Текст книги "Қасоскор қашқирлар 2-китоб"
Автор книги: Исокжон Нишонов
Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 4 (всего у книги 10 страниц)
Қоплон у билан учрашишга аҳд қилди.
– Ғайрат, – деди иш юритувчисига. – Баҳромни бу ерга чақир. Муҳим масала юзасидан гаплашмоқчи эканлигимни айт!
– Келармикин, хўжайин? – иккиланиб сўради Ғайрат. – Сиз билан учрашишга юраги бетламас…
– Субутсиз одамда юз бўлмайди. Келишни истамаса, Ҳамиднинг қўлимдалигини айт!
Ғайрат телефонни қўлига олди ва керакли рақамларни терди. Бироқ қўнғироқ овозларига ҳеч ким жавоб бермади. Шундан кейин у Баҳромнинг ишхонасига йўл олди.
* * *
Ҳамиднинг «ўлими» Баҳромнинг руҳини кўтариб юборганди. «Ниҳоят, қутулдим, хотиним билан болаларимнинг ўлимида энди мени ҳеч ким айблай олмайди. Якка-ю-ягона гувоҳ ернинг остида. Керак бўлса, Ризо билан алоқани узаман. Унинг қўли қон. Ортиқ менга зуғум ўтказолмайди. Ҳам пулни олиб, ҳам Ҳамидни ўлдирди – тили қисилди», деб ўйларди.
Тушдан кейин танишларидан бири келиб, ўн минг доллар ташлаб кетди. Столнинг тортмасида эллик минг доллар шай турарди. Аммо келишилган вақтга икки соат бор. Ғайратнинг кириб келиши Баҳромнинг хаёлини тўзитиб юборди.
– Қоплонбек сиз билан учрашмоқчи, – деди Ғайрат.
– Нима иши бор экан менда? – димоғ – фироғ билан сўради Баҳром.
– Буни борганингизда биласиз!
– Гапи бўлса, ўзи келсин!
– Бормасангизбўлмайди, хўжайин нозик масалада сизнинг маслаҳатингизни олмоқчилар, – босиқлик билан тушунтирди Ғайрат.
– Вақтлари йўқ экан, дегин. Гапи бўлса ўзи келсин!
– У киши сизнинг олдингизга келмайдилар. Сиз боришингиз керак!
Баҳромнинг асаблари таранглашди.
– Ким бўлиб кетибди, у менга буйруқ бергани!
– Бу буйруқ эмас, илтимос! Қоплонбек сизнинг тақдирингиз масаласида гаплашмоқчи.
– Менинг тақдиримга нима бўлибди? – Баҳром «элчи»га хўмрайиб қаради. – Гапларингдан туҳматнинг иси келяпти! Чиқ хонамдан!
Ғайрат охирги имкониятни ишга солди.
– Қанақа одамсан, яхши гапга тушунмайсан? Иккала қулоғинг билан эшитиб ол. Сени ўлдирмоқчи бўлган Ҳамид тирик, Қоплонбекнинг қўлида. Кўргинг келса борарсан!
– Бу шантаж! Сенлар мени ўлдириш мақсадида шундай ҳийла ишлатаяпсанлар. Ҳозир мелисага қўнғироқ қиламан!
– Буни шантаж, деб ўйласанг, хато қиласан. Ҳозир мен «Тилла йигит»га қўнғироқ қилай, бирикки оғиз гапини эшит, кейин мелисага қўнғироқ қилаверасан!
Бироқ Баҳром Ғайратнинг телефон қилишига тўсқинлик қилди.
– Кўчага чиқиб телефон қил! Бу ер менинг хонам!
Ғайрат индамай чиқиб кетди. «Наҳотки, Ҳамид тирик бўлса?» Баҳромнинг юрагига ғулғула тушди, вужудидан совуқ тер чиқиб кетди. Гўшакни жойига қўйди. Ноилож ўрнидан турди.
* * *
Шарофат эртаси куни яна Ризонинг олдига келди.
– Пулни ўтказиб бераман, дегандингиз, ука, – деди чўчинқираб.
Шу куни Ризонинг кайфияти яхши бўлмаса-да, кеча Шарофатни ранжитиб қўйганидан пушаймон эди. «Нима қилса ҳам аёл киши, ишониб бўлмайди, аччиғи чиқиб, Аҳмадни қочириб юборганини таниш – билишларидан бирортасига гуллаб қўйиши мумкин», деб ўйлади. Тилини қисиш мақсадида унинг талабини бажаришга мажбур эди.
– Қизингиз қаерда ўқийди? – сўради Ризо.
– Университетда.
– Қачон битиради?
– Келгуси йили.
– Катта қиз бўп қопти – да?
– Худога шукр, кеча ёшгина қизча эди, мана, энди бўйига етиб қолди.
– Қанча қарзи бор?
– Бир миллион!
– Ў, каттагина пул экан… қоғозлари қани?
– Ўзида бўлса керак, Ризожон.
– Қизингизга айтинг, олдимга келсин.
– Пул жуда зарур, бугун – эрта ўтказмаса, курсида қолиб кетаркан…
– Қизингиз келсин, дедим-у! Қоғоз бўлмаса, энамнинг банкидан ўтказаманми, пулни!
Ризонинг аччиқлангани Шарофатга эриш тўюлди. Ўрнидан турди.
– Ҳозир телпон қиламан, опкелади…
Ризо индамади. Шарофат қўшни хонадан уйига қўнғироқ қилди.
– Қоғозларингни олиб тезда етиб кел, бошлиқ сўраяптилар! – деди қизига.
Азиза келганида Ризо хонасида эди. Қиз ичкарилади. Хипча бел, фариштасифат санамни кўриб, ўрнидан турди. Шарофатнинг одамни эсҳушини ўғирлайдиган шундай соҳибжамол қизи бор, деб сира ўйламаганди.
– Мен кўрганимда ёшгина қизалоқ эдинг, – деди Азизани диванга таклиф қилар экан. – Катга бўп қопсан! Ўқишни битириб, нима иш қилмоқчисан?
– Ўқитувчилик қиламан, – деди Азиза хижолатомуз.
– Бу касб сенга ярашмайди. Яхшиси мен билан ишла. Хоҳласанг ўзимга ёрдамчи қилиб оламан. Фирмани ўзинг бошқарасан.
– Мен бу ишни эплолмайман, ҳисоб-китобга йўқман.
– Ташвишланма, ўрганасан, яхшигина пул топасан!
Азиза Ризонинг раъйини қайтаргиси келмади.
– Аввал ўқишни тугатай, кейин бир гап бўлар.
– Жавобинг менга ёқмади. – Ризо қиздан кўзини олмай деди. – Истасанг, бугунданоқ буйруқлаштириб қўяман. Ҳам ишлаб, ҳам ўқийсан. Онангнинг топгани билан яхши яшаб бўлармиди?!
– Ўйлаб кўрай.
– Нимасини ўйлайсан? – қизни ҳоли-жонига қўймасди Ризо. – Биламан, онанг рози бўлади.
– Ўқишим кеч тугайди… – нима дейишини билмай қолди Азиза.
– Ҳечқиси йўқ, бир-икки соатга келиб-кетиб турасан, майда-чуйда қоғозларни тартибга солиб қўясан. Бу ерда қийин иш йўқ.
Азиза ноилож бош ирғади.
– Контракт пулингни эртагаёқ тушириб бераман. Бу ёғидан хавотир олма. Эртага дарсдан чиқиб олдимга ке, ишлар билан таништираман!
Азиза Ризонинг таклифини онасига айтмади. Аммо ўқишдан чиқиб, фирмага ўтди. У контракт пулининг тушган-тушмаганлигини билиш ниятида эди.
– Пулни ўтказдим, – деди Ризо тантанавор оҳангда қизнинг қўлидан ушлаб. – Энди хурсандмисан?
– Раҳмат, амаки, – миннатдорчилик билдирди Азиза.
– Биргина раҳмат билан иш битмайди, – Ризо қизнинг кўзларига нигоҳини қадади. – Буни ювишимиз керак!
– Битта ош мендан!
– Йўқ, ошни мен қилиб бераман!
– Уялтирманг, амаки…
– Бугун вақтинг қандай, бўшмисан?
– Нимайди?
– Янги иш билан сени таништиришим керак.
– Ростдан мени ишга олмоқчимисиз?
– Ҳалиям ишонмаяпсанми?
– Қўрқяпман!
– Эртага тоққа жўнаймиз, қолган гапни ўша ерда гаплашамйз!
– Тоғда нима қиламиз?
Ризо ўйланиб қолди. Қизни ишонтирадиган гап тилига келмади. Ниҳоят:
– Идоранинг ҳужжатлари ўша ерда сақланади, – деди.
– Бошқа кун, – хижолатомуз жавоб қилди қиз. – Эртага имтиҳоним бор!
Ризо аччиқланди-ю аммо индамади. Дала – ҳовлида Аҳмаднинг борлиги ёдига тушиб жилмайди.
– Шанба куни, – деди кўрсаткич бармоғини қизнинг юзига яқин келтириб.
Азиза чиқиб кетди. Қизнинг белига тушган сочлари, нозик қомати Ризонинг юрагидаги чўғни алангалатди. «Қанчалик қайсар ва ўжар бўлмагин, тоққа чиққан кунинг меники бўласан», деди унинг ортидан. Кейин қўлидаги соатга қаради. Баҳром билан учрашадиган вақтга ярим соат қолганди. Қўнғироқ қилди.
– Учрашувни бошқа кунга қолдирадиган бўлдик. Айтган пулингизнинг ярмини ҳам жамлай олмадим. Душанба куни кўришсак! – деди Баҳром изқувар ўргатган гапларни тилига олиб.
– Сен боланинг бурдинг йўқ экан, – ўшқирди Ризо. – Ортиқ муҳлат беролмайман. Пулни ҳозир олиб келмасанг, одамларим мелисанинг қулоғини қизитиб қўйишади!
– Икки кун сабр қилинг, ака. Ҳаммаси сиз айтгандек бўлади.
– Бир соат ҳам сабр қилолмайман, – яна ўшқирди Ризо.
– Шу пайтгача ҳамма топшириқларингизни бажариб келганман, ака. Икки кунга осмон узилиб тушмас. Мақсадим пулни бутлаб бериш!
Ризо бироз ўйланиб турди-да, кейин:
– Майли, душанба куни кечки соат бешда, айтилган жойда кўришамиз, – деди.
* * *
– Мени нимага чақиртирдинг? Ўлган одамни тирик, деб баҳона қилмасанг ҳам келаверардим! – деди Қоплоннинг хонасига кириб келган Баҳром.
– Тутқаноғинг тутиб қолдими? – ўзини зўрға босиб деди Қоплон. – Аввал ўтир, одамга ўхшаб гаплашайлик.
– Вақтим тиғиз, – қўрслик билан жавоб қилди Баҳром. – Қани Ҳамид?!
– Кўргинг келдими? Шошилаётган бўлсанг ҳозир кўрасан. Аммо олдин сен билан икки оғиз гаплашадиган муҳим гап бор!
Баҳромнинг назарида «Тилла йигит» ёлғонгапираётгандек туюлди. «Мени бу ерга олиб келиш учун ўйлаб топган найранги бўлса керак», деган фикр ҳамон калласида айланарди.
– Мақсадингни айт?! Мендан нима истайсан?
– Сендан кўп нарса истамайман, – босиқлик билан деди Қоплон. – Бир илтимосим бор. Хотининг билан болаларингнинг ўлимида нега айнан мени ва йигитларимни айбладинг?
– Бу саволингга судда жавоб бераман. Ҳамма гапни терговчига ёзиб берганман, билгинг келса, кўргазмамни ўқиб кўр!
Баҳром гап тамом, дегандек ўрнидан турди.
– Менга қара, директор, унинг йўлини тўсди Қоплон.– Истасанг хотининг билан болаларингни ким ўлдирганини исботлаб бераман!
– Бу гапингни терговчига айт! – нима қилиб бўлса-да, тезроқ чиқиб кетиш пайида шошди Баҳром.
– Олдин сен эшитсанг ёмон бўлмасди!
Баҳром уй эгасига шундай ўқрайиб қаради-ки, бу қараши билан тилига чиқаролмаган аччиқ сўзларини ошкор қилди. Қоплон эшик олдида турган Ғайратга юзланди. У хўжайиннинг қарашидан нима демоқчилигини тушунди. Ташқарига чиқиб, Ҳамидни бошлаб кирди. Баҳром кўзларига ишонмади.Тилитанглайига ёпишиб қолган одамдек зўрға унинг номини айтди.
– Ҳамид…
Баҳром ҳали ўзини ўнглаб улгурмасидан, Ғайрат Ҳамидни олиб чиқиб кетди.
– Энди хотининг билан болаларингнинг қотили кимлигини сендан сўраб ўтирмайман. Боя айтганингдек, терговчига гапириб бераман. Аммо сендан сўрайдиган гапим бор. Хоҳласанг жавоб бер, хоҳламасанг кетавер.
Баҳром учун ҳаммаси тугаганди. Ризонинг ёлғон гапирганини тушуниб етганди. «Аблаҳ, мени чув туширмоқчи бўлибсан-да», деган фикр кўнглидан ўтди.
– Амирхонни ким ўлдирган? – сўради Қоплон.
– Ризо! – қуруқшаб қолган лаблари орасини ёриб чиққан сўз Қоплонга ток ургандек таъсир қилди.
– Ризо?!
– Ҳа, ўша ўлдиртирган…
– Унинг ўлими нима учун керак бўлиб қолди?
– Насимбек икковингни бир-бирингга душман қилиш мақсадида…
Баҳром бошқа гапиришни истамади. Шуҳрат Шарифович унинг олдига келди.
– Энди мен билан милицияга боришингизга тўгри келади! – деди.
Баҳром нима дейишни билмасди. Изқуварнинг олдига тушишдан ўзга йўл қолмаганини тушунди.
* * *
Ўқ овози Мирхолдорнинг қулоғига жуда ҳам яқиндан эшитилгандек туюлди. Сесканиб тушди. Хира тортган нигоҳларини эшик вазифасини ўтаб турган парда тирқишидан кўриниб тургам тепаликка қадади. Кейин юзига фотиҳа тортди.
– Ўз бошингга ўзинг етдинг. Яхшилигимни унутдинг, кўрнамаклик қилдинг, тузлиғимга тупурдинг.– Мирхолдорнинг қуруқшагам лаблари орасидан шу сўзлар учиб чиқди. Саиднинг ўлими унинг юрагида заррача бўлса-да, ачиниш ҳиссини уйғотмади. Аксинча, қутулганига шукр қилдии. У торгина, димиққан хонада майда қадам ташлаб юраркан, марҳумнинг шаънига бўҳтон тошларини ота бошлади. «Сен падарлаънат тўдага хиёнат қилдинг. Демак, ўлимга маҳкумсан. Аввалроқ қонингни ичмаганимдан афсусдаман».
Мирхолдор ташқарига чиқди. Остонада Шавкатга дуч келди. Унинг ранги оқариб кетганди. «Қўрққан», деб ўйлади Мирхолдор.
– Кўмдингми? – унинг тилидан чиққан сўз шу бўлди.
– Қочди… – зўрға тилга кирди Шавкат. Унинг кекиртагида тухумдай нарса ликиллаб турарди.
Бу хабар Мирхолдорга ёмон таъсир қилди. Вужуди титраб, юзи кўкариб кетди.
– Қочди? Қаёққа қочди?!
Шавкат тилини тишлади. Мирхолдорнинг хаёлидан ҳар турли ўйлар ўтди. «Атайлаб қочирган», деган хаёлга борди. Шу қарор уни ўзига келтирди. Шавкатнинг қўлидан милтиқни юлиб олди.
– Сен хунаса уни жўртгага қочиргансан!
– Эчкиэмар… – безгак тутган одамдек қалтираётган Шавкатнинг тилига бошқа сўз келмади.
Мирхолдор милтиқнинг қўндоғи билан йигитнинг бошига солди. У пойгакка йиқилди. Мирхолдорнинг юрагидаги алам босилмади. Кўз ўнгида қум тепалар узра қочиб бораётган Саид келди. «Отолмадинг, энди ўзингдан кўр, мендан омонлик кутма», деяётгандек туюлди. Унинг тирик қолиши яхшиликка олиб келмаслигини Мирхолдор яхши биларди. Саид энди унинг изига тушади, пайт топиб келади, ўч олади. У тирик экан, Мирхолдор ором тополмайди. Бошига қандай кулфатларни солган бўлса, у бундан бешбаттар қилиб қайтаради. Отолмадимми, демак, албатта, у отади.
Ғазаб ва алам Мирхолдорнинг қонини кўпиртирди. У бўш стволга патрон солди. Оёғи остида ғужанак бўлиб ётган Шавкатнинг кўкрагига милтиқнинг учини тиради.
– Бундай қилманг, хўжайин, уни ҳозироқ тутиб келаман! – қўрқиб кетган Шавкат қичқириб юборди. У яна нимадир демоқчи эди, улгуролмади. Тепки босилганди. Шавкат ётган жойидан чалқанчасига тўнтарилди. Кўкрагини чангаллаб бақириб юборди.
Мирхолдор қилган ишидан пушаймон бўлмади. Қонга беланиб ётган мурданинг устидан ўтиб, ташқарига чиқди. Бу пайтда ўқ овозини эшитган Ҳайдар кулбасидан чиқиб келаётганди.
– Имилламай илдамроқ юр!! – қичқирди чўл эгаси.
Ҳайдар чопқилаб келди. Мирхолдор қўшотарни унинг қўлига тутқазди.
– Саид қочибди, изидан чоп, тутган жойингда пешонасидан от! – илон чаққандек қичқирди Мирхолдор ва чўнтагидан беш-олти дона ўқни олиб, Ҳайдарга узатди. Ёши қирқдан ўтиб қолган бу одам анча чаққон эди. Милтиқ билан ўқларни олган заҳотиёқ эчкидай сакраб, шамолдек елиб, қум тепалар сари чопиб кетди.
Чодирда Мирхолдорнинг ўзи қолди. Ичкари киришга юраги бетламади. «Саид шу атрофда бўлиши мумкин», деган фикр вужудида қўрқув ҳиссини уйғотди. Етти кун оралиғида иккита одами ўлди. Бири қочоқни қувиб кетди. Поёнсиз саҳрода танҳо қолди. Саид буни билади. Барханлар ортидами ёки юлғунлар остидами яшириниб ётган бўлса, кўққисдан ташланиб қолиши эҳтимол. Ўлимга маҳкум этган кимсани омон қўярмиди?
Мирхолдорнинг боши оғриди. Қулоғига чалинган ҳар қандай сас юрагига ғулғула соларди. Теваракка олазарак боқарди. Энг ёмони ёнида қуроли йўқ.
Саид ўзининг оёқ изларини қайноқ қум устига муҳрдек босиб, пасту-баланд тепаликлардан ошиб кетиб борарди Гоҳ чопарди, гоҳ туядек лўккиллаб юрарди. Кун иссиқ эди. Чанқаганди. Ўпкаси бўғзига тиқилганди. Тез-тез ортига боқиб қўярди. Кўзига одам кўринмасди. Чодирда Ҳайдар борлигини у яхши биларди. Хўжайин-ку, изидан қувмайди, аммо хизматкорини ишга солади.
Саид анча йўл босди, ҳолдан кетди. Кўйлаги тердан ивиди. Очлик сабабли, қуввати қолмади. Ташналик ичини ёндирарди. Тирик қолиш истаги, Ризонинг хиёнати бу азоблар олдида арзимас нарса эди. Уни тезроқ ва илдамроқ юришга ундарди. Йўқ, биз айтиб ўтган нарсалар барибир ўз кучини кўрсатди. Саидни ерга йиқитди. Кекса саксовулнинг сояси унинг қум босган ва сочлари тўзиб кетган бошига соя ташлаб турарди. У қаттиқ чарчаганди. Ўпкаси томоғидан чиқиб кетгудек ҳансирарди. Тикан ва чангаклар санчилган товонидан томаётган қон қайноқ қумда қизил доғлар қолдирганди. Агар ҳозир Мирхолдор келганда ҳам ҳеч қандай қаршилик кўрсатолмасди.
Ўтаётган лаҳзалар йигитнинг вужудидаги ҳорғинликни ҳайдаб, куч ато этарди. У анча йўл босиб қўйганлигини, бу ерларга Милхолдор етиб келолмаслигини яхши биларди. Лекин у бир нарсани – қумларда оёқ излари қолганини ўйламасди.
* * *
Юқорида таъкидлаганимиздек Хайдар чопқир эди. Чодирдан чиққанида кўзи Саид қолдирган изларга тушди. Уларни мўлжал қилиб келарди. Қочоқнинг узоққа кетолмаслигини биларди. Бургутнинг кўзларидек ўткир кўзлари ўн қадам олисдаги изларни аниқ-тиниқ кўрарди. Явшону янтоқлар орасидан илон мисоли буралиб, шохшаббаларга кўйлагини илдирмай ўтиб борарди. Бироқ, қочоқнинг қораси кўринмасди. Наҳотки, олислаб кетган бўлса, наҳотки уни тутолмаса? У қўлидаги милтиқнинг тепкисини орқага қайириб, отишга шайлаб олганди. Саид кўринган заҳотиёқ худди кинолардагидек, «тўхта, қўлингни кўтар», деб қичқиради. Шунда қочоқнинг қандай ҳолга тушишини кўз ўнгига келтирган Ҳайдарнинг тер босган ва қумлар ёпишиб қолган қоп-қора юзи ним табассумдан ёришиб кетди. Ахир ким ўлишни истайди? Ҳамма беажал ҳалок бўлишдан қўрқади-да. Саид ҳали яшаш истагида қочишга мажбур бўлмадими?
Бир тўп юлғунлар орасидан илондек эшилиб, кийикдек сакраб ўтиб бораётган қаҳрамонимизнинг кўз олдида қўлларини кўтариб, оёғи остига тиз чўкиб турган қочоқ йигитнинг аянчли қиёфаси жонланди. «Ўлдирма, раҳминг келсин, қонимни тўкиб нима наф топардинг, айтган талабингни бажараман», дея айтиши мумкин бўлган сўзлари қулоқлари остида жаранглади.
Ҳайдар азалдан мушкул аҳволга тушган одамларнинг аянчли башарасини кўришни, ялинувчан сўзларини эшитишни ёқтиради. Бегона одам қаршингда қўл қовуштириб, тиз чўкиб, ялиниб ёлвориб, «раҳм қилинг, акажон» деб туриши қандай яхши. Кўнгилларга худди саратонда одамнинг кўкрагига эпкин теккандек ҳузур бахш этади…
Хаёлига келган ҳар турли ўйлар, кўз ўнгидан ўтаётган манзаралар Ҳайдарга қанот бахш этарди. Тезроқ чопишга илҳомлантирарди. Шунинг учун чарчамасди. Шунинг учун шамол каби елиб борарди. Лекин у муҳим нарсани унутганди. Саид унинг қўлига ўзини осонликча топширадиган анойилардан эмаслигини, қувиб келаётганини билса, қайсидир янтоқ ёки юлғун остига яшириниб кўққисдан устига ташланиб, қуролини тортиб олишини ўйламасди.
Саид анча ичкарилаб кетган, икки-учта бархандан ошиб ўтганди. Ўзининг тахминича, олти чақиримни ортда қолдирганди. Тирик қолганига шукр қиларди. Мирхолдорни бисотидаги энг ёмон ва жирканч сўзлар билан лаънатлади. «Ўлмасам сени тирик қолдирмайман, ит. Яхшилигимни билмадинг! Сени ҳам, ўша сотқин Ризони ҳам чавақлайман. Сатанг Султон кампир қўлимдан тирик чиқмайди. Уччалангни бигга қабрга тиқаман. Қасос олиш қанақалигини сенларга кўрсатиб қўяман».
Саиднинг душманидан оладиган бошқа ҳақи ҳам бор эди. Мирхолдорнинг тўшаги остида бир қучоқ пулларни кўрган, миллионлик «юк» ҳам ўша ерда. Шунча бойликдан кўз юмиб, бу ердан кетиш ғирт тентакликнинг ўзи эмасми? Шу савол уни барханлар ичини зудлик билан тарк этишига имкон бермасди. Оёғига урилган кишандек ерга елимлаб қўйганди. «Нима қилиш керак? Ортга қайтайми?»
Ҳайдар юлғунзорга етганда изларни йўқотиб қўйди. Вужудида титроқ уйғонди. Қаёққа даф бўлди, лаънати? Қум остига кириб кетдими, осмонга учиб кетдими? У гоҳ ерга, гоҳ осмонга боқди. Юрагини ваҳима ўртади. Милтиқни отишга шайлаб, атрофни кўздан кечирди. Излар бир жойда айланиб, кейин ортга қайтганини кўриб қолди. «Саид шу ерда», деди ўзига-ўзи овозини ютиб. Вужудидаги қалтироқдан милтиғи ерга тушиб кетадигандек эди. Бояги шерюраклигидан мисқолча ҳам қолмаганди. Қўлида қурол бўлса-да, қаршисидан тирик одам чиқса, унга қарата ўқ узолмаслигини бирдан тушуниб етди. Қандай отади? Милтиқ кўтариб юргани билан қуш ҳам отмаган.
– Саид, ҳой Саид… – эшитилар – эшитилмас овоз чиқарди Ҳайдар. Жимжитлик чўккан қум тепалар унинг заиф товушини шу лаҳзадаёқ ютиб юборди.
Ўн қадамча нарида сувсиалиқдан қурий бошлаган баҳайбат юлғун турарди. Излар ўша томон бурилиб кетганди. Ҳайдар юлғун сари икки-уч қадам босди-ю, тўхтади. Дукуллаб тепаётган юраги унга яқин боришга дов бермади. Ола-кула кўзлари ила юлғун остини назорат қилди. Чўғдек ялтираб турган нигоҳларни учратганида қичқириб юборди.
– Саид!!
Ер билан битта бўлиб ётган кимса ўрнидан турмади. Баттар қумга қапишиб олди.
– Ўрнингдан тур! – Ҳайдарнинг қулоқларига ўз овози бегона одамникидек эшитилди. Саид яна қимир этмади. Ўликдек чўзилиб ётаверди. Изидан Ҳайдар қувиб келишини билганди. Ўндан қочиб қутилиш мумкин, бироқ милтиқнинг ўқидан омон қола оладими?
– Саид, тур деяпман, сенга! – боягидан қаттиқроқ бақирди Ҳайдар ва милтиқнинг учини унга тўғрилади.
Терга ботган Саид ноилож қум зарралари ёпишган бошини кўтарди. Душманига ўқрайиб боқди. У ҳамон қочиш йўлини ўйларди. Кутилмаганда миясига келган фикрдан омон қолиши мумкинлигини тушунди.
– Эҳтиёт бўл, мени илон чақди, – деди афтини буриштириб.
Ҳайдар азалдан илондан қўрқарди. Жониворнинг номи қулоғига чалиниши биланоқ сесканиб кетди. Ён атрофига аланг-жаланг кўз ташлади. Ҳатто оёқларини кўтариб ҳам қўйди. Лекин илон кўринмади. Шунда қулоғига янтоқ остидан ўқдек учиб ўтган кичкинагина эчкиэмарнинг овози эшитилди. Ҳайдар росмана қўрқиб кетди ва ихтиёрсиз орқага чекинди.
– Ёрдам бер, ўлиб қоламан, – юзини ерга босиб ингради Саид.
«Бу ернинг илонлари заҳарли бўлади», ўзича донолик қилди Ҳайдар. «Тезроқ ярани пичоқ билан тилиб, заҳарни чиқариб юбориш керак».
– Сени менга Худонинг ўзи етказди. Келмаганингда ўлиб қолардим…
Ҳайдар ишонди. «Илон чаққани рост бўлса, ўлиб қолмасин», деб Саидга яқин борди.
– Қочиб нима қилардинг? – мулойим овозда насиҳат қилди.
– Гапинг рост, астойдил кечирим сўраганимда, бошимга бу савдолар тушмасмиди?
Ҳайдар унинг тепасида тўхтади. Қўлида учи ерга қаратилган милтиғи осилиб турарди.
– Қаерингни чақди?
Ҳайдар саволига жавоб олишга улгурмади. Саид чаққонлик билан унинг оёқларидан чалди. Қўлидаги милтиқ бўйи баравар тепага кўтарилиб, анча нарига тушди, ўзи оёғи осмондан келиб, йиқилди. Саид ўрнидан ирғиб турди. Аввал милтиқни олди, кейин қумга беланиб ётган Ҳайдарнинг тепасида пайдо бўлди. Милтиқнинг стволини пешонасига тиради.
– Изимга тушибсанда, ит?! Мени хўжайинингга тутиб бермоқчимидинг, сотқин?!
– Отиб кел, деб буюрди, – деди Ҳайдар. – Милтиқни пешонамдан ол. Шайтон осилиб турган, ўқ чиқиб кетиши мумкин!
– Мени ўлдирмоқчимисан?
– Хўжайин буюрди, – минғирлади Ҳайдар.
– Бекордан – бекорга шунча жойгача қувиб келмагандирсан?
– Энди қайтмоқчи бўлиб тургандим, – нима дейишни билмай, тилига келган сўзни айта бошлади Ҳайдар. Айни пайтда Саиднинг қўлини кўтартириб, олдига солиб чодирга ҳайдаб кетмаганидан афсусланди.
Қочоқ оёқлари остидаги қумни чангаллаб ётган Ҳайдарнинг тақдирини ўйлади. Қўйиб юборса, қочгани аён бўлади, отиб ташласа, ундан ёмонлик кўрмаган.
– Тур ўрнингдан! – амр қилди қочоқ милтиқнинг учини унинг пешонасидан оларкан.
Ҳайдар турди.
– Тўрт томонинг қибла, кетишинг мумкин, аммо бир шарти билан, Мирхолдорнинг олдига қайтиб бормайсан! Тушунарлими?!
Ҳайдар бундай илтифотни кутмаганди. Қулоқларига чалинган гапга ишонгиси келмади. Ортимдан ўқ узади, деб ўйлади.
– Мен… мен қаёққа бораман? Ватаним мана шу чўл бўлса. Яхшиси ўзинг билан бирга олиб кет!
– Гапимни эшитдингми, қани, тезроқ кўзимдан нари кет, акс ҳолда мана бундан учиб чиққан ўқ пешонангни иккига бўлиб ташлайди, – пўписа қилди қўшотарни силтаб.
Ҳайдар унинг дағдағасиға ишонди. Орқаси билан юриб, узоқлаша бошлади. Кўздан ғойиб бўлгунча Саиддан нигоҳини узмади. Бархандан ошиб ўтгач, чопиб кетди. Шўрлик йигит қаёққа кетаётганини ўзи билмаганидек, қаерга боришини ҳам билмасди. Чор томони поёнсиз барханлар ичидан йўл топиб, одамлар яшайдиган бирор қишлоқ ёки овулга етиб олишига ақли етмасди. Бу пайтда қоронғу туша бошлаганди.
Саид милтиқни олиб орқасига қайтди. Мирхолдор билан ҳисоб-китоб қилишга қарор қилганди. Лекин шошилмади. «Ҳали вақт эрта», деб ўйларди…
* * *
Мирхолдор икки кўзини Ҳайдар кетган йўлга тикиб ўтирарди. Қош қорайиб, қуёш ётоғига кириб кетган бўлса-да, ундан дарак бўлмасди. Нима бало, қочириб юбордими ёки кетган томонини тополмай адашдими? У аниқ қарорга келолмай боши қотди, кўзлари толикди. Қоронғулик тушган сайин вужудига ҳам зулмат янглиғ қўрқув ёпирилиб кирарди. Чодир ичига киришга юраги бетламасди. Бир томонга қараб ўтириш хатарли эди. Саид шу атрофда яшириниб турган бўлса, ортидан келиб ўлдириб қўйиши мумкиндек туюлди.
Мирхолдор ўтиролмади. Ўрнидан турди. Мақсадсиз атрофни айланди. Юлдузлар осмонни тўлдирганди. Чўл узра кумуш нурларини тараб, ой кўтарилганди. Эпкин гулга тўлган явшон ва янтоқларнинг ифорини ҳар ёнга таратганди. Илонлар уйғонди. Қурт-қумурсқалар маконига кириб кетганди. Мирхолдорнинг олисларга боққан кўзи икки довон оралиғидаги йўлдан келаётган шарпага тушди. Ҳушёр тортди. Ҳайдар, деб ўйлади. Аммо юришидан аёл кишига менгзади. Адашмаган экан: Султонхон.
Мирхолдорнинг юрагини қўрқувдан уйғонган оғриқлар тарк айлади. Аёлнинг йўлига пешвоз чиқди. Бир-бирларини бағриларига босиб, кўришишди.
– С приездим, ханум!
– Омонмисиз, полвоним!
– Сизни кўриб бошим осмонга етди…
– Бир ўзингизми, йигитлар қаерда? – жувон атрофга аланглаб сўради.
Мирхолдор жим қолди. Бошига тушган савдони яшириб бўлмасди. Ҳализамон Ҳайдар қайтса, барчаси фош бўлади.
– Саид хунаса, қочди!
– Қочди?! – ажабланди Султонхон. – Ўзи қочдими?!
– Падарингга лаънат Шавкат ишни расво қилди. Отиб кел, деб қўлига милтиқ тутқазсам, эчкиэмардан қўрқиб, қочириб юборибди.
– Атайлаб қилмадимикин?
– Шунисини билолмай доғманда!
– Ўзи қани?
– Жақл устида отиб қўйдим, – Мирхолдор боши билан чодир томонга ишора қилди. – Ҳайдар Саиднинг изидан қувиб кетганди, уч-тўрт соат бўлди, ҳанузгача қайтмаяпти!
– Бундай одамларни кечириб бўлмайди. Яна панд беради. Ўлимга маҳкум этиб, тўғри қилибсиз!
– «Дори»ни эгаларининг қўлига топширдингизми? – мақсадга ўтди Мирхолдор.
– Бу гал каттароқ жўнатишингизни сўрашди.
– «Юк» тайёр. Қачон йўлга чиқасиз?
– Эртага кечки поездда жўнайман! Лекин катта «юк»ни олиб кетиш хавфли эмасмикин?
– Таваккал қиламиз.
– Юрагингиз отнинг юрагими дейман?!
– Уч-тўрт сўм ишлаб олай, дейман-да.
– Омадингиз бор экан, бозоримиз кун сайин қизиб турибди. Иссиғида «юк»ларимизни пуллаб олсак яхши бўларди. Ҳадемай, афғон далаларида яна ҳосил пишиб етилади. Мавсумга тайёргарлик кўриш керак. Савдо билан бўлиб, «дори» тўплашни унутиб қўйсак, кейин афсусланамиз. Хўжайин ҳам «қўлингдагиларни тезроқ эгаларига топшир», деяпти. Хабарингиз бордир, бошлиқ сизнинг хизмат ҳаққингизни уч баробарга оширди. Яхшироқ пул жамғариб олиш фурсати келди.
Пулнинг дарагини эшитган Султонхоннинг қулоғи чимирилиб, юраги патиллади.
– Уч баробари қанча бўлади?
– Ҳозир биздан ярим килограмм «дори»га икки минг доллар олаётган бўлсангиз, бир килограмми учун беш минг оласиз.
– Арзимас шартим бор, – деди аёл.
– Қулоғим сизда?
– Ҳақини олдиндан тўлайсиз?
– Бу ишончсизликнинг аломатими?
– Ҳар ҳолда қилаётган ишимнинг хатарлилигини ўйлаяпман-да!
Қоронғулик аста-секин қуюқлашиб борарди. Қум тепалар, ўсимликлар кўзга ваҳимали кўринарди. Алланималар чирилларди. Қаердадир итга ўхшаш жонивор узуқ-юлуқ ув тортарди.
Мирхолдорни ўй олиб қочди. Кўзларини қоронғулик қаърига тикиб, Султонхоннинг саволига қандай жавоб қайтаришни ўйларди. Талабини рад этиб бўлмасди. Ундан бошқа одами йўқлиги учун жувоннинг ҳар қандай илтимосини қондиришга мажбур.
– Илтимосингиз шу бўлса, қабул қилдим. Пулни ҳозироқ олишингиз мумкин!
– Яхшиси эрталаб рози қиларсиз, ҳозир чарчаганман!
Мирхолдор чодир томон юрди. Аёл изидан эргашди. Чодирга етмасдан тўхтади.
– Бугун бошқа чодирда ётамиз, – деди Ҳайдарнинг кулбаси томонга юзланиб.
Ичкарида Шавкатнинг жасади бор. Ҳайдар қисталоқ ҳали ҳам қайтмаяпти, келса кўмарди.
Мирхолдор жувонни хизматкорининг чодирига бошлар экан, эшик олдига етганида яна тўхтади. «Тўшагини бит босгандир, алмаштириш лозим». Қолаверса, ўзининг хонасида «дори» ва пул бор.
– Мени кутиб туринг, – деди у жувонга. – Тўшагимни олиб чиқай.
Аёл қолди. Мирхолдор чодир томон кетди. Кўп ўтмай елкасига тўшак ташлаб, қўлтиғига иккита целлофан халтани қистириб чиқди. Ичкари киришганида, чироқни ёқишди. Мирхолдор қўлидагини жувоннинг олдига ташлади.
– Булар менинг топганларим, – деди унга ишора қилиб. – Икки йил саҳрода яшаб топганим шу бўлди.
Султонхон халталарнинг бирида пул, иккинчисида «дори» борлигини билди.
«Буларни эгаларининг қўлига етказиб бергунча, камида ўн маротаба қатнашим керак», ўзича «юк»ни ва ундан келадиган даромадни чамалаб кўрди аёл.
– Қанча қатнасангиз қатнанг, аммо қўлга тушмасангиз бас, – Мирхолдор кулди.
* * *
Ҳайдар икки ёнига шалвираб тушган қўлларини осилтирганича ўзига номаълум бўлган томонга кетиб борарди. Ҳозир қаерда турганини, чодир қайси ёнда қолганини ҳам эслаёлмасди. Гўё олам айланиб, борлиқ ўзгариб кетгандек эди. Қаёққа қарамасин, барханлар, явшон, юлгун, янтоқ, саксовулзорлар… У осмонга қаради. Чўлпон юлдузини топди. Бироқ кўп ўтмай уни булутлар кўмиб юборди. Қоронғулик тобора қуюқлашиб борарди. Одамзоднинг иси келмайдиган бу жойларда тунда юриш хатарли. Уч ой саҳрода яшаб, бўрини кўрмаган бўлса-да, фарёдини эшитган. Одамнинг болдиридек келадиган заҳарли илонларни, бўйи баробар эчкиэмарларни кўрган. Улар овга тунда чиқишини ҳам билади. Шулар кўз ўнгида жонланганида Ҳайдарнинг бадани жимирлаб кетди. Қадамини илдамлатди. Бироқ қаерга боради? Мирхолдор қуролсиз қайтганини кўрса, бўғиб ўлдирмайдими?
Ҳайдар кулбасига қайтмасликка, қарама-қарши томонга юришга қарор қилди. Шундай қилса, жони омон қолиши мумкин эди. Баландликка чиқиб, атрофга боқди. Кўргани қорайиб турган барханлар бўлди. Ялт этган бирорта чироқ кўзига ташланмади. Қулоғига одам зотининг овози чалинмади. Эшитганлари жониворларнинг чириллаган товуши бўлди.
Ҳайдар икки соатдан мўл йўл босди. Қаршисидан на бир овул чиқди, на ялт этган чироқ кўринди.
Очлик ва ташналик азобидан ҳолдан тойди. Юлғун остига келиб, ўзини қум устига ташлади. Кўзини очганида қуёш уйғониб, тонг бўзариб қолганди…
Ҳайдар ўрнидан турди. Ногоҳ кўзи қумга санчилиб қолган қалин қоғозга тушди. Уни қўлига олди. Бу фуқаролик паспорти эди. Биринчи бетини очди. Кўзлари ўзининг исми-шарифига тушганда ҳайратдан донг қотди. Ташлаб кетган ким бўлиши мумкин? У атрофга аланглади ва кўзига таниш манзаралар чалинди. Тун бўйи қишлоқ ёки овул излаб, қанча-қанча масофани яёв босиб, кеча Саид билан учрашган жойига қайтиб келганини билди. Чеккан заҳмат-у азоблари кўз олдидан ўтди, хўрлиги тутиб, ерга тиз чўкиб йиғлаб юборди.
Милтиқ қўндоғини тепага, учини пастга осилтириб, елкасига илиб олган Саид осмонни булут қоплаган кечада бошига шунча уқубатларни солган Мирхолдор билан ҳисоб-китоб қилиш мақсадида унинг ҳузурига кетиб борарди. Уни чодирда ёлғиз қолганини биларди. Ахир уни жазосиз қолдириш мумкинми? Ўлимга маҳкум этган одамдан ўч олмай кетиб бўладими? Тирик қолса, албатта, яна Саиднинг изига одам солади. Югурдаклари уни ернинг тагига кириб кетса ҳам топишади. Ҳеч қандай мўъжиза уни ажал домидан саклаб қололмайди. Инчунин тавба – тазаррулар ҳам. Шундай бўлгач, албатта, у билан ҳисоб-китобни жойига қўйиши шарт. Илондан боши янчилгандагина қутулиш мумкин.
Саид ярим тунда чодирга етиб келди. Чироқ ўчганди. Мунтазам олов ёниб турадиган қозоннинг остида ёнғокдек бўлса-да, чўғ кўринмасди. Саид милтиқни қўлига олди. Тепкисини орқага қайирди. Чодирга яқинлашганида негадир юраги лукиллаб кетди. Кимдир ортида кузатиб турганга ўхшади. Оёқ учида ерни босиб келди-да, ствол билан эшик вазифасини ўтовчи пардани бир ёнга сурди. Ичкари зимистон эди. Кўзига ҳеч нарса кўринмади. Вужуди қулоққа айланган Саид одам нафасини сезмади. Иссиқ ҳаво билан бирга қандайдир қўланса ис димоғига урилди. Сезди қон ҳиди, ичкарилади. Нимагадир оёғи илинди, мункиди, йиқилди. Милтиғи қўлидан чиқиб кетди. Қўрқди, бақириб юбораёзди. Назарида Мирхолдор уни пойлаб тургану, оёғидан чалиб йиқитгандек эди.
Саид қўли билан ерни пайпаслади. Милтиғини излади. Бармоқлари тарашадек қотиб қолган нарсага тегди. Бу одамнинг оёқлари эканлигини сезди. Боягидан баттар қўрқди. Тишлари билан лабини тишлади. Ортга тисарилди. Аммо ичкарига қайтишга мажбур эди. Милтиғи қолганди. Белини букиб, яна ерни пайпаслади. Топди. Ташқарига чиқди. Аммо кетолмади. Ичкаридаги ким? Мирхолдорми? Уни ҳам ўлдириб кетишдимикин?
Саид чўнтагидан гугурт олиб ёқди. Қизғиш шуьла чодир ичини бир зумгина ёритди. Мурдани таниди. Шавкат!
– Менинг ўрнимга сенинг қонингни тўкибди-да? – минғирлади ўзича.
Саид Мирхолдорни бу ердан кетган бўлса керак, деб ўйлади. Шу пайт қулоғига кимнингдир овози чалинди. Товуш Ҳайдарнинг чодиридан чиқётганди. Қулоғи диккайди.
«Ўзим билан олиб кетаман. Бирга бўламиз». Овоз Саидга таниш эди. Эти жимирлаб кетди: Мирхолдор. «Султонхон қайтибди-да»!
Саид милтиғини отишга шайлади. Эшик ёнига келганида тўхтади, орқасига қайрилди. Юрагидаги исён жунбушга келди.