Текст книги "Авлиёлар авлиёси"
Автор книги: Шерхон Кораев
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 8 (всего у книги 14 страниц)
НАЖМИДДИН КУБРО ВА ҲАЗРАТ НАВОИЙ
Ҳусайн Бойқаро давлати таназзулининг яна бир сабаби
Замондошлари Ҳазрат Навоийнинг Нажмиддин Кубродек авлиёсифат хислатлари ҳақида ҳикоя қиладилар. Ҳақиқатан ҳам бу табаррук зот муршиди авлиё, мутафаккиру комил инсон бўлганлиги тарихдан маълум. Ушбу мақоламизда ҳам сўз Алишер Навоийнинг авлиёлигию кароматлари ҳақида боради.
Сизга маълумки, қудратли темурзодалардан ҳисобланмиш Ҳусайн Бойқаронинг Хуросон давлати келишмовчиликлар оқибатида таназзулга учрайди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ”Бобурнома”да таъкидланганидек, султоннинг маишатга берилганлиги, ичкиликка ружў қўйганлиги, шаҳзодалар ўртасидаги ноиттифоқлик мамлакатнинг парчаланиб кетишига олиб келади. Навоийшунос олим Шуҳрат Сирожиддинов ўзининг “Алишер Навоий. Манбаларнинг қиёсий–типологик, текстологик таҳлили” рисоласида эса бунинг яна бир сабабини келтиради. Олимнинг таъбири билан айтганда, Султоннинг набираси, Бадиуззамон Мирзонинг ўғли Мўмин Мирзонинг 1497 йил октябрь ойида қатл этилиши султонликнинг парокандаликка юз тутишининг асосий омилларидан биридир. ”Мўмин Мирзонинг қатли воқеалари Навоийни қаттиқ изтиробга солганди. Бу хусусда Хондамирнинг қуйидаги сўзларига эътибор қаратайлик: “Ушбу мусибатдан уч кун ўтгач, имом Ризо ҳазратларининг мозори зиёрати учун Машҳадга кетган амир Алишер шаҳарга қайтди ва оғир хабарни эшитиб, изтироб денгизига чўмди, кўзи жўйборидан қон селобидан равон қилди. “Ўша куни бир неча бор ул олишон амирнинг илҳом баён тилидан эшитдимки, Муҳаммад Мўмин Мирзо билан бўлган воқеа шайх Мажидиддин Бағдодий қатлининг ҳукмидадир, чунки ўша пайтда Мовароуннаҳр, Хуросон ва Ироқнинг барчаси Чингизхоннинг лашкар тортиши туфайли Турону Эрон вайрон этилиб, халқи қирғин қилинди”, – деди у”. Бу тарздаги таққослаш Амир Алишернинг салтанат таназзулига сабаб бўлаётган воқеалардан жиддий хавотирга тушганлигини кўрсатади.
Аслида воқеа бундай бўлганди. “Султон Ҳусайн маст ҳолида Бий Жангийга фармон ёзишни буюрди. Бу фармон олиниши биланоқ Муҳаммад Мўмин Мирзо ҳеч тўхтовсиз йўқлиқ дунёсига жўнатилиши (бўғиб ўлдирилиши) лозим эди.
Фармон ярим кечаси келди. Қутвол фармонни ижро этди. Эрталаб шаҳарда миш-мишлар тарқалди. Қиёмат қўргандек бўлди. Бутун шаҳар, эркак ва аёл қора кийгандек эди. “Боғи Зоғон” ёнидаги “Боғи Нав”да таъзия (мотам мажлиси) йиғилди. Хуросон шоирлари марсия (мотам шеърлари) ўқишга киришдилар. Замонанинг маликул-каломи Гулханий Астрабодийнинг қуйидаги қитъаси шуҳрат топди:
Бозори зулм боз ривожи дигар ёфт,
З-ин кофери, ки Мўъмини динро шаҳид кард,
Он жо Язид омади кори Ҳусайн сохт,
Ин жо Ҳусайн омади кори Язид кард.
(Яна зулм бозори қизиди. Уни Мўминни бандайи шаҳид қилган кишининг қўли қизитмоқда. Бир вақт Язид келиб, Ҳусайнни бартараф қилган эди, энди Ҳусайн келиб, Язиднинг ишини қилди…)
Мўмин Мирзо билан бўлган даҳшатли воқеадан сўнг Султон Ҳусайн кўнглида Низомулмулкка қарши кек сақлаган эди ва бир кун уни ҳамма яқин кишилари билан қўлга олиб, Ҳиротдан “Ихтиёриддин” қалъасига жўнатди. Бир ойдан сўнг амир Фирузшоҳнинг ўғли Абдулхолиқ қалъадаги Низомулмулкнинг икки ўғлининг калласини олиш, терисини шилиб, ичига сомон тиқиш, хожа Низомулмулкнинг ўзини эса қалъа олдидаги кўприкка олиб чиқиб, терисини шилиб олиш, Низомиддин Курд билан хожа Абдулазизнинг терисини қалъа деворлари остида шилиш, хожа Имодилисломнинг терисини Малик бозорида шилиш, хожа Маҳмудшоҳ Фараҳанийнинг терисини Чорсуда шилиб ташлаш ҳақида буйруқ келди” (И.Султон “Навоийнинг қалб дафтари”. Т: Ғ.Ғулом номидаги БАН. 1969 й. 380-б).
Хадичабегим фитнаси қурбони
Таъкидланганидек, Султон Ҳусайн мастлик пайтида Хадичабегим ва Низомулмулк фитнаси “қурбонига айланиб” бегуноҳ набирасининг бошини олишга фармон беради. Тарихчи Мирхонд ҳам бу воқеани қуйидагича тасвирлайди: ”Хадичабегим … хожа Низомулмулк ва ўша вақтда мулку молнинг соҳиб ихтиёри бўлган унинг ўғилларини ўзига иттифоқ қилиб, ҳоқони Мансурнинг ўша кечаси кўп ичиб ҳушсиз ва фаҳмсиз бўлиб қолганидан фойдаланиб, шаҳзодани қатл этиш тўғрисидаги фармонга имзо чектириб олди. Сўнг Ёрали бахши, Абдухолиқ ясовул ва яна бошқа икки ишончли кишини ҳукмни ижро қилиш учун Ихтиёриддин қалъасига юборди… Шаҳзода Муҳаммад Мўмин мирзо тиловат қилиб ўтирган вақтда унинг ҳузурига кириб келдилар. Шаҳзода аҳволни англаб сапчиб ўрнидан турди ва улар билан олишди. Охири ўша беоқибат бадбахтлар Амир Темур кўрагон хонадонида тенги йўқ бу йигитни ҳалокат сарнатижаси қилиб, қалъа буржидан хокрезга улоқтирдилар ва ул подшоҳлик бўстони сарвининг рухсори … тупроққа тушди…”. Шаҳзоданинг қатли “буюртмачи”си Хадичабегим Музаффар Ҳусайн Мирзонинг онаси бўлиб, у шоҳнинг набираси, тўнғич ўғил Бадиуззамоннинг фарзанди Мўмин Мирзони ўзининг ғаними санар, Мирхонд тили билан айтганда, “Муҳаммад Мўмин мирзонинг бақосини ўғлининг фаноси, оқибати деб билиб, барча ҳимматини ул иқбол давлати боғининг тоза ниҳолини… йиқитишга… сарф қилди”.
Бошнинг баҳоси бир товоқ олтинми?
Юқорида Ҳазрат Навоий тилга олган Хоразм шоҳи Султон Муҳаммад ҳам мастликда шайх Мажидиддин Бағдодийнинг бошини танасидан жудо этишга буюради. Иккала олампаноҳ ҳам эртанги куни пушаймон бўлади. Хоразмшоҳ гуноҳини ювиш учун Бағдодийнинг устози шайх Нажмиддин Куброга бир товоқ олтин жўнатади. Бироқ улуғ шайх, кубравия тариқати асосчиси олтинларни қайтариб юбориб, шогирди Мажидиддин Бағдодийнинг боши минглаб хоразмликлар ва ўзининг бошини олиб кетишини “башорат” қилади. Кўп ўтмай Чингизхон мўри малахдай хоразмшоҳлар салтанатига бостириб киради, худди Шайх айтганидек, минглаб хоразмликлар, шоҳ ва шаҳзодаларнинг ёстиғини қуритади. Ҳазрат Навоий бежиз норасида Мўмин Мирзо билан бўлган воқеани ушбу қирғинбарот билан таққосламаяпти. Шу ўринда Шайх Кубро каби Ҳазрат Навоийнинг ҳам каромати намоён бўлмоқда. Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат” асарида таъкидланганидек, авлиёларнинг дуолари ижобат бўлиши ҳам кароматлар жумласидандир. Бундан ташқари, азиз авлиёлар бўлажак воқеаларни олдиндан башорат қила олганлар. Улуғ авлиё Навоийнинг Худо тилига солганми, Мўмин Мирзо ўлимидан ўн йил ўтар ўтмас ўзбек хони Шайбонийхон Хуросон салтанатига бостириб киради. Давлат парчаланиб кетишдан ташқари, минглаб хуросонликлар, темурзода шаҳзодалар ҳам қирғин қилинади.
Шайбонийхон ва Мўмин Мирзо
Тарихчи Муҳаммад Солиҳ “Шайбонийнома” асарида ўша даврдаги вазиятни қуйидагича шарҳлайди:
Деди Мирзо (Султон Ҳусайн)ки: ”Недир чораи кор?
Ишимиз асру бўлибтур душвор.
Олди хон (Шайбонийхон) борча вилоятларни,
Элга кўргузди шижоатларни.
Ҳеч киши қолмади ул ён эмди,
Бу сори келгуси ул хон эмди.
Шул замонким олур Урганчни ул,
Солур, албатта, Хуросон сори йўл…
Албатта “Шайбонийнома”да Султон Ҳусайн тўнғич ўғли Бадиуззамон Мирзо бошчилигида барча фарзандларини йиғиб, Шайбонийхон босқинининг олдини олиш юзасидан кенгашгани ҳақида сўз боради. Шу ўринда Муҳаммад Солиҳ норасида шаҳзода Мўмин Мирзони ҳам эсга олади.
Шу замондин бериким ул Мирзо (Султон Ҳусайн),
Балхнинг устида айлаб ғавғо,
Шоҳ Мўминни ҳалок айлаб эди,
Отасини бағрини чок айлаб эди.
Борча ўғлонларин ёғи эди,
Борча султонлари боғи эди,
Бор эди ул аро айлаб тўғён,
Шоҳ Мўмин атоси Шоҳ Замон.
Тириклайин кўмилган ҳукмдор ва Хоразмшоҳ қисмати
Тадқиқотчи Умид Бекмуҳаммаднинг ёзишича, 1506 йилдаги жангу жадалларда Шайбонийхоннинг қўли баланд келиб, Бойқарони мағлубиятга учратиши аниқ бўлиб қолган эди. Шу йили зулҳижжа ойидаги Бобо илоҳий мавзесидаги жангда Шайбонийхон қўшини Ҳирот томон шиддат билан интилади. Бу вақтда шаробхўрликни одат қилиб олганидан Бойқаронинг елкаси букчайиб қолган, буйраги ва жигари ишдан чиққан, касалманд ҳолга келиб қолган эди. Натижада бир томондан мағлубият аламидан Бойқаро ҳушидан кетиб вужудида ҳаёт – мамот жанги кечарди. Оқибатда фожеа рўй берди. Душман тобора саройга яқинлашаётганида амалдорлари унинг ҳушидан кетиб, чуқур уйқуга кетганини билмай, 6 май, душанба куни кечқурун ҳукмдорни ўлдига чиқариб, жанг арафасида буни душмандан ҳамда қўшинидан яшириш мақсадида шошилинч равишда (тириклайин) дафн этдилар. Алоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳ эса мўғуллар Хоразмга бостириб кирганда, дастлаб ўзининг қолган – қутган қўшинлари билан қўл остидаги Эрон ҳудудига, шундан сўнг Каспийбўйига қочиб кетади. У Каспий денгизидаги Абескун оролида касалликка чалиниб вафот этади. ”Тарихчиларнинг ёзишича, кафанлик топилмаганидан унинг жасадини бир мулозимнинг кўйлагига ўраб кўмилган экан. Ўрта Осиёда катта бир салтанат барпо этган, ўнлаб ўлкаларни ўзига тобе қилган зот умри шу тариқа аянчли якун топади”( Н. Муҳаммад “Сирли зарварақлар” Т. “Ўзбекистон”. 2016 й. 8-б).
Кекса маликанинг турмушга узатилиши
Шайх ва шаҳзоданинг ноҳақ ўлимига сабабчи бўлган маликалар тақдирига келсак, ”Бобурнома”да ёзилишича, “Шайбоқхон (Шайбонийхон) Ҳири (Ҳирот)ни олғондан сўнг бу подшоҳларнинг зоҳ ва зоди билан ёмон маош қилди, не ёлғуз бу жамъ била, бори халойиқ била. Рустойи ва нодида киши беш кунлик ўтар дунё учун мундоқ ёмон от қозонди. Шайбоқхон (Шайбонийхон)дин ношоиста ҳарокот ва афъолеким, Ҳири (Ҳирот)да содир бўлди, аввал буким, чирик дунё учун Хадичабегимни Шоҳ Мансур бахшига туттуруб, турлук – турлук қийинлар қилдурди”. Яъни Муҳаммад Шайбонийхон малика Хадичабегимни 56 ёшида учига чиққан хотинбоз Шоҳ Мансурга никоҳлаб беради. Малика Туркон хотун эса мўғуллар томонидан ўйлаб ўтирилмасдан қатл этилади.
Шайх Туркон хотинни севганми?
Хўш, Султон Муҳаммад Хоразмшоҳ нима сабабдан Шайх Боғдодийни қатл этди, деган ҳақли савол туғилади. Радий Фишнинг “Жалолиддин Румий” номли тарихий – биографик раманида бу саволга жавоб бор. Илк тариқатчилар ҳукмдорлардан бир бурда нон ҳам олишмасди. Лекин ҳукмдорларга кенгаш – маслаҳат беришни ўзларига фарз деб билишарди. Ўшаларга ўхшаб Муҳаммад Хоразмшоҳга маслаҳат беришга уннаши шайх Мажидиддин Бағдодий умрини басар этди.
Хоразмшоҳга қарама – қарши тура оладиган ягона куч унинг сараланган турк қўшини эди. Кўчманчи турк бегининг қизи, Хоразмшоҳнинг онаси, ақлли ва қатъиятли Туркон хотун махсус бир гуруҳга бошчилик қилар, ўша гуруҳ турк ҳарбий зодагонлари фойдаси учун хоразмшоҳ ҳокимиятини чеклашга интиларди. Ўғли уруш – юришда эканида Хоразмда ҳукмфармо бўлиб қоладиган Туркон хотун Мажидиддиннинг авлиёлигини эшитиб, уни саройга таклиф қилади. Мажидиддин шеърларидаги ақл ва эҳтирос уни ҳайратга солади, малика шоирни ўзига муршиди муқтадо сайлаб, унинг хонақосидаги йиғинларда иштирок эта бошлайди.
Шу–шу шайх Мажидиддин ҳам саройда гоҳ–гоҳ кўриниб қолади. Туркон хотун ила парвардигор билан бирикиш йўллари хусусида суҳбатлар қуради. Бунинг учун бошқаларга зулм қилмаслик, ҳақ олдида хижолатга солгувчи ишлардан илик узмоқ, “Неки қилмагил, парвардигор ҳозиру нозир”, деган ҳикматни хотирада тутмоқ лозимлигини қайта – қайта таъкидлайди. Хулласки, маликани тақводорлик йўлидан бошлаб, шу йўсинда унинг ўғлига ҳам жилла таъсир ўтказишга умид боғлайди.
Сарой жосусларга макон эди. Улар художўйлик қабилида кечган шундоқ суҳбатлардан бири хусусида шоҳга хабар етказиб, шайхнинг шеърларидаги муҳаббат тангрига эмас, эвара – чеварали маликага бағишланган, деб бўҳтон қилишади.
Хоразмшоҳ Муҳаммад Шайхни қатл этишга буюради. Мажидиддин Боғдодийнинг калласини кесиб, жасадини Жайҳунга отишади…
Устозини ранжитган Боғдодий
Ҳазрат Алишер Навоий “Насойим ул – муҳаббат” асарида бу воқеани қуйидагича вариантда изоҳлайди: “Дерларки, Шайх Мажидиддин бир куни дарвешлар билан ўтирганди. Унда сукр ( ишқ майидан маст бўлиб, ўзини унутиш ҳолати) ғалаба қилди. Деди: “Биз дарё қирғоғидаги ўрдак тухуми эдик. Шайх бизни қаноти остида тарбият қилган қуш эди. Биз бу тухумдан чиқдик. Ўрдак боласи бўлганимиз учун дарёга кирдик. Шайх эса қирғоқда қолди”. Ҳазрат Шайх каромат нури билан бу сўздан хабар топдилар ва муборак тилларига келди: “Дарёда ўлгай”. Шайх Мажидиддин бу сўзни эшитиб қўрқди ва Шайх Саъдиддин Ҳамавий қошига келиб, Ҳазрат Шайхнинг вақтларини хуш топган пайтингизда менга албатта хабар беринг, деб кўп тазарру қилди. Бир куни Ҳазрат Шайх самоъда ҳоли хуш бўлган пайтда Шайх Саъдиддин Шайх Мажидиддинга хабар қилди. У оёқяланг келиб, бошида бир тоғора олов кўтариб, кафшгоҳга турди. Шайх Ҳазратларининг муборак назарлари унга тушгач, дедилар: ”Дарвешлар одати бўйича айтган паришон сўзларингнинг узрини сўраганинг учун имон ва дининг саломат қолди. Аммо бошинг боргай ва дарёда ўлгайсен. Биз ҳам ҳалок бўлгаймиз, сардорлар боши ва Хоразмшоҳнинг боши ҳам сенинг бошингга боргай ва олам хароб бўлгай.
Кўп ўтмай, Ҳазрат Шайхнинг айтганлари воқеликка айланди. Шайх Мажидиддин Хоразмда ваъз айтарди. Хоразм маликаси унинг ваъзига борарди. Малика жуда гўзал аёл эди. Душманлар пайт пойлаб, Хоразмшоҳ мастлиги пайтидада унга айтдиларки, “Онанг Имом Абу Ҳанифа мазҳаби билан Шайх Мажидиддиннинг никоҳига кирибди”. Султон бу хабардан қаттиқ ғазабланиб, Шайх Мажидиддинни Жайҳун дарёсига чўктиришга амр қилди. Шайх Кубронинг ўзи, Хоразм аҳли, Хоразмшоҳ ва олам ҳақидаги бошқа айтганлари ҳам тўғри бўлиб чиқди…”
Қасоснинг бир усулими ёки…
Ҳомиджон Ҳомидий “Тасаввуф алломалари” китобида ҳижрий 544 йилда Хоразмнинг Бағдод қишлоғида таваллуд топган Мажидиддин Абусайид Шараф бинни Муйдин бинни Маҳмуд бинни Абулфатҳ Бағдодий Хоразмшоҳ Такашнинг укаси эканлигини таъкидлайди. Мажидиддин Бағдодий ўз замонасининг барча билимларини эгаллаб, Нажмиддин Куброга шогирд тушди. У Хоразмнинг Шайх – ул машойихи мартабасига эришди. Мажиддиндин Бағдодий носир ва шоир бўлган. Бағдодийдан “Рисолаи сафар”, ”Панднома”, ”Ижозати Розиддин Али Лола” номли рисолалар ҳамда шеърлар тўплами етиб келган.
Ҳомиджон Ҳомидий шайх ўлими билан боғлиқ қуйидаги маълумотларни келтиради: “Шайх Хоразмшоҳ ғазабига учраб, сувга чўктириб ўлдирилган. Бунинг сабаби манбаларда турлича талқин этилади. Баъзиларнинг ёзишича, Хоразмшоҳ сўфийларни, айниқса сунний мазҳабидаги шайхларни ёқтирмасди. Мавлоно Жалолиддин Румийнинг отаси Баҳовуддин Валаднинг Балхдан ҳижрат қилиш сабабини ҳам шу масала билан боғлашади. ”Равзатул нишон” китобида ёзилишича, Мажидиддин Бағдодий билан Шайх Фахриддин Розий ораларида жиддий келишмовчилик юз берган. Оқибатда Розийнинг шикояти асосида Хоразмшоҳ Бағдодийни сувга ғарқ қилган. Абдураҳмон Жомий бу фожиани оилавий можароларга боғлайди. Ўз мухолифларини пинҳонан йўқ қилиш, халқ ғазабидан қўрқиб кечаси сувга чўктириб ўлдириб юбориш Хоразмшоҳларда анъанавий қасос тури бўлган. Машҳур шоир, адиб Собир Термизий ҳам кўкрагига тош боғлаб Жайҳунга чўктирилган”.
Албатта, Мирзо Улуғбек “Тўрт улус тарихи” китобида ҳам Бағдодийнинг қатл этилишини Хоразмшоҳлар салтанати инқирозининг сабабларидан бири сифатида талқин этади ”Султон Муҳаммад Хоразмшоҳ томонидан содир бўлган носавоб ҳаракатларидан бири шу бўлдики, туҳмат воситасида Ҳазрати Шайх валитарош Шайх Нажмиддин Кубро қаддаса сирраҳумо муриди Шайх Мажидиддин Бағдодийга Султон Муҳаммад Хоразмшоҳнинг онаси Туркон хотин билан бир кечаси Султон мастлигида қасд қилдилар. Маст ҳолатида ул дин бузурги қатлига рухсат берди. Эрта тонгда ҳушёр тортгач, қилмишидан пушаймон бўлди. Жавоҳир тўла бир табақ ва олтин тўла таштни Ҳазрати Шайх Нажмуддин Кубро қаддаса сирруҳу хонақоҳи дарвешлари жамоаси ҳузурига жўнатиб, “Буни дарвешлар суфра қилсунлар. Беихтиёр юз берган бу гуноҳ учун афв этсунлар”, – деди. Шайх дедилар: ”Унинг хун баҳоси зару жавоҳир эмас, балки унинг калласидир, яъни Султон ва бир неча минг халойиқ”.
Икки ҳодисанинг бир хил сабаби
Журналист Дамин Жумақулов “Икки ҳодисанинг бир хил сабаби” мақоласида, бу ҳақда шундай тўхталади: “Энди икки воқеанинг ўхшаш жиҳатлари ҳақида. Ҳукмдорларнинг қатл юзасидан фармон чиқарган вақтдаги аҳволи: Муҳаммад Султон ҳам, Ҳусайн Бойқаро ҳам маст эди: Султонларни бу ҳукмга ундовчи сабаблар: Туркон хотун ва Хадичабегим, қурбонлари Мажидиддин Бағдодий – улуғ шайх, Мўмин Мирзо – маъсум норасида, қурбонларнинг устозлари: Нажмиддин Кубро ва Алишер Навоий, лашкар тортганлар: Чингизхон ва Шайбонийхон, мағлубият ёки босқинга йўл қўйилиш сабаби: ҳар сафар душман кийимини кийиб олиб, уларнинг ўртасида жанг қилишга жасорат этган Султон Муҳаммад тўсатдан қўрқувга тушади ва барча шаҳарлар ўзини ўзи ҳимоя қилсин, дея фармон беради. Султон Ҳусайн ҳам худди шундай йўл тутиб, барча темурий шаҳзодаларга мактуб йўллаб, уларга ўз мулкида мудофаа чораларини кўришни буюради. Ҳатто бундан изтиробга тушган Бобур Мирзо “Темурбек ўрнига ўтирган Султон Ҳусайн Мирзодек улуғ подшоҳ ғанимнинг устига юришни демай, ер беркитмоқни, мудофаани деса, эл ва улусда қандай умидворлик қолсин”, – деб ёзади: ўртадаги фарқ: воқеалар шиддати, холос”.
Дарҳақиқат, бундан хулоса чиқадики, икки ноҳақлик ва зулм кўргазганларнинг жазоланишида “ғайбнинг қўли” борлиги яққол кўзга ташланади. Чунки ҳадисларда айтилишича, мазлумларни, зулм кўрганларни Яратган ўз ҳимоясига олади ва золимдан унинг ҳақини олиб беради. Бундан ташқари мазлумнинг дуоси Парвардигор ҳузурида мустажобдир. Иккинчи томондан, азиз авлиёлар Аллоҳ таолонинг дўстлари ҳисобланишади. Мўътабар зотларнинг дуолари, сўзлари ҳам ерда қолдирилмайди.
ОЛИЙ МАЖЛИС – ҲУСАЙН БОЙҚАРО САРОЙИДАГИ АДАБИЙ ЙИҒИН
Таҳрир ҳайъати
Ҳусайн Бойқаро саройида доимий адабий йиғинлар фаолият кўрсатганлигини тарихий маълумотлар тасдиқлайди. Иззат Султон ўзининг “Навоийнинг қалб дафтари” асарида “бундай шеърий мажлислар Ҳусайн Бойқаро ҳузурида тез – тез бўлиб турар ва шоирлар орасида мушоира бошланиб кетган вақтлари кўп бўлар эди” деб ёзади. “Алишер Навоий” қомусий луғатининг бош мақоласида навоийшунос олимлар Ш. Сирожиддинов ва А. Эркиновлар “Ҳусайн Бойқаро саройидаги шеърият кечалари Усмонлилар даврида Ҳусайн Байқаро мажлислари номи билан тилга олинганлигини, Авлиё Чалабий асарида мазкур йиғинлар юқори даражадаги маданият белгиси сифатида таърифланганлигини таъкидлашади. Шунингдек Д. Салоҳийнинг “Бадоеъ ул – бидоя” малоҳати” ва “Навоийнинг шеърий услуби масалалари” асарларида юқорида зикр этилган шеърият кечалари ҳақида айрим фикр – мулоҳазаларни учратиш мумкин. Суюма Ғаниева Ҳусайн Бойқаронинг “Жамолингдин кўзим равшан” номли ғазаллар тўпламига ёзган сўзбошисида “Ҳусайн Бойқаро ҳузурида, унинг бевосита иштирокидаги “Олий мажлис”ларда асарлар, шеърият намуналари муҳокама қилинар, адабий мавзуларда қизғин суҳбатлаб ўтказилиши”ни ёзади.
Хондамир “Макорим ул – ахлоқ” асарида “Алишер Навоийни Султон Ҳусайн Бойқаронинг фазилат ва камолот йиғинлари (мажлислари) тўрида ўтирувчи шахс”, – деб тилга олади. Давлатшоҳ Самарқандий “Тазкират уш – шуаро”да “Улуғ амир (Алишер Навоий)нинг туркий девони ҳукмдорлар ҳамда акобир йиғинларига (мажлисларига) безакдир, арғанун наволар ушшоғини тўғри йўлга бошлар, қаламининг ғижир – ғижиридан мухолифлар мағлуб, хусравоний оҳанги Султон Ҳусайнга маҳбубдир”, – деб таъкидлайди.
”Маҳбуб ул –қулуб”дебочасида Навоий “гоҳо иззат ва маъмурлик бўстонида мажлис қурдим”, – дея адабий йиғилишлардаги иштирокига урғу беради. Навоий нафақат бундай адабий йиғинларда қатнашган, балки “Муншоот” (42 – мактуби)да, яъни Султон Ҳусайн Бойқарога йўллаган хатида таъкидланганидек, “Табъ хазинасидан ҳосил бўлган маънолар” мажмуи “Хазойин ул – маоний” (“Маънолар хазинаси”)ни подшоҳнинг муборак назаридан ўтказиш учун Олий мажлисга юбориб турган. ”Шу сабабдан суҳбатдошларнинг фахри бўлмиш Мавлоно Соҳиб ҳузурингизга юборилди ва бу қораламани (“Хазойин ул – маоний”) Олий Мажлисга етказсин, дейилди. Журъат этган бу ишимизни авф этарсиз ва юзага келтирган у ишимизни (яъни девонни) ислоҳ қиларсиз, деган умиддаман”. Бу ҳақда Алишер Навоий “Хазойин ул – маоний” дебочасида ҳам сўз юритади: ”Ул ҳазрат (Ҳусайн Бойқаро) иноят кўзи била ул раънолар (ғазаллар)ни кўриб ва илтифот назарин ҳар бирига еткуриб, қайси бирининг ҳарир-у ҳулласида (кийимида) қусури кўринса ё ҳуллаю ҳарирни мурасса (безалган) қилган жавоҳирни адами (йўқлик) муносабат сабабидан футуре (тушкунлик) зоҳир бўлса, ул либосларни чиқариб, хизонайи (хазина) хосдан муносиб ранглик хазу дебо (асл ипак мато) либослар барча қийматий гавҳарлар била тарси (безатилган) қилғон келтуриб ул шўхлар (ғазаллар)ға кийдурур эрди ва ҳар қайсини ўз муносабатига кўра тартиб била ўз Олий Мажлисида ўлтурур эрди, яъни айтилган абёт барча латойифосор ва сабт (ёзилган) бўлғон ашёр барча заройифшиорким, эллик, олтмиш ё юз ғазалга яқин йиғилса эрди, ҳазрати Султони соҳибқирон (Ҳусайн Бойқаро)нинг фирдавсосо суҳбатидаю сипеҳрфарсо ҳазратида ҳозир қилиб, арз (кўриб чиқиш)га еткурур эрдим ва ул ҳазрат аларға шафқат юзидан боқиб, қайси маъно шўхинингким таркиби хилъати (кийими)да ва алфози (сўзлар) кисвати (кийими)да бетакаллуфлиқ кўрса, ўз ганжинайи замири хизонасидан муносиб алфоз била ул либосларга тағйир (ўзгартиш) бериб ва ул алфоз кисватида санойи жавоҳиридан номуносиблиғи маълум қилса, ўз хизонайи хотири ганжинасидан ёқуту лаъли рангин ва гавҳару дурри самин била зебу зийнатқа табдил (ўзгартириш) еткуриб, ҳар ғазални тартиб юзидин ўз ўрниға рақам (ёзарди) қилур эрди”. Гап шундаки, Навоий ўз шеърларини “кўздан ўткариш мақсадида” гарчи бу мукаммал назм жавоҳирларида қусур ва камчиликлар бўлмасада, Ҳусайн Бойқаро бошчилигидаги табъ аҳли (шоиру адиблар)дан иборат Олий мажлис, яъни Адабий ҳайъат – Адабиёт анжумани ҳукмига ҳавола этади. ”Муншаот”даги мактублардан маълум бўладики, Навоий ўз асарларини тез – тез Олий мажлис муҳокамасидан ўтказиб турган. ”Муншаот”даги 94 – мактубида бу ҳол яққол кўзга ташланади: ”Бу нотавон (Алишер Навоий)нинг тарқоқ шеърларини юборишга сиз томондан (Султон Ҳусайн Байқаро) ишора бўлган эди, уларни тартибга келтиришга киришдим. Ҳарқалай Олий мажлис аҳлининг мутолаасига тезроқ етишиш шарафига муяссар бўлар, деб умид қиламан”. Мактубдан маълум бўладики, Алишер Навоий ўз шеърларининг Олий мажлис аҳли томонидан тезроқ кўриб чиқилиши ҳамда бу ҳақда фикр – мулоҳазалар изҳор қилиниши истагини билдирмоқда. Демак, бундан хулоса қилиш мумкинки, мазкур фикр – мулоҳазалар, айниқса, Ҳусайн Бойқаронинг муносабати Навоий учун муҳим аҳамиятга эга эканлиги аён бўлади. Мактублар таҳлили шуни кўрсатадики, Навоий асарларини даставвал Ҳусайн Бойқарога кўрсатган. Академик Воҳид Зоҳидовнинг баён қилишича, Ҳусайн Бойқаро – Ҳусайний 1469 йилдан Навоий умрининг охиригача унинг барча асарларининг биринчи ўқувчиси, биринчи фикр билдиргувчиси бўлган. ”Муншаот”нинг 15 – мактубида “тарқоқ шеърларни жамланиб, Султонали Машҳадийдан кўчиртирилиб” Ҳусайн Бойқаро ҳузурига юборилиши тўғрисида ҳукм бўлганлиги айтилади.15-мактубдан “Бадоеъ ул –бидоя”, 34– ва 42-номадан “Хазойин ул – маоний”, 97 – хатдан “Девони Фоний” Ҳусайн Бойқаро буйруғи ва таклифи билан тузилганлиги маълум бўлади. Албатта, ”Муншаот”нинг 31-, 33– ва 34-хатларида Олий мажлисга шеърлар юборишдан мақсад Ҳусайн Бойқаронинг “муборак назаридан ўтказиш – қилган тузатишларидан баҳраманд бўлиш”дир. ”Аммо ул ҳазрат (Султон Ҳусайн Мирзо)нинг кимё хосиятлиқ илтифотларидин ва иксир (олтинга баробар) манфаатлиқ муроотлари (ҳурмат – эътибор)дин мулозаматда беихтиёр ва убудият (бандалик)да девонавор эрдим ва хуршиди раъятидин ниҳоятсиз тарбиятлар қуёш тоғдин анвоъи жавоҳир пайдо қилғондек, кўнглум конин дақойиқ (нозик) гавҳарлари бирла ороста (безаб) қилиб ва саҳоби кафи (булут ёмғирлари)дин ғоятсиз тақвият (ёрдам бериб)лар бўлуб, туфроғдин турлук раёҳин (райҳонлар) ҳувайдо (пайдо) қилғондек, хотирим бўстонин латойиф (гўзал) гуллари бирла пероста (безар) айлар эрди. Ва дурарбор (дур ёғдирувчи) тилига мажолисда баъзи абётим мазкур ва гавҳарнисор илгига маҳофил (мажлис)да баъзи ғазалиётим мастур бўлур (ёзиларди) эрди. Ва гоҳи иборатим қусурин тағйир (ўзгартириш) бермак била айбдин мубарро (холи) ва гоҳи маонийимдин футурин (путур етган) ислоҳ қилмоқ била нуқсондин муарро (холи) қилур эрди. Баъзи байтимдин бирор номуносиб лафзни чиқориб, бир даста субҳа ичра бир дурри шаҳвор тортқондек бирор лафз киюрур эрди ва баъзи ғазалимдин бирор ноҳанжор (ноўрин) байтқа хат уруб, бир бузуғ дашт ичра бир қасри зарнигор ясағондек, бирор байтға дахл берур (тузатиш киритарди) эрди”. (“Бадоеъ ул –бидоя” дебочасидан). Бинобарин, Олий мажлис бир томондан ўз даврининг нозим ва носир аҳли учун таҳрир ҳайъати вазифасини ҳам ўтаган. Ҳусайн Бойқаро бошчилигидаги Адабий ҳайъат ҳукмига янги шеърлар ва янги асарлар ҳавола қилинганки, билдирилган фикр – мулоҳазалардан келиб чиқиб, асарлардаги камчиликлар тузатилган.
Навоий назмини кўрдум қуёш лавҳиға сабт эткон,
Буйурғон ани олий қадр шоҳи хурдадон эрмиш.