Текст книги "Авлиёлар авлиёси"
Автор книги: Шерхон Кораев
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 11 (всего у книги 14 страниц)
Хитойдан Ҳиндистонгача
Шоҳруҳ Мирзо элчиларидан Ғиёсиддин Наққошнинг Хитой сафарномасида император мажлиси кечқурундан пешин намози вақтигача чўзилганини ёзади. “Аввал бир тўда ой юзли йигитлар худди қизлар сингари қизил ва оқ рангли пардозлар суртишиб, …хитойликлар усулида рақсга тушдилар… Яна хонандалар жамоати ва созандалар ёнма –ён ўтиришиб, бир киши ётуған (мусиқий асбоб) чалди ва хитойликлар усулига хилоф ўлароқ, ўн икки мақомни чалди… Мусиқор чалувчи, бир қўлида мусиқору иккинчисида пийпа, най чалувчи найни оғзига олиб, қўлига чаҳор порани ушлади… Подшоҳ ўйинчилару, чолғучи –хонандаларга шу мажлиснинг ўзида инъомлар берди”. Сайёҳ Наққош бундай мажлислар император саройида тез –тез ўтказилганлиги айтиб ўтади.
Тарихчи Ибн Арабшоҳ Қоҳира (Миср)да бўлган вақтида султон Зоҳир Чақмоқнинг (1438-1453) даъватига биноан бир қанча муддат унинг саройида яшади.Султон Зоҳир Чақмоққа бағишлаб, асар ёзди, маҳаллий адиб ва шоирларнинг мунозара ва мушоираларида иштирок этди. Миср султони саройида ҳам бошқа шарқ мамлакатларида бўлгани каби шеърият кечалари ўтказилганлиги Ибн Арабшоҳ асарларидан ойдинлашади. Носир Хисрав “Сафарнома”сида Миср султони мажлисида иштирок этганини таъкидлайди. “Мен танишиб ва дўстлашиб қолганим султон дабирларидан бирига дедим: “Мен ажам маликлари ва ҳукмдорларидан бўлмиш султон Маҳмуд Ғазнавий ва унинг ўғли Масъуд баргоҳидаги мажлисларда бўлдим. Улар улуғ подшоҳлар бўлиб, неъмат ва бойликлари ҳисобсиз эди. Эндиликда амир ал-мўминин мажлисини ҳам томоша қилмоқ истагим бор”.
1049 йилнинг 7 мартида Миср султони мажлисида қатнашиш сайёҳ ва шоир Носир Хисрав насиб айлаган.
Усмонли турклар султонлари саройларида ҳам адабий мажлислар, назм ва наво кечалари ташкил қилинган. Озарбайжон ҳукмдорлари Жаҳон Паҳлавон ва Қизил Арслон саройларидаги мажлисларда Низомий Ганжавий каби шоирлар шеърлари ўқилгани, мушоиралар уюштирилгани, озар шоирларининг қўшиқлари куйланганини тарихий маълумотлар тасдиқлайди.
Эронда Исмоил Сафавий ҳукмронлиги даврида илму маърифат ва маданият тараққий этди. Исмоил Сафавий шарқ ҳукмдорлари сингари ўз саройида илм, назм ва наср аҳли йиққан, мусаввир Камолиддин Бекзодни подшо кутубхонасига бошлиқ этиб тайинлаган, шунингдек, Эрон шоҳларининг саройларида мунтазам бадиий йиғинлар уюштирилган.
Ҳомиджон Ҳомидовнинг ёзишича, йигирма ёшида Хусрав Деҳлавий истеъдодли шоир, қомусий билим соҳиби – олим, созанда ва бастакор сифатида шуҳрат қозонади. Буни сезган Мўлтон ҳокими Кушлихон шоирни саройга жалб этади. Лекин орадан икки йил ўтгач, Деҳли ҳокими Ғиёсиддин Балабон (1265-1267) саройига хизматга ўтади. Умуман Деҳлавий умри давомида ҳиндистонлик етти ҳукмдорнинг даргоҳида хизматини қилади, адабий мажлисларида ўз шеърларини билан иштирок этади. Бошқа шарқ мамлакатлари ҳукмдорлари саройларида бўлгани каби ҳинд султонлари ҳузурида ҳам адабий йиғинлар гуллаб яшнади. Ҳасанхожа Нисорий “Музаккири аҳбоб”да Бобур Мирзонинг ўғли Муҳаммад Ҳумоюн Мирзо мажлисларини қаламга олади. “Баъзан ул подшоҳ (Ҳумоюн Мирзо) жонажон дўстлар билан рангин суҳбатлар қуриб, мажлис аҳли либосини ўша кунги кавкаб (осмон жисмлар) рангида бўлишини расм қилган эди. Айтишларича, мажлис аҳлидан бири шу кунги яшил ўтиришга бошқа рангли кийимда келибди. Подшоҳ “Нега бугун расм-русумга биноан ўзингни яшил-кўкка ўраб келмадинг?” – деб сўрабдилар. Ҳалиги одам “Подшоҳ мажлисининг ўзи мени яшиллатиб (яшнатиб)кўкартиради, деб келавердим, – дея жавоб берган экан. Бу сўз подшоҳга хуш ёқиб, у кишини хуррам қилибди.
Гоҳо (Ҳумоюн Мирзо) қалб қувончи учун шеър ва шуарога кўнгил бериб, шеър аҳлини ўз олий мажлисининг қатнашчиси бўлишга ундарди”, – деб ёзади Нисорий. Акбаршоҳ саройида ҳам бундай кечалар давом эттирилиб, Ҳиндистон ҳукмдори атрофида барча зиёлилар, шоирлар тўпланган. Камолиддин Файзий Даканий Акбаршоҳ саройининг “Малик уш-шуаро”си бўлиб, адабий кечаларга бошчилик қилган.
Мухтасар қилиб айтганда, Ҳусайн Байқаро саройида фаолият кўрсатган адабий йиғинлар ўз даврида Олий мажлислар деб аталган. Зотан, Алишер Навоий ва унинг замондошларининг асарлари шундай дейишга асос бўлади. Албатта, шарқ ҳукмдорлари саройиларида анъанавий тарзда ўтказилган ушбу анжуманларни Амир Темур давом эттирди, бундай гўзал адабий йиғинлар яъни Олий мажлислар Ҳусайн Байқаро замонида Навоийнинг хизмати ўлароқ, юксак чўққига кўтарилди.
“ОЛИБМЕН ТАХТИ ФАРМОНИМГА ОСОН, ЧЕРИК ЧЕКМАЙ ХИТОДИН ТО ХУРОСОН”
Навоий ҳақ, унинг асарлари ҳаётлигидаёқ Хуросондан Хитойгача, Туркиядан, Ҳиндистонгача бўлган ҳудудларга, етти иқлим давлатларини “забт этиб”, “ўз байроғини ўрнатди”. Буюк Навоийнинг Давлатшоҳ Самарқандий “Тазкират уш-шуаро”да ёзганидек, ”Қандай яхшики, унинг довруғи турклар мамлакатидан Ҳижоз (Арабистон)гача тарқалди, қандай яхшики, дабдабаси Нишопурдан Исфаҳонгача етди”. Вафотидан кейин ҳам асарлари бутун дунё мамлакатлари Буюк Британия дейсизми, Франция ёки АҚШ дейсизми, юзлаб юртларга кириб борди. Дунёга донғи кетган мегаполислар Москва, Токио, Боку, Шанхай шаҳарларида Алишер Навоий ҳайкаллари ўрнатилди. Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов таъбири билан айтганда, “Темур тиғи етмаган жойни, Қалам билан олди Алишер”.
Мен ул, менки, то турк бедодидур,
Бу тил бирла то назм бунёдидур.
Фалак кўрмади мен киби нодире,
Низомий киби назм аро қодире.
Не назме дер эрсам мени дарднок,
Ки, ҳар ҳарфи бўлғай анинг дурри пок.
Етар тангридин онча қувват менга,
Ки, бўлмас битириға фурсат менга.
Низомиддин Алишер Навоий асарларининг шуҳрати ўз даврида шу даражага етдики, Хондамир таъбири билан айтганда, “Дунёнинг энг узоқ мамлакатларидаги қудратли подшоҳлар ҳам ўзларининг сўзга чечан элчиларини салтанат пойтахти Ҳиротга юбориб, (ул Ҳазратнинг) сўз санъатининг етук намунаси бўлган куллиётини излашади, араб ва ажам юртларидаги гўшанишин дарвешлар эса ул Ҳазратнинг завқшавқ уйғотувчи шеърлари ишқида кун кечириб, бор кучғайратлари билан талаб йўлидан боришади. Шу сабабли ҳам Хито ва Хўтан юртларининг у бошидан тортиб, Рум ва Мағриб ўлкаларининг нариги чеккаларигача бўлган юртларда (ул Ҳазратнинг) гўзал ва нафис шеърлари шоҳу гадо, кексаю ёш, мусулмону кофир, бахтлию бахтсизларнинг тилларида достон, (ул Ҳазратнинг) улуғвор шеърлари эса инсонларнинг барча табақа ва гуруҳларга мансуб бўлган вакиллари кўнгиллари лавҳлари ва қалблари саҳифаларига нақшланган ва битилгандир”. Абдумурод Тилавов “Алишер Навоийнинг усмонли шеъриятига таъсири” мақоласида Ошиқ Чалабий Навоий умрининг охирида Усмонли султон Боязид 2 га 33 та ғазал жўнатганини айтиб ўтганини зикр этади.
Ҳазрат Навоий тўғрисида сўз юритганда, энг аввало, кўз ўнгимизга унинг она тилини ривожлантиришдаги бетакрор хизматлари келади. Буюк мутафаккир бутун умр ўзбек тили (чиғатой лаҳжаси)да ижод этиш билан бирга “Муҳокаматул ул – луғатайн” асарида она тилининг форс – тожик ва араб тилларидан қолишмаслигини, луғат бойлиги беқиёслиги, сўзларининг маънодорлиги, керак бўлса устунлигини исботлайди. Ҳазрат Навоий ўз ижоди билан ўз она тилини баланд пиллапояларга олиб чиқди. Абдураҳмон Жомий эътироф этганидек, ”Бу қаламга фалакдан офаринлар бўлсин, чунки бу ёқимли нақш ўша қаламдан туғилди… У ҳам агар форсий тилда ёзганда (бошқаларга), сўз айтишга мажол қолмасди. У мўъжизали назмлар мезонида, Низомий киму Хусрав қанақа бўларди?”
Туркий тилда доғи нақш келди ажаб,
Ҳатто сеҳргарлар боғладилар лаб.
Бундай ёқимли нақш туширган қалам,
Бошида офарин ёғдирсин олам.
Кечирсин форсийда гавҳар терганлар,
Дарий тилида дур, ғазна берганлар.
Бунинг тили ҳам гар ўлганда дарий,
Мажолсиз қоларди уларнинг бари.
Албатта Жомий ҳақ. Ушбу таърифга қўшилган ҳолда султон Ҳусайн Бойқаронинг “Рисола” асари ибораси билан айтганда, ”…(Навоий) Туркий тилининг ўлган жасадига Масиҳ нафаси билан руҳ киритди. Ва у руҳ топганларга туркий тил ўриш – арқоғидан тўқилган нозик либослар кийдирди ва сўз гулистонида табъи навбаҳоридан ёғилган ёмғирлар туфайли ранго – ранг гуллар очилди ва назм дарёсига фикрлари булутидан руҳпарвар қатралар билан гуногун дурлар сочилди…”
Эрур сўз мулкининг кишварситони,
Қаю кишварситон, Хусравнишони.
Дема Хусравнишонким, қаҳрамони,
Эрур гар чин десанг соҳибқирони.
Таъбир жоиз бўлса, чиғатой туркийси, яъни она тили Навоийнинг хизматлари билан ўз замонасининг давлат тилига айланди. Навоийнинг барча асарларида туркий қавмларнинг бирлиги, эзгулик, комил инсон ғояси, алалхусус, она тилининг юксак аҳамияти қаламга олингани бежиз эмас. Ана шундай буюк ишни ўз зиммасига олган жасоратли Ҳазратнинг ҳар бир асари орқали она тили янада жилоланди, жозиба кўрсатди. ”Хамса” хотимасида ёзилганидек, “…Бу достонларнинг (“Хамса”нинг) туркий тилида бўлиши янада ажойиб. Бу тил қанча нозик ва ингичка бўлмасин, ёзганларинг ўзингга жуда яхши кўринади, чунки ўз сўзинг бўлгандан кейин ёмон кўринармиди?”
Табъи шеърда қилни қирққа бўлади,
У қилдан қаламнинг учи шеър тўқийди.
Бу мушкин шеър (соч)дан кўнгилга тузоқ қўяди,
У ширин шеърдан кўнгил тилагини беради.
(Абдураҳмон Жомий)
Дарҳақиқат, ҳақиқий ижодкор энг аввало ўз она тилида қалам тебратиши айни муддаодир. Шунинг учун Алишер Навоий қалам соҳибларини ўз она тилида ёзишга даъват этади. Жомийнинг “Баҳористон” асарида ёзилишича, “Табиат тақозоси ва қобилият кенг фазосига кўра, у туркий ва форсий шеърларида юксалишга муяссар бўлган бўлсада, туркийга кўпроқ мойиллик кўрсатди…” У ўзини туркий қавмлар шоири эканлигидан фахрланади:
Агар бир қавм, гар юз, йўқса мингдур,
Муайян турк улуси худ менингдур.
Олибмен тахти фармонимга осон.
Черик чекмай Хитодин то Хуросон.
Хуросон демаким, Шерозу Табриз,
Ки қилмишдир найи килким шакаррез.
Кўнгул бермиш сўзумга турк жон ҳам,
На ёлғуз турк, балки туркмон ҳам.
Мухтасар қилиб, навоийшунос Носир Муҳаммад таъбири билан айтганда, …фаранг сайёҳи Тавернье уч тил бу минтақада кенг муомалада эканлигини айтиб, уларни шундай таърифлаган: форс тили – малоҳатли тил, шеърият ва бадиият тили, араб тили – фасоҳатли тил, ”Қуръон” ва илм тили, туркий тил – сиёсат ва ҳарб тили. Ўрта асрларда кўплаб машҳур давлат арбоблари ва лашкарбошилар туркий халқлардан етишиб чиққанлиги тарихдан бизга маълум. Навоийнинг буюк хизмати шундаки, у туркий тилнинг бир тармоғи бўлган чиғатой (эски ўзбек) тилини юксак шеърият тилига айлантирди. Ҳар томонлама бойитди. Албатта, Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов таъбири билан айтганда, ”Она тилига муҳаббат, унинг беқиёс бойлиги ва буюклигини англаш туйғуси ҳам бизнинг онгу шууримиз, юрагимизга аввало Навоий асарлари билан кириб келади. Ҳерман Вамбери “Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи” асарида ёзганидек, “…Севинч ва мамнуният билан Мир Алишерни зикр этмоқ лозим. Бу зот гўзал сиёсатдон эди. У …ўткир қаламга эга адиб сифатида шуҳрат қозонди. Ҳар кимга ёрдам кўрсатгани каби, у шарқий туркий адабиётнинг асосчиси бўлмасада, кейинча ўзининг туркий тилидаги битмас – туганмас асарлари билан Эрон адибларининг камситиши ва кулишларига қарши туркий халқлар вакилларини чин қалбдан мудофаа этиш билан барҳаётлигида ҳам, вафотидан сўнг ҳам ватандошларининг буюк ҳурматига сазовор бўлди.”
ИСКАНДАРШОҲ ИХТИРО ҚИЛГАН ШИША ИДИШ
ёки Навоий даҳосининг қудрати
Навоий даҳоси ҳақида сўз борар экан, унинг достонларида ҳайратомуз кашфиётлар тасвирланганига дуч келасиз. Жумладан, Ҳазрат Навоийнинг “Садди Искандарий“ достонида Шоҳ Искандарнинг беҳисоб кемаларга қанчадан қанча асбоб – ускуналар солиб, неча йиллаб сув устида кезиб юрганини ёзади. Ва ниҳоят, у денгиз мавжидек тиниб-тинчимасдан денгизнинг қоқ ўртасига қараб йўл олади. Муҳит денгизининг қоқ ўртасига борганда эса осмон худди сув устидаги кенг чодирга ўхшарди. Сўнгра эса “Қуръони Карим”да авлиё сифатида тилга олинган Искандаршоҳда сув тубида нималар борлигини билиш ва кўриш иштиёқи туғилди. ”Модомики, бутун жаҳон менинг мулкимга айланган экан, унинг сув қисмида нимаики бор бўлса ҳаммасидан хабардор, ажойиботларидан баҳраманд бўлишим шарт”, – дея океан сайрини ихтиёр айлайди шоҳ. Олампаноҳ кўрсатмасига мувофиқ олимлар тез орада шишадан бир идиш ясайдилар. Искандар қийинчилик ва хавф – хатар билан ушбу шиша идишга киради. Унинг оғзини мум ва пўкаклар билан маҳкам беркитадилар. Шундан сўнг бир неча минг метрлик чийратма арқонга боғланган шиша денгиз остига туширилади.
Қилиб сув тубин кўрмак андишае,
Ҳамул ҳикмат аҳли ясаб шишае.
Кириб шишаға ранжу ташвир ила,
Анинг оғзини беркитиб қийр ила.
Бу янглиғ қилиб чўкти дарё қуйи,
Анинг қаърига чекти дарё суйи.
Ғаройибки дарёда бўлғай ниҳон,
Анга зоҳир ўлди жаҳон дар жаҳон.
Навоий таъбири билан айтганда, шиша идишда уммон тубига тушган Искандарга сувости ғаройиботлари бошдан-оёқ намоён бўлади. Улуғ мутафаккир Шоҳ Искандар ҳақида ёзар экан, ”У Тангридан валийлик мартабасини илтимос қилган эди, шу риёзатлар билан валийлик у ёқда турсин, ҳатто пайғамбарлик даражасига етди”, – дейди.
Хўш, Алишер Навоий қаламга олган, Искандарга сувости саёҳатида асқотган шиша идиш нима у? Ҳа, азиз ўқувчи бирдан хотирангизга Жак Кусто ва унинг сув ости экспедицияси келган бўлса не ажаб. Албатта, Навоий даҳосининг қудрати шундаки, у беш аср олдин 1940 йилдагина ихтиро қилинган скафандрни маҳорат билан тасвирлаб бера олган. Ақл бовар қилмайдиган ҳолат, башорат. Ёки кашфиётлар асрлар оша такрорланиб келадими? Наҳотки, хаёлан Навоий бу кашфиётларни ўз тасаввур оламида гавдалантира олган бўлса?
Комин қилур эрмиш одамийзод хаёл,
Нақш айлар эмиш кўнглига юз фикри маҳол,
Мундин ғофил қолибки, хаййи мутаол,
Келтурғуси тонгла анинг оллиға не ҳол.
Навоий хаёлоти меваси бўлмиш шиша идишнинг муқобили ”Триест” батискафи эса 1960 йилда уммоннинг энг чуқур қаъри ўн бир минг чуқурлик эканлигини аниқлади. Швейцариялик олим Жак Пикар батискафда уммоности тадқиқотларини олиб борган. Ҳазрат Навоий эса гуёки ўзи ҳам Искандар тадқиқотига гувоҳ бўлганидек, бу кашфиёт тафсилотларини тасвирлагани ҳар қандай кишини ҳайратга солади. Улуғ шоир “қаламга олинаётгани денгиздан бир томчи экани, Искандарнинг барча ишлари тасвири бу дафтарга (достонга) сиғмаслигини, жаҳон деб аталмиш бу думалоқ шаклдаги ер шарининг кўп қисми сув билан қопланганини, жаҳоннинг қуруқлик қисми сув қисмидан бир неча марта кичиклигини, жаҳон деб аталмиш бу хилқат сув билан иҳота қилинганлигини” ёзади. Энг қизиғи ҳам шунда-да! Демак, бу ”авлиёлар авлиёси”сининг чуқур, кенг ва кўп қиррали билими, юксак қобилияти ва кароматидан далолатдир. Наҳотки, шоирлар султони барча илмлардан хабардор бўлса? Устоз Омонилла Мадаев бу ҳақда жумладан, шундай дейди: ”15– асрнинг даҳо шоири Алишер Навоий ўтмиш устозлари (Форобий, Беруний, Хоразмий, Ибн Сино)нинг муносиб давомчиси сифатида маърифат майдонида гавдаланади. Фарҳод тилидан “Топилмас мушкули мен қилмаган ҳал”, деганда, Алишер Навоий илм, фан, бадиий ижод соҳасида ўз ечимини топмаган муаммо йўқ эканини таъкидлагандек бўлади. Фақат аввалги устозларидан фарқли ўлароқ, атоқли адиб илм ва фан соҳасидаги улкан маълумотларни ўз бадиий асарларида намоён қилди”.
Бир сўз билан айтганда, Ҳазрат Навоий асарларини ўқир эканмиз, унинг теран мушоҳадалари, чуқур фалсафасидан ҳайратга тушамиз. У тилга олган воқеалар бизга йигирманчи асрда ихтиро қилинган оинаи жаҳон ёки интернет каби кашфиётларни эслатиб туриши ҳайратимизни янада оширади.
“Фарҳод ва Ширин”да Фарҳод Хизрнинг маслаҳати билан қалъани эгаллагач, бутун жаҳонни кўрсатадиган ялтироқ жомни қўлга киритади ва Жамшид жомини ҳоқонга туҳфа қилди. Унга боқиб, барча жаҳон яққол кўзга ташланиб турганини, етти иқлимнинг барчаси унда намоёнлигини кўришади. Жомда Юнон мамлакати кўриниб турарди. Кейин унда ғор ичи акс этиб, Суқрот яшаб турган манзил кўзга ташланади. ”Фарҳод ва Ширин”дан олинган иқтибосдан кўз олдимизга ҳозирги кундаги компьютер (интернет халқаро ахборот тармоғига уланган) ёки телевизор намоён бўлади. ”Хамса”да тилга олинган жоми жаҳоннамо – жаҳонни кўрсатувчи жом –Жамшид жоми, жоми гетинамо (жаҳонни кўрсатувчи жом), жоми гетиафрўз (оламни ёритувчи жом), жоми Искандар ва ойинаи жаҳоннамо номлари билан зикр этилган. У нега Жамшид жоми деб аталади, деган савол туғилади? Ривоятларда айтилишича, Эроннинг афсонавий подшоси Жамшид бутун дунёни кўрсатувчи жом ёки ойнани ихтиро қилади. Ушбу кўзгуда эса нафақат ҳозирги, балки ўтмишдаги ва келажакдаги воқеа –ҳодисалар намоён бўлган эмиш. Навоийшунос Б.Акрам “Садди Искандарий” достонидаги “Ҳакимеки… ани “тилисм” айлабон, Намойиш анга ики қисм айлабон” байтини шарҳлар экан, ”икки қисм”ли “тилисм”нинг биринчиси бугунги клавиатура бўлса, иккинчиси эса экран (“монитор”), – дейди.
Шунингдек,”Фарҳод ва Ширин”да Фарҳод Искандар ойнасига ўхшаган сирли кўзгуда, яъни замонавий тил билан айтганда компьютер, планшет ёки айпадда (интернет воситасида) ўзининг тақдирини ва Арманистон ўлкасини, соҳибжамол Ширинни кўради. Албатта, “Жамшид жоми”, ”Кайхусрав жоми”, ”Искандар ойна”лари беш асрдан сўнг телевизор ёки компьютер бўлиб, намоён бўлган бўлса не ажаб.
“Садди Искандарий”да ёзилишича, Афлотону Суқрот бир бўлиб, Арастую Буқрот бир бўлиб, Хурмус билан Балинус, Аршимидус бир бўлиб, ишга киришдилар, Искандар доимо улардан хабар олиб турди.Ўша қиш ичида олимлар икки ажойиб сирли асбобни битирдилар. Бутун сарой аҳлини базмга тўпладиларда, уларга устурлобу (телескоп) сирли кўзгуни намойиш қилдилар.Уларнинг бири устурлобда тўққиз чарх тақсим бўлса, кўзгуда етти иқлим аён кўриниб турарди. Навоий тилга олган устурлоб бизга “Хамса” дан қарийб юз йилдан сўнг ихтиро қилинган телескопни эслатса, сирли кўзгу эса яна компьютерни (интернетга уланган) ёдимизга солади. Яъни Искандар олимлар ихтиро қилган “Сирли кўзгу” – компьютер орқали бутун дунёни томоша қилади.
Устоз Омонилла Мадаев “Навоий даҳоси ва замонамиз кашфиётлари” мақоласида мутафаккирнинг ғайриоддий фантазиясига диққат қаратади. ”Қизиғи шундаки, шоир (“Фарҳод ва Ширин” достонидаги) Суқрот лавҳасида ўта таъсирли бир кўринишни тилга олади.
Бўлиб ғорда ҳар дун анкабути,
Бир устурлоби гардун анкабути.
Агар устурлобни осмон жисмларини кузатиш учун фойдаланилган асбоб деб олсак, осмон ўргимчаги кўринишидаги кузатиш асбобини нима деб аташ мумкинлигини ўйлаб қоламиз. 21-асрда илм-фан соҳасида энг долзарб маълумотлар берилаётган номаълум учар жисм ҳақида гап кетмаяптими, деб қолади киши. “Фарҳод ва Ширин” достонини мутолаа қилишда замонавий тиббиёт, астрономия, физика, кимё фанлари кашфиётлари билан аниқ танишамизки, натижада бу фикрни инкор этишдан ҳам ожиз қоламиз. Ҳатто, Суҳайлонинг Фарҳодга оғзидан ўт сочадиган Аҳриман билан жанг қилишда ўтдан сақлайдиган Самандар ёғи ҳам бугунги кунда кўп фильмларда каскадёрлар фойдаланадиган махсус суюқлик эмасмикин?”
“Фарҳод ва Ширин”даги қуйидаги мисраларни навоийшунос Ботирхон Акрамнинг шарҳи ҳар қандай кишини ҳайратлантиради.
“Кетурдилар ҳакими нуктадоне,
Билик бирла жаҳон ичра жаҳоне!..
Қилиб тунни-ёруғ, кунни-қоронғу,
Сувдин –ўт ёндуруб, ўтдин –сепиб сув.
Ғаройиб кўп ҳувайдо бўлғусидур,
Бас, анда Шакл пайдо бўлғусидур…
Кўринуб ҳар замоне-кўзга бир шакл,
Кўз олғоч бўлғусидур… ўзга бир шакл.
Чу бўлди жилвагар ошкор юз навъ,
Анга ҳам бўлғуси-тимсол юз навъ!..
Бизнинг энг мухтасар шарҳимиз: “шакл” бу – ҳозирги турли экранлардаги кадрлар десак, кейинги байтдаги “Кўриниб ҳар замоне… кўзга бир шакл, Кўз олғоч… ўзга бир шакл” – турли-туман тасвирлар, жонли сувратлар, рангин қиёфалар, яъни экран (“ойинаи жаҳон”) кадрлари силсиласи эмасми? Кўчирилган банднинг сўнгги байтидаги ”жилвагар ашкол (шакллар) юз навъ”, “…тимсол юз навъ” – бугунги экранда кўринган турли суврату феъл-атвор (саъжия) соҳиби бўлмиш характерлар, образларни, ёхуд манзара, воқеа-ҳодиса лавҳаларни акс эттирса, не ажаб. …Навоий идрок қилган ғаройиб хаёлнинг ҳозирги мўъжизалари замонида қанчалар турланиб, товланиб, равнақ топмасин, ўзининг қадимий моҳияти, сирсиноатини сақлаб қолгани шаҳодати, яъниким “Навоийвор” (шоирнинг ўз ибораси) тажаллиётининг боқийлиги далолати ҳам шунда…”(“Фасоҳат мулкининг соҳибқирони”. 354-бет.)
Адабиётшунос Омонилла Мадаев “Навоий даҳоси ва замонавий кашфиётлар” мақоласида замонавий кино санъатида қўлланиладиган гиперграфия усули Навоий (тахайюул олами) томонидан 15-асрдаёқ кашф этилган, деган фикрни илгари суради. “(“Фарҳод ва Ширин” достонида) Фарҳод борган водийда юзлаб қон оқувчи дарёлар бор. Юз минглаб қон тўкувчи аждарлар яшайди.
Оқиб водида юз дарёи хунхор,
Тоғ ичра худ минг аждарҳойи хунхор.
Энди Ҳоқон, Мулкоро, Фарҳод бу даҳшатли манзарага Қуёш, Ой нуридан ҳам кучлироқ акс таъсир топишлари керак эди. Бу акс таъсир вазифасини Жамшид жоми бажаради. Бу жомни олиб келишгани заҳоти вазият ўзгаради. Ҳаммаёқ нурга бурканади. Олий яшинлик ҳукм сура бошлайди.
Равони борибон келтурдилар жом,
Ки, андин мушкул иш топқай саранжом.
Анга қилғоч назар истаб кушойиш,
Жаҳон тимсолиға топти намойиш.
Қаён боққач қилиб равшан назарлиқ,
Бир иқлим этти зоҳир жилвагарлиқ.
Йигирма биринчи аср фарзанди юқоридаги байтларни ўқир экан, кўз олдида энг замонавий фильмларда ифодаланадиган кадрлар ўтаётгандек бўлади.Тасаввур қилинг, уч инсон қаршисида қон оқаётган дарёлар, аждарлар бош силкитиб кўрсатаётган қўрқинчли ҳодисалар бирдан йўқ бўлса-ю, ўрнига жон роҳат оладиган манзаралар намойиш этилса! Шубҳа йўқки, замонавий кино санъатида қўлланиладиган гиперграфия усули шоир томонидан 15-асрдаёқ кашф этилганига гувоҳ бўлмоқдамиз”.
“Сабъаи сайёр”да Адан мамлакатида бир қароқчи янги ойга ўхшаган бир неча тез юрар кемачалар ясатгани айтиб ўтилади. Асарда бир неча ўринда қайд этилган тез юрар кемачалар ва қайиқлар бугунги парусли маторли катер, яхталарга ўхшаб кетади. Ёки Искандар олимлари яратган оламу жаҳонни ларза келтирган тўп пилтаси замонавий замбарак бўлса, ”Сабъаи сайёр”даги рост ва ёлғонни фарқловчи кўзгу бугунги ёлғонни аниқловчи детектор асбобининг муқобил кўриниши десак, муболаға бўлмас.
“Фарҳод ва Ширин”да қуйидаги жумлаларни ўқиймиз: ”Фарҳод у(Хизр)нинг оёғини ўпиб, мўйсафид айтган ишларни бажаришга жўнади. Шер оғзига узук (Сулаймон узуги)ни отиб нобуд қилди, яна узукни олиб, санаб қадам ташлаб, Хизр айтган тош устига чиқиб қаттиқ тепган эди, қалъа ичидан қаттиқ садо – кучли овоз эшитилди-ю, дарвоза очилгач, овоз йўқ бўлди. Ичкаридан темир совут кийган жисм (темир одам) чиқиб келди, шу пайт девор устига унга ўхшаган яна юзта шундай ҳайкал пайдо бўлди. Барчаси ўз ёйларидаги ўқларни Фарҳодга отиш учун тайёрланиб турарди. Шаҳзода эҳтиёткорлик билан ўқ ва ёйни қўлига олди-да, дарвоза олдидаги ҳайкал кўксида турган ойнага қараб отди.Темир ҳайкал, у билан бирга девор устидаги юзта ўқчи ҳам ерга йиқилди”. Хўш ушбу жумлаларда зикр этилган темир одам, темир ҳайкал ким ўзи? Наҳотки, Навоий тасвирлаган темир ҳайкал –компьютер орқали бошқариладиган робот бўлса?
“Сабъаи Сайёр”да муҳандис Зайди заҳҳоб ихтиро қилган ўзи юрувчи тахт ҳақида гап боради. Бу ғаройиб тахт саккиз пояли бўлиб, тўрттаси юқорироқда, яна тўрттаси пастроқда эди. Пастдаги тўрт пояда тўртта гапирадиган тўти, баланд поялардан эса тўртта товус ўрин олган эди. Дуру лаъллар билан безатилган бу тахтнинг зинаси ҳам саккиз пояли бўлиб, шундай ишланган эдики, шоҳ тахтга чиқмоқчи бўлганида, у поялар пасайиб устма –уст тахланар, қадам босгач, у поялар кўтарилиб, шоҳ қайси томон юрмоқчи бўлса, тахт салгина ишорат билан юра бошларди. Балки буюк Навоий тилга олган бу фантастик ғоялар, орзулар бугунги кунда эскалатор мисолида руёбга чиққандир. Омонилла Мадаев Навоий даҳосидаги бундай фавқулодда кашфиётга навоийшунос Бертельс ҳам эътибор берганини қуйидагича таъкидлайди: ”Бертельс 1948 йилдаёқ ёзган “Навоий” монографиясида “Сабъаи сайёр” достонидаги иккинчи ҳикояда Зайд ҳар тарафга юриши мумкин бўлган тахтнинг (бугунги кунда театрдаги саҳна ҳаракатини эсланг) саккиз зинаси ўз-ўзидан ҳаракатга келиши “Навоий қизиқишларинитехник фантазияни ифодаловчи бу ғаройиб тасвир бизнинг кунда амалга оширилган. Навоий тахти ўзида автомобилни ва эскалаторни бирлаштиради”, – дейди. Ҳақиқатан ҳам, Алишер Навоий асарларини мутолаа қилган ўқувчи буюк ўзбек фарзанди хаёлот оламининг серқирра мўъжизаларга бой эканидан ҳайратга тушади”. (“Жаҳон адабиёти” журнали. 2014 йил, февраль сони. 53-59-б.)
Навоий асарларида “Чин нигорхонаси”, деган иборага дуч келамиз. ”Чин нигорхонаси” Хитойдаги гўзал расмли хона сифатида изоҳланади ва кўз ўнгимизда мафтункор тасвирий санъат кўргазмаси ёки фото галерея гавдаланади.
Профессор Суюма Ғаниеванинг ушбу фикрларига эътибор қаратайлик: ”Ҳазрат Навоийнинг “Садди Искандарий” достонида Буюк Хитой девори қурилиши ҳақида ҳам жуда кўп қизиқарли маълумотлар айтилади. Мен Хитойда бўлганимда ана шу дунёга машҳур обидани ҳам бориб кўрганман, мутахассислар билан суҳбатлашганман. Улар ушбу девор тарихи, унинг таркиби ҳақида жуда қизиқарли фактларни сўзлаб беришди. Ҳайратланарлиси, мен бу маълумотларни анча илгари, Навоийнинг “Садди Искандарий” достонида ўқигандим. Тарихдан маълумки, Ҳазрат Навоий Хитойга бормаганлар. У пайтда ҳозиргидек оммавий ахборот воситалари бўлмаган. Ул зот бу девор ҳақида батафсил маълумотларни қачон, қаердан олдилар экан" .Хўш, бу ҳолатни қандай баҳолаш мумкин? Башоратми, кароматми ёки илоҳий истеъдод? ”Сабаъи Сайёр” достони Ҳазрат Навоийнинг тушида намоён бўлганидек, Буюк Хитой девори тўғрисидаги ноёб маълумотлар балки у зотнинг кўнглида аён бўлгандир?
Алишер Навоий даҳосининг қудрати шундаки, у беш ярим аср олдин бугунги кунда ихтиро қилинган асбобу ускуналарни, кашфиётларни ўз асарларида гўёки ўзи кўргандек, яратгандек, гувоҳ бўлгандек башорат қилади.