Текст книги "Қасоскор қашқирлар 2-китоб"
Автор книги: Исокжон Нишонов
Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 9 (всего у книги 10 страниц)
10
Майор Камолов режалаштирган йиғилиш бир соатга кечиктирилди. Капитан Сатторов «Олмос» хусусий тиш даволаш шифохонасидан келтирган қолип ҳамда майор Мирфозиловнинг ҳайдовчиси Фарғона каналининг бешинчи километридан топиб олган қонли рўмолча йиғилишнинг кечиктирилишига сабаб бўлганди. Улар рўмолчадаги қон доғларини аниқлаш учун суд-тиббий экспертизасининг хулосасини кутишмоқда эди. Ориф аканинг «Сўфи» сўзини эслаб қолиши ҳам жиноятчининг шахсини аниқлашда муҳим аҳамиятга эга эди. Эрталаб Ориф ака терговчига қўнғироқ қилиб, ўша тун қулоғига чалинган сўзни айтди. Самадов шаҳардаги «Сўфи» лақабли кишиларнинг шаҳсини аниқлашга киришди. Бу иш тезда очилди. «Машраб» ва «Гулистон» кўчаларида «Сўфи» лақабли икки шахснинг номи аниқланди. Уларнинг бири бетоб, иккинчиси эса хотини билан жанжаллашиб, уйдан чиқиб кетган…
Суд-тиббий экспертизасининг маълумоти келгач, тезкор гуруҳ ходимлари майорнинг хонасига киришди. Далилий ашё қотиллик содир этилган хонадондан анча олисдан топилганлиги Камоловни бироз бўлса-да, ўйга толдирди. Қилинган меҳнатнинг, олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижаси кўринди. Экспертиза хулосаси буни исботлади. Шимолий Фарғона каналининг бешинчи километридаги кўприк остидан шохга илиниб қолган рўмолчадаги қон айнан Раҳимхоновнинг қонидаги кимёвий элементлар билан бир хил эканлиги таслиқланди. Колбасада қолган тиш излари ҳам капитан олиб келган қолипдаги тиш изларига айнан ўхшаш бўлиб чиқди. Бироқ даволовчи врачнинг айби билан тиш олдирган беморнинг исм-шарифи дафтарга қайд этилмаганди. Майорни яна бир нарса қизиқтирарди. Нима сабабдан рўмолча беш чақирим олисга ташлаб кетилган? Қотилликни яшириш мақсадидами? Балки эҳтиётсизлик оқибатида тушиб қолгандир? Нима бўлганда ҳам топилма қидирув ишларининг шу томондан бошлашга туртки берди. – Жиноятчилар ўзларини одамларнинг кўзидан яшириш мақсадида канал ёқалаб кетган йўлдан ҳаракат қилишган, – деди майор Мирфозилов. – Модомики улар кўприкдан ўтишган бўлса, демак, қабристон орқали шаҳардан ташқарига чиқиб кетишган. Қабристон ортидаги даштлик эса Қирғизистон ҳудудига туташиб кетган. Жиноятчилар қўшни республикага ўтиб кетишган бўлса, қилаётган ишларимиз самарасиз якунланиши мумкин. Ягона умидимиз тиш даволовчи врачдан. Майор харитага кўз югуртирди. – Кўприк билан рўмолча илиниб қолган шохнинг ўртасидаги масофа қанча? – сўради Камолов майорга юзланиб. – Тахминан уч метр, – жавоб қайтарди майор. Жиноятчилар пичоқни ҳам шу кўприк остига ташламадимикан? Рўмолча бежиз шохга илиниб қолмаган. Сув остига тушиб, қуролни топиш лозим. Далилий ашё сифатида жиноятчиларнинг айбига иқрор қилишимизда у муҳим аҳамиятга эга! – Тушунарли, ўртоқ майор. – Каналнинг суви кўтарилмаганми? – Кеча ўлчаб кўрилганда, бир метр-у ўн сантиметр эди!
– Канал бошқармасига қўнғироқ қилинг, бир соатга сувни дарёга ташлашсин!!
– Тушунарли!
– Қотиллар Қиргизистон ҳудудига ўтиб кетган бўлса-чи? – Самадов майорнинг эътиборини яна жиноятчиларнинг хатти-ҳаракатига қаратди.
– Мен ҳам шу фикрдаман, теварак-атроф даштлик бўлганидан кейин уларнинг яқин орада беркинадиган жойи йўқ. – Майор шундай деди-ю, ўйга толди. Бир-бирига қарама-қарши фикрлар унинг диққатини тумандай тўзгитди. Дарҳақиқат, қотиллар Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб кетишган бўлса, уларни излаш бефойда. Нажотни қиргизистонлик ҳамкасблардан кутишга тўғри келади.
Камолов суд-тиббий экспертизасининг хулосасини қайта кўздан кечирди. Қотил айнан жиноят содир этилган куни тишларини чархлатган. Қолаверса, тиш қўйдирмоқчи бўлган. Жиноят олдиндан режалаштирилган бўлса, гумондор тиш даволовчи докторнинг ҳузурига боришга ваъда берганмиди? Бу ерда қандайдир сир бўлиши мумкин?!
– Капитап, «Садаф» хусусий тиш даволаш шифохонаси бошлиғининг сўзларини яна бир бор қайтаринг-чи?!
– Қотиллик содир этилган куни кундуз соат 16.00ларда қаттиқ тиш оғриги билан 26 ёшлар чамасидаги бемор «Садаф» шифохонасига келиб, докторга учрашган. Врач беморнинг оғиз бўшлиғидан қолип олган. Бемор икки кундан сўнг аёлининг олтин тақинчоғини олиб келишга ваъда бериб чиқиб кетган.
– Сиз нима деб ўйлайсиз, бемор ҳақиқатан ҳам айтилган вақтда докторнинг олдига борадими?
– Мабодо у шаҳардан чиқиб кетмаган бўлса, албатта боради.
– Яхши, унда шифохона олдига иккита яширин пост қўямиз. Кузатув ишларини шу ердан олиб борамиз. Бу ҳақда докторни хабардор қилиб қўйинг. Капитан, бу иш шахсан сизга юклатилади!
– Тушундим, ўртоқ майор!
– Эрталаб ёнингизга рассомни олиб, тиш доктори билан суҳбатлашинг-да, беморнинг қиёфасини чиздиринг!
Камолов Мирфозиловга юзланди:
– Пичоқни топиш керак!
Эрта тонгдан ҳаракатни бошлаймиз!
Йиғилганлар ўринларидан қўзғалишди.
11
– Сиз ҳам одамларга ўхшаб, вақтли туриб, элга қўшилсангиз-чи?! Қош қораймасдан қуёш тиккага келгунча ётасиз. Рўзғорнинг камидан хабар олай демайсиз. Ёғ қолмади, олиб келган ўн кило унингиз бугун тугайди. Болаларнинг кийимига қараб бўлмайди. Ака-ука битта ботинкани кийиб, мактабга қатнаяпти. Сиз тенгилар тонг ёришмай, бир ишнинг этагини тутиб, рўзғорнинг камини бут қиламан, деб елиб-югуриб меҳнат қиляпти. Тавбангдан кетайин, Худойим-ей, одам деган ҳам шунақа бепарво бўладими?! – бу ғам-ғуссадаги юраги тарс ёрилаётган, куйиб-пишиб жавраётган Саодатнинг ноласи эди. Унинг гаплари Абдураҳмоннинг миясини пармадек тешиб юбораёзди.
У кўрпадан бошини чиқариб тўнгиллади:
– Бўлди энди, тилим бор деб ҳадеб вайсайверасанми?! Қулоғимни тешиб юбораёздинг-ку!
– Менинг гапларим сизга ёқмайди. Ёмон бўлинг, деяётганим йўқ. Одамларга ўхшаб меҳнат қилинг, катта-катта топиб келсангиз, менинг ҳам тилим жағимга ёпишиб, мусичадек беозор бўлиб, болаларингизни озода кийинтириб ўтираман! Итда тиним бор, менда тиним йўқ. Хотин бошим билан ҳали у бозорга, ҳали бу бозорга чопаман. Уч-тўрт танга орттирсам, бола-чақаларимнинг қорнини дурустроқ тўйдирай дейман! Сиз бўлса…
– Ҳой, мусулмон, жим бўл, деяпман сенга! Ҳадеб тепамда ҳаккадек қағиллайверасанми?!
– Мен сизга ҳали ҳакка бўлдимми? – Саодат йиғлаб юборди.
– Тўғри гап туққанингга ёқмайди, деганлари шу бўлса керак! – Абдураҳмон ўрнидан турди. Кийиниб ташқарига чиқди. Қалбидаги ички бир нидо аёлининг ҳақлигини тасдиқлади. Кун бўйи кўрпага ўраниб ётгани билан биров унга бир танга бермаса, бу ёқда болалари ейман, ичаман деб турса…
Абдураҳмоннинг юраги сиқилди. Уйда туришга сабри чидамади. Худди биров бўғзидан бўғаётгандек, ташқарига отилди. Хотинининг дийдиёсидан бошида оғриқ турганди. Мана шу дангасалиги, танбаллиги бошига битган бало бўлди. Яқин танишларидан бирининг ошхонасида дурустгина ойлик олиб, тирикчилигини ўтказиб юрганди. Ойлиги тайин, овқати текин, бошлиғи уч маротаба, «ҳеч бўлмаса ётган жойингизни супуриб-сидириб қўйинг, ака, бу ерга ҳар хил одамлар келади», деди. Шуни ҳам қилмади. Охири айтишиб қолди-ю, чопонини елкасига ташлаб, ишдан кетди. Биров ялинмади, ортидан чақирмади ҳам. Бир ойдан бери уйда, қиладиган иш йўқ. Хотинининг кўзига тўнғиз бўлиб кўриниб ётибди.
Абдураҳмон ишдан бўшади-ю, кўп надомат чекди. Энди бундай ишхонани қаердан топарди? Боз устига, ҳозирги пайтда бир корхонага ишга жойлашишнинг ўзи азоб. Ёнига чақирадиган танишбилиши йўқ.
Ташқарига чиққан Абдураҳмон яқин танишларини эслади. Ўйлаб-ўйлаб, охири ёдига Ҳасан тушди. У «Қалъа» қахвахонасида ишларди. Кўришмаганига бир ойдан ўтди. Топиши ёмон эмас. Қачондир кўришганларида «Кел, сенга ҳам бирор иш топиб бераман», деб ваъда берганди. Абдураҳмон дўстининг сўзларини эслади-ю, беихтиёр унинг ишхонасига йўл олди. Нима қилганда ҳам мактабдош дўсти. Ўн йил бирга ўқиган. Бирбирини ҳидлаб, катта бўлган.
– Эй Сўфи, сен ҳам бу ёруғ оламда бормисан, бунча қорангни кўрсатмай кетдинг?! – Ҳасан дўстини қучоқ очиб кутиб олди. У Абдураҳмонни болалигиданоқ «Сўфи» деб чақирарди. Ҳозир унинг исмини унутиб қўйган бўлса, ажаб эмас.
– Бекорчиликдан уйда айиқдек ағанаб ётибман, ўртоқ, – деди Сўфи афсуслангандек.
– Ётган одамнинг бири икки бўлмайди, – насиҳатомуз деди Ҳасан. – Куч-қувватинг бор, оёққўлинг чаққон, бирон ишнинг этагини тутсанг бўлармиди?!
– Этагини тутадиган ишни тополмай доғдаман, ошна. Шу масала билан ёнингга келдим. Бирорта енгилроқ иш топиб бермасанг бўлмайди. Хотин ҳар куни вайсаб, қулоқ-миямни еб қўйди!
– Қўлингдан нима иш келади?
– Қандай иш бўлса ҳам қотирвораман!
– Шундай де! – Ҳасан бошини чайқаб кулиб қўйди. Сўфининг афт-ангорига, кенг бақувват гавдасига кўз югуртирди. Бир неча дақиқа ўйга толди.
– Бир иш бор, шерик бўлсанг, чўмичинг мойга ботади. Лекин нозик иш, хўжайин билан маслаҳатлашиб кўраман. Рози бўлса, айтаман.
– Бир иложини қилиб кўндир! Хўжайининг қандай талаб қўйса розиман. Фақат хотинимнинг олдига қуруқ қўл билан кириб бормасам бас!
– Яхши, – деди Ҳасан. – Ўйлаб кўраман…
– Қачон келай?
– Эртага соат тўққизда «Ўзбекистон» ресторани олдига келиб тур. Хўжайин билан учраштириб қўяман!
Абдураҳмоннинг елкасидан тоғ қулади.
12
Раҳимхонов онасининг қаттиқ бетоб бўлиб қолганлиги тўғрисида шошилинч телеграмма олган хотинини ўғлига қўшиб, Тошкентга жўнатганида қуёш уфқни қип-қизил рангга бўяб, тоғ ортига ёнбошлаётганди. У тушлик қилишни унутган, қорни оч эди. Уйга қайтишдан аввал ресторанга йўл олди. Кўчада камдан-кам овқатланарди. Негадир бугун кўнгли тортди. Мириқиб ўтиргиси келди. Хонага ҳеч кимни қўймасликни тайинлади. Кўнгли тусаган таомларни тановвул қилди. Уйга қайтганида вақт алламаҳал бўлганди. Хонасига кирди-ю юраги ғаш бўлди. Қандайдир номаълум куч уни кўчага тортарди. Музлаткичдан шарбат олиб ичди. Сигаретага «дори» ўраб тутатди. Буни бир вақтлар Мақсуд совға қилганди. Юраги сиқилганида эрмак учун чекиб турарди. Ҳозир чиндан ҳам кўнгли тусади. Марихуана бир лаҳзада худди яланғоч аёлдек ўз таъсирига олди. Дилини хуфтон қилган ғашлик кўтарилди.
Департамент ходимлари бугун унга ўнг қарашди. Тушликда бирга овқатланишди. Анча вақт ҳазил-мутойиба қилиб ўтиришди. Суҳбат асносида дон омборини очиб беришга ваъда беришди. Дили равшан тортган Раҳимхонов тушликдан сўнг Каримни хонасига чақиртирди. Илондек қўйнига кириб олган бу муғомбирдан қаттиқ хафа бўлганлигини яширмади.
– Хўжайин, ановилар билан гаплашдингизми, омборни очиб беришадиган бўлишдими?
– Бир қоп туз яласанг ҳам одамнинг яхшиёмонлигини ажратолмас экансан, – деди директор Каримнинг саволига жавобан. – Мен сени ўзимга яқин олиб ишга олдим, билмадинг, кўрнамаклик қилдинг! Чўнтагинг пулга тўлди, машинали бўлдинг, данғиллама уй-жой қурдинг, оқибат бетга чопарлик қилдинг! Аммо менинг нималарга қодир эканлигимни, қўлим узатган еримга етишини билмас экансан! Карим иштонини ҳўллаб қўйган боладек юзи қизариб, қўлини кўксига босганча, бошини эгиб турарди. У айбига иқрор бўлдими ёки навбатдаги найрангими, хўжайин англаёлмади. У Каримдан дастхатларини қайтариб беришни илтимос қилмади. Шуғулланадиган одами бор, шуғулланар.
– Эрта-индин омборингни очиб беришади, – деди бошлиқ овозига сирли тус бериб. – Зудлик билан камомадингни тўғрила!
– Беадаблик қилдим, хўжайин. Нонкўрлик қилдим. Сиздек одамнинг юзига сапчидим, умримнинг охиригача бу айбимни ювишга тайёрман. Сиздан яширмайман, комиссиянинг ваҳми босиб, чўчидим. Минг бор узр, – Каримнинг кўзлари ёшланди. Раҳимхонов Мақсуд у билан учрашмаганини шундан сезди. Бир ҳисобда кўришмагани дуруст. Борганда гап кўпаярди. «Ортимдан одам жўнатди, қўрққан-да», деган хаёлга бориши мумкин эди. Қолаверса, Мақсудга берадиган пули киссасига қайтди. Нега етмиш минг долларга рози бўлди? Жаҳл устида ваъда бердими? Эҳ, пулларидан айрилиб қолишига оз қолди-я. Худонинг ўзи асради, палакатдан. Энди кераги йўқ. Усиз ҳам иш битди. Пулнинг қудрати ҳар қандай зўравондан кучли эканлигига бугун яна бир бор амин бўлди.
«Дори»нинг таъсиридан роҳатланиб ўтирган Раҳимхоновнинг хаёлига шундай фикрлар келарди. Ширин ўйлар оғушида аста-секин кўзлари сузилиб, уйқу элитаётганини сезди. Ўрнидан туриб, шкаф остидан тўппончани олди-да, ёстиғи остига қўйди. Деразадан мўралаб турган баркашдек ойга тикилиб ётар экан, киприклари юмилганини пайқамади…
Оқшом чўкиб, сурмаранг ой кўкка кўтарилиб, ортидан саноқсиз юлдузларни эргаштириб чиққанида Ҳасан айтилган жойга келди. Сўфи эса уни сабрсизлик билан кутаётганди. Мақсуд рестораннинг четида чой ичиб ўтирарди. У Ҳасаннинг кечикканидан бироз ташвишга тушганди. Ортидан шатак эргаштириб келганини кўриб, қовоғи уюлди. «Яна бир текинхўр топилибди-да», дея пичирлаб қўйди.
– Бу менинг дўстим, – деди Ҳасан Абдураҳмоннинг елкасига қўл ташлаб. – Лақаби «Сўфи», ўн йил бирга ўқиб, катта бўлганмиз. Аммо биз борган жойга ҳозирча қадами етгани йўқ.
Полвон истар-истамас қўл чўзди. Ўзини таништиришни истамади. Шундан кейин келгувчилар бўш курсига ўтиришди. Бир пиёладан чой, ярим коса лағмон тановвул қилишди.
– Хўжайиннинг аёли жўнаб кетдими? – ниҳоят мақсадга кўчди Ҳасан. Мақсуд бошини кўтарди. Дўстининг бўғриқиб кетган юзига тикилди.
– Ўғли иккиси кетишди.
– Хўжайиннинг ўзи-чи?
– У ҳам бизга ўхшаб ресторанда овқатланди, кейин бир кило колбасани харид қилиб, уйига кетди.
Ҳасан ўйга толди. Қандайдир ҳийла ишлатиб, Раҳимхоновни бирор ёққа жўнатиш ҳақида бош қотирди. Бироқ хаёлига дурустроқ фикр келмади. Сўфи уларни ким ҳақида гапиришаётганидан бехабар, жимгина суҳбатга қулоқ тутиб ўтирарди.
– Хўжайинга зарар етказмаслик шарт! Акс ҳолда биз ўйлаган мақсадимизга эришолмаймиз, ҳамма ёқ ағдар-тўнтар бўлиб кетиши мумкин.
– Бу ёғини менга қўйиб бер! – деди Ҳасан гапни бўлиб.
– Биз шундай иш қилайликки, хўжайин ҳам, изқуварлар ҳам биздан шубҳаланишмасин.
– Сенга доим беш кетаман дўстим, ҳамма нарсага ақлинг етади.
– Озми – кўпми тажриба орттириб келганман!
Улар кулишди. Официант дафтарчасини кўтариб келди.
– Битта арман коньяги, уч порс табака! – буюрди Мақсуд. Сўфининг юрагига ғулғула тушди. «Булар мени талончиликка ёки босқинчиликка бошлаётган бўлишса-я», деган хавотирда ер остидан Мақсудга қаради. Ювош бўлиб кўринган бу йигит ўзини босиқ ва сабрли одам қилиб кўрсатса-да, лабларидаги табассум айёрлик аломати эканлиги, қалбидаги ҳасад, бировларнинг бахтини кўролмаслик ўти қайнаб тошаётганлигини билдирарди. Сўфи ўрнидан туриб кетмоқчи ҳам бўлди, бироқ сабаб тополмади. Бир-икки пиёладан коньяк ичишгач, Сўфи ўзини эркин ҳис эта бошлади. Хаёлига келган, вужудида титроқ уйғотган шубҳали фикрлар унинг учун арзимас нарсадек туюлди.
Тун ярмидан ўтганида улар ўринларидан туришди. Кўчалар бўм-бўш эди. Одамларнинг қадами тинган, гоҳи-гоҳида қоронғу йўлни ёритиб, машиналар ўтиб турарди. Кеча сокин, ҳаво енгил, кўкда балқиб турган ой кечага дилбар файз бахш этганди. Улар оёқ учида юриб боришарди. Бир неча чақирим масофани ортда қолдириб, нақшинкор дарвоза ёнида тўхташди. Ортларига қарашди, қоп-қорайиб турган йўлда ўзларидан бошқа одам кўринмади. Улар бу ерга келгунга қадар машиналар қатнови ҳам тўхтаганди. Қаердадир тўлиб-тошиб қуриллаётган қурбақанинг овози эшитиларди. Ҳасан шерикларига маска ва чарм қулқоп узатди.
– Кийиб олинглар…
Шериклари унинг топшириғини бажаришди. Ҳасан полвоннинг елкасига чиқиб, девордан ошиб ўтди. Дарвозанинг бир табақасини эҳтиётлик билан очди. Полвон билан Сўфи ичкарига киришди. Ҳовли жим-жит эди. Сўфини баттар ҳаяжон босди. Юраги кўксини ёриб чиқадигандек гурсиллаб урар, худди маст одамдек деворни ушлаб, шерикларининг ортидан ноилож эргашиб борарди.
– Имилламай юр, Сўфи… – жеркиб берди Ҳасан. У негадир «Сўфи» сўзига алоҳида урғу берди.
Уй эшиги ичкаридан беркитилганди. Ҳасан тепиб очди. Раҳимхонов ухлаётган хонага кириб боришди. Иккалалари бир пайтнинг ўзида уй эгасининг қўл-оёғига ёпишишди. Раҳимхонов чўчиб уйғонди. Ой нури деразадан тушиб турарди. Хўжайин ниқобли одамлардан бирини таниди.
– Полвон! – унинг оғзидан шу сўз чиқди. – Юзингни беркитибсан-у, бўй-бастингни яширолмабсанда! Кийимларингни алмаштириб келганингда бўларди!
Ҳасан унинг оғзига кафтини босди. Димиқа бошлагач, типирчилади. Унинг кўзлари косасига сиғмай, катталашиб борарди. Раҳимхонов бақувват эди. Ҳасанни ҳам, Мақсудни ҳам устидан улоқтириб ташлашга кўп уринди. Чорасиз қолган Ҳасан унинг қорнига пичоқ санчди. Раҳимхонов бўш келмади. Мақсуднинг юзига мушт солди. Унинг кўзлари тиниб, бир сония ҳеч нарсани кўрмай қолди. Ҳасан эса жон-жаҳди билан типирчилаб, пичоқ санчилган қорнидан қон отилиб чиқаётган Раҳимхоновга ташланди. Уни бир неча дақиқа ушлаб туриш лозим. Қон кетиб ҳолсизланса, қаршилик кўрсатолмайди.
– Яхшилигимни билмадинг, кўр бўласан!..
Раҳимхонов ҳали кучдан қолмаганди. Ҳасаннинг юзига мушт солди У тўнтарилиб тушди. Тезда ўрнидан туриб, кўкариб чиққан кўзини кафти билан тўсиб, Раҳимхоновнинг тепасига келди.
– Ўчир овозингни!
Эшикка яқин жойда турган Сўфи қўллари билан юзини чангаллаб, худди аёзда қолган одамдай дилдирарди. У на шерикларига ёрдам беришни, на ташқарига чиқиб кетишни билмасди.
Раҳимхонов қўлини қайириб турган Ҳасанни тепиб юборди. Бироқ зарба кучли бўлмаса-да, ерга ўтириб қолди. Уй эгаси ўрнидан турмоқчи бўлди. Мақсуд бунга имкон бермади. Ҳасаннинг кўзи ёстиқ остидан сиргалиб ерга тушган тўппончага тушди. Уни олиб, Мақсуднинг қўлига тутқазди.
– Тинчит!
У қуролни Раҳимхоновнинг кўкрагига тираб, тепкини босди. Тўппончанинг учидан учиб чиққан ўқ уни тўшакка михлаб қўйди ва қаршилик кўрсатиш ҳаракатларидан маҳрум қилди. Ҳасаннинг кийимларига қон сачраганди. У бунга аҳамият бермади ва қўлидаги қонли пичоқни Сўфига узатди.
– Рўмолчангга ўраб, қўйнингга солиб ол! – деди бўғиқ овозда. Кутилмаган воқеадан ҳангу-манг бўлиб қотиб қолган Сўфининг қулоғи том битган, кўз ўнгини туман қоплаган, нима қилишини билмай, ҳамон дир-дир титрарди. У пичоқни қўлига олганини-ю, Мақсуд берган рўмолчага ўраб, қўйнига яширганини билмасди.
– Нима қилиб қўйдиларинг? Энди нима қиламиз?… – Сўфининг дириллаётган лабларидан шу сўзлар учиб чиқарди. Ҳасан унга ўқдай нигоҳини қадади ва арақ шишасига ишора қилиб:
– Оғзингни юм! Манови билан бир уриб, башарангни қонга бўяб қўяман! – деди.
Сўфининг овози ўчган бўлса-да, силкинаётган елкаси унсиз йиғлаётганини билдирарди. Содир этилган даҳшатли қотилликни таҳлил қилиш пайти эмасди. Мақсуд учидан порох ҳиди анқиб турган тўппончани чўнтагига солиб, курсини олиб келиб, унинг устига чиқдида, ўзига таниш бўлган фанерни четга сурди. Ҳасан эса шкаф ичини титкилай бошлади. Чинни идишдаги колбасага кўзи тушди. Оғзига солиб, бир тишлади-ю тишлари зирқираб кетди. Уни жойига қўйди. Полвон очилиб қолган туйнукка қўлини суқиб, ичкаридан темир қутичани олди. Бир дона олтин танга ерга тушди. Ҳасан уни олиб, шимининг чўнтагига солди…
13
Гули остонада қалтираб турган хушторини кўриб, ўзини унинг қучоғига отди. Соғинганди. Кўпдан буён учрашмай қўйишганди. Юзига игнадек санчилаётган соқолининг ачиштирганига ҳам аҳамият бермади. Титроқ, қон қочган лабидан бўса олди-да, ичкарига судради. У вужудидаги ҳаяжонни сездирмаслик учун ҳавонинг совиб қолганидан шикоят қилди.
– Ташқари совуқ, қотиб қолаёздим, – деди паст овозда. У шими ва кўйлагига сачраган қон доғларига эътибор бермади.
– Нега кўринмай кетдинг? – деди Гули Ҳасаннинг кийимларини илгакка илар экан. – Ҳар куни йўлингни пойлайман.
– Қорним оч, бирор егулигинг борми?!
– Ҳозир ҳаммасини тайёрлаймиз, бироз сабр қил! – Гули ошхонага ўтди. Ҳасан шимининг орқа томонига қистирилган тўппончани олиб, ёстиқ остига яширди. Юмшоқ курсига ўзини ташлади. Шу заҳотиёқ кўзига уйқу илинди. Гули қовурдоқни олиб кирганида, йигит ухлаб қолганди. Аёл унинг тепасига келиб, совуқ юзларига тикилди. Кўкариб кетган лаблари, қони қочган яноқларининг тинимсиз учаётганидан Ҳасанга нимадир бўлганини пайқади. Кутилмаганда у ўрнидан сакраб турди. Худди йиғлаётган овозда нимадир деди. Кўзларини очиб, қаршисида турган Гулини кўрди:
– Алаҳсирадим! – деди қайта ўрнига ўтираркан.
– Бирортаси билан уришдингми? – сўради Гули. Ҳасан бепарво қўл силтади.
– Йигитчиликда бўлиб туради.
– Кап-катта бўлсанг ҳам эсинг кирмас экан, – аёл йигитнинг тиззасига ўтирди. Ҳасаннинг сочларини силади.
Йигитнинг бағрига сингиб кетган аёл нозланиб шивирлади:
– Овқат тайёр, жоним.
Ҳасан оппоқ тўшак устида сочлари ёйилиб ётган Гулини бағридан бўшатгиси келмади. Ҳуркак кабутар мисоли учиб кетадигандек маҳкам қучоқлаб, бўса оларди. Гули йигитнинг эркалашларидан, ширин бўсаларидан лаззат олиб, ширин энтикарди.
Қуёш терак бўйи кўтарилганида уйғонган Ҳасаннинг юзини силаб, Гули шу сўзларни айтди:
– Ўзингга қарамай қўйибсан.
– Соат неча бўлди? – кўзларини базўр очиб тепасида турган аёлдан сўради Ҳасан.
– Қаёққа шошасан, ҳали вақт эрта!
Ҳасан кийинар экан, шимига сачраган қон доғларини кўрмади. Бироқ бу аёлнинг эътиборидан четда қолмади.
– Бу шимингга қаердан юқди? – деди ташвишланиб
– Кеча бир – иккита безорилар билан жанжаллашгандим, – қиска жавоб қилди Ҳасан.
Гулининг ишонгиси келмади. Ҳасан буни унинг қарашларидан пайқади.
– Айтмоқчи, тиш қўйдириш ниятинг йўқми? – сўради унинг фикрини чалғитиш мақсадида.
– Ичимдагини топиб гапирасан-да, жоним, – қувониб кетган Гули ёш боладек сапчиди.
– Унда эртага «Черёмушка»даги тиш даволаш шифохонасига ўт, кеч соат 17ларда сени ўша ерда кутаман.
Ҳасан Гули билан шу тариқа хайрлашди.
Гули «Садаф» тиш даволаш шифохонасига айтилган вақтда келди. Бироқ ичкарига кирмади. Вақт ўтиб борарди. Кўчаларда одамлар гавжумлаша бошлади. Дақиқаларнинг имиллаб ўтишидан Гули безовталанди. У тез-тез қўлидаги соатга, олисларга чўзилиб кетган йўлакка қараб қўярди.
Зангори «Тико» шифохонадан бир неча ўн метр нарида тўхтади. Кабинадан ўрта бўйли, қотмадан келган йигит тушди. У қўлидаги машина калитини ўйнаб, шифохона томон кела бошлади. Самадов радия орқали номаълум объект ҳақида Камоловга маълумот берди. Гулининг бирдан Ҳасанга кўзи тушди. У томон чопди. Бўйнини чўзиб, Ҳасаннинг юзидан ўпди. Улар бир неча сония кўча четида туриб, нима ҳақдадир суҳбатлашишди. Постдагилар диққат – эътиборини икки шахсга қаратишганди. Улар ичкарига юришди. Абдуваҳоб мижозини кўриб:
– Бир дақиқага улгурдингиз, – деди.
– Айбдорман, доктор! – қўлини кўксига босиб узр сўради Ҳасан.
– Кечикканимизни мана шу билан ювамиз!
У стол устига бир шиша коньяк қўйди. Чўнтагидан шоколад чиқарди.
– О, зўридан-ку!.. Феруз!! – қўшни хонага қараб қичқирди доктор.
– Лаббай, дўхтир!
– Стаканларни ювиб чиқ! – Абдуваҳоб Ҳасанга юзланди.
– Хўш, оғриқ қолдими, дўстим?
– Бир оз оғриганини ҳисобга олмаганда, деярли безовта қилмади. – Абдуваҳоб стол остига ўрнатилган микрофонга уланган тугмачани босди. Махсус микрофон ишга тушди. Хонадаги суҳбат постдаги кузатувчиларга узатила бошланди.
– Қани столга ўтиринг, «примерка»ни кўрайлик-чи?
– Ўтиришдан олдин юзтадан отиб олсак-чи?
– Яхши таклиф!
Абдуваҳоб коньякни очди, унинг кўзлари остонада турган кўҳликкина аёлнинг нигоҳлари билан бир неча бор тўқнашди. Чиройли, ёқимли чеҳраси таниш кўринди. Бироқ қаерда кўрганини эслай олмади.
Ҳасан ҳамёнидан тилла тангани чиқарди.
– Ортиб қолганини мана шу хонимчага қўйиб қўясиз, – деди аёлга ишора қилиб.
– Жоним билан, – ҳар доимгидек қувноқлик билан деди тиш доктори. – Бироқ бу гўзал қизнинг тишлари тилладан кам эмасга ўхшайди.
Улар коньякни ичишди. Ҳасан курсига ўтирди. Абдуваҳоб дераза токчасидаги қолипни олди. Пост ичидаги яшил чироқ ёнди. Орадан бир неча дақиқа ўтиб, Камолов иягини боғлаб олган ҳолда докторнинг хонасига кириб келди.