Текст книги "Авлиёлар авлиёси"
Автор книги: Шерхон Кораев
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 9 (всего у книги 14 страниц)
Ёмғирга суянган маҳбуб
Хўш, Алишер Навоий ўз асарларида тилга олган “Олий мажлис” нима ўзи? Нега айнан бундай йиғинларни Алишер Навоий ва унинг замондошлари Олий мажлис деб тилга олган? Нима учун юксак иқтидор соҳиби бўлсада, Алишер Навоий ушбу Олий мажлисга ўз шеърларини “муҳокама қилиш учун”, деб тақдим этади? Ушбу адабий ҳайъат аҳли кимлардан иборат бўлган? Ушбу саволларга ойдинлик киритиш учун яна “Мажолис ун – нафоис”га мурожаат қиламиз. Алишер Навоий Султон Ҳусайн Бойқаро бошчилигидаги Олий мажлисда бўлиб ўтган бир воқеа тўғрисида қуйидагича сўз очади: ”…Мир Хусрав (алайҳи раҳма) ҳиндуча ашъорида бир ажиб – ғариб маъни айтубдур ва ул будурким: маҳбуб баҳор айёмида бир ён борадурмиш бўлғай ва ёғин жиҳатидан ер балчиқ бўлмиш бўлғай ва анинг аёқи балчиқдин тойиб йиқилур чоғида ғоят нозуклигидин ёғин риштасин мадади била тутиб қолмиш бўлғай…
Бир кун мазкур бўлғон тақриб била Султони Соҳибқирон Олий мажлисларида банда бу сўзни арз қилдимки, бир кун Мавлоно Лутфий Мир Хусравдан бу нав ғариб маъни нақл қилди… Мир Хусравнинг бу хаёлиға жаме табъ аҳли таъриф ва таҳсиндин ўзга ҳеч нима зоҳир қилмадилар, оё ул ҳазрат (Султон Ҳусайн Бойқаро) эътироз қилиб эркинлар. Олий мажлисда ер ўпиб, арз қилдимким, ул эътирозни гуҳарбор алфоздин эшитмак муроддур. Дедиларким, ул эътироз будурким, ул ёғин қатраси юқоридин қуйи иниб келадур, муқаррардурким, риштасиға дағи ҳамул ҳолдур. Риштаиким, майли қуйи бўлғай анинг мадади била йиқиладиғон ўзин асрамоғи маҳолдур.Ул Ҳазрат бу эътирозни нақл қилғоч, фақир билдимким, мен ва ҳар киши ҳамким, бу маънини эшитиб, таҳсин қилибдурбиз…” .Кўриниб турибдики, Навоий тилга олган Олий мажлисларда турли шеърлар таҳлил қилинган, баҳс – мунозаралар олиб борилган, адабий жараён ҳақида сўз юритилган. Навоий “Муншаот”даги 6 – мактубда “кўнгил денгизидан махфий дурлар Олий мажлисга шундай сочиладиким”, – дея унда янги, бадиий жиҳатдан мукаммал шеърлар ўқилишига урғу беради. ”Муншаот”нинг 16 – мактубида ёзилишича, “Бу паришон ҳолнинг тўзғиган хаёлида у Олий мажлис мулозимларига муносиб бўларли ва у ердаги кишилар эътиборига мувофиқ тушарли бирор фикр келмаган ва бирор нима ёзилмаган эди”. Кўриниб турибдики, бу йиғинларда ҳар қандай муаммо ёки масала кўриб чиқилмаган. Кун тартибидаги ҳар бир масала залвор ва салмоқ жиҳатдан муҳим аҳамият касб этган. Ҳусайн Бойқаро бошчилигидаги Олий мажлис аҳли кўтарилган масалалар юзасидан фикр – мулоҳазалар билдириш асносида Ҳирот адабий муҳити ва ундаги ўзгаришлар жараёни, асосий вазифалар белгилаб берилган. Хуросон ва дунё шоирлари ҳамда улардаги ютуқ ва камчиликлар ҳам рўй – рост таҳлил қилинганини ҳисобга олсак, Олий мажлиснинг яна бир вазифаси – адабий танқид кўз олдимизга келади.
”Мажолус ун– нафоис”га ёзилган изоҳларда Суюма Ғаниева юқоридаги лавҳани “Ҳусайн Бойқаро ҳузурида ўтадиган адабий анжуманлар (Навоий “Олий мажлис” дейди) ҳақида, уларда янги шеърлар, бадиият масалалари муҳокама қилиниши ҳақида тасаввур яратиб беради”, – деб таъкидлайди. Бундай йиғинларни Олий мажлис деб аталгани бежиз эмас. Биринчидан, бу йиғинлар Саройда, яъни Навоий ибораси билан айтганда, Олий даргоҳда бўлиб ўтган. Иккинчидан, бу йиғинларда Хуросон мамлакатининг интеллектуал салоҳиятли инсонлари бўлмиш олий зотлари, яъни ўз даврининг элитаси жамулжам бўлган. Учинчидан, бу мажлисларда ўз даврининг адабиёт соҳасидаги олий масалалари кўриб чиқилган. Шу боис, Низомиддин Мир Алишер Навоий ва унинг замондошлари бундай йиғилишларни мажлисларнинг олийси, деб аташган. Бизнингча, Султон Ҳусайн Бойқаро ҳузурида Олий мажлис фаолият юритганлиги учун Мирзо Муҳаммад Ҳайдар Аёзий таъбири билан айтганда, “Ул навъеки ул миқдор аҳли фазллар ва беназирлар ул замонда халойиқдин пайдо бўлибдурлар, тўласи Мир Алишернинг саъйи бирла жамъ бўлибдир”. Яъни Ҳусайн Бойқаро даврида илм, шеърият, маданият ва санъатга берилган юксак эътибор туфайли Ҳиротда шоирлар, олимлар, маданият ва санъат намоёндалари жам бўлдилар.
Одам қиёфасидаги дев билан кураша оласизми?
“Бадое ул-вақое”да ёзилишича, Султон Ҳусайн Мирзонинг бир мажлисида фозиллар ва аслзодалар йиғилган эди. Паҳлавон Муҳаммад Абу Саъид шу мажлисда оғир бир мусибатга ва маломатга қолганини гапириб қолди. Ҳазрати подшоҳ бу гапни суриштирди. Паҳлавон деди: “Ҳазрати подшоҳ, бу каминани Паҳлавони олам деб атайдилар ва менинг фахр этувчи бошимни шуҳрат авжига кўтарадилар. Бу лақабимни ўзимга татбиқ эта олмайман ва муносиб билмайман. Зеро, пойтахтда Паҳлавон Муҳаммад Молоний деган паҳлавон бор. Мен у билан кураш тушмаганман ва йиқитмаганман. Бас, шундай экан, мен бу лақабга қандай сазовор бўлай?” .Мирзо (Султон Ҳусайн) ва амир Алишер ҳайрат бармоқларини тишладилар ва дедилар: ”Эй паҳлавони олам, Муҳаммад Молоний башар жинсидан эмас. У одам суратидаги дев, Сиз у билан кураш тушсангиз бўладими?” Шу гап устида мажлисга Паҳлавон Муҳаммад Молоний кириб келди. Мирзо унга дедилар: ”Паҳлавони оламнинг сен билан курашгиси бор. Нима дейсан?” У деди: ”Худо ҳаққи, у кишининг бундай номаъқулчилигини хотирда тутаман. Шуни айтишга ўзимда журъат сезаманки, мен бу киши падари бузрукворининг камина шогирдиман. Бу маҳдум менга маҳдумзода бўладилар”. Ҳамма мажлисдагилар Паҳлавон Муҳаммад Молонийга таҳсину офаринлар ўқидилар.
Маънолар жавоҳирининг кони
“Мезон ул – авзон” асарида бундай мажлисларда қандай масалалар кўриб чиқилганлиги ҳақида сўз боради. ”…Чун ул Ҳазрат (Ҳусайн Бойқаро)нинг шариф мажлислари маънолар жавоҳирининг кони эрди ва ул зотнинг латиф табълари назм қоидалари мезонидир ва замон шоирлари олий даргоҳ (Олий мажлис)да ходим ва даврон зиёлилари ва зурафолари шоҳ даргоҳида мулозим эрдилар, мудом назм ва насрдин сўз юритилар ва доимо шеър ва муаммодин баҳс – мунозаралар, фикр – мулоҳазалар ёзиб борилар эрди ва ул Ҳазратнинг (Ҳусайн Бойқаро) дақойиқ шиор (нозиктабъ) табълари котиблар томонидан назм жавоҳирларининг кўчирилиши, кўпайтирилиши тарафдори эрди”. Алишер Навоий шундан сўнг Олий мажлисда Султон Ҳусайн Бойқаро томонидан Амир Хусрав Деҳлавий қаламига мансуб ўн саккиз минг мисрадан иборат шеърлар китоб ҳолига келтирилганлигини баён этади. Олий мажлис қарори билан кўплаб китоблар кўчирилган ва бу ноёб асарлар Ҳусайн Бойқаро кутубхонасидан жой олган. Султон кутубхонаси бошлиғи, шоир Мавлоно Фасиҳиддин Соҳибдоро Олий мажлисларга доимий иштирок этган. Ўз навбатида Олий мажлисда Султон Ҳусайн Бойқаро шеърият аҳлини қўллаб – қувватловчи фармонлар ҳам имзолаган. Алишер Навоийнинг кутубхонасида ҳам 70 нафардан ортиқ хаттот ва мусаввирлар қўлёзмаларни оққа кўчириш, уларни бадиий безаш билан банд эдилар.
“Сирож ул – муслимин”да ёзилишича, шоҳ мажлисларида қатнашиб юрадиган, зийрак шаҳзодалардан бири “Навоий шеърияти дилларни вайрон ва ислому дин уйини алғов – далғов қилади, жуда кўп хайрли ишлар амалга оширади, лекин булардан не фойда, яъни ҳисобга олармикан”, – деган фикрни айтади. Ана шу Олий мажлисда Навоийда “Ислом уйини маъмур” этадиган “Сирож ул – муслимин” асарини ёзиш ғояси пайдо бўлади. ”Муҳокамат ул – луғатайн”да ҳам бундай йиғинларда тилшунослик масалалари ҳақида сўз юритилганлиги айтиб ўтилади. ”…Бу тоифанинг кўпрак истилоҳ ва қавоидидин Олий мажлисда сўз ўтса, мухотаб бу фақир (Навоий), фасоҳат (ширинсухан) ва балоғат (камолот) аҳли натойижи таби (таби самараси)дин ҳар не мазкур бўлса, мушорун илайҳ бу ҳақир қилур эрдилар”. Абдураҳмон Жомий “Воситат ул-иқд” номли девонидаги “Яқуб султон номасига жавоб” қасидасининг иккинчи қисмида Султон Ҳусайннинг дарвешона мажлислари, тасаввуфга йўғрилган базмларини таърифлайди. Қасидадан Олий мажлисларда тасаввуф бўйича давомли суҳбатлар ҳам олиб борилганлиги аён бўлади.
“Ахир бу байт Навоийники-ку?!”
“Мажолис ун – нафоис”да Олий мажлисда рўй берган яна бир воқеа келтирилади. Қундуз ёки Ҳисор тарафдан келган Мавлоно Қобулий деган йигит Олий мажлисда қатнашиш бахтига мушарраф бўлиб, мажлис раисининг подшоҳона таҳсин ва эҳсонига муяссар бўлган эди. Бир куни бир туркий ғазал ўқиб, Навоий қўлига тутқазади.
Наъл кестим дарди афзун бўлдию кам бўлмади,
Доғи қўйдим сўзи кам бўлғай дебон, ҳам бўлмади.
Навоий кўнглига ўтирмаган байтни ўзи қайтадан ёзиб беради:
Сарв мойил бўлдиким, ўпгай оёғинг туфроғин,
Ёқса ҳар соат сабо таҳрикидин хам бўлмади.
“Алқисса, Қобулий бу шеърни битиб ноиблардин бирининг воситаси била Олий мажлисқа еткурибдур. Ул ҳазрат (Ҳусайн Бойқаро) ўқиғондан сўнгра дебтурларки, иккинчи байти анинг назми эмас… Фақир таажжуб қилдим, аммо лутфи йўқ эрдики, ул ғариб йигитким, бу шеърни ўткариб эрди, дегайменким, бу байтни мен айтибмен. Чун иқрор қилмадим. Муболаға била сўралди, ул Ҳазратқа чун равшан бўлиб эрди, инкор қила олмадим… Қобулийни топиб келтурсунларким, бу бобда анинг била мутойаба қилали. Филҳол ани топиб Олий мажлисда ҳозир қилдилар. Ҳазрат тахтга ўтириб, илтифот зоҳир қилиб, шеърини таҳсин қилдилар… Мажлис ниҳоятқа етти ва эл тарқалдилар. Оз киши маҳрамлардан қолди… Бу фақир (Навоий) ер ўпиб, арз қилдимким, бу раҳм ёлғуз анга воқе бўлмадиким, манга дағи бўлди”. Яъни воқеадан маълум бўладики, Олий Мажлис раиси, соҳиб давлат Ҳусайн Бойқаро Навоий шеърият услубини чуқур билганиданми, Қобулий ғазалидаги Навоий қаламига мансуб байтни “бу Навоийники”, деб аниқ айта олган. Пировардида, Навоий таъбири билан айтганда, Олий мажлис пешвоси Ҳусайн Бойқаронинг ҳусни хулқи, камол фазли ва баланд идроки, нозик табъ ва ўткир зеҳни намоён бўлмоқда.
Етти иқлимга овозаси кетган анжуманлар
Султон Ҳусайн Бойқаро Олий мажлисга ўзи сингари Хуросоннинг етук мутафаккирлари, шоиру фузалолари, маданият намоёндаларини бирлаштира олган. Навоий ва унинг замондошлари асарларини ўрганиш давомида яна бир ҳақиқат ойдинлашадики, Хуросоннинг зиёли халқи борки, ушбу Олий мажлисларда иштирок этишни орзу қилган.”Муншаот”нинг 75 – мактубида Навоий Олий Мажлис аҳли жумласидан бўлмиш Сайд Бадр, Мири Мўғул, Шоҳ Ҳусайн, Муҳаммад Кўкалтош, Мир Дарвеш Муҳаммад, Амир Афзалуддин Муҳаммад номларини келтириб ўтган. ”Мажолис ун –нафоис”да Навоий Жомий ҳақида ёзар экан, аҳли табъ унинг ҳикмати маъносининг юздан бирини англамагани таъкидлайди ва у “…Мажлисда назм тарийқида ҳамроз эрдилар ва наср услубида нуктапардоз”, – деб таъкидлайди. Бундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Жомий ҳам саройдаги адабий йиғинларда қатнашган. Шунингдек, ”Мажолис ун – нафоис”да Мавлоно Жомий тўғрисида ёзар экан, “У Ҳазрат подшоҳ мажлисида надимлик юзидан кўп элни тақлид ва ташбеҳ қилиш билан шуғилланганлиги”га, бу эса ўз навбатида таҳсину мақтовга сазовор бўлганлигига гувоҳлик беради. Хондамирнинг “Хулосат ул – ахбор” асарида ҳам бундай мажлислар Олий мажлис дея қайд қилинади. ”Мавлоно Муҳаммад Муъин машҳур табиблар жумласидан. Бирмунча вақт жаноб султон ҳазратлари (Султон Ҳусайн Бойқаро) яқин дўстининг дорушшифосида беморларни даволаш билан машғул бўлган. Ул олижаноб амир Алишернинг илтифот ва эътибори туфайли унинг (Ҳусайн Байқаро) Олий мажлисларига йўл топиб, яқин маҳрамига айланган”. Восифий “Бадое ул – вақое”да Султон Ҳусайн Мирзо Олий мажлиси тўғрисида тўхталади. Хожа Муҳаммад Тойбодий шундай ҳикоя қилади: “Бир куни Султон Ҳусайн Мирзо мажлисида Ҳофиз Ғиёсиддин Деҳдор фазилатлари ва камолоти ҳақида гап кетди. Жаноби амир Алишернинг Ҳофиз билан Гузургоҳ чорбоғида учрашгани ҳақида подшога бирма – бир гапириб берди… Мирзо кулиб дедилар: “Бундан табъининг латофати ва зарофати маълумдир. Бу кеча у киши билан суҳбат қурғумиздур. …Мирзо (Султон Ҳусайн Мирзо) мажлисда бўладиганлар номини ёзиб бердилар: Амир Алишер, Паҳлавон Муҳаммад, Хожаги Абдулло Марворид, Хожа Камолиддин Ҳусайн Низомулмулк, Амир Саййид Бадр, Мирқосим Туркигўй, Амир Жоний мавла, Амир Низом Муқаллид, ҳусн аҳлидан Қосим Мирҳусайний, Мирзойи Тарёкий, Тоҳир Чакка, Сарви Лабижўй, Моҳи Симноний, Мирак Заъфароний, Руҳулло пари, Шомуҳаммад хонанда. …Суҳбат бошланиши билан Ҳофиз Ғиёсиддинга ўз ҳиссиётларини изҳор этиш учун сўз берилди. Ҳофиз ўз ҳунарларини кўрсатиб, мажлис аҳлига шундай қилиқлар намойиш қилдики, мажлисдаги илму фан эгалари, ҳамма унга вола ва ҳайрон бўлдилар. Бу мажлисда Ҳофиз Басир бир ғазал ўқиди. Хожа Абдулла Садр Марворид қонунда бир куй ижро этиб берди. Кейин мажлис охиригача Ҳофиз Ғиёсиддин ўз санъатини кўрсатди…” “Сабъаи сайёр”да ушбу мажлислар тўғрисида Ҳусайн Бойқаро мадҳини қилинар экан, жумладан, шундай дейилади: ”Базмингга келган эл ичида белларини боғлаб шоҳлар хизмат қилади… Мажлис шон – шуҳрати шунчалик беҳадки, аҳли хирад (оқиллар) ҳам кўзларини ердан узолмай турадилар…” Олий мажлисларда “Мезон ул – авзон”да таъкидланганидек, ғазаллар ўқилишидан ташқари, кўплаб куй ва қўшиқлар ижро қилинган. ”Аммо бу латиф замонда ва шариф замонда бу суруд (ашула)ни …Султони Соҳибқирон (Ҳусайн Бойқаро) мажлисида айтурларким, анинг мулойимлиги ва хушояндалиғи васфга сиғмас ва таъсир ва рабояндалиғи (жозибали) сифатга рост келмас, балки ул Ҳазратнинг ихтиросидир…” Мирхонд “Равзат ус – сафо”да Паҳлавон Муҳаммад Абу Саид ҳақида сўз юритар экан, Султон Ҳусайн мажлислари тўғрисида сўз очади. ”Ҳамиша олиҳазрат ҳоқон (Султон Ҳусайн) мажлисларида ва олижаноб султон ҳазратлари яқин дўсти (Навоий) йиғинларида сўзамоллик билан машғулдур, соф таъблик ва тугал идрокли одам баъзан яхши шеърлар ва ёқимли муаммолар ҳам битарди”.
Бобур Мирзо “Бобурнома”да Олий мажлисни Султон Ҳусайн суҳбати деб тилга олади. ”Ва бир неча аҳли табким, ушбу подшоҳ Султон Ҳусайн доимул – авқот суҳбатдин айру қўймас эрди. Булардур: Шайх Зайн Садрким, Зайнуддин Хавофийнинг набираси эрди, хаддати таъби бор эрди, назм ва иншодин салиқалиғ ва ҳумоюн подшоҳ замонида умаролиғ ҳам топиб эрди… Ва Султон Муҳаммад кўсаким, Мир Алишернинг мусоҳибларидин эрдиким, подшоҳ Султон Ҳусайн суҳбатида иззат топиб, сарофроз бўлур эрди”. Бобур Мирзо 1507 йилда Ҳиротга борганида Музаффар Мирзо ҳамда Бадиуззамон Мирзоларнинг мажлисларида бўлганлигини “Бобурнома”да ёзиб қолдирган. “Музаффар Мирзонинг мажлисида бир навбат бордим. Ҳусайн Али Жалойир ва Мир Бадр Музаффар Мирзо қошида эдилар. Ул мажлисда бор эдилар. Кайфият бўлғонда Мир Бадр рақс қилди, хўб рақс қилди. Ғолибо бу навъ рақс Мир Бадрнинг ихтироидур”. Дарҳақиқат, Ҳусайн Бойқаро мажлисларини фарзандлари давом эттиришган.
Навоий даргоҳидаги йиғинлар
Изланишларимиздан яна шу нарса маълум бўладики, Ҳусайн Бойқаро Олий мажлислари каби Алишер Навоий даргоҳида ҳам худди шундай йиғинлар ташкил этилган. Абдураҳмон Жомий “Баҳористон”да Навоийни бундай анжуманларга бошлиқ деб таърифлайди. “Бизнинг замонимиз бу соҳибдавлат вужуди ила мушаррафдир. У ўз мартабаси, улуғлиги ва шоҳга яқинлиги ва шунингдек Оллоҳ ато этган ва ўқиш ўрганиш билан орттирилган илму дониши ва ақлу заковати билан шеърлари ҳусни камоли учун ҳар қандай мақтовдан юқори турса-да, у ўзини паст тутиб, шеър аҳли жамоасига қўшилди ва бошқаларга ҳам пардани орадан кўтариб шеърият йўлини очиб берди. Аммо ҳаққониятини айтганда, у мана шу анжуманларнинг барчасига бошлиқ ва шеър аҳли сардафтарида номи битик”. Албатта Жомий ҳам бу адабий анжуманларнинг доимий аъзоси бўлган. М. Имомназаров “Буюк сиймолар, алломалар” китобидаги Алишер Навоийга бағишланган мақолада адабий анжуманларни маърифий суҳбатлар деб атайди. “Шоир (А.Навоий) ўз ҳузурига тез – тез шеър, илм ва санъат аҳлини чорлаб, маърифий суҳбатлар уюштириб турар, ёш истеъдодларни тарбият қилиб, уларга шароит яратарди. Хондамир, Беҳзод, Восифий ва ўнлаб бошқа ушбу тарбиятга ноил бўлган истеъдод эгалари шулар жумласидандир”. “Маҳбуб ул–қулуб”да бундай мажлислар базм, зиёфат деб тилган олинади. ”…Улуғ кишиларни ва юқори мансаб эгаларини ҳурмат ва таъзим юзасидан меҳмон қилдим ва баъзан шодлик боғида зиёфат тузиб, …хонанда ва созандаларнинг базму тароналаридан баҳраманд бўлдим”.
Зайниддин Восифий “Бадое ул – вақое”да гувоҳлик бериб, ўз кўрган – кечирганлари ҳақида ёзади. ”…Олий мажлис (Навоий хонадонидаги йиғинлар назарда тутилмоқда)га кириб бордик. Мажлис аҳли ва ҳазрати Мир (Навоий) ўз надимлари билан ҳозир экан. Жаноби Мир биз томон қарадилар. Фақирга (Восифий)га ишора қилиб, номини айтмай ўқилган муаммони еча оладиган дўстимиз шу кишими, дедилар. Мавлоно Соҳибдоро “Бали, ўша махдум”, – деб жавоб бердилар. Мавлоно Муҳаммад Бадахший суҳбатга аралашдилар. “Махдумлар, худавандигоро, муаммо ечишда Сиздан ўтадигани йўқ-ку? Мир дедилар. ”Мен унинг муаммо ечишини кўзидан билдим. Зеро, унинг фикрлари кўзларида зоҳир бўлиб турибди…” Мир ўқиган муаммони мен ёд билардим. Ўйланиб қолдим, номини айтиб, ўзимни гўлликка солиб, мажлисни ўтказаверсамми ёки тўғрисини айтайинми? Оқибатда ростини айтишга аҳд қилдим. Ҳазрати Мир бошларини эгиб турдиларда, ёнидагиларга “Азизлар, биласизларми, бунинг сўзи не маънони билдиради.Ўз қудратини изҳор этиб, бунисини биламан, бошқасини айтинг, демоқчи. Биз бунинг даъвосини қабул қилурмиз”, – дедилар”.
Навоий йиғини билан боғлиқ яна бир воқеа келтирилади. Камолиддин Бекзод бир рангтасвирни Алишер Навоийнинг мажлисига олиб келади. Суврат шундай чизилган эди: гуногун дарахтлар билан ўралган бир ораста боғ. Дарахт бутоқларида ранг – баранг турувчи хушсуврат қушлар. Ҳар тарафда ариқлар равон ва очилган зангори гул буталари. Мирнинг марғуб суврати шундай чизилганки, бир асони тутган ҳолда турибдилар. Зар тўла тавақлар сочқи расми учун олдиларига қўйилган… Мир кейин мажлисга юзланиб дедилар: ”Азизлар, бу шарафлашга лойиқ саҳифа таърифу тавсифида хотирингизга нелар келур?” Мирнинг устози ва Хуросоннинг эътиборли кишиларидан бўлган мавлоно Фасиҳуддин деди: “Махдумлар, мен бу кўриб турганим очилган раъно гулларга қўл узатиб, бир гул олсаму, дасторим тепасига тақиб қўйсам, дейман”. Мавлоно Бурҳон деди: “Мен мулоҳаза қилиб, қўлимни ҳам, оғзимни ҳам тийиб турмоқчиман ва ҳеч нарса демоқчи эмасман. Мабодо, ҳазрати Мирнинг жаҳллари чиқса, юзлари ва қошларини чимирмагайлар”. Хуросон зарифлари “Мирнинг латифатароши”, деб лақаб берган ва ҳамиша хушомадликни машқ қилиб юрувчи мавлоно Муҳаммад Бадахший деди: “Эй мавлоно Бурҳон. Беадаблик ва густоҳлик саналмаганда, мен ҳазрати Мир қўлларидаги асони олиб бошингизга туширган бўлардим. Ҳазрати Мир дедиларки: “Азизлар, марғуб маъно дурларини териб, яхши гаплар айтишди. Агар мавлоно Бурҳон шундай ножўя қилиқни қилмасалар, хотиримга шу нарса келдики, шу сочиш учун қўйилган табақлардаги олтинларни мажлис иштирокчилари – дўсту ёрларим бошидан нисор этишимга бир баҳя қолди”.
Алишер Навоий суратнинг гўзаллигидан таъсирланганидан ва бу тасвир унга ёққанидан Камолиддин Беҳзодга бир отни эгар-жабдуғи билан берди ва муносиб сарпо туҳфа этди. Навоий ҳузурида бундай йиғинлар тез – тез ташкил қилинган. Биз келтирган мисоллар денгиздан бир томчи, холос.
Алишер Навоий хонадонидаги мажлисларнинг Ҳусайн Бойқаро Олий мажлисларидан фарқи шундаки, Навоий синовидан ўтган шоиру ҳофизлар, қиссахону, қасидагўйлар, муаммо илмида тенги йўқлар, борингки, турли хил соҳадаги юксак истеъдод соҳиблари подшоҳ Олий мажлисларига тавсия қилинган. Бу эса ўз навбатида Ҳусайн Бойқаро Олий мажлисига қатнашиш учун имтиҳон ва ўзига хос тайёргарлик вазифасини ўтаган. Масалан, Зайниддин Восифийнинг гувоҳлик беришича, ҳофиз Ғиёсиддин Деҳдор дастлаб Навоий йиғинларида ўз истеъдодини намоён этгачгина, Ҳусайн Бойқаро Олий мажлисларида қатнашганлиги фикримизнинг исботидир.
Яна шуни таъкидлаш жоизки, Навоийдан ташқари Ҳусайн Бойқаро вазирлари, давлат аёнлари, акобирлар ва вилоятлар ҳокимлари қароргоҳларида ҳам мажлислар ташкил қилинган.
Амир Темур ва аҳли мажлис
“Мажолис ун – нафоис”нинг еттинчи мажлиси Амир Темур ҳақидаги таъриф билан бошланар экан, унинг ҳузурида ҳам Олий мажлис бўлганлиги эътиборни тортади. “Мироншоҳ Мирзо чоғирға кўп кўнгил қўйди. Унинг майхўрлигига уч надим сабабчи эканлигини Темур Кўрагонга етказишди. Ҳукм бўлдики, учаласини топиб бошини келтирсунлар. Мавлоно Муҳаммад Коҳий ва Устод Қутб Нойининг боши танасидан жудо қилинди. Аммо Хожа Абдуқодир эса қочишга муяссар бўлиб, қаландар қиёфасига кирди… Бироқ Амир Темур Ироққа борганда, барибир Хожани тутиб олиб келишади… Хожа Абдуқодир шу даражада ёқимли овоз билан “Қуръони Карим”ни қироат қиладики, Темур Кўрагоннинг ғазаби меҳр – муҳаббатга айланади. Хожа Абдуқодирга илтифотлар кўрсатиб, уни ўз Олий мажлисида надим ва мулозим қилди”.
Муиниддин Натанзий “Мунтахаб ут – таворихи муиний” асарида Амир Темур тўғрисида сўз юритар экан, Темур мажлислари ҳақида ёзади: “…Илму ҳикмат аҳли ва фан арбобларига ғоятда эътиборли эди… У (Амир Темур)нинг мажлисларида илмий масалалар баҳси жуда кўп бўлиб турарди. Нозик масалаларни у яхши тушунар, аксар ҳолларда (унинг фикри) асосли ва тўғри бўларди. Тиб ва нужум илмларининг машҳур масалаларида кўпинча ҳозиржавоблик қиларди. Ахлоқининг гўзаллиги шу даражада эдики, унинг сўзлари ва рафторининг ҳусни жами фазилатлар бобининг дебочаси бўлди… Ўзининг аксар вақтини саййидлар, олимлар ва машойихлар билан суҳбатлашишга сарф қиларди”. Албатта, бундай йиғинлар ҳақидаги фикрларни “Темур тузуклари”да ҳам учратиш мумкин. “…Саййидлар, уламо, шайхлар ва фозилларни ўзимга яқинлаштирдим. Улар менинг саройимга доимо келиб – кетиб, мажлисларимни безаб туришарди. Диний, ҳуқуқий, ақлий масалаларни ўртага ташлаб, қимматли фикрлар билдиришарди. Ҳалол ва ҳаромга оид масалаларни мен улардан ўргандим.
…Аҳли мажлис бўлмиш саййидлар, олимлар, фозиллар, ҳакимлар, табиблар, мунажжимлар, қиссахонлар, хабарчилар ва ровийларга ўз ҳолларига қараб, суюрғол, вазифа ва маош белгиласинлар…” “Амир Темурнинг илмий суҳбат ва мажлислари фақат Самарқанддаги уламолар билан биргаликда ўтказилиб қолмасдан, Соҳибқироннинг ҳарбий сафарлари асносида тўхтаб ўтган жойларида ёки янги қўлга киритилган шаҳарларда доимий равишда ўтказиб туриларди… Табриздан Соҳибқиронни зиёрат қилиш учун саййидлар, уламо ва шайхлар келиб, орада илмий ва шаръий билимлар ҳақида катта баҳс – мунозаралар бўлиб ўтгани ҳам мисоллардан бири”. (А.Чориев. ”Соҳибқирон маънавияти”. “Янги аср авлоди”. Т. 59-б.) “Тарихи Рашидий”да мажлислар ҳақида қуйидаги жумлаларни ўқиш мумкин: ”Мавлоно Саъдуддин Амир Темурнинг мажлисларида неча маротаба баҳсу мунозара қилди. Гоҳи Мирға (Мир Саид Шариф) ғолиб келди”. Албатта, Амир Темур мажлисларида ўз даврининг кўзга кўринган олиму уламолари, фақиҳлари, зиёлилари иштирок этишган.
Ҳерман Вамбери “Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи” асарида Амир Темур ҳузуридаги “бениҳоя мажлислар”ни эътибордан истисно этмайди. “Темурийлар давридаги маданиятга ҳавас қўймоқ – Андалузия уммавийлари давлатининг порлоқ даври билан Арабистондаги аббосийларнинг илк ҳукмронлик замонини истисно этганда, ислом оламининг бошқа бирорта жойида содир бўлмади…
…Гарчи темурийлар тараққиёт даврига Эронда мўғул ҳукмдорлари вақтидаги фикрий уйғонишнинг давоми назари билан қарамоқ лозим бўлса ҳам, аммо фанлар ва санъат Мароға, Табриз, Султония саройларида ҳеч қачон Ҳирот ва Самарқанддаги каби кўп ва турли шаклларда порламади”. Бинобарин, Темурийлар даври маънавий тараққиётида Самарқанд ва Ҳирот подшоҳ саройларидаги Олий мажлисларнинг муносиб ҳиссаси бўлган, десак муболаға бўлмас. Энг қизиғи, Навоий Олий мажлисларида Ҳусайн Бойқаро томонидан мукаммал шеърлар ўқилиши ва ҳикматли, маънодор сўзлар айтилишини, борингки, истеъдодини бевосита бобоси Амир Темур билан боғлайди. “То олам аҳли билғайларким, Султон Соҳибқирон (Ҳусайн Байқаро)ким, мажолисда пайдар – пай хуб абёт ва яхши сўзлар дармаҳал воқе бўлур, дағи маврусийдурким (мероским), нисбатин ул жадди бузургвор (Амир Темур)га тузатурким, ул бирининг макони равзаи жинон (жаннат) ва бу бири жаҳон мулкида жаводон бўлсин!” Демак, Навоий таъбири билан айтганда, Ҳусайн Бойқаронинг адабий йиғинлардаги истеъдодининг бобоси Амир Темурдан ўтганлигини таъкидлаш баробарида, темурийзодаларнинг Олий мажлислари айнан Темур саройидан бошланган, деган хулосага келиш мумкин.