Электронная библиотека » Шерхон Кораев » » онлайн чтение - страница 13

Текст книги "Авлиёлар авлиёси"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 21:00


Автор книги: Шерхон Кораев


Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 13 (всего у книги 14 страниц)

Шрифт:
- 100% +

НАВОИЙ ШАХМАТ ЎЙНАГАНМИ?

“Авлиёлар авлиёси” Алишер Навоий серқирра истеъдод соҳиби бўлганлиги барчамизга маълум. Улуғ Амир Алишер Навоий шеърларга куй басталагани, шунингдек мусиқий асбобларни чалгани ҳақида кўп эшитганмиз. Бундан ташқари буюк бобокалонимиз шахматни ҳам маҳорат билан ўйнагани тўғрисида замондошлари ёзиб қолдирган. Шунингдек, шоирнинг асарларида келтирилган шахматга оид мисоллар Навоийнинг маҳоратли шатранж устаси бўлганидан далолат беради. Масалан, Навоий “Ҳайрат ул-аброр”да ёзади: ”Шахмат тахтасига доналарни тўккан одам бир неча ёғоч парчаларини уяди. Биров икки томонга у доналарни икки қатордан қилиб терса, у чиройли кўринади. Шахматнинг икки томонидаги икки қатор худди икки мисра шеърга, тўрт қатор эса шеърнинг икки матлаига ўхшаб кетади. Бундаги ҳар дона ажойиб муаммо бўлиб, уларнинг зимнида отлар ҳам пайдо бўлади. Одам қанча тўғри фикр қилмасин, бунда озгина паришонликка йўл қўйса, отнинг юриши туфайли мот бўлиб қолиши мумкин”, – дейди мутафаккир.

Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Навоий яшаган даврда Ҳиротда спортнинг кураш ва шахмат турлари равнақ топган эди. Ҳусайн Бойқаро ва Навоий мажлисларида шахмат ўйинлари ҳам ўтказилган. Алишер Навоий “Мажолис ун – нафоис “да ёзишича, Мир Муртоз деган шатранжбоз “ақл пешловчи “ бу ўйинга шу даражада ўч эдики, бир рақиби билан ўйнаганда, иккинчиси кетиб қолмасин деб, унинг этагидан тутиб ўтирар экан. ”Шатранжға андоғ мағлубдирким, бир ҳариф илгига тушса, халос бўла олмас. Бу жиҳатдан ҳарифлар андин қочарлар”.

Улуғ Амирнинг ўзи ҳам шахматни биноийдек ўйнай олган. Мутафаккир замондошлари буюк бобомиз шоир ва таржимон Камолиддин Биноий билан кўп маротаба шахмат ўйнаганини ёзиб қолдиришган. Албатта, бизга номаълум бўлсада, мутафаккирнинг бошқа рақиблари ҳам бўлган. У шахматни чакки ўйнамаган. Ғиёсиддин Хондамирнинг “Макорим ул – ахлоқ” асарида ёзилишича, бир куни мақталган хислатлар соҳиби бўлган бу Амир (Навоий) ақлни пешлаш мақсадида Мавлоно Фасиҳиддин Соҳиб билан шахмат ўйнаб ўтирардилар. Шу пайт тўсатдан нақибларнинг пушти паноҳи бўлган жаноби Амир Бурҳониддин Атоуллоҳ шу жойга кириб келдилар.Ул ҳазрат иззат – икром ва ҳурмат – эҳтиром бажо келтирдилар. Бироқ кенг феълли Амир (Навоий) Амир Бурҳониддин Атоуллоҳ саволларига жавоб бермасдан, икки ўртада бошланган шахмат ўйинини ўйнашни давом этдилар. Шундай қилиб шахмат ўйини тугагачгина, Навоий нақибларнинг пушти паноҳи сўзларига қулоқ солди. Балки бутун фикру зикрини шахматга қаратган Алишер Навоий чалғишдан ёки хато қилишдан чўчигандир.

Ваҳоланки, шахмат Навоий ҳаёти ва ижодида алоҳида ўрин тутганини айтиш лозим. Бу шоирнинг шахмат билан боғлиқ фалсафасида яққол намоён бўлади.

 
Икки шатранж ўйноғучи устод,
Арсаи шатранжға айлаб кушод.
Икки жонибдин бўлиб оромгир,
Туттилар ўртада шатранжи кабир.
Ҳар тарафдин бир шаҳ бўлди ошкор,
Борча ойину сипоҳи шоҳвор…
 

Носир Муҳаммаднинг ёзишича, улуғ бобомиз “Лисон ут – тайр”даги ушбу ҳикоят давомида шахмат ўйинини ҳақиқий жангга қиёслайди. Гўёки икки рақиб шоҳ ўзининг сипоҳи пиёдаларини ҳаёт – мамот жангига ташлайди. Сафларда фил, жирафа, руҳ ва айиқлар бор. Уларнинг олдида эса пиёдалар жой олган. Бу уруш анча давом этади. Жангнинг барча тартиб қоидаларига риоя қилинади… Лашкарбошининг ўғли ( пиёда) олдин урушга киради, жанг майдонининг четига етгач, отасининг ўринбосарига айланади (сипоҳ бўлади). Аммо шу пайт шахматчи ўйинни тўхтатишга қарор қилади. Тахтанинг бир чеккаси кўтарилгач, жангу жадалдан асар қолмайди. Муҳралар халтага солингач, шоҳу пиёда аралашиб кетади. Шоҳ қуйига, пиёда эса юқорига чиқиб олади. Ҳазрат Навоийнинг фикрича, шахмат ҳаётнинг бир тимсоли. Яъни ўзаро гина – кудрат, уруш, душманлик, иғво, ҳасрат бир кун келиб барҳам топади. Манманликдан, зўравонликдан, кибру – ҳаводан маъно йўқ. Ҳаётда ҳеч ким устун бўлолмайди. Давлатманд ҳам, оддий одам ҳам бир кун келиб вафот этади. Шундай экан, улуғ бобомиз бундан хулоса чиқаришга, ўткинчи ҳаётнинг ҳар бир онида эзгулик қилишга ундайди.” Навоий ёмон бўлса, сен яхши бўл!” – дейди мутафаккир.

 
Чун харита ичра боғланди бори,
Шаҳ қуйидур ё пиёда юқори.
Ул ҳам истиғнодин осори дурур,
Балки ондин бир намудори дурур.
Бас бу тимсиле сари наззора қил,
Асли истиғнони юз минг мунча бил.
Чун бу маъни сори бўлдинг руҳшунос,
Барча ишни айлагил мундин қиёс.
 

Навоий ҳақ. Шахмат ўйини ҳам ақлли инсон учун сабоқ мактаби. Шунинг учун бирни кўриб фикр, бирни кўриб эса шукур қилиш айни муддао. Алишер Навоий ёзганидек, “ўз вужудингга тафаккур айлагил, ҳар не истарсен, ўзингдан истагил”. Яъни камолотга интилиш ҳам ёки тубанликка қулаш ҳам инсоннинг ўз қўлида. Шунинг учун фурсат борида яхшилардан бўлишга интилайлик.

 
Ҳар киши комил эрур, бас анга ҳақ бандалиғи,
Мундин ўзга тамаи касби камол айламангиз…
Олами фоний учун ранжу машаққат чекмангиз,
Мол учун ғам емангиз, фикри манол айламангиз.
 

НАВОИЙНИНГ СЎНГГИ КУНИ

“Муншаот”нинг сўнгги мактубида Навоий “хаста баданга ўлим заъфарон тусли пардалар туширгани ва ёш олтмишга етганда ажал ўқи белги бергани”ни сўзлайди. Яъни узоқ вақт давом этиб келаётган заъфарон тусли касаллик оқибатида хаста баданда ўлим белгиси бўлган сарғайиш пайдо бўлди. Демак Ҳазрат, Навоий олтмиш ёшда маълум касаллик сабабли қазо қилишини олдиндан билган.Улуғ авлиёнинг узоқ давом этган касаллиги асарларида қайд этилади. Бироқ ”Ҳайрат ул-аброр”да (1482 йилда) зикр қилинишича, ”…Заифлик уйида дард билан ҳамнафасман… Табиий касаллигимнинг ўзи ҳам бир сари, улар билан муомала қилиш ҳам бир сари бўлиб, куни билан томоғим қуригани қуриган. Кечаси эса уйқум қочиб, фароғатсизман. Кундузи бўлса яна аҳвол шу, кеч кирди дегунча яна ўша ҳол”. Албатта, бундан шоирнинг бетоб ва касал бўлганидан, бу ҳол узоқ давом этгани англашилади. ”Хазойин ул –маоний”нинг дебочасида буни Навоий шундай ёзади: “…Бу бандаға ёш улғайган чоғида заъфе (касаллик) юзланди. Ва ул заъф риштаси риштадек заъфлик пайкаримга андоқ чирмондики, ул қуёш замирға (Ҳусайн Бойқарога) равшандур. Ҳоло мизожим истиқоматдин мунҳариф ва баданимда неча мараз мухталифдур. Ва атиббо (табиблар) иложидин ожиз ва маъзул ва аҳиббо (дўстлар) мизожимдин мутаажжиб ва малул, димоғим паришонлиғидин сўзим номарбут (бир –бирига боғланмаган) ва хаёл ошуфталиғидин ҳолим номазбут, бағрим қизиғонидин жисмимда ҳумой лозим ва кўнглим озғонидин бошим айлонмоғи ва кўзим қарормоғи дойим киши қўлдамайин еридин қўпарида кўп озор бўлғаю асо мадади бўлмағунча ердин қадам кўтармаги душвор… Бу озурдалиғдин яна бир кеча – кундуз тебрана олмай, андоқки бир йиллик бемор иссиғи нафасларидин ҳаётининг гули пажмурдаю нафасининг оғир кирар – чиқаридин заиф тани озурда”. Дарҳақиқат, шоирнинг сўзларидан кўриниб турибдики, касаллик Навоий саломатлигига жиддий путур етказган.

 
Не жисмида тобу не танида қувват,
Не кўнглида хушлуқ, не ўзида сиҳҳат.
Мундоқ кишининг муносибидур узлат,
Вайронасидин чиқмоқ анга не нисбат.
 

Алишер Навоий мадори қуриб бораётгани, белдан куч – қуввати кетаётганини айтар экан, икки киши ёрдамида отга миниб – тушишини ва ҳасса ёрдамида юраётганини баён этади. ”Муншаот”нинг 23 – мактубида Навоийнинг бетоблиги тўғрисида сўз шундай боради: “Бу банданинг бетоблиги туфайли қувватсизлиги ва овозининг бўғилиб қолиши шу даражага етган эдики, табиблар уни аниқлашда ва ҳакимлар уни даволашда чорасиз эдилар. ”Сафар қилинг,саломат бўласиз”, деган сўзларга амал қилиб, ҳазрати Имом равзасигача (Машҳад шаҳри) келинди”. Кўриниб турибдики, шоирлар султони дардига шифо топиш учун зиёратгоҳга келган. Бу эса ҳозирги вақтда дардманд одамларнинг улуғ авлиёлар мақбараларининг зиёратига отланиб, касалликдан фориғ бўлишга интилиши Навоий даврида ҳам одат эканлигини кўрсатади. ”Муншаот”нинг 44 – мактубида ҳам касаллик тўғрисида сўз юритилади.

”…Баданга хасталик ёпишди. Муборак дийдорингизга мушарраф бўлиб, қазо ҳам етса бу китобларнинг бариси сизнинг назоратингизда бўлса дегандим. Ўзимда бунга қувват топмадим…” Албатта, Ҳазрат Навоий касаллиги жиддийлигидан, шу сабабдан вафот этса, бир умр кўнгил берган китоблари тақдиридан хавотирга тушмоқда. 47 – мактубда, яъни Ҳусайн Бойқарога йўллаган хатда эса “жисмига мадор ва касалига сиҳҳат етиша бошлаган”ини ёзади. Балки подшоҳ хавотир олмасин деб, Навоий бу сўзлар билан дўстини тинчлантиргандир. Навоий “Соқийнома”да ҳам касал бўлиб ётиб қолганини, табиблар уни даволай олмаётганликларини қайд этади.

 
Кечибон боштин-аёғдин туштум,
Ўлгали заъф ичида ёвуштум.
Дарди ранжим ҳадду ғоятдин кўп,
Маразим(касалим) бўлди наҳоятдин кўп.
Танда юз дарду суубат кўрдум,
Жонда юз онча уқубат кўрдум.
То ишим ўлмак ила тутти қарор,
Бўлди бошимдин атиббо (табиблар)ға фирор.
 

Хўш, Навоий қандай касалга чалинган эди? Навоийшунос Носир Муҳаммад бу касалнинг номи сариқ касаллиги дейди. Навоийнинг сариқ касаллиги билан оғриганини адабиётшунос олим Натан Маллаев ҳам “Навоий ижодиётининг халқчил негизи” китобида қайд этиб ўтган. “Дарҳақиқат, Навоий асарларида кўпгина ўринларда учрайдиган сариқ юзлилик, заъфаронлик ҳақидаги сўзлар фақат шеърий ташбеҳ сифатида, кўчма маънода қўлланилмаганлиги аниқ. ”Сориғ оғриғ бўлдум…” деб бошланувчи юқорида келтирилган ғазал ва “Фавойид ул – кибар” девонидаги кўплаб мисоллар шоирнинг шундай касаллик билан оғриганини тасдиқлайди.

…Бугунги тиббиётдан бизга маълумки, сариқ касаллиги – гепатит ўз вақтида даволанмаса, жигарда ёмон асорат қолдиради. Кейинчалик у циррозга, яъни жигар қуришига айланиши мумкин. Шоирнинг ўлимини тезлаштирган, ҳорғин вужудини аста – секин емириб борган дард ҳам сариқ касаллигининг асоратлари бўлганлиги эҳтимолдан узоқ эмас” (Носир Муҳаммад “Анқони маҳрам қилдингиз”. Навоийнома. Т. “Маънавият”. 2004 й. 25-30-б).

Алишер Навоий Султон Ҳусайн Астробод юришидан қайтаётганда, дўстини кутиб олиш учун Кўсаба қасабаси томон йўл олди. Хондамирнинг ҳикоя қилишича, ул Ҳазрат ўша кеча шу ерда (Париён работи) тунадилар. Чоршанба куни эрталаб бирор-бир аниқ сабабсиз турли кишилар томонидан у работнинг эшик ва деворларига ёзиб кетилган байтларни ўқиш учун унинг шифтли айвонларидан бирига кирганларида ул Ҳазратнинг муборак кўзлари биринчи бўлиб қуйидаги қитъага тушди.

Бу пайтда барча табиблар ожиз қоладилар,

Одам Тангри қазосига қарши нима ҳам қила оларди?

Дарахтнинг томир шохлари танадаги ҳаракатдан узилганда, Афлотуннинг оёғи ожизлик лойига ботиб кетди.

Соғлиқ ёмонлашиш томон юз бурганда Абу Алининг қўлидаги “Қонун” ҳам ёрдам беролмади.

Ул Ҳазрат бу байтларни ўқиганларидан кейин ачиниш ва қайғуриш ҳисси билан Худо кўнгилларига солган нарсаларни сўзловчи тиллари билан дедилар: ”Ҳа, тўғри, ҳар бир киши бир куни у дунёга равона бўлади. Яратгувчининг тириклик ва ўлим борасида белгилаган тақдирини ҳеч ким ўзгартира олмайди”, – дедилар. Яъни “Қуръони Карим”нинг “Оли имрон” сураси 185 – оятида марҳамат қилинганидек, ”Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир”.

Бу ўз навбатида Навоийнинг тақдирида яқин кунларда юз берадиган воқеаларнинг олдиндан башорати эди. Чунки Навоий Султон Ҳусайн билан кўришиш пайтида танасидан қувват кетганидан, юришга мажоли қолмасдан, икки кишини қўлтиғлаб қолганида, касаллик зўрайиб фалажга айланиб, ҳаракатдан ва тилдан қолганида, Мавлоно Низомиддин Абдулҳай ва Мавлоно Шамсиддин Муҳаммад Гилонийдек тажрибали, манаман деган табибларнинг қўлидан ҳам ҳеч нарса келмайди. Гарчанд табиблар Навоийнинг томиридан қон олиб, даволашга ҳаракат қилишсада, муолажа қилишга қанчалик уринишмасин, катта куч – ғайрат сарфлаб, дори ва шарбатлар беришмасин, касаллик зўрайиб борди. Бобур “Бобурнома”да табиблар Навоийнинг касалининг нима эканини аниқлай олмаганликларини ёзади: “ Султон Ҳусайн мирзо Астробод черикидан ёнғонда( қайтганда) истиқболға келди, мирзо била кўришуб қўпқунча, бир ҳолате бўлди, қўполмади( туролмади), кўтариб элтдилар. Табиблар асло ташхис қила олмадилар…Бир байти ҳасби ҳол воқе бўлубтур:

 
Бу дард илаки ўлармен, мараз чу зоҳир эмас,
Табиблар бу балоға не чора қилғойлар.”
 

Албатта, касаллик бу бир сабаб. Ҳар бир кишининг ажали етганда унга ҳеч ким қаршилик кўрсатолмайди. 1501 йилнинг 3 январида буюк Навоийнинг жони узилди.

Умид Бекмуҳаммад “Подшоҳни кутиб олиш пайтида ҳушидан кетган Навоийдан дарҳол қон олинганда, унинг жонини сақлаб қолиш мумкин эди, – деб ёзади. – Ҳусайн Бойқаро дўстини тахтиравонига ётқизиб, Хожа Абдуллога беморнинг ҳолидан хабардор бўлиб туришни топширди. Навоийнинг ташқи кўриниши ва томир уришида сакта аломатлари кўриниб қолганди. Сакта – инсульт, ёки бошқача айтганда, мияга қон қуйилиши эди. Бунинг давоси эса қон олиш бўлган”. Хондамир “Ҳабиб ус-сияр”да бу ҳақда шундай дейди: Султон ҳазратларининг яқин дўсти олампаноҳ подшоҳ билан қучоқлашиб кўришмоқ учун отдан тушди, лекин юришга қуввати келмагандан, бир тарафдан хожа Абдуллонинг, иккинчи томондан Жалолуддин Қосимнинг елкасига суяниб, бир иложини қилиб миҳофа (султон тахтиравони)га етиб олди ва унинг (султоннинг) файзли қўлларини ўпа бошлаганда, заифлик кучайиб, ерга ўтириб қолди. Саодатманд ҳоқон соф кўнгилли Амирни меҳрибонлик ва дилжўйлик билан қанчалик хитоб қилмасин, асло жавоб бермади. Бу ҳол ҳоқоннинг паришонхотир бўлишига сабаб бўлди ва уни ўзининг миҳофасига ётқиздириб, ўша кечанинг ўзидаёқ шаҳарга етказишни буюрди. Шу пайт султон ҳазратлари яқин дўстининг нафас олиши ва башарасида сакта касалининг аломатлари пайдо бўлди.Тиб илмидан воқиф бўлган кишиларнинг барчаси ундан қон олиш зарурлиги, натижада тузалиб кетишини айтдилар. Аммо табобатда моҳир мавлоно Абдулҳай Туний бунга қарши чиқди, "Хато содир бўлмасин учун Ҳиротга боргач, табиблар йиғилишида бунга илож топмоқ керак". Табиблар бир тўхтамга келиб, қон олишга рухсат олиш учун султонга чопар юборишади. Чопар ижозат олиб қайтгунча, томир топилгунча фурсат бой берилган эди. Томирдан қон чиқмади ва аммо дард зўрайиб борди. Яъни қон вақтида олинмагандан сўнг даволашдан натижа чиқмади. Навоий мияга қон қуйилишидан вафот этди.

“КИТОБДАН БОШҚАСИГА КЎНГИЛ БЕРИЛМАГАН ЭДИ”

“Китоб – бу шифо”

Китоб инсон руҳий оламига шифодир. Аллоҳнинг муборак китоби -“Қуръони Карим” барча дардларга даволиги бежиз эмас. Навоий “Назм ал-жавоҳир”да Қуръон ўқишнинг фойдаси ҳақида шундай ёзади:

 
Қуръонки эрур муждаи жоний ўқумоқ,
Йўқ-йўқки, ҳаёти жовидоний ўқумоқ,
Бил, кўнгилга истасанг шифони ўқумоқ,
Ким келди кўнгил шифоси они ўқумоқ.
 

Навоий мазкур сатрларни ёзганда, Исро сурасининг Қуръон мўминлар учун шифо экани тўғрисидаги 82-оятининг (“(Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган(оят)ларни нозил қилурмиз”) мазмунига асосланганини кўрамиз.

Алишер Навоийни оласизми, Бобораҳим Машраб ёки Ҳувайдонинг китоблари бўладими, ўқиган сари руҳингиз енгил тин олади, кўнгилингиз эса таскин топади. Иброҳим Ҳаққулнинг ёзишича,”Навоий шоҳнинг ҳам, гадонинг ҳам, ошиқнинг ҳам, орифнинг ҳам, ҳамма –ҳамманинг шоири. Навоий шеъриятида ким нимани ахтарса, ўшани топади. Фикран ва руҳан ким нимани ахтарса, шуни топади. Фикран ва руҳан ким нимага талабгор бўлса, унда барчаси мавжуд. Ҳатто золим ва жоҳил, нодон ва гумроҳ ҳам Навоий шеърларидан шифо топади”. Албатта, навоийшунос олим ҳақ. Навоий инсон руҳий – маънавий оламини даволаб, қалбини туғёнга келтиради. Буни ҳазратнинг замондоши Абдураҳмон Жомий ҳам тасдиқлайди.

 
Дўстлик боғидаги махсус хушкалом,
Вафо шоҳидадир Навоий мудом.
Гўзал сўзлар билан наво айлагай,
Озурда дилларни даво айлагай.
 

Ёки “Жаҳон адабиёти” журналини варақлаб, яхши бир таржима романни ўқисангиз, баҳри дилингиз очилади. Ҳозирги кунда ушбу журналнинг ҳар саҳифаси Навоий ғазаллари ва унга шарҳлар, инглизча ва русча таржималари билан бошланади. Бу ўз навбатида буюк зотга ҳурмат намунаси бўлиши билан бирга, Навоий отлиқ улкан уммондан маънавий қатраларни тушуниш, ундан баҳраманд бўлишга имкон беради.

Азиз ўқувчи! Сиз бунинг учун Навоийни ўқинг. Навоий сизни камолотга етаклайди.Навоий кўнглингизга малҳам бўлади. Иброҳим Ҳаққул таъбири билан айтганда, шоир ғазалларининг сир ва таъсир қувватини таърифлаш қийин. Баъзан уларнинг башар хайлига мўлжалланганлигига ақл ҳам унча бовар этмайди. Чунки Навоийнинг аксарият ғазаллари, ақл усти бир туйғу ва завқи руҳоний ила битилган.

Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” романида бир эпизод бор. Раъно китоб ўқиб турган лаҳзада Анвар “Бу қандай китоб?” – деб унга савол беради.”Фузулийники”, – дейди Раъно. Анвар эса “Фузулий – яхши китоб”, – деб китобхонликни олқишлайди. Ана шу яхши. Навоийнинг китоблари сингари ўқишли китоблар инсонга руҳий қувват ато этади, уни қўллаб– қувватлайди, ҳамдарду ҳамкор бўлади. Китобдан яхшироқ дўст тополмаган Буюк Жомий ҳам “Китобдан яхшироқ дўст йўқ жаҳонда, Жонингга юз роҳат берар ҳар онда”, – деган бўлса не ажаб.

Педагог М. Очилова “Буюк Британияда китоб терапевти касби борлиги, бундай мутахассислар китоб ўқитиш орқали руҳий муаммолар қуршовида қолган кишиларни даволаши”ни ёзади. Инчунун, бугун дунёда “Библиотерапия” ривожланаётгани, у руҳий ва ахлоқий касалликларнинг олдини олишга хизмат қилаётгани баайни ҳақиқат.

Албатта Ғаззолий, Навоий, Фузулий, Махтумқули каби ижодкорларнинг китоблари инсон руҳиятига озуқадир. Бундай маънавий –руҳий қувватнинг баҳоси йўқ. Инсон китоб билан юксалиб боради. Абу Али ибн Сино ўз таржимаи ҳолида китоб камолот манбаи бўлганлигини тан олиб шундай ёзади: ”Бир куни шоҳ Нуҳ ибн Мансурдан кутубхонага киришга ва у ердаги тибга оид китобларни мутолаа қилишга рухсат олдим. Мен кўп хоналардан иборат кутубхонага кирдим. Ҳар бир хонада китоб сандиқлари турар, китоблар устма-уст тахлаб қўйилган эди. Ҳар бир хонада бир фанга оид китоблар тўпланган эди. У ерда шундай китобларни кўрдимки, кўпчилик уларнинг ҳатто номларини эшитмаган бўлса керак. Бу китобларни ўзим ҳам аввал кўрмаган эдим, бундан кейин ҳам учратмадим. Ўша китобларни ўқиб, улардан баҳраманд бўлдим”. Бу баҳрамандлик дунёга донғи кетган тиббиёт бобокалонининг, Ибн Синонинг шаклланишига улкан ҳисса қўшади.

Навоий бобомизнинг ҳам катта кутубхонаси бўлган. Аммо унинг кейинги тақдири бизга номаълум.

“Суюкли ёр”

Навоий форсча бир шеърида бировдан қарзга олиб китоб ўқиганларни қоралайди. “Ахир китоб бу дўст ва ёрдир. Ақлли одам бу ишни қилмайди. Чунки биров ёрини бировга бир неча кунга қарзга бермайди-ку”, – дейди мутафаккир. Мана сизга китоб қадри ва унинг инсон учун беқиёс ўрни ҳақида Навоийнинг лўнда талқини. Бу билан Навоий китобни қизғанган десангиз, хато қиласиз. Аксинча, улуғ мутафаккир китобларни шу қадар севади ва қадрлайдики, китобни ўқиш учун қарзга олган одам уни асраб –авайлаши даргумон. Ахир, зар қадрини заргар билмайдими? Китобхонадан ёки бирор кишидан китоб олиб, йиртиб – ямаб, бирор варағини тушириб, қайтариб келиб эгасига топшираётганлар ҳам борлиги баайни ҳақиқатдир. Демоқчимизки, аҳолининг китобхонлик маданиятини оширишимиз, китобсеварларни шакллантиришимиз айни муддао.

Навоий “Муншаот”нинг 44 –мактубида унинг учун китоб ёр эканлигини – итобдан бошқага кўнгил бермаганлигини шу тарзда изоҳлайди: ”…Шайх Алибек ва Ҳусайнқулибекка тушунтириб айтган эдим, шоядки, сизга (бизнингча Ҳусайн Бойқаро бўлса керак. Умр мазмуни бўлмиш китобларни қадрдон дўстдан бошқа яна кимга ишониш мумкин?) етказишган бўлса. Бу муддаога далил шуки, кейинги вақтда заҳмат тортиб ясаган мураққаъни (Хожа Аҳрор ва Жомий йўллаган хатлар тўплами) ва ҳар қандай қийинчилик билан яратган китобларниким, булардан бошқа ҳеч нарсага кўнгил берилмаган эди, олиб келган эдим (Машҳад шаҳрига), чунки баданга хасталик ёпишди, муборак дийдорингизга мушарраф бўлиб, қазо ҳам етса бу китобларнинг бариси сизнинг назоратингизда бўлса, дегандим. Ўзимда бунга қувват топмадим, у китобларни Юсуф Алидан юбордим”. Мактубдан кўриниб турибдики, Навоий умри поёнига етаётганини сезганиданми, бир умр кўнгил қўйган китобларидан кўнгил узолмасдан уларнинг келгуси тақдирини ўйламоқда. Дарҳақиқат, Алишер Навоий бир умр фақат ва яна фақат китобга кўнгил қўйди ва китоб отлиқ маънавий хазина шоир ҳаётининг мазмунини ташкил этди. У кишиларни ҳайратлантирадиган асарлар ёзди, кўплаб шоиру олимларнинг асарларини мутолаа қилди, китобхонасида сақлади, китобхонада котиблар асарларни кўчириш билан банд эдилар.

Хўш, мактубда Навоий тилга олган китоблар тақдири нима бўлди? Юсуф Али бу асарларни Ҳусайн Бойқаро қўлига топширган бўлиши мумкин. Ҳусайн Бойқаро эса китобларни султон кутубхонасига жойлаштирган бўлиши ҳақиқат яқин.

Аммо Ҳусайн Бойқаро вафот этганидан кейинги даврда китобларнинг тақдири сизу бизга қаронғи .Бобур Мирзо 1506 йилда Ҳиротга бориб Навоийнинг уйида яшаганида, ҳазратнинг шоҳ асарларига кўзи тушгани, “Хазойин ул – маоний”дан саралаб девон тузганини ёзиб қолдирган. Албатта, Навоий Ҳусайн Бойқарога қолдирган бу асарлар ҳозирги вақтда бутун дунёга тарқалиб кетган, уларни ҳозир Франция, Англия, Германия, Туркия, АҚШ каби кўплаб мамлакатлар кутубхоналаридан топиш мумкин.

Китоб -хазина
 
Молу дунё сеҳрлайди кўзимизни,
Ким бир умр излаб ўтар хазина ҳам.
Асл бойлик, асл махзан китобдадир,
Кам бўлмайди Навоийни билган одам.
 
 
Ким нафсига қул бўлади девга миниб,
Аллакимлар шайтонига дўсти ҳамдам.
Тўғри йўлнинг калити ҳам китобдадир,
Кам бўлмайди Навоийни билган одам.
 
 
Кибру ҳаво отига ҳам минганлар бор,
Ҳаром йўлни танлаганлар бўлар мулзам.
Ҳалолликнинг ҳикмати ҳам китобдадир,
Кам бўлмайди Навоийни билган одам.
 
 
“Камол эт касбким” – бу дунёдан мақсад шудир,
Чўққилар ҳам пойқадаминг остида жам.
Комилликка пиллапоя китобдадир,
Кам бўлмайди Навоийни билган одам.
 

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации