Электронная библиотека » Уткир Хошимов » » онлайн чтение - страница 13

Текст книги "Тушда кечган умрлар"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:00


Автор книги: Уткир Хошимов


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 13 (всего у книги 16 страниц)

Шрифт:
- 100% +

ҲАМКАСБЛАР СУҲБАТИДАН

– Келинг, ўртоқ Комиссар!

– Хўш, ишларнинг жилиши қалай, коллега?

Тўлагановани сўроқ қилдингми? «Уч оғайни ботирлар».

– Килдик. Гувоҳлик беришига қараганда, эр-хотин Шоматовлар жуда иноқ яшаган.

– Хэх! Сен ўша фанатичканинг гапига лаққа тушдинг? Тўғрими? Ғирт жинни-ку, бу хотин!

Энкайиб намоз ўқиётганда думбасини қовоғари чақса, бу ҳам Худонинг бир махлуқи-да, деб силайдиган аҳмоқ! Бутун авлод-аждоди диндор ўтган!

– Қизиқсиз, ўртоқ Комиссар! Тўлагановада нима айб? Мен бу хотинга тўла ишонаман!

– Сенга қолса, Васильевнинг алибийси қўлида! Тўлаганова қўй оғзидан чўп олмаган фаришта. Келин-чи? Келин?! Балки у ҳам сутдек оппоқ, мусичадек беозордир! Хотин киши хоҳласа, бир эмас, ўнта эркакни бемалол ўлдиртириб юборади. Тушундингми, ўлдириб эмас, ўлдиртириб юборади!

– Эрингни қайси ўйнашинг ўлдирди, деб ёқасидан олайми энди? Асос қани?

– Нега мендан сўрайсан? Суриштир ўзидан! Сиқувга ол!

РУСТАМНИНГ УЧИНЧИ КУНДАЛИГИДАН

Августнинг тўққизинчи куни

Кеча менинг энг бахтли куним эди. Бугун – энг бадбахт куним…

Августнинг ўнинчи куни

Менга нима бўлди ўзи? Янгаси нега кетмайди? Эшик тагида қоровул бўлиб ўтириши шартми?

Августнинг ўн биринчи куни

Эрталаб чиқиб кетаётганимда онам қаттиқ тайинлади. «Чиллалисан, жон болам, кун ботмасдан уйга кел…» …Оёғим тортмаяпти… Нега бунча ҳаяжонланаман?

Августнинг ўн иккинчи куни

Ичиб келдим… Шаҳноза аввал ҳайрон бўлди. Кейин… йиғлади. Ўзимнинг ҳам хўрлигим келяпти.

Августнинг ўн учинчи куни

Нонушта устида ойим менга еттита, Шаҳнозага еттита майиз едирди. Седана сепилган битта ширмой нонни иккига бўлиб, ярмини Шаҳнозага, ярмини менга узатди. Ялпизми, исириқми ҳиди анқиб турган чой қуйди. «Бисмилло деб енглар, ихлос билан ичинглар, жон болаларим», – деди. Шаҳноза уялиб ерга қаради, аммо ойимнинг айтганини қилиб ширмойни еди, чойни ихлос билан ичди.

Августнинг ўн тўртинчи куни

Ётар олдидан Шаҳноза ширин жилмайди.

– Бугун уйимизга меҳмон келди… Ҳайрон бўлдим.

– Қанақа меҳмон?

– Топинг-чи? – Индамай елкамни қисдим.

– Тополмайсизам! – Шаҳноза менинг ёстиғимни қучоқлаб туриб, болаларча содда қувлик билан кулди. – Узоқ қариндошларингиз орасида хушторингиз бормиди? – Эркаланиб бурнимни беозор чимчилади. – Қани, эслаб кўрсинлар-чи!

– Жиннимисан! – дедим кулиб.

– Шунақасиз-да! – У шодон қаҳ-қаҳ урди. – Демак, бор экан-да!

Бетоқат қараб турганимни кўриб тушунтирди:

– Бугун фолбин келди. Холаваччангизми-ей, аммаваччангизми-ей… узоқ қариндошингизнинг қизи бор экан. Сиздан умидвор экан… Сиз бевафолик қилиб, ташлаб кетибсиз. Шунга… «боғлаб» қўйганмиш… Яхшимас-да, бир бечорани куйдириб, бошқасига уйланиш…

Шаҳноза яна кулди. Кулгиси йиғига ўхшаб кетди.

Августнинг ўн бешинчи куни

Майкамни алмаштираётган эдим, Шаҳнозанинг ҳаяжонли хитобини эшитдим:

– Вой, нима бу, Рустам ака?

Қарасам, кўзлари қўрқувдан катта-катта очилиб тикилиб турибди. Майкамни шоша-пиша кияётгандим, Шаҳноза югуриб келиб, белимни силади.

– Оғрияптими? – деди худди ўзи азоб чекаётгандек изтироб билан.

Кулдим.

– Қизиқмисан! Эсимдан ҳам чиқиб кетган. Шунчаки, дайди ўқ.

Шаҳноза гапимга ишонмади. Чандиқни силаб, кўзимга шунчалар қўрқиб термулдики, жаҳлим чиқди.

– Эсинг жойидами? Ҳеч гап йўқ, дедим-ку… Ойимларга айтиб юрма.

Августнинг ўн олтинчи куни

Нонушта устида Турсунбой ака келиб қолди. Шаҳноза шошилиб уйга кирди-да, бошига ҳарир рўмол ёпиб чиқди. Куёвжўрага уч марта таъзим бажо айлаб, «келин салом» қилди. Турсунбой ака «Бахтли бўлинг, синглим, қўша қаринглар», деб киссасидан йигирма беш сўмлик чиқарди.

– Шаҳноза, қизим, – деди ойим. – Турсунбой бегона эмас. Рустамжоннинг куёвжўраси. Ўзингизнинг акангиздек гап.

Шаҳноза бошидан ҳарир рўмолини ечди. Турсунбой акага бармокларининг учига пиёла қўндириб чой узатди.

– Хола! – деди Турсунбой ака дилкаш шанғиллаб. – Куевтўрани бир ўйнатиб келсам нима дейсиз. Майлими, келин? – деди Шаҳнозага юзланиб. – Би-ир шамоллаб келсин-да, куевтўра! Қани, отлан, ука!

Кўчага чиққанимизда дашном берди:

– Шунга шунча мотамми? Ким айтади сени уруш кўрган йигит деб!

Юрагим шувиллаб кетди.

– Нима «шунга шунча?» – дедим хавотирланиб.

Бир камим энди бутун қишлоққа овоза бўлишим қолувди. Турсунбой ака кўзимга бирпас қараб турди-да, товушини пасайтирди:

– Куевжўра бўлганимдан кейин маслаҳат беришга ҳаққим борми ахир? Ғирт жинни экансан-ку! Ичиб келишга бало борми, чилласи чиқмаган келиннинг ёнига!

Энди оғиз очмоқчи эдим, жеркиб берди.

– Нима қиласан, йўқ жойдан гап чиқариб! Мана, ўзим ҳам… – Бир зум чайналиб турди-да, ишонч билан давом этди. – Мен ҳам бир ҳафтагача қўшилолмаганман янганг билан. Эшиқдан кирсам оёқ қисталоқ қалтирайди… Ёстиққа бош қўйдим дегунча «у еқдаги» ўликлар хаёлимга келаверади. – Турсунбой ака кўзимга синчков қараб қўйди. – Энг зўр дўхтирга олиб бораман. Ташвиш қилма, бегонамас, ўзимнинг поччам. Манаман деган уролог!

…Янги ТошМИнинг пастбаланд йўлакларидан ўтиб, Турсунбой аканинг поччасини топгунча талай вақт ўтди…

Доцент ёруғ чеҳрали одам экан. Ийманиб турганимни кўриб, Турсунбой акага имо қилди:

– Томоша борми сенга? Чиқ-чи, қани!

Доцент ярадор белимни узоқ текширди. Кафтининг қирраси билан биқинимга уриб кўрди.

– Пешоб пайтида ачишмайдими? Бош чайқадим.

– Пешоб равон тушадими?

– Ҳа, – деб бош ирғадим.

– Ёлғон «визов» бўлмайдими? Гапини англамаган эдим, тушунтирди:

– Яъни… Пешобга боргингиз келади-ю, бир-икки томчи тушиб…

– Унақаси йўқ.

– Яхши… – Доцент чаққон ҳаракат билан белимдан сонимгача пайпаслаб чиқди.

– Болалигингизда «свинка» бўлмаганмисиз? – Асабийлаша бошладим.

– Нима у?

– Бизда «тепки» дейди. Томоғингизга без келиб, мояк шишмаганми?

– Йўқ!

У ўйланиб қолди.

– Аввал хотин киши билан бўлганмисиз? – деди тўсатдан. Қарасам, мутлақо жиддий гапиряпти.

Начора, эътироф этдим. – Ҳа, бўлган бунақанги гуноҳ ишлар. Судда ишлаб юрганимда…

– Ўшанда жараен нормал кечганмиди?

– Ҳа! – дедим қўрслик билан. – Рисоладагидек бўлган! Доцент ранжимади.

– Гап бундай, ука! – деди самимият билан. – Жўн тилда қандай тушунтирсам экан?

Умуртқа поғонасининг думғаза қисмида пастки органлар фаолиятини бошқарувчи шохчалар бўлади. Простата безлари, сийдик қопчаси, мояк сингари органларни ўша шахобчалар бошқариб туради. Сизда шахобчанинг асаб толаси шикастланган. Ўқ асаб толасига теккан. Миқ этмай, кўзига тикилиб турганимни кўриб, қайта бошдан тушунтира кетди:

– Нерв системаси шунақа нозик нарсаки… Айниқса, алоқа пайтида… Арзимаган шовқин, бир оғиз кўнгилсизроқ гап, емон хотира… шунга ўхшаган нарсалар тормозланиш жараёнини кучайтириб юборади.

Кийинаётганимда ишонч билан таскин берди:

– Жиддий хавф йўқ. Ҳаммаси яхши бўлади. Бу нарсага, яъни эр-хотин орасидаги интим муносабатга табиий ҳол деб қаранг. Ҳадеб шуни ўйлайверсангго ўзингизга ишонч йўқолади.

Занжирли реакция бошланиб кетади.

Бир даста дори қоғозлар ёзиб, қўлимга тутқазди.

– Овқатга алоҳида эътибор берасиз. Қази, ёнғоқ, қизил сабзи, топилса, балиқ икрасини кўпроқ истеъмол қиласиз. Аччиқ, шўр нарсалардан ўзингизни тийинг. Ичкилик ичмайсиз.

Эшик ғийқиллаб очилиб, Турсунбой аканинг дўппили боши кўринди.

– Ёп! – деди доцент негадир асабийлашиб. Чиқиб кетаётганимда алоҳида таъкидлади:

– Рустамжон! Яна бир гап. Иложи бўлса муҳитни ўзгартириш керак. Яшаш муҳитини. Ҳали айтдим-ку, сизда патология йўқ. Эрекциянинг рўй бериши асаб осойишталигига боғлиқ. Тағин ҳеч балога тушунмадим.

– Келин икковингиз бошқа муҳитда бўлишингизга тўғри келади. Вақтинча бўлса ҳам… Европаликлар «никоҳ сайли» деган гапни бекорга ўйлаб топмаган…

Августнинг ўн еттинчи куни

Иланг-биланг йўл эмиш. Бир томон қумли чўл. Бир томон – «зелёнка». «Зелёнка»дан ўқ отилаётганмиш. Қизиқ, автомат товуши келмасмиш-да, ёнимдан ҳуштак чалиб ўтаётган ўқлар овозини аниқ эшитармишман. «Зелёнка»га отай десам, автоматим йўқ. Қочай, десам пана жой кўринмайди. Бор бўйимча ўзимни ерга отибман… Бир маҳал катта йўлдан БМП елиб келди. Қарасам, ёнимдан шитоб билан ўтиб кетяпти. «Олиб кетинглар, мени олиб кетинглар!» – дедим сапчиб туриб. БМП тўхтамади. «Обкет! – дедим бақириб. – Обкет мени!» БМП тўхтади. Етиб борсам, Хайриддин қўл чўзиб турибди. «Чиқинг, жўра, чиқинг тезроқ!» – деди. БМПга тортиб чиқарди.

Чўчиб уйғондим… Уй ичи қоронғу. Тўшакда ўтирибман. Юрагим гурсиллаб уряпти.

– Нима бўлди? – деди Шаҳноза овози қўрқувдан титраб.

– Ҳеч нима. – Ўзимни мажбур қилиб илжайдим. – Чанқадим. Бир пиёла сув бер, Шаҳноз…

Августнинг ўн саккизинчи куни

Уйғонсам, деразадан ғира-шира тонг нури тушяпти. Шаҳноза тошойна олдида ўтирибди. Ич кийимда. Қўлида миттигина киприк бўягич… Индамай кузатиб ётавердим. У ҳам қоп-қора кўзларини бир нуқтага тикканча қилт этмай ўтираверди. Гўзал ва жонсиз ҳайкалдек. Қайси келин ўзига оро бермайди. Қайси келин куёвга ёққиси, қўни-қўшниларга чиройли кўрингиси келмайди? Хаёлимдан изтиробли ўй кечди. Шаҳноза пардозга ўтиргану, иккиланиб қолган. Ким учун пардоз қилсин? Нима учун?..

Бир маҳал тикилиб ётганимни ички сезги билан ҳис этди шекилли, ярқ этиб қаради.

– Вой, уйғондингизми? – деди жилмайиб. Жилмайиши аллақандай аянчли кўринди.

Ҳовли томондан пақир бандининг даранглагани эшитидди. Ойимми, келинойимми «сигнал» беряпти. Шаҳноза – янги келин. Келин деган кун ёйилгунча ялпайиб ётса уят бўлади. Қўниқўшнилар куёв чарчатиб қўйибди-да, ноз уйқудан турмабди, деб гап қилади. Келин ҳовлига сув сепиши керак. Кўча эшик олдини супуриши керак. «Нима бўлганда ҳам!» Шаҳноза киприк бўягични тошойна пештахтасига қўйди-да, илдам ўрнидан турди. Тезгина гулдор халатини кийиб, оёғига шиппак илди, ҳовлига шошилди.

Августнинг ўн тўққизинчи куни

Кун ботди. Қоронғу тушяпти. Уйга боргим келмаяпти. Шаҳнозанинг юзига қарашдан қўрқяпман!

Августнинг йигирманчи куни

Кўчада Турсунбой акага дуч келдим. Велосипед миниб кетаётган экан…

– Яхшимисан, укам, хурсандчиликми? – деб сўради. Ҳеч ким бизнинг гап-сўзимизни тингламаяптими, деган андишада атрофга алангладим. Назаримда Турсунбой ака атайлаб овозини баралла қўйиб гапираётгандек, бутун қишлоқ бири деразадан, бири дарвозадан мўралаб тургандек туюлди. Турмайман бу ерда! Ҳар бирининг кўзи лазер нурига, ҳар бирининг қулоғи локаторга айланган, бекорчиликдан бировнинг тўшагида нима бўлаётганини суриштирадиган майдакаш одамлар орасида туролмайман! Уй талаб қиламан! Жиллақурса, кафтдек бошпана берсин менга. Мен учун эмас, ақалли оилам учун, Шаҳноза учун!

Ўша куни

Талабалар шаҳарчаси арининг уясига ўхшайди. Мандат деган серғалва тадбир авж палласига чиққани учунми, тумонат одам. Ҳали шаҳар ҳавосига кўникиб улгурмаган, кўйлак-шими ғижимланган йигитлар, узун лозим кийган, сочини майдалаб ўрган қизалоқлар… Бақатераклар соясида Ўзбекистоннинг минг бир бурчагидан келган машиналар… Ойнабанд эшиклар олди қий-чув. Бири ялиниб, бири пўписа қилаётган оталар, атлас кўйлагининг ёқасига «Қаҳрамон она» медалини тақиб олган оналар… Ҳай-ҳай-ҳай! Қўрқади медалингдан! «Ие, онахон, сиз Қаҳрамонмисиз? Ўнта бола туққанмисиз, марҳамат, киринг! – дейди. – Ўғлингиз ким бўлмоқчи? Инженерми? Кимёгарми? Юристми? Бош устига, илми борми ишқилиб? Бўпти-да! Сизнинг болангиз ўқимаса, ким ўқийди?» Овора бўласан! Ўқишга кирадиганларнинг рўйхати икки ой олдин тайёрлаб қўйилган. Мен ҳам юрист бўлмоқчи эдим. Шу ниятда саккиз ой судда дастёрлик қилганман. Яхшисиниям кўрдим, ёмониниям… Охир-оқибат ҳафсалам ҳам совиди… Тағинам ўзимизнинг факультетда адолат бор экан. Бўлмаса, бунгаям киролмасдим.

Билагига қизил латта ўраган иккитаси йўлимни тўсди. Қийин шуларгаям, воситачи бўлиш осонми?

– Нари турсанг-чи, ука! Ўқишга олиб кирадиган одамим йўқ. Бошқа иш билан келдим.

Йўлаклар кимсасиз. Ифлос. Қоғоз парчалари сочилиб ётибди. Эшигига «местком» деган ёзув илинган хонада ўтирган, сочи калта қилиб қирқилган қиз ачиниб бош чайқади.

– Санжар Оллоберганович ҳозиргина чиқиб кетувдилар. Нима деб қўяй?

– Ўзи билан гаплашишим керак, – дедим ҳафсалам пир бўлиб. – Зарил ишим бор эди.

– Энди янаги жумага келадилар. – Қиз астойдил ёрдам бергиси келаётгани кўриниб турарди. – Биласизми, – деди дераза олдига бориб. – Ҳов анави қайрағоч соясида турган қора «Волга» Санжар Оллобергановичники. Йўлдан деканатга кирмоқ-чи эдилар. Машина олдида пойлаб турсангиз, тушиб қоладилар.

– Номери неччи?

– Ниманинг номери? – деди қиз тушунмай.

– Машинанинг.

– Билмасам… – Қиз бир зум ўйланиб турди-да, қўшиб қўйди: – Менимча, бошланиши ўн бир.

«Бошланиши ўн бир» «Волга» олдида узоқ туриб қолдим. Шаҳарча ҳамон ғужғон ўйнар, ойнабанд эшик тарафдан шовқин-сурон эшитиларди. Ниҳоят, ярашиқли кийинган, қизларникига ўхшаш лўппи, оппоқ юзларида ўзига ишонч, хотиржамлик акс этиб турган хушмўйлов йигит вазмин қадамлар билан яқин кела бошлади.

Танидим! Ахир бу – ўзимизнинг «вожак»-ку! Пахтадаги воқеадан кейин мени ўқишдан ҳайдашга ваъда берган комсомол сардори Санжар! Ўзгармабди. Фақат сал тўлишибди. Янаям салобатли бўп қопти.

Мен томонга шубҳали қараб қўйди-да, машина эшигига калит солди.

– Сизни кутиб турувдим, – дедим яқин бориб.

У менга бошдан-оеқ разм солиб чиқди-да, элас-элас таниди шекилли, самимий жилмайиб, қўл узатди.

– Сиз бизда ўқирдингиз-а! – деди ҳамон жилмайиб. Қўлига тутқазган аризамни синчиклаб ўқиб чиқди.

– Проблема йўқ! – деди ишонч билан. – Ётоқхонадан алоҳида хона ажратамиз. Ўқишни битиргунча келин билан тураверасизлар.

Ҳаммаси аён! Энди Шаҳноза ётоқ йўлагида турсичан юрган талабалар орасидан ўтиб, бурчакдаги ошхонага бориб, чой қайнатиши қолувди.

– Тушунмадингиз, – дедим совуққонлик билан. – Бизга ётоқхона эмас, уй керак. Алоҳида квартира…

У астойдил ажабланди:

– Ўйлаб гапиряпсизми, Рустамбек! Домлаларнинг ўзидан юзга яқин одам навбатда турибди. Сизга, кечирасизку, аспирантлар уйидан ҳам жой беролмаймиз.

– Менга аспирантлар уйи керакмас, – дедим қайсарлик қилиб.

Санжар Оллоберганович тағин бошимдан оеғимгача қараб чиқди.

– Тўғри, – деди қўлидаги аризани силкитиб. – Афғонистонда бўлган экансиз. Лекин у ёққа сизни биз юборган эмасмиз. Қолаверса, бизда «афғон» болалар кўп. Ҳар биттасига алоҳида квартирани қаердан оламиз?

– Мен «бола» эмасман! – дедим ғашим келиб. – Гап шу, Санжарбек! Аризамни қабул қилдингиз, деб ҳисоблайман. Келаси жума куни нечанчи навбатда турганимни тасдиқловчи қоғоз ёзиб берасиз. У ёғи менинг ишим!

Чамаси, турқи тароватим қўрққувли эди шекилли, «местком» елка қисганча машинага ўтирди-да, осойишта ҳайдаб кетди. Шунда… қора «Волга»ни аввал ҳам кўрганим ёдимга тушгандек бўлди. ЗАГСга ариза топширадиган кунимиз «Пахтакор» метроси олдида Шаҳноза шу машинадан тушган-ди… Тағин билмадим…

Августнинг йигирма биринчи куни

Шаҳнозанинг юзи аллақандай нотекис бўлиб бораетганини биринчи марта пайқадим. Синчиклаб қарасам, ҳуснбузар тошиб кетибди. Мойупа суриб шунча уринади, лаънати ҳуснбузар қасд қилгандек баттар кўпаяди.

Августнинг йигирма учинчи куни

Эски шаҳардан чарс сотиб олдим. Яхши! Фақат… Уйга боргим келмаяпти. Қоронғи тушишидан қўрқяпман.

Ўша куни кечаси

Қоп-қора соқолли «дух» мени бўғяпти. Бошида салла. Қизиқ, қўлида ҳам салла. Саллани сиртмоқ қилиб, бўйнимга солди-да, кўзлари олайиб, торта бошлади. Урай десам, қўлим етмайди. Нафасим қайтиб, хириллаб қолдим. «Дух» эса тишларини ғижирлатиб, сиртмоқ учини тортади.

– Автомат! Автоматим қани? – … Сапчиб туриб кетдим.– Автомат! – дедим хириллаб.

Кўзимни очсам, каравот ёнида, ерда ётибман. Шаҳноза пиёлада совуқ чой тутяпти.

– Ичинг, – деди дағ-дағ титраб. – Сизга нима бўлди, Рустам ака?

Пешонамдан совуқ тер чиқиб, Шаҳнозанинг оёғидан қучдим.

– Қўрқма, Шаҳноз, – дедим юпатиб. – Ҳозир… ҳозир ўтиб кетади… Шунчаки, туш кўрдим…

Августнинг йигирма тўртинчи куни

…Кўзлари… ҳайрат аралаш меҳр билан ёниб турадиган кўзлари қовжираб кетибди. Минг йил уйқудан қолган одамдек. Келин дегани тўйдан кейин яйраб-яшнаб, очилиб кетгувчи эди. Шаҳноза кўз ўнгимда сўлиб боряпти.

Августнинг йигирма бешинчи куни

Кечқурун уйга келсам, Шаҳноза ҳовлига сув сепаётган экан. Эгнида халат, жиякли атлас лозим.

– Аям келдилар, – деди қулоғимга пичирлаб. – Кириб, сўрашинг.

Кўзида қувонч, овози хушчақчақ эди.

Қайнонам ойимнинг олдида жуда ёш кўринади. Айланибўргилиб сўрашди. Пешонамдан ўпиб кўришаркан, кўзимга хавотирланиб қараб қўйганини аниқ сездим.

Ётоққа кирсам, Шаҳноза диван олдида турибди.

– Кўзингизни юминг! – деди эркаланиб. – Йў-ўқ, унақаси кетмайди. Яхшилаб юминг. Ана шунақа! Мана бу сизга! Адамлардан – куёвларига!

Кўзимни очган эдим, қўлимга гулдор салофан қопчиқ тутқазди. «Монтано» спорт кастюмчаси экан.

– Қани, дадасининг қизини битта ўпиб қўйсинлар-чи! – Шаҳноза кулимсираб юзини тутди… Юзлари ловуллаб турибди.

Августнинг йигирма олтинчи куни

Доцент очиқ чеҳра билан кутиб олди. Нима ўзгариш бўлаётганини сўради.

– Энг муҳими – қўрқманг! – деди бир бошдан тушунтириб. – Ўша паллада шошманг. Ҳаяжонланманг. Касалман, деган гапни хаёлингиздан чиқариб ташланг. – Бармоқлари билан столни чертиб ўтирди-ўтирди-да, ўзига ўзи гапираётгандек қўшиб қўйди: – Бунақа пайтда кўп нарса аёлнинг маҳоратига боғлиқ. «Маҳорат?» Қанақа маҳорат? Нима, Шаҳноза ж…мидики, «маҳорат»ни намойиш қилса?

Доцент важоҳатимни кўриб, кўзини олиб қочди.

– Мени айтди дерсиз, ука, – деди юпатиб. – Ҳали қўша-қўша фарзандлар кўрасиз. Ўғлингизнинг тўйида ўзим бориб ошнинг энг ширин жойидан ейман. Келишдикми?

Августнинг йигирма тўққизинчи куни

Шаҳар ижрокўмининг уй тақсимоти бўйича комиссияси терговга ўхшаган нарса бўларкан. Узун стол тўрида калта енгли кўйлак кийган, жингалаксоч киши ўтирибди. Стол атрофида йигирма чоғли одам. Эркак-аёл аралаш. Негадир ҳаммасининг қиёфаси бир хил: тунд, лоқайд.

Фақат бир одам – мажлис раисининг ўнг тарафида ўтирган киши бошқаларга ўхшамайди. Юзи шунақанги озғин, шунақанги заҳилки, биров эски ўликни гўрдан суғуриб чиқиб, калла чаноғига тери ёпиштириб қўйгандек. Чакаклари ичичига кириб кетган, бўйни ингичка, қилтириқ. Аммо тошбақанинг бўйнидек сертомир, чайир… Юпқа лаблари асабий титрайди. Шундай иссиқда қора костюм кийиб, бўйинбоғ тақиб олган, кўкраги тўла орден, медаллар. «Қизил юлдуз», «Жанговар Қизил байроқ», «Ватан уруши»… Гап бунда ҳам эмас. Кўзлари ғалати, кўзлари… Чор атрофга, одамларга, оламга, борингки, ўзига ҳам шу қадар чексиз қаҳр билан боқадики, қараса этингни сескантириб юборади. Баайни Ёвуз Руҳнинг ўзгинаси!

– Фамилиянгиз? – деди Жингалаксоч мен томонга қарамай.

Айтдим.

– Одамларга нима бўлган ўзи, Соат Ғаниевич! – Жингалаксоч қўлидаги «дело»ни Ёвуз Руҳ олдига ташлади. – Шунча эгоизмни кимдан ўрганган бу ёшлар! – деди афсуснадомат билан.

Ёвуз Руҳ қоғоз титкиларкан, мен томонга қараб қўйди. Ўзининг ҳақлиги-ю, менинг ноҳақлигимга, ўзининг қудратию, менинг ожизлигимга ишонч билан тўлиб-тошган бу нигоҳда яна бир нарса – нафрат бор эди! Ҳатто «инқилоб чавандози»нинг белига «осилиб» турган прокуратура «босси» ҳам менга бунчалик жирканиб қарамаганди. Беихтиёр кўзимни олиб қочдим.

– Уй керакми сенга?

Худо ҳаққи! Шарти кетиб, парти қолган кекса одамнинг овози шу қадар гумбурлашини биринчи кўришим. Худди гўрдан чиққан садодек!

– Уй керак бўлиб қолдими? – деди Ёвуз Руҳ тағин таҳдидли гумбурлаб.

Тамом! Ҳаммаси тушунарли! Булардан ҳеч қачон, ҳеч қандай нажот йўқлигини англадиму, вужудимда ажиб енгиллик сездим. Нима қипти, биринчи марта кўряпманми бунақа Ҳангомаларни!

– Ҳа! – дедим ўзимни босишга уриниб. – Уй керак!

– Домлаларга йўқ уйни сенга қаёқдан топиб берсин?

– Унисини билмадим, – дедим ростини айтиб. – Аммо менга уй керак. Хотиним билан ётоқхонада туролмайман!

Ёвуз Руҳ кўзимга тешиб юборгудек узоқ тикилди.

– Биографиянгда ёзибсан! – деди қоғоз варақлаб. – Шаҳар судида ишлаган экансан. Бир йил ишладингми?

– Саккиз ой…

– Нега ҳайдашди?

– Ҳайдашгани йўқ, – дедим хотиржамлик билан. – Ишлагим келмади.

– Эшитдингизми, Дмитрий Степанович! – Ёвуз Руҳ Жингалаксочга қараб кулди. Кулгиси ғалати экан. Худди калтакесакнинг томоқ қоқишига ўхшайди. – Суд органида ишлагилари келмабди… Хэх! Жингалаксоч индамади. Чарчоқ қиёфада бошини кафтига қўйганча тирсаги билан столга таянди. Бир чеккада ётган «Малборо» сигаретидан олиб, ялтироқ чақмоқтош ёқди. Узун стол атрофида ўтирган бир хил қиёфадагилар бир хилда сукут сақлашар, ҳайҳотдек хона жимжит, Ёвуз Руҳ варақлаётган қоғозлар ғайритабиий баланд овозда шитирлар эди.

– Афғонда хизмат қилган экан, – деди Ёвуз Руҳ. – Бош аргументи шу.

– Начора? – Жингалаксоч тутун қайтарди. Юзимга тикилиб туриб, анчайин осойишта оҳангда тушунтирди: – Сизни Афғонистонга биз юборган эмасмиз, йигитча.

– У ёққа борганимга мен ҳам афсусланаман! – дедим совуққина қилиб.

– Қўйиб берса душман томонига ҳам ўтиб кетади бунақалар. – Ёвуз Руҳ ўйиб юборгудек чақчайди. – Шошма! – деди навбатдаги қоғоз варағини ажратиб олиб. – Отанг колхоз раиси экан-ку! Тўғрими шу гап?..

– Тўғри.

– Раис бўлса битта ўғлига Тошкентдан участками, кооператив уйми олиб беришга кучи етмайдими?

Кулдим.

– Бундан чиқди… Раис отам менга участка еки кооператив уй олиб берса, ҳаммаси ўзиданўзи ҳал бўлади. Шунақами?

– Пажалста! – деди Ёвуз Руҳ қўл дўлғаб. Жингалаксоч унинг хулосасини дарҳол қувватлади:

– Шахсий мулк сотиб олишга ҳар бир гражданнинг ҳаққи бор.

– Шунақа-ку… – дедим киноя билан. – Отам энди раис эмас-да! Лагерда ётибди.

Шимолий Қозоғистонда! «Ўзбек иши» билан қамалган.

Ёвуз Руҳнинг кўзлари ёниб кетди.

– Ах-да! – деди ғўлдираб. – Кўрдингизми, Дмитрий Степанич! Бу… – ипдек бармоғини бигиз қилиб мени кўрсатди. – Бу – шубҳали шахс! Биографиясини елғон езган. Отаси қамалганини атайлаб яширган. Жамоатчиликни чалғитмоқчи бўлган.

– Қизиқ…—дедим ясама лоқайдлик билан. – Отам раислигидан фойдаланиб, менга уй олиб берса, қонунга хилоф эмас. Дадамнинг қамалганини езмасам – жиноят экан-да!

– Сен… сен… гапни чалғитма, унсур! – Ёвуз Руҳ ўрнидан туриб кетди. Тошбақаникидек ингичка бўйни баттар тиришиб, боши асабий қалтиради. Кўксидаги орденлари жиринглаб кетди. – Бўшатиб қўй кабинетни!

– Ҳаяжонланманг, Соат Ғаниевич! – Жингалаксоч Ёвуз Руҳни юпатди. – Ўтиринг!..

Йигитча! – деди муросага чор-ловчи оҳангда. – Сизга квартира беролмаймиз. Бўпти, сизга рухсат.

– Уй керакмиш бунга! – Ёвуз Руҳ ҳамон ғазабини босиб ололмасди. – Ана, хотинингникига бориб тур!

Чиқиб кетардим-у, гапи нашъа қилди.

– Мусулмонмисиз? – дедим қоним қайнаб. – Мусулмончилик қоидаларини тушунасизми?

– Мен ҳеч қанақа мусулмончилик-пусулмончиликни билмайман! – Ёвуз Руҳнинг боши соат капгиридек ликиллади.

– Мен биламан! – дедим қайсарлик билан. – Ичкуев бўлишни хоҳламайман!

– Бўлмаса, хотининг билан кўчада етиб юравер! – Боядан бери тилимни тийиб турган эдим. Ёвуз Руҳнинг гапи жонимдан ўтиб кетди. Айтмаслигим керак бўлган гапни айтиб юбордим:

– Нега шу тупроқда туғилиб ўсганлар шаҳар чеккасига чиқиб, лой чангаллайди-да, кеча келганларга уй тайер?

– Нима? – Жингалаксочнинг кўзлари таҳдидли қисилди. – Нима дедингиз?

– Аниқроқ қилиб айтайми? – дедим ғазабдан овозим қалтираб. – Нима учун ўзбекка уй йўқ-да, кеча вагондан тушганларга уй тайер?

– Шунақа денг? – Жингалаксоч лабининг бир чети билан кинояли илжайди. – Демак, сиз Тошкент фақат туб аҳолиники, ғайримиллатлар кетсин, демоқчисиз? Тўғри тушундимми?

– Йўқ! – дедим бош чайқаб. – Илгари келганлар кетсин, демоқчи эмасман. Энди келаетганлар келмасин, демоқчиман. Аҳоли ўзимизда ҳам…

У ёғини айтолмадим. Стол атрофида ўтирган бир хил қиефалилар тўсатдан ҳар хил қиёфага кирди. Ҳар хил овозда ҳайқира бошлади. Бири кўзи олайиб бақирди, бири чинқирди, яна бири ҳайратдан ёқасини ушлади. Фақат айбномаси бир хил эди. Миллатчи! Халқлар дўстлигининг душмани!

– Жим! – Гувиллаб турган йўғон-ингичка товушларни гумбурлаган садо таққа тўхтатди.

– Жим бўл! – деди Ёвуз Руҳ ўкириб. Қалтироқ қўлини пахса қилиб қичқирди: – Унсур! —деди оғзидан кўпик сачратиб. – Сени ўз қўлим билан отиб ташлашга тайёрман! – Кейин Жингалаксочга юзланди. – Милиция борми бу даргоҳца, Дмитрий Степанич! Бунақа бандитларни тийиб қўядиганлар борми-йўқми исполкомда!

Жингалаксоч вазмин одам экан. Шошилмай ўрнидан турди.

– Қўйинг, Соат Ғаниевич! – деди тасалли бериб. – Асабингизни асранг.

Секин-секин юриб ёнимга келди.

– Ўртоқ Шоматов, – деди қуруқ ва расмий оҳангда. – Совет граждани сифатида давлатдан квартира олишга ҳақлисиз. Навбатингиз келса – оласиз. Сиз – озодсиз!

Қаранг, қандай яхши! Менга озодлик ҳадя этяпти! Мана, майнавозчилик томошаси тугаяпти. Ҳаммаси жойида. Ҳаммаси рисоладагидек.

– Рухсатингиз билан бир нарсани сўрасам, – дедим иложи борича мулойим қилиб. – Навбатим қачон келади?

Жингалаксоч мендан ҳам мулойим жилмайди:

– Юз йилдан кейин!

Ўша куни

Гарангсиб кўчага чиқдим. Чарс чекким келарди. Майли, биз камбағалларга «Прима» ҳам тешиб чиқмайди! Энди сигарет тутатсам, ёнбош томондан ғўлдираган овоз келди:

– Чекишдан ол, ука!

Энсам қотиб бурилиб қарадим. Ким бўлди бу? Аввалига эслолмай турдим-у, тамакидан сарғайиб кетган тишларини кўрсатиб, илжайганидан таниб қолдим.

– Ие, Маузер ака!

– Қалайсан? – деди у қўлимни қисиб. – Шомансур акадан хабар борми?

– Хат келди. Юрганмишлар…

– Майли, ука, сабр қилинглар! – деди у сигарет тутатиб. – Мени айтди, дерсан, бу олатасирлар босилади. Нариси билан уч-тўрт йил. Жим юрибсанми ишқилиб? Ҳеч қаёққа бормадингми?

– Бордим. Республика прокуратурасига.

– КПЗга тиқмадими?

– Яна бир марта келсанг, жиннихонага жўнатаман, деди.

– Тўғри айтибди! – Маузер Соатович илжайиб қўйди. – Жўнатадиям! Уларга чекланмаган ҳуқуқ берилган.

– Дадамнинг орденини топширдим. Амбарцумянга бериб қўйсин.

– Бекор қипсан! – У кескин бош чайқади. – Даданг орденни ҳалол меҳнат қилиб олганлар.

– Бўлмаса, ҳалол меҳнат қилган одамни қамоққа тиқмасин.

Маузер ака «шу гапни менга айтяпсанми?» дегандек таънаомуз қараб қўйди. Бирпас сукут сақлаб турди-да, сўради:

– Бу ерда нима қилиб юрибсан?

– Уй масаласида келгандим.

– Уйни нима қиласан?

– Уйландим, – дедим хушламай.

– Зарилмиди? Нима қилардинг ёш бошингга бўйинтуруқ илиб?

Ғашим кела бошлаганини сезиб, елкамга қоқди.

– Мен-ку, овқатланиб олдим, – деди кулимсираб. – Қорнинг қалай? Бу ернинг ошхонасида лағмонни боплайди. Ейсанми?

Индамай бош чайқадим.

– Юр, бўлмаса, салқинроққа борайлик.

Рўпарадаги боққа кирдик. Камалакранг харракка бориб ўтирдик. Боғ ичи дим, болалар қийчув солиб отўйин учар эди.

– Комиссия мажлиси бўлдими? – деди у менга қарамай.– Зампред бошқаргандир йиғилишни? Сочлари жингалак Васильев?

Бош ирғадим.

– Нима деди?

– Юз йилдан кейин навбатим келаркан.

– Тўғри айтибди! – Маузер ака хунук хириллаб кулди. – Бу ўртоқ, – деди тушунтириб.

– Ўзбекистонга ёрдам бериш учун Марказдан келганлардан.

Менга нима? Марказдан келадими, Америкаданми? Маузер ака мунғайиб ўтирганимни кўриб, елкамга қўл ташлади.

– Ўзбекнинг мақолини эшитганмисан? – деди кўзимга тикилиб, салқиган қовоқлари липиллаб кетди. – Меҳмон – отангдан улуғ. Зўр мақол-а? – Тағин кулган эди, йўтал тутди.

– Шунақа! – деди туфлаб. – Уйингни тўрини бўшатиб берасан. Охирги кўйлагингни сотиб бўлса ҳам дастурхон ёзасан. Ноз-неъматларни тўлдириб ташлайсан. Меҳмон, ия, булар жаннатда яшаркан-ку, деб ўйлаб қолади. Кетаётганида елкасига тўн ёпасан. Хотинига бир жўраатлас берасан. Болаларига мева-чева… Меҳмон яна ўйлаб қолади. Ие, пора беряпти-ку, бундан чиқди, бир балоси бор, дейди… Кейин мазахўрак бўлади. Эртасига ўнта меҳмон келади. Сенга пойгак ҳам тегмай қолади. Ҳовлига чиқасан. Индинига юзтаси келади. Ҳовлигаям эга чиқади.

Кўчага чиқиб кетасан. Кўчаям торлик қилиб қолса, «фиш-ш-шт!» – У ҳуштак чалган эди, оғзидан тупук сачраб кетди. – Учасан, космосга!

Маузер Соатович жимиб қолди. Салқиган қовоқлари орасида милтираб турган кўзларида ғусса бор эди.

– Халқлар биродарлиги деган нарса – муқаддас тушунча,—деди хўрсиниб. – Аммо бир юрт иккинчи юртни азбаройи бахтли қилиш учун босиб олмас экан. Бундан ўттиз йил, қирқ йил аввал юртимизга келган биродарларимизда инсоф бор эди… Энди бўлса… – У ҳафсаласизлик билан қўл силтади. – Ўзимизда юз минглаб ишсизлар юрибди саланглаб, иттифоқ тасарруфидаги корхонани қуради-да, йигирма минг-ўттиз минг «мутахассис» олиб келади.

Қурган заводи республикага шимилдириқ ҳам бермайди. Ҳаво билан сувни заҳарлагани қолади.

– Бирпас жим қолди-да, ўрнидан турди. – Бўпти, кетдик, укам, сениям юрагингни сиқиб юбордим…

Катта кўчани кесиб ўтаётганимизда, истеҳзоли илжайди.

– Марказ нега шунақа қилаётганини биласанми? Халқаро қонун бор: қайси юртда туб аҳоли сони эллик фоиздан кам бўлса, «миллий озчиликка» айланиб қолади, яъни ўша юртга эгалик ҳуқуқини йўқотиши мумкин. Мана, мақсад қаерда ётибди! Бўпти, хайр! – У асабий қалтираётган қўлини чўзди. – Сенинг уйинг масаласи бўйича, албатта, мақола ёзаман! – деди ишонтириб. – Яна эллик учта «афғон»нинг хати қўлимда турибди!

Сентябрнинг биринчи куни

Ўқишлар бошланди. Иккинчи курсга кириб, уялиб кетдим. Укам тенги олтита бола ўтирибди. Қолгани қизлар. Ҳаммаси офтобда эркаланиб шўхлик қилаётган мушук болага ўхшайди. Ўн икки нафар йигит армияга кетибди… «Мушукчалар» менга-ку унча эътибор беришмади. Аммо ҳаммаси охирги қаторда ўтирган, бир кўзи кўр, оғзи қийшайиб кетган йигитга хавотирланиб, ҳатто ирганиб қараётганини аудиторияга кирган заҳоти ҳис қилдим.

Билдимки, «афғонлар»дан. Ёнига бориб ўтирдим.

– О-о-отим Т-с-солижон… – деди дудуқланиб. («С»га «Т»ни қўшиб гапирмаса, тили айланмас экан.)

Солижоннинг юзи чиндан ҳам қўрққувли эди. Чап кўзи кўр, оғзи қийшиқ, чап юзи оловга тушган маҳсидек ғижимланиб кетган. Тутилиб-тутилиб айтган ҳикоясидан шуни англадимки, Қобул томонларда бензовоз ҳайдаган экан… У ёққа кетишдан олдин математика куллиётида ўқиркан. У ердаги фанлар оғир бўлгани, мияси муттасил оғришини ҳисобга олиб, бизга ўтказишибди.

– У ёқда нима бўлди? – десам, дудуқланиб тушунтирди:

– Фу-фу-фугас портлади… – Елкасидан қучиб, юзидан силагим келди.

Сентябрнинг еттинчи куни

Республика газетасида «Афғонистон жангчиларига муносабат шуми?» деган мақола чиқибди. Ўзим бехабар эдим. Танаффусда Шаҳноза қўлимга газета тутқазди. (Хотининг тўртинчи курсда, ўзинг иккинчида ўқисанг, қизиқ бўларкан.) Мақолада шаҳар ижроқўми, хусусан, раис ўринбосари Д.С.Васильев Афғонда жароҳатланган аскарлар қисматига бефарқ қараётгани, бу масалада шикоятлар кўплиги айтилган эди. Бири телефон, бири уй, тағин биттаси оддий табобат ердамига муҳтож бўлиб юрганларнинг узундан-узоқ рўйхатида менинг ҳам исми шарифим бор эди. Қизиқ одам-да, Маузер ака! «Булар билан олишишдан наф йўқ», деб менга насиҳат қилади-да, тағин ўзини ўтга уради! Нима фойдаси бор!

Сентябрнинг саккизинчи куни

Шаҳноза «аямни соғиндим, кўриб келамиз», деб туриб олди. Аввалига тушунмадим. Мунча тиқилинч? Кейин бирдан едимга тушди. Ахир бугун саккизинчи-ку! Тўйимизга роса 1 ой бўлди.

Вой, Шаҳноза-ей! Вой, шум-ей! Йўлдан гул, торт олдик. …Бу кўча менга яхши таниш. Бир вақтлар мана шу тол тагигача кузатиб қўярдим. У ёғи Шаҳнозанинг таъбири билан айтганда, «тақиқланган зона» эди: қўни-қўшнилар кўрса гапсўз кўпаяди… Бир ой илгари шу кўчадан жўраларим билан қий-чув қилиб кириб бордик. Ҳозир ҳам қулоғим остида ноғора садоси, карнайнинг тантанавор овози янграб кетгандек бўлди. Энди бу кўча – менинг ҳам кўчам.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации