Электронная библиотека » Шерхон Кораев » » онлайн чтение - страница 12

Текст книги "Авлиёлар авлиёси"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 21:00


Автор книги: Шерхон Кораев


Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 12 (всего у книги 14 страниц)

Шрифт:
- 100% +

НАВОИЙ НЕГА УЙЛАНМАГАН?

Ёлғиз яшашдан муддао не эди?

Ўқувчини доимо Навоий асарлари борасида “Қоракўз ким?” ёки ҳазратнинг “Гулиси бўлганми?” деган ҳақли савол қизиқтириб келади. Албатта, инсон жуфт яратилган. Ёлғизлик эса фақат Яратганга хос эмасми? Аммо Ҳазрат Бобур “Бобурнома”да ёзганидек, ”Ўғил ва қиз ва аҳли аёл йўқ, оламни таври фард (ёлғиз) ва жарида ўткарди” .Хўш буюк ва бадавлат Амир Алишер Навоий учун умрни ёлғиз ўтказишдан мақсад нима эди? Агарда у уйланаман деса, катта ҳарамга етгудек, соҳибжамол маликаларни хотин қилгудек еру мулки, молу дунёси бор эди. Дарҳақиқат, Алишер Навоий Хуросон давлатининг энг бой кишиларидан саналарди. Фаридуддин Атторнинг “Илоҳийнома” асарида сайр солик ва тариқат йўлига кирган айримлар (Ҳазрат Навоий ҳам шулардан бири эди) нега оила қурмаган, деган саволга жавоб бор. ”Фарзанд кишини дунё билан боғлайди, фарзанд ғами ҳам дунё ғамининг бир қисмидир. Аммо олий даражада олий бўлмоққа, барчага баравар бўлмоққа етишаман, деган дарвеш фарзанди хонадон қилиш баҳридан ўтсин. Фарзанди бор, оиласи бор одам ҳаммага баравар бўлолмайди, у истар – истамас ўз манфаати, болалари, оиласи манфаатини ўйлайди, мутлақ ҳақиқатга етишиши қийин кечади. Эй фарзанд, Аллоҳни шундай севмоқ керакки, бошқа бирор нарсанинг меҳри унга тўсиқ бўлмасин, бу меҳр бошқаларга бўлинмасин. Аниқроқ қилиб айтганда, Ҳазрат Навоий маънавий устози Атторнинг тавсияларга амал қилган бўлса, не ажаб?

Н. Комилов “Тасаввуф” китобида бу ҳақда шундай тўхталган: ”Тасаввуфда… шайхларнинг кўпи уйланган, болачақали бўлишига қарамай, бирон ерда оилавий муҳаббат ҳақида фикр-мулоҳазани учратмаймиз. Кўп шайхларнинг хотинлари солиҳа ва содиқа аёллар бўлган, бир нечтаси ўзлари ориф шайх сифатида ном қозонганлар. Лекин шунда ҳам эр-хотинлик муносабатлари зикр этилмайди. Эр-хотинлик, оила ҳаётнинг зарурий нарсаси деб қаралган, бироқ юксак илоҳий муҳаббат хусусида сўз борганда, хотин, фарзанд, қариндош-уруғ, дўсту ошнолар меҳри арзимас бўлиб туюлган. Нега шундай? Чунки, эр – хотинлик, фарзандли бўлиш ва ҳоказолар – барчаси дунёга тегишли, дунё билан машғулликдир. Илоҳий муҳаббат эса дунёвий ишларни, дунёвий муҳаббатни рад этади”. Буни болалигидан чуқур билган ва тўғри тушунган Навоий илоҳий муҳаббат йўлини танлаган.

Қабо кийган валийлар қаторида

Хондамирнинг “Макорим ул – ахлоқ” асарида Ҳазрат (Навоий) бу дунёнинг барча қизиқишлари ва ҳою ҳавасларидан кўнгил узиб, табаррук макон бўлган Работи Суҳайл деган жойда яшай бошлагани шу тариқа таъкидланади: ”Ҳидоят ва тавфиқ аҳлининг кўнгиллари ҳамда билим ва ҳақиқат эгаларининг қалблари учун яширин ва номаълум эмаски, ”Мен яширин хазина эдим. Билинмоқ истадим. Ва мавжудотни бор этдим” ҳадисига мувофиқ олам уйи ишининг йўлга қўйилиши ва инсониятнинг турли гуруҳ ва тоифаларнинг яратилишидан кўзда тутилган мақсад Худонинг муқаддас зотини таниш ҳамда (унинг) чексиз салтанати сифатларини билиб олишдан иборатдир. Аммо нафсоний шаҳватлардан ва жисмоний истаклардан узилмасдан ҳамда бу дунёнинг нарсаларидан юз ўгирмасдан ва охират саодатига эриштирадиган нарсаларга юзланмасдан туриб, бу ишни амалга ошириб бўлмайди. Шу сабабдан ҳам тариқат сулукларининг соликлари ҳамиша бўйсинмас ва ўжар шаҳватнинг бўйнига риёзат жиловини солиб, “Иннамад – дуня ва ма фийҳа абас” (Албатта, дунё ва ундаги нарсалар беҳуда) нақлига мувофиқ бу дунёнинг ўткинчи нарсаларига қарамаганлар. …Балки Хайр ул – аном алайҳис – саловат ва – с – саломнинг “Дунё охират аҳлига ҳаром, охират эса – дунё аҳлига ҳаром, бу иккаласи эса – Аллоҳ аҳли (Аллоҳнинг ошиқ бандалари)га ҳаромдир” (Ҳадис), деб айтганига мувофиқ жаннатнинг юқори қаватидаги ҳурлар, қасрлар, роҳат – фароғат ва ёқимли шаббодаларга мутлақо эътибор бермаганлар. …Шунга кўра (ул Ҳазрат(Алишер Навоий)) қабо (эркакларнинг узун ва кенг устки кийими) кийган валийлар қаторидан жой олдилар ва “(Улар учун охиратда) хавф йўқ ва улар ташвиш ҳам чекмайдилар” (“Қуръони карим.” ”Моида” сураси 69 – оят) дея хабар берилган мартабага етдилар” ( Ғ.Хондамир. “Макорим ул –аҳлоқ”. Т. Ғ.Ғулом номидаги НМИУ 2015 й. 60-61-б).

Исо масиҳдек…

Муҳаммаджон Маҳмуд “Навоий ижодига янги қараш” китобида “Нега Навоий уйланмаган?” деган саволга тубандагича жавоб излайди: ”Навоий ўзининг уйланмаслиги ҳақида шундай мулоҳаза юритади. Аллоҳ якка – ягонадир. Исо ҳам уйланмади. У Тангрини бениҳоя севганидан бутун умрини қавмларини Ҳақ йўлга бошлашдек муқаддас ишга бағишлади ва бунинг эвазига Аллоҳ марҳаматига эришди. Мен ҳам Аллоҳни бениҳоя севаман. Бинобарин, Исодек бутун ҳаётимни одамларни комил инсон қилиб тарбиялаш ва Ҳақ йўлга бошлашдек хайрли ишга бағишлайман. Шояд, Тангри менинг хизматларимни инобатга олиб, ўз ҳузурига чорласа.

 
Исоки мужаррад айлади Тенгри ани,
Кўк равзаси бўлди жилвагаҳу чамани.
Ер аҳлидин улки бўлса тажрид фани,
Тонг эрмас, агар кўк ўлса анинг Ватани.
 

У бошқа бир ғазалида бу борада яна қатъийроқ қарорга келади ва қуёш (Аллоҳ) жамолига етишишни истасанг, сен ҳам ёлғиз бўл, деб ўзига хитоб қилади.

 
Ул қуёш васлин тиларсен, бўл мужаррад, негаким,
Кўкка Руҳуллоҳни еткурган анинг тажридидур.
 

Дарҳақиқат, Аллоҳ Навоийни барчани тўғри йўлга бошлаб, янги жамият қуришдек қийин вазифани садоқат билан бажаргани учун кўкка кўтаради. Бу камдан – кам инсонга насиб бўладиган илоҳий марҳаматдир.

Навоийнинг ёлғиз яшашга ихтиёр этишига тариқатнинг 5 – мақоми ва пири Баҳоуддин Нақшбанднинг ҳаёт тарзи ҳам муайян таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.

Ҳазрат Алининг айтишича, дарвешлик мақоми шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат босқичларида ўнтадан жами қирқтадир. Навоий тариқат босқичининг бешинчи мақоми – лаззати шаҳватни тарк қилмоқни айрим пайғамбар ва авлиёларга хос илоҳий хусусият деб билади. Шунинг учун Исо алайҳиссалом тоқ ўтади. Нақшбанд бир фарзандлик бўлгач, хотинига бундан кейин биз эру хотин эмас, ака – сингилмиз, дейди. Навоий ҳам мазкур йўлни танлайди ва тариқат пирига эргашиб, ёлғиз яшашга аҳд қилган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас”.

Илоҳий ишқ оташкадасида

Ҳазрат Навоий “Маҳбуб ул-қулуб”да муҳаббатни қисмларга бўлар экан, ўзини “алоҳида фазилат эгаларига хос” бўлган ”пок кўзни пок ният билан пок юзга солади” ган, “пок кўнгилу пок юзнинг шавқи – завқи билан беқарор бўла”диган, “ва бу пок юз воситаси билан пок ошиқ ҳақиқий маҳбубнинг жамолидан баҳра олади”ган кишилар сирасига киритади. Ҳақиқатан Низомиддин Мир Алишер Навоий “нафаси пок, гап – сўзи пок, ҳар бир лафзию пок, ундаги маънолар ҳам пок” зот эди. Ана шу боис бу зот уйланишни ихтиёр этмади. Абу Али ибн Сино “Рисола филишқ” рисоласида ишқи илоҳийни қуйидагича тасвирлайди: “…Бундай ишқ ҳар қандай одамга ҳам насиб қилавермайди. Бу алоҳида фазилатга эга. Мутлақ хайрни идрок эта оладиган ва шунга қодир инсонлар муҳаббатидир. Улар дунёда эзгу ишлар билан шуғулланиб, ҳақиқатга астойдил кўнгил берганлардирлар… Мутлақ Хайр ҳам ўзига нисбатан муҳаббати тўлиб тошган кишиларгагина юз кўрсатади”. Ҳақнинг дўстларидан, азиз авлиёлардан бўлмиш Алишер Навоий ҳам худди Ибн Сино тасвирлагандек, Мутлақ Хайрга яқинлашган, бир умр ишқи илоҳийга, Оллоҳга бўлган муҳаббатига содиқ қолган, Яратгандан бошқага кўнгил бермаган комил инсон бўлган.

Канизак ва Навоий

Зайниддин Восифий “Бадое ул – вақое”да ёзади: “Бир куни ҳазрати Султон Ҳусайн мирзо амир Алишернинг порсолиги ва таҳоратини бузмаслигини таърифини қилиб деди: “Бу жаноб дунёга келиб, ҳаёт хилъатини кийганларидан буён этакларига шаҳват чиркини теккизмаганлар, футувват ва жўмардлар ёқаси лаълин тугмасини хотинлар ҳавою ҳавасига тутқизмаганлар”. Бу гапдан султоннинг хотини Хадичабегим ажабланиб, “Наҳотки?” – деган шубҳага боради. Мирнинг ҳузурига Давлатбахт исмли парипайкар канизакни юборишади. Кечадан бирпас ўтгач, ул сарви раъно хиромон бўлиб Мирнинг хонасига кириб келди. Мир уни кўриб, нима мақсадда келганини фаҳмлади… Ҳазрат Навоий унга жавобан деди: ”Шуни билингки, бизда эркаклик хислати бор, қўлимиздан келади, аммо бу ишни қилмаганмиз, қилмаймиз ҳам. Шаҳвоний лаззатни тарк этмоқ саховатдандир. Шаҳватга берилган киши фойда топмайди”. Дарҳақиқат, бу ҳақиқатни Шайх Фаридуддин Аттор ҳам тасдиқлайди. ”Жинсий алоқа таносил аъзоларига қул бўлган одамнинг умри беҳуда ўтади, вужуди абас ишларга сарф бўлади”. Убайдулла Уватовнинг ёзишича, аз–Замахшарий ҳам ғоятда тақводор киши бўлиб, доимо инсонларни ўз ҳирси ва нафсониятини тийишга чорлаган. Манбаларда келтирилишича, шу важданми, ёхуд умрини илм – фанга бутунлай бағишлаганлиги сабаблими, ёки жисмоний қусурлигиданми (унинг бир оёғи чўлоқ бўлиб, ёғоч оёқда юрган), у ўз ҳаётида Навоий каби бирор марта уйланмаган ва бошқаларни ҳам уйланмасликка даъват қилган. У уйланмасликни энг юксак баркамоллик ҳисоблаган ва бу хусусда ўзининг “Атвоқ уз-заҳаб” (“Олтин шодалар”) асарида “Аёл кишида унинг ҳусни –жамоли эмас, балки унинг покиза иффати билан чиройи жаъм бўлгандагина ҳақиқий баркамоллик ҳосил бўлади. Баркамолликнинг бундан ҳам юксак чўққиси агар эркак бир аср умр кўрса ҳам, уйланишдан ўзини тия билишдир”, – дейди аллома.

Камолотга ишқ орқали

Низомиддин Алишер Навоий ўз ҳаётининг маъносини пок “ишқни тасвирлаш”да кўра билди, унинг наздида чинакам камолот ишқ орқали амалга ошади. Алишер Навоийнинг ўзи ёзганидек, ” Хулоса шуки, шеърий сўз шу мазмунда тараннум қилиши лозим, бундан ўзгача бўлса, у афсонадир, Асл сўз – ишқ ҳақидаги сўздир. Кўнгилдаги ҳаёт нашъаси бўлса, бу ишқнинг ўзидир”. Давлатшоҳ Самарқандий “Тазкират уш – шуаро”да ёзадики, ”Бу улуғ амирнинг мақбул табиати ва мулойим унсури султон жанобларига яқинлик, мусулмонларнинг муҳим ишларига кафиллик, шариати суннат, мулки миллат ишларини равнақ эттириш билан банд бўлсада, ҳаммавақт фазилат орттириш, илм билан машғулдир. Унинг ҳамсуҳбатлари хуштабиат, фозил кишилардир. Унинг мақбул хотири аҳли дилдан бошқани истамас, оғир табиатлилар унинг ҳиммат назарига енгилтак кўринар, балки ноаҳиллар унинг латиф мажлисларига киролмаслар”.

Мажозий севги ёки илоҳий жамол зуҳр этган мазҳар

Ҳаммамизга маълумки, айрим олимлар ҳазратнинг маъшуқаси сифатида Гули исмли қизни талқин этишади. Аслида эса бу тўқима образдир. Навоий замондошлари асарларида Гули исмли қиз тилга олинмайди. Аксинча, унинг пок ҳаёт йўли, савобли ишлари, гўзал ахлоқи қаламга олинади. Нажмиддин Комиловнинг ёзишича, “Ориф дарвешлар ҳам оддий кишиларни, жумладан гўзал аёлларни севганлар, аммо бу севги ҳирсий – жинсий интилишлар билан хотима топадиган севги бўлмай, балки Навоий айтгандай, “пок кўзни пок кўнгил билан пок юзга солиш” ва шундан баҳра олиш эди. Бу пок юз ошиқ учун илоҳиёт файзи акс этган мазҳар ўрнида бўлган. Муғанния ҳам (Шайх Рўзбехон севган), тарсо қизи ҳам (Шайх Санъон севган), шу каби Лайли ва Ширин ҳам илоҳий ҳусну жамол зуҳур этган “мазҳар” дирлар”.

Тасаввуф ҳирсий ишқни рад этади

Хўш, ҳазрат Навоий кимни севган? Гап шундаки, Алибек Рустамов “Қоракўз” кимлигини талқин қилар экан, ҳазрат мансуб "маънавий ишққа" эътибор қаратади. “Маънавий ишқда жинс ва ёшнинг аҳамияти бўлмайди. Ёш ошиқнинг маъшуқаси бир нуроний чол ёки кампир, қари нозирнинг манзури ёш ўғлон ёки қиз бўлиши мумкин”, – дейди навоийшунос олим. Албатта, тасаввуф ҳирсий (эротик) ишқни буткул рад этади. Илоҳий муҳаббат ана шундай беғараз ва таъмасиз севгидир. Нажмиддин Комилов “Тасаввуф” асарида ёзишича, худди шу ҳолатни Навоий ва Жомий муносабатларида ҳам кўрамиз. Агар биз Навоийнинг Жомийга бағишланган “Хамсат ул-мутаҳаййирин” асарини мутолаа қилсак, улар бир – бирларининг суҳбатларига ҳамиша интиқ бўлганлар, икки – уч кун кўришмасалар, соғиниб қолишлари, бир – бирларини нафақат фарзанду – ота муҳаббати, балки ихлосманд пир – мурид муҳаббати, ёру – биродарлик муҳаббати билан йўқлаб, қўмсаб турганларини кўриш мумкин. Жомий “Юсуф ва Зулайҳо” достонининг хотимасида Навоийни тенги топилмас садоқатли дўст, ёри азиз, деб таърифлайди. Уларнинг бир – бирларига йўллаган мактублари ҳам муҳаббат сўзлари билан тўлиқ. Бунда ҳам ўша ҳодиса, яъни маънавият камоли, орзудаги илоҳий сифатларни инсонда кўриб, уни севиш ҳодисаси мавжуд.

 
Умид ганжинасин калидидир ёр,
Фароғатли ҳаёт ҳамдамидир ёр…
Хуллас, ошнолик дўстлик боғида,
Навоий нағмасоз вафо шоҳида.
 
(“Фотиҳат уш– шабоб”дан)
Аллоҳ висоли қаршисида

Мухтасар қилиб айтганда, ҳазрат Навоий “Мени мен истаган ўз суҳбатига аржуманд этмас”, – дея Ҳақ таолони севди, Яратганга ҳамдлар айтди ва Парвардигорнинг илоҳий жамолига интилди ва унга мушарраф бўлди ҳам. Навоийшунос олим М. Маҳмуднинг ёзишича, “шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Тангрининг тунда шоир уйи томон шитоб билан келиши (Навоий ғазалларига асосланиб), тез юрганидан юзида тер пайдо бўлиши, Аллоҳни кўргач, ҳушидан кетган шоирни илтифот ўзига келтириши, ёнидан жой бериб, ундан ҳол – аҳвол сўраши ёхуд шоирни кўкка кўтариб, олий мақомга сазовор этиши улар ўртасида мустаҳкам азалий дўстлик мавжудлигидан шаҳодат беради.

Ақидага кўра, Аллоҳ ҳақиқий жамолини жаннатиларга маҳшар куни кўрсатади. Бироқ Ал – Ҳасан ал – Басрий ёзганидек, Тангри ўзини энг садоқатли дўстларига бу дунёда ҳам турли қиёфада намоён этади.

Навоий меросининг зукко тадқиқотчиси Алибек Рустамий ҳам “Қарокўз ким?” номли мақоласида Тангри ўзини яқин дўстларига бу дунёда ҳам турли қиёфада кўрсатади, деган ақиданинг тўғрилигини тасдиқлайди. Афсуски, айрим адабиётшунослар Навоийнинг Аллоҳ висолига мушарраф бўлганини инкор қиладилар” ( Муҳаммаджон Маҳмуд. “Навоий ижодига янги қараш ” Лирик қаҳрамон, ёр, диёр ва таржимаи ҳол масалалари. Т. “MERIYUS” 2015 й. 32-34-б).

Охират тараддудида

Ҳазрат Навоий ўз умрини пок муҳаббат йўлида жўмардлардек нисор айлади. Бундан ташқари ўз давридаги барча савобли ишларнинг бошида тургани, етим – есирларнинг бошини силагани, биною кўприклар қургани, урушганларни яраштиргани, хуллас калом, бу буюк зотнинг ибратли турмуш тарзи барчамизга маълум. Бу эса ҳар қандай таҳсинга арзигуликдир. Давлатшоҳ Самарқандий ёзганидек, гапнинг қисқаси шуки, узоқни кўрадиган, зийрак ва доно кишилар ибрат юзасидан дунё ишларига ҳирс қўймайдилар, охират тараддудидан ғофил ва бепарво бўлмайдилар. Мана шу андиша ҳар нарсадан бохабар амирнинг этагидан тутди. Шунинг учун ҳам у тамом ҳиммати ва мўътабар иштиёқини охират ишларига сарф қилди, солиҳлар тариқига эргашди, охират тараддудида бўлди…

НАВОИЙ НАЗДИДА ОТА ҚИЁФАСИГА ЧИЗГИЛАР

Алишер Навоий асарларида Ота образи ва у қандай бўлиши керак, деган саволларга жавоб топиш мумкин. Албатта, рисоладагидек Ота қиёфасига чизгилар кеча ҳам, бугун ҳам, эрта ҳам долзарб масалалардан бири бўлиб келган. Аммо ҳамма даврларда ҳам отасининг юзини ерга қаратган ноқобил фарзандни кескин танқид остига олишган. Шу жумладан, Навоий акаси Шайх Бахлулбекнинг набираси Мириброҳимга, яъни тутинган ўғлига ёзган мактубида оталик масъулияти ҳақида таъкидлайди. ”Ҳаётимни сенинг тарбиянгга бағишладим ва умримни сенинг ҳаётингни муҳофаза қилишга сарфладим, фарзандлик номингни хотиримга битдим ва оталик меҳру шафқатини ҳолинггга муқаррар эттим… Юриш – туришингдаги яхши ишлар бузуқликка айланди ва феъл – атворинг покизалиги нопокликка айланди. Насиҳатни қулоққа олмадинг… Бири шуки, бунча панд – насиҳат ва маломату айблаш ва онту қасамлар билан одам ҳушёр бўлмаса, бир неча изо ва азоб билан ҳам бўлмайди…” Алишер Навоий ҳарчанд уринмасин, Мириброҳимни “озодалар” ва “маъно аҳли” қаторига қўша олмаганини, аксинча, у тубанлик ботқоғига ботганини минг бир афсуслар билан ёзади. ”Мунчоқ тожга тақилган билан феруза бўлмайди ва кўкимтир шиша бўйинга осган билан зумрадга ўрнига ўтмайди”, – дейди ҳазрат. Хўш тутинган ўғлига Ҳазрат бор меҳру давлатини улашиб, таълим-тарбия бериб, ундан нима кутган эди? Албатта, гўзал ахлоқ соҳиби бўлишини-да. Бир ота бўлса, Навоийчалик бўларда. Бундан бошқача бўлиши мумкин эмас.

Азиз ўқувчи, энди Навоий наздида “Ота ким ?” деган саволга жавоб изласак. ”Муншаот” асаридаги мактублардан бири Султон Ҳусайн Бойқаронинг ўғли Бадииззамон Мирзога аталган. Мактубнинг ёзилиш сабаби шаҳзоданинг отасига қарши бош кўтаришидир. ”…Мактубингизнинг тўғросида Мирзонинг номини ёзмагансиз. Сиздек оқил, хуштабь, мусулмонваш йигитдан бундай ишларнинг содир этилиши муносибми? – деб танбеҳ беради отаси билан келишмовчиликка борган шаҳзодага Навоий, – Ота билан ўғилдан, ота билан ўғил ўртасида фарқ бор. Бойсунғур Мирзонинг ўғлонларидан Бобур Мирзодек эмас эдингизки, кўп шафқат кўрмаган бўлсангиз… Сиз доим шаҳзодаларнинг улуғи ва Мирзонинг суюклиги ва кўз қорачиғи эдингиз”. Алишер Навоий отага қарши бориш шаккоклик эканлигини ёзар экан, падаркуш Абдулатиф Мирзони ҳам эслаб ўтади. Отага қарши бориш яхшиликка олиб бормайди. Абдулатиф Мирзо ҳам бор-йўғи олти ой ҳукмронлик қилдимийўқми, боши танасидан жудо қилинди.

Ота бу – улуғ зот. Ота рози – Тангри таоло рози, дейди Ҳазрат. Отанинг ғазаби Аллоҳ таолонинг ғазабидир. Шу нуқтаи назардан, фарзанд ҳаётда униб ўсиш, камол топишни хоҳласа, албатта у бири ою бири қуёш бўлган ота – онасининг дуосини олсин. Шайхлар отанг – парвардигорингдир, дейдилар. Чунки Тангри таоло сени йўқдан бор қилса, ота – она эса боласини парваришлаб, боқиб вояга етказади. Зеро, Аҳмад Югнакий ёзганидек:

 
Атодин хато келса кўрма хато,
Савоб бил хато қилса доғи ато.
Атонинг хатосини билгил савоб,
Сени юз балодан қутқарғай худо.
 

Ҳазрат Навоийнинг қатор мактубларини ўқир экансиз, ота – онанинг муқаддас зот эканлиги, уларнинг ҳурматини бажо келтириш ҳам қарз, ҳам фарз эканлиги яна бир бор кўз ўнгингизга келади. Албатта, сизу бизни оқ ювиб, оқ тараган бу мўътабар улуғ зотларга қанча хизмат қилсак кам.

Шоирлар султони ота қадри ҳақида сўз юритар экан, Юсуф алайҳиссалом отаси Яъқуб алайҳиссаломга отдан тушмай салом бергани учун етмиш йил жаннатга кечикиб киришга маҳкум этилгани, Хом отаси Нуҳ пайғамбарнинг устидан кулгани учун унинг насли қора ранг бўлишга ҳукм қилинганини эсга олади. Албатта, ота шундай инсонки, унинг насиҳатларига қулоқ тутган фарзанднинг омади кулади, бахти чопади, падари бузруквор дуоси билан узоқларга парвоз қилади, ҳаётда қоқилмайди, аксинча, ҳар қадамда қийинчиликка дучор бўлади. “Ҳайратул аброр” ибораси билан айтганда, бола отанинг кўринишидир. Унинг (отанинг) қадами бўйича қадам боссанг, йўлда кўп ранжу пушаймонлик кўрмайсан. Болани мурид, отани эса пир деб бил. Бахт ва қариб юришни истасанг, бу пир олдида ҳеч айб иш қилма.

Мухтасар қилиб айтганда, Алишер Навоийнинг ота – онани эъзозлаш тўғрисидаги панд – насиҳатлари бугунги кунда ҳам долзарб аҳамият касб этади. Минг афсуски, ота – онасини қариялар уйига юборган, уларни минг бир таъналар билан парваришлаётган, керак бўлса қўл кўтараётган кўрнамак фарзандлар бугун орамизда учраб турибди. Аммо азиз ўқувчи, ота – онани хор қилиш, қадрига етмаслик гуноҳи азим эканлигини унутмайлик.

НАВОИЙНИНГ ИККИ АРМОНИ

Умр шундай хилқатки, инсон ният қилган барча иш ҳам бирдек амалга ошмайди. Қайсидир истак рўёбга чиқишига вазият ёки нимадир тўсқинлик қилади. Гарчи қўл узатса ойга етгулик буюк зотларнинг ҳам армонлари борлигига нима дейсиз? Низомиддин Мир Алишер Навоийнинг ҳам Аллоҳ марҳамати билан кўплаб ниятлари ушалган бўлсада, бироқ у “Вақфия”да икки орзуси борлигини таъкидлар экан, кишига абадий давлат ва саодат исломнинг беш рукнини бажариш билан насиб этадики, гарчи тақводор мутафаккир бутун умр ибодат қилсада, ҳажсиз дин амаллари мукаммал бўлмайди, дейди. ”Бу айтилган икки орзудан бири муборак сафардир (макка зиёрати) токим, исломим шахси беш ҳисдан бирининг ўксуклиги жиҳатидан камчиликли бўлмағай ва мусулмонлиғим панжаси бир бармоқнинг йўқлиғидан оғриқли қолмағай. Гўзал катта йўлида сароб кўриниши ҳаёт булоғининг зилол суви ва у зилол сув атрофида ҳар тиканли ўсимликнинг бутаси қутилиш гулшанининг иқбоси бўлган ўша чўл томонга у саодатли йўлчилар туркуми йўналганда, агар ўша туркумга бошчилик чодири соясида ер топмасам ҳам, ер юзида соя каби жисм банди ва ўзлик тугунларидан қутилиб ўша туркумга қўшилсам ва агар ҳожиларга йўлбошчилик ҳарамида ҳукмрон бўла олсам ҳам, карвон туясидаги қўнғироқдек чок кўксимда изтироблиқ кўнглимдан фиғон тортиб у кажавада мақсадга етишсам эди”( Алишер Навоий. “Вақфия” Т. Фан. 1991 й. 62-б). Албатта, Алишер Навоий бир неча бор Султон Ҳусайн Мирзонинг рухсат билан Маккаи Мукаррамага йўл олишга, ҳаж амалини адо этишга ҳаракат қилган. Ҳатто “Муншаот”даги мактубларидан бирида унинг ёши олтмишга борганлигидан умри поёнига етаётганлигидан, бироқ ҳаж амалга ошмаётганлигидан, бунинг учун султон томонидан рухсат берилмаётганлигидан афсусда эканлигини ёзади. ”…Ажалнинг беаёв шамоли фалак атласини пора – пора қилган зўр офатдир. Шундай бўлгач, умр торига қандай асос ва у ҳаёт кўйлагига қандай ишонч бўлсин? Хусусан, бу хаста баданга ўлим заъфарон тусли пардалар туширди… Яъни, ёш ҳисоби олтмишга етганда у ажал ўқидан белги берган ўқ-ёйдек бало қадди ҳаёт ўқини йироққа отгувчи асбобини ясайди. Шундай экан, фақир бундай ҳолатда “фақру –л-лоҳ” ҳукми билан Тангри уйига бормай, қайга борсин?”(Алишер Навоий “Муншаот” Т. ”Маънавият” 2001 й. 96-97-б). Қачон вафот этишини олдиндан билган авлиё Навоий ушбу мактуб билан дўсти Ҳусайн Бойқародан бу гал ҳам муборак ҳаж ибодати учун рухсат сўрайди. Ва ниҳоят Ҳусайн Бойқаро мазкур сафарга рухсат беради ҳам. Хондамирнинг “Макорим ул – ахлоқ” асарида ушбу фармоннинг матни келтирилади: ”Яхшиликка йўлловчи Зотнинг буюк қудрати ва баъзи кимсаларнинг баъзи кимсалар устидан даражасини кўтарувчи Зотнинг буюк, мукаммал қудрати билан Абулғозий Султон Ҳусайн Баҳодир сўзимиз: …Фаришталар сифатларига ва авлиёлик белгиларига эга бўлган табиатлари муборак жисмлари билан зоҳирий ва ботиний бирликка эга бўлган, ҳар доим абадийликка монанд суҳбатлари ва жаннатни безагувчи учрашувларига катта эҳтиёж бўлган хайрли ишлар асосчиси, эзгу ишлар бошловчиси, ҳоқон ҳукуматининг мададкори, Ҳазрати султоннинг яқин кишиси, қудратли салтанат устуни, тинч ва фаровон мамлакат таянчи, ҳақ, ҳақиқат ва дин ишларини тартибга солувчи олий насабли, ҳидоят нишонли олижаноб Низомиддин Амир Алишер (Аллоҳ таоло ундан ёғиладиган баракаларни доимий қилсин) ҳозирги кунларда асослари мустаҳкам бўлган динимиз раҳнамосининг келтирган далиллари ҳамда “Аллоҳ хоҳлаган кишини тўғри йўлга ҳидоят этади” далилининг тўғри йўл кўрсатиши туфайли бахтиёрлар қаторидан жой олиб, аниқ ишонса бўладиган саодатдан башорат қилувчи “Намозда юзингизни Масжиди Ҳарам (Каъба) томонга ўгиринг!” аниқ – равшан хитоби ҳамда жаҳонни безагувчи “Каъба, яъни Байт ул –Ҳарамни Аллоҳ одамлар учун (муҳим) мақом қилиб қўйди” чақириғи эшитилиб турган бир чоғда ўша муқаддас заминни тавоф этишга рухсат ва Иброҳим (алайҳиссалом) тўғрисидаги барча нарсаларни аниқ-равшан баён қилиб бергувчи оятларда сифатлари баён этилган ва мақтовлари келтирилган ўша муқаддас водийга боришга ижозат олиб, давлатнинг бардавом ҳамда унинг қудрати ва улуғлигининг абадий бўлишини дуо қилиш шарти билан, ўша илоҳий совғанинг қадрига етиш йўлида қадам ташлашни илтимос қилибдилар. Гарчи шу чоққача бир неча бор шу ниятни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйган ва шу ишга рухсат берилишини илтимос қилган, бироқ ҳар сафар буюк Яратгувчининг яратганлари ва омонатлари бўлган бандаларнинг манфаатларини кўзда тутиш билан боғлиқ бўлган маълум сабабларга кўра ушбу илтимосни ижобат қилиш имконияти бўлмаган бўлсада, бу сафар (ул жанобнинг биз учун) ҳамиша ҳурматли ва азиз бўлган файзли кўнгилллари розилигини олиш мақсадида, у кишининг илтимосларини бажо келтиришга қарор қилдик…” Фармонга 1500 йилнинг 2 июнида имзо чекилади. Аммо Хондамирнинг таъкидлашича, ҳаво ҳароратининг жудаям кўтарилиб кетганлиги сабабли муборак сафар сунбула ойининг бошларига қолдирилади. Шу билан бирга, Навоий томонидан ҳаж зиёратига тайёргарлик бошлаб юборилади. 1500 йилнинг 26 августида Ҳазрат Навоий сафарга отланади. Бироқ нужум аҳлининг таъбири билан айтганда, 1500 йилнинг 3 сентябр – ҳаж зиёратини бошлаш учун энг қутлуғ ва муносиб вақт, деб режалаштирилгач, Алишер Навоий ўз уйига қайтиб келади.

Хондамирнинг гувоҳлик беришича, ”ул ҳазрат (Навоий)да ўсиб-униш кунлари бошланишидан то ҳаётининг охирги дамларигача бошида мусулмонлик ҳажини ўташ ҳаваси ва хотирида Пайғамбар (с.а.в.) қабрини зиёрат қилиш фикри ўрин олган эди. Ҳар вақт имкони бўлганича бу хусусда ҳаракат қиларди ва узлуксиз ўз ҳолича қуйидаги икки байтни тилга оларди:

Таржимаси
 
Ё раб, Ясриб билан Батҳога қачон бораркинман?
Гоҳ Маккада турсаму, гоҳ Мадинада жойлашсам эди.
Замзам бўйида қалб таронасини куйласам,
Қон сочувчи икки кўзимдан у чашмани дарё қилсам эди.
 

Неча бор бу сафарга рухсат олиш учун муборак оёғини узангига қўйиб, тўғри саройга йўлланар, ҳар бор қудратли соҳибқирон (Ҳусайн Бойқаро)нинг илтимоси билан қайтар ва бу истакнинг юзага чиқишидан чекланар эди”. Муҳими, бу гал подшоҳдан ижозат олинган ва муборак сафарга тадорик кўрилаётган эди.

Каъба зиёратига қизғин тайёргарлик олиб борилаётган бир пайтда, Шайх Жалолиддин Пуроний, Сайфиддин Аҳмад ат – Тафтазоний, Шайх Али, Мавлоно Муиниддин ал – Фароҳий, Мавлоно Камолиддин ат – Табодгонийдек ўнлаб уламою машойихлар Алишер Навоий ҳузурига кириб келишади ва Астрободда исён кўтарган Муҳаммад Ҳусайн Мирзога қарши отаси Султон Ҳусайн Бойқаро қўшин тортган бир паллада, вазият ниҳоятда нотинч ва қалтислигидан келиб чиқиб, Хуросоннинг улуғлари Навоийга қуйидагича мурожаат қилишади: “Сизнинг баракалар ёғилиб турган шахсингиз Хуросон мамлакати вилоятларидаги тинчлик ва аҳолининг турли табақа ва гуруҳларига мансуб кишилар ўртасидаги осойишталикка сабаб бўлиб турибди. Ҳозир бу диёр Соҳибқирон Султоннинг саховатли вужудидан холи бўлиб, агар сизнинг ўзидан нурлар сочгувчи вужудингиз қуёшидан ҳам холи қолса, фитналар юз бериши, уларни бостириш эса имконият доирасидан ташқари бўлиб қолиши мумкин. Айниқса, ҳозирги пайтда ўзбек подшоси Мовароуннаҳрга ҳужум қилган ва Амударёдан жанубга ўтишни мўлжаллаб турган, Ироқ ва Шомдаги вазият ҳам ўта нотинч, йўллар эса ўта хатарли бўлган бир чоғда, улуғ шариат қонунларига кўра ҳам бундай вазиятда ҳажга бориш вожиб ҳисобланмайди. Бу фақирларнинг сиздан қилмоқчи бўлган илтимоси шуки, яна бир марта хуросонликларнинг жонига оро кириб, бу йил ушбу сафарни амалга ошириш фикридан қайтсалар ва ушбу эзгу ишнинг савобини пиёда амалга оширилган етмиш ҳажнинг савобидан ортиқ кўрсалар”.

Алишер Навоий бу сафар ҳам гарчи тайёргарликка катта маблағ сарф этилган бўлсада, “Мўминлар қалбига хурсандчилик киритиш бутун одамлар ва жинларнинг қилган ибодатидан яхшироқдир” ҳадисига асосланиб, хуросонликлар манфаатидан келиб чиқиб, Каъбатиллога зиёрат қилиш истагидан қайтади. ”Ҳозир ҳам ўта чиройли бир тарзда (ҳажга боришимга) рухсат берган, (бу борада) муборак йўл фармони ҳам чиқариб, (ушбу сафар учун) керакли нарсаларни тайёрлаш ва мулозимларнинг харажатларини таъминлаш учун катта миқдордаги маблағ сарфланган бўлсада, ҳозир ўзимизнинг истагимизни сизнинг илтимосингиздан устун кўришнинг ўрни эмас”, – дея олижаноб Навоий Макка сафарини қолдиради ва бу унинг бир умрлик орзуси армонга айланади.

Ҳар доим, юрса ҳам, турса ҳам, асарларида ҳам Султон Ҳусайнга дуолар ва мадҳу санолар айтган Алишер Навоийнинг иккинчи орзуси дўсти ҳақида биографик китоблар ёзиш эди. ”Иккинчи муродим шуки, у Ҳазратнинг охири – кети йўқ иноятлари ва чексиз шафқатлари қаршисида юқорида айтилган ва улуғ мансабда беркитилган хизматлардан бу синиқ фақир ва кўнгли оғриқли қадрсизга муносиброқ хизмат шу бўлар эдики, вақтларимнинг сарасини ва ҳаётимнинг хулосасини у Ҳазрат (Ҳусайн Бойқаро) зотининг мақтови ва сифатларининг таърифида сарф қилсам эди ва у тўғрисида ёрқин қасидалар ва рангин ғазаллар ва киши табъига ёқадиган маснавийлар ва санъаткорлик билан яратилган иншолар, балки ҳар турли назм ва наср китоблари яратсам эди, жилд – жилд китоблар тузсам эди, токим у ҳазратнинг қутлуғ оти шу сабаб билан кўп йиллар рўзғор саҳифасида айтилиб юрса ва бахтли зоти бу восита билан кўп асрлар рўзғор аҳли тилида мазкур бўлса эди”. Бироқ Алишер Навоийнинг иккинчи истаги ҳам амалга ошмайди. Вақтнинг ва умрнинг қисқалигиданми, авлиёлар авлиёси Навоий дўсти Султон Ҳусайн Байқарони деярли барча асарларида чуқур ҳурмат ва юксак эътибор билан тилга олган бўлсада, аммо у ҳақда алоҳида асар ёзишдек қутлуғ ниятини амалга оширишга улгурмади.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации