Текст книги "Қасоскор қашқирлар 2-китоб"
Автор книги: Исокжон Нишонов
Жанр: Зарубежные детективы, Зарубежная литература
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 6 (всего у книги 10 страниц)
– Бу мендан сенга совға, қабул қил, Аҳмад!
Милтиқдан иккита ўқ узилди. Ствол ўқсиз бўш қолди. Аҳмад янглишмаганини тушунди. Яширинган жойидан чиқди-да, чопқини боши узра кўтариб, бегона одамга ташланди. Шунда уларнинг кўзлари учрашди. Аҳмад уни таниди. «Бори», дея бақириб юборди. Чопқи кўтарган қўл ҳавода муаллақ қолмади. Бори чап беришга улгурди-ю, бироқ унинг тиғи қўлининг тирсагини ялаб ўтди. Милтиқ ерга тушди. Аҳмад яна чопқини кўтарди, аммо бу гал хаёлига келган фикр аҳдидан қайтарди.
* * *
Жалил пастликка тушиб, Борини дуо қилиб борарди. У келмаганида ҳоли не кечарди? Қашқирлар ичида яна неча кун оч қолиб кетарди? Балки улар гўштини еб, суягини ғажиб ташлашармиди? Аммо кетганини Ризо эшитиб қолса-чи? Хафа бўлмасмикин? «Сизга ишониб дачани қолдиргандим, бўриларни очдан ўлдирибсиз, товон тўлайсиз», деса-я? Бу савол хаёлига келганида қария қўрқиб, вужуди музлаб кетди. «Яхшиси қайтайин, жойимга кириб ётайин, ўлдирса бўрилар ўлдирсин, аммо хўжайиннинг ғазабига учрамай».
Жалил тўхтади. Орқасига қайрилди. Баландликда кўриниб турган уйча мунғайиб, қошига чорлаб турганга ўхшади. Қашқирлар ҳам у кетган томонга кўзларини тикиб тургандек туюлди. Жалилнинг оёқлари пастга тортмади. Бу жойни ташлаб кетгиси келмади. Бошида минг хил ўйлар. Қалбидан бир нидо отилди. «Қайтма, ўз оёғингга ўзинг кишан урасан».
У уйчадан кўзларини узиб, пастга қаради. Бир қадам босишга улгурди. Қулоқларига бирин-кетин отилган ўқ овозлари чалинди. «Ё раббим, бу нимаси? Борижон бўриларни отиб қўйдими? Қафаснинг тепасини ёпмаганди, қашқирлар чиқиб унга ташландимикин? Ишқилиб ўзига зиён-заҳмат етмадимикин?»
Жалил шошиб, ортига қайтди. Унинг кўз олдига қашқирларга таланиб ётган Бори келди. Чопқиллади, йиқилди, турди ва яна чопди. Йўли унмасди, ҳансирар, ўпкаси бўғзига тиқилганди. Тепага чиқиш азоб эди, хўп уқубат эди. «Ишқилиб бўриларнинг жони омон бўлсин-да, уларга бирор кор-ҳол бўлмасин-да. Хўжайин «қочирсанг, қонингни ичаман», деган-а.
Эй, Художоним-ей, бўриларни паноҳингда асрагин, уларнинг жони сенга керак бўлса, меникини ола қолгин. Мен калласи айниган чол нега Борижоннинг гапига ишондим, нега бўриларни ташлаб кетдим-а? Жойимда ётсам бўлмасмиди?»
Жалил дала-ҳовлига келгунича қора терга ботди. Тўғри, қафас олдига ўтди. Бўрилар омон, аммо бироз безовта эди. Оёқларида тик турганча, қулоқларини динг қилиб, чақнаб турган ўткир кўзларини хизматкорга тикиб туришарди. Жалил қафас олдига келди ва ерга тиз чўкди. Кўзларидан шашқатор ёш оқарди. «Хайрият, соғ экансизлар», деди уларга қарата. Ҳеч бирингизга зиён етмабди. Борижон қани, ўқни кимга отдийкин?» Жалил уй томон қайрилди. Ошиқ-мошиғидан чиқиб, қийшайиб қолган эшикда кўзи тўхтади. «Ким бузди?» Жалил баттар ваҳимага тушди. Калимасини ўгирди. Ўзи сезмаган ҳолда ичкарига кирди. Қулоғига узуқюлуқ сўзлар чалинди. Тўхтади.
Бу пайтда Аҳмад Борининг устига миниб олиб, қўлидаги чопқини пешонасига тираб турарди.
– Бошингни иккига бўлиб ташлайман. Фақат ростини гапир, мени ўлдиришни сенга ким буюрди?!
– Ҳеч ким, – хириллади Бори.
– Унда нега ўқ отдинг?
– Қўрққанимдан…
– Ёлғон гапиряпсан, ит! Энди ўзингдан кўр!
Аҳмад чопқини боши узра кўтарди. Шунда Борининг кўзлари Аҳмаднинг кўзлари билан учрашди. Оний лаҳзаларда унинг кўз қорачиқларида ҳеч нарсадан қайтмаслигини, қўлидаги чопқи билан бошини қовоқдек ёриб ташлашини билди. Бори қичқириб юборди.
– Айтаман!
– Гапир, хунаса!
– Ризонинг топшириғи билан келувдим. Сени ўлдиришни буюрганди!
– Ёлғон гапиряпсан, хотинталоқ! Қасам ич!
– Хотиним талоқ бўлсин!
– Менда нима қасди бор экан, у пасткашнинг?
– Қоплоннинг одамлари изингга тушганидан қўрқяпти. Сени қўлга туширишса, ўзининг сири очилиб қолармиш.
– Ризо қаерда?
– Эртага келади…
– Алдамаяпсанми?
– Нон урсин!
Аҳмад чопқини пастга туширди.
Қўлидаги қон оқаётган ярани маҳкам чангаллаган Бори ўрнидан турди.
– Энди мен нима қиламан? – сўради у Аҳмаддан.
– Хўжайининг нима топшириқ берганди?
– Сени тинчитиб орқага қайтишни…
– Унда орқангга қайтавер!
– Сен-чи?
Аҳмад саволни жавобсиз қолдирди. Эшик томон юрди.
– Қаёққа? – сўради Бори.
– Мен ҳам бу ердан кетаман, – паст овозда жавоб қилди Аҳмад. – Ризо мени сўраса, ўлдириб, кўмиб ташладим, де. Ўзингга яхши бўлади.
Жони омон қолганидан, Аҳмаднинг индамай чиқиб кетганидан хурсанд бўлган Бори бир парча латта топиб ярасини боғлади. Кейин ўзини тўшакка ташлади. Ризо келса нима дейди? Тирик одамни «ўлдирдим», деб айтолмайди-ку?!
* * *
Каттанинг одамлари катта миқдордаги «дори»га харидор топишганди. Улар «юк»ни жойида қабул қилиб, пулни тўлашга сўз беришганди. Бундай улгуржи савдо ҳамиша ҳам бўлавермайди. «Дори»нинг қиймати бироз арзон бўлса-да, бу таклиф каттага маъқул тушди. Ўша заҳотиёқ Шокирни Мирхолдорнинг олдига жўнатди.
– Тайёрлаган «дори»ларининг ҳаммасини олиб, эрталаб бекатга келсин. Ишончли харидор топганимизни айт. Султонхонга жавоб берсин. Янги мавсум бошлангунча кўзга кўринмай турсин! – деб топшириқ берди.
Шокир саҳрога жўнади. У ҳам «юк»ка улгуржи харидор топилганидан хурсанд эди. Ахир бу ерга ҳар ҳафтада келиб-кетиш жонига теккан эди-да. Қолаверса, янги мавсум бошланяпти. Тайёрлари сотилса, улушини олади. Пул ҳаводек зарур. Отаонасига «четга ишлагани кетяпман», деб айтган. Қариялар ёлғиз фарзандларининг йўлига кўз тикиб ўтиришибди. Шокир кечга яқин Мирхолдорнинг қўналғасига етиб келди. Бироқ излаган одамини тополмади. Ҳайдар хўжайининнг ғойиб бўлганини айтди.
– Келиши билан тайинла, «юк»ни олиб, эрталаб бекатга етиб борсин. «Дори»га харидор келди. Бир йўла ҳаммасини сотиб олмоқчи. Султонхонга жавоб берсин! Бу шефнинг топшириғи, тушундингми?! – деди.
– Тушундим, – деди бошини ирғаб Ҳайдар.
Шокир қайтиб кетди. Ҳайдарнинг бир ташвиши икки бўлди. Ўтиролмай қолди. Гоҳ тепаликка чиқиб, атроф-теваракка кўз ташлар, гоҳ секин-аста қоронғулик чўкаётган саҳро ичига кириб кетарди. Назарида Мирхолдор шу атрофда юргандек эди. У кечаси ҳам ухлай олмади. Тонгни бедор қаршилади. Кутган одами қайтмади. Юраги сиқилиб, ўзини қўярга жой тополмай қолди.
Эртаси куни Шокир харидорни бошлаб, бекатга келди. Шу ерда Мирхолдорни кутишди. Лекин ундан дарак бўлмади. Охири сабр косаси тўлди. Поезд жўнашга сигнал берди.
– «Юк»ингиз келмади, Шокиржон. Одамларим бетоқат бўлишяпти. Улар «юк»ни жойлаштириш учун вагон ходимлари билан келишиб қуйишганди. Одамингиз келмайдиган бўлса, бизни катта маблағга туширасиз!
– Яна бир оз кутайлик, Равил амаки. Мирхолдор, албатта, келиши керак.
– Мен-ку, сабр қилишим мумкин, аммо поездни ушлаб туролмайман. У белгиланган вақтда жўнаши лозим.
– Одамларингизга айтинг, яна беш дақиқа ушлаб туришсин.
Равил соатига қаради. Ўзидан бир неча қадам нарида турган одамларига бармоғи билан беш рақамини кўрсатди.
Шокир бетоқатланди. Умид билан йўлга кўз тикди. Назарида у ҳозир келадигандек туюларди. Бироқ кўринмади.
– Бас, ортиқ кутолмаймиз, – деди ниҳоят харидор Шокирга. – Поезд жўнаши керак.
– Айб бизда, Равил амаки, – узр сўради Шокир.
– Ишонч билдираман-ки, сиз, албатта эртага «юк»ни қабул қилиб оласиз!
– Барча харажатлар сизнинг гарданингизга, – деди харидор аччиқланиб. – Буни тўлайсизлар!
– Қанақа харажат? – асабийлашган Шокир бу сўзни жаҳл устида айтиб юборди. Харидорнинг узун, қизариб кетган бурни остидаги қўнгиз мўйлови қийшайди.
– Биринчидан: вақт – бу маблағ, иккинчидан: «юк»ни олиб кетиш учун кузатувчига ваъда қилинган пул, учинчидан: «дори»ни жойлаш учун вагоннинг қимматбаҳо тахталарини кўчириб, у ердан махсус жой очирганмиз. Буларнинг ҳаммаси пулга чақилади, дўстим. Бориб бошлиғингизга айтинг, эртага «юк»ни етказмайдиган бўлса, сизлар бир лимон тўлашга мажбурсизлар. Унутманг, бизнинг ишимизда субутсизлик, ёлғон гапириш, ваъдага хиёнат ёмон оқибатларга олиб келади!
Ялпоқ юзи шолғомдек қизариб кетган Шокир Равилнинг жиноят оламида қандай мавқега эгалигини биларди. Шу сабабли ортиқча гап айтишга ҳадди сиғмади.
У саҳрога жўнаб кетди. Кун ботганида етиб борди. Машинадан тушди-ю, тўғри Ҳайдарнинг ёнига борди. Хўжайиннинг йўлига кўз тикиб ўтирган хизматкор Шокирни кўрганида юраги тўнтарилиб тушди…
– Қани Мирхолдор?! – сўради у Ҳайдарнинг ёқасидан тутиб.
– Келмадилар…
– Келмадилар?! Нега келмайди? Ер ютганми? Осмонга учиб кетганми? Қаёққа кетган?!
– Мен бу ерда йўқ эдим, – минғирлади Ҳайдар. – Ҳеч нарсани билмайман, Шокиржон.
– Мендан ниманидир яширяпсан, тўнғиз! Айт, қаерга йўқолди?! Ёки айтгани қўрқяпсанми?!
– Худо урсин, билмайман…
– Сен қаерда эдинг?!
Ҳайдарнинг тилини тош босди. Кўз олдига ўлим келди. Шокирнинг баджаҳллигини биларди. Хаёлига Султонхон келди. Йигитлари уни кеча поезддан тушганда кутиб олишганди. Бу ерга машинада олиб келиб, ташлаб кетишганди.
– Султонхон қаерда?
– Уни ҳам кўрмадим.
– Саид-чи?
– Қочди!
– Камол-чи?
Ҳайдар қўли билан чодир томонни кўрсатди.
– У ўлиб ётибди…
– Ўлиб ётибди?
– Ким ўлдирди?
Шокир кўзларини чодир томонга тикди. Ҳайдар уни Мирҳолдор томонидан ўлдирилганлигини айтгиси келмади. Шокир ўйга толди. «Бу ерда нимадир бўлган? Ишқилиб бир-бирларининг гўштини ейишмаган бўлсин-да».
Унинг назарида Ҳайдар бошлиғининг қаҳридан чўчиб, бўлиб ўтган ишларни айтгиси келмаётгандек туюлди. Лекин билгиси келди. Хизматкорни боягидан кучлироқ бўға бошлади. Бармоқлари унинг ингичка бўйнига михдек санчилди.
– Сен ифлос, ҳали мендан гап яширадиган бўлиб қолдингми? Гапир, Мирхолдор қаерда?! Камолни ким ўлдирди?! Султонхон қаерга даф бўлди?!
– Ҳайдарнинг нафаси қайтди. Қийналиб оғзидан биргина сўз чиқди.
– Билмайман…
– Ёлғон гапиряпсан, чўчқанинг боласи! Гапир, Мирхолдор қаерга кетди?!
Шокир ўз ўзини бошқаролмай қолди. Ҳайдарнинг бўйнидан маҳкамроқ бўғарди. Типирчилаб, қон талашиб турган хизматкорнинг қон томирлари қисилди, бўйни ингичкалашиб, бармоқлар орасида мижиғланиб кетди. «Жони оғримаса айтмайди», ўйларди Шокир ва бутун кучини қўлларига берди. Ҳайдарнинг оғзидан кўпик келиб, ердан оёғи узилди. Кўзига жони кўринди. Саид Ғаффорни, Мирхолдор эса Камолни ўлдирганини айтмоқчи бўлди. Аммо бўйнидан бўғиб турган қўллар бунга имкон бермади. Қора терга ботган, ғазабдан юзлари гезарган Шокир ҳамон оғзидан тупук сочиб, бир саволни такрорларди:
– Мирхолдор қани, қаерга кетди?!
Ҳайдар ҳолсизлана бошлади. Ёшли кўзлари соққасига сиғмай, сувсиз балиқдек оғзини каппа-каппа очиб турган бир пайтда, ёнидаги пичоғи ёдига тушди. Уни ўлим чангалидан шу нарса сақлаб қолиши мумкиндек туюлди. Куч-қувватни йиғиб, пичоқни олди. Кейин… кейин уни бир ҳамла билан Шокирнинг қорнига санчди. Аммо суғуриб олишга кучи етмади. Шокир қорнида пайдо бўлган оғриққа бардош беролмай, қичқириб юборди. Қўллари Ҳайдарнинг қизариб кетган бўйнидан сирпалиб тушди. Ўпкасига ҳаво кирган хизматкорнинг кўзларига зулмат босган олам бирдан ёришиб, яшнаб кетди. Азобдан қутилганига хурсанд бўлди ва «хайрият», деб юборди.
– Аблаҳ! – Шокир қаҳрли нигоҳини хизматкорга тикиб, кейин қумга йиқилди. Унинг бесўнақай гавдаси Ҳайдарнинг оёқлари остига тушганди. Хизматкор ўзига келди. Кўз ўнгини боягидан ҳам даҳшатли зулмат босди. Шокирнинг устига энгашди.
– Мен аҳмоқ, мен нодон нима ишлар қилиб қўйдим, шўр пешонамга балолар орттирдим-ку! – У бу сўзни уч-тўрт маротаба тилга олди. – Мени кечиринг, жаҳл устида… ўлимдан қўрқиб… – У яна нимадир деб минғирлади.
Шокирнинг ярасидан чиқаётган қон кўйлаги ва қумни қизил рангга бўяб, атрофга ёйиларди. Сопигача қорнига ботган пичоқни суғуриб олиш на ўзининг, на ваҳимадан ақлу ҳушидан айрилган Ҳайдарнинг хаёлига келарди. Хизматкор телбалардек пичоқлаб қўйган одамининг атрофида гир-гир айланиб йиғларди…
– Ё раббим, ўзинг кечир, нималар қилиб қўйдим? Наҳотки, одам ўлдирган бўлсам, ўзинг кечир, о, Парвардигорим! Унинг ўрнига менинг жонимни олгин. – Ҳайдар Шокирнинг олдига тиз чўкди. – Шокиржон, кўзингизни очинг, ўрнингиздан туринг. Мен ҳаммасини гапириб бераман. Саид Ғаффорни ўлдирди. Камолни эса хўжайиннинг ўзи отди. Саид қочганди, Мирхолдор уни қувиб кетганди. Мен буларни сизга айтолмагандим, кечиринг…
Шокир ўрнидан туришга уринди, лекин оғриқ бунга имкон бермади. У тўнтарилиб йиқилди. Тепасида жавраётган Ҳайдарнинг сўзлари қулоғига кирмасди. У додлаш асносида бир сўзни қайтарарди.
– Онангни… онангни мени единг…
Ҳайдар унга яқин келди ва яна кечирим сўради.
– Шокиржон… Шокиржон… мен билмасдан… Шокир қорнига санчилган пичоқни суғуриб олганини хизматкор кўрмади. У бошини кўтарди. Ерга тиз чўккан, қум ёпишган юзи кўз ёшлардан нам тортган, вужуди япроқдек титраётган Ҳайдар уни бағрига тортди. Боши елкасига тегиши биланоқ кўкрагига нимадир санчилди. Оғриқдан у қичқириб юборди.
Айни шу дамда бепоён саҳродан чиқиб келган Саид йўловчи машиналардан бирига ўтириб, кўзлаган манзили томон кетиб борарди. Қўлга киритган бойликларини белига боғлаб олганди. У чегарани дарё орқали кесиб ўтмоқни ният қилганди. Дарёга яқин жойда машинадан тушди. Сузиб ўтадиган жой излаб ўтирмади. Кийимларини ечиб, тугунга тугиб, ўзини сувга ташлади. Сув яхдек эди. Музлаб қолаёзди. Чидади. Қулочини отиб, қирғоқ томон сузди. Соҳилга ўтиб олса, хатар ортда қолади.
Сув юзаси сокин бўлгани билан тубида оқим кучли эди. Эни юз қадам бўлган дарёнинг нариги томонида тўқайзор кўзга ташланиб турарди. Мана шу жой уни хавф-хатардан яшириши мумкин. У белидаги «дори» билан пулни тез-тез ушлаб қўярди. Нам ўтмасин, деб целлофан халтага жойлаганди.
Қулоч отиб, тўши билан сувни ёриб, олға интилар экан, хаёлан Ризони кўз олдига келтирди.
«Мен келдим, Ризо. Сен тутиб берган одамлар қашқирдек бир-бирларининг гўштини ейишди. Султонхонни илон чақдими, қорақурт заҳар солдими, ишқилиб шол бўлиб, оёқ-қўли ишламай, забони айланмай, чўлнинг ўртасида қолиб кетди. Ўша сен ишонган, сен сиғинган Мирхолдорни ўз қўлим билан отиб ўлдирдим. Эндиги гал сеники, Ризо! Бу сўзларни эшитса, қандай аҳволга тушаркин? Юраги тўхтаб қолса керагов! Боши айланиб, ўзини йўқотиб қўйиши аниқ. Аммо унинг айёрлиги, муғомбирлиги ҳам бор. Саидни кўрганида худди арвоҳга дуч келгандек, қотиб қолади. Оёқларига бошини уриб узр сўрайди. Йўқ, Саид унинг таваллоларига қулоқ солмайди. «Мен сени қўлларим билан бўғиб ўлдирмайман, Ризо, – дерди сувда сузиб бораётган Саид кўкариб кетган лабларини зўрға қимирлатиб худди душмани қаршисида тургандек. – Белимдаги «дори»нинг кучи билан гумдон қиламан. Пулнинг кучи нималарга қодир эканлигини ўшанда биласан. Сен топган пуллар белимдаги «дори»нинг бир парчасига арзимайди. Керак бўлса, жамики бойликларингни, мол-давлатингни сотиб олишга қодирман. Лекин мен сенинг исқирт нарсаларингга зор эмасман. Мен жонингга харидорман. Аввало тилинг учун жавоб берасан»!
Саид чарчади. Хаёлга берилиб, танасини кучқувват тарк айлаганини сезмай қолганди. Совуқ таъсирида пайлари тортила бошлаганди. Бошини буриб, ортига қайрилди. Босиб ўтган масофа олисда қолганди. Шовуллаб, бошини эгиб, чайқалиб турган қамишзорга етишига атиги йигирма-ўтгиз қадам қолганди. Яна бир бор ҳаракат қилса, кучини тўплаб олдингга интилса, бас, соҳилга чиқиб олади.
У қўл-оёқларини ҳаракатга келтирди. Шунда пайлари боягидан қаттиқроқ тортила бошлади. Сузолмади. Оёқларига тош осилгандек вазминлашди. Белидаги юк сув тубига тортаётгандай туюлди. Оғзи-бурнига сув тўлди. Қўл-оёғини ҳаракатга келтиролмай чўка бошлади. Шунда унинг ўтмаслашиб қолган хотирасига Худо келди. Биргина у сув жафосидан, ўлим ёқасидан қайтариб қолиши мумкиндек туюлди. Унга ялинди, ёлворди, тавалло-юилтижолар қилди. «Э, раббим, ўзинг паноҳингда асрагувчи зотсан, ўзинг бандаи ожизингни ажал домидан қутқарувчи зотсан. Мен бечора осий бандангга раҳм айла, оёқ-қўлларимга куч ато эт, чўкиб ўлиб кетмай. Шу оқимдан чиқиб олсам, пулимнинг ярмини хайр-эҳсонлар қиламан. Ажал билан олишиб, душманларимни ўлдириб келдим. Бошимга шу савдоларни солган Ризода қасдим бор, уни кўрмай, ўч олмай ўлмайин. Менинг ўлганимни эшитса, байрам қилади».
Саид белидаги бойликларни ушлади. Оғзига сув кириб кетди. Бироқ оёғидан тортаётгандай чўка бошлади. Бошини сувдан чиқаришга куч тополмади. Танасида оёқ-қўлларини ҳаракатга келтирадиган куч қолмаганди. Кутилмаганда миясининг икки томонида санчиқ турди. Жон таслим қилишдан аввал яна бир бор типирчилади. Қўл-оёқлари қотиб қолганди. У бошини тош босгандек тобора пастга қараб чўка бошлади.
* * *
Аҳмад дала-ҳовлидан унча узоқ бўлмаган ёнбағирликдаги тошлар орасида беркиниб, Ризонинг йўлини пойлаб ётарди. Бу ердан уй ҳам, пастдан чиқиб келадиган одамлар ҳам бемалол кўриниб турарди. У Борига ишонарди. Ризо келиб, албатта «топшириқ нима бўлди?», деб сўрайди. Бори эса ўргатганини тўтидай сайрайди. Шундан Аҳмаднинг кўнгли тўқ эди. Эртаси куни Ризо Азизани бошлаб келди.
– Нима қилдинг, эпладингми? – сўради Борини бир четга тортиб.
– Ҳаммаси жойида, хўжайин, – бошини эгиб деди Бори.
Ризо унинг елкасига шапатилади:
– Сенга ишонардим, ўғил бола!
– Хизматингиздаман, хўжайин…
– Сўрига жой қил!
Азиза атрофга боқиб, табиатнинг гўзаллигини томоша қиларди. Қорли чўққилар, ям-яшил арчазорлар унинг хаёлини ўғирлаганди. Ризо унинг олдига келди.
– Истасангиз арчазорга олиб тушаман.
– Раҳмат, тезроқ ишингиз билан таништирсангиз…
– Бир пиёла чой ичмасдан кетмоқчимисиз? Шунча йўл босиб келдик. Бироз дам олиб кетамиз-да!
Бори сўрига жой ҳозирлади. Стол устини нозунеъматларга тўлдирди.
– Хўжайин, жой тайёр!
Ризо қизни бошлаб сўри олдига келди…
Тоғлар узра хуфтон қароси бостириб келмоқда эди. Азизанинг юраги типирчиларди. Ризонинг кўп ичаётганидан ташвишга тушганди.
– Тезроқ қайтишимиз керак, кеч бўлиб қолди, – деди Ризога.
– Ташвишланма, албатта, кетамиз!
– Онам хавотир оладилар…
– Мен билан бўлганингни айтсанг, индамайди.
Ризонинг мақсади Азизани бу кеча тоғда олиб қолиш эди. «Росмана қоронғу тушса, кетишга қўрқади. Бунинг устига маст ҳолда рулни бошқаролмаслигимни билиб, машина минишимга рози бўлмайди», деб ўйларди. Ахир қинғир-қийшиқ, паст-баланд йўлларда машинани бошқариш осон эмаску.
– Мен мастман, – деди ниҳоят Ризо қизнинг кетамиз, деяверганидан ранжиб. – Бу аҳволда машинани бошқаролмайман. Йўлдан чиқиб, жарга тушиб кетсак, иккимиз ҳам нобуд бўламиз.
Азиза хиқиллаб йиғлашдан ўзга чора тополмади. Росмана қоронғулик тушди. Икки-уч қадам нарини кўз илғамасди. Бори эса қаёққадир ғойиб бўлганди. Атрофда кўринмасди. Ризо ўрнидан турди.
– Совуқ тушди, энди ичкарига кирайлик. Йўқса, шамоллаб қоламиз.
Ҳақиқатдан ҳам ҳаво совуқ эди. Юпун кийинган Азиза дилдирарди. Ноилож ўрнидан турди. Ризога эргашиб ичкарига кирди.
Худди шу пайтда Ризонинг изига тушган Шуҳрат ака бошчилигидаги уч нафар милиция ходимлари дала-ҳовлига етиб келишганди. Бир шиша ароқни ичиб, эски одеялга ўраниб ётган Бори уларнинг келганини сезмай қолди. Аҳмад эса тасодифан уларнинг йўлидан чиқиб қоади-ю арчазор ичига қочди. Изқуварлардан бири унинг ортидан қувди. Шуҳрат ака шерикларини бошлаб уйча томон юрди. Яқинлашишганида қулоқларига ғўнғир-ғўнғир овоз чалинди. Ҳаммалари тўхташди.
– Агар айтганимни қилмасанг, билиб қўй, бу ердан тирик кетмайсан. – Бу Ризонинг овози эди.
– Менга тегманг. Бундай шармандагарчиликка чидамайман, яхшиси ўлдира қолинг, – ялинувчан овозда дерди қиз.
– Бошимни оғритма, қаршилик кўрсатишинг фойдасиз! Қани, диванга кел!
Азиза ҳиқиллаб йиғларди:
– Қўйиб юборинг, жон амаки, сиздан илтимос қиламан… Мени унаштириб қўйишган…
– Диванга кел, дедим!
Ризо қизнинг олдига келди ва унинг қўлидан ушлаб, диван томон судради.
Қоплон қизнинг нолаларига чидаёлмади. Шерикларининг рухсатини олмай, ўзини ичкарига урди. Эшикнинг қарсиллаб очилганидан Ризо чўчиб тушди.
– Бори, сенмисан, палакат?!
Қоплон чироқни ёқди. Унинг ташрифи Ризо учун кутилмаган ҳол эди. «Тилла бола»ни кўриб таёқдай қотиб қолди, аммо тезда ўзини қўлга олди.
– Қоплон?! Нега келдинг бу ерга?!
– Ифлос! – ўзини босолмай Ризога ташланди Қоплон. – Боланг тенги қизга ёпишгани уялмайсанми?!
– Менинг дала-ҳовлимга киришга ким рухсат берди, сенга?!
– Сенинг юзсизлигинг, виждонсизлигинг. Менга қилган хиёнатларинг!
– Туҳмат қилма, Қоплон! Бу гапларинг учун ҳали жавоб берасан!
– Иккала қулоғинг билан эшитиб қўй. Баҳром ҳам, Ҳамид ҳам мелисанинг қўлида. Улар сенинг барча қилмишларингни айтиб беришди.
Шу пайт изқуварлардан бири қўлига кишан солинган Аҳмад билан Борини олиб кирди. Ризо уларни кўрди-ю таёқдай қотиб қолди.
ҚАБРИСТОНДА ОТИЛГАН ЎҚ
Кузнинг ўрталари эди. Тун яримлаб қолган бўлишига қарамай, ёғ-экстракт заводида иш давом этарди. Ишчиларнинг бақир-чақирлари; темир-терсакларнинг тарақ-туруғи тунги сукунатга халақит қиларди. Совуқ изғирин эса довдарахтларнинг ерларда сочилиб, сарғайиб, нам тортиб қолган япроқларини тортқилаб қаёқларгадир олиб кетмоқчи бўларди. Кемтик ой худди ерга тушиб кетадигандек, сурмаранг ёғдуларини она замин узра сочмоқда. Мана шундай дилбар кечада канал ёқасидаги ёлғизоёқ йўлдан икки киши оқимга қарши томонга юриб борарди. Тез юрганларидан ҳансираб-ҳаллослашр, бир-бир ортларига қараб қўйишарди. Уларнинг нимадандир ҳадиксираётгани ҳаракатларидан сезилиб турарди. Ой ёғдусидан қочиб, ўзларини теракларнинг соясига олишга ошиқардилар.
Тунги шарпалар узоқ юришди. Осма кўприк ёнига келишганда, нафаслари бўғзига тиқилиб, тўхташди. Изларидан бегона одам таъқиб қилиб келаётгандек яна ортларига қарашди. Бир зум нафасларини ростлаб олишгач, йўлларида давом этишди. Кўприк ўртасига келганда паст бўйли одам қўйнидан латтага ўралган буюмни олди-да, сувга улоқтирди. У ой нурида ялтираб, шохшаббаларга урилиб, сўнг «чўлп» этган овоз чиқариб, кўздан ғойиб бўлди. Пакана одам елкасини босиб турган оғир юкдан халос бўлди-ю аммо қўлига ёпишган шилимшиқ қонни кўрганида, бадани ток ургандек жимирлаб кетди…
Шарпалар кўприкдан ўтишди. Бу гал улар ўз йўлларини ўзгартиришди. Ой ҳам уларга эргашди. Ёлғизоёқ сўқмоқ уларни канал тепасидаги қабристонга олиб чиқарди. Қабристон бундан ўн йиллар муқаддам тўлган. Энди марҳумларни бу ерга дафн этмай қўйишганди. Сўқмоқни ўт-ўланлар босиб кетанди. Улар чирмовуқдек оёққа илашиб, юришни қийинлаштирарди. Катта-кичик тошлар, ёмғир сувида ивиб қолган кесаклар, каламуш ва тулкилар кавлаб ташлаган чуқур ҳандақлар, гўё оғзини очиб турган махлукдек юракка қўрқув солади. Қуриб-қовжираб қолган ўт-ўланлар ёмғир сувидан нам тортиб, оёқлар зарбига бардош беролмай, вужудида оғриқ туйгандек инграйди. Илгарилари бу ерларда дайди итлар санқиб юрарди. Улар тўда-тўда бўлиб, бир-бирларини қувиб изғишар, ўзлари билан олиб келган ўлжаларини шу ерда баҳам кўришарди. Кейинчалик улар бу жойга келмай қўйишди.
Катта-катта қадам ташлаб, тепалик сари тирмашиб чиқётган бояги кимсалардан бири янтоқлар орасида ётган юмшоқ нарсани босиб олди ва гўёки бомбага дуч келгандек сесканиб, бир неча қадам ортга тисарилиб, йиқилиб тушди. Ванғиллаган овоз тун сукунатини бузиб, борлиқни ларзага келтиргандек бўлди.
– Эй, падарингга лаънат! – қўрқувдан овозининг борича қичқириб юборди пакана одам.
– Палид! – тўнғиллади иккинчиси ҳам ва ошиғич қўйнидан тўппончани олиб, унинг учини қайси томонга тўғрилашни билмай довдиради. Сўнг:
– Ҳушёр бўлиб қадам бос, Сўфи! Бу ерларда қутурган итлар кўп бўлади, – дея огоҳлантириб қўйди.
Ит бўйнини қийшайтириб, вангиллаганча қочиб кетди.
Улар чор тарафи қўрғон қилиб ўралган, тепа қисми қор ҳамда ёмғир сувидан ивиб, нураб тушган пахса девор ёнида тўхташди. Олдинда бораётган йўл бошловчи бу ерни яхши билса керак-ки, адашмай қабристон ичкарисига кириладиган тешикни топди. Туянинг ўркачидек пастбаланд қабрлар, бу ердаги совуқ сукунат ҳар қандай одамнинг қалбида қўрқув ҳиссини уйғотади. Сўфининг пойма-пой қадам ташлаши, қўрқув аралаш атроф-теваракка олазарак боқиши унинг бу томонларга илк бор келганидан далолат беради. Бу орада у қандайдир чуқурга тушиб, икки бор мункиди. Гўштдор кафтига тикан ботди. Оғриқдан инграб юбораёзди. Лекин буни ўша заҳотиёк унутди. Кимсасиз ва қўрқинчли бу жойга нимага келишаётганлигини ўйлади. Шаҳардан чиқиб кетишса бўларди-ку?! Биров танимайди. Улардан шубҳа қиладиган одам йўқ бўлса! Балки бу қабристон этагида у билмаган ва кўрмаган бирорта қишлоқ бордир…
– Етиб келдик, Сўфи! – деди шериги йўқотиб қўйган буюмини топиб олгандек мамнун бўлиб.
Сўфи қўрқув акс этиб турган кўзлари билан атрофга аланглади. Туянинг ўркачидек паст-баланд қабрлардан ўзга нарса унинг кўзига кўринмади. Тунги чироқларга кўмилган шаҳар унинг диққатини тортди. Шаҳарнинг қиёфаси шу қадар гўзал эди-ки, Сўфини сеҳрлаб қўйди. Вужудидаги қувонч ва шодликни тезда унутди. «Энди у томонларга қайтиб бориш насиб қилармикан? Бола-чақаларининг дийдорини кўрармикан?!»
– Нега хода ютгандек ғўдайиб турибсан?! Ўтир! – жеркиб берди шериги.
Сўфи тиз чўкди. Тиззасига тош ботди. Кафти билан оғриқ турган жойини уқалади. Шериги эса тухтаган ерни шох-шаббалардан тозалади. Қаердандир дастаси қирқилган белкуракни топиб, ерни қазишга киришди. Қатлам юмшоқ эди. Чуқур тизза бўйи бўлганида курак қандайдир қаттиқ жисмга тегди. Ғашни келтирувчи ғичирлаган овоз эшитилди. Сўфи ҳайрон эди. «Нимага ерни кавлаяпти? Нимани яширган?», деб ўйларди. Шериги оёқларини икки томонга кериб, энкайганча ниманидир тортқилади. Кучли магнит майдонидан ажратиб олаётгандек уни зўрға кўтариб ташқарига чиқарди. Қандайдир темир қопқоқ экан. Шериги юзидаги терни артиб, Сўфига буюрди:
– Қани, пастга туш! – деди пишиллаб нафас олар экан. Сўфининг юраги титради. «Мени бу ерга тириклай кўммоқчими?»
Сўфи ортига тисарилди. Қочмоқчи бўлди. Шериги биқинига тўппончани тиради:
– Қаёққа?! Шундай пайтда мени ёлғиз ташлаба? – деди истеҳзоли жилмайиб.
– Нима, мени тириклайин кўммоқчимисиз? – йиғлаб юборди Сўфи.
– Пастга туш! – аввалгидан баландроқ овозда ўшқирди шериги.
– Тўғрисини айтинг, мени кўмасизми?
– Туш дедим!
Сўфининг қалтираётган оёқлари уни туйнук тепасига судраб келди. Ёшга тўлган кўзларини пастга қадади. Коп-қоронғу туйнук уни ўз домига ютиб юборадигандек туюлди. Биқинини тешиб юбораётган тўппончанинг азобидан қутулиш учун пастга энкайди…
– Яхшиси отиб ташланг, тириклай кўмилишни истамайман, – Сўфи ортга чекинмоқчи бўлди. Шериги бунга имкон бермади.
– Туш, деган сўзни яна такрорлатадиган бўлсанг ўлигинг шу ерда қолади!
Сўфи ноилож туйнук тепасига келди....