Текст книги "Қасоскор қашқирлар 2-китоб"
Автор книги: Исокжон Нишонов
Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 7 (всего у книги 10 страниц)
2
Мурда шаҳар марказидаги ўликхонага жўнатилган бўлса-да, тезкор гуруҳ ходимлари воқеа жойида қотиллик сабабларини ўрганишда, жиноятчи томонидан қолдирилган бирорта далилий ашёни топишдан умидвор бўлиб, текширув ишларини давом эттиришарди. Бахтга қарши ҳеч қандай из топишолмай, хуноб бўлишарди. Гуруҳ аъзоларининг боши қотди. Наҳотки, жиноятни очишга ёрдам берадиган бирорта буюм топилмаса?
Тўшак устидаги қонга беланган чойшаб марҳумнинг ётган жойида ўлдирилганлигини тасдиқларди. Хонада олишувдан дарак берувчи излар кўзга ташланмасди. Криминалист – эксперт Зокиржон Раҳмонов уй ичи ва ҳовли ташқарисида қотиллар томонидан қолдирилган бирорта изни тополмаётганидан хуноб эди. Сервантлардаги буюмларга қул теккизилмаганди. Гуруҳ аъзолари «Жиноятчилар талончилик ёки босқинчилик мақсадида эмас, балки қасддан одам ўлдириш ниятида киришган», деган хулосага келишганди. Ниҳоят криминалист сервант остидан бир бўлак тишланган колбасани топиб олди. Раҳмонов уни эҳтиётлик билан қўлига олди. Колбаса бир маротаба тишланган, тиш излари яққол кўриниб турарди. Раҳмонов буни уй эгаси эмас, балки жиноятчилардан бири тишлаганини билди ва целлофан халтага жойлаб, ташқарига чиқди.
– Мени бу ерда қиладиган ишим қолмади, – деди эшик ёнида гувоҳ билан суҳбатлашиб турган тергов гуруҳининг бошлиги Самадовга. – Идорага кегдим!
Терговчи дарозгина, елка суяклари ирғиб чиққан қария билан суҳбатлашиб турарди. Юпқа кийиниб олгани учун қариянинг бадани дилдирар, совуқдан лаблари кўкариб кетганди.
– Иссиқроқ хонага кирайлик, амаки. Бунақада шамоллаб қоласиз! Қани, юринг! – терговчи чолни ичкарига таклиф қилди. Бироқ қария:
– Мен ўлик чиққан жойдан қўрқаман, укахон, яхшиси бошқа хонага кира қолайлик, – дея илтимос қилди.
Ичкарига киришганда. Самадов қариянинг елкасига одеял ташлади.
– Мана энди билганингизни, кўрганингизни ва эшитганларингизни бир бошдан гапириб беринг, амаки?
– Хўп бўлади, укахон. Аммо гапирганларим орамизда қолсин. Чунки мен бу ерга мусофирман. Холангизга Қўқондан ичкуёв бўлиб келганман.
– Хавотир олманг, – далда берди терговчи. – Биз сизни ҳеч кимга ошкор қилмаймиз!
– Ҳай, нима деяётгандим, эсим мана шунақа кирарли-чиқарли бўлиб қолганда, укахон. – Қария титроқ қўллари билан пешонасини силаб, гапида давом этди. – Соат неча бўлганини билмайман. Ташқарига чиққанимда ой тиккада турарди. Кечқурун кўпроқ овқат еб қўйибманми, қорним безовта қила бошлади. Ҳожатхонага чиқдим. Бир нос чеккулик фурсат ўтирдим. Қулоғимга ғўнғир-ғўнғир овоз чалинди. Қўшнимнинг ишдан кеч қайтадиган одати бор, келган бўлса керак, деб ўйладим-у, ўтиравердим. Бироздан кейин тарсиллаган овоз эшитилди. Чўчиб тушдим. Яна жимжитлик чўкди…
– Ориф ака, – деди терговчи қариянинг сўзига аниқлик киритиш мақсадида. – Ўша товуш сизга ниманинг овозини эслатди?
– Нимани бўларди, укахон, тўппончанинг овозига ўхшаб кетди.
– Ўхшадими ёки ўхшаб кетдими?
– Ўхшади.
– Буни қандай билдингиз?
– Энди, иним биз ҳам аскарликда хизмат қилганмиз. Икки йил ёнимда тўппонча олиб юрганман. Савилнинг овозини унутмаганман!
– Кейин нима бўлди?
– Нима бўларди, яна жимжитлик чўкди.
– Қулоғингизга бирор сўз чалинмадими?
– Йўқ, илғамадим, укахон…
– Яхшилаб эслаб кўринг, бу биз учун жудаям муҳим!
Ориф ака ўйга толди. Бир дақиқадан сўнг бошини чайқади.
– Тўғриси эслаёлмаяпман, укахон!
– Кейин нима бўлди? – терговчи Ориф акадан ишни очиш учун муҳим маълумот олишга ҳаракат қиларди.
– Уйга кириб кетдим. Бироқ кўзимга уйқу келмасди. Юрагим негадир безовта бўлаверди. Деворга қулоғимни тутдим. Жимжитлик. Кўнглим ниманидир сезди. Ўрнимдан туриб, ташқарига чиқдим. Қулоқларимда ўша қарсиллаган товуш. Ваҳима боса бошлади. Юрагим боягидан ҳам қаттиқроқ дукиллаб, оёғимнинг учигача музлаб кетдим. Кечки пайт қўшнимнинг хотини ўғлини олиб, Тошкентга тушиб кетганди. «Бирорта эгри қўл уйда ҳеч ким йўқлигидан хабар топиб, улбулни ўмариб кетмасин-да», деган ўй кўнглимдан ўтди. Деворга шотини қўйиб, мўраладим. Қарасам уйнинг эшиги қия очиқ. «Қўшни», деб бир-икки овоз қилдим. Товуш бўлмади. Қўрқиб кетдим. Кўча айланиб ҳовлига ўтдим. Дарвозанинг бир қаноти очиқ қолганди. Уй олдига келиб, яна «қўшни», деб овоз қилдим. Ичкаридан жавоб бўлмади. Баттар ваҳима босди. Қўл-оёқларим безгак тутгандек қалтираб, эшикдан ичкарига назар солдим. Солдим-у, бошимга биров гурзи билан ургандек бўлди… Келинг, у ёғини сўраманг. Кўчага қандай чиқиб қолганимни билмайман. Муюлишдаги устахонага бориб, мелисага тилпон қилдим. Кўрган-билганим, шу укахон…
– Яхши, – деди терговчи қариянинг сўзларини ён дафтарчасига ёзиб оларкан. – Машина овозини эшитмадингизми?!
– Йўқ, укахон. Мен жуда сергак одамман. Пашша ғинг деса қулоғим илғайди.
– Ориф ака, ҳожатхонадан чиқиб, уйда қанча вақт ётганингизни эслай оласизми?!
– Бир соатча, – ҳозиржавоблик билан деди қария.
– Қўшнингизникига кимлар келиб-кетиб туришини билармидингиз?
– Раҳматликнинг дўстлари кўп эди. Тўғриси, мен уларнинг исми-шарифини билмайман. Катта одамлар, бизнинг тенгимиз эмасда, укахон…
– Сизга катта раҳмат Ориф ака. Мабодо бирор гап ёдингизга тушиб қолгудек бўлса, менга қўнғироқ қилинг. – Самадов телефон рақами ёзилган қоғозни қарияга узатди.
Ориф ака терговчи билан хайрлашиб, уйи томон йўл олар экан, бирдан ҳожатхонада ўтирганда қулоғига чалиниб қолган бир сўзни эслаб қолди. Ортига бурилиб, терговчига қараганда, у ичкарига кириб кетганди…
3
Кейинги пайтда Раҳимхонов ишхонасига кеч келиб, эрта кетадиган одат чиқарганди. Эрталаб бирров кўриниш берарди-да, бажарадиган ишларни ёрдамчиларига топшириб, ғойиб бўларди. Солиққа ва валютага оид жиноятчиликка қарши кураш бўлими департаменти ходимлари «Дон маҳсулотлари» ҳиссадорлик жамиятига текшириш учун келишганида, Раҳимхонов шаҳар ташқарисидаги дала-ҳовлисига жўнаб кетганди. Бу ҳақда унга зудлик билан хабар килишди. Бироқ Раҳимхонов бугун ишхонага тушишга вақти йўқлигини айтди. Департамент ходимлари ун, дон, омухта ем ишлаб чиқариш омборларини муҳрлаб кетишди. Эртаси куни ишга келган Раҳимхонов бундан қаттиқ ғазабланди. «Менинг рухсатимсиз омборларни муҳрлашга уларнинг нима ҳаққи бор?», деб ўринбосарларини жеркиб берди. Ҳозироқ муҳрларни бузиб ташлашни буюрди. Унинг қаҳрғазаби қанчалик кучли бўлмасин, муҳрларни бузишга ҳеч ким ботина олмади. Бир-иккита ҳайбаракаллачи ходимлари ётиғи билан овутишди. «Хафа бўлманг хўжайин, ҳурматини қилайлик. Кеча муҳрлашган бўлса, бугун ўзлари келиб бузиб ташлашади. Эл кўзига шундай қилишганда. Ахир сизнинг кимлигингизни улар яхши билишадику», деб қўлтиғига сув пуркашди. Бу гап ўтга сув сепгандек тутаб кетган Раҳимхоновнинг ҳовурини босди. Ходимлари олдида ўз обрўсини, нималарга қодир эканлигини кўрсатиб қўймоқчи бўлганди, холос…
Ҳаммадан ҳам Карим қаттиқ қўрқди. Бу йил қабул қилиб, омборда сақланаётган дондан беш юз тонна кам эди. Хўжайиннинг топшириғи билан ғалла ўрнига пул қабул қилганди. Бундан ташқари, ўзининг нафси ҳакалак отиб, эллик тонна буғдойни енг учида пуллаб юборди. Омбор муҳрлангандан кейин оёғи куйган товуқдек типирчилаб қолди. Бошидан ақли ҳуши учган одамдек эсанкираб қолди. Тафтишчилар икки ой келишмай туришганда-ку, ҳаммаси хамирдан қил суғургандек теп-текис бўлиб кетарди. Карим қандай йўл билан бўлса-да, омборни текширтирмаслик йўлини излади. Хаёли турли кўчаларга кирди. Бошлиқнинг бепарволиги ғазабини келтирди. Мабодо камомад фош бўлса, бу ишнинг орасига ҳеч ким тушолмайди. Ўн йилдан бери текширувчиларнинг бирортаси омборни муҳрлашга журъат этмаган. Хўжайиннинг кўрсатмаси билан айтилган цехда текширув ўтказишган. Шу баҳона бошлиқ дидига ёқмаган, топшириқни бажармаган, вақтида «муомала»ни қилмаган цех раҳбарларини вазифасидан четлатган. Бу ўч олишнинг осон йўли эди. Наҳотки, бу гал хўжайин уни нишонга олган бўлса?! Ўрни кимга керак бўлиб қолди? Ахир бир ой илгари ўрнида қолиш учун ўн минг кўкидан олганди-ку! Кимдир сотган? Орада душман бор!
Карим тонг отгунча киприк қоқмади. Эрталаб ишга барвақт келди-ю ҳеч кимга билдирмай муҳрланган бункерларнинг олдига борди. Уларни кўриб, юраги баттар эзилди.
Тангадек тешик ҳам департамент ходимларининг эътиборидан четда қолмаганди. Каримнинг назарида босилган муҳрлар ўн йилдан бери қилинган ўғирликлар, қўшиб ёзишларни фош этишга шай тургандек…
Бошлиқ ўз одатига амал қилган ҳолда бугун ҳам ишга кеч келди. Одамларнинг кайфияти тушиб кетганлигини, ичкарида қандайдир совуқ сукунат ҳукмронлигини илғади. Гуёки бўлиб ўтган воқеалардан бехабардек хонасига кириб кетди. Каримга қайрилиб қарамади ҳам. «Демак, мени ишдан ҳайдаши ёки қаматиш пайига тушгани аниқ. Сен аблаҳга осонликча таслим бўладиган аҳмоқ йўқ», деган ўй дилидан кечди. У бошлиқнинг ортидан эргашди.
– Омборни «печат»лаб кетишди, – деди руҳи тушган ҳолда. Бошлиқ тортмадан хушбўй атирни олиб бўйинлари остига сепди.
– Омборинг тўғримиди? – ҳеч нарсадан бехабардек сўради.
– Камомадим бор…
– Қанча? – атирни жойига қўйиб тортмани беркитаркан, Каримнинг юзига синчков нигоҳ ташлади.
– Эллик минг тоннадан кўпроқ…
Бошлиқ биров устидан совуқ сув қуйиб юборгандек, сапчиб тушди.
– Шу пайтгача тўғриламаганмидинг?!
– Ўтган йилги «остатка» тугамаган эди-да, хўжайин!
– Нега илгарироқ ҳаракат қилмадинг?!
– Тегирмон икки ойдан бери ишламаяпти… Кейин буларнинг келиши тушимга кирибдими?
– Мен билмайман, жавобини ўзинг берасан!
Бошлиқ Каримнинг юрагига пичоқ санчгандек бўлди. Ёноқларидан қон қочди. Юрагидаги ғазаб ва нафрат кўзларига балқиб чиқди.
– Жавобини бирга берамиз хўжайин, – ўзини қўлга ололмаган Каримнинг оғзидан шу сўз чиқди. – Бошимга мусибат тушганда мени ёлғизлатиб қуйманг. Нима иш қилган бўлсам сизнинг топшириғингиз билан қилганман!
Бошлиқнинг сигирнинг елинидек қип-қизил юзи оқарди, лаблари учди. Юзига сохта табассум ёйилди.
– Нега сеп учун мен жавоб беришим керак экан? – деди гўё у билан ҳазиллашаётгандек.
Карим ўзини босолмади. Юрагида нимадир вулқондек отилди.
– Ахир топшириқни сиз бергансиз, мен бажарганман-да!
– Мен сенга ҳеч қандай топшириқ бермаганман!
– Хўжайин…
– Исботинг борми?
– Хўжайин…
– Далил-исботсиз, гувоҳсиз кўрсатмалар инобатга олинмайди. Туҳмат дейилади!
Каримнинг ҳар туки орасидан тер чиқиб кетди. Оғзига келган гапни айтишдан ўзини зўрға босиб турарди. Бироз қизишиб кетганидан хижолат ҳам бўлди. Аммо «туҳматчи»га чиқариб қўйганига чидамади. Ўз ишига ҳушёр бўлгани учун ҳам Раҳимхоновнинг оғзаки ва ёзма топшириқларини ён дафтарчасига қайд этиб юрарди. Чўнтагидан бир варақ қоғозни чиқарди.
– Бу сизнинг хатингизми? Қайси хўжаликка неча тонна қўшиб ёзиб бериш тўғрисидаги кўрсатмангизми?! Эътиборингиз учун мен буйруқ бажарганман, ҳузурини сиз кўргансиз?
Раҳимхонов ўзи ёзган руйхатни таниди. Тили айланмади.
– Қоғозни менга бер! – деди шаштидан тушиб. Каримга жон кирди.
–Ҳозирча менда тургани дуруст хўжайин. Ишингиз кўп одамсиз, яна қўйган жойингизни эсингиздан чиқариб қолдирманг! – Омборчи очиқчасига бошлиқни масхара қилишга ўтди. Унинг сўзлари Раҳимхоновнинг баданига игна санчгандек таъсир қилди.
– Қўйнимда илон сақлаб юрганимни билмаган эканман!
– Хўжайин, «От бошига иш тушса сувлиғи билан сув ичар, йигит бошига ташвиш тушса, этиги билан сув кечар», деган мақол бор. Бошимга иш тушганида, сиз мени ёлғизлатиб қўйдингиз. Чўкаётган одам чўпга осилади, нажот излайди. Сизнинг бу ҳужжатларингизни асраб, хато қилмаган эканман. Ўзингизни олиб қочмоқчи бўлганингизда асқотиб қолди!
Раҳимхонов аросатда қолди. У Карим билан тил топишиш учун сўз ахтарди.
– Нима истайсан? – муросага келиш учун овозини пасайтириб сўради бошлиқ.
– Менга қолса бу ишлар «бости-бости» бўлиб кетгани дуруст. Иккимиз ҳам озор чекмайлик. Юрагим чатоқ, менга бир гап бўлса, бола-чақам сизни тинч қўймайди.
– Билиб қўй, сенга йўналган таёқ менинг бошимда синади. Қолаверса, чўнтагингдаги қоғоз текширувчиларнинг қўлига тушиб қолгудек бўлса, иккимиздан ташқари уч-тўртта туман ҳокимларини ҳам темир панжара ортига тортади. Ўйлаб иш тут, уларнинг ҳам бола-чақаси бор. Орқаларида кўкракларини қалқон қилиб турган акахонлари бор. Эсингда бўлсин, ҳар қандай жиноят кўпчилик томонидан содир этилса, жазо муддати узоқ берилади. Буни судьялар тилида группавой жиноят дейилади. Амнистия ҳам берилмайди. Камомадда бир ўзингнинг қўлинг бўлса, озроқ муддатга қамаласан. Кейин шерикларингни ҳимоя қилганинг учун ҳокимларнинг акахонлари сени чиқариб олишиб ёрдам беришади. Бунинг учун, такрор айтаман, қўлингдаги қоғозни йўқот!
– Сиз айтган панжара ортида бир соат ҳам ўтиришга тоқатим йўқ, хўжайин. Яхшиси, ҳаракатингизни қилинг! Замон ўзгарган. Сиз ишонган дарахтларнинг илдизи чириган кўринади.
Карим қоғозни чўнтагига солиб, хонадан чиқиб кетди. Хўжайин алам билан столни муштлади:
– Падарингга лаънат! Қайдан ҳам сен аблаҳни ишга олдим! – дея сўкинар экан, ғазабдан титраётган қўлини телефонга чўзди…
4
Туман ички ишлар бўлимининг жиноят қидирув бўлими бошлиғи Маҳмуджон Камоловнинг хонасидаги чироқ тун ярмидан ўтган бўлишига қарамай, ўчмаганди. Эшик тепасидаги соат миллари иккини кўрсатиб турарди. Бўлим изқуварлари, криминалист – экспертиза бўлимининг бошлиғи шу хонага жамланишганди. Улар тунда Охунбобоев кўчасидаги 34-хонадонда содир этилган қотиллик сабабларини таҳлил қилишларди. Тергов гуруҳининг бошлиғи Самадов ушбу жиноят ишига оид йиғилган маълумотлар тўғрисида ҳисобот берди. Бироқ гувоҳларнинг, далилий ашёларнинг етарли бўлмаганлиги, марҳумнинг қўшниси Ориф ака эса фақат оёқ шарпасинигина эшитганини таъкидлади. Қотилликнинг содир этилишидаги асосий далилий ашё – пичоқнинг топилмагани ҳам жиноятчининг шахсини аниқлашни қийинлаштириб юборганди. Терговчи «қотиллар қуролни ўзлари билан бирга олиб кетишган», деган қарорга келди. Асаблари таранг тортилган Камоловнинг сўзларидан ходимларнинг ишидан қониқиш ҳосил килмагани сезилиб турарди.
– Қотил пичоқни ўзи билан бирга узоққа олиб кетолмайди. Бу унинг руҳиятига ёмон таъсир қилиши мумкин. Фақат қаерга ташлаганлигини аниқлаш, излаш, топиш лозим! – деди Камолов. – Қотиллар марҳумнинг уйига пиёда келишган ва жиноятни содир этиб, пиёда қайтиб кетишган. Бироқ қайси йўлдан ва қайси томонга қараб ҳаракатланишган? Менинг назаримда улар канал ёқалаб кетишган. – Камолов харита олдига келди. – Улар жануб томон юришолмайди. Канал бўйларида чойхоналар бор. Шимол томон ҳаракатланишган. Бу йўл эса уларни шаҳарнинг эски қабристонига олиб чиқади. Қабристоннинг этаги эса Қирғизистон ҳудуди.
– Жиноятчилар қабристон ичига яширинишган, демоқчимисиз? – Самадов кулгудан ўзини зўрға тийиб олди.
– Фикрингизни инкор қилолмайман. Жиноят содир этган кимсалар бизнинг кўзимиздан яшириниш мақсадида одамлар эътибор бермайдиган жойлардан паноҳ излашади.
– Демак, пичоқ сувга ташлаб юборилган! – Раҳмоновнинг хаёлига шундай фикр келди.
– Фарғонадан чақирилган кинологлар канал ёқасидан из олишолмади. Сабаби чинор баргларидаги ёқимсиз ҳид итларнинг ис олишига салбий таъсир кўрсатган, – ўз хулосасини баён қилди Мирфозилов.
Криминалистика экспертизасининг бошлиғи Раҳмонов ҳам далилий ашё сифатида марҳумнинг хонадонидан тишлаб ташланган колбасадаги тиш излари ҳақида экспергиза хулосасини ўқиб эшиттирди.
– Афсуски, воқеа жойидан биз жиноятни очишга хизмат қиладиган бошқа нарса тополмадик. Жиноятчилар қўлқоп ёрдамида ишлашган. Қотилликни содир этишдан аввал, бу ишга пухта тайёргарлик кўрилган. Тиш изига илашиб чиққан қон биологик тиббий экспертизанинг берган хулосасига кўра, марҳумнинг қонига тўғри келмайди. Из тахминан 25-30 ёшлар чамасидаги эркак жинсига мансуб шахсники эканлиги аниқланди. Тишлардан бири металлдан ясалган. Икки томондаги тишлар эса чархланган. Мутахассисларнинг айтишича, жиноятчи ўша куни тиш шифокорининг ҳузурида бўлган. Менинг фикримча, шаҳардаги барча тиш даволаш шифохоналарини кўздан кечириш, тиш қўйдирмоқчи бўлган беморларнинг шахсини аниқлаш лозим.
– Колбасани биз ўйлаган жиноятчи эмас, уй эгаларидан бирортаси тишлаган бўлса-чи?! – Ходимлардан бири гап ташлади.
– Колбаса қотиллик содир этилган куни сотиб олинган. Қолаверса, Раҳимхоновнинг хотини ва ўғли ўша куни эрталаб уйдан чиқиб кетишган. Оила поликлиникасидан олинган маълумотномада директорнинг хотини ва ўғли тиш касали билан шифокорга мурожаат қилишмаган!
– Нима бўлганда ҳам аниқлаш зарур, – ўз сўзида катъий туриб олди Раҳмонов.
– Яхши, бу ишни Сатторовнинг зиммасига юклаймиз, – майор бурчакда ўтирган капитанга қаради. – Шуни эсда тутинг, шифокорларнинг айримлари даромадни яшириш мақсадида беморларнинг исми-шарифларини дафтарга қайд этишмайди. Нима мақсадда текшираётганларингни очиқ айтинглар. Улариинг ёрдами кераклигини тушунтиринглар. Шундай қилинганда, улар бизни тўғри тушуниб, ёрдам беришади. – Майор ён томонида ўтирган Мирфозиловга қаради. – Сиз канал бўйлаб қидирувни давом эттиринг!
Майор ходимларига йўл-йўриқ ва кўрсатмалар бериб, эртаси куни тунги соат 11.00да ахборот беришларини маълум қилди.
5
Исохон Раҳимхонов кутилмаганда Мақсуд полвонни йўқлаб қолди. Гарчи у билан бўладиган учрашувларни дала-ҳовлисида ўтказишга одатланган бўлса-да, бугун одатига хилоф иш тутди. Айтадиган гапининг муҳимлигидан эмас, балки вақтнинг тиғизлигини ҳисобга олиб, шундай қарор қилганди. Раҳимхонов кейинги икки ой давомида у билан учрашмай қўйганди. Аниқроғи, иши тушмай қолганди. Раҳимхоновнинг ишхонасига таклиф қилиши полвонни бир оз ўйлантириб қўйди. Хаёлидан турли фикрлар ўтди. «Гина-кудурат қилган экан-да», деган шубҳага бормаслиги учун йўлга отланди. Эшикни очиб, ичкарига кираётганда Раҳимхоновнинг тунд чеҳрасига кўзи тушди-ю қандайдир нохушлик рўй берганини тушунди. Бу тўғрида ўзи гап очмагунча сўрамади. Елкаси букчайиб қолган хўжайин унга ёвқараш қилди. Бу айтилган муддатдан анча кечикиб келгани учун норозилик белгиси эди.
– Сенга нима бўлди, полвон? Акам бор, деб хабар ҳам олмайсан?! Ё мендан тондингми?
– Ундай деманг хўжайин, мен сиздан тонсам охиратим куйиб кетади-ку!
– Қочирим гапларни эшитишга тоқатим йўқ! – деди Раҳимхонов паст овозда.
Полвон Раҳимхоновнинг шашти тушиб қолганини тушунди.
– Пичинг қиляпти деган хаёлга борманг, хўжайин, сизни акам деганман!
– Иш чатоқ, – вазмин оҳангда давом этди Раҳимхонов. – Эшитгандирсан, ўтган куни комбинатни департамент босди. Мендан берухсат омборларни печатлабди.
– Ҳар йилги келиб-кетадиган меҳмонларингизда, хўжайин, – жилмайди Мақсуд.
– Бу йилгиси бошқачароққа ўхшайди. Бунинг устига, қўйнимдаги илонлар ҳам ғимирлаб, ўзларини фош қилиб қўйишди.
– Ўша илонлар ким экан?
Полвон бу саволни қизиқиш мақсадида берди. Ичида эса «Бу кунингдан баттар бўл», деб қўйди.
Хўжайин «илон»нинг кимлигини фош қилишга шошилмади.
– Мен уларга худди ўзимга ишонгандек ишониб юрган эканман, – хўрсинди Раҳимхонов. – Зимдан изимга тушиб, камчиликларимни қоғозга чизиб юрган экан.
– Сиз ҳар қандай одамнинг тилини топасиз, хўжайин. Унақа қоғозлар билан сиздек одамни қўлга туширолмаслигини «илон»ларнинг ўзлари ҳам яхши билишади, – ялтоқланди полвон.
– Буларнинг тили йўқ кўринади…
– Кўкини кўрсатинг, тилини чиқаради!
Раҳимхоновнинг қаҳри қўзиди. Ҳайдаб солгиси келдию, ғазабини ичига ютди. «Бошингга мусибат тушса, худди маймунни масхара қилгандек устингдан куладиганлар топилади», – тилла тишларини ғижирлатиб хаёлидан ўтказди бошлиқ.
– Омбор чатоқ, полвон, – хўжайин ўзини босиб мақсадини очди. – Ит эмган Кариминг ўпқон экан, яширинча 100 тонна ғаллани гумдон қилибди.
– Аллақачон думини тугишингиз керак эди…
– Сенинг одаминг деб ҳурматини қилдим…
Бу гап полвонга ёқмади. «Ишга сен олиб келгансан, бу ёғини ўзинг тинчит», демоқчими?
– Ундан қўлимни ювиб, қўлтиғимга артганимга бир йил бўлди, ака! Бетини ит есин, ўша пасткашнинг!
– Чўнтагида мен ўз қўлим билан ёзиб берган рўйхатлар бор, – деди Раҳимхонов хўрсиниб. – Қайси фермер хўжаликка қанча дон ёзиб бериш тўғрисида. Худо у куннинг юзини тескари қилсину, қисти-қафасга олишса, шу қоғозни уларнинг қўлига топшириб қўядими, деб чўчияпман. Эрталаб олдимга кирганида шунга шаъма қилди, баттол!
– Ўз қўлингиз билан ўзингизнинг оёғингизга кишан солибсизда, хўжайин. Энди бир иложини топиб, ўша қоғозни қайтариб олинг! Бўлмаса охири чатоқ! Кексалик гаштини турманинг зах хонасида ўтказишингизга тўғри келади!
Раҳимхоновнинг баданидан совуқ тер чиқиб кетди. Сигарета тутатди. Қўлидаги титроқ, вужудига ёйилгани сезилиб турарди. Бир ҳисобда полвоннинг гапида жон бор. Турмага тушса, дўст-у душманларининг орасида шарманда бўлади. Ўзи кейинги пайтда кўп касал бўладиган бўлиб қолди. Дори-дармоннинг қуввати билан дардни енгиб юрибди.
– Шу мақсадда сени чақиртирдим. Орамиздаги гина-кудуратни унут, ука. Ўшанга ҳам анча йиллар ўтди. Қорлар ёғилиб, излар босилди. Мусулмон одаммиз…
– Мендан қандай ёрдам керак? – Мақсуд ер остидан хўжайинга кўз қирини ташлади.
– Карим қадрдон дўстинг, гапингга киради. Алдаб қўлидагини оласан. Аммо мени сотмагин. Бирор гап бўлса, ўзим балогардон. Сарф – харажатини тўлайман.
Бир зумлик жимжитликдан сўнг полвон:
– Оғир ишни зиммамга юклаяпсиз, хўжайин, аслида у билан алоқам илгаригидек эмас, – деди.
– Сенга ҳар куни ишим тушаётгани йўқ. Бир йилдан бери энди топшириқ беряпман. Акаукачилигимизнинг ҳурмати йўқми?
– Сиз учун жонимни беришга тайёрман, ака. Лекин боя айтаганимдек, у билан орамиздан ола мушук ўтган.
– Ўша ола мушукни ҳайдайсан, зиёфатга чақирасан, битта яраш ошини қиласан. Харажати мендан!
Мақсуд учун хўжайиннинг «Яраш ошининг харажати мендан», деган сўзи оғир ботди. Катта ишга арзимаган пулини миннат қиляпти, деб ўйлади.
– Балки бошқа одам топарсиз?
Раҳимхоновнинг қошлари чимирилди.
– Бошқа одамингни бошимга ураманми? Озибёзиб, битта иш айтсам, орқангни тарозига соласан! Оқибат шуми?
– Яхши! – деди бошини кўтариб полвон. – Мен ҳаракат қилиб кўраман.
– Бу бошқа гап! – Раҳимхоновнинг чеҳраси очилди. – Шу кунгача сен билан эркакчасига гаплашиб келганман.
– Эркакчасига гаплашиб келганмиз-у, аммо… – Полвон атайин мақсадини айтмади. Раҳимхонов унинг ниятини тушуниб етса-да, бу тўғрида гап очишни истамади.
– Сени ранжитган жойим борми?
– Мени-ку ранжитмагансиз, хўжайин, бироқ ҳозир замон бошқача. Одамларнинг савоб халталари тўлган. Бекорга ўтказган вақтини ҳам чўтга соладиган бўлиб қолди.
Раҳимхонов юзида табассум балқиб турган Мақсудга ялт этиб қаради. Нимага шаъма қилаётганини тушунди.
– Хизматингга қанча тўлашим керак? – заҳархандалик билан сўради.
– Олганга қанча кўп бўлса ҳам оз! – кулди Мақсуд.
Ҳозир савдолашиб ўтиришнинг мавриди эмасди.
– Очиғини айт?
– Ўн минг!
– Кўкиданми?!
– Бизнинг бозоримизда фақат кўки айланади, хўжайин!
– Устимдан куляпсан-а? – кўзларини чақчайтирди Раҳимхонов. Бир варақ сарғайган қоғозга шунча сўрайсанми?
Мақсуд хўжайинни тузоққа илинтирганидан мамнун эди. Ахир уни неча маротаба алдамади, қанча ёлгон ваъдалар бериб, сарсон қилмади. Мана, энди қармоғига илиниб турибди. Сигирдек соғиб, ичиш керак!
– Ихтиёрингиз, мен сизнинг ҳурмат ва обрўйингизни ўйлаб, бу қалтис ишни гарданимга оляпман.
Раҳимхоновнинг бошқа иложи йўқ эди. Вақт ўтяпти. Текширувчилар билан ҳали тиллаша олгани йўқ. Қолаверса, Карим қаҳрини лабига ёйилган табассум билан яширган бўлса-да, кўзлари уни фош қилиб турганди.
– Майли, айтганинг бўлсин, лекин менга унинг қўлидаги қоғоз эмас, балки кўкраги остидаги сотқин юраги ҳам керак…
Полвон кулди.
– Унда қўшасиз, хўжайин…
– Қанча?
– Элликта!
– Орқамдаги тукимни ҳам юлиб оладиганга ўхшайсан, сен бола!
– Ўттиз йилдан бери шу идоранинг бошлиғисиз, хўжайин. Олтмиш минг сиздек одамга хамирдан қил суғургандек гап-ку!
– Ҳамманинг назарида мен бўриман! Комбинатнинг бойлигини орқалаб, уйимга ташиб кетаётгандайман. Мени ҳам узатадиган жойларим бор. Бир кун кечиксам, манаву савил телефонлар худди зилзила бўлгандек, бутун идорамни титратиб юборади. Акам ўттиз йилдан бери бу курсини ниманинг ҳисобига ушлаб ўтирибди, деб ўйлаб кўрмайсанлар.
Раҳимхонов бу гапларни топган-тутганидан айрилиб қолган судхўр сингари йиғламсираб айтди. Полвондан бошқа одам унинг аҳволини кўрганида қалбида салгина бўлса-да, шафқат уйғонарди. Лекин Мақсуднинг юраги жиз этмади. Қайтанга ичида «бу кунингдан баттар бўл», деб қўйди.
– Сиздан оладиганимни битта ўзим еб кетмайман, ака. Менинг ҳам узатадиган жойларим бор. Қўлимга қараб туришади. Қолаверса, қон тўкилган «иш»ни беркитиб бўлмайди. Эллик йилгача қидиришади.
– Ўша олтмиш мингнинг ярмини департаментдагиларга берсам, ишни босди-босди қилишади.
– Унда нега мени чақиртирдингиз? – полвон аччиқланди.
– Каримнинг гаплари суяк-суягимдан ўтиб кетдида!
– Унда тортишманг!
– Тишимни омбур билан суғургандек бўлдинг полвон, аввал ишни уддала!
– Хотирингиз жам бўлсин, иш бажарилади. Билсангиз мен кейинги пайтда насияни ёқтирмайдиган касалга мубтало бўлганман!
– Илоҳим бу касалинг билан қайтиб, остонамни босмагин!
– Яхши ният қилинг, хўжайин! Одамнинг боши Аллоҳнинг тоши, деган машойихлар.
– Кечқурун уйга ўт. Ўша ерда гаплашамиз!
Мақсуд маъноли бош ирғаб хонадан чиқиб кетди…