бурилиб, чодирдан чиқиб кетди. Аёл бир неча соатларга тенг бўлган дақиқалар мобайнида нафасини ичига ютиб, қимирламай ётди. Кейин бирдан чинқириб юборди.

Султонхон Мирхолдорнинг кўкрагидан итариб, ёнбошига ағдарди. Димоғи қон исини туйди. У ҳали жон таслим қилмаганди.

– Султон… – бошини кўтариб тепасида турган аёлга юзланди чўл эгаси.– Бирорта буюм топиб бер, қон кетяпти, ўлиб қоламан!

Ўқ Мирхолдорнинг ўнг елкасига ботганди. Титилиб кетган этлари орасидан қон оқарди.

Аёл қаердандир латта топиб келди.

– Ярамни боғла, қонни тўхтат, – илтимос қилди Мирхолдор.

– Барибир ўласан, ярангни боғлаб нима қилардим, – лабларини чўчайтириб деди аёл. – Сенга қўшиб мени ҳам отиб кетаёзди, Худонинг балосига йўлиққир!

Мирхолдор оғзига ёмон сўз олди.

– Онангни… қанжиқ, ифлослигингни билганимда… – вужудига ёйилган оғриқ уни гапиртиргани қўймади. Оғзини очганида ярасида санчиқ турди. Ҳозиргина қучоғида тўлғаниб, бўйнига қўлларини ташлаб, «сиз билан бирга бўлиш мен учун бахт», дея эркаланиб ётган аёлнинг бунчалик ўзгариб қолганига чидаёлмади. Жувон унинг қаҳрли нигоҳларига, заҳардан аччиқ сўзларига парво қилмади. Бу ердан тезроқ кетишни ўйлади. Хаёлига халталар келди. Мирхолдор уларни тўшак остига яширганди…

Султонхон ярадорни оёғидан тортиб, пастга туширди. Тўшак остидан халталарни олди. Буни кўриб, Мирхолдорнинг жаҳли чиқди.

– Нима қиляпсан, тегма, тегма уларга!.. – ҳам ялиниш, ҳам нафрат билан ингради. – Олиб кетсанг ортингдан ажал қувади. Яхшиси тегма…

– Энди буларнинг сенга кераги йўқ, ошингни ошаб, даврингни сурдинг. Навбат меники!

– Пулларнинг бир қисмини ол, ярмини қолдир, – жувоннинг қайтмаслигини билиб, уни муросага чақирди Мирхолдор. – «Дори»га эса тегма. Эгалари ўлигингни ҳам тинч қўйишмайди!

– Яқинларингни отиб ўлдирдинг, Ҳайдар билан Саид эса сени ташлаб қочди. Мени бу ерга келганимни ит ҳам кўрмади? – Ўз билганидан қолмади аёл. – Ёки тирик қолишингга ишоняпсанми?!

Мирхолдор ўрнидан турмоқчи бўлди, аммо ўқ теккан жойида шундай қаттиқ оғриқ турди-ки, чидамай додлаб юборди…

Икки қўлида икки тугун кўтарган Султонхон ташқарига чиқди. Тун ярим бўлганди. Осмон ой ва юлдузларсиз танҳо эди. Тезда бу ердан силжишни ўйлади. Мунтазам қатнайдиган йўлидан юролмасди. Танишларига дуч келиб қолиши мумкин. Улар истаган пайтда бу ерга келишини биларди.

Аёл қаршисидаги бархандан ошиб ўтишга қарор қилди. Назарида саҳро поёнсиз эмасди. Яқин атрофда бирорта қишлоқ борлигига ишонди.

Жувон чиқиб кетгандан кейин юраги бойлик ишқида ёнган Мирхолдор оғриқ ва азобни унутди. Йигитлик йиллари уч-тўрт йил тиббиёт олийгоҳида таҳсил олган ва қандайдир сабаб билан ўқишдан ҳайдалганди. Ўқ танасининг қанча жойига кириб борганини, қайси ҳужайралар зарарлаганини яхши биларди. Қўлини сийдиги билан ювиб, ўқ қадалган жойни пайпаслади. «Пнемоторокс», деди касалига ўзича ташхис қўйиб. Рўмолчасини сийдигига бўктириб, яра ичига тикди. Қон тўхтади, оғриқ босилгандек бўлди.

Хаёлидан Султонхон кетмасди. У олиб кетган бойликларга чидаёлмасди. Аламдан юраги ёнарди. «Мендан қочиб қутулолмайсан, барибир қўлимга тушасан, тутган жойимда чотингнинг орасидан бўғзинггача тилиб ташлайман, кўзларингни ўйиб, тилингни суғуриб оламан», дерди ўзига – ўзи.

Мирхолдор ўрнидан турди. Ташқарига чикди. Атрофга боқди. Султонхон кўринмади. Қайси бирининг ортидан бориш керак? У бир зум ўйлади ва жувон кетган томонга юрди. Туядек хўкиллаб, катта-катта одим отиб борарди. «Қанжиқ, ҳали сен менинг ўлишимни кутувдингми? Бойликларни сенга топшириб ўладиган жинни йўқ. Чангалимдан қочиб қутулолмайсан. Тутиб олсам, яланғочлаб, кетмон сопига ўтқазмасам, отамнинг ўғли эмасман. Сен мени ким деб ўйловдинг, мегажин?».

Мирхолдор кўнглига келган гапларни тилидан чиқариб, йўлида учраган чўп – ўтларни оёғи билан топтаб, Султонхоннинг кетидан кетиб борарди. Бироқ унинг ғазабга тўлган кўзига жувоннинг қораси кўринмасди. Кўрганлари қум, ўт-ўланлар бўлди. Ачинарлиси яраси шилиниб, кенгайиб, қон кетиши тезлашиб борарди…

Бу пайтда Саид ҳам ўқсиз милтиқни ташлаб, саҳронинг ўртасида ўзига маълум бўлмаган томонга кетиб борарди. Мирхолдорнинг ўлганига ишонарди. «Кунинг аллақачон битганди, аллақачон ернинг тагига кириб кетишинг керак эди», дерди ўзига-ўзи қилган ишидан мамнун бўлиб. Султонхон-чи? Ўқи тугамаганида, отиб ташларди. Нега қўндоқ билан бошини ёрмади? Ахир у тирик гувоҳ-ку? Мирхолдорнинг одамларига айтиб бериши мумкин.

Саиднинг ёдига тушди: Ичкарига кирганида Мирхолдор уни танимади. «Ҳайдар», деб қичқирди. Буни Султонхон ҳам эшитди. Шундай бўлгач, танимаган. Нима бўлса бўлар, фикрлашда давом этарди Саид. «Танигани билан нима ҳам келарди, қўлидан? Бугун-эрта бу ерда исим ҳам қолмайди. Юрагимдаги биргина алам Ризодан. Уни кўрсам, тириклигимни билдирсам, оёғимга тиз чўктирсам, мана шу қўлларим билан бўғиб, ўлдирсам, юрагимнинг тафти босиларди. Кейин тутиб оладиларми, бошимни дорга иладиларми, билганларини қилишсин»!

…Кун қиёмига келганди. Офтоб кўкдан олов пуркарди. Ўзи билан ўзи гаплашиб бораётган Саид қачонлардир қазилган, пишган ғишт билан доира шаклида урилган қудуққа дуч келди. Бошини эгиб, пастга назар ташлади. Сувсиз эди. Қудуқ ичига тушиб, салқинламоқчи, мадорсиз танасига куч йиғмоқчи, кечки пайт яна йўлда давом этмоқчи бўлди. Қудуқ одамни кўмадиган даражада эди.

Бошидан жазирама иссиқ ўтган Саид пастга тушди. Салқин ҳаво жонига ҳузур бағишлади. Илондек ғужанак бўлиб ётди. Кечадан бери киприк қоқмаганди. Тундаги воқеалардан асаби таранглашганди. Барча азоб-у-қийноқларни унутиб, ҳузур қилиб ухлади. Кўзини очганида, шом қоронғулиги тушганди. Руҳи тетиклашиб, танасига куч йиғилиб, ўзини анча дадил ҳис этди. Кимнингдир қичқирган овозидан уйгониб кетди; Ким бу?

Саид ўрнидан турди. Тепага тирмашди…

Султонхон ўзида йўқ шод эди. Икки қўлида иккита тугунни кўтариб, илдамлаб, шахдам одим отиб борарди. Кўзларига бирор қишлоқ кўринмаганига, тобора қум тепалар ичига кириб бораётганига ҳайрон бўлмасди. Бошини қўлидаги бойликлар айлантирганди. Сувсизлик, очлик ва толиқишни ҳам ҳис этмасди. «Тезроқ уйимга етиб борсам бўлди», деб ўйларди. Мирхолдор «дори»нинг ўзи миллион доллар», деганди. Бу ҳазилакам пулми? Шаҳарнинг мана-ман деган тўраларида ҳам бунча маблағ йўқ. Халтада қанча пул бор? Жувоннинг телба кўнгли шу тобда пулни санашни истаб қолди. Истак шу даражада кучли эди-ки, аёлнинг юрагини патиллатиб юборди. Санамоқчи бўлди, аммо бир чимдим соя тушадиган жой тополмади. Бир оз юргач, ғишт билан ўралган эски қудуққа дуч келди. Соя тушиб турган жойга ўтирди. «Бисмилло», деб тугунни ечди. Пуллар ёйилиб, сочилиб кетди. Улар шунчалик бисёр эди-ки, аёлнинг кўзлари ўйнаб кетди.

– Яйранглар, димиқиб ётгансизлар, шамоллаб олинглар! Оҳ, менинг ширин жонимнинг қувватлари! Сасиб, бижғиб кетибсизлар-ку!

Султонхон пулларни чор атрофига сочиб ташлади. Боя ўйлаганидек, уларнинг ҳаммаси четники эди. Бўлак-бўлак қилиб, ўртасидан резина ип ўтказилганди. Аёл бўлакларнинг ҳар бирида юз донада юзталик купюра борлигини билди. Аммо санаш, аниқ ҳисобини олиш истаги унга тинчлик бермади. Бу юмуш Султонхоннинг анчагина вақтини олди. Пулларни қўлидан ўтказганида толиққан жисми, жони ором олар, кучига куч қўшиларди. Уларни ҳидлаб, лабларига босиб, чўпиллатиб ўпиб, «Энди сизлар меникисизлар, менинг ихтиёримдасизлар. Сизлар мени бойвачча хонимга айлантирасизлар. Хоқлаган буюмимни, хоҳлаган машинамни сотиб олишим мумкин. Ризодек ўзига бино қўйган манқалар менга қул бўлади, хизматимни қилади. Эшигимни пойлайди», дерди.

Халтада беш юз минг доллар бор эди. Санаб бўлганида ширин энтикиб қўйди. Султонхоннинг кўзлари иккинчи идишдаги «дори»га тушди. Аёл уни ҳам қўлига олди.

Кун қайтганди, салқин тушганди. Чўл жониворлари яна инларидан чиқиб, тирикчилик илинжида ғимирлаб қолишди. Аммо қудуқ атрофида яшовчи жониворларнинг тинчи аллақачон бузилганди. «Дори»нинг иси уларнинг димоқларини қитиқлаган ва инларидан чиқишга мажбур қилганди. Ўзидан зурриёт қолдириш истагида юрган қорақурт билан илон ёқимсиз иснинг пайдо бўлганидан ғазабланганди. Чўлларда бундай бадбўй исни хушловчи жонзодлар ҳам топилади. Улар аллақачон банги ўтлар ўсадиган жойларга кетиб қолишган. Баъзилари гоҳи-гоҳида келиб туради. Келишади-ю, жинниликни бошлашади. Жинсдошларига кун беришмайди. Чийиллаб, чақиб, уларни безовта қилишади. Илон билан қорақурт эса бундай бангиларнинг додини бериб, ҳайдашади. Ўшалар яна қайтиб келишдимикин? Банги ўтларга тўйиб қайтишдимикин? Кекса илоннинг хаёлидан шу фикр ўтди. У инини ташлаб чиқар экан, икки метрли танасини чўзиб, увишган ва томир тортган баданини бўшатди. Ўзидан икки қадам нарида думини гажак қилиб ўтиб бораётган чаённинг асаби бузилганлигини унинг ҳаракатидан билди. Қорақурт эса оёқларини илдамлатиб, жилпанглаб у ёқдан, бу ёққа ғизилларди. Асаблари таранглашганлигини ошкор қилган қизгиш кўзларини бақрайтириб турган илоннинг ғазабли қарашига аҳамият бермади. Айниқса, юмронқозиққа кун туққанди. У бошини гавдасидан баланд кўтариб, оёқлари билан тик туриб, худди рақс тушаётгандек турган жойида айланиб-айланиб, ҳавони симирарди. «Дори» ҳиди унинг кайфиятини кўтариб юборганди. Ўзига ўқдек нигоҳини қадаб турган илоннинг ҳам, типирчилаб чопқилаётган қорақуртнинг ҳам, ҳатто заҳарга тўлдирган нишини гажак қилиб бораётган чаённинг ҳам назарига илмади. Бошқа пайтларда уларга дуч келишдан қўрқадиган юмронқозиқнинг юрагини қўрқув тарк этганди.

Илон олдидан ўтиб бораётган юмронқозиққа ғазабли нигоҳ ташлади. Бошқа пайт бўлганда уни тиллари билан илиб, ютиб юборган бўларди. Аммо ҳозир бунинг мавриди эмасди. Бутун диққат-эътибори димоғини ачиштириб, нафасини бўғаётган исда эди.

Илон қайноқ қум устида бошини хиёл кўтариб, ис келаётган томон судралиб кетди. Хиёл очилган оғзидан икки дона қозиқ тишлари кўриниб турарди. Анчадан бери йиғилган заҳар сўлаклари орқали ташқарига чиқиб турарди. У ис яқин атрофдан келаётганлигини билди. Рақибини огоҳ этиш мақсадила вишиллаган товуш чиқарди. У судралиб борар экан, йўлидаги саксовул ва юлғунларни айланмади. Уларнинг орасини шиддат билан ёриб ўтди. Қуриган шохлар қорин пардасини шилиб юбораёзди. Илоннинг димоғи ҳозиргина қорақурт қолдирган ахлат исини ҳам олди. Тили орқали ҳис этаётган ўттизга яқин ҳидлар орасидан шу яқинатрофда турган одам исини ҳам ажратиб олди.

Қорақурт аллақачон одамга яқин жойда пайдо бўлганди. Уни безовта килган ҳамда кўнглини беҳузур қилаётган ис мана шу одам олдидан таралаётганди. Қорақурт аёлга яқинлашганида, унинг асаблари боягидан баттарроқ қўзғалди. Боши гарангсиб, қон тўлган кўзларига майда-чуйда нарсалар ҳам катта-катта бўлиб кўринди. Шиддат билан аёлнинг оёқларига тирмашди. Димоғи билан ҳавони симириб, кўйлакнинг ичига кириб кетди. Тер босган баданга тегмасдан тепалади. У аёлнинг киндиги олдида тўхтади. Шу ерга танасидаги жамики заҳарни санчишга қарор қилди.

Бу орада кекса илон қудуқ тепасига етиб келганди. У халтани қучоқлаб ўтирган аёлни кўрди ва кўнглини беҳузур айлаган ис шу аёлдан таралаётганини билди. У тўхтаб, одамга ғазабли нигоҳ ила боқди. Узун, айри тилини чиқариб, ҳужумга шайланди.

Султонхоннинг қулоқларига илоннинг овози чалинди. Орқасига қайрилди. Бир қулоч нарида бошини ердан тизза баробар кўтариб, оғзини хиёл очиб, айри тилини чиқариб турган илонни кўриб, тахтадек қотиб қолди. Танасини йиғиб, ғужанак бўлиб олган илон пружинадай сапчиб, бир ҳамла билан заҳарли тишларини унинг кўкрагига ботириб олиши мумкин эди. Бироқ улгурмади. Илон ҳамлага отилишга чоғланганда аёл худди ер кўтариб ташлагандек сапчиб, дод солди. Овози чўл узра таралиб кетди ва қудуқ тубида ётган Саидни уйғотиб юборди. Илоннинг ишини қорақурт бажаришга улгурганди.

* * *

Саид қўл-оёқларини деворга тираб, тепага тирмашди. Худди остидан биров кўтариб тургандек қийналмай чиқди. Қудуқ оғзидан бошини чиқариб, атрофга аланглади. Шунда унинг кўзлари ерда чўзилиб, типирчилаб ётган аёлга тушди. «Султонхон», деган сўзни беихтиёр оғзидан чиқариб юборди. Аёл тўлғоқ тутгандек типирчилаб ётарди. Тиззасидаги халталар ерга тушиб кетганди.

Саид қудуқдан ирғиб чиқди. Пулларни йиғиштирди.

– Худо менинг оҳларимни эшитди, раҳми келди, қийналганимни билди… Етказганингга шукр, Аллоҳим! Югурганники эмас, буюрганники, деганлари шу бўлса керак-да а, хоним? Учрашган жойимизни қаранг. Ортимдан қувиб кепсизда? Худо дилингизга солган. Саид икки-уч йилдан бери Мирхолдорнинг думидан ушлаб, қуруқ қўл билан кетаётганини билгансиз-да а, хоним?!

Султонхон оғриқ азобидан инқиллаб, вужудига ёйилаётган заҳар таъсиридан қалтираб, ҳаво етишмай бўғилиб борарди. Оғриққа чидаёлмай чинқирарди. Тепасида жавраётган Саиднинг сўзлари қулоғига кирмасди.

Саид героин билан пулларни йиғиштириб бўлгач, жувонга қаради.

– Сизга жоним билан ёрдам берардим-у, аммо вақтим зиқ, хоним. Мени афв этинг! Худонинг ўзи дардингизга шифо берсин! Яхши кунларда учрашамиз, деган умиддаман! – деди ва қум тепалар оша чопиб кетди.

* * *

Пул аччиғи жон аччиғи, деганларидек яраланган, кўп қон йўқотган, оғриқ азобини писанд қилмай лўкиллаб келаётган Мирхолдор аёлнинг адашганини, у кетаётган томонда бирорта қишлоқ йўқлигини қумга муҳрдек босиб қолдирган изларидан билганди. Семизлиги ҳам унинг илдам юришига халақит берарди. Ҳаво етишмаётгандек, ҳансирарди. Тилида жувоннинг шаънига куракда турмайдиган сўзларни ёмғирдек ёғдирарди. «Пулларни сенга бериб қўядиган аҳмоқ йўқ. «Дори»ларни ҳам қайтариб оламан. Ўзингни соғ қўймайман, тутган жойимда яланғочлаб, саксовул устига ўтқазаман. Гўштингни қуртқумурсқаларга едираман».

Мирхолдор икки-уч чақиримли масофани ортда қолдирди. Аммо аёл кўринмасди. Қумда қолган оёқ изларидан ва бу изларнинг устидан бирорта жонивор кесиб ўтмаганидан унга етиб олишга озгина масофа қолганлигини тушунди.

Ўқ теккан жой баттар ачиштириб оғритар, тинимсиз қон кетарди. Ҳолсизланиб қолса-да, қадамини секинлатмасди…

Ниҳоят, қудуққа етиб келди. Ерда чўзилиб ётган Султонхонда кўзи тўхтади. Кўзларига ишонмасди «Топганим ҳалол экан, мендан қочиб кетолмадинг», деди унга яқинлашар экан. Аёл қимир этмасди. «Чарчаган, ухлаб қолган», ўйлади унинг тепасига келган Мирхолдор. Ёнидан ханжарини олди. Оёғини Султонхоннинг белига қўйди.

– Қани, ўрнингдан тур-чи, жодугар!

Елкаси билан нафас олиб ётган жувондан садо чиқмади. Султонхон фалаж бўлганди. Гапиролмасди. У нур кетиб борастган кўзларини аранг очиб Мирходдорга қаради. Нимадир деб ғудранди.

– Тушунтириброқ гапир, нима бало, тилингни тишлаб олганмисан? – Мирхолдор аёлни қорақурт чаққанидан бехабар эди.

Аёл яна ғудранди. Мирхолдор унинг юзига диққат билан нигоҳ ташлади. Юзи кўкариб, қўл-оёқлари ишламаётганини сезиб қолди. Илон ёки қорақурт чаққанини шунда билди.

– Пул билан героин қани? Уларни қайси тешикка беркитдинг?

Мирхолдор «бойликларни остига яшириб олган», деб хаёл қилди ва жувоннинг гавдасини ёнбошига тўнтарди. Аммо ости бўм-бўш эди.

– Пулларим қани?! «Дори»ни қаерга беркитдинг?!

Султонхон аридек ғўнғиллади. Мирхолдор чидамади. Ўрнидан туриб аёлни тепиб юборди. Кейин қудуқ атрофини айланиб, бойликларни излади. Аммо тополмай хуноби ошди. Хаёлига «қудуққа ташлаб юборган», деган фикр келди. Энгашиб, бўйнини чўзиб, бошини ичкарига суқди. Кўзларига ҳеч нарса кўринмади. Қоронғу эди. Пастга тушди. Жароҳати шу даражада қаттиқ оғриди-ки, бақириб юборишдан ўзини тиёлмади. Кўзларидан ёш чиқди. Ерга ўтирди. Қон оқиши тезлашганди. Ярага тиқилган рўмолча аллақачон ивиб, яроқсиз бўлиб қолганди. У кўйлагининг бир парчасини йиртди. Ярага тиқди. Қон тўхтади. Лекин йўқотилган қон аҳволини анча хароб қилгандн. Боши айланди. Тепасидаги ёришиб турган осмон қора булут остида қолгандек, қоронғулик пардаси атрофни ўраётгандек эди. Фикри-зикри бойликни топишда бўлган Мирхолдор яна ҳаракатга тушди. Қўллари билан ерни пайпаслади. Қум ва ғишт синиқларидан ўзга буюм илинмади. Пастга тушганидан пушаймон бўлди. Хўрлиги тутиб, йиғлай бошлади.

Пастда узоқ қолиб кетолмасди. Тезроқ юқорига чиқишга, жон талашиб ётган аёлдан бойликларни қаерга яширганини билишга бўлган иштиёқ уни оёққа турғазди. Амал-тақал қилиб ўрнидан турли-ю бироқ тепага чиқишга қуввати етмади. Оёқлари амрига итоат этмади. Қўллари ушламоқчи бўлган нарсасини чангаллай олмасди. Кўз олдини оқ-қора халқачалар қоплаганди. Боши тинимсиз айланарди. Кейин гавдаси қийшайиб, йиқилди.

* * *

Амирхоннинг ғойиб бўлишида, Баҳромнинг хотини ва болаларининг фожиали ўлимида Қоплоннинг айбланиши, бу ишларнинг барчаси ким томонидан уюштирилганлиги ойдек равшан бўлган бўлса-да, Шуҳрат Шарифович ўзи учун иккита муҳим нарсани аниқлаши зарур эди. Шу сабабли Қоплонни сабрли бўлишга такрор ва такрор ундарди. У машина тормози атайлаб узилганлигини ҳам фош қилди. Аммо жиноятчини топиш лозим эди.

Кечга яқин изқувар Нодирни тутиб келди. Қоплон қурилишга кетганди.

– Машина тормозини узиш сенга нимага керак бўлиб қолди? – сўради ундан изқувар.

– Қанақа машина, нималар деяпсиз? – Нодир ҳеч нарса билмаган одамдек елка қисди.

– Қоплонбекнинг машинасини назарда тутяпман, – деди изқувар унинг кўзларига тикилиб.

– Туҳмат қилманг, – юзини терс бурди Нодир, – Мен сиз айтган ишдан бехабарман!

Изқувар стол тортмасидан арраланган шлангни олди.

– Булар сенинг ишингми?

– Буни мен қилмаганман!

Изқувар уни осонликча таслим бўлмаслигини афти-ангоридан сезди. Ёнидан сигарета қутисини олиб, олдига қўйди.

– Чекасанми?

Нодир сигарета қутисига қаради-ю ҳамма гапни тушунди. Ўша куни қутини тушириб қолдирганини биларди.

Қоплон кириб келганида, Нодир сигарета қутисига тикилганча турарди.

– Бу кимнинг топшириғи эди? – сўради изқувар.

Нодир тониш фойдасизлигини билди.

– Ризонинг, – деди у бошини эгиб.

– Қоплонбекнинг водийга жўнашини унга ким етказган?

– Шарофат опа, – минғирлади гумондор. – Бу ердаги гап-сўзлардан Ризони у огоҳ қилиб туради.

– Амирхонни кимлар ўлдирган?

– Бунисини билмайман. Ризо одамларини бирбирига қўшмайди.

Қоплон билан Шуҳрат Шарифовичнинг назарида Нодир ёлғон гапирмаганди.

– Ҳозир тўғри уйингга боришингни ва икки кун ҳеч кимга кўринмасликни маслаҳат бераман, – деди изқувар унга. – Ўйлайманки, айтганимни қиласан!

Нодир бош ирғаб, хонадан чиқиб кетди.

– Энди Аҳмадни қаердан бўлса ҳам топишимиз зарур. Уни қўлга олсак, ҳамма сирлар очилади.

– У қаерга беркинган бўлиши мумкин? Ҳар қалай шаҳардан четга чиқиб кетолмайди. Паспорти ёнимизда.

– Менимча у тоғда бўлиши керак, – деди Қоплон.

– Унда тоққа борамиз.

– Мен ҳам бирга бораман, – деди Қоплон. У бу гапни шу қадар қатьийлик билан айтди-ки, изқувар эътироз билдиролмай қолди.

– Жиноят қидирув бўлими ходимларини ҳам таклиф қиламиз, – деди Шуҳрат Шарифович.

Қоплон эътироз билдирмади.

* * *

Қафас ичида тиззаларини қучоқлаб, мудраб ўтирган Жалил ниҳоят ухлаб қолди. Тезак ва пешобнинг омухталашиб кетган иси димоғини ачиштириб, кўнглини беҳузур қиларди. Шундай бўлса-да, чарчоқ ва ҳорғинлик гирдобига тортганди. Кўзларини юмган заҳотиёқ туш кўрди: ҳамиша тиниб-тинчимайдиган, жонсарак аёли, бир-биридан шўх, ўйинқароқ фарзандлари даврасида ўтирганмиш. Болалари оталарининг тиззасига чиқиб, бири соқол босган юзини силаб, бошқаси кўкрагига бошини қўйиб, эркаланармиш. Жалил ҳам жужуқларининг бирини олиб, бирини қўйиб, бағрига босар, искаб, тупроқ ва чанг қўнган юзларидан ялаб-юлқиб, чўлпиллатиб ўпиб, гоҳи-гоҳида қитиқлаб ўйнатармиш. «О, шупқорларим-ей, сизларни кўргим келиб, қанчалик соғинганимни, йўлларингизга термулиб, кўзларим тоғларнинг тошини тешганини билсаларинг эди. Мен ширмон кулчадек юзларингизни кундуз кунлари қуёшдан, кечалари ойу-юллузлардан изладим. Ҳидларингизни тоғларнинг лолаларидан, ўтўланларидан ахтардим. Аммо тушларимда сизларни кўрмадим. Юрагим сим-сим оғриб, шундай эзилдимки, чидаёлмай йиғладим. Сизлардан озгина аразим бор, жужуқларим, нега мени излаб тоғларга чиқмадингиз, отам қани, деб ахтармадингиз? Шунда жажжи полопонлари оталарининг кўз ёшлардан нам бўлган юзини силаб-сийпалаб, соғинчдан чўғдек ёнган тўшларига бошларини босиб, унга шу сўзларни айтармишлар: «Эҳ, меҳрибон отажонимиз-ей, биз ҳам сизни қанчалар соғинганимизни билмайсиз-да, билганингизда бу сўзларни сўзламасдингиз. Биз ортингиздан сиз кетган ўша қорсиз тоғларга чиқдик, тикан босган адирларни кездик, олислардан бўлса-да, сизни кўрдик. Сиз қашқирлар ичида эдингиз, отажон. Уларнипг олдига яқин боролмадик. Узоқдан бўлса-да, қонли тишларини кўрсатишди. Ириллашиб, бизга ҳамла қилишди.Биз кўрган қашқирлар тоғ қашқирларидан ҳам баттар экан. Шу сабабли ёнингизга етиб боролмадик, отажон. Ахир қашқирларга ишониб бўладими?»

Шундай ширин давра, шундай ширин суҳбат кетаётган, ота болачарининг, болалар эса оталарининг дийдорларига тўйиб, масрур бўлиб турган бир пайтда, ё алҳазар, ё алҳазар, қаердандир қашқир пайдо бўлди. Худди одамга ўхшаб, икки оёқлаб келди. Жалил ҳам болалари каби қўрқиб кетди. Қашқир Жалилга яқин келди. «Нега бизни ташлаб келдинг? Қани олдимга туш, тоққа кетамиз!», буюрармиш у. «Менга тегма, бола-чақаларим олдида қолай, уларни соғинганман». Жалил кўз ёш тўкармиш. Шунда қашқирнинг қаҳри қўзиди. Кўзларида ўт ёнди. Сўйлоқ тишини шақиллатиб, ириллаб, Жалилга ташланишга ҳезланди. У қўрқиб кетди…

Кўзларини очганида кўрганлари туш, айтганлари сароб, ётган жойи қафас эканлигини билди.

Совуқ тушганди. Вужуди аёздан эмас, қўрқувдан титрарди. Ёнида бароқ думини остига тўшаб, бошини оёқларига қўйиб, бўрилар кўзларини юмиб ётишарди. Жалил уларни уйғотиб юбормаслик учун жим ўтирди. Юрагидағи соғинч ҳисси тошқиндек кўпириб, булоқ мисоли тошиб, бўғзига келди. Кўзларидан оққан шашқатор ёшлар изғирин ялаб, нам қочган, серажин юзини ювиб, кейин эгнидаги узоқ вақтлардан бери ечилмаган, ранги ўчиб, моғор босган кўйлагига оқиб тушарди. Сергак бўрилар ҳам уйғонишди. Кўзларини очган заҳотиёқ очликлари эсларига тушдими ёки бирор нарсанинг ҳидини олишдими, ғингшишди. Эркак бўри ўрнидан турди. Оёқларини кериб, гавдасини чўзиб керишди. Шунда Жалил унинг қорни анча ичкарига кириб, қовурғалари чиқиб қолганлигини кўрди. Бўри қоронғу осмонга тикилиб ув тортди.

– Қорнинг очдими, овқат егинг келдими? – минғирлади хизматкор. – Сабр қил, ҳадемай тонг ёришади. Мен ҳам очман, кечадан бери туз тотмадим. Аҳмедбек уйғонса, бизга раҳми келиб егулик берар.

Эркак бўри унинг гапларини тушунгандек жойига бориб, оёқларини узатиб, гуваладек бошини бироз кўтариб, кўзларини чўққиларга тикиб ётди. Негадир у безовта эди…

Жалилнинг кўзларидан ҳам уйқу қочганди. Нигоҳини қорсиз чўққига қадаб, ўй суриб ётарди. Ҳозиргина тушида кўрган болаларини ёдга олди. Уларни кўрмаганига ҳам анча бўлганди. Ичидан бир парча эт узилиб тушгандек вужуди оғриди.

Жалилнинг қулоғига шитирлаган овоз чалинди… Қафас томон кимдир оёқ учида келарди. Жалил уни танимади. Бўрилар одам исини олиб, қулоқларини динг қилиб сергакланишди. У шарпадан кўз узмади. Шарпа бирдан ғойиб бўлди. «Кўзимга шунчаки кўринган», деб қўя қолди. Бир муддат ўтиб, шарпа яна пайдо бўлди. У қафас олдида турарди. Бўрилар бошларини илкис кўтаришди.

– Сизга ким керак? – сўради.

Нотаниш одам чўчиб тушди. Қўрқувдан олайган кўзлари билан атрофга аланг-жаланг боқди.

– Мен қафас ичидаман, – Жалил ўзининг қаердалигини билдирди. Кўзлар учрашганда қария уни таниди…

Кекса изқувар Ҳамид билан Баҳромни милицияга топшириб юборганидан бехабар бўлган Ризо Борини чақиртирди.

– Иш чўзилиб кетяпти. Аҳмадни тезроқ бир ёқлик қилиш керак. Қочиб кетгудек бўлса, сиримиз очилади.

– Истасангиз бугун ишни битириб келаман, – деди Бори.

– Эртага мен дам олиш учун тоққа чиқишим керак. Меҳмоним бор. Дачани тозалаш керак.

– Тушундим, хўжайин. Бугуноқ тозалаб келаман!

– Кечки пайт йўлга чиқ, бировнинг назари тушмайди!

Бори қўлини кўксига қўйди.

– «Тозалаб», шу ерга қайтайми?

Ризо «ҳа», дегандек бош ирғади.

Бори оқшомда тоққа жўнади. Дачага бормаганига ҳам икки-уч ой бўлганди. Қоронғуда машинани бошқариш хавфли эди. Салгина қалтис ҳаракат билан одамнинг кўзи тинадиган тубсиз жарликларга тушиб кетиш мумкин. Лекин Бори бунга парво қилмади. Тезликни пасайтирмай, довонга чикди. Бироқ дачагача бўлган икки юз қадам масофани яёв босиб ўтиш лозим эди. Баҳорда сел ёғиб, тошқин бўлиб, оқим харсанг тошларни ўзи билан оққизиб ушган ва йўлни тўсиб қўйганди. Шунинг ҳисобини олиб, машинани йўлда қолдиришга мажбур бўлганди.

Тун ярмидан оғиб қолганди. «Аҳмад билан Жалил ухлашаётган бўлса керак», деб ўйлади. Ҳамма ишни ими-жимида қилгани дуруст. Ҳатто Жалил ҳам хитланмасин. Бори қўлига милтиқни олиб, тошдантошга сакраб тепаликка кўтарилди. Дала-ҳовлига етмай тўхтади. Уй ичига киришни ўйлади. Эшикни итарса, овоз чиқиб, Аҳмад уйғониб қолиши мумкин. Жалил ҳам ҳамиша сергак ётади.

У деразадан киришга қарор қилди. «Аҳмад кўринса, отаман-у ғойиб бўламан», деб ўйлади. Лекин бу фикридан тезда воз кечди. Ўқ овозини Жалил эшитиб қолиши мумкин-ку?

Бори дераза ёнига келди. Парда туширилганди. Ичкаридаги нарсалар кўринмасди. Фақат эшикдан кириш мумкин. Бориб эшикни охиста итарди. Қулфланганди. Бори кутишга қарор қилди. Хилватроқ жойда беркиниб туриш мақсадида пастликка тушди. Увиллаган товуш қулоғига чалинди. Ризо «бўри боқяпман», деганди. Шу эсига тушди. Қафасга яқин борди. Бўрилар ёниб турган кўзларини унга тикишди. Қафаснинг бурчагида тиззаларини қучоқлаб, совуқдан дилдираб ўтирган Жалилни кўрмади. «Сизга ким керак?», деган сўзни эшитганида, сапчиб тушди. Шошиб орқасига қаради. Уни таниди: Жалил.

– Қафас ичида нима қилиб ўтирибсиз? – сўради. – Бўриларни пойлаяпсизми?

Савол чолнинг хўрлигини келтирди.

– Мени қамаб қўйишди, иним, – йиғламсиради қоровул.

– Ким?

– Аҳмадбек…

– Ўзи қаерда?

– Ичкарида ётибди.

– Ифлос! Сизни нега қашқирларнинг ичига ташлади?

– Билмадим…

Бори эшикни очмоқчи бўлди, аммо кўзи қулфга тушди.

– Калит қани?

– Нима қиласиз?

– Сизни чиқараман!

– Бундай қила кўрманг, иним. Аҳмадбек сизни хафа қилади.

Бори унинг сўзига қулоқ солмади.

– Калит қаерда?

– Ўзида, – қўрқа-писа жавоб қилди Жалил.

Бори қўлига тош олди.

– Бузманг, иним, томга чиқиб тунукани сурсангиз бас.

Бори томга чиқди. Тунукани кўтарди. Туйнук очилди. Жалил тепага кўтарилди.

– Ҳозироқ уйингизга жўнанг! – буюрди Бори қоровулга.

– Уйга кетолмайман, иним, Ризобек хафа бўлади.

– Кетмасангиз, улар гўштингизни бўриларга едиришади. Яхшиси кетинг!

Жалилнинг боши қотди. Ўйлаб, Борининг маслаҳатини қабул қилди.

– Умрингиздан барака топинг, Борибой!

– Сизни қафасдан чиқарганимни бировга айта кўрманг!

Жалил бош ирғади, кейин пастликка тушиб кетди.

Бори қоровулнинг тезроқ кетишини кутди. Шарпаси йўқолган заҳоти, милтиғини олиб, уйча томон юрди. Қўндоқ билан эшикни урди. Қулф очилди.

Аҳмад қуш уйқу бўлиб қолганди. Ҳозир ҳам кўзларини юмиб, ўтмишини эслаб ётганди. Назарида ҳаммаси жойида эди. «Тилла йигит»нинг уйига кирганини биров кўрмади. Ризодан бошқа одам Дилдоранинг номусига текканини билмайди. Лекин Қоплон нега келиб-келиб ундан шубҳаланди, изига одамларини ташлади? Москвага бориб тутиб келишди? Кимдир сотган. Ризо бирортасига оғзидан гуллаган. Сири очилган.

Аҳмад бу ерга келгандан бери шу тўғрида ўйлайди. Аммо юрагига таскин берадиган жавоб тополмай қийналади. Айни дамда ҳам хаёлига ўрнашиб қолган мана шу саволга жавоб ахтариб ётганди. Ўзини бу ерда узоқ қололмаслигини биларди. Дачага ҳар хил одамлар келиб-кетиб туради. Бирининг бўлмаса, бошқасининг кўзи тушади. Жалил танийди. Ваъда қилинган паспорт қачон тайёр бўлади? Яна қанча кутиш мумкин? Ризо ҳужжатни олиб келса, бугуноқ боши оққан томонга кетарди.

Кўзларини бир нуқтага тикиб ётган Аҳмад эшикнинг қарсиллаб очилганини эшитди-ю, хонага бегона одам кириб келганини сезди. Бемаҳалда келган кимса Қоплоннинг одамларидан эмасмикин?

Аҳмаднинг боши қотди. Қутулишнинг чорасини ўйлади. Ўрнидан сапчиб турди-да, тўшакни буклаб, одам ётганга ўхшатиб қўйди. Ёстиғининг остига чопқини яшириб қўйганди. Уни олди. Оёқ товушлари шу томон келарди. Аҳмад панага яширинди. Қуролли одам ичкарига кириб келди. Тўшак тепасида тўхтади.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 | Следующая
  • 4.3 Оценок: 6


Популярные книги за неделю


Рекомендации