Электронная библиотека » Шерхон Кораев » » онлайн чтение - страница 7

Текст книги "Авлиёлар авлиёси"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 21:00


Автор книги: Шерхон Кораев


Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 7 (всего у книги 14 страниц)

Шрифт:
- 100% +

ШОҲЛАР ДАРВЕШИ ЁХУД БОБУР ҚАЛАНДАР ВА НАВОИЙ

Султон назари тушган ноёб болакай

Алишер Навоий бир байтида “Навоий назмининг қуёш лавҳида ёзилиши”да Ҳусайн Бойқаронинг нечоғлиқ катта хизмати бор эканлигига, буни у “шоҳу хурдадон буюрганлигига” урғу беради.

Навоийшуносликда Алишер Навоий таржимаи ҳолида темурий ҳукмдор Абулқосим Бобур Мирзо билан боғлиқ муносабатлар деярли тадқиқ этилмаган. Биз ушбу ҳақда имкон қадар сўз юритишга қарор қилдик. Чунки Навоий ҳаётида ва унинг бетакрор истеъдодининг шаклланишида Абулқосим Бобур Мирзо (1422-1457) ҳам муҳим рол ўйнагани баайни ҳақиқатдир.

Хуросонда Абулқосим Бобур ҳукмдорлиги даври (1449-1457)да Навоийнинг отаси Амир Ғиёсиддин Кичкина подшоҳнинг яқин кишиларидан бири бўлган. ”(Ғиёсиддин Боҳодир) …чиғатой улуси улуғларидан ва султон Абулқосим Бобур баҳодир ҳукмронлиги даврида султоннинг яқин кишиси бўлиб, мамлакатни идора қилиш ва давлатга кафиллик унинг инон –ихтиёрида эди. Бениҳоят фаоллигидан ҳаммавақт ўғлига (Навоийга) фазилат ўргатди, тамом ҳимматини саодатманд фарзандини илм-ҳунар безаклари билан зийнатлаш ҳамда ҳидоят нурлари билан равшан қилишга сарф қилди”. (Давлатшоҳ Самарқандийнинг “Тазкират ушшуаро”сидан) .Султон Абулқосим Бобур ёш Навоийни қадрлар, ундан қўлидан келгунча оталарча ўз марҳаматини аямас, ҳар доим қўллаб– қувватларди. Керак бўлса, илм эгаллаши учун барча шарт-шароитларни яратиб берган эди.

Навоийшунос Муҳаммаджон Маҳмуд “Навоийга янгича қараш” асарида Ғиёсиддин Кичкина Алишерни тарбиялашни Султон Абулқосим Бобур қўлига топширганлигини айтади. ”Маърифатпарвар Ғиёсиддинбек Ҳиротдан узоқ бир ерга ҳоким қилиб тайинлангач, у ўғли Алишерни тарбиялашни шоҳ Абулқосим Бобурдан илтимос қилади. Ҳукмдор унинг илтимосини қабул қилиб, Алишерни ўз фарзандидек тарбиялай бошлайди. Ёш Алишер “Малик ул-калом” Лутфийни бир ғазали билан қандай ҳайратга солган бўлса, Абулқосим Бобурни ҳам ўз шеърлари билан мафтун этади. Орадан маълум бир муддат ўтгач, ҳукмдор Алишерга таълим беришни ўз асрининг алломаси, темурийзодалар мураббийси Сайид Ҳасан Ардашерга топширади. Ардашер фавқулодда катта истеъдод соҳиби, яқинда отаси дунёдан ўтган Алишерни ҳам меҳрибон пиру устоз, ҳам ҳақиқий ота сифатида тарбиясига олади… Навоий Сайид Ҳасан Ардашерга йўллаган маснавий мактубида Абулқосим Бобур ва Сайид Ҳасан Ардашер унга таълим берганлари учун фарзандим, деб мурожаат қилганларини мамнуният билан эслайди”. (М. Маҳмуд. “Навоий ижодига янгича қараш”. Т. “Мерос”. 2015 й. 11-б.) Бироқ Навоийнинг ўзи “Ҳолоти Сайид Ҳасан Ардашер”да ёш Алишернинг болалигидан Бобур Мирзо томонидан таълим бериш учун Ҳасан Ардашерга топширилганини инкор этади. Навоий Ардашер билан Бобур Мирзо вафотидан сўнг учрашиш бахтига муяссар бўлган. ”Салтанат тахти Султон Иброҳим мирзоға қарор тутгандаким, тарих секкиз юз олтмиш (1457-1458 йиллар) эрди, бу фақир (Навоий) алар (Ардашер) суҳбатиға мушарраф бўлдум. Алар тариқ ва равиши бу фақирни андоқ шефта қилдиким, бир кун алар мулозаматиға етмасам эрди, сабру тоқатим қолмас эрди ва алар келиб аҳвол сўрарлар эрди: “Ташвише бўлмамиш бўлғайким, бу кун сендин хабар топа олмадук”. Ва бу фақирни фақр тариқиға далолат ва иршод қилурлар эрди ва назм айтурға тарғиб кўргузурлар эрди”. Кўриниб турибдики, Навоийнинг Ардашер билан “ота –боладек” яқин муносабатлари Бобур ҳаётлигида эмас, аксинча унинг вафотидан кейин бошланган.

Навоий подшоҳнинг тутинган ўғли

Сом мирзо Алишер ёшлик айёмини Бобур Мирзо хизматида ўтказганлиги ва қобилияти жиҳатидан подшоҳга ёқиб, унинг тутинган фарзанди сифатида танилгани ҳақида ёзади. (Ш. Сирожиддинов. “Алишер Навоий. Манбаларнинг қиёсий – типологик, текстологик таҳлили”. Т. “Академнашр”. 2011 й. 298-б.) Фахрий Ҳиротий “Алишер ўн яшарлигида Абулқосим Бобур хизматига кирган”лигини тасдиқлайди. Бинобарин, ўн ёшидан, яъни 1450 ёки 1451 йилларда подшоҳ саройига хизматга киргани Навоий истеъдодини тан олинишининг ифодаси эди. Чунончи, Давлатшоҳ Самарқандий ҳам “Султон Абулқосим Бобур …улуғ амир (Навоий)га таъби (шеъри)нинг мулойимлиги,зийраклиги учун офаринлар ўқир эди, баъзи пайтларда улуғ амир битган туркийча ёки форсийча шеърларни мутолаа қилар ва хайрли дуолари билан қўллабқувватларди…”, – дейди. Албатта, мусулмончиликда ота фарзанди ҳақига хайрли дуолар қилишидан келиб чиқсак, ҳақиқатан Сом Мирзо таъкидлаганидек, Абулқосим Бобур бошқаларга ўхшамаган, фариштасийрат бу йигитни фарзандлари қаторида кўрган ва ундан ўз панд-насиҳатларини, ёрдамини аямаган. Подшоҳ бор –йўғи 36 йил яшаб (отаси Бойсунғур Мирзо ҳам 36 йил умр кўрган), 8 йил ҳукмдорлик қилган бўлсада, аммо ёш Алишер Навоий ҳаёти ва ижодида ўчмас из қолдирди. Негаки, Давлатшоҳ Самарқандий таъбири билан айтганда, Навоий ҳам “мағфиратли подшоҳ (Абулқосим Бобур) замонида унинг ҳашамати ва ҳиммати билан ҳаммавақт фазилат орттиришга интилди, фазл эгаларининг суҳбатини топди, карамли таъби ва ўткир зеҳни шеър айтиш, ўтмиш тарихни ўрганишга қаратилди. Ёшлик пайтидаёқ, икки тил эгаси, туркийда соҳиби фан, форсийда фазл эгаси бўлди”. Мирхонд “Равзат ус-сафо”да бу борада қуйидагиларни ёзади: ”Ул жаноб амир Алишер болалик айёми ҳамда йигитлик ҳангоми аввалида зафарнишон ҳоқон (Абулқосим Бобур) мулозаматидан кун кечирди. Ул ҳазрат Султон Ҳусайн Мирзо Абулқосим Бобур билан ҳамсуҳбат бўлган кезлари амир Алишер ҳам ул олий даражали подшоҳнинг мулозаматини ихтиёр қилди. Мирзо Бобур тангри таолонинг раҳматига етишгандан кейин, ҳоқон Мансур Султон Ҳусайн муқаддас Машҳад шаҳридан Марвга келди. Ул соф кўнгиллик амир шу вилоятда тўхтаб, фазл касб этиш ва илм орттириш билан машғул бўлди”. Алишер Навоий Бобур Мирзо вафот этгач, 1457-1464 йилларда Машҳадда таҳсил олиш билан шуғулланди. Султон Ҳусайн эса қўшин тўплаб, Хуросон тахтини эгаллашга ҳаракат қилди. Тарихчилар Абулқосим Бобур касаллик туфайли бевақт оламдан ўтганлигини таъкидлашган. Аммо Ҳерман Вамберининг “Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи” асарида Бобур Мирзо ичкиликка ружў қўйганлиги туфайли ёш ўлиб кетгани айтиб ўтилган. Подшоҳнинг ислом шариати ва тариқатда мустаҳкам турганини, Нақшбандийлик сулукида бўлганини ҳисобга олсак, унинг ўлимига динда таъқиқланган –ичкилик асосий сабаб эканига ишониш қийин.

Ўн яшар маслаҳатчи ва яқин суҳбатдош

Хондамир “Ҳабиб ус-сияр”да ҳам фавқулодда истеъдодли Алишер Навоий Абулқосим Бобурнинг яқин суҳбатдоши бўлганини қайд этади. ”Мажолис ун-нафоис”нинг еттинчи мажлисидаги Шоҳруҳ Мирзо билан боғлиқ воқеанинг “Бу фақири ҳақир (Навоий) Бобур Султон муборак тилидан мундоқ эшиттимки…” деб бошлангани ҳам Хондамир фикрини тасдиқлаб турибди. Яъни Навоийнинг юксак истеъдод, гўзал ахлоқ ва бетакрор фазилатини қадрлаган подшоҳ уни яқин кишиларидан бири, яъни тутинган ўғли сифатида ўз саройи хизматига жалб қилган. Дарвоқе, Навоий Абулқосим Бобурнинг ўғли Шоҳ Маҳмуддан бор-йўғи беш ёш катта эди. 1457 йилда Бобур Султон вафот этганда, Шоҳ Маҳмуд Машҳадда шоҳ деб эълон қилинганда, Навоий унинг ёнида эди. Шоҳ Маҳмуд Ҳирот сари юришда амакиси Алоуддавла Мирзонинг ўғли Муҳаммад Иброҳимдан енгилади. 1459 йилда эса Қобул ҳукмдори амир Бобога қарши жангда 14 ёшида ҳалок бўлади.

Иккинчидан, Абулқосим Бобур ёш Алишернинг ҳам шеърлари, ҳам суҳбатлари, ҳам маслаҳатларининг шайдоси эди. Бундан ташқари, бу пайтда Навоий Хуросонда машҳур шоир сифатида танилганди. Чун ул авқотда (бу вақтда) фақирнинг (Навоийнинг) назмлари Хуросонда шуҳрат тутуб эрди”. Хуросонда шоирнинг шуҳрат тутишида шеърият ихлосманди Бобурнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Учинчидан, подшоҳ сафарларда Навоийни ўзи билан бирга олиб юрган.

Бойсунғур мирзо ўғлига нисбатан қаттиққўл бўлганми?

Бобур Мирзо таржимаи ҳоли тўғрисида икки оғиз тўхталсак, у 1422 йил Ҳирот шаҳрида дунёга келади.Отаси Бойсунғур Мирзо ибн Шоҳруҳ мирзо ибн Амир Темур, онаси эса Гавҳарнасаб оқа Хоразмийдир. Абдураззоқ Самарқандий “Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн”да 1422 йилнинг 7 июлида Мирзо Абулқосим Бобур Баҳодир ибн Мирзо Бойсунғур таваллуд топганини қуйидагича тасвирлайди: ”Саккиз юз йигирма бешинчи йили ўн еттинчи ражабда шаҳзода Абулқосим Бобур энг яхши бир соатда ва энг қутли бир вақтда йўқлик қоронғулигидан борлиқ оламига келди, унинг ҳумоюн туғилиши нурлари олам сатҳини равшан қилди ва тириклик гулзори унинг туғилиши саодати билан гулшан софлигини касб этди. Мирзо Бойсунғур шоду хуррамлик билан айшу ишрат асбобларини муҳайё қилиб, ҳазрати ҳоқони саид (Шоҳруҳ Мирзо) ва давлат арконларига дабдабали бир тўй берди, бир неча кун эрталабдан шомгача ва шомдан тонггача хосу авомлар хурсандчилик эшикларини очиб, халойиқ қўлларини (рақсга) ташлаб, оёқ тепсиниб, шодлик палосига қадам қўйди”.

Бироқ, Навоий “Муншаот”нинг 55-мактубида Бадиуззамон Мирзога насиҳат қилар экан, ”Ота билан ўғилдан ота билан ўғил ўртасида фарқлар бор. Бойсунғур Мирзо ўғлонларидан Бобур Мирзодек эмас эдингизки, кўп шафқат кўрмаган бўлсангиз,” – дейди. Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, Бойсунғур Мирзо ўғиллари Алоуддавла ва Султон Муҳаммадга қараганда кенжа шаҳзода Бобурга нисбатан қаттиққўл бўлган ёки камроқ меҳрибонлик, ғамхўрлик кўрсатган. Балки бу ҳақда Абулқосим Бобур доимий суҳбатдоши Навоийга ўзи сўзлаб бергандир. Бу бир тахмин, холос. Иккинчи томондан, Бойсунғур Мирзонинг 1433 йилда, яъни Бобур Мирзонинг 11 ёшида вафот этганини ҳисобга олсак, балки Навоий “кўп шафқат кўрмаган” деганда, темурийзоданинг эрта етим қолганини назарда тутган бўлса не ажаб.

1447 йил Шоҳруҳ Мирзо вафотидан сўнг Хуросонда темурийлар ўртасида ўзаро кураш авж олгач, кўпчилик илм аҳли, зиёлилар, беклар, мулкдорлар Ҳиротни ташлаб кетишади. Абулқосим Бобур Мирзо Улуғбек, Абдуллатиф ва Султон Муҳаммадга қарши жанглар олиб бориб, тахтга ўтиргач (Ҳ. Сатторийнинг “Олтин силсила”сида Бобур Мирзо Хуросон тахтини 1451 йилда эгаллагани ёзилади) ва мамлакатда тинчлик ўрнатилгач, кетганлар яна ўз уйларига қайтадилар.Улар орасида Алишер Навоийнинг оиласи ҳам бор эди. Ғиёсиддин Кичкина Ҳиротга қайтгач, подшоҳ хизматига киради ва кўп ўтмай Сабзавор вилояти ҳокими этиб тайинланади. Бу ҳақда Навоий шундай дейди: ”Мулк подшоҳи (Бобур Мирзо) отам (Ғиёсиддин Кичкина)ни ҳукумат расми билан Сабзаворга юбориб эрди”.

Навоийнинг отаси қачон вафот этган?

Навоийшуносликда Алишер Навоийнинг отаси вафот этган сана билан боғлиқ ноаниқликлар мавжуд. ”Мажолис уннафоис”нинг изоҳларида Суюма Ғаниева “Отаси вафотидан сўнг ёш Алишер ҳам подшоҳ саройига хизматга киради. Бу вақтда Ҳусайн Бойқаро ҳам Абулқосим Бобур хизматида эди”, – деб таъкидлайди. Ҳожи Исматуллоҳ Абдуллоҳ ҳам 1452 йили (Навоийнинг) отаси вафот этади. Шу йили Ҳирот тахтига ўтирган Шоҳруҳнинг набираси Абулқосим Бобур Алишер ва унинг мактабдош дўсти Ҳусайнни саройга, ўз тарбиясига олди. 1452 йили ўзи билан Машҳадга олиб кетди”, – деб ёзади. М. Имомназаров эса ”Шоҳруҳнинг набираси Абулқосим Бобур 1452 йилда Ҳирот тахтига ўтиргач, Алишернинг отасини Сабзаворга ҳоким этиб тайинлади. Лекин орадан кўп ўтмай Ғиёсиддин Кичкина дунёдан кўз юмди. Бу пайтда Алишер эндигина 12 ёшга қадам қўйган эди. Абулқосим Бобур Алишер ва унинг мактабдош дўсти Ҳусайнни ўз тарбиясига олди, 1456 йили эса ўзи билан Машҳадга олиб кетди”, – дейди. Аммо навоийшунос Шуҳрат Сирожиддинов Фахрий-Ҳиротий маълумотларига асосланиб, Навоийнинг отаси Абулқосим Бобур вафот этган даврда ҳам тириклигини, Абу Саъид Мирзонинг хизматида бўлганини айтади. ”…Ғиёсиддин Кичкинанинг Абу Саъид даврида тирик эканлиги замонавий навоийшуносликдаги “Навоийнинг отаси шоир ёшлигида (11-12 ёшларда) вафот этган” деган фикрнинг нотўғри эканлигини кўрсатади. Бу эса Навоий ҳаёти талқини бўйича илгари сурилаётган “Абулқосим Бобур вафотидан сўнг Машҳадда қолган Навоий чор-ночор аҳволда кун кечирган” каби қарашларни инкор этади…”. Ҳ. Сатторий, Ҳожи Исматуллоҳ, М. Имомназаров Абулқосим Бобур тахтга ўтирган санада чалкашликка йўл қўйишган. Аслини олганда, “Шарқнинг машҳур сулолалари” китобида келтирилишича, Султон Абулқосим Бобур Хуросон тахтига 1450, 1451 ёки 1452 йилда эмас, балки 1449 йилда келган.

Дунёга қизиқмаган олампаноҳ

Навоий Абулқосим Бобур ҳақида “Мажолис ун-нафоис”да қуйидагича ёзади: Бобур Мирзо дарвешваш ва фонийсифат ва карим ул-аҳлоқ киши эрди. Ҳиммати оллида олтиннинг дағи кумушнинг тош ва туфроқча ҳисоби йўқ эди. Тасаввуф рисолаларидан “Ламаъот” била “Гулшани роз”ға кўп машъуф эрди. Табъи дағи назмга мулойим эрди”. Подшоҳ Абулқосим Бобур форсча ва туркийча шеърлар ҳам ёзган.

 
Неча юзинг кўриб ҳайрон ўлайин,
Илоҳи, мен сенга қурбон ўлайин.
 

Хўш, нега Навоий “Мажолис ун-нафоис”да Ҳусайн Бойқаро сингари Абулқосим Бобурни ҳам дарвешваш яъни дарвешдек ёки дарвештаъб деб атайди? Нажмиддин Комиловнинг “Навоий ҳикматхонаси”да ёзилишича, “Хўш (шоҳлар дарвеши бўлган) султонда дарвешликнинг қайси белгилари мужассам бўлиши керак? Навоийнинг кўрсатишича, булардан бири ҳақни таниш, илмга ташналик, ҳаётда эса хокисор бўлиб, ўзини фақирона тутишдир… Яъни (Шоҳлар дарвешининг) қалби билимлар кони, тахту бахти фалак билан тенг бўлса ҳам, бироқ ўзини афтодаҳол, камтар тутади, манманлик қилмайди, ғурур, такаббурлик, шоҳлик, салтанат ҳавосидан кўтарилиб, ўзини барчадан баланд тутиш унга бегона. Дарвешликнинг яна бир белгиси, ошиқлик, дардли ва огоҳдил бўлиш”. (“Камалак”. Адабий-танқидий йиллик тўплам. Н. Комилов. “Навоий ҳикматхонаси”. Т. 1990 й. 25-26-б.) Дарҳақиқат, гўзал ахлоқ соҳиби Бобур Мирзо тахтда ўтирсада, охиратини ўйлаган, тож кийсада унга маҳлиё бўлмаган, шоҳлик рутбасида дарвешдай ҳалол ва ҳалим, марҳаматли адолатпарвар темурийзода бўлган. Яъни дарвешваш ва фонийсифат подшоҳ дарвешлик маслагина қабул этиб, юртни бошқарса чинакам адолат қарор топа олади. Бундай шоҳдан дунё обод бўладию, аммо ҳукмдорнинг дунё билан иши йўқ, унинг заки, табъу таровати маънавий олам билан банд бўлади, аслида. Аниқроқ қилиб айтганда, шоҳлар дарвеши Абулқосим Бобур камолотга элтувчи тасаввуфга оид асарларни, яъни Фахриддин Ироқийнинг “Ламаъот” (“Шуълалар”) ва Шайх Маҳмуд Шабустарийнинг “Гулшани роз”(“Сирлар олами”) каби маънавий хазина бўлмиш китоблар”ни мутолаа қилиш билан машғул бўлган.

Саройдаги мушоиралар

Хуросон ҳукмдори нафақат тасаввуфга оид китоблар ўқиган, балки “Алишер Навоий” қомусий луғатида “Бобур Қаландар (Дарвеш) номи билан машғул бўлган Абулқосим Бобур атрофига шоирларни тўплаб, мушоиралар ўтказишни хуш кўргани” қайд этилади (“Алишер Навоий”. Қомусий луғат. Биринчи жилд. Т. “Шарқ” НМАК БТ. 2016 й. 120-121-б). Бинобарин, подшоҳ саройида Абулқосим Бобурнинг дарвешвашлиги учунми мушоираларда тасаввуфга йўғрилган шеърлар ўқилган, йиғинлар дарвешона мажлисларни эслатиб турган. Ўз ўрнида таъкидлаш жоизки, Навоий сарой шоири сифатида Абулқосим Бобур ҳузуридаги адабий мажлисларининг фаол қатнашчиларидан бири бўлганлигини, бу йиғинларда шоир томонидан ўқилган шеърлар подшоҳ ва анжуман аҳлининг эътиборини тортганлигини истисно этиб бўлмайди. Сарой адабиёти Бобур Мирзо даврида ҳам бир қадар ривожландики, ўнлаб шоирлар бунинг учун ўз ҳиссаларини қўшдилар. Навоий “Мажолис ун-нафоис”да Бобур Мирзо хизматидаги Мавлоно Сулаймоний бадиҳани равон айтганлигини тасдиқланганлигидан келиб чиқсак, шоир ўзи гувоҳ бўлганидек мажлис қатнашчилари ҳақида фикр-мулоҳазаларини кейинчалик ўз тазкирасига киритади. “Мажолис ун-нафоис”да қайд қилинишича, Мавлоно Муҳаммад Муаммоий Бобур Мирзо сарой хизматчиларидан бири бўлганки, бойлигини сарфлаб, Шерозда Ҳазрат Хожа Ҳофиз қабри бошида гумбаз ясаган ва Абулқосим Бобурни ушбу зиёратгоҳга таклиф қилиб зиёфат ташкил қилган. Навоийнинг ёзишича, “Муаммоий… андин сўнгра ҳам салотин (султонлар) мажлисида мақбул ва махсус эрди” (А. Навоий. “Тўла асарлар тўплами”. Т. Ғ.Ғулом номидаги НМИУ. 2012 й. 319-б.). Вали Қаландар, Ҳофиз Шарбатий ҳамда Мавлоно Муҳаммад Аминлар ҳам Абулқосим Бобур анжуманларининг фаол иштирокчиларидан бўлишган. Навоий “Мажолис ун-нафоис”да Ҳофиз Шарбатий ҳақида ёзар экан, бир воқеани келтиради. Бобур Мирзо хиёбондан Ҳиротнинг муфтиси сархуш Мавлонзодаи Абҳарий билан келаётганда, Ҳофиз Шарбатийга Мавлонзодага қадаҳ тутиб, бир байт ўқишни буюрди. (Таржимаси)

 
Мурувватли ва гуноҳ ишларни ёпиб кетувчи подшоҳ даврида
Ҳофиз соқий бўлдию, муфтий майхўр бўлди.
 

Бобур Мирзо байтни эшитиб, Ҳофизнинг иқтидорига офарин айтди.

Навоий “Мажолис ун-нафоис”даги Вали Қаландарга бағишланган мақолада уни Бобур Мирзо ҳузурида мулозим эканлигини таъкидлаш билан бирга, қорақуюнлилар шаҳзодаси Пири Будоғ Ҳирот шоирларини Шерозга элтганда “ул ҳам борди” дейди. Демак бундай тасдиқдан қорақуюнлилар Ҳиротни эгаллаганда, Пири Будоғ Шерозга шоирларни олиб кетгани маълум бўлади.

Шоир Муҳаммад Амин “Дилбарам” номли ғазалини Бобур Мирзо “тобуғига (ҳузурига) келтурди”. (А. Навоий. “Тўла асарлар тўплами”. Т. Ғ. Ғулом номидаги НМИУ. 2012 й. 321-325-б.) Ёқимли бу шеърни подшоҳ адабий мажлисларда ёддан ўқиган. Ҳақиқатан, Бобур Мирзо ҳомийлигида кўплаб шоиру адиблар шакллангани тарихдан маълум.Мавлоно Тўтий ҳам “Бобур Мирзо мулозаматида тарбия топти” ва саройдаги адабий муҳит ва мажлисларда истеъдодли шоир бўлиб шаклланди. (А. Навоий. “Тўла асарлар тўплами”. Т. Ғ. Ғулом номидаги НМИУ 2012 й. 313-б.) “Мавлоно Волаҳий ошуфта киши эрди”, – деб ёзади Навоий. Волаҳий Бобур Мирзо Машҳад шаҳрига борганида подшоҳга бағишлаб “Ораста” радифли қасида ёзади. Ушбу қасидада "Шоҳ Абулқосим даврида Султон Али Мусо Ризо “шаҳид бўлган” Машҳад жаннатдан ҳам ёқимли бўлгани” қаламга олинади. Мавлоно Қанбарий ҳам ижод шайдоси Бобур Мирзога бағишлаб, қасида яратганини Навоий таъкидлайди. Шунингдек, Абулқосим Бобур саройида шоирлардан ташқари олиму уламолар, фиқҳлар, мунажжимлар, табиблар ва бошқа соҳалар вакиллари хизмат қилишган. Машҳур тарихчи олим Абдураззоқ Самарқандий ҳам Абулқосим Бобур хизматида бўлган ва унинг ҳарбий юришларида ҳамроҳлик қилган. Умуман олганда, ”Мажолис ун-нафоис”да Бобур Мирзо саройидаги мажлис иштирокчилари, шоирлар, давр фозиллари, зиёлилар тўғрисида кенг ёритилганлиги Навоийнинг ушбу мушоираларда мунтазам қатнашганлигини билдиради.Қолаверса, юқоридаги маълумотлар ўз навбатида Бобур Мирзо саройи чинакам илм-маърифат ва маданият маскани бўлганини кўрсатади. Шоислом Шомуҳамедов “Форс – тожик адабиёти классиклари“ китобида Абулқосим Бобур давридаги маънавий ривожланишни ҳамда адабиётнинг гуллаб яшнашини, адабий муҳитни Ҳусайн Бойқаро замони билан бир қаторга қўяди. ”…Абулқосим Бобур эса илмдўст, адабиётчи бўлган, ўз саройига олимлар, шоирлар, санъат арбобларини тўплаб, уларга ҳомийлик қилган… Аввало шуни қайд қилиб ўтиш зарурки, Абулқосим Бобур ва айниқса, Ҳусайн Бойқаро билан Навоийлар давлатида адабиётнинг тараққий топиши учун анча қулай шароит яратилди”. (Ш. Шомуҳамедов. “Форс – тожик адабиёти классиклари”. Т. 1963 й. 168-б.)

Мухтасар қилиб айтганда, Абулқосим Бобурнинг Навоий ҳаётида тутган ўрни устозлари Абдураҳмон Жомий, Сайид Ҳасан Ардашер, Паҳлавон Муҳаммадларникидан кам эмас.

НАВОИЙГА ИХЛОС ҚЎЙГАН ТУРКМАН ҲУКМДОРИ ёҳуд Яъқубхон оққуюнли ва шоирлар султони

Алишер Навоий билан яқин дўстона алоқа ўрнатган туркий ҳукмдорлардан бири Султон Яъқубхон Оққуюнли туркмандир. Шоир ўз асарларида Яъқуб подшоҳ номини чексиз ҳурмат билан тилга олади.

Тарихга назар солсак, оққуюнли(Оқ қўйлилар) туркманлар мамлакати(1378-1508) -14-15 асрларда Курдистонда ҳамда Кавказолди ва Кичик Осиёнинг баъзи минтақаларидаги бирлашган ўғуз(туркман) қабилалари иттифоқи сифатида ташкил топган. Байроғида оқ қучқорнинг расми бўлган Оқ қуюнлилар Византия солномаларида Анатолиянинг шарқига кўчиб келишларидан -1340 йилдан бошлаб эсга олинади. Амир Темур 1402 йили Усмонлилар империясига қарши жангда иттифоқчи сифатида қатнашган оққуюнлилар давлати асосчиси Қора Усмон(1378-1434)га Диёрбакр вилояти (ҳозирги Туркиянинг Дажла дарёси оқими)ни инъом этганди.

Қора Усмоннинг набираси Узун Хасан(1423-1478) акаси Жаҳонгирга қарши урушда ғалаба қозониб, давлатни мустақил бошқара бошлади.1467 йилда эса у Қора қуюнли(қора қўйлилар)лар ҳукмдори Жаҳоншоҳни мағлуб этиб, Оқ қуюнлилар салтанат тузади ва пойтахтни эса Табризга кўчиради. Шимолий Эрон, Озарбайжон ва Ироқ ҳудудини эгаллаган Узун Ҳасан оққуюнли подшоҳлик мақомини эгаллайди. У “Қонуннома” номли қонунлар тўпламини ишлаб чиқади ва қатор ислоҳотлар ўтказади. Бироқ 1473 йилда Узун Ҳасан Тержондаги жангда Усмонлилардан мағлубиятга учраган бўлсада, 1480 йилда унинг ўғли Яъқуб подшоҳ даврида Сулаймонбек бошчилигидаги Оққуюнлилар армиясининг турклар билан муҳорабада қўли баланд келади.

Хасанбекдан сўнг тахтга аввал Халилбек, 1478 йилда эса 14 яшар Яъқуббек ўтирди. Султон Яъқуб Озарбайжон, Ироқ ва Эроннинг бир қатор шаҳарлар эгаллаб, Оққуюнли туркманлар давлати ҳудудига кўплаб мулкларни қўшиб олди. Султон Яъқубхон даврида Оққуюнлилар мулки шарқнинг қудратли давлатлардан бири айланди. 1489 йили Султон Яъқуб даврида маслаҳатчи Сайфиддин Исо томонидан молиявий ислоҳотлар бошланади. Бу ислоҳот авлоддан авлодга мерос суюрғол тизимини ўзгартириб, янгидан ерларни рўйхатга олишни кўзда тутарди. Суюрғолдан айрилиб қолишни истамаган мулкдорлар ислоҳотга кескин норозилик билдиришди. 1490 йили Султон Яъқуб ва укаси Юсуфбек онаси томонидан заҳарлаб ўлдирилади ва ислоҳотлар ҳам тўхтатилади.1508 йилда эса сўнги оққуюнли султон Муродни енгиб, Исмоил Сафавий бу салтанатни чек қўяди.

Тарихдан Султон Яъқубхоннинг шоир бўлгани, гўзал шеърлар ёзгани маълум. Оққуюнли мамлакати ҳукмдори Яъқуб Мирзо бошчилигидаги адабий муҳитда Фахрий Ҳиротийнинг айтишича кўплаб шоирлар ижод қилган. Ана шундан 40 нафари ҳақида Фахрий Ҳиротий маълумот бериб ўтади. Навоий ҳам “Мажолис ун-нафоис”да бундай адабий муҳит ҳақида шундай маълумотларни келтиради: “ (Оққуюнлилар давлати бош вазири) Шайх Нажм – ҳам совалиқдур ва Қози Исоға қаробатдур. Султон Яъқуб қошида андин махсусроқ ва нойиброқ киши йўқ эрди…Фуқаро ва масокиннинг ишига кўп мададкорлиқлар қилди. Андоқки яхши оти атроф ва жавонибқа борди. Бу фақир(Навоий) била дағи ғойибона муҳаббат ва ёрлиқ ва инилиқ қоидасин маръи тутти”…Шунингдек, ”Қози Исо – …Султон Яъқуб уни ул мартабада таъзим ва тарбият қилдиким, ҳеч подшоҳ аҳли алоқадин ҳеч кишини онча тарбият қилганини тарихларда кўрилмайдур…Дерларким, шеърға андоқ машъуфдурким, кунда ўн ғазал, балки кўпроқ ҳам айтур эрмиш…”(Алишер Навоий. Тўла асарлар тўплами. Тўққизинчи жилд. Т. Ғ.Ғулом номидаги НМИУ. 2012. 408-409-б). Албатта Навоий зикр этган Қози Исо Султон Яъқубхонни ҳамиша адолатга ундаган. Қазвиний у адолат билан кўпчиликнинг қалбида ҳурмат иморатини қурган эди”, деб ёзади.

“Мажолис ун-нафоис”да Навоий Дарвеш Деҳакий ҳақида ёзар экан, “…Филвоқеъ фақир(Навоий)нинг шеърга шуурум бор ул тарафдан(Оққўюнлилар юртидан) анинг абётидин яхшироқ назм келмади” дейди. Муҳаммад Қазвиний Деҳакий ҳақида қуйидагиларни қайд этади: “…Султон Яъқубхон Дарвеш Деҳакийни ҳузурига чорлаганда у бир байтни ўқибди. Унинг биринчи мисраси маъноси шундай экан, “Агар унинг ўқи олдимга йўналса, орқамга қалқон тутаман”. Буни эшитган шоҳ таажжуб қилиб, ўқдан сақланиш учун орқага қалқон тутиш нимаси? – деганда, шоир: “Сабр қилинг, иккинчи мисрани эшитинг” дебди: “Токи унинг ўқи – новакининг чиқиб кетиш йўли бекилсин”. Шоҳ шунда лол қолиб, шоирга “Нимаки тилагинг бўлса айтгил, бош устига бажараман”, дебди. Шоир “Дўстга дўстдан яхшироқ нарса йўқ”, дея жавоб берибди. Шоҳ яна фикрини қайтарганда, шоир: “Боғларимдан олинаётган хирождан озод қилсангиз”, дебди. Шоҳ буни бажарибди.

Шунингдек, Яъқуб подшоҳ саройига Хуросонлик шоирлар ҳам бориб туришган. Жомий ҳаж сафаридан қайтишда Табризда Оққуюнлилар султони билан мулоқотда бўлганлиги, “Саломон ва Абсол” достони Султон Яъқубга бағишланганлиги тарихдан маълум. Камолиддин Ҳусайн Ироққа борганида Яъқуб мирзо уни ҳурмат билан кутиб олиб, Биёбонг деган ҳар йили юз минг олтинга яқин даромад келтирадиган жойни суюрғол қилиб беради. Лекин бу оддий ва содда, дарвештабиат киши инъомни қабул этмай, юртига қайтади. “Бобурнома”да шоир Биноийнинг Оққуюнлилар салтанатига яъни Яъқуббек саройига 1487 йилда борганлиги зикр этилади:” …Ироқ ва Озарбайжонга Яъқуббек қошиға борди. Яъқуббек қошида ёмон эмас эди, ҳарифи мажлис(улфат) бўлиб эди. Яъқуббек ўлгандан сўнг ул вилоятларда турмай Ҳири(Ҳирот)га қайтди”. Бундай маълумотлар Яъқуб Мирзонинг бир томонидан ижод аҳлини ҳар томонлама қўллаб қувватлатлаганини, қадрлаганини, иккинчи томондан шеъриятни чуқур тушунганини кўрсатади.

Навоийнинг шеърлари ўз даврида Оққуюнли салтанатида жуда машҳур эди. Бу давлатнинг Табриздек ва Шероздек кўплаб шаҳарларида шоирлар султонининг ғазаллари кенг тарқалганди. Навоийнинг ўз таъбири билан айтганда:

 
Олибмен тахти фармонимга осон,
Черик чекмай Хитодин то Хуросон.
Хуросон демаким, Шерозу Табрез,
Ки, қилмишдур найи қилким шакаррез.
 

Ҳатто Навоийнинг Оққуюнли мамлакатидаги мухлислари томонидан 1471 йилда (хаттот Абдураҳим Хоразмий) шоирнинг девонини тузилган: “…аммо халойиқ аросида минг байт – икки минг байт ортуғроқ, ўксакракким ўзлари жамъ қилиб эрдилар, бағоят машҳур бўлиб эрди”( Алишер Навоий.Асарлар. 15 томлик. Тўртинчи том. “Бедоеъул – бедоя” дебочаси. Т: ”Бадиий адабиёт нашриёти”. 1965 й. 469-б). Ҳақиқатан мазкур ҳудудларда Навоийнинг шеърларини шоҳ ҳам, гадо ҳам бирдек севиб мутолаа қилган. Буни Хондамир ҳам тасдиқлайди: ”Ҳеч қандай такаллуфсиз ва лофсиз айтиш мумкинки, бир оз вақт ичида юксак санъаткорлик билан яратилган, жозибали байтлар, гўзаллик ва усталик билан безалган тизмалар зийнатининг шуҳрати шундай даражада етдиким, улуғ мартабали юқори илмпарвар султонлар дунёнинг узоқ шаҳарларида сўз устолари бўлган махсус элчиларни Ҳиротга юбориб, Амир(Навоий) ҳазратларининг балоғатли сўзларин куллиёти( тўплами)ни олиб кетишни излайдилар. Араб ва Ажам мамлакатларининг атрофидаги гўшанишин дарвешлар ҳам олий ҳазратнинг шавқли шеърларининг ҳавасидан умрларини ўткариб, уни жуда кўп ҳаракатлар қилиб излаш учун югурадилар. Шу жиҳатдан Хитой ва Хўтан мамлакатларининг юқори ҳудудларидан бошлаб то Рум ва Ғарб мамлакатларининг қуйи чегараларигача шоҳ ва гадо, ёш ва қари, мусулмон ва кофирлар оғзида Олий ҳазратнинг гўзал тизмалари ўқилатурғон бўлди; бутун миллатларнинг, барча халқларнинг ҳукумат доирасида бўлган ҳамма кишиларнинг кўнгил саҳифаларида ва дилларининг лавҳаларида муборак нақш бўлиб ўзлаштирилди”.

Болалигидан шоирлар султонининг шеърларини ўқиб, улғайган Оққуюнлилар ҳукмдори Султон Яъқубхон доимо Навоийга мактуб йўллаб, унга янги асарларини юборишни сўраган. Навоий “Хамсатул мутахаййирин”да бу ҳақда шундай ёзади: ”Бир қатла фақир(Навоий) аларнинг(Жомий) қадимий девонин Мавлоно Абдусамадғаким, замоннинг хушнависларидиндур ва хуш табъ ҳам бор, буйуриб эрдим ва улча мақдур такаллуфлар қилилиб эрди. Ва девон тугагандин сўнгра алар хизматиға элтиб, муқобала истидъоси қилилди. Алар айттиларким:” Бир икки кун мунда турдик. Биз миқдоре мулоҳаза қилали. Котибин хуштабъ киши дерлар. Шоядки, эҳтиёт қилиб эркинким, муқобала қилурға эҳтиёж бўлмағай”.

Аммо Жомий кўриб чиққач, котибнинг хатоси сабабли китобда айрим нуқсонлар кўзга ташланади: “баъзи ерда бирор – иккирор, балки ортиқ абъёт тарк қилибтур”.

Навоий устозига ушбу девон “муборак қаламингиз билан ислоҳ топса, мужиби мубоҳат ва зебу зийнат бўлур” дейди.

Гап шундаки, ана шу вақтда Султон Яъқубхон Навоийдан гўзал асарлар юборишни сўраб элчи жўнатган эди: ”Султон Яъқуб фақирдин китоб тилаганда андин нафисроқ китобим йўқ эрдиким, ҳар мисраида ул ҳазратнинг муборак қалами кириб эрди ва аларнинг –ўқ қудсий осор анфоси эрди – йибордим ва бу битилган кайфиятни шарҳ била битидим. Ўқиб, хушвақтлиғлар қилиб, қитъани ёд тутиб, мактубда миннатдорлик изҳор қилиб эрдилар”.

Навоий “Мажолис ун-нафоис”да Султон Яъқуб ҳақида алоҳида тўхталади. Туркман султонлари ичида “анингдек писандида зотлиғ ва ҳамида сифатлиғ йигит оз бўлғай”. “Дарвешсифат ва фонийваш” Султон Яъқуб “Дастур ул – вузаро”да Астрабодга Навоий ҳоким этиб тайинлангач(1487 й), “бир неча бор ул жаноб(Навоий) ҳузурига фахрли чопонлар ҳамда мўл –кўл тансуқ моллар билан сўзамол, ишончли кишиларни юборган ва илтифотли фармонлар ҳамда марҳаматли ёрлиқлар йўллаб, камоли муҳаббат ва дўстлик туйғуларини изҳор қилдилар”. Навоий Астрабодга ҳоким этиб тайинланишининг сабаби Умид Бекмуҳаммаднинг ёзишича, вилоят яқинидаги туркманлар ҳукмдори амир Яъқуб билан Бойқаро ўртасидаги жузъий зиддиятлар кўзга ташлана бошлаганидир. Навоий Астрабодга ҳоким этиб тайинлангач, оққуюнли туркманлар билан муносабатлар изга тушади. Яъни Навоийга ихлоси баланд туркманлар сардори Яъқуббек ўз вакилларини Ҳиротга эмас, Астрабодга –Навоий ҳузурига йўллаб, ўзининг юксак эхтиромини изҳор этади.

Султон Яъқуб Навоий ҳузурига тез-тез ўз элчиларини юбориб турганки, Ҳиротдан келганлардан эса шоирлар султонининг соғлиғи билан қизиққан, унинг юборган совғалари – янги китобларини қабул қилиб олган. ”Равзат ус –сафо”да ёзилишича,”Хожа Афзалуддин Муҳаммад бир неча ой Астрабод вилоятида, амир Алишернинг инояти соясида, осудалик билан кун кечиргандан кейин, унинг тарафидан содир бўлган жиноятлардан ҳоқони Мансур(Ҳусан Бойқаро)ни хабардор қилган хожа Маждуддин Муҳаммад уни талаб қилиб Астрабодга фармонлар юборди. Хожа Афзалуддин Муҳаммад агар олий тахт поясига боргундай бўлса, ҳоқону Мансурнинг хожа Маждуддин чопонининг этаги билан алангаланган ғазаб ўтида ҳаёт хирмони ёниб кетиши мумкинлигини билди. Ноилож мулоҳаза ва андиша қилиб кўриб, амир Алишернинг маслаҳати билан, Ироқ ва Озарбайжон тарафга қараб жўнади. Бир неча манзилни босиб ўтиб, Яъқуб мирзонинг шарофатли мулозаматига мушарраф бўлиб, унинг чексиз инъомидан баҳраманд бўлди. Сўнг Ҳижоз карвонига қўшилиб, унинг ёрдами билан ҳаж қилиш ва пайғамбар(С.А.В)нинг… равшан равзасини зиёрат қилиш шарафига муяссар бўлди, сўнг муродига етиб, Ироқ ва Озарбайжонга қайтди”. Навоий бу ҳақда “Мажолис ун-нафоис”да шундай дейди:”…Аммо ул сафарда Макка зиёратиға мушарраф бўлди. Балки мирҳожлиқ мансаби анга муфавваз бўлди. Ҳар неча ул мамолик салотини( бизнингча бу Яъқуб султон ҳам бўлиши мумкин-муаллиф) мулозамат таклифи қилдилар, қабул қилмади, дебтурким: “Агар қуллуқ қилсам, ўз подшоҳимға қилурмен йўқ эрса йўқ”. Шуни таъкидлаш лозимки, Навоийнинг таклифи билан Султон Яъқуб ҳузурига борган Хожа Афзал албатта шоирлар султонининг мактубию янги асарларини олиб борган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Навоий ва Яъқуб мирзо ўртасида шу даражада яқин дўстлик ва биродарлик, пиру муридлик алоқалари шаклланган эдики, султон умрининг охирига қадар бу муносабатлар давом этди. Аммо бу ҳудудларда истиқомат қилган халқлар шоирни ўзининг ижодкори сифатида қабул қилиб, шеърларини севиб мутолаа этдилар.

Мухтасар айтганда, Оққуюнли салтанати ҳукмдорлари, давлат арбоблари ва шоирларининг Навоий билан бўлган ёзишмаларию муносабатларини ўрганиш навоийшуносликни янги маълумотлар бойишига хизмат қилади.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации