Электронная библиотека » Исокжон Нишонов » » онлайн чтение - страница 8


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 04:00


Автор книги: Исокжон Нишонов


Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 8 (всего у книги 10 страниц)

Шрифт:
- 100% +

6

Сўфи пастга энкайди. Гавдаси тепада балқиб турган ой ёғдусини тўсди. Кўзига одам боши сиғадиган туйнук кўринди. Титроқ қўллари муздек темир дастасини тутди. Шунда у ўзини пастга тушиши, шериги ўлдириш ниятида эмаслигини англади. Қалтираётган оёқларини темир шотига қўйди. Ботбот тепага қараб пастга туша бошлади. Кўкда сочилган юлдузлар гўёки у билан видолашаётгандек туюларди. Тепадан мўралаб турган шеригининг тақир пешонаси ой нурида қўрғошин тусида ялтиради. Пишиллаб нафас олиши қулоғидан узоқлашиб, қопқора башараси кўринмай борарди. Сўфининг мадорсиз оёқлари ниҳоят қандайдир жисмга тегди. «Энди ҳаммаси тугади.

Шеригим туйнукни беркитади-ю жўнайди».

Ваҳимадан юраги гурсиллаб ураётган Сўфи шундай ўйларди. Дарҳақиқат, темир қопкоқ тарақлаб беркилди. Юлдузлар кўздан йўқолди. Сўфи бўғзига қадалган фарёдни зўрға ютди. Йўқ, шериги уни ташлаб кетмаганди. Пастга тушиб келаётганини оёқ товушидан пайқади, юраги таскин топди.

– Қўрқдингми? – пастга тушгач сўради. – Худога шукр ҳаммаси хамирдан қил суғургандек осон кечди. Бў ёғига Худо пошшо. Шаҳардаги тўстўполон босилгунча, уч-тўрт кун шу ерда дам олиб ётамиз.

У чўнтагини пайпаслаб, гугурт олди. Чироқларни ёқди, деворларга ўрнатилган махсус плиталар ўзидан бир неча ўн баробар кучли ёруғликни қайтарди. Хона ёришди. Шериги қўйнидан темир қутини олди. Қопқоғини очди. Тилла тангалар чироқ шуъласида товланиб кетди. Сўфининг кўзлари ўйнади. Юраги ҳаприқди. «Наҳотки кўраётганларим олтин бўлса», деб хаёл қилди. Шу ёшга кириб тиллани кўзи билан кўриб, қўли билан ушламаганди. Юрагидаги қувонч ва шодлик ўт чақнаб турган кўзларида акс этарди. У олтинларни ҳовучига тўкиб, кўзларига яқин келтирди.

– Юрагимнинг қуввати, белимнинг мадори, кўзларимнинг нури! – Шериги тангаларни боши устидан сочди. Телба одамдек қаҳ-қаҳ отиб кулди. Сўфининг кўзлари ўйнаб, ёнига тушаётган тангаларга термулиб турарди. Шу бойликларда ҳиссаси борлигидан қувонди. Кўз ўнгида юпун кийинган, кир-чир жужуқлари гавдаланди. Улушини беришса, уларга кийим-кечак олиб беради. Тижорат дўкони очади. Маҳалланинг бой одамига айланади. Ҳар куни қулоқ-миясини еб, тепасида ҳаккадек қағиллайдиган хотини буларни кўрса, юраги ёрилиб кетади…

– Сен хумпар бизга қўшилишни истамовдинга?! Кўрдингми, бир-икки соат ичида қанча бойликка эга бўлдик!

Сўфи индамаса, тиллалардан бенасиб қоладигандек минғирлади.

– Бундай катта бойликка эга бўлиш хаёлимга келибдими?

– Умрингда тилла кўрганмисан?

– Энди, бу бахтга сизнинг шарофатингиз билан эришдим-да!

У шарақлаб кулди.

– Қани, йиғиштир, қутига сол?

Сўфи бир қадам нарида сочилиб ётган олтинларнинг олдига эмаклаб борди. Яқиндан тангалар янада жозибали ва сирли кўринди. Улар турли рангда жилваланиб, товланарди. «Шундан қанчаси менга тегиши мумкин», деган фикр хаёлига келди. Сабри чидамай сўради:

– Хўжайин, буларни тенг учга бўламизми?

– Бажарган ишимизга қараб тақсимланади!

– Менга қанчасини берасиз? – беихтиёр тилидан чиқиб кетган сўз учун Сўфи ўзини гуноҳкор ҳис этди.

– Истасанг учдан бирига эгалик қилишинг мумкин, аммо бир шарти билан!

– Айтинг?

– Пичоқ билан тўппонча меники эди, дейсан!

Сўфи ҳайрон бўлди.

– Бу гапни кимга айтаман?

– Худо у куннинг юзини тескари қилсин-у, мабодо мелиса бизни тутиб олгудек бўлса, айбни бўйнингга оласан!

Сўфи ёмон туш кўрган одамдай чўчиб тушди. Сочилиб ётган олтинлар қонни ёдига солди.

– Ҳазиллашманг, хўжайин, ахир… мен эшик олдида тургандим…

– Мана, кўрдингми, қўрқдинг! Демак, олтинларнинг учдан бирини ололмайсан!

Сўфи нима дейишни билмай, икки кўзини сочилиб ётган олтинлардан узолмай ўйланиб қолди. Аста баланд чўққиларни ишғол қилаётган туман мисоли унинг юрагини ёвузлик ва очкўзлик балоси кемириб борар, кўзига фақат ялтироқ тангалар кўринар, уларга эгалик қилиш ҳисси юрагидаги қўрқувни ҳайдар, мудҳиш жиноятни зиммасига олишга бўлган қаршиликни енгиб борарди.

– Рози бўлсам, қанчаси тегади?

– Санаймиз, юзта бўлса, ўттиз тўрттасини оласан. Биттаси биздан совга!

«Ҳақиқатдан ҳам юзтами», ўйлади Сўфи. «Биттаси бозорда қанча туради»? Бир пайтлар хотинига йигирма мингга кичкинагина тилла балдоқ сотиб олиб берганди. Бу тангадан нечта балдоқ ясаш мумкин?» У чўнтагига қанча пул тушишини ҳисоблади. Ҳисобининг адоғига етолмади. Енида турган шеригига юзланди.

– Бир донасини бозорда қанчага олади?

– Беш юздан санайдиган заргарлар бор!

Бу катта пул эди. Шундан кейин Сўфи олтинларни битталаб санаб, қутига солмоқчи бўлиб, қўлини чўзди.

– Тўхта! – Сўфи чўчиб тушди. «Шеригим аҳдидан қайтдими?», деб ўйлади ва унинг қизарган юзига мўлтираб боқди. – Қўлингни юв!

Сўфи бармоқларидаги қотиб қолган қонни кўриб, юраги орқага тортди. Қўрқув ҳисси ширин ҳисларни қувди. Кўксига пичоқ санчилган мурданинг ўлим олдидан типирчилашлари кўз олдига келди. Электр токи урган одамдек бадани жимирлади. Ноилож ўрнидан турди. Бурчакка бориб қўлини ювди. Сув қизил рангга бўялди. Сўфининг кўнглидан шундай гаплар кечди. «Йўқ, мен уни ўлдирмадим. Фақат қонли пичоқни ушладим… Умуман қотилликка менинг алоқам йўқ… Олтинлари ҳам керак эмас. Шу ердан тезроқ чиқиб кетсам, болаларимнинг олдига қайтсам бас»…

– Нимани ўйлаяпсан?!

Шеригининг овозидан Сўфи ҳушига келди, ортига қаради. У гилам устига дастурхон тўшарди. Сўфи қўлини артиб, унинг рўпарасига ўтирди.

– Пичоқни қаерга улоқтирдинг? – шериги бошини кўтариб, шундай савол берди.

– Қаналга!

– Сувга тушдими?

Сўфи буни эслаёлмади. Пичоқ сувга тушдими ёки шох-шаббага илиниб қолдими, бу унга қоронғу эди. Шеригининг қаҳридан қўрқиб, тасдиқ маъносида бош силкиди.

Шериги консерва очди. Гилам тагидан бир шиша ароқ олди. Шу аснода чўнтак телефони жиринглади. У туйнукдан тушган симга уланганди. Ҳар қандай шароитда ҳам ҳаводаги тўлқинни тутиб олишини Сўфи билмасди.

– Докторлар касални кўргани келишди. Уларни қўшниси чақиртирибди. Беморга ташхис қўйишга ҳаракат қилишмоқда. – Бу Ҳасаннинг овози эди.

– Қўшниси унинг бетоблигини қаердан билибди?

– Ҳозирча номаълум!

– Зудлик билан аниқла!

У телефонини ўчирди-ю бошини эгиб, ўйга толди. Ўзича нималарнидир ҳисоб – китоб қилди.

– Мен у ифлосга эшикни тепмагин, деб минг бор тайинлагандим. Одамларга ҳам ҳайронсан, туни билан ухламай чиқади!

– Тинчликми, нега асабийлашяпсиз? – қўрқаписа сўради Сўфи.

– Қўшниси мелисага хабар берганмиш. Ким билсин, балки девордан мўралаб, афти-ангоримизни кўриб қолгандир?

– Орқамизга тушишган бўлса-я! – Сўфининг қути ўчди. Овози ҳам титраб чиқди.

– Орқангдан хотиржам бўл, изингга тушишганда аллақачон тутиб кетишарди!

Сўфининг ороми йўқолди. Туйнукдан биров тушиб келаётгандек тепага қаради. Ҳасан ташқарида бежиз қолмаганлигини, бўлаётган воқеалардан уларни хабардор қилиб туришини тушунди.

Ароқ очилди.

– Ичасанми?

– Жаннатга кирмоқчимисан?

– Гуноҳсиз яшамоқчи эдим…

– Гуноҳга ҳам ботдинг. Энди Худо сени қиёматда ҳам кечирмайди. Ма, ич! Бу дунёда ҳеч ким гуноҳсиз яшай олмайди!

Сўфи юзини бурди. Боя юрагини қувончларга тўлдирган хурсандчилик ўрнини ғашлик эгаллаганди.

Бу ерда қуёш ботиб, чиққанини билиб бўлмасди. Деворда заиф овоз чиқариб турган соатгина вақтни кўрсатарди. Зах ва қўланса ҳид нафасни бўғарди.

Кечки пайт яна телефон тилга кирди.

– Ҳаммаси жойида, хўжайин, – ташқаридаги воқеалардан хабардор қилди Ҳасан. – Хотиржам бўлинг. Докторлар ташхис қўйишолмади. Сиздек тажрибали одам бажарган ишнинг иси қирқ йилда ҳам чиқмайди!

– Ичибсан, аблаҳ! Бас қил! – шериги телефонни ўчирди.

Сўфининг, кўнгли ўрнига тушди. Хаёлини яна олтин тангалар олиб қочди. Улар ҳамон ерда сочилиб ётарди, бироқ ўзидан кўзларни қувонтирадиган нур таратмас, аксинча совуқ ялтирар, одамнинг қонини ёдга соларди....

7

…Мақсуд директорнинг хонасидан чиқди-ю, эшик олдида бир зум туриб қолди. Нималардир хаёлидан ўтди. Сўнг қўлини силтаб, йўлида давом этди. У табиатан қўпол, кўринишидан совуқ бўлса-да, айтган сўзининг уддасидан чиқадиган одам эди. Шу хислати билан Раҳимхоновнинг эътиборини қозонганди. Уни ўн йил муқаддам бахтсиз ҳодиса туфайли турт йилга озодликдан маҳрум қилишганди. Турмада икки йилча ўтирди. «Зона»да жиноят оламининг сир-синоатларини ўрганди. Озодликка чиққач, ўзини бизнес дунёсига урди. Ғалла ўрим – йигими бошланганида Қозоғистонга жўнади. «Зона»да орттирган танишларининг ёрдамида тонналаб буғдой донини бозорга суриб келди. Кўтарасига олиб-сотарларга пуллади. Унинг бу ишидан хабар топган Раҳимхонов ҳузурига чақиртирди. Полвоннинг рўйи-рост гапириши, тантилиги, пулга қаттиқлигини ҳисобга олмаганда, бошлиққа ёқди. Комбинат қошидаги «Камалак» фирмасига бошлиқ этиб тайинлаш ҳақида ўйлаб қолди. Бироқ пешонасига урилган тамғадан чўчиди.

Раҳимхонов дон суриб келиш учун полвонга юз минг доллар ташлади. Мақсуд буни ўзига нисбатан билдирилган ишонч, деб ҳисоблади. Обрў-эътиборли бу инсоннинг олдида уялиб қолмаслик учун қўлидан келган ҳамма ишни бажарди. Бир ой қозоқ овулларини кезиб чиқди. Таниш-билишларини ишга солди. Хўжаликлардан мисқоллаб дон йиғди. Шу тариқа олти эшелон йўлга тушди. Паровознинг гудоги Раҳимхоновни бағоят қувонтирди. 500 тонна буғдойдан ишлаб чиқарилган юқори навли ун сохта ҳужжатлар ёрдамида Раҳимхоновга қарашли «Иссиқ нон» цехига жўнатилди. У ердан сувдек оқиб келаётган қоп-қоп пуллар ақлдан оздираёзди.

Мақсуд фойданинг учдан бирига ҳам рози эди. Бироқ хўжайин лафзида турмади. Хиёнат қилди.

Улушинг! – деб олдига йигирма минг доллар ташлади. Ғазабдан полвоннинг юзи кўкарди. Бир ой на уйқусида, на юриш-туришида ҳаловат бўлмай, овулма-овул санқиб топгани шу бўлдими?

– Бу пулга набирангизга хўрозқанд олиб беринг! – полвоннинг қаҳр-ғазаби икки калима сўзга жо бўлди. Аччиқланганидан тилига бошқа гап келмади. Хонадан чиқиб кетди. Вақти-соати келганида Раҳимхонов билан ҳисоб-китоб қилишни дилига тугиб қўйди. Бу тугун уни кўрганида чипқондек газак отиб, катталашиб борарди. Директор келгуси йил кузда полвонни яна ҳузурига чақиртирди.

– Мана ҳаққинг, аразни унут, ишингни давом эттир, – деди ҳеч нарса бўлмагандек. – Эшитишимча, ишсиз юрганмишсан!

Полвон стол устидаги бир боғлам пулга кўз қирини ҳам ташламади.

– Сиз айтган тераклар кесилиб кетди, хўжайин, – деди Раҳимхоновнинг бўғриқиб кетган қип-қизил юзига тикилиб. – Бу пулингиз йўлкирамга, бир кунлик маишатимга ҳам етмайди.

Раҳимхонов ғазабини ичига ютди. Ўтган йили дилини қаттиқ оғритганини эслади. Ялинишга, ваъда беришга ғурури йўл қўймади. Ҳеч нарса бўлмагандек ўзини бепарво тутди. «Мажбурласам, қўлга тушиб қолишим мумкин», деб ўйлади. Нима қилганда ҳам «зона» кўрган, ишониб бўлмайди. Мақсуд у билан хайрлашмасдан хонадан чиқиб кетди.

Дарвоқе, юқорида «қорлар ёғиб, излар босилди» деган маънода гапирганида, Раҳимхонов кечаги ўтмишни назарда тутганди…

8

Полвон таклифни рад этганидан кейин Раҳимхоновнинг боши қотиб қолди. Нима қилиш кераклиги тўғрисида ўйлади. Дастлаб комбинатга янги ишга келганида бу ернинг сир-синоатини билмай юрди. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг «шапкаси»дан бошқа унинг кўз тикадиган, умид қиладиган нарсаси йўқ, пихини ёрган цех бошлиқлари ўз нонларини яримта қилишни исташмасди. Гуёки улар бу ердан анча даромад олишаётган-у, бошлиққа узатишмаётгандек туюларди.

Ўшанда полвондан ҳафсаласи пир бўлган директор хонасига Каримни чақиртирди. У билан суҳбатлашди, кўнглига қўл солди. «Иложи бўлса, Мақсуд билан тиллашиб, уни четдан буғдой олиб келишга кўндиргин» демоқчи эди. Бироқ ходимининг қаршисида қадрини йўқотишни истамади. Полвоннинг қўполлиги, берган пулига ношукрлик қилганидан шикоят қилди:

– Чўнтагида ҳемириси йўқ, пул узатсам бурнини жийиради. Бирга ишлаш нияти йўққа ўхшайди. Билмадим оғайнинг нимасига кеккаяди?

– Четдан дон суриб келишингизга мен қаршиман! – кутилмаганда бошлиқнинг таклифини рад этди Карим.

– Нега? – ҳайрон бўлди Раҳимхонов

– Ўзимизда ҳам дон сероб бўлиб қолди. Ўтган йили бўш ётган бункерларга дон сиғмай кетди.

– Бироқ даромаднинг мазаси йўқ, – дилидагини тилига чиқаришга мажбур бўлди хўжайин.

– Бунинг учун ўзимизда имкониятлар етарли. Факат ақл билан, аҳиллик билан иш юритсак бас!

– Қандай таклифларинг бор? – хўжайинга жон киргандек бўлди.

– Тегирмонда ишлаб чиқарилаётган уннинг намлигини 30 фоизга, керак бўлса, ундан ҳам кўпроққа ошириш лозим!

– Худди кичкина боладай фикрлайсан-а! – деди норози бўлиб. – Намлигини оширсанг, ун хамир бўлиб кетади-ку?!

– Бунинг йўли бор, хўжайин. Ўз тажрибамда синаб кўрганман. Намлиги оширилган унни омборда сақлаб турмаймиз. Ўша куниёқ сотувга чиқариб юборамиз. Иккинчидан, элеватордаги элакларни алмаштирамиз. Назарингиз тушган бўлса, бутун донлар омухта ем цехига ўтиб кетяпти. Тежамкорлик йўқ!

– Ем ҳам керак. Маълум миқдордаги буғдойни ем ишлаб чиқариш цехига туширишга мажбурмиз.

– Энди бундан воз кечамиз. Цехга ўтказиладиган буғдой ўрнига оҳак, майда шағал, туз ва қумларни қўшамиз. Шу йўл билан буғдойни тежаб, чиқиндиларни пулга айлантирамиз. Ўзимча ҳисоб-китоб қилдим. Ўн тонна омухта емдан икки тонна, ўн тонна ундан бир ярим тонна фойдага қолади.

– Бу омухта емга чиқиндиларни аралаштириб юборсак, чорвадорлар арз – дод қилишмасмикин?

– Ҳамма нарсадан чўчийверсангиз, иш юрмайди, хўжайин! Бир тонна ем таркибига юз килограмм оҳак, шунча туз ва шағал қўшиб юборсангиз, ким ҳам хитланарди? Бундан ташқари, йилига эллик тонна донни қушлар еди, деб акт тузамиз. Бу кўрсаткични етмиш тоннага чиқарамиз. Ҳозирданоқ, омборнинг тепасида бутун водийнинг лайлагидан тортиб, читтагигача учиб юрибди. Хўжаликлардан дон қабул қилиб олинаётганида, лабораториядан чиқиндиси, намлиги, ифлослигини орттирамиз.

– Буларни қандай ёпамиз?

– Ёзда режасини бажаролмаган фермерлар қопда пул кўтариб, атрофда айланиб қолишади. Ўшаларнинг ҳисобига ётқизамиз!

– Яхши фикр!

– Инженер билан маслаҳатлашиб, чиқиндиларни кўпайтириш керак!

– Тегирмон эски бўлгани билан эҳтиёт қисмлари янги-ку?!

– Алихўжа – Хўжаали, барибир эмасми? Аслида орқамизни ёпиш учун қоғоз керак, холос. Янги тегирмон қураман, деб бошингизни қотирманг. Тегирмон эски, кўплаб донни исроф қиляпти, десангиз ким ишонмайди? Яна бир гап, иккита туманда дон сақлайдиган омборларимиз бор-а?!

– Бор, – Каримнинг таъсирига берилган хўжайин ҳамон унинг мақсадини тушуниб етмай, ҳайрон эди.

– Баракалла, донни шаҳарга ташиб келгунча йўлда тўкилади, қурийди. Бир неча тоннаси йўқолади. Буни ўнга кўпайтирамиз. Сабаби аниқ, масофа узоқ.

Сизнинг кўзингизга арзимаган бу нарсалар минглаб тонна ғаллани ташкил этади. Булар эса харажатимизга асқотиб қолади.

Раҳимхонов омборчининг гапини ўйлаб, ўзича мушоҳада қилди. Дарҳақиқат, гапида жон бордек туюлди. Агар айтганларига рози бўлса, ошиғи олчи. Мақсуднинг ёрдамига ҳожат қолмайди.

– Калланг ишлайди сен болани, – қаршисида термулиб турган Каримни мақтаб қўйди бошлиқ. Унинг олқиши омборчининг кўнглини кўтарди.

– Хўжайин, нима қилганда ҳам сиздан яхшилик кўрдим. Бўлса сизга бўлсин дейман-да!

– Бу ишларни шахсан ўзинг бошқарасан, – деди Раҳимхонов. – Ҳар ҳафтада менга ҳисоб берасан. Тушундингми? Аммо оғзим бор, деб дўст-у душман олдида алжираб юрмагин!

– Тушунарли хўжайин, мендан кўнглингиз хотиржам бўлсин! – Карим жилмайди.

Мавсумда қўшиб ёзилаётган дон ўрнини қоплашнинг осон йўли шу эди.

Ўша суҳбатдан сўнг Раҳимхонов қўлига калькулятор олиб, келадиган даромадни сарҳисоб қилди. Агар Карим алдамаса, кўриладиган фойда Мақсуд келтирадигандан икки ҳисса ортиқ эди. Гарчи қўшиб ёзиш ишлари омборчининг зиммасига топширилган бўлса-да, шахсан ўзи пинҳона назорат қилиб борарди. Карим алдамади. Ҳар ҳафта охирида келтирилган маълумотларни ўзининг ҳисобкитобига таққослаб кўрди. Ва унга бўлган ишончи ортди. Кейин назорат қилишни унутди. Ўша кезлар Раҳимхонов келаётган жарақ-жарақ пулларнинг ҳидига маст бўлиб, қилаётган ишлари қачондир бошига тўқмоқ бўлиб тушишини хаёлига келтирмаганди. Каримга ишонганидан катта пул эвазига режани бажаролмай оқсаб қолган хўжаликларга иккиланмай, керакли тоннани қўшиб ёзиб берарди.

9

Полвоннинг хаёлида минг хил фикрлар ғужғон ўйнарди. Демак, Каримнинг қўлида хўжайиннинг дастхатлари бўлса, бўйнидан ип ўтказиб, бемалол айтган йўлига солиш мумкин. Қоғозларни осонликча ундан олиб бўлмаслигига ақли етган ва шу мақсадда унинг ёрдамига муҳтож бўлиб, хонасига таклиф этган. Кўр ҳассасини бир маротаба йўқотади. Алдангани кечагидек ёдида. Яна алданишни истамайди.

Полвон ташқарига чиққанидан сўнг, аввал ҳисобкитоб қилиб, олдиндан пул олиш кераклигини ўйлади. Токи айтилган пул қўлига тегмагунича, Карим билан учрашмасликка аҳд қилди. Кун бўйи шаҳар айланди. Қуёш ботиб, оқшом чўкканида Раҳимхоновнинг уйига йўл олди. Ҳовлининг чироқлари ёқилганди. Ташқарида одам кўринмасди. Жимжитлик. Дераза ёнига келганида ошхонадан ғўнғир-ғўнғир овоз эшитилди. Уй эгалари овқатланишаётган бўлса керак, деб ўйлади. Деворга яқин келиб, деразадан Раҳимхоновнинг хонасига мўралади. Ёниб турган олтинранг қандиллар уй ичини чароғон этганди. Қип қизил тусда товланиб турган гилам устида чордана куриб ўтирган уй соҳиби атрофида сочилиб ётган тилла тангаларни тўплаш билан овора эди. Улар чироқ шуъласида қизғиш рангда товланиб, кўзни қамаштирарди. Раҳимхонов ҳар бир тилла тангани битталаб териб олар, худди уларни биринчи бор кўраётгандек томоша қилиб, темир қутига жойларди. Полвон ёши қирқдан ошиб, бундай катта миқдордаги тилла тангаларни кўрмаганди. Юраги хаприқиб, бетартиб урар, худди бўри қувган одамдай ҳансирарди. Кўзлари соққасидан ирғиб чиққудек тангалардан нигоҳини узолмай қолди. Томирларидаги қон кўпириб, вужудини жунбушга келтирди. «Қаерга беркитаркин»? Полвон олтинлар яшириладиган жойни кўрмай қолишдан қўрқди. Бу орада хўжайин олтинларни қутига жойлаб, ўрнидан турди. Полвоннинг юраги ҳамон қафасдаги қуш мисоли типирчиларди. Деворга ёпишиб, ўт чақнаган кўзлари билан кузатарди. «Ишқилиб бошқа хонага чиқиб кетмасинда», дея хавотирланарди.

Раҳимхонов курсига чиқиб, нақшинкор фанерни иккига ажратиб турган юпқа тахтачани олди. Фанерни иккинчи томонга сурди. Шапалоқдек туйнук очилди. Хўжайин қутини унинг ичига тиқди. «Кўрдим», деди Мақсуд ўзига-ўзи енгил тин олиб. «Бойликлар энди менинг қўлимда». Мақсуд оёқ учида юриб, орқасига қайтди. Унинг ҳовлига кирганини ҳам, чиққанини ҳам ҳеч ким кўрмади.

Мақсуд ташкарига чиққач, хаёлига турли ўйлар келди. Кўз олдидан тилла тангалар кетмасди. Уларни қўлга киритиш иштиёқи тинчлик бермасди. Йўловчи машинага ўтириб, шаҳарга тушиб кетди. Эски таниши Ҳасанга қунғироқ қилиб, уни ҳозироқ «Ўзбекистон» ресторанига етиб келишини илтимос қилди. Сўнг ўзи ҳам ўша жойга ошиқди. Олтинлар кўз олдидан кетмасди. «Кўрганларим чинми ёки саробми», деб ўзига-ўзи савол берарди. Олтинларни ўғирлаш тўғрисида бош қотирди. Уларни қўлга киритса борми, бой одамга айланади. Раҳимхоновдан қасос олган бўлади. Бироқ қандай қилиб қўлга киритиш мумкин?! Мана шу саволга жавоб тополмасди. Ҳасан билан маслаҳатлашгани маъқул, нима қилганда ҳам шу «соҳа»нинг эгаси, ўғирликнинг сир-синоатини беш қўлдек билади.

Елкасига миниб олган шайтон Мақсудни гоҳ подшолардек олтин курсига ўтқазиб қўяр, гоҳ «қўлга тушиб қолсанг ёки Раҳимхонов таниб қолсачи?», деган хавотирни чўғ бўлиб ёнаётган юрагига ташларди. «Ичкарига Ҳасанни киритаман. Хазинага шерик бўлгани билан бойлик камайиб қолармиди?».

Мақсуд Ҳасанни чақириб, тўғри иш қилганини тушунди. У ресторанга кириб, бурчакдаги бўш курсилардан бирига ўтирди. Назарида вақт имиллаб ўтаётгандек туюларди. Яхшиямки, ресторанда одам кам, бўлмаса ҳаяжонини босолмай, асабийлашаётганини кўрганлар шубҳаланиши мумкин. Ҳасан узоқ куттирди. Ташқарига қоронғулик секинаста чодир ташлай бошлади. Ниҳоят у келди.

– Раҳимхоновнинг уйида бир қути олтин тангаларни кўрдим, – деди у дўстининг қулоғига шивирлаб. – Қадимги тиллалар!

Ҳасан бу янгиликдан ҳайратланмади, юзида ҳеч қандай ўзгариш сезилмаганидан Мақсуд ажабланди.

– Бўлса бордир, – деди қўлини силтаб.

– Нега бундай деяпсан ёки гапимга ишонмаяпсанми?

– Нега ишонмай, албатта ишонаман. Ахир унда сен кўрган олтинлардан бошқа бойликлар ҳам бор.

– Тиллаларни олишимиз керак, – Мақсуд мақсадини айтди.

– Сен Раҳимхоновнинг кимлигини билмайсан, чоғи. У пихини ёрган тулки. Бойликларини қаерда ва қандай сақлашни яхши билади.

– Мен яширган жойини кўзим билан кўрдим! – тобора қизиша бошлади полвон. У яширилган жойни фош қилиб юбораёзди.

Шундан кейии Ҳасан стулни дўстининг олдига яқин сурди. Унга бошқача кўз билан қаради. Икки дўст олтинларни қандай ўғирлаш тўғрисида бош қотиришди. Узоқ тортишувдан сўнг бир тўхтамга келишди.

– Эшитишимча, хотини Тошкент тарафдан, шундайми?! – сўради Ҳасан.

– Шундай!

– Қачон Тошкентга тушишини биласанми?

– Билмайман… Лекин эшитишимча, беш-олти кун аввал Тошкентга бориб келганмиш.

– Нима мақсадда борганини биласанми?

– Онаси бетоб эмиш.

– Унда соз. Эртага тушдан сўнг хотинининг номига «Онангнинг аҳволи оғир, зудлик билан етиб кел», деган мазмунда телеграмма жўнатасан.

Буни олгандаёқ юрагига ғулғула тушади. Қарабсанки, ўғли иккиси яна Тошкентга шошади…

– А, Раҳимхонов-чи?

– Унинг масаласини кейин ўйлаб кўрамиз, балки бирор жойга – йиғилишгами ёки ўтиришгами жўнатишга тўғри келар.

– Фақат у дунёга эмас, – жилмайди Мақсуд.

– Сенга тиллалар керакми ёки Раҳимхоновнинг жони керакми?

– Ҳар қалай яхшилигини кўрганман!

– Яхшилигини кўрган бўлсанг, нега бойлигига кўз олайтиряпсан?

Ҳасан аччиқланиб ўрнидан туриб кетмоқчи бўлди. Мақсуд унинг қўлидан ушлади.

– Сен нима десанг, розиман!

Ҳасан жойига ўтирди. У анча жиддийлашиб қолганди.

– Тилла яширилган жойни аниқ эслаб қолдингми?!

– Ҳозир ҳам кўз олдимда турибди…

– Олтинлар қанча бўлишидан қатьий назар, иккига бўламиз.

– Гап бўлиши мумкин эмас!

– Қўлни ташла!

Улар бир-бирларининг қўлларини маҳкам қисишди.

– Эртага кечки пайт шу ерда кўришамиз, – деди Ҳасан. Дўстлар хайрлашдилар.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 | Следующая
  • 4.3 Оценок: 6


Популярные книги за неделю


Рекомендации