Электронная библиотека » Уткир Хошимов » » онлайн чтение - страница 14

Текст книги "Тушда кечган умрлар"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 00:00


Автор книги: Уткир Хошимов


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 14 (всего у книги 16 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Анави кунгурадор, дарвозали уй – менинг ҳам уйим! Куевман… Ҳар қалай! Дарвозани Дилноза очди: Шаҳнозанинг қақажон синглиси. Опасининг бўйнига осилиб, икки юзидан чўлпиллатиб ўпди.

– Рустам ака, салом! – деди катта қизлардек қўл чўзиб.

– Почча дегин, жинни! – Шаҳноза дашном бериб улгурмасиданоқ Дилноза ҳовлига югурди.

– Аяжон! Шаҳноза опам билан Рустам акамлар келишди! Шаҳнозанинг «қиз ўтириши»да келганимда одам кўплиги учунми, ҳовли тордек кўринган эди. Энди разм солсам, кенгмўл экан. Ҳовли ўртасида гулзор яшнаб етибди. Мармар фавворачадан сув зарралари отилади. Дид билан гир айлантириб солинган уйлар ярақлайди. Очиқ айвон нафис пардалар билан тўсилган.

Қайнонам югуриб айвондан тушди. Аввал менинг пешонамдан ўпди. Кейин Шаҳнозани қучоғига олди. Айланиб-ўргилиб кўришаркан, Шаҳнозага термулиб турган кўзларида «қалай, янгиликлар борми?» деган унсиз саволни уққандек бўлдим. Кўнглим чўкиб туриб қолдим.

– Қани, ичкари киринглар! – Қайнонам елкамга қоқиб илтифот қилди. – Қудам яхшимилар? Қудабувамлардан хушхабар борми? Ҳамманглар яхши ўтирибсизларми? – Айвонга чиқаетганимизда ичкарига қараб, овоз берди: – Адажониси! Қизингиз билан ўғлингиз келди!

Ичкаридан қайнотам чиқди. «Адидас» кийиб олган, сочлари қоп-қора, ҳаракатлари ёшлардек чаққон… Икковимиз кўришаётганимизда қайнонам беозор койиди:

– Вой ўлмасам, бу қанақа юриш куёвингизни олдида, аллакимларга ўхшаб… Боринг, костюм кийиб чиқинг!

– Нима қипти, Рустам ўзимнинг ўғлим! – деди қайнотам дўстона жилмайиб.

Шаҳноза қўнғироқ қилиб қўйган шекилли, дастурхон нознеъматлар билан безатилган, ўртада «Наполеон» коньяги, «Золотое кольцо» арағи турарди. Қайнотам дадамдан қандай хабар борлигини суриштирди.

– Хафа бўлманглар! – деди далда бериб. – Буям юрт бошига тушган тўй-да. Кўрасиз, ҳаммаси изга тушиб кетади.

Шаҳноза бирпасда елиб-югуриб хизмат қилишга киришди. Аввал чой, кетидан шўрва келтирди. Қайнотам шоколаднинг зар қоғозини йиртиб, олдимдаги ликопчага қўйди. Коньяк пўкагини оча бошлади. Шаҳноза менга таънаомуз қараб турганини сезиб, илтимос қилдим:

– Қўйинг, ада, мен ичмайман.

– Тўғри қиласизлар! – деди Шаҳноза жилмайиб. – Иссиқ кунда…

– Сен эркакларнинг ишига аралашма, хўпми, қизим! – деди қайнотам эркаловчи оҳангда.

– Яхшиси, аянгга қараш…

Миттигина биллур қадаҳдаги бир қултум ичкиликдан терлаб кетдим.

– Васильевнинг пўстагини қоқишибди-ку!—деди қайнотам шўрва ичатуриб.

Тушунмадим.

– Кечаги газетани айтаман! – Қайнотам кулимсираб бош чайқади. – Ўзимга айтсангиз ҳам бўларди, Рустамжон. Дмитрий Степанович билан яхши танишмиз.

Бундан чиқди қайнотам Жингалаксоч билан… Ҳа, дарвоқе, шаҳардаги каттакон «торг»нинг бошлиғи бўлганидан кейин танийди-да.

– Бу ёғини ўйламаган эканман, – дедим қимтиниб. – Маузер Соатович билан тасодифан…

– Ким у Маузер Соатович? – деди қайнотам гапимни бўлиб.

– Редакцияда ишлайди.

– Умуман, тўғри ёзган, – деди қайнотам яна коньяк қуйиб.

– Барибир бизга уй бермайди, – дедим ишонч билан.

– Нега бермас экан? Беради! Қани, олдик! Саломатлик бўлсин! – Қайнотам самимий илтифот қилди. – Олаверинг, Рустамжон. Нима қипти, жиндай-жиндай…

Ийманиб шўрва ҳўплаётганимда ўрнидан турди.

– Бемалол ёзилиб ўтираверинг, мен ҳозир… – деди-да, айвонга чиқди. Зум ўтмай ўша томондан телефонни ғириллатиб рақам тераётгани эшитилди.

Хонага гунафшаранг бахмал муқовали альбом кўтариб Дилноза кирди. Ниҳолдек нозик.

Қош-кўзлари Шаҳнозага ўхшаб кетади.

– Рустам ака, – деди сирли қилиб. – Битта нарса кўрсатайми?

Ёнимдаги стулга ўтирди-да, альбомни очди.

– Мана! – деди кўзларида болаларча табассум ёниб. – Қаранг!

Бу ўзимнинг Афғонистондан юборган суратим эди. Эгним-да бушлат, бошимда шлемофон, елкамда автомат…

– Дилноз!.. – Остонада пайдо бўлган Шаҳноза альбомга кўзи тушди-ю, югуриб келди.

Альбомга қўл чўзган эди, Дилноза чаққонлик қилиб, шаппа ёпди.

– Йиғлагансиз! – деди каттакон сирни очаётгандек бошини сарак-сарак қилиб. – Ўзим кўрганман, Рустам акамнинг суратини томоша қилиб, ҳар куни йиғлагансиз!

Шаҳноза дув қизариб кетди.

– Хоин! – деди мушти билан ясама дағдаға қилиб.

– Йиғлагансиз! Йиғлагансиз! – Дилноза кула-кула айвонга қочиб чиқди.

Ўша томондан қайнотамнинг овози кедди:

– Барношка! Мен – Расулевман. Дмитрий Степановични улагин… Степанич! Салом!

Анави масала бўйича индинга борса бўладими? Ҳа, Шоматов Рустам… Келишдик, соат учга!

Бирпасдан кейин қайтиб кирди.

– Рустамжон! – деди тушунтириб. – Индин соат учга ижроқўмга борасиз. Иккинчи қават, зампред қабулхонаси…

– Васильев дегани ўша одам бўлса, – деб бошлаган эдим, қайнотам кулиб, сўзимни кесди:

– Бемалол бораверинг. Ёрдам беришади. Газета танқидидан хулоса чиқарсин-да, мундоқ!

Сиз ўзингизнинг қонуний ҳаққингизни талаб қиляпсиз!

Сентябрнинг ўнинчи куни

Эшикни иккиланиб очдим. Майли, Жингалаксоч қайнотамнинг сўзини ерда қолдирмаслик учун мени қабул қилишга-ку қилар. Аммо ўша одам мен эканимни қаёқдан билсин? Кўради-ю, ҳайдаб чиқаради. Юз йилдан кейин кўришишга ваъдалашганмиз, ахир!

Қабулхонада оёғини чалиштириб сигарет чекиб ўтирган котиба қиздан бўлак ҳеч ким йўқ эди. Қиз исми шарифимни сўради.

– Бир минутга! – деди-да, сигаретни кулдонга босиб ўчирди. Шошилмай ўрнидан турди.

Жинси юбкаси шунақанги калта эканки, хаёлимга бемаъни ўй келди: табиий зарурат юзасидан анавинақа жойга борса, юбкасини кўтариб ҳам ўтирмаса керак. У чарм қопланган эшик ортида ғойиб бўлди-да, дарҳол қайтиб чиқди. Оппоқ, лўмбиллаган сонларини намойиш қилиб, дик-дик юриб келиб, жойига ўтираркан, мулойим жилмайди:

– Марҳамат, ўртоқ Шоматов.

Хона унчалик катта эмасди. Ортиқча ҳашамлар йўқ. Деворда «Партия – давримизнинг ақлидроки ва виждонидир» деган шиор осиғлиқ турибди. Кириб борганимда Жингалаксоч хона ўртасида турган экан. Осойишта юриб келиб, кўришиш учун қўл чўзди.

– Дмитрий Степанович! – деди ўзини таништириб. Анграйиб қоддим. Наҳот танимаган бўлса? Икки ҳафта олдинги даҳанаки «жанг» наҳот ёдида бўлмаса!

– Шоматов, – дедим минғиллаб.

– Ўтиринг, ўртоқ Шоматов. – У тўрдаги столдан ғижимланиб кетган таниш папкани олиб келди. Стол қиррасидаги курсига, ёнимга ўтирди. – Қани, кўрайлик-чи, нима гап ўзи? – деди вазминлик билан.

Қоғозларни шошмасдан варақлашини кузатиб ўтирибман-у, хаёлимда нуқул бир гап айланади. «Мазах қиляпти! Ҳозир мулойим жилмаяди-да, узр, йигитча, юз йилдан кейин келасиз, дейди».

– Ўртоқ Шоматов! – деди у ҳужжатларни обдан текшириб бўлгач. – Гарчанд қонунни четлаб ўтишга тўғри келса-да, сизга ёрдам берамиз. Интернационалистжангчиларга кўмаклашиш – бизнинг бурчимиз. Ҳозирча эски фонддан ажратиб турамиз. Кейин ўйлашиб кўрамиз…

– Нима? – дедим ўз қулоғимга ишонмай.

Дмитрий Степановичнинг мовий кўзларида табассум пайдо бўлди.

– Эски фонддан, – деди тушунтириб. – Чилонзорда бир хонали квартира бўшаган.

Англашимча, сиз жуда ҳам муҳтожсиз. Янги уй қурилиб битишини кутолмайсиз. Гап оҳангида «Хафа бўлмайсиз-да, биродар», деган маъно бор эди.

– Ордерни келар чоршанба куни Чилонзор ижроқўмидан оласиз! – У хайрлашаётиб қўлимни самимий қисди. – Уй тўйига таклиф қилсангиз, албатта, бораман!

Гарангсиб эшик олдига борганимда қўшиб қўйди:

– Редакцияга расмий жавоб хати қиламиз. Унгача ўзингиз Ҳам ишим ижобий ҳал бўлди, деб айтиб қўйсангиз емон бўлмасди.

Эшик тутқичидан ушлаганча узоқ туриб қолдим. Демак, таниб турибди. Мақолани ҳам ўқиган. Ўша кунги «безорилигимни» бир оғиз юзимга солмади.

– Раҳмат, Дмитрий Степанович! – дедим ҳаяжонланиб.

– Арзимайди. Бирон проблема туғилса, бемалол келаверинг.

Ташқари чиқиб, рўпарасидаги қайрағочга суяниб қоддим. Узоқ турдим. Курант соати тантанавор занг урар, япроқлари эрта сарғайган қайрағоч куз шамолида оҳиста шовуллар эди.

Юрагим шодон гурсилларди. Бор экан-ку адолат! Бу дунеда ҳақиқат деган нарса ҳам бор эканку!

«Маузер аканинг олдига бораман. Ҳозир! Ҳозироқ! Кейин Шаҳнозадан суюнчи оламан.

Адамга телефон қиламиз! Раҳмат, деймиз! Раҳмат, ада, ҳақиқатни тиклашга ердам берганингиз учун минг раҳмат!»

Ўша куни кечқурун

Эр-хотин автомат телефонда қўнғироқ қилдик. Адам вазминлик билан қутлади.

– Ҳали сенлар кўрганингни ҳеч ким кўрмайди, болаларим, иноқ бўлинглар, сенларнинг бахтингни кўрсам, бас, – деди. Шаҳноза икковимиз «Гулистон»га кирдик. Шаҳноза жиндай шампань ичди. Юзлари ениб кетди. Хурсандмиз!

Сентябрнинг ўн учинчи куни

Шаҳнозанинг юзига яна ҳуснбузар тошди. Чиннидек тиниқ чеҳраси ғадир-будир бўлиб кетяпти.

Сентябрнинг ўн олтинчи қуни. Кечаси

Ғалати товушдан уйғониб кетдим. Нима гаплигини тушунолмай узоқ гарангсиб етдим. Ҳушим жойига келганида англаб етдим: Шаҳноза тескари қараб йиғлаб етибди. Унини чиқармаслик учун естиқни тишлаб олган. Ўкинч билан, алам билан йиғлаяпти. Ҳар ҳиқиллаганида гавдаси силкиниб-силкиниб кетади… Ўзимни ухлаганга солиб ётавердим. …Ёнингда жондан суйган одаминг йиғлаб етса-ю, сен ақалли бир оғиз ширин сўз билан юпатолмасанг, оғир бўларкан. …Ўлгим келяпти…

Сентябрнинг ўттизинчи куни

Кўчиб ўтдик. Тўғри, Шаҳнозанинг ярим жиҳозлари Пскентда қолиб кетди. Аммо энди бизнинг ўз бошпанамиз бор! Ҳар куни олтмиш чақиримга қатнаб юрмаймиз. Дмитрий Степанович «эски фонд» деганда вайронага айланган уйни тасаввур қилган эдим. Йўқ, бир хонали бўлса ҳам яхши таъмирланган, қутидеккина уй экан… Кечқурун уйимиз меҳмонга тўлди. Ойим, акам, келинойим, бу еқдан қайнотам билан қайнонам, Дилноза… Шаҳноза ўз қўли билан ош дамлади. Ойим «Туп қўйиб, палак езинглар, ўзларингдан кўпайинглар», деб оқ фотиҳа берди.

Уч эркак иккита арақни бўшатдик. Хуллас, ҳаммаеқ байрам! Энг муҳими, энг… энг муҳими – доцент айтганидек, муҳит ўзгарди. Шояд энди…

Октябрнинг бошлари

Қарасам, буфет токчасида қўғирчоқ турибди. Қоп-қора сочи иккита қилиб ўрилган. Атлас кўйлак, атлас лозим кийгизиб қўйилган… Кўзлари мунчоқдек. «Қаёқдан келди», десам, Шаҳноза қўғирчоқни олиб, бағрига босди.

– Чиройлими? – деди жилмайиб.

Қўғирчоқ сочини силаркан, кўзининг туб-тубида яшириниб ётган мунг юзага қалқиб чиққандек бўлди. Қиз бола нимага эсини танимасдан туриб қўғирчоқ ўйнайди? Нима учун «боласи»нинг сочини тарайди. Ювин-тиради, аллалаб ухлатади? Шахноза ҳамон қўғирчоқ сочини силар, мендан кўз узмас эди. Индамай кўчага йўл олдим. Чарс чекким келяпти!

Эртаси куни

Бу гал доцент анча хомуш муомала қилди.

– Биласизми, ука, нуқул шуни ўйлаб, яхши қилмаяпсиз. Айтдим-ку, хаёлингизда фақат бир нарса айланаверса, тормозланиш кучайиб кетади.

Қоним қайнаб кетди.

– Нима қилай бўлмаса! – дедим бақириб. – Ўйламагин деб калламни узиб ташлайми?

Доцент елкамга кафтини босиб, кўзимга ҳамдардлик билан узоқ тикилди. – Ахир хотиним тирик одам-ку, – дедим титраб. – Қўғирчоқ эмас-ку, дўхтир! Икки ой бўлди!

Доцент бир лаҳза ўйланиб қолди.

– Тушингиз бузилиб, эакуляция бўлиб турадими? Дафъатан гапини тушунмадим. Кейин бориб етди калламга.

– Нимайди? – дедим ғашим келиб.

– Бир гап айтсам, кўнглингизга келмайдими ? – деди ҳардамхаёл алпозда.

– Айтаверинг! Менда кўнгил қоптими?

Доцент рўпарамга ўтирди.

– Аввал ҳам гапирмоқчи бўлгандим-у, тилим бормаганди. – Узоқ жим қолди-да, иккиланиброқ давом этди:—Ўзбекка ўзбек сифатида бу гапни айтишим ноқулай. Врач сифатида гапиришга ҳам ҳаққим йўқ. – Тағин, бирпас чайналиб турди-да, қатъий қарорга келди шекилли, ишонч билан деди: – Агар майл сезсангиз, бошқа аёл билан бўлиб кўрасиз!

Йўқ, келин билан ажрашинг, демайман. Шунчаки, кўнглингиз тусаган бирон аёл билан… Кўп эмас, бир-икки марта. Ҳаётда бундай ҳолатлар кўп бўлади, Рустамжон. Бир аёлга муносабатда рўй берган тормозланиш бошқаси билан бўлганда йўқолиши, яъни уйғониш жараёни нормал изга тушиб кетиши мумкин. Биласизми… – Бошини кўтариб, кўзимга қаради-ю, дами ичига тушиб кетди.

– Мен фаришта эмасман, дўхтир, – дедим эзилиб. – Лекин Шаҳнозанинг садоқатига жавобим шу бўладими?

Доцент ерга қараб, хўрсинди:

– Узр, укажон…

Октябрнинг ўрталари

Домимизда Қурбоной хола деган хотин бор. Фаррош. Коптокдек думалоқ, қачон қараса, қўлидан супурги тушмайди. Аллақаерини онамга ўхшатаман. Меҳрибонлигими, ҳар гапда айланиб-ўргилишими…

Кечқурун эшик жиринглаб қолди. Чиқсам, Қурбоной хола турибди.

– Аканг келди, холанг тасаддуқ! – деди елкамга қоқиб. – Пешинда келган эди. Бизникига кириб ўтириб турақолинг, Рустамжон билан келин ҳали-замон кеп қолишади, десам кўнмади. Шошиб турган экан, хат ташлаб кетди. – Қурбоной хола конвертига Пскент адреси ёзилган хатни узатди. Дадамдан.

– Уйга киринг, хола. Келинингизнинг овқати тайёр бўп қолди, – деб ҳарчанд қистамай, рози бўлмади.

– Умидахон иккинчи исменда, холагинанг ўргилсин. Невараларим ёлғиз. Худо хохласа, ойинглар келганларида, албатта, кираман! – дедию шоша-пиша тушиб кетди.

…Шаҳноза овқат келтиргунча диванга ёнбошлаб, хатни икки марта ўқиб чиқдим.

«Рустамжон, – деб ёзибди дадам. – Тўйинг бўлганини ўқиб, ўзимда йўқ севиндим. Мендан келинга салом айт. Насиб этса, ўз юртимга омон-эсон борсам, Шаҳноза қизимнинг қўлидан албатта ош ейман. «Сизнинг масалангиз бўйича оёғим етган жойгача боравераман», дебсан. Калта ўйлама, жон болам! Феълингни биламан-ку, Рустамжон! Арзимаган нарсага ловиллаб кетасан. Шундоқ ювош акангни бошига қай кунларни солмади булар! Дадам тинч бўлсин, бир азоби икки бўлмасин, десанг, ҳеч кимнинг эшигини тақиллатма! Ҳеч кимга ялинма! Турганбитгани ёлғон-яшиққа, зўравонликка қурилган бу юртда адолат деган нарсанинг ўзи йўқ! Аммо бу гапни айтолмайсан. Ғиринг десанг, уриб белингни синдиради! Ёшим олтмишдан ўтиб, кўп нарсаларга энди-энди тушуняпман, хом сут эмган банда! Ўйлаб қарасам, ўтган умрим – умр эмас, туш экан. Гўё мен эсимни таниб-танимай биров уйқу дори ичиргану туш кўриб юраверганман: гоҳ ширин, гоҳ хатарли туш кўриб. Ўша «биров» қаёққа судраса, кетидан эргашиб кетаверганман, нима буюрса, қулоқ қоқмай бажараверганман… Уйғонишга эса қўрққанман… Мана энди, уйғониб, ён-веримга қарасам, менга ўхшаганлар кўп экан… Ишонасанми, ўғлим: баъзан қараб туриб кулгим келади. Хўп, мен-ку, «гуноҳкорман», «жиноятчиман». Биздақа «ёмонлар»ни «яхши» йўлга соладиганлар-чи? Улар ким? Муроди нима? Разм солиб қарасам, улар ҳам уззукун туш кўриб юрганга ўхшайди. Вазифаси битта: буйруқни бажариш… Кўзида маъно йўқ. Мен уларни ёмон кўраман. Аммо қараб туриб баъзан шуларга ҳам раҳмим келади. Ўлганининг кунидан, азбаройи бола-чақасини боқиш учун шу юмушни бажариб юрганга ўхшайди, бечоралар… Худо ҳаққи, ақлим етмайди: бу қанақа ҳаёт?

Авваллари лагердаги баъзи оғзига кучи етмаганлар мени «босмачи» деса, хафа бўлардим. Энди парво қилмайман. Босмачи ким? Қайси босмачи қайси юртга босиб борибди? Ўз юртини ҳимоя қилган одам босмачи бўладими? Йигирмайигирма беш йил аввал туғилмаганимга афсусланаман, ўғлим! Йигирма беш йил олдин, аср бошида туғилганимда эди, «босмачилар» қаторида туриб, ҳақиқий босмачиларнинг додини берган бўлардим. Тоғ-тошларда ўлиб кетсам рози эдим. Ўшанда онанг бечора мени учратмасди. Сен ҳам туғилмасдинг. Афғонистонга бориб, ўзинг ҳам азоб чекмасдинг. Ўзгаларга ҳам ўқ отмасдинг! Яна бир карра айтаман: Рустамжон, жон болам! Милиция, тергов, прокуратура деган идораларнинг эшигига йўлай кўрма! Ғинг деб овозинг чиқдими, милён хил айбни бўйнингга шилқ этиб илади-да, КПЗга тиқади. Кейин, додингни Худога айтасан! Буларнинг қўлига тушишни душманимга ҳам раво кўрмайман, ўғлим! Шунақанги маккорки, қилаётган ҳунарларини кўрса Шайтоннинг оғзи очилиб қолади. Шунақанги бешафқатки, қўллаётган усулларини кўрса, фашистнинг лабига учуқ тошади!

Адолат, ҳақиқат деган нарсаларни излаб овора бўлма. Бунақа гаплар қорга ёзиб, офтобда қуритилган. Яхшиси, ўзингни ўйла. Онангни эҳтиёт қил. Сен у ёқдасан, мен – қамокдаман… Онанг шўрлик иккаламизнинг дардимизда адойи тамом бўлди-ку! Лагерь началниги дуруст одам кўринади. Октябрь ойида посилкага рухсат берган. Иложи бўлса, жун пайпоқ, қўлқоп юборинглар. (Акангга ҳам ёзганман бу гапни.) Бу юртлар совуқ… Началник декабрда свидание берамиз, деб ваъда қилган. Гапида турса, яна хабар қиламан. Онанг келиб, овора бўлиб юрмасин. Илҳом иккаловинг келсанг – бас. Мендан Шаҳнозахонга салом айт. Худо насибамни қўшиб омон-эсон борсам, келинимни пешонасидан ўпиб, яна бир карра оқ фотиҳа бераман. Дуои салом билан, даданг. 23 сентябрь».

Октябрнинг ўрталари

Бугун Ёвуз Руҳни кўрдим. Гастрономда гўштга навбат кутиб тургандим, қарасам, олдинроқда у ҳам турибди. Кўзлари оловдек ениб, менга узоқ тикилди. Салом беришимни кутди. Кўзига тик қараб туравердим.

– Ёшлар айниб кетди, – деди енидаги кампирга ҳасрат қилиб. – Катталарни иззат қилмайди. Ҳасрат қиляпти-ю, овози ўктам, қаҳрли.

Қариганда аҳволи шу бўлса, ешлигида қанақа бўлганийкин? Хаелимга келган гапдан ичимда кулиб қўйдим: «Қари бўри!» Бундан чиқди Ёвуз Руҳ шу атрофда туради.

Октябрнинг йигирманчи куни

«Қўлга тушишим»га сал қолди. Кундалигимни «ўз жойи»га – балкондаги эски қақирқуқурлар солинган шкафнинг энг пастки тортмасига яшираетганимда Шаҳноза чиқиб қолди. «Нима қидиряпсиз?» деган эди, сигарет чекишга чиққанимни айтдим. Маънилироқ баҳона тополмасам нима қилай? Шаҳноза кўзимга узоқ тикилиб турди-да, индамай уйга кириб кетди. Шунақанги синчковки, хохласанг, нима туш кўрганинггача айтиб беради…

Октябрнинг йигирма иккинчи куни

Рўпарадаги домда турадиган қўшнимиз ўғлини уйлантирди. Улар билан кириш-чиқишимиз йўқ… Умуман, домда туриш ғалати… Қишлоқда, борингки, шаҳардаги маҳаллаларда ҳам қўниқўшни бир-бирининг иссиқ-совуғидан хабар олиб тура-ди. Ён қўшнилар биров-бировига бир коса овқат узатади. Эркаклар кечқурунлари чойхонага чиқиб гурунглашишади. Бировникида яхши тўй, ёмон ўлим бўлса, ҳамма епирилиб келади… Домдагилар… Нима десам экан… тошбақага ўхшайди. Аҳен-аҳенда зинадами, эшигингиз рўпарасидами, қўшнингизга дуч келасиз. Бошини косаси ичидан чиқариб, хўмрайиб қараб қўяди. На салом бор, на алик… Бирпас қараб туради-да, ўрмалаб инига кириб кетади…

…Тўйга чиқмокчи эмасдик-ку, Қурбоной хола койиб берди:

– Вой, худо урди-кетди, Рустамжон болам! Кўздек қўшнининг тўйига чиқмайдими одам деган? Шаҳноз келинимгаям айт: холам тайинладилар, дегин, силкиниб-силкиниб хизмат қилсин! Тўй дегани кўпчилик билан бўладида, холанг қоқиндиқ! Худо хоҳласа, эртага сенлар ҳам бешик тўйи қиласан, ўғил тўйи кўрасан…

Хўп, дедим. Шаҳноза эрталабдан чиқиб «силкиниб-силкиниб» хизмат қилди. Мен ҳам наҳорги ошда лаган ташидим. Кечқурун икки дом ўртасига езилган никоҳ дастурхонини безатишда кўмаклашдим… Қизиқ, тўй деган нарсанинг Худо назар солган ғалати файзи бўлади, шекилли. Ўзимнинг руҳим-да ҳам ажиб енгиллик сездим…

Тўй кечаси очиқ деб эълон қилинганида рўпарамизга ингичка мўйловли сумакдек озғин йигит билан атлас кўйлак кийган, қорни қаппайиб, юзини сезилар-сезилмас доғ босган аёл келиб ўтирди. Келин-куев шаънига айтилган биринчи табрикдан кейин рўпарамизда ўтирган аёл жилмайган кўйи менга гап отди:

– Танимадингиз-а, Рустам ака! – Ёнидаги йигитга ўгирилиб, таништирди. – Бу киши – Бахтйер акам…

Бир зум тикилиб турдим-да, эсладим.

– Ие, Ҳабиба?

«Сиз» дейишни ҳам, «сен» дейишни ҳам билмай, каловланиб қолдим.

Ахир бу – Ҳабиба-ку! Ўнинчи синфда ўқиетганимда саккизинчида эди. Менга замондош шоирларнинг шеърлари қўшилган ишқий мактублар ёзавериб, бошимни қотириб юборган қизалоқ! Боядан бери танимай ўтирганимга ўзим ҳайрон бўлдим. Жудаям ўзгариб кетибди.

– Яхши юрибсизми, Ҳабибахон? – дедим бошқа гап тополмай.

– Ништякман! – Ҳабиба шўх жилмайиб «Бахтиёр акаси»га юзланди. – Рустам ака билан мактабдошмиз… Келинойимизни таништирмайсизми, мундоқ, Рустам ака!

Шаҳнозани таништирарканман, хаёлимга нохуш ўйлар келди. Назаримда, Ҳабиба, кўриб қўй, сен писанд қилмагандинг, тенгимни топдим, яқинда фарзандли бўламиз, деётгандек, Шаҳнозага истеҳзо аралаш тикилиб-тикилиб қараётгандек эди… Худога шукр! Ит эгасини танимайдиган Тошкентдек шаҳри азимда ҳам яна бир ҳамқишлоғим топилди… Ким билсин, қишлоқдаги висир-висирлар Ҳабибанинг ҳам қулоғига етгандир. Ҳаммаси жонга тегди! Ичгим келяпти!

…Базм айни қизиганда тўртинчи қават деразаси очилиб майкачан бўлиб олган айиқбашара барзанги «ўчир дарангдурунгингни» деб ҳокимона буйруқ берганда вужудимга титроқ кирди. Қарасам, тўйхонадаги уч юзга яқин одам дами ичига тушиб, мунғайиб турибди. Куёв билан келин саросимада, машшокдар созини ғилофига соладиган… Бу қандоқ гап! Тўй қилиш гуноҳми? Кимдан қўрқасан? Нимага қўрқасан, қўйга ўхшаган овсарлар! Умрим бино бўлиб, қўлимни кўтарган бола эмасдим. Атайлаб «Лазги»га ўйнадим. Девор тагидаги столда қий-чув кўтарилганини, беш-олти хотин-халаж орасида Шаҳноза ҳам сапчиб ўрнидан туриб кетганини, жиққа ҳўл бўлиб, баданига ёпишиб қолган кўйлагининг ёқасини ғижимлаётганини кўриб, тепага қарадим. Барзанги деразани ланг очганча қўлида яшил пластмасса пақир ушлаб турибди.

…Тўртинчи қаватга қандай чиққаним эсимда йўқ. Худо ҳаққи, мен унга қўл кўтармоқчи эмасдим. Қўлидаги вино шишасини бошим устида кўтарганидан кейин… у ёғи нима бўлгани ёдимда йўқ. Шаҳнозанинг «Ўлдириб қўясиз!» деган чинқириғидан ўзимга келдим… Ким нима деди, нима қилди, бунисиниям эслолмайман. Фақат гўрдан чиққандек гулдураган садо қулоғимга аниқ-равшан кирди:

– Ғирт миллатчи экансан, бола! Умринг турмада чириб кетади!

…Бу – Ёвуз Руҳнинг овози эди.

Октябрнинг йигирма учинчи куни

Фарҳод бозоридан майда-чуйда харид қилиб келаётсам, домнинг пастида Қурбоной хола ўрис кампир Клава хола билан гаплашиб турибди. Салом бердим. Русчалаб.

– Сан, ўғлим, хапа бўма! – деди Клава хола соф тошкентча шевада. – Ичвоганидан кейин кўнглига кеган қилғилиқни қилган-де, ану чўчқа! Эси бўса, мундоқ пастга тушмийдими, ўтирмийдими, одамга ўхшаб… Кечаги воқеа ёдимга тушди.

– Қўяверинг, хола, – дедим кулиб. – Шунчаки гап-да! Эсимдан ҳам чиқиб кетди…

– Келинни обкир маникигаям, – Клава хола сидқидилдан тайинлади.—Мундоқ киришчиқиш қилийлик, болам, кўздай қўшнимиз. ..

– Раҳмат, хола, – дедим меҳрим ийиб. – Ўзингиз чиқинг бизникига!

– Насиб этса чиқаман, болам… – Клава хола Қурбоной холага юзланиб тағин ўз дардларидан ҳасратлаша кетди.

Ўша куни кечқурун

Уйимизга Ёвуз Руҳ келди. Юракни сиқадиган оқшом эди. Пешиндан кейин осмонни мағзавадек кир булутлар қоплади. Қуёш ботганми-йўқми, билиб бўлмайди. Дилтанг қоронғилик чўкди. Ташқарида куз шамоли инграйди. Дераза рўпарасидаги бақатераклар шохи айқаш-уйқаш бўлиб, бандидан узилган хазонлар кўршапалакдек жонсарак парвоз қилади.

Шаҳноза тушдан кейин «аямлардан хабар олиб келай», деб уйга кетганча ҳамон дараги йўқ, кўнглим алағда эди. Эшик жиринглади. Йўқ, бу Шаҳноза эмас. Шаҳнозада калит бор, очиб кираверади. Ҳайрон бўлиб, эшикни очсам, остонада Ёвуз Руҳ турибди. Бошида қора шляпа. Эгнида узун, қора плаш. Кўзлари ёниб турибди.

– Икки оғиз гап бор! – деди-да, рухсат сўраб ўтирмай, ичкари кирди.

Беихтиер ортга чекиниб, йўл бўшатдим.

Ёвуз Руҳ йўлакка кириб атрофни синчков кузата бошлади. Худди бу хонадонда аллақандай шубҳали шахслар яшириниб ётгандек… Ўзимга нашъа қидди. «Нега киргиздим уйимга!»

– Хизмат? – дедим ғашим келганини яширмай.

– Гап бор! – У шляпасини ечаётган эди, билагидан тутдим.

– Ечинишингиз шартмас.

– Чироқни ёқ! – деди у ғуддираб. Асабийлашдим.

– Қоронғидан қўрқасизми?

– Мен ҳеч нимадан қўрқмайман. Ёқ чироғингни! Унинг заҳил юзи нимқоронғида яна ҳам оқариб кетгандек бўлди.

Нега буйруқ қилади бу менга? Нега сенсирайди? Мен унинг ўғли бўлмасам, невараси бўлмасам! Хаёлимга ғалати савол келди. «Қизиқ, шунинг ҳам болалари бормикин?»

– Менга қаранг! – дедим таҳдидига таҳдид билан. – Гапингиз бўлса айтинг-да, чиқиб кетинг.

Бу арвоҳни Шаҳноза кўришини хоҳламасдим.

– Хэх! – Ёвуз Руҳ калтакесақцек томоқ қоқди. – Кечаги қилиғинг билан бир эмас, тўртта статья сотиб олганингни биласанми? – У ипдек бармоқларини букиб, санай кетди. – Бировнинг уйига бостириб кирдинг – бир! Уриб, майиб қиддинг – икки! Миллатчилик қилдинг – уч… Исполкомдаги мажлисда ҳам миллатчиликка оид гаплар айтган эдинг…

Бир қўлим билан эшикни очиб, иккинчиси билан елкасидан тутдим.

– Чиқинг! —Ёвуз Руҳнинг боши соат капгиридек ликиллаб кетди. – Жўнанг! – дедим таҳдид билан. Тағин бир дақиқа, атиги бир дақиқа ўтса, ўзимни идрок этолмай қолишимни сезиб турардим.

– Кўрамиз! – У зина майдончасига чиқди-да, қоронғида кўзлари ёниб, гумбурлади. —

Отангни ёнига бадарға қилмасам… Унсур!

Октябрнинг йигирма бешинчи куни

Кундуз кунлари метрода одам сийрак бўлади. Дарсдан қайтаётгандик. Шаҳноза ўртароқдаги ўриндиқда ўтирар, мен ёнида тик турган эдим. Метроми, автобусми, бўш жой бўлса ҳам ўтирмасликка одатланганман. «Ёшлик» бекатида беш-ўн одам чиқди. Ичиб олган шекилли, баркашдек башараси қизариб кетган йигит илжайиб келиб, Шаҳнозанинг ёнига ўтирди. Сурбетларча караб-қараб қўйди-да, гапга солди:

– Соатингиз неччи бўлди, яхши қиз?

Шаҳноза энсаси қотиб юзини ўгирган эди, йигит шаппа билагидан ушлади.

– Айтақолинг, жонидан!

Ёқасидан олиб бир силтагандим, японча курткасининг занжири тириллаб узилди.

– Қўйвор! – деди типирчилаб.

Кейин нима бўлгани эсимда йўқ. Шуниси ёдимдаки, навбатдаги бекатда поезд тўхташи билан итқитиб юбордим. У вагонга ёпирилиб кираётган одамларга туртинганча гандираклаб бориб, мармар скамейкага урилди, ўнбалоқ ошиб кетди… Ташқари чиқсак, ёмғир шивалаётган экан… Совуқ ва зериктирувчи куз ёмғирининг дебочаси. Ўзимни қўлга олишга ҳарчанд уринмай, ҳамон титроғим босилмас, ғазабдан тишларим ғижирлаётганини сезиб турардим.

– Ёмғирпўш олмаган экансан-да, – дедим ўзимниям, Шаҳнозани ҳам юпатиш учун.

Шаҳноза юзини ўгирди. Ранги ўчиб кетган, лаблари пирпираб турарди.

Уйгача гаплашмай кеддик. Эшикдан киришимиз билан Шаҳноза туфлисини ечиб улоктирди.

– Қанақа одамсиз? – деди тўсатдан. – Қанақа одамсиз ўзи? Бугун биттасини урасиз!

Эртага бошқасини бўғасиз! Кунига бир карра юрагимни ермасангиз, кўнглингиз жойига тушмайди! – У йиғлаб юборди. – Башарангизга қаранг! Бандитнинг ўзисиз!

Миям зирқираб кетди.

– Ҳа! – дедим бақириб. – Бандитман! Каллакесарман! Чидасанг – шу!

Шаҳноза юзимга ярқ этиб қаради.

– Муштлашишдан бошқа нарсаниям биласизми? – деди кўзлари ғазабдан ёниб. Юрагимда бир нима узилиб кетгандек бўлди.

– Балки билагингдан ушлагани хуш еққандир? – дедим ўкириб.

– Ҳа! – Шаҳноза алам билан ер тепинди. – Ёқди! Билдингизми, еқди! – деди чинқириб.

Ўзининг гапидан ўзи қўрқиб кетгандек, бирдан жимиб қолди. Кафти билан оғзини тўсиб, юзимга термилиб турди-да, ҳўнграб юборди.

– Рустам ака! – деди бўйнимга осилиб. – Кечиринг, жон Рустам ака… – Сўнгги сўзларини йиғидан бўғилиб, пичирлаб айтди. – Қийналиб кетдим. Қийналиб кетди-им!

Ўша кеча

Тошойна токчасида тунчироқ милтираб турибди. Гоҳ ўчади, гоҳ енади… Шаҳноза аллақайси «Совғалар магазини»дан топиб келган тунчироқ… Жимжилоқнинг учидек келадиган, шамга ўхшаган митги чироқча гоҳ енади, гоҳ ўчади. Муттасил қизил нур таратади… Қизил нур!

Биламан, Шаҳноза уйғоқ… Шунчаки, ўзини ухлаганга солиб етибди… Ҳали тўғри айтди: муштлашишдан бошқа. нимаям келарди қўлимдан! Рост айтди. Тағинам инсофли экан. Бошқа қиз бўлса…

– Шаҳноз, – дедим босиқлик билан. – Сениям қийнаб юбордим. Раҳмат, шунча чидадинг…

У жавоб бермади. Аммо бир лаҳза нафас олишдан тўхтагандек бўлди. Қароримни иложи борича осойишта тушунтиришим керак: секин, жанжал-суронсиз…

– Бундай қиламиз, Шаҳноз, – дедим осойишта ва қатъий оҳангда. – Мен кетаман. Эртага…

Шаҳноза қаддини ростлади. Яланғоч тиззаларини қучоқлаганча юзимга ҳам таажжуб, ҳам хавотир билан тикилди.

– Қўлимда яхшими-емонми, ҳунарим бор. Шопир ҳамма ерда керак, – дедим кўзига қарамай. – Қўрқма! Узоққа кетаман. Сени безовта қилмайман…

Шаҳноза юзимга яна бирпас термулиб турди-да, тўсатдан устимга ўзини отди.

– Рустам ака! – деди инграб. Ўпкасини тутолмай энтикиб-энтикиб йиғлаб юборди. —

Ўлиб қоламан, Рустам ака! Сизсиз ўлиб қоламан! – Юзкўзимдан ўпа бошлади. Елкамга, бўйнимга қайноқ кўз ешлари томар, нуқул битта гапни такрорлар эди: – Ўлиб қоламан! Ўлиб қоламан! – Бутун вужуди қалтираб нола қилди: – Керакмас! Керакмас менга «ўша нарса», Рустам ака! Менга… ўзингиз кераксиз! Эшитяп-сизми, ўзингиз.

…Шу кеча… шу кеча Шаҳноза менга… «ердам беришга» уринди… Шўрлик Шаҳноз!


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации