Текст книги "Авлиёлар авлиёси"
Автор книги: Шерхон Кораев
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 6 (всего у книги 14 страниц)
“Қадами қутлуғ, баракали зотлар”
Навоий “Насойим ул-муҳаббат”да бу барокотли зотнинг “барокотидан” бошланган ҳар бир иш хайрли бўлишига урғу берган. Дарҳақиқат, авлиёлар сардори ҳаётлигида (ҳатто вафотидан сўнг ҳам) ўз яқинлари, муридлари, дўстларини ғойибан ҳар доим қўллаб-қувватлаб келган, ўз ҳимоясига олган. Навоий Ҳазратнинг барокотидан умидвор бўлганида ана шуни назарда тутади.
Бу азизларнинг ҳақу ҳурмати ва “баракот”и то қиёматга қадар миллатга соябон бўлади, ихлосмандларининг ишлари юришиб кетади, муродлари эса ҳосил бўлади, ҳар қандай мушкул ҳал қилинади. ”Насойим ул-муҳаббат” ибораси билан айтганда, ”…ваъда будурким, олам инқирозиғачаким, миллат ва шариат сироти мустақим бўлғусидур, бу тоифаким, валоят (валийлик) ва каромат аҳлидурлар ва халойиқға иршод ва аҳдо қилурлар, муборак зотларнинг барокоти бу миллат бошидан кам бўлмағай”.
Бобур Мирзо ўғли Комронга йўллаган мактубида унинг муваффақияти, қозонилган ғалабаларни Хожа Убайдуллоҳнинг азиз номи яъни “барокоти” билан боғлайди. ”Тахсис (хусусан) ул қурси шабистонининг шамъи анваридур, аё гулистонининг андалиби суханвари ҳазрат Хожа Убайдуллоҳким, имдод (мадад) қилибтурлар, то ғоят бу ишларни(нг) давлати ул азизларнинг ҳимматидиндир”.
“Хожа Убайдуллоҳ қутқариш учун юбордилар…”
Қачон юбордилар, деган ҳақли савол туғилади? Ваҳолонки, вафотидан сўнг ҳам бу табаррук зот ўзи айтганидек муридларига мададкор бўлди. Дарҳақиқат, ҳазрат Хожа Убайдулло Аҳрор вафот этиб кетган бўлсада, унга ихлоси ва эътиқоди кучли Бобур Мирзони бир умр бало-қазолардан ҳимоя қилди. Кунлардан бирида Бобуршоҳ туш кўради.”Ўзимни ўлимга қарор бердим. Ўшал боғда бир сув оқиб келадур эди, вазу қилдим, икки ракаат намоз ўқидум, бошимни муножотқа қўюб, тилак тилайдур эдимким, кўзим уйқуга борибтур. Кўрадурменки, Хожа Яқуб Хожа Яҳъёнинг ўғли Хожа Убайдулло (Хўжа Аҳрор Валий)нинг набиралари рўбарўйимга аблоқ от миниб, кўп жамоати аблоқ сувори билан келдилар. Дедиларким, ғам емангиз, Хожа Аҳрор мени сизга йибордилар. Дедиларким, биз аларға истионат тегуруб, подшоҳлик маснадига ўлтурғузуббиз. Ҳар ерда мушкул иш тушса, бизни назариға келтуруб ёд этсун, биз анда ҳозир бўлурбиз. Ҳоло ушбу соат фатх ва нусрат сизнинг соридир. Бош кўтаринг, уйғонинг”. Шоҳ уйғониб қараса нобакор беклар уни тутиб, боғлаш пайида тил бириктиришаётган экан. Ўрнидан шартта турган Бобуршоҳ дейди: ”Сизлар бу йусунлуқ сўзларсиз, аммо кўрайинки қайсингиз менинг қошимга кела олурсиз?” Аммо шу пайт Қутлуқ Муҳаммад Барлос ўз аскарлари билан Бобуршоҳга мадад беришга етиб келади ва хоинлар қўлга олинади. Халоскор Қутлуқ Муҳаммад Барлоснинг ҳам тушига Хўжа Аҳрор Валий кирганлиги ва бу ерга қутқариш учун юборганлигини айтади. ”Бобурнома” (1500 – 1501 йил воқеалари)да яна бир туш воқеаси зикр этилади: ”Ўшал фурсатта ажаб туш кўрдум. Туш кўрарманким, Ҳазрати Хожа Убайдулло келмишлар, мен истиқболлариға чиқмишмен. Хожа келиб ўлтурдилар. Хожанинг олиға бетакаллуфроқ дастурхон солмишлар. Бу жиҳаттин ҳазрат Хожанинг хотириға нима келмиш. Мулло Бобо менинг сари боқиб ишорат қиладур. Мен ҳам имо билан дедимким, мендин эмастур. Дастурхон солғувчи тақсир қилибтур. Хожа фаҳм қилиб, бу узр масмуъ тушди. Қўптилар (турдилар). Узата чиқтим. Ушбу уйнинг долонида ўнг қўлимдин ё сўл қўлумдин тутуб андоқ кўтардиларким, бир оёғим ердин қўпти. Туркий дедиларким, Шайх маслаҳат берди. Ўшул неча кунда ўқ Самарқандни олдим”. Хожа Убайдуллонинг Бобуршоҳнинг кўтариши кўп ўтмай Самарқандни Шайбонийхондан тортиб олинишига, азизлар темурийзодани доимо қўллабқувватлаётганига ишора эди. Албатта, бу “сирли” туш воқеалари Бобур Мирзонинг улуғ нақшбандий пири Хожаи Эшон ҳар доим қўллаганини, асраганини англатади.
Яна бир сирли воқеа диққатимизни тортади. Бир куни Бобур оғир иситма дардига дучор бўлади. Касалликдан қутулишни ўйлаб, ўзининг руҳий мададкори, пири – Хожа Аҳрор Валийнинг “Рисолаи волидия” асарини шеърий йўл билан форсчадан туркий тилга ўгиришни ният қилади. Асар таржима қилиб бўлингач эса, темурийзода дарддан буткул фориғ бўлади.”Тенгри инояти била ҳазратнинг ҳимматидан, панжшанба куни ойнинг йигирма тўққизида андаке афсурда бўлди, ўзга бу аризададин (касалдан) халос бўлдум”. Мана сизга пирлар пирининг ғайриоддий кароматидан яққол намуна.
“…Руҳимдан мадад топгайсан…”
Ҳасанхожа Нисорий “Музаккари аҳбоб” тазкирасида тушида Алишер Навоийнинг кўрганини ҳикоя қилади: ”Воқеа (туш)да Ҳазрати Мир муаллиф (Нисорий)дан: “Бизнинг аъшоримиздан бирон нарса ёд билурмисан?” – деб сўрадилар. Фақир (Нисорий) аларнинг ушбу шариф мақтаъсини ўқидим. Мақтаъ:
Эй Навоий, сен киму меҳробу масжид истамак,
Қайдаким, хўблар оёғин қўйса сен бошингга қўй.
Илтифот қилиб, бу камина ҳаққига ушбу матлаъни ўқидилар. Матлаъ (Таржимаси):
Бирон ишда кимдандир халал етса,
Менинг жонбахш руҳимдан мадад топгайсан”.
Демак, бундан хулосаки, гарчи улуғ авлиёлар дунёдан ўтсаларда уларга эргашган кишиларни ғойибнинг қўли билан қўллайдилар. Юқоридаги воқеадан Навоийга эргашиб, тазкира яратган Нисорий ҳам “Авлиёлар авлиёси”нинг назарида эканлиги, керак бўлса, қўллаб–қувватланиши ойдинлашади.
“Бошқа қиёфага кирган авлиё”
“Тарихи Рашидий”да ёзилишича, “Ҳазрати Мавлоно Жомий ”Нафоҳат ул-унс”нинг бир ерида келтирубдурларки, Ҳазрати Хожа Убайдуллоҳ қадда саллоҳ ул азиз бу фақир (Жомий)ға ўзининг Хуросондин Ҳисорға келганларини ҳикоя қилдилар. Ва айттиларки, вақтеки Ҳазрати Мавлоно Ёқубнинг мулозаматиға Ҳисорнинг тобеи Ялафтуға дохил бўлдим, аввалқи мартабада хизматлариға мушарраф бўлдум. Ниҳояти дуруштлуқ (қўполлик) бирла чиқди ул мартабадаки ботиним (узулиш) мунқатеъ бўлғай. Аммо тааммул қилдим ва айттимки, йироқ йўллардин меҳнат билан бузрукворнинг хизматлариға келдим. Бу дуруштлиқнинг сабаби бордур.Чағониёнда баъзи бадандеша одамлар бор, нолойиқ сўзлар айтибдур бўлғай. Эҳтимол эшитган бўлсалар, ул сўзлар сабаб бўлғон бўлса деб. Ушбу хаёлда эрдимки, Ҳазрати мавлоно чиқдилар…
…Вақтеки сўз шу ерга етганида Ҳазрати Хожа менинг назарим (Жомий)да Мавлоно Саъдуддин (Қошғарий)нинг суратларида зоҳир бўлди. Мавлоно Саъдуддин менинг пирим эрди ва муддате бўлиб эрдики, оламдин интиқом (қазо) қилиб эрдилар. Бу мушоҳададин манга ажойиб ҳолате даст берди”. Аниқроқ қилиб айтсак, Хожа Аҳрор Абдураҳмон Жомийни ҳайратга солиб, оламдан ўтган пири ва муршиди Саъдуддин Қошғарий қиёфасида намоён бўлади. Яъни ўлган мўътабар зот сониялар давомида муриди ва шогирди кўз ўнгида тирик ҳолатда гавдаланади. Зотан, бундай каромат кўрсатиш, “хориқулодда хислатларни намоён этиш тасаввуф шайхларининг муҳим жиҳати ҳисобланган. Тасаввуфнинг сирлилиги ғайб олами билан алоқадорлиги ҳам шундандир”. (Н. Комилов. “Тасаввуф. Биринчи китоб”. Т. “Ёзувчи”. 1996 й. 61– б.) Навоий “Насойим ул-муҳаббат”да Хожа Аҳрор сингари “турли суратда кўриниш”ни авлиёларда зоҳир бўладиган ғайритабиий одатлар ва кароматлар сирасига қўшади.
“Урушларнинг олдини олиб…”
Хожа Аҳрор аразлашган ва урушишга қасд қилган султонларни яраштириб, қон тўкилишларнинг олдини олган. ”Тарихи Рашидий”да ёзилади: ”…Ул зимистон Сайрам бўлиб, ўзининг (Юнусхон) чўнг ўғли Султон Маҳмудхонни ўттуз минг киши бирла Султон Аҳмад Мирзонинг муқоталасига юборди, етиб келиб жанги азим пайдо қилдилар. Вақтики бу хабар Ҳазрати қутби доираи иршод, маҳбуби Ҳазрати Илаҳ Хожа Носириддин Убайдуллоҳға етти, улар киши юбордиларки, бизлар ҳам борамиз, деб. Ондин бу хабар уч султонга етти. Ҳамма ўз жойларида турдилар. Вақтеки, Ҳазрати Эшон етиб келиб, Мирзо Султон Аҳмад лашкарига тушдилар. Ва хон (Юнусхон) ва Умар Шайх Мирзо анинг олдиға киши юбордилар, сулҳға турдилар. Ва уларнинг муборак нафасларини ҳеч киши рад қилолмади, анинг учунки, аҳлуллоҳға фано даст бериб ўзлукидин чиқибдурлар, ҳар нарсаки улардин вужудга келса, ани қилғучи ҳақиқатда Ҳақ таоло ўзи бўлғай. Қандоқ кишики Ҳақ таолоға саркашлик қилмоқға мажол бўлғай, ҳосил улки, бу уч подшоҳки ҳар қайсиси ўз мақсудининг пайида лашкар рост қилибдурлар, ул Ҳазрат келиб ҳаммаларига таскин берди. Бу уч подшоҳни ўлтурғузуб ҳар бирига аҳд ва шарт буюрдиларки, қилдилар. Тошкандни Юнусхонга бердилар. Ва Умар Шайхга Фарғонани амр қилдилар. Султон Аҳмад мирзоға Самарқандни бердилар”. Мирзо Ҳайдар ҳақ. Ҳеч бир ҳукмдор Ҳақ таолонинг дўстлари – авлиёлар гапини икки қилолмаган. Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов “Тарихий хотирасиз келажак йўқ” асарида бу табаррук зот ҳақида шундай ёзади: ”Бу мутафаккир зот (Хожа Аҳрор Валий) ўз даврида 20-30 йил мобайнида Марказий Осиё халқларини бирлаштириш, сиёсатчиларнинг бошини қовуштириш орқали ҳар хил тўқнашувларнинг олдини олиш учун бор куч-ғайратини сарфлаган, унинг юксак обрў – эътибори бунда ҳал қилувчи аҳамият касб этган.”Шайхлар шайхи”, деб ном олган бу улуғ зотнинг гапини бирор ҳукмдор, ҳоким, шаҳзода икки қилмаган. Нега деганда, халқ уни бошига кўтарган. Биз ҳам бундай азиз аждодимизни бошимизга кўтаришга тайёрмиз” (И. Каримов. “Тарихий хотирасиз келажак йўқ”. Т. ”Шарқ” НМК БТ. 1998 й. 23-б.).
Навоий ҳам Султон Ҳусайн Бойқаронинг фарзандлари отасига қарши исён кўтарганда, ота-болаларни яраштиришга, урушнинг олдини олишга ҳаракат қилганлиги тарихдан маълум. Иззат Султон “Навоийнинг қалб дафтари” асарида ёзишича, “Султон Ҳусайнда, Ҳиротдаги тинч ҳаётни ташлаб, ўз ихтиёри билан янги бирор юртни босиб олишга жўнаш орзуси туғилганда ёки у тахт даъвосини қилувчи темурийларга қарши қўшин тортишга мажбур бўлганида, Навоий бу сафарларнинг кўпида шахсан иштирок этар ёки пойтахтни сақлаш ва идора этиш учун Ҳиротда қолар эди. Навоий кўпроқ ҳарбий юришларда душманларни яраштириш ниятида қатнашар эди.
Айниқса Бадиуззамон каби, отасига қарши кўп мартаба бош кўтарган, шаҳзодаларни отаси билан яраштиришга Навоийнинг кўп вақти ва дипломатик маҳорати сарф бўлди”.
“Ҳазрат Хожанинг муридлари шу қадар кўпки…”
Бу икки авлиёнинг ўз замонасининг ҳукмдорлари ўртасида обрў эътибори ниҳоятда юқори эдики, Оққуюнлилар султони Яқуб Мирзо Усмонлилар султони Боязид 2 ва Шервоншоҳ Фаррух Ясорлар эътиқоди баландлигидан Навоий билан ёзишмалар олиб боришган, элчилар юборишган, янги асарларни ўқиш учун жўнатишни илтимос қилишган. Қатор салтанат соҳиблари сингари Султон Ҳусайн Бойқаро Навоийни ўзига пир ҳисоблаган.
Хожа Аҳрор Валий ҳам ўз замонаси ҳукмдорларининг пири муршиди саналган: ”…Ҳазрат Хожага онча мукнат (салоҳият) даст бердики, маълум эмаски, машойихдан ҳеч кимга ул даст (қўл) берибдур ё йўқ. Йўқки ёлғуз Мовароуннаҳр салотини, балки Хуросон ва Ироқ ва Озарбайжон, ҳаттоки бир соридин Рум ва Мисрғача ва бир соридин Хито ва Ҳиндғача барча мулук ва салотин ўзларин Хожанинг маҳкуми ҳукми ва маъмури фармони бирла тутарлар эрди ва руқъалари бу салотинға онча муяссир эрдиким, аларнинг аҳкоми ўз худдомиға бўлмағай ва Ҳазрат Хожага зоҳир жамияти барча абнои замондин кўпрак воқе эрди”. Абу Саид Мирзонинг фарзандлари – Мовароуннаҳр ҳукмдорлари, мўғул хонлари, туркий сулолалар султонлари Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг муридлари эди. Буни Абу Тоҳирхўжа “Самария” асарида ҳам тасдиқлайди. ”Барча кучли ва азаматли ҳоқонлар хожага қуллик, фармонбардорлик ва ихлоскашлик камарини белларига боғлагандирлар. Хонлар, бошларида хонлик жилғаси ва белларида подшоҳлик камари бўлгани ҳолда, унинг узангусида яёв югурар эканлар. Хожанинг эшигидаги хизматчиларга қарши озгина одобсизлик кўрсатган киши давлат ва мамлакатдан, балки тириклик ва соғлиқдан ажралиб, замонанинг ибрати бўлур экан. Валоят (валийлик) ва тасарруфининг кучлигидан халқнинг ичи ва тошига эга бўлиб, истаган йўлига бошқарар экан. Хожа ички ва ташқи гўзалликлар билан безанган бўлиб, ички нисбатида шунча ширинлик бор эдиким, унинг бандига тутилганларга туганмас лаззат ва битмас ҳаловат муяссар бўлур экан.Чунончи бунинг шоҳиди мазорининг зиёратидирким, ўлган кўнгилни ва титилган юракни тирилтиради”.
Хожалар корхонасининг хожаси,
Бахтлиларнинг қибласи Убайдуллоҳдир.
Ўз замонасининг султонлари пири комил Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор билан маслаҳатлашар, айтган сўзидан чиқишмас, унинг ҳузурига элчилар юборишар ва у билан хат ёзишиб туришарди.Навоий бу ҳақда жумладан шундай деди:
Йўқки мамоликка нигаҳбон ўлуб,
Барча салотин уза султон ўлуб.
Руқъалари етса не шаҳ қошига,
Иш ани қўймоғлик ўпиб бошига.
Шунингдек, мурид – ҳукмдорлар хонадонида фарзанд дунёга келганда бу улуғ зот шаҳзодаларга исм қўйиб берган. Ҳофиз Таниш Бухорийнинг ёзишича, Маҳмуд Султон Туркистон мулкининг шайх ул-машойихи Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Валийдан ўз ўғлига ном қўйишни сўраган. ”Ўз номларини беришлари ул зотнинг зўр марҳаматларидан бўлдики, шунинг учун унинг (Убайдуллахоннинг) бебаҳо асарлари ва яхши номларининг оқибати оламда боқийдир”. Бобур Мирзо туғилганда Қутбул авлиё исм қўйиб бергани ”Тарихи Рашидий”да ёзилади. ”(Умар Шайх Мирзо) Ҳазрати Эшон қаддасаллоҳу сирраҳудин от қўймоқни сўрадилар. “Заҳириддин Муҳаммад деб от қўйинглар”, – дедилар”. Бобурнинг она томондан бобоси Юнусхон ушбу исмни айтишга қийналгани учун шаҳзодани Бобур (Йўлбарс) деб атай бошладилар.
Жиловбардор подшоҳлар
М. Маҳмуд Навоийнинг Султон Ҳусайн Байқарога “Хамса” топшириш пайтини қуйидагича тасвирлайди. “Ҳусайн Бойқаро ўзига аталган “Хамса”ни Навоий қўлидан қабул қилиб олар экан, кўпдан бери айтмоқчи бўлган орзусини изҳор этиб, ” Бир можаро сиз билан бизнинг орамизда аллақачондан бери ҳал бўлмас эди, бугун шу ишни бир ёқлик қилайлик. Сиз менинг пирим бўлинг ва мени муридликка қабул қилинг”, – дейди. Бунга жавобан Навоий ”Ё Олло, ё Олло, бу қанақа сўз бўлди!.Йўқ, йўқ! Сиз бизнинг муршидимизсиз, биз эса сизнинг муридингизмиз”, – дейди. Шунда ҳукмдор ”Муршид ўзи нимаю, мурид ўзи нима?” – деган саволни ўртага ташлайди. Шоир ”Муршиднинг хоҳиши муриднинг хоҳиши бўлиши керак”, – деб жавоб берар экан, шоҳ ”Агар мен пир бўладиган бўлсам, менинг хоҳишим шундай бўлади”, – деб, мулозимларга оқ отни эгарлаб келтиришни буюради. От келтирилгач, Ҳусайн Бойқаро унинг жиловини ушлаб, Навоийни минишга таклиф этади. Шоирнинг отга минишдан бошқа иложи қолмайди. Шоҳ эса одатга кўра муридларча (яъни ўша замон одатига кўра, пир отлиқ йўлга чиққанда, икки мурид эҳтиёт юзасидан от жиловининг икки томонидан ушлаб борган) жиловдор бўлиб, отни етаклай бошлади. “Бадоеъул-вақоеъ”да ёзилишича, шу пайт Навоий ҳушидан кетади. Уни эгардан кўтариб оладилар. Хожа Аҳрор Валий билан ҳам худди шундай воқеа рўй берган. Яъни Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор отда юрган вақтда Султон Абу Саъид Мирзо унинг ёнида пиёда борган.
“Сиз борсиз, юрт тинч…”
Иккала шахс ҳам ўз мамлакати аҳолиси ва қўшни мамлакатлар ҳукмдорлари ўртасида нуфузи ва мақеининг кучлилигидан “Юрт тинчлиги ва осойишталиги кафолати ҳисобланишган. Ҳеч бир қўшни мамлакат ҳукмдори Навоий ёки Хожа Аҳрор Валий яшаган юртга лашкар тортишга юраги бетламаган. Ана шуни пайқаган ва чуқур англаган шайхлар шайхини пири деб тан олган Султон Абу Саид Хожа Аҳрорни 1451 йилда Тошканддан Самарқандга чақириб олади. Тўғрироғи, Абу Саид Тошкентга борганида Хожа Аҳрорга қўл бериб мурид тушади ва пирнинг ғайбий мадади билан Мирзо Абдуллони енгиб, Самарқандни эгаллагач, аёлиёлар йўлбошчисини Амир Темур пойтахтига кўчириб олиб келади. Султон Абу Саид Хожа Убайдуллоҳ дуосини олиб, Шоҳрух Мирзо салтанатининг (Хуросон ва Мовароуннаҳр) ҳукмдорига айланади. ”Султон Абу Саиднинг истаги ва илтимоси билан Самарқандга кўчиб келиб, Хожа Кафшир маҳалласида тура бошлади”, – дейди бу боради Абу Тоҳирхўжа.
Абдуллатифнинг ўғли Муҳаммад Жўги Абу Саиддан енгилиб, Шоҳруҳияга беркинганда ёки Абулқосим Бобур Балхга ҳужум қилган подшоҳни таъқиб қилиб, Самарқандни қирқ кун қамал қилганида, темурийлар пирининг юзидан ўтолмаган мирзолар сулҳ тузишга рози бўлишади. Абулқосим Бобур Хуросонга қайтади, Жўги Мирзо эса таслим бўлади. Бу ҳам ўз навбатида Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор аҳоли осойишталиги ва қирғинбаротларнинг олдини олиш йўлида жонбозлик кўрсатганидан далолатдир.
Султон Ҳусайн Бойқаро эса Хуросон тинчлигининг устунларидан бўлмиш дўсти Навоийнинг мамлакатни муайян вақт тарк этишига, ҳатто ҳажга бориб-келишига унамайди. Ваҳоланки, Навоийни муборак ҳаж зиёратига юбормасликнинг бош сабаби ҳам ана шу эди. Ва ниҳоят 1500 йилда махсус фармон билан ҳажга рухсат этилган бир пайтда Хуросоннинг улуғлари, машойихлари, олимлар ва иршод аҳли Навоий хонадонига келиб, ундан ҳажни кечиктиришни илтимос қилишади. ”Сизнинг баракалар ёғилиб турган шахсингиз Хуросон мамлакати вилоятларидаги тинчлик ва аҳолининг турли табақа ва гуруҳларига мансуб кишилар ўртасидаги осойишталикка сабаб бўлиб турибди… Айниқса, (ҳозирги пайтда) ўзбек подшоси Мовароуннаҳрга ҳужум қилган ва Амударёдан (жанубга) ўтишни мўлжаллаб турган, Ироқ ва Шомдаги вазият ҳам ўта нотинч, йўллар эса ўта хатарли бир чоғда, улуғ шариат қонунларига кўра ҳам бундай вазиятда ҳажга бориш вожиб ҳисобланмайди. Бу фақирларнинг (сиздан қилмоқчи бўлган) илтимоси шуки, бу йил ушбу сафарни амалга ошириш фикридан қайтсалар ва ушбу эзгу ишнинг савобини пиёда амалга оширилган етмиш ҳажнинг савобидан ортиқ кўрсалар”.
“Дунёга кўнгил қўймадилар”
Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ҳам, Алишер Навоий ҳам молу дунёга кўнгил қўймадилар. ”Ҳайрат ул-аброр”да Навоий Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорни Баҳоуддин Нақшбанднинг барҳақ халифаси (маънавий вориси) сифатида таърифлаб, деҳқончилик ва тижорат билан шуғулланганлигига қарамасдан, дунёдан кўнглини буткул узганлигини айтиб ўтади.
Гарчи тижорат бўлиб ойинлари,
Бўлмади бу мулкда таскинлари.
Юкларида туҳфаи нақди фано,
Ҳар бир ул нақддин истаб ғино.
“Сабъаи сайёр”да Навоий тушида Баҳромшоҳ билан учрашар экан, Эрон подшоҳи авлиёлар авлиёси ҳақида жумладан шундай дейди: ”…Халқнинг айтишича, сен (Навоий) дунёга қизиқмас эмишсан, дунё ишидан нохурсанд бўлиб, ундан қисилар экансан… Ҳатто дунё молига нафрат назари билан қарар эмишсан…” Инчинун, бу икки валий – комил зот ҳам ўткинчи дунёга кўнгил қўймай, охират тадоригини кўриб, Яратган висолига интилганлар.Чунки бу дунёга келишдан мақсад ҳам Навоий таъбири билан айтганда, “камолот касб этиш – Ҳақ таоло жамолини кўриш”дир. Ҳойнаҳой, тасаввуф таълимотининг бош мақсади ҳам комил инсонга айланишдир.
“ЎЛИМ ҚОТИЛИ” ЁҲУД СУЛТОН АҲМАД МИРЗО ВА НАВОИЙ
Тарихимизда Мовароуннаҳр ҳукмдори Султон Аҳмад Мирзо даври деярли ўрганилмаган. Аммо тарихий маълумотлар ушбу султон замонида Самарқандда илму маърифат,маданият ва маънавият ривожланганлигидан сўзлайди.
“Бобурнома”да Бобур амакиси Султон Аҳмад Мирзо тўғрисида ёзар экан, Мовароуннаҳр подшоҳининг баҳодирлиги, юксак ҳарбий қобилияти ва мерганлигига алоҳида тўхталади: ”Ўқни бисёр яхши отар эрди. Илбосунга ўқи ва тиргази аксар тегар эди. Қабақни майдоннинг ул боши, бу бошидан кириб аксар урар эрди… Қушчи киши эрди, қуш ҳалаба солур эди, яхши солур эди. Улуғбек мирзодин сўнг онча қушчи подшоҳ йўқ эди”. Ҳерман Вамбери ҳам тарихларда сарканда Султон Аҳмадга мўғиллар тарафидан “Ўладшо”(Ўлим қотили) унвони берилганлигини ёзар экан, бундан унинг етук ҳарбий ва салоҳиятли қўмондон бўлганлигини билиш мумкин. Дарвоқе, мўғил ҳарбийлари жангларда ўзининг жасурлиги, ботирлиги ва баҳодирлигини намойиш этиб, ёвни яксон этиб, маҳорабадан қўли баланд ҳолда эсон– омон чиққан Султон Аҳмадга қойил қолиб, унга ушбу унвонни беришган.
Йигирма етти йил Самарқанд тахтига ўтирган Султон Аҳмад Мирзо замонида тинчлик-осойишталик ва фаровонлик ҳукм сурди; ”Самарқанд аҳликим, йигирма –йигирма беш йил Султон Аҳмад Мирзонинг замонида рафоҳият ва фароғат била ўткариб эрдилар”дейди Бобур. Айрим тарихчилар Амир Темур ва Мирзо Улуғбек замонидан сўнг Самарқанд илму маърифат ва маданият чироғи сўнган, дейишади. Агарда ҳақиқатан ҳам рўйи замин сайқалида илму-маърифат нури сўнганида Жомий ва Навоийдек улуғ зотлар Самарқандга илм ўрганиш учун келишармиди? Шуҳрат Сирожиддиновнинг ёзишича, 15 асрнинг иккинчи ярмида Самарқанд илм-фан маркази сифатида ўз аҳамиятини йўқотгани борасидаги рус олимларининг таъкидларини баҳс доирасига тортишнинг ҳожати йўқ. Чунки бундай қарашлар анча йиллар олдин академик Воҳид Абдуллаев томонидан анча жиддий қораланган ва етарлича далиллар асосида унинг акси исботлаб берилган эди.
Бу даврда Самарқанд обод диёр бўлиб, Мирзо Улуғбек томонидан асос солинган жаҳоний илм-фан маркази анъаналари ҳали сўнмаган, исломий илмларнинг алломалари ҳануз ҳанафийлик таълимотини мукаммал ўқитиш билан банд эди”. Албатта шаҳарнинг гуллаб яшнаши ва ободлигида Бобур тили билан айтганда, ”камсухун ва фақир ва одми” Султон Аҳмад Мирзонинг катта ҳиссаси бўлганлиги шубҳасиз. “Мажолис уннафоис”да Султон Аҳмад Мирзо даврида яшаган кўплаб шоирларнинг тавсифланиши Самарқандда ўша даврда нечоғлик маданият тараққий этганини тасдиқлайди. Мисол учун, биргина Мир Қаршийнинг саҳҳофлик дўконида шеърият аҳлининг жам бўлиши, шеърхонликлар ўтказилиши самарқандликларнинг юксак таъби ва маънавиятидан дарак беради. Навоий Мавлоно Юсуф ҳақида ёзар экан, жумладан шундай дейди: ”Фақир(Навоий) таҳсил учун Самарқандға борғонда, ул Андижондин келди ва анда фақир била бўлур эрди. Сиғари син жиҳатидин шеърида хомлик бўлса фақир ислоҳ қилур эрдим… Фақирдин ўзга киши анинг шеърида сўз айта олмас эрди”. Ушбу далилдан ҳам Султон Аҳмад Мирзо даврида Самарқандга илм ўрганиш учун турли юртлардан толиби илмлар келганлиги ойдинлашади. Ҳақиқатан кўплаб талабалар сингари Навоий ҳам Самарқандга келиб, қомусий билимлар соҳиби, иккинчи Ибн Сино лақабини олган Хожа Фазлуллоҳ Абуллайсий ҳузурида илм олиш билан шуғулланган ва худо берган истеъдоди билан устознинг таҳсинию мақтовига сазовор бўлган.
Ҳерман Вамбери Мовароуннаҳр Султон Аҳмад ҳукумати вақтида хийла узоқ вақт тинчлик ва саодатда яшаганлигига урғу берар экан, ”зотан Мирзо Улуғбек, Бойқаро саройи доирасидаги маориф зиёси, гарчи бошқа бир жиҳатга боғланган бўлсада, бу тарафларни, Зарафшон соҳилларини ёритмаслиги мумкин эмасди, дейди.
Саройлар,ибодатхоналар, мадрасалар, умумий ҳаммомлар қурилгани ҳақида Султон Аҳмад тарафидан кўрсатилган ибратга мўътабар бойлар орасидан чиққан ташаббускорлар қўшилди.Шулар жумласидан Дарвеш Муҳаммад Тархоннинг Самарқанддаги “сафолиғ ва ҳаволиқ ва мадди назарлиқ чорбоғи”ни кўрсатиш мумкин.Нарвонлар билан кўтарилган ва ёнида ғоят гўзал бир чаманзори бўлган бу саройнинг фавқулодда дилрабо эканини Бобур баён этган.
“Бобурнома”да Султон Аҳмад Мирзонинг мадрасада ўқимаган, содда қилиб айтганда оми ёки саводсиз эканлиги ёзилади: ”Ҳеч нимарса ўқиғон эмас эди, оми эди. Бовужудким шаҳрда улғайиб эди, турк ва содда эди. Табъдин баҳраси йўқ эди. Одил киши эди. Ҳазрат Хожа(Хожа Аҳрор)нинг ҳам аёғлари арода эди. Аксар муҳиммот шаръ тарийқи била файсал топар эди. Аҳд ва қавлиға рост ва дуруст эди. Ҳаргиз андин хилофе зоҳир бўлмади”.
Ҳаёли ва пок эътиқодли бу кишининг мураббий ва муқаввийси, маслаҳатгўйи, пиру муршиди Хожа Аҳрор Валий эди. Аммо Бобур оми деб тилган олган бу подшоҳни ўраб олган яқин кишилари Хожа Убайдуллоҳ авлиёлар султони, Аҳмад Ҳожибек шоир, Дарвеш Муҳаммад Тархон китобсевар, шаҳмат устаси ҳамда қуш илми билимдони, Сайид Юсуф ўғлоқчи қўбизчи-созанда, Дарвешбек созанда ва шоирлиги ҳайратланарлидир. Негадир ,беш вақт намозни тарк этмаган, теварак –атрофини зиёлилар қуршаб олган, Хожа Аҳрор валийдек зотнинг муриди саводсиз бўлганига ишониш қийин. Балки Бобур амакисини мактаб кўрмаганлиги учун шундай хулоса келгандир. Ахир Султон Абу Саъиднинг тўнғичи ва валиаҳди Аҳмад Мирзо саройда тажриба устозлар қўлида ҳам ўқиши мумкин эди-ку?!
“Баланд бўйлуқ, қунқор сақоллиқ, қизил юзлук” Султон Аҳмад Мирзо вафотидан сўнг йигирма етти йил “тинчлик ва осойишталик қўрғони” га айланган Мовароуннаҳрда яна тахт талашишлар, ур –йиқитлар ва урушлар, нотинчликлар авж олди. Бобур Мирзо бу ҳақда шундай дейди: ”Самарқанд аҳликим…бу навъ зулм ва фисқдин бажону дил озурда ва ранжида бўлдилар… ”Подшоҳнинг ишини давом эттирадиган валиаҳдининг йўқлиги осойишта ўлкани таназзулга етаклади.
Тарихий манбаларда Шайбонийхон Султон Аҳмад Мирзонинг навкари бўлганлиги ҳақида маълумотлар учрайди. ”Тарихий Рашидий”да қуйидаги қайдларни ўқиймиз: ”Шоҳибекхон (Шайбонийхон) тафриқа ва аввора бўлғонидин кейин тўла бечоралик тортиб, ночор Мовароуннаҳрга келди. Шу вақтда Султон Абу Саъид мирзонинг ўғли Султон Аҳмад мирзо Мовароуннаҳрға подшоҳ эрди. Ўзлари тўла улуғ давлатманд киши эрди. Бу жиҳатидин ҳар тариқалиқ подшоҳ ва беклар бу подшоҳнинг хизматлариға роғиб эрди. Бу жумладин Амир Абдулали тархон Бухорои шарифда подшоҳ эрди. Шоҳибекхон уларнинг хизматиға борғанда ани мулозимлари қаторида қилиб эрди. Мундин бўлак подшоҳлар ҳам анинг хизматини ихтиёр қилиб эрди. Султон Аҳмад мирзонинг ниҳоят улуғлиқини шу ердан қиёс қилғали бўлур, токи Мирзо ҳаёт эрди Шоҳибекхон Амир Абдулали тархоннинг мулозимларининг қаторида турди”. Яъни тарихчи Мирзо Ҳайдар айтмоқчи, Султон Аҳмад вафот этгач, Шайбонийхон янги давлат қуришга фурсат етганини сезиб, Туркистонга кетди ва куч тўплаб, Мовароуннаҳрни эгаллади, Султон Аҳмаднинг тириклигида эса у бунга ботинолмасди.
Мирзо Ҳайдар ҳақ, Хондамир ҳам Султон Аҳмад Мирзо қўшинида улуғ инсонлар, жумладан Навоий хизмат қилганини ва Амир Султон Ҳасан Арҳангийнинг навкари бўлганини тасдиқлайди: ”Бир куни юқори мансабли Амир(Навоий) кўпгина сарой амирлари ҳузурида арз қилиб келган кишиларнинг арзларини тинглаб ўтирганларида, тўсатдан садрлик каби олий мансабга етишган Мавлоно Қутбиддин Хавофий келиб қолди ва ўта безовта бир ҳолда, арз қилиб келган кишилар орасидан жой олди-да, олдин менинг арзимга қулоқ солинг, деди.
Ул олий Ҳазрат ҳол-аҳвол сўраш ва меҳрибончилик кўрсатиш орқали жаноби Мавлавийнинг ғазабини сўндиришга уриндилар ҳамда уни ўз ёнлариға ўтирғизиб, нимадан шикоят қилиб келганини сўрадилар. У шундай жавоб берди:
–Хожа Ҳусайн Кирангий мени қаттиқ ҳақорат қилди. У менга, сен илгари Мавлоно Муҳаммад Муаммоий навкарларидан бири эдинг, деди.
Ул Ҳазрат бу гапни эшитиб, ажабландилар ва кулган ҳолда муборак тилларига қуйидаги сўзларни келтирдилар:
–Бу гапдан ачиқланиш ва даъволашишнинг нима кераги бор!? Агар ўша Хожани бу ерга чақириб, ушбу даъвони кўриб чиқадиган бўлсак, унинг айтганлари тўғри бўлиб чиқади. Тўғри гапдан хафа бўлиш эса ақлга тўғри келмайдиган ишдир.
Шундан сўнг ул ҳазрат(Навоий)нинг ўзлари ҳам Султон Саъид Мирзо Султон Абусаъид(яъни ўғли Султон Аҳмад Мирзо қўшинида-муаллиф) ҳукмронлиги замонида Амир Султон Ҳасан Арҳангий навкари бўлганликлари сабабли шундай дедилар:
–Илгари Амир Султон Ҳасаннинг навкари бўлган мен(Навоий) эндиликда амирлик каби муҳим мансабга эришганлигимга ва ноиблик каби юқори лавозимга етишганлигимга қарамасдан, ҳали ҳам у кишининг хизматида бўлишдан ор қилмайман, балки агар имкони бўлса, (у кишига) олдингидан ҳам кўпроқ хизмат қилиб, ўзимнинг у кишининг қуллари жумласидан ҳисоблайман.
У ерда ҳозир бўлганлар бу гапларни эшитиб, ул ҳазратнинг бениҳоя камтарлиги ва хушфеъллигидан ҳайратга тушдилар.
Хўш, Ҳазрат Навоийнинг Султон Аҳмад Мирзо нима алоқаси, бор дейсиз? Навоийшунос Шуҳрат Сирожиддиновнинг ёзишича, Алишер Навоий Ҳусайн Бойқаро саройига чақирилгунга қадар уч султон хизматида бўлади: Абулқосим Бобур, Абу Саъид мирзо ва Султон Аҳмад Мирзолар. Бу даврда етти иқлимга донг таратган Навоийдек ижодкорнинг Хожа Аҳрорнинг муриди бўлмиш Султон Аҳмад ўз саройидаги мажлисларга таклиф этиб, ғазалларига мафтун бўлган бўлса ажаб эмас. Негаки султоннинг пири Хожа Аҳрордек авлиёлар султони Навоийнинг яқин суҳбатдоши, устози ва дўсти ҳисобланган. Айрим навоийшунослар Навоий Самарқанддда қийналиб яшаган дейишади. Аммо ўз даврининг қудратли давлатмандлари ва султоннинг яқин кишилари Амир Дарвеш Муҳаммад Тархон, Амир Аҳмад Ҳожибек ва қутбул авлиё Хожа Убайдуллоҳ Навоийнинг яқин суҳбатдошлари ва дўстлари бўлганлигидек келиб чиқсак, уларнинг мутафаккирни зўрға кун кўрганига индамай қараб туришгани мантиққа тўғри келмайди. Қолаверса “Бобурнома”да яхши инсон сифатида тилга олинган Султон Аҳмад Мирзонинг ўзи ҳам шоирлар султонига ҳомийлик қилгани ҳақиқатдан йироқ эмас. Аммо бу ҳақда ҳеч нарса ёзилмаган. Мирхонд “Равзатус –сафо” асарида ёзади: ”Амир Алишер… Хуросондин беҳиштмонанд Самарқандга бориб, Хожа Жалолиддин Фазлулло Абуллайсий хонақоҳида турди ва авқотини(вақтини) аксари китоб мутолаасиға масруф тутиб, гоҳо Амир Дарвеш Муҳаммад Тархон ва Амир Аҳмад Ҳожибек билаким, Мовароуннаҳрнинг соҳиб ихтиёри(ҳукмдорлари) эрдилар, ихтилод этти(бирга бўлди). То бу айёмдаким, мирзо Султон Аҳмад(Мовароуннаҳр ҳокими) ҳоқони мансурнинг(Султон Ҳусайн) Хуросонға юруш қилғони учун, Аму суйидин убур кўрғузди(ўтди), Амир Алишер доғи ўрду (қўшин) билан сафар оҳангин тузди”. Навоий Султон Аҳмад Хуросонга юриш қилиш мақсадида Амударёдан ўтганда, у билан бирга эдики, Абу Саъид Мирзонинг вафоти тўғрисидаги хабар етиб келиши билан ҳукмдордан рухсат олиб, Ҳирот томон йўл олади.
Мухтасар қилиб айтганда, Навоий Самарқандда тахминан 1465– 1469 йилларда яшаган. Аммо Шуҳрат Сирожиддинов манбаларда Навоийнинг Самарқандга келиш санаси кўрсатилмаганлигини айтади. Хуллас яна мавҳумликлар ва ноаниқликлар кўп. Гап шундаки, тадқиқотчилар томонидан бу борада шоирнинг Самарқандда яшаган даври ҳамда Султон Аҳмад, Амир Аҳмад Ҳожибек, Амир Дарвеш Муҳаммад Тархон билан муносабатларини ўрганиш ва кўплаб саволларга ойдинлик киритиш талаб этилади. Бу эса ўз навбатида Буюк Навоийнинг таржимаи ҳолини янги маълумотлар билан тўлдиради.