Электронная библиотека » Шерхон Кораев » » онлайн чтение - страница 10

Текст книги "Авлиёлар авлиёси"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 21:00


Автор книги: Шерхон Кораев


Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 10 (всего у книги 14 страниц)

Шрифт:
- 100% +
Темурийзодаларнинг шеърият кечалари

“Мажолис ун – нафоис”да Шоҳруҳ Мирзо мажлислари ҳақида ҳам ёзилади. Адабиёт ва санъатга ошуфта темурий мирзолар саройидаги адабий йиғилишлар маданий тараққиёт ва маънавий камолот нишонасидир. Ҳусайн Бойқародан бошқа темурийзодалар саройларида ҳам адабий йиғинлар ташкил этилган. Фахриддин Али Сафий “Латойиф ут – тавойиф”да Бойсунғур Мирзо саройидаги мажлиси олий ҳақида сўз очади. Шоҳруҳ Мирзонинг фарзанди Бойсунқур Мирзо истеъдодли шоир бўлганлиги учунми, шоиру санъаткор, олимларни ўз паноҳига олиб, Бобо Савдойи, Муҳаммад Паҳлавон, Котиби Нишопурий, Мавлоно Юсуф Амирий, Амир Рукниддин Нузлободий, Амир Шоҳий Сабзаворийларни ҳар томонлама қўллаб қувватлаган. ”Бойсунқур Мирзо кутубхонасида китоб кўчириш билан бирга, китобларга зар билан лавҳалар чизиш, гўзал нақш ва суратлар солиш, ўтмиш мутафаккирларининг ижоди ва таржимаи ҳолига доир фактларни тўплаб ўтганиш, ноёб китобларнинг нусхасини кўпайтириш, айрим ижодкорларнинг мукаммал куллиётини яратиш каби илмий – ижодий ишлар ҳам кенг йўлга қўйилган”. (Ҳ. Ҳомидов. “Қирқ аллома ҳикояти”. Т. “Фан”. 1995 й.) Ўз навбатида Бойсунқур Мирзонинг мажлисларида ҳам назм аҳли жамулжам бўлиб, мушоиралар уюштирган. Лутфий девонида Шоҳруҳ Мирзо, Бойсунқур Мирзо ва Искандар Мирзоларга бағишланган қасидалар борлигидан келиб чиқсак, бизда шоир ушбу темурий ҳукмдорлар мажлисларида қатнашган, деган тасаввур уйғонади. Юсуф Амирий Бойсунқур Мирзога бағишланган “Даҳнома” асарида темурийзодани “Кавокиб ўртада, ул ўртада ой, Муғанний Зуҳраву ул мажлисорой”, деб таърифлайди. Фахриддин Али Сафийнинг ҳикоя қилишича, “Бир куни мажлиси олийда бетамиз улуғзодалардан бири Амир Шоҳий Сабзаворийдан юқори ўтирди. Бу ҳол Бойсунқур Мирзога хуш келмай, секин шоирга буюрди: “Мавлоно Амир, мана шу бетамизнинг ўтиришига бағишлаб бадиҳа айтинг”. Шоиру фузалолар йиғилган мажлисда Амир Шоҳий дарҳол деди: “Мажлисинг денгиздир, гарчи денгизда хашак қалқиб турсада, гавҳарча қиймати йўқдир. Мен пастда ўтирсамда, бу қуйи туриш юқори билан баробардир”. Ушбу жавобдан қаноатланган Бойсунқур Мирзо Амир Шоҳийга катта инъомлар тортиқ қилди”. Фахриддин Али Сафий, шунингдек, Бойсунғур Мирзонинг ўғиллари Мирзо Алоуддавла ҳамда Абулқосим Бобур Мирзоларнинг мажлислари тўғрисида сўз юритади. Шу орада Мирзо Бобур мажлис ораста қилиб, шу мажлисда Мавлоно Мазид ҳам, Мавлоно Жомий ҳам ҳозир бўлдилар. Абулқосим Бобур Мирзо фақиҳ (ҳуқуқшунос) сўради: “Язид (араб имомларини ўлдирган қотил) лаънати тўғрисида нима дея оласан?” “Бир нарса дейиш менинг учун нораво, – деди Мавлоно Мазид, – чунки мен Язидга қабиладошман”. Мирзо Бобур шу лаҳзада эшонга қаради. “Мавлоно, Мазид нима демоқчи?” Абдураҳмон Жомий дарҳол жавоб қайтарди: “Унинг муроди тайин, – деди у, – бир қабиладан эканми, уни оқлаши ҳам, қоралаши ҳам қийин”. Аммо араб имомларини ўлдирган қотил жазога маҳкум”, дейди Сафий ўз асарида.

Бойсунғурнинг ўғли Мирзо Алоуддавла саройидаги мажлислар ҳам отасининг йиғинларидан фарқ қилмас эди. Мирзо Алоуддавла мажлисларидан бирида шоир Хожа Мансур Қорабой Тусий қози Абдулваҳҳоб Тусийни қаттиқ танқид остига олди: “Эй қози, сиз етимларнинг нонини туя қилиб берасиз, шу ишингиз инсофдан эмас”. “Хато қиласиз шоир, – деди қози, – мен яланғоч етимларга бошпана ва илитувчи офтобман. Хожа Мансур дарҳол деди:

 
Дедингки, қуёшман, нурман уларга
Қуёшсан, ва лекин нуринг ўлдирар.
 

Бу назм ва ҳажв тиғи учун Мирзо Алоуддавла шоирга ўн дирҳам инъом берди.

1414-1435 йилларда Эронда ҳукмдорлик қилган Султон Иброҳим (Шоҳрух Мирзонинг кичик ўғли) пойтахт Шерозни илму маърифат, маънавият масканига айлантиради. Бошқа темурийлар каби унинг саройида ҳам адабий мажлислар ўтказилган. Ҳофиз Хоразмий ҳам мажлис аҳлидан ҳисобланиб, ”Ўшал Султон (Иброҳим Султон) замонинда бу Ҳофизким ғазалхондур”, деб ёзади шоир шеърларидан бирида. Султон Иброҳимнинг назмга таъби борлиги ва шеъриятга ихлоси туфайли саройида шоирларни тўплаб, адабий анжуманлар ташкил этган.

Темурий Халил Султон ҳам шеър ёзиб, девон тартиб берганлиги тарихдан маълум. Бундан ташқари, Навоий тили билан айтганда, ”зурафо ва шуаро мажлисида жам бўлурлар эрди. Машҳурдурким, ўзи шеър айтур эрди”. Халил Султоннинг шеърият кечаларида Амир Темур замонида йиғилган ва бошқа юртлардан келиб қолган шеърият, маърифат, маънавият аҳли иштирок этган.

Саййид Қосимий “Мажмаъ ул –ахбор”да Султон Абу Саъид Мирзога бағишланган қасидасида “Эгри бўлур мажлисида рострав, Бошдин этар дуру гуҳарларни нав”, деб таъкидлар экан, йиғинларда куй-қўшиқлар ижро этиладиган созлар, яъни уд, чанг, рубоб, танбур, қонун, қўбуз каби чолғу асбобларини қайд этиб ўтади.

Мажлислар барча темурий мирзоларнинг саройларида ўтказилганлиги, бу анъана ҳар бир ҳукмдорнинг табиатидан, дунёқарашидан, талабидан келиб чиқиб, ўзига хослик касб этганлигига асосланиб, анжуманларни уч турга бўлиш мумкин:

1. Илмий йиғинлар.

2. Адабиёт анжуманлари.

3. Дарвешона мажлислар.

Эронлик олим Валиуллоҳ Ковусий Олий мажлисларни мусиқий мажлислар деб қайд этади. ”Султон Ҳусайн ва шаҳзодаларнинг мусиқага қизиқиши ва Алишернинг созандаларга кўрсатган ҳомийлиги туфайли сарой санъаткорларнинг интиладиган марказига айланди.Тарихчилар ўша даврдаги Султон Ҳусайн ва вазирининг фармони билан уюштирилган беназир мусиқий мажлислар ҳақида кўп бора ёзишган....

…Амир Алишернинг ҳиммати билан ташкил этиладиган кўп мусиқа мажлисларида созандалар ва хонандалардан ташқари донишманд ва тарихчи Хондамир каби замонасининг кўплаб фузало ва донишмандлари ҳам иштирок этишарди”.

Алишер Навоий ва унинг замондошлари асарларида Олий мажлислар яна нафис, латиф, шариф, Султон Соҳибқирон, шоҳ, подшоҳ мажлислари, анжуман, базм, зиёфат, мажолис, йиғин, маҳфил, маҳофил деб қайд этилган. Инчинун, Алишер Навоий тазкирасининг “Мажолис ун – нафоис” (“Нафис мажлислар”) деб номланиши ва унинг саккиз мажлисга жамланишида Султон Ҳусайн ҳузуридаги нафис (Олий) мажлисларнинг бевосита ва билвосита катта таъсири бўлган, деб ўйлаймиз.

Ўзигача бўлган мажлислар (Амир Темур, Шоҳруҳ, Улуғбек, Искандар Мирзо, Бойсунғур, Иброҳим Султон, Алоуддавла, Абулқосим Бобур адабий йиғинлари) ҳақида кенг маълумотга эга бўлган Ҳусайн Бойқаро эса бундай йиғилишларни такомилига етказиб, янада ривожлантирди, бойитди ва олий босқичга кўтарди, дейиш мумкин.

Шайбоний хонларининг мажлислари

Юртимизда 15-16-асрларда ҳукм сурган шайбонийлар давлати асосчиси Муҳаммад Шайбонийхон нафақат ҳукмдор, у шунингдек, олим, уламо ва шоир бўлганлиги кўпчиликка маълум. Б.Аҳмедовнинг “Тарихдан сабоқлар” китобида маълумот берилишича, ”Шайбонийнома”нинг кенгайтирилган нақлида Шайбонийхон ҳокимият тепасига келмасдан бурун Бухоройи шарифда икки йил мадрасада машҳур илоҳиётчи олим Мавлоно Муҳаммад Хитоийдан таълим олган, Ҳофиз Ҳусайн Бусирий ва Хожа Маҳмудлар билан яқин муносабатда бўлган. ”Улар ҳатто мунтазам равишда бир-бирлари билан бордикелди қилишган. Бир гал Ҳофиз Ҳусайн Шайбонийхон ҳузурида бўлса, иккинчи сафар хон (Шайбонийхон) унинг ҳузурига ташриф буюрган.Умуман ҳар иккалаларининг мажлиси уламо ва шуаронинг иштирокисиз ўтмаган”. Ҳасанхожа Нисорий “Музаккири аҳбоб”да нақл қилади: ”Соҳибқирон хон (Шайбонийхон) илму фазилатлардан хабардор, аниқроғи, уларни тўла эгаллаган киши эди. Шеърият соҳаси ва шоирларга эътиқод – эътибори катта бўлган. Мудом олиму фозилларни ўзига ҳамсуҳбат қилган”. Муҳаммад Шайбонийхон ҳузуридаги мажлисларда мушоиралар билан илмий мавзуларда қизғин мунозаралар ҳам олиб борилган.

Убайдуллахоннинг подшоҳлик даврида Бухорода шунчалик кўп фозилу фузалолар, олиму уламолар, шоирлар йиғилган эдики, тарихчи Мирзо Муҳаммад Ҳайдар бу ҳолат унга Мирзо Султон Ҳусайн замонини эсга солганлигини айтиб ўтади. Убайдуллахон саройида ҳам адабий йиғинлар тез-тез ўтказилиб турилган. Ваҳоланки, бу йиғинларда Убайдуллахоннинг арабча, форсча ва ўзбекча шеърлари ўқилган, ғазаллари куйга солиб айтилган. Ҳасанхожа Нисорий Убайдуллахон ҳақида қуйидагиларни ёзиб қолдирган: ”Фазилатларининг энг яхши кўрсаткичларидан бири у Қуръон мутолаасини осонлаштириш учун туркий тилда ёзган Қуръон тафсириким, далиллари суянадиган асосда битилган ва фиқҳ бўйича ёзган рисоласи ҳам фойдалар конидир. Насх хатида ҳам жуда яхши битарди. Сипоралар ёзганки, ҳозир ҳам тиловат йиғинларида дуо билан ўқилади. Ва “мусиқа нағмалари барча нағмалар ичида Аллоҳи таоло сирларидан бир сир-синоатдир” мазмунига кўра мусиқа илмига кўп эътибор берарди ва чалиши, айтиши жонфизо нағмалар ҳамда руҳафзо товушларга мувофиқ келарди. Ажойибғаройиб нақш (усуллар)ларда дилфириб таркиботларни шундай ижро этардики, ийқоъ қонунларини чалувчи созандалар ва турли вазнларда куйловчи навозандалар ҳамда бастакор машшоқлар барчаси ул амалларга бир овоздан таҳсин айтиб келадилар”.

Шайбонийлардан Абдуллатиф Баҳодирхоннинг ҳузурида доимий йиғинлар ташкил қилинганки, Ҳасанхожа Нисорий хон гоҳо шоирлару надимлар ва фозиллар билан суҳбат қурганлигини, тарих фанидан ва илму нужумдан хабардор эканлигига гувоҳлик беради. Абдулазизхон саройида ҳам мушоиралар мажлислар уюштирилган. ”Ва хон… олимлар ва фозиллар ҳамда шоирларнинг бошини ўзининг чексиз лутф инояти билан янада баланд қиларди… Хон насх хатини жуда яхши ёзарди. Шеър битиш билан ҳам машғул бўларди ва сўзамоллик тўпини нотиқлик майдонида олиб қочарди… Ва хоннинг бир кутубхонаси бор эдиким, ўша пайтда ер юзида унга ўхшаш китобхона бўлганми, йўқми, билмадик”. Саъид султон ва Жавонмардали султон ҳузуридаги йиғинларда ҳам олиму фузалолар, шоирлар йиғилишар, бундай кечаларда куй – қўшиқлар ижро этилган.

Ҳасанхожа Нисорий Дўст Муҳаммад Султонни таърифлар экан, “Латиф табъи шижоатга мойил ва олиму фозиллар суҳбатига жон-дил билан ҳозир” – деб таъкидлаган. ”Олий мажлисини бу тоифа (олиму фозиллар)дан ҳоли ўтказмайди, шунингдек, шоиру надим кишилар ҳам унинг олий йиғинида ҳозиру нозир. Кўнгил қувончи учун гоҳида шеър ва нафосат маишатига ҳам майил билдиради”. (Ҳ. Нисорий. “Музаккири аҳбоб”. Т. “Мерос”. 1993 й. 51-б.)

Шайбонийлардан Искандар султон ва Абдуллахон 2 саройида ҳам ўз даврининг кўзга кўринган шоиру олимлари иштирокида мажлислар ташкил қилинган. Искандар султон ва Абдуллахон 2 саройининг “Малик уш –шуароси” Нисорий Искандар Боҳодирхон мажлислари ҳақида қуйидагиларни ёзади: Хон ҳазратларининг ўлтириб туриши доимо олиму орифлар билан кечади ва улуғ алломалар аларнинг йиғинида илмлар маликининг каломи – Қуръон маънолари баёнидан ўзгани такаллум қилмайдилар. Улуғ машойихлар ул жаҳонпаноҳнинг даргоҳига фано сирларидан ташқари ҳадяни элтмайдилар ва аларнинг кўнгилларни уйғотувчи суҳбатида бақо дурларидан бўлак туҳфани қўлга киритмайдилар. Соҳибқирон мажлисининг саодати ҳумоюн йиғиндаги қатнашчиларнинг латиф хотирлари сари йўналмоқ бўлган васвасалар ҳамда ҳадику хавф-хатарлар йўлини бекитиб, кўнгилларига бирон ёмон фикр йўл топишига имкон бермайди”. Искандар султон тасаввуф олими Маҳдуми Аъзамнинг шогирди бўлгани учунми, асосан унинг бошчилигида дарвешона мажлислар ташкил қилинган. Абдуллахон 2 нинг мажлисларига саройда катта тайёргарлик кўрилиб, унга машҳур олимлар, ҳуқуқшунослар, зиёлилар ва шоирлар таклиф қилинган. Абдуллахон 2 истеъдодли шоир бўлиб, “Хон” тахаллуси билан ғазаллар ёзган. Мутрибий “Тазкират уш-шуаро”сида Абдуллахон 2 нинг ўзбекча ва форсча шеърларидан намуналар келтирган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, шайбоний хонларнинг барчаси илму маърифат ва шеъриятга қизиққан ва шу боис ўз ҳузурида олиму улумолар, шоиру фузалоларни тўплаб, адабиёт кечаларини ўтказган.

Тарихий илдизлар

Бундай адабий йиғинларнинг тарихи уммавийлар ва аббосийлар халифаликларига бориб тақалади. Халифалар бошчилигидаги адабий мажлислар шоирларнинг қасидалари билан бошланиб, бадиий мунозаралар кўринишида давом этар, санъаткорларнинг қўшиқлари, араб рақслари анжуманга ўзига хос жозиба бахш этар эди. Берунийнинг “Ал –жавоҳир” китобида ҳикоя қилинишича, Халифа Хорун ар –Рашиднинг чиройли бир канизаги бўлиб, исми Холиса (Мусаффо) экан. Бир куни адабий йиғинда халифа томонидан сарой шоири Абу Нувосга берилган инъом саройда ушлаб қолинди. Шоир шу муносабат билан “Менинг шеърларим сизнинг эшигингизда йўқолиб кетди, Гўё гавҳар Холисада йўқолганидек” мазмунида шеър ёзди. Канизак шеърдан хабар топиб, Хорун ар –Рашидга арз қилди. Халифа шоирни чақириб, дашном беради. Шоир ўзини оқлаш учун бу ғийбатчининг хатоси, чунки у айнни (араб алифбосидаги) ҳамза (араб алифбосидаги) ўқиган дейди. Яъни арабчада сўз шу кўринишда йўқолиш маъносини, ҳамза билан келганда эса ялтираш маъносини беради. Халифа адабий анжуманларининг фаол иштирокчиси Абу Нувос ана шу ҳозиржавоблиги билан жазодан қутулиб қолади”. Аббосий халифалардан ал – Маъмун (813-833) ўз ҳукмронлик даврида кўзга кўринган, забардаст алломаларни саройига тўплаб, илмий мавзуларда баҳс-мунозаралар олиб борган. Унинг илмий мажлисларида ўша даврда салоҳиятли донишмандлар иштирок этган. Халифа алМаъмун саройида хизмат қилган Жаъфар ибн Муҳаммад алАнмотийнинг хабар беришича, “Илмий мажлисларнинг бирида …дастурхонга уч юздан ортиқ ноз-неъмат тортилади. Ал-Маъмун ҳар бир таомни изоҳлар экан, унинг нима мақсадда истеъмол қилинишини шарҳлаб ўтади. Хусусан, у сафро ва балғамга қарши қандай таом тановул қилиниши, вазнни ошириш ва камайтириш учун нима ейиш мақсадга мувофиқлиги, шунингдек, дастурхонга қўйилаётган барча ноз-неъматларнинг инсон саломатлигида қандай ўрин тутишини айтиб беради. Шунда мунозарага йиғилган олимлардан бири халифага шундай дейди: “Эй мусулмонларнинг амири, агар биз табобатни муҳокама қилсак, сен уни тушунишда Жолиювнусни, илми нужум ҳақида суҳбатлашсак Ҳурмусни, фиқҳда эса Али ибн Абу Толибни эслатмоқдасан. Саховат бобида сен Ҳотамсан, нотиқликда танҳо ҳамда сахийликда Каъб ибн Момани ортда қолдирасан”. Бунга жавобан халифа ”Эй Жаъфар, шуни билингки, инсон инсондан фақат ақли, заковати, хатти – ҳаракатлари ва бошқа хусусиятлари билан фарқланади. Акс ҳолда бир шахснинг иккинчи шахсдан фарқи бўлмай қолган бўлур эди”, – дейди”. (Б. Абдуҳалимов “Байт ал-ҳикма ва Марказий Осиё олимларининг Бағдоддаги илмий фаолияти”. Т. “Ўзбекистон”. 2010 й.) Ал-Маъмуннинг табиатан илмга мойиллиги унинг саройида илмий мажлисларнинг узлуксиз ўтказилишига, олимларнинг “Байт ал – ҳикма” илмий-тадқиқот марказида таржима ва тадқиқотлар билан шуғулланишига олиб келди. Чунончи, саройдаги мажлисларнинг бадиий, илмий ёки сиёсий тус олиши бу ўз навбатида ҳукмдорнинг сиёсатга, илму маърифатга ёки ижодга мойиллиги билан чамбарчас боғлиқ. Умуман олганда, уммавийлар ва аббосийлар халифалари саройларида адабиёт кечалари ўтказиш анъанага айланган эди. Барча халифалар бундан мустасно эмас.

“Кумуш тоқми-жуфт?”

Низомий – Арузий Самарқандий “Мажмаъ ун-наводир” асарида Сомонийлар, Ғазнавийлар, Қорахонийлар, Бувайҳийлар, Салжуқийлар, Ғурийлар ва Тобаристон подшолари саройларидаги мажлисларда иштирок этган шоирлар номлари келтириб ўтилади.

Абу Абдуллоҳ Рудакий Сомонийлар ҳукмдори Наср ибн Аҳмад саройидаги адабий йиғинларнинг асосий иштирокчиларидан бири эди. Наср ибн Аҳмад ҳузуридаги адабий кечалар Рудакий иштирокисиз ўтмас эди.

Қорахоний ҳукмдорларидан Хизр ибн Иброҳим анжуманларида Рашидий, Нажибий Фарғоний, Нажжор Соғаржий, Али Бонизий, Писари Дарғуш, Писари Исфароний, Али Сипеҳрийлар етакчилик қилишган. Амир Амъақ амир ушшуаро эди. Подшо мажлисида катта эҳтиромга эга эди. Шоир Рашидий эса “Сайид уш-шуаро” унвонини қўлга киритганди. Кунлардан бир куни подшо мажлисида Хизрхон Амир Амъақдан “Абуссаййид Рашидий шеърлари ҳақида қандай фикрдасан?” – деб сўради. Амъақ унга ”Шеърлари бағоят равон ва яхши ёзилган, аммо сал тузи камроқ”, – деб жавоб беради. Орадан бироз вақт ўтиб –ўтмай Рашидий мажлисга кириб келади. Подшо уни олдига чақиради-да, подшоларга хос одатга кўра гиж –гижлатмоқ ниятида ”Рашидийнинг шеърлари қандай, деб амир уш-шуародан сўраган эдим, у ”Яхши, аммо тузсиз”, – деб жавоб берди. Сен унга қандай жавоб берасан”, -дея шоирдан сўрайди. Рашидий “Тўғри, шеърларимда туз йўқ, чунки асалу шакарда туз нима қилсин?“ – деб жавоб беради. Унинг жавоби подшога маъқул бўлади. Низомий Арузийнинг ёзишича, Мовароуннаҳр зодагонлари саройида шундай бир одат расм бўлганди. Подшо мажлисида ёки бошқа йиғинларда олтин ёки кумуш солинган товоқни меҳмонлар олдига олиб келишар, буни “Кумуш тоқми – жуфт?” деб аташарди. Хизрхоннинг мажлисида ҳар бирида икки юз эллик динордан бўлган тўртта тавоқда олтин қўйилар ва бир сиқимдан тақсим қилинар эди. Бу гал Хизр ибн Иброҳим ҳар тўрттала товоқни ҳам Рашидийга беришни буюрди.

Муҳаммад Авфий ва Давлатшоҳ Самарқандий каби тазкиранавислар Ғазнавийлар саройида 400 нафардан зиёд шоир жамлангани ва “мамлакат ҳудудидаги барча ижодкорларга Унсурий малик уш-шуаро эканлигини” алоҳида таъкидлашган. Ана шу шоирлар жамоаси ғазнавийлар саройидаги мунтазам ташкил қилинадиган шеърият кечаларида иштирок этиб, Ғазнани маданий, илмий, адабий марказга айланишига муносиб ҳисса қўшишган. Ҳомиджон Ҳомидий “Қирқ беш аллома ҳикояти” китобида шоир Носир Хисрав Маҳмуд ва Масъуд Ғазнавий мажлисларда иштирок этганини айтиб ўтади.

Хоразмшоҳ Абул Аббос Маъмуннинг саройида бир неча ҳаким ва фозил кишилар, чунончи Абу Али ибн Сино, Абу Саҳл Масиҳий, Абул Хайр ва Хаммор, Абу Райҳон Беруний ва Абу Наср Арроқлар жам бўлишган эди.

“…Кунлардан бир куни Яминуддавла султон Маҳмуд томонидан бир машҳур киши қуйидаги мазмун битилган мактуб билан Хоразмга етиб келди. ”Эшитимизча, Хоразмшоҳнинг мажлисида фалон ва пистон исмли дунёда тенги йўқ фозил кишилар бор экан. Уларни бизнинг мажлисимизга юборишлари зарур. Токи, улар бизнинг мажлисларимизда қатнашиш шарафига ноил бўлсинлар. Биз эса уларни ҳамма зарур нарсалар билан таъмин этамиз. Бу хизмат учун Хоразмшоҳдан миннатдор бўламиз.”

Хоразмшоҳ Маҳмуд Ғазнавийнинг элчиси хожа Ҳусайн ибн Али ибн Миколни қабул қилишдан аввал ўз ҳакимларини чақириб, мактубни ўқиб берди-да, уларга шундай деди: "Маҳмуднинг қўли узун, аскари эса кўп. У Хуросон ва Ҳиндистонни забт этди. Энди эса Ироққа кўз олайтирмоқда.Унинг амрини бажармасликдан ва фармонига қулоқ солмасликдан ўзга чорам йўқ…”(Низомий Арузий Самарқандий. “Нодир ҳикоятлар”. Т. Ғ. Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти. 1985 й. 78-79-б.)

Абу Али ибн Сино ва Абу Саҳл Масиҳийлар Ғазнага боришга хоҳиш билдирмай, Гургонга қараб йўлга чиқишди. Хаммор, Беруний, Арроқлар эса Султон Маҳмуд Ғазнавий ҳузурига отланишди ва Маҳмуд Ғазнавий мажлисларидан муносиб ўрин эгаллашди.

Абу Наср ал – Утбий ва Абул Фатҳ ал-Бустийлар ҳам Абу Мансур Сабуктагин, Исмоил ва Маҳмуд Ғазнавийларнинг пойтахти Ғазна шаҳридаги саройда мажлислардаги мушоираларда қатнашишган. Абу Райҳон Беруний ҳам Журжон амири Қобус ибн Вушмагир, Хоразм Маъмунийлар ҳукмдорлари Абул Ҳасан Али ибн Маъмун, Абул Аббос Маъмун ибн Муҳаммад, Маҳмуд ва Масъуд Ғазнавийлар саройларидаги мажлисларда ўткир заковатини намойиш этганлиги тарихий маълумотлардан маълум. Беруний нафақат олим, балки арабнавис шоир ҳам бўлган. ”Араб шеърияти Абу Нувос, Абу Таммом, Абу Аъло алМааррий, Ал – Бухтурий каби улуғ шоирлар сиймосида гуллаб турган бир пайтда форс тилидаги адабиёт Бухорода ва Ғазнада тараққий топди. Рудакий, Дақиқий, Абу Шукр Балхий, Фирдавсий, Фаррухий, Анварий сингари сўз санъати усталари элга танилдилар. Бу давр шоирлари фан асосларидан пухта хабардор бўлганларидек, олимлари ҳам поэтик диди баланд, аксарияти шеъриятда ҳам устод алломалар эдилар. Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Умар Ҳайём фаолияти фикримизнинг ёрқин далилидир” (Н.Комилов. “Тафаккур карвонлари”. Т. “Маънавият”. 1996 й. 19-б).

Салжуқий ҳукмдор Султон Санжар саройида ҳам турли хил ижодкорларни жамлаган адабий муҳит мавжуд бўлган. Анварий ана шу адабий анжуманлар аъзоси эди. Низомий – Арузий салжуқийлар саройи мажлис аҳли жумласидан бўлмиш Фаррухий Гургоний, Ломиъий Деҳистоний, Жаъфар Ҳамадоний, Дарфируз Фахрий, Бурҳоний, Амир Муъиззий, Абулмаъолий Розий, Амид Камолий ва Шоҳобийлар номларини келтириб ўтади.

Низомий – Арузий ўзи қатнашган Ғурийлар сулоласи ҳукмдори –подшо Жабол мажлиси ҳақида ҳикоя қилади. “…Мажлис бошланганда подшо Низомийни чақиринглар”, – деб қолибди… Ходим келиб, менга хабар қилгач, этигимни кийиб, мажлисга кириб, таъзим бажо келтирдим-да, жойимга бориб ўтирдим”. Подшо шоирдан бадиҳа айтишини сўрайди. Низомий – Арузий саноқли дақиқалар ичида шеър ёзиб, подшо мажлисида ўқийдики, ғурийлар ҳукмдори унинг истеъдодига тасаннолар айтади.

Убайдулла Уватов “Донолардан сабоқлар” китобида Хоразмшоҳлар саройининг етакчи шоири, ҳукмдорлар Отсиз, Эл – Арслон, Алоуддин Текиш давридаги бош котиб Рашидуддин ал-Ватвот ҳаётидан ҳикоя қилади. Ал-Ватвот Муҳаммад Отсиз, Эл – Арслон мажлисларида ўз шеърлари билан иштирок этар ва ҳар доим ҳукмдорларнинг олқишу инъомларига сазовор бўлган. Фахриддин Али Сафийнинг ёзишича, Хоразм шоҳи Султоншоҳ ҳам ўз мажлисига ёши тўқсондан ошган Ватвотни олиб келиш учун ўз тахтиравонини юборган. Унинг адабий йиғинлари Ватвот иштирокисиз ўтмаган. Шу ўринда яна шуни айтиш керакки, Рашидуддин ал – Ватвот яшаган вақт салжуқийлар султони Санжар ва унинг ворислари ҳокимлик қилган даврга (1092 -1157) тўғри келиб, улар замонида ҳам илм – фан ва адабиёт (айниқса форсийзабон) ғоятда тараққий этган эди. Хоразмшоҳлар саройида бўлгани каби салжуқийлар саройида ҳам кўплаб олимлар, шоиру адиблар ижод қиларди. Қизиғи шундаки, икки томон – хоразмшоҳлар билан салжуқийлар ўртасидаги салтанат рақобатида адиб ва шоирларнинг ҳам роли катта эди. Яъни Хоразмшоҳлар ва Салжуқийлар саройларидаги мажлисларда ҳар бир шоир ўз султонини мадҳ этиш билан бирга, унинг рақибини ҳажвга олар эди. Саройлар адабий йиғинларида бундай рақобат жараёнлари қизғин тус олганди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации