282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Уткир Хошимов » » онлайн чтение - страница 9

Читать книгу "Тушда кечган умрлар"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:00


Текущая страница: 9 (всего у книги 16 страниц)

Шрифт:
- 100% +

ХУДО УРГАН ОДАМ

Қурбоной хола одатдагидек эрта уйғонди. Ачом қилиб ётган неварасини оҳиста бағридан чиқариб, устига кўрпа тортди. Таҳорат олди. Ошхонага кириб, газга чой қўйди. Бомдодни ўқиб бўлиб, ўтганларга имон, жумла-мўмин қатори Умидага, невараларига умр тилади. Қуруқ туҳматдан, бевақт ўлимдан сақлашни Тангридан илтижо қилди. Бир қўлида курак, бир қўлида супурги билан пастга тушди. Хайрият, ҳаво анча илибди.

Гастрономнинг эшиги тепасида қизил чироқ ёниб турибди… Нон дўкони олдига машина келиб тўхтади.

Қурбоной хола шошилмасдан қор курай бошлади. Бирпасда терлаб кетди. Орқа томондан Комиссарнинг йўғон овози келди:

– Ҳорма, қизим!

Қурбоной хола куракка суянган кўйи хотиржам бурилиб қаради.

– Саломат бўлинг, – деди салом бериб.

Комиссар қора пальто кийган, томоғини ола-була шарф билан ўраб олган, қўлида сут бидонча кўтариб турарди.

– Совқотмадингми? – деди меҳрибонлик билан.

– Йўқ! – Қурбоной хола жун рўмоли остида терлаб чаккасига ёпишиб қолган сочини кафти билан силади. – Кун ташлабди-ку, анча…

Комиссар томоқ қириб қўйди.

– Хабаринг йўқми, анави болани ўлдирганлар топилибдими?

– Билмасам, – Қурбоной хола елка қисди. – Топилар…

– Топилади! – деди Комиссар ишонч билан. – Топилмай қаёққа борарди?

Қурбоной хола индамади.

– Келин қалай, келин? – Комиссар тўртинчи қаватга, Рустамларнинг деразасига имо қилди.

– Жабр бўлди, бечорага! Қон йиғлаб ўтирибди, шўрлик…

– Оеқ олиши қалай? Олдига бегоналар келмаяптими?

– Вой, манов одамни! – Қурбоной хола астойдил ажабланди. – Худодан қўрқмийсизми?

Комиссар бирпас қор тепкилаб турди-да, тўсатдан сўради:

– Қалай, намоз ўқиб турибсанми?

Қурбоной холанинг юраги шиғ этди. Кечаги терговчи айтган! Яхши болага ўхшовди-ку?

Ким билсин, тағин…

– Ким айтди? – деди шошилиб. – Мен намоз ўқимийман.

– Ўқийса-а-а-н! – Комиссар бармоғи билан пўписа қилди. – Билама-а-ан! Мен ҳамма нарсани биламан.

– Сут бор эканми? – деди Қурбоной хола гапни айлантириб.

– Бор экан, – Комиссар ўйланиб қолди. – Энди бориб манний каша пишираман.

– Болаларингиз хабар олмийдими? – деди Қурбоной хола. – Ўғлингиз бор… Невараларингиз…

– Хэх! – Комиссар истеҳзоли кулди. – Ҳаммаси бир гўр!

– Унақа деманг, – деди Қурбоной хола астойдил ранжиб. – Боланинг ёмони бўлмийди.

– Тфу! – Комиссар асабий қўл силтади. – Бола-чақа боқиб роҳат кўраман, деганнинг падарига лаънат!

Қурбоной холанинг юраги сиқилди. Индамай қор курашга тушди. Бирпасдан кейин қулоғи остида тағин Комиссарнинг ғўлдираган товуши эшитилди:

– Менга қара, Қурбоной.

Қурбоной хола қаддини ростлади. Комиссар сут бидонини қор устига қўйиб, алланечук қунишиб турар, заҳил юзи ўйчан эди.

– Ростингни айт! – деди кинояли илжайиб. – Жойнамоз устида ҳар куни қарғасанг керак мени? Ота-онанг учун, ўзинг учун… Фақат тўғрисини айт!

– Ўзимга нима қипти? – деди Қурбоной хола дили оғриб.

– Хэх! – Комиссар калтакесакдек чирқиллаб кулди. – Ўзинг бўлмаса ота-онанг учун…

– Мен ҳеч кимни қарғамийман, – деди Қурбоной хола ишонч билан. – Қуръонда битилган: Аллоҳ ҳар нарсани кўргувчидир. Тангрим ҳаммасини кўриб турибди.

Комиссар бирпас гезариб турди-да, бидон бандидан кўтарди. Индамай нари кетди. Қурбоной хола куракнинг муздек дастасини чангаллаган кўйи узоқ туриб қолди. Нима деса бўлади бу одамга?! Бутун аждодига қирон келтиришга келтирди. Бувасини ўлдирди, отасини ўлдирди, онасидан жудо қилди. Аммо ўзининг бахтсиз бўлишида бу одамнинг айби йўқ…

Қурбоной хола эридан ажрашгани учун ўкинмийди. Шунчаки, турмуши келишмади, холос.

… Онаси ўлганидан кейин амакилари ота ўрнида оталик қилди. Ўраб-чирмаб узатди. Эри яхши йигит эди. Ҳалол, меҳнаткаш… Фақат қайнота-қайнонаси Қурбонойни ҳеч бири суймади. Келин бўлиб тушган оиласи замонавий экан. Қайнотаси – олим, қайнонаси – инженер.

Қурбоной атеизм деган илм қанақа бўлишини билмас эди. Қайнотаси ўша илм бўйича олим экан. Қурбоной бурчакбурчакда яшириб намоз ўқиб юрди-ю, рўза тутганда қўлга тушиб қолди. Ўшанда Умида икки ешга чиққан эди. Қайнотаси бир коса сув келтириб, ҳозир ичасан, деб туриб олди. «Ўзим коммунист бўлатуриб, атеист бўлатуриб, оиламда диндорлик авж олишига йўл қўймайман», – деди. Орага куёв аралашган эди, «Феодализм давридан қолган бу махлуқни қаёқдан топгансан?» деб ўдағайлади… Қурбоной қараса, ота-бола ёқалашиб кетадиган.

Қизчасини кўтарди-ю, чиқди-кетди. Эри сўроқлаб келган эди, тушунтирди: «Жон дадаси, мен сиздан мингдан-минг розиман. Хафа бўлманг, барибир турмушимиз тўғри келмайди. Ман сизга муносиб эмасман. Ўзингиз рози бўлиб, талоқ қўйинг…» Ёзуғи шу бўлса нима қилсин!

…Комиссар бўлса мени қарғайсанми, дейди. Қурбоной хола ҳамон курак дастасидан тутиб тураркан, хўрсинди:

– Худонинг ўзи уриб қўйибди-ку сани, ман нимангни қарғай!

ҚУРБОНОЙ ХОЛАНИНГ ЭРТАКЛАРИДАН

Бир қуни Ҳаж сафаридан қайтаётган карвон шаҳарга яқин жойда тўхтаб, дам олибди. Ўша ерда булоқ бор экан. Сув ичишибди, салқинлаб, ҳордиқ чиқаришибди… Карвонда учинчи марта Ҳаж қилган нуроний чол ҳам бор экан. Чол сафар бўйи ҳамманинг ҳожатини чиқарган, донишманд одам экан.

Бир маҳал шаҳар томондан битта отлиқ елиб келибди. Бўза ичиб олган, маст йигит отдан сакраб тушибди-да, югура келиб, чолни тарсакилаб юборибди. Карвондагилар йигитни ўраб олишибди. «Бу одам сенга нима ёмонлик қилди?» – дейишса, маст йигит индамасмиш.

Одамлар унинг адабини бермоқчи бўлиб шайланиб турган экан, чол уларни шаштидан қайтарибди. «Тегманглар, бу – менинг ўғлим бўлади», дебди. Одамлар баттар ғазабга минибди.

«Бу қандай фарзандки, ўз отасига қўл кўтарса!» «Майли, – дебди чол шунда. – Бу болада айб йўқ. Менда ҳам гуноҳ йўқ. Отамнинг жазоси менга қайтди. Болалигимда қулоғимга чалинган эди: бир вақтлар отам ёшлик қилиб бувамни урган экан. Ўшанда бувам дуойибад қилган экан…»

ҲАЁТНИНГ БОШ МАЗМУНИ – ПРИНЦИПИАЛЛИК

Қурбонойга нега унақа деди? «Жойнамоз устида мени қарғайсанми?» эмиш! Шуям гап бўлди-ю! Қарғиш-парғиш, дуойибад… Ҳаммаси абсурд! Чепуха! Нега шу эшонвачча уборшица билан пачакилашди? У киму фаррош ким?

Комиссар сут бидонни кўтариб бораркан, ўзининг гапи ўзига нашъа қилиб, ғижинар эди. Қарияпсан, биродар, қарияпсан. Кўп гапириш – кексалик белгиси, чекист эса кўп гапирмаслиги керак…

…Ўша ҳодисадан кейин уйланишга қарор қилди. Биографиясига доғ тушиб қолиши мумкин эди. Орган бунақа нарсаларни кечирмайди. Албатта, Фотима ўзини осиб қўйгани учун полковник Ғаниевни айблайдиган мард йўқ эди. Ғинг деб кўрсин-чи, «халқ душмани»ни ҳимоя қилган шубҳали шахс сифатида қия бўлиб кетади! Нима қипти, Ғаниев «халқ душмани»нинг уйида тинтув ўтқазди. Ҳакимовнинг хотини ўзини осиб ўлдирди. Бунга Ғаниевнинг нима дахли бор? Эшонзода Фотима Обидхонованинг айби бўйнидадирки, ўзига ўзи сиртмоқ илгандир!

Қизи масаласига келсак… Ёш қизалоқ нимани биларди? Оила аъзосининг гувохлиги инобатга ўтмайди. Факт шуки, Ғаниев Обидхоновага зуғум қилмади, тан жароҳати етказмади. Ҳар ким ўз жонига ўзи хўжайин. Обидхонова ўлгиси келган бўлса – марҳамат, ўлаверсин!

Комиссар, мабодо устидан шикоят тушгудек бўлса, далилларни қаторлаштириб қўйган эди.

Ҳеч қандай шикоят тушмади. Бироқ Соат Ғаниевич энди уйланмаса бўлмаслигини ҳис этди.

Ўйлаб қараса, ёши ҳам ўттиз бешга борибди… Ана, тенгдоши Тўлаганнинг қизи бўйига етиб қолибди. Эрта-индин эрга тегса, болали бўлади. Душманми, баломи, ишқилиб уйланибди, ҳузур-ҳаловат кўрибди. Соат Ғаниевич нима кўрди дунёга келиб?

Кўз очиб кўрган хотининг бошқача бўларкан-да! Назира ҳалиям тушларига киради. Ювошгина эди. Майингина… Тўғри, у пайтда «Қизил тўй» қилиш удум бўлмаганди. Назиранинг отаси «Бир камим қизимнинг шунча меҳмон олдида куёв билан ўтиришини томоша қилишим қолувди!» деб туриб олди. Куёв унча-мунча одам эмас, полковник эканини, НКВД билан ҳазиллашиб бўлмаслигини тушунтириб қўйишди шекилли, чол шаштидан қайтди. Эсида, тўй ниҳоятда хушчақчақ ўтди, ҳатто генералнинг ўзи ҳам келди. Соат оилавий бахт деганлари қанақа бўлишини илк бор тотиб кўрди. Ярим кечада келадими, тонготарми, ош-овқати тайёр.

Формаси дазмолланган. Туфлиси ялтиратиб артиб қўйилган. Уйи – чинни-чироқ… Соат тўйнинг эртасига Назирага масалани кўндаланг қўйди:

– Уйдан чиқиб кетаётганимда қаёққа кетяпсиз, қачон келасиз, демайсан. Келганимда қаердан келдингиз, нега шунча йўқ бўлиб кетдингиз, демайсан. Ишим тўғрисида умуман сўрамайсан. Вазифам шунақа!

Назира эрининг ҳукмини қулоқ қоқмай бажарадиган аёллар тоифасидан экан. Соат нима деса – ҳаммасини ўрнига қўйди… Соат уйда кам бўлар, бор пайтида ҳам эр-хотин деярли гаплашишмас эди. Қизиқ, улар ўртасида қандайдир сирли, хатарли девор турганга ўхшар, иккови ҳам ўша деворга яқин келса, бирон кориҳол рўй беришидан ҳадиксираб туришарди.

Бир куни Назира «ёрилди». Соат кечаси уйғониб кетди. Қараса, чироқ ёниқ. Тепасида хотини термилиб ўтирибди. Юзини доғ босган, қорни катта. Пишиллаб нафас олади.

– Нима гап, Назира? – деди Соат.

Хотини индамади. Киприк қоқмай ўтираверди. Баайни ҳайкал! Кўзи унда-ю, хаёли бошқа жойда.

– Ҳой, – деди Соат туртиб, – кўзингни очиб ухлаяпсанми?

Хотини алланима деб пичирлади.

– Нима? – Соат унинг елкасига беозор қўл ташлади. Назира негадир ўзини четга одди.

– Қўрқаман… – деди пичирлаб. Соат кулиб юборди.

– Нимадан қўрқасан, овсар!

– Қўрқаман… – Назира тағин пичирлади. – Сиздан қўрқаман!

– Мендан? – Соат унинг юзини силамоқчи эди, Назира тағин ўзини орқага ташлади.

– Сиз – қўрқинчли одамсиз! – деди юзини ўгириб. Соатнинг жахли чиқиб кетди.

– Нима деяпсан, аҳмоқ! – деди зарда билан. Қаддини ростлаб иягидан тутганча хотинининг кўзига чақчайди. – Қаёқдан олдинг бу гапни?

Ажаб, Назира қилча ҳам чўчимади. Бир нуқтага тикилиб ўтираверди. Анчадан кейин ўйчан оҳангда сўради:

– Кўп қарғиш олганмисиз?

Соатнинг хаёлига лоп этиб Фотима келди. Юраги шувиллаб кетди. (Ажаб, ҳеч қачон бундай бўлмаган эди.) Ўзининг бир лаҳзалик ожизлигидан ўзи ғазабга минди.

– Ким айтди? – деди дағдаға билан.

– Ҳеч ким. – Назира юзини девор томон бурди.

– Йўқ, айтасан! – Соат муштини тугди. – Ким ўша иғвогар?

– Ҳеч ким! – деди Назира унинг кўзига тик қараб. Кейин тўсатдан йиғлаб юборди. – Соат ака! – деди бўйнидан қучоқлаб. – Туғишдан қўрқяпман… Кўнглим сезиб турибди. Ўлиб қоламан!

Соат бир қадар енгил тортди: ҳа-а, гап бу ёқда экан-ку!

– Жиннимисан! – деди юпатиб. – Хотин киши туғадида! Битта сенмисан?

– Соат ака! – Назира унинг бўйнига янаям қаттиқроқ тармашди. – Бўшанг ишингиздан, тезроқ бўшанг! Биламан, бу ишингизда гуноҳга ботасиз, жон Соат ака! Биттаси бўлмаса биттаси қарғайди. Ўзингдан қайтмаса, болачақангдан қайтсин, дейди. Барибир айтади. Назира эс-ҳушини йўқотиб қўйганга ўхшар, нуқул «Бўшанг! бўшанг!» деб ёлворарди.

– Э, ўчир-е! – деди Соат тоқати тоқ бўлиб.

– Биринчидан, отставкага чиқишимга ҳали анча бор. Иккинчидан, мен совет офицериман, бурчимни бажаряпман. Тушунасанми шуни, аҳмоқ хотин!

Ўша кеча хотини тонггача ҳиқиллаб ётди. Эрталаб тўлғоқ бошланди. Назира бекорга қўрққан экан… Паҳлавондек ўғил туғди. Отини Маузер қўйишди.

Икки йил ўтиб, яна бир ўғил кўришди – Мэлс!

Соат тўнғич ўғлига айрича меҳр қўйган эди. Маузер ўзига Ўхшаган офицер бўлишини хоҳларди. Ҳарбий интизомга ўрганса, юрганида ер титраса… Йўқ, Маузер ота йўлидан кетмади. Журналист бўлармишлар. Газетада ишлармишлар. Аҳмоқ! Колхозма-колхоз юриб хабар ёзишинг қолувди энди. Отанг кўрган бунақа «ёзувчи»лардан қанчасини! Ҳамма ерга бурнини суқади. Бировларнинг қабулхонасида соатлаб ўтиради…

…Йўқ! Маузер Соат Ғаниевичнивг ўзига ўхшаган қайсар чиқди. Журналистликка ўқишга кирди. Бу пайтда Комиссар истеъфога чиққан эди. Ўғлининг раъйига кўнишдан ўзга чора тополмади. Маузер бешинчи курсни битираетганида уйлантиришди. Келин инсофли эди.

Хушрўйгина, одоблигина. Энг муҳими – камгап… Назира икки гапнинг бирида келинни мақтар, ўғлининг пешонаси ярақлаганидан хурсанд эди… Маузер ўқишни битириб республика газетасида ишлай бошлади…

…Бир куни уйни меҳмон босди: Маузернинг ўртоқлари. Ярим соат ўтмай квартирада қадаҳлар жаранги, қийқириқ кулгу авжига чиқди. Комиссарнинг ғаши келди. Бу хонадонда ҳеч ким, ҳеч қачон қийқириб кулган эмасди.

– Нима бу, ҳайвонот боғининг эшиги очилиб кетдими?деб ўдағайлаган эди, Назира имлаб, ошхонага чақирди.

– Одамни шарманда қилманг, жон дадаси! – деди ялиниб. – Ўғлингиз ўртоқлари билан гап еган. Бугун Маузернинг навбати…

Орага Мэлс қўшилди:

– Қизиқсиз, дада! Акам уйимизга меҳмон чақирса емонми? Нимани билади булар? Нимани тушунади? Ўттизинчи йилларда худди шунақа «гап» туфайли қанчаси қармоққа илинган!

Киши билмас қулоқ солди. Бири латифа айтади, бошқаси сиёсатдан олади. Сиёсатдан! Комиссар Ғаниевнинг ўғли аллақандай қинғир-қийшиқ улфатлари билан сиесат сўқияпти!

Зиёфат тугагунча тишини тишига қўйиб чидади. Меҳмонлар кетгач, Маузерни сиқувга олди.

– Ким булар?

– Дўстларим, – деди ўғли ҳайрон бўлиб.

– Қаерда ишлайди? Фамилияси нима? Маузер ичган эди. Кўзлари сузилиб, илжайди.

– Ҳаммасининг анкетаси керакми? Орага яна Назира қўшилди.

– Жон дадаси, – деди елвориб. – Ухланглар. Кеч бўлди. Эрталаб гаплашасизлар.

Соат Ғаниевич қараса, ўғлидан тузук-қуруқ гап чиқадиган эмас. Эрталабгача кутишга қарор қилди. Тонг-саҳарда Маузерни қайтадан сўроққа тутди:

– Кечагилар ким эди?

– Ўртоқларим, – деди Маузер оромкурсида ўтирган кўйи хотиржам сигарет тутатиб.

– Нега сиёсатга аралашади?

– Ижтимоий ҳаетга аралашмаган журналист йўқ, – деди Маузер ғўлдираб.

– Сен ҳам аралашасанми ижтимоий ҳаетга?

– Албатта!

Комиссар уриб юборишдан ўзини аранг тийиб, ўйланиб қолди. Хаёлига ғалати фикр келди.

– Майли, – деди ён бериб. – Гапга қўшилишингга қарши эмасман. Биламан, йигит кишининг улфати бўлиши керак. Фақат… – У ёғини иложи борича ботмайдиган қилиб, осойишта тушунтирди. – Биласанми, ўғлим… Сенлар ёшсан, ҳаётни яхши билмайсан…

Ораларингда системамизнинг душманлари бўлиши мумкин… – Шундай деб, ўғлининг кўзига қаттиқ тикилди.

Маузер бўзрайиб қолган, киприкларини овсарларча пирпиратар эди.

– Яхши! – Комиссар унинг елкасига қоқди. – Бемалол гапга қатнайвер. Ҳаммасининггапини эшит… Биронтаси жамиятимизга душман эканини пайқаб қолсанг…

Маузернинг оғзи ланг очилиб, башараси янаям аҳмоқона тусга кирди.

– Нима? – деди ниҳоят. – Сиз мени… мени… агент қилмоқчимисиз? – Ўша заҳоти ранги гезариб кетди. – Овора бўласиз! – деди бақириб. Шахт билан турди-да, хонадан чиқиб кетди.

Комиссар умрида бундай аянчли аҳволга тушмаган эди. «Аҳмоқ!» – деди ижирғаниб.

Икки ҳафтагача уйлари сув қуйгандек сукутга чўмди. Ота-бола гаплашмай юришди. Мэлс бўлса, умуман камгап йигит. Шарқшунослик куллиётининг урду бўлимида ўқийди. Эрта кетади, кеч келади. Икки ҳафталик сукунатдан сўнг портлаш рўй берди. Маузер навбатдаги гапдан ғирт маст бўлиб келди. Оёқда туролмайди. Келин қўлтиғидан олиб, ётоққа бошлаётган эди, Маузер нари итарди.

– Шошма! Д-д-дадам билан г-гаплашиб олишим к-керак! Назира келиннинг ёнига кирди.

Айланиб-ўргилиб, ўғлини инсофга чақирди.

– Қўй, болам, ҳар қанча гапинг бўлса, эртага гаплашасан.

– Йўқққ! – деди Маузер оғзидан кўпик сачратиб. – Ё ҳоз-з-зир, ё ҳ-ҳ-ҳеч қачон!

– Аҳволини қара, бу молнинг! Қўйиб берса Гамлет монологиниям ўқиб беради, мишиқи интеллигент! Қани, бу ёққа юр-чи!

– Дадаси, жон дадаси. – Назира полапонини қўриқлаган она чумчуқдек чирқиллаб қолди.

– Кўриб турибсиз-ку, ҳолини, дадажониси!

– Маузер ака, қўйинг, – деди келин қўрқиб. – Юринг, дамингизни олинг.

– Сиз нари туринг, келин, – Соат Ғаниевич ғазабини тийиб, осойишта тушунтирди. —

Қани, нима гапи бор экан? Эшитайлик-чи.

Ота-бола рўбарў ўтиришди. Бири столнинг у томонида, бири бу томонида.

– Хўш, гапир. Қулоғим сенда! – деди Комиссар.

– Йў-ўқ, – деди Маузер. – Аввал булар чиқиб кетсин. Ойи, чиқиб турйнг, ил-л-лтимос.

Гуля, сен ҳам чиқ-қ-қиб тургин. Ж-жон Гуля… Ўз-з-зинг ақлллисан-ку!

– Бўлдими? Гапир энди!

Маузер негадир кулди – оғзидан сўлак оқизиб, жуда хунук кулди.

– Дад-д-да! – деди илжайиб. – Н-н-нега менинг отимни Маузер қўйгансиз? Н-н-нима? Мм-мен тўп-п-пончаманми?

Комиссар дафъатан эсанкираб қолди. Чиндан нега Маузер? Иккинчи ўғлига-ку, улуғ

доҳийлар исмини қўйган. Бунгачи?

– Шу проблема қизиқтириб қолдими? – деди қовоғини солиб.

– Қ-қ-қизиқтиради. Д-д-доим қизиқтиради. – Маузер шимининг чўнтагидан ғижимланган сигарет олиб тутатди. – Н-н-нима? – деди ҳамон илжайиб. – Мен билан б-б-бировни от-тмоқчимисиз?

– Аҳмоқ! – деди Комиссар беозор койиб. – Мен сенинг қуролдек кучли бўлишингни хоҳлайман, билдингми?

– Ш-шунақа денг! – Ўғли кўзлари юмилиб-юмилиб сигарет тортди. – Ўз-з-зига ишонган одам, – деди дудуқланиб, – бир-р-ровга тўп-п-понча ўқталмайди. С-с-сиз ўзингизга ишонмайсиз! – Шундай деди-да, тағин кулди. – Танийсизми? – деди тўсатдан. – Фақат р-рростини айтинг. Ҳамидов деган ак-к-академикни танийсизми?

– Қанақа Ҳамидов?

– Танийси-и-из! – Маузер бош чайқаб бармоғи билан пўписа қилди. – Ёлғон гапирма-аанг! Танийсиз.

– Мен ҳеч қанақа академик Ҳамидовни танимайман.

– Бўлмаса… – Маузер мастона кўзлари билан қаттиқ тикилиб таъкидлади. – Бўлмаса… у сизни танийди. Билдизми! у мендан с-сўради. С-с-сиз ўша Комиссар Ғаниевнинг ўғли-мисиз, деди.

– Мен ҳеч қанақа Ҳамидовни танимайман! – деди Комиссар ғижиниб.

– Алдаманг! Уни с-с-сиз сўр-р-роқ қилгансиз. Т-тарихни бузиб кўрсатдинг, деб с-с-сиз қамагансиз! – Маузер қўлини бигиз қилиб чўзди. – С-сиз юборгансиз К-к-курил оролларига! Йигирма беш йилга с-с-сиз жўнатгансиз.

– Мана сенга Ҳамидов! – Комиссар кучи борича мушт солган эди, Маузер ўтирган стули билан қўшилиб ағдарилиб тушди. Бурнидан шариллаб қон келди.

Хонага Назира билан келин учиб киришди.

– Вой ўлай! Вой ўлмасам! – Назира титраб-қақшаб Маузерни бошидан кўтарди.

–Гулнора! Сув обкелинг! Тезроқ!

Маузер кафтининг орқаси билан оғиз-бурнини артди. Қизиқ, бирпасда кайфи тарқадими, бурро-бурро гапира бошлади.

– Билиб қўйинг! – деди тахдид билан. – Сиз ўша академикнинг тирноғига арзимайсиз!

– Ўчир овозингни! – Комиссар столни бор кучи билан муштлади. Гулдон ағдарилиб, сиренлар сочилиб кетди. Дастурхон устига жилдираб сув оқди.

– Урмоқчимисиз? – Маузер хотини келтирган сувга ўтирган жойида чала-чулпа юз чайқади. – Уринг! – деди аччиқ илжайиб. – Сиз уришга устасиз, Комиссар Ғаниев! Аммо, билиб қўйинг, эрта-индин ҳаммангни сиринг очилади.

Комиссар столни шитоб билан айланиб ўтди. Ўғлининг елкасига тепиб ерга михлаб қўймоқчи эди, Назира дод солиб, йўлини тўсди:

– Вой ўлмасам! Бу қандай кўргилик!

– Қўяверинг, ойи, ураверсин! – деди Маузер. Сўнг отасига тик қаради-да, дона-дона қилиб айтди: – Сиз – қотилсиз! Ҳамманг қотилсан! Йигирма миллион одамни гумдон қилган жаллодсан!

– Йўқол кўзимдан!

– Отлан, Гуля! – Маузер чайқалиб ўрнидан турди. – Бу уйда тургандан кўра ваҳший ҳайвонлар билан яшаган яхши. – Отасидан жиркангандек четлаб ўтди-да, эшик томон йўл олди.

Онаси ўкраб йиғлаганча этагига осилди.

– Унақа дема, болам. Отанинг юзига тик қараб бўлмайди, Маузержон! Эсингни йиғ, жон болам.

Маузер онасининг қўлтиғидан кўтарди.

– Туринг, ойи, кетамиз. Юринг биз билан. – Тўсатдан йиғлаб юборди. – Ойи! Мен бу одамнинг ўғли бўлганимдан уялиб кетяпман, ойи!

Комиссар кечаси билан тўлғаниб чиқди. Уйда бир ўзи қолган. Мэлс негадир келмаган. Назира эса ўғли билан келинининг кетидан ҳаиҳайлаб югурганича аллақайси гўрга ғойиб бўлган эди. Қаранг, бу олифта интеллигентни! Ўз отангни тергашни ким қўйибди сенга! Замон қанақа бўлганини сен қаёқдан биласан! Инқилоб ғалабаларини ҳимоя қилиш керакмиди? Мамлакатни ички душманлардан тозалаш керакмиди? Бундан ташқари ҳарбий қасамёдга садоқат, офицерлик бурчи, деган гаплар бор! Нега шунча йил писиб юрган экан ўша академигинг! Замон ўзгариб, энди тиллари чиқиб қолибдими? Курилга жўнатилганми, ундан наригами, итдек ўлиб кетмаганига шукр қилмайдими! Кўрамиз! Ҳали чархи гардуннинг ғилдираги қаёққа қараб айланаркин? Ер юзида коммунизм тўла ғалаба қозонмагунча душманлар бўлаверади. Демак, қора кучларга қарши курашадиган ташкилот ҳам бўлаверади!

…Назира эртаси кечқурун қайтиб келди. Бир кунда чаккасидаги сочларининг оқи кўпайганга ўхшар эди. Унинг айтишича, Маузер Юнусободдаги сўққабош кампирникидан ижарага бир хона олганмиш.

– Баттар бўлсин! – деди Комиссар энсаси қотиб. – Бурнига озгина сув кирсин, вайсамайдиган бўлади.

– Дадаси, жон дадаси! – Назира унинг оёғига йиқилди. – Хафа бўлманг, ўғлингиз ёшлик қилди. Кайф устида алжиради-қўйди, гуноҳидан ўтинг!

Маузернинг кечаги гаплари эсига тушиб Комиссарнинг вужуди ёниб кетгандек бўлди.

– Йўқ! – деди қатъий қилиб. – Бу – принципиал масала! Менинг Маузер деган ўғлим йўқ! Бу мавзуда бошқа гаплашмаймиз!

…Икки орада Назиранинг касалга чалиниб қолгани чатоқ бўлди. Ёши элликдан ўтиб-ўтмай қон босими кўтариладиган одат чиқарди. Комиссар ўзини юпатди. Майли, Маузердан кўрмаганини Мэлсдан кўради. Мэлс – эсли бола. Камгап, мулоҳазали. Мактабни олтин медаль билан битирди… Ўшанда Назира ғалати гап айтган эди.

– Болаларингиз антиқа чиқди-да, дадаси! Маузер ўз киндигини ўзи кесган хилидан. Қиламан деган ишини қилмай қўймайди. Кичиги бўлса ичимдагини топ дейди. Яккаш ўй ўйлайди. Минг ерига пичоқ урса бир еридан қон чиқмайди. Ҳайронман…

Хотин киши хотинча ўйлайди-да ! Мэлс кам гапириб, кўп ўйласа емонми? Ўқиши аъло, мана, урдудан ташқари инглиз тилини ҳам мукаммал ўрганиб олди. Институтни битирса, чет элларга бориб ишлайди. Жамият равнақига ҳисса қўшади. Анави телба акасига ўхшаб кўча-кўйда вайсаб юрмайди. Комиссар Ғаниевнинг ўғли қанақа бўлишини кўрсатиб қўяди.

Она – барибир она экан-да! Назира кунора Маузернинг оддига қатнар, ҳар гал янги гап топиб келар эди. Ишхонасида Маузернинг ҳурмати зўр эмиш. Бир йил ичида уй беришармиш.

Гулноранинг анор егиси келаётганмиш… Аммо бирон марта «Ўғлингиз қилмишидан пушаймон, узр сўради», деган гап бўлгани йўқ…

…Комиссар ўйлаб-ўйлаб бир қарорга келди: Мэлсни уйлантириш керак. Шунда онасининг кўнгли жойига тушади. Анави аҳмоқнинг олдига камроқ югурадиган бўлади… Мэлс ювош кўрингани билан бало экан. Тўй ҳақида гап очилганида онасига Лоланикига совчи бўлиб боришни тайинлабди. Лола дегани автодорожний институтида ўқиркан…

Тўй рисоладагидек ўтди. Айни меҳмонлар тўпланаетган пайтда Назира югургилаб келиб қолди.

– Дадаси! – деди яйраб-яшнаб. – Ўғлингиз келди! Чиқинг, сўрашинг мундоқ!

Комиссар гарангсиб турган эди, тушунтирди:

– Маузер келди! Қаранг, укасига қанча нарса обкепти!

Комиссар энсаси қотиб, ҳовлига тушди, Бир четда юк машинаси тўхтаб турар, Маузер тўйхонадаги йигитларга кўмаклашиб, машинадан қутига солинган телевизор, музлатгич туширар эди. Ёнида қорни дўппайиб қолган Гулнора турарди. Эр-хотин баравар ярқ этиб шу томонга қарадилар. Гулнора ийманиб, салом берди. Маузер илжайиб яқин келаётган эди. Комиссар юзини чириллатиб ўгирди-да, бурилиб кетди…

…Ростини айтганда, Лола Комиссарга маъқул тушди. Хуш-чақчақ, чаққон. Ишниям боплайди, гапниям! Бир ой ўтмасдан ҳаммага лақаб қўйиб улгурибди. Назира айтиб қолди:

– Эшитдингизми, дадаси, менинг отим амортизатор эмиш.

– Нима дегани у?

– Уй ичимизнинг тинчини тутиб турган эмишман. Мен бўлмасам, ҳаммаеқ алғов-далғов бўлиб кетармиш.

Комиссар ўйлаб туриб, келиннинг мулоҳазаси жўяли эканига тан берди.

– Ўғлингниям лақаби бордир?

– Бор! – Назира кулди. – Домкрат!

– Нега энди домкрат?

Назира нечундир қизариб, елка қисди.

– Билмасам…

– Ўзи-чи? Ўзигаям от қўйганми?

– Бўлмасам-чи? Лолахон тушмагур биринчи бўлиб ўзига лақаб топган-да! Ойна тозалагич эмиш. Дворник.

Комиссарга нашъа қилди.

– Дворник? Буни қара-я! Биров уни чўри қилиб қўйгани йўқ шекилли?

– Мен ҳам шуни сўрадим. Йўқ, дейди. Мен чўри эмасман, шунчаки ойна тозалагичман, мен бўлмасам, бу хонадонга нур кирмасди, дейди.

Бу гаплар Комиссарнинг эсидан чиқиб кетган эди-ку, бир куни хаёлига ғалати ўй келди.

«Менгаям лақаб қўйган бўлса-чи, бу маҳмадона!» Назирадан шуни сўраган эди, бош чайқади:

– Ўлибдими? Сиздан қаттиқ ҳайиқади келин!

Йўқ, бирон ҳафталардан кейин Назира кулиб-кулиб айтиб берди:

– Сизникиям бор экан: глушитель!

– Рул десин, мотор десин… Глушители нимаси?

– Машинанинг тутун чиқарадиган жойи бор-ку, ўшанақа нарса экан.

– Мен шунақа эканманми? – деди Комиссар азза-базза ранжиб. – Ким қўйибди бу жиблажибонга…

– Йў-ўқ, дадаси, – Назира тушунтирди. – Гап тутундамас. Сиз овоз ўчирадиган аппарат эмишсиз. Бу хонадонда фақат шивирлаб гаплашиш мумкинмиш.

…Айни қиш чилласида Назира эшикдан ҳовлиқиб кирди: – Суюнчи беринг, дадаси, неварали бўлдингиз! Гулнора ўғил туғди! Комиссарнинг кўнглини мубҳам бир илиқлик силаб ўтгандек бўлди. Бироқ, Маузернинг маст бўлиб айтган гаплари тағин эсига тушиб, юрагидаги муз янаям қалинлашди. – Хотин бўлгандан кейин туғади-да, – деди совуққина қилиб. Назира каттакон сумкани диванга қўйиб, ичидан бир қучоқ латта-путталар чиқарди: йўргаклар, кўйлак-иштончалар, халатчалар… – Жон дадаси, – деди ёлбориб. – Эртага чақалоқни туғруқхонадан олиб чиқишади. Умрим бино бўлиб сиздан ҳеч нима сўрадимми? Илтимос, бир марта хўп денг, борайлик… Майли, кўпмас, беш минутга… Бир оғиз, табриклаб чиқинг. Бува бўлдингиз ахир. Комиссар хотиржам қўл силтади: – Ўзинг боравер! Назиранинг кўзида ёш ғилтиллади. – Одаммисиз ўзи, нимасиз?! – деди илтижо қилиб. – Бир оғиз гап учун ўз пуштикамарингиздан бўлган фарзандингиздан кечасизми? – Кечаман! – Комиссар ҳар сўзини чертиб таъкидлади. – Мен принцип учун онасидан кечган одамман! …Диалектика қонунлари қизиқ экан. Бугун йўқотасан, эртага топасан… Маузернинг хотини битта ўғил туққан бўлса, Мэлснинг хотини бир йўла иккита – эгизак туғиб берди: ҲасанҲусан! Бирпасда уйлари тўлди-қолди… Болакайларнинг бижир-бижир тили чиқди, йўлга кирди. Бора-бора Назира ҳам неваралари билан андармон бўлиб, Маузерни кўп гапирмай қўйди. Невара яхши бўларкан. Хонадонга алланечук файз кирди. Ҳасан-Ҳусанлар ясли ёшига етгач, «дедушка»га ҳам иш топилди. Иккаласини икки ёнига олиб, эрталаб яслига элтади, кечқурун олиб келади. …Мэлсни аспирантурада олиб қолишди. Комиссар бунга асло ажабланмади. Билими чуқур, ҳар томонлама етук… Бошқаларга ўхшаб домлаларга пул тиқиштириб ўқимади.

Бир йилдан кейин ўғли маслаҳат солди:

– Покистонга стажировкага юборишмокчи. Уч ойга.

– Бориб кел! – деди Комиссар. – Тилни тағинам мукаммал ўрганасан. Ҳаётни кўрасан…

– Шунақа-ку… – Мэлс кўзойнагини йилтиратиб, хижолатли жилмайди. – Баъзи ташкилотлар…

Комиссар дарҳол тушунди. Хэх! Булар Комиссар Ғаниевнинг фарзандига ишонмаса…

– Чамадонингни тайёрлайвер, – деди ишонч билан. …Бирон ойлардан кейин «у ёқ»дан телефон бўлди.

Эртага эрталаб соат ўнда «Тошкент» меҳмонхонасининг фалон номерида кўришсак, деб илтимос қилишди. Комиссар ажабланмади. Отставкага чиққан бўлса ҳам тажрибали ходим сифатида маслаҳатга ва умуман… «баъзи юмуш»ларга чақириб туришарди.

Фуқаро кийимидаги ходим очиқ чеҳра билан кутиб олди. Комиссар уни биринчи кўриши эди. Ходим комиссарни орқаворатдан яхши танишини, ҳурмат қилишини айтди. Соғлиғини суриштирди, фарзандлари, невараларининг кайфиятини сўради… Даромад чўзилиб кетганидан Комиссарнинг кўнгли ғаш тортди. Хаёлига лоп этиб Маузер келди. «Яка бир қилиқ қилган бу эшшак! Ким билсин, газетада қалтис Мақола чиқарганми? Қачонгача отасини шарманда қилади, аҳмоқ!»

– Бўпти, ўртоқ, – деди лўнда қилиб. – Мақсадга ўтайлик!

– Яхши, ўртоқ полковник! – ходим тортмани очиб, унинг олдига бир тўп газета ташлади.

– Қараб кўринг-чи, шулар орасида биронтасини танийсизми?

Комиссар ҳайрон бўлиб инглизча газеталарни варақлай бошлади. Деярли ҳар биттасида Мэлснинг кўзойнак ортидан илжайиб турган сурати босилган эди.

– Нима бу? – деди оёқ-қўлидан мадор қочганини ҳис этиб.

– Нима эмас, ким денг? – ходим истеҳзоли кулди. – Танимаётган бўлсангиз, эслатиб қўйишим мумкин: бу кимса собиқ совет фуқароси Мэлс Соатович Ғаниев бўлади! Сизнинг ўғлингиз!

Комиссар бошидан ҳуши учиб бораётганини, ҳозир йиқилиб тушиши муқаррарлигини сезиб турар, тили калимага келмас эди.

– Туҳмат! – деди ниҳоят бутун иродасини йиғиб. – Бўҳтон! Менинг ўғлим унақа бўлиши мумкин эмас!

– Мумкин экан-да! – Ходим алланечук хотиржам жилмайди. – Мэлс Соатович Ғаниев Карачидаги Англия консулхонасига сиёсий бошпана сўраб борган. Совет Иттифоқида инсон эрки йўклигини айтиб, расмий баёнот берган, совет фуқаролигидан воз кечишини айтган… Ўқиб берайми?

Комиссар туш кўраётганга ўхшар, пешонасидан дўлдек тер қуйилаётгани, ўтирган жойида муттасил чайқалаётганини ўзи билмас эди. Бир маҳал қараса, ерда чўзилиб ётибди. Ходим уни қўлтиғидан кўтариб, оғзига стаканда сув тутди.

– Генералга кираман! – деди Комиссар хириллаб. – Мен… бораман! Бориб, ўз қўлим билан отиб ташлайман! Отмасам, мени отинглар!

Бу гапларни сидқидилдан айтар, аммо айни пайтда қийноқ камералари, кардерлар, одам бошига ит кунини соладиган, нажас ейишга мажбур қиладиган рецедивистлар, каламушли горшоклар бирма-бир кўз ўнгидан ўтар эди.

– Отаман! – деди ҳайқириб. – Менинг бунақа ўғлим йўқ! Отаман!

Қизиқ. Уни қўйиб юборишди. Ҳатто «Волга»да уйигача кузатиб ҳам қўйишди.

«Бу ҳам бир манёвр! – Комиссар шаҳар марказидаги тўрт хонали уйига ҳорғин чиқиб бораркан, хаёлидан аламли ўй кечди. – Одатдаги усул. Энди менинг ким билан алоқам борлигини кузатишади… Керак бўлса, квартирага эшитувчи аппаратураларни жойлаб қўйишади… Хэх! Аллақачон жойлаб қўйган бўлса-чи?!»

Эшикни Назира очди. Эрининг важоҳатини кўриб қўрқиб кетди.

– Нима гап? – деди қути ўчиб .– Нима бўлди?

– Ўл бўлди! Дард бўлди! – Комиссар алам устида хотинига тарсаки солди. Назира юзини чангаллаганча кавшандозга чўккалаб қолди.

Ичкаридан йилтироқ халат кийган Лола югуриб чиқци.

– Болалар ухлаяпти, дада! – деди таънаомуз. – Секинроқ гапириш мумкинми?

– Нима? Болалар?! – Комиссар квартирага ўрнатилиши эҳтимол бўлган «қулоқлар» ёки пастда, йўл четида пойлаб турган машинадаги «локатор» эшитиши учун овози борича ҳайқирди: – Итдан бўлган қурбонлиққа ярамайди! Эрингни нега Покистонга жўнатдинг?

Ниятинг нима эди унсур! Айт! – деди Лоланинг ёқасига чанг солиб. – Ҳозир айтасан! Эринг Англия разведкасига сотилганини нега яширдинг?

Лола кўзлари ола-кула бўлиб, нуқул талпинар, аммо қайнотасининг чайир чангалидан чиқиб кетолмасди.

– Дада! – деди бир маҳал чинқириб. – Ойим ўляптилар, дада!

Шундагина Комиссар чангак бўлиб қолган бармоқларини келинининг еқасидан бўшатди.

Иштончан Ҳасан-Ҳусанлар етоқ эшигидан мўралаб турар, негадир иккаласи ҳам илжаяр эди. Назира йўлакда узала тушиб ётар, юзи қордек оппоқ, қимир этмасди. Назарида хотини маккорлик қилаётгандек туюлди.

– Тур, – деди хотинининг елкасига нуқиб. – Тур, алвасти! Бу ҳайвонларни сен туққансан!

Уларни менга қарши сен Қайрагансан!

Ажаб! Назира қилт этмади. Комиссар энкайиб хотинининг юзига кафтини босди.

Назиранинг юзи муздек эди. Худди музлатгичдаги гўштдек… Қўрқув ичида қўлини тортиб олди.

– Чақир! – деди бақириб. – Скорий чақир! Тезроқ! Лола нариги хонага, телефонга югурди. Комиссар хотинининг енига мук тушди.

– Назира! – деди елкасидан силкитиб. – Онаси! Кўзингни оч, онаси!


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 | Следующая
  • 1 Оценок: 1


Популярные книги за неделю


Рекомендации