282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Уткир Хошимов » » онлайн чтение - страница 12

Читать книгу "Тушда кечган умрлар"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:00


Текущая страница: 12 (всего у книги 16 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Қизиқ! Қанақа одам бу? Бир қарасанг, дўқ қилади. Бир қарасанг, сигарет тутади.

– Гапиринг! – деди жеркиб. – Нима дардингиз бор? Олдиндан айтиб қўяй! «Пахта иши» билан келган бўлсангиз гаплашмайман!

Шахт билан ўрнимдан турдим-да, хайрлашмасдан эшикка йўналдим.

– Шошманг! – деди у бақириб. Тўхтадим.

– Қайтинг! – «Опал» қутисидан сигарет олиб лабига эмас, сарғайиб кетган тишлари орасига асабий қистирди. Гўё ғажиб ташламоқчи бўлгандек.

– Айтавер дардингни! – деди тўсатдан сенсираб. Гап бошлашим билан чеҳраси ёришди. – Шомансур аканинг ўғлимисан? Ташла қўлни! Отанг ажойиб одамлар! У киши тўғрисида очерк ёзганман. Ишнинг кўзини биладиган раис эдилар… Ўзинг қаерда ишлайсан?

– Ўқийман, – дедим тўнғиллаб. – Журналистикада.

– Ия, ҳамкасб эканмиз-ку! Қани, бир бошидан гапир-чи, нима бўлди ўзи?

Ҳамма гапимни сабр билан эшитди. Шу орада кам деганда ўнта сигарет чекди. Хона тутунга тўлиб кетган, Маузер Соатович диққат билан тинглар эди. Назаримда, ҳикоям тугагунча баттар қаримсиқ қиёфага кириб қолгандек бўлди.

– Шуми? – деди охири. Кейин негадир кулди. – Биласанми, ука, икки соат олдин Иккинчининг қабулида эдим. – У тамакидан сарғайган бармоғини бигиз қилиб шифтни кўрсатди. – Шахсан ўртоқ Иккинчининг қабулида! Қани, айт-чи, Ўзбекистонда Биринчи каттами, Иккинчими?

Ҳеч балога тушунмадим. У анграйиб қолганимни кўриб хириллаб кулди. Йўталиб, симтўрга туфлади.

– Иккинчи айтдики… Пистадек қилиб юрмасанг… Яна ҳеч нимага тушунмадим.

– Отинг Рустаммиди? – Маузер Соатович тағин йўталди.– Менга қара, Рустам!

Александр Македонский деган пошшони эшитганмисан? Баракалла! Македонскийнинг энг зўр тактикаси қанақа бўлган, биласанми? – Қовоғи салқиган кўзлари билан юзимга синовчан қараб турди-да, давом этди:

– Македонскийнинг зўрлиги шунда бўлганки, қайси юртни босиб олса, ўша юртдан чиққан одамни ҳоким қилиб тайинлаган. Ёнига эса Иккинчи қилиб ўз одамини қўйган. Эшитдингми? Иккинчи қилиб! Оми халқ бу ёқда юраверган: пошшо ўзимиздан чиқди, деб хурсанд! У ёқда бўлса Иккинчи Биринчининг нозик жойига ип боғлаб олган. Биринчи ғиринг деб кўрсин-чи! Иккинчи ипни тортиб қўяди. Салгина тортса, Биринчи вой-войлаб қолади. Қалай? – У тағин хириллаб кулди. – Жиндай ҳаддидан ошса гўрдан олиб, гўрга тиқишдан ҳам тоймайди… Ўзимиздагига ўхшаб. Биласанми, бунинг отини нима дейди? – Унинг ҳорғин кўзларида изтироб пайдо бўлди. – Мустамлакачилик! – деди хўрсиниб.

Суҳбатимиз тамом бўлганини тушундим.

– Москвага бораман! – дедим ўрнимдан туриб.

– Нима? – Маузер Соатовичнинг ҳозиргина маъюс боқиб турган кўзларида ўт ёниб кетгандек бўлди.

– Москвага? – деди истеҳзоли кулиб.

– Борақол! Тезроқ бор! Рустамжон қачон келадилар, қачон дадаларини олиб кетадилар, деб қучоғини очиб турибди.

Беихтиер қайтиб жойимга чўкдим.

– Москва эмиш! – У асабийлик билан янги сигарет пачкасини очди. – Ўшаларнинг ўзи бошлади-ку бу кампанияни! – Қўллари қалтираб тутатди. – Уларга қолса, бутун Ўзбекистон Қўшиб ёзувчи! Ҳаммаси ҳаромхўр. Ҳаммаси ўғри, порахўр. Ўттиз еттинчи йил қайтиб келди!

– Унинг кўзлари олайиб, Ўрнидан сапчиб турди. Алам билан столни муштлади. – «Ўзбек иши» эмиш! – деди инграгудек бўлиб…

Оғир, изтиробли сукут чўкди. Маузер Соатович кафти билан тутун ҳайдаб, у ёқдан-бу ёққа асабий бориб кела бошлади. Бир қадар ўзини босиб олди чоғи, қайтиб жойига ўтирди.

– Қўшиб ёзиш ҳамма жойда бўлган, – деди анчайин вазмин оҳангда. – Айбни эса келиб-келиб ўзбекка ёпиштиришди. Сабаби шуки, арманига осилса, ўша куни армани кўчага шиор кўтариб чиқади. «Арман халқидан қўлингни торт!» дейди. Гуржига ташланса, гуржи кўчага чиқади. «Нега халқни ҳақорат қиласан?» дейди. Сен билан биз – ўзбекмиз. Биттамизни бўғизласа, иккинчимиз меърайиб турамиз. Навбат ўзимизга етгандагина, қўйга ўхшаб маъраймиз. – У бирпас ўйланиб қолди. – Ҳамма нарсанинг ибтидоси бўлганидек, интиҳоси ҳам бўлади, – деди ишонч билан. – Ҳақиқат эртами-кечми рўебга чиқади.

– Хўш, мен нима қилишим керак? – дедим ижирғаниб.

– Кутасан! – Маузер Соатович хотиржам тушунтирди. – Бошқа илож йўқ. Бу калаванинг учи узун. Мени айтди дерсан, калаванинг учи охир-оқибат Москвага бориб тақалади! Ана ўшанда ҳаммаси жой-жойига тушади. Бунақа ишнинг кетидан югуриб юргандан кўра бизга Афғонистон хотираларини ёзиб кел, газетада чиқарамиз.

– Нимани ёзай? – дедим маъюсланиб. – Одам ўлдириш қанақа бўлишиними?

Маузер Соатович индамай бошини қуйи солди.

Тутунга тўлиб кетган хонадан чиқиб борар эканман, хаелимни оғир ўйлар чулғаган, ночорликнинг зилдек юки елкамдан босиб, ерга михлаб ташлаетганга ўхшарди. Барибир, барибир топаман! Отамнинг гарданига йўқ ердаги айбларни илиб қамоққа тиққан, оиламиз бошига шунча кулфат солган Амбарцумян гуруҳидан ақалли биттагинасини топмагунча, кўзига тикилиб туриб, жиллақурса, бир нечта савол бермагунча тинчимайман. Тин-чи-май-ман!!!

Эртаси куни

Дадамдан хат келди. Шимолий Қозоғистондаги «ахлоқ тузатиш» колониясида жазо муддатини ўтаетган дадамдан.

«Рустамжон, ўғлим! – деб езибди отам. – У еқдан жонинг соғ қайтганини ўқиб, Худога минг қатла шукр қилдим. Сен Афғонистонда юрганингда бу еқда бунақа ишлар бўлиб кетди… Нимаям дердим… Пешонада шу ёзуғ ҳам бор экан… Ёшим бир жойга борганда қамоққа тушиш хаёлимга кептими?.. Мана, энди ҳаммасини бир бошдан ўйлайман. Кечалари уйқим ўчиб кетади. Дунёнинг бу бурчидан кириб, у бурчидан чиқаман. Ўйлаб ўйимга етолмайман. Гуноҳим нима ўзи?.. Ота-онам ўттизинчи йиллардаги очарчиликда ўлиб кетган ғирт етим бўлсам.

Ўсмирлигим уруш даврига тўғри келган бўлса… Эсимни танибманки, елкамнинг яғири чиқиб, меҳнат қилдим. Қўш тортдим, мола босдим, трактор ҳайдадим… Тиришибтирмашиб ўқидим. Ўзлари кўтаришди. Аввал бригадир қилишди, кейин ҳосилот. Ундан кейин раис. Партия ҳукуматимиз қаёққа ташласа, ўша ерга бориб тушдим. Тўқайда чивинга ем бўлиб, ер очдим.

Қолоқ хўжаликни кўтар, деса қулоқ қоқмай хўп дедим. Онанг шўрлик кўрпасини орқалаб кетимдан эргашиб юрди. Аканг Бекободда туғилди, сен – Пскентда… Бир оғиз айтмадим: «Ҳой, мен ҳам одамман-ку, умрим бино бўлиб ҳаловат кўраманми-йўқми?» демадим. Бит анавинақа нарсага семиргандек, берган темир-терсакларига, депутатлигига маҳлиё бўлиб юраверибман… Бир хил раисларга ўхшаб пул йиғмадим, оқ уй – олабаргаклар солмадим. Нима қилсам халқ учун, партия учун қилдим. Ўн етти йил шу колхозда ишладим. Дуч келган одамдан сўраб кўр, ўғлим. «Худони ўртага солиб айтинглар-чи, дадам умри бино бўлиб қинғир иш қилдими, бировнинг бурнини қонатдими?» дегин-чи, имони бўлса айтар, рост гапни! Мана энди келиб-келиб тўхтаган жойим – лагерь бўлди. Ўзбекистонда қўшиб ёзганлар бўлмаган, демайман. Аслида ўшалар ҳам Москванинг буйруғи билан қилган бу ишни. Осмон баравар план бериб, бажармасанг онангни учқўрғондан кўрсатаман, деганидан кейин шу йўлга кирмай чораси қолмаган. Менинг бўлса, Худо олдида ҳам, бандасининг олдида ҳам виждоним пок. Бунақа ҳаром ишга қўл урган эмасман. Битта гуноҳим шуки, бу савдолар бошланган заҳоти раисликни топширишим керак эди… Туриб-туриб ўзимга нашъа қилади. «Партиянинг содиқ солдатиман, орденли раисман», деб юраверибман. Ақалли сени Афғонистондан олиб қолишга «партиявий виждоним» йўл қўймабди. Хоҳласам уч кунда Туркманистондан Тошкентга ўзлари обкеб қўярди. Энди бўлса, аллақандай миллионларни бўйнимга илди. Фалончидан уч юз минг олгансан, пистончига юз минг бергансан… Бўҳтон! Ҳаммаси туҳмат! Онангнинг ёзишига қараганда, тўйинг юришиб қолганмиш. Отам тўйимни кўролмади, деб асло кўнглингни чўктирма. Худо хоҳласа, омон-эсон борсам, невара тўйлари қиламиз. Илоё бахтли бўл, болам! Мендан ҳеч хавотир олманглар. Соғлиғим яхши. Атрофимда ҳурмат қиладиган имонли одамлар бор… Онангни эҳтиёт қил. Дуойи салом билан даданг. 18 июнь».

Июль ойининг еттинчи куни

Шаҳноза билан ЗАГСга ариза бердик. «Пахтакор» метроси олдида анча кутдим. Метронинг қуббали биноси афғон «зеленка»сидаги уйларни эслатади. Тўғри, унақа пастак, лой томли эмаску… Ҳар қалай узоқдан қараган одамга шунақага ўхшаб кўринади. Одамлар қуббанинг бир эшигидан ёпирилиб чиқади. Иккинчисидан ёпирилиб киради. Бепарво, беписанд… Ростини айтсам, уларни томоша қилиш ёқимли эди. Аввалига ақлим етмади. Нима қипти? Биров у ёққа кетяпти, биров бу ёққа… Нимаси мароқли бунинг! Кейин тўсатдан бир янгиликни англадим: ўзимда рўй берган ўзгаришни сездим: кўнглимдаги хавотир ҳисси йўқола бошлабди. Мен ўз юртимдаман. Мина портламайди, гранатомёт отилмайди. «Эрэс» учмайди. Мен ўз уйимдаман!

…Шаҳнозани узоқдан кўрдим. Қора «Волга» телестудия рўпарасида тўхтади. Фариштадек оппоқ либос кийган Шаҳноза «Волга»нинг орқа эшигидан тушди. Олд эшикка келиб, ялтироқ сумкачасини очди. Ҳайдовчига пул узатиб, алланималар деди. Чамамда, ҳайдовчи пулни олмади. Машинасини жилдирди. «Волга» менинг рўпарамга келганда, атайлаб тезликни оширгандек бўлди. Рулда ўтирган ҳайдовчини бир лаҳза кўриб қолдим. Сочлари силлиқ таралган… Артистларникига ўхшаган оппоқ юзли, хушмўйлов йигит шу томонга қараб, истеҳзоли кулиб қўйгандек туюлди. Ким бўлди бу таниш башара! Эслай олмадим.

Ҳаммаси бир лаҳзада бўлиб ўтди. Шаҳноза чопқиллаб келиб, билагимдан тутди. Салом берди.

– Ўлсин, аксига биттаям такси учрамаса! – деди мулойим жилмайиб. Бошини бир томонга ташлаган кўйи қопқора киприкларини гуноҳкорона пирпиратиб туриши шу қадар самимий эдики, бояги «артистнамо» шопирдан рашк қилганимга ўзим уялдим.

ЗАГСдан ўтиш катта тантана эканини билардим. Бир хиллар ариза беришга ҳам келин томон бир машина, куёв томон бир машина бўлиб, асъасаю дабдабалар билан келаркан. Сўппайиб келганим учун Шаҳнозадан уялдим. Ажойиб қиз-да Шаҳноза! Мени хижолатдан чиқариш учунми, чиройли кўзлари сузилиб таклиф қилди:

– Биласизми, Рустам ака, энди «Лолазор»га бориб, музқаймоқ еймиз! Хўп?

Шаҳноза шунақанги очилиб кетган, шунақанги чиройлики! Ўзига бунчалик оро берганини кўрган эмасман. Оқ кўйлак, оқ туфли. Сочига оппоқатиргул ғунчасини қистирган. Кўзлари, йирик-йирик кўзлари парпираб турибди. Худди ўзининг юзига ўхшаган пуштиранг музқаймоққа жажжи қошиқ учини ботиради-да, ангишвонадек бежирим оғзига олиб бориб, бир лаҳза иккиланиб қолгандек бўлади: «Есамми-емасамми?»

Бир маҳал киприклари капалак қанотидек титраб кулиб юборди.

– Айиқ! – деди қошиқчаси билан таҳдид қилиб. – Худди айиқнинг ўзисиз, Рустам ака!

Асал еяпган айиққа ўхшайсиз! – Курси суянчиғига елкасини ташлаганча қаҳ-қаҳ уриб кулди.

– Айиқсиз!

Ўтирган курсимни шаҳд билан ёнига сурдим-да, елкасидан қучиб музқаймоқ мазаси келиб турган лабларидан ўпдим.

– Жиннимисиз? – У типирлаб ўзини орқага ташлади. – Ҳамма қараб турибди.

– Қарайверсин! – дедим кулиб. – Сен менинг хотинимсан!

–Жинни! Айиқ! – Шаҳноза эркаланиб қўлидаги қошиқчаси билан яна таҳдид қилди. – Ёмон бола бўпсиз! Билиб қўйинг, биздаям қурол бор. Бир урсам! – Шундай деб рўмолчаси билан менинг лабларимни артиб қўйди.

– Энди, – деди эркаланиб, – тўполон қилмасдан, яхши бола бўлиб ўтиринг-да, гапимга қулоқ солинг! – Негадир кўзларига чуқур жиддият чўқди. – Сиз у ёқда юрганингизда туш кўрдим, – деди ўйланиб. – Тоққа борганмишмиз. Сижжакка. Холамларникига… Қалин қор ёққанмиш. «Юр, Шаҳноз, сирпанчиқ учамиз», дебсиз-да, қўлимдан ушлаб тортибсиз. Қарасам, пастда жарлик бормиш. «Жиннилик қилманг, Рустам ака», десам, қўлимни қўйиб юбормасмишсиз. Иккаламиз жарликка караб кетаётганмишмиз. Қўлингиздан шунча тортсам кучим етмасмиш… – Шаҳноза тушининг таъбирини билмоқчи бўлгандек, кўзимга тикилиб узоқ жимиб қолди.

– Кейин нима бўпти? – дедим хушчақчақ гапиришга уриниб.

– Бир маҳал қўлимдан чиқиб кетдингиз… – У ўша туш даҳшатини қайтадан кўз ўнгида аниқ тасаввур қилди шекилли, қандайдир сўник алпозда бошини қуйи солди.

– Кейин-чи? – дедим ўсмоқчилаб. Бемаъни савол бераётганимни тушуниб турардиму, ҳар қалай Шаҳнозанинг туши нима билан тугашини билгим келарди.

– Кейинми? – Шаҳноза жилмайди. – Қарасам, жар ёқасида бир туп арча бормиш. Югуриб борсам, арча тагида кули-и-б ётганмишсиз. «Йиқилдингизми?» десам, «Ҳазиллашдим, жинни», дебсиз. Шунақа деб нуқул каппалаб қор еётганмишсиз. «Қор еманг, шамоллаб қоласиз», десам, «Чанқаб кетдим, ичим ёниб кетяпти», дермишсиз…

Июль ойининг ўрталари

Нонушта устида акам айтиб қолди:

– Рўзимат отаникига бориб, кўнгил сўраб кел. – Тушунмадим.

– Қайси Рўзимат ота, нима гап ўзи?

– Тўртинчи бўлимдаги Рўзимат ота бор-ку, бир оеғи оқсоқ сувчи! Ўшаникида таъзия бор. Бугун учинчи куни. Сен шаҳарда ўз ташвишларинг билан бўлиб, хабар ололмадинг. Кўнгил сўраб қўй, укам.

Эсладим! Ҳовлисида нуқул бедана сайраб турадиган киши.

– Нима бўпти? – дедим хавотирланиб. – Рўзимат ота касал эмасди шекилли…

– Ўзимас, ўғли… Яхши бола эди раҳматли… Ўлигини яшикка солиб обкелишибди. Ҳаммаёқ тўполон бўлиб кетди… – Акам ўрнидан тураркан, қаттиқ тайинлади: – Албатта боргин, укам!

Қўнгил сўра, юпат… Тобуткашмиз ахир!

Бундан чиқди, Афғонистондан яна битта «икки юзинчи» юк кепти-да!

Рўзимат отани узоқдан танидим. Шифер томли, пастак уй салқинида ўзи тенги иккита қария билан ўтирибди. Қўлида ҳасса. Ёнбошида «отам замонидан қолган» суянчиғи ейсимон курсилар қаторлашиб турибди. Чоллардан бири ингичка, йиғлоқи овозда узундан-узоқ тиловат қилди.

Шаҳид кетганларга ва хусусан кўзи очиқ кетган Азаматжонга жаннатдан жой тилади. Қолганларга имон, соғсаломатлик, юртимизга тинчлик, давлатимизга омад чорлаб, фотиҳа тортди.

Азамат дедими? Э, бўлди, эсимга тушди! Рўзимат отанинг битта-ю битта ўғли-ку! Мактабда биздан бир синф кейин ўқиган ювошгина бола…

– Худога шукр, ўғлим, у еқдан жонинг соғ қайтибсан, – деди Рўзимат ота совиб қолган чойдан ярим пиела узатиб. Чолларнинг қулоғи оғирроқ шекилли, овозини баландлатиб мени таништирди. – Бу йигит – Рустамжон. Шомансурнинг кенжаси.

Чоллар бири олиб бири қўйиб дадамни мақтаб кетишди:

– Даданг яхши одам, болам. Насиб этса эрта-индин чиқиб қолади.

– Хафа бўлманг, ота, – дедим ердан кўз узмай. – Бандалик.

– Аллоҳнинг иродаси… – чоллардан бири бош чайқаб чўққи соқолини тутамлади. —Биров ҳар куни яратган эгамдан омонатингни олсанг-чи, деб илтижо қилади. Бировни ўн гулидан бир гули очилмасидан олиб кетади. Тақдири азал деб шуни айтади-да…

Орага вазмин сукунат чўкди. Ликопчадаги қанд устида ари айланиб, узоқ ғўнғиллади.

– Ота, – дедим ниҳоят юрак ютиб. – Азаматжон қачон кетувди афғонга?

Рўзимат ота кўзимга диққат билан тикилди. Шунда… кўзларига кўзим тушиб, юрагим сесканиб кетди. Рўзимат отанинг кўзида на алам, на ёш бор эди. Нигоҳи музлаб қолганга ўхшар, кўз қорачиқлари торайиб кетган, дунёнинг жамики ғам-андуҳларини чекавериб оламга маъносиз қарашга мослашиб қолган ҳорғин қорачиқларда армон бор эди: тубсиз армон!

– Ўзим айбдорман, болам, – деди худди оғир гуноҳига иқрор бўлган одамдек ишонч билан. – Афғонистонга юборсам бўларкан. Қирқ йил қирғин бўлса, ажали етган ўлади. Мана, сен… – у юзимга хаелчан қараб қўйди-да, негадир кулимсиради. – Худога минг қатла шукр, тўрт мучанг соғ қайтиб келдинг. Мен бўлса… – Рўзимат ота лабларини аламли буриб, оғироғир бош чайқади. Бироқ овози ўзгармади. Гўе биров эшитса роҳатланадиган ҳангомани ҳикоя қилаётгандек, хотиржам давом этди: – Қарасам, ешим элликдан ўтиб, шартим кетиб, партим қопти. Холанг билан маслаҳат қилдик. Шундоқ-шундоқ дедим. Мен-ку, гирмон билан урушиб, тамом бўлганимни билмабман, энди сен ҳам бола кўрмай ўтасанми, дедим… Эр-хотин азза-базза Тошканга бориб, шу болани – Азаматжонни хатлаб, ўғил қилиб олдик.

– Аллоҳнинг иродаси… – деди чўққисоқол чол таскин бериб. – Илож қанча, шукр денг, тақсир…

– Минг қатла шукр… – Рўзимат ота хўрсинди. – Ўғлим имонли бола чиқди. Бегоналиги билинмади. Минг раҳмат, элюрт ҳам бефарзандсан, деб юзимга солмади… Тенгқурлариям Азаматжондан бегонасирамади…

Рости, Азамат Рўзимат отанинг асранди ўғли эканини мен ҳам биринчи марта эшитиб туришим эди. Юрагим эзилганча бошимни қуйи солиб ўтиравердим.

– Повуска келганида, – деди Рўзимат ота, – военкоматга югурдим. Пешонамдаги битта-ю битта болам шу, афғонга юборманглар, дедим. Стройбатга жўнатинглар, деб ялиндим.

Ширинкомасиниям бердим… Мана, оқибати! Тўрт ойдан кейин Владивостокдан темир тобутда ўлиги келди. Рўзимат ота негадир кулди. Лаблари титраб кетди.

– Уч кун олдин командиридан хат келувди. Ҳурматли ўртоқ Холматип, ўғлингиз Азамат Ватан олдидаги бурчини ҳалол адо этяпти, депти. Шундоқ фарзанд ўстирганингиз учун сиздек фронтовикка минг раҳмат депти… Уч кундан кейин эшиқдан темир тобут кўтариб кирди. Военкоматдан икки киши билан частидан биттаси… «Тезроқ кўминглар», дейди. Тўғри айтади: марҳумни маҳтал қилиб қўйиш гуноҳ! «Ўғлингиз эҳтиётсизлик қилди, ток уриб ўлди, мана дўхтир хулосаси», дейди.

– Рўзиматжон, ука, қўйинг бу гапларни, – сийрак соқолли жиккак чол чой қуйиб тутди. – Худо шоҳид, Азаматжон шаҳид кетди. Ҳури ғилмонлар орасида юрибди ҳозир.

– Иншооллоҳ! – Рўзимат ота чой ҳўплаб пиёлани жойига қўйди. – Мен бир нима деётганим йўқ. Аммо… онаси чидолмади… Ақалли боламнинг совуқ дийдорини кўриб қолай деб оламни бузиб ташлади. Шунча айтаман: «Ҳой онаси, ўликнинг баданига гул тушса, гурзи билан ургандек бўлади, Худонинг қаҳри келади», десам қани кўнса! Ҳалиги военний охири пўписа қилди… «Ким тобутга тегса, ҳарбий трибунал олдида жавоб беради», деди. Ана ўшандан кейин кўнглимга шубҳа тушди.

– Қўйинг энди, тақсир! – чоллардан бири Рўзимат отага юмшоқ дашном берди. – Кавламанг шу гапларни! Яратган Эгамнинг ўзи билади ёмонларни қандоқ жазолашни…

Рўзимат ота парво қилмай, сўзида давом этди:

– Аввал очмасам ҳам энди очаман яшигингни, дедим. Мен урушда қон кечиб, «Слава» ордени олган пронтовикман, дедим. Қочиб кетди ҳаммаси! Очиб кўрсак… темир тобутни очиб кўрсак… – Рўзимат отанинг овози титраб кетди. Аммо йиғламади. – Ток урган одам билан болтада чопилган одамнинг фарқи бўлади-ку, тўғрими?

…Оёқларим музлай бошлади. Қўлларимга титроқ кирди. Рўзимат ота ҳамон бир нималарни гапирар, лаблари қимирлаётгани кўриниб турар, аммо нима деётганини эшитмасдим. Бошимда чидаб бўлмас оғриқ турди. Худо! Ўзинг асра! Ҳозир… Ҳозир йиқилиб тушаман! Ўзинг шарманда қилма, Худо!

Июль ойининг охири

Бу даргоҳга унча-мунча одам ўз ихтиёри билан келмаса керак. Бировни повуска билан чақириб оладилар. Бировни мелиса олиб келади. Албатта, нажот излаб ёки кўмак истаб келганлар ҳам учрайди. Аммо улар ҳам мана шу мармар зиналардан чиқиб бораётганида кўнглида мавҳум хавотир ҳиссини туйса ажабмас.

Йўлакдан ўтиб борарканман, Маузер Соатовичнинг гапи эсимга тушди. Табиийки, бу ерда ҳам иккинчилар асосий шахслар бўлса керак. Йўқ, бу даргоҳда «у ёқдан» келганлар Иккинчиликка қаноат қилмай, бир йўла биринчи бўлиб қўя қолган экан. Ҳайҳотдек хона, девори ялтироқ, жигарранг панель билан қопланган. Ҳаммаёқ саришта. Озода, салқин. Каттакон «Т» ҳарфига ўхшаган столнинг нариги бошида у ўтирибди. «Т»нинг қоқ пешонасида. Бериги томонда – «Т»нинг қоқдумида мен ўтирибман. Ўзимни босишга ҳарчанд уринмай, ичимни кемираётган ноаниқ хавотир ҳисси елкамдан босиб турганга ўхшайверади. У қоғозларни шошилмай, айни пайтда эътибор ҳам бермай варақлашга тушди. Деворда машҳур «Инқилоб чавандози»нинг ярим белидан тушган каттакон сурати осиғлиқ. «Чавандоз» нимаси биландир Дон-Кихотга ўхшаб кетади. Боши кичкинагина, чўққисоқол, бўйни узун. Фақат бошига шапка кийган: айвони қийшиқроқ шапка. «Чавандоз»нинг шундоқ остида У ўтирибди. Худди чавандознинг бели тагига осилиб тургандек. Ярашиқли кийинган. Бўйнида бўйинбоғ. Соқоли қиртишлаб олинган. Ниҳоятда маданиятли одам экани кўриниб турибди.

– Сиз, гражданин Шоматов, – деди қоғоздан бош кўтариб. – Янглишиб бизга мурожаат қилибсиз. Отангиз Шоматов ишини суд кўриб ҳукм чиқарган. Ажрим хулосаси билан танишмисиз?

– Танишман!

– Ҳукмдан норози бўлсангиз СССР Олий Судига мурожаат қилишингиз мумкин. Бу – сизнинг гражданлик ҳуқуқингиз, – деди хайрихоҳ оҳангда.

Қизиқ, айбланувчиларни сўроқ қилаётганда ҳам шунақа гаплашармикин?

– Олий Судга мурожаат қилмайман, – дедим ишонч билан (Яхши! Ҳали кириб келган пайтимдаги ҳаяжон йўқолиб, кўнглимни алланечук хотиржамлик, ҳатто ўзимнинг ҳақлигимга ишонч ҳисси эгаллади). – Аризабозлик қилиб Москвага бормайман. Рухсатингиз билан сиздан баъзи нарсаларни сўрамоқчи эдим.

Унинг кулранг кўзларида бир лаҳза истеҳзоли табассум пайдо бўлганини кўриб, қўшиб қўйдим:

– Биламан! Бу даргоҳда саволни сиз берасиз. Шунга қарамай…

– Шошиб турибман. – У соатига қараб қўйди.

– Ўн етти кундан бери навбат кутаман, – дедим овозимни баландлатмасликка уриниб. —Кўп вақтингизни олмайман. Нариси билан ўн минут.

У аллақандай «пешка» билан пачакилашиб ўтириш керакми-йўқми, деб иккиланди, бир зум ўйланиб қолди.

– Яхши! – деди қатьий қилиб. – Фақат ўн минут!

– Отамнинг терговида сиз ҳам қатнашганмисиз?

– Эсимда йўқ. Икки йил ичида минглаб «ишлар»ни кўрдик. Мақсад?

– Отам жиноятчи эканига шахсан сиз ишонасизми? Унинг кўзлари қисилиб, мулойим табассум ғойиб бўлди.

– Саволингизга жавоб бермасам майлими, гражданин… Шоматов?

– Айтинг-чи, ўртоқ прокурор! Республика Олий Советининг камида юз минг одам сайлаган депутатини, сайловчилар чақириб олмасдан туриб, шунчаки, бир кечада КПЗга тиқиб қўйиш мумкинми?

Бу гўдакка қонун-қоидани ким ўргатди, дегандек кўзимга диққат билан тикилиб турди-да, дона-дона қилиб тушунтирди:

– Мумкин! Депутатидан тортиб раҳбарларигача қўшиб ёзишни, порахўрликни касб қилиб олган республикада ҳамма нарса қилиш мумкин!

Ажаб! Унинг қанча жаҳли чиқса, кулранг кўзлари қанча ёнса, мен ўзимни шунча хотиржам ҳис эта бошладим.

– Ўзбекистон шунчалик айнаб кетган экан, – дедим киноя билан. – Марказга тола ўрнига вагонда ҳаво, самолётда дипломат тўла пул борган экан, нега у ёқдагилар индамабди? Нега «Бизга пул эмас, тола керак?» демабди? Нега бу ёқдан туриб пора узатганларни қамоққа тиқасизлар-у, у ёқдан туриб пора олган казо-казолар билан ишингиз йўқ?

У шошилмай ўрнидан турди. Боши «инқилоб чавандози»нинг киндигига тақалиб қолгандек бўлди.

Иккаламизнинг ҳозирги ҳолатимиз ғалати эди. Шошилиб кетаётганингизда оёғингиз остида аллақаёқдан сакраб тушган чигиртка пайдо бўлади. Босиб эзғилаб ташласамми, индамай ўтиб кетсамми, деб бир сония иккиланиб қоласиз. Чигиртка эса ўчакишгандек қилт этмай тураверади, сурбет! Шу топда У ҳам иккиланиб турарди. Мен – чигирткани боссамми-йўқми?

Ўладиган ҳўкиз болтадан тоймайди, дейишади. Энди менга ҳаммаси барибир эди. Қўлидан келса отиб ташласин. Гапимни айтиб бўлмагунча қимир этмайман!

– Агар шунча одамдан борингки мингтаси ноҳақ қамалган бўлса, – дедим дилимдагини айтиб олиш учун шошилиб. – Мингта одам бир йилдан ноҳақ «ўтирса» минг йил бўладими!

Ўша минг йилни ким тўлайди? Сизми? Амбарцумянми? Ҳаммангизни йиғиштириб келганда ҳам умрингиз етмайди-ку!

Унинг кулранг кўзларида бўриникига ўхшаш ўт ёниб кетди. Ҳа, мана, энди қайтдинг асл қиёфангга! Қурбонининг бўйнига ханжар ботираетган жаллоднинг кўзлари шунақа бўлса ажабмас!

Қизиқ… У столни муштламади. Соқчи чақирмади. Сичқон боласига тикилган мушукдек секин лабини ялаб қўйди.

– Сопляк! – деди истеҳзоли кулиб. – Мен сени қабул қилмаслигим мумкин эди.

Афғонистонда хизмат қилганинг ҳурмати…

– Афғонистонни қўя турайлик, ўртоқ прокурор! – дедим ҳорғин оҳангда. – «Икки юзинчи» юк фақат Афғонистондан эмас, мамлакат ичкарисидан ҳам ёғилиб келяпти. Уларнинг хунини ким тўлайди? Ўзбек халқини бутун мамлакатга бадном қилганлар эмасми?

Стул суянчиғига тирсагимни таяб, ўрнимдан турдим. Оеқларимда мадор йўқлигини энди сездим. У бўлса, кўзларидан ўт сочиб қилт этмай турарди.

– Охирги гап, – дедим курси суянчиғини чангаллаб. – Охирги савол: нега «ўзбек иши!»

Нега «арман иши» эмас, нега «ўрис иши» эмас! Ўзбек нима гуноҳ қилди сизларга?!

Эшик томон уч-тўрт қадам юрдим-да, қайтиб келдим. Иккиланиб киссамдан газета қоғозига ўралган темиртакни олиб стол устига қўйдим. Бунга ҳам қаноат қилмай қоғоз қатини очдим.

Ленин орденини кафтимнинг орқаси билан туртиб юборган эдим, силлиқ тахта устида сирғаниб, нари борди.

– Амбарцумянга бериб қўйинг! – дедим унинг кўзига чақчайиб. – Онамнинг бор бисотини шилиб олган экан. Бобомдан қолган билагузуккача! Бундаям олтин моддаси бор дейишади. Ҳар қалай коллекциясига беш-ўн грамм тилла қўшилади!

Мадорсиз оеқларимни аранг босиб, эшик томон юрарканман, вужудим бўм-бўш бўлиб қолган эди. Аниқ идрок қилиб турибман. Бошим ғувиллаетгани йўқ. Гарданим ҳам қотмаяпти.

Фақат вужудим бўм-бўш.

– Гражданин! – Эшик тутқичини ушлаган чоғим унинг ҳокимона буйруғи янгради.

Тўхтадим. Қамоққа тиқмоқчими! Марҳамат! Нари борса, тўйим ўн йил кечикар! Менга барибир.

Осойишта бурилиб қарадим. У ҳамон стол ортида «чавандоз»нинг белига осилганча турар эди.

– Ким билан гаплашаетганингни биласанми?

– Биламан! – дедим киприк қоқмай.

– Псих! – У негадир кулимсиради. – Контузиядан кейин савдойи бўлиб қолган кўринасан. Сенинг тўғрингдаги ҳамма маълумотлар қўлимизда… Агар… – Унинг кулранг кўзларида яна бўриникидек совуқ ўт енди. – Агар тағин бир марта рўпара келсанг, шу ердан тўппа-тўғри жиннихонага жўнайсан!

Августнинг саккизинчи куни

Бугун менинг энг бахтли куйим! Тўйимиз бўлди! Шаҳнозанинг кўзларида шу қадар чексиз қувонч порлаяптики, кўрган сайин ўзимнинг ҳам юрагим шодликдан ёрилиб кетгудек типирчилайди. Ёнимда, ҳарир парда ёпиниб ўтирганча зимдан шу қадар теран меҳр билан боқадики, бу нигоҳлар менга, фақат менга насиб этаетганидан оламга сиғмайман. Билмадим, Шаҳноза менга бунчалар меҳр ато этган дамлар, ўзимни шу қадар қудратли ҳис этган онларим аввал ҳам бўлганмиди? Неча марта туйган эдим бундай ҳолатни? Балки, тўрт йил аввал, қор ёғиб турган кечада Шаҳнозани барақдан туман марказидаги касалхонага олиб борганимда, иситма аралаш «Раҳмат, Рустам ака», деб қўлимдан тутганидадир? Балки, арзимаган битта тарвуз кўтариб кўргани борганимда, мулойим жилмайиб қўйганидадир! Эҳтимол, Тошкентга қайтгач, кинога тушган кунимиз, биринчи марта ўпганимда, Шаҳноза «унақа қилманг», деб йиғлаб юборганидадир?

Бугун мен дунёда энг бахтли одамман! Онам орзу қилганидек қарс-бадабанг тўй қилдик. Базм кечаси охирлаганда, айниқса, қизиқ бўлди. Ойим билан Шаҳнозанинг аяси «Муножот»га ўйнашди. Ойим донолар-да! Шунча кундан бери «Даданг тўйингни кўролмади», деб маъюс тортиб юрган одам шунақаям очилиб кетдилар, шунақаям ўйнадиларки! Бало эканлар-ку!


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 | Следующая
  • 1 Оценок: 1


Популярные книги за неделю


Рекомендации